Алиназар Эгамназаров. Сургун ёки 30-йиллар бошидаги қулоқлаштириш қурбонлари (1997)

АСТРАХАНДАН КЕЛГАН МАКТУБ

«Миллатим ўзбек. Астрахань шаҳрида яшайман. Ёшим 61 да. Тахминан 1935 йилда Украинанинг Каховка шаҳридаги болалар уйига келиб қолганман. Бу ерда ўзбек болалари тарбияланишар, бизга Ўзбекистондан ўз она тилимизда дарсликлар келиб турарди. Икки нафар ўзбек муаллими бизга дарс берарди. Уруш бошлангач, юзга яқин болани Астрахань шаҳрига кўчириб кетишди. Кичик ёшдагиларни эса кемада Каспий денгизи орқали Красноводск шаҳрига жўнатишди. Уруш тугади. Бизлар Астраханда қолиб кетдик. Эсимни таниганимдан бери менга бир савол тинчлик бермайди: Қандай қилиб бундан 60 йил муқаддам ўзбек болаларининг бутун бошли колонияси Украина чўлларига келиб қолган? Менинг ҳам Ўзбекистонда қариндош-уруғларим борми? Қандай қилиб уларни топсам бўлади? Менга ёрдам беринглар, азиз юртдошлар!

Сизларга салом билан: АЛИШЕР ШОДМОНОВ.

Манзилим: 414016. Астрахань шаҳри, Водников кўчаси, 13-уй, 7-хонадон».

«Правда Востока» газетаси, 12.1Х.1984 й.

Менга «Правда Востока»нинг ушбу мактуб босилган сонини қонунсиз сиёсий қатағон қурбонлари уюшмаси республика ҳайъатининг аъзоси, меҳнат фахрийси, болалиги Украинада ўтган Собир Мўминов кўрсатди.

Бу мактуб шахсан мен учун янгилик эмас эди. Сабаби, мен бунга қадар ҳам тақдир тақозоси билан 30-йилларда қулоқ қилинган ота-оналари билан Украинага бориб қолган, ўша ерда етим бўлиб, болалар уйида ўсган, уруш бошлангач ёки кейинроқ катта қийинчиликлар билан Ўзбекистонга қайтган бир неча киши билан суҳбатлашган эдим. Бундай кишилар Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги ўзим туғилиб-ўсган Хонобод қишлоғида ҳам бор эди. Алишер Шодмоновнинг мактуби ўшаларнинг ҳикояларини хотирамга солди, Ватанимиз тарихининг 30-йиллардаги ана шу энг фожеали саҳифалари ҳақидаги ўй-мулоҳазаларимни қоғозга туширишга ундади.

1917 йил октябрда Санкт-Петербургда большевиклар уюштирган давлат тўнтаришида атиги тўққиз киши ҳалок бўлган. Шундан кейин ўн йилдан зиёд давом этган фуқаролар урушида эса миллионлаб кишилар қурбон бўлди ёки ўз киндик қонлари томган жойларни тарк этиб, ўзга юртларни ватан қилдилар.

Бу хунрезлик Туркистон халқларига ҳам қимматга тушди. Ҳозирги ҳисоб-китобларга қараганда, ўн йилдан зиёд давом этган «босмачилик» ҳаракати давомида ўлкамизда бир миллиондан ортиқ аҳоли қирилган ва чет элларга кетиб қолган.

20-йиллар охирига келиб, мамлакатда фуқаролар уруши алангаси қарийб сўнди. Халқ тинч яратувчилик меҳнати билан шуғуллана бошлади. Кун кечириш бир-мунча осон бўлиб қолди.

Лекин шунда бирдан яна вазият ўзгариб, «момақалдироқ гулдираб, чақмоқ чақди». Онгли ваҳший — большевизм халққа яна ҳамла қилди. 1930 йил 30 январда ВКП(б) Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси «Ялпи жамоалаштириш туманларида қулоқ хўжаликларини тугатиш тўғрисида»ги машъум қарорини қабул қилди. Бу қарорда шундай кўрсатмалар бор эди:

«а) аксилинқилобий жамоа, террорчилик ҳаракатлари ва советларга қарши исёнларнинг иштирокчилари ҳибсга олинсинлар ва жиноятлари учун суд қилинсинлар;

б) жамоалаштиришга қарши фаол курашган йирик қулоқлар ва собиқ ярим помешчиклар ялпи жамоалаштириш туманларидан мамлакатнинг шимолий туманларига ва олис туманларига бадарға қилинсинлар;

в) қулоқларнинг қолган қисми жамоа хўжаликлари ерларидан ташқаридаги янги ўзлаштирилган ерларга кўчирилсинлар».

Мазкур қарорда қулоқ сифатида ҳибсга олинадиган ва бадарға қилинадиган кишилар миқдори мамлакат умумий деҳқон хўжаликларининг 3-4 фоизидан ошмаслиги кўрсатилган. Ўзбекистонда эса бу топшириқ ортиғи билан бажарилди.

1930 йилда Ўзбекистонда 750 минг деҳқон хўжалиги бўлган. Шу хўжаликлардан 40 минги (қарийб 6 фоизи) қулоқ сифатида ҳибсга олиниб, суд қилинганлар ёки Украина ва Шимолий Кавказга, Ўрта Осиёнинг янги ўзлаштирилаётган чўл туманларига бадарға қилинганлар. Агар ўзига тўқ ўзбек оилалари кўп сонли, ҳар бири камида 8-9 жондан иборат бўлганлигини эътиборга олсак, 1930-32 йиллардаги қулоқлаштириш даврида республикамизнинг 350-400 минг аҳолиси жабр курган.

Туманларда, қишлоқ Советларида қишлоқ хўжалигини жамоалаштириш, қулоқларни синф сифатида тугатиш ишларига аксарият чаласавод, юқоридан берилган топшириқларни тўғри тушунмайдиган, қишлоқ хўжалик артели Низоми билан таниш бўлмаган, савияси паст кишилар раҳбарлик қилишган. Шу боисдан бу соҳада қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар — зўравонлик, зуғум, ўч олишлар, ўртаҳол, ҳатто камбағал деҳқонларни қулоқлар рўйхатига тиркаб юбориш ҳоллари кўп бўлди. Юқоридан берилган кўрсатма бўйича қулоқлаштириш қишлоқ хўжалигини жамоалаштиришнинг натижаси бўлиши, яъни аввал қишлоқнинг камбағал ва ўртаҳол деҳқонлари ихтиёрий равишда жамоа хўжалигига бирлашиб, кейин қулоқлар синф сифатида тугатилиши, бу масала қишлоқ Советлари қошидаги камбағал деҳқонларнинг ва батракларнинг кенгашида муҳокама қилиниши керак эди. Жойларда эса бу кўрсатмага хилоф равишда, аввал бой деҳқонларни қулоқлаштириб, кейин жамоа хўжалигини ташкил этиш ҳодисалари кўп бўлди. Одамларга агар колхозга кирмасангиз ҳибсга олиб, қулоқ сифатида бадарға қиламиз, ердан, сувдан, ғалладан, саноат молларидан, сайлаш, сайланиш ҳуқуқидан маҳрум қиламиз, деб дўқ қилиб жамоа хўжаликларига зўрлик билан бирлаштириш ҳоллари рўй берди.

Бағдод туманида (Фарғона округи) бир қишлоқда деҳқонларни тўплаб, йиғилиш ўтказилиб, қишлоқда колхоз ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Деҳқонлар колхозга киришга унчалик хоҳишлари йўқлигини изҳор этишгач, уларга жавоб бериб юборишади, фақат бирини ушлаб қолиб, унинг оғзидан қишлоқдаги барча деҳқонларнинг исм-шарифларини ёзиб, мол-мулкларини рўйхатга олишади, кейин бу қишлоқда колхоз ташкил этилди, деб эълон қилишади.

1930 йилда Хоразмда колхозга киришдан бош тортиш «советларга қарши ҳаракат» деб баҳоланиб, одамларни қамаганлар. 1930 йил 20 мартда Хива қамоқхонасида шундай айб билан 1700 киши ётган, буларнинг кўпчилиги камбағал ва ўрта ҳол деҳқонлар бўлишган.

Одамларни мажбурлаб колхозга аъзо қилиш, бой деҳқонларнинг мол-мулкини зўравонлик билан тортиб олиш, айрим жойларда ҳатто уй паррандаларини ҳам умумийлаштиришга интилиш натижасида деҳқон хўжаликларида шахсий чорва молларини оммавий сўйиш, жанубий вилоятларда эса, минг-минглаб қоракўл қўйларни чет элга ҳайдаб ўтиб кетиш ҳоллари рўй берди. Фақат 1930 йилда Ўзбекистонда 60 минг бош қорамол сўйиб юборилди.

Қулоқлаштириш даврида Ўзбекистонда чорва моллари қанчага камайганлиги тўғрисида аниқ статистик маълумот йўқ. Лекин бизга ён қўшни бўлган, биздагидек фожеани бошдан кечирган Қозоғистонда бундай маълумотлар бор. Масалан, бу республикада 1928 йилда 6509 минг бош қорамол бор эди. 1932 йилга келиб 965 минг бош қорамол қолди. 1928 йилда 18566 минг бош қўй бор эди, 1932 йилда атиги 1 миллион 366 минг бош қўй қолди. Отлар миқдори ҳам тўрт баравардан зиёд камайиб кетди.

Бой хўжаликларга солинадиган солиқ миқдорининг йил сайин ошириб борилганлиги, уларга хўжаликларини юритиш учун давлат томонидан моддий-техник ёрдам берилмаганлиги, ерларида одам ёллаб ишлатиш тақиқланганлиги оқибатида кўплаб ер майдонлари экилмай қолди; Бунга мамлакатнинг Оврўпа қисмида 1932-33 йилларда бўлган қурғоқчилик қўшилиб, қаҳатчиликни юзага келтирди.

Деҳқонларни ерида одам ёллаб ишлатгани учун ҳам қулоқ қилишарди. Ваҳоланки, бундай жазо чораси Ўрта Осиё шароитига ҳеч тўғри келмас эди. Ғўза сермеҳнат экин бўлганлиги учун, ҳатто камбағал деҳқонлар ҳам дала ишлари авжига чиққан пайтларида ташқаридан одам ёллаб ишлатишган.

Ўзбекистонда қулоқлаштириш, асосан, ўзига тўқ, ўртаҳол деҳқонларга қарши эълон қилинган уруш бўлди, дейиш мумкин. Тарих фанлари доктори, профессор Раҳима Аминованинг таъкидлашича, кўпгина туманларда кимни қулоқ деб ҳисоблаш тўғрисида аниқ мезонлар мавжуд эмас эди. Диндорлиги учун, маъмурият фаолиятидан норози бўлганлиги учун қулоқ қилишар, шахсий ўч олишарди. Ҳатто камбағаллар «қулоқ» бўлиб қолмаслик учун ўз хўжалик фаолиятларини қисқартирдилар.

Қулоқлаштиришда террор усулидан ҳам фойдаланилди. Масалан, Қовунчи туманида қулоқлаштириш мана бундай ўтказилган: қуролланган вакиллар қурол:яроғли милиция ходимлари ҳамроҳлигида қулоқ қилинадиганларнинг уйига кириб келишган, ҳамма нарса — молдан тортиб пулгача, кийим-кечак, идиш-товоқ ва бошқа нарсалар тортиб олинган. Баъзи ҳолларда, ҳатто тортиб олинган буюмларнинг рўйхати тузилмаган. Туман бўйича жами 600 деҳқон хўжалиги қулоқ қилинган. Уларнинг ҳаммаси туман милиция бўлимига олиб келинган. Бу ерда улар саккиз кеча-кундуз қолиб кетишган, қамалганларнинг кўпчилиги бегуноҳ кишилар бўлишган… Камбағаллар билан батракларнинг йиғилишлари қулоқлаштириш тугаллангач ўтказилган, яъни бу ишни бевосита амалга ошириши лозим бўлган кишилар воқеа рўй бергач, хабардор бўлишган.

Ўша пайтда Қибрай қишлоғида 400 деҳқон хўжалиги бўлган. Шундан 50 нафари — 12 фоиздан ортиғи қулоқ қилинган.

«Туркистон» рўзномасининг 1994 йил 12 февраль сонида журналист Ҳайдарали Узоқовнинг 1937 йилда қатағон қилинган каттақўрғонлик шоир Тошпўлат Саадий ҳақидаги «Барбод бўлган «Кўнгил тошқинлари» сарлавҳали очерки эълон қилинган. Журналист шу очеркига фактлар тўплаш мақсадида шоир туғилиб-ўсган Каттақўрғондаги Қаттабегимжон қишлоғига бориб, ўша ерлик мўйсафидлар — 98 ёшли Аҳмад бува Салоев, 85 ёшли Қосим бува Муродов, 92 ёшли Мулланор бува Маҳмудов ва бошқалар билан суҳбатлашганида, улар шу ердаги Миёнкал ороли деган жойда 8 та тепалик борлигини, 1930-32 йиллардаги қулоқлаштириш даврида шу тепаликларга Фарғона водийси, Бухоро, Хоразм каби вилоятлардан минглаб қулоқларни қизил вагонларга босиб олиб келиб, отиб ташлаганликларини айтишди. Шундан кейин журналист бу гап ҳақиқатга қай даражада мос келишини аниқлаш мақсадида, тепаликларнинг уч-тўрт жойини «Беларусь» трактори билан кавлатиб кўрди. Шунда трактор ҳар гал чўмичини ерга ботирганида, унга одам калла суяклари, қовурғалари, оёқ суяклари илиниб чиқади.

Республикада масжидларни оммавий бузиш, диндорларни таъқиб қилиш ҳам шу даврда авжига чиқди.

Халққа нисбатан қилинган бу зўравонликлар, табиийки, кучли норозиликларни юзага келтирди. Чустда, Попда, Пискентда, Ойимда, Карманада бой деҳқонлар билан «қизиллар» ўртасида оммавий муштлашишлар бўлди. Яна «босмачилик» ҳаракати жонланди. 1930 йилда давлат ходимларига қарши 338 марта террор уюштирилиб, 157 киши ўлдирилди.

