Ўткир Ҳошимов. Мураккаб, аммо зарур муаммолар (1989)

Қайта қуриш, ошкоралик насими ҳаётимизга чуқурроқ кириб боргани сари жамиятнмиздаги жуда кўп муаммолар, масалалар ўзининг янги қирралари билан намоён бўлмоқда. Шу маънода миллий масала ва миллатлараро муносабатлар кун тартибига долзарб қилиб қўйилмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки бугунги демократия халқларнинг миллий ғурурини юксалтириш учун ҳам кенг йўл очиб бермоқда. КПСС Марказий Комитети шу йилнинг ўрталарида «Миллатлараро муносабатларни такомиллаштириш тўғрисида» махсус Пленум ўтказишга катта тайёргарлик кўрмоқда. Республикамиз меҳнат коллективларида, партия ташкилотларида, жамоатчилик, ижодкор зиёлилар вакилларн ўртасида, оммавий ахборот воситаларида эса миллий ва миллатлараро муносабатларга доир масалаларни муҳокама қилиш ташкил этилмоқда. Шу муносабат билан газетамиз маданият арбоблари, ёзувчилар ва санъаткорларга қуйидаги анкета саволлари билан мурожаат қилди:

1. Сизнингча социал-сиёсий ислоҳотлар шароитида миллий муносабатларни ривожлантиришнинг истиқболлари қандай?

2. Кўпмиллатли давлатимизда миллий тилларнинг ўрни ва аҳамияти қандай бўлиши керак?

3. Миллий маданиятларнинг бойиш йўллари ҳақида Сизнинг тасаввурингиз?

1. Одамзот орол эмас, қитъа бўлиб яшашни ўрганса, кўп балоларнинг олди олинган бўларди. Бу кўҳна тарих ер юзидаги жамики миллатларнинг оға-ини бўлиб яшашини тарғиб этган бу йўлда ҳаракат қилган алломаларни ҳам, эллар орасига нифоқ солган олчоқларни ҳам кўрди. Бундан икки минг йил аввал яшаган файласуф Демокритдан миллатинг нима, деб сўрашганида «Инсон» деб жавоб берган экан. Ватанинг қаер, деб тағин сўраганларида «Ер курраси» деган экан. Тарих бу гапларни унутган эмас… Тарих бошқа далилларни ҳам эслайди. Ер юзида рўй берган талай қирғин урушлар гарчанд бошқа ижтимоий ва сиёсий сабаблар асосида бошланган бўлса-да, миллатчилик, ёмон маънодаги «миллий ғурур» бу урушларнинг баҳоналаридан бири бўлган. (Ақалли Гитлернинг немис халқини «орий миллат, олий ирқ», бошқа халқларни эса шунчаки ҳайвонсифат кимсалар, уларни қириб ташлаш ёки қул қилиш керак, деган «фалсафаси»ни эслаш кифоя).

Ҳолбуки, жуда оддий, жуда ҳалол бошқа фалсафа ҳам бор: дунёдаги халқларни, миллатларни яхши ва ёмонга айириш мумкин эмас. Бу дунёда ёмон халқ, ёмон миллат йўқ. Ҳар қандай миллат ичида яхши ва ёмон одамлар бор.

Бугунги кунда, мамлакатимиз ҳаётида рўй бераётган жиддий ўзгаришлар даврида миллий муносабатлар кун тартибида асосий ўринлардан бирини эгаллади. Бу бежиз эмас.

Буюк Ленин советлар юртида истиқомат қилувчи барча эллару элатлар баравар ҳуқуққа эга, ҳеч қандай «улуғ» ёки «иккинчи даражали» миллат йўқ, деган ғояни амалга оширишга жазм этди. Бир мақсад билан яшайдиган ҳамма халқларнинг ўз миллий тили, маданияти, тарихи, адабиёти ҳурмат қилинмоғи лозим, ҳар бир миллат ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга, деган энг инсонпарвар шиорни ўртага ташлади.

Хўш, нима учун миллий муносабатлар кейинги йилларда етакчи масалалардан бирига айланиб қолди?

