Дилмурод Қуронов. Икки роман — икки талқин (1991)

Бадиий асар фақат бадиият мезонларидан келиб чиқиб баҳоланиши лозим деган фикр кейинги вақтда бот-бот учрамоқда. Албатта, бош мезон бадиийлик бўлиши керак, лекин масалани бу қадар кескин қўйиш яна бирёқламаликка олиб келмасмикин? Мазкур фикр узоқ вақтлардан бери бадиий асарнинг мафкуравий жиҳатини устун қўйиб баҳолаш амалиётга «акс таъсир» сифатида юзага келгани равшан. Эскидан қолган гал бўлса-да, такрорлаш жоиз: бадиий ҳам ғоявий таҳлил — бир олманинг икки палласи, фақат… фақат илгаригидай қонунан мустаҳкамланган ҳоким мафкурани устун қўйиб, бошқаларини буткул, аксар ҳолларда кўр-кўрона инкор килинмаса, замонамиз байроғига ёзилмиш «плюрализм» деган нарса кундалик ҳақиқатга айланса…

Бугунги кунда «бадиий асар ўқигандан газета ўқиган қизиқарлироқ» деган гап расм бўлди, сабабки, осуда кечаётган жамиятимиз ҳаёти ўзанидан чиқди: нималар бўлаётганини, қай томон бораётганимизни ким билишни истамайди дейсиз. Айтмоқчимизки, жамият ҳаётида шундай даврлар бўладики, ижтимоий-шахсий зарурат шоирнинг публицистга, носирнинг социологга айланишини тақозо қилади.

Насримизда ўлкамизнинг инқилоб арафасидаги ҳаётини жиддий таҳлил этувчи иккитагина асар бор: «Кеча ва кундуз» ҳам «Қутлуғ қон» романлари. Тақдир уларнинг ҳар бирига ўзгача қисматни раво кўрди: биринчиси, қатағон қилинди, шунчаларки, халқ хотирасидан буткул ўчишига оз қолди; иккинчиси, тарғибу ташвиқ этилаверди, шунчаларки, умрида романнинг тўла матнини кўрмаган киши уни «ўқиган» чиқади.

Маълумки, Ойбек талқинида асосий ижтимоий конфликт эзувчи ва эзилувчи синфлар орасида ётади, Чўлпонда эса меҳнаткаш омма ижтимоий ҳаракатдан четда. Табиий бир савол туғилади: қай бири ҳақ уларнинг? Фикримизча, Чўлпон ҳақиқатга яқинроқ турган кўринади. Албатта, меҳнаткаш омма билан эзувчилар орасида зиддият мавжуд бўлганини инкор қилолмаймиз, лекин бу нарса ўша вақтдаги Туркистонда асосий конфликт (яъни ижтимоий тараққиёт йўлини белгиловчи) бўлганига ишончимиз камроқ. Нега? Тарихдан маълумки, 1905 йилда «революция бешиги» Петроградда марксистик ташвиқот кенг қулоч отганига қарамасдан, ишчилар поп Гапон ортидан эргашган эдилар. Петроград шароитини, пойтахт ишчиларининг революцион тайёргарлигини эса Туркистон воқелиги билан қиёслашга ҳожат бўлмаса керак. Яна революция куйчиси М. Горькийнинг 1917 йилда ёзган қуйидаги гапига ҳам эътиборни қаратгимиз келади: «Россия воқелигининг ҳозирги шароитида социал инқилобга ўрин йўқ, зеро, чўртан балиқ амри билан 85 фоиз деҳқон аҳолини социалист қилиб қўйиш мумкин эмас-ку…» Модомики, революция авангарди — рус ишчилар синфи аҳолининг бор-йўғи 15 фоизини (уларнинг ҳам аксарияти кечаги деҳқонлар) ташкил килган экан, инқилобдан 70 йил ўтгач, ишчилари аҳолисининг атиги 20 фоизини ташкил қилган ўлкамиз ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Чўлпон ижодининг жонкуяр тадқиқотчиси Озод Шарафиддинов адиб ҳақида: «…у инқилоб арафасидаги Туркистон воқелигини тасвирлар экан, ижтимоий ҳаётнинг энг чуқур қатламларигача кўз ташлайди…» — деб ёзади. Хўш, Чўлпон «ижтимоий ҳаётнинг энг чуқур қатламларида» нималарни кўра олди?

«Кеча ва кундуз»да асосий ижтимоий конфликт феодализм (чор мустамлакачилари ҳам шунинг ичида) билан шаклланиб келаётган миллий буржуазия орасида ётади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, романнинг етакчи ғоявий йўналишини белгилашда маҳаллий феодал ва амалдор Акбарали билан ҳали ижтимоий куч сифатида ўзини танимаган миллий буржуазия вакили Мирёқуб муносабати муҳим ўрин тутади.

