Ўткир Ҳошимов. Ҳушёр бўлинг, одамлар! (1985)

«Учинчи жаҳон урушида қандай қурол ишлатилишини билмадиму, аммо тўртинчи жаҳон урушида найза билан ўқ-ёй ишлатилиши тайин».
А. Эйнштейн

«Тиғ кўтарган тиғипарронга учрайди».
Ўзбек халқ мақоли

Бу даҳо фикрларни айтган донишмандлар турли замонларда яшаган. Бироқ уларнинг ҳаммаси бир ниятда якдил бўлганлар: одамзод тинч-тотув яшаса, ҳалол меҳнат қилсагина чинакам бахтиёр бўлади. Шунга қарамай ер юзида бутунлай бошқа нарсани орзу қилган кимсалар ҳам бўлган. «Мен кулар эканман, дунё йиғласин». Бу гапни Чингизхон айтган. «Яқинда бутун жаҳон меники бўлади, меники!» Бу гапни Гитлер айтган. Булар ҳам турли замонларда яшаган, яшаяпти. Аммо уларни битта мақсад — оламга ҳоким бўлиш нияти бирлаштириб туради. Аслида-ку, ҳеч ким ҳеч қачон жаҳонга ҳоким бўлолмайди. Фақат…

…Болалигингизни эслайсизми? Йўқ, мактабга қатнай бошлаганингизни эмас, янаям кичкиналигингизни… Масалан, бешикда ётганингизни? Хотирлай олмайсиз. У пайтда эсингизни танимаган эдингиз. Лекин жуда кичкина пайтингизда уй бурчагидаги сандиқ олдига борганингиз, айвонга чиққанингиз ғира-шира ёдингизда бўлса керак. Кейин ҳовлига тушгансиз… Эслаб кўринг: ўшанда ҳовли сизга бутун бир олам бўлиб кўринмаганмиди? Ундан кейин бостирма томига чиқиб варрак учиргансиз. Бостирманинг кафтдек томи ҳам сизга чексиз-чегарасиз туюлган. Кейин мактабга боргансиз… Сўнг поездга мингансиз. Самолётда учгансиз. Ҳар сафар оламнинг бепоёнлигига ҳайрон қолгансиз. Тўғрими? Ҳаммамизда ҳам шунақа бўлган. Ҳар биримиз худди шунақа ҳол,атни бошимиздан кечирганмиз.

Энди бошқа нарсани эслаб кўринг. Ер куррасини биринчи бўлиб «ташқаридан» томоша қилган Юрий Гагарин космосга чиққан заҳоти нима дегани ёдингиздами? У: «Қаранглар, Ер жудаям чиройли, жудаям кичкина экан!» деб хитоб қилган. Ёши бир жойга бориб қолган одам вақти келиб ўзи қачондир ётган бешикка кўзи тушиб қолса, худди шу туйғу кўнглидан кечса керак. Чиндан ҳам биз яшаб турган курраи замин — миллиардлаб юлдузлар чарх уриб ётган коинотда ўз ўқи атрофида, Қуёш теграсида, Сомон йўли орасида, Лира юлдузи томон муттасил учиб кетаётган — Ер шундай бир митти юлдузки, олисроқдан қарасангиз кўзга чалинмайди ҳам. Лекин мана шу жажжи юлдузда тўрт ярим миллиарддан зиёд онгли мавжудот яшайди. Миллионлаб нур йили масофасида жойлашган юлдузларнинг биронтасида ҳаёт асари йўқ. Шундай қилиб, биз — тўрт ярим миллиард жон битта бешикда вояга етяпмиз. Битта кемада сузиб боряпмиз. Мабодо кемамиз ғарқ бўлиб кетса, жон сақлайдиган бошқа қайиқ йўқ. Эҳтимол шунга ақли етгани учун ҳам инсонни табиатнинг энг олий фарзанди деб атармиз.

