Абдужалол Раҳимов. Жийда гули (қисса)

1

Кичик хона деразасидан тушган ёруғлик қоп-қора мўйлови буғдойранг юзига ярашган қотма йигитни ёритиб турибди. У тик турганича оқ оралаган сочи орқага таралган устози узатган қоғозларни олди. Таҳрир қилинган мақоласини олтин излаётгандек диққат билан варақлай бошлади. Саҳифалардаги айрим сўзларга соатнинг милидек нозик чизиқларда қалам теккизилганди. Булар жузъий камчиликлар, деган хулосага келиб, енгил тортди. Охирги бетни очиб, ажабланди:
– “Ҳасан Али” деб ўзгартирибсиз-да? – устозига “Тушунмадим?” маъносида қаради.
– Ҳа, нима, – газетанинг янги сонига тарх чизаётган Иззатилла ака унинг гапига парво қилмади. – “Ҳасан Алиев”дан кўра “Ҳасан Али” десак жаранглаб эшитилади. Бу ўзбекона, ҳам тезроқ таниласиз. Тўғрими?
Ҳасан масъул котибнинг гапига қўшилиш ёки қўшилмасликни билолмай иккиланди. Мўйлови остидаги юпқа лабларини бироз қимтиб турди-да, бу имзо ўзига ёқаётганидан мамнун жилмайди: “Ҳасан Али! Машҳур ёзувчиларнинг тахаллусига ўхшайди!”
Иззатилла ака завқ-шавқ билан қилаётган ишидан тўхтаб, бошини кўтарди. Катта-катта катакларга бўлинган сарғимтил қоғозга ҳавас билан қараб қўйди-да:
– Бугун Оқчашмага бораси-из, Ҳасанбо-ой, – деди сўзларни сақичдек чўзиб-чўзиб. – Чорвачилик фермасидан битта зў-ўр лавҳа керак. Мўминжон акага қўнғироқ қилдим, у киши ферма мудири. Ёш, зў-ўр сут соғувчи қиз бо-ор, деяпти. Ўша қиз ҳақида лавҳа ёзиб келасиз. Манави бўш жой – сизга!
Ҳасан Иззатилла аканинг ёнига ўтиб, чизаётган тархига тикилди. Учинчи саҳифанинг нақ ярми бўш эди.
– Шу жой сизники! Газета эртага саҳифаланади. Уйда ма-азза қили-иб ёзиб келсангиз, Ёдгора опа бирпасда “мошинкалаб” берадилар, – у гап тамом, дегандек, кафтларини бир-бирига ишқалади.
Ҳасан устозининг олдидан икки хил ўйда чиқди: Университетни битириб, таҳририятга ишга келган кунидан газетанинг масъул котиби – Иззатилла акаси устозлик қилди. Қийналиб, калаванинг учини тополмаган пайтларидаям бирорта топшириқ бериб, йўлга бошлайди. Бир неча марта хўжаликларга ҳам ака-ука бўлиб бирга чиқишди. Энди фермага ёлғиз ўзини йўллаётир. Бу ишончми ёки синов?

2

Оқчашма – туман марказига туташган катта қишлоқлардан бири. Шимол томонидан кумушранг ипакдек товланиб Бўзсув оқиб ўтади. Бўзсувни одамлар ўзларича канал, ариқ, дарё ҳам дейишади. Оқчашмаликлар учун эса дарё. Қишлоқ одамлари ўз дарёларининг сувини паноҳларидаги оилалари, фарзандларидек муқаддас деб билишади. Хасталарни шу сувда чўмилтирса шифо топишларига чин дилдан ишонишади. Бу ишонувчан, жайдари одамларнинг феъли ҳам ўзларига ўхшаган турфа, ғалати. Баъзилари чўрткесар, жангари бўлса, бошқаси зиёлинамо, мўмин.
Ҳасан Оқчашма қишлоғини, қишлоқ оралаб оқаётган Бўзсувни болалигидан билади. Ўша пайтларда дарё ҳақидаги афсоналарни эшитса ваҳимага тушган. Улардан бири ҳали-ҳануз ёдида. Афсона дарёга кўндаланг туриб қолган улкан лаққа балиқ ва севгилисига етишолмаган балиқчи йигит ҳақида эди…

…Узоқ ўтган замонларда Бўзсув дарёсининг бўйидаги қишлоқда хушсурат, паҳлавон келбатли бир йигит бўлган экан. У ёлғиз онаси билан яшар, балиқчилик билан тирикчилик ўтказаркан. Бу йигитга қишлоқнинг кўп жонон қизлари шайдо бўлишибди. Лекин йигитнинг муҳаббатга ташна, саркаш юраги қишлоқдаги катта бойнинг қизи – Мафтунага оҳанрабодек талпинаркан. Йигитнинг севгиси шунчалар кучли эканки, Мафтунани бир кўрмоқ, юрагининг ҳовурини босмоқ дардида бойнинг уйи атрофида кечаю кундуз айланиб юраркан. Ҳамқишлоқлари ошуфта йигитни “Мажнун” дея атай бошлашибди.
Мафтуна ҳам ҳаётини Мажнунсиз тасаввур қилолмас экан. Йигит билан қизнинг юракларидаги муҳаббат чўғи пинҳона учрашувларнинг оташ бўсаларида алангаланибди. Озурда жонлар бир-бирларига талпинишар, аммо етиша олишмасди.
– Мафтуна, сенсиз яшолмайман, – деди кунларнинг бирида Мажнун.
– Мен ҳам, – тан олди Мафтуна.
– Мафтунам, отанг қизини камбағалга берармиди?
– Биламан.
– Нима қиламиз, жоним?!
– Оҳ, Мажнуним, бизга ҳам сарафроз кунлар борми? Бу ишқ иккимизни ҳам ҳалок қилади, – дея йиғлади Мафтуна.
– Севгилим, ундай дема, – қизни овутди Мажнун. – Ноқислигим фақат камбағаллигимда. Энди мен кўп, жуда-жуда кўп балиқ овлайман. Худо хоҳласа, бойиб кетаман! Отанг сени менга беради!
Мажнун туну кун дарё бўйидан кетмабди. У тинмай балиқ овларкан. Соғинч қийнаганда Мафтуна билан учрашар, ҳамоҳанг қалблар бир-бирига ишқ сирларини сўзлашар ва Мажнун яна Бўзсув бўйларига, балиқ овлагани шошаркан.
Оқар сувлардек кунлар, ойлар ўтибди. Мажнуннинг қайиғи ҳамон ваҳимали жарликлар остида тинимсиз сузаркан. Сирли жарликлар унинг ҳижрон қўшиқларига акс-садо бераркан.
Ана шундай кунларнинг бирида Мажнуннинг қайиғи нимагадир зарб билан урилди. Қайиқнинг сувга ағдарилишига бир бахя қолди. Мажнун анча ҳаракат билан базўр қирғоққа чиқиб олди. Ўрнидан туриб, дарёга қаради-ю, ҳанг-манг бўлиб қолди! Дарёда ниҳоятда улкан лаққа балиқ кўндаланг туриб, сувни тўсиб қолганди. Мажнун бундай баҳайбат балиқни энди кўриши эди. Бу балиқнинг овозасини кекса балиқчиларнинг ҳикояларидангина эшитган. Лаққа шунчалар катта эдики, Бўзсувнинг беш қулочлик ўзанида ортига бурила олмабди. Улкан оғзи қирғоқдаги гил тупроққа тиқилиб қолган, кўзлари илтижо билан тикилади.
Баҳайбат лаққанинг сеҳрловчи кўзларига қараб Мажнуннинг ҳуши бошидан учди. Кўз ўнгида сувлари уфққа туташган улкан денгиз пайдо бўлди. Денгизнинг аждаҳодек мавжлари қирғоқни ювиб турибди. Уфқдан баҳайбат лаққа сузиб кела бошлади. Балиқ чучук сувга, дарёнинг уммонга қуйилиш жойига ўзини урди. У оқимга қарши суза кетди. Сузаверди, сузаверди, ниҳоят Бўзсувнинг она Сирдарёга қуйилиш жойига етди.
Баҳайбат лаққа Бўзсувда ҳам ўжар оқимга қарши тўхтовсиз сузди. Ниҳоят, қамишзор соҳилга етганида жим туриб қолди… Мажнун балиқнинг атрофида пайдо бўлган сонсиз-саноқсиз увулдириқларни кўрди. Лаққа увулдириқларига қулай сувни излаб Бўзсувга сузиб келган экан. Ва ниҳоят… улкан лаққа ортига қайтмоқчи бўлди. Лекин Бўзсувнинг ўзани торлик қилди. Балиқ сувга кўндаланг турганича шу ерда қолиб кетди…
Мажнун балиқнинг кўзларига тикилиб ана шуларни билиб олди. Сакраб ўрнидан турди-да, қишлоққа, уйи томонга шамолдек югура кетди. Ҳеч кимга эътибор бермай, тўхтамай чопиб бораверди. Уйида уни онаси қарши олди:
– Болажоним, Мажнуним, нима бўлди? – дея сўради ўғлининг аҳволидан хавотирланиб. – Яна бой қувиб юбордими?!
– Йўқ, онажон, Бўзсувда баҳайбат лаққа кўрдим. Дарёга кўндаланг туриб қолибди. Атрофи тўла увулдириқ. Энди бойиб кетамиз, онажон!
– Атрофида увулдириқлари, дедингми, болам?
– Ҳа, онажон, увулдириқ қўйиб, ортига қайтолмаган. Жуда баҳайбат балиқ!
– Сен уни…
– Ҳа, онажон, мен болта олгани келдим. Бу балиқнинг гўштини катта баҳога сотаман. Энди Мафтунамга етишаман!
Шундай деб Мажнун оғилхона томонга отилди.
– Тўхта! – деди шунда онаси. – Сен она балиқни ҳалок қилмоқчимисан?
– Ахир, у балиқ-ку, онажон?
– Йўқ, у она балиқ! Она балиққа раҳминг келмайдими?
– Раҳмим келади. Лекин, онажон…
– Менинг кўнглим беҳузур… Ўғлим, уни қўйиб юбор! Бундай амал билан севгилингга етишолмайсан.
Мажнун ўйланиб қолди. Юраги ҳаприқди, безовталанди. Ниҳоят онасига қарши иш қилолмаслигини тушунди.
У оғилхонага кирди. Оғилхонада болта билан кетмон ёнма-ён турарди. Мажнун болтани эмас, кетмонни олди. Онасининг олдига келиб бош эгди ва яна Бўзсув томонга шамолдек елиб кетди.
Бўзсув ҳамон тўлиб-тошиб оқарди. Баҳайбат лаққа кўндаланг турганича кўзларида мунг ила балиқчи йигитни кутиб ётибди. Унинг устидан оқиб тушаётган сувнинг шовуллаши жарликларда акс-садо беради.
Мажнун балиқнинг олдига чопиб-энтикиб етиб келди. Ўйлаб ўтирмасдан, дарҳол кетмон билан қирғоқнинг юмшоқ гил тупроғини чопа бошлади. У жон-жаҳди билан дарёни кенгайтирар, терлаб-пишиб кетса-да, сира ишдан тўхтай демасди. Тердан ҳўл бўлган кўйлагини ҳам ечиб ташлади. Дарё қирғоғини чопаверди, чопаверди… Балиқ унинг бақувват билаклари, баҳор қуёшида мисдай ялтираётган баданига ҳавас билан тикилиб ётарди.
Лаққа балиқ секин-оҳиста Бўзсувнинг азалий оқими томонга камондек эгила бошлади. Унинг зайтун тусидаги танасини дарё ўз бағрига олди. Ҳориб-чарчаган Мажнун кетмон дастасига суянганича ўнг қўли билан пешонасидаги терни сидириб ташлади. Балиқнинг ортидан хайрлашаётгандек термилиб қараб қолди. Кўйлагини кийиб, кетишга чоғланди.
Лекин баҳайбат лаққа сузиб кетишга шошилмади. Мажнунга миннатдорлик билдиргандек, ихчам думини бир неча марта шалоплатиб сувга урди. Ниҳоят атроф жимиб қолди. Мажнун кетишга чоғланиб, кетмонини елкасига олди. Шу пайт яна дарёнинг суви чайқалиб, қуёш нурларида балиқнинг думи ялтираб бир кўриниш берди. Қирғоққа “тап” этиб ғалати темир қутича тушди.
Мажнун турган жойида шамдек қотиб қолди: “Ё, Оллоҳ”, – деди ҳайратдан ёқасини ушлаб. Сўнгра югуриб бориб, темир қутичани кўтариб у ёқ-бу ёғини ағдариб кўра бошлади. Ажабланиб дарёга термилди. Ҳаммаёқ жимжит эди. Бўзсув сокин оқаётир. Гўёки бу ерда баҳайбат лаққа балиқ ҳеч қачон бўлмагандек. Қирғоқдаги қамишлар кўклам шабадасида сокин шитирлади. Қўлидаги қутичани очишга бир-икки уриниб кўрди, бўлмади. У содир бўлган ҳодисадан лолу ҳайрон эди. Қутичани кўксига босиб яна уйига, онажонининг ҳузурига елиб кетди. Йўлда унинг бу ажиб ҳолини кўрганлар ҳайрон бўлишмади. Ахир, у Мажнун-да…
– Болажоним! – онаси уни кўриб суюниб кетди.
– Онажон, мен балиқни қўйиб юбордим!
– Ўргилай сендан,Мажнуним!
– Балиқ мана бу қутичани қолдириб кетди. Қаранг, онажон!
Улар қутичани олиб уйга киришди. Она қутичага қўлини теккизган ҳамон кўҳна кулбада бир куй таралди. Бу сеҳрли куй эди. Бу танбур навоси эди! Қутичанинг қопқоғи куй оҳангига мос оҳисталик билан ўз-ўзидан очила бошлади. Нимқоронғи кулба қуёш нурлари киргандек бирдан ёришиб кетди. Она-бола бу тилсимотдан лолу ҳайрон эдилар. Қутичанинг ичи дуру жавоҳирларга тўла экан!
Улар бу синоатдан жодулангандек қотиб қолишди. Шу пайт кулбага қутичанинг куйига монанд қўшиқ таралди:

Жийда гули нопармон,
Бунда ёр қолиб кетди.
Севгим бўлди-ку армон,
Бўзсувда оқиб кетди.

Излама ёр, излама,
Дардларим тўлиб кетди.
Сиғмай қолдим оламга,
Балиқлар олиб кетди.

– Мафтуна! – Мажнун титраб-қақшаб бирдан ҳайқириб юборди.
– Болам!
– Бу Мафтунанинг овози, онажон! Мафтунага нима бўлди?!
Она бошини эгди. Кўзларидан дув-дув ёш қуйилди:
– Бугун Мафтунанинг тўйи!
– Нима?! Нега?!
– Мафтунанг узоқларга кетяпти, болам. Оҳ, болажоним-а, бой камбағалга қизини берармиди!
Мажнун сапчиб ўрнидан туриб, кулбадан чиқиб кетди. Онаси унинг ортидан ҳай-ҳайлаганича беозор мусичадек бўзлаб қолаверди. У шамолдек елиб кўчага отилди. Шайдо кўнгли беадоғ изтиробга тўлган, Мафтунанинг исмини тинмай такрорларди. Шу пайт дарё томондан нолон бир сас келди. Бу Мафтунанинг оҳу зорлари эди! Мажнун бойнинг уйига эмас, Бўзсув томонга югурди. У Мажнун эди, бу ҳолига кимдир ачинди, яна кимдир беэътибор қараб қолаверди. Қишлоқда баҳор шабадалари кезарди. Майсалар ошиқ йигитнинг оёғини ўпдилар. Очилган чечаклар ҳамроз бўлдилар. Тун келишини кутиб, яшириниб ётган юлдузлар танига коинотнинг соҳир қувватини бердилар. Дарёнинг суви қорли тоғлардан олиб келган тоза ҳаволар қайноқ нафасини совутиб, юрагининг тафтини босдилар.
Ниҳоят Мажнун ҳайқириб оқаётган Бўзсув бўйига етиб келди. Қирғоқдаги бир туп гуллаган жийдага кўзи тушди. Жийда шохида Мафтунанинг шоҳи рўмоли илиниб қолганди. Мажнун рўмолни таниди. Шу пайт дарёдан яна ўша қўшиқ эшитилди:

Жийда гули нопармон,
Бунда ёр қолиб кетди…

Мажнун Бўзсув ёқалаб югура кетди. Мафтунани чақириб бўзлайверди, бўзлайверди. У жарликлардан ошди, қамишларни босиб-янчди. Жинғилларнинг шохлари аъзойи баданини тилиб юборди. Аммо Мафтунасини тополмади, у ҳеч ерда йўқ эди.
Мажнун ҳамон ўз ёрини излаб Бўзсув бўйларида елиб-югуриб юрар эмиш…

