Абдужаббор Яҳёев. Тошкентнинг ўн икки дарвозаси (1990)

Мовароуннаҳрнинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлган Шош (Тошкент) ўзининг узоқ ва қизиқарли тарихида ўзаро феодал урушлар ҳамда хорижий босқинчилар истилоси натижасида неча бор бузилиб, неча бор қайта тикланган. Шарқ мамлакатларида, жумладан, Ўрта Осиёда йирик шаҳарлар қўрғон билан ўраб олинганлиги, уларнинг бир неча дарвозаси бўлганлиги бизга қадар етиб келган тарихий маълумотлардан аён. Биз қуйида кўҳна Тошкентнинг махсус номлар билан аталган дарвозалари ҳақида фикр юритмоқчимиз.

704 йили Араб халифалиги томонидан Қутайба ибн Муслим Хуросон амири қилиб тайинлангач, унга Ўрта Осиёда араб халифалиги ҳукмронлигини ўрнатиш топширилган. Ўрта Осиёнинг бир қатор шаҳарларини босиб олган Қутайба ибн Муслим 713—715 йилларда Шош (Тошкент)ни истило қилди. Бу даврда шаҳар Салор бўйига жойлашган бўлиб, ҳар томонлама ривожланаётган эди.

Араблар томонидан истило қилингунга қадар Тошкентда қанча дарвоза, неча қатор мудофаа девори бўлганлиги номаълум. Салор атрофида амалга оширилаётган қазиш ишлари вақтида ер қаъридан чиқаётган турли-туман ашёвий топилмалар Тошкент эрамизнинг бошларидаги анча номдор, ривожланиш жараёнидаги шаҳар бўлганлигидан дарак бермоқда.

Демак, VIII аср охирига келиб, Салор бўйи кўчманчиларнинг тинимсиз хуружи натижасида нотинч бўла бошлагач, аҳоли бу жойни ҳам ташлаб, жуғрофий жиҳатдан қулай бўлган Бўзсув (Анҳор) бўйига кўчиб кела бошлаган. Янги шаҳарчада эса аста-секин изга тушиб, аҳолиси асосан деҳқончилик, чорвачилик, савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик билан шуғуллана бошлаган.

Қадимий Тошкентнинг Қўқон дарвозаси

Зардуштийлик ва буддизм, насронийлик ва ислом динларининг бир-бирига таъсири туфайли шаҳарнинг ривожланиши учун ўзига хос шароит вужудга келди. XIX аср тарихчиси Муҳаммад Солиҳ Қори Тошкандий ўзининг «Тарихи жадиди Тошкент» асарида ва бошқа ўтган аср тарихчиларининг ёдномаларида қайд этилишича, IX асрнинг бошларида янги шаҳар марказидаги бозор майдончасида қўрғон қурилиб, атрофи гир айлантирилиб бир қатор девор билан ўралган ҳамда деворнинг уч томонига Абул Аббос, Жунайд ва Кеш номли дарвозалар қад кўтарган. Шундай қилиб, бу ерда — ҳозирги Чорсу ва Хадра майдони ўрнида шаҳар маркази вужудга келади. Бир қанча вақт ўтгач, шаҳарнинг аҳоли зич жойлашган қисми ҳам иккинчи қатор девор билан, кейинчалик аҳоли тинчлигини чўл кўчманчиларидан ҳимоя қилиш мақсадида шаҳарни учинчи — ниҳоятда улкан ва баҳайбат сиртқи мудофаа девори билан ўралади. Ташқи томонига кенг ва чуқур — сув билан тўлдирилган зовур ҳандақ қазилади. Бу ҳандақ ҳам айни вақтда душман учун тузоқ ҳамда тўсиқ вазифасини бажарган.

Шаҳар мудофаа деворлари билан мустаҳкамланган бўлса ҳам, ташқи дунё билан савдо-сотиқ алоқалари узилмаган. Узоқ шаҳар-мамлакатлардан, воҳаю даштлардан Тошкент бозорига мол олиб келинадиган катта карвон йўллари туташадиган жойларда махсус дарвозалар ўрнатилган.

Дарвозалар сони турли даврларда турлича бўлган, ҳар бир қатор деворнинг ўз дарвозалари бўлган. Масалан, XVIII асрда саккизта, XIX асрда эса ўн иккита ташқи девор дарвозаси бўлган. XVIII аср охирларида Тошкентни саккизта катта йўл кесиб ўтган, бу йўллар аслида шаҳарда бир томонга кетадиган катта, шоҳ кўчалар эди. Булар асосан, қадимий карвон йўллари бўлиб, Қозоғистон ва Ўрта Осиё хонликларининг асосий мавзелари билан боғланган. Бундан ташқари, ўша вақтларда Шош (Тошкент) шаҳри Осиё ва Оврупо мамлакатларини ўзаро бир-бири билан боғловчи карвон йўлларининг чорраҳасида жойлашган эди. Бу йўлдан узоқ йиллар давомида хитой, ҳинд, мўғул, эрон ва афғон савдогарлари ўз молларини олиб ўтиш билан бирга Тошкентда ҳам савдо-сотиқ ишларини олиб боришган, бунинг натижасида шаҳарнинг ҳар томонлама ривожланишига катта таъсир кўрсатган.