Бироқ, гоҳо-гоҳо фалакнинг ишига боқиб, энг онгли, энг зукко деб аталмиш Инсон қилиб келган, қилаётган ишларни ўйлаб баъзан уялиб кетасан киши. Ер куррасида онгли ҳаёт пайдо бўлганидан бери ҳали кўп вақт ўтгани йўқ. Аммо инсон пайдо бўлибдики, тарих олдида бир киприк қоқгулик қисқагина умрининг катта қисмини урушлару қирғинлар билан ўтказиб келади. Швейцариялик олим Бабель кейинги олти минг йил ичида ер юзида қанча уруш бўлганини эринмасдан ҳисоблаб чиқибди. Мана ўша ҳисоб-китоблар: сўнгги олти минг йил ичида куррамизда 14 минг 513 та уруш бўлибди. (Кейинги ўн йилда турли мамлакатларда бўлаётган катта-кичик урушлар бу ҳисобга кирмайди). Булар орасида тарихга уч кунлик уруш деб кирган «арзимас» жанглар ҳам, Англия билан Франция ўртасида бўлган юз йиллик уруш ҳам бор. Лекин уруш уч кун давом этадими, юз йилми, моҳияти битта: қирғин бўлади, одамларнинг ёстиғи қурийди. Ўн тўрт ярим минг урушда ҳалок бўлган одамлар сони қанчалигини сўрарсиз? Марҳамат: ҳозир планетамизда қанча одам истиқомат қилса, олти минг йил ичида рўй берган жангу жадалларда тахминан худди ўшанча одам ҳаёт билан видолашган. Наҳотки, Ер куррасининг ҳамма жойида осудалик ҳукм сурган, қилич зарбидан ёки милтиқ ўқидан одамзод оҳ чекмаган замонлар бўлмаган? Бўлган! Олти минг йилнинг уч юз йили олам учун нисбатан тинч келган. Лекин ўйлаб кўрайлик. Олти минг йил олдида уч юз йил нима деган гап? Бундан чиқди инсоният ҳар йигирма йилда бир марта урушлару қирғинбаротлардан дам олиб, нафасини ростлаган. Агар инсон боласининг умрини ўртача олтмиш йил деб олсак, у бутун ҳаёти бадалида уч йил осойишта яшагану қолган эллик етти йилини нуқул уруш билан ўтказган. Бу қандай тескари ҳақиқат? Бу қандай адолатсизлик? Наҳотки, оламдаги энг олий мавжудот шунчалик калтабин бўлса?!

Ҳаётда турли адолатсизликлар бўлиши мумкин. (Инсон боласи жудаям мукаммал эмас.) Ўғрилик, хиёнат, ичиқоралик, текинхўрлик… Қўйинг-чи, бу саноқни анча давом эттирса бўлади. Лекин худди ўзига ўхшаган одам боласини хаётдан жудо қилишдан ортиқроқ адолатсизлик борми?

Биз тинч турмушнинг қонуниятларини биламиз. Эрта билан ишга шошиламиз, кечқурун уйга — бола-чақамизнинг олдига югурамиз. Меҳнат қиламиз. Нимадир яратамиз. Кимнидир севамиз, кимдандир нафратланамиз. Гоҳ қувонамиз, гоҳ изтироб чекамиз… Хуллас, яшаймиз. Ер юзидаги софдил одамларнинг ҳаммаси шунақа. Негаки, ҳаётнинг ёзилмаган қонунияти шу. Бироқ, урушнинг ҳам ўз қонуниятлари бор. Сен ўлдирмасанг — сени ўлдиришади! Ана биринчи қонуният! Сен ўзингга ўхшаган одамни, худди ўз онангга ўхшаган она туққан. Худди ўз болангга ўхшаган болалари йўлига кўз тикиб турган одамни ўлдиришга мажбурсан. Мана шу қонуният туфайли олти минг йил давомида тўрт миллиарддан ортиқ инсон боласи қирилган. Мана шу қонуният туфайли шоҳлик унвонига қаноат қилмай, шаҳаншоҳ бўлишни хомхаёл қилганлардан бири ҳали ўзи нон ёпиш нималигини билмай туриб, инсон заковати яратган шаҳарларни ер билан яксон қилди. Тағин бири Буцефал лақабли отининг туёғи остида бегуноҳ норасталарни топтаб ўлдирди. Яна биттаси қирқ минг кишини дарёга чўктирди. Ниҳоят тағин бири салкам олтмиш миллион одамнинг уволига қолди. Инсон ёғидан совун ясатиб қўлини ювди, инсон терисидан қўлқоп ясаб кийиб кўрди.

