Ҳалима Аҳмедова. Кўнгил деразалари (бадиа)

ОНАМНИНГ КЎЙЛАГИ

Хотиралар тўлқини баланд. Бу тўлқин ҳар куни қалбим дарёсига келиб урилади. Ва қалбимдаги дарё соғинчнинг баҳайбат суратига айланади.
Нимагадир ичикаман. Ичикканим сари суратга жон кира бошлайди…
…Болаликда жуда инжиқ эдим. Бўлар-бўлмас нарсага ғингшиб онамнинг тоқатини тоқ этардим. Аммо онамнинг меҳри ҳеч қачон тоқ бўлмасди.
Ҳали эсимда. Онамнинг каштали кўйлаги бўларди. Каштада ғуж бўлиб очилган атиргулларнинг ва учаётган қушларнинг сурати акс этганди. Бу кўйлакни яхши кўрардим. Чунки онам уни эгнидан қўймас эди. Бу кўйлакнинг этагидан доим маҳкам ушлаб юрардим. Онам ҳам бунга кўникиб қолган эди, назаримда. У қўшни аёллар билан узоқдан-узоқ суҳбатлашган пайтлари мен онамнинг кўйлагидаги қушчалар билан гаплашардим. Баъзан бу қушчалар онамнинг кўйлагига қамалиб қолгандай туюларди менга. Уларни озод қилгим келар эди. Аммо қушчаларнинг бу кўйлакдан айрилгиси келмаётганини ҳис қилардим…
Онам асли қўшни қишлоқдан. Келин бўлиб дадамнинг қишлоғига тушган. Икки қишлоқ орасида қабристон бор. Баландроқ жойга чиқиб қарасанг, онамнинг қишлоғи кўзга яққол ташланарди…
Гоҳида онам паришон тортиб қоларди. Ва уйимиз қаршисидаги ҳовуз ёнидаги дўнгликка чиқиб, кафтини пешонасига соябон қилганча ўз қишлоғи томон қарагани-қараган эди. Мен ҳам бир қўлим билан унинг этагини маҳкам ушлаб, иккинчи қўлим билан онамга тақлид қилганча ўша томонга боқар эдим. Аммо ҳеч нарсага тушунмасдим… Ўшанда илк бор соғинчни онамнинг нигоҳларида таниганман. Йиллар ўтгани сайин бу соғинч равшан тортиб борди…
Онам бу дунёни тарк этгандан сўнг ҳам унинг этакларини қўйиб юбормадим. Зотан, у Ватаннинг ўзига айланган эди.
Ҳали-ҳануз тушларимга онам ўша каштали кўйлагида киради.
Кўнглим эса аллақачон бу каштадан нусха кўчириб олган. Қишнинг қаҳратонида ҳам кўнглимдан атиргулнинг ифори келади. Қушларнинг озод ва бахтиёр сайраганини эшитаман…
Мен этагидан маҳкам ушлаган Ватан эса қулоғимга онамдай шивирлайди:
— Қара, қандай чиройли тонг отяпти! Тур ўрнингдан. Яхшиликнинг дарвозасини ким биринчи очса, толе ўшанга кулиб боқади!

