Жасур Кенгбоев. Юракнинг бир чети (ҳикоя)

У ниҳоят орадан шунча йил ўтиб қалбига яна бостириб кириб келди…
Хонасида мук тушиб, бошини қоғоздан узмай ишлаб ўтирган Орзиқул эшиги оҳиста тақиллаб, секин очилганини, ундан тим қора сочли чеҳра қараб турганини ҳам пайқамади. Ўқиётганидан кўзини узмади. Келмиш қорасоч узун-узун бармоғи билан эшикни яна мулойимгина чертди. Шундагина бошини кўтариб, бир зум анграйиб қолди… ва ўрнидан туриб кетди.
– Ие, Умида?! – деди овози титраб.
Келмиш қорасоч чеҳраси ёришиб, минг бир жилва билан ичкарига қадам босди.
Орзиқул бир қадам юриб, тўхтади. Тилига гап келмай, на саломлашишни, на жим туришни билиб, қоққан қозиқдай туриб қолди. Умида ундан ҳам бешбаттар қизариб кетди. Ўртадаги неча йиллик айрилиқ, соғинч ҳисси шу дамда иккисига ҳам оғир дақиқаларни туҳфа қилган эди. Орзиқулнинг аҳволини кўрган қорасоч нозиккина қўлини чўзди ва:
– Салом!.. – деди.
Орзиқул унинг қўлини тутар экан, юраги кўпириб, энтикиб кетди… Иссиқ қўл… Қайноқ тафтни туйди. Улар қўлни қўлга бериб, кўзларига термилишиб, бир нафас тек қотиб қолдилар. Дардманд кўзларгина тилга кирди:
“Сени кўрар кун бор экан-ку, Умида?!”
“Бор… Мана, келдим-ку! Фирмангизга иш билан келгандим, шу ердалигингизни ҳозир билиб қолдим… Ўзингиз-чи, ўзингиз, бир йўқламадингиз ҳам…”
“Ахир…”
“Нима қипти? Ҳеч бўлмаса, йилда бир мартагина… ана, дугонам Сарвиноз орқали бўлсаям, йўқласангиз бўларди-ку…”
“Бўларди-ю…”
“Эрга тегди, бўлди энди, деб ўйлагансиз-да? Қўрқоқво-ей…”
“Қўй, энди, Умида, менинг ҳам кўнглимни яралама…”
“Ҳалиям хафамисиз?”
“…”
Иккиси ҳам ўтиришди. Орзиқул тикилиб қолди. Умида ҳеч ўзгармабди. Ўша-ўша кўзлар, бир пайтлар қўллари силаганда ярқираб кетадиган манг­лайи, титраб турадиган лаби, оппоқ кулчадек юзи…
Орзиқул оҳ тортиб юборганини билмай қолди. Бир пайтлар ҳар кўрганда қанча энтикса, ҳозирги энтикиши минг чандон зиёд, эҳтимолки, юракнинг тасаввур қилиш мушкул бўлган тубидан чиққанди. Умида буни сезди, ийманиб, кўзини олиб қочди. Термилгувчи кўз эса ийигандан ийиб кетди. Бир вақтлардагидек унинг қўлини кафтида тутгиси, сочларини силагиси, меҳрга тўла кўзларига термилиб, ўзни унутгиси келди. Аммо бунинг имкони аллақачонлар қўлдан бой берилган… Иккиси ҳам айро ўзан бўйлаб оқиб кетган сув эди.
Орзиқулнинг юрагини ана шу адоқсиз армон кемирарди. Ўшанда… Йўқ, у ўйлагандай бўлмаганди. Дунёни ғафлат босганда, инсон кўзини ҳирсу ҳаво қоплаганда гул булбулга зор бўлди, ёруғликда парвонадан дарак ҳам йўқ эди. Қалбда бемисл ташналик илдиз отди.