Бу қандоқ шармандалик?! Одам боласи ҳам шунчалик ваҳший бўладими? Инсон умри-ку, ўлчоқлик. Оддий тошбақа ҳам одам боласидан кўра кўпроқ умр кўраркан. Шундай экан, одам боласи худди ўзига ўхшаган одамни қирғин қилишидан мурод нима? Ахир, онгсиз ҳайвон ҳам бунчалик хунрезлик қилмайди-ку! Масалан, шер кийикни овлайди. Аммо у бу ишни азбаройи очидан ўлмаслик учун, боласини тўйдириш учун қилади. Ҳатто шу йиртқич ҳам ўзига кераклича ов қилади. Одамзод деган номга доғ туширувчи «фотиҳлар» оддий ҳайвончалик ҳам йўқлигига ҳайрон қоласан киши! Табиат-ку, инсонга ҳамма нарсани тақдим этиб қўйибди. Ер, сув, бойликлар… Ҳалол меҳнат қилган одам оч қошмайди. Хўш, нима керак тағин? Қирғинбарот урушлар нимага керак! Албатта, бу ,савол айрим «доно» аблаҳларга ўтакетган гўл одамнинг ноласидек туюлиши табиий. Улар жаҳонга ҳоким бўлгиси келади. Ер юзидаги ҳамма халқлар ўз измида бўлишини ҳоҳлайди. Қизиғи шундаки, бунақа хомхаёлни орзу қилган кимсалар ўзларини ҳаммадан оқил санайди. Бироқ, дунёда ҳеч кимга бўйсунмайдиган ғалати ҳақиқатлар бўлади. Мана шу ҳақиқат Искандарни «қўлим очиқ кетди» деб тан олишга мажбур қилди. Мана шу ҳақиқат Чингизхоннинг гўрини одамлар нигоҳидан ўчириб ташлади. Наполеонни гадойтопмас оролда хор-зорликда ўлдирди. Мана шу ҳақиқат Гитлернинг кулини кўкка совурди. Тупроқ унинг жасадини қабул этишга ҳам ҳазар қилди. Тарих сабоғи шундай. Афсуски, жаҳонга устун бўлиш орзусидан қайтмаган шахслар ҳалиям бор. Ажаб, одам боласининг хотираси наҳотки шунчалик мўрт бўлса? Наҳотки, бугунги кунда, йигирманчи асрнинг охирида ҳам оддий ҳақиқатни унутган олчоқлар топилса?! Бор. Шундайлар ҳалиям бор! Ҳозир дунёни ўз измига бўйсундиришни орзу қилаётганлар бошқа халқлар ўзи хоҳлаганича эмас, мен истаганча ҳаёт кечиришга мажбур, акс ҳолда мисли кўрилмаган уруш бошлайман деб турганлар энди Америкадан чиқди. Уларнинг мақсади битта: дунёга ўт кетса кетсин, оловида менинг шўрвам пишиб қолса бас! Мана, уларнинг фалсафаси! Бу ниятнинг қанчалик хатарли эканини уларнинг ўзи биладими?

Билади! Билиб туриб шундай қилади. Масалан, Рейган — Чингизхон эмас, Искандар ҳам, Наполеон ҳам эмас. Дунёга ўт кетса, зум ўтмай Капитолийдаги шоҳона уйи ҳам кулга айланишига ақли етади. Аммо кекса тарих шуни кўп бор исботлаганки, катта мамлакатнинг ҳокими, ҳар доим ҳам чин маънода катта Инсон бўлавермаслиги мумкин экан. Ёдингизда бўлса, бир вақтлар «Етти азамат» деган Америка фильми чиққан эди. Ўша кинофильмда Америка ковбойларининг «битмас-туганмас» жасоратлари ҳикоя қилинади. Етти азамат йигит «адолат» учун курашиб, доим ғолиб чиқишади. Ҳозирги президент Рейган ана ўшанга ўхшаш фильмларда роль ўйнаган артист. Тўғри, «Етти азамат»да адолатли кураш тасвирланган. Лекин ковбойлар аслида ким бўлган ўзи? Булар — ўз тилимизда айтсак, бориб турган қароқчилар эди. Ковбойларнинг бош мақсади — Америка қитъасининг ҳақиқий эгалари бўлмиш ҳиндуларни қиришдан нарига ўтмаган. Бундан юз эллик йил аввал улар оддий ўқ-ёй билан қуролланган ҳиндуларга қарши замбараклар билан уруш қилишган. Тўғри, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Жангари от лақабли ҳинду йигити турли қабилаларни бирлаштириб, қилич билан замбараклар устига бостириб борган. Келгинди оқ танлиларнинг бутун бир полкини замбарак-памбараги билан қириб ташлаган. Яланғоч баданига қизил мантодан бўлак ҳеч нима киймаган ҳинду лашкарбошисига биронта ўқ ҳам тегмаган. Шармандаю шармисор бўлган оқ танлилар Жангари отни чақириб, сулҳ таклиф қилишган. «Майли, хоҳлаган ерингизни қайтариб берамиз, дўст бўлайлик», деб ялинишган. Аммо Американинг ўша пайтидаги президенти ҳам номардлик қилган: сулҳ тузишга келган лашкарбошини тутиб олиб, осиб ўлдирган… Ҳозир Жангари от ғолибона жанг қилган жойда — Қўшма Штатлар билан Мексика чегарасидаги Қоратоғ деган ерда Жангари отнинг мислсиз ҳайкали қад кўтариб турибди. Тоғ қояларига ўйиб ишланган отлиқ лашкарбоши ҳайкалининг баландлиги — 160, узунлиги — 180 метр. Қизиғи шундаки, бу обидани америкалик оқ танли ҳайкалтарош Зульковски тиклаган. Қашшоқ турмуш кечираётган ҳиндуларнинг тўплаган пули етмаганидан кейин, ҳайкалтарош ғалати тадбир ишлатган: ҳайкал ўн километр наридан кўриниб туради. Табиийки, оқ танли бойваччалар шундай буюк санъат асарини томоша қилгиси келиб қолган. Зульковски эса ўн чақиримдан берига кирган ҳар бир оқ танлидан беш доллардан пул тўлашни талаб қилган… Ўша пулларга ҳайкални битирган…

