Наим Каримов. Икки дарға (1990)

Отажон Ҳошим ва Ойбек таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан

Ўзбек маданиятининг 20-йилларда жўш ура бошлаган икки булоғи Отажон Ҳошим ва Ойбекдир. Уларни ўзаро боғловчи ҳаёт ва ижод ришталари оз эмас. Иккиси ҳам Тошкентда — бир адабий муҳитда туғилган, ўзбек ва рус маданиятларидан баҳраманд бўлиб ўсган бу сиймолар Маданий қурилиш илмий-текшириш институти, сўнг Тил ва адабиёт институтида ўзбек фани ва маданиятининг равнақи йўлида сидқидилдан хизмат қилдилар. Уларнинг бири институтнинг, ҳатто жумҳурият Фанлар Қўмитасининг раҳбари, иккинчиси эса ўша вақтда оддий илмий ходим вазифасини адо этгани улар ўртасидаги ижодий алоқанинг бир томонлама кучга эга бўлганини англатмайди. Улар ёш жиҳатдан ҳам, истеъдод жиҳатдан ҳам, билим бойлиги ва меҳнатсеварлик нуқтаи назаридан ҳам бир-бирларидан олисда эмас эдилар. Аммо шунга қарамай, ўйлаймизки, илмий ходим Ойбекнинг, масалан Абдулла Қодирийга бағишланган асарининг юзага келиши ва унинг илмий йўналиши белгиланишида директор Отажон Ҳошимнинг хизмати оз бўлмаса керак. Лекин бу борадаги бизнинг фикримизни тасдиқловчи ё рад этувчи далиллар ҳозирча етарли эмас. Шунинг учун ҳам бу икки сиймо ўртасидаги ижодий муносабатни «Евгений Онегин» шеърий романининг таржимаси мисолида кузатишни ўринли деб биламиз.

Замондошларнинг гувоҳлик беришича, А. С. Пушкин вафотининг 100 йиллиги муносабати билан 1936 йилда бир гуруҳ ўзбек шоирлари ва ёзувчилари унинг асарларини таржима қилишга бел боғлаганларида, бу айни пайтда ҳам мушкул, ҳам улуғ ишга Отажон Ҳошим мутасаддилик қилган. Шунда А. С. Пушкин ижодининг шоҳ намунаси бўлмиш «Евгений Онегин»ни таржима қилиш Ойбекнинг мекига тушган. Шу вақтга қадар ўзбек таржима маданияти ҳали шаклланмагани, Ойбек эса Пушкин, Горький ва Анатол Франсдан кичик парчаларнигина ўзбек тилига ўгиргани ва катта тажрибага эга эмаслигига қарамасдан, унга «Онегин»нинг топширилиши истеъдодли шоир ва олимнинг ижодий имкониятларини яқиндан билган ва қадрлаган Отажон Ҳошим туфайли рўй берган. Ойбек ҳам унинг муҳаррир сифатида бўлажак ёрдамига таянган ва шу сабабдан ҳам ўта масъулиятли ишга рози бўлган.

«Онегин»ни таржима қилишдан аввал икки муҳим масалани ҳал қилиш зарур эди. Бири — асарни қайси йўл билан, эркин ё сўзма-сўз таржима йўли билан ўгириш бўлса, иккинчиси — қайси вазн билан ағдариш муаммоси эди. Ойбек бу муаммоларни ечишда ўзи ҳурмат қилган икки кишининг фикрига қулоқ осди. Буларнинг бири устоз Чўлпон бўлиб, у Ойбекнинг илтимоси билан «Онегин»нинг бир бандини ўзбек тилига ўгириб, ўн бир ҳижоли бармоқ тўққиз ҳижоли ямбда ёзилган бу асар учун энг қулай вазн эканлигини исбот қилиб берди. Иккинчи маслаҳатни берган киши эса Отажон Ҳошим бўлиб, у ёш таржимоннинг муқобил таржима йўлини танлаб олишида четда турмади.

Ойбек айтганидек, «Романда турли воқеалар тасвирланади, турли-туман қаҳрамонлар учрайди, шароит тасвирлари, манзаралар берилади. «Евгений Онегин»нинг ҳаммасини ўқиб чиқиб, янгидан шеърий романни яратиш тўғри бўлмайди». «Албатта, романни эркин таржима этиш, — деган эди Ойбек таржиманинг 1937 йилда бўлиб ўтган муҳокамасида, — менга қулайлик яратган бўларди. Лекин ўша даврни кўрсатиш нуқтаи назаридан бу тамоман нотўғри бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам мен романга жуда эркин муносабатда бўлмадим. Айниқса, таржима редактори Отажон Ҳошим бунга йўл қўймади. Пушкин асарининг тилига хос сўзларнинг тушиб қолиши натижасида маъно бузилиши мумкин эди».

«Онегин»нинг таржимасига киришишдан аввал ана шу икки муҳим масалани ҳал қилиб олган Ойбек 1936 йилнинг ёзида Чимёнда қаттиқ ижодий меҳнатдан сўнг таржимани қўлдан чиқарди. «Мен бу таржимани бир ҳафта давомида кўчириб чиқмоқчи бўлдим. Аммо бу иш бир ярим ойга қадар чўзилди. Дастлаб таржиманинг қўпол чиққан жойлари кўзга ташланди. Мен уларни тузатиб чиқишга улгурмаган ҳам эдимки, Отажон ака менга таржимадаги мавҳумроқ чиққан жойларни кўрсатди. Мен бу ўринларни ҳам тузатдим. Таржимани оригиналга солиштирган сари ундаги янги-янги нуқсонлар кўзга чалина берди».

Ойбекнинг бояги муҳокамада айтилган бу сўзларидан унинг Отажон Ҳошим билан ҳамкорликда олиб борган иши ҳақида янги маълумотларга эга бўламизки, улар 1936—1937 йилларда ўзбек таржима мактабининг қандай пайдо бўлганлиги масаласига ҳам ойдинлик киритади. Шу нарса диққатга сазоворки, Пушкин даҳосининг бу улуғ меваси ўзбек тилига ўгирилган ва таҳрир этилган кезларда бу ҳар иккала ижодкор эндигина 31 — 32 ёшдаги навқирон йигитлар эди. Аммо бундан олтмиш йилдан зиёдроқ вақт муқаддам амалга оширилган таржимани ҳам, унга муҳаррир томонидан ёзилган дебоча мақолани ҳам бугун ўқир эканмиз, уларнинг ҳар иккаласи зукко ижодкорлар сифатида Пушкин асарини теран ҳис этиб ва таржима қилибгина қолмай, балки айни пайтда ўзбек таржима санъатига пойдевор қўйганларининг ҳам бахтли гувоҳлари бўламиз.

Отажон Ҳошим Ойбек билан таржима устида қанчалик самарали иш олиб борган бўлмасин, шу аснода тўпланган тажриба мислсиз даражада катта қимматга эга эканлигини сезиб, бу таржима сабоқларидан китобхонлар оммасини ҳам баҳраманд этмоқчи бўлган. Шу мақсадда у «таржима тили ва унинг таркиби, таржима тилининг бўёқдорлиги ва бадиийлиги, образларни аниқ, равшан бериш, мазмунни беришда эркинлик, таржимада қаҳрамонлар ва авторлар сўзи, вазн ва мусиқа масалалари» бўйича мароқли кузатишлар олиб борган ва уларни баён қилган. У «Евгений Онегин»нинг бадиий хусусиятларини бирма-бир кўздан кечирар экан, бу ўлмас ва ажойиб асарни таржима қилишдаги «энг тўғри талаб ўзбекча таржимасидан ҳам Пушкиннинг «ҳиди» келиб турсин, унинг поэмадаги мазмунини, фикрлари, ҳислари, туйғулари, ҳаяжонлари унда ҳам пушкинчасига жарангласин, қуюлсин ва кишини тўлқинлатсин», — деб билди. «Бадиий таржима учун энг муҳими… — деб ёзади у, — бадиий тил масаласидир, она тилини, конкрет ҳолда ўзбек тилини яхши билиш ҳам уни бадиий усталик билан ишлата билишдир. Тил эса сўзлардан, сўзлар эса маълум мазмунни, маънони, фикр, ҳис ва туйғуларни ҳамда бадиий асарда бўлган оҳанг, мусиқани ҳаяжонли, содда, равон ҳам сиқиқ беришга мувофиқ терилган, ишланган бўлиши керакки, бу ҳар бир яхши таржиманинг биринчи ва асосий хусусиятидир».

«Онегин»нинг тили ва услубига хос хусусиятлардан бири шунда эдики, унда юнон ва рим мифологияси билан боғлиқ образлардан, дворянлар олами билан боғлиқ ямпшк, барин, бал, дуэль, оброк каби сўзлардан ташқари, ўнлаб рус ва овруполик тарихий шахсларнинг номлари ҳам оз эмас эди. Бу тарихий, маиший ва мифологик атамаларни ўзбек тилига таржима қилиш қанчалик маъносиз бўлса, таржима тилини улар билан тўлдириб юбориш ҳам шунчалик зарарли эди. Ана шундай шароитда Ойбек ва Отажон Ҳошим таржима учун яна бир йўлни танлаб олдилар. «Зарурий минимум» деб аталган бу йўлга кўра, чет тилдан кирган энг муҳим сўз, исм ва атамаларгина таржимада айнан сақланиши мумкин эди.

