Маҳбуба Қодирова. Нодира ҳаётида ижтимоий саҳифалар (1989)

Кўп асрли ўзбек адабиёти тарихида Моҳлар ойим Нодира ўзига хос ўрин тутади. Ўз даври назм гулшанига тароват бахш этган санъаткор айни пайтда ўзининг маданият ва маърифатни ривожлантириш соҳасидаги фаолияти билан замонасида «Нодираи даврон» бўлиб танилган эди.

Шоиранинг ўзбек ва форс-тожик тилларида Нодира ва Макнуна тахаллуслари билан ёзилган асарлари, жамланган девонлари уларнинг нашрлари орқали китобхонларга яхши маълум. Яқинда шоиранинг Комила тахаллуси билан ёзилган асарларидан иборат яна бир мўътабар девони аниқланди. Ушбу девон ва ундан ўрин олган асарлар ҳақида ушбу сатрлар муаллифи «Гулистон» журналининг 1989 йил 1-сонида босилган «Комила девони» мақоласида маълумот бериб ўтган эди. Шоира девонига ёзган дебочасида ҳаётдан жуда эрта кетган умр йўлдоши — Қўқон хони Умархоннинг бевақт вафотини куйиниш билан эслайди. Унинг шоирлик салоҳияти ҳақида бир қадар ҳиссиёт билан гапиради. Ҳоким сифатида олиб борган ишларига ортиқча мактовлар билдиради. Шоира ўзининг дастлабки ижодий қадамлари, шеъриятга бўлган муҳаббати ҳақида гапиради. Ўз навбатида, ижтимоий фаолияти хусусида маълумот бериб, Умархон вафотидан кейин Қўқон хонлиги тахтига ўтирган ўн тўрт яшар ўғли Муҳаммад Алихонга кўмаклашиб, мамлакат ободонлиги, маданият ва маърифат соҳасига ҳомийлик қилиб, шахсан ўзи олиб борган ишларини қайд этиб ўтади. Дебочада бундай дейилади (насрий таржима): «Кундан-кун айрилиқ дарди ва муштоқлик алами ҳаддан оша бошлади. Сабру чидам этагини ҳар қанча ушласам ҳам охир қарор сизликдан девоналик қўли билан тоқатим ёқасини пора-пора этади. Гоҳо унинг хаёли билан кўнгил изтиробига тасалли бердим, гоҳо унинг ёдини қилиб дилнинг ҳаяжонли ҳолатига ором ва таскин етказдим. Саййидлар, шайху уламоларга ҳадялар, тортиқлар қилиб, дуоларини олдим. Барчасини унинг поки руҳига бағишладим. Фақирлар ва бечораларга инъом ва ҳадялар билан фойда келтирдим. Яхшилик ва мурувват қилиб, камбағал бечораларни хурсанд қилдим ва эҳтиёжсиз яшашини таъминлаш борасида марҳамат ва шафқатлар кўргуздим… Гул боғда ғайрат билан баланд тоқилик қилиб, ярим доира шаклида мустаҳкам гумбаз бино қилдим. Дўстларга дуогўй жой бўлди. Унинг ёнига турли илмлар ўқиладиган, дилни равшан қилувчи салобатли мадраса солдирдим. Савдогарлар ва саёҳатчилар учун катта меҳмонхоналар барпо қилдим. Астойдил киришиб қўшинларни тарқатиб, халқни тинчлантирдим. Мамлакатни обод ва бечоралар кўнглини шод қилдим. Дин аҳллари, уламоларга ёрдам бердим. Шариат ривож топди. Дунёдан воз кечувчи (дарвешлар)га ихлос ва ишонч билдирдим, дин ва миллат камол топди. Илм-ҳунар аҳлига шафқат ва марҳамат билан меҳрибончилик кўрсатдимки, улар фикран ижодий тараққий қилдилар. Муҳтожлар ва гадоларни талабларига етказиб, яхшилик эшигидан ноумид юбормадим». (Нодира девони, инв. № 313, саҳ. 6—7, Қўлёзмалар институти фонди).

Шоира дебочада яна Умархон вафотидан кейин саройдаги фозил аёллар, хаттотлар ёрдамида кўплаб китобларни кўчиртиргани, шу жумладан, ўзининг шеърларини ҳам жамлаб девон тузгани ҳақида маълумотлар беради. Нодиранинг илмга, маданият ва адабиёт ривожига ҳомийлик қилишини кузатиб борган замондош шоир ва фузалолар, тарихчилардан Хотиф, Нодир, Ҳакимхон ва унинг атрофида бўлган шоирларнинг асарларида Нодиранинг ўз девони дебочасида ёзилган воқеликлар яна бир карра қайд этилади ва тасдиқланади. Абдунаби Хотиф Нодирага бағишлаб ёзган асарида Умархон вафотидан сўнг мамлакат идораси Муҳаммад Алихон қўлига ўтган бўлса-да, унда Нодиранинг ҳам иштироки катта бўлганини айтиб қуйидагиларни ёзади (биз тожик тилидан мазмунини бердик): «Унинг ақлу фаросатига замон аҳли ҳайрон ва қойил қолар эди… Умархоннинг вафотидан сўнг бу иффат садафининг инжуси ёрининг мотамида гоҳ ҳасратдан гулдек ёқасини чок чок қилар, гоҳ айрилиқдан кўксини лоладек доғлар, кўзларидан марвариддек ёшлар тўкар эди. Ҳа, ёрнинг фироқи осон эмас, жонон ғами — жоннинг оташидир. Шу хилда бехуд ва бесабрлик билан уч йил умр ўтказди. Фироқ ва ҳасрат кечаларида рангин назмлар, ажойиб шеърларни ўзига ҳамдам қилиб, форсий ва туркий жонбахш ғазалларни ёзиш ва ўқиш билан машғул бўлар эди.

Уч йилдан кейин кўркам хислатли бу Комила инсон огоҳлик кўзини очиб, минг гулистондан ортиқ бўлган Чаҳор чаман боғига борди. Фарғона, Тошкент, Хўжанд, Андижон ва бошқа шаҳар халқ ҳунармандларини ўз хизматига чақириб, хайру эҳсон эшигини шундай очдики, ҳаммалари мамнун бўлиб таҳсин ва офарин дедилар…

Шундай қилиб, бу аёл ақлу дониш ва яхши фазилатлари билан ягонаи даврон ва Нодираи замона бўлиб танилди ва халқлар таҳсинига сазовор бўлди» (Нодира девони, инв. № 313, саҳ. 68, 69).

Нодира ўша девон дебочасида кўплаб китобларни кўчиртириб, девонларни жамлаганини ёзган эди. Бу ҳақда ҳам Хотиф шундай эслайди: «Бу кунларда яна китоблар ёздириш ва уларга эеби-зийнат беришга қарор қилиб, бир кутубхона бино этдирди. Бу кутубхонада ишловчи котиблар, наққошлар, хаттотлар ва рассомларга шундай карам ва эҳсонлар кўрсатдики, бунинг овозаси атроф оламга машҳур бўлди. Амударёнинг бу томонидан ёқут қалам котиблар, Мирали рақам роқимлар, наққошлар, халкорлар, Моний каби рассомлар бу ерга жам бўлдилар. Шу жамоадан Беҳзод хислатли домла Муҳаммадниёз ўз замонасининг ягонаси эди. Бу устозга яна бир қанча моҳир халкор наққош ҳунармандларни қўшиб, варақларга зеби-зийнат бериш учун тайинланди. Ҳарамхона хизматкорларидан Олима отин ташқаридаги давлат ходимлари ва улар орасидаги ишларни хонимга (Нодирага) маълум қилиш учун тайинланган эди» (ўша асар, саҳ. 71).

Нодира асарлар, девонларнинг чиройли ва хатосиз ёзилишини кўздан кечирганидан кейин унинг муқовасини безатишни ҳам шахсан кузатиб турар эди. У яхши ишлаган котиб ва хаттотларга тилла қалам, кумуш қаламдон бериб, уларни «Заррин қалам»лик мансабига кўтарган.

Шунингдек, «Мукаммал тарихи Фарғона» асарида Нодиранинг қабристони калондаги Мадрасаи Чалпак, тақагарчилик растасидаги «Моҳлар ойим» мадрасасини солдиргани, бир етимхона ва мусофирлар учун бир сарой барпо этдиргани ҳақида маълумот берилади.

Нодиранинг замондоши Беҳжад шоиранинг ташаббуси билан бино қилдирилган мадрасалардан бирини назарда тутиб: «У (Нодира) чиройли бир мадраса бино қилдики, унинг ҳар бир ҳужраси жаннатнинг қасрига ўхшаган, таълим асбоблари муҳайё қилинган дарсхона эди», деб ёзади.

Шоир Мушриф ҳам мадрасада ўқиган талабаларнинг овқат, кийим-кечак билан таъминланганлиги, мадраса токчаларида муҳим тарихий, илмий, адабий китоблар терилганлиги тўғрисида ёзади, мадраса атрофидаги ер-сув, боғлар, карвонсаройлар, бозор расталари, ҳаммом ва шу кабилар ҳаммаси мадрасага вақф қилинганлигини қайд этиб ўтади ва унга қуйидаги тарихни битади:

Ёфтам ин мисраи ҳасбул маром
«Мадрасаи Хоними неку қадам».

Бу кейинги мисра абжад ҳисоби билан жам қилинганда ҳижрий 1240, мелодий 1824—25 йиллар келиб чиқади.

Шоир Атторнинг «Туҳфатут-таворих» асарида Нодира оқилларнинг нодираси, ғарибларнинг ғамхўри, соф қалб эгаси, фаҳм-фаросат, илм ва дониш, карам ва саховатда «юз эрдан зиёда», «Нодираи даврон» деб таърифланган. Аттор шундай ёзади: «Моҳлар ойим поклик ҳижласида парда остида ўтирган саҳийлик қўлини узатган, у даврда Ҳотамитойнинг номини Нодираи даврон (номи) енгиб чиққан, ҳамиша ҳадялар бағишлаб саҳо эшигини олимлар ва фозиллар, фақирлар ва ғариблар юзига очиб қўйган, ўз карамининг дастурхонидан ҳаммани тамомила мамнун қилган эди. Ҳар бева ва бечораларнинг дилини шод этар эди. Сурат юзасидан тахт эгаси, бечорапарварликда жувонмард эди» (Аттор. «Туҳфатут — таворих». СССР ФА Осиё мамлакатлари институтининг Ленинград бўлими, инв. № 440, 229-варақ.).

Нодиранинг девони дебочасида ўз фаолияти ҳақида билдирган фикрларида, унинг илм-маърифат ишларига ҳомийлиги ва инсонпарварлиги ҳақидаги қайдларда ҳақиқат билан бирга ўта муболағали таъкидлар ҳам яққол кўзга ташланиб туради. Лекин ўша хонлик ҳаётининг тор доирасида туриб, аёл кишининг олиб борган хайрли ишлари киши диққатини тортади.