Булар ҳаммаси — тарихий далил. Аммо бошқа дадиллар ҳам бор. Америка келгиндиларининг жанговар вакиллари — ковбойлар ғалати мақолларни ўйлаб топишган. «Энг яхши ҳинду — ўлик ҳинду!» Шамол биз хоҳлаган томонга эсиши керак, агар биз хоҳлаган томонга эсмаса, бу — нотўғри шамол…» Эҳтимол ковбойлар фильмида роль ўйнайвериб ўзи ҳам ковбой бўлиб кетган президент ҳалиям «шамол мен хоҳлаган томонга эсиши керак», деб ўйлар. Аммо дунёда шундай адолат шамоллари борки, ҳеч кимга бўйсунмайди. Қолаверса, ҳозир ковбойлар замони эмас. Жаҳон саҳна эмаски, унда битта шахс бош ролни ўйнаб, хоҳлаган ишини қилса! Инсоният артист эмаски, бош актёрнинг бир имоси билан маҳв бўлиб қўя қолса!

Келинг, яна баъзи далилларга мурожаат этайлик. Шундай қилиб, кейинги олти минг йил давомида ўн тўрт ярим минг уруш бўлди. Шу урушларда тўрт миллиарддан ортиқ одам қирилди. Лекин ўша урушларда нари борса қиличлару палаҳмонлар ишлатилган. Ҳар урушда минглаб, борингки, ўн минглаб одам ҳалок бўлган. Сўнгги уч-тўрт асрда инсон «заковати» билан милтиқлар, замбараклар, танклар, самолётлар ўйлаб топилди. Қурбонлар сони ўн ҳисса, юз ҳисса ошиб кетди. Гап бунда ҳам эмас. Бора-бора қуроллар «одам танламайдиган» бўлди.

Биринчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ҳар юз кишидан саксонтаси қўлига қурол ушлаган ҳарбийлар, қолган йигирма нафари «тинч аҳоли» — яъни кексалар, аёллар, болалар эди. Иккинчи жаҳон урушида бу рақам ўзгарди. Қурбон бўлганлар орасида олтмиш беш киши ҳарбий бўлса, ўттиз бештаси «тинч аҳоли» эди. Америка Кореяга қарши уруш қилганида эса ҳарбийлардан кўра оддий одамлар кўпроқ қирилди. Ўлганларнинг ҳар юзтасидан олтмиштаси болалар, кексалар, оналар эди. Ниҳоят, яна Америка Вьетнамга қарши уруш бошлади. Бу сафар аввалгидан ҳам баттар бўлди. Бу урушда ёстиғи қуриган ҳар юз кишидан бор-йўғи ўн еттитаси ҳарбийлар, қолган саксон уч киши болалар, аёллар, чол-кампирлар эди.

Бироқ, энг даҳшатлиси бу ҳам эмас. 1945 йил 6 август тонготар чоғида Хиросима осмонида самолёт кўринди. У кунчиқар томондан учиб келар эди. Одамлар ваҳимага тушмади. «Ҳаво тревога»си ҳам берилмади. Негаки, одатда душман самолётлари ҳаво ҳужумида тўда-тўда бўлиб келади. Шундай қилиб, шаҳар аҳли осмонда пайдо бўлган самолётга унчалик эътибор бермади. Худди шу пайт Б—29 самолётида учиб бораётган АҚШнинг қуролланиш бўйича мутахассиси капитан Парсон борт дафтарига хотиржамлик билан ёзиб борар эди: «…1945 йил 6 август. Титиан ороли вақти билан соат 2 дан 45 минут ўтганда (Вашингтон вақти билан 5 август соат 11 дан 45 минут ўтди) осмонга кўтарилдик… Соат 3.15. Қурилма тахт. Соат 6 дан 5 минут ўтди… Империя томон йўл олдик… Соат 7 дан 41 минут ўтди. Керакли баландликка кўтариляпмиз. Соат 8 дан 38 минут ўтди. 11 минг метр баландликка чиқдик. Соат 8 дан 47 минут ўтди. Электрон портлагичлар текширилди. Соат 9 дан 4 минут ўтди. Ғарбга боряпмиз. Соат 9 дан 9 минут ўтди. Мўлжал — Хиросима кўринди. Соат 9 дан 15,5 минут ўтди. Бомба ташланди…»

Зум ўтмай бутун шаҳар вайронага айланди. Ўн бир чақирим баланддан бомба ташлаган учувчи ҳам, Парсон хам қиёмат қўпган бу шаҳардаги одамларнинг оҳ-фарёдини эшитганларида эсдан оғиб қолишлари тайин эди.

Президент Трумэн мамнуният билан қўлларини ишқалаб қўйди. «Биз бу ўйинда каттакон маблағни «вабанк» деб ташладигу, ютиб чиқдик. Қирилиб кетган юз мингнинг нари-берисидаги аллақандай «Джеплар» ким бўпти?» У ўзининг «инсонпарварлиги» билан мақтаниб ҳам қўйди. «Аслида бомбани Киотога ташлаш керак эди. Қурол параметрлари жуда мос келарди. Роппа-роса миллион киши қирилган бўларди… Киото — японларнинг қадимий пойтахти. Чиройли обидалар бор дейишади. Майли, шафқат қилдим. Тўққизинчи августда Нагасакига бомба ташлансин!»