Акбарали мингбоши образи воситасида адиб феодализмнинг инқирозга юз тутгани қонуний ҳол эканини кўрсата олган. Акбарали — «ўз қишлоғи билан мингбошининг маҳкамаси орасида дафтар кўтариб от чопиш, қишлоқдан одам ҳайдаб чиқиб катта йўлга сув селтиришгагина» ярайдиган одам. Унинг баҳарнав ишини эплаб туришида Мирёқубнинг хизмати улуғ. Акбарали бирмунча ўзгарган ижтимоий-иктисодий шароитда ҳаракат қилишга қодир эмас. Чунки ўзгаришларни англашдан ожиз — ақли кўтоҳ. Бу нарса уни осонгина Мирёқуб ва нойиб тўра қўлидаги қўғирчоққа айлантиради. У иккаласига ҳам бирдай зарур: биринчисига иқтисодий, иккинчисига эса сиёсий манфаатлар йўлида. Чўлпон ёзади: «ер-сув, пул ва бошқа бойликка кўмилган бу одамнинг бутун борлиги Мирёқубнинг қўлида эди. Ердан чиққан ҳосилнинг қанчаси ўз қўлига ўтиб, қанчаси Мирёқуб омборига тўкилганини мингбоши ўзи ҳеч қачон билган эмас». Кўринадики, мол-дунёси кўплигидан ўзи ҳам ҳисобини билмайдиган Акбарали Мирёқуб учун даромад манбаи, холос. Сармоясини уддабуронлик билан ишга солиш Акбаралининг қўлидан келмайди, демак, иқтисодий жиҳатдан унинг келажаги йўк. Мингбоши билан Мирёқубнинг сиртдан «дўстона» кўринган муносабати томонлар англаб етмаган мусобақадан бошқа нарса эмас.

Идора — бошқарув ишига уқуви йўқ, мустақил фикрга эга бўлмаган манфаатпараст акбаралилар мустамлака сиёсатини ўтказаётган чор чиновникларига ҳар жиҳатдан қўл келади. Акбаралининг қўли билан иш юритган нойиб тўра айбни ўзидан соқит килиб, «биз яхшимизу шу амалдорлар…» дея маҳаллий амалдорларга юкламоқчи бўлади. Акбарали типидаги амалдорлар тепонғич улоқчи отлар орасига боғланган яғир эшакдай гап. Агар мингбоши ногоҳ ўлмаганида, рус тўралар уни амалидан тушириб «адолат килишлари» ва шу баҳона эл наздида «оппоқ» бўлиб олишлари тайин эди. Афсуски, у ўлиб қолди, лекин тўралар бундан ҳам усталик билан фойдаландилар.

Чўлпон тараққиёт йўлида тўғаноқ бўлган феодал бойлар, амалдорлар муҳитига бўлган муносабатини Акбарали образи орқали ифодалайди. Муаллифнинг чексиз нафрати қаҳрамон ташқи қиёфасини чизишда, нутқий характеристикада, оилавий-маиший ҳаёти тасвирида, қўйинг-чи, у билан боғлиқ ҳар нуқтада сезилади. Назаримда, Чўлпон образнинг бадиий баркамоллигини мақсад — феодализмнинг чиркин башарасини очиб ташлаш — йўлида қурбон қилгандек. Акбарали образида табиийликдан кўра схематизмга мойиллик кучли. Муаллифнинг акбаралилар устидан чиқарган ҳукми ҳам қатъий: Акбаралининг бепуштлиги инсоний фожиагина эмас, балки ижтимоий фожиа ҳамдир. Муаллиф бу билан феодализмнинг инқирозига ишора қилади. Устига-устак, Р. Отаев таъкидлаганидек, романда унинг ягона қизи Мирёқубдан деган ишоралар мавжудки, бу, ўз навбатида, акбаралилар ўрнига мирёқублар келаётганига ишора. Балки фикримиз асоссиздай туюлар, лекин Чўлпоннинг рус адабиётидан таъсирланганини, рус насрида эса бу каби усул (масалан, Буниннинг «Қишлоқ» қиссаси, бош қаҳрамон Тихоннинг бепуштлиги) кенг қўлланганини назарда тутсак, фикримизга асос топилгандай бўлади.

Романнинг бош қаҳрамони — шаклланиб келаётган миллий буржуазия вакили Мирёқуб. Бир қарашда Мирёқубнинг бош қаҳрамон экани (бош, иккинчи даражали деган гаплар примитивдай туюлса-да, ижтимоий-тарихий романда бунинг аҳамияти катта) баҳслидай, лекин романнинг «Кундуз» қисми йўқолгани, унда ҳам, асосан, шу қаҳрамонлар ҳаракат қилишини назарда тутсак, адиб айни шу одамни бош қаҳрамонликка тайёрлагани сезилади. Бу фикрга келишимизнинг боиси — биринчидан, Мирёқуб образининг мантиқан тугалланмай қолгани, яъни қаҳрамон ижтимоий фаолият бўсағасига келганда биринчи романга нуқта қўйилади; иккинчидан, йўқсул омма вакиллари — Зеби, Энахон, Ўлмасжон ва бошқаларнинг ижтимоий ҳаракатдан четдалиги, ижтимоий-тарихий романда уларнинг биринчи планга чиқиши эҳтимолдан узоқлиги.

Мирёқуб билан Акбарали муносабати орқали адиб чириб бораётган феодализм билан кучга тўлиб бораётган буржуазия ўртасидаги мусобақани кўрсата олган. Акбаралидан фарқли ўлароқ, Мирёқуб сармоясини ҳаракатда тутади: «Қишлоқда иккита баққоллик, битта қассоблик дўкони, гузарда иккита самовар бор. Билган одамлар шу беш муассасадан тўрти Мирёқубнинг кучи билан айланганини сўзлайдилар. Шаҳарда, катта йўлнинг бўйига — қўрғон ташқарисига — бир янги пахта заводи тушди; заводнинг бир каттакон пахта саройи ҳам борки, пахта терим вақтида уч тарози билан пахта олади. Ана ўша заводга ҳам Мирёқубни шерик дейдилар».