ТУПРОҚНИНГ ТИЛИ

Ҳовлидаги томорқага онам қарарди. Қўлидаги кетмон билан ер чопарди. У ер чопаётганда кимнинг¬дир жонига озор беришдан қўрққандай кетмонни оҳиста урарди. Сўнг эса ўтирганча бегона ўтларни юларди. Мен унга қарашардим. Шундай пайтларда бир гапни кўп такрорларди:
— Тупроқдан айланай, тупроқнинг ҳам жони бор, қизим…
Қизиқишим зўр келарди:
— Тупроқнинг тили ҳам борми, она?
Саволларимдан у яйраб кетарди. Ва дарсини қизиқарли ўтказишга уринган устоздай эринмай тушунтирарди:
— Тили бор, қизим. Дунёдаги бор гулу гиёҳ, дарахтлар, ҳатто фасллар ҳам унинг тилида гапиради. Ишонмасанг, тинглаб кўр…
У яна бегона ўтларни юлишга киришиб кетарди. Шунда мен зийрак ўқувчидай яна уни саволга кўмардим:
— Нима, бегона ўтлар тупроқнинг тилини билмайдими?
Онам жилмаярди. Бироз сукут сақлаб, жавоб берарди:
— Бегона ўтлар тупроқнинг тилини бузади.
Ҳеч нарсани тушунмасдим. Аммо ҳар куни райҳонларнинг, дарахтларнинг гапиришини пойлардим. Аммо улар «икки» баҳо олишдан қўрқиб жавоб бермайдиган ўқувчилардай жим эди…
Қайсидир қишда қулоғимдаги тилла сирғачамнинг биттасини қорбўрон ўйнаб йўқотиб қўйдим. Роса изладим. Тополмадим. Баҳор келиб, қорлар эригач, ҳовлимизда ўсган бинафшанинг япроғида нимадир ялтираб кўринди. Яқинроқ бориб қарасам, йўқотган сирғачам бишафшанинг кафтида турарди. Ўшанда сирғачамни олаётганда бинафшанинг шивирлаганини аниқ эшитдим. У менга тупроқнинг тилида шеър айтди…
Шундан сўнг шеър ёзадиган бўлдим. Китобларим чиқди. Баъзан шеърларимни ўқиганлар мени «Яхши шоирсиз», деб алқашади. Тўғри, бу гапдан руҳим кўтарилади. Аммо виждоним қийналади. Бу шеърларни мен эмас, балки тупроқ ёзганини уларга айтгим келади. Айтганим билан улар тушунармикин?!
Ахир, капалакнинг қанот қоқишидан, райҳонларнинг ширин ифоридан, айланиб-айланиб тўкилган ўрик гулларидан, дарахтларнинг майин титрашидан, ўзбекона фаслларнинг ҳайратидан шеър кўчириб ёзганим ҳақиқат-ку!
Демак, мен шунчаки кўчириб олгувчиман. Ҳақиқий шоир эса бу — Ватаннинг тупроғи.

ЎЗБЕКЧА ТОНГ

Тонгни яхши кўраман. Тонг озода келинга ўхшайди.
Ва яна онамни эслайман. У жуда ҳам саранжом-саришта аёл эди. Барчамизни тонг отмасдан уйғотарди. Тонгда ризқ бўлади, дерди. Болаликда ризқ нималигини тушунмасак-да, эриниб-эриниб уйғонардик. Ва тонгдан қандайдир мўъжиза кутардик…
Энди билсам бу мўъжиза тириклик жавҳаридаги умид экан…
Ҳали-ҳамон тонгни орзиқиб кутаман, мўъжизани ҳам. Шаҳарчилик, баъзида ўрнимда ётганча уни кутиб оламан. Ростини айтсам, шундай пайтларда тонгдан уялиб кетаман. Чунки онам тонг ҳаммаёқни озода қилиб, юз-қўлни ювиб кутиш керак, деб таъкидлагани-таъкидлаган эди…
…Қайсидир даврада хориж сафаридан қайтган бир дўстимиз энтикиб-энтикиб у ернинг тонгини мақтади.
— Тонг гўё денгизлар устидан сакраб-сакраб келаётгандек эди — деди у. Шунда мен негадир оғриндим. Ичимда ўйладим, наҳотки бу дўст ўзбекча тонгни кўрмаган бўлса!? Юрагимда ногаҳон тонгнинг қадамларини эшитаман. Кўз олдимда азиз манзара тикланади. Оқ тераклар маъсум жилмаяди. Боғлар қадим оҳангда тебранади. Артофга меҳрнинг мушки таралади. Сўнг эса оппоқ саватини ризққа тўлдирган тонг кўринади. У эринмай ҳар бир деразадан бош суқиб, ҳол сўрайди, ризқ тарқатади.
Эшик қўнғироқлари шодликдан ҳайқиради:
— Сизга сут, қаймоқ керакмасми?!
Кўчалар фаррошларнинг супургиси оҳангида бағри тўлиб куйлайди. Карнай-сурнайларнинг бахтиёр овози жарчилик қилади:
— Ҳамма наҳорга ошга!
Дарахтларнинг ишқидан сархуш қушлар тирикликка, ишққа ҳамду сано айтиб сайрашга тушади. Уларнинг чуғурлаши юракнинг бир торига келиб урилади ва юрак ҳам янги орзуларни куйлашдан маст бўлади…
Кўнглимда тикланган манзарадан хушбахтланаман. Ва ҳеч кимга сездирмай даврани тарк этаман. Йўл бўйи осмонни тўлдирган юлдузлар мени таъқиб қилади. Уларнинг шивир-шивири жуда яқиндан эшитилади. Аммо уларга парво қилмайман. Ахир, мен тонгни кутишга кетаяпман.
Йўлимни қандайдир қора, дайди мушук кесиб ўтади. Таққа тўхтайман. Иримга ишонмасам-да йўлни айланиб ўтмоқчи бўламан. Аммо олдинда тонг борлиги эсимга тушиб мардона қадам ташлайман…
Чўлпон юлдузи кипригимга қўнганда уйғонаман. Ўзбекча тонг онамга ўхшаб кетади. Онамнинг каштали кўйлагини кийиб келади. Деразадан сирғалиб кирадию кўзларимга соғинч билан тикилади. Тонгни тўйиб-тўйиб ҳидлайман. Ундан ватанимнинг, ватанимдан эса онамнинг хушбўй ҳиди келади.