 

Отам Имомназар Эгамназар ўғли хотираларидан:

— Оқ подшонинг даврида қишлоғимизда Саидқосим бўлис деган одам ўтган. Биринчи жаҳон уруши арафасида ниҳоятда бойиб кетган бу одам қишлоқнинг мутлақ ҳокими эди. У хоҳлаган одамини калтаклатар, хоҳлаган одамини қишлоқдан бадарға қилдирар, хоҳлаган одамини пинҳона ўлдириб, йўқ қилдириб юборарди. Лекин унга ҳеч ким ҳеч нарса деёлмас эди.

Бир кун мўйсафидлар қишлоғимиз гузаридаги масжидда бомдод намозини ўқиб бўлиб, ташқарига чиқишса, уларни Саидқосим бўлис кутиб олибди.

— Оқсоқоллар, бизнинг ҳовлига кириб, қаймоқ билан чой ичиб кетинглар,— дебди у.

Мўйсафидлар рози бўлишиб, унинг ортидан эргашишибди. Ҳовлига киришса, супа устида катта ҳонтахта, хонтахта устида хирмон қилиб уйилган пул, пул устида тўппонча турган эмиш. Ҳаётларида бунча пулни кўрмаган одамлар тахтадай қотиб қолишибди. Саидқосим бўлис ўз тенгқури ва ҳазилкаш ошнаси Юнус кўнчига мурожаат қилиб дебди:

— Юнус, мана шу тўппончани олиб, осмонга бир ўқ узсанг, шу пулларнинг ҳаммасини сенга бераман.

Шунда Юнус кўнчи:

— Эй, ошна, мен бу тўппончани қайси юрак билан ушлайман? — дебди. Кейин сўрабди: — Бунча пулни қаердан олдинг, ошна?

— Худо берди, — дебди Саидқосим бўлис (Ўша пайтда бўлис бошлиғи 75 сўм маош олган — муаллиф).

Кейин бўлис одамларни ичкарига таклиф қилиб, қаймоқ, иссиқ нон, чой билан сийлаб, кузатиб қўйибди.

Шунда отам уйга ҳаяжонланиб келиб: «Вой-бў, бу Саидқосим бўлис ғани бўлиб, битиб кетган экан-ку!» — деган эди.

Саидқосим бўлис бу ишни ҳамқишлоқлари олдида мақтаниш, «кўриб қўйинглар менинг давлатимни» дейиш, уларни ўзига яна ҳам тобе этиш учун қилганди. Ҳалол меҳнат билан эмас, порахўрлик, қароқчилик қилиш йўли билан топилган бу пуллар пировардида унга юқмади…

Қишлоғимиздан кимки қулоқ қилинадиган бўлса, мана шу кишини ҳақиқий қулоқ (муштумзўр) дейиш мумкин эди. Лекин у жуда ҳушёр, шамол қаёққа эсишини олдиндан биладиган одам эди. Инқилобдан сўнг бой одамларнинг даври ўтганлигини билиб, ўзини-ўзи «қулоқ» қилди — уй-жойларини сотиб, Тошкентга кўчиб кетди, қишлоқ билан алоқасини узди.

1930 йил ёзида қишлоғимиздан Маҳамат карвон, Фозил Қори, Маҳамат кўса, Одилбойвачча, Содиқ оқсоқол, Мулла Насиб, Аҳмаджон оқсоқол, Эргашбой деган кишилар, шунингдек, қўшни Қўшқўрғон, Нўғайқўрғон, Оқуй, Қорасув қишлоқларидан ҳам талайгина кишилар қулоқ сифатида Украинага бадарға қилиндилар. Бу кишиларнинг аксарияти бировга зарари тегмаган, ўз меҳнати, ишбилармонлиги билан бойиган асл деҳқонлар эди.

 

ХАЙР ЭНДИ…

Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Хонобод қишлоғилик уруш ва меҳнат фахрийси Раҳимжон Ёқубжонов ҳикояси:

— 1930 йилнинг ёзида Қўйлиқ қишлоқ Советига қарашли Хонобод, Қўшқўрғон, Қўйлиқ, Оқуй қишлоқларидан ўзига тўқ, ишбилармон деҳқонлардан 100 нафарга яқини қулоқ сифатида Украинага сургун қилинди. Уларнинг уй-жойлари, мол-мулки, ерлари мусодара қилиниб, колхоз ихтиёрига берилди. Қулоқ қилинган хў-жаликлар орасида бизнинг оиламиз ҳам бор эдн. 1930 йил 20 июль куни кечаси уйимизга қишлоқ Советининг вакиллари НКВД ходимлари ҳамроҳлигида кириб келиб, уйимизни тинтув қилишди ва ҳамма буюмни ҳовли ўртасига уйиб, соқчи қўйиб кетишди. Дадамни эса ҳайдаб олиб чиқиб кетиб, Тошкент қамоқхонасига қамашди.

1 август куни сургун қилинган оилаларга енгилгина кўрпа-ёстиқ, бир сидра уст-бош бериб, уларни Қорасувдаги етимхона ҳовлисига тўпладилар (етим болалар бу пайтда ёзги лагерда экан). Ўша куни бу ерда қиёмат қўпди. Кун иссиқ. Чанқаган болалар йиғлаб, оналарига ёпишади, чақалоқлар ҳам бетоқат, она эса гўдагига кўкрагини тутиб: «Болажоним, икки кундан бери туз тотиганим йўқ, сенга сут қайдан бўлсин! — деб кўзига ёш олади.

Бир бойнинг кичик хотини бўлган жувон:

— Мен камбағал қизиман. Бой зўрлаб олган, мени нега қийнайсизлар? — деди.

Шунда милтиқли соқчи унга ўшқирди:

— Ўчир овозингни, бойнинг ёғли паловини еб, маза қилиб яшаб, энди ундан тонасанми?

Бошқа бир аёл эса:

— Бой бўлса, қайнотам бой, менинг эрим эртаю кеч кетмон чопиб, қўш ҳайдаган, ҳақиқат қилинглар! — деб йиғларди.

Тунда яна кўп оилалар келтирилди. Етимхона ҳовлиси одамга тўлиб кетди. Эртаси куни аёлларни болалари билан Туясаройдаги (ҳозирги Тошкент қоғоз комбинати ўрнидаги) омборхоналарга олиб бориб қамадилар. Кўп ўтмай, соқчилар оталаримизни ҳам шу ерга ҳайдаб келишди. Шу ерда ўн нафардан ортиқ чақалоқ очлик, иссиқ ва ташналикдан вафот этди. Оналари жасадларни кўзларида ёш билан оқ дока рўмолга ўраб, дафн этиш учун қариндошларига бериб юборишди. Етарли одам тўплангач, ҳаммамизни Тошкент темир йўли юк-товар бекатига ҳайдаб бориб, ҳар ўн оилани биттадан қизил вагонга жойлаштиришди. 1930 йил 5 август соат 4 да вагон эшиклари беркитилди. Паровоз гудок берди. Поезд залвор билан шарақ-шуруқ қилиб, ўрнидан қўзғалди. Ватанимиздан жудо бўлаётган бизлар «дод!» деб йиғладик. Поезд Қозоғистон чўлларн томон йўл олди. Орамизда Роҳила хола деган шоиртабиат аёл бор эди, у байт ўқиб:

Оқар-оқар сувларим, хайр энди,
Сайраган қуш-булбуллар, хайр энди.
Сўлим-сўлим боғларим, хайр энди,
Она шаҳрим — Тошкентим, хайр энди, —

деганида вагондаги каттаю кичик уввос тортиб йиғлаб юборди.

Ўша пайтларда тез юрар поезд Тошкентдан Москвага беш кунда борарди. Биз тушган поезд эса оддий поезд эди. Уни разъездларда четга чиқариб қўйишар, тез-юрар поезд ўтиб кетганидан кейингина юришига рухсат бериларди.

— Одамларнинг овқатланиши ҳам, ҳожати ҳам қизил вагон ичида эди. Бу аҳволдан, айниқса, аёллар кўп жафо чекишди. Овқат челакларда келтириладиган карам шўрва, қора нондан иборат эди. Баъзилар бу овқатда чўчқа гўшти бор деб, уни ичмадилар.

Кун иссиқ, вагонлар қизиб кетди. Иссиқдан лоҳас бўлган, оч қолган гўдаклар бирин-кетин ўла бошладилар. Поезд разъездга келиб тўхтаганда, одамлар матога ўралган гўдак жасадини кўрсатиб, пастга тушишга рухсат сўрашарди. Рухсат теккач, эркаклар темир йўл яқинидаги қумни қўл билан суриб кавлаб, гўдакни кўмиб, вагонга қайтишарди. Кейин вагонда ўлганлар руҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилинарди. Эртаси куни яна шу ҳодиса такрорланарди.

Бизнинг вагонда олий маълумотли ака-ука Амириллахон ва Абдулҳамидхон Амирсаидовлар бор эди. Олти кундан сўнг эшелонимиз Пенза шаҳрига етиб келиб тўхтади. Кечроқ яна йўлга тушдик. Шунда Амириллахон ака: «Жануб томонга кетяпмиз», — дедилар.

Бир неча кундан сўнг поездимиз Херсон шаҳри темир йўли юк-товар бекатига келиб тўхтади. Ҳамманинг юклар билан поезддан тушиши ҳақида буйруқ бўлди. Оталаримиз наматга ўралиб, арқон билан боғланган юкларни ерга туширдилар. Тонг саҳар эди, бир оздан сўнг 10-15 оилани бир қилиб, кичик кемаларга жойлашди. Икки соат сузиб, океан кемаси ёнига бордик. Ҳаммани шу кемага жойлаштиришди. Кексалар бизни мазкур кемага солиб, денгиз ўртасига олиб бориб, чўктириб юборишса керак, деган хаёлга бориб, калима келтира бошлашди. Хайриятки, ундай бўлмади. Кечаси билан денгизда сузиб, эрталаб Қора денгиз бўйидаги Скадовск портига етиб келдик.

Бу ерда Ўзбекистондан келган оилаларни 400 тадан ортиқ бричка арава кутиб турган эди. Шу араваларга ўтириб, белгиланган манзилимизга етиб бордик. Қирқта вагонда борган ўзбекистонлик оилалар Херсон вилоятидаги туманларга тарқатилди. Қўйлиқ атрофидаги қишлоқлардан борганлар Ястреба қишлоғига, Қибрайдан борганлар Нижеголенкага жойланди. Бошқалар 11-хутор, 1-база деган жойларни макон қилишди.

Биз борган хуторлардаги украин қулоқлари Архангельск вилоятига сургун қилинган экан. Бир хуторда 40 уй бўлса, шундан 15-20 тасига ўт қўйилган эди. Ёнмай қолганларига биз жойлашдик. Бир оилага, у неча киши бўлишидан қатъи назар, бир хона берилди.

Кир ювиб, дам олиш учун бир ҳафта вақт ажратилди. Еттинчи куни оталаримизни Ястреба хутори ёнидаги майдонга тўпладилар. Туман раҳбарлари НКВД ходимлари билан келиб, мажлис ўтказишди.

Раислик қилувчи:

— Орангизда ким ўқитувчи? — деди. Абдулҳамид Амирсаидов ўрнидан турди:

— Мен.

— Сиз болаларни рўйхатга олиб, мактаб очасиз. Ким бухгалтерлик ишини билади?

Амириллахон Амирсаидов ўрнидан турди:

— Мен.

— Сиз совхоз бўлими бухгалтери бўласиз.

— Яхши.

Шу тарзда Абдусаттор Тўрахонов, Усмон Зокиров магазин мудири, Алмат Дадамуҳамедов, Мўмин Йўлдошев почтачи бўлдилар. Бошқаларга ҳам иш тақсимланди. Совхоз пахтачиликка ихтисослашган экан. Меҳнатга яроқли кишиларнинг асосий қисми эргадан далага чиқиб, пахта терадиган бўлишди. Иш эрталаб соат 7 дан кеч соат бгача деб белгиланди.

Мажлис охирида ҳарбий кийимдаги одам сўз олиб, шундай деди:

— Сизларни Ўзбекистондан бадарға қилишди, у ерни унутинглар. Энди сизларнинг ватанингиз — Украина. Умрбод шу ерда яшайсизлар. Сизларга бу ердан узоққа бориш мумкин эмас. Мабодо, бозорга бормоқчи бўлсанглар, бир кун аввал комендатурадан рухсатнома олишларинг керак. Қочмоқчи бўлганлар қамалади.

Ҳамма бир хўрсиниб қўйди. Кексалардан бири ёнидаги одамга қараб, деди:

— Бу қандай бедодлик?! Жиноят қилган одамни суд қилиб, 5-10 йилга қамоқ жазоси берадилар. Биз эса ҳеч бир гуноҳимиз бўлмай туриб, жаннатдек юртимиздан бир умрга жудо бўлсак.

Шу билан мажлис тугади.

Скадовск денгизга яқин, бунинг устига ярим чўл жой бўлганлиги учун қаттиқ шамол эсарди. Ўзбекистондан борганлар эса анча юпун кийинишган эди. Ноябрь ойига бориб, қор ёғиб, қаттиқ совуқ бошланди, пахта ҳосилининг бир қисми қор остида қолиб кетди. Одамлар бегона иқлимга кўниколмай, турли касалликларга чалина бошладилар. Бундан ташқари, биз турган жойларда мевали дарахтлар ўсмас эди. Витамин етишмаслигидан одамларнинг милклари, оёқлари қорайиб, шишиб кета бошлади. Шунда шифокор ҳар бир оилага 15 килограммдан қизил лавлаги ёзиб берди. Сабаби, лавлагида мевадаги витаминлар бўлар экан. Лекин бари бир аҳвол оғир эди. Одамлар турли касалликларга чалиниб, ўла бошлади. Менинг икки синглим ҳам вафот этди. Баҳорда Скадовск туман марказида 130 тарбияланувчиси бўлган етимхона очилди. Чалбасда, Круглянда, Каховкада ҳам болалар уйлари очилди. Кейин бу болалар уйлари Новая Маячкага кўчирилди. У ердаги болалар уйида 500 бола тарбияланган. Айниқса, 1932-33 йиллардаги очарчиликда кўп одам қирилди.