Мирёқуб — замона кишиси, янги иқтисодий шароитда яшашга, яшашгагина эмас, балки равнақ топишга ҳам қобил, демакки, келажаги бор. Буржуазия сиёсий ҳокимиятдан четлатилган бўлса-да, бошқарув ишларида Мирёқубнинг қўли узун. Акбаралининг сиёсий тўнкалигидан, нойиб тўранинг манфаатпарастлигидан фойдаланиб иш битиради.

Сиёсий-иқтисодий жиҳатдан буржуазиянинг феодализмга қараганда прогрессив ҳодиса эканини таъкидлагани ҳолда Чўлпон унинг чиркин маънавий қиёфасини ҳам очиб берган. Ёзувчининг маҳорати шундаки, у Мирёқубдаги маънавий инқирознинг ижтимоий илдизларини кўрсата билган. Мирёқубнинг ҳаётда ўз олдига қўйган бош мақсади — қандай бўлмасин бойлик тўплаш (ҳозирги шароитда бу даъвом эриш туюлар, лекин эндигина қаддини ростлаётган буржуа корчалони ривожланган капитализм корчалонидан тубдан фарқ қилади), шунга кўра унинг «валинеъмат»лари — Акбарали билан нойиб тўрага хиёнатини фойдасини ўйлаб, узоқни кўзлаб қўйилган қадам дейиш мумкин. «Мингбошидан тегадиган мерос чакана бўлмаслигини» билган Мирёқуб Пошшахон билан алоқани узмайди, шу билан бирга «мингбошининг ўлимига яқин унинг Пошшахондан бошқа меросхўри қолмаслиги»нинг ташвишини қилади. Шунингдек, нойиб тўранинг хотини билан ҳам айш учунгина топишган эмас, унинг учун бу — «иш устидаги биринчи учрашув, биринчи бай очиш». Характерли жиҳати шундаки, Мирёқубнинг вужудида уйғонган «терговчи» ҳар икки ишни ҳам бирдай оқлайди: «Бизнинг оламда мундай дадил ниятларни қоралаш эмас, оқлаш керак!» Адиб бу билан инсонлар орасидаги муносабатни манфаатга бўйсундириб, инсонийликни инкор этадиган, энг даҳшатлиси, буни қонуний ҳолга айлантириб, рағбатлантирадиган муҳитга нафратини ифодалайди.

Ёзувчи Мирёқуб образининг мураккаб эволюциясини моҳирона тасвирлаган. Албатта, бу образнинг эволюцияси «Она» романидаги Павел ёхуд «Қутлуғ қон»даги Йўлчи сингари аниқ-тиниқ кўзга ташланмайди. Сабаб шуки, «Кеча ва кундуз»нинг мақсад-моҳияти мутлақо бошқача. Юқорида тилга олинган асарларда сюжет чизиғи, асосан, бир қаҳрамон динамикасини кўрсатишга қаратилган бўлса, Чўлпоннинг диалогияси кўп сюжетли, кўп планли асар сифатида режалаштирилган. Шундай бўлса-да, китобхон Мирёқубдаги ўсиш жараёнини кузатиш имкониятига эга.

«Мирёқуб бурунги Мирёқуб бўлса, то мингбоши ўзи гап бошламагунча бу қора хабар ҳақида гап очишга ҳам ботинолмаслиги лозим келарди…» — бу Акбаралининг ўйлари. Англашиладики, бундан ўн йиллар илгари Мирёқуб Акбарали ва нойиб тўрага ҳозиргидай ожиз махлуқ сифатида қараган эмас, аксинча, уларни чин маънода валинеъматлари билиб, уларнинг паноҳида иш кўришни афзал билган, зеро, у вақтда миллий буржуазия сиёсий куч сифатида шаклланмаган, феодал асослар, чоризм инқирози бу қадар чуқурлашмаган эди. Ўзининг кучайиб бориши баробари Мирёқуб акбаралилар, нойиб тўралар дунёси тугаб бораётганини ҳис қила боради, табиийки, муносабати ҳам шунга мос ўзгара боради. «Мирёқуб ҳам бошқа ёқадан бош кўтармакчими?» Мингбошининг бу ташвиши ўринли. Чунки шу пайтгача куч сифатида топингани нураб бораётганини сезган Мирёқубга ўзини сақлаб қолиш инстинкти ғайришуурий тарзда бошқа кучга топиниши лозимлигини англатган бўлса, ажабмас. Шу аснода поездда жадид йигитга дуч келиши ундаги бурилишни тезлатади. О. Шарафиддинов айтмоқчи, «бу ўринда (Мирёқубнинг икки-уч кунда жадид бўлиб колишида — Д. Қ.) ҳам бироз сунъийликка йўл қўйилгандай кўринади»[1]. Бу фикрга қисман қўшилганимиз ҳолда ёзувчи қаҳрамонидаги ўзгаришларни психологик жиҳатдан асослай билган деган фикрга келамиз. Жадид йигит билан учрашувга адиб қаҳрамонини обдон тайёрлайди. Мирёқуб «мовий кўз» дилбарга нисбатан уйғонган «чин севги» боис ўзидаги «итлик» феълларидан нафратлана бошлаган, нойиб тўра уйидаги бузуқликларни кўриб, империянинг чириб битганига инонган, оёғини тираб турган асос қимирлаганини билиб, оёқ тирашга бошқа замин излаётган пайт юз беради бу учрашув. Айтмоқчимизки, жадид сепган уруғ етилган шудгорга тушади. Бундан ташқари, жадид йигит моҳир ташвиқотчи сифатида Мирёқубнинг нозик жойидан тутади — вужудида мудраб ётган миллий ғурурини уйғотишга ҳаракат килади. Шу ўринда нойиб тўра уйига рус инженерининг кириб келиши саҳнасини эслаш жоиз. Инженер «нойиб тўра билан бетакаллуф кўришди, Мирёқуб билан кўришиб ҳам ўтирмасдан тўппа-тўғри столнинг тўрисига ўтди…» Нойиб меҳмонга Мирёқубни таништирганда, у «ўтирган ўрнида секингина бош силкиб қўйди. Мирёқуб ғурурининг калтакланишидан келган заҳарханда билан кулди». Мирёқубдаги ўзгариш анча сезиларли бўлган бўлса керакки, нойиб тўра бир неча бор узр сўраган бўлади. Муаллиф буни шарҳлаб ёзади: «Бир инженернинг (у, ахир, нойиб тўра сингари катта амалдор эмас!), наҳотки, бир инженернинг бир-икки марта сартларни камситиши Мирёқубни шунча безовта қилдими? Йўқ, унака камситишлар ҳар қадамда бор!»

