Ўткир Ҳошимов. Шудрингли ўтлоқлар (1971)

САЁҲАТНОМА

Туйнукдаги юлдузлар

Энг оғир кишанинг — уйингнинг остонаси, депш ҳикматни қайси донишманд айтган бўлса, топиб гапирган экан. Кундалик ташвишлар, югур-югурлар билап шу қадар ўралашиб қоласизки, остона ҳатлаб, узоқроқ жойга чиқишга юрагингиз бетламай туради. Лекин остона «кишанидан» чиқиб олгандан кейин, руҳингизда алланечук енгиллик сезасиз. Сафар гашти вужудингизга майин бир куй каби сингиб кетади.
Бизлар етти киши эдик. Бешовимиз тошкентлик «меҳмонлар», яна икки киши мезбонлар эди. Энг олдинда йил бўйи совутилган саман отининг жиловини маҳкам ушлаб Абдуманноп ака борарди. Унинг чинакам чаван-дозлар каби эгарга ёпишиб ўтиришини, офтобда қизарган силлиқ чеҳрасини кўрган киши бу одам неваралик эканига ишонгиси келмайди. Унинг бутун ҳаракатларида йигитлик шижоати жўшиб туради. Абдуманноп ака Четсув қишлоғидаги Байнал-Минал қишлоқ йиғинида бир неча йил раислик қилган, ҳозир ҳам уни ҳамма оқсоқол деб атайди.
Чавандозларнинг энг охирида Шамат ака боради. Турмуш машакқатлари унинг кўз қарашларида, онда-сонда айтиб қоладиган гапларида, эрта оқарган сочларида ўз тамғасини қолдирган. У урушда қатнашган, бир қўлидан айрилган, бир неча йил илгари ўзи яшаб турган уйни тоғ оралиғидаги Эртош қишлоғининг бошланғич мактабига бўшатиб бериб, Оққўрғонга кетган, кейин яна қишлоғига қайтиб келган. Чавандозликда у ҳам «оқсоқол»дан қолишмайди.
Фақат биз — «меҳмонлар» бир соат юрар-юрмас, от миниш машинада ястаниб ўтириш эмаслигини билиб қол-дик. Аввалига юмшоққина туюлган эгар энди шундай азоб беришга тушдики, бетоқат бўла бошладик. Аммо манзил олис. Олтмиш чақирим йўл босиб, Арашонбува деган жойга боришимиз керак.
Отлар пишқириб-пишқириб қўяди. Тоғ сўқмоғидан кўтарилаётганда, бўйни терлаб, ёли ёпишиб кетади. Ҳарсиллаб нафас олади.
— Эгарда ҳадеб қимирлайверманглар. Бир текис ўтириб, отни ўз ҳолига қўйиб беринглар, — деб маслаҳат беради Абдуманноп ака.
«Бир текис ўтиринглар…» Айтишга осон. От тиккага кўтарилаётганда, эгарнинг қошига ёпишамиз. Пастга тушиш ундан ҳам азоб. Негадир ҳозироқ от қоқилиб кетадигандай, бўйнидан ошириб ташлаётгандай туюлаверади.
Атроф сокин. Белга урадиган ўтлар шабадада оҳиста тўлқинланади. Негадир, қушлар ҳам сайрамайди, чигирткалар чирилламайди. Гўё бутун табиат мана шу улуғвор сукунатни бузишни ман этиб қўйгандай. Фақат отлар пишқиради. Туёқ товушлари бўғиқ гурсиллайди. Аҳён-аҳёнда сой учрайди. Тошларга урилиб айқираётган сув товуши анчагача қулоқ остида шовиллаб туради.
— Мана шу қирдан ошсак, Қизилчага етамиз. У ёғи Келинчаккача ўн беш чақирим, — дейди йўл бошловчимиз қамчи билан имо қилиб.
Қўл чўзса етгудек «мана шу» қирдан ошиш учун ҳам беш чақирим юриш керак.