Шундай бўлди. Нагасакида ҳам ўн минглаб одамлар қирилиб кетди. Бу — Трумэннинг қувончи, Ер куррасидаги одам зотининг фожиаси эди…

Олтин бешигимиз — Ер қуррасидаги энг хатарли давр ана шу кундан бошланди. Шу куни одамзод аянчли бир ҳақиқатни англади. Эндиги уруш окоп билан болалар боғчасини ажратмайди. Эндиги бомба учун ракета полигони билан туғруқхонанинг фарқи йўқ!

Инсон заковати чегара билмайди. Гомернинг «Илиада»сидан тортиб ҳазрат Навоийнинг достонларигача, халқ эртакларидан тортиб, замонавий фантастик романларгача — хаммасида ақл бовар қилмас воқеалар тасвирланади. Лекин инсон тафаккури орқали эришиб бўлмайдиган нарсани тасаввур қилолмайди. Эртаклардаги учар гилам замонавий тезучар самолётлар эмасми? Фарҳод севиклиси Ширинни кўриб қолган «ойнаи жаҳон» телевизор эмасми?

Келинг, бошқа тарихий китобларнн ҳам варақлаб кўрайлик. Бундан ўн беш минг йил илгари бўлиб ўтган ғаройиб ҳодисалар тасвирланган ҳинд эпоси «Махабхарата»да шундай сатрлар бор: «Шундай Рама енгилмас кучга эга бўлган ўлим элтувчи даҳшатли қуролни ишга солди… Ҳаммаёқ ўт-олов ичида қолиб кетди, ҳатто кули ҳам қолмади…» Яна… «тангри Шива Аржунани огоҳлантирди:

Бас, ҳеч ҳачон ҳеч бир одам бу қурол билан
Урушмоқни ҳаёлига ола кўрмасин.
У беқарор ҳукмроннинг қўлига тушса
Йўқ этмоғи мумкин бутун жумла-жаҳонни…»

«Махабхарата»да яна айтиладики, «мабодо «осмон қуроли» ишлатилса, ўша мамлакатда 12 йил ёмғир ёғмайди, ҳаммаёқ яксон бўлади, аёллар ҳомила кўрмайди».

Шиванинг қуроли пашапута ҳам шунақа.
«Мана энди бу даҳшатли қурол ишга тушганда
Дарахтларни силкитиб, қимирлаб кетди замин.
Тўлқинланди дарёлар, ҳатто буюк денгизлар,
Тоғлар ёрилиб кетди, шамоллар учди ҳазин.
Бу қудратли қуролни ишга солма, Аржуна,
Мақсадсиз ишга солиш мумкин эмас ҳеч қачон…
Башарти бу қуролни суиистеъмол қилсанг
Юз бериши муқаррар чексиз оғир кулфатлар…»

Шундай қилиб, «Махабхарата»даги шеърий сатрлар бундан ўн беш минг йил наридаги даҳшатли воқеаларни ҳикоя қилади.

Бошқа мисол:

«Оташе дар еки аз зарре ниҳон
Ложарам он зарра бигшояд дахон.
Пеши он хуршед ки, жаст аз камия
Зарра-зарра гардад, ахзой замин».

Мазмуни: зарралардан бирида шундай оташ яшириниб ётибдики, у пайти келиб, тилга киради. Беркиниб ётган жойидан отилиб чиққан бу қуёш ерни парча-парча қилиб юборади.

Бу сатрларни саккиз юз йил аввал мавлоно Жалолиддин Румий ёзган. Нима бу, «башоратми?» Минглаб йиллик тарихга эга бўлган «Махабхарата»ни яратганлар, юзлаб йил илгари яшаган буюк аллома Румий нима демоқчи? Одамларни нимадан огоҳ қилмоқчи?

Дарвоқе, яна факт: рус адиби В. Никольскийнинг 1927 йилда босилиб чиққан «Минг йил ўтиб» деган китобида ғалати воқеа тасвирланади. Атом кучини синаб кўраётган кишилар тасодифан хатога йўл қўядилар. Бирдан портлаш рўй беради-да, Европанинг ярмиси куйиб, кулга айланади. Фантаст адиб бу воқеа 1945 йил август ойида бўлади, деб ёзади. Ажаб, адиб айтган фожиа чиндан ҳам қирқ бешинчи йил августида рўй берди. Фақат Европа устида эмас, Япония осмонида! Тасодифан эмас, атайлаб, қасддан! Аммо ҳинд достонида тасвирланган, мавлоно Румий огоҳлантирган, Никольский ёзган ўша даҳшатли қурол (бу китобларнинг ҳеч бирида; атом бомбаси деган гап йўқ эди, бундай иборанинг ўзи ҳам у пайтларда ишлатилмасди, лекин моҳияти барибир энг қаттол қуролга келиб тақаларди) Европа устида портлайдими, Осиё ёки Америкадами, барибир эмасми? Ахир, инсоният битта бешикда униб-ўсаётган, битта кемада сузиб кетаётган жонзот-ку! Наҳотки, минг йиллар илгари аждодларимиз тушунган нарсага йигирманчи аср одамларининг ақли етмаса?