Ўша машъум кунда қўлига бир парча қоғоз етиб келди. Гангиб қолган Орзиқул бу ёғига яшаш абас эканини англагандай бўлди. Абгор қиёфасидан ўзини давраларда ортиқча сезадиган бўлиб қолди. Дунёга сиғмай кетди. Мажнуннинг аҳволи ҳаммага маълум эди. Ўйлаганидек, ўтаётган вақт бундай одам учун ўлимдан оғир. Тўғри-да, одам оиласида, ўзини ўзи бегона сезса, нима бўлади? Ўлади! Тириклай тамом бўлади. Қиёфаси, тан-жони бўлади-ю, руҳан ўлади. Шакл бор, маъни йўқ.
У ҳар сония ўйларди: маҳзун бир куй таралса, секин-секин авжига кўтарилса, ноланинг иси келса. Отангни эсласанг, онангни ёд олсанг, ака-ука, опа-сингилларингни бир-бир кўз олдингдан ўтказсанг. Сўнг… сўнг кўзларингдан оқаётган видо ёшларини артсанг. Ортингда қолаётган одамлар билан бир-бир хайр-хўш қилсанг. Fойибона видолашсанг…
Маҳзун куй давом этса…
Қайтиб кўришмайдиган бўлиб видолашсанг. Ўй-хаёлларинг, орзу-умидларинг билан маъзурлашсанг.
…Орзиқул бошини бир кўтарди-ю, жиққа ҳўл бўлган болишни айлантириб, тескари қилди-да, зилдай бошини қўйди. Ётиб-ётиб кўргани не бўлди?
…Тушида ўлиб кўрди. Жонсиз танасини… ўзи ушлаб кўрди! Ҳайрон бўлиб, ўзини туртди. Қимирламади. Худди бировнинг ўлигини қўшқўллагандай, сесканиб кетди. Мурдаси қотиб ётаверди…
“Демак, ростдан ҳам ўлибман…” – дея хаёл қилди. Кейин нарироқ бориб, ҳавода муаллақ турганча, кузата бошлади.
Ана, танаси ётган хонага бехосдан онаси кирди, кела солиб, ўзини ташлади. Жасадини қучоқлаб, кўкрагини муштлаб, уввос тортиб йиғлади. Онасини овутаман деб, отаси чўккалади-ю, бўзлаб қўяверди. Рангпар укаси кўзидан отилиб чиқаётган ёшларни арта-арта остонага яқинлашди. Синг­лиси ичидан куйди.
Бу йиғи Орзиқулни қайта ўлдирди…
Шу онда очиқ деразадан эсиб турган майингина шабада пардаларни бир зайлда ҳилпирата бошлади. Баҳорий ҳаво… Дафъатан қулоғига чалинган куй чала уйқудаги Орзиқулнинг дилини ўртаб юборди. Бу куйда недир бир синоат, қай бир қизнинг ҳазин қўшиғи, ўша хотиридан кетмас дилдорнинг нолалари, оҳлари бордек эди. Бир пайтлари шивирлаган қалб сирлари бор эди…
Орзиқул узала тушиб ётганча, бугун, қайсидир қишлоқда ўтаётган қандайдир бир тўй маҳали, ана шу сирларни бир умр қандай қилиб юрагида сақлаб юриш мумкинлигини ўйлади-ю, эти музлаб кетди, Яратганнинг бир куни бунча узун бўлмаса…
Орзиқул кўп дўстларининг тўйини кўрди. Шод-шодон жуфтликларни учратди. Ҳаваси кетиб, не-не орзулар қилди. Умида билан ёнма-ён, бирга яшашни тасаввур қилиб юрди, ўғил-қизлари бўлишини ният этди. Баъзан шу ўйларидан ўзи уялиб кетар, кипригида авайлаб юрган Умидасини ҳатто ўзининг телба хаёлларидан ҳам қизғанарди. Бу қизғанишда Орзиқулнинг бутун олами, иҳоталанган кўнгил талаблари бор эди. У қизни фақат ва фақат ўзиники деб тасаввур этарди.