Яна ўша туёқ товушлари. Яна ўша сокин гўзаллик. Қирнинг тепасига чиққанда, орқага қарасангиз, бошингиз айланиб кетади. Ажиб ҳақиқат: одам босиб ўтган йўлига эмас, босиб ўтиши керак бўлган йўлига қараши керак. Аммо, барибир, олисда — пастликда қолган бахмал ўтлоқ, илон изи сўқмоқ оловдай иссиқ кўринади кўзингизга.
Ниҳоят, олдинда — ясси адир ўртасида ялтираб оқаётган сой, соҳилда турган уч-тўрт ўтов кўринди. Отлар манзил яқинлигини билгандай қадамини тезлатди.
— Уркинбойнинг ўтови, — деб тушунтирди ҳамроҳимиз. — Фарғонадан келган чўпонлар шу ерда тўхташган.
Сойдан ўтишимиз билан, иккита каттакон ит акиллаганча югуриб келди. Ўрта бўйли, елкалари хиёл туртиб чиққан киши ўтовдан чиқиб қарши олди.
— Келинглар, — деди у қисиқроқ кўзларини йилтиллатиб. Унинг дўрдоқ лаблари яхши юмилмас, негадир тишлари туртиб чиққанга ўхшаб кўринарди.
Отдан тушгандан кейин, бир лаҳза қадам босолмай қолдик. Оёқлар акашак бўлиб қолибди.
— Қалай, от қоқиб ташламадими! — деди уй эгаси табассум билан.
Бир соат дам олар-олмас, ҳамроҳимиз яна шоширди.
— Ҳаво айнияпти. Тезроқ етиб олмасак, қоронғига қолиб кетамиз. Йўл қалтис.
Уй эгаси ҳам қаршилик билдирмади:
— Келинчакда эртага қиёмат тўй бўлади. Улоқ бўлади.
…Яна ўша паст-баланд йўллар бошланди. Фақат, энди осмонни булут ўраган, аччиқ совуқ турган эди. Қизиқ, саратонда қаҳратон…
Кунботар чоғида тик жарлик тепасига келдигу, ажиб бир манзарани кўрдик. Уч юз метрча пастликда қатор ўтовлар тизилишиб турар, хотин-халаж, бола-чақалар товуши, отларнинг кишнаши қулоққа чалинар, ўтовлар олдида олов ялтирар эди.
— Улоқ катта бўладиганга ўхшайди. Қаранг, юздан ортиқ от тўпланибди.
Яқин келишимиз билан бир неча йигитлар югуриб-елиб жиловни тутишди.
Ўтов ичида дарров олов ёқилди. Совқотган баданга иссиқ югурди.
— Фарғонанинг чўпони борки, баҳор келигни билан шу томонга кўчиб чиқади, — деди ўтов эгаси Бўзвой ака тушунтириб. — Яйловлар кенг, ўт сероб. Мана энди тўй мавсуми бошланди. Тўйлар бир-бирига уланиб кетаверади.
…Тун яримдан оққанда атроф тинчиб қолади. Фақат итлар акиллайди. Совитилган отлар бетоқат кишнаб қўяди. Қўшни ўтовда бола йиғлайди. Онаси алла айтади. Ўртадаги арча ўтиннинг чўғи ёқут нуқралардай қизариб кўринади. Ўтов керагасига илиб қўйилган ялтироқ тақинчоқлар, бир чеккадаги сандиқ тунукаларида шафақ ўйнайди. Туйнукдан эса ёрқин, пастак юлдузлар мўралайди. Улар жимгина боқувчи ўйчан кўзлар каби тикилиб тураверади-тураверади, беихтиёр хаёл олиб қочади кишини.
Ривоят қилишларига қараганда қадим замонларда бир қишлоқни ёв босибди. Йигитларни қиличдан ўтқазиб, қизларни оёқости қилишибди. Ёлғиз бир келинчак душманга бўйсунмабди. Тоғ-тошлар ошиб, мана шу ерга, икки тоғ орасидаги ўтлоққа келиб, у ёғига ўтолмай қолибди. Душман қўлига тушгандан кўра, тошга айланиб қолай деб илтижо қилибди. Чиндан ҳам тошга айланиб қолибди. Ўшандан буён бу ер Келинчак деб аталармиш.
