Менинг ўзимга холи, тинч тураржой топиш ҳақидаги орзуим ва ниҳоят амалга ошадиган бўлди. Кутилмаганда ишдан қайтиш олдидан ҳамкурсим Шавкат қўнғироқ қилиб қолди:
— Бир эрийсан энди, оғайни. Худди кўнглингдагидай жой топдим. Марказдан ҳам узоқ эмас. Бир хонали квартира, керакли асбоб-анжомлари, муҳими, телефони бор. Ундан кейин, нархини айтмайсанми, нархини! Бунақа ижара ҳақи ҳали бу орада бўлган эмас.
Мен ҳовлиқиб қолдим:
— Тезроқ обор, жўра!
* * *
Дўстим мени алдамаган экан. Уй кўм-кўк дарахтларга кўмилган, салқин мавзеда жойлашган эди. Зиналардан қомати квадрат шаклда десам, муболаға бўлмас, бўйи билан эни баравар аёл ҳарсиллаб чиқиб келди.
— Куттириб қўйдимми, болаларим? Шу зиналарни ёмон кўраман-да! Шунинг учун домда яшай олмайман! Менга ер тузук. Лекин ўзим яшай олмасам ҳам савоб бўлсин, деб квартира қўяман-да! — аёл гапдан тўхтамай эшикни очди, бизни уйга олиб кирди. — Мана шу уй, ёмон эмас-а?
Уй чиндан ҳам дуруст эди. Топ-тоза, шинам. Дераза ойналари куни кеча артилгандай, ялтираб турар, крахмаллаб илинган дарпардалар янги илингандай, ҳали оҳори кетмаганди.
— Хола, квартира қўяман, деб роса уринибсиз-а? Келган одам ўзи тозаларди-да, — деди дўстим хижолат бўлган каби.
— Э, болам, тўримдан гўрим яқин, ёлғон гапириб нима қилдим! Олдин бу ерда бир қиз турган. Жуда одобли, ораста қиз эди. Шу боламга ўхшаб илмий иш қилармиди-ей. Бояқиш бу ерни худди ўз уйидай тутди, ўзимникимас, барибир кетаман, демади. — Аёл хона ўртасида турганча уёқ-буёққа аланглади. Бирдан кўзи бурчакдаги жавон устида турган бир неча китоб-журналларга тушди. Бориб, жавондан китоб-журналларни олди-да, даҳлиздаги кийим илгич тепасига қўйди. — Ўғлим, булар ҳозирча шу ерда тура турсин. Айтаман, олиб кетишади.
Шундай қилиб, мен шу ерни макон тутдим. Эртаси куни дўстим билан эски квартирамдан кўчларимни олиб келдим — кўчдим. Кайфиятим чоғ, димоғимда куй хиргойи қилганча олиб келган кўчларимни жойлаштира бошладим. Кўчларим нима ҳам бўларди — бор бойлигим китобларим ҳамда кўчалик ва уйда киядиган бир неча кийим-бош. Мен кишилик костюм-шимимни олиб ҳафсала билан илгичга илдим. Устидан чўтка билан уёқ-буёғини тозалайман, деб чўткалаб бошлаб ҳам эдимки, бирдан “тап” этиб тепадан бир нарса ерга тушди. Ҳа, уй бекаси қўйган китоб-журналлар-ку бу. Китоб-журналлару қоғозлар ерга сочилиб кетди. Мен эгилганимча уларни йиғиштиришга тутиндим. Бир маҳал қоғозлар орасидан бир сурат учиб тушди. Мен йиғиштиришдан тўхтадим, диққатимни сурат тортди. Беихтиёр суратни қўлимга олиб қарадим. Ҳаваскор сураткаш ишлаган сурат бўлса, керак, унча тиниқ эмасди. Оқ-қора тасвирдаги суратда бир қиз дарахт шохидан тутганича кулиб турарди. Бу қиз фавқулодда гўзал бўлмаса-да, кишини нимаси биландир ўзига тортиб турар, кулиб турган кўзларида кишини ўзига жалб қиладиган қандайдир жозиба бор эди. Мен суратни қўйиб, ерга сочилган қоғозларни тера бошладим. Қоғозларни бир чеккадан териб оларканман, бирдан эътиборимни қоғоздаги сўзлар тортди. Ёзилган, яна ўчирилган зич ёзувлар тўла қоғоз бировга аталган мактуб шекилли, у ана шундай сўзлар билан бошланарди:
“Азизим!