Қизгина буни сезар, сезган сари тағин ҳам очилиб кетгандай бўлар, хушрўйлашиб, Орзиқулнинг кўнглини буткул асир этарди. Курсдошлари ошиқ-маъшуқни зимдан кузатишар, кўпининг дили ғашланиб, очиқча ҳасад ҳам қилишарди. Айрим дугоналар Умидани йўлдан уриш илинжида кўп бор қутқу солиб кўрди. У ақлли қиз эди, парво қилмади.
Орзиқул айни дамда ўша чоғларни эсларкан, юрагининг бир чети жизиллади. Қаршисида ўтирмиш жувоннинг дам яноқларига, дам пешонасига термилаверди. Бу ярқираб турган юз ўт бўлиб куйдирди.
– Бир-биримизга анграйиб ўтираверамизми энди, – дея жилмайди жувон ноқулай вазиятдан чиқиш ниятида. – Янгиликлардан гапиринг? Нима гаплар бор оламда?
Орзиқулнинг ширингина хаёли бузилди, талмовсираб, нима деярини билмай қош чимириб қўйди.
– Билмасам, – деди. – Яхши гаплашиб ўтирибмиз-ку?
Бу жавобда ҳеч бир маъни йўқлигини, гаплашиш тугул дурустроқ саломлашмасдан ҳам олис хотираларга берилиб ўтирганини англаб, қўшиб қўйди:
– Ҳаммаёқ тинч… Чой қуйиб берайми?
– Ихтиёрингиз…
“Уҳ!..” – деди ичида Орзиқул. “Ихтиёрингиз!” Умида шу сўз билан Орзиқулнинг жонини оларди. Сезишича, бу сўзни фақатгина Орзиқулга айтарди. Телба ошиқ бора-бора бундаги бир махфий маънини англади: маъшуқасининг бутун борлиғини бағишлашга тайёрлигини ифодаловчи бу сўзнинг мағзини чақиб, эшитгани ҳамон кўнгли ўн қулоч ўсар, юраги тўлиб-тошиб кетар, арзирли бир жавоб излар, лекин доим сукутдан ўзга чора тополмас, кўзига тикилганча ҳайкалдай қотиб қолар; тикилганда ҳам унинг кўзида ўзининг суратини кўриб, аҳволидан хижолат тортар, бироқ, ҳеч бир куч киприк қоқишдан тиёлмас эди. Лекин Орзиқул ҳозиргача бир саволга жавоб тополмайди: нега ўша пайтлар қайси қизни учратмасин, дарров Умидага таққослаб кўрди, уларнинг ҳеч биридан Умидада бор бўлган ненидир тополмади…
Умида ҳам ўзи каби кўнгил қули эди. У ҳам Орзиқулга қандай боғланиб қолганини аниқ эслаёлган эмас. Вақт ўтиб, қарасаки, усиз туролмайдиган, бир сония хаёлидан ўтказмаса, юрагида кемтиклик сезадиган бўлиб қолди. Кейинги пайтлар ҳатто нимагаки қўл урса, гўё Орзиқул унга қайдандир қараб тургандай туюлар, тушида ҳам, ҳушида ҳам кўз қири билан боқиб, соғинчини яширолмаётган телба каби эс-хаёлида гавдаланар, ўзи эса ҳар нарсани унинг қаричи билан баҳолаётгандай бўлаверарди. Бу ғалати туйғу олдида ўзини ожиз сезиб, бошқаролмайдиган даражага етаётганини ҳис қилса-да, ажабки, бундан кўнглида суюнар, жиндеккина ғурурни ҳам туярди… Ахир, кимсан, ҳар ишда ўз айтганини қиладиган телба-қайсар, бир сўзли, қатъият бобида маррага биринчи етадиган Орзиқулдек йигит унинг олдида доим ҳаяжонда турарди… Мана, ҳозир ҳам, чой қуйиб беряпти ҳамки, бармоқлари қалтираб, шу сохт-сумбати билан ҳаяжонини босолмаяпти.