Бора-бора ҳаммаёқ жимиб қолади. Ўчокдаги чўғ сўнади. Ташқарида отлар кишнамайди, итлар ҳуримайди. Ҳамма уйқуга кетади. Фақат туйнукдан боқиб турган юлдузлар бедор. Вафодор келинчак хотирасини қўриқ-лагандай ўйчан тикилиб туради…

Ҳар нарсанинг ўз гашти бор

Яқингина жойда бузоқнинг чўзиб маърашидан уйғониб кетдим.
Ўтов туйнуги ёришиб, унда кечаги юлдузлар ўрнида ложувард осмоннинг бир бўлаги кўриниб турарди.
Оқшомда ҳаммани қақшатган совуқ тугаб, илиқ, тароватли тонг отган эди. Ўтовлар аллақачон уйғонган, ҳаммаёқда тўй тараддуди сезилар, ҳар ер-ҳар ерда қозон осилган, болакайлар ирғишлаб ўйнашар, чамаси кечаси тағин улоқчилар келишган бўлса керак, отлар янаям кўпайган эди. Кунчиқар томондаги тепалик ортидан қуёш мўралади. Шу ондаёқ унинг нурлари бутун ўтлоққа сепилгандай майсалар юзида нурли нуқралар ярқираб кетди.
Қачондир болалигимда шудрингда ялангоёқ юриш даво, деган гапни эшитгандим. Ким билсин, балки ростдир. Тизза бўйи ўтлоқда шудринг кечиб югуриш чиндан ҳам гаштли экан. Қўл чўзса етгудек қорликлардан шалдираб тушаётган сойда сесканиб-сесканиб ювиниш ҳам, сувнинг шовиллашига қулоқ солиб узоқ хаёлга чўмиш ҳам ҳаёт гаштли эканини таъкидлаётгандек бўларди.
Пешинга яқин ўтлоқ янаям гавжум бўлиб кетди. Тўй хизматчилари елиб-югуради, биров лаганда ош ташийди. Биров келган меҳмоннинг отига ўт ташлайди. Яйловларда камёб бўладиган нарсаларни атайлаб олиб келган атторлар эгар, юган, бигиз, қамчисини мақтайди.
— Шоир келди, тўй ана энди қизийди, — деди кимдир тантана билан.
Эчкидеккина ихчам, аммо чайир от минган ўрта бўйли қирғизни ҳамма ўраб олди. У беқасам тўн кийиб, қўш белбоғ боғлаб олган эди. «Шоир» илтифот кутиб ўтирмай, эгардан тушмасданоқ ўқиб кетди:
Менинг отим Болтавой,
Излаб келдим элингга,
Қувват берсин белингга…
Тўй эгаларидан бири «шоир»нинг оғзидан муттасил отилиб чиқаётган пала-партиш мисралар оқимини тўхтатиш учун бўлса керак, қичқирди:
— Шомақсудни бир мақтанг…
«Шоир» ўзига аталган пулни олди-ю, сахий Шомақсудни мақтаб кетди:
Бўзбошим бўлганида,
Бўз болам ўлмасмиди.
Ялпизим бўлганида,
Ёлғизим ўлмасмиди…
Сахий мезбон Шомақсуд
Мақсудингга етарсан
Илгарилаб кетарсан…
Хуллас, ким пул берса, ўшанга узоқ ҳамду санолар ўқилди. Охири мақтовталаб сахий қолмади шекилли, «шоир» тер қуйиб келаётган пешанасини арта-арта эгардан тушди.
— Энди улоқ бўлади, — деди йўл бошловчимиз адир этагини кўрсатиб. — Қаранг, уч юзга яқин от тўпланипти.
«Мақтов» билан овора бўлиб сезмай қолибмиз. Ўтовлардан ярим чақиримча нарида тўда-тўда отлар тўпланиб турар, бошини қийиқ билан танғиб олган чавандозлар улоқ бошланишига ишора кутгандай бетоқат югуришар эди.
Ниҳоят, отлар бир ерга тўпланди. Тўй эгаси улоқни ерга осилтиргудай судраб бориб ўртага ташлади-ю, ўзи чеккага чиқди. Ғала-ғовур бўлиб кетди. Ҳамма отлар бир томонга қараб тўлқиндек сурила бошлади.