Тушуниш мумкинки, миллий ғурурнинг калтакланиши Мирёқубни ўз вақтида қийнаган, кейинча, ишнинг фойдасини кўзлаб ўзини кўникишга мажбур қилган бўлса-да, бу нарса уни тез-тез безовта қилиб турган. Энди нойиб тўранинг ўзидан ҳеч бир ортиқ жойи йўқлигини, у килган ишни ўзи ҳам, эҳтимолки, ундан яхшироқ уддалашини англагач, Мирёқубнинг ижтимоий фаолият истаб қолиши табиий кўринади.

Жадид билан учрашув Мирёқуб учун изсиз кетмаган, бу нарса унинг мингбошига ёзган хати бошламасиданоқ сезилади. Поезддаёқ Мирёқуб «У ерда (Қримда — Д.Қ.) жадидларнинг катталари бор эмиш. Уларни кўраман, гаплашаман» — деган карорга келган. Эҳтимол, айтганини қилгандир, жадидларга астойдил қўшилгандир? Мингбошининг мирзаси Ҳакимжон тилидан айтилган гап: «У (Мирёқуб — Д.Қ.) ҳақ йўлни топса борми — ноёб одам бўлади» — Чўлпон қарашларини бир қадар ойдинлаштиради. Мирёқубнинг маънавиятини қоралаган муаллиф ҳам, агар у ҳақ йўлни топса, элининг равнақи ҳақида ўйлай бошласа, бебаҳо одам бўлишига ишонади. Юқорида таъкидлаганимиздек «Кеча»да меҳнаткаш омма ижтимоий ҳаракатда четда — пичоқ суякка қадалган, сабр косаси тўлган, лекин онгли ҳаракатдан йироқ. Фикримизча, Чўлпон ўзига замондош бўлган минглаб рус зиёлилари каби омма инқилобий ҳаракатга тайёр эмас деб ҳисоблаган. Муаллиф инқилоб арафасидаги Туркистон воқелиги таҳлилидан келиб чиқиб, элининг тараққиётини миллий буржуазияга боғлайди, шу билан бирга халқпарварлик, маърифатпарварлик позициясида туради. Буржуа-демократик ғоялар ўша вақтдаги Туркистон воқелигида нечоғли прогрессив бўлганини гапирмаса ҳам бўлади. Зеро, бизнинг капитализмдан «хатлаб» ўтиб кетиб қолишимиз инқилобга қадар ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Сабаби «Шарқ халқларининг кўпчилиги Европадаги энг қолоқ мамлакат бўлган Россиядан ҳам баттар аҳволда…»[2] эди. Бу ерда ҳали буржуазия ўзининг тарихий миссиясини ўтамаганди. Эҳтимол, шунинг учундир, инқилобдан кейин В. И. Ленин Туркистонда «…ҳозир коммунизм куриш эмас, балки феодализмни ағдариш умумий вазифа қилиб қўйилсин»[3], деб таъкидлаган эди.

Маълумки, тенденциозлик бадиий ижод табиатига сингиб кетган. Ҳар қандай адиб ҳаётни ўзича кўради, ўзини қизиқтирган мавзуни дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда ёритади. Умуминсоний қадриятлар давримизнинг бош мезонига айланиб бораётган экан, ҳар қандай бадиий асарда, гарчи у ўртамиёна бўлсин, улар у ёки бу даражада акс этади — бусиз мумкин эмас! Дейлик, Чўлпон Акбарали тасвирида шундай ранглар ишлатганки, Ойбек ишлатган ранглардан ҳам ўтиб тушади. Чўлпон зебилар, акбаралилар, мирёқублар оламини тасвирларкан, тараққиётга тўғаноқ бўлганларга, инсон қадрининг топталиши,маънавиятнинг булғаниши ва инсоний муносабатлар сайқалланишига қарши исён кўтаради. Адибнинг катта эпик асарни лирик табиат лавҳасидан бошлаши ҳам бежиз эмас. Табиатдаги уйғониш билан ёш қизлар руҳиясидаги уйғониш, ундаги баҳорий гўзаллик билан қизларнинг гўзал маънавияти уйғунлик (гармония) касб этади. Ҳаётнинг ичига чуқурроқ кириб борилиши баробари уйғунлик йўқолиб, ноуйғунлик (дисгармония) бўртиб боради. «Нега шундай? Нега ҳаётнинг ҳар жабҳаси бирдай гўзал эмас?..» Кўрамизки, адибни барча буюк санъаткорларни ўйлатган муаммо — табиат ва жамият ҳаётининг уйғунлашуви ўйлатади, ноуйғунликни йўқотиш, уйғунликка етиш йўлларини излайди у.