1933 йилда бизга яқин хуторга жойлашган қозоқлар орасида терлама касали тарқалиб, бутун-бутун оилаларнинг ёстиғи қуриб, ҳатто ўликларни кўмиш учун одам топилмай қолган.

Мен Скадовск туманидаги 1-пахтачилик давлат хўжалигининг IV бўлимида ташкил этилган 6-ўзбек мактабида ўқиганман. 1937 йилда бу мактабнинг 7-синфини битирганимдан сўнг, бошқа тенгқурларим қатори менга ҳам Тошкентга бориб ўқишга рухсат беришди.

Менда Украинадаги 6-ўзбек мактабини битирганимдаги виньетка ва Тошкентга бориб ўқишим учун рухсатнома ҳамон сақланади.

 

ТОПШИРИҚ БЎЙИЧА ОТУВ

30-йилларнинг бошида Ўзбекистондан Украинага бадарға қилинган деҳқонларнинг деярли ҳаммаси оламдан ўтиб кетдилар. Ҳозир фақат уларнинг фарзандлари қолган. Бу кишилар ҳам кўп эмас. Сургун азоблари, қаҳатчилик, уруш даврининг қийинчиликлари уларнинг болалигини барбод қилиб, очилмайин сўлдирди, кўплари дунёдан жуда эрта кўз юмиб кетдилар. Ҳозир ҳаёт бўлганлари билан суҳбатлашсангиз, ўзга юртда ўзларига мураббийлик қилган — хат-саводларини чиқарган, ҳаёт сабоғини берган устозларини миннатдорчилик билан эслайдилар. Булар Амириллахон ва Абдулҳамид Амирсаидов, Жонти Исмоилов, Худойберган Иброҳимов, Иброҳимжон Каримов ва бошқалардир.

Абдулҳамид Амирсаидов Херсон вилоятининг Скадовск тумани 1-пахтачилик совхозининг VI бўлимида ўзбек болалари учун 6-тўлиқсиз ўрта мактабни ташкил этган.

Жонти Исмоилов ва Худойберган Иброҳимов Каховка тумани Новая Маячка қишлоғидаги болалар уйи қошидаги 8-миллий тўлиқсиз ўрта мактабда ўқитувчилик қилишган.

Иброҳимжон Каримов эса Херсон вилоятининг Скадовск, Каховка, Голая Пристань туманлари бўйича маориф инспектори ҳамда Каховка туманининг Сергеевка қишлоғидаги ўрта мактабнинг директори бўлган.

Ака-ука Амирсаидовлар Тошкент вилоятининг Қорасув қишлоғида (ҳозир бу ер Тошкент шаҳрига-қарайди) ўзига тўқ оилада туғилиб ўсишган. Қулоқ қилинганларида ака-укаларнинг каттаси 35-36 ёшларда, кичиги 28-29 ёшларда бўлишган.

Амириллахон 1917 йилдаги инқилобга қадар рус-тузем мактабини, кейин гимназияни ва реал билим юртини, сўнгра Москвадаги молия институтини (ҳозирги Плеханов номидаги халқ хўжалиги институти) аъло баҳолар билан битирган. Ўша даврда Москвадаги бу олий ўқув юртини аъло баҳоларда битирган талабалар Германия ва Франциядаги академияларга ўқишга юборилар эди. Амириллахон шундай талабалар рўйхатига киритилади. Лекин ҳар икки давлатдан ҳам бундай таклиф келмайди: биринчи жаҳон уруши бошланиб кетади, ундан кейин инқилоб бўлади.

Банкир бўлишни ният қилган Амириллахон чет элда ўқиш орзуси ушалмаганидан хафа бўлиб, юртига қайтади. Дастлабки даврда бу ерда ҳам иши юришмайди. Сабаби, Туркистонда ҳокимият большевиклар қўлига ўтиб, бой зоти борки, уни таъқиб қилиш бошланганди.

Инқилобгача Россия олий ўқув юртларини битирганлик ҳақидаги дипломларда талабанинг авлод-аждодлари тўғрисида ҳам батафсил маълумот бўларди. Амириллахон эса ота томонидан Қўқон хони Худоёрхонга, она томонидан Бухоро амири Саид Олимхонга авлод эди. Шу боис, у большевиклар таъқибидан қўрқиб, дипломини ёқиб юборади ва Тошкент тиббиёт институтига кириб ўқий бошлайди. Аммо бу олий ўқув юртини битиролмайди, чунки Амириллахонни Файзулла Хўжаев яхши биларди. Ўзбекистон пойтахти Тошкентга кўчиб келгач, уни ўз соҳаси бўйича ишга таклиф қиладилар. Амириллахон Амирсаидов республика банки бошқарувчиси бўлиб ишлай бошлайди.

Абдулҳамид Амирсаидов Тошкентда Мунаввар Қори ташкил этган «Намуна» мактабини битирган, Украинага сургун қилинмасдан аввал Тошкентдаги мактаблардан бирида бир неча йил муаллим бўлиб ишлаган малакали педагог эди.

1930 йилдаги қулоқлаштиришда Абдулҳамидни қулоқлар рўйхатига киритишади. Акаси уни ҳимоя қилади. Ўртада жанжалли вазият юзага келиб, кавла-кавла бошланади, ака-укаларнинг иккиси ҳам қулоқ қилинади.

Абдулҳамид Амирсаидов Скадовск туманининг 1-пахтачилик совхози IV бўлимидаги 6-тўлиқсиз ўрта мактабнинг ташкилотчиси бўлди.

Мактабда ўқув ишлари йўлга қўйилиб, болалар юқори синфларга ўтгач, уларга чет тиллардан дарс берадиган муаллим зарур бўлади. Бу пайтда эса муаллимлар етишмас эди. Шунда совхозда бухгалтер бўлиб ишлаётган Амириллахон акали мактабга ишга таклиф қилишади. У немис тилини яхши биларди. Бундан ташқари, бу одамда туғма педагоглик қобилияти ҳам бор эди.

Амириллахон ака мактабга келганидан кейин ўқув-тарбия ишлари янада жонланиб кетади. У болаларга чет тили ва математикадан дарс бера бошлайди.

Раҳимжон Ёқубжонов бизга Скадовскдаги 6-мактабнинг 7-синфини 1937 йилда битирган ёшларнинг виньеткасини кўрсатиб, улар ҳақида гапириб берди. Ака-ука Амирсаидовларга шогирд бўлган бу ёшларнинг деярли Ҳаммаси олий маълумотли бўлиб, ҳаётдан ўз ўринларини топишган экан.

Раҳимжон аканинг айтишича, анниқса, Амириллахон ака катта билим ва заковат соҳиби бўлган инсон эди. Пушкин ва Лермонтовнинг бутун-бутун поэмаларнни ёд айтиб берарди. Афсуски, бу ажойиб инсонларнинг кейинги ҳаёти ҳам ачинарли бўлди.

 

* * *

«Труд» газетасининг 1992 йил 4 июнь сонида «Топшириқ бўйича отув ёки большевиклар бу ишни қандай амалга оширишган?» сарлавҳали катта мақола берилган. Асосан архив ҳужжатларидан иборат бўлган бу мақолада собиқ иттифоқда 1937-38 йиллардаги сталинча қатағон қандай бошланганлиги баён этилган. Унда партия архивидаги пўлат сандиқда узоқ йиллар сақланган, мутлақо махфий саналган қуйидаги ҳужжат билан танишиш мумкин:

Бутунитифоқ Коммунистик (большевиклар) партияси Марказий Қўмитаси № 11 51 94 1937 йил 3 июль.

Ўртоқ ЕЖОВга, вилоятқўм, ўлкақўм, Миллий Компартиялар Марказий Комитетлари котибларига

Марказий Қўмита Сиёсий бюроси мажлисининг 1937 йил 2 июлдаги 61-баённомасидан кўчирма

ҚАРОР

  1. Советларга қарши унсурлар тўғрисида.

Вилоят, ўлка қўмиталари, миллий Компартиялар Марказий Қўмиталари котибларига қуйидаги телеграмма юборилсин:

«Шу нарса аниқландики, ўз вақтида турли вилоятлардан шимолий ва Сибирь туманларига сургун қилинган, кейин сургун вақти тугагач, ўз вилоятларига қайтган собиқ қулоқлар ва жиноятчиларнинг катта қисми колхоз ва совхозларда, транспортда ва саноатнинг айрим соҳаларида советларга қарши турли хил ҳаракатлар ва қўпорувчилик ишларининг ташаббускори бўлмоқдалар.

ВКП(б) Марказий Қўмитаси барча вилоят ва ўлка ташкилотлари котибларига, НКВДнинг вилоят, ўлка ва республика вакилларига ватанига қайтган барча қулоқларни ва жиноятчиларни рўйхатга олишни, уларнинг энг душманлик кайфиятида бўлганларини дарҳол ҳибсга олиб, ишини маъмурий тартибда учлик (тройка)да кўриб чиқиб, отиб ташлашни тавсия этади, қолган кам фаолроқ, лекин душман унсурлар қайта рўйхатдан ўтказилиб, НКВД кўрсатган туманларга сургун қилинсинлар.

ВКП(б) МК беш кунлик муддатда Марказий Қўмитага учликлар таркибини, шунингдек, отилиши ҳамда сургун қилиниши лозим бўлган кишилар рўйхатини тақдим этишни таклиф қилади.

МК котиби СТАЛИН».

Шундан кейин барча вилоятлар ва ўлкаларда вилоят ва ўлка партия қўмитаси биринчи котиби, прокурор ва НКВД бўлими бошлиғидан иборат учликлар тузилди. СССР ички ишлар вазири Ежов махфий равишда ҳар бир республика, йирик шаҳарлар ва вилоятларда одамларни ҳибсга олиб, отиш ва сургун қилиш бўйича режа (разнарядка) белгилади. Масалан, шу режага биноан, Ўзбекистондан 4750 нафар, Москва вилоятидан 35000 нафар, Одессадан 4500 нафар, Грузиядан 5000 нафар киши отилиши ва сургун қилиниши керак эди. Шундай қилиб, яна қама-қама бошланди.

1937 йилнинг августи рўза ойи эди. Херсон вилоятининг Ястреба хуторида яшаётган ўзбеклар ҳам рўза тутиб, шомдан сўнг хутордаги уйлардан бирида таровеҳ намозини ўқишаётган эди. Шунда бу уйни НКВД ходимлари ўрашди. Намоз ўқиётганларнинг ҳаммасини тинтув қилишиб, қўлларини орқаларига боғлашиб, ҳибсга олишди. Булар орасида Амириллахон ва Абдулҳамид Амирсаидовар ҳам бор эди. Уларга: «Сизлар тўпланиб, денгиз орқали Туркияга қочиб ўтиб кетиш режасини тузяпсизлар», — деб айб қўйишди. Ҳибсга олинганларнинг бир қисми отилди, ака-ука Амирсаидовларга эса 10 йилдан қамоқ жазоси берилди.

Ўша кунларда Херсон вилоятидаги ўртаосиёликлар яшаётган бошқа туманлар ва хуторларда ҳам одамлар ҳибсга олинди.

Ака-ука Амирсаидовлар қамоқ жазосини «қўнғироқдан-қўнғироққача» ўтаб, Ўзбекистонга қайтишди. Амириллахон ака анча йиллар собиқ Қорасув туманидаги Жданов номидаги жамоа хўжалигида бухгалтер ёрдамчиси бўлиб ишлади. Абдулҳамид ака эса Янгийўлдаги мактаблардан бирида муаллимлик қилди. Амириллахон ака 1974 йилда, Абдулҳамид ака 1992 йилда оламдан ўтишди.

Раҳимжон ака Ёқубжон бундай дейдилар:

— 1992 йил апрель ойида бир кишидан тасодифан Абдулҳамид ака қазо қилганлигини эшитиб қолдим. Қилаётган ишимни йиғиштириб, Янгийўлга — устозим уйига бордим. Дафн маросимида қатнашиб, марҳумни ўз қўлим билан лаҳадга қўйдим.

Амириллахон ака билан Абдулҳамид ака мен учун ота-онамдай азиз инсонлар эдилар.

 

Самарқанд Давлат университетининг биринчи ректори Карим Абдуллаевнинг «иши»

Аксилинқилобий ташкилот аъзоси сифатида 1937 йил 5 августда ҳибсга олиниб, қатл этилган ажойиб инсонлардан бири Карим Абдуллаев эди. Бу кишининг ҳозир Тошкентдаги «Адолат» нашриётида муҳаррир бўлиб ишлайдиган жияни Обод Абдуллаева Ўзбекистон Республикаси Прокуратурасига ёзган аризасига 1994 йил 13 октябрда қуйидаги жавобни олган эди.

«Амакингиз Абдуллаев Карим тақдири хусусида ёзган аризангиз бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

Абдуллаев Карим, 1905 йилда Туркистон шаҳрида туғилган, ўзбек, ҳибсга олингунга қадар Ўзбекистон ССР соғлиқни сақлаш халқ комиссари, 1937 йил 5 августда Ўзбекиетон ССР ички ишлар халқ комиссарлигининг Давлат Хавфсизлиги бошқармаси томонидан ҳибсга олинган. Ўзбекистон ССР Жиноят Қодексининг 58, 63, 64 ва 67-моддаларига биноан 1932 йилдан бошлаб Советларга қарши, буржуа-миллатчи, исёнчи, аксилинқилобий ташкилотнинг фаол аъзоларидан бўлган.

СССР Олий суди Ҳарбий ҳайъати сайёр сессиясининг 1938 йил 1 октябрдаги ҳукми билан Қарим Абдуллаев энг олий жазо — отиб ўлдиришга ҳукм қилинган, ҳукм ижро этилган.

СССР Бош прокурори 1957 йил июль ойида СССР Олий судига юборган хулосасига биноан, қўшимча текширувда аниқланишича, К. Абдуллаев ҳеч қандай жиноят қилмаган ва асоссиз жазога маҳкум этилган.

СССР Олий суди Ҳарбий ҳайъати жиноий иш материаллари билан танишиб, СССР Бош прокурори хулосаларига қўшилиб, ўзининг 1957 йил 1 августдаги ажрими билан СССР Олий суди Ҳарбий ҳайъати 1938 йил 1 августда Карим Абдуллаевга нисбатан чиқарган ҳукмни бекор қилди ва унинг фаолиятида жиноий ҳаракат йўқлиги сабабли ишини тўхтатди.