— Улоқ оғир кўринади, — деди йўл бошловчимиз синчиклаб қараб. — Икки ёшлик новвосни ташлаган экан. Чавандозларга қийин. — У мийиғида кулиб қўйди. — Совринига от қўйилибди.
Қамчи садолари, отларнинг нола чекиб кишнаши, қизишиб кетган чавандозларнинг сўкиниши осмонни титратди. Жийрон от минган бир чавандоз, энгашган кўйи, новвосни чангаллаганча даврадан чиқди. Анча жойгача судраб келди-ю, кейин бошқалари уни ўраб олишди. Бир оздан кейин отлар тўлқини терс томонга сурилиб кетди. Бояги жойда ўша жийрон от билан эгаси қолди. У негадир бошқа чавандозлар кетидан югурмас, юзини чангаллаганча, эгарда мункайиб қолган эди.
Яқинроқ келдигу, унинг қийиқча танғилган пешанасидан қон оқаётганини кўриб ҳайратдан оғиз очиб қолдик. Бу — ўн олти-ўн етти ёшлардаги қотмагина йигитча эди.
Кимдир, яқин бориб, жийрон отнинг жиловидан ушлади-да:
— Ювиниб ол, — деди йигитчага.
Йигит бошини кескин кўтарди-да, кафти билан пешанасини артиб, жеркиб берди.
— Ишингиз бўлмасин! — у отига шундай шиддатли қамчи урдики, жийрон бир сапчиб, қуюндай учиб кетди.
— Парво қилманг, — деди Абдуманноп ака кулиб. — Бу йигитлар пишиб кетган. Ҳамма нарсанинг ўз гашти бор. Улоқнинг лаззати ҳам мана шунда… Аммо бугун кураш ажрим бўлмайди. Биронтаси маррага улоқни олиб чиқишга кўзим етмай турибди. Кетдик, йўлдан қолмай-лик.
…Орқага, тўда-тўда отлар югуриб юрган водийга қарай-қарай яна йўлга тушдик. Қизиқ, улоқда чавандоздан кўра отнинг хизмати кўпроқ тақдирланади. Мабодо, учқур от эгаси ўзи тўдага киришни хоҳламаса, отини энг олғир чавандозга бериб туриши мумкин. Чавандоз эса ундан мукофот олади.
Отлар ҳам, ўзимиз ҳам толиққач, Ёйиқ деган жойда тўхтадик. Чиндан ҳам бу ерда тиниқ бир сой ёйилиб оқар, атрофда оппоқ гулхайрилар очилиб ётар, аммо дарахт кўринмас эди. Умуман, бу атрофларда дарахт ҳам, қушлар ҳам кўзга онда-сонда чалинарди.
— Ўша қорнинг тагига етсак, марра бизники, — деди йўл бошловчимиз кун ботар томондаги чўққини кўрсатиб.
Энди отлиқ юришга анча кўникиб қолган бўлсак ҳам, яна эгарга ўтириш малол келар, аммо ўзга чора йўқ эди. Кун қайтиб тағин совуқ турди.
Ўтлаб юрган отларимизни эгарлаётганимизда, саккиз-тўққиз ёшлардаги қирғиз қизалоқлар келиб қолишди. Қизил кўйлак кийган, майдалаб ўрилган сочига пилик таққан бу қизалоқлар бирданига пайдо бўлганига ҳайрон қолдик. Улар узун этакларини қайириб тезак териб юришарди. Чамаси, пастроқда — сойнинг нариги бетида кўриниб турган овулдан келишган бўлса керак.
— Овулга қўниб ўтармишсизлар, — деди қизалоқларнинг тикроғи йўл бошловчимизга қараб.
Овул етти ўтовдан иборат бўлиб, сайҳон майдонга жойлашган, чекка-чеккада ўтин сочилиб ётар, ўтов панасида ўтирган хотин-халаж бири кечки овқат пиширар, бири шолча тўқиш билан банд эди.
— Арашонга кеч қолдиларинг, у ерда кўрпа-тўшак йўқ. Ҳамма йўловчилар шу ерда тунаб ўтишади. Сизлар ҳам қолинглар, — деди ўртадаги ўтов олдида ўтирган гавдали аёл.