Юқорида айтиб ўтганимиз, ҳар қандай адиб ҳаётни ўзича кўришини «Қутлуғ қон» мисолида яна бир бор кузатиш мумкин. Чўлпон даврнинг асосий ижтимоий конфликти деб қараган феодализм ва буржуазия зиддиятлари нима учун Ойбек талқинида иккинчи планга ўтиб қолди? Бунинг сабабини «замонасоз»лик билангина изоҳлаш мумкинми? Бизнингча, йўқ. Ойбек ёзувчи бўлиш билан бирга ижтимоиётчи олим ҳам эди. Демак, у маълум манбаларга таянган ҳолда ўзи тасвирламоқчи бўлган даврдаги Туркистоннинг ижтимоий, сиёсий, иктисодий аҳволини (Чўлпонга ўхшаб бевосита замондош эмасди у, ёш бола эди) ўрганган ва муайян хулосаларга келган. Ойбек Мирзакаримбой оиласини тасвир объекти қилиб оларкан, ҳоким синф вакиллари орасидаги фарқлар (ҳали зиддият даражасига кўтарилмаган)ни кўрсатишга ҳаракат қилган. Фикримизча, Мирзакаримбой том маънодаги феодал эмас. Айни пайтда том маънодаги буржуага хос инқилобий сифатлардан ҳам маҳрум, сиёсий ҳокимиятни қўлга олиш ва шу орқали ижтимоий-иқтисодий ҳаётни қайта қуришни хаёлига ҳам келтирмайди. Осиё мамлакатларидаги аҳволга баҳо бераркан В. И. Ленин 1913 йилда: «Осиёнинг ҳамма жойида қудратли демократик ҳаракат ўсмокда, кенгаймоқда ва мустаҳкамланмоқда. У ерда буржуазия ҳозирча халқ билан биргалашиб реакцияга қарши бормоқда»[4] — деб ёзган эди. Албатта, бунда Ленин консерватив кайфиятдаги мирзакаримбойларни эмас, балки радикал кайфиятдаги шарафутдин хўжаевларни («Кеча ва кундуз») назарда тутган.

Отасидан фарқли ўлароқ, Ҳакимбойвачча энди ота изидан боришнинг ўзи бўлмаслигини, янгича шароитда саноатчи бойлар равнақ топишини англаган. Унинг отасига: «Дада, энди пахта завод қурмасак бўлмайди. Модомики, пахтачи бўлдим, заводсиз илож йўқ. Гарчи сиз норози бўлсангиз ҳам ишни бошлаб юбормоқчиман» — дейиши фикримизни далиллайди. Ҳакимбойваччадай эскича одатларни маҳкам тутган одам ота ризолигисиз иш бошламоқчими, демак, бунинг жиддий сабаблари бор. Эътибор берилса, Ҳакимбойвачча Абдишукурнинг гапларига отаси каби «қуруқ сафсата» деб карамаслиги, аксинча, уни кўп жиҳатдан қўллаши, отасининг олдида баъзи гапларини силлиқлаб, эскичага мувофиқлаштиришга уриниши кўринади. Айтиш мумкинки, у маълум маънода жадидчилик таъсиридаги одам, эндигина ўзини янги сиёсий куч сифатида таний бошлаган. Унинг укаси Салимбойваччанинг Абдишукурга муносабатидан, «тирранча»ларнинг гапини ҳар жойда маъқуллаши ва такрорлашидан жадидлар билан алоқаси анча мустаҳкам экани сезилади. Афсуски, биз кенжа бойваччани фаолиятда кўрмаймиз, устига-устак адиб уни «ўлдиртириб» юборадики, бунда рамзий маъно борми, йўқми — сезмай қоламиз.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, романда биронта радикал кайфиятдаги буржуанинг учрамаслиги (ҳаётда эса бўлган) Ойбекнинг дунёқараши, Туркистоннинг ижтимоий тараққиёти масаласида ЎЗ ФИКРИ бўлгани билан изоҳланади. Яъни адиб инқилоб арафасидаги ижтимоий ҳаётни таҳлил қилиб, юртининг келажаги, равнақу камолини белгиловчи куч сифатида меҳнаткашларни олади, шундан келиб чиққан ҳолда ижтимоий-тарихий романда кучлар нисбатини белгилайди. Тўғри, Ойбекнинг қарашлари «расмий нуқтаи назар»га мос тушади, лекин шунда ҳам адиб атайин юқорига маъқул келадиган килиб (кейинги таҳрирлар бундан истисно) ёзган дейишдан тийиламиз. Ёш Мусо шахс ва адиб сифатида шаклланган шарт-шароитларни, унинг ОЙБЕК бўлишида Инқилобнинг аҳамияти назарда тутилса, ёзувчи ўзи англаган ҳақиқатни борича, қўлидан келганча тасвирлашга ҳаракат қилганини билиш қийин эмас.