Ер юзида ёмонларга нисбатан яхшилар ҳамиша кўп бўлган. Шунинг учун ҳам худди ўша қирқ бешинчи йил ёзида одамзод тарихидаги энг ашаддий қурол яратилган мамлакатда — Америка Қўшма Штатларида, соф виждонли кишилар оёққа қалқди. Чикаго университетида махсус комиссия тузилиб, Нобель мукофотининг лауреати профессор Франк бошчилигида ўнларча олимлар президентга норозилик мактуби юборишди. Бу хатга йигирманчи асрнинг энг улуғ олими деб тан олинган Альберт Эйнштейн ҳам имзо чеккан эди.

Петициянинг лўнда мазмуни бундай эди: «Агар Қўшма Штатлар бу даҳшатли қуролни ишлатса, дунё олдида умрбод маломатга қолади. Қолаверса, бошқа мамлакатлар ҳам ўзини ҳимоя қилиш учун шунақа қуролни ишлаб чиқаради. Бора-бора «занжирли реакция» пайдо бўлади. Ақл бовар қилмас қирғин қуроллари яратилаверади. Охир-оқибат Ер юзидаги ҳаёт жаҳаннам жари ёқасига бориб қолади…»

Ўша пайтдаги Америка президенти — ҳам жисман, ҳам сиёсатда шапкўр Трумэн мана шу ҳақиқатни англамади. Унинг нияти «ўзи хоҳлаган» йўлдан эмас, бошқа издан — социалистик издан бораётган давлатларни, биринчи галда бизнинг давлатни «қўрқитиб» қўйиш эди. Оқибат нима бўлди?! Урушдан эндигина чнққан, ярим оч ҳолда яшаб, култепага айланган шаҳарларни қайтадан тиклаётган бизнинг Ватанимиз худди ўшанақа, эҳтимол, ундан кучлироқ қуролни яратишга мажбур бўлди! Ҳолбуки, давлатимизнинг биринчи раҳбари, жаҳондаги яхши ниятли жамики элларнинг раҳнамоси Ленин имзо чеккан энг биринчи ҳужжат Тинчлик Декрети эди. Начора, душманларимиз бизни ҳеч қачон тинч қўймади. Антанта хуружи, гражданлар уруши, Иккинчи жаҳон уруши, ниҳоят атом дағдағаси… Тасаввур қилинг: ашаддий душманингиз уйингизни ҳар томондан ўраб олса-да, деразадан қурол ўқталиб, «қани, чиқ бу ёққа» деса, қўлингизга сиз ҳам қурол оласизми-йўқми?

Бизнинг юртимиз ўн карра, юз карра, минг карра таъкидлади: келинглар, тинч-тотув яшайлик, уруш бўлмасин! Биз атомни тинч мақсадда ишлатиш учун атом музёрарлари қурдик, атом электростанциялари бунёд этдик. Ядро деган қотилни умуман йўқотайлик, деб қайта-қайта айтдик. Бироқ мухолифларимиз кўнмади. Атомдан кейин водород бомбаси, электрон бомбаси, нейтрон бомбаси, одамнинг тили келишмайдиган яна аллақандай бомбалар яратилди. Урушқоқ мутахассислар, биринчи галда Америка жангарилари ақл бовар қилмас «ғоя»ларни ўйлаб топишди. Лабораторияларда миллионлаб чивинларга ўлат касалини юқтириб осмондан сочиб ташлаш… Кўршапалаклар қанотига портлатгичлар боғлаб шаҳарлар устига учириш… Хуллас, ёмон ниятли кимсалар дастидан жониворлар ҳам тинч қолмади.

Яқинда магбуотда тағин бир антиқа хабар чиқди. Америка «олимлари» ўта заҳарли «ажабтовур» суюқлик яратибди. Бу заҳарнинг бир грамми етмиш кишини тил торттирмай ўлдирар экан. Шунақа заҳардан 150 тоннасини тахт қилиб қўйишган эмиш. Энди ҳисоблаб кўрайлик. Бир грамм заҳар етмиш кишини қирса, бир килоси 70 минг кишининг ёстиғини қуритадими? Бир тоннаси 70 миллион кишини қириб ташлайдими? Бундан чиқди жаҳондаги жамики жонзотни қирғин қилиш учун ўша қаттол заҳарининг 70 тоннаси етиб-ортади! Қолган ярмисини нима қилишмоқчи? Миллион йиллардан кейин Ер куррасида қайтадан ҳаёт пайдо бўлса, ўшаларга атаб қўймоқчими? Бу қандай телбалик?