— Эркаклар кўринмайди-ку, ноқулай бўлмасмикин, — деди Абдуманноп ака иккиланиб.
— Келинчакка — улоққа кетишган. Эртага қайтишади.
Аёл бизнинг қололмаслигимизни эшитгандан кейин, ўтовдан кўрпача, пўстин олиб чиқди.
— Бўлмаса совқотиб қоласизлар, қайтишда ташлаб ўтарсизлар.
Етти ёт бегона кишиларга шундай самимий муомала қилган қирғиз аёлига миннатдорчилик билдириб, тағин йўлга тушдик.

Дунё кенг

Қиррадор тошлар сочилиб ётган паст-баланд сўқмоқлардан юравериб, отлар ҳам толиқди. Баъзиларининг туёқлари тушиб, оёғи қонаб кетган эди. Фақат йўл бошловчимизнинг саманигина ҳамон тизгинга бўй бермай илдам борар, қўйиб берса учиб кетгудек ҳоли бор эди. Энг орқада эса Шамат аканинг жийрони худди эгаси каби жимгина, аммо бир текис, собит қадамлар билан юриб келарди.
Манзилга етиб келганимизда қуёш ботиб кетди. Шундоқ бошимиз устида қад кўтариб турган тоғда қор кўринар, муздай шамол изилларди. Тоғ белида жойлашган кулбанинг тош девори орасидаги пастак эшик очилиб, ёши етмишлар атрофидаги чол пешвоз чиқди. У яктак кийиб олган, баланд гавдасини ғоз тутиб турар, ўсиқ қошлари остидан қўкишроқ кўзлари мағрур боқар эди.
— Келинглар, — деди у ҳаммамиз билан қўл олишиб сўрашаркан. Аммо таъзим-тавозе қилиб ўтирмади. Унинг юзида баъзи табаррук ҳисобланган жойларни эгаллаб олган «шайхлар»га хос таъмагирлик мутлақо сезилмас эди. Чолнинг бутун вужуди «мен меҳнат кишисиман, бу ерда, ягона кулбамда одамларга паноҳ беришим мумкин, хоҳласанг шу, хоҳламасанг билганингни қил», деб турарди.
Тик турсангиз бошингиз шифтга тегадиган, ўртасида устун қаққайиб турган кулбага кирдик. Ҳужра деворлари тошдан тикланган, хомсувоқ ҳам қилинмаган, ёзув дафтаридек кичкинагина туйнукдан оқшомнинг ўлимтик нури аралаш совуқ кириб турарди. Девор ва томи қурумдан қорайиб кетган, зах ерга тўшалган намат устига икки-учта шапарак кўрпачалар ташланган эди.
Зум ўтмай қоронғилик чўкди. Чол ўнинчи лампа кўтариб кириб, устундаги михга осди. Абдуманноп ака эски таниш бўлгани учунми, чолни гапга солди.
— Бу ёққа чиққанингизга анча бўлгандир, ота? Чол ўсиқ қошлари остидан унга қараб қўйди.
— Бир ҳафта бўлди, — деди босиқ овоз билан, — кеча қор ёғди. — У ҳаммамизга синовчан қараб қўйди-да, индамай чиқиб кетди.
— Бу ерда июлнинг бошида ҳам қор бўлади, — деб тушунтирди Абдуманноп ака. — Августнинг ярмидан бошлаб тағин қор босади.
Бир оздан кейин юзлари қип-қизил, кўҳликкина кампир кирди. У чолнинг тамомила акси эди. Қарашлари жонли, сўзамол экани кўриниб турарди. Косада эчки қатиғи узатаркан, Абдуманноп ака билан сўрашиб олди.
— Қишда бу атрофларда қор уч метрга чиқади-ку, уйни босиб қолмайдими, — деди йўл бошловчимиз ҳужранинг омонат деворларига имо қилиб.
— Э, босиб қолмайди, оқсоқол, — деди кампир кўзла-рида мулойим ўт ёниб. — Эриб, икки четидан оқиб кетаверади.
Қизиқ, тоғнинг қоқ белида жойлашган шу кулбани сув четлаб ўтишига ақл бовар қилмасди.
