Ўткир Ҳошимов. Қалбнинг оппоқ дафтари (1981)

Ривоят қиладилар: кунлардан бирида султон Ҳусайн Бойқаро шикорга — овга чиқишни ихтиёр этди. Унга ҳазрат Алишер Навоий ҳамроҳ бўлди. Шикордан қайтар эканлар, бир қишлоқдан ўтдилар. Кўча четида турган олти-етти ёшлардаги болакай салом берди. Султон Ҳусайн қўлини кўксига қўйиб, алик олди-ю, ўтиб кетаверди. Алишер Навоий эса болани кўриб отини тўхтатди. Пастга тушиб бола билан қўшқўллаб кўришди. Кейин тағин отига миниб, йўлида давом этди. Навоийнинг бу иши шаҳаншоҳни ҳайрон қолдирди.

— Мавлоно, — деди у Навоийга юзланиб, — сиз салтанатнинг вазири бўлсангиз, бунинг устига жаҳонга таниқли шоир бўлсангиз, наинки гўдак бир болага шунчалар мурувват кўрсатурсиз?!

— Олампаноҳ, — деди Навоий жилмайиб. — Гап болада эрмас. Гап шундаки, бир вақтлар шу боланинг бобоси меним саводимни чиқазган эрди. Мен устозимнинг етти пушти олдида ҳамиша қарздордурмен…

Бу воқеа чиндан ҳам бўлганми-йўқми, номаълум. Бироқ Навоийдек зукко инсондан худди шундай ҳаракатни кутиш ҳеч кимни ажаблантирмайди. Умуман, ҳамма халқлар ҳамма замонларда ўқитувчини буюк инсон ҳисоблаган. Ўзбеклар ҳурмат қилган кишисини, илмли одамларни устоз, домла деб иззатини жойига қўяди. Озарбайжонлар муаллим деб эҳтиром кўрсатади. Тожиклар устод дейди. Руслар учуи «учитель» деган сўз жуда кенг маънони англатади. Бироқ бу сўзларнинг ҳаммасини ягона маъно — катта ҳурмат маъноси бирлаштириб туради.

Ўқитувчиларнинг моддий ва маънавий таъминоти кейинги йилларда бир қадар яхшиланди. Бу борада яна кўп хайрли ишлар қилинмоқда. Шунга қарамай айрим одамларнинг ўқитувчилик касбига муносабати мени кўп ўйлантиради. Бугунги кунда ўқитувчининг обрўси қай даражада?

Эсимда, ўшанда ёш бола эдим. Бироқ аниқ ёдимда бор: эллигинчи йилларда ғалати қоида бор эди. Бировнинг қизига ўқитувчидан совчи келса, ота-онаси деярли иккиланмасдан рози бўларди. Ҳозир ўқитувчидан қизига совчи келса, энсаси қотадиган ота-оналар оз эмас. Лекин, «бели бақувват» одамдан совчи келса, деярли иккиланишмайди. Илгарилар давранинг энг тўрида ўқитувчи ўтирарди. Ҳозир… Билмадим, ҳар қалай ҳамма давранинг тўрида ҳам ўқитувчи ўтиравермайди. Яқинда «бойвачча» йигитлар даврасига кириб қолдим. Хўп замонавий кийинган, кўринишидан зиёлинамо, тилла тиш қўйган йигит ғалати латифа айтиб берди. Бир одамнинг боласи ўлгудек шўх экан. Бунинг устига нуқул «икки» оларкан. Бироқ дадаси бадавлат киши экан. Бир куни ўқитувчи унинг уйига ҳасрат қилиб келибди. Шундоқ-шундоқ, болангизнинг хулқи ёмон, ўқишнинг мазаси йўқ, бу кетишида одам бўлиши қийин, дебди. Отаси ўйлаб ўтирмасдан қўл силтабди. Барибир уйда ҳам бекор юради-да, мактабга қатнаб турсин, жа-а-а бўлмаса, маълим-паълим бўлар, дебди. Даврадагилар хахолаб кулишди. Мен зил кетиб ўтирардим. Эҳтимол, бу шунчаки хушчақчақ латифадир. Лекин унинг тагида жуда мудҳиш маъно бор. Наҳотки, ўқитувчи деган касбнинг қадри шунчалик пасайиб кетган бўлса?! Бунинг учун ким айбдор, нима айбдор! Ахир биз мактабда ўқиганимизда ўқитувчига фақат болаларнинг эмас, ота-оналарнинг эҳтироми ҳам ғоят кучли эдику. Қишлокдами, шаҳардами, энг та-баррук касб ўқитувчилик касби саналарди-ку.