Ўзбекистон ССР КГБси 1957 йил 28 октябрда Карим Абдуллаевнинг қизи — Маҳбуба Абдуллаевага отаси оқланганлиги тўғрисида маълумотнома берган.

Халқ хавфсизлиги хизматларида қонунчиликка риоя этилишини назорат килиш бўлими бошлиғи, катта адлия маслаҳатчиси. Т. В. Дерень».

 

Обод Абдуллаева ҳикояси:

— Амаким Карим Абдуллаев Чимкент вилоятининг Туркистон туманидаги Қарноқ қишлоғида бой оилада туғилган. У дастлаб қишлоғида ташкил этилган биринчи босқич шўро мактабида ўқиди. 1922 йилда бу мактабни тамомлагач, бир нечта тенгқур, ҳамқишлоқлари билан Тошкентга келиб, Маориф институтига кириб ўқий бошлади. 1926 йилда институт-ни тамомлагач, Бухоро қишлоқ хўжалик техникумига директор этиб, кейин Бухоро округ маориф мудири (1927 йил) этиб тайинланди. Карим Абдуллаев округ маориф ишини бошқариш билан бирга, Бухоро Инпросида ижтимоиёт фанидан дарс берди. Инпросда ўша йиллари атоқли олимимиз, Ўзбекистон Фанлар академиясининг вице-президенти Иброҳим Мўминов, СССР халқ артистлари Олим Хўжаев, Раззоқ Ҳамроев ўқиган.

Карим Абдуллаев 1929-30 йилларда Қўқон округ маориф мудирлигига тайинланди ва Марғилон шаҳар партия комитетининг котиби бўлиб ишлади.

Ўша пайтларда республикамизда саводсизликни, маданий қашшоқликни тугатиш, халқ хўжалигига малакали кадрлар етказиб бериш мақсадида кўплаб ўрта ва олий ўқув юртлари ташкил этила бошланди. Шулардан бири 1927 йилда Самарқандда ташкил этилган Олий педагогика институтидир. Бу институт 1930 йилда Ўзбекистон Педагогика академиясига айлантирилди.

1931 йилда Карим Абдуллаев раҳбарлик соҳасида тажриба тўплаган ва маориф соҳасинн яхши биладиган ходим сифатида шу академияга директор этиб тайинланади.

Бу олий ўқув юртини қисқа вақтда керакли жиҳозлар ва ўқув қўлланмалари, кадрлар билан таъминлагач, Карим Абдуллаев ҳукумат олдига академияни университетга айлантириш таклифини қўяди. Бу таклиф қўллаб-қувватланди ва тез вақт ичида ҳукуматнинг бу ҳақдаги қарори эълон қилинди.

Карим Абдуллаев Самарқанд Давлат университетининг биринчи ректори бўлди. Университетни малакали кадрлар билан мустаҳкамлаш, ўқув анжомлари билан таъминлаш, янги бинолар қуриш йўлида тиним билмай ишлади. Буни қуйидаги рақамлардан ҳам билиш мумкин. 1927 йилда Самарқанд педагогика институти (кейинчалик Давлат университети)да 56 талаба ўқиган ва уларга 10 илмий ходим таълим берган бўлса, 1933 йилга келиб талабалар миқдори 922 нафарга етди ва уларга 173 илмий ходим, шу жумладан, 30 профессор ва 40 доцент таълим берди.

Даҳшатли 1937 йилда Карим Абдуллаев Ўзбекистон ССР соғлиқни сақлаш халқ комиссари бўлиб ишлаётган бўлиб, айни чоғда Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг аъзоси эди. Ўша пайтдаги Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг аксарият аъзолари қатори Карим Абдуллаевни ҳам 1937 йил 5 августда ҳибсга олншади. СССР Олий суди Ҳарбий ҳайъатининг 1938 йил 1 октябридаги ҳукмида Карим Абдуллаев 1932 йилдан «Советларга қарши, буржуа-миллатчи, исёнкор, аксилинқилобий ташкилотнинг фаол аъзоси бўлган», деб айбланган. Амалда бу қабилдаги ҳеч қандай ташкилот бўлмаган. Шўро ҳукуматининг маъмурий идоралари ўша пайтда халқимизнинг озодлиги ва мустақиллиги учун фаол курашчи, таниқли давлат ва жамоат арбоби Файзулла Хўжаев атрофига уюшган, у билан фикрдош бўлган, ота-бобоси бой-бадавлат ўтган кишиларга шундай айб қўйган.

Аслида эса амаким Карим Абдуллаев қонхўр коммунистик тузумнинг асил халқ фарзандларига нисбатан «авбатдаги ҳамласи қурбони бўлган дейилса, тўғри бўлади.

 

Отам Имомназар Эгамназар ўғли хотираларидан:

— 1937 йилнинг кузида бизнинг қишлоқдан қулоқ сифатида Украинага сургун қилинган Аҳмаджон оқсоқолнинг укалари Неъматжон ва Ҳошимжонни, Содиқбойваччанинг ўғли Долимни, Юнус кўнчининг ўғли Маҳмудни ва мени ҳибсга олишди.

Ҳаммамизни тунда НКВД ходимлари уйимиздан ушлаб олиб чиқиб кетиб, қишлоқ гузарига тўплашди, сўнгра қамоқхонага ҳайдаб кетишди. Йўлда икки милиционер отда, биз пиёда бораётгандик. Қорасувга етмасдан баланд темир йўл кўпригидан ўтиб бораётганимизда мен ўзимни кўприкдан ташлаб қочдим. Милиционерлар ортимдан ўқ узишди, лекин тегмади. Қочиб қутулишга улгурдим. Шундан кейин яшириниб юрдим. Ора-сира тунда қишлоққа келиб, болаларни кўриб кетардим. Аммо кимдир бу ишимни сезган, шекилли, етти ойдан кейин қўлга тушдим.

Менга бобоси бой бўлган деган айбнома қўйишди. Қишлоғимиздаги М. деган киши гувоҳ бўлди. М.: «Бу одам яккахўжалик даврида мени ерида ёллаб ишлатиб, эзган, сўккан», — деб даъво ҳам қилди.

Дастлаб каминани ёш бир ўзбек йигит тергов қилди. У менга нисбатан жуда қўпол муомалада бўлгани устига, баённомага ғирт туҳмат гапларни ёзди. «Шуни тасдиқлайман» деб имзо чекишга мажбур этганида айёрлик қилдим. Тергов протоколи остига араб имлосида: «Бу ерда ёзилган гапларнинг ҳаммаси ёлғон», деб ёзиб, имзо чекдим. Терговчи араб ёзувини билмас экан. Ишини битган ҳисоблаб, мени камерага жўнатишга рухсат берди.

Камерада қамалмасидан олдин прокурор бўлиб ишлаган, анча ақлли киши билан ёнма-ён ётардим. Шу одамга бўлган воқеани айтдим. У киши: «Мени бошқа терговчи тергов қилсин, деб талаб қилинг», — деди. Кейин сўради:

— Жамоалаштириш даврида қишлоқ Советининг ишида қатнашганмисиз?

— Қатнашганман.

— Қишлоғингиздан қулоқ қилинганлар орасида сизга гувоҳ бўлаётган кишининг бирон-бир қариндоши борми?

— Бор. Тоғаси Фозил Қори қулоқ қилинган, ҳозир у Украинада.

— Яхши! Мана шу ҳодиса сизни қутқариши мумкин… Яна бир савол: Бобонгизнинг бой бўлгани ростми?

— Рост. Лекин мен у кишини билмайман. Отам бобом вафот этганидан кейин камбағаллашиб қолган. Фақат биз, фарзандлари вояга етгач, қаттиқ меҳнат билан ўртаҳол хўжаликка айланганмиз.

— Янги терговчи сўроқ қилганида бу ҳақда батафсил гапиринг. Кейин айтингки, М. диндор, бидъатга берилган, синфий душманнинг жияни бўлади. Мен бу одамнинг тоғаси Фозил Қорини қулоқ қилдирганман, ҳозир у Украинада. Шунинг учун бу мендан ўч оляпти.

Талабимга биноан мени бошқа бир ўрис терговчи тергов қилди. У сўроқ қилганида прокурор ўргатган гапларни айтдим. Шунда М.нинг ранги оқариб, тиззалари қалтираб, дудуқланиб қолди.

Терговчи деди:

— Яккахўжалик даврида М.ни эзиб ишлатган, сўккан экансиз-ку?!

— Ишлатганим рост, лекин текинга эмас, ҳақ тўлаб ишлатганман. Далада иш кўпайганида фақат мен эмас, кўпчилик деҳқонлар одам ёллаб ишлатишган. Бу одамни сўкканимдан ҳам тонмайман. Ҳозир ҳам қўл остимда ишлайди, ҳозир ҳам сўкаман. Сабаби, дангаса, қаттиқроқ турмасангиз, тутнинг соясида ётиб ухлайди…

Беш ой ҳибсда ётганимдан сўнг суд мени оқлади.

 

* * *

Отам шу воқеани қайта-қайта ҳикоя қилар эканлар, «бахтли тасодиф» туфайли ўзларининг омон қолганларини таъкидлардилар. Лекин, менимча, бу ҳодисанинг бошқа сабаби бор.

1937 йил август ойида бутун мамлакатда яна қатағон бошланди. Минг-минглаб кишилар ҳибсга олиниб, отиб ташланди ёки 8-10 йил қамоқ жазоси берилиб, Сибирдаги қамоқ лагерларига сургун қилинди. Шунда Сталин тарих олдида айбдор бўлиб қолмаслик, ўзини оқлаш мақсадида Ежовни ҳибсга олдириб, оттириб юборди. Грузияда одамларни қамаш режасини ортиғи билан бажарган Берияни СССР ички ишлар вазири этиб тайинлади. Берия эса мамлакат жамоатчилигига ўзини кўрсатиш, обрў орттириш мақсадида, дастлабки даврда Ежов фаолиятига танқидий қарайди. «Бу аҳволда бутун мамлакат аҳолисини қамаб юборамиз-ку?!» деб ҳибсга олинган, лекин суд қилинмаган кишиларнинг ишини қайтадан кўриш тўғрисида кўрсатма беради. Шундан кейин анчагина қишилар қамоқдан озод этиладилар.

Отамнинг оқланишига мана шу қисқа муддатли «юмшаш даври» сабаб бўлган бўлса керак.

Тарихда машҳур иборалар бўлади. Жумладан, юртимизнинг совет даври тарихида «оқ гвардиячи», «босмачи», «стахановчи», «халқ душмани», «ўзбек иши», «пахта иши» кабиларни ана шундай иборалар сирасига киритиш мумкин.

1937 йилда «халқ душмани» ибораси қаердан пайдо бўлган? Бундан атиги етти йил бурун «синфий душман» бўлган кишилар қандай қилиб «халқ душмани»га айланиб қолдилар. Нега уларни эски номлари билан аташмаган?

Америкалик советшунос Шейли Фицпатрикнинг ёзишича, 1936 йилда қабул қилинган Констнтуцияда синфий душман устидан («Вопросы истории» журнали, 1989 йил, № 3) ғалаба қозонилганлиги ҳақида сўз юритилиб, эндиликда совет жамияти иккита ўзаро дўст синфдан — ишчилар синфи ва колхозчи деҳқонлар синфидан иборат, улар зиёлилар табақаси билан мустаҳкам иттифоқдадирлар, деб таъкидланган эди. 30-йилларнинг ўртасига келиб, одамларни ошкора синфий камситиш тўхтаганди. И. Сталин «Комсомольская правда» газетаси мухбири билан суҳбатида (1935 йил, 2 декабрь) ота-онаси қулоқ бўлган комбайнчи-стахановчини қўллаб-қувватлаб: «Ўғил ота учун жавоб бермайди», — деган эди. Бундай шароитда 1937 йилда одамларни «синфий душман» деб қамаш бирон-бир мантиққа мос келмасди.

 

Кўпга чўзилмаган қувонч

Украинага «маъмурий йўл билан кўчирилган» деҳқон оилалари собиқ СССР Халқ Комиссарлари Советининг 1941 йил 21 майдаги қарори ҳамда СССР Прокуратураси ва НКВДсининг 1941 йил 5 июндаги № 00732 пр. 47 с.п. «Г» буйруғи билан сургун қилинган ерларидан озод этилганлар.

Бу буйруқ эълон қилинганидан кейин кўп ўтмай, уруш бошланиб кетди. Херсон вилояти раҳбарлари Ўрта Осиёдан бадарға қилинганларни тўплаб: «Энди ҳаммангиз юртингизга қайтиб кетасиз», — дейишди. Бу хабар барчани қувонтирди.

Июнь ойининг охирида бадарға қилинганларнинг рўзғор буюмларини юзлаб араваларга ортиб, Қрим ярим оролининг шимолидаги Армянская темир йўл бекатига олиб келишди. Одамлар икки кеча шу жойда тунашди. Учинчи куни ҳарбийлар келиб, барча эркакларни бир сафга тизиб, янги буйруқни ўқиб беришди. Шунга биноан, ҳарбий хизматга яроқли эркаклар фронтга, кексалар фронт ортидаги ишчи батальонларига сафарбар этилиши, аёллар, болалар яшаган хуторларига қайтарилиши керак эди. Шундай қилиб, қаҳатчилик ва қатағон туфайли азият чеккан оилаларни яна пароканда қилиб, тарқатиб юборишди.

Кўп ўтмай, Украинани немис-фашистлар эгаллашди. Эндиликда одамларга НКВД ходимлари ўрнига немис полицайлари хўжайинлик қила бошлашди. Уларни эрта тонгдан кечгача далада ишлатиб, немис армиясининг эҳтиёжи учун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришга мажбур қилишди, озгина бўлса-да ўзини меҳнатдан олиб қочган, дангасалик қилган кишиларни шафқатсиз жазолашди.