КПСС XXVII съезди, партиямизнинг съезддан кейинги ҳужжатлари, Бутуниттифоқ XIX партия конференцияси демократия ва ошкораликка, қарийб 70 йиллик тарихимизда йиғилиб қолган, айтиш «ноқулай» бўлган муаммоларни ўртага ташлашга имкон яратди. Ммллий муносабатлар — шундай нозик масалалардан бири эди.

Эътироф этиш керак: Улуғ Октябрь ииқилобининг дастлабки йилларида Тарихий ўзгаришлар моҳиятини дарҳол англаб етмаслик ҳоллари ҳам, баъзан миллатчилик руҳи ҳам сезилди. Бироқ Сталин шахсига сиғиниш авж олган қарийб ўттиз йил мобайнида «миллат» деган сўзни тилга олишнинг ўзи хавфли бўлиб қолди. Талай энг ёрқин истеъдодлар «миллатчи» деган тамға остида қурбон қилинди. (Ҳолбуки, Улуғ Ватан урушида мамлакатимиздаги барча миллатларнинг дўстлиги оғир синовдан ўтди.) Сталинизмдан кейинги даврларда, айниқса, турғунлик йилларида эса ҳар бир халқ қисматига оид бўлган муаммолар халқлар дўстлиги деган умумий гаплар ва шиорлар билан хаспўшланди. Ҳолбуки, шиор ҳаётни эмас, ҳаёт шиорни туғдирмоғи керак. Ҳеч шубҳасиз, ҳар бир киши ўзи мансуб бўлган халқ билан фахрланишга тўла хақли. Матбуот ва телевидениеда «улуғ оғамиз», «тенглар орасида биринчи», «ҳақиқий рус қиши», «ҳақиқий рус арчаси», «соф рус тили» каби иборалар тез-тез ишлатилади, унга ғашлик қилмаслик керак. Инсоф билан айтганда, рус халқининг совет халқлари қисматида тутган ўрнини камситиш гумроҳлик бўлади. Бу халқнинг бағри кенглигини, самимийлигини ҳурмат қилиш керак. Шу ўринда бошқа бир ҳақиқатни ҳам айтишга тўғри келади. Модомики, бизда ҳар бир миллат тенг ҳуқуқли экан, демак, ҳар бир киши ўз халқи билан фахрланиши мумкин ва бундан қандайдир «миллатчилик» излаш тўғри эмас. Яқин-яқинларгача аҳвол ҳийла бошқачароқ эди.

Эркин Воҳидовнинг «Ўзбегим» қасидасига «осилганлар» бўлдими? Абдулла Ориповнинг баъзи шеърларидан «номақбул» кайфият излашлар бўлдими? Расул Ҳамзатовнинг «Доғистоним» асари «Гулистон» журналида эълон қилинаётган пайтда «Бу китобдан миллатчилик ҳиди келяпти», деб тўхтатиб қўйганлар бўлдими? Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романини ўтмишни улуғловчи асар, деб баҳолашлар бўлдими? Бўлди!

Савол туғилади: нега бир халқ вакили бўлмиш шоир ўз халқининг         фазилатларини ҳақли равишда улуғлаши мумкин-у бошқа бир халқ вакили ўз халқи ҳақида фахрланиб гапирса, «миллатчи» бўлади? Ахир бу ленинча сиёсатга зид эмасми?

Ўтган йили Москвада СССР Ёзувчилар союзи пленумида шу масалалар очиқ-ойдин ўртага ташланди. Машҳур украин адиби Б. Олейник куюниб шундай деди: «Ўз халқини, ўз тили, маданияти, тарихини ҳаққоний улуғлайдиган одамга нисбатан «миллатчи» ёки «шовинист» деб тамға босишга уринган кимсалар жиноий жавобгарликка тортилсин. Мен шуни талаб қиламан!»