Биринчи марта мактабга борганим эсимдан чиқмайди. Биринчи куни дарсга кирдим-у, эртасига бормай қўя қолдим. Ўқитувчимиз чиройлимас экан. Бурнипи энлай олмайдиган мендек жибилажибоннинг ўқитувчи чиройли-чиройли эмаслиги билан неча пуллик иши борлигини ҳамон тушунолмайман. Лекин ўқитувчи опа ёқмади, вас-салом! Уйга келиб, иккинчи марта мактабга бормаслигимни «тантана билан» эълон қилдим. Дадам бунақа оби дийдаларни эшитса аяб ўтирмасди. Уч кундан кейин яна мактабга зипиллаб қолдим. Аммо ўқитувчимни барибир яхши кўролмасдим. Кейин қизамиқ тошиб ётиб қол-дим. Шунда қизиқ воқеа бўлди. Худди ўша ўзимга ёқмаган ўқитувчи опа мени кўргани келди. Анчагача бошимни силаб ўтирди. Ўша кундан бошлаб опам мен учун дунёдаги энг чиройли одам бўлиб қолди…

Хўш, ҳозир педагоглар орасида шундай ўқитувчилар йўқми? Бор! Оз эмас. Қишлоқда ишлайдиган Асқар Жўраев деган физик дўстим бор! (Дарвоқе, бу йигит шоир Султон Жўранинг жияни бўлади.) Ҳар гал шу дўстим билан суҳбатлашганимда, унинг илм доираси нақадар кенглигига қойил қоламан. Эйнштейннинг нис-бийлик назариясини менга шу йигит тушунтириб берган. Майли, бу-ку, ўзининг соҳаси. Бироқ у адабиётни жонидан яхши кўради. Бундан ташқари уйида диннинг келиб чиқишию йўналишларидан тортиб, Америка миллиардерлари ҳаёти тасвирланган китобларгача — ҳаммаси бор. Бу йигит билан қайси соҳада гаплашманг, бемалол фикрлашади.

Яқинда бундан роса йигирма йил илгари мактабни битирган йигитлар бир пиёла чой устида суҳбатлашдилар. Суҳбатга мени ҳам таклиф қилишди. Улар орасида агроном билан механизатор ҳам, медик олим билан география фанлари номзоди ҳам, шоир ҳам бор эди. Ҳам-малари болалик йилларини эслаб чувиллашар, ўзлари ҳам ёш болага айланиб қолишганди. Уларнинг шу ҳолатини томоша қилишнинг ўзи завқли эди. Шу пайт хонага қорачадан келган, гавдали киши кириб келди. Ёшлар гурр этиб ўринларидан туришди. Меҳмонни қучоқлаб кетишди. Бу — уларнинг собиқ домласи эди. Йигитлар бирдан мулойим тортиб қолишди. Йўқ, улар ўртасида самимий суҳбат узилмади. Бироқ ўқитувчининг салобати босгани учун ҳурматини жойига қўйиб ўтиришарди.