Энди «бутун куч бойнинг салбийлиги, камбағалнинг ижобийлигини кўрсатишга қаратилган»ига келсак. Бизнингча, ҳаётда Мирзакаримбой каби бойлар ҳам, шунингдек, инсофли, диёнатли, одамохун бойлар бўлганини ҳам биров инкор қилолмайди. Шундай экан, уларнинг қай бирини ижтимоий тип сифатида олиш адибнинг ўзига ҳавола эмасми?

Адабиётшунос О. Шарафиддинов Мирёқубнинг поездда савдогар йигит билан учрашувини «романнинг асосий ғоявий мазмуни ифодаланган саҳна» деб атайди. Худди шу ўринда, жадид йигит — Шарафутдин Хўжаев пайдо бўлиши билан муаллиф ўзини «четга олади», поезддаги ишлар, суҳбатлар Мирёқуб ва Марям «кундалик»лари оркали кўрсатилади. Бу усул шаклга бир қадам путур етказгандай туюлади, лекин жадидлар ҳақида ҳақиқатни айтишнинг ўзга имкони йўқ эди. Айтмоқчимизки, танланган усул муаллиф позициясини «бетараф» кўрсатишга хизмат қилади. Сталин сиёсати кучга кирган вақтда Чўлпоннинг жадидлар ҳақида «бетараф» бўлса-да, холис ёзиши том маънодаги ижодий жасорат эди.

Шарафутдин Хўжаев Мирёқуб билан суҳбатда жадидлик ҳаракатининг асосий нуқталарига тўхталади. Айтиб ўтганимиздек, у аввал суҳбатдошининг миллий ғурурини уйғотиш пайида бўлади. Айниқса, унинг Мирёқуб билан Марям муносабатини билгандан кейин айтган гаплари характерли: «Бу бизнинг бошимизда данак чақаётган бир дунёнинг қизи. Биз уларни кўнгулдан ёмон кўрамиз. Булар бизнинг душманлар! Фақат улар ҳаммаси бутун ҳолда душман! Якка-якка бўлганида ораларидан дўст топа оламиз. Яхши дўстлар топилади. Жуда яхши дўстлар… У дўстлар билан оғиз-бурун ўпишар экан, уларнинг чангалидан қандоқ қилиб қутулишни (ўйлашни — Д. Қ.) бир нафас ҳам унутмаймиз…» Кўринадики, жадиднинг русларга муносабати зиддиятли; уларнинг ичидан яхши дўстлар топилишини эътироф этади, бутун ҳолича душман деб атайди. Шу гапнинг ўзиёқ, инсоф билан ёндашилса, жадиднинг миллатчилиги рус халқига эмас, балки чор мустамлакачилик сиёсатига қаратилганини кўрсатиб турибди. Жадид миллатлар орасидаги иктисодий, маданий алоқаларни инкор қилмайди, аксинча, маълум тарихий сабаблар таъсирида ортда қолган Шарқнинг нажот йўли — Ғарбдаги мавжуд илмларни ўрганиш эканини таъкидлайди. Шу билан бирга, «Ибтидоий тарбияни рус мактабларидан бошлаб бўлмайди, уни миллий мактабларда бериш керак. Илгари миллий ҳиссини ўстириб, ўз миллатини танитгандан сўнг рус мактабига бериш керакки, ҳунарга, ихтисосга тегишли илмларни ўқусун» — дейди. Кўрамизки, жадид миллий худбин эмас, аксинча, миллийликни инкор этмайдиган байналмилал мавқеда турибди. Тараққиёт даражаси турлича бўлган миллатларнинг ўзаро муносабати, айниқса, улардан бири мустамлака халқи бўлса, ассимиляцияга олиб келиши аён. Шунга кўра, Ш. Хўжаевнинг куйинишлари ўринли. Жадидлик ҳаракати миллатчилик сўзининг энг ёмон маъноси ила қораланган пайтда тарихчилар, ижтимоиётчилар томонидан Ўрта Осиёнинг Россияга «қўшиб олиниши»нинг аҳамияти имкон қадар бўрттирилди. Жадидлик ҳаракати қанча қораланса, кейингисининг имкони шунча кенгаярди. Шу даражага бориб етилдики, Маркс, Энгельс каби даҳолар қоралаган чор мустамлакачилик сиёсати ҳақида имкон қадар кам гапирадиган бўлдик, иложи бўлса-ю, мутлақо гапирилмаса. Аслида-чи? Аслида чоризмнинг мустамлака сиёсати ҳақида РКП (б)нинг X съездидан орттириб гапириш қийин: «Чоризмнинг, помешчиклар ва буржуазиянинг бу халқларга нисбатан тутган сиёсати — бу халқлар ўртасида ҳар қандай давлат куртакларини йўқ қилиш, уларнинг маданиятига шикаст етказиш, тилларига эрк бермаслик, уларни жаҳолатда тутиш ва, ниҳоят, уларни мумкин қадар руслаштиришдан иборат эди.» Ҳеч кимга сир эмас, ҳозирги кунда жамиятимизнинг «оғриқ» нуқтаси — миллий масала. Социализм ҳар бир миллатнинг ривожланишига, равнақ топишига имкон яратиши керак эди, лекин нотўғри сиёсат туфайли бу нарса амалга ошмади. Аксинча, миллат тарихий Категория экани-ю, охир оқибат миллатлар кўшилиб кетиши, миллий тилларнинг йўқ бўлиб кетиши зўр бериб уқдирилди. Бу қўпол қилиб айтганда, X съезд қоралаган «мумкин қадар руслаштиришнинг» бошқача кўриниши эди. Халқини мутараққий миллатлар қаторида кўришни орзулаган Чўлпон бундан ташвишга тушиши, инқилобга йигирма йил тўлар-тўлмас имлосидан айрилиб, ўтмишидан узиб қўйилган халқ келажагини тасаввур қилиб ўртаниши табиий эди. Жадидлар миллатчилигини — миллатни, миллий ўзига хосликни, миллий тил ва маданиятни сақлаб қолишга интилишни «миллатчилик» деса бўладими? Бизнингча, йўқ! Бу — мустамлака ўлкадаги зарурат, бу — виждонли кишиларнинг гражданлик бурчи. Бошқача бўлиши мумкин эмас!