Албатта, бир халқни (айтайлик, ўз халқини) улуғлаш бошқа халқларни камситиш ҳисобига бўлмаслиги керак. Бироқ қайсидир шоир ёки адиб ўзи мансуб миллатининг қувоич ва ташвишларини, шодлик ва изтиробларини, ютуқ ва муаммоларини куюнчаклик билан ифода қилса-ю, бундан «миллатчилик» изланса, буни «сталинчилик»нинг давоми деб баҳолаш керак.

Бу — масаланинг маънавий томони. Орада янаям муҳимроқ ижтимоий, иқтисодий жиҳатлар бор. Булар ниҳоятда катта масалалар. Шулардан фақат биттаси ҳақида тўхталиш мумкин. Оддий бир ҳақиқат бор, қайси республика, қайси регион, борингки, қайси мамлакат нуқул хомашё етказиб бермш билан овора бўлса, косаси оқармайди. Чунки хомашё тайёр маҳсулотга нисбатан ҳамиша бир неча баробар (ҳатто бир неча ўн баробар) арзон бўлиб қолаверади. Агар гап Ўзбекистон ҳақида кетадиган бўлса, бизда етиштириладиган пахтанинг 90 фоизидан кўпроғини фақат хомашё тарзида сотмасдан, ўзимизда тайёр маҳсулот даражасига олиб чиқиш, қазилма бойликларини ҳам хомашё сифатида (яъни жуда арзонга) сотмасдан, улардан шу ернинг ўзида маҳсулот яратиш имкони бўлса, республиканинг миллий даромади ўсган ва кўплар иш билан таъминланган бўлур эди. (Албатта, бу ишларни бошқа регионлар манфаатига зиён келтирмаган ҳолда, ақл билан қилмоқ зарур).

Бир нарсани аниқ айтиш мумкин. Сўнгги 20—30 йил ичида қилинган хатоларни уч-тўрт йилда, борингки, ўн йилда тузатиш осон бўлмайди. Бироқ пахта монокультураси, Орол денгизининг ўлими, болаларимизнинг касалманд ва саводсиз бўлиб қолганлиги, ерни аёвсиз заҳарлаш, экологик фожиалар — буларнинг барчаси бугун ва эртага ҳал этилиши лозим бўлган жиддий муаммолар!

Бу ўринда гап фақат битта миллат ҳақида бораётгани йўқ. Модомики биз — совет халқлари бир оила аъзолари эканмиз, хоҳлаймизми-йўқми, бугун бир халқ бошига тушган муаммо эртага бошқа бир қардош халқни ҳам оғир ақволга солиб қўйиши табиий.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Лекин афсуски, турғунлик йилларидаги борки иллатларга нуқул Ўзбекистонни рўкач қилиш ҳам инсофдан эмас. Ўзбекистондан марказий районлардаги тўқимачилик корхоналарига тола ўрнига пора олиб борган олчоқлар ҳақида кўп ўқидик. (Булар адолатли гап.) Лекин ўша ерларда тола ўрнига пора олган олчоқлар ҳақида ёзилган мақолаларга, телекўрсатувларга кўзимиз тушмади.