Нодира ижоди совет даврида ҳар томонлама чуқур ўрганила бошланди. Бу соҳада ўттизинчи йиллардан илмий кузатишлар юзага чиқа бошлади. Нодира ҳақида Лутфулла Олим ва Ўткир Рашид илк мақола ёзганлар. Воҳид Зоҳидов, Воҳид Абдуллаев, Азиз Қаюмов, Тўхтасин Жалолов ва бошқа олимларимиз Нодирага бағишланган илмий ишларида унинг шоиралиги билан бирга ижтимоий фаолияти ҳақида характерли фикрлар айтиб ўтдилар. Шоира ҳаёти ва ижтимоий фаолияти ҳақида ўзбек адабиёти тарихи, дарсликлар ва ўқув қуролларида ҳам қизиқарли фактлар ўрин олиб борди.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Моҳлар ойим Нодирадек инсон ва унинг ҳаётига садоқатманд, маърифатпарвар тарихий шахсга баҳо берилганда унинг фақат шоиралигигина назарда тутилмаслиги керак. Бу аёл шахсий ҳаёти ва шароит тақозоси билан ўлка ҳаётига ҳомийлик қилишдек характерли ишни ўз зиммасига олади ва ўзи илму дониш, заковати ва ўта тадбиркорлиги билан маданий-маърифий ишларнинг ривожланишига муносиб ҳисса қўшди.

«Гулистон» журналининг 1989 йилги 1-сонида тарих фанлари кандидати X,. Бобобековнинг «Нодира ва замон» сарлавҳали мақоласини кўздан кечириб қолдим. Нодира ва унинг муҳити ҳақида яхшигина фикрлар билдирилган бу мақолада «Моҳлар ойим Нодира Муҳаммад Алихон даврида (1822—1841), Султон Маҳмудхон даврида (1841 —1842) ҳам давлатни бошқаришда фаол иштирок этмаган», деб ёзади. Мақола муаллифи ўз фикрини исботлаш мақсадида қуйидаги шошилинч хулосани баён этади: «Қўқон хонлигига оид барча маълум бўлган қўлёзма, тарихий китоблар ва архив ҳужжатларида Нодиранинг давлатни бошқаришдаги иштироки ҳақида далилни учратмадик. Ҳаттоки, чор Россияси разведкаси тўплаган маълумотларда ҳам Нодиранинг давлатни бошқариши ҳақида биронта ҳам маълумот топа олмадик». У ҳолда шоиранинг замондошлари Хотиф, Нодир, Ҳакимхон ва бошқа тарихчиларнинг асарларида баён қилинган фикрлар ҳақида нима дейиш мумкин? Нодира ўз девони муқаддимасида хато фикрларни айтмагандир ахир. Хотиф асарларида «Бу аёл мамлакат низоми ва халқ эҳтиёжини тадбир ва адолат расмида камоли ақл ва фаросат билан шундай жойига келтирдики, тамоми умаро ва фузало барча халойиқ унинг давлатини янада зиёда бўлишини тилаб дуо қилдилар. (У) Мамлакат хирожларидан сарф қилиб, бир мадрасаи олий, нақшдор масжид, ҳаммом, карвонсарой бино қилдирди. Бу мадраса, масжид талабаларига бозор расталаридан ҳисобсиз вақфлар тайин этди», деб ёзганига шубҳа билан қарашга ҳақлимизми? Чор разведкаси бу асарларни ўқиб, мағзини чақолмагани ҳақиқат-ку. Нега Нодира ҳақида фикр юритмоқчи бўлган бугунги олим юқоридаги манбаларни эътиборга олмай, «қўлёзма тарихий китобларда Нодиранинг давлатни бошқаришдаги иштироки ҳақида дадилни учратмадик», деб осонгина хулосага келади. Бу манбаларга юзаки қараш оқибати эмасмикин? Ҳар ҳолда, масалага адолатли ёндашув манбалар асосида фикр билдиришни талаб қилади.

Нодира ўзбек адабиёти ва маданияти тараққиётида муносиб из қолдирган сиймодир. Унинг серқирра фаолиятида давлат ишларидаги иштироки шубҳасиз.

Моҳлар ойим — шоира Нодиралигича, давлат ишларидаги ҳомийлигича қолади.

Маҳбуба Қодирова, филология фанлари доктори.

«Гулистон» журнали, 1989 йил, 7-сон