Кўриниб турибдики, ҳурматга лойиқ муаллимлар ҳам, устозини ҳурмат қиладиган шогирдлар ҳам кўп. Бироқ барибир кейинги йилларда ўқитувчи деган унвоннинг олий даражаси айрим кишилар назарида ўзгарганлиги ҳам рад этиб бўлмайдиган гап. Хўш, бунинг сабаби нима? Назаримда, бунинг ўқитувчига боғлиқ бўлган субъектив сабаблари ҳам, боғлиқ бўлмаган объектив сабаблари ҳам бор.

Келинг, энг аввал ўқитувчининг ўзига боғлиқ бўлган томонларини олайлик. Бундан йигирма-ўттиз йил илгари шаҳарда ҳам, айниқса, қишлоқда ўқитувчи даражасидаги илмли одамлар кам эди. Ўқитувчи билган нарсани, педагог ўқиган китобларни кўпчилик билмас, кўпчилик ўқимаган бўларди. Энди шаҳарда ҳам, қишлоқда ҳам барча илмли. Ҳар бир қишлоқда икки-уч нафардан олим бор. Мана шу илм тараққиёти олдида ўқитувчи ярқ этиб ажралиб кўринмайдиган бўлиб қолди. Кечаги шогирд бугун ўқитувчининг ўзидан кўра кўпроқ илмга эга. Хўш, бундай вазиятда педагог нима қилиши керак? Бундай ҳолатда у фақат бир йўл билан ўз мавқеини сақлаб қолиши мумкин. У фақат конспект тузиш билан овора бўлмасдан, ўз устида мунтазам ишлаб бориши керак. Ҳолбуки, ўқитувчилар орасида ўз фанини наридан-бери билиб олиб, дарсга кириб-чиқиб юрадиган педагоглар оз эмас. Ҳафтада фалон соат дарси бўлса, шуни ўтиб фалон сўм ойлигини олса бўлди. Бошқа нарса билан иши йўқ. Бундай вазиятда педагог албатта бошқалардан ажралиб туролмайди-да! У фақат ўқитувчи бўлибгина қолмасдан, зиёлиларнинг йўлбошчиси бўлиши керак-ку!

Кейинги пайтларда матбуотда ўқитувчининг кийиниш маданияти ҳақида кўп гаплар бўлди. Бу масалага фақат бир томонлама қараш, менимча, тўғри эмас. Яъни, педагог албатта қордек оппоқ ёқали кўйлак, қирраси чиқариб дазмолланган шим кийиб юриши, галстук тақиши шарт, дейишади. Шаҳар ўқитувчиси учун бу шартлар мос келади. Бироқ қишлоқ ўқитувчисининг аҳволи анча мушкулроқ. Чунки, у болалар билан қўшилиб далага чиқади. Уйида молига, томорқасида экинига қараши керак. Демак, у хоҳлайдими-хоҳламайдими қишлоқ ўқувчисининг кўзига эски кўйлак, дазмолланмаган шим, чанг босган этикда кўриниши мумкин. Негаки, қишлоқда ҳамма нарса ҳамманинг кўз ўнгида бўлади. Бироқ бу гап ўқитувчи мактабга исқирт кийиниб борсин деган маънони мутлақо англатмайди. У мактабда, йиғилишларда, тўй-маъ-ракаларда ниҳоятда зукколиги билангина эмас, ташқи маданияти билан ҳам ажралиб туриши керак. Бу борада фақат болаларгина эмас, ҳамқишлоқлари ҳам ундан ўрнак олиши лозим. Бу, шубҳасиз, ўқитувчининг ўзига боғлиқ бўлган масала. Албатта, педагог деҳқончилик қилса (айниқса, қишлоқ жойда) экин-тикин қилса, бунинг ҳеч бир ёмон жойи йўқ.