– Нима янгиликлар бор, Умида? – деди Орзиқул ҳеч гап тополмай. – Қаерларда… яшаяпсиз?..
– Қаерда бўларди… қўшни туманга тушганман-ку, – деди Умида.
Кейин Орзиқулнинг кўзига синовчан тикилди:
– Нима, билмасмидингиз?
– Йўқ! – деди Орзиқул.
Аслида билар эди, шу топда айтишга кўнгли ёр бермади. “Билгим ҳам келгани йўқ”, деб юборишига бир баҳя қолди-ю, тилини тийди.
– Эшитгансиз, деб юрувдим…
Бир муддат жим қолишди. Иккиси ҳам пиёладаги чойга тикилиб, гапиришга жазм этолмади. Орзиқул Умиданинг бармоғидаги никоҳ узугига кўзи тушди-ю, чап кўксида жизиллоқ турди. Умида таъқиб қилаётган нигоҳни сезди шекилли, қўлини қўлига чатиштириб, узугини кўздан пана қилиб олди ва:
– Ўзингиз-чи? – деди. – Уйингиздаги…лар яхши юришибдими?
Орзиқул ярқ этиб қаради. Саволдаги алоҳида таъкид нашъа қилиб кетди. Дангалига тили бормаганини ўзича тушунди ва истеҳзоли кулди:
– Ҳа, отам ҳам, онам ҳам яхши юрибдилар!
Умида пичингга қаноат қилмади.
– Ҳм, болаларингизнинг… онаси-чи?.. – дея ўсмоқчилади.
– Уям бардам, – чўрт кесди Орзиқул гап йўналиши неча йиллардан бери кутилаётган томонга ўзгараётганидан ташвишланиб.
– Яхши-и-и. Чиройлими… у киши?
– Ҳа…
– Мендан ҳамми?
Орзиқул бундай нозик саволга нима деб жавоб беришни билмас эди, шу боис каловланиб қолди. Умиданинг феъли унга маълум эди-ю, бу каби анчайин жиддий, сирли ва хийла нозик саволни кутмаган эди. Шунинг учун чорасизликдан азалгидай ҳазил аралаштирди:
– Тирик мавжудот ичида чиройда сиздан ўтадиганини учратмадим ҳали….
Умида бу ожизгина илтифот ва айни пайтда “мавжудот” сўзига яширинган аллақандай жониворлар “гўзаллиги”га шаъмали сўз ўйини ортидан нима дейилаётганини дарров англади ва шу заҳоти алам отига қамчи босди:
– Сиз доим журъатсиз бўлгансиз…
О, ҳаммаси тамом! Орзиқулнинг жон жойидан олди! Ниҳоят, ўқланган тўппонча отилди! Назарида Умида шунча йилдан бери ўйлаб-ўйлаб, минг бир хулосалар орасидан чиқарган ўта тиғли сўнгсўз эди бу гўё. Ҳозир бу тиғ Орзиқулнинг шундоқ ҳам шалвираб қолган юрагини тирнаб-тирнаб ўтгандай бўлди. Куйдиргувчи оловга ўзини уриб нобуд қилган парвона каби таслим бўлишдан ўзга иложи йўқ эди, лекин бўш келиш ҳам ярашмас эди.
– Гап журъатда эдими, Умида? – деди ёниб. – Отангизнинг талаби-чи? У талабни эшитган ҳар қандай йигит йўлини шартта терс солиб кетарди. Ҳалиям мен…
– Нима, сиз?
– Ҳалиям мен жимгина, индамай қўйганман…
– Ия! Бу оддийгина синов эди-ку… – деди Умида меҳр билан Орзиқулнинг кўзларига тикилиб. – Аслида отам ундай демаган, мен ўзим сизни синаб кўриш учун ўйлаб топгандим.