Овқатланиб бўлишимиз билан йўл бошловчимиз яна қистади.
— Бўлинглар, булоққа тушамиз. Бисотимиздаги бор иссиқ кийимларга ўралиб олсак
ҳам совуқ вужудимизни титратар, чамаси, кечаги қорнинг заҳри ҳали кетмаган эди.
Шоша-пиша ечиндигу, атрофи цементлаб ҳовузча қилинган булоққа ўзимизни урдик. Сув илиқ, ўттиз даражадан юқори бўлгани учун роҳатбахш эди.
— Шу кунларда Тошкентда одамлар иссиқдан қочиб, ўзини сувга уряпти. Бизлар бўлсак, совуқдан қочиб, иссиқ сувга тушиб ўтирибмиз, — деди кимдир.
Рост гап. Иссиқ минерал сувнинг тафти чарчаган танларга ором берар, киши бош кўтариб чиққиси келмасди.
Узоқда — Ёйиқ сойнинг тепасидаги қир ортида тўлин ой кўринди. Бир лаҳзадан кейин мулойим нур бутун водийни, узоқларда ялтираб ётган сойни, паст-баланд тепаликларни сукунат туманига буркади. Боя булоққа тушганда ҳаммамиз бир-биримизга гап бермай чуғурлашган эдик. Ҳозир бўлса ой нури ўзининг майин, сукутли юки билан елкамиздан босаётгандек жимиб қолдик. Ҳозир ҳар ким ўз хаёли билан банд эди. Аммо ҳаммамиз ҳам бир нарсани — дунё бепоён эканини, унинг ўз қонунлари, ўз сеҳри борлигини ўйламай иложимиз йўқ эди. Мана шу булоқ ҳам, ой нури ҳам, сутдек сукунат остида ўзининг муздай тўлқинларини ярақлатиб ётган сой ҳам табиатнинг мангу бир сеҳри эмасми? Бизнинг оламга ўт сочгудек ташвишларимиз, ғам-кулфатларимизу қувончимиз, олижаноблигимизу худбинлигимиз — барчаси майда нарсалар эмасми? Табиатга яқин турган киши тозароқ бўлади, деганлари шу эмасмикин?
Ҳар ким ўз туйғуларига берилиб, узуқ-юлуқ савол-жавоблар билан ҳужрага қайтиб тушганимизда, тун ярмидан оғган эди.
Чол бизни кутиб турган экан.
— Кўрпа-тўшакнинг мазаси йўқ, — деди у хотиржам қиёфада.
— Булоқни сиз ҳовузча қилиб қўйганмисиз? — деди суҳбатдошларимиздан бири.
— Ҳа, мен.
— Цементни қаёқдан олгансиз?
— Вертолётда олиб келишган.
— Булоқ сувини докторлар текшириб кўришганми?
— Қайдам, — чол совуққон жавоб қилди, — бир келишганди. Одамлар ўзича яра-чақага, бел оғриқ, оёқ оғриғига даво дейишади.
Чол бирпас қараб турди-да, чироқни пасайтирди.
— Отларга ўт ташлатиб қўйдим. — У шундай деди-ю, чиқиб кетди.
Кўрпача билан пўстин берган қирғиз хотин рост айтган экан. Амаллаб тиқилишиб олдик-да, донг қотиб ухлаб қолибмиз…
— Энди қорга чиқамиз, — деди йўл бошловчимиз нонушта устида.
Булоқдан юқорилаб яна бир қоядор тепаликни ошгач, кўм-кўк кўлга кўзимиз тушди. Кўлнинг нариги соҳилида — новвот ранг қоялар қоплаган тик жарликда қор оқариб ётарди.
— Бу Туморкўл, — тушунтирди ҳамроҳимиз. — Умуман, бу ерда кўл кўп. Туморкўл, Чуқуркўл, Тулпоркўл… Оҳангарон дарёси шу ердан бошланади. Кўлларнинг энг каттаси — Тулпоркўл.
Отлар сескана-сескана тик сўқмоқдан ўтгач, қаршимизда яна бир кўл пайдо бўлди. Кўл жуда чуқур бўлса керак, суви қорайиб ётар, нариги соҳилда палаҳса-палаҳса муз бўлаклари кўзга ташланар эди.