Ниҳоят, ўқитувчининг ўзига боғлиқ бўлган ва ҳамманинг олдида унинг обрўсини уч пул қиладиган яна бир жиддий масала бор. Афсус, минг афсуслар бўлсинки, педагоглар орасида боланинг илмига эмас, унинг ота-онаси тутган мавқеига қараб баҳо қўядиганлари бор. Фалончихон фалончи амалдорнинг тантиқ қизчалари бўлгани учун «уч»мас, «тўрт» қўйилса, фалончижоннинг отаси «ўз баҳоси»га финский этик олиб бергани учун «уч» ўрнига «беш» қўйилса, буни нима деб баҳолаб бўлади? Педагог бу билан ўз обрўсини шамолга совурса, майли. Бунга лойиқ одам эканки, шундай қилибди. Лекин бу ерда бошқа, ниҳоятда жиддий масала бор. Дунёда икки тоифа одамлар энг сезгир бўлади. Бириси — ижодкорлар, бириси — болалар. Худди ўша амалдорнинг «уч» ўрнига «тўрт» олган қизчаси билан бир партада ўтирган дугонаси ҳеч нимани пайқамайди, деб ўйлайсизми? Худди ўша «фойдали» одамнинг ўғилчаси билан бир партада ўтирган ўртоғи ҳеч нимани кўрмайди, деб ўйлайсизми? Биласизми, бу қандай оқибатга олиб келади? Буни кўрган болалар фақат ўқитувчидан ҳафсаласи пир бўлиб қолмайди. Фақат илмдан совиб қолмайди. Буни кўрган болалар умуман ҳаётга бошқача муносабатда бўлишни ўрганади. Чайқов бозорида гўшт билан чайқовчилик қилиш, телпак билан чайқовчилик қилиш — бор гап. Бироқ маънавият билан чайқовчилик қилишни жиноятнинг қайси даражасига киритиш керак? Ахир бу энг оғир жиноят-ку. Наҳотки, болаларга маънавиятни ўргатадиган педагог шунчалик пасткашлик қилса? Биз хоҳлаймизми-йўқми, педагоглар орасида шундай шахслар йўқ эмас.