Бўзсув асли Тянь-Шаннинг асрлар бўйи йиғилиб ётган қор, музликларидан сув олади. Гирдобли оқимларида инсон қадами етмаган осмонўпар тоғларнинг сир-синоатлари яширинган. Илонизи ўзанидаги тик ва баланд жарликларни аёвсиз ўпириб, қишлоққа оқиб кирганида уятчан келиндек сокин бўлиб қолади. Бу жиловсиз, бебош оқим Оқчашмадан чиқаверишда яна ўжар, жангари йигитдек асов дарёга айланади. Қирғоқларини емириб, жарликларни кенгайтиради. Одамлар орасида ваҳимали афсоналар қолдириб, она Сирдарёнинг бағрига сингиб кетади…
Ҳасан қишлоққа пиёда кетди. Баландликдаги темир йўлдан ўтаётиб қуйида ястаниб ётган Оқчашмага бир қур кўз ташлаб олди. Бироз юргач қишлоқнинг ўзига хос дилтортар манзаралари бошланди. Димоғига барра беданинг маст қилувчи хуш бўйи келди. Йўл четига қозиқланган ола сигир бузоғига талпиниб нолали маъради. Оқ-жигарранг бузоқча зорланаётган онасига эътибор бермай, боладек ўйноқлаб сакрарди. Бу эса ажриқзорга бағрини бериб ётган беғам Олапарнинг ғашини келтирди чамаси, ит эриниб ўрнидан турди, бир-икки ҳуриб, эринчоқлик билан нари томонга секин юриб кетди. Ола сигир арқони етганича бузоқчасига қараб талпинди. Кейин яна чўзиқ маъради.
Ҳасан қишлоқ ўртасидаги кўчадан Бўзсувгача бориб, шу ердан чорвачилик фермасига бурилди. Йўл-йўлакай Бўзсув бўйларини томоша қилиб борди. Куз фасли эди. Дарё бўйидаги жинғил буталари қиш келишини хоҳламаётгандек оч яшил япроқларини кўз-кўзлаб, ажиб манзара касб этган. Ўт-ўланлар турфа ранг­ларда жилоланиб гуллаган. Соҳил қуёш нурига тўшалган гиламдек яшил, сариқ, пушти рангларда товланади.
Ҳасаннинг кўнглида кишини тўлқинлантирувчи ҳислар пайдо бўлди. Шундай кайфиятда бораркан, йўл кескин ўнгга бурилиб, тепаликка кўтарилди. У тез-тез юриб кетди. Сайҳонликка чиққанида узоқдан бетон девор билан ўралган ферма кўринди. У қадамини тезлатиб, бир зумда фермага етиб келди.
Икки тавақали улкан темир дарвоза олдида ўрта ёшли, тўладан келган бир одам унга тикилиб турарди. Ҳасан салом бериб, сўрашди.
– Ферма мудиримисиз? – деди гапни нимадан бошлашни билолмасдан.
У бошини қимирлатиб тасдиқлади.
– Исмим Мўминжон, – деди-да, яна унга тикилди.
Ҳасан каловланиб қолди. “Ўзиям мўмин одам экан”, – дея ўйлади.
– Ҳасан… Алиевман. Газетаданман. Илғор соғувчи ҳақида лавҳа ёзмоқчиман.
Бу гапи ферма мудирига таъсир қилди, чеҳраси очилиб, жилмайди.
– Айтишганди, – Мўминжон ака имо қилиб, ичкарига бошлади.
Улар темир дарвозанинг очиқ дарчасидан ферманинг катта ҳовлисига киришди. Кирза этикдаги ферма мудири залворли қадамлар билан оёғини секин-аста судраб босарди. Ҳасан бир зум тўхтаб, атрофга аланглади. Тўғрида кичик-кичик тирқиш ойнали, томига шифер қопланган, эгизаклардек бир-бирига ўхшаш учта молхона кўринди. Узоқда осмонга бўй чўзган пичан ғарамлари кўзга ташланади. Мўминжон ака Ҳасанни дарвоза ёнбошидаги уй томонга бошлади.
Шу пайт қизларнинг чувиллаган овозлари эшитилди. Улар келишиб олгандек баравар тўхтаб, ўша томонга қарашди. Оппоқ оқланган молхонадан етти-саккиз нафар соғувчи қизлар чиқиб келишарди. Мўминжон ака қўлини силкитди. Улар ёшгина бир қизни олдинга туртиб чиқаришди. Ферма мудири уни имо билан олдига чақирди.
Қиз қиқирлаб кулаётган шерикларига жаҳл билан нимадир деди. Пешонасига тушган сочини тўғрилади-да, тез-тез юриб уларнинг олдиларига келди.
Соғувчи қиз оқ халатда эди. Бошидаги дурраси ҳам оппоқ. Юзлари сутга ча­йилгандек тиниқ. Нигоҳини уялганнамо ерга қадаб, Ҳасанга кўз қирини ташлади. Қоп-қора, қалдирғоч қанотидек нозик эгилган қошлар остидаги шаҳло кўзлар ўтли бир қараш қилди. Қизнинг бу қарашидан Ҳасаннинг эти жимирлаб кетди. Бехосдан қалбида ғалати ҳиссиёт пайдо бўлди. Бояги, ферма мудирини учратганидаги ҳаяжони бир зумда унутилди. Ўрнини қадрдон дўстини топиб олгандаги қувончга ўхшаган ёқимли туйғу эгаллади. Қиз Ҳасанга қараб секин салом берди.
– Сиз сўраган қизимиз мана шу, – деди Мўминжон ака. – Гаплашиб, ёзаверинг.
У индамасдан қаршиларидаги уйнинг очиқ эшигидан ичкарига кириб кетди. Ҳасан кейинроқ бу кичик уй ферманинг идораси эканлигини билиб олди. Мудир хонаси, молбоқарлар ётоғи, ошхона ҳам шу ерда жойлашганди.
Ҳасан мудирнинг ғалати феълидан ажабланди. Иккинчи томондан унинг индамай кириб кетганига суюнди ҳам. Тепангда биров соқчидек турса гаплашиб бўладими! У Мўминжон акани нигоҳи билан кузатиб, қаршисида ийманиб турган соғувчи қизга қаради:
– Исмингиз нима?
– Зуҳра… Сизники-чи?
– Ҳасан.
Бирдан қизнинг чеҳраси очилди:
– Ий-е, иккаламиз эгизак эканмиз-да!
Зуҳра жилмайганида Ҳасанга янаям мафтункор кўринди. У ҳамон сеҳрлангандек қаршисидаги қиздан кўзини узолмасди: “Чеҳраси бунчалар ёқимли, қарашлари-чи, ёш боланикидек беғубор!” Унинг юраги тош теккандек сирқираб кетди.
– Чиройли экансиз, – деди беихтиёр.
– Ундай деманг.
– Нега?
– Яхши эмас.
– Сиз ҳақингизда газетага ёзмоқчиман.
– Майли, – оқкўнгиллик билан рози бўлди Зуҳра. – Ўқувчилик пайтимда мен ҳам журналист бўлишни орзу қилганман.
– Ростдан-а?
– Ҳа, лекин мана, соғувчиман, – у бирдан ўйчан бўлиб қолди.
– Нега ўқишга кирмадингиз?
– Билмадим… Аям сут соғувчилар, опам ҳам. Фотима опам турмушга чиққанлар. Сизнинг Ҳусанингиз-чи, у киши ҳам журналистмилар?
– Ҳусан… чақалоқлигида оламдан ўтган.
– Вой… Мени кечиринг, билмабман.
– Ҳечқиси йўқ.
Орага бироз жимлик чўкди. Бу сукунатни яна Зуҳранинг майин овози бузди:
– Бувам ўқишимизни хоҳлардилар. Дадам бўлса уйдан узоқлаштиргилари келмади. Шундай қилиб, ўқиёлмадим. Сиз жудаям бахтли экансиз.
– Йўғ-э?
– Ҳа-да, журналистсиз. Одамлар билан учрашасиз, уларнинг ҳаётларини ёзасиз. Шунинг ўзи бахт-да!
Ҳасан кулиб қўйди. Қиз буни ўзича тушунди-да, хафа бўлгандек жиддийлашиб олди.
– Зуҳрахон, мен эндигина ўқишни битириб келдим, ҳали тажрибам йўқ.
– Барибир, кўнглингиздаги гапларни ёзасиз.
– Сизни кўнглингизда нималар бор?
Ҳасан бу савол тилининг учидан қандай учганини сезмай қолди. Зуҳра яна хафа бўлади, деб ичи хижил бўлди. Аммо қиз очиқкўнгиллик билан жилмайди:
– Ҳамма қатори. Мен… ўқиган китобларим ҳақида ёзган бўлардим.
– Кўп ўқийсизми?
– Бўш қолсам китоб ўқийвераман. Ўқиётиб йиғлаб ҳам оламан.
Энди улар эски танишлардек, болаликдан бирга ўсган синфдошлардек гаплаша бошлашганди.
– Жуда таъсирчан экансиз, – деди Ҳасан.
– Тўғри, ўқиганларимни тушимдаям кўраман.
– Қайси ёзувчини кўп ўқийсиз?
– Чингиз Айтматовни. “Сомон йўли” қиссасини қайта-қайта ўқийвераман. Ҳар сафар кўзимга ёш келади. Сиз ҳам ўқиганмисиз?
– Ўқиганман.
– Мен Тўлғанойга ҳавас қиламан, ҳам дардига шерик бўлиб йиғлайман.
– Она Ер билан гаплашганларини ўқиганимда мен ҳам ўзимга сиғмай кетганман.
– Йигитлардаям шунақа бўладими?
– Яхши асар инсоннинг кўнглини ларзага солади, Зуҳрахон!
Зуҳра пешонасига тушган сочини оқ дуррасига бостириб, Ҳасанга қаради:
– Саволингизни бераверинг?.. Мен ҳақимда ёзасизми? Балки, эзма қиз экан, деб айниб қолгандирсиз?
Улар ҳамон ферма ҳовлисида туришар, қаршиларидаги уйнинг бирорта хонасига кириб бафуржа гаплашиш мумкинлиги на Ҳасаннинг, на Зуҳранинг хаёлига келмасди. Куз қуёшининг қиздиришига ҳам эътибор беришмас, гўё атрофда улардан ўзга одам йўқдек эди. Ҳасан аввал ён дафтарига нималарнидир ёзиб турди, кейин буни ҳам унутиб, сеҳрлангандек қизнинг гапларига қулоқ тута бошлади. Зуҳра юрагида асраган, ҳеч кимга айтмаган туйғулари ҳақида тўлқинланиб гапирарди. Бошқа пайт бўлганида чўчир ёки истиҳола қилган бўлиши аниқ эди. Ахир атрофда таниш одамлар юришибди, бегона йигит билан куннинг тиғида туриб гаплашиши одобдан эмас-да. Ҳозир эса бундай ҳадик хаёлига келмади.
Улар идорадан чиққан Мўминжон аканинг ўзларга бир қараб, яна кириб кетганини ҳам сезишмади. Зуҳра Ҳасанга уялинқираб қаради:
– Мен ҳақимда нималарни ёзасиз?
– Ёзаман, албатта ёзаман, кейин биласиз! – деди эҳтиросини жиловлай олмаётган Ҳасан.
Шу дамда улар учун вақт тўхтаб қолгандек эди. Ҳасан билан Зуҳра илк учрашганларидаёқ кўзга кўринмас ип билан бир-бирларига боғланишган, аммо буни ўзлари сезишмас, юраклари илк муҳаббатнинг соҳир лаҳзалари ҳукмига тобе эди. Фақат бу тотли лаҳзалар ҳеч қачон тугамаслигини исташарди. Бир кўрганда, бир онда-я! Нега шундай?.. Улар узоқдан кўриниб турган Бўзсув бўйларига термилишар, бир-бирларидан ажрала олишмасди. Қалбларида айни пайтда яралган, дарёнинг бебош оқимидек асов туйғу ақлларига бўйсунмасди.
Оқчашма фермасига мухбирлар тез-тез келиб туришарди. Ҳасаннинг бу ерда узоқ қолганига ҳеч ким жиддий эътибор бермади.
– Мухбир-да, уларнинг иши шу, гаплашади, ёзади, – деди шу ердан уларга қараб-қараб ўтиб кетаётган мўйловдор молбоқар ёнидаги ёшгина шеригига.
Ҳасан Зуҳра билан гаплашган сари руҳида ёқимли енгиллик сезарди. Парвозга шайланган қушдек зангори осмонга учгиси келди шу дамда. Юрагида йиллар давомида зориқиб-зориқиб кутган ҳислар уйғонди. Атрофдаги олам кўзига мафтункор кўринди. Ферма ҳовлисида ғимирлаб юрган молбоқару соғувчилар ҳам қадрдонларидек. Зуҳрадан сира-сира ажралгиси келмасди. У билан хайрлашаётганида ўйинчоғини йўқотиб қўйган боладек тумтайиб олди.
– Ёзганингиз газетада чиқса, олиб келасизми? – Зуҳра ялинчоқ овозда сўради.
– Олиб келаман! – Ҳасан қизнинг чиройига тўйиб олмоқчидек ўтли қараш қилди.
Осмонни куз қуёшининг тилларанг нурлари тўлдирганда улар соҳир нурлар уммонида чўмилиб, бир-бирлари билан хайрлашишди. Ҳасан қишлоқдан қайтаркан, “Зуҳра-а, Зуҳра-а!” – дея ҳайқиргиси келди. Бу ерлар кўзига жуда-жуда чиройли кўринди. Беихтиёр болалигида Оқчашмага келганини эслаб кетди…
…Ўшанда беш-олти ёшлардаги бола эди. Раҳматли бувиси қариндош-уруғчиликни қаттиқ ушлагучи эди. Ҳасанни етаклаб Оқчашмадаги амакисининг уйига тез-тез олиб борарди. Бир сафар келганларида мактабнинг битирувчи синфида ўқиётган, бўй етиб қолган аммасининг китобларига болаларча ўжарлик билан қаттиқ ёпишиб олди. Кўҳна жавоннинг қутисидаги ғаройиб китоблар ўз-ўзиники бўлишини шундай хоҳладики, уни китоблардан, китобларни ундан ажратиб олишолмади. “Майли, шу китоблар сенга бўлақолсин”, – дейишди болани овутиб.
Ҳасан тунда китобларини қучоқлаб ухлаб қолди. Уйғонганида қучоғидаги суратли китоблари йўқ эди. У ўксиб-ўксиб йиғлади. Хўрлик жажжи юрагини тилка-пора қилганди. Аммо китобларини қайтариб беришмади. Шундан кейин Ҳасан ғаройиб суратли китобларини сира-сира унутолмади. Ҳатто тушларидаям ўша суратли китобларни кўрарди.
Бир куни тушида қушларга ўхшаб осмону фалакка учди. Бувиси олиб берган янги духоба дўпписи бошида эмиш. Енги калта катак кўйлаги шамолда ҳилпирайди. Оёғида ёқимли ҳид таратиб турган яп-янги жигарранг бошмоғи. У кўзларини катта-катта очганича парвоз қиларди. Баланд осмондан уйлар гугурт қутисидек, кўчалар қизчаларнинг сочидаги тасмадек, одамлар кичкина қўғирчоқлардек кўринди. Бир пайт Бўзсувнинг устидан учиб ўта бошлади. Шунда сувга қулаб тушмаслик учун қўлларини қушнинг қанотидек икки томонга ёйиб, кўзларини юмиб олди… Кўзини очганида томи кунгурадор катта уйнинг ҳовлисида турарди. Секин, овоз чиқармасдан атрофга аланглаб, кунгурадор уйга кирди: Ие, бу ўзларининг уйлари-ку! Уйда катта жавон пайдо бўлибди. Тортса очиладиган қутилариям бор. Ҳасан улардан бирини очиб кўрди. Қути китобларга тўла эди. Бир-бир олиб варақлади. Суратлари бирам кўп, ажойибу ғаройиб! Суюнганидан қийқириб юборди! Ундан бой, ундан бахтли бола йўқ эди ўшанда…
Ҳасан бу тушини анча пайтгача унутолмади. Китоблар ҳаётидаги ширин орзусига айланди. Кейинчалик, мактабга борганида ўзининг ҳам китоблари бўлди. Ўқиш-ёзишни ўрганиб олганида йиғиб юрган пулларига китоб сотиб ола бошлади. Китоблари унинг ҳеч кимга беришни истамайдиган, сирли ва бебаҳо хазинаси бўлиб қолди.
Бувиси ўқиш-ёзишни билмасди, шунинг учун унга китоб ўқитиб эшитиб ўтирарди. Эртак, достонларни ўқиш Ҳасаннинг ўзигаям ёқиб қолди. Ўқийвериб, беихтиёр китобдаги қаҳрамонлар хаёли билан яшай бошлади. Алпомиш, Гўрўғли, уч оға-ини ботирлар тушларига кирди…
Бугун ўша туйғулар баҳорда очилган чечаклардек болалик хотираларининг яширин пучмоқларида қайта уйғонди. Аслида ҳам бу қишлоқ болалигидан жуда-жуда қадрдон эканлиги ҳақида ўйлади.
У ўрикзор кўчадан темир йўл томонга юриб борарди. Қишлоқ билан туман марказини мана шу темир йўл ажратиб туради. Ҳозир уйига бориб Зуҳра ҳақидаги лавҳасини ёзади…
Ҳасан хаёл билан бўлиб йўлда кетаётган қарияга урилиб кетишига бир бахя қолди. Ихчам соқолли, озода кийинган чол ажабланиб тўхтади. Ҳасан қўлини кўксига қўйиб, салом берди.
– Ваалайкум ассалом, ўғлим, – чол қироат билан алик олди. Хушмўйлов йигитга синовчан тикилди. Унинг кексаларга хос нурли юзи кулиб турарди.
– Кечирасиз, хаёл суриб қолибман, – Ҳасан хижолат бўлди.
Чол беозор жилмайди:
– Мен ҳам сенинг ёшингда хаёл суриб қолардим. Секинроқ юрсанг, бирга кетамиз… Исминг нима?
– Ҳасан.
– Мени Ҳошим амаки, де.
Ҳошим амаки зерикиб бораётган экан, гапга тушиб кетди:
– Қувват аввалгидек эмас, энди биз чопқиллаб юролмаймиз. Кечагина сенга ўхшаган қирчиллама йигит эдим. Ёшлик кўзимни юмиб-очгунимча ўтиб кетди, болам.
Улар кўча четидаги улкан теракларнинг соясида ёнма-ён юриб боришарди.
– Кимнинг ўғлисан? – сўради Ҳошим амаки.
– Танимассиз, туман марказиданман.
– Ҳа-а. Уйланганмисан?
– Йўқ.
– Неча ёшдасан?
– Йигирма бешда.
– Уйлан, тезроқ уйлан! Айни пайти. Қариганингда болаларинг белингга қувват, оёғингга дармон бўлади. Бир ривоят бор, айтиб берайми?
– Майли, – Ҳасан рози бўлди.
– Қадим замонларда Бўзсув бўйидаги мана шу қишлоғимизда бир йигит бўлган экан, – Ҳошим амаки атрофдаги уйларга қараб қўйди. – Қорақош, қоракўз, келишган бу йигит катталарни ҳурмат қилар, кичикларни аяркан. У ҳар куни қишлоқ гузарига чиқиб, ёши улуғлар жамоасига: “Ассалому алайкум”, – дея салом бераркан. Жамоа ҳам йигитнинг ҳурматини жойига қўйиб: “Кел, эй оламнинг султони йигит”, – дея қарши оларкан. Вақт ўтиб, йигит уйланибди. Энди гузарга чиққанида жамоа уни: “Кел, эй олам билан баробар йигит”, – дея қарши оладиган бўлибди. Ёши улуғларнинг бу гаплари мағрур йигитни чунон ўйга толдирибди: “Эҳ, – дебди у ўзича. – Авваллари оламнинг султони эдим. Энди, уйланганимдан кейин ҳамма билан баробар бўлиб қолдимми?” Йигит шундай хаёл билан уйига келибди-да, ёш хотинини ҳайдаб юборибди. Эртасига йигит яна гузарга, жамоа олдига чиқибди. “Ассалому алайкум!” – дея салом берибди. Қариялар йигитга қараб бошларини чайқашибди-да: “Кел, эй оламнинг маймуни!” – дея қарши олишибди…
Ҳошим амакининг айтган ривояти Ҳасанни ўйлантириб қўйди: “Бу бир афсона-да, ўзини билган одам бундай ишни қилмайди. Лекин ўйламасдан ўзини чоҳга отадиганлар ҳам бор. Ривоятдаги воқеа шунга ишора. У ўзи уйланган қиздан бир умр, бир кун ҳам айрилмайди”.
Ҳасаннинг кўз олдига Зуҳранинг кулиб турган чеҳраси келди. Шу пайтда Ҳошим амаки билан бахтли тасодиф туфайли учрашгани, унинг бир куни уйларига кириб келиб, ўзини лол қолдиришини хаёлигаям келтиролмасди.
Улар ҳамон Оқчашма кўчасидан ёнма-ён юриб боришар, Ҳасан қариянинг қадам ташлашига қараб секин-аста одим ташларди.
– Ўғлим, ривоятлар одамларни яхшиликка етаклайди. Хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола, – деди Ҳошим амаки ҳамроҳининг кўнглидан ўтган гапни пайқагандек.
– Тўғри, – тасдиқлади Ҳасан.
Ҳасан шу дамда Ҳошим амакини Бўзсувнинг сокин оқимига ўхшатди. Оқчашмаликлар доим ўз дарёларининг қудратига тан бериб, ҳайратланадилар. Бу сокин оқим остида беҳисоб сир-асрорлар яширинганини ҳам билишади.
У оқшом қўнганда уйга кириб келди. Кийимларини алмаштириб, ювинди-да, айвонга чиқди. Ҳамма овқатланиб, туриб кетган, ҳали дастурхон йиғиштирилмаганди. Хонтахтанинг бир четига ўтирди. Чарчаган бўлсаям Зуҳра билан учрашуви таъсирида ҳамон кўзлари чақнаб турарди.
– Нима гап, ўғлим, жуда хурсандсан? – деди унга чой қуйиб узатган Мастура опа.
– Яхши кун бўлди, шунга, – жилмайди Ҳасан.
Онаси индамади. Аммо ўғлининг юз-кўзидан нимадандир безовталигини сезди. “Ростдан ҳам иши билан боғлиқдир бу, – дея ўйлади.– Янаям ким билсин”.
Ҳасан лагандаги ошдан шошиб еди-да, дарров ўрнидан турди. Ўзининг хонасига кириб, газетанинг эртанги сонига лавҳа ёзишга тутинди. Фикри чалғиб, нимадан бошлашни билмай анча пайт хаёл суриб ўтирди. Университетда матбуот назариясидан дарс берган домласининг гапи ёдига тушди: “Нимани, қандай вазиятда ёки қай тартибда кўрсангиз, шундайича қоғозга тушираверинг, кейин таҳрир қиласиз”, – дерди устози доим.
У калаванинг учини топгандек шошилиб ёза бошлади. Аввал фермани, Мўминжон акани, кейин оқ дуррали сут соғувчи қизнинг қиёфасини эҳтирос билан бир-бир тасвирлади. Ёзиб-чизиб ўтириб, вақт қандай ўтганини сезмади.
Тун яримдан оққанда лавҳасига сўнгги нуқтани қўйиб, ўрнидан турди. Деразадан тўлин ой мўралади. У Зуҳра ҳақида ўйлаб ётиб ухлаб қолди…

