Бийдек дала. Оппоқ қор. Аччиқ изғирин. Бу дунёда хас-хашакка қирғин келганми, нима бало! Тумшуғингни то кўзинггача муздек қорга ботириб титкилайсан, аҳён-аҳёнда тарашадек қотиб кетган какраю янтоқ поялари тилингга илашади, холос. На таъми бор, на бир маза-матраси. Топилганига шукур қилиб, икки ямлаганингча ютасан, қани энди у белингга қувват, танингга мадор бўлса! Икки ўртада тилингни ачитгани-ю, ичингни музлатгани қолади. Очликка-ку, майли, бир амаллаб чидаса бўлар, лекин бу совуқ, бу изғирин!.. Ҳали ағанаганида устидаги яғири шилиниб кетганми, нима бало, худди туз сепгандек ачишиб, игна санчилгандек оғрийди. Совуқ шамол уни заҳарли тиллари билан бетўхтов ялайди. Шундай ялайдики, чидаш қийин! Устига устак, даҳани билан қуймич суякларининг зирқираши-чи! Бояги хода қаттиқ тегди, шекилли-да. Ўзиям темирга ўхшайдими? Қўлинг сингурнинг аямай ургани-чи! Қани энди, иложи бўлсаю ўша ходани тортиб олиб, ўзини боплаб туширсанг!..
Бекор борди ўша ёққа! Хўжайиннинг феъли унга аввалдан маълум эди-ку. Негаям борди-я! Хашак ўрнига калтак еб қайтишини билатуриб-а!..
Начора, бошқа иложи ҳам йўқ эди-да. Паноҳ излаб қаёққа борсин? Ахир, уни бир эмас бир нечта илинжлари бошлаб борди-да. Иссиққина оғилхонада жон сақлайманми, хўтигим билан (эҳтимолки сўнгги бор) дийдор кўришаманми, қўю сигирлардан, лоақал ўз хўтигимдан қолган хушбўй хашаклар оғзимга тегармикан, деб ўйлади-да. Лекин унга теккани бир жуфт калтак бўлди. Ўшанда оғриқ суяк-суягидан ўтиб кетгач, жон аччиғида бу ёққа лўкилларкан, кўз олди қоронғилашиб, дунё остин-устин бўлиб кетгандек туюлди. Фақат хўжайин эмас, ҳамма одамларни, ҳаттоки ўз хўтигини ўлгудек ёмон кўриб кетди. Оқ сут бериб, ялаб-юлқаб вояга етказган онасини ўласи қилиб калтаклашаётганларини кўра-била туриб, лоақал бир ҳанграб қўймаса, келганини маълум қилиб ҳанграшига жавоб қайтаришни ҳам истамаса! Жигарбандим билан дийдор кўришаман, ялашиб-юлқашаман, кўнглимда борини васият қиламан, деган умидда келувди. Хўжайиндан эҳтиёт бўлишни, бари бир, у яхшиликни билмаслигини, шу боис ҳозирдан
оқ бошқа бир инсофлироқ хўжайинга юкиниб боришни тайинламоқчи эди-я! Туққан онангни танишни истамай, берган бир тутам хашагию каталакдек бошпанасига учиб қачонгача шу ярамаснинг хизматини қилиб юравераркансан? Ҳозир-ку, ёшсан – ғайратинг танингга сиғмайди. Ўша тошбағирнинг юкини беминнат кўтариб юрибсанки, сени асраб-авайлаган бўлади. Эрта бир кун менга ўхшаб қаригин-чи, ҳолинг не кечар экан!..
Йўқ-йўқ, иссиққина жойда хушбўй эмишни курт-курт чайнаб баҳузур ётган ўз жигарига ғайирлига келганидан бундай ўйламаяпти. Азбаройи ичи ачиганидан. Бемеҳр бўлса ҳам, жигар – жигар экан-да! Ишқилиб, умри ўхшамасин. Юк остида хор бўлиб ўтмасин.
Нафсиламбри, нима қилсин, у ҳам бир эшак-да! Эшак бўлиб кўрган кунинг қурсин! Туғилганингга пушаймон бўлиб кетасан гоҳо. Кимга маза, қўйга маза-да! Ҳеч нарсанинг ташвиши йўқ. Берсанг – ейман, урсанг – ўламан, деб яшайверади. Сигирни ё лоақал эчкини олинг. Унинг ҳоли ҳам эшакникидан чандон яхши: эгани – олдида, емагани – кетида, иши йўқ, ғам-ташвиши йўқ. Ҳатто орқаси очиқми-ёпиқми, сутини улоқчаси эмяптими ё бошқа биров соғиб оляптими – парвойи палак. Яна унинг шумлиги-чи! Олдидаги хушбўйгина бедага қаноат қилмай, пайт пойлаб туриб дарахт қобиғини кемиришига нима дейсиз? Хўжайин бўлса, бу шумликни кўзи билан кўриб туради-ю, “ча-ча-ча!”дан нарига ўтмайди. Агар эчкининг ўрнида у шундай қилса борми, нақ бошида ёнғоқ чақарди, худо ҳақи. Қани энди… эчки бўлиб туғилса эди… Ҳеч қандай шумликни ўйламай, борига қаноат қилиб яшарди, Худо ҳаққи!
Начора, чекингга тушса чекчайма экан, борига шукур қилади-да! Эчкининг қисматига шумлик билан ношукурлик, эшакнинг қисматига юк ташиш ёзилган экан! Шунча йил яшаб, бирон-бир меҳнаткаш эчкиниям, шум эшакниям учратмади. Овсарларча бетўхтов юк ташиш уларга тан экан!..
Тунов куни денг, ёнидаги ўзига ўхшаш ишга яроқсиз қари-қартанглар билан шу яйдоқ далада “сайр қилиб” юришувди, узоқдан бир ҳанги кўринди: устида – бир барзанги, барзангининг қўлида – қамчин. Қулоқлари шалпайган, иҳраб-сиҳраб, оёқларини базўр судраб келяпти. “О, бечора, ҳангилигинг ҳам қолмапти-ку!” дея унга ачинганча тикилиб турувди, яқинроқ келганида қараса, танишга ўхшади. Нурсиз кўзларига кўзи тушди-ю, дарров таниди: бу – ўша ҳанги! Беихтиёр ҳанграб юборди. У ҳам эслармикин деб андак кутди. Йўқ, танимади. Бошини қуйи осилтириб, белларию оёқлари букилиб-букилиб, тўхтамасдан ўтди-кетди бечора. Демак, уям шу ёқларга келиб қолибди-да, деб ўйлади беихтиёр. Бир пайтлар қанақанги ҳанги эди у! Бақувват, чапдаст, чиройли, югурик. Хўтиклик йилларини бирга кечиришганди. Оҳиста одимлай туриб, тотли хотираларга муккасидан шўнғиди. Юраги орзиқди. О, ўша балоғат онлари! О, ёшлик! Икковлон узоқ-узоқ қувлашмачоқ ўйнар, у қочар, ҳанги қувлар ва иккиси ҳам бирд
ай хурсанд эдилар. Ҳанги танти, меҳрибон, жўмард эди. Энди-чи? Устидаги зилдек оғир юк билан бўлиб, қадрдонини танимади-я! Хўтиги борлигини-ку, албатта билмайди. Лоақал шуни билганида, ҳарна кўнгли кўтарилармиди.
Ахир, эшак фақат юк ташиш учун дунёга келмагандир-ку!
Ўшанда қаёқдан ҳам хўжайин пайдо бўлиб қолди? Худди осмондан тушгандай! Кутилмаганда бўй кўрсатди-да, бўйнига арқон боғлаб, устига эгар урди. Очиғи, у кунларни эслашнинг ўзи бир даҳшат! Хўжайин белига минди-ю, хўтиклиги кечган ўрмон, қадрдон ҳанги – ҳамма-ҳаммаси сабил қолди. Ҳар қанча тайсалламасин, уни товлаб йиқитиш учун нечоғлик дингиллаб, шаталоқ отмасин, юрмайман деб тихирлик қилмасин, бари бир фойдаси бўлмади. Хўжайин сип-силлиқ, нафисдан-нафис елкаларига нишли темир қозиқ билан нуқиб турганидан кейин, у нима ҳам қила оларди? Уч кечаю уч кундуз юра-юра ҳалиги ҳовлига етиб келишди.
