Ўткир Ҳошимов. Она битта, ватан ягона (2011)

Бугуннинг қадри

Бугун мактабда ўқиётган боладан Наврўз қанақа байрам, деб сўрасангиз, бу — энг чиройли, энг шодиёна байрам эканини, уйида кўк сомса, маҳаллада сумалак пиширилгани, кўча ва майдонларда сайллар бўлганини бийронлик билан айтиб беради. Бир вақтлар Наврўз тақиқланган эди, десангиз, ҳайрон қолади.

Бугун коллежда таълим олаётган ўсмирдан Амир Темур ким, деб сўрасангиз, улуғ саркарда, давлат арбоби, маданият ва маънавият ҳомийси бобокалон Соҳибқирон ҳақида фахрланиб гапиради. Бир замонлар бу сиймонинг номини тилга олиш мумкин эмас эди, десангиз ишонмайди.

Бугун олий ўқув юртининг талабасидан экология нима, деб сўрасангиз етук мутахассис каби бу тушунчани илмий асослаб бера олади. Ўтган аср иккинчи ярмида экологик фожиа рўй бериб, Орол денгизи ўлим ёқасига бориб қолгани, бу ҳам етмагандек елкаси яғир бўлиб пахта экканлар охир-оқибат «қўшиб ёзувчи», «текинхўр» деб қамоққа тиқилганини айтсангиз, ҳайратланади.

Мактаб боласидан тортиб, университет талабасигача она тилининг бойликлари билан фахрланади ва яна бир эмас, бир неча чет тилларни билади. Яқин ўтмишда катта-кичик мажлисларда ўзбек тилида гапириш «номақбул» саналганини, кўчалар, майдонлар, боғлар, кинотеатрлар ялписига бошқа тилда номланганини айтсангиз, ҳайратдан ёқа ушлайди…

* * *

Кўп такрорланган бир гапни тағин қайтараётганим учун узр сўрайман. Йигирманчи асрда биз учун чинакам тарихий воқеа рўй берди. Бу Ватанимизнинг Мустақилликка эришиши эди. Бу — аждодларнинг асрий орзуси эди. Шу боисдан ҳам биз Ватан истиқлолини энг тансиқ, энг мўътабар байрам сифатида нишонлаймиз. Ўзбекистон мустақилликка эришганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Бироқ тарих учун қисқа муддатда юртимизда улуғ ўзгаришлар рўй берди. Бир вақтлар «аграр республика» саналган юртда бугун Ўзбекистон муҳри билан чиқарилаётган автомобилларни дунёнинг ҳамма бурчагида кўришингиз мумкин. Шаҳарларимиз таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Бир замонлар чет элга бир ҳафтагина «туристик саёҳат»га чиқиш ойга учишдек орзу ҳисобланган бўлса, бугун Ўзбекистон фуқароси дунёнинг истаган мамлакатига бориб ўқияпти, ишлаяпти. Тарихимиз, тилимиз, маънавий қадриятларимиз тикланди…

Энг муҳими, онги мустақиллик йилларида шаклланган, тафаккури, дунёқараши янгича авлод пайдо бўлди. Мана шу авлодга — фарзандларимиз ва набираларимизга Ватан мустақиллиги «ўзидан-ўзи», «осмондан» тушмаганини уқтириб бориш, уларни истиқлолни авайлашга, юрт озодлиги йўлида жонини фидо қилган аждодларини унутмасликка ундаб туриш биз — катта ёшдагиларнинг бурчимиз. Зеро, бугуннинг қадрига етиш учун кечаги кунни эсдан чиқармаслик керак.

Тарихга бир назар

Муқаддас тупроғимиз Туронзамин ўз бошидан қанчадан-қанча балоларни кечирмади! Искандар босқини, араблар истилоси… Ўзи бир туп дарахт ўстирмаган, бирон кулба қурмаган ёввойи мўғулларнинг отлари туёғи остида топталган обод шаҳар ва қишлоқлар, боғ-роғлар, ўтга ташланган минглаб китоблар…

Яратганнинг инояти билан шу муқаддас тупроқда туғилган соҳибқирон Амир Темур ва унинг авлодлари даврида жафокаш бу ўлка қаддини тиклади. Гўзал шаҳарлар, ноёб обидалар бунёд этилди. Давлатчилик, илм-фан, адабиёт, маданият, санъат ривож топди. Афсуски, ўрта асрлардан сўнг ўзаро салтанат талашишлар авжига чиқиб тағин таназзулга юз тутилди.

Бир вақтлар Европага «дераза» очган Пётр авлодлари Осиёга «дарвоза» очиш йўлини ҳам кўп излаганлар. Аввал Каспий денгизи орқали Хива хонлигига юриш қилиш мўлжалланган. Бироқ қум босган саҳролардан ўтиш осон эмаслиги бу ният анча хомлигини кўрсатгач, қозоқ чўллари орқали Туркистоннинг шимолидан — Тошкент томондан кириб бориш йўллари изланган.

1813 йили Қўқон хонлигидан Россияга борган икки савдогарнинг бири бетоб бўлиб вафот этади, иккинчисини эса Петропавловскда аввал талон-тарож қилиб, сўнг ўлдирадилар. Ўша пайтдаги Россия подшоси Александр бу нохуш вазиятни юмшатиш ва тушунмовчиликни бартараф этиш учун Филипп Назаров бошчилигида Қўқон хонлигига карвон жўнатади. Филипп Назаров маҳаллий тилларни яхши билар, ўзи ҳарбий зобит эди. Қуролланган казак аскарлар отряди ҳимоясидаги карвон қозоқ чўллари орқали йўлга чиқади.