Буржуазия табиатига кўра доимо хом ашё базаси ва бозор учун курашиб келган. Зеро, булар унинг учун яшаш ва равнақ топишнинг бирламчи шартларидир. Ўтган асрнинг иккинчи ярмида Туркистоннинг босиб олиниши 1861 йил ислоҳотидан кейин фаоллашган янги сиёсий куч — рус буржуазиясининг манфаатларини кўзлаб амалга оширилган ёвуз ниятнинг натижасидир. «Сиз — биз соғим сигирмиз, бизнинг ширин сутимиз бор; руслар ва бошқа ажнабийлар бизни эмиб ётадилар…» — Ш. Хўжаевнинг бу гаплари энди рус буржуазияси билан миллий буржуазия манфаатлари зид келганидан далолат беради. Тўғри, мустамлакачиликка қарши турган жадидлар, аввало, ўз манфаатларини кўзлашган, лекин бу манфаатлар меҳнаткаш халк манфаатлари билан оз бўлса-да мос тушади. Етиштирилган миллий бойликнинг четга чиқиб кетгани қайда-ю, киссангда бўлмаса-да, юртингда қолгани қайда: «қўй кўрмасак ҳам қий кўрганмиз», «қўйнидан тўкилса — қўнжига», «қатиқ тўкилса юки қолади» деган ҳикматларни шу халқ тўқиган, ахир! Шу ўринда адиб ва шоирларимизнинг кейинги икки-уч йил мобайнидаги публицистик чиқишларини, иқтисодий аҳволимиз ҳақида уларда келтирилган фактларни эслаш жоиз. Фактлар — шафқатсиз, улар бор гапни юз-хотир қилмай айтиб турибди. Мустамлакачилик сиёсатининг айрим принциплари ҳозирда ҳам сақланиб қолаётир. Албатта, бу нарса 30-йиллардаёқ кўзга ташланган бўлиши керак. Атроф гулдурос «ура»ларга кўмилган пайтда Чўлпон юртининг тақдири ҳақида ўйлаган бўлиши, янги тўн кийган эски сиёсатга муносабатини жадид тилидан айтган бўлиши табиий.

Ш. Хўжаев ҳақида китобхон Мирёқуб воситасидагина тасаввур ҳосил қилса-да, унинг кўз олдида ғояларини амалиётига татбиқ этаётган, ўз ташвишларидан ортиб юрти келажаги ҳақида қайғураётган ўқимишли, маърифатпарвар, бир сўз билан айтганда, ижобий одам гавдаланади. Китобхон беихтиёр «Қутлуғ қон»даги ёхуд шу номли видеофильмдаги Абдишукурни кўз олдига келтириб, иккисининг орасида еру осмонча фарқ кўрса, эҳтимол.

Абдишукур тутган йўл бирнав тўғридай. Аммо эътибор берилса, «кўзи очилмаган» бойлар унинг гапларини жиддий қабул қилмаётгани, устига-устак уни мазахлаётганлари сезилади. Бунинг боиси эса биринчидан, Абдишукурнинг қарашларида изчиллик етишмаслиги ҳам унинг ғоясида собит эмаслиги, иккинчидан, шахс сифатида ожизлиги. У ўзининг қарашларини қуйидагича ифодалайди; «Каминанинг ғоявий ҳаёти шундай, яна такрорлайман; миллий сармояни ўз бойларимиз — мусулмон бойларимиз тўла эгалласинлар, яъни бутун Туркистонимизда тижорат ўз бойларимиз қўлида бўлсин, бу билан қаноатланмай, завод-фабрикалар қурсинлар, Масковга, Варшавага ва ҳоказо шаҳарларга ўзлари мол олиб борсинлар, у ерлардан ўзлари мол келтирсинлар, дейман. Ўртадаги шу яҳудий, ўрис савдогарларининг думини қисиб қўйиш керак, дейман».