3

Қуёш деразадан мўралаб, Ҳасаннинг юз-кўзларини эркалаб уйғотди. У кеч ётган бўлсаям бардам бўлиб ўрнидан турди. Уйдан чиқиб, кузнинг салқин ҳавосидан кўксини тўлдириб тўйиб-тўйиб нафас олди. Ҳовлидаги кекса ёнғоқнинг яккам-дуккам сарғая бошлаган барглари енгил шабадада безовта пириллади. Чирт этиб узилган икки-учта барг бир-бирини қувалашиб ерга тушди. Ҳасан ҳовлини бир доира айланиб югурди, муздек сувда белигача ювинди. Ойисининг ҳай-ҳайлашига қарамасдан шошилиб бир пиёла чой ичар-ичмас ўрнидан турди.
Таҳририятга бораётганида кечаги кунни эслади. Зуҳра билан учрашгани қалбига ёниқ туйғуларни олиб кирганди: “Зуҳра шу пайтгача билган қизларига ҳечам ўхшамайди. Кўнгли булоқ сувидек тоза. Уни аввалроқ нега кўрмаган? Ахир Оқчашмага биринчи бориши эмас-ку. Ёки эътибор бермаганми? Йўқ, ундай бўлиши мумкинмас. Чунки… чунки, уни биринчи кўрганидаёқ соғиниб юрган одамини топиб олгандек бўлди. Ҳозир Зуҳрани жудаям кўргиси келяпти!”
Ишхонасига кирганида ҳаммаёқ жимжит эди. Йўлакка очиб қўйиладиган эшик­лар берк. Хонасига кириб, тунда ёзган лавҳасини ўқий бошлади. Зуҳрани тасвирлаган жойлари ўзига ёқди. Хаёл суриб қўлёзмага тикилиб ўтирганида йўлакдан қадам товушлари эшитилди. Ходимлар ишга кела бошлашганди. Ҳасан қоғозларини йиғиштирди. “Эртага Зуҳра билан учрашаман, – деган ширин хаёл билан ўрнидан турди. – Аслида бугун, ишдан кейин фермага борсам бўларди, айни кечки соғин пайтида! Лекин нима деб бораман? Аввал лавҳа газетада чоп этилсин…”
У қўлёзмасини олиб йўлакка чиқди. Масъул котиб хонасининг эшиги очиқ эди. Иззатилла аканинг баралла кулгани, Абдулла аканинг нимадир дегани эшитилди. Муҳаррир ўринбосари ҳам шу ерда экан.
– Киринг, кираверинг, – деди у Ҳасанга. – Бугун навбатчисиз. Иззатилла акангизнинг олдидан жилманг.
Иззатилла ака катта столида босмахонадан чиққан “гранка”ларга кўмилиб ўтирарди.
– Ёзиб келдингизми? – деди Ҳасаннинг қўлидаги қоғозларга ишора қилиб.
– Ҳа.
– Абдулла акангиз бир кўздан кечириб берсинлар, а? – у муҳаррир ўринбосарига қаради.
– Бўпти-да, қани юринг-чи, – паст бўйли, тўладан келган, доимо кулиб турадиган Абдулла ака эшик томонга юрди.
Улар олдинма-кейин йўлак тўридаги қабулхонага киришди. Ёдгора опа машинкасини чиқиллатиб ўтирарди. Ҳасан опага салом бериб, муҳаррир ўринбосарининг хонасига кирди. Абдулла ака қўлёзмани ўқий бошлади, ҳар-ҳар жойига қалам теккизиб, таҳрир қилди.
– Ў-ў-ў, Ҳасанбой! – деди ниҳоят бошини кўтариб. – Шундай ёзиш керак! Соғувчи қизни аввал танирмидингиз?
– Йўқ.
– Яхши ёзибсиз! Тасвирлар ҳам ўқувчини тортади. Энг асосийси, соғувчининг ички оламини яхши ёритгансиз.
Абдулла аканинг мақтови Ҳасаннинг кўнглини кўтарди.
– Мана, “Оқчашма қизи” деб сарлавҳа қўйдим, – деди у қўлёзмани қайтараётиб. – Ёдгора опага беринг, дарров мошинкадан чиқарадилар.
Таҳририят котибаси Ёдгора опа – паст бўйли, жиккаккина аёл. У жамоадагиларни ака-укаларидек ўзига яқин олади. Ёшлигидан шу таҳририятда ишлаган. Хоналардаги жиҳозларни худди ўзиникидек авайлайди. Баъзан фаррошнинг ишига қаноат қилмасдан, дераза токчалари, жавонлардаги чангларни ҳам артиб чиқади.
– Эпопея ёзибсиз-ку, шунақа, – деди Ёдгора опа қўлёзмани олаётиб. – У “шунақа” сўзини кўп ишлатарди.
– Йўғ-э.
– Шу сонгами?
– Ҳа.
– Майли, ҳозир ёзиб бераман.
Ёдгора опа қўлёзманинг биринчи сатрига уриниб қолган чизғичини қўйди. Жигарранг гардишли кўзойнагини тақиб, дарҳол ишга киришиб кетди. Унинг бармоқлари ёзув машинкасида кўз илғамас даражада тез ҳаракатланарди. Ҳасан бир муддат Ёдгора опанинг ишига тикилиб турди-да, қабулхонадан чиқди. Хонасига кириб, таҳририятга келган хатларни ишлай бошлади. Бироздан кейин эшик очилиб Ёдгора опа кириб келди.
– Марҳамат, тайёр! – деди қўлидаги қоғозларни узатиб.
Ҳасан хижолат бўлди:
– Ўзим бориб олардим, опа, овора бўлибсиз.
– Ҳечқиси йўқ, бу бизнинг вазифамиз, шунақа.
Ҳасан матнни бир қур кўздан кечириб, Абдулла акага олиб кирди. Муҳаррир ўринбосари ҳошиясига имзо қўйди:
– Энди линотипга, Фарида опага олиб тушинг. Билиб қўйинг, жаҳли чиқади, сиз индаманг, – кулди у.
Ҳасан линотип хонасига кирганида баҳайбат дастгоҳ метин “қўл”ларини у ёқдан бу ёққа чўзаётган темиртандек шовқин солиб ишларди. Жимитдеккина, ёқимтой аёл ҳарф термоқда. Мовий рўмоли остидан кумуш толалар оралаган сочи кўриниб турибди.
– Шу сонгами? – деди Фарида опа Ҳасан узатган қўлёзмани олаётиб. – Бунақа катта мақолани бир кун аввал бериш керак, опоси.
– Опа, илтимос?
Фарида опа хижолат бўлиб турган баланд бўйли, ҳушмўйлов йигитга қараб кулди:
– Майли, бу сафар териб бераман, бизниям ўйланг-да, опоси. Ҳа, айтгандай, тўй қачон? Қизларимиздан биронтасини кўз остига олгандирсиз?
– Ҳали вақтли, опа.
– Вой ўлмасам, айни пайти!
Ҳасан қизариб-бўзариб чоп этиш бўлимига чиқиб кетди. “Доминант” машинаси атрофида қорачадан келган, жиккак йигит куйманиб юрарди. Бу – Сардор, Ҳасаннинг тенгдоши, у билан ишга келган биринчи кунидан ошна бўлиб қолишган.
– Ҳа, Ҳасанбой, опадан қочиб чиқдингизми? – кулди у.
Сардор ҳамма билан кулиб гаплашади. Иши тиқилинч бўлсаям, дастгоҳи бузилиб қолсаям, қўли ишда бўлади-ю, ўзи кулиб тураверади.
– Шу сонга кетадиган лавҳа олиб тушгандим, – деди Ҳасан. – Опанинг жаҳллари чиқди.
– Опамизнинг жаҳллари чиллаки, тез чиқади, тез тушади, – “пиқ” этиб кулди Сардор.
Ҳасан Сардорнинг ишини кузатиб, бироз у ёқдан бу ёққа юриб турди. У нимагадир маъюс бўлиб қолганди. Шу тобда Зуҳрани кўргиси келар, ўзидаги бу хоҳишни енголмай қийналаётганди. Ундаги безовталикни Сардор ҳам сезди:
– Шошяпсизми, Ҳасан?
– Йўғ-е, ундаймас.
Сардор яна “пиқ” этиб кулди:
– Ишингиз шунақа-да, ижод қиласиз!

4

Ҳасан эртаси куни одатдагидек барвақт ишга келди. Тунука қопламали, қўш тавақа эшикни очганида димоғига босмахона бўёғининг аччиқ ҳиди урилди. Бинонинг биринчи қаватида босмахона, юқори қаватда газета таҳририяти жойлашганди. Кираверишдаги кичик тирқишли хонада радио эшитиб ўтирган қоровул чол билан саломлашиб, иккинчи қаватга кўтарилди. Зина таҳририятнинг узун, нимқоронғи йўлагига олиб чиқди. У тўғридаги, “Қишлоқ хўжалик бўлими” деб ёзилган хона эшигини очди.
Аввалги бўлим мудири бошқа ишга ўтган, бу хонада бир ўзи ишларди. Деразани очди. Хонага куз тонгининг салқин ҳавоси ёпирилиб кирди. Дераза олдида тик турганича кўксини тўлдириб нафас олди.
Шу дамда унинг учун бутун олам мунаввар эди. Улкан чинорнинг салом бераётгандек деразага эгилган сербарг шохлари, кўчадан ғизиллаб ўтаётган қирмизи рангли машина, йўлкадан ўқишга шошиб кетаётган йигит-қизлар ҳам завқини оширди. Мовий осмонда сафга тизилган турналар галаси кўринди. Узоқ-узоқлардан “қурей-қурей” деган овозлари эшитилди. Ҳасан бир текис учиб бораётган кулранг турналарнинг камоннинг ўқидек ажиб сафларига ҳавас билан тикилди. Айни пайтда унинг ҳам мана шу турналар мисоли парвоз қилиб Оқчашма томонларга учгиси келди…
Деразани очиқ қолдириб хонасидан чиқди. Зиналардан енгил-енгил ҳатлаб босмахонага тушиб борди. Тунда чоп этилган газетанинг янги сонидан олиб, хонасига қайтиб келди. Столига ўтириб, “Оқчашма қизи”ни ўқий бошлади. Сатр­ларга кўз югуртираркан яна Зуҳра билан учрашгандек бўлди.
Шу пайт эшик очилиб, Ёдгора опа кўринди.
– Ҳасанжон, ҳамма “летучка”га, шунақа, – деди-да, тезгина эшикни ёпди.
Ҳасан Ёдгора опанинг узоқлашаётган қадам товушига бироз қулоқ тутиб ўтирди. Столининг тортмасидан ён дафтарини олиб йўлакка чиқди. Бош муҳаррирнинг хонасига кирганида ҳамма ходимлар катта сариқ стол атрофидан ўз жойларини эгаллашганди. У ҳам Иззатилла аканинг ёнидаги бўш ўринга ўтирди. Шавқиддин Хўжаев – заҳил юз, сочини ўнг томонга силлиқ қилиб тараган, эллик ёшлардаги бош муҳаррир баҳайбат оромкурсининг юмшоқ суянчиғига ўзини ташлаган кўйи ҳаммани бир-бир диққат билан кузатди.
– Жамоамизга янги ходим келди, – деди нигоҳини тўрдаги столга ўтириб олган ғалати қиёфали озғин йигитга қадаб. – Қурбон Қорабоев! Хатлар бўлимига ишга олдик.
Ҳамма янги ходимга қаради. Қурбон Қорабоеви тушмагур оғзи қулоғига етиб илжайди. Ўрнидан туриб, қоп-қора, озғин юзига ярашмаган тақир бошини эгиб таъзим қилди. Бош муҳаррир, бу масалада гап тамом, дегандек қўлини шап этказиб столга қўйди.
– Энди газетамизнинг бугунги, янги сонини “обзор” қиламиз. Обзорчи ким?
– Мен, – деди Иззатилла ака ўрнидан туриб. Унинг қўлида газетанинг янги сони бор эди.
– Бугунги газетамизнинг биринчи саҳифасида расмий хабарлар, ахборотлар берилган, – дея таҳлилини бошлади масъул котиб.
Ходимлар уни диққат билан эшитишарди. Иззатилла Иброҳимовнинг таҳририятда алоҳида ўрни бор. Кўп йил ишлаган, касбининг икир-чикирини яхши билиши кўпчиликнинг ҳавасини келтиради. Мақолалар таҳриридан газета тархини чизишгача бўлган юмушлар унинг зиммасида. Ҳасан устозининг “Иззатилла шўх” деган тахаллусини эслаб кулиб қўйди. У танқидий мақолалари, баъзи-баъзида ёзиб турадиган ҳажвия, ҳикояларига шу тахаллусни қўярди. Ҳасан устозининг тез-тез, енгил ёзишига ҳавас қилади. “Имлосиям феълига ўхшайди”, дея ўйлади унга тикилиб ўтираркан. Ёзганида ҳарфлар тик, ораси очиқ-очиқ бўлиши кўз олдига келди. Ҳозир, газетанинг янги сонини таҳлил қилаётиб ҳам унинг лавҳасига қисқа, лўнда баҳо берди:
– “Оқчашма қизи” эҳтирос билан ёзилган, – деди бироз ўйланиб. – Газетамизнинг бугунги сонидаги ўқувчини тортадиган энг яхши лавҳа, дейиш мумкин. Таҳририятимизга ёшларнинг кириб келиши қувонарли ҳол. Умуман, Ҳасан Алиев бўлим мудирлигини ҳам эплайди деб ўйлайман.
– Ҳой-ҳой, бу масалани ҳал қиладиганлар бор! – Шавқиддин Хўжаев туйқусдан эътироз билдириб қолди. – Лавҳага ҳам мақтовни ошириб юбордингиз. Бизга лирика эмас, таҳлилий мақолалар керак!
– Энди-и, мен ўзимнинг фикримни айтдим, – Иззатилла Иброҳимов ҳозиржавоблик қилди. – Бу ёғи сизга ҳавола. Газета яхши чиқса, аввало, бош муҳаррирнинг обрўси-да.
Унинг бу гапи Шавқиддин Хўжаевни бироз шаштидан туширди. Ҳасан таҳририят йиғилишларида бўлиб турадиган бундай вазиятларнинг ўзагини ҳали теран тушунмасди. Устозининг мақтовидан хурсанд бўлди. Бош муҳаррирнинг эътирозларини шундай бўлиши керакдир-да, деб қабул қилди. Ўтирганларни кузатаркан, уларнинг юз-кўзларида турлича ифодаларни кўрди. Шавқиддин Хўжаевнинг гаплари ўринбосари Абдулла акага ёқмагани шундоққина сезилиб турарди. У юзини четга буриб олди. Устози Иззатилла Иброҳимов “Шўх” тахаллусини беҳуда олмаган экан. У ички эътироз ёки ҳис-туйғуларини ифодаламайдиган ниқоб кийиб олгандек эди. Қурбон Қорабоев билан унинг ёнида ўтирган бўлим мудири Ҳамида опа бошларини силкитиб, жон-жаҳдлари билан Шавқиддин Хўжаевнинг гапларини тасдиқлашди.
Йиғилиш тез тугади. Бош муҳаррир ходимларга топшириқ бериб, мажлисни якунлади. Ҳамма гап-сўзсиз тарқалди. Ҳасан ҳам хонасига кирди. Столи ғаладонидан кеча ёзиб тугаллаган қўлёзмасини олиб, Ёдгора опага олиб чиқди.
– Бугун жуда тез ишлаяпсиз, Ҳасан? – деди Ёдгора опа хабарларга кўз югуртириб.
– Фермага бормоқчиман.
– Янами? – Ёдгора опа кулиб қаради . – Мунча, тез қатнаб қолдингиз, шунақа?
– Ҳа-а… – Ҳасан нима дейишни билмасдан каловланиб қолди.
Ёдгора опа кўрсаткич бармоғини силкитиб, пўписа қилган бўлди:
– Фермада қизлар кў-ўп, шунақа!
У ўзини бу гапга эътибор бермагандек тутди. Қабулхонадан чиқиб, масъул котибнинг олдига кирди.
– Келинг, Ҳасанбой, нима гап? – деди у лабини чўччайтириб.
– Фермада чала қолган ишларим бор эди.
– Майли-майли, бори-инг, ёзи-инг. Бу ерда ўтиришдан фойда йўқ, – деди Иззатилла ака бағрикенглик билан.
Ҳасан қафасдан қутулган қушдек хонадан учиб чиқиб кетди. Таҳририят дарвозаси ортда қолганда енгил тортди. Зуҳра билан учрашишни ўйлаб ширин жилма­йиб қўйди. Кўча рошидаги сарғайган барглар тўкилган йўлкадан кетаётганида кўз ўнгида қизнинг кулиб турган чеҳраси пайдо бўлди. Ҳатто майин овозини эшитди.
Шошилиб юрганидан Оқчашма йўлига етиб келганини ҳам сезмай қолди. Оёқлари ўз-ўзидан олдинга югургиларди. Темир йўлдан ўтганида димоғига қишлоқнинг салқин ҳавоси урилди. Ажаб, туман маркази билан ўртада шу темир йўл бор. Аммо нариги томонда ҳаммаси бошқача. Одамларининг феъл-атвори ҳам қишлоқчасига – улар дангалчи, чўрткесар. Оқчашмаликлар меҳнатдан қочишмайди. Кунлари дала ёки фермада ишлаш, Бўзсув бўйларида қўй-мол боқиш билан ўтади.
Бу йилги куз илиқ келди. Ёзнинг чилласида тоғлардаги қор эришдан тўхтамади. Бўзсувнинг сатҳи ҳар қачонгидан ҳам кўтарилди. Соҳил тизза бўйи ўт-ўлан билан қопланган. Тепароқда жинғил буталари барқ уриб ўсаётир. Фермага бурилишда бир туп жийда кўринди. Беш-олти қулоч келадиган шохлари алвастининг сочидек ҳар томонга тарвақайлаган. Бу жийданинг неча йиллик эканини қишлоқда ҳеч ким билмасди. Кексалар, бизнинг болалигимиздаям шу жийда бор эди, деб юришади. Ёшлар “Мажнун жийдаси” деб ном қўйиб олишган. Азал-азалдан ошиқ йигитлар маъшуқалари билан шу жийданинг остида учрашишади. Соясида ўтган-кетган йўловчилар дам олишади. Иссиқдан қийналган киши дарёнинг муздек сувида юз-қўлини чайиб, жийда паноҳида нафасини ростлаб олади. Кейин яна ўз йўлида кетаверади. Бу оқчашмаликларга одат. Шунинг учун жийданинг тагида бирор кимсани кўришса ажабланишмайди.
Ҳасан жийдани чамалаб қадамини тезлатди. Яқинлашганида кимнингдир дарё­га тикилиб турганига кўзи тушди. Бу Зуҳра эди! У хаёлга чўмиб, Бўзсувга термилиб қолганди. Қадам товушини эшитмади. Ҳасаннинг юраги қинидан чиқиб кетгудек типирчилай бошлади! Ўтган икки кун кўнглида фақат бир истак бўлди: тезроқ Зуҳрани кўриш, қизнинг ўзи билан ёнма-ён туришини ҳис қилиш! Мана, ҳозир Зуҳра қаршисида, бир неча қадам ташласа бас.
У қизни чўчитмаслик учун қадамини секинлатди. Соҳилдаги куз манзараси ниҳоятда гўзал эди. Қийғос гулга кирган жинғил буталари улкан ҳудудга гулдас­талардек сочилган. Бу моҳир мусаввир чизган суратни эслатади. Дарёдан келаётган салқин шабада кишининг баҳри-дилини очади.
– Зуҳра! Шу ердамисиз?! – деди Ҳасан овозини пасайтириб.
Қиз чўчиб тушди. Ортига ўгирилиб, Ҳасанни кўрди-ю, жилмайди:
– Ҳасан ака?! Бугун сизни кутгандим. Газетада чиқдими?
– Мана газета, мен сўзимда тураман! – Ҳасан қўлидаги буклоғлиқ газетани узатди.
Зуҳра ёш боладек суюниб кетди. Бир зумда кўзлари қувончдан порлаб газетани очди. Катта ҳарфларда ёзилган сарлавҳани ўқиб, ажабланди:
– Вой! “Оқчашма қизи” деб ёзибсиз? Машҳур қилиб юборибсиз-ку!
– Шунга муносибсиз, Зуҳрахон!
– Ҳасан Али-чи?
– Бу тахаллусни устозим қўйганлар. Ҳали бунга лойиқ эмасман.
– Ёқимли тахаллус.
– Ростданми?!
Зуҳра кулиб, гапни бошқа ёққа бурди:
– Қаёққа кетаётгандингиз?
– Ўзингиз-чи?
– Мен… ишга-да, фермага.
– Мен ҳам ишга!
– Сиз?.. – Зуҳра тутилиб қолди.
– Мен ҳам ишдаман, Оқчашма қизи билан гаплашаман, лавҳамнинг давомини ёзмоқчиман!
Зуҳра кулиб юборди. Ҳасан ҳам унга қўшилди. Енгил шабада эсиб, жийда барглари шитирлади. Улар бунга эътибор беришмади. Алланималарни гаплашиб ферма йўлидан ёнма-ён юриб кетишди.
Бу йилги куз илиқ келди. Ёзнинг чилласида тоғлардаги қор эришдан тўхтамади. Бўзсувнинг сатҳи ҳар қачонгидан ҳам кўтарилди. Соҳил тизза бўйи ўт-ўлан билан қопланган. Тепароқда жинғил буталари барқ уриб ўсаётир. Фермага бурилишда бир туп жийда кўринди. Беш-олти қулоч келадиган шохлари алвастининг сочидек ҳар томонга тарвақайлаган. Бу жийданинг неча йиллик эканини қишлоқда ҳеч ким билмасди. Кексалар, бизнинг болалигимиздаям шу жийда бор эди, деб юришади. Ёшлар “Мажнун жийдаси” деб ном қўйиб олишган. Азал-азалдан ошиқ йигитлар маъшуқалари билан шу жийданинг остида учрашишади. Соясида ўтган-кетган йўловчилар дам олишади. Иссиқдан қийналган киши дарёнинг муздек сувида юз-қўлини чайиб, жийда паноҳида нафасини ростлаб олади. Кейин яна ўз йўлида кетаверади. Бу оқчашмаликларга одат. Шунинг учун жийданинг тагида бирор кимсани кўришса ажабланишмайди.
Ҳасан жийдани чамалаб қадамини тезлатди. Яқинлашганида кимнингдир ­дарёга тикилиб турганига кўзи тушди. Бу Зуҳра эди! У хаёлга чўмиб, Бўзсувга термилиб қолганди. Қадам товушини эшитмади. Ҳасаннинг юраги қинидан чиқиб кетгудек типирчилай бошлади! Ўтган икки кун кўнглида фақат бир истак бўлди: тезроқ Зуҳрани кўриш, қизнинг ўзи билан ёнма-ён туришини ҳис қилиш! Мана, ҳозир Зуҳра қаршисида, бир неча қадам ташласа бас.
У қизни чўчитмаслик учун қадамини секинлатди. Соҳилдаги куз манзараси ниҳоятда гўзал эди. Қийғос гулга кирган жинғил буталари улкан ҳудудга гулдас­талардек сочилган. Бу моҳир мусаввир чизган суратни эслатади. Дарёдан келаётган салқин шабада кишининг баҳри-дилини очади.
– Зуҳра! Шу ердамисиз?! – деди Ҳасан овозини пасайтириб.
Қиз чўчиб тушди. Ортига ўгирилиб, Ҳасанни кўрди-ю, жилмайди:
– Ҳасан ака?! Бугун сизни кутгандим. Газетада чиқдими?
– Мана газета, мен сўзимда тураман! – Ҳасан қўлидаги буклоғлиқ газетани узатди.
Зуҳра ёш боладек суюниб кетди. Бир зумда кўзлари қувончдан порлаб газетани очди. Катта ҳарфларда ёзилган сарлавҳани ўқиб, ажабланди:
– Вой! “Оқчашма қизи” деб ёзибсиз? Машҳур қилиб юборибсиз-ку!
– Шунга муносибсиз, Зуҳрахон!
– Ҳасан Али-чи?
– Бу тахаллусни устозим қўйганлар. Ҳали бунга лойиқ эмасман.
– Ёқимли тахаллус.
– Ростданми?!
Зуҳра кулиб, гапни бошқа ёққа бурди:
– Қаёққа кетаётгандингиз?
– Ўзингиз-чи?
– Мен… ишга-да, фермага.
– Мен ҳам ишга!
– Сиз?.. – Зуҳра тутилиб қолди.
– Мен ҳам ишдаман, Оқчашма қизи билан гаплашаман, лавҳамнинг давомини ёзмоқчиман!
Зуҳра кулиб юборди. Ҳасан ҳам унга қўшилди. Енгил шабада эсиб, жийда барглари шитирлади. Улар бунга эътибор беришмади. Алланималарни гаплашиб ферма йўлидан ёнма-ён юриб кетишди.