Ушбу машаққатли сафар ҳақида Филипп Назаровнинг «Записки о некоторых народах и землях средней части Азии» («Осиёнинг ўрта қисмидаги баъзи халқлар ва ерлар ҳақида» деган китобида батафсил баён қилинган. Назаров ва унинг қуролланган отряди Қўқон хонлигига шунчаки икки савдогар можаросини ҳал қилиш эмас, азмойиш олиш (разведка қилиш) учун келгани аниқ. Муаллиф қайси шаҳарда қанча дарвоза борлиги, қалъасининг девори қанақалиги, уни қанча аскар қандай қуроллар билан кўриқлашини батафсил тасвирлаганиданоқ ниятини билиш мумкин. Бироқ китобчада маҳаллий халқ удумлари, турмуш тарзи, Тошкент, Қўқон ва бошқа шаҳарларнинг ўша кезлардаги манзараси холис тасвирланган саҳифалар ҳам оз эмас. Масалан, Назаров Тошкент ниҳоятда сўлим ва покиза шаҳар экани, боғ-роғларга кўмилгани, аҳоли бадавлат яшаши, эркаклар аёлларга катта эътибор ва эҳтиром билан қарашини ёзади. Бироқ бундай сафарлар шунчаки «сайру саёҳат» эмаслиги, унинг ортида узоққа мўлжалланган режалар борлиги аниқ эди…

Орадан эллик йиллар ўтиб, ўн тўққизинчи асрнинг олтмишинчи йиллари ўрталарида Черняевнинг замонавий қуроллар билан таъминланган қўшини худди шу йўл орқали Тошкент томон юради. Шаҳарни қамал қилиб, сув тармоқларини тўсиб қўяди.

Айни саратонда бир томчи сувсиз қолган шаҳар қирқ кун таслим бўлмайди. Черняевга тегишли одамларнинг ўзи эътироф этиб ёзишига қараганда, оддий паншаха билан қуролланган ҳимоячилар замбаракка қарши тик борадилар. Шаҳар куч билан босиб олинади ва «сулҳ»га имзо чекилмаса ҳамма маҳаллалар тўпга тутиб, кун-паякун қилинади, деган шарт қўйилади.

…Ниҳоят, Октябр тўнтариши рўй берди. Унинг шиорлари ҳам, ваъдалари ҳам ғоят жозибали эди. Ҳаммага эркинлик, фаровонлик, озодлик, тенгҳуқуқлилик, ҳурфикрлик ваъда қилинди. Ҳар бир республика истаган пайтда шўролар иттифоқи таркибидан чиқиб мустақил бўлиши мумкин, деб ёзиб қўйилди.

Афсуски, бу ваъдалар қорга ёзиб, офтобда қуритилган гаплар экан. Тинчлик, осойишталик у ёқда қолиб, фуқаролар уруши бошланди. Ака укани отди, ўғил отани «сотди». Ўша кезлари Тошкентда тузилган ҳукумат таркибида маҳаллий миллат вакиллари камситилгани, Туркистон аҳлининг турмуш тарзи ҳисобга олинмагани учун Қўқонда мухторият, яъни автономия тузилди. Мустақил давлат эмас, автономия! Халққа бир-биридан чиройли ваъдалар берган болшевикларнинг асл қиёфаси шунда намоён бўлди.

Қўқон мухторияти уч ой ҳам яшамади. Ҳолбуки, мухторият томонидан тузилган ҳукумат таркибида ўзбек ва руслар ҳам, қозоқ ва тожиклар ҳам, татар ва яҳудийлар ҳам бўлиб, бош мақсад халққа кенг имкониятлар яратишдан иборат эди. Оқибат шу бўлдики, 1918 йил феврал ойида (бир ой ичида) биргина Қўқон шаҳрининг ўзида минглаб одам қирилди. Андижон, Наманган, Марғилон атрофидаги ўнлаб қишлоқлар вайрон қилинди.

Сўнг шўролар юртида қаҳатчилик, очарчилик бошланди. Очарчилик туфайли биргина Фарғона водийсининг ўзида 1921 йили 64 минг 315 киши вафот этди. («Звезда Востока» журнали. 1987 йил, 6-сон. П.Ким, М.Ҳасанов маълумоти).

Миcи чиққан “ҳаётбахш ғоя”

Октябр тўнтаришининг «ҳаётбахш шабадалари» Бухоро ва Хоразмга кечикиброқ етиб боради. 1920 йил сентябрида Бухоро қамал қилинади. Гўёки «халоскорлик» миссиясига «қонуний» тус бериш йўли ҳам топилади. Бешим сардор деган шахс «халқ вакили» сифатида Бухоро аҳлига ёрдам беришни сўраб қизил аскарларга мурожаат қилади. Оқибатда шўрлик халқ бир томондан — амир сарбозлари қиличидан, иккинчи томондан — «қизиллар» ўқидан қирилади. Фрунзе буйруғи билан Бухорони бомбардимон қилган учувчилардан бири Фоукес шундай ҳикоя қилади: «Биз Бухорони бомбардимон қилдик. Қадимий амирликни вайрон этдик. Айниқса, машҳур «ўлим минораси»га тушган бомба, гарчанд моҳият-эътибори билан бир миноранинг мўлжалга олиниши биз учун мутлақо фойдасиз бўлса-да, бизга алоҳида шавқ-завқ бағишлади» