Озод Шарафиддинов. Чўлпон — таржимон (1990)

Чўлпон ижодий балоғатга етган палладан бошлаб умрининг охиригача таржима ишларига алоҳида эътибор билан қараган. Шуниси ажабки, йиллар давомида миллатчиликда айбланиб келган, яъни миллатларни бир-биридан ажратишни, бошқаларни камситиб, ўз миллатини улуғлашни мақсад қилиб олишда, миллий маданиятлар орасига раҳна солишда айбланган Чўлпон бошқа ҳамма ўзбек ёзувчиларидан олдинроқ таржиманинг аҳамиятини тушунган ва ҳаммадан кўпроқ ва хўброқ таржима қилган. Таржима унинг учун ўзбек халқини бошқа халқларга яқинлаштирувчи муҳим восита бўлган. Таржима туфайли ўзбек халқининг янги маданияти бошқа халқлар орттирган маданий анъаналар билан бойийди, деб ҳисоблаган у. Бинобарин, таржимонлик фаолияти, холисона қаралганда, Чўлпоннинг байналмилал ниятларини рўёбга чиқаришга ёрдам берган. Бу дастак Чўлпонни миллатчиликда айблаганларнинг даъвоси қуруқ бўҳтон эканини кўрсатувчи яна бир муҳим далилдир.

Чўлпон ҳам Шарқ, ҳам Европа адабиётидан асарлар ўгирган. Табиийки, у озар, татар ёхуд турк адабиётларидан бевосита таржима қилган, бошқа адабиётлардан эса асарларни рус тили орқали таржима қилган.

Яқинда «Ёшлик» журналида шоир ва мунаққид Ҳамид Исмоиловнинг Чўлпоннинг таржимонлик фаолиятини ёритишга бағишланган дурустгина мақоласи чиқди. Унда муаллиф рад қилиб бўлмайдиган далиллар асосида Чўлпонни ўзбек совет бадиий таржима мактабининг асосчиси эканини тасдиқлайди. У ёзади: «Абдулҳамид Чўлпон ҳақида сўз юритилар экан, у ўзбек совет бадиий таржима мактабининг асосчиси эканлигини, халқини жаҳон, аввало рус адабиёти дурдоналари билан яқиндан таништиришда «қон-қонигача йўқсилпарвар» маданиятнинг ҳар қандай вакилидан кўра салмоқлироқ ишни амалга оширганлигини уни миллатчи сифатида айблаганлар, шу қарашга хайрихоҳлар тан олмаслиги ғайритабиий бир ҳолдир» («Ёшлик» журнали, 1989 йил, 9-сон, 76-бет). Шундан кейин Чўлпон таржималарининг «унча ҳам мукаммал бўлмаган» рўйхати келтирилади. Бу рўйхат чиндан ҳам эътиборга лойиқ: Шекспирнинг «Ҳамлет», Карло Гоццининг «Маликаи Турандот», Мольернинг «Хасис», Э. Потенинг «Байналмилал», А. С. Пушкиннинг «Борис Годунов» драмаси, «Дубровский» қиссаси, лирик шеърлари, Хитой шоирлари, Ҳейне, Саёт Нова, Т. Шевченко, А. Блок, Э. Верхарн, Лоҳутий шеърлари, Гогол, Тургенев, Чехов насридан намуналар, Горкийнинг «Она» романи, С. Третяковнинг «Ҳайқир, Хитой» драмаси, А. Файконинг «Портфеллик киши» комедияси…

Бу рўйхатни давом эттириб, Чўлпоннинг Рабиндранат Тагор шеърларидан, турк шеъриятидан таржималар қилганини, буюк рус масалчиси И. А. Крилов асарларини, атоқли ёзувчи Леонид Андреевнинг «Етти осилган қиссаси»ни, Гоголнинг машҳур «Иван Иванович билан Иван Никифорович ўртасидаги низолар ҳикояти» қиссасини ўзбекчага ағдарганини айтмоқ лозим. Аммо гап фақат рўйхатда эмас. Гап Чўлпоннинг таржимонлик маҳоратида.

20-йилларда Чўлпон таржима масалқларига бағишланган бир қатор мақолалар эълон қилди. Булар «Шоҳнома»нинг туркча таржимаси», «Таржима тўғрисида андак» каби мақолалардир. Эҳтимолки, бу мақолаларни ҳам ўзбек таржимашунослигининг илк намуналари, деб ҳисоблаш мумкиндир. Ҳар ҳолда, уларда Чўлпоннинг таржимага қарашли, ўз фаолиятида қандай нуқтаи назарларга амал қилгани яққол кўринади. Чўлпон таржима қилинаётган асарнинг маъносинигина эмас, руҳини ҳам, миллий рангларини, услуб жилоларини ҳам тўлалигича сақлаб қолиш тарафдори бўлган. Ўзи юксак санъаткор бўлганидан Чўлпон бадиий асарни гўзал қиладиган жиҳатларини, китобхонга завқ берадиган, унинг ҳиссиёт оламига таъсир қиладиган қирраларини жуда яхши ҳис қилган ва буларнинг барини таржимада беришга интилган. Чўлпон таржимасида шеърий асарлар ҳам, насрий асарлар ҳам худди оҳорли аеарлар каби тароватини йўқотмай, табиий ва равон, халқчил ва ҳаётий тарзда намоён бўлади.

Ҳозир ёши олтмишлар атрофида бўлган мен тенги одамлар эсласалар керак — биз энди мактабга қадам қўйган кезларда ўқиш китобидан «Бўри билан қўзичоқ» масалини ўқиган эдик. Бу масални жуда зўр иштиёқ билан чинакамига завқланиб, ҳузур қилиб ўқиганимиз эсимда. Унинг иборалари содда ва тушунарли, оҳанги равон ва мазмунга жуда уйғун эди. Сатрлар ҳам худди булоқ сувларидек бири кетидан бири ўз-ўзидан, табиий равишда қуйилиб келаётгандек… Хуллас, масал икки-уч ўқигандаёқ ўз-ўзидан хотирангизга ўрнашиб, ёд бўлиб қоларди. Ўшандан бери, мана, ярим аср ўтди. Бу муддат мобайнида неча марталаб ҳар хил вазиятларда, ҳар хил муносабатлар билан масалнинг мисраларини такрорлашга тўғри келди. Ҳозир ҳам ўша жарангдор мисралар ўз-ўзидан хотирамга кела бошлади. Масал:

Дарахтнинг бўшини қурт ейди доим,
Тарихда мисоллар жуда кўп бунга.
Тарих тўғрисида қолмайлик-да жим,
Бир эртак сўйлайлик, қулоқ бер шунга —

деган ғоят ихчам, аммо мазмундор ҳикмат билан бошланарди. Шундан кейин ношуд қўзичоқнинг аламли саргузашти бошланади:

Ёзнинг иссиқ бир кунида
Қўзи борди сув ичгали.
Ўз жонига қасд қилгандан
Хабари йўқ унинг ҳали.

Қўзичоқ ёвуз бўрига дуч келади. Оч бўри қўзичоқни емоқ учун баҳона излайди. Улар ўртасидаги савол-жавоб шу қадар табиий ва айни чоқда, шу қадар драматизмга тўлаки, вужудингизни қандай қамраб олганини ўзингиз ҳам сезмай қоласиз:

«Шошма, ҳали, сен баччағар,
Уч йил бурун жуда дағал

Бир гап қилиб эдинг менга,
Кўрсатаман энди сенга!»

«Ўтган йили туғилдим-ку?!»
«Ундай бўлса, акангдир у!»

«На акам бор, на укам бор?!»
«Гап қайтарма, эй баччағар!

Уруғингдир, аймоғингдир!
Бирон оғиз маймоғингдир!»

Масал охирида қўзичоқнинг «айби» аён бўлади:

Айбинг шуки — учраб қолдинг қорним очганда,
Шундай қилиб, қўзичоқни еди ўрмонда.

Мен ҳеч қачон бу масални русча асли билан солиштириб кўрган эмасман: лекин ўйлайманким, бадиий баркамолликда улар бир-биридан қолишмаса керак. Қизиқ бир дастак — масал билан биринчи бор учрашган кезларимизда унинг муаллифи буюк рус ёзувчиси Иван Адреевич Крилов эканидан огоҳ бўлдиг-у, лекин ким таржима қилганини бизга айтишгани йўқ. Шундан сўнг, «Бўри билан қўзичоқ» масали 1980 йилга қадар ҳар хил тўпламларда, ўқиш китобларида, хрестоматияларда ва ҳатто Криловнинг тўпламларида ҳам ўнлаб марта босилди, лекин бирон марта ҳам таржимоннинг номи кўрсатилмади, фақат 1980 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриётда Мухтор Худойқулов тўплаб, нашр эттирган «Крилов масаллари»дагина кўп йиллик танаффусдан кейин биринчи марта Чўлпоннинг номи таржимон сифатида тилга олинди.

Чўлпоннинг шеърий таржимада бениҳоя моҳир эканини кўрсатмоқ учун яна бир мисол келтираман. Ўтмиш алломаларидан бири «шеърда таржимон шоирнинг рақиби, насрда эса муаллифнинг қулидир» деган экан. Насрда таржимон муаллифнинг қулими, йўқми — бу масалада бир нарса деёлмайман-у, лекин шеърий таржимада таржимон шоирнинг рақобатчиси экани чиндан ҳам тўғри. Шеърий асарни таржима қилиш ҳаддан ташқари қийин, чунки чинакам шеър ҳеч қачон бирон маънони ифодаловчи қуруқ сўзлар йиғиндисидан иборат бўлмайди. Шеърда теран ҳаётий мазмундан ташқари муайян руҳий ҳолат, муайян кайфият бўлади. Шеърда ҳар қандай ҳаёт ҳақиқати турфа хил жилоларга эга бўлган ҳиссиёт мавжларига буркаб берилади. Ниҳоят, шеър ўйноқи, жарангдор, равон оҳанглар силсиласидан ҳам иборатдир. Бинобарин, шеърни шеър билан таржима қилмоқ керак, шеърнинг мазмунинигина эмас, уни санъат даражасига кўтарган иқлимини, ҳароратини, бадииятини ҳам ифодаламоқ керак. Акс ҳолда, таржима алланечук сунъий, жозибадан маҳрум, ўлик бир нарсага айланади. Афсуски, Пушкиндай, Лермонтовдай, Некрасовдай буюк шоирларнинг айрим шеърларини ўзбек тилида ўқиганда уларнинг нимаси шоиру, нимаси буюклигига ҳайрон қоламиз. Ёки биз бетакрор шоирлар деб бошимизга кўтарадиган Абдулла Орипов билан Эркин Воҳидов шу пайтга қадар рус тилида ўзининг жамики нафосати, ранглари, қудрати билан жаранглагани йўқ. Чунки бу ҳолларда шеърнинг мазмуни бир даражада ифодаланади-ю, шеърий ифодаланмай қолади. Ҳа, чиндан ҳам буюк шоирнинг шеърини муваффақиятли таржима қилмоқ учун таржимон ўша шоир даражасига кўтарилмоғи зарур. Чўлпон Пушкиннинг «Гул ва булбул» шеърини ўзбекчага ағдарганда, назаримда, айни шу даражага кўтарилган. Маълумки, бу шеър Пушкиннинг шарқ шеърияти таъсирида яратган туркумига киради. Таржимоннинг маҳорати ҳақида аниқроқ тасаввурга эга бўлмоғингиз учун аслини ҳам, таржимани ҳам тўла келтираман:

В безмолвии садов, весной, во мгле ночей,
Поет над розою восточный соловей.

Но роза милая не чувствует, не внемлет,
И под влюбленный гимн колеблется и дремлет.

Не так ли ти поешь для хладной красоты?
Опомнись, о поэт, к чему стремишься ты?

Она не слушает, не чувствует поэта:
Глядишь, она цветет, взываешь — нет ответа.

Чўлпон шеърни бундай таржима қилган:

Баҳор чоғида холи боғда бир зулматли тун эрди,
Ғариб булбул фиғон айлаб, «гулим, раҳм айлагил» дерди.

Бироқ ул гул қулоқ солмас эди фарёду афғона,
Фақат ором оларди ноладин тўлғона-тўлғона.

Сени ҳеч севмаган бир гул учун, эй шоирим, сен ҳам
Ёнарсан, ўртанарсан, дод этарсан, тингламас бир дам,

Қўй энди, беҳуда дод этма оҳинг унга етмайди,
Қарайсан — яшнаган бир гул, фақат овоза бермайди.

Таржима ҳақида нима дейиш мумкин?

Аввало шуни айтиш керакки, бу чинакам шеърият намунасидир — у китобхон туйғуларига таъсир қилади, уни завқлантиради, унда гўзаллик туйғусини қўзғайди. Таржимада Чўлпон эркинлик ва аниқлик нуқтаи назарига амал қилади. У асар аслига эркин муносабатда бўлади, сўзма-сўз таржимадан қочади, сифатлашлар, ўхшатишлар, бошқа шоирона сувратларни бемалол ўзгартираверади. Шуниси ажабланарлики, худди ана шу эркинлик шеър маъносини оқизмай-томизмай тўла ифодалашга хизмат қилади. Пушкин сукунат қўйнига чўмган унсиз боғ ҳақида, тун қоронғилиғи ҳақида гапиради. Пушкинда «шарқ» булбули гул тепасида куйлайди. Чўлпонда эса воқеа «холи боғда», «зулматли тунда» кечади; «шарқ» булбули ўрнига «ғариб булбул» пайдо бўлади. Энди у қўшиқ айтмайди, балки «гулим, раҳм айлагил» дея фиғон чекади, гул ҳам Чўлпонда булбулнинг маъшуқаси тарзида кўрсатилади. Бундай ўзгаришлар кейин ҳам давом этаверади — гулга берилган «милая» деган таъриф тушиб қолади, «влюбленный гимн» ҳам «фарёду афғон»га айланади, ҳатто «дремлет» сўзини, яъни «мудраяпти, ухлаяпти» маъносидаги сўзи Чўлпон «ноладин ором оларди» деган ибора билан ифодалайди. Бу ўринда «колеблется» ибораси «тўлғона-тўлғона» дея жуда чиройли ва жуда аниқ таржима қилинганини айтиш керак. Кўринадики, Чўлпон аслидаги айрим ибора ва сувратларни ўз хоҳишича ўзгартираверган эмас, балки шеърнинг асосий ғоясини, унинг мағзини ташкил қилувчи етакчи шоирона ғояни белгилаб олиб, шуни тўлароқ очишга хизмат қиладиган ибораларни, таърифларни танлаган. Яна бунинг устига Чўлпон танлаган ибора ва ифодалар ҳиссий фаоллиги билан ажралиб туради. Аммо буларнинг бари ҳам ҳали Пушкин шеърининг бутун жилоларини ифодалаш билан арузга мурожаат қилади — ўйноқи бир оҳанг яратиб, шеърдаги асосий кайфиятни, ҳиссий руҳни ҳам қайта яратади. Натижада, рус шоирнинг шеъри ўзбек китобхонининг қалбига яқин шеър сифатида янграй бошлайди — асл мазмунини йўқотмаган ҳолда, бадиий қимматидан маҳрум бўлмаган ҳолда янгича миллий ранглар, оҳанглар билан бойийди. Эҳтимолки, Пушкиннинг ҳамма шеърини ҳам бундай оҳангларда таржима қилиб бўлмас, эҳтимолки, «Гул ва булбул» шарқий шеърлар туркумидан бўлгани учун ҳам арузда бемалол жаранглайвергандир. Ҳар ҳолда, нима бўлганда ҳам, «Гул ва булбул» таржимада шеърият санъатининг юксак намунаси даражасига кўтарилган — биз уни ўқиб, завқланар эканмиз, Пушкиннинг шоирлик иқтидорига ҳам, Чўлпоннинг таржимонлик санъатига ҳам таҳсинлар ўқиймиз.

Чўлпоннинг таржимонлик маҳорати йиллар ўтгани сари камолотга ета борди. Бу борада унинг 30-йилларда қилган иккита таржимасини энг юксак намуна сифатида кўрсатиш мумкин. Булар Шекспирнинг «Ҳамлет» фожиаси ва Пушкиннинг «Борис Годунов» драмасининг таржимасидир. Мунаққид Ҳамид Исмоилов юқорида зикр этилган мақоласида «Ҳамлет» таржимасини шундай баҳолайди: «Ўттизинчи йилларнинг бошларида Чўлпон таржимон сифатида юксак поғонага кўтарилди. Она тилига у ўгирган асарлар руҳи халоскорига айланганини ҳис этиш қийин эмас, шоир қалбини ларзага солган ҳамлетона иштибоҳ ва қисмат чигалликлари таржимада ҳам теран, ўзбекона ифодасини топган» («Ёшлик» журнали, 1989 йил, 9-сон, 77-бет).

Бу ўринда Ҳамид Исмоиловнинг Чўлпон билан Шекспир ўртасида руҳий яқинлик мавжудлиги ҳақидаги фикрига эътиборингизни жалб қиламан. Буни 20-йилларда, яъни Чўлпон ҳали Шекспир таржимасига киришмасидан анча аввал бошқа тадқиқотчилар ҳам айтишган эди («Фан ва турмуш», 1989 йил, 10-сон, 17-бет). Дарҳақиқат, шу яқинлик таржиманинг муваффақиятли чиқишини таъминлаган асосий омил бўлган. Афтидан, Шекспирни таржима қилиш жараёнида Чўлпон бутун вужуди билан чинакам ижодий эркинлик муҳитига шўнғиган-у «илҳом париси»нинг қанотларини қайирмай қалам тебратган.

Албатта, Чўлпон таржималари ҳам 30-йиллар шароитида ҳар хил таъна тошларидан, дашномлардан, бўҳтон ва туҳматлардан бебаҳра қолган эмас. Баъзи бир мунаққидлар далилларни қўпол равишда бузиб, ўта андишасизлик билан ҳақиқат юзига оёқ қўйиб, Чўлпоннинг таржимонлик фаолиятини ерга урган (Назир Тўрақуловнинг мақоласи ва унга Чўлпоннинг жавоби). Бошқа баъзи мунаққидлар эса холисона иш тутишга ҳаракат қилган бўлсалар-да, Чўлпонни бир туртиб ўтиш иштиёқини бутунлай енга олмаганлар. Масалан, Сотти Ҳусайн «Ҳамлет» Чўлпон таржимасида» деган мақоласида анча теран ва тўғри фикрлар айтгани ҳолда, Чўлпонни атайлаб форс, араб ва чиғатой сўзларини кўплаб қўллаганликда айблайди. Масалан, «Ё ўлиш, ё қолиш» айтувининг таржимаси ҳақида ёзар экан, Сотти Ҳусайн шундай дейди: «Бу монологни Чўлпон таржимасида саҳнадан айтиш жуда қийин. Уни ўқиганда англаб олиш ҳам ҳаддан ташқари мушкул. Унинг тилида тушуниксиз сўзлар шу қадар кўп. Айни чоғда, Чўлпон ўзбекларга ўзлашиб кетган, улар учун тушунарли бўлган арабча ва форсча сўзларни ишлатишдан ўзини олиб қочади».

Бу парчада сўз қўллашда Чўлпонга сиёсий айб тақилмаса-да, ҳар ҳолда, муайян бир томонламалик бор. Бу ўринда «Ҳамлет» таржимасининг жамики ютуқ ва камчиликларини батафсил гапириб ўтиришга ҳожат йўқ. Мен фақат бир дастакни таъкидлаш билан чекланаман — Чўлпон ўзбек халқи учун биринчи бўлиб «Шекспир» деб аталган буюк хазинани очиб берди. У «Ҳамлет»ни инглизча аслидан эмас, Каншиннинг насрий таржимасидан Е. Ланнинг шарҳлари ва изоҳларига таяниб туриб амалга оширган эди. Лекин шундай бўлса-да, таржимада Шекспирга хос бўлган эҳтирослар бўронини, қамровнинг кенглигини, руҳий парвозни, руҳий теранликни сақлаб қола олди. «Ҳамлет» ўзбек драма театрининг ривожида босқич бўлди. У фақат театр ҳаётида эмас, умуман, ўзбекларнинг маданий ҳаётида катта воқеа бўлган эди. «Ё ўлиш, ё қолиш — гап шунда. Ажабо, қайси бири шарафлик ва олижаноб! Дилозор фалакнинг зарбаларига чидашми ёки балолар денгизига қарши бел боғлаб, уларга қарши қўзғолиб, уларни барҳам беришми?!»

Бу оташин сўзлар билан бошланадиган Ҳамлетнинг машҳур айтуви 30-йилларда ҳам, 40-йилларда ҳам кўп ўзбек зиёлилари севиб такрорлаб юрадиган изҳори дил сўзларига айланиб кетганди. Кейинчалик «Ҳамлет» ўзбек тилига яна икки марта таржима қилинди. Улардан Шайхзода таржимасини мустақил ижодий иш сифатида қараш мумкин.

Чўлпоннинг таржимонлик фаолияти ҳақида гапирганда, «Борис Годунов» драмасининг таржимаси тўғрисида ҳам тўхташ керак, чунки бу таржима Чўлпоннинг ижодий фаолиятидаги энг авж нуқталардан бири бўлган эди. Чўлпоннинг қурилиши жиҳатидан ҳам, шоироналиги жиҳатидан ҳам таржима учун ғоят мураккаб бўлмиш «Борис Годунов»га мурожаат қилиши тасодиф эмас эди, албатта. Бунинг сабаби сифатида 30-йилларнинг ўрталаридан бошлаб мамлакатимизда Пушкин вафотининг 100 йиллигини нишонлашга тайёргарлик ишлари авж олиб кетганини ва шу муносабат билан буюк шоирнинг асарлари кўпгина миллий тилларга, шу жумладан, ўзбек тилига ҳам кенг таржима қилина бошлаганини кўрсатиш мумкин. Бироқ бу фақат ташқи сабаб бўлган бўлиши мумкин. Асл сабаб эса Чўлпоннинг ўша йиллардаги руҳий аҳволи билан «Борис Годунов» Чўлпоннинг руҳига жуда мос келганини исботлаш унча қийин эмас. Мунаққид Ҳамид Исмоилов юқорида зикр этилган мақоласида буни жуда яхши очиб берган: «Улуғ шоирлар ўз қисматларини олдиндан башорат қиладилар, деган гап бор. Агар шу рост бўлса, ушбу «ёлғончи шоҳ» хроникаси бўлмиш айнан ана шу таржимани танлаган экан, унда мутаржим ёздиғини башорат қилгувчи тақдир муҳри босилган эди. Зеро, бу сўзларни кундаликка битилган тиловат сингари ўқийсиз».

Шундай кейин «Яна битта энг охирги ривоят қолди» деган сўзлар таржимаси билан бошланган машҳур айтувидан парча келтирилади. «Борис Годунов» таржимасини Чўлпоннинг жасорати деб айтган мунаққид таржимон маҳоратига юксак баҳо беради. Биз унга тўла қўшилганимиз учун бу баҳони ҳам кўчирамиз: «Таржимон сифатида Чўлпон маҳоратининг лол қолдирадиган жиҳати шундаки, бир томондан шоирона баённинг замонавийлигини қарийб тўла таъминлаган. Иккинчи томондан эса Пушкин ёки аниқроғи Годунов даврининг руҳи ва каломини сақлаб қолган. Бунга у бир жиҳатдан асарни ўзбек тилида ниҳоятда табиий оҳангларда жаранглатиш, иккинчи жиҳатдан эса ўзга тил табиатини асраб қолиш орқали эришган» («Ёшлик» журнали, 1989, 9-сон, 79-бет).

Биз Чўлпоннинг таржимонлик фаолияти ҳақида умумий мулоҳазаларни баён қилиш билан чекландик. Албатта, ўзбек адабиётшунослари, таржимашунослари навбатдаги ишларида Чўлпоннинг таржимонлик фаолиятини мукаммал тадқиқ этадилар, унинг маҳорат сирларини батафсил ўрганадилар. Негаки, Чўлпон таржималари ўзининг қимматини мутлақо йўқотмаган ҳолда бугун ҳам таржимонлик дорилфунуни сифатида яшашда давом этмоқда. Аммо бу тадқиқотларни кутмасданоқ битта қатъий хулоса чиқариш мумкин — Чўлпон бирон бошқа жанрда ижод қилмаганида ҳам таржималарининг ўзиёқ унинг номини ўзбек адабиёти тарихининг энг мўътабар жойига ёзиб қўйиш учун кифоя қиларди. Чўлпон таржималари билан ўзбек халқининг янги маданияти ривожига катта ҳисса қўшди.

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 2-сон