 

Новая Маячкадаги болалар уйи

1939 йилнинг ёзида Жонти Исмоилов Тошкентдаги бир йиллик ўқитувчилар тайёрлаш курсини битириш арафасида эди. Шунда билим юртига Украинадан Иброҳимжон Каримов деган одам келди. Бу одам ўзбекистонлик деҳқонлар бадарға қилинган Херсон вилоятининг Каховка, Скадовск, Голая Пристань туманлари бўйича маориф инспектори ҳамда Каховка туманининг Сергеевка қишлоғидаги ўрта мактаб директори экан. У билим юртининг битирувчи ёшларига мурожаат қилиб, деди:

— Мен Тошкентга Украинадаги ўзбек мактабларш учун ўқитувчилар олиб кетгани келдим. Ким Украинага бориб ишлашни истаса, марҳамат, ёзилсин.

Жами 15 нафар битирувчи рўйхатга ёзилди. Шулар қаторида Жонти Исмоилов ҳам бор эди.

1939 йилнинг август ойида ўзбекистонлик ўн беш нафар йигит Украинага йўл олишди. Жонти Исмоилов ва унинг курсдош дўсти Худойберган Иброҳимовни Каховка туманининг Новая Маячка қишлоғидаги болалар уйи қошидаги 8-миллий тўлиқсиз ўрта мактабга ўқитувчи қилиб тайинлашди. Жонти Исмоилов 5-7-синф ўқувчиларига математикадан дарс бера бошлади, айни пайтда, 4-синфга раҳбарлик қилди. Худойберган Иброҳимов эса жуғрофиядан дарс бера бошлади.

Болалар уйининг директори Иван Акимович Паустной, мактаб директори эса бошқирд Карим Дачкин эди. У болаларга ўзбек тили ва адабиётидан дарс берарди. Бундан ташқари, мактабда математикадан дарс берадиган Шукуржон Ёқубов деган муаллим ҳам бор эди.

Мактабда болалар уйида тарбияланадиган, ота-онаси 1933 йилдаги қаҳатчиликда вафот этган, 1937-38 йиллардаги қатағонда йўқ қилинган ёки бошқа бир сабаб билан вафот этган ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман болалар (жами 250 нафар) ўқишарди.

Жонти ака раҳбар бўлган 4-синф ўқувчилари ўзлаштиришининг пастлиги, интизомсизликлари билан танилган экан. Улар ҳар куни икки соат ўқигач, ўзларини деразадан ташлаб қочишарди. Синфда Собир, Қорабой деган икки бола бор эди. Шулар синфнинг «серкаси» экан, улар нима деса, болалар шуни қилишаркан. Жонти ака шу икки бола билан тил топишишга ҳаракат қилди. Синфни иккига бўлиб, Собир билан Қорабойни бошлиқ қилиб қўйди. Шундан кейин синфда тартиб-интизом изга тушиб, болаларнинг ўқиши яхшилана бошланди. Синф бир йилда мактабдаги илғор синфлардан бирига айланди. Мактаб дирекцияси Жонти акани соат билан мукофотлади.

1941 йил июнь ойида болалар ёзги таътилга чиқишди. Жонти Исмоилов Туркистон шаҳри яқинидаги Сувлиқ қишлоғида яшайдиган ота-онасини кўриб келмоқчи бўлди. Шунда болалар уйи директори И. А. Паустной унга шундай деди:

— Жонти, сен бу йил уйингга бормагин, ёзги лагерда ишлагин. Насиб қилса, янаги йилда бирга борамиз. Ўзбекистон ҳақида кўп яхши гапларни эшитганман, бир кўргим бор.

Жонти ака бу таклифга рози бўлди. 1941 йил июнь ойида Новая Маячкадаги болалар уйининг тарбияланувчилари Днепрнинг сўл соҳилидаги Ключевой посёлкасидаги ёзги пионер лагерида эдилар. Уруш бошланишидан уч-тўрт кун аввал бу ерда қаттиқ дўл ёғиб, узум шўралари ва мевали дарахтларнинг довуччаларини битта ҳам қўймай, ер билан яксон қилиб кетди. Шунда украин аёллари: «Бу яхшилик аломати эмас, уруш бошланиб кетмаса гўрга эди. 1914 йилдаги уруш арафасида ҳам шундай ҳодиса юз берган эди», дейишди.

Айтганларидай, 22 июнь тонг саҳарида уруш бошланди. Ҳадемай, болалар дам олаётган жойдан осмонни тўлдириб душман самолётлари учиб ўтиб, яқин атрофдаги шаҳарлар, посёлкаларни бомбардимон қила бошлади. Баъзан улар шу қадар кўп учардики, бир-бирларига яқин учганларидан осмон кўринмай қоларди. Қундузи далада пиёда юриш қийин бўлиб қолди — «Мессершмидт»лар пастлаб учиб, одамларни ўққа тута бошлади.

Болалар ёзги лагердан Новая Маячкадаги болалар уйига кўчирилди. И. А. Паустной ҳарбий хизматга сафарбар этилди. Унинг ўрнига Марчук деган яҳудий аёл директор бўлиб келди. Эркаклар кундузи ўз ишлари билан банд бўлишар, оқшом эса ҳарбий машқ қилишарди.

Август ойида болалар уйига қишлоқ Советидан вакил келиб: «Эртага қишлоқ Советига боринглар, ҳамма мудофаа ҳандақлари қазишга сафарбар этилади», — деди. Эртаси айтилган вақтда қишлоқ Советига боришди. У ерда буларга: «Сизлар орқага қайтинглар, болалар уйини фронт ортига кўчирасизлар», — дейишди. Шундан кейин тарбиячилар болалар уйига қайтиб, йўлга ҳозирлик кўра бошлашди. Қариндошлари бор бўлган болалардан 50 нафарини уйларига жўнатишди. Ҳадемай аравалар ҳам етиб келди. Юкларни, 180 болани араваларга чиқариб, Новая Оскания томон кетишди. Карвон олдидаги тачанкада директор йўл бошлаб борди, фақат тунда юришга рухсат берилганди. Кундузи пана жойларда тўхтаб, дам олишарди.

Бир кеча-кундузда Новая Оскания яқинидаги қўриқхонага етиб келишди. Болалар шу ерда поездга ўтиришлари керак эди. Марчук тачанкада темир йўл бекати томон кетиб, орадан уч-тўрт соат ўтгач, хомуш бўлиб қайтиб келди. Темир йўл бекати бошлиғи: «Мен болаларнинг бу ердан поездга ўтиришларига рухсат беролмайман, сабаби, душман самолётлари бекатни тинмай бомбардимон қилиб турибди. Сизлар Мелитополга боринглар», — дебди. Мелитополга бориш учун эса яна юз ки лометрдан ортиқ йўл юриш керак эди.

Марчук йўлга тушишга буйруқ берди. Шунда аравакашлар бошлиғи деди:

— Биз Мелитополга бормаймиз, орқага қайтамиз.

— Нима учун?

— Бизларга сизларни Новая Оскания темир йўл бекатига етказиб қўйиш буюрилган. Биз бу топшириқни бажардик.

— Сизларга болаларни поездга чиқариб қўйиш топшириғи берилган. Болалар эса ҳали поездга ўтирганларича йўқ.

— Биз Мелитополга бормаймиз. У ерга борсак, орқага қайтишимиз қийин бўлади.

— Ҳозир Новая Маячкани душман эгаллади, у ерга бориб нима қиласизлар? Нима, фашистларга қул бўлмоқчимисизлар?

— Қул бўлсак ҳам майли, оиламизни ташлаб, ўзга юртларга кетишни истамаймиз.

— Ундай бўлса, майли, от-араваларни ташлаб, пиёда қайтаверинглар..

— Йўқ, биз от-аравалар билан қайтамиз.

— Бийдай чўлда биз 180 нафар болани, юкларни нима қиламиз?

— Билмадик.

Шу пайт болаларнинг бахтига орқадан Қизил Армиянинг чекинаётган аръергард қисмлари етиб келишди. Жанжалга ҳарбийлар аралашиб, тарбиячиларни ёқлашди. Шундан кейин украин аравакашларининг шашти пасайиб, от-араваларни қолдиришга рози бўлишди. Фақат уларга тачанкани, болалар уйига қарашли сигирлардан икки-учтасини, чўчқалардан тўрт-бештасини беришди.

Ўша йили Украинада ғалладан мўл ҳосил етиштирилган эди. Мамлакат ичкарисига чекинаётганларга эса бир қутидан гугурт беришиб: «Қаерда ҳосили етилган ғаллазорни кўрсанглар, ўт қўйиб кетинглар, бир грамм ҳам дон душман қўлига тушмасин», — деб буйруқ берилган эди. Болалар уйи тарбиячилари бу буйруққа амал қилиб, йўлда учраган ғаллазорга ўт қўйиб боришди.

Бир кундан кейин Мелитополга етиб олишди. Бу ердаги темир йўл вокзали мамлакат ичкарисига кўчирилаётганларга тўлиб-тошиб кетган эди.

Шу ерда Жонти Исмоилов Иброҳимжон Каримовни учратиб қолади. Унинг ёнида оиласи ва яна бир оила бор эди. Каримов поездга чиқишга қийналаётганини айтди. Жонти ака унга ёрдам бермоқчи бўлиб: «Поездга биз билан чиқарсиз», — деди. Аммо Марчукдан рухсат сўраганда, у рози бўлмади. Шундан кейин Жонти ака Каримовга деди:

— Энди менинг сизга ёрдамим шундай бўлади: Сизга битта арава, иккита яхши от бераман, шу от-арава билан йўлга тушасиз. Хавфсизроқ жойга етиб олгач, от-аравани сотиб, пулини йўлкира қилиб кетасиз.

Бу таклиф Каримовга маъқул бўлди. Жонти ака уни йўлга кузатиб қўйди. Кейин маълум бўлишича, у Тошкентга оила аъзолари билан эсон-омон етиб келибди.

Бир ҳафтадан сўнг Мелитополь темир йўл бекатида болалар уйи учун 6 та вагон ажратишди. Шу вагонларга ўтириб, йўлга тушишди. Поезд Житомир томон юрди. Оқшом Новая Сергеевка темир йўл бекатига етиб келишди. Шу пайт осмонда душман самолётлари пайдо бўлиб, темир йўл бекатига бомбалар ёғдира бошлади. Бир бомба болалар тушган поезд билан ёнма-ён турган юк поезди вагони устига келиб тушди. Бу вагонга ўқ-дори ортилган экан, кучли портлаш рўй бериб, олов терак баравар баландликка кўтарилди.

Тарбиячилар болаларни олиб, яқин жойдаги ўрмонга қочишди.

Болалар ўрмонга киргач, орқадан бир темирйўлчи келиб: «Шу ерда эрталабгача қимирламай ётинглар», — деди.

Бир маҳал ёмғир савалай бошлади. Ўрмон яқинида ўрилиб, боғ-боғ қилиб қўйилган буғдой поялари бор экан. Шулардан олиб келиб, капалар қуришди. Болалар тонг отгунча шу капалар ичида айқаш-уйқаш бўлиб ётишди.

Эрталаб темир йўл бекатига қайтиш ҳақида буйруқ бўлди. Келиб кўришса, вагонлар ўқлардан илма-тешик бўлиб кетибди. Яна йўлга тушишди. Икки кундан сўнг Ростов-Донга, яна бир кун йўл юргач, Сталинградга етиб келишди. Бироқ бу шаҳарда болаларга жой топиб беришолмади. Кейин Астраханга боришди. Бу ерда Волга дарёси Каспий денгизига қуйиладиган, икки томони сув бўлган Икраяно деган хушманзара жойда 14-болалар уйини ташкил этишди.

Кўп ўтмай, Худойберган Иброҳимов фронтга кетди. Жонти Исмоиловни бир қўли ногирон бўлгани учун фронтга олишмади. У Ўрта Осиёнинг турли шаҳар ва қишлоқларига хат ёзиб, етим болаларнинг қариндош-уруғларини қидира бошлади. Шу тарзда бир йилда йигирма саккиз боланинг қариндошларини топди. Эндиликда бу болаларни ўз қариндошларига олиб бориб топшириш керак эди. Жонти акага йўл ҳозирлигини кўришга рухсат беришди. 28 бола учун 20 килограмм ун, 10 килограмм гуруч, 20 килограмм қанд, 2 минг сўм пул беришди.

Болалар уйида Николенко деган, немис тилидан дарс берадиган аёл бор эди. У ҳар бир бола ҳисобига биттадан ароқ олишни маслаҳат берди.

— Ароқнинг нима кераги бор?— деди Жонти ака ҳайрон бўлиб.

— Оғир шароитда олис йўлга отланаяпсиз, асқатиши мумкин.

Жонти ака Николенконинг айтганини қилди. Улар Астрахандан Самарагача кемада бориб, у ёғига Тошкентга борадиган поездга ўтиришлари керак эди. Кемага ўтириш учун дарё портига келишганда, радиокарнай орқали эълон эшиттирилди:

— Куйбишевга (Самара) дарё орқали бориш хавфли бўлганлиги учун бу рейс қолдирилди. Шу боис, Куйбишевга борадиганлар патталарини Бокуга борадиган кемага алмаштиришсин.

Йўловчилар патталарини Бокуга борадиган кемага алмаштиришди. Орадан икки соатча ўтгач, «Туркманистон» ҳарбий кемаси йўлга тушди. Икки кунда Бокуга етиб келишди. Бу ердан Красноводскка ўтиш керак эди. Лекин паромга патта олиш қийин бўлди. Шунда Жонти акага ароқ иш берди.

Кечқурун паромга ўтириб, эрталаб Красноводскка етиб келишди, Красноводск худо қарғаган жой экан, бу ерда на бир салқин жой, на бир сув топиб бўларди. Темир йўл бекати эса фронтдан майиб-мажруҳ бўлиб қайтган, туғилиб-ўсган шаҳарлари, қишлоқларини ташлаб, жон сақлаш учун Ўрта Осиёга йўл олган кишиларга тўла эди. Меҳмонхона у ёқда турсин, дастлабки куни ҳатто перрондан ҳам жой топиб бўлмади, фақат эртаси куни перрондан жой топилди. Тошкентга ҳафтада бир марта поезд бўлар экан, патта йўқ эди.

Жонти ака темир йўл бошлиғи қабулига борди, лекин унинг эшиги берк эди. Унинг хонасида қай пайт бўлиши тўғрисида ҳеч ким аниқ бир гап айтмади. Фақат бир йўловчи бекат бошлиғи ресторанда, қайси столда ўтирганлигини, афти-ангори қандай одамлигини айтди. Жонти ака ресторанга кириб, ўша одамга яқинлашди-да:

— Ассалому алайкум! — деди.