Ёки бошқа бир мисол: Бундан бир мунча муддат аввал самарқандлик врач Ғаффоровнинг ҳаяжонли мақоласи деярли барча матбуот нашрларида эълон қилинди. Бу мақолада ўртага ташлангаи талай фикрларга қўшилиш керак. Ўзбек аёли йил оша туғишни ўйламай, ўз саломатлиги ҳақида ҳам бош қотириши керак. Йил сайин туғилган бола рамақижон бўлиши мумкин. Она, имкон бўлса, дам олиши эарур. Ҳаммаси тўғри. Аммо мақолада барча ҳақиқат тўлиқ айтилган, деб бўлмайди. Аёлнинг (айниқса, деҳқон аёлнииг) қандай шароитда яшаётгани, қандай меҳнат қилаётгани, нима еб, нима ичаётгани мақолада ҳисобга олинмаган. Ўрта Осиёда, жумладан, Ўзбекистонда болалар ўлими фақат кўп туғишга эмас, улар яшаётган шароитга ҳам боғлиқ эканлиги айтилмаган. Қолаверса, нега бошқа регионларда кўп бола кўриш маъқулланади-ю, айнан Ўрта Осиёда оилани «планлаштириш» керак бўлиб қолди, деган муаммо очиқ қолган. Бу эса турли тушунмовчиликларга, норозилик кайфиятларига сабаб бўлди. Мақолада ўқувчининг ғашини келтирадиган яна бир нарса бор: гўё ўзбек қишлоқларида одамлар сандалда ўтираркан ва шу боис ўйламай-нетмай туғдириб ташланган болалар танчага тушиб, майиб бўлиб қоларкан. Биз — бир гуруҳ ёзуачилар Шофиркон районида бўлдик. Шофиркон билан Газли ораси — бир қадам. Биласиз — Газли газ кони. Шофирконда эса табиий газ йўқ. Устига устак, «сенлар газ кони устида ўтирибсанлар», деб кўмир лимитини ҳам кесиб ташлашган. Хўш, одамлар нима қилсин?! Газ йўқ, кўмир йўқ, кесиб ёқай деса дарахт йўқ! Ғўзапоядан бошқа нима бор? Нақотки муаллиф ўзбек деққонини шунчалик калтабин деб ўйласа? Эшигининг тагига табиий газ келса-ю, ўша «аҳмоқ» уйини буғ билан иситишни хоҳламаса).

Кўнгилсиз мисоллар кўпайиб кетяпти. Бироқ тағин битта мисол келтиришга тўғри келади. Ўтган йил охирларида «Комсомольская правда» газетасида «Фарғонача футбол» деган хабар чиқди. Фарғонанинг маҳаллий «Нефтянник» командаси «Нистру» билан ўйнаганида стадионда безорилик рўй берган: ишқибозлар судьяга ҳар хил нарсалар отишган. Муаллиф бу ҳаракатни қоралайди ва жуда тўғри қилади. Лекин, афсуски, хабарда одамнинг энсасини қотирадиган жумлалар анча-мунча. Ишқибозлар ўз командасини гуллар ва «миллий музика» билан кутиб олибди. Бу ерда рақиб команда «сотиб олинар» эмиш, судьяларга «пора берилар»миш, ўз командасининг ўйинчиларига машиналар совға қилинармиш… Савол туғилади. Хўш, томошабинлар ўз командасини миллий музика билан кутиб олса, бунинг нимаси ёмон? Қайси рақиб команда сотиб олинибди? Қайси судьяга пора берилибди? Қайси ўйинчига машина совға қилинибди? Такрор айтаман: безориларни қоралаш керак. Жазолаш керак!

Эсингизда бўлса, ўтган йили Киевнинг «Динамо» командаси Москванинг «Спартак» коллективи билан ўйнаганида «Динамо» мухлислари бўлмиш безорилар Москва поездининг деразаларини синдириб ташлагани матбуотда хабар қилинган эди. Аммо ўша мақолага «Киевча футбол» деган сарлавҳа қўйилган эмас ва тўғри қилинган. Бештами, юзтами безори туфайли бутун бошли Фарғонани қоралаб, «Фарғонача футбол» деган кинояли сарлавҳа билан чиқиш инсофданми?

Демоқчиманки, миллий муносабатлар — ниҳоятда нозик масала. Бир қарашда арзимас бўлиб туюлган камситишлар катта тушунмовчиликларга, ҳатто нифоқларга олиб келиши мумкин.

Ўйлайманки, ҳозирги социал-сиёсий ислоҳотлар шароитида миллатларнинг ўз-ўзини англаб етиш жараёни давом этади.

2. Москвада ёзувчилар пленумида миллий тиллар масаласида кўп гаплар бўлди. Атоқли рус адиби Г. Троепольский шундай деди: «Агар биз миллий тилларни камситсак, миллий тилларни йўқотиб қўйсак, одамларни фикрлаш қобилиятидан маҳрум қилган бўламиз. Негаки, одам аввало, ўз она тилида тафаккур қилади». Чингиз Айтматов билан Нил Гилевич эса ҳар бир халқнинг она тили давлат тили статусини олмоғи керак, деган таклифни ўртага қўйдилар.