Мен ҳозир ҳаёт ҳақида, ўлим ҳақида қайғули фикрларга кўмилиб ўтирибман. Бу дунёнинг ўткинчилигию у дунёнинг боқийлиги ҳақидаги ўйлар яна вужудимни чулғаб олди. Ёдимга ўша гўзал кунлар, тотли дақиқалар тушди. Мен ана шу бахтиёр кунларни яшадим ва шундай севинчли дамларни бошдан кечирдим. Мен шод бўлдим. Бунинг учун тангрига шукур қиламан. Шу дамларни менга ҳадя этганингиз учун сизга ташаккур айтаман.
Гарчи биз бахтиёр эсак-да, кўпда фикрларимиз тўғри келмади. Кўпда бир-бировимизни тушунолмай қолдик. Машойихлардан бири, киши бир-бирини тушуниши ҳам бахт, деган экан. Биз сўнгида ана шу бахтдан маҳрум бўлдик, бир-бировимизни тушунмай қолдик. Азизим, мен сизга бирор эътироз ё иддао қилмоқчи эмасман. Мен бу ҳаётда юрагим буюрганидай ҳалол, покиза яшашга интилдим. Мен бу билан сизга таъна қилмоқчи ҳам эмасман. Сиз, бу дунёга келдингми, яшаб қол! Ҳаётнинг барча лаззатлари инсонга ёт эмас, дер эдингиз. Бот-бот шундай дер эдингиз. Бу шиор сизга хос”. Мактубнинг шу жойи ўчирилган бўлиб, ёзувларга тушуниб бўлмасди. Кейин яна мактуб давом этарди:
“Бу дунёда бари ўткинчи, шодлик ҳам, қайғу ҳам. Бас, кетар вақти бўлди. Азизим, мен кетмоқчиман… Бир интилсанг, тамом. Эслайсизми, бир марта сиз билан тортишиб қолгандик. Сизнингча, ўз жонига қасд қилган кишилар ҳаётни севмайдилар. Яшаш жонларига тегади. Ахир итнинг кейинги оёғи бўлиб яшаш кимга керак? Бундай яшагандан кўра, ўлган афзал. Ҳа, сиз ўшанда айнан шундай дедингиз. Эҳтимол бу сўзларни шунчаки айтгандирсиз? Шунчаки айтилган сўзлар ҳам киши қалбидан чиқади. Майли, бу гапларнинг ҳожати йўқ. Ҳозир бу гаплар ўз аҳамиятини йўқотди. Айтмоқчи бўлганим, ўша шунчаки айтган сўзларингизга жавобим. Энди мен сизга ўзимнинг фикримни айтаман: ўз жонига қасд қилган кишилар ҳаётни ёмон кўрмайдилар. Улар бошқалардан кўра, балки юз маротаба ортиқроқ ҳаётни севадилар. ( “Юз маротаба ортиқроқ ҳаётни севадилар” сўзлари остига сиёҳ билан чизиб қўйилган эди.) Уларнинг бу ҳаракатлари ёш боланинг қилиғига ўхшайди. Ана, эртага улар (одамлар) аттанг қилиб қоладилар. Нега унинг қадрига етмадик, деб бармоқ тишлаб қоладилар. Уларнинг бу ҳаракатлари пойабзал дўконига кириб, китоб сўраган кишининг тентакона ҳолатини эслатади. Лекин барибир бу ишга жазм қилиш мардликни талаб этади. Аслида бу унчалик ҳам қийин эмас.
Ҳақнинг ҳузурида ўлик жонзот йўқ.
Анна Ахматованинг шундай сатри бор. Зотан шундай экан, Ҳақ ҳузурида бари бандалар тенг экан, бу унчалик ҳам қийин эмас…”
Мактуб шу ерга келганида тўхтаб қолганди. Мен ҳовлиқиб қоғозлар орасини ахтардим. Мактуб давоми учрамади. Бошқа қоғозлар аллақандай илмий мақола-лардан, маърузалардан парчалар шекилли, мазмуни бир-бирига боғланмасди. Ҳафсалам пир бўлиб, тиззаларимни қучоқладим. Беихтиёр уй бекасининг ҳолати, гапирган гаплари эсимга тушди. “Айтаман, олиб кетишади…” Нега “олиб кетишади” деди? Ахир қиз ҳам “кетар вақти бўлди”, деб ёзибди-ку. Наҳотки… Юрагимда тушунарсиз, ғалати ҳислар ғалаён қилди. Шошиб, яна суратга қарадим. Суратдаги қиз мени ўзига тортди. Шундай қиз… наҳотки? Мен ўзим танимаган, умримда кўрмаган қиз тақдирига куя бошладим. Ирғиб туриб деразадан пастга тикилдим. Бешинчи қават. Дарахт шохлари бешинчи қаватгача тарвақайлаб ўсган. Бир оз хотиржам тортдим. Агар ўзини деразадан ташлаган тақдирда ҳам дарахт шохларига илиниб қолган бўларди. Лекин ўз жонига қасд қилишнинг бошқа усуллари ҳам йўқ эмас-ку. Яна юрагим тинчимади. Шоша-пиша телефонга ёпишдим. Бекадан суриштириб билай десам, телефон рақамини ҳам билмайман. Шавкатга қўнғироқ қилай-чи. Телефон гўшагидан: “… хизмат доирасидан ташқарида…” деган манғи овоз эшитилди. Бу Шавкат деганлари қаерларда юрибди? Мен ичимда дўстимни яндим. Бирдан кўнглим ёришди. Тўхта, ахир беканинг уйини биламан-ку. Ижара ҳақини уйимга элтиб берасиз, деб айтганди манзилини. Бу ердан унча узоқ эмас. Мен ўрнимдан ирғиб турдим.