Чамаси, Америкадаги, қолаверса баъзи ғарбий давлатлардаги пул қутуртирган довдирлар ҳалиям ковбойларнннг «шамол биз хоҳлаган томонга эсиши керак» деган мақолига амал қилишса керак. Масалан, нейтрон бомбасини яратган Коэн деган олим ўз маҳсулотининг ниҳоятда «тоза» ишлашини айтиб мақтанган эди. Нейтрон бомбаси уй-жойларни, буюмларни вайрон қилмас экан. Фақат тирик жонни — одамларни, жониворларни, гулларни, дарахтларни йўқ қилармиш. «Гуманизм»ни қаранг! Ўшанда Европа мамлакатларидан бирининг мухбири Коэнга жуда ўринли савол беради. «Жаноб профессор, мабодо шунақа бомба ўз уйингизнинг устида портласа-чи?!» Коэн хотиржам қўл силтайди: «Қизиқмисиз, Америка устида бомба портлаши мумкин эмас!»

Ана сизга жавоб! Тўғри, кейинги икки аср давомида Америка территориясида уруш бўлмади. Оналар ўз боласининг осиб ўлдирилаётганини томоша қилгани йўқ. Болалар ўз отасининг пешонасидан отиб ўлдиришаётганини кўрмади. Америка осмонида биттаям бомба портламади. Қўшма Штатлар ер куррасидаги истаган жойни «бизнинг ҳаётий зарур еримиз» деб аташга ўрганди. Социалистик мамлакатларни ҳамма томондан ракета полигонлари билан ўраб ташлади. Лекин замонлар ўзгарди. Бир вақтлар Американи икки томондан икки буюк океан ўраб турарди. Бехосдан яқинига бориб бўлмасди. Ҳозир шундай қуроллар борки, қандайдир дажжол ҳужумга шай қурилмалар тугмачасини босса, зум ўтмай ўзининг бошига ҳам жаҳаннам олови ёприлади. Ҳозирги қуроллар учун икки жаҳон бир қадам!

Майли, Америка-ку, боши устида бомба портлаш даҳшати нималигини билмас. Аммо иккинчи жаҳон урушида миллионлаб жудоликни кўрган Англия, Германия Федератив Республикаси, Италия сингари мамлакатларга ўз юртида Америка ракеталарини ўрнатишга бало борми? Атом бомбасидан азият чеккан, ўша бомба таъсирида қирқ йилдан кейин ҳам майиб-мажруҳ болалар туғилаётган Японияга Қўшма Штатларнинг корчалонлари билан оғиз-бурун ўпишишни ким қўйибди? Наҳот тарих сабоғи шунчалик тез унутилса!

Шуни ўйлаганда халқимизнинг қадимий афсонаси ёдимга тушади. Бир одам тинчгина меҳнат билан тирикчилигини кўриб юрар, бола-чақасини боқар экан. Тўғрилиги учун эл ўртасида обрўси ошиб кетибди. Ўша одамнинг ўтакетган бахил қўшниси бор экан. У деб кўрибди, бу деб кўрибди, бўлмабди. Охири хеш-ақраболарини тўплабди-да, васият қилибди. «Шу кеча мени сўйинглар-да, ўлигимни қўшнимнинг ҳовлисига обчиқиб ташланглар. Зора қўшним шарманда бўлса!» Баъзи давлатларнинг бошлиқлари қилаётган «ўйин» ҳам шунақа бемаъни эмасмикин?

Ҳали айтдик. Ер юзида ёмон ниятли кимсалардан кўра софдил одамлар ҳамиша кўп бўлган. Акс ҳолда инсон боласи шу даражага етмас эди. Ер курраси миллион йил илгари қанақа бўлса, шу ҳолда — ёввойилигича қолиб кетар эди. Англиядаги оналар АҚШ ракеталари жойлаштириладиган базаларга бориб исён кўтараётгани, Германиянинг софдил кишилари, Италия меҳнаткашлари, Япония ишчилари жунбишга келгани бежиз эмас.

Ўйлаб кўрайлик! Ахир заминимизда ҳар йили миллионлаб бола очликдан ўляпти. Ишонасизми, Ер юзидаги аҳолининг учдан икки қисми — уч миллиардга яқин одам ярим оч яшайди. Бунинг устига табиий офатлар: қурғоқчилик, эпидемиялар, ишсизлик юз минглаб одамларнинг ёстиғини қуритиб турибди. Ҳолбуки, бундан ўн-ўн беш йил илгари яратилган битта ҳарбий самолёт пулига мингта болани бир йил боқса бўларкан. Битта ҳарбий ракета пулига юз мингта болани бош-оёқ кийинтириш мумкин. Уёғини сўрасангиз, ҳозир жаҳонда қуролланиш учун ҳар минутда миллион доллар маблағ сарфланади. Ҳар минутда! Соатига қанча бўлади? Бир кунда, бир ойда, бир йилда-чи?! Ахир биз — Ер деган жажжигина планетада истиқомат қилаётган тўрт ярим миллиард жон ҳаммамиз инсон боласимиз-ку!.. Ҳаммамиз ака-укамиз-ку! Шу маблағларни яхшилик йўлида сарф қилсак ер юзи гулистон бўлиб кетади-ку! Яна бир далил: Америка Қўшма Штатлари 1946 йилдан 1980 йилгача қуролланиш учун икки триллиард доллар маблағ исроф қилибди. Ўйлаб кўринг, миллион эмас, миллиард эмас, икки триллиард доллар! Бу нима деган гап?!