5

Газета таҳририятида иш доим дарёдек тўлиб-тошган бўлади. Ҳасан аллақачон бу жўшқин оқимнинг бетиним силсиласига қўшилиб кетганди. Иш билан андармон бўлиб кунлар, ойлар қандай ўтаётганини сезмасди. Қишлоқ хўжалик бўлимининг ишини бемалол эплаб қолди. Қилаётган ишидан завқ олиш нималигини шу ерда тушунди. Зуҳра билан учрашиш учун ҳамон Оқчашмага тез-тез қатнаб турарди. Бунинг учун ўзи сезмаган ҳолда турли баҳоналар ўйлаб топа бошлади.
– Қишлоқ хўжалик бўлимини чорвачилик бўлимига айлантириб юбордингиз, – дерди Иззатилла ака кулиб.
Аслини олганда устози бундан хурсанд ҳам эди. У ўтроқ журналистларни ёқтирмасди. Ҳасан учун таҳририят иккинчи уйига айланиб қолди. Жамоадагилар билан аҳил эди-ю, нимагадир Қурбон Қорабоевни сира жини суймади. У ўзига “Қурбон Қора” деб тахаллус қўйиб олди. Қурбон Қора асосан шикоят хатлари билан шуғулланар, онда-сонда танқидий мақолалар ёзарди. Уларнинг ҳаммасиям газетада чиқавермасди. Ҳасан буни Иззатилла акадан сўраганида, у кулди:
– Қурбон Қора махсус топшириқларни бажаради.
– Кимнинг топшириқларини? – ҳайрон бўлди.
Иззатилла ака сирли жилмайди:
– Ҳали ўзингиз билиб оласиз!
Бу “сир” тез орада фош бўлди. Кузги йиғим-терим палласи давом этаётганди. Мавсум ишини ёритиш асосан қишлоқ хўжалик бўлимининг зиммасида эди. Ҳасаннинг бош қашлашга қўли тегмасди. Шундай кунда бош муҳаррир чақиртириб қолди. У кирганида Шавқиддин Хўжаев хонасидаги юмшоқ ўриндиқда телевизорга тикилганича ўтирарди. Ҳасан тик турган ҳолда унинг эъти­бо­ри­га сазовор бўлишини кутди.
– “Пештахталар ортида нималарни кўрдик?” рукнига фельетон тайёрланг, – деди Шавқиддин Хўжаев туйқусдан ўгирилиб. – Санитария-эпидемиология назоратидан одам қўшиб берамиз. Мева-сабзавот дўконларини айланасизлар. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари савдосидаги камчиликларни ҳам ёритиб бориш керак-да.
Ҳасан буни таҳририятнинг одатдаги топшириғидек қабул қилди. Эртасига ўрта ёшлардаги, тепакал санитария врачининг ўзи таҳририятга келди. Исми Валижон экан.
– Ҳамкор бўларканмиз-да, – деди у сирли қилиб.
– Топшириқ шундай, – Ҳасан бу бизнинг қўлимизда эмас, деган маънода елкасини қисди.
Шу куннинг ўзида Валижон ака билан туман марказидаги сабзавот дўконларига чиқишди. Бир нечта дўконларда аҳвол талабга мутлақо жавоб бермасди. Санитария назоратининг вакили алоҳида-алоҳида далолатномалар тузди. Унда муддати ўтиб, истеъмолга яроқсиз бўлиб қолган карам, сабзи, бошқа сабзавотлар кўрсатилганди. Далолатномаларга Ҳасан ҳам имзо чекди. Кун якунида Валижон ака ўзи ёзган далолатномаларнинг нусхаларини Ҳасанга тутқазди.
– Булар ўзингизда қолаверсин, мен ҳаммасини ён дафтаримга ёзганман, – деди Ҳасан.
Валижон ака кулди:
– Бош муҳаррирга берасиз! Бу шахсан Шавқиддин акангизнинг топшириқлари, – у нимагадир “шахсан” сўзига урғу бериб гапирди.
Ҳасан бу кинояга эътибор бермади. Санитария назоратининг вакили-ку, деб Валижон аканинг айтганини қилди. Таҳририятга келиб, далолатномаларни Шавқиддин Хўжаевга олиб кирди. У ғалати кулиб, қоғозларни олди.
– Сиз бораверинг, – деди.
Ҳасан шу куннинг эртасига “рейд” натижалари бўйича фельетон ёзди. Унда истеъмолга яроқсиз сабзавот сотаётган дўкондорларнинг қилмишлари фош қилинганди. “Бемор сабзавотлар” деган яхшигина сарлавҳа ҳам топди. Фельетонни дарҳол Шавқиддин Хўжаевга олиб кирди.
– Менда қолсин, – деди у. – Кўриб чиқаман.
Далаларда пахта терим мавсуми бошланганди. Ҳасан қишлоқ хўжалик бўлимининг ишлари билан андармон бўлиб, уч кун “Бемор сабзавотлар”идан хабар ололмади. Тўртинчи куни Иззатилла акадан фельетони чоп этишга берилган ё берилмаганини суриштиргани кирди.
– Шавқиддин акадан ҳеч нарса чиққани йўқ, – деди масъул котиб бошини чайқаб.
Фельетон изсиз йўқолгандек эди. Шундан кейин Ҳасан ўзлари кириб чиққан дўконларга яқинлашолмай юрди. Яна истеъмолга яроқсиз сабзавотлар сотилаётгандек, бунда ўзининг айби бордек қисиниб-қимтина бошлади. Ниҳоят, фельетонининг тақдирини суриштириш учун бош муҳаррирнинг олдига кирди. У Ҳасанни истамайгина қарши олди. Бу одатдагидек телевизорга тикилиб ўтириши-ю, қаршисида тик турган Ҳасанга бефарқ бир назар ташлаб, бошини буриб олишидан ҳам сезилди.
– Шавқиддин ака, фельетон нима бўлди? – сўради Ҳасан.
– Фельетон қолдирилди, – Шавқиддин Хўжаев яна гапинг борми, дегандек ўқрайди.
– Ахир…
– Гап тамом! – чўрт кесди у.
Таҳририятнинг ўз қонун-қоидалари бор эди. Қўшма рейд-текширув натижалари бефарқ қолдирилмайди. Бироқ Ҳасаннинг бош муҳаррирга эътироз билдиришга ёши катталарга ҳурмат руҳида тарбиялангани йўл бермади.
Эртасига сабзавот дўконларининг таниш сотувчиларини таҳририятда учратди. Улар ҳеч нарса бўлмади-ку, дегандек тиржайиб, намойишкорона истеҳзо билан Шавқиддин Хўжаевнинг хонасига кириб кетишди. Ҳасан ғалати бўлиб қолди. Буни ичига сиғдиролмай Иззатилла аканинг олдига кириб, бор гапни тўкиб солди.
– Нималар истеъмолга яроқсиз экан? – деб сўради у.
– Карам, сабзи…
– Текширганингиздан кейин ўша карам, сабзилар барра бўлиб қолгандир-да…
Ҳасан мулзам бўлди. Шу пайт хонага Қурбон Қора кирди. Кўзларини аланг-жаланг қилиб, масъул котиб билан Ҳасанга бир-бир қаради:
– Халақит бердим-ов, жим бўлиб қолдинглар?
– Нега жим бўларканмиз, масалан мен ҳозир ҳам гаплашяпман, – деди Иззатилла ака лабини чўччайтириб.
– Ким билан?
– Ўзим билан, – Иззатилла ака унинг кўзларига тик қараб тураверди.
Қурбон Қора довдираб қолди.
– Ие, шунақасиям бўладими?!
– Нега бўлмасин? Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Масалан, мен ўзим билан шахмат ўйнайман. Демак, ўзим билан гаплашишим ҳам мумкин.
Қурбон Қора ғўлдираб алланима деди. Бироз каловланиб турди, нега кирганини ҳам унутиб, хонадан отилиб чиқиб кетди.
– Қалай, – деди Иззатилла ака айёрона илжайиб. – Бопладимми?
Ҳасан кулиб юборди.
– Оқчашмага бормоқчимисиз? – Иззатилла ака энди ўзини бепарво тутди.
– Ҳа, шу…
– Майли, бориб келақолинг. Сўраб қолишса, бир нима дерман.
Ҳасан раҳмат айтиб, эшикка йўналди.
– Ҳасанбой! – Иззатилла ака уни тўхтатди.
– Лаббай?
– У яхши қиз, сизга муносиб. Қўлдан чиқарманг!
Ҳасан эшикдан чиқиб кетаётиб устозига миннатдорлик билан бош ирғади.

* * *

Шу кунларда Ҳасаннинг юрагини ишқ шарораси куйдирарди. Кўнгил уйида янги бир оламга дарча очилгандек. Бу олам беқиёс жозибаси билан ишқий эҳтиросларга лиммо-лим қалбини ром қилди. Томирларида кўпираётган қайноқ қон вужудини ўт-олов бўлиб ёндирар, у ҳаётнинг энг азалий туйғуси оғушида маст эди.
Кунларини Зуҳрасиз тасаввур қилолмай қолди. Уни уч-тўрт кун кўрмаса вужудини соғинч ўртайди. Куну тун юраги орзиқиб, Оқчашмага талпинади. Зуҳрага етишиш учун тоғ келса кемириб, сув келса симиришга ҳам тайёр. Фақат у билан бирга бўлса бас! Бундай ҳиссиёт Зуҳрага ҳам бегона эмасди. Фермадагилар мухбир йигит билан соғувчи қизнинг муҳаббатини тилдан тилга кўчириб, афсона қилиб юборишди. Ҳасаннинг онаси Мастура опа эса аллақачон тўй ҳаракатига тушганди.
Бугун Ҳасан билан Зуҳра Бўзсув бўйидаги мажнун жийдасининг остида учрашишди. Тиккага келган қуёш оловли нафасини уфураётир. Кўчада одам кўринмайди. Ҳасан Зуҳрани етаклаб дарё бўйига олиб тушди. Бўзсув бирин-сирин гирдоблар ҳосил қилиб, тўлиб-тошиб оқарди.
– Зуҳра, жоним, эртага совчилар боришмоқчи, – деди Ҳасан қизнинг қўлидан маҳкам ушлаб.
– Нега? – Зуҳра беихтиёр шундай деди-ю, кўзини олиб қочди.
– Оқчашма қизини олиб кетгани.
– Оқчашма қизи қишлоғини яхши кўради-да!
– Ҳасанни-чи?
– Униям! – Зуҳра қўли билан юзини беркитди.
Улар жинғил бутасининг панасида туришарди. Ҳасан энтикиб Зуҳрани қучоқлади. Қиз илк бор қаршилик қилмади. Ҳасан уни ўтли бўсаларга кўмиб ташлади. Жинғилнинг кумушранг япроқлари бошларини силади, Бўзсув майсалари пойларини ўпди, муҳаббатга лиммо-лим юраклар бир-бирига талпиниб тўймади…
Эртаси куни Мастура опа тайинлаган совчилар Оқчашмага жўнашди. Шу кунгача Зуҳра билан ўзининг муносабатидан нарини кўролмаган Ҳасан хавотирга тушиб қолди. Зуҳранинг уйидагилар “йўқ” деб юборишса, нима деган одам бўлади?!
Аммо иш унчаликка бориб етмади. Қизларининг Ҳасанга кўнгил қўйганидан онаси хабардор экан.
– Қайнотам, қизимнинг бувалари куёвни кўриб, гаплашмоқчилар, – деди истиҳола билан. – Биз қишлоқи, содда одамлармиз. Хафа бўлманглар, ўргилайлар. Бир кунни тайинлаб, қайнотамни олиб борсак… Майли-да, гаплашсинлар, танишишсин. Замона одамлари шудир-да.
Бу шарт бошдан-оёқ сарпо кийиш иштиёқида келган совчиларни чўчитмади. Ўша кунни белгилаб, хабар қиладиган бўлишди.

6

Якшанба куни Ҳасан уйда ёлғиз қолди. Отаси билан акасининг ўғли иккита қўчқорни мол бозорига олиб кетишди. Қўчқорлар етилиб, тек туролмайдиган бўлиб қолишганди. Тисарилиб бир-бирига калла қўйгани-қўйган. Сотмаса, бир-бирини майиб қилиб қўйиши тайин. Мастура опа ҳам харажат қилгани катта бозорга чиққан. Ҳасан ишком остидаги чорпояда ёнбошлаганича газета ўқиб ётарди. Шу пайт дарвоза тақиллади:
– Овси-ин, уйдамисиз? – деган ингичка аёл овози келди.
Ҳасан ўрнидан туриб, чорпоядан тушди. Йўлкадан тез-тез юриб келаётган совчи хотинни дарров таниди. У ёнбош томондаги узум ишкомларига оғзи очилиб қарай-қарай ўзига тикилиб турган Ҳасанни пайқамай қолди.
– Вой, қўрқитиб юбордингиз-а! Куёв бола, уйда эканингиз яхши бўлди, – деди кўкрагига “туф-туф”лаб. – Бугун келинпошшанинг буваси келади, иҳ-им, чўчиб кетдим-а, яхшилаб кутиб олинг, – деди-да, шошаётганини билдириш учун бўш сумкасини у қўлидан бу қўлига олди.
Ҳасан бир оғиз сўз деёлмай, бошини қимирлатиб, унинг гапини тасдиқлади. Совчи хотин яна аллақанча гапларни чулдираб чиқиб кетди.
Ҳасан бироз ҳовлида каловланиб турди. Совчи хотиннинг гапи унга чақмоқ чақнагандек таъсир қилганди. Зуҳра буваси ҳақида кўп гапирарди. Бироқ Ҳасан уни бирор мартаям кўрмаган. “Қария нимани суриштираркин? Бўлажак куёвни ёқтирмай қолса, ишкал чиқмайдими?” Шундай хаёл билан чорпояга ўтирди. Шу пайт яна дарвоза очилиб, кимнингдир йўталиб овоз бергани эшитилди. У ўрнидан туриб қаради-ю, ўзига таниш одамни кўриб суюниб кетди. Дарвозанинг тутқичини ушлаганича атрофга аланглаб Ҳошим амаки турарди. Ўша-ўша ихчам соқол, нуроний чеҳра. Оқ кўйлак устидан сариқ-нофармон ёзлик чакмон кийган. Ҳошим амаки ишком панасидаги Ҳасанни кўрмаётганди.
– Уйда ким бор? – деди ҳовлига кўз ташлаб.
Ҳасан ишком остидан чиқди.
– Келинг, Ҳошим амаки, – деди дарвоза томонга чаққон юриб бораётиб.
Ҳошим амаки ўзининг исмини эшитиб ҳайрон бўлди.
– Мухбир Ҳасанбойларнинг уйи шуми? – деди.
– Худди ўзи! Келаверинг, Ҳошим амаки, – Ҳасан қўлини кўксига қўйиб салом берди.
У Ҳошим амакини газетага боғлиқ бирор ташвиш етаклаб келган деб тахмин қилганди. Қария эса куёв бўлмишнинг эмин-эркин муомаласидан ҳайратланди.
– Мени танимадингизми? – деди Ҳасан. – Оқчашмада, йўлда учрашгандик. Ўшанда ривоят айтиб бергандингиз?
Ҳошим амаки унга бироз тикилиб турди-да:
– Эсим қурсин! – дея кафти билан пешонасига урди. – Ўша сенмидинг, болам? Танимаганимни қара-я!? – Энди Ҳошим амаки ҳам суюниб кетди.
Ҳасан қария билан сўрашиб, ишком остига бошлади. Ҳошим амаки амиркон ковушини ечиб, чорпояга чиқди. Улар хонтахтанинг икки томонига ўтиришди. Ҳошим амаки ҳовли, уйларга бир-бир қараб олди-да, қўлини фотиҳага очди.
– Илоё қўшганинг билан қўша қариб, бахтли бўлгин, болам.
– Оқчашмадан келяпсизми? – деди Ҳасан.
– Ҳа, болам, – Ҳошим амаки тараддудланиб қолди.
Ҳасан буни ўзича тушунди:
– Бирор хизмат бўлса, бемалол, айтаверинг.
– Ҳасанбой, мени иш билан келди, деб ўйладингизми? – У энди нимагадир “сиз”лай бошлади.
– Ҳа-да, газетага боғлиқ бирор иш билан…
– Газетага эмас, сиз билан неварам Зуҳрага.
– Зуҳра, сизнинг…
– Менинг неварам.
Ҳасан тахтадек қотиб қолди. Пешонасидан совуқ тер чиқиб кетди. Уни кузатиб ўтирган Ҳошим амаки кулди:
– Шунақа-а, ўғлим, куёв бўлмишни бир кўрай, гаплашай, – деб келдим-да, айбга буюрмайсиз энди.
– Мени кечиринг, – Ҳасан хижолат бўлди.
– Ундай деманг ўғлим, сизлигингизни билиб, кўнглим кўтарилди.
Ҳасан бошини эгиб жим бўлиб қолди. Ҳошим амаки Зуҳранинг буваси эканлигини билмаганини ўйлаб ғалати бўлиб кетди. Зуҳра ҳам “бувам-бувам” дерди-ю, бувасининг исмини айтмаганди. Совчи хотин, келиннинг буваси келади, деганида оппоқ соқоли кўксига тушган қарияни тасаввур қилганди. Қандай кутиб олишни билолмай безовта эди. Мана энди ўша “бува” Ҳошим амаки бўлиб чиқди.
Ўртадаги сукунатни Ҳошим амакининг ўзи бузди:
– Фотима билан Зуҳра – тўнғич невараларим. Яхши жойга тушишсин, бахтлари очилсин, деб ният қилганман. Фотимани узатганимизга бир ярим йил бўлди. Турмуши яхши, ундан хотиржамман. Зуҳрамиз жуда кўнгилчан, содда қиз. Шунийчун куёвни бир кўрмоқчи бўлдим. Си-из яхши йигитсиз, ўғлим, буни ўшанда билганман. Болаларим, невараларимнинг ҳаётлари бизникига ўхшамасин, дейман-да.
– Урушда бўлганмисиз? – деди Ҳасан унинг гапини ўзича тушуниб.
– Ҳа, ўғлим, уруш бошланганида қирчиллама йигит эдим, кўнгилли бўлиб жўнаганман. Урушнинг иккинчи йилида билагимдан оғир яраланиб қайтиб келганман, суяк синиб кетган, ҳали ҳануз сирқираб оғрийди. Урушнинг жароҳатлари ёмон… Ўшанда Оқчашмамизда эркаклар саноқли қолганди. Борлари ҳам қари-қартанглар эди. Шийпонда атала қилишарди. Шу аталани ичаман деб болалар ҳам далада ишлашган. Жароҳатим битар-битмас мен ҳам далага чиқиб кетдим. Болалигимдан чидамли бўлиб ўсганман. Ўттизинчи йилларнинг очарчилигида онам бизни ташлаб, бир ошпаз кишига тегиб кетганди. Дадам чечак касалидан чўтир бўлиб қолганди. Пахта зовутта ишларди. Оқчашмадаги амакимнинг қўлида катта бўлдим. Бу ҳикоя жуда узун, айтаверсам зериктириб қўяман.
– Ундай деманг, – Ҳасан чаққон ўрнидан турди.
Энди Ҳошим амаки Зуҳранинг буваси эканлигидан суюна бошлади. Кутилмаган учрашув уни анча музтар ҳам қилиб қўйди. Чорпоядан тушиб, ошхонага кирди-да, бир зумда чой дамлаб келди. Хонтахтадаги усти ёпиб қўйилган дастурхонни очди. Пиёлага чой қуйиб, Ҳошим амакига узатди.
– Очарчилик йилларини кўрганлар сизга ҳам гапириб беришгандир, – деди Ҳошим амаки пиёладаги чойдан ҳўплаб. – Инсонга очликдан оғир азоб йўқ, дейман ўзимча. Одамлар ақл-ҳушидан ажраб қолишгандек эди ўша пайтларда. Болалигимдаги бир воқеа сира эсимдан чиқмайди. Онам бизни ташлаб кетганида отам ҳали анча ёш эди. Амакиларим бир боласи бор аёлга уйлаб қўйишди. Шу аёл отам билан беш-олти ой яшади. Асаби чатоқ, эсарроқ хотин эди. Бир куни овқатланиб ўтирганимизда бешикдаги бола чинқириб йиғлаб қолди. Қарасак, боя­ги хотин болани бўғяпти. Отам сакраб ўрнидан турди-да, хотинни нарига итариб юбориб, бешикни тортиб олди.
– Иплос! Нима қиляпсан!? – деди ўшқириб.
Ҳалиги хотин кигизни устида ётганича дод солиб ерни муштларди. Нима дейди, денг: “Шу бола бўлмаганида менам силар билан овқат ердим”, эмиш… Ўша воқеадан кейин отам у хотинни ҳайдаб юборди. Кўнгли совигандир-да.
– Боласи биланми?
– Эсимда йўқ, у пайтларда ёш бола бўлганман, – Ҳошим амаки бошини чайқади. – Отам инсофли одам эди. Қариндош-уруғларига олиб бориб топширгани аниқ. Ҳалиги хотин ақлдан озгандир-да, бўлмаса онаям ўзи туққан боласини бўғадими, ит-мушуклар ҳам боласини қизғаниб одамни талайди-ю.
Ҳошим амаки қовоғига ўсиб тушган қошларини силади. Бир нарсани эсла­моқчидек пешонасини тириштириб, ҳовлига тикилди. Нима мақсадда келгани, кимнинг олдида ўтирганини ҳам унутиб юборгандек эди. Ҳасан унинг ҳикоясини дарсда муаллимини тинглаётган ўқувчидек диққат билан эшитиб ўтирарди.
Қуёш кўтарилиб, олтинранг нурлар ҳовлини қиздира бошлади. Ишкомнинг ости салқин эди. Ток новдаларидаги шиғил каттақўрғон гужумлари шарбатга тўлган. Бу нав кеч кузгача поясида туради, кейин омборнинг тўсинларига илиб, баҳоргача асраш мумкин. Ҳошим амаки қўлидаги бўш пиёлани айлантираркан узум гужумларига тикилди.
– Чой қуйиб берайми? – деди Ҳасан.
Ҳошим амаки пиёлани узатди.
– Ўғлим, ўтган гапларни эслаб, бошингизни қотирдим.
– Сираям ундаймас… Кейин нима бўлганини айтиб беринг?
– Қирқ биринчи йилда уруш бошланди, жўраларим қаторида урушга кетдим. Отам кексайиб қолганди, урушдалигимда вафот этибдилар. Ўсмирлик пайтларимдан эсимда, отамнинг боши тинмай оғрирди. Мен дорихонама дорихона югурардим. Гоҳ топилади отамнинг дориси, гоҳида йўқ. Отам ўша дорилар билан тирик эди-да. Охири дарди кучайиб, олиб кетибди… Биз амаким билан бир ҳовлида яшардик. Ярадор бўлиб урушдан қайтганимдан кейин далага чиқиб, ғўза чопиғи, пахта теримига қарашиб юрдим. Кейинчалик бригадага ҳисобчи қилиб қўйишди.
Урушдан қайтган мендек аскар учун бу кунлар жуда-а тансиқ эди билсангиз. Аммо болалик хотираларим, бош оғриғидан азобланаётган бечора отамга дори излаганларим сира хаёлимдан кетмади. Оппоқ халат кийган дорихоначиларга қаттиқ ҳавас қилиб қолгандим-да. Бу одамларнинг юзларида зарифлик, хатти-ҳаракатларида аллақандай жозиба кўрардим. Хаёлимда улар дунёдаги энг қудратли кишилар эди. Хоҳлашса, отамни додлатиб юборадиган бош оғриғидан халос қилишади, хоҳлашмаса… Хуллас доришунос бўлишга аҳд қилдим. Уруш тамом бўлган йилиям колхозда ишлаётгандим. Доришуносликка ўқишга бораман, десам, раис: “Ўқишга ўзим юбораман, агроном бўласан”, деб туриб олди. Мен ниятимдан қайтмадим. Тошкентга, Охунбобоев техникумига бориб, ўқишга кирдим…
Ҳасан Ҳошим амакининг ҳикоясини тинглаган сари ҳайрати ортарди. Уни биринчи учратганида оддий намозхон қария деб ўйлаганди. Ҳозир қаршисида ўтирган, энди унга ҳам бегона бўлмаган, улуғвор қиёфали кимсанинг чеҳрасида ўқимишли одамларга хос бир иноят – меҳрибонликни кўрди. Ҳошим амаки эса аллаловчи овозда узундан узоқ ҳикоясини давом эттирди:
– Доришуносликка ўқишим осон бўлмади. Техникумнинг ётоқхонасида жой етишмасди. Бўш ўринларни узоқ вилоятлардан келган талабаларга беришди. Аввал қатнаб турдим. Шаҳарга поезд саҳарги тўртда бўларди. Темир йўл бекати уйимиздан уч чақирим узоқда. Кечқурун бекатдаги чойхонага келиб ётаман. Эрталабки тўртда поездга чиқаман. Шу аҳволда бир ой қатнаб, чўпдек озиб кетдим. Раҳми келдими, амаким бироз пул берди, шаҳарда ижара уйга жойлашдим. Амакимнинг хотини – опоқим бир ҳафтага олтита нон ёпиб берарди. Ижарада турган уйимнинг эгаси кечқурун бир коса овқат беради. Ўқишдан бўш пайтимда одамларнинг унча-мунча ишларини ҳам қилиб турдим. Таътил пайтлари колхозимизда ишладим. Булар урушда чиниққан аскарга унчалик қийин ҳам эмасди. Шундай қилиб ўқишни битириб олдим. Дорихонага ишга жойлашдим. Ниятимга етгандим. Энди ўзим оқ халатли доришуносман. Қўлим пул кўрди, аҳволим яхшиланди, амакимнинг оиласигаям ёрдам бериб турдим.
Тақдирни қарангки, шундай кунларда ҳаётимда яна онам пайдо бўлдилар. Ўгай отам қазо қилибди. Кексайиб қолган онам қайтиб келдилар. Энди ёлғиз эмаслигимдан суюндим. Амаким мени уйлантириш ҳаракатига тушганди. Келинни онам топдилар. Узоқ қариндошларининг қизи экан. Ўзимизга яраша тўй қилдик. Уйланиб, етимликда чўккан кўнглим анча таскин топди. Амаким икки ўғлини уйлантирганидан кейин ҳовли-жой торлик қилиб қолди. Алоҳида чиқиб кетишимиз керак эди. Тежаб-тергаб йиғиндим. Икки йилда бир эски ҳовлини сотиб олдим. Онам, хотиним, ўғилчам билан кўчиб чиқдик… Бундай кунларга етгунча бошимдан кўп қийинчиликлар ўтди.
– Осон бўлмаган экан, – тан олди Ҳасан.
– Ҳаётнинг аччиғигаям, чучугигаям чидаш керак, ўғлим. Мен қийин кунларда чўкиб қолмадим. Ҳаммасини орқага ташлаб, шукр қилиб яшадим. Йиқилай деганимда тиришиб-тирмашиб яна йўлимни топиб олавердим. Бугун ўтган умримдан хотиржамман. – Ҳошим амаки чуқур тин олди. – Энди мен борай, Ҳасанбой, анча ўтирдик. Сабр билан эшитдингиз, балли. – У қўлини фотиҳага очди, дуо қилиб, ўрнидан турди.
Ҳошим амакини кузатаётганида Ҳасан ғалати бўлиб қолди. Зуҳранинг – севган қизининг буваси у билан танишгани, тўғрироғи, уни синовдан ўтказгани келди-ю, на сўроққа тутди, на рози ё норизолигини айтди…
Аммо шу куннинг эртасидан икки томонда ҳам тўй ҳаракати бошланди.

