Гога Ҳидоятов. Отамнинг ёрқин сиймоси (1990)

Отам оламдан кўз юмганига ўттиз йил бўлди, бироқ мен ҳамон биз бирга бўлганимиз ўша кунлар ёди билан яшайман. У маним учун ҳалоллик ва садоқат билан халққа хизмат қилишнинг ҳамишалик ёрқин намунасидир. Ўз навбатида халқимиз уни меҳр ва ихлос туйғуларига чулғади.

Туғма артист эди у. Ажойиб овози, ёрқин истеъдоди турли хил соҳаларда ҳам намоён бўларди. Қадимий миллий куйларни дуторда назокат билан хониш қилишини, шарқ мусиқасини бутун жилолари билан нозик ҳис этишини унинг ҳозирда ҳаёт дўстлари ҳамон яхши эслайдилар. У ниҳоятда чаққон, уста қиличбоз эди. Саҳна маҳоратининг барча усулларини пухта эгаллаган эди. Лекин у ёзувчилик истеъдодидан ҳам бенасиб бўлмаганлигини, унинг пьесаси асосида саҳналаштирилган «Аваз» спектакли ўттизинчи йилларда Ҳамза номли театрда муваффақият билан намойиш этилганлигини ҳамма ҳам билавермаса керак.

Буларнинг барчасини фавқулодда табиий истеъдод билан изоҳлаш мумкиндир, бироқ уларни равнақ топтириш ва рўёбга чиқариш жуда катта ирода ва меҳнат машаққатини тақозо этарди. Мен деярли Ҳамза номли театр бағрида ўсдим, унинг тўнғич авлоди вакилларини яхши биламан ва артистлик меҳнатининг нақадар оғирлигидан бохабарман. Ҳамма дам олишга қайтаётганида артист учун иш куни бошланади. Бирор кеч ҳам уларнинг бўш вақтлари йўқ. Эрталабдан яна машқлар давом этади, зеро ижоддан ташқарида кечган ҳаёт артистни карахтликка маҳкум этиши мумкин. Оддий хизматчидан ҳам паст ҳақ эвазига артист иккиёқлама — ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан оғирчиликларга дош бериши керак. Саҳнани чинакамига севган ва ўз халқига чексиз садоқатли ижодкоргина ана шу машаққатларга ўз ихтиёрича рози бўлади.

1951 йилда 51 ёшли отамни врачлар пенсияга чиқардилар ва шу пайтдан бошлаб, «Отелло» спектакли ҳафтада бир марта ўйналадиган бўлди. Отам бу ролни 500 марта саҳнага олиб чиқди. Ва ҳамиша театр зали одамга лиқ тўла бўлди, ҳайрат овозлари, қарсаклар ёғилар, саҳна юзи гулларга тўлиб кетарди. У эса хориган ва чарчаган кўйи ярим кечаси кириб келар, фақат кўзларидаги ёлқингина бахтиёрликдан масрур эканлигини кўрсатиб турарди. 1958 йилнинг апрелида 500-марта ўйналган спектаклдан парчаларчи кўрган киши 16 йил давомида бу тимсолга сайқал берган Аброр Ҳидоятовнинг маҳоратидан бир зумгина воқиф бўлади, холос. Шунинг учун ҳам Англия парламент делегацияси Шекспир ватанида ҳам ҳеч ким ҳеч қачон Отеллони бу қадар истеъдод билан ўйнамагани ҳақида эътироф этганлар, буюк Папазян ва Хорава унинг қаршисида бош эгганлар.

Ўша пайтларда уни саҳнада кўрган кишилар ўзларини бахтиёр ҳис этганлар, чунки унинг сиймосида куч-қувватга тўлган улуғвор ёрқин санъатнинг гувоҳи бўлганлар. Мен спектаклни ўттиз мартагача кўрган кишиларни, унинг барча монологларини ёддан билган одамларни, бу мўъжизани ўз кўзлари билан кўриш учун олис шаҳарлардан махсус йўлга чиққанларни билардим. Лекин саҳнада бу қадар маҳоратга отам қанчалар буюк меҳнат эвазига эришгани жуда озчиликка маълум.

У рол ўйнайдиган кун ҳаммамиз учун ҳам ўзига хос кун ҳисобланарди. У саҳарда — соат олтиларда ўриндан турарди. Еттиларга қадар боғда у-бу юмуш билан банд бўлар, сўнг нонуштага ўтирар, кейин эса хонага кириб кетиб, ҳар бир воқеа, кичик саҳна, монолог ва луқмаларни бирбир қайтарар, ҳар бир сўзнинг тиниқ ва аниқ талаффуз этилишига интиларди. Бундай машқ кундузи соат бирга қадар давом этарди. Кундузи соат иккида эса, оиламизнинг садоқатли ва саховатли хизматчиси Файя опа ош сузар ва ҳаммамиз дастурхон атрофига ўтирардик. Отам бу аснода ҳеч кимга деярли сўз қотмас, бутунлай ўз роли оғушида бўларди. У фақат ҳар биримизга диққат билан разм ташлар, гўё ўз ролига сингдириш учун ҳар биримиздан алланарсаларни қидираётгандай бўларди.

Соат тўртда уйдан чиқиб, театргача яёв борарди. Соат беш яримда уни сартарош Виктор кутиб олар ва бир соат мобайнида грим қилиш билан шуғулланарди. Спектакл ўйинлари у пайтларда етти яримда бошланарди. Отам ярим соат мобайнида чуқур ўйга чўмганича жим ўтирар, еттида секин ўрнидан туриб, ҳар бир қадамини ўлчагандай саҳна томон юрарди. Ҳар бир қадам уни саҳнага яқинлаштирар ва ҳар бир қадам олижаноб ва ҳалол, соддадил ва ишонувчан ҳабаш ички дунёсига олиб кирарди. Соат еттию ўттизда эса, у шуҳрат ва бахт ёғдусини таратиш учун саҳна бағрига отилишга шай бир ҳолатда турарди. Тўрт соат давомида зал тўла томошабинларни бутунлай ўз ҳукмида ушлаб турар, оҳ уриш ва ҳайратдан ёқа ушлашга мажбур этарди. Спектакл ниҳоясига етгач, зал бир лаҳзагина сув сепгандай жимиб қолар, орадан яна бир неча дақиқа ўтиб, ўзига келган халойиқнинг ларзакор қарсакларидан зал титраб кетарди.

Ўзи эса яна бир кун рол таъсирида бўларди. Унинг бутун ҳаёти ана шундай давом этганди.

Дарҳақиқат, у ҳаётда ҳам худди Отелло янглиғ тўғрисўз ва ҳалол инсон эди. Бирор марта ҳазил учун ҳам ёлғон сўзлаганини мен эслолмайман. Бировни мазах қилиш ёхуд кишилар нуқсонидан кулиш унинг учун ёт эди. «Агар ёру дўстинг сени ҳурмат қилсин десанг, ҳеч қачон ёлғон гапирма», дегувчи эди отам.

1921 йилдан партия сафларига кириб, 37 йил давомида унинг содиқ аъзоси бўлди. У ўша пайтлардаги коммунистларга хос ҳаёт кечирди, мен бу ўринда, коммунистик аҳлоқ талабларидан бироз бўлса-да чекиниш аёвсиз жазоланадиган 30-40-йилларни назарда тутаяпман, яъни ҳамма Ватан ва эртанги кун илинжида яшарди. Биз ҳам иш ҳақига таяниб кун кечирардик. Оғир кунларда баъзан қарз-ҳавола билан рўзғор тебратишларини ота-оналаримиз биздан яширишмасди. Бу ҳол биз болаларда уларнинг ҳалоллигига ишонч туйғуларини мустаҳкамлар эди. Онам — СССР халқ актрисаси Сора Эшонтўраеванинг бирор қимматбаҳо тақинчоғи бўлмаган. Онамнинг фақат 1953 йилдагина олтин халқа сотиб олганлари ёдимда — хонадонимизда байрам бўлиб кетган эди.

Атрофимизни ўзига тўқ кишилар қуршаган бўлсалар-да, бизлар — болалару катталар ҳасад туйғусидан батамом йироқ эдик. Отамнинг билган-нетгани — иш, ижод, театр эди. У саҳнасиз, театрнинг ҳидисиз, ҳамкор ҳамкасбларисиз ўз ҳаётини тасаввур эта олмасди. Ана шундай буюк ҳаёт оқими қаршисида барча ялтираган ва буюм ҳолидаги қимматбаҳо нарсалар ўз туси ва аҳамиятини йўқотар эди. Кимларгадир бу сўзларим эриш туюлар, лекин отам биз учун халққа садоқат билан хизмат қилишнинг ҳамишаликка ёрқин намунаси бўлиб қолаверади.

Гога Ҳидоятов, профессор, тарих фанлари доктори

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 8-сон