Улуғ Лениндан бошлаб, партиямиз, давлатимизнинг жамики раҳбарлари жамики эътиборли давраларда бир гапни айтиб келишди. Ҳозир ҳам айтишяпти: жаҳонда тинчлик бўлиши керак! Энг сўнгги далиллар: биз ядро қуролини йўқ қилишни таклиф этдик. Душманларимиз ғиқ этмади. Биз ядро қуролини биринчи бўлиб ишлатмасликни зиммамизга олдик. Душманларимиз яна жавоб бермади. Устига-устак қирғин қуролини ер остида, ер юзида, сувда, ҳавода ишлатиш етмагандек энди космосга олиб чиқишга қарор қилишди.

Бу нима ўзи? Ковбойларнинг «шамол биз хоҳлаган томонга эсиши керак» деган аҳмоқона мақолига амал қилишми, ёки Коэннинг «Америка устида бомба портлаши мумкин эмас», деб керилишини жиддий хақиқат деб ўйлашми? Тўғри, биз ҳеч қачон бировга биринчи бўлнб қўл кўтарган эмасмиз. Аммо ўзганинг дўлайиб қўл кўтаришига ҳам йўл қўймаймиз. Энг даҳшатлиси шундаки, ҳозирги қуроллар баравар ишга тушса планетамизни бир эмас, ўттиз марта парчалаб ташлайди. Ўттиз марта! Худди «Махабхарата»да айтилганидек, тоғлар парчаланиб, денгизлар тошади, ҳазрат Румий ёзганидек, ер зарра-зарра бўлади. Бундан тўқсон йил илгари инглиз ёзувчиси Роберт Кром «Тақдир зарбаси» деган романида тасвирлагандек фақат Ер курраси эмас, бутун бошли Қуёш системаси ҳам изидан чиқиб кетади. Ниҳоят, асримизнинг даҳо олими Альберт Эйнштейн башорат қилганидек, башарти қачондир тўртинчи жаҳон уруши бўлса, маймунсифат одамлар найза билан жанг қилади. (Мабодо Ер ўз орбитасидан чиқиб кетмаса!)

Совет халқи уруш даҳшати нималигини яхши билади. Улуғ Ватан урушида юртимиз 20 миллион энг сара фарзандларидан айрилди. Бу йил биз улуғ Ғалабанинг 40 йиллигини нишонладик. Қирқ йил инсон умри учун яхшигина муддат. Бироқ, инсоният умри учун ҳеч гап эмас. Қолаверса, фарзанд доғи қирқ йил уёқда турсин, қирқ минг йилда ҳам кетмайди. Биз шунча қурбонлар эвазига оламни фашизм асоратидан асраб қолдик. Лекин бу уруш бизга жуда қимматга тушди. Биров жуфти ҳалолидан, биров отасидан, биров акасидан, биров қайлиғидан, биров бобосидан жудо бўлди. Қайси хонадонга кирманг, девордаги сарғайиб кетган суратни, кемтик патирни, «қорахат»ни кўрасиз. Шунинг учун ҳам биз урушдан жирканамиз. Шунинг учун ҳам янги урушни ният қилганлардан нафратланамиз. Шунинг учун ҳам СССР Конституциясида урушни тарғибот қилувчилар жиноий жавобгарликка тортилади, деб ёзиб қўйилибди.

Эс-ҳуши жойида одам гўдаклигида ўзи ётган бешикни тепиб синдирмайди. Эс-ҳуши жойида одам ўзи униб-ўсган уйга ўт қўймайди. Эс-ҳуши жойида одам ўз онасини бўғиб ўлдирмайди!

Бугунги куннинг биринчи рақамли муаммоси — тинчлик! Одамзодни уруш балосидан сақлаб қолиш. Партиямиз, давлатимиз, совет халқи, қолаверса, дунёдаги етти яшардан етмиш яшаргача софдил одамлар шу ниятда. Ҳушёр бўлмасак, бир тўда телбалар ҳаммамиз биргаликда сузиб бораётган жажжи, нозик кемани ғарқ қилиб юбормоқчи! Ҳушёр бўлинг, одамлар! Тинчлик деган оддий, табиий, нондек азиз неъматини бизлар ёмон ниятли одамлардан тилаб олмаймиз. Бунинг учун курашмоғимиз керак. Ҳозирги кунда ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз — мана шу!