7

Орадан бир ой ўтди. Сунбулада Ҳасан билан Зуҳранинг тўйлари бўлди. Ҳасан оила­да кенжа ўғил эди. Акаси билан жиянлари “қамишдан бел боғлаб” хизмат қилишди. Мастура опанинг қувончи оламга сиғмасди. Ҳовлига чор бурчак қилиб маҳалладан олиб келинган столлар қўйилди. Дастурхонни ширинликлар, қовун-тарвуз, олма-узумга тўлдириб ташлашди. Ҳасаннинг жўралари тўрга гилам илиб, пахта билан “Ҳасан+Зуҳра” деб ёзишди, ёнига юрак шаклини “чизиш”ни ҳам унутишмади.
Тўйга таҳририят билан бирга босмахонанинг ишчилари ҳам жамоа бўлиб келишди. Давранинг тўрига Шавқиддин Хўжаев савлат тўкиб ўтириб олди, ёнидан ими-жимида Қурбон Қора жой олди. У ёши улуғ Ёдгора опа ёки босмахонанинг катталаридан ҳам “юқорилаб” кетганидан сира тортинмасди. Муҳаррир ўринбосари Абдулла ака, масъул котиб Иззатилла Иброҳимов қарама-қарши томонга жойлашишди. Ўртакаш йигит даврани очиб, табрик сўзини Иззатилла акага берди.
– Сиз Ҳасанга ҳам устоз, ҳам ака ўрнидасиз, гапираверинг, – деди Ёдгора опа.
Ҳамма Шавқиддин Хўжаевга қаради. У атрофдагиларга эътиборсиз, Қурбон Қора билан гаплашиб ўтирарди. Сўзга чиқишни истамаганини тушунишди. Иззатилла ака ўрнидан туриб, овоз тутқични олди-да, ҳаяжон билан баланд овозда гапира кетди:
– Ҳасан билан Зуҳра бир-бирларига муносиб ёшлар. Мен уларнинг бахтли бўлишларига чин дилдан ишонаман ва бутун жамоамиз номидан бахт тилайман! Ҳасан укамиз жуда истеъдодли журналист…
У келин-куёвни мақтаб, уларнинг шаънига бир олам илиқ гапларни айтиб юборди. Шу пайт кетма-кет кўтарилган қадаҳлар таъсирида анчагина қизишиб қолган Абдулла ака ҳам ўрнидан туриб, табрикка қўшилиб шеър ўқий кетди.
Тўй базми борган сари қизирди. Ширакайф йигитлар маданият уйидан келган хонандага “Биринчи муҳаббатим”ни қайта-қайта айттиришди…

* * *

Тўйдан кейинги кунлари оламда Ҳасандан бахтлироқ йигит йўқ эди. Авваллари ишию кўчадан бери келмасди. Мастура опа уни тергагани тергаган эди. Энди бўлса бўзчининг мокисидек уй билан ишхона ўртасида қатнаб чарчамайди. Зуҳранинг умр дафтарида ҳам янги саҳифалар очила бошлади. Туғилган уйи, соғувчилик касби Оқчашмада қолиб кетди. Туман марказига келин бўлганига бир ой тўлар-тўлмас босмахонага саҳифаловчи бўлиб ишга кириб олди. Уқувли, уддабурон экан, янги касбини тез ўзлаштирди. Бундан ўзида йўқ хурсанд эди, унинг учун муҳими – Ҳасаннинг ёнида бўлиши.
Бир куни босмахонада газета саҳифалаётганида Ҳасан кириб келди. Ўзига таниш қадам товушидан юраги ҳаприқиб, ортига ўгирилди-ю:
– Сизмидингиз? – деди жилмайиб.
– “Мен ўша”, – деди Ҳасан “Ўткан кунлар”даги Отабекнинг Кумушбиби билан никоҳ кечасини эслаб.
– “Кўзларимга ишонмайман”, – Зуҳра ҳам Кумушбибининг гапини такрорлади.
Линотип хонасидан Фарида опа чиқиб келганида улар бир-бирларига қараб кулиб туришарди. Зуҳра уялиб дарров нари кетди.
– Ҳа, куёв бола, соғиниб қолдингизми? – деди Фарида опа маъноли қилиб.
– Саҳифани олиб тушгандим, – Ҳасан жиддийлашди.
– Энди навбатчилигингизда саҳифани бўяб ташламайсиз, – Фарида опа кулди. – Бўлмаса-а, хотинчангизнинг қўли қаваради, укагинам!
Ҳасан босмахона аёлларининг беғараз ҳазилларига ўрганиб қолганди, индамади. Фарида опа шипиллаб хонасига кириб кетди. Очиқ эшикдан яна ҳарф териш машинасининг шовқини эшитила бошлади. Зуҳра яна Ҳасаннинг олдига келди:
– Ҳасан ака, журналист бўлишни орзу қилганман, деганим эсингиздами? – деди беадоғ меҳр билан тикилиб.
– Эсимда, биринчи учрашган кунимиз эди ўшанда.
– Ниятимга етай деб қолдим, қаранг, сизнинг ёзганларингизни саҳифалаяпман.
– Бу бошқа.
– Менга шуям етади.
Ҳасан завқланиб кетиб уни қучоқлаб олди. Зуҳра ўзини тортиб, очиқ эшикка ишора қилди. Ҳасан юз-кўзи аралаш қаттиқ ўпдида, кўзини қисиб, чиқиб кетди.

8

Ҳасан Али қаттиқ меҳнат қилганиданми ё ўзи омадли йигитми, ҳарнечук тезда туман раҳбарияти эътиборига тушди. Йиғилишларда журналист Ҳасан Алининг номи бот-бот тилга олинадиган, унинг мақолалари атрофида баҳс-мунозара юритиладиган бўлиб қолди. Ҳатто бир куни таҳририятга туман раҳбарининг мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари дабдурустдан кириб келди!
– Ҳасан Али қаерда, Ҳасан Али?! – деди у гумбурлаган товушда йўлак бўйлаб одимларкан.
Раҳбарнинг шарпасини илғагандаёқ хонасидан отилиб чиққан Шавқиддин Хўжаев уни тавозеларга кўмиб ташлади.
– Хуш келибсиз, Бегали Язидович, хуш келибсиз… ташрифингиздан таҳририятимиз чарағон бўлиб кетди…
Аммо раҳбар бош муҳаррирнинг ялтоқланишларига кўп ҳам эътибор бермади. Расмий оҳангда у-бу нарсалар ҳақида гаплашган бўлди-да, дарҳол мақсадга кўчди:
– Очиғи, Ҳасан Али деган журналистни кўргали келдим. Кечаги сонда чиққан очеркини ўқиб чидаб туролмадим. Шу йигитнинг бир қўлини қисиб табриклаб қўйгим келди. Зўр шогирдларни тарбия қилаяпсиз, Шавқиддин Эшбоевич, раҳмат сизга…
– Ҳозир Ҳасанбойни топиб берамиз, – деди бош муҳаррир баттар эгилиб-букилиб.
Кўп ўтмай, котиба чақириб чиққан Ҳасан Али Бегали Язидович ёнига келди. Туман раҳбари ўзи айтгандай, ёш қаламкашнинг қўлини қисиб қизғин қутлади.
– Худди шундай давом этиши керак ука, – деди у жўшқин оҳангларда. – Сизнинг ҳар бир сатрингиз нафақат газетанинг, балки бизнинг ҳам обрўмиздир…
Туман раҳбари тўлқинланиб гапирган кўйи Ҳасан Алини етаклаб таҳририят ҳовлисига чиқди. Негадир у бош муҳаррирга кўп ҳам эътибор бермади. Афтидан Ҳасан Алига айтадиган алоҳида гапи борга ўхшарди.
Шавқиддин Хўжаев худди тўдабоши ўйинга қўшмаган боладай ўкиниб йўлакда қоларкан, ҳовлига чиққанлар ортидан дарғазаб тикилди. Қўллари мушт бўлиб тугилди, лаблари қимтиниб алланелар дея пичирлади.
Худди шу воқеадан сўнг Ҳасан Али туман раҳбарияти томонидан пойтахтга, уч ойлик малака ошириш ўқув курсига юборди. Бу кўп нарсадан дарак берарди. Ҳарҳолда, газета бош муҳаррири, унинг атрофидагилар шундай фикрда эдилар.
Ҳасан Али малака ошириш сабоқларидан қайтгач, яна катта куч-ғайрат билан ишга киришди. Кетма-кет, бир-биридан ўткир сермазмун мақолалар ёзди.
– Қалайсиз, бўлажак бош муҳаррир, – деб ҳазиллашарди баъзан дангалчи Фарида опа. – Йигитнинг омадини берсин экан…
Бир куни худди шундай ҳазил-ҳузул билан Ҳасан Алини қарши олган Фарида опа йигитни хомуш кўриб ажабланди.
– Вой қоқиндиқ, вой, сизга нима бўлди, бўлажак раҳбар?
– Э-э, – деб норизо қўл силтади ёш журналист, – аҳволни кўриб юрибсизу ўзингиз ҳам Фарида опа, худди мен еб, бошқалар қуруқ қолишгандай, кўплар менга қовоқ-тумшуқ қилиб юрибди..
Фарида опа шарақлаб кулди.
– Вуй, шунга шунчами, мен нима эмиш деб ўйлабман. Қўяверинг, сизнинг ютуқларингиздан ичлари ёниб кул бўлаётгандир-да…
– Менга бирор ёмонлик қилишадими деб қўрқаман…. тўғрироғи…. Зуҳра учун қўрқаман.
– Сиз заррача чўчиманг, – деди Фарида опа ғайрат билан ҳарф теришга киришаркан, – бировга чоҳ қазиган, ўша чоҳга ўзи қулайди. Мана, кўрасиз.
– Раҳмат опа, кўнглимни кўтарганингиз учун.