Тўғри, у ҳовлида ҳам нурли кунлари кечмади эмас, кечди. Дастлаб ўрмонни, ҳангини, ўша беармон кунларни қўмсаб уч-тўрт ой қийналиб юрди, кейин ишга андармон бўлди. Кўп ўтмай хўтиги туғилди. Ўша пайтлар ҳам умрининг энг хушнуд, саодатли онлари экан. Хўжайиннинг катта ўғли Қобил ҳар куни тонг-саҳарда бутун аъзойи баданини яйратиб юборувчи юмшоққина кўрпачаю қопини устига тўшайди-да, миниб, чирмовиқ тергани боради. Орқасидан хўтиги эргашади. Эрталабки шудрингдан намиққан ям-яшил яссиликни кечиб, пахтазорга боришади. Хўтиги дам олдинга, дам у ёнбошига дам бу ёнбошига ўтиб ўйноқлайди, шаталоқ отади, чопганича келиб юриб кетаётган ҳолида эммоқчи бўлади. Буни кўриб Қобил хушнуд қийқиради. Эрга ирғиб тушади. Кўп ўтмай тўйган хўтикнинг тағин олдинга қараб шаталоқ отганини кўриб, сакраб устига минади-да оёқчалари билан қорнига нуқийди: “Хих, эшагим, хих!” У эса, Қобилнинг шодон қийқириқлари остида бахтдан энтикканича хўтиги сари қушдек учади. Ой
оғи эрга тегмайди. Далага етиб келишгач, Қобил уларга: “Шу ерда ўтлаб юринглар! Узоқлашиб кетманглар!“ дея пўписа қилган бўлади-да, қопини қўлтиғига қисиб пахтазорга кириб кетади. Хўтиги билан ариқ бўйида қолади. Хушбўй ялпизлар, пичанлар, чирмовиқлар!.. Уларни егиси келмайди ҳам! Чунки қорни тўқ-да. Фақат чирмовиқ гулларини эрмакка чимдиган бўлади-ю, бутун фикри-зикри хўтигида. Унинг ёв қувгандек дам у ёққа, дам бу ёққа шаталоқ отиб чопишида, қоқилиб-суриниб кетмасайди, бирон жойи лат еб қолмасайди, деб жони ҳалак…
Бир пайт Қобил қопини елкасида кўтарганча инқиллаб-синқиллаб пахтазордан чиқиб келади. Қопи ўзидан катта бўлса каттаки, кичик эмас. Чопиб бориб болакайнинг елкасидаги қопни ўз елкасига олгиси келади. Лекин бунинг уддасидан чиқолмаслигини билади. Минг қилса ҳам эшак-да. Шунинг учун бола бояқиш қопни ортаётганида қийналмасин деб, ариқчанинг ичига тушиб тек туради. Лекин, қаёқда! Болакай қопни базўр ортиб, бир қўлида мувозанатини сақлаганча ўзи ҳам сакраб минмоқчи бўлади. Энди минганида таранг қилиб тўлатилган қоп пастга оғиб кетади. Эрга сакраб тушади-ю, яна юклайди – тағин шу аҳвол! Дам аччиғи чиқиб ғўдранади, дам қийқириб кулади. Ниҳоят, миниб, қопни ҳам базўр ушлаб қолади ва олдига ўнгариб қучоқлаганча: “Қани, кетдик!” дея мамнун хитоб қилади. У уйга қараб йўртади, орқасида – хўтиги. Қопни қўрага ташлаб, учовлон сойга тушишади. Қобил маза қилиб чўмилади. У эса, хўтиги билан ёнма-ён сув ичиб, сой бўйида болакайнинг қулочкашлаб сузишини томоша
қилиб тураверади…
Ҳа, у ўшанда бағоят бахтиёр эди. Ишлаб чарчамасди. Дунёнинг юкини ташиб ташлашга тайёр эди. Айниқса, Қобил-у унинг укаларини бутун умр елкасида кўтариб юришга рози эди. Кейинчалик – хўтиги улғайиб, қаторга қўшилганида – иккови ёнма-ён юк ташиб юрганида ҳам умридан мамнун эди. Ўшанда Қобил уни аярмиди, ё меҳри ўзи билан басма-бас улғаяётган хўтигига оға бошлаганмиди, у кўпинча юкнинг енгилроғини кўтарганча болакай билан хўтигининг ортидан эргашарди. Буни сезгани сари ўзини тириктовон санаб қийналарди. Тобора кучдан қолиб, ишга яроқсиз бўлиб бораётганини асло-асло тан олгиси келмасди. Шунинг учун ҳам ўша бир куни хўжайин полизга бормоқчилигини эшитиб хурсанд бўлди: мана, энди ўзининг ҳали юк кўтаришга қодирлигини кўрсатиб қўяди! (Тўғри, шу истак баробар, кўнглининг бир чеккасида пўчоқ ейиш илинжи ҳам йўқ эмасди!) Тонг саҳарлаб хўжайин уни, Қобил хўтигини миниб йўлга тушишди. То даштдаги полизга келгунларича хўжайиннинг оғирл
иги ҳам сезилмади. Ўзини кўрсатиш учунми, ширингина қовунпўчоққа интилибми, бора-боргунча енгилгина йўртди. Хўтигидан қолишмади. Лекин қайтишда…
Ҳамма бало шу қайтишда бўлди: ўзи қовунпўчоқни мўлроқ еб қўйибдими, ё баднафс хўжайин ўлжасини мўлжалдагидан кўпроқ ундирган эдими, ишқилиб, у қовун тўла қанор устидан босиб тушганида гандираклаб кетди. Лекин шунда ҳам сир бой бермади. Олдинда бир қанор қовун билан Қобилни елкасига олганча йўртиб кетаётган хўтигига эргашди. Ўз нуридийдасими, олдинда кутилаётган ғолибона ҳордиқ нашъасими, ортидан ўқтин-ўқтин эшитилиб турган таҳдид-у тазйиқми, нимадир унга мадад бергандек бўлди. Бир-бирига тўқишиб кетаётган туёқларини базўр кўтариб босиб шаҳд билан йўрта кетди. Уч чақиримча яхшигина йўл юришди. Бир пайт хўжайиннинг гапидан ҳаммалари тақа-тақ тўхтаб қолишди:
– Шошма, ўғлим. Юравериб чарчадим-ку. Мен ҳам миниб олай.
Хўжайин шундай дея унинг ёнига ўтиб, ёлларидан ушлади.
Қобил қанор устида ўтиганча ортига бурилиб қараркан, алланечук ялинчоқлик билан деди:
– Сиз боласига мина қолинг, дада. Мен унга ўтай. Ҳарна енгилроқман.
Хўжайин беписандлик билан қўл силтади:
– Қўявер, нима қиларди дейсан! Вақтида мендек ўнта одамни кўтарарди бу! – Шундай дея қаттиқ бир силтаниб, ўзини унинг устига отди. Шу пайт юраман деб мункиб кетдими, базўр тик турган оёқларида қўшимча юкни кўтаришга мадор қолмадими, ишқилиб, ўзининг ерда узала тушиб ётганини биратўла сезди. Кўз олдини туман қоплагандек бўлди. Шунда ҳам туришга уриниб кўрди. Лекин устидаги юк қўзғалишга имкон бермасди. Ҳатто гавдасини қимирлата олмасди ҳам. Оёқлари ожизона типирларди, холос. Ночор-ноилож ўрнидан турган хўжайиннинг: “Ҳў-ў, ҳаром ўлгур!” дея сўкина-ёзғира тепкилашларидан ҳам натижа чиқмади: назарида энди ўрнидан туришга нисбатаб тепки ейиш енгилроқдек эди. Ич-ичидан аламли бир норозилик уйғонди: эшакнинг кучи ҳалол, ўзи ҳаром деб, емишингни юклаганинг юклаган, ўлигингни ҳам устимга ташлаб олганинг нимаси?! Шу ҳиссизлигингдан кейин, ўзинг инсоф билан айтгин-чи, аблаҳ, эшак ким: менми ё сенми? “Ҳиссиз – эшак, дардсиз – кесак” ўзингмасмисан?! Й
ўқ, сен эшакдан ҳам баттарсан! Итсан, чўчқасан, бўрисан, бўри! Очкўз бўри! Мени қул деб ўйлайсан-у, аслида ўзинг қулсан – ўз нафсингни қули! Теп, тепавер, аблаҳ, хусуринг қонсин! Бу баъд феълингга яраша сенга ҳам боққан бало бордир ҳали!..