— Ваалайкум ассалом!

— Сиз темир йўл бекати бошлиғи Омондурдиев бўласизми?

— Йўқ.

Жонти аканинг ҳафсаласи пир бўлиб орқасига қайтди. Шунда бир одам бекат бошлиғи ўз хонасига орқа деразадан тушиб ишлаётганлигини айтди.

Жонти ака бино ортига ўтиб, бошлиқ деразасини пойлади. Бир маҳал дераза очилиб, ичкаридан ресторандаги одам тушди. Жонти ака ҳеч нарсани билмагандай унга яқинлашди.

— Ассалому алайкум!

— Ваалайкум ассалом!

— Мен ўттиз нафар етим болани Астрахандан Тошкентга олиб кетяпман, патта керак.

— Патта йўқ. Биз биринчи навбатда фронтдан қайтган ярадорларни жўнатишимиз керак.

— Бир иложини қилинг, йўл учун олган озиқ-овқатимиз тугаяпти.

— Ҳеч иложи йўқ.

— Мен қуруқ илтимос қилаётганим йўқ, сизга аталган совғам бор.

— Нима совға экан?

— Тўрт шиша ароқ, бир кило чой бераман.

— Бориб совғангни олиб кел.

Жонти ака Бокудан «керак бўлиб қолар» деб чой олган эди. Шу чойдан бир килограмини, тўрт шиша ароқни картон қоғозга чиройли қилиб ўраб, бошлиқнинг орқа «эшиги»дан узатди. У дарҳол ўттизта паттага қоғоз қилиб берди.

Жонти ака суюниб, кассага борди. Лекин кассир айтган пулни эшитиб, капалаги учиб кетди. Ёнидаги пул паттанинг ярим баҳосига ҳам етмас эди.

Жонти аканинг боши қотиб, яна орқа эшикдан мўралаб, бошлиққа аҳволни тушунтирди.

— Ёрдам қилинг, жон ака, яна ароғим бор, бераман.

— Етимлар орасида туркман болалар ҳам борми?

— Бор.

— Ўшаларни олгин-да, Красноводск вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби Ортиқовнинг олдига боргин, у яхши одам, ёрдам қилади. Фақат болаларга тайинлаб қўй, Ортиқовнинг олдига киришганда йиғлайверишсин. Яна адашиб, иккинчи котиб Макаровнинг олдига кириб юрманглар, у ёрдам қилмайди.

Жонти ака болаларни эргаштириб, обкомга борди. Бир қабулхонада ўн бешга яқин одам ўтирган экан, Ортиқовнинг хонаси шу бўлса керак, деб болалар билан ичкарига тикка кириб кетаверди. Узун стол тўрида семиз, малласочли киши ўтирарди. Жонти ака унга ўзини таништириб, ёрдам беришни илтимос қилди.

— Йўлкирага берилган пулни ичиб тугатиб, энди бизга ялиниб келдингми?! Чиқ хонадан, сендайларга ёрдам йўқ!

Жонти ака ноилож орқага қайтди. Бўлган воқеани Омондурдиевга айтган эди, у:

— Мен Макаровнинг олдига кирмагин демабмидим, ўшанга рўпара бўлибсан-да, — деди. Кейин бир оз ўйланиб туриб, қўшимча қилди: — Мен Ортиқовга қўнғироқ қиламан, эртага қабулига борасан.

Ортиқов Жонти акани яхши кутиб олди. «Эвакуация пункти орқали жўнатилсин», — деб қоғоз ёзиб берди. Шундай қилиб, етим болалар Тошкентга текинга кетадиган бўлишди.

Болаларга яшил, кичкина 208-вагонни беришди. Шу вагонда йўлга тушишди. Темир йўл қатнови жуда тиғиз эди. Биринчи навбатда фронтга юк олиб бораётган поездларга йўл беришарди. Шу боисдан бекат ва разъездларда узоқ вақт туриб қолишарди.

Тошкентга бир ҳафтада етиб келишди. Йўлда овқатлари қолмай, Астрахандан олинган ароқнинг қолган қисмини, Бокудан олинган чойни бекатларда совунга, совунни эса нонга алмаштириб, манзилга бир амаллаб етиб келишди.

Тошкентда Жонти ака болаларни вокзалга қўйиб, ўзи республика Маориф вазирлигига бориб, вазир Муҳаммаджон Йўлдошев билан учрашди. У вазирга Украинадан ота-онаси ўртаосиёлик бўлган етим болаларни олиб келганлигини, эндиликда болаларни уй-уйига етказиб қўйиш учун маблағи ҳам, кучи ҳам қолмаганлигини айтди. Вазир раҳмат дегач, тайинлади: «Болаларни вокзалдаги эвакуация пунктига топширинг-да, майли, кейин уйингизга боринг».

Жонти ака вазир айтганини қилди. 28 нафар боладан фақат биттасини — етти ёшли Сония Қозоқовани ўзи билан Туркистонга олиб кетди. Жонти ака бу қизнинг Туркманистонда яшайдиган акалари билан боғланганида улар: «Сиз Ўзбекистонга келгач, бизга хабар беринг, синглимизни бориб олиб келамиз», дейишган эди. Жонти ака Туркистонга боргач, Сониянинг акаларига бир неча марта хат ва телеграмма юборди, лекин улардан дарак бўлмади. Шундан кейин бу қизни Жонти аканинг акаси Ирисмат Исмоилов ўзига фарзанд қилиб олди. Қизнинг исмини Хумор, фамилиясини Исмоилова қилиб ўзгартирди. Вояга етгач, турмушга берди. Ҳозир Хумор Исмоилова ҳаёт, олти фарзанднинг онаси, Туркистон шаҳрида, Пионерская кўчасидаги 35-уйда яшайди.

Жонти ака урушдан кейинги йилларда Новая Маячкадаги болалар уйида тарбияланган болаларнинг бир қисмини қидириб топиб, учрашди. Улар ҳозир яхши ва ёмон кунларда ўз устозларини йўқлаб туришади. Тошкент шаҳар Юнусобод тумани, Киев кўчасидаги Жонти ака яшайдиган хонадон бу кишилар учун қадрдон масканга айланган. Булар асакалик Саъдулла Мирзоидов, тошкентлик Раҳимжон Долимов, чинозлик Нуъмон Ҳамидов, ригалик Сотқиной Отақулова ва бошқалардир.

 

Қаердасиз «Маячка»ликлар?

Собир Мўминов «Правда Востока» газетасида 1984 йил 1 сентябрда эълон қилинган астраханлик Алишер Шодмонов ёзган мактубни ўқиганидан кейин хотиржам юролмади. Тезлик билан Алишер Шодмоновга хат ёзди, унда 30-йилларнинг бошида Ўзбекистон қишлоқларидан Украинага минглаб деҳқон оилалари фарзандлари билан кўчирилганлигини, 1933 йилдаги очарчилик даврида, 1937-38 йиллардаги қатағонда кўплаб кишилар ҳалок бўлиб, уларнинг болалари етим қолганлигини, ўзининг ҳам болалиги Украинада ўтганлигини маълум қилди. Бироқ бу хатига жавоб олмади. Орадан икки ой ўтгач, яна хат ёзди. Натижаси бўлмади. Алишер Шодмоновнинг тошкентлик бошқа бир неча тақдирдоши ҳам унга хат ёзиб, жавоб олишолмади.

Собир Мўминов Астрахань шаҳар ижроия қўмитасига хат йўллаб, юртдоши Алишер Шодмоновни топишда ёрдам беришларини илтимос қилди. Афсуски, бу хати жавобсиз қолди.

Шундан сўнг Собир акада 30-йилларда Новая Маячка болалар уйида тарбияланганларни излаб топиш истаги пайдо бўлди. Унинг Алишер Шодмоновга ёзган мактуби «Туркистон» («Ёш ленинчи») газетасининг 1990 йил 16 январь сонида «Ўзбекистонни соғиндим» сарлавҳаси остида босилиб чиқди. Бироқ бу мақолага унчалик акс-садо бўлмади, 1991 йил 24 сентябрда «Ўзбекистон овози» газетасида «Қаердасиз тақдирдошлар?» мақоласи эълон қилингач эса республикамиз вилоятларидан 70дан ортиқ мактуб олди. Бу мактуб эгаларининг қарийб ҳаммаси 30-йиллар бошида Украинага ва Шимолий Кавказга ота-оналари билан сургун қилинган болалар бўлиб, уларнинг орасида Новая Маячкадаги болалар уйида тарбияланганлар ҳам анчагина эди. Ана шулардан бири Тошкент шаҳар Сағбон кўчасидаги 11-тор кўчанинг 3-берк кўчасида истиқомат қилувчи Раҳимжон Долимовдир. Унинг ўз қисмати ҳақидаги қуйидаги ҳикояси ҳар қандай юракни эзиб, сўқир кўздан ёш чиқаради:

— Кексаларнинг айтишича, отам ўртаҳол деҳқон бўлганлар. Ерларига пахта экиб, бир қисмини қариндошларга берар эканлар. У кишини ерида одам ёллаб ишлатган, деган айб билан Украинага сургун қилишган.

Мен Украинага ота-онам билан кетганман, опам ва акам Тошкентда қолишган. 1933 йилдаги очарчиликда ота-онам вафот этишди. Шундан кейин мени Каховкадаги болалар уйига топширишган. У ердан Новая Маячкага жўнатишган. Урушгача ўша ерда тарбияландим.

Уруш бошлангач, болалар уйини мамлакат ичкарисига эвакуация қилишди. Катта қийинчиликлар билан Астраханга етиб келиб, ўша ердаги болалар уйига жойлашдик. Орадан сал вақт ўтмай, биз, ўсмир болаларни фабрика-завод билим юртига ўқишга олишди. Уни битиргач, бизни Шимолий Уралдаги Березники шаҳрига ишга юборишди. У ерда бир завод қурилишида ишладик. Қиш фасли Березникида 40-45 даражагача совуқ бўлар экан, юз-қўлларимни совуққа олдириб қўйдим.

1944 йилда фронтдаги аҳвол бир оз ўнглангач, бизларга жавоб беришди. 1944 йил 6 май куни Тошкентга келдим. Акам ва опам қаерда яшашини билмас эдим, шу боис, уч-тўрт кун милиция хоналарида тунадим. Милиция ходимларидан бири:

— Отанг яшаган маҳалладаги бирон-бир белги ёдингда қолганми? — деб сўради.

— Маҳалла кўчасидан чиқаверишда симёғочда радиокарнай бўларди.

Милиция ходими мени Қўштут маҳалласига олиб борди. Борсам, симёғочда радиокарнай турибди. Шу ерда кичкина ариқ бор эди, Бир пайтлар отам билан шу ариқдан ҳатлаб ўтаётганимизда калишим сувга тушиб кетганлигини эсладим. Уч-тўртта ҳовлига кириб, акамни ва опамни суриштирдим. Аёллардан бири Каримберди акамни танир экан. Бошқа бир аёл опамни топиб келди. Акам фронтга кетган эканлар, қайтиб келмадилар. Мен опамнинг уйида яшай бошладим.

Поччам заргар эканлар, мени ҳам шу ҳунарга ўргатдилар. Заргарлик заводида ишлаб, нафақага чиқдим. Ўч ўғлим, уч қизим, набираларим бор. Турмушимдан нолимайман. Бироқ ота-онамнинг хоклари бегона юртда қолиб кетди, уларнинг қаерга дафн этилганликларинн дам билмайман. Шуни ўйласам, ич-ичимдан эзиламан.

 

Эргаш (Яков) Миртурсунов ҳикояси (марҳум):

— Отам Миртурсун бува, онам Баҳри хола, укаларим Миржўра, Миртўра ва яна бир синглим билан 6 жонни 1931 йил ёзида Қибрай қишлоғидан Украинага сургун қилишган. 1932-33 йиллардаги қаҳатчиликда ота-онам, укаларим очликдан вафот этдилар, бир ўзим қолдим. Мени Каховкадаги болалар уйига юборишди, сўнг 1935 йилда Новая Маячкада ташкил этилган янги болалар уйига кўчиришди.

Уруш бошланганда 16-17 ёшлардаги ўсмир эдим. Болалар уйини мамлакат ичкарисига кўчиришаётганида мени бир украин кампир ўғил қилиб олди, Мен бу кампирнинг уйида икки йил яшадим. 1943 йилда биз турган жойларни Совет Армияси озод қилгач, мени ҳарбий хизматга чақиришди. Икки йилдан сўнг душманга қарши жанг қилиб, Ғалабани Берлин яқинида кутиб олдим.

1946 йилда ҳарбий хизматдан бўшагач, қаерга боришимни билмай турганимда, тошкентлик қуролдошларим: «Херсонда нима қиласан? Шунча йил мусофирликда яшаганинг етар, юр, биз билан Тошкентга, қариндошларингни топиб оларсан», — дейишди.

Шундай қилиб, Тошкентга қайтдим. Бир ойча дўстимникида яшадим. Бир куни Қибрайга тўйга бордик. Қибрай номи хотирамдан кўтарилган экан. Тўйхонада мени қариялар ўртага олишиб, ота-онамни суриштиришди. Отамнинг номини зўрға айтдим, сабаби, руслашиб кетган эдим. Қибрайлик Абдурасул ота, Толиб оталар: «Бу бола Миртурсун аканинг ўғли-ку?» — дейишиб, Замира опамни чақиртириб келишди. (Опам қулоқлаштиришдан олдин турмушга чиқиб, Қибрайда қолган эканлар). Тўйга қий-чув, йиғи-сиғи уланиб кетди. Ҳамма ҳайрон. Тўйнинг давоми опамникида бўлди.

Шундан кейин опамникида яшай бошладим. Кейинчалик уйланиб, бола-чақали бўлдим. Ҳозир «Қибрай» совхозида бригадир бўлиб ишлайман.