9

Ўша йили қиш қаттиқ келди. Ўтган йили зиғирча ёққан қор ҳам бир кунда эриб, қуёш чарақлаб кетаверганди. Бу қишда паға-паға қор ёғди-ю, ора-сира офтоб мўралаб қолсаям, тарновдан бир томчи сув тушмади. Дарахтларнинг карахт новдасидаги оппоқ қорли пўстин яна садафранг момиқ билан қопланди.
Ҳасан таҳририятга бораётиб йўл четидаги дарахтларга тикилди:
“Мана бу чинор, анови сада қайрағоч унинг болалигида ниҳол эди. Бугун одам қучоғига зўрға сиғадиган улкан дарахтларга айланишибди. Йиллар тез ўтаяпти. Булар ҳам тирик жонлар, бир-бирлари билан аҳил ака-укалардек тизилишган. Аслидаям нега шундай бўлмасин? Дарахт ҳам тирикликнинг бир тури-ку! Одамлар Ердаги ягона онгли ҳаёт биз, деб ўйлашади. Балки дарахтлар ҳам шундайдир? Улар ҳам ўз ташвишлари билан у ёқдан-бу ёққа елиб-югураётган одамлар устидан, булар мунча бесабр, дея кулишар?..”
У музламада қаттиқ-қаттиқ қадам ташлаб таҳририятга етиб келди. Совуқнинг зўридан қўлига ёпишаётган эшик тутқичини ушлаб, ўзининг хаёлпарастлигидан кулди. Хонасига кирар-кирмас Ёдгора опа бош муҳаррир чақираётганини айтиб кетди.
Ҳасан вақт ўтган сайин Шавқиддин Хўжаевнинг феълига тушуна бошлаганди. Унинг ботинида икки тоифадаги одам яшарди. Бири – ҳамма қатори еб-ичадиган, газета учун ёзиб-чизадиган оддий бир инсон бўлса, иккинчиси – сершубҳа раҳбар. Кейинги пайтда жамоани тез-тез алғов-далғов қилиб турадиган кўнгилсизликларда Қурбон Қоранинг “қўли борлиги”ни ҳамма биларди. У бирни мингга қўшиб Шавқиддин Хўжаевга етказади. Бу кўпчилик ходимларнинг асабини буза бошлади.
Ҳасан кирганида Шавқиддин Хўжаев столидаги бир тўп қоғозни варақлаб ўтирарди.
– Келинг, ука? – деди совуққина қилиб. – Нима гап?
– Ишлаяпман.
– Ишламанг, ёнинг! – У Ҳасанга синовчан тикилди. – Журналист ёниши керак! Шунчаки ишласа бўлмайди! Марказий газеталарни ўқияпсизми?
– Ҳа.
– Мана бу мақолани ниҳоятда диққат билан, синчиклаб ўқинг! – У ички саҳифаси очилган газетани узатди.
Ҳасан қизиқиб газетани олди. Иккинчи саҳифадаги катта қора ҳарфларда “МАНМАНЛИК” деб ёзилган мақолага кўзи тушди.
– Бу мақолани ҳам-ма ўқисин! Бизнинг орамиздаям манманлар йўқ эма-ас!
Шавқиддин Хўжаев, гап тамом, дегандек столида сочилиб ётган қоғозларига тикилиб олди. Ҳасанга бу гап ўзига теккизиб айтилгандек туюлди. Биров устидан совуқ сув қуйиб юборгандек жунжикиб кетди. “Бу одам нега ҳеч тик гапирмайди-я? – дея ўйлади ғижиниб. – Ким, ўша манман? Менми?.. Қурбон Қора бир гап айтиб келгандир-да”.
Ҳасан бош муҳаррирнинг олдидан асаби бузилиб чиқди. Қабулхонада Ёдгора опа бир қараб қўйди-ю, индамади. Ғира-шира ёритилган йўлакдан ўтиб, хонасига кирди. Қўлидаги газетани столга ёзиб, мук тушганича “Манманлик”ни ўқий бошлади. Бу мақола газетанинг салкам бир саҳифасини эгаллаганди. Унда истеъдодли, ёш олимнинг манманланиб, ночор аҳволга тушиб қолгани ҳақида ёзилганди. Охири фосиқликка берилиб, талаба қизнинг номусига тажовуз қилади. Судда айбига иқрор бўлиб, шармандаси чиқади.
Ҳасан мақолани ўқиб бўлиб, газетани четга сурди-да, ўйланиб қолди: “Шавқиддин Хўжаев, бундайлар бизнинг орамиздаям бор, деб унга шама қиляптими? У ном чиқариш, шон-шуҳрат ҳақида ўйламайди-ку?! Шавқиддин Хўжаевнинг ботинида нима гап бор?”.
Хонага Иззатилла ака кирди.
– Ҳа, Ҳасанбой, – деди лабини чўччайтириб, – нега бўшишиб ўтирибсиз? Сизни Шавқиддин аканинг олдида, дейишганди?
– Ассалом алайкум, – Ҳасан ўрнидан турди.
– Ваалайкум. Ўҳ-ҳў-ў, сиз ҳам “Манманлик”ни ўқияпсизми?
– Шавқиддин ака бердилар.
– Ўқинг-ўқинг, ҳар хил майда гапларни кўнгилга олаверманг-да, – Иззатилла ака бош муҳаррирнинг хонасига ишора қилди. – Биз ишлашимиз керак. Ҳаммаси ўткинчи, ижод қолади, ука. Атрофимизда не-не ажойиб одамлар бор, ҳар куни бир эзгулик яраляпти. Ана шулар ҳақида ёзайлик! Шахсан мен ўз ишимдан завқланаман. Билишимча, сиз ҳам шундай. Хуллас, сизга топшириқ бор.
– Майли.
– Фақат қишлоқ хўжалиги билан ўралашиб қолманг, дейман-да. Қаламингиз анча чархланди. Ҳозир қиш, бошқа соҳалар билан ҳам бемалол шуғулланишингиз мумкин. Шифокорлар ҳақида ёзганмисиз?
– Жиддийроқ нарса ёзмаганман.
– Лекин мен айтмоқчи бўлган одам ҳақида жиддий ёзиш керак. Олтинкўлга бориб келасиз. Биласиз, Олтинкўл туманимиздаги чекка қишлоқ. Қишлоқда касалхона бор. Турсунали Мамажонов деган йигит бош шифокор бўлиб ишлайди. Уни излаб бошқа вилоятлардан ҳам беморлар келишади. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, қирлар оралиғидаги қишлоқда таниқли шифокор ишлайди? Нега одамлар унга интилишади? Сабаби нимада? Дўхтир кўп-ку? Ана шуни очиб беринг.
– Хўп, уриниб кўраман.
– Аввал тиббиётдаги янгиликлар билан яхшилаб танишинг, суҳбатга жиддий тайёрланинг. Ҳали кўрасиз, Мамажонов жуда ақлли йигит.
Иззатилла ака шу гапларни айтиб, чиқиб кетди. Ҳасан Шавқиддин Хўжаев билан бўлган кўнгил хираликни бироз унутгандек бўлди. Энди устозининг топшириғи ҳақида ўйлай бошлади. Ўзиям анчадан бери бирорта шифокор ҳақида портрет очерк ёзишни режалаштириб юрганди. Бу таклиф айни муддао бўлди.
У ён дафтарини пальтосининг қўйин чўнтагига солиб, таҳририятдан чиқди. Олтинкўлга туман марказининг шоҳбекатидан автобус қатнарди. Бекатга етганида зарғалдоқ рангли “ПАЗик” энди жойидан жилаётганди. Тўхтатиб, чиқиб олди. Ер музлама эди, ҳайдовчи автобуснинг тезлигини оширмади.
Қишлоққа салкам бир соатларда етиб келишди. Олтинкўлдаги уйлар тоғли қишлоқдагига ўхшаб баланд-паст қирликларга сочилган. Қирлар ўртасидаги суви жимирлаб кумушдек товланаётган кўл киши эътиборини тортади. Ҳасан автобус ойнасидан оппоқ қор қоплаган соҳилни томоша қилиб борди. Кўлнинг қирғоқларини қоплаган қорли кўрпадан қуриб сарғайган қамишлар чиқиб турарди. Одамларнинг айтишларича, бу кўл ер остидан дарё билан туташган эмиш.
Ҳасан дарахтлар қуршовидаги мактаб биносида автобусдан тушиб қолди. Касалхона мана шу мактабнинг ортида эди.
Касалхонага кириб келганида бош шифокор хонасида экан. Бу хона дўхтирларнинг оддий қабулхонасидан ҳеч нарсаси билан фарқ қилмасди. Жиҳозлари – стол, бир нечта стул, кушеткадан иборат, оддийгина. Тўрдаги столда оқ халат кийган Турсунали Мамажонов ўтирарди. Эллик ёшлардаги дўхтирнинг соқоли қиртишлаб олинган, чеҳрасида хотиржам бир ифода. Кўринишидан озода, батартиб инсонлиги сезилиб турибди. Ҳасан қўлини кўксига қўйиб салом берди. Дўхтир алик олиб, ўтиришга таклиф қилди
– Ҳарбийда бўлганмисиз? – деди ичидагини ўқиб олмоқчидек тикилиб.
– Ҳа… Қандай билдингиз?
– Қадам ташлашингиздан. Ҳарбийда бўлган йигитлар оёқларини кўтариб босишади.
“Синчков экан”, дея ўйлади Ҳасан. Бироқ буни ўзига айтмади.
– Газетаданман, – деб қўя қолди.
– Касалхонамиз ҳақида ёзмоқчимисиз?
– Сиз ҳақингизда ёзмоқчиман… Турсунали ака, қўли енгил шифокорсиз, – гапни улаб кетди Ҳасан. – Беморлар сизни узоқ ерлардан ҳам излаб келишаркан?
– Бу менинг алоҳида қобилиятим бор, дегани эмас, ука, – у ёқимли жилмайди. – Ҳамма шифокорлар ҳам одамларни даволашяпти.
– Шундайку-я…
– Шифокорнинг обрўси ишига муносабатида. Аслида ҳамма касблардаям шундай. Тиббиёт олийгоҳини битирганимда шу туманга ишга йўллашди. Соғлиқни сақлаш бўлимидагилар Олтинкўл амбулаториясига тайинлашганди. Йиллар ўтиб қишлоқ одамларига ўрганиб қолдим, шунинг учун бу ердан кетолмадим. Секин-аста амбулаторияни туман касалхонасининг бўлимига, кейинчалик шифохонага айлантирдик. Шифокорларимиз, ҳамширалар беморларга эътиборли. Энг катта ютуғимиз мана шу, аслида.
Турсунали Мамажоновнинг кўзлари кишига меҳрибонлик билан боқарди. Бу қарашларда қатъият, ўзига ишонч бор эди.
– Бўлимларни айланиб кўрасизми? – деди у жиддийлашиб.
– Майли.
Шу пайт эшик очилиб, қишлоқча кийинган; яшил чопонли, катта гулдор рўмолга ўраниб олган жиккаккина кампир кириб келди. Унинг қўлида кичик тугунча бор эди. Озғин юзини тарам-тарам ажин қоплаган, қиёфасидан ёшини аниқлаб бўлмасди. У Турсунали Мамажоновга қараб нимадир дегандек лабларини сассиз қимирлатди. Бир сўз демасдан, тугунини столга қўйди. Турсунали Мамажонов ўрнидан туриб, “раҳмат”, деди. Кампир қандай кирган бўлса, шундай, овоз чиқармасдан юриб чиқиб кетди.
Доктор тугунни бир четга олиб қўйиб, Ҳасанга қаради. Ҳасан кампир ҳақида сўрашдан истиҳола қилди. Турсунали Мамажонов ҳам буни тушунтириб ўтирмади. Улар шифохонани айланиш учун биргалашиб хонадан чиқишди.
Касалхона ҳовлиси оппоқ қор билан қопланганди. Қуёшнинг нимжон, тилларанг нурлари бу қорли кўрпага авайлаб тирмашар, аммо кун совуқ бўлгани учун қор зиғирдак ҳам эримаётганди. Улар йўлкадан қаршиларидаги бир қаватли бино томонга юришди. “Терапия бўлими” деб ёзилган қўш тавақали эшикдан ичкарига киришди.
Бўлим йўлаги иссиқ эди. Турсунали Мамажонов чап тарафдаги 1-палатанинг эшигини очди. Улар олдинма-кейин хонага киришди. Ичкарида тўртта бемор ётарди. Доктор тик турганича улар билан алоҳида-алоҳида сўрашиб чиқди. Шошилмасдан ҳар бирларидан навбат билан даволаш натижаларини суриштирди. Ҳасан унинг ҳаракатларини диққат билан кузатиб турди. Ўринларда ётган турли ёшдаги эркаклар дўхтирлари билан зориқиб кутган одамини топиб олган боладек берилиб суҳбатлашишди.
Кейинги хонага кирганларида бир беморнинг олдида узоқроқ ушланиб қолишди. Эллик ёшлардаги бу одамнинг соқоли олинмаган, кайфияти йўқлиги юз-кўзидан ҳам билиниб турарди.
– Дўхтир, тузаламанми? – деди у ҳазин овозда.
– Албатта! Ҳамма кўрсаткичларингиз яхши томонга ўзгаряпти, – деди қон босимини ўлчаётган Турсунали Мамажонов. – Асабни бузманг. Маслаҳатларим эсингиздами?
– Эсимда, дўхтир.
– Унда, келишдик. Бу ердан соғлом бўлиб чиқасиз! Чекмаяпсизми?
– Чекмаяпман, дўхтир.
– Касалхонадан чиққанингиздан кейин ҳам чекмасангиз бемалол юз йил яшайсиз.
Бирдан беморнинг чеҳраси очилиб, жилмайди.
Турсунали Мамажонов ўрнидан турди. Ҳасан дўхтирнинг бир оғиз сўзи беморга чақмоқдек тасир қилиб, бир зумда кайфиятини кўтариб юборганидан ҳайрон эди. Ахир, айтарли ҳеч нарса демади-ку?
– Бу кишининг касали нима? – деб сўради йўлакка чиқишганда.
– Хафақонлик, гипертония.
– Кўнглини анча кўтардингиз.
– Беморим ўзини менга яқин олса хотиржам бўламан. Хаста одам ёш боладек таъсирчан-да. Унга меҳр, эътибор керак, алдаб бўлмайди. Ҳар бир беморнинг ўзи алоҳида олам. Шифокор тайёр қолип билан ишласа яхши натижага эришолмайди.
…Ҳасан Олтинкўлдан қайтаётиб, кўрган-эшитганларини кино тасмасидек хаёлидан бир-бир ўтказди. Ёзмоқчи бўлган очерки қад ростлаётган бинодек тасаввурида сатрма-сатр тиклана бошлади. Бир қараганда Турсунали Мамажоновда ҳеч қандай ғайриоддийлик йўқ. Лекин одамлар чанқаган саҳройи сувга интилганидек унга талпинишади. Кўзларидан нур ёғилиб туради унинг… Очеркда мана шуларни кўрсатиши керак!
Таҳририятга етиб келганида Иззатилла ака кетишга шайланиб турган экан.
– Хўш, Ҳасанбой, таассуротлар зўрми? – деди қайта жойига ўтириб.
– Оддий касалхона, ҳамма қатори шифокор, – Ҳасан беихтиёр Турсунали Мамажоновнинг гапларини такрорлай бошлади. – Лекин…
– Ана шу “лекин”ини айтинг-чи? – Иззатилла ака лабини чўччайтириб унга тикилиб олди.
Ҳасан қўйин чўнтагидан жигарранг муқовали ён дафтарини чиқарди-ю, очмади. Кўрган-эшитганлари хотирасига муҳрланиб қолганди. Олтинкўл қишлоғи, ғаройиб кўл, Турсунали Мамажонов билан танишгани, касалхонани айланганларини батафсил гапириб берди.
– Қишлоқ сиз кўрган кўлнинг номи билан аталади, – деди Иззатилла ака.
– Шундай.
– Кўлга сув қуйилмаслиги, оқиб ҳам чиқмаслигини эшитгандирсиз?
– Ҳа, бу кўл ерости сувлари билан туташган, дейишди.
– Шундай бўлиши мумкин. Қирлар ўртасида сирли кўл! Биргина шунинг ўзи ҳаяжонга солади кишини. Мен Оқчашма одамлари ҳақида ёзганимда айнан ана шу манзарани тасвирлашдан бошлаган бўлардим. Ўзингиз ғайриоддийликни кўра олсангиз бошқаларни ҳам ҳайратга соласиз, тўғрими?
– Бу ҳақда ўйлаб кўрмабман.
– Ўқирманни ортингиздан эргаштиринг. Уни қишлоқнинг жўшқин ҳаётига олиб кирсангиз – мана шу энг катта ютуғингингиз бўлади. Шаҳарлик шифокорнинг қишлоқда қолиши сабабини ҳам очиб бериш керак. Дарвоқе, тугунда овқат қўйиб кетган кампир ҳақида суриштирдингизми?
– Йўқ, ноқулай деб ўйладим, эътибор бермабман.
– Эътибор беринг-да! – Иззатилла ака афсус билан бошини чайқади. – Мен олтинкўлликлардан эшитганман: сиз кўрган ўша кампирни бир пайтлар Турсунали Мамажонов ўлимдан сақлаб қолган. Ўн саккиз йилдан буён ҳар куни дўхтирга бир косадан овқат олиб келаркан. Уни ўғлим деган.
Ҳасан Иззатилла аканинг туманни яхши билишига кўп марта тан берганди. Унинг Турсунали Мамажонов ҳақидаги гаплари ҳам ўйлантириб қўйди: “Дарҳақиқат, журналист қаҳрамонини ботинан тушуниши керак. Акс ҳолда, жонли қилиб тасвирлай олмайди. Шифокордаги фидойиликнинг ўзаги нимада?” У хаёлида жонланаётган воқеаларни бир ипга тизишга уринарди. Беихтиёр бош муҳаррир билан бўлган нохуш суҳбатни эслади. “Нега одамлар турлича? Лекин аслида Турсунали Мамажоновга ўхшаган одамлар дунёни тутиб туришибди”.

10

Яна баҳор келди. Қиш бўйи оппоқ қорли кўрпа остида ухлаб ётган қирлар яшил майса билан қопланди. Тунд одамнинг юзидек қовоқ уйган осмон ёришди. Қуёшнинг илиқ нурлари заминни илитиб, она ўз фарзандини суйгандек қор сувларини шимиб кўпчиган тупроқни эркалай бошлади. Уфққа туташган мудроқ пахта пайкаллари трактор двигателларининг ҳайқириғидан уйғониб кетди. Уватларда кетмон кўтарган одамлар кўриниб қолишди. Ҳасан газетанинг қишлоқ хўжалик бўлимида ишлагани учун шу кунларда чигит экиш, ғўза қатор ораларига ишлов бериш, озиқлантириш каби дала ишларини ёритишдан бўшамади.
Зуҳра ҳомиладорлик таътилига чиқди. Эр-хотин ўзларини янги оламга тушиб қолгандек ҳис қилишарди. Улар биринчи фарзандни кутишнинг ширин ҳаяжони оғушида эдилар. Ҳар куни янги режа тузишади, тунлари кун санаб чиқишади. Дўхтирлар белгилаган муддат яқинлашиб қолганди. Шундай кунларнинг бирида Ҳасанни қаттиқ изтиробга солган воқеа содир бўлди.
Ўша куни таҳририятда газетанинг янги сони саҳифаланаётганди. Ҳасан нав­батчи эди. Бундай кунларда ҳамма ходимлар соқчи аскарлардек ҳушёр ишлади. Тайёр саҳифани аввал мусаҳҳиҳ, кейин ўзи ўқиб, хатоларини тузатишди. Иззатилла ака навбатдаги саҳифани бош муҳаррирга кўрсатиб чиқди-да, унинг қўлига тутқазди. Улар Раҳмонали билан ўқишга киришишди.
Раҳмонали – таҳририятнинг янги мусаҳҳиҳи. Ёши йигирмага ҳам тўлмаган. Паст бўй, оқ юз, кўзлари кулиб турадиган бу йигит ишга келган кунидан Ҳасан билан ака-укадек бўлиб олди. Ҳозир ҳам унинг хонасида эшилиб, яйраб ўтирибди. Ўқиши керак бўлган саҳифа қолиб, гапга тушиб кетди:
– Ҳасан ака, сиз навбатчи бўлсангиз бизга иш қолмайди, – деди кулиб.
– “Лайлаклар даласида”ни яхшилаб ўқинг. Имзони кўрдингизми? – қовоғини уйди Ҳасан.
– Кўрдим, “шеф”ники экан, хато кетса – тамоммиз! – Раҳмонали қўлини “пичоқ” қилиб бўйнини “кесиб” кўрсатди.
– Шунақа, ўқинг!
Учинчи саҳифадаги “Лайлаклар даласида” мақоласини Шавқиддин Хўжаев ёзганди. Туман марказига туташ бу далани Ҳасан болалигидан яхши билади. Ўртасидан магистрал электр тармоқлари “кесиб” ўтган. Юқори кучланишли симларни осмонўпар темир таянчлар тутиб туради. Бу симёғочлар Оқчашма қишлоғигача чўзилиб боради. Ундан нарисига қирлар оралаб, кўзга кўринмас электр қувватини узоқ-узоқларга олиб кетади. Темир таянчларнинг парқу булутларга туташган учларига лайлаклар уя қуришган. Инлардаги кўксини шамолга тутган мағрур қушлар кишининг завқини оширади. Бир пайтлар бу манзарани Зуҳра билан ҳам завқланиб-завқланиб томоша қилишган. Ўшанда лайлаклар бахт келтирадиган қушлар эканлиги ҳақида гаплашишгани ҳам эсида…
Ҳасан ўқиб бўлган саҳифасини дарҳол босмахонага олиб тушди. “Бегоналар кирмасин!” деб ёзилган темир эшикдан чоп этиш бўлимига ўтди. Бу ерда юз йил аввалги, қоғоз қўлда узатиладиган “тигель” механик дастгоҳи, замонавий “Доминант” дастгоҳлари ҳам бор.
Маҳобатли “Доминант” атрофида Сардор куймаланиб юрарди. Бир қўлида ёғ идиши, иккинчисида қорамой юқли латта. Ҳасан йўл-йўлакай Сардор билан саломлашиб, газета саҳифаланаётган хонага кирди. Бу ерда Қурбон Қорани кўриб ажабланди. У эшикка тескари турганича бигиз билан қўрғошин литераларни титкиларди. Ҳасан кирганини сезмади.
– Бу ерда нима қиляпсиз? – деди Ҳасан туйқусдан.
Қурбон Қора ялт этиб ортига ўгирилди, Ҳасанни кўриб ранги ўчди. У қўлидаги литераларни алмаштирадиган бигизни яширишга беҳуда уринарди:
– Бекор эдим, газета саҳифалашниям ўрганиб қўяй, дедим-да. Нима, мумкинамасми?
Ҳасан индамади. Ўқилган саҳифани қолдириб, чиқиб кетди. Бу пайтда газетанинг учта саҳифаси тайёр бўлганди. Тўртинчи бетда хато кўп экан, иш анча чўзилиб кетди.
– Ҳасан ака, фақат сиз эринмасдан ишлайсиз! Ҳар битта вергулни ҳам тўғрилайверасиз, – нолиди Раҳмонали.
Ҳасан “жим” дегандек ўқрайиб қаради-ю, индамади. Саҳифани яна бир қур кўздан кечирди, ҳошиясига “Босишга рухсат!” деб ёзиб, имзо қўйди. Шундан кейин таҳририят ходимлари уй-уйларига тарқалишди.