Бу гаплар бежиз айтилгани йўқ. Кейинги пайтларда талай ҳолларда (бизнинг республикада ҳам) ҳатто ўз она тилида гаплашишдан «ҳижолат чекадиган» одамлар пайдо бўлди. Ўзбек мактабида ўқиганлар узоққа боролмайди, албатта, рус тилида ўқиш керак, дегаи фикр кучайди. Ҳеч шубқасиз, рус тилини мукаммал билиш (иложи бўлса, бирон чет тилини ҳам ўрганиш) ҳеч қачон зарар қилмайди. Лекин бир тилни улуғлаш иккинчи тилни камситиш ҳисобига бўлмаслиги керак. Ўзбек мактабларида ўқитиш савияси юқори бўлмаса, бунинг учун тил айбдор эмас. Мактаб айбдор, программа ва дарсликлар, педагоглар айбдор. Боланинг (айниқса, қишлоқ боласининг) ўқиш шароити айбдор. Демак, ўқитиш савиясини кўтариш керак. Тағин бир нарсани тан олайлик: яқин-яқинларгача рус тилида ўқитиладиган мактабларда ўзбек тилини ўрганиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди. Бу масалага шунчаки ортиқча даҳмазадек қараб келинарди. Ҳолбуки, Ўзбекистонда яшовчи қардошларимиз ўзбек тилини билса, бунинг нимаси ёмон?

Бир нарсани кўп ўйлайман: нима учун китобхон улуғ Алишер Навоий асарларини луғат билан ўқийди? Бунинг сабаблари кўп. Биринчидан, Навоий «оҳори тўкилмаган» сўзларни энг кўп ишлатган. У сўз бойлиги уммондек теран ва кенг шоир. Унинг ижодида фақат туркий эмас, форсий, араб, мўғул, хитой сўзлари жуда ўринли ишлатилган. Иккинчидан, вақт ўтиши билан баъзи сўзлар истеъмолдан чиқиб кетиши ҳам мумкин. Лекин яна бир сабаб борки, буни ҳам айтмасдан илож йўқ.

Ўзбек алифбоси қисқа вақт ичида уч марта ўзгарди. Оддий халқ амалда уч марта саводсиз бўлиб, ҳамма нарсани «нолдан» бошлади. Устига устак Сталин репрессияси замонида эски ўзбек графикасида яратилган юз минглаб китоблар ёқилди, сувга оқизилди, ерга кўмилди. Натижада, биз улкан маданий хазинамизни йўқотдик. Китобга тушган сўз эса энг бебаҳо хазина. Ёэув графикаси ўзгармаган грузин ёки арман китобхони эса минг йил аввалги ёдгорликни ҳозир ҳам бемалол ўқийди ва бинобарин, луғат титкилаб ўтирмайди. Энг муҳими — ўз аждодлари яратган хазинадан бемалол баҳраманд бўлади. Баъзилар ҳалиям бўлса, эски алифбога қайтиш керак, дейдилар. Менимча (шахсий фикрим), халқни тағин бир марта саводсиз қилишнинг кераги йўқ. Лекин фарзандларимиз эски хатни изчил ўрганиб борса, ҳамма томонлама ютади.

Эҳтимол, ҳозирги мавжуд графикамизга бироз ислоҳ киритилар. Шундай қилинсаки, мамлакатимиздаги туркий тилда сўзловчи ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, қрим-татар, татар, озарбойжон халқлари яратган асарларни таржимонсиз ўқиш имконига эга бўлса. Бу унчалик қийин эмас.