 

Қибрайлик Исроил Юнусжонов ҳикояси:

— Бизнинг оиламизни Украинага сургун қилишганда икки яшар эканман. Оиламиз беш жондан иборат эди. Украинада Скадовск туманининг 1-пахтачилик совхози IV бўлимидаги 1-базада яшаганмиз. Отам 1933 йилда вафот этгач, онам уч фарзандини боқишга қийналган. Орзу опамни ўзлари билан олиб қолиб, Исмоил акам иккимизни болалар уйига топширганлар. Уруш бошлангач, яна онам бағрига қайтдик.

Хуторда биз турган жойларга фашистлар келишди. Душман қўл остида плугга сигир қўшиб, ер ҳайдаганмиз (Совхоздаги ҳамма отлар мамлакат ичкарисига ҳайдаб кетилгани учун фашистлар уйлардаги сигирларни плугларга қўшиб ер ҳайдашга мажбур қилишган эди). Хуторда эркаклар ҳам йўқ, далада, асосан, аёллар ва болалар ишлашарди.

Бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Қаттиқ шамоллаб, иситмам кўтарилиб, уйда танча ёнида ётган эдим, кимдир мени чақириб қолди. Ўрнимдан аранг туриб, деворни ушлаб кўчага чиқсам, эшик олдида немис коменданти билан украин полицай турибди. Мендан ишга чиқмаганлигимнинг сабабини суриштиришди. Мен касалман, иситмам бор дедим. Комендант қўли билан имлаб: «Бери кел» — деди. Ёнига бордим. Шунда у қўлидаги резина таёқ билан елкамга шунақа урдики, кўзимдан олов чиқиб кетгандай бўлди, гандираклаб бориб, уч-тўрт қадам нарига йиқилдим. «Арбайт! Арбайт!» — деб бақирди фашист. Қарасам, у яна урадиган. Бор кучимни йиғиб ўрнимдан турдим-да, далага югурдим. Ўша воқеани эсласам, ҳамон елкам зирқирайди.

Херсонни Совет Армияси озод қилгач, совхоз қайта тикланди. Далада ишлаб, буғдой экдик, ўриб, янчдик, уларни фронт эҳтиёжи учун топширдик. Украинадан 1947 йилда Херсон вилояти НКВДсининғ рухсатномаси билан қайтганмиз.

 

Зангиота туманидаги «Қорасув» жамоа хўжалиги меҳнат фахрийси Тилаган Омонжўлов ҳикояси:

— Бизнинг оиламиз асли Чирчиқ шаҳридаги Ниёзбек қишлоғида яшаган. Ҳозирги «Чирчиқсельмаш» заводи ўрни отам Мўйловбой Омонжўловнинг ерлари бўлган.

Бизнинг оиламизни, шунингдек, поччам Пернавой Сотилевни 1930 йилда қулоқ қилиб Украинага жўнатишди. Биз Херсон вилоятининг Скадовск туманидаги 1-ғаллачилик совхози III бўлимида яшаганмиз.

Оиламиз етти жондан иборат эди. Тўрт укам Украинада очлик ва ҳар хил касалликларга чалиниб, ўлиб кетишди.

Украинанинг оддий меҳнаткаш халқи бизларга яхши муносабатда бўлишган. Отамнинг почтада ишлайдиган украин дўсти бўларди. У 1937 йилда отамга: «Ўзбекистонлик деҳқонларни қамашармиш, ҳаракатингни қил, — дейди. Шундан сўнг отам Ўзбекистонга қочди.

Қама-қама бошлангач, поччам Пернавой Сотилевни ҳибсга олишди. У Херсон қамоқхонасида вафот этди. Ким уйида намоз ўқиса, фарзандини суннат қилдирган бўлса ёки уйида арабча китоб сақлаган бўлса, ҳаммасини қамашди.

Эри қамоқда вафот этганидан кейин кўп ўтмай, опам ҳам касалга чалиниб, вафот этдилар. Икки жияним онамнинг қўлида қолди. Шундан кейин онам бир ўзлари уч фарзандни боқишга қийналиб, мени Новая Маячкадаги болалар уйига топширдилар.

Уруш бошлангач, яна онам бағрига қайтдим. Бу пайтда вояга етиб, меҳнатга яроқли бўлиб қолган эдим. 1942 йилда яна бахтсизлик рўй берди — онам вафот этди. Ўлим тўшагида ётганларида мени ёнларига ўтқазиб: «Икки жиянингни сенга, сени худога топширдим: Энди маҳкам бўл, уруш тугагач, Ўзбеқистонга қайтиб, жиянларингни амакилари қўлига олиб бориб топширгин», — дедилар. Мен онам айтганидай қилдим.

Урушдан сўнг Тошкентда ўқиб, олий маълумотли педагог бўлдим. Ҳозир нафақахўрман, ҳаётимдан нолимайман.

 

Тошкент аэропорти шичиси Қудратулла Отахонов ҳикояси (марҳум):

— Мен Асакада туғилганман. Отамни Отахон Ямин, онамни Роҳила ая дейишган. Оиламизни Украинага бадарға қилишганида 3 яшар бўлганман. Отам 1932 йилдаги қаҳатчиликда вафот этганлар. Шу боис, у кишини эслай олмайман. Онамни эса НКВД ходимлари сочидан бураб судраб, уйимиздан олиб чиқиб кетганларини элас-элас эслайман. Ўшанда онам оқ кўйлакда, узун қора сочларини иккита қилиб ўриб олган эди…

Шундан сўнг мени Каховкадаги болалар уйига топширишган. У ердан Новая Маячкадаги болалар уйига ўтказилганман. Астраханга кўчишимиз воқеасини яхши эслайман.

1942 йилда қариндошларим бйлан хат орқали боғланиш имконияти бўлмагач, Жонти Исмоилов мени олиб кетмади. Лекин мен асакалик эканлигимни, у ерда қариндошларим борлигини билардим. Шу боис, таваккал қилиб, ўзим йўлга чиқдим. Болалар уйи тарбиячилари бу ҳаракатимга монелик қилишмади. Менга йўлга етарли озуқа бериб, Тошкентга қандай бориш мумкинлигини тушунтиришди.

Самара яқинидаги бир темир йўл станциясида Тошкентга борадиган поездлар тўхтаб ўтар экан. Ўша ерга бориб поездни кутдим. Эртаси кечки пайт поезд келди. Лекин у ҳарбийларни олиб кетаётган поезд экан, шу боис дастлаб мени унга чиқаришмади. Бу поезддан қолсам, яна уч кун уни кутишим, ўғрилар қопчиғимдаги озуқамни тортиб олиб қўйишлари мумкин эди. Жўнаб кетиш арафасида турган поезднинг бошидан охирига зир югуриб, додлаб йиғладим. Шунда бир кекса рус проводникнинг раҳми келиб: «Иди сюда, сынок», — деб қўлимдан ушлаб, вагонга чиқариб, Самарқандга бораётган поляк аскарлари орасига олиб кириб, ўтқазиб қўйди. Мен рус ва украин миллатига мансуб кишилар орасида мана шундай раҳмдил инсонларни кўп кўрганман. Шу боис, уларни ҳурмат қиламан.

Тошкентга келгач, озуқа солинган қопчиғимни ўғирлатиб қўйдим. Асакага бир амаллаб етиб олдим.

Асака марказидаги чойхонаолдига бориб, отамнинг авлодларини кимдан сўраб-суриштиришимни билмай турганимда, бир одам менга мурожаат қилди:

— Сен бола, кимнинг ўғлисан?

— Отахон Яминнинг ўғлиман. Украинадан келдим. Бу одам отамни билар экан. Мени етаклаб, чойхонага олиб кирди. Чойхонадагилар мени қуршаб, гапга солишди, меҳмон қилишди. Сўнг ўзаро маслаҳатлашишди:

— Буни қайси қариндошиникига олиб борамиз?

— Амакисиникига олиб бориш керак.

— Бўлмайди, — деди шунда даврадаги бир киши. — Амакисининг бети қурсин! У акасини чув туширган: «Мен сизни қулоқ бўлишдан сақлаб қоламан», — деган баҳонада Отахон Яминнинг 60 минг сўм пулини олиб, гумдон бўлган, Акаси Украинага бадарға қилингач, яна Асакага қайтиб келган…

— Бўлмаса аммасиникига олиб борайлик.

Бу фикр кўпчиликка маъқул бўлди. Шундан кейин мени аммамникига олиб боришди. У мени йиғлаб-сиқтаб, кутиб олди. «Жигаримдан қолган ёдгорим», дея ўзи емай-едириб, мени ўстира бошлади. Лекин бу аммам ҳам пешонамга сиғмади: кўп ўтмай вафот этдилар. Шундан кейин мен тоғамнинг уйида яшадим.

Ўн беш ёшимда Асакадаги пахта заводига ишга кирмоқчи бўлдим. Корхона раҳбарлари менинг келиб чиқишимни суриштиришгач: «Бу болани ишга ололмаймиз, қулоқнинг ўғли экан. Отасининг ўчини олиб, заводга ўт қўйиб юбориши мумкин», — дейишди.

Шундан кейин Тошкентга келиб, аэропортга ишга жойлашганман. Тошкент қишлоқ хўжалиги институтининг сиртқи бўлимига кириб, ўқий бошладим. Афсуски, чечак касалига чалиниб, анча ётиб қолганлигим, бунинг устига кўриш қобилиятим ёмонлашганлиги сабабли, ўқишни тугаллай олмадим.

Оламда яхши одамлар ҳам кўп экан. Ўшаларнинг ёрдамида Тошкентда ўрнашиб, уй-жойли, оилали бўлдим.

Аччиқ болалигим, ота-она меҳрига қонмаганлигимни ўйласам, кўзимга ёш келади. Аммо тинч, фаровон кунларга ҳам етганлигимни ўйлаб, шукрона қиламан. Биз болалигимизда кўрган азобларни эндиги ёш авлод кўрмасин, илойим.

 

Бухоро вилояти, Олот туманидаги Алишер Навоий номидаги жамоа хўжалигида яшовчи Бешим бобо Авезов хикояси:

— 1921 йилда оилада бешинчи фарзанд бўлиб туғилганман. Қисматимдаги аччиқ кунлар 1931 йилнинг ёз ойларида бошланган. Ҳамро акам билан қўйларни боқиб, уйга тушликка келдиг-у, ҳайрат ва қўрқинчдан тошдек қотиб қолдик: ҳовли остин-устун бўлиб, рўзғор анжомлари ер билан битта бўлиб сочилиб ётар, одамлар қўлига илинган буюмларини олиб қочишар, қўйлар, сигирлар бетиним маърар, итлар ҳурар… Даҳшат эди!

От минган бир баджаҳл киши акамни қамчи билан уриб, олдига солди. Мени эса ёқамдан ушлаб тортиб, отга мингаштирди. Акам отнинг олдида ҳансираб югуриб борар, мен эса от устида товуш чиқаришдан қўрқиб, унсиз йиғлардим. Қаерга, нимага бораётганлигимиз номаълум эди.

Бизни Қоракўл пахта заводи саройига олиб келишди. Бу ерда тумонат одам, атрофда милтиқ ушлаган соқчилар туришарди. Ота-онам, опа-сингилларим, акаларим ҳам шу ерда экан. Улар бизни кўриб, севинганларидан йиғлаб юборишди.

Орадан бир неча кун ўтгач, станцияга одам тўла эшелон келди. Қий-чув бошланди: кимдир додлар, кимдир бақириб-чақирар, яна кимдир ўксиб йиғлар эди. Ҳаммани уриб-суриб, қизил вагонларга қамадилар. Вагон эшиклари залвор билан ёпилди. Паровоз қрра тутун буруқситиб, поезд жойидан қўзғалди.

Қадрдон гўшалар, чолқиллаб ўйнаганимиз таниш тепаликлар ортда қолиб борарди. Айни саратон. Вагонда нафас қайтади. Оналар оҳ тортиб, чақалоқлар биғиллаб йиғлайди…

Ўн кунча йўл юрдик. Вагонлардан тушиб, пароходга, кейин яна вагонларга, ўтириб, Ставрополь ўлкасининг Никола-Александровская қишлоғига етиб бордик. Тўрт-беш қарияни ҳисобга олмаганда, қишлоқ бўм-бўш эди. Бу ердаги одамларни ҳам қаергадир сургун қилишган экан.

Ўзбекистон ва Тожикистондан сургун қилинган беш минг оила шу қишлоққа жойлаштирилди. Ҳар бир оилага биттадан хона берилди. Қишлоқдан чеккага чиқиш қатъий тақиқланди. Куз охирлаб, қиш яқинлашгач, муҳтожлик бошланди. Совуқ очлик, касаллик одамларни қулатди. Оғир маиший шароитда битлаб кетдик. Ҳаммамизни ҳаммомга олиб боришди.

Ҳаммом деганлари эски отхона экан. Ўртада иккита қозонда сув қайнаб турса-да, хона совуқ эди. Мен тўнғич акам Саиджон билан буғга исиниш илинжида қозон ёнига борган эдик. Нима бўлди-ю, акам оёғи тойиб, қайнаб турган қозонга кўкрагигача тушиб кетди. «Отажон!» деб қичқиришга улгура олди, шўрлик. Отам кела солиб, акамни қозондан чиқариб, бағрига босди. Акамнинг гўштлари шилиниб кетди. У отамнинг қўлида қийналиб, жон берди.

Қиш кирди. Ўтин йўқ. Уйлар совуқ, кечаси кийимларимизни ечмай, бир-биримизнинг пинжимизга кириб, ғужанак бўлиб ётамиз. Бир куни отам қуйиб берган аталани қўшни уйда кўрак чувиб ўтирган онам билан опам олдига олиб бордим-у, у ердаги манзарани кўриб, оёқларимдан мадар кетиб, эшик кесакисига суяниб қолдим: онам билан опам бир-бирларига суянганча, ўлиб ётишарди. Уларни устиларндаги кийимлари билан тупроққа қўйдик.

Баҳорга чиқиб, далага дон сепдик, чигит экдик. Ҳосил пишгач, таъминотимиз бир оз яхшиланди.

Ўзбекистондан ўқитувчилар келйшди. Биз, ёшлар ўқий бошладик. 1937 йил бошланди. Ўқитувчимиз, кўнглимизни кўтариш учун бўлса керак, бир куни шеър ёзиб келибди. Унда шундай сатрлар бор эди:

«Яшасин, яшасин, совет болалари яшасин,
Улар қаторида қулоқ болалари ҳам ошасин».