* * *

Эртаси куни Ҳасан одатдагидек барвақт ишга келди. Хонасига кириб, деразани очди. Димоғига гул-чечак исли баҳор ҳавоси келди. Иш столига ўтириб, бир зумда қоғозларига шўнғиб кетди. Эшик қия очиқ қолганди. Бир-бирлари билан саломлашиб, хоналарига тарқалишаётган ходимларнинг қадам товушлари эшитилди. Йўлакдан Иззатилла аканинг овози келганда ўрнидан туриб, унинг хонасига чиқди.
– Қалайсиз, Ҳасанбой? – деди Иззатилла ака лабини чўччайтириб. – Янгилик борми, дейман, бугун жуда бардамсиз?
Ҳасан устозининг маъноли саволини тушунди. У Ҳасан билан Зуҳранинг фарзанд кутишаётганини биларди.
– Ҳали вақт бор, – деди жилмайиб.
Бироз ўтиб Иззатилла аканинг олдидан чиқди. Нимқоронғи йўлакда Қурбон Қорага урилиб кетишига бир баҳя қолди. У қабулхона томонга югургилаб кетаётганди. “Э-э-э!” деганича тўхтаб, қўлини узатди-да, ёв қувгандек шошилиб ўтиб кетди. “Яна нимани бошлаяпти бу, – дея ўйлади Ҳасан. – Оёғи куйган товуқдек типирчилаб қолибди!”.
У ўзининг хонасига кириб, деразани ёпди. Телефонлар рўйхати бўйича ташкилотларга қўнғироқ қила бошлади. Анчагина хабарларни йиғиб, “Туман янгиликлари” рукнига ахборот тайёрлади. Яна телефон гўшагига қўлини узатганида эшик тарақлаб очилди. Хонага ҳовлиқиб Раҳмонали отилиб кирди. Ранги қув ўчган, Ҳасанга узатган қўли билинар-билинмас титрарди. Етти чақирим ердан ҳаллослаб югуриб келгандек оғзини каппа-каппа очди-ю, ҳеч нарса деёлмади. Ҳасан ҳайрон бўлиб ўрнидан турди. Ниҳоят, Раҳмонали ютиниб олиб, тилга кирди:
– Ҳасан ака! Хато кетибди! – деди кўзини ола-кула қилиб.
– Қандай хато? – Ҳасаннинг нигоҳи Раҳмоналининг қўлидаги газетага қадалди.
– Мана… шу… – деди у йиғламоқдан бери бўлиб.
Ҳасан газетани олиб, столга қўйди. Раҳмонали ундан кўзини узмай, титроқ қўллари билан газетани очди. Учинчи бетдаги “Лайлаклар даласида” мақоласига, яширмоқчи бўлгандек, шап этказиб кафтини қўйди. Беихтиёрий бу ҳаракатни шундай бир умидсизлик билан қилдики, гўё кафти остида бомба бор-у, кўтарса портлаб кетадигандек. Ҳасан Раҳмоналининг қўлини четга сурди. Мақолага кўзи тушиб, унинг ҳам ранги ўзгарди. Саҳифадаги тескари сатрларни кўриб, кўзлари жимирлашиб кетди.
Газетани оддий одамлар яратишади, фаришталар эмас. Баъзан бирорта сўзда хато ўтади ёки безаклар жойига тушмай қолиши мумкин. У аввалига шундай деб ўйлаганди. Чунки, навбатчилигида саҳифаларни диққат билан ўқиган, хато йўқлигига ишончи комил эди. Лекин не кўз билан кўрсинки, “Лайлаклар даласида” мақоласининг биринчи устунидаги икки сатр тескари турибди! Учинчи, тўртинчи устунлардаги учта сатрда ҳам аҳвол шу!
– Бўлиши мумкинамас! – Ҳасаннинг ранги ўчиб кетди. – Бу мақолани икки марта ўқиганман, бирорта хато қолмаганди!
Газетага қайта-қайта тикилди: “Литералар сочилиб кетганми? Чоп этувчи саҳифани дастгоҳга олаётганида эҳтиётсизлик қилганми…” Ҳасаннинг хаёлидан минг хил ўй ўтди. Эрталабки хотиржамлигидан асар ҳам қолмаганди. Ўйланиб туриб, хаёлига келган биринчи гапни айтди:
– Газетани тарқатмаслик керак!
– Тарқатиб бўлишибди, – деди Раҳмонали бўшашиб.
– Сен қаёқдан билдинг?!
– Қурбон Қора бош муҳаррирнинг хонасидан чиқаётган экан, йўлакда менга дўқ урди, ўша айтди.
– Нега тўхтатишмабди?! Аввал Шавқиддин ака ўқирди-ку?!
Раҳмонали елкасини қисди. У ҳали газета ишининг нозик томонларини тушунмасди. Бироқ бу хатолар катта можаро бўлишини сезиб, жим турарди. Газетани аллақачон тарқатиб юборишган, фалокатнинг на олдини олиб, на тўхтатиб бўлади. Ҳасан бош муҳаррирнинг совуқ нигоҳини тасаввур қилди-ю, эти жунжикди. “Шавқиддин Хўжаевнинг унга муносабати шундоқ ҳам яхши эмас. Энди оғримаган бошига қандай ғавғолар ёғилади?..” У деразадан кўчага тикилиб, шулар ҳақида ўйларди.
Ташқарида сўлим баҳор эди. Қуёш сахийлик билан илиқ нурларини сочмоқда. Май ҳавоси бутун оламни уйғотган. Иккита қалдирғоч чирқиллашиб, бирин-кетин бинонинг пештоқига учиб кирди. Аслида, мана шу беозор қушчаларнинг ташвишлари олдида уларнинг безовталиги писта пўчоғичалик ҳам эмас. Ҳозир жажжи тумшуқларида бир томчидан лой ташиб, минг азобда ин қуришмоқда. Тухум қўйиб, полапон очишади. Уялари, тухумлари, кейинроқ полапонларини душман қушлардан ҳимоялаб, минг гирди балога дуч бўлишади. Бу тинимсиз меҳнат, бу азоб-уқубат – умр бўйи, ҳар йили такрорланаверади. Шундаям уларни яшаш иштиёқи ҳеч қачон тарк этмайди, мусаффо осмонларда парвоз қилиб завқланишдан чарчашмайди. Азамат қушлар экан-да, бу қалдирғочлар…
Инсон зоти қизиқ. Аслида осмон ерга қулаб тушмади-ку? Ахир, Ер ўз меҳварида айланаётир. Ҳамма жонзотлар шу ҳаётда яшаш завқини суришмоқда…
Айни пайтда Ҳасаннинг хуфтон кўнглига бундай мантиқли фикр юпанч бўлолмасди. У хона деразасидан кўчага тикилиб, ўтган-кетганларни бефарқ кузатар, иштибоҳлар исканжасида совуқ тошдек қотиб қолганди. Кун келиб, ўзининг шу бугунги ҳолатини хокисорлик билан мушоҳада этиши, хотиржам кулиб қўя қилишини билганида эди…
– Раҳмонали! – деди ортига ўгирилиб. – “Гранка”лар, ўқилган саҳифаларни олиб кел!
Инидан адашган қушдек типирчилаётган Раҳмонали бирдан тек қотди. Йўлини топдингиз, дегандек Ҳасанга миннатдорлик билан қаради-да, эшикни тарақлатиб очиб, елдек учиб чиқиб кетди.
Ҳасаннинг юраги баттар сиқилди. Раҳмонали келавермагач, сабри чидамасдан ўзи мусаҳҳиҳ хонасига чиқмоқчи бўлди. Оёғига тош бойлангандек оғир қадамлар билан эшик томонга юрди. Шу пайт эшик очилиб, рўпарасида Раҳмонали пайдо бўлди.
– Ҳасан ака, ҳеч нарса йўқ! – деди бўшашиб.
– Нима, йўқ?! – Ҳасан ўзини босолмай бақириб юборди.
– Гранкалар, ўқилган саҳифалар – ҳаммаси йўқ! Бир тутам қилиб ўраб, газета сонини ёзиб, жавонга қўйгандим, – минғирлади Раҳмонали.
– Хў-ўп?
– Ҳозир борсам, йў-ўқ! Ҳамма ўрамларни авра-астар қилиб ташладим, шу сон йўқ! – У қўлларини икки томонга ёйди. – Тушунмай қолдим.
Ҳасан қўлини силтаб, хонадан чиқиб кетди. У ҳозирги аҳволида на танасини ҳис қилар, на тузукроқ фикрлай оларди. Боши гаранг бўлиб қолган, нима қилишини билмай қийналарди. Сўнгги илинжи – босмахонадаги, ўзи имзо чеккан газета нусхасида эди.
Юраги хаприқиб, шошиб босмахонага тушди. Ўша илинж билан чоп этиш бўлимига кирди. “Доминант” шовқин солиб ишларди. Сардор дастгоҳни диққат билан кузатиб турибди. У Ҳасаннинг ҳовлиқиб кирганини кўрди. Аввал ажабланиб бироз қараб турди-да, ишини тўхтатди.
– Нима гап, тинчликми? – сўради дастгоҳ зинасидан тушаётиб.
– Кечаги, имзо чекилган нусха қани? – деди Ҳасан саломлашишни ҳам унутиб.
– Шу ерда бўлиши керак. Кеча янги келган йигитлар ишлашганди.
У қурдошини ҳеч қачон бундай аҳволда кўрмаганди. Ҳасаннинг ранги ўчган, оғзидан чиқаётган сўзларни тез талаффуз қилганидан тушуниб бўлмасди. Сардор жиддийгина нохушлик юз берганини сезди. Ҳайрон бўлиб, доимги ҳазил-ҳузил гапларини ичига ютди. Дастгоҳ ёнидаги темир стол тортмасидан ҳошияларига қорамойли бармоқ излари тушган газетани олиб берди. Ҳасан пала-партиш ҳаракатлар билан шошиб газетани очди. Учинчи саҳифадаги “Лайлаклар даласида”га кўзи тушиб, бўшашиб кетди. Мақолада тескари сатрлар ярқ этиб кўзга ташланиб турарди. Сўнгги умиди ҳам пучга чиққанди: “Бу қанақаси? Кимнинг иши?!”. У ёнида турган Сардорни ҳам унутиб юборгандек эди. Босмахона ҳовлисига қараган деразага хаёлчан тикилиб шамдек қотиб қолганди.
Ҳасан бироз шундай турди-да, диққатини жамлаб, кечаги кунни бир-бир кўз олдига келтирди: “Аввал – иккинчи, учинчи, кейин – биринчи саҳифани ўқиди. Бирорта хато қолмаганди. Тўртинчи саҳифани босмахонага ўзи олиб тушди. У ерда… Қурбон Қора турганди. Ҳа-ҳа, Қурбон Қора! Нега?! Унинг қўлида саҳифаловчи ишчининг бигизи бор эди! Нега бигиз?… Ахир, бу бигиз билан “литера” – қўрғошин сатрлар алмаштирилади-ку?.. Наҳотки Қурбон Қора? Нега?! Унга нима ёмонлик қилди? Нега бу йигитнинг юрагида фақат ёмонлик яшайди? Ҳасан фитначилик, фирибгарликдан, бировнинг ҳақига хиёнат қилишдан доим ҳазар қилган. Ахир, инсон покликка интилади. Қурбон Қорага бу туйғулар шунчалар бегонами?”
Ҳасан ўқиган саҳифаларида хатолар йўқлигига ишонганди. Ҳозир эса чоп этилган газетани варақламасдан имзо қўйганини эслаб, аламдан инграб юборди. Энди ана шу хатоси учун ўзини ўзи лаънатларди. Қўлидаги газетани Сардорга қайтариб берди-да, галдираклаб, индамай чиқиб кета бошлади. Сардор унинг ортидан бироз тикилиб туриб, газетани стол тортмасига солди. Бошини чайқаб, у ҳам дастгоҳи томонга юрди.
Ҳасан ўша аҳволда иккинчи қаватга чиқиб, хонасига кирди. Мақсадсиз у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Тор хона янаям торайиб кетгандек туюлди. Шу пайт эшик очилиб, Ёдгора опанинг боши кўринди:
– Ҳамма йиғилишга! – деди-ю, эшикни оҳиста ёпди.
Ёдгора опа ҳар сафар ичкарига кирар, “Ҳасан, йиғилишга чиқинг!” дерди дона-дона қилиб. Кейин атрофга бир қур назар ташлаб, фаррошнинг ишини кўздан кечирарди. “Кечикманг, шунақа”, деб чиқиб кетарди. Бугун ҳамма ўзини ғалати тутмоқда. Бу ҳолат бутун уйни тўполон қилиб юборадиган соатнинг жиринглашидан олдинги хавотирли сукунатга ўхшарди.

11

Ҳасан бош муҳаррирнинг хонасига бўйнидан занжир бойлангандек оёғини базўр судраб кирди. “Энди нима бўлади?” деган савол жизғанагини чиқариб, ич-этини каламушдек кемирарди. Шу тескари туриб қолган қўрғошин литералар туфайли мағрур боши эгиладими? Топган обрўси бир пул бўладими? Томчилаб йиққан обрўси пақирлаб тўкилса-я! Ёзаётган мақола, очерклари нуфузли газеталарда босилиб турган бўлса… Шундоқ ҳам Шавқиддин Хўжаев уни ҳушламай юрганди. Манманланиб кетган, деб ўйлайди. Бунда Қурбон Қоранинг “хизмат”и бўлгани аниқ. Модомики шундай экан, йиғилишдан шафқат кутмаса ҳам бўлади…
Шавқиддин Хўжаевнинг хонасида бутун жамоа йиғилиб ўтирарди. Ҳасан кириб келганида ҳамма ялт этиб унга қаради. Сўнгра, аскарларга буйруқ берилгандек, нигоҳлар зарғалдоқ рангли ялтироқ столга қадалди.
– Келинг, Ҳасан, ўтиринг, – Иззатилла ака ёнидаги бўш ўриндиқни кўрсатди. Ҳасан ҳимоя излагандек устозига бир қараб олди-да, секин ёнига ўтирди.
Шавқиддин Хўжаев ҳаммага бир-бир бефарқ назар ташлаб чиқди. Ҳасан унинг бу ҳолатига ажабланди: газетада шунча хато кетади-ю, у нега хотиржам?
Ходимлар жим эди. Умумий йиғилиш деб кириб қолган таҳририят ҳайдовчиси Зокиржон ёнидагиларга алланималарни гапириб, ўз-ўзича кулиб ўтирибди. Унинг ҳазиломуз гапига ҳеч ким эътибор бермади. Шавқиддин Хўжаевнинг овози эшитилганда у ҳам жим бўлди. Бош муҳаррир бошини ёнбошга буриб, кучаниб гап бошлади:
– Газетамизда қўпол хатолар ўтиб кетди! – у бошини сарак-сарак қилди. – Биз Ҳасан Алиевга ишонардик… Бу қанақаси?! Гап хатолар мени мақоламдалигидамас… Ҳамма кўрдими, газетани? – Шавқиддин Хўжаев қўлидаги газетани силкитди.
– Кўрдик, – деди Иззатилла ака. – Хатолар қандай ўтганини аниқлаш керак. Балки айб босмахонадагилардадир? Тушунолмадим? – у елкасини қисди.
Шавқиддин Хўжаев бу гапни эшитмагандек давом этди:
– Буни шундай қолдиролмаймиз! – У ўрнидан турди. – Бунақа хатолар учун ходим ишдан кетади! Манманликнинг оқибати бу!
Ҳамма эртакдаги сеҳрлаб қўйилган одамлардекдек қотиб ўтирарди. Қурбон Қора бош муҳаррирга мулойим термилиб, унинг айтганларини тасдиқлаб, бошини силкитди. Ёдгора опа “…ходим ишдан кетади”, деган гапни эшитганида чўчиб тушди, Ҳасанга оналарча куйинчаклик билан ачиниб қаради. Бу муҳокамага адашиб кириб қолган Зокиржон атрофга аланглади, ёнидаги Раҳмоналидан пичирлаб нима гаплигини сўради. У ҳам бир оғиз сўз айтиб, бошини мажнунтолдек эгиб олди.
Бош муҳаррирнинг хулосаси Ҳасанга электр токи ургандек таъсир қилди. Эти жимирлашиб кетди. У ҳар қандай жазога тайёр эди, аммо Шавқиддин Хўжаевдан бундай кескин гапни кутмаганди. Аслида, газетанинг қўпол хатолар билан тарқалиши кечириб бўлмайдиган ҳол. Бунга, биринчи галда, шу сонга навбатчи бўлган у айбдор. Бу кўриниб турган ҳақиқат. Лекин қандай қилиб сатрлар тескари бўлиб қолди? Шуни ўйлайвериб мияси ғовлаб кетди.
Йиғилиш жуда совуқ ўтди. Бош муҳаррир яна анча-мунча таънаю дашномларни тўкиб ташлади. Аксарият ходимлар муҳокамага қўшилмасликни маъқул кўришди. Фикр билдирганлар “аниқлаш керак”дан нарига ўтишмади. Ниҳоят, Қурбон Қора ўрнидан турди:
– Албатта, кечириб бўлмайди! – деди у юзига қайғули тус бериб. – Мен ёшманку-я, лекин газетамизнинг обрўси учун…
Ҳасан унинг қолган гапларини англамади. Миясининг гап етиб борадиган дарчаси беркилиб қолгандек эди. Раҳбарнинг фикрига қарши чиқишга ҳеч кимнинг юраги дов бермади. Ҳасанни оқлайдиган бирорта далил йўқ эди. Босмахонадаги чоп этувчилар янги ишга келганлардан экан, улардан ҳам маънили гап олиш амримаҳол. Раҳмонали ҳали тажрибасиз. Асосий масъулият Ҳасаннинг зиммасига тушди.
Йиғилиш қатнашчилари “ҳукм”ни кутаётган қалтис бир пайтда Зокиржон сўз сўраб қолди. Ҳамма ҳайрон бўлиб унга қаради. Ҳайдовчи қўлларини бир-бирига қовуштириб, бироз қизариб-бўзариб турди-да:
– Ҳасан ака доим газетага жон куйдирган, – деди ҳаяжоннинг зўридан овози титраб. – Бу-у… қанақаси?! Ҳамма бир бўлиб битта одамни эзса, а?!
Ялтиратиб сирланган столдаги ўзининг соясига ҳомуш тикилиб ўтирганлар ҳушёр тортишди. “Рост-да-а” деган маъно бор эди Ёдгора опанинг мунис қарашларида. “Ҳақ гап” дерди муҳаррир ўринбосари Абдулла аканинг ақл-заковат ёғилиб турган нигоҳи. “Бундай хато ўз-ўзидан ўтмайди”, демоқчи бўларди лабини чўччайтириб олган Иззатилла Иброҳимов. Бўлим мудири Ҳамида опа бефарқ, Қурбон Қора бу оддий ҳайдовчининг тили ўткирлигидан ҳайратланиб бўзрайди.
Шавқиддин Хўжаев ўзини Зокиржоннинг гапларини эшитмаганга олди. Хонага яна юракни сиқиб юборадиган сукунат чўкди. Зокиржон саволига жавоб излаб ҳаммага бир-бир қараб чиқди. Сўнгра ҳайкалдек қотиб ўтирган шерикларига қўлини силтади-да, рухсат ҳам сўрамасдан чиқиб кетди. Хонада пашша учса эшитиладиган жимжитлик ҳукм сурарди.
Вазиятни яна бош муҳаррир қўлга олди. Кўпчилик тезроқ тугашини кутаётган йиғилишнинг бошловчиси-ю, якунловчиси ҳам Шавқиддин Хўжаевнинг ўзи бўлди.
– Хўш, гапингиз борми? – У Ҳасанга нохуш назар ташлади.
Хатолар муҳокама қилинганида, одатда, ўқилган саҳифалар диққат билан кўриб чиқиб, айб кимдалиги аниқланарди. Ҳасан буни айтолмади. Раҳмонали­нинг жавонидаги ўқилган саҳифаларнинг йўқолгани қўлини ипсиз боғлаб қўйганди. “Айбингни яшириш учун ўзинг йўқотгансан”, дейишлари мумкин эди. Шунинг учун жавоб тополмай қийналди.
– Бу хатолар қандай ўтганини билмайман, – деёлди иложсизликдан.
– Қаламингиз бор, танилиб қолгансиз, – Шавқиддин Хўжаев қарз бераётган одамдек тиришиб, чақиб-чақиб олди. – Лекин манманлик ҳар доим кўнгилсиз оқибатга олиб боради! Бундай хатолар учун ҳеч ким аяб ўтирилмайди, эртагаёқ ишдан бўшага ариза ёзиб киринг. Масалани тинчгина ҳал қилганимиз маъқул.
Ҳамма ялт этиб Ҳасан Алига қаради. Барчанинг кўзида ачиниш, ҳамдардлик бор эди. Бироқ ҳеч бири бош муҳаррирга қарши бирор нима дейишга ботина олмади.
– Айтмасангиз ҳам ёзаман, – деди Ҳасан Али ўриндан ўйчан туриб. – Мен барибир бундай жамоа ичида қололмайман.
У илдам юриб хонадан чиқиб кетди.