Шу даврда шаҳар тўртта даҳага: Себзор, Кўкча, Бешёғоч ва Шайхонтоҳур даҳаларига бўлинган. Тарихий маълумотга қараганда, XIX асрда шаҳарнинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Себзор даҳаси 38 маҳалладан иборат бўлиб, Кайковус ариғидан сув ичган. Бу даҳада 3 та мадраса ва 10 та масжид бўлиб, аҳолиси асосан этикдўзлик, тўқувчилик ва бўёқчилик билан шуғулланган. Шаҳарнинг ғарбий қисмида жойлашган Кўкча даҳасида 31 та маҳалла, 3 та мадраса ва 51 масжид бўлиб, аҳолиси кўнчилик ва этикдўзлик билан машғул бўлган. Шаҳарнинг Бешёғоч даҳасида 32 та маҳалла, 3 та мадраса ва 68 та масжид бўлиб, у гўзал боғлари ва ғиштчилиги билан ном чиқарган. Шайхонтоҳур даҳасида эса 48 та маҳалла, 60 та масжид, 3 та мадраса бўлиб, аҳолиси эгарчилик, дегрезлик, тўқувчилик билан кун кечирган.

Юқорида келтирилган рақамлардан ҳам XVIII—XIX асрларда шаҳар аҳлининг илм-фани, маданияти ва манавияти қай даражада бўлганини билиб олиш мумкин.

Дарвоқе, дарвозага келадиган йўллар ҳам дарвоза номи билан атала бошлаган. Самарқандга борадиган йўлнинг бошида Самарқанд, Қўқонга борадиган йўлнинг бошида Қўқон, Чиғатойга борадиган йўлнинг бошида Чиғатой дарвозалари қурилган. Ҳар бир дарвозанинг ташқи кўриниши эса ушбу шаҳарларнинг ўзига хос меъморий услубида безатилган. Дарвозаларнинг ташқарисида эса кенг майдонни эгаллаб, ястаниб ётган, бир қарашдаёқ киши қалбини музлатиб юборувчи қабристонлар жойлашган. Масалан, Комолон дарвозаси ташқарисида Хўжа Аламбардор, Кўкча дарвозаси ташқарисида Шайх Зайниддин, Чиғатой дарвозаси ташқарисида Қўшчи ота ва бошқа бир қатор қабристонлар бўлиб, улардан кўплари шу кунларга қадар шаҳримиз ўрамларида сақланиб қолган.

Бу қабристонлар дарвозадан чиқиб олис мамлакатларга кетаётган ёки шаҳарга кириб келаётган кишиларга руҳий таъсир этиб, одамларни бир-бирларига меҳр-оқибатли бўлишларига ундаб турган. Сабаби, совуқ қабристонни кўрган одам охир-оқибат шу ерга келиб кўмилишини, паноҳ топишини кўз олдига келтириб, ҳар қандай ёмон ниятдан, ёвузликдан қайтиб инсофли бўлишга интилган. Улар қабристонларга яқинлашгач, от ва аравалардан аста тушиб, аждодлар руҳига ҳурмат юзасидан қуръон ўқиб, сукут сақлаб, мозорлар ёнидан яёв юриб ўтганлар.

Шаҳар дарвозалари ҳақида тарихчи олимларимиз ва ёзувчиларимиз ўз асарларида ноёб маълумотларёзиб қолдиришган. Шу жумладан, Абдулла Қодирий ўзининг тарихий «Ўтган кунлар» романида «… олти газ юксакликда, беш газ кенгликда, икки ёки саккиз газли қўрғон девори билан ўралган, кунботарга қаратиб қурилган Самарқанд дарвозаси…» борлиги ҳақида батафсил ҳикоя қилган.

1865 йилнинг 16 июн куни босқинчи Черняев қўл остидаги 12 замбаракка, бир неча минг солдатдан иборат отрядга эга бўлган рус қўшинлари Тошкент шаҳрини шафқатсизларча ўққа тутиб, шаҳар атрофидаги мудофаа иншоотларини, мудофаа деворларини, шаҳар дарвозалари ва бошқа кўплаб биноларни бузиб ташлашган. Бу обидаларнинг бир қисми эса кейинчалик турли йилларда бўлиб ўтган кучли зилзилалар ҳамда шаҳарни кенгайтириш вақтида бузилиб кетган. Лекин шаҳарнинг баъзи бир ерларида шиддатли муҳорабалар туфайли шикастланган қадимий девор қолдиқлари яқин кунларгача ҳам сақланиб қолган эди. Аммо улар ҳам борган сари емирилиб, йўқолиб бормоқда. Уларни таъмирлаб ёки шу ҳолича сақлаб қолиб, келгуси авлодга қолдиришни ўйлаб кўриш керак.

Дарҳақиқат, ўтган XVIII—XIX асрларда бу шаҳарнинг 12 та дарвозаси бўлиб, булар: Самарқанд, Кўкча, Чиғатой, Сағбон, Қорасарой, Тахтапул, Лабзак, Қашқар, Бешёғоч, Қўқон, Қаймаст ва Камолон дарвозаларидир. Ушбу дарвозалардан кирилгач, энг аввал гузарли кенг майдонга чиқилган, бу гузаргоҳлар 1920 йилларнинг охирига қадар жуда обод бўлган. Наврўз ва кўплаб миллий байрамлар, ҳар хил сайллар, халқ йиғинлари ўтказилган бу майдонда чойхона, ошхона, новвойхона, сартарошхона, косибчилик, карвонсарой, бозор, қассоблик ва баққоллик дўконлари жойлашган эди. Дарвозалардан бошланиб, шаҳар марказидаги катта бозорга олиб борувчи кўчалар йўл-йўлакай жуда кўп кичик-кичик кўчаларга тармоқлашиб кетарди. Кўчалар элтган шаҳар бозори фақат савдо-сотиқ учунгина хизмат қилиб қолмай, балки шаҳар халқи ҳордиқ чиқарадиган жой ҳам эди.

Шаҳар ҳокимининг турли фармонлари маълум белгиланган жойлардан ташқари, шу бозорда ҳам жарчилар томонидан эълон қилинарди, бозор майдонида дорбозлик, сарбозлик, ўйин-кулги ва бошқа турли томошалар намойиш этиларди.

Афсуски, шаҳарнинг кўҳна дарвозалари шу кунларда сақланиб қолмаган. Лекин уларнинг қаерда жойлашганлиги тўғрисида етарли маълумотлар бор. Дарвозалар шаҳарнинг ҳозирги ўзаро жойлашишига нисбатан тахминан қуйидаги ўринларда жойлашган: Камолон — ҳозирги «Бахт» кўчасида; Қаймаст — Ўзбекистон кўчасидан 9 январ кўчасига бурилиш ерида; Қўқон — Ленин майдони ёнида; Бешёғоч — Бешёғоч колхоз бозори билан маданият ва истироҳат боғи оралиғида; Қашқар — Қашқар маҳалласи гузари (ҳозирги Марказ — 4 микрорайонида); Лабзак —Хуршид кўчаси билан Анҳор кесишган жойда; Тахтапул — Собир Раҳимов кўчасидаги Кайковус анҳорига қурилган кўприк яқинида; Қорасой — Қорасарой кўчасининг гузарида; Сағбон — Сағбон кўчасидаги 11-мактаб билан Кайковус оралиғида; Чиғатой — Чиғатой кўчасидаги Чиғатой дарвозаси гузарида; Кўкча — Кўкча гузарида; Самарқанд — ҳозирги «Самарқанд дарвоза» кўчасининг гузари атрофида бўлган.

Бу дарвозалар фақат қамал пайтларидагина эмас, балки тинч вақтларда ҳам ҳар куни қоронғи тушиши билан беркитиб қўйилар эди. Эрталаб барвақт очилар, карвонлар, сайёҳлар ва дарвешлар, боёнлар ва амалдорлар яёв ва файтунларда виқор билан кеч оқшомга қадар кириб-чиқиб турганлар. Доимо махсус соқчи (дарвозабон)лар қўриқлаб турган бу дарвозаларнинг тарихи «Чортоқ» шаклида бичилиб, пишиқ чорси ғиштдан мураккаб қоришмада қурилиб, томи гумбазли қилиб ёпилган. Меъморлар унинг олди кўринишига алоҳида эътибор бериб, улкан пештоқли қилиб лойиҳалашган.

Кечқурун дарвозалар тақа-тақ ёпилиб, шаҳар ичкарисига ташқаридан ҳеч ким киритилмаган. Келувчилар ким бўлишидан қатъий назар дарвоза ташқарисида тунаб қолишга мажбур бўлишган. Қадимги дарвозаларга ишланган эшиклар арча ёғочларидан ясалиб, сиртининг баъзи ерларига безак сифатида металл ҳам қопланар ҳамда турли хилдаги ислимий ва гирехий нақшлар билан миллий шаклда безатилар эди. Бу эшикларга яқинлашган ҳар бир киши заҳматкаш усталарнинг маҳоратига, ақл-заковатига таҳсинлар айтишарди.

Гўзал шаҳримизнинг ўн икки дарвозасининг ўн икки калит нусхалари ҳозирги кунда Ўзбекистон халқлари тарихи музейининг кўргазма бўлимида тартиб билан териб қўйилган. Уларнинг олтиндан ясалган асл нусхалари эса Москвада — СССР Давлат банкида сақланмоқда.

Мамлакатимизда, жумладан, жумҳуриятимиэда қайта қуриш, ошкоралик, мустақиллик амалга оширилаётган шу кунларда, кўҳна Тошкент шаҳар дарвозаларидан бошланадиган кўчаларга шу дарвоза номлари берилиб, мармар тошлавҳалар ўрнатилса ҳамда шаҳар дарвозалари замонамизга мослаб тикланса нур устига аъло нур бўлар эди.

Абдужаббор Яҳёев, Маданий ёдгорликларни таъмирлаш-илмий тадқиқот институтт бош меъмори

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 11-сон