Энди ўқитувчи деган шарафли номнинг қадри пасайишига олиб келган баъзи объектив сабаблар ҳақида — педагогнинг ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар тўғрисида гаплашиб олсак. Мана ўша сабаблар. Аввало шуни айтиш керакки, ҳар кимда яхши яшашга интилиш бўлиши табиий. Бироқбу интилиш чегарадан чиқиб кетса, «фойдаси кам» касб эгаларига, жумладан, ўқитувчига ҳам ҳурмат пасаяди. Бундай кишилар одамни кимдан қандай фойда келишига қараб баҳолашади. Ўқитувчи бировга, айтайлик, қимматбаҳо дублёнкани «шапкасиз» олиб беришни эплолмайди. Бу унинг вазифасига кирмайди ҳам. Бировнинг квартира олишига кўмак беролмайди. Бировнинг тилла тишини навбатсиз қўйиб беролмайди ва ҳоказо, ва ҳоказо. Ҳамма нарсани ўзига келадиган фойда билан ўлчайдиган одамлар эса ўқитувчи ҳақида бояги айтилган латифага ўхшаш гапларни тўқиб юришади. Улар учун ўқитувчи — ўқитувчи. Шундан бошқа ҳеч ким эмас. Бироқ бундай одамлар битта энг муҳим нарсани эсдан чиқаришади. Энг яхши дублёнкани нари борса ўн йил кийиш мумкин. Энг яхши квартирани охир-оқибат навбат билан олса бўлади. Энг яхши тилла тиш овқат чайнаш учун, нари борса оғизни ялтиратиш учун керак. Бироқ ўқитувчининг вазифасини буларнинг бирортаси билан солиштириб бўлмайди. Негаки у моддий бойлик яратмайди. Унинг меҳнати бугун ёки эртага кўринмаслиги мумкин. Бироқ бизнинг боламиз йигирма йилдан кейин ким бўли-ши худди мана шу касб эгаси — педагогга боғлиқ. Агар педагог ёмон дарс берса, ёмон сабоқ берса, бунинг аччиқ мевасини ўқитувчидан кўра кўпроқ ўзимиз «маза қилиб» сймиз. Ана ўшанда дод-войнинг фойдаси кам бўлади. Одамлар ўртасидаги мешчанлик муносабатлари, мол-дунёга ҳирс қўйиш катталардан кўра болаларга кескинроқ таъсир қилади. Бир мисол. Яқинда бир ўқитувчи ўртоғим ҳасрат қилиб қолди. Уйида катта жанжал бўпти. У, ҳатто оиласи билан ажрашишга ҳам тайёр. Ҳамма гап тўққизинчи синфда ўқийдиган қизидан бошланган. Қизчанинг синфдош дугонаси бор экан. Дўстимнинг қизи дугонасининг уйига тез-тез чиқиб юрган. Бир куни дадасига очиқдан-очиқ «баёнот» берган. «Мен ўнинчи синфни битиришни хоҳламайман. Минг яхши ўқиганим билан барибир бадавлат бўлолмаймиз. Ана, ўртоғимнинг ҳовлисида фонтангача бор. Дадаси базада ишлайди. Ўртоғимга дублёнка оберибди». Эҳтимол, яна бечора савдо ходими рўкач қилиняптими, деган савол туғилар. Ростини айти-шим керак. Савдо ходимларида ҳеч қандай хусуматим йўқ. Улар орасида жуда яхши дўстларим, ўз вазифасини жуда ҳалол бажарадиган йигит-қизлар кўп. Мен уларни чин дилдан ҳурмат қиламан. Бироқ наридан-бери ўрта маълумот олган айрим юлғичнинг ҳовлисида «фонтан отилиб турса», қўша-қўша машинаси бўлса, бу атрофидаги одамларга таъсир қилиши мумкин. Ўқитувчи дўстимнинг қизи ҳали ёш. Бироқ дўстимнинг айтишига қараганда, қизчада, бундай кайфият уйғонишига кўп жиҳатдан онаси сабабчи бўлган. Хотин топиш-тутишнинг мазаси йўқлигини айтиб ҳар куни эрини «эговлаган». Албатта, ҳар ким ўз вазифасини бажаради. Ўқитувчи болаларга ҳам илм, ҳам таълим беради. Бинокор иморат қуради. Врач беморни даволайди ва ҳоказо. Лекин касбини даромад манбаига айлантирадиган шахслар йўқ эмас. «Дефицит» деган бало бор. Шу бало бор экан, айрим юлғичларнинг ошиғи олчи бўлаверади. Кўпинча «дефицит» сунъий равишда йўқ жойдан бор қилинади.

Шубҳасиз, ҳар бир касб ўзича шарафли. Ҳар ҳунарнинг ўз фалсафаси бор. Педагоглик касбининг фалсафаси ҳаммадан кўра мураккаброқ. Мурғак боланинг оппоқ қалб дафтарига инсонийлик деган сўзни ёзиш ҳуқуқи фақат ўқитувчига берилган. Айтайлик, деҳқон ерга нобоп уруғ сочса бир йил ҳосилсиз қолади. Агар педагог боланинг қалбига нобоп уруғ сочса-чи? Бу нарса бир умрлик фожиага олиб келмайдими? Бу фожиа бир ки-шининг эмас, кўпларнинг фожиасига айланмайдими? Ҳаётда ҳамма нарса бир-бири билан боғлиқ-ку. Шу боисдан мен бошқа биронта касбни ўқитувчилик ҳунари билан тенглаштира олмайман.

Яна бир муаммо. Ёзда бир қишлокда тўйда бўлдим. (Келинг, манзилини айтмай қўя қолайлик.) Тўйни район ижроия қўмитасининг раиси очди. Келин билан куёвни табриклади. Кейин тўсатдан пойгакроқда ўтирган мактаб директорига кўзи тушиб қолди-ю, қўлида микрофон билан мурожаат қилди:

— Ия, домлажон, сиз ҳам шу ердамисиз? Кеча болаларни чопиққа нега кам олиб чиқдингиз?