Бир қарашда Абдишукур билан Ш. Хўжаев ягона максадга интилаётгандай, лекин аслида ундай эмас. Ш. Хўжаевнинг миллий сармоя ҳақидаги гаплари ҳам, маърифатпарварлик борасидаги гаплари ҳам бир мақсадга — мустамлака зулмидан қутулиб мустақил давлат қуришга бўйсундирилган. Абдишукур эса бойлар билан бирга подшога омонлик тилайди, айтадики: «Тўғри, подшоҳимизнинг соясида тинч яшаймиз. Лекин, биз деймизки, турмушимизда бир қадар ислоҳ юзага чиқсин…» Ш. Хўжаевнинг саъй-ҳаракатларини миллий-озодлик ҳаракатининг бир кўриниши сифатида қабул қилиш мумкин эди. Абдишукур эса инқилобий йўлдан ислоҳотлар йўлини афзал билади. Абдишукурнинг маърифатчилиги ҳам юқоридагилардан келиб чиқиб икки мақсадга йўналтирилган: биринчиси: «Миллий сармояни кучайтириш учун савдо-саноат илмини билиш, замондан огоҳ бўлиш лозим… Камерсант бўлиш керак, яъни илми иқтисодни, илми тижоратни билган савдогарлар етишуви керак», иккинчиси: «Давлат Думасида оташин нутқлар сўзлаб, Туркистон мусулмонларининг ҳуқуқларини мудофаа эта биладиган тўрт-беш арбоби сиёсат етишса…»

Кўринадики, ўша вақт нуқтаи назаридан қаралса, Абдишукурнинг қарашлари истиқболга эга эмас: биринчидан, рус буржуазиясининг манфаатларини ҳимоя қилувчи чор ҳукумати кўл остида «миллий сармояни» том маънода ривожлантириш мумкин эмас; иккинчидан, юртнинг бир қисминигина янгича илмларга ўқитиб ислоҳга эришиб бўлмайди. Ўз-ўзидан равшанки, бу ғоялар халқ манфаатига заррача бўлсин мос эмас; фақат миллий буржуазиянинг тор манфаатларини кўзлайди.

Абдишукурнинг шахсий сифатлари ҳам ғоявий қарашларига мос тушади. У бойларнинг олдида ялтоқланади, уларнинг даврасига қўшилиб юрганидан қувонади. Ш. Хўжаев мусулмон бойлари орасида кенг тарқала бошлаган бузуқликларга қарши, Абдишукур эса бу «неъматларидан тотинганига хурсанд. Бу нарса унинг ғоясида собит эмаслигини, мақсад йўлида фидойи бўла олмайдиган, ўз манфаатинигина кўзлайдиган дилетант эканини кўрсатади.

Жадидлик ҳаракати яхлит бўлмагани, унинг ичида турли йўналишлар бўлгани аён. Ойбек шу окимлардан бирини танлаб олади-да, ижтимоиётчи сифатида унинг ғоялари пуч эканини билган ҳолда танқид қилади, аниқроғи, «фош қилади». Адибнинг нега айнан Абдишукурни танлагани эса яна унинг Туркистонда ягона инқилобий куч сифатида меҳнаткаш оммани тан олгани билан изоҳланади.

Шу ўринда бир воқеа ёдга тушади. Биринчи рус инқилобидан кейинги реакция йиллари А. Куприн «Денгиз касали» ҳикоясини эълон қилганида Горький қаттиқ ғазабланган эди. Чунки Куприн социал-демократ аёлни сал бўлмаса фоҳишага айлантириб қўйганди-да. Ўйлаб қоласан киши: реализм ва ҳаёт ҳақиқатига содиқлик бир нарсами? Айтайлик, ҳозирги кунда уч ёзувчимиз бир мавзуда — «турғунлик» йиллари райком котиби бўлган аёл ҳақида асар ёзди: биринчисида аёл чинакам ишбилармонлиги, оқилалиги туфайли мартабага кўтарилди; иккинчисида юқорининг «аёлларни кўтариш ҳақидаги кўрсатмасига мувофиқ» кўтаришди; учинчисида эса ҳусну таровати туфайлигина… Қай бири ҳақ уларнинг? Мундай қараганда ҳаммалари ҳам ҳақдай, лекин унда типиклик деган нарса қайда қолди? Умуман, дунёга субъектив назар солган адиб том маънода типик характер яратиши мумкинми? У ёки бу асарнинг, ундаги воқеа ва характерларнинг нечоғли типик эканини ким белгилайди? Қайси мезонларга таяниб килинади бу иш?..

Булар кетидан яна қатор саволлар эргашиб келади, бизни мулоҳаза юритишга ундайди. Айтмоқчимизки, адабиётга эскича қарашларни янгиламай (янги тўн кийдириш назарда тутилмаяпти) туриб ижод эркинлигини, фикр ҳурлигини таъминлаб бўлмайди. Шунга кўра, ҳаммамиз ҳам бирон асар ҳақида фикр билдирар эканмиз, фикримиз субъектив эканини, нисбий эканини назарда тутишимиз лозим. Шундагина «Кеча ва кундуз» ҳам, «Қутлуғ қон» ҳам насримизнинг тенг ҳуқуқли «граждан»лари сифатида яшай олади.

“Ёшлик” журнали, 1991 йил, 6-сон

______________________

[1] О. Шарафиддинов. Чўлпоннинг ижодий йўли тўғрисида. «Шарқ юлдузи», 1988, 2-сон, 62-бет.

[2] В. И. Ленин. ТАТ., Т., «Ўзбекистон», 1978, 30-том, 160-бет.

[3] Ўша жойда, 41 том, 170-бет.

[4] В. И. Ленин. ТАТ, 23 том, 188-бет.