ҚАЛДИРҒОЧЛАР

Болаликнинг баҳори бошқача. Уни эслаганим сари энтикиб кетавераман…
Назаримда ўшанда қуёшга жуда яқин эдик. Баҳор кела солиб, бобом яшайдиган уйнинг томига қизғалдоқ экарди. Кўп ўтмай қизғалдоқлар бир қучоқ бўлиб том устида алангаланарди.
Шундан сўнг онам томга чиқишимизни таъқиқлаб қўярди. У ¬қизғалдоқларни топтаб ташлашимиздан қўрқарди.
Менинг эса томга чиққим келаверарди. Томга чиқиб, қишлоқни томоша қилишни яхши кўрардим.
Бир куни онамдан яширинча томга чикдим. Ва уч-тўртта қизғалдоқни бехосдан босиб, янчиб қўйдим. Онам буни билгач, мендан хафа бўлиб, роса койиди:
— Сен қизнинг ҳеч ақлинг кирмас экан-да?! Томда нима бор сенга?
Болаликнинг ўжарлиги билан мен ҳам бўш келмасдим:
— Нима бўпти? Бир-иккита кизғалдоқни янчганим учун шунчами? Қизғалдоқларингиз мендан ҳам афзалми?
Онам бир пасда ҳовуридан тушарди. Ва мен қулоқсиз қизига кўнглида асраб юрган бебаҳо сирини очарди:
— Қизғалдоқлар қалдирғочларни чақиради, қизим, билмасанг, билиб ол!
Мен эса гапнинг тагига етмагунча қўймасдим:
— Қалдирғочлар келса, нима ¬бўлади?
Онам кўзларида баҳорнинг ¬рангидан сачраган шодлик порлаб кетарди:
— Қалдирғочларми? Улар келса, ризқ келади, меҳр келади…
Онам қалдирғоч сўзини шундай муҳаббат билан айтардики, бу онанинг фарзандига бўлган меҳрига ўхшаб кетарди.
Ёзин-қишин уйимиз деразасининг бир ойнаси олинган турарди. Онамнинг айтишича, қалдирғочлар ёпиқ деразали уйларни хуш кўрмас экан. Ҳамма уйимизда қалдирғочларнинг уяси бўларди. Қиш кунлари онам уларга ташна соғинч билан қараб-қараб қўярди.
Баҳорда қалдирғочлар ҳовлимиз устида чарх урган кезлар дунёда онамдан бахтиёр одам топилмасди. Назаримда қалдирғочлар ҳам онамни яхши кўрарди. Ва унинг бошидан айланиб-айланиб учарди. Онам шунда бахшига айланарди:
 
Қалдирғочу-қалдирғоч,
Қанотинг бошимга тож…

…Ўша кунларни эслаганим сари юрагим ҳаприқиб бораверади. Қалдирғоч ва онамни боғлаб турган туйғу ҳалигача менга сир.
Онамни сўнгги йўлга кузатган кунимиз беҳисоб қалдирғочлар симларни тўлдириб, ичикиб-ичикиб сайради. Уларнинг сайраши йиғи-сиғи овозини босиб кетди. Аммо мангу уйқуга кетган онамнинг руҳи уларнинг сайрашини эшитганига ишончим комил.
…Энди ҳар гал Ватан осмонида қалдирғочларнинг чарх уриб учаётганини кўрсам, кўксимга онамнинг меҳрли нафаси урилгандай бўлади.
Ҳозир қишнинг ўртасида баҳорни соғинаман. Ва яна қалдирғочларниям. Юрагим орзиқишда онам авайлаган қизғалдоқлардай титрайди. Келажак баҳорнинг қадамларига ишонаман. Унинг осмонида чарх уражак қалдирғочларнинг қанотидаги Ҳақ битган меҳру-муҳаббат, ризқу-насибага ҳам.
Зотан, мен яшаётган элнинг кўнгил деразалари қуёшга қараган.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 3-сонидан олинди.