Эртаси куни кечаси уйимизга НКВД ходимлари келишиб, акаларим Барот билан Ҳамрони ҳайдаб олиб чиқиб кетишди. Биз фиғон чекиб қолавердик. Кейин билсак, акаларимдан бири муаллим ўргатган шеърни бошқаларга ёд айтиб берган, иккинчиси: Акмал Икромов билан Файзулла Хўжаев яхши одамлар эдилар, — деган экан.

Шеърни ёзган ўқитувчи ҳам ҳибсга олиниб, дом-дараксиз кетди. Мен механизаторлик курсида ўқиб, тракторчи бўлдим. Ер ҳайдаб, дон экдим. Отам мени ўзимиз сингари бадарға қилинган оилада ўсган Мискиной деган қизга фотиҳа қилганларида уруш бошланиб кетди. Чимилдиққа кириш насиб этмай, фронтга жўнадим. Урушнинг энг оғир участкаларидан бирида — Ленинград фронтида бўлдим.

Бир кун қаттиқ жанг бўлаётганида ёнимга снаряд келиб тушди. Фақат шу нарса эсимда. Кейин нима бўлганлигини билмайман. Ўзимга келганимда немисларнинг усти ёпиқ машинасида кетаётганлигимни билдим. Чап қулоғим эшитмас, чап кўзим кўрмас, бутун танам мажақлаб ташлангандай оғрирди… Жуда кўп концлагерларда бўлдим, мен кўрмаган жабру жафолар қолмади.

Франциядаги концлагердан қочиб, Бельгияга ўтдим. У ердан бир пароход трюмига (ертўласига) яшириниб, Лондонга бордим. Бу орада уруш тугади. Орадан сақкиз: ой ўтгач, Совет Иттифоқига қайтдим. Лекин мени Ўзбекистонга эмас, Бошқирдистондаги қамоқ лагерига юборишди. Бу ерда каминани кўп сўроқ қилиб азоблашгач, хасталаниб, ётиб қолдим. Шунда Катя деган бир рус қизи менга кўп меҳрибонликлар қилди.

Иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолгач, уйимга қайтишимга рухсат беришди. Шунда мен Катяга турмуш қуришни таклиф қилдим. У рози бўлди. Юртимга Катя билан бирга қайтдим.

Бу пайтда собиқ қулоқларга ҳам юртига қайтиш учун рухсат берилган эди. Отам синглим Гулсум билан йўлга чиқадилар. Лекин қиблагоҳимга юртини қайта кўриш насиб этмади: Махачқалъага келганларида, юрак хуружидан вафот этадилар. Доғистонлик мусулмонлар отамни ўз қабристонларига дафн этиб, ёлғиз қолган синглимни бир ҳарбий ҳамшира билан Ўзбекистонга жўнатадилар.

Ота-онамиздан, уч акамиздан жудо бўлган ака-сингил Олотда учрашдик. Катта қийинчиликлар билан яна рўзғоримизни тиклаб, турмушимизни изга сола бошладик. Ўша пайтда Қўчқор ака деган колхоз раиси бизга уй-жой бериб, моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган. Унинг бу одамгарчилиги ҳеч ёдимдан чиқмайди.

Катя билан турмуш қуриб, икки ўғил, икки қиз кўрдим. Рафиқам 1979 йилда вафот этган. Ҳозир ўғил-қизларим, невараларим даврасида яшаяпман.

 

* * *

30-йиллар бошидаги қулоқлаштиришдан бери 70 йилга яқин вақт ўтди. Аммо коммунистик мустабид тузум қулаб, республикамиз ўз мустақиллигини қўлга киритиб, яқин тарихимизнинг фожиали саҳифаларини ёзиш имконияти юзага келганига кўп вақт бўлгани йўқ. Шу боисдан қулоқлаштириш даври тарихчилар, адиблар, журналистлар учун «очилмаган қўриқ» бўлиб турибди, дейиш мумкин.

Хўш, 30-йиллар бошида «муштумзўр» тамғаси билан ёпиб ташланган, юртидан бадарға қилинган деҳқонлар қандай кишилар эдилар? Коммунистик нуқтаи назар билан баҳоланадиган бўлса, улар социалистик жамият учун зарарли, қайта тарбиялашга муҳтож кишилар эдилар. Лекин умуминсоний мезонлар билан, одилона баҳоланадиган бўлса, улар халқимизнинг бир қисми бўлган, аксарияти ўзининг меҳнатсеварлиги, ишбилармонлиги билан бойиган асил деҳқонлар эди. Табиийки, улар орасида бировларнинг меҳнати самарасидан фойдаланиб бойиган, инсофсиз кишилар ҳам бўлган бўлиши мумкин. Аммо бойларнинг ҳаммаси шундай эди, деб барчасига баравар қора бўёқ чаплаш адолатсизликдир. Ўзбек бойларининг олижанобликлари ҳақида олис ва яқин тарихимиздан исталганча мисоллар келтириш мумкин.

Афсуски, кейинги 70-80 йилда ёзилган тарихий, бадиий асарларда халқимизнинг бу тоифасига марксистик нуқтаи назар билан баҳо берилиб, «эзувчи синф» вакиллари сифатида қораланиб келинди. Навоий ҳақида буюк асар ёзган ёзувчи Ойбек «эзувчи синф» вакилларини мақтаганлиги учун танқид қилинди.

Жамиятда одамларни «эзувчи синф»га мансублиги учун таъқиб қилиш, камситиш, ҳақ-ҳуқуқларини чеклаш 1917 йилдаги Октябрь тўнтаришидан сўнг бошланиб, Иккинчи жаҳон урушигача авжига чиқиб борди, дейиш мумкин. Кейин бу ҳодиса сусайгандай бўлди, аммо ҳеч қачон барҳам топгани йўқ. Шу боисдан ҳам, айниқса, 20-йилларда бой ёки диндор оиланинг фарзанди бўлган ёшлар орасида ижтимоий келиб чиқишини яшириш, ҳатто ота-онасидан матбуот орқали ошкора воз кечиш ҳодисалари кўпайди. Қулоқ отасини ҳукумат одамларига сотган Павлик Морозов сингари ёшлар қаҳрамонга айландилар.

Ўзбекистоннинг йирик давлат арбоби бўлган, 1937 йилдаги қатағонда ҳибсга олиниб, қатл этилган Султон Сегизбоев 20-йилларда Оққўрғонда яшайдиган бой отасини бориб кўрганлиги учун партия мажлисида муҳокама қилиниб, унга хайфсан берилган. Мен бу кишининг маъмурий идора ҳужжатхонасида сақланаётган «Жиноий иши» билан танишганман. Унинг ҳеч бир айби бўлмаган, аслида бойнинг ўғли бўлганлиги учун ҳибсга олиниб, йўқ қилинган.

Хўш, 1917 йил октябрда давлат тўнтариши бўлганида Туркистонда қишлоқ хўжалигининг аҳволи қандай эди? Меҳнаткаш деҳқон қандай яшарди? Қишлоқда туб ўзгаришлар қилиш, ўзига тўқ деҳқон хўжаликларини тугатиш учун зарурат бормиди?

Ўша пайтда 7,7 миллион аҳолиси бўлган Ўрта Осиёда 10,5 миллион десятина деҳқончилик учун яроқли ер бор эди. (1 десятина— 1 гектару 9 сотихга тенг). Аҳоли жон бошига 1,4 десятинадан ер тўғри келарди. Агар ҳозир Ўзбекистонда аҳоли жон бошига 21 сотихдан ер тўғри қелишини инобатга олсак, бу ерни оз деб бўлмайди. Аммо ёмон томони шунда эдики, деҳқонлар ўртасида ер тақсимотида адолатсизлик кучли бўлган. Ўзбекистондаги экин майдонларининг учдан икки қисми йирик ер эгаларига қарашли эди. Масалан, аҳолиси нисбатан зич бўлган Фарғона водийсини олайлик. Ер ишлари халқ комиссарлигининг 1924-25 йиллардаги ҳисобига қараганда, бу вилоятда 3 десятинадан кам ери бўлган деҳқон хўжаликлари мавжуд деҳқон хўжаликларининг 86,5 фоизини ташкил этар, улар умумий ер майдонининг 46,5 фоизига эгалик қилишарди. Бу ер майдонларининг ярмидан ортиғи 13,5 фоиз деҳқон хўжаликларининг қўлида эди демакдир. 3 фоиз йирик ер эгаларининг қўлида умумий экин майдонларннинг тўртдан бир қисми жамланган эди. Ери кам деҳқонлар бойларнинг ерини шерикликқа олардилар. Ерсиз деҳқонлар эса бойларнинг қўлида батрак, қарол, чоракор бўлиб, оғир шартлар билан ишлашга мажбур эдилар. Улар орасида бойлардан мунтазам қарз бўлиб юрадиган, моддий етишмовчиликлар эзиб ташлаган кишилар кўп зди. Аҳолисининг 85 фоизи қишлоқда яшаган ўлкада бойлар билан; камбағаллар ўртасидаги фарқ анча кескин эди.

Мазжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиб, экинлар ҳосилдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигида техникани жорий этиш, ирригация-мелиорация ишларини ривожлантириш масалаларининг ҳал этилиши талаб даражасида эмас эди.

Аммо шуни айтиб ўтиш керакки, Туркистонда, аввало, капитализм, нисбатан ривожланган ёки бошқа Оврўпа мамлакатлари жамоатчилиги тасаввуридаги помешчиклар — минг-минглаб десятина экин майдонлари бўлган қишлоқ буржуазияси деярли йўқ эди. Борлари ҳам инқилобнинг дастлабки йиллари қатл этилиб, мол-мулклари давлат ихтиёрига ўтказилган эди. Бунга, жумладан, Қоплонбек ва Кенгсойда имениелари бўлган Николай Романовни, катта боғлари ва экинзорлари бўлган Алексеев, Иванов, Яушев, Миркомил Мўминбоев, Орифхўжа Азизҳожинов, Мирсаид Азимбоев, Усмон Ражабов каби бойларни мисол келтириш мумкин.

Ўлкадаги бошқа деҳқон хўжаликларини ўзига тўқ ўртаҳол деҳқон хўжаликлари дейиш мумкин эди. Туркистонда қишлоқ буржуазияси кучли бўлмаганлигини яна шу далил билан исботлаш мумкинки, 1930 йилда «Народное хозяйство Средней Азии» журналида ёзилишича, ўша пайтда Россиядаги бой деҳқон хўжаликлари мамлакатда етиштирилган қишлоқ хўжалиги товар маҳсулотининг 40 фоизини, Ўрта Осиёдаги бой деҳқон хўжаликлари эса атиги 15 фоизини ишлаб чиқарган.

Бундай шароитда Ўзбекистонда қишлоқ муаммоларини минг-минглаб деҳқонларни бадарға қилмасдан ҳам ҳал этиш мумкин эди. Лекин большевиклар бундай қилмадилар. Сабаби, уларнинг пировард-мақсадлари хусусий мулкнинг ҳар қандай шаклйни тугатишдан иборат бўлиб, уларнинг фикрича, хусусий мулк ҳамма бахтсизликларнинг бош сабабчиси, инсониятнинг ёрқин келажаги йўлидаги асосий ғов эди.

Большевиклар бу мақсадларига шаҳарда инқилобнинг дастлабки йилларидаёқ бир зарб билан эришдилар — барча завод ва фабрикалар, банклар, йирик савдо тармоқлари, почта-телеграф, темир йўл тармоқлари эгаларидан тортиб олиниб, давлат мулкига айлантирилди.

Қишлоқда эса бу ишни бирдан қилиб бўлмасди, маълум тайёргарлик ишлари зарур эди. Шу боисдан инқилобнинг дастлабки йилларида ер олди-сотдиси тугатилди, ер — ишлаганники, деб эълон қилинди. Икки марта (1920-21 й.й., 1925-27 й.й.) ер ислоҳоти ўтказилиб, бойларнинг ортиқча ерлари тортиб олиниб, ерсиз ва ери кам деҳқонларга берилди, ер тақсимотидаги адолатсизлик тугатилди. Бунда бир ўқ билан икки қарға урилди. Биринчидан, қишлоқдаги «синфий душман» чекланиб, моддий жиҳатдан заифлаштирилди. Камбағаллар эса большевикларни ўзларига дўст деб билдилар. Бундан ташқари, ҳукумат солиқ сиёсатида ҳам камбағалларни ҳимоя қилди — бойлардан кўп, ўртаҳоллардан меъёрида, камбағаллардан эса мутлақо солиқ олмаслик сиёсатини юргизди. Бу ҳам деҳқонлар асосий қисмининг Совет ҳукуматига хайрихоҳлигини кучайтирди.

Аслида булар ҳаммаси вақтинчалик тадбир, ерни деҳқондан буткул тортиб олиш учун қилинаётган «ҳийлаи шаръий» эди. Буни кўпчилик деҳқонлар англаб етмадилар. .

30-йилларнинг ўрталарига келиб, Бутуниттифоқда бўлгани сингари, Ўзбекистонда ҳам қишлоқ хўжалигини жамоалаштириш тугалланди. Ер давлат мулкига айланди. Илгари камбағал деҳқон бойга ёлланиб ишлаган бўлса, эндиликда давлатнинг батрагига айланди. Ерга нима экишни, қанча ҳосил олишни ҳамда тайёр маҳсулотга нарх белгилашни давлат ўз тасарруфига олди. Аслида қишлоқ хўжалигида давлат феодализми қарор топди. Бу ҳодисанинг ёмон томонлари кейинроқ билина бошланди. Жумладан, Россияда минглаб қишлоқлар одамсиз ҳувиллаб қолди. Инқилобгача чет элга ғалла сотган мамлакат четдан ғалла сотиб ола бошлади, чорвачилик ҳам ҳеч ўнгланмади.

Ўзбекистонда эса пахта яккаҳокимлиги юзага келди, ерлар ортиқча шўрланиб, заҳарланиб, ишдан чиқди, хўжасизлик, оммавий қўшиб ёзишлар авж олди, қишлоқ ёшлари ўртасида ота-боболар касбига муҳаббат сусайди.

1997 йил.