Ростини айтсам, товонимдаги жоним ҳиқилдоғимга келди. Аввало бу райисполкомнинг мажлиси эмас, тўй. Бунақа гапнинг ўрни йўқ. Қолаверса, мактаб директори колхознинг раиси ҳам, бригадири ҳам, агрономи ҳам эмас. Райижроком раисининг мактаб директорига, болаларни нега чопиққа олиб чиқмадинг, деб тергашига нима ҳаққи бор?

Баъзан ҳайрон қоламан. Нари борса ўрта маълумотга эга бўлган колхоз бригадири мактаб директорини ёқасидан олгудек бўлади. Бунда педагогнинг обрўси қаёққа кетади? Ахир худди ўша раис, худди ўша бригадирнинг болалари хам мактабда ўқийди-ку. Худди ўша педагог унга дарс беради, таълим беради-ку. Ахир ўша тўйда ўша директорнинг қўлида ўқийдиган йигит-қизлар хизмат қилиб юрган эди-ку. Модомики ижроком раиси район раҳбарларидан бири экан, педагог обрўсини тушириш эмас, аксияча, кўпчилик ўртасида осмон қадар кўтариши керак эди.

Кейинги йилларда тағин бир масалани жуда кўп ўйлайман. Қайси мактабга борманг, юз процент ўзлаштириш учун ҳаракат қилиб ётибмиз, дейишади. Кўп яхши интилиш. Визда илм олиш бепул. Давлат ҳар бир ўқувчи учун маблағ сафлайди. Бинобарин, боланинг синфдан-синфга кўчмай қолиши моддий жиҳатдан ҳам, маънавий жиҳатдан ҳам зарар. Бироқ, ҳатто шу соҳада ҳам режани ўйлаш ўзини оқлармикин. Кейинги пайтларда ўқув программалари мураккаблашиб кетди. Очиғини айтсам, юқори синфда ўқийдиган ўғил-қизларимнинг математика масалаларини ечишга баъзан ёрдам берай дейман-у, уялиб қоламан: ақлим етмайди. Шундай экан, синфда ўқийдаган ўттиз бола орасида, айтайлик, бир-икки ўқувчи ўзининг табиий қобилиятига қараб у ёки бу фанни ўзлаштира олмаслиги мумкинми? Хўш, шундай болани сунъий равишда синфдан-синфга кўчириш қандай бўларкин? Менимча, бунинг иккита зарарли томони бор. Биринчидан, ҳозирги аср — фан асри, техника асри. Мактабни битирадиган бола қаерда, ким бўлиб ишлашидан қатъи назар илмли бўлишга мажбур. Чаласаводлик билан қўлга киритилган аттестатни етуклик аттестати деб бўлмайди. Иккинчидан (менимча, энг муҳими ҳам шу бўлса керак), ўқитувчи ўқувчига сунъий равишда «икки» ўрнига «уч» қўйди дейлик. Бу нарса ўқитувчинйнг оёқ-қўлини боғлаб ўқувчига топшириш деган гап эмасми? Боланинг ўқисам ҳам, ўқимасам ҳам домла барибир «уч» қўяди деган фикр онгига ўрнашдими, оқибатЯ хунук бўлади. Бундан ташқари, худди ўша бола билан бир партада ўтирадиган бошқа ўқувчида шундай фикр уйғонмайди, деб ким кафолат бера олади? Фалончи ўкимаса ҳам «уч» олади, мен ўқисам ҳам «уч» оламан, деб ўйлаган боланинг илмга, мактабга, умуман ҳаётга муносабати қандай бўлади? Ахир ўқитувчи фақат илмли одамни эмас, умуман, инсонни тарбиялайди-ку. Бу ҳолда педагогнинг тарбиячилик хусусияти қаерда қолади?