Қирғоққа етганимизда ҳамроҳларимиздан бири сувга қўлини тиқди-ю, дарров тортиб олди.
— Жуда совуқ экан.
— Шунинг учун бу ерда балиқ бўлмайди. Бу сувда ҳеч қандай жонивор яшамайди. Геологларнинг айтишича, Тулпоркўл денгиз сатҳидан 3200 метр баландда жойлашган экан.
Ривоят қилишларича, бу сувда фақат бир тулпор от яшармиш. У йилда бир марта — кечаси сувдан чиқиб, яна сув тубига кириб кетармиш. Қадим замонларда бир йилқичи шу тулпордан тойчоқ олиш ниятида ўз биясини олиб келиб, кўл бўйида тунаб қолибди. Чиндан ҳам келгуси йили бияси ажойиб бир тулпор қулунлабди. Қулун йил эмас, кун сайин ўсиб бораётганини кўрган йилқичи яна биясини олиб келибди. Той ҳам онасига эргашиб келибди. Йилқичи кўл соҳилида ётиб, кутиб турибди. Ярим кечада сув тулпори кўлдан чиқибди-ю, бияга қарамай, тойчоқни эргаштириб сув тубига кириб кетибди.
Неча кундан буён суҳбатимизга онда-сонда аралашаётган Шамат ака ҳозир ҳаяжонланибми, завқланибми, шу афсонани ҳикоя қиларкан, кўзларида ўт чақнаб кетди.
Кўл эса, бизнинг суҳбатимиздан бехабар, қуёш нурида майин мавжланиб жимгина тўлқинланар, фақат олисда нариги соҳилдаги музлар орасидан тушаётган сув бўғиқ шовиллар эди.
— Анави Келинчакдаги тўйда шеър ўқиган «шоир» эсингиздами? — деди Абдуманноп ака қайтаётганимиз-да. — Ҳар гапида бўзбошим бўлганида, бўз болам ўлмасмиди, деган эди-ку. Ҳозир ўша бўзбошни кўрасиз. У фақат қорга яқин жойларда ўсади.
Бўз ранг майда гулли гиёҳларни йиғиб яна кулбага тушдик. Чолда қуритилган бўзбош бор эди. Дамлаган эди, кўкчойдек тиниқ, қаҳрабо рангли чой чиқди. Ичимликнинг ҳиди ўткир, хушбўй эди.
— Медицинада бўзбошдан фойдаланишадими, йўқми билмайман, — деди йўл бошловчимиз. — Аммо бир ҳафта ичида ўзим синаганман. Қон босимини кескин тушираркан.
…Иссиқ Арашон булоғи ҳам, вазмин сукут сақлаб турган тошлар ўртасида тунлари чироқ порлатиб, одамларга йўл кўрсатган чол кулбаси ҳам, афсонавий Тулпоркўл ҳам орқада қолди.
Чол тадбирли экан. Отларни яхшилаб тўйғазганиданми, Ёйикдаги қирғиз овулига тез етиб келдик. Балки юриб ўтилган йўлдан қайтиш ҳамиша осон туюлиши учун шундай кўрингандир. Ўзининг борини биздан аямаган қирғиз аёлига раҳмат айтиб, йўлимизда давом этдик.
Эрта оқшомда Келинчакка етиб келдик. Тўй пастдаги овулга кўчган экан.
Эртасига Қизилчада — Уркинбойнинг ўтови олдида тўхтадик. Уркинбой эшик қаршисида тавозе билан кутиб олди. Қисиқроқ кўзларида табассум билан таъзим қилди.
— Зиёратлар қабул…
Арашон бувага кетаётганимизда эрлари тўйга кетган бўлса ҳам бир ўтовни бўшатиб бермоқчи бўлган, қўниб ўтишимизни илтимос қилган қирғиз аёл, ўзгалардан ўнларча чақирим узоқда — тоғлар орасида одамлар учун чироқ ёқиб ўтирган мағрур чол билан унинг мулойим кампири кўз ўнгимиздан кетмас эди…
1971 йил.