Уй бекасининг уйига борганимда кун чошгоҳдан ошганди. Кўча жимжит эди. Дарвоза бурчидаги тугмани устма-уст босдим. Ҳеч ким садо бермади. Беихтиёр дарвоза ёнига чўккаладим. “Келдимми, кутаман, ҳеч қаёққа кетмайман”. Мен шундай аҳд билан сабр қилиб бекани кута бошладим. Қиз тақдирига қизиқиш хаёлимни олган эди. Кун қизиди. Мен энди кўчага тарвақайлаб ўсиб, соя солган тут дарахти тагига ўтириб кута бошладим. Кўчадан ўткинчи-кеткинчилар менга ажабланиб қарардилар. Бир маҳал рўпарадаги уй дарвозаси очилди, бир аёл бошини чиқариб, деди:
— Болам, Қумри опани кутяпсизми? Улар қизлариникига кетганлар, кеч келадилар. Беҳуда кутманг, бораверинг. Айтиб қўяман.
Ичимда ўзимдан-ўзим уялдим. “Тентак дегандир. Бека келганида ҳам нима деб сўрардинг? Ақли жойидами бу боланинг, демасдими?”
Ўзимнинг ҳолатим ўзимга нашъа қилди, тарвузим қўлтиғимдан тушиб, ортимга қайтдим. Уйга келдим. Беихтиёр шаштим тушиб, қиз қоғозларини яна бир бошдан қарай бошладим. Бир пайт бир даста қоғозлар ичидан бир парча қоғозча қўлимга илашди. Аста қўлимга олдим.
“…яшаш санъатдир. Бу санъатни эгаллай олмаганлар, бу дунёда яшадим, демасинлар. Ҳаётнинг турфа синовлари, барча қийинчиликларидан эгилмай яшаш санъати… Сиз дарвоқе буларни қаердан ҳам билардингиз? Шу дамдан эътиборан сиз билан айрилдик. Ҳаётнинг ҳар бир дақиқасини қадрлаб яшаш санъатини англаб етиш учун ҳам яшаш керак”. Наҳотки боя кўзим тушмаган бўлса?
Юрагим беихтиёр хотиржам тортди. Бегона бир қизнинг ҳаётга қайтиш фикридан теримга сиғмай хурсанд бўлиб кетдим.
Телефон устма-уст жиринглади. Хурсандман, бориб телефон гўшагини кўтардим:
— Болам, уйга келган экансиз, тинчликми? — телефон гўшагидан уй бекасининг овози жаранглади.
Мен нима дейишни билмай, каловланиб қолдим.
— Нима ишингиз бор эди?
Мен ўзимни қўлга олдим:
— Анув қизнинг нарсаларига кўзим тушувди, ўшанга…
— Э, болам, нимасини айтасиз! — Беканинг гап оҳангидан юрагим орқасига тортди. — Жуда ақлли қиз эди. Оғир касал экану билдирмай юрган экан-да…
— Нима? У ўлганми? Ўзини-ўзи ўлдирганми? — Ҳовлиқиб, дилимдаги гап тилимга чиқиб кетди.
— Нима деяпсиз, болам? Нега ўзини ўлдираркан? Касал бўлди, Оллонинг иродаси…
Бека тинмай сўзлай кетди. Қўлимда қизнинг эгасига етмаган мактуби, беҳол турардим. Қулоғим остида беихтиёр мен умримда ҳеч кўрмаган, лекин бирдан кўнглимга яқин бўлиб қолган қиз шеър мисраларини такрорларди:
Ҳақнинг ҳузурида ўлик жонзот йўқ…
2008.