Ҳар қандай юкни ҳам, тепкини ҳам киприк қоқмай кўтара олгулик даражада дийдаси қаттиқ эди унинг. Табиат унга чидам бобида бемисл саҳоват кўрсатган эди. Тоғдек бардош ато этган эди. Лекин тепки аралаш қулоғига чалинга гаплар… дийдасини юмшатди.
– Қўйинг, дада! Бунақада ўлдириб қўясиз-ку, шўрликни! Ахир айтдим-ку, “кўтаролмайди” дедим-ку!
– Майли, бўлар иш бўлди! Бели синди шекилли-да. Қани, нариги бошидан кўтар! Бу қанорниям ановига ортайлик!..
Ота-боланинг “иссиқ-совуқ” гапларини тинглаб, танасига ўйларкан, унинг кўзларида беихтиёр ёш ҳалқаланди. Кўзларини юмиб, ерга бош қўйди. Зум ўтмай илкис бош кўтарди. Кўз олдини қоплаган ақиқ парда оша нажот истаб рўпарасига жовдиради. Устма-уст ортилган икки қанор қовунни азот кўтарганича шаҳдам одимлаб бораётган хўтигига, қанорларни суямалаб пиёда кетаётган хўжайинга, унга аланглаб қараган кўйи тобора йироқлашаётган Қобилга, улар сингиб бораётган уфққа кўз тикканча ётаверди-ётаверди. Ич-ичидан тағин бир ситам-сиқинти тошиб чиқди: энди ўша шилта қўрангни елкамнинг яғири кўрсин! Зап қутулдимми, сен аблаҳдан! Барибир итга ўхшаб, судралганча пиёда кетдинг-ку!.. Қачонлардир қулоғига чалинга ҳазин қўшиқ сатрлари, худди ер қаъридан келаётгандек, элас-элас эшитилди:
Нокас, хасис, бедиёнат қуллар ҳоким,
Моуманлик ҳаддан ошиб бўлди золим,
Халқ ичида хор бўдилар дарвеш, олим,
Ҳимояти халқнинг кофир бўлди, кўринг!
Феълимиздан бизга жафо солди, кўринг!
Бу қўшиқ вужуд-вужудида алланечук қувват, жисми-жонида фавқулодда қудрат пайдо қилди. Шу қудрат боис, бир интилишда қад ростлади. Шаҳдам одимларкан, аниқ-тиниқ сездики, ҳайрият, хўжайин каромат қилганидек, бели синмабди. Ниҳояти зўриқибди, кўтарам бўлибди – шугина, холос. Лекин ўша-ўша, хўжайиннинг уйига қайтиб боришни истамади. Шу кенг даштни ўзига паноҳ деб билди. Шу кенг даштнинг эгаси бўлиб яшади. Шу кенг дашдан нажот, она табиатдан эҳсон кутиб яшади. Табиатдан эҳсон кутмайдиганлар, аксинча, унга ҳар боб билан зўрлик-зўрованлик қиладиганларни кошки кўрмасам ҳам, куймасам ҳам деб яшади… Ўзига қолса, бугун ҳам бормасди-я! Лекин, нима қилсин? Битта эмас, бир нечта илинжи бошлаб борувди-да, уни!
У оппоқ қорга бурканган кимсасиз ва яйдоқ дашт узра эмиш-у бошпана қидириб, хаёлларга ғарқ бўлганча кетиб борарди. Хўтиги-ю ҳангини яна бир бор – эҳтимолки, сўнгги марта – кўриш илинжими, барча шўришларга аччиқма-аччиқ яшаш истагими, бизга номаълум бўлган бошқа бир кучми – нимадир жон таслим қилиш учун унга изн бермасди, очлик ва совуқни енгиб ўтишга қатъий ундарди. Ҳар қалай, муҳими ўша номаълум кучда бўлса керак: у узоқ ўрмонга қайтиб боришдан умидини буткул узган эса-да, она-табиат Хўжайиндан ўзи учун боплаб қасос олишига ва яна ёруғ кунлар келишига умид боғларди – унинг юрагида ҳеч бир изғирин ўчира олмайдиган умид учқуни милтираб турар эди…
1982