13

Зуҳранинг кўзи ёриш арафаси эди. Ҳасан дарвозадан кирганида у кенг-мўл кўйлакда ҳовлида секин ғимирлаб юрарди. Бўшашиб турган эрининг ранг-рўйини кўриб, ҳуши бошидан учди. Ҳасан хотинига бир қаради-ю, индамай уйга кириб кетди. Зуҳра ҳам унинг ортидан кирди. Ҳасан ётоқхонада кийимларини ечмасдан, ўзини диванга ташлаган кўйи шифтга тикилиб ётиб олганди.
– Нима бўлди?! – деди Зуҳра кўзларини катта-катта очиб.
– Газетада хато ўтибди! Мени тинч қўй! – Ҳасан хотинидан аламини олмоқчидек зарда қилди.
Бу гапдан Зуҳранинг кўзига ғилтиллаб ёш келди. Хотинининг қаппайиб турган қорнига қараб Ҳасан жим бўлиб қолди. Зуҳра эрига ачиниб кетди. Бироз тикилиб турдида, пичирлаб сўради:
– Қанақасига?
– Шунақасига.
– Сизда сираям ундай бўлмасди?
– Бу газета-да…
– Энди нима бўлади?
– Ишдан бўшатишди.
– Хафа бўлманг, ишдан бўшаса ҳам одамнинг ризқи тугаб қолмайди-ку, – деб Зуҳра унинг елкасига қўлини қўйиб, силай бошлади. – Икковлашиб бир амаллаб бирор тирикчилик қилармиз.
– Кўнглим қолди, – Ҳасан “уф” тортди.
– Кимдан?
– Одамлардан.
Зуҳра Ҳасаннинг гапига ҳайрон бўлиб, жимиб қолди. Ҳозир ўзи яхши билган, беадоқ севгисига сазовор бўлган йигит ҳамма қатори одам эканлиги, унинг ҳам кўнгли борлиги, эркак киши тошдек мустаҳкам, баъзан эса тортилган тордек таъсирчан бўлиши мумкинлигини тушунди. Унинг Оқчашма фермасида биринчи учрашганларида, “Йигитларда қалб йўқ деб ўйлайсизми?” деганини эслади.
– Ҳаммадан кўнгил қолиши мумкинамас… Ҳамма бир хиламас, сиз буни биласиз, – Зуҳранинг овози эшитилди.
Ҳасан сергак тортди. Зуҳранинг икки қўлидан ушлаб, кўзларига қаради.
– Вой! – Зуҳра бирдан қўлини тортиб олди. Қорнини чангаллаганича диванга ўтирди.
Ҳасан сакраб ўрнидан туриб кетди.
– Нима бўлди?! – деди кўзларини катта-катта очиб.
– Ойижонни чақиринг! – Зуҳра оғриқнинг зўридан лабини қонатиб юборгудек тишлаб ингради.
Ҳасан эшикка отилди. Ҳовлига чиқар-чиқмас бор овозда “Ойи!”, деб бақирди. Ошхонада кечки овқатга уннаётган Мастура опа очиқ деразадан бошини чиқарди:
– Ҳа, болам, тинчликми?
– Зуҳранинг мазаси қочди! – деди Ҳасан ҳовлиқиб.
Мастура опа югургилаб ошхонадан чиқди. Ҳасан онасини ичкарига киритиб, ўзи ташқарида қолди. Икки-уч дақиқа ўтар-ўтмас эшик очилиб, Мастура опа кўринди:
– Тез машина топиб кел, касалхонага олиб борамиз!
Ҳасан шу заҳоти ўқдек отилиб кўчага чиқиб кетди. Бояги ўйчан, ғамгин кайфиятидан асар ҳам қолмади. У бир дақиқада арслондек қудратли эркакка айланганди.
Кўчада биринчи дуч келган машинани тўхтатиб, уйга бошлаб келди. Дарвоза тарақлаб очилганда Мастура опа ҳовлига чиқиб, дарвоза томонга мўралади. Кўчадаги машинага кўзи тушиб, уйга қайтиб кирди-да, аллақачон кийиниб шай бўлиб турган келинининг қўлтиғидан ушлаб очиқ дарвоза томонга етаклади. Зуҳра қайнонасига суяниб оҳиста қадам ташларди. Йўл-йўлакай атрофга аланг­лаб, қатор қилиб экилган атиргулларга тўйиб олмоқчидек термилиб борди. Ҳовлини сўлим баҳорнинг ифори тутган, йўлка четларини қоплаган яшил майсалар оламнинг яшариш, янгиланишидан дарак бериб турарди.
Мастура опа билан Зуҳра қизил “Жигули”нинг орқа ўриндиғига, Ҳасан ҳайдовчининг ёнига ўтиришди. “Жигули”нинг эгаси эллик ёшлардаги қотма киши эди. Мастура опа ранги ўчган, беҳол Зуҳрани етаклаб чиққанидаёқ гап нимадалигини фаҳмлади. Машинани дарҳол ўт олдириб, газ тепкисини босди. У йўлдаги ўнқир-чўнқирларни айланиб ўтар, машинани моҳирона бошқарарди. Ҳасан тепасидаги ойнадан орқа ўриндиққа хавотир билан қараб-қараб борди. Зуҳра кўзини юмиб олган, лабини қимтиб жим ўтирибди. Ҳар замонда оғриқнинг зўридан инграб қўяди. Мастура опа нимадир дея пичирлаб, уни юпатади.
Орадан беш-олти дақиқа ўтиб-ўтмай туман касалхонасига етиб келишди. Мас­тура опа иҳраб-сиҳраётган келинини туғруқ бўлимига етаклаб кириб кетди. Бироз фурсат ўтиб жиддий қиёфада қайтиб чиқди:
– Худо оқ йўл берсин, эсон-омон қутулиб олсин, – деди ўғлига эшиттириб.
Безовталаниб у ёқдан, бу ёққа юраётган Ҳасан тўхтаб, онасига бир қараб олди. Мастура опа ҳеч нарса демасдан ҳовлидаги харрак томонга юрди. Ҳасан ёш боладек унга эргашди. Она-бола шу ерда ўтириб кута бошлашди. Бироздан кейин туғруқхонанинг эшиги очилди. Ичкаридан ихчамгина оқ халатли қиз югуриб чиқди. Улар бараварига ўринларидан туришди.
– Кетмай тураркансизлар! – деди қиз Ҳасанга табассум билан шўх бир қараш қилиб.
У қандай чиққан бўлса худди ана шундай чаққон қадамлар билан дикирлаб ичкарига кириб кетди. Она-бола яна ўтирган жойларига қайтишди. “Эсон-омон кўзи ёрисин”, – деди яна Мастура опа. Ҳасанга бу ўтиришлари ғалати туюлди. “Энди у ота бўлади! Ўғилми ё қиз? Майли, нима бўлсаям, онаси айтгандек эсон-омон қутулиб олсин”. Лабини қимтиётган жажжи чақалоқни кўз олдига келтириб ҳаяжонланиб кетди. Бу ҳақда ўйлашнинг ўзи жуда-жуда ёқимли эди. “Ҳозир Зуҳра қийналаётгандир? Боя унинг аҳволини кўриб юраги чиқиб кетаёзди. Инсоннинг дунёга келиши шунчалик қийинми?”
Орадан яна хавотирли ярим соат ўтди. Туғруқхона остонасида бояги шўх қиз пайдо бўлганида Ҳасан билагидаги соатга қараб безовталанарди. Қиз нимагадир икки қўлини кўтариб кулиб қўйди-да:
– Ўғил! – деди қувноқ овозда.
– Вой, тилингга шакар! – Мастура опа чаққон ўрнидан туриб унинг олдига борди.
Ҳасан шамдек қотиб қолганди. На юра олади, на тилига бир калима сўз келади. Онаси қизнинг қўлига нимадир тутқазди. У “раҳмат” деб, Ҳасанга бир қур назар ташлади-да, югургилаб ичкарига кириб кетди. Чамаси, “мамаша”га “дадасининг худди ўзи” демоқчи бўлди. Мастура опа каловланиб турган Ҳасаннинг олдига қайтди.
– Ота бўлдинг, ўғлим! Худойимга шукр! – деди елкасидан қучиб, юзидан ўпаркан. – Даданг, ўғил бўлса исмини Самандар қўямиз, деганди.
– Дадам нима десалар, шу-да, – жилмайди Ҳасан.
Шу пайт яна туғруқхонанинг эшиги очилди. Бу сафар ўрта ёшлардаги, лўмбиллаган, оппоққина аёл чиқди.
– Дояни чақиртиргандим, – деди Мастура опа аёлнинг истиқболига шошиб.
Улар бир-икки оғиз паст овозда гаплашишди. Мастура опа бу дояниям ими-жимида рози қилди. Аёл раҳмат айтиб, ичкарига кириб кетди.
– Энди уйга борайлик, – деди Ҳасаннинг олдига қайтган онаси. – Бир коса мас­тава қилиб бераман, обкеласан. Аталани эртага ичади, ҳозир кўнгли тортмайди.
Улар йўл-йўлакай гаплашиб пиёда уйга қайтишди. Айни пайтда Ҳасан кундалик ташвишларини бутунлай унутиб юборганди. Ичига сиғмаётган қувончини аранг босиб борарди. Уйда Мастура опа эри билан Ҳасанга ўзи дамлаб кетган ошдан сузиб берди. Овқат устида отаси қудаларга албатта хабар қилиш керак­лиги, Оқчашмага эрталаб борса ҳам бўлаверишини тайинлади. Мастура опанинг маставаси тайёр бўлганда қоронғи тушди. Ҳасан овқатни олиб касалхонага кетди. Туғруқхонада унга на Зуҳрани, на чақалоқни кўрсатишди. “Эртага бемалол келаверинглар, бугун ўзимиз яхшилаб қараймиз, овқат ҳам, чой ҳам берамиз”, деди ўша паст бўй, тўладан келган оппоққина доя.
Ҳасан уйга келганида вақт алламаҳал бўлганди. Туни бўйи яхши ухлолмасдан у ёнбошидан бу ёнбошига ағдарилиб чиқди. Хаёлан йўргакланган жажжи чақалоқни қўлига олишини қайта-қайта тасаввур қиларди…
Саҳарлаб туғруқхонага борди. Зуҳра билан иккинчи қаватнинг деразасидан имо-ишора билан гаплашишди. Ҳасан шундай тушундики, ҳеч нарса керакмас, чақалоқнинг ҳам, ўзининг ҳам аҳволи яхши эмиш.
У касалхонадан чиқди-ю, дарҳол Оқчашмага жўнади.
Қайнотасиникида уни эндигина ўн олтига қадам қўйган қайинсинглиси Моҳигул қарши олди.
– Жиянча муборак, Моҳи, – деди Ҳасан оғзи қулоғида жилмайиб.
– Вуй-й! – чапак чалиб юборди Моҳигул. – Опам яхшими?! Мен ҳозир бо-ра-ман! Юринг почча, бу ерда турмайлик, бувам уйдалар, қолганлар ишда. Чақалоқнинг дарагини биринчи бўлиб мендан эшитсинлар, суюнчи оламан! Айтгандай, исми нима бўлди?
– Самандар.
– Вуй-й, зўр-ку!
– Шунақа.
Моҳигул яна алланималар деб бижиллаганича ҳовли тўридаги уйга бошлади. Ҳасан ҳар келганида жиҳозлари кўҳна бу уйга кирар, Ҳошим амаки билан суҳбатлашиб кўнгли ёзилиб кетарди. Уйнинг ичкари хонасида ойнаванд китоб жавони бор. Китоблар доришунослик, тиббиётга оид, бадиий адабиётлар алоҳида ажратиб терилган. Бир куни Ҳошим амакининг қўлида Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”ини кўрганди. Бугун ҳам китоб ўқиб ўтирган қария куёвини очиқ чеҳра билан, ўрнидан туриб қарши олди.
– Бува! Чеваралик бўлибсиз! – деди Ҳасаннинг ортида тугмачадек бўйини кўрсатолмай, ичи қизиб турган Моҳигул.
– Ия! Муборак бўлсин!
– Ўғи-ил! – Моҳигул чийиллаб қичқирди. – Исми Самандар, бува!
– Оҳ-оҳ-оҳ, исмидан айланай чеварагинамни! – Ҳошим амаки Ҳасанни қайтадан қучоқлаб олди.
Хурсандлигидан еттинчи осмонда учаётган Моҳигул чой дамлаб кирди. Ҳошим амаки билан Ҳасан бир пиёладан чой ичишди. Ҳасан безовталаниб шошиларди, туришга ижозат сўради. Ҳошим амаки унинг кўзидан бир нарсани уқиб олмоқчидек синовчан тикилди:
– Ўғлим, тўғри юрганга ташвиш ўткинчи, хотиржамлик ҳамроҳ бўлади. Мен умр бўйи нохушликларни орқага ташлаб яшадим. Мана, энди невара-чевараларим билан бағрим тўлиб ўтирибман. Ҳаёт дарёнинг тўлқинига ўхшайди, ташвишларнинг ортидан яхши кунлар ҳам келаверади. Ўткинчи дилхираликларни деб ўзингизни қийнаманг.
Бу гаплар Ҳасанга электр токи ургандек таъсир қилди. Қария ботинини саҳифаси очиқ китобдек ўқиб олаётганга ўхшади. Кечаги хато воқеаси, боши мажнунтолдек эгилиб уйга келгани, Зуҳрага гапирганларини эслаб ўз-ўзидан хижолат бўлди. Ҳошим амаки қўлини фотиҳага очиб, узундан узоқ дуо қилди. Сўнгра ўрнидан туриб, уйнинг тўридаги тахмонга борди. Кўрпа қатидан авайлаб бир нарсани олди. Ортига ўгирилганида қоқсуяк, серажин қўлида нақшинкор қинли пичоқ ялтираб турарди. Ҳасаннинг олдига келиб, пичоқни икки қўллаб унга узатди:
– Бу пичоқ отамники, чақалоқнинг бошига қўйинглар, бола ёмон туш кўрмайди. Чеварамга катта бобосидан хотира бўлсин.
Пичоқни олаётганида Ҳасаннинг юраги бир қалқди. Унга Ҳошим амаки аждодларидан мерос бебаҳо буюмини бераётганди.
– Раҳмат бува, айтганингиздай қиламан, – деди кўзлари қувончдан порлаб.
У Ҳошим амакининг уйидан руҳида кўтаринкилик билан яхши кайфиятда чиқиб кетди.

ОРАДАН ЙИЛЛАР ЎТИБ

Хотима ўрнида

…Ўғли Ҳасан Алини Бўзсув бўйига олиб келди. Энди унинг чекка сочлари оқарган, мўйловига ҳам қиров қўнгандек эди. Бироз тўлишган гавдасига кексалик нуқси урган. Синчков боқишлари ўша-ўша. Шу дамда у чуқур хаёлга чўмганди.
– Сен ўтира тур, – деди машинадан тушаётиб Самандарга.
Ўзи эса ёшлик хотираларига озор бермоқчимасдек оҳиста қадам ташлаб тўғридаги бир туп жийда томонга юриб кетди.
Ўша йили таҳририятдан ҳайдалгач, Ҳасан Али боғдорчилик совхозига оддий ишчи бўлиб ўтди. Томорқага қаради. Хуллас, тирикчилик амал-тақал кечди. Аммо ёш ижодкорнинг қалами синди. Худди қасам ичгандай Ҳасан Али бошқа ёзмай қўйди.
– Газетадан кетганингизга ачинаяпсизми? – деб сўрарди баъзан Зуҳра эрининг кўзларига меҳр билан термилиб.
– Асло, – деб кулимсирарди “қуйилган” журналист. – Газетадан мен ўз ҳақимни олиб бўлгандим.
– Қанақасига?
– Ўша ерда ишлаб мен сизни учратдим, бахтга эришдим, озми-кўпми элга танилдим…
Мана, орадан йиллар ўтди. Ҳасан Али ўзини ҳар нарса деб овутардию, бироқ ҳануз таҳририятни, ижодни қўмсарди. Шундай кезлар шу ерга, таниш мажнун жийдаси ёнига келади.
Ҳасан Али секин-аста бориб кекса дарахтнинг серажин танасини қучоқлади. Жийданинг тарвақайлаган шохлари ҳам кексайиб қолгандек эди. Новдалардаги кумушранг япроқлар енгил шабадада секин пичирлагандек туюлди. “Мен билан саломлашаяпсанми, қадрдон жийдам? – деди у ҳам шивирлаб. – Мен кексайиб қолаяпман, сен ҳам қаридинг… Ёшлик шунчалар қисқа бўладими, вақтнинг ўтишини қара, энди оёғимда қувват аввалгидекмас. Энди ҳеч нарса аввалгидекмас…”.
У жийда остига гиламдек тўшалган ажриққа ўтириб олди. Тўлиб оқаётган Бўзсувнинг қудратли оқимига термиларкан ўйлади: “Йиллар оқар сувлардек ўтиб бораётир. Унинг ёшлик даврлари ҳам шунчалар тез ўтдики, завқига тўёлмай қолди. Улар Зуҳра билан бахтли яшашди. Ўғиллари ўзларидек иймон-эътиқодли бўлиб улғайди. Аслини олганда бундан ортиқ бахт бўладими?! Ахир яшашдан мақсад, аввало, ўз юртинг, оиланг, фарзандларинг ардоғида бўлиш-ку!”

* * *

Ҳасан Али ўтган умри давомида яхши одамларни кўп кўрди. Эзгуликлардан кўнгли дарёдек тўлиб яшади. Энди, кексайганида улардан қарздор сезади ўзини. Бу эзгуликлар уммонида ёшликдаги бир саркаш ғалаён нима деган гап.
У жийданинг қизғиш-қўнғир, серажин танасига қўлини қўйиб, секин ўрнидан турди.
Дарёнинг яшил соҳили, баҳор ҳавоси Ҳасан Алининг дилига ором берди. Секин юриб машинасида кутаётган ўғлининг олдига қайтди.
– Дада, кетамизми? – деди Самандар.
– Кетамиз, ўғлим.
Самандар машинани ўт олдирди. Садафдек товланиб турган “Нексия” Оқчашманинг ўрикзор кўчасидан шамолдек елиб кетди. Ҳасан Али йўл-йўлакай бир оғиз ҳам гапирмади. Оқчашмадан чиққунларича кўча ёқасидаги уйларга ­термилиб борди. Самандар дадасининг феълига ўрганиб қолгани учун индамади. Бобосининг уйлари олдидан ўтаётганларида бир қараб қўйди. Аммо у бунга ҳам эътибор бермади. У Ҳошим амаки ўтганидан кейин қайнотасиникига кам келадиган бўлиб қолганди.
Уйга етиб келишганда ҳам Ҳасан Али ўша кайфиятда эди. Уйга кира солиб келинидан Зуҳрани сўради. Келин қайнонасининг қўшни аёллар билан маҳалладаги маъракага чиққанини айтди.
Уни ҳамон дарё бўйидаги хотиралари тарк этмаётганди. Ёлғизликни истаб, ўзининг хонасига кириб кетди.
Шифт баробар токчаларга терилган китобларга термилиб ўтириб, кўзини юмди. Бироздан кейин ўрнидан туриб, хона бурчагидаги эски жавонни очди. Газета тахламларини титкилаб, анча уринганидан кейин ўзи излаган, ўттиз йил аввалгисини топди. Бу газеталарни ўша хато муҳокама қилинган йиғилишдан кейин қўлига олмаганди. Гўёки, бу бир йил ҳаётида бўлмаган, эслашни ҳам сира-сира истамасди.
Тахламни столга қўйиб, яна оромкурсига оғир чўкди. Кўзойнагини тақиб, йиллар ўтиб сарғайган газеталарни бир-бир варақлай бошлади. Мақолалардаги имзоларга кўзи тушиб, устози Иззатилла Иброҳимовни, муҳаррир ўринбосари Абдулла акани эслади. Онасидек меҳрибон Ёдгора опанинг самимий сўзлашларини яна бир мартагина эшитгиси келди… Бехосдан кўз ўнгида Шавқиддин Хўжаев билан Қурбон Қора пайдо бўлди. Таҳририят ҳайдовчиси Зокиржоннинг чапаниларча қўлини силтаб, хонадан чиқиб кетгани хаёлида жонланди… Ўзи ёзган лавҳа, очеркларни оз-оздан ўқиб кўрди. Улар ниҳоятда самимий, жўшқин ёзилганди. Май ойига келганда саҳифаларни тез-тез варақлашга тушди. Ҳозир ўша мақола чиқади, дея ўйларди. Лекин кўнгли хотиржам. Шу дамда бунга ўзиям ҳайрон. Ахир, ўша кун бошига қанча ғавғоларни солганди! Юраги қон бўлиб, не хаёлларга борди. Энди эса буларни хотиржам эсламоқда…
Мана, ўша газета! У ички саҳифаларни очди. Учинчи бетда “Лайлаклар даласида” мақоласи ярқ этиб кўзга ташланди. Кўп йиллар аввал жумбоқ билан бошланган воқеа ёдига тушди: Раҳмоналининг “хато кетибди” деб совуқ хабар топиб келгани, ўқилган саҳифаларни зир югуриб излагани, муҳокама йиғилиши, ниҳоят Зокиржоннинг ўтирганларга қўлини силтаб чиқиб кетиши…
Унинг хаёлида буларнинг бари куни-кеча бўлгандек эди. Аммо орадан ўттиз йилдан ортиқ вақт ўтди. Йиллар саракни – саракка, пучакни – пучакка ажратди. Мана, унинг кўнглини пора-пора қилган ўша мақола! Остига “Шавқиддин Хўжаев” деб имзо қўйилган.
Ҳасан Али кўзойнагини тўғрилаб, газетага диққат билан тикилди. Узоқлаштириб яна кўздан кечирди. Сергак тортди! Не ажабки, матнда тескари сатрлар кўринмасди. Устунма устун қайта-қайта назардан ўтказди.
Тажрибали журналист матндаги номутаносибликни бир қарашда илғарди. Лекин қўлидаги газетада ҳамма сатрлар шахмат доналаридек ўз ўрнида. Ахир, мана бу устунда иккита литера тескари бўлиб қолганди-ку? Учинчи, тўртинчи устунлардаги тескари литералар ҳам йўқ. Мақола бошдан-оёқ рисоладагидек, бехато!
Ҳасан Али сеҳр-жоду, мўъжизаларга ишонмасди. Аммо шу онда ўзи гувоҳ бўлган жумбоққа ечим тополмади.
– Ё, тавба! – деди газета тахламини столга қўйиб.
Узоқ ўйланди. Минг хил тахминни тарозига солиб кўрди. Ниҳоят, ўрнидан туриб, эшикни очди.
– Зуҳра-а! – деди бошини чиқариб.
Қайтиб келиб, яна “Лайлаклар даласида”ни ўқий бошлади. Ҳамма ҳарфлар ўз ўрнида эди. Воажаб! Фаришталар тўғрилаб қўйишибдими?! Нигоҳи беихтиёр девордаги кўҳна зангли соатга тушди. Соат бир маромда чиқиллар, қўнғир тусли нозик мили тинимсиз олдинга сакраб, вақт ўтиб бораётганини билдирарди.
Хонага маъракадан қайтган Зуҳра кирди. У ҳам энди ёш эмас, аммо оппоқ чеҳра, меҳрибон нигоҳлар ўша-ўша. Фақат бироз тўлишибди, юзида кулгичга ўхшаган чизиқлар пайдо бўлган. Эгнида яшил халат, бошида мовий дурра.
– Лаббай? – деди у эшикдан кираётиб.
– “Лайлаклар даласида” мақоласи эсингдами?
Зуҳранинг қиёфаси жиддийлашди:
– Самандаримнинг туғилган куни эсимдан чиқармиди! Сиз навбатчи эдингиз. Шавқиддин Хўжаевнинг лавҳасида литералар тескари бўлиб қолган.
– Ҳа, ўша мақола.
– Бешта сатр тескари бўлиб қолганди. Мен билганман, бу ишда бирортанинг қинғир қўли борлигини. Босмахона ишчилариям айтишган. Саҳифаловчи литера тескари турганини бир қарашда пайқайди. Чоп этувчилар ёш ишчилардан экан. Кимдир шундан фойдаланган-да.
– Мана бунга қара! – Ҳасан Али очиқ газетага ишора қилди. – Бирорта хато йўқ, сатрлар жой-жойида.
Зуҳра газета тахламига яқин келди. У ҳамон кўзойнаксиз ўқирди. Очиқ саҳифага бошини эгиб турди-да, кўрсаткич бармоғини лабига босди. У ҳам нима дейишини билмасдан ажабланиб эрига қаради:
– Ўша мақола. Хато йўқ-ку?
– Уйда газеталарни ўзинг тахлам қилардинг, шундайми?
– Тўғри?..
– Мана бу тахламга таҳририятдан олиб келган газетамни тикканмидинг?
– Кўп йил ўтди ахир, эсимда йўқ.
Ҳасан газетанинг биринчи саҳифасини очди. Сарғайган ҳошияга кўк қалам билан уй манзили ёзилганди.
– Бу мен олиб келган газета эмас, почтачи олиб келгани…
Ҳасан Али ўйланиб қолди: одатда, почта ходими газеталарни рўйхат бўйича бўлиб чиқади. Кейин ҳошиясига обуначининг манзилини ёзади. Ўша йили бош муҳаррирнинг талаби билан таҳририят ходимлари ҳам ўзларининг газеталарига обуна бўлишганди.
Зуҳра ҳеч нарсага тушунолмай, кўзларини пирпиратиб Ҳасанга тикилди:
– Нега почтачи олиб келган газетада хато бўлмайди?
Бу жумбоқни Ҳасан Алининг ўзи ҳам энди тушунгандек бўлди. Фикридан даҳшатга тушди. Лекин аччиқ ҳақиқат қўлидаги газетада ярқ этиб кўриниб турарди. У Зуҳрага ҳорғин қараб, буни тан олди:
– Почтадан тарқалган газеталар хатосиз чиққан экан, – деди. – Хатолар фақат таҳририятга олиб келинган нусхаларда бўлган. Аввал сатрларни тескари қўйиб, “сигнал” нусхаларини босиб олишган, шундан кейин ҳаммасини жой-жойига қўйиб, асосий адад чоп этилган.
– Шунақасиям бўладими?!
– Бўлар экан-да.
– Бу кимнинг иши?
– Билмадим, – Ҳасан Али бошини чайқади. – Ким бўлсаям бу хатосини ўттиз йил юрагида тошдек олиб юрибди. Бечора…
Ҳасан Али бир нуқтага тикилиб, жим бўлди. Зуҳра унинг елкасини бир пайтлардагидек силай бошлади.
Хонада кўҳна девор соатининг бир маромда чиқиллаши эшитилиб турарди.

Тамом

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 8-сон