– Нима?!
– Шундай…
Орзиқул устидан бир челак совуқ сув қуйгандай бўлди. Умидага қаҳр тўла кўз билан қаради: “Наҳотки… наҳотки, шундай бўлган, Умида? Нега бундай қилгандинг? Нима учун йўлимиз айри тушаётганда ҳам буни айтмадинг? Нега? Ахир сен…”
Тизгинсиз саволлар қуйилиб келаверди. Орзиқул қўлини асабий мушт қилиб тугди.
– Кўп муҳокама қилинган муҳаббат барбод бўлиши рост экан… – деди кейин алам билан. – Демак…
– Нима қилишим керак эди? Ҳеч қандай муаммо йўқ жойда ўзингиз… хайр-хўш ҳам демасдан… Йигит кишиям аразлайдими?
– Мен аразламаганман!
– Унда нега совчи ҳам юбормаган эдингиз?
– Менинг ўрнимда бўлганингизда…
– …дадилроқ бўлардим!
Орзиқул Умидани таниёлмай қолди. Ўзи у нима демоқчи? Нега ўтмишда қолиб кетган, ҳар эсга тушганда юрагини азоблайдиган гапларни қўзғаяпти? Мақсади нима ўзи? Ахир…
– Умида, қўйинг энди шу гапларни, – деди паришонхотирлик билан. – Эр йигит ҳар куни ўзгариб, буқаламундай тусланмайди… Мен ҳеч қачон айтган гапимдан қайтмаганман. Отангиз ўзи ваъда қилганига бериб, орзусига етган бўлса, бўлди-да. Қўйган талабига эрман дегани рози бўлмас эди-ёв…
Умида, бундай кутилмаган кескин ва кескир пичингга тайинли жавоби йўқ эди чоғи, индамади. Шу гап адоғида суҳбат ҳам узилди. Ҳаммаси равшан эди. Умида қўзғалди. Оғир тин олди. Эшикка йўналаётиб, сўнгги бор қаради…
“Майли, қўявер, Умида, айб икковимиздан ҳам ўтган-да…”
“Мен чорасиз эдим… Ахир сиз бир оғиз ҳам “Сени севаман” дея олмагансиз-ку!”
“Мен… айтмасдан севардим, Умида!”
“Совчи ҳам…”
“Тақдир экан-да, Умида, нимаям қилардик… Хўш, ўзинг омонмисан? Ҳаётинг тинчми?”
“Нолисам бўлмас, шукр. Тинч яшаяпман”.
“Бахтингни… топдингми?”
“Ҳм… Ўзингиз-чи?”
“Мен ҳам…”
“Хўжайиним яхши одам. Баъзан ўзимнинг эркалигим, тантиқлигим, жуда худбинлигим билан у кишига кўп жабр етказиб, хафа қилиб қўймаяпманми деб ўйлаб қоламан. Лекин у одам мени жудаям иззат қилади. Ҳамма эркалигимни кўтаради. Сизники-чи? Аёлингиз?..”
“Биласан-ку, мен ҳам жуда инжиқман. Аммо аёлим феълимдан нолимайди. Ҳурмат қилади…”
“Болаларингиз-чи? Кимга ўхшайди?”
“Ўзимга… Каттаси онасига… Сенинг болаларинг-чи?”
“Меникининг учови ҳам дадасига тортган… Қуйиб қўйгандек…”
“Шукр… Бахтиёр экансан…”
“Ҳа, мен ҳам сизнинг бахтингиздан хурсандман…”
Минг йиллик айрилиқдан кейинги бу биринчи, эҳтимолки, сўнгги учрашувда нигоҳлар шу зайлда беомон сўзлашди. Бир-бирига қоришиб омонлашди. Бироқ бу нигоҳлар бир-бирини алдаётганини иккиси ҳам аниқ сезиб турар эди…

“Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 4-сон