Менимча, мактабларни таъмирлаш борасида ҳам баъзи ноқулай ҳолатлар бор. Ҳар йили ёз келиши билан мактабларнинг ўқитувчилари ота-оналарга оҳак, бўёқ, ойна «солиқ»лари солиб қолишади. Жуда бўлмаса ҳашар билан мактабни таъмирлашга қарашиш керак. Албатта, юқори синф ўқувчилари ўз мактабида ҳашар қилса, бунинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ. Бироқ қурилиш материаллари етишмаслиги муаммосини бир ёқлик қилиш керак. Негаки, педагогнинг ота-онага «материал»дан ёрдам беришни сўраб мурожаат қилишининг ўзи ҳам унинг обрўсига путур етказади.

Назаримда, педагогика фанлари илмий-текшириш институти зиммасида ҳам ўқитиш методикасини такомиллаштириш борасида қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Ҳали бу масала ҳам маромига етган, деб бўлмайди.

Республикамизда рус тилини ўрганишга жиддий эътибор бериляпти. Бироқ ўзбек тили, ўзбек адабиётини ўрганиш борасида қилинаётган ишлар етарлими? Ўзбек адабиёти қай даражада ўқитилаётганлиги муҳокама қилинадими? Билмадим. Қизиқ. Нима учун ўзбек ўқувчиси рус тили, адабиётини билиш керак-да, рус ўқувчиси ўзбек тили, адабиётини билмаслиги керак? Улар Навоий хази-насидан, Ғафур Ғулом мулкидан, Ойбек ижодидан оригиналда баҳраманд бўлса қандай яхши! Бунинг устига кейинги йилларда юқори синфларда ўзбек тили ва адабиёти дарслари камайган. Ўрнига рус адабиёти ва рус тили дарслари киритилган. Буёғини тушунолмай қолдим.

Ниҳоят яна бир масала — олий ўқув юртларига талабаларни қабул қилиш масаласи. Биз хоҳлаймизми-йўқми, барибир, илмли, истеъдодли болалар бу ёқда қолиб, ўртачароқларни институт курсисига ўтқизиб қўйиш учраб турибди, бунинг «йўллари» кўп… Олий ўқув юртларида институт домласига ўз боласини ўзи ишлаётган ўқув юртига олиб киришнинг яхшигина имкони бор. Эҳтимол, бу бир жиҳатдан тўғридир. (Шу ерда ишлагандан кейин битта боласини ўқишга олиб кирмаса қандоқ гап, деган савол туғилиши мумкин.) Бироқ талабалар орасида унинг ўғли ёки қизидан талантлироқ, илмлироқ бола учраса-чи? Олий ўқув юртларига ин қуриб олган ашаддий порахўр «домлалар» ҳақида гапни чуқурлаштириб ўтиришдан-ку, умуман, маъно йўқ… Бу — «тузалмас» дард!

Мен мактабда саводимни чиқарган, тарбия берган, университетда илм сирларини ўргатган домлаларимга ҳамиша чуқур таъзимдаман. Умуман, ўқитувчи деган номни буюк эҳтиром билан тилга оламан. Балки шунинг учун ҳам баъзан фикрларни кескинроқ айтгандирман. Узр сўраб, яна бир кескин гап айтай: ўқитувчини, умуман, зиёлиларни хор қилган жамият, охир-оқибат ўзи хор бўлади!

Модомики гапни ҳазрат Навоийдан бошлаган экан-миз, яна шу улуғ зотнинг сўзлари билан якунлай қоламиз:

Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила.

Азиятлар чекиб бизга илм берган, бундан кейин болаларимизга илм берадиган, бинобарин яна ўн-йигирма йилдан кейинги авлодни бугун шакллантираётган ўқитувчи деган инсонга ҳамиша чуқур таъзимда бўлайлик.

1981 йил.