Кейинги пайтда «икки тиллилик» деган ибора устида кўп фикрлар айтиляпти. Бу масалада менинг шахсий (такрор айтаман, шахсий) мулоҳазам қуйидагича: ҳаётда, шахсий мулоқотларда, илмда «икки тиллилик» шубқасиз, фойдали. Аммо бадиий ижодда «икки тиллилик» ғалати туюлади. Троепольский айтганидек, одам ўз тилида мушоҳада қилади. Тасаввур қилинг: мен ўзбек тилида тафаккур қилсам-да, ўша фикрларни хаёлан рус тилига таржима қилиб, асарни русча ёзсам. Бундан рус китобхони нима ютади-ю, мен нимага эришаман? Ёки русча тафаккур қилсам-да, ўзбекча ёзсам… Фикр тушунарли бўлиши мумкин, жумла ҳам маълум маънода ўзбекча бўлиши мумкин, аммо асар руҳи барибир ўзбекча бўлмайди-ку. Бадиий асарда миллий руҳ бўлмоғи лозим. Шоир қайси тилда ёзса, ўша халқ фарзанди бўлади, деган гап бежиз айтилган эмас. Менимча, бадиий асарда «икки тиллилик»дан кўра «бир тиллилик» кўпроқ ўзини оқлайди. Бу ўринда табиий савол туғилади: «хўш, Алишер Навоий сингари ҳам туркий, ҳам форсий ғазаллар ёзган шоирлар-чи? Гап шундаки, ўша ғазалларни ўқиган китобхонлар руҳий жиҳатдан, мушоқада жиҳатидан бир-биридан деярли фарқ қилмаган. Шунинг учуи ҳам мазкур шоирларнинг икки тиллилиги ўзини оқлаган.

Миллий тилларга давлат тили статусини бериш ҳақидаги ленинча принципни тиклаш масаласи бежиз айтилаётгани йўқ.

1977 йили қабул қилинган Грузия ССР Конституциясининг 75-моддасида шундай ёзилган: «Грузия Совет Социалистик республикасининг давлат тили грузин тилидир».

Арманистон ССР Конституциясининг 72, Озарбойжон ССР Конституциясининг 73-моддаларида ҳам шу фикр таъкидланган. Афсуски, бошқа қардош республикалар, жумладан, Ўзбекистон ССР Конституциясида ҳам тил ҳақида ҳеч гап айтилмаган. Ҳолбуки, тил — жамият учун муҳим ижтимоий ҳодиса ва у албатта, Асосий Қонунда ўз ифодасини топиши керак. Менимча, ўзбек тили Ўзбекистон учун давлат тили бўлиши лозим. Айни пайтда, рус тили миллатлар ўртасидаги алоқа воситаси бўлиб қолмоғи ва рус тилини ўрганиш ва ривожлантириш учун ҳамма чораларни кўриш керак. Ҳаётнинг ўзи шуни тақоза қилади.

3. Ҳеч қайси миллий маданият ўз ҳолича ривожлана олмайди. Маданий алоқаларни кучайтиришнинг йўллари кўп. Афсуски, кейинги пайтларда бу соҳада янги формаларни излаш тугул борларини ҳам унутяпмиз. Қардош республикаларнинг адабиёт ва санъат декадалари, маданият кунлари, ҳафталиклар камайиб кетди. Маданиятлар дўстлиги маданият арбоблари дўстлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Эслаб кўринг: Ғафур Ғулом у ёғи Москва, бу ёғи бутун Ўрта Осиёда барча шоиру алломалар билан шахсан дўст эди. Қозоғистон дейсизми, Тожикистон ёки Туркманистонми, қаерга борса, ўз уйидек эмин-эркин юрар, унинг хонадони ҳам бутун мамлакат ижодкорларига очиқ эди. Ёки Ойбекнинг Мухтор Авезов, Абдулла Қаҳҳорнинг Константин Симонов, Миртемир домланинг Абдулла Тожибоев билан, Шайхзоданинг талай озар шоирлари билан яқинлигини олайлик. Ҳозир шахсий борди-келдилар, бир-икки ижодкорларимизни ҳисобга олмаса, жуда камайиб кетди. Ҳаммамиз ўзимизча «даҳомиз».

Адабий алоқаларни яхшилашда таржиманинг хизмати беқиёс. Бу — жуда кўп қиррали масала. Уни алоҳида ўрганиш лозим, шекилли. Ҳар қалай бу соҳада қилинадиган юмушлар кўп.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 13 январь