«Онегин»ни таржима қилишнинг назарий масалалари бу ҳар иккала ижодкор томонидан бир хил ҳал қилинганига қарамай, таржима фикрлар кураши, юмшоқроқ айтганда, таржимон билан муҳаррирнинг ижодий ҳамкорлиги жараёнида тобора сайқалланиб борди. Масалан, рус ҳаётининг маиший ўзига хослиги сифатида романда ишлатилган сўзлар орасида ростбифф деган сўз ҳам бор. Ойбек дастлаб бу сўздан таржимада айнан фойдаланишни маъқул топмай, уни «лазиз овқат» деб ифода қилди, аммо у эркин таржиманинг ҳар қандай кўринишларини ҳазм қила олмаган Отажон Ҳошим таъсирида ростбифф сўзини айнан қолдиришга мажбур бўлди. Айни пайтда у рус миллий рангдорлигига риоя этиш истагида Татьяна именинасида берилган таомлар тасвирини ўзбек тилида бундай ифодалади:

Татьянада бўлган саросимани
Ўлтирганлар бари била оларди.
Локин муҳокама, кўзлар нишони
Шу топда тортилган мой сомсаларда.
(Бахтга қарши, сомса бўлган шўртангроқ);
Жаркоп, блан манже орасидаёқ
Келтириб қўйишар цимлянскийни…

Аммо Отажон Ҳошим бу сатрлардаги ўзбек тилига ёт атамалар муносабати билан бундай ёзади: «Бунда блан-манже сўзини сақлашга тўғри келади, лекин цимлянский сўзини тушунишни шу жойнинг ўзида осонлаштириш мумкин эди. Бунинг учун цимлянский билан бирга шароб сўзини усталик билан ишлатиб юбориш етарли эди». Бу, эҳтимол, назарий жиҳатдан тўғри мулоҳазани эътиборга олиш учун таржимон шу сатрлардаги бошқа бирор сўз, бирор мазмунни қурбон қилишга мажбур эди. Шунинг учун у муҳаррирнинг ҳамма мулоҳазаларига ҳам қулоқ сола бермаган. Агар у Отажон Ҳошим билан фикрдош бўлганида, у ўз таржимасида улвнй, бокира, восила, ғаддор, рўё, махмура, кадар сингари «омма тилига ва ҳозирги адабий тилимизга кирмаган сўзлар»дан истифода этмаган ва таржима тилини хийла камбағаллаштирган бўларди.

Отажон Ҳошим бу ҳолни, аслида, нозик ҳис этади ва шунинг учун ҳам ёзади: «Пушкиннинг ҳар бир сўзида ҳам тасвирида чуқур маъни, мазмун ва ҳис биқиниб ётадики, уларнинг теранлигини бериш учун бой бадиий, жонли тил бўлиши керак. Акс ҳолда, ҳисобсиз «оддий» сўзларни ишлатишга тўғри келади».

Мунаққид таржима тилининг образли, картинали, бадиий тил бўлишида Ойбек эришган маҳоратни кенг таҳлил қилиб, унинг, чунончи, «пустыня» сўзини саҳро, чўл, гўша, деб «свет» сўзини дунё, қайнаган ҳаёт, юксак олам тарзида, «толк» калимасини эса маъно, тафсир, миш-миш, жўйиш сингари шаклларда таржима қилганида таржимон маҳоратининг белгиларини кўради. Айни пайтда у Ойбек таржимасига умуман юкори баҳо бергани ҳолда «таржиманинг айрим жойларида ҳали ҳам етарли соддалик, равшанлик, аниқлик йўқлиги»ни, «поэманинг бошидан охиригача тўла равонлик, сактасизлик бутунлай таъмин этилмаганини алоҳида қайд этади. Бу ҳолни Ойбекнинг ўзи ҳам сезиб, «ўйлайманки, таржимада таҳрирталаб ўринлар ҳали ҳам бор. «Евгений Онегин»дек улкан асарни шошилинч таржима қилганим сабабли унда камчиликлар кўп бўлиши табиий», — деб ёзган ва бу таржимага сайқал беришда кейинчалик ҳам давом этган.

«Евгений Онегин» таржимасидаги Отажон Ҳошим қайд этган нуқсонлар, айниқса, асарнинг яқинда истеъдодли шоир Мирза Кенжабек томонидан янгитдан таржима этилиши Ойбек таржимаси устига чизиқ тортмайди. Мунаққид 1937 йилдаёқ бу таржиманинг беқиёс аҳамиятини теран ҳис этиб, «Ойбекнинг таржимаси Пушкиннинг буюк асаридан иборат бўлган «Евгений Онегин»ни таржима қилишда, умуман бадиий таржима санъатини олға суришда ва эгаллашда қўйилган бир зўр қадамдир», деб унга холисона баҳо берган эди.

Ойбек ўзининг қаламкаш сафдошлари Чўлпон ва Усмон Носир, Шайхзода ва Миртемирлар билан бирга ўзбек таржима мактабининг тугилишига улкан ҳисса қўшган бўлса, бу мактабнинг назарий ақидаларини ишлаб чиқиш ва унга устозлик қилишда Отажон Ҳошимнинг ҳам унутилмас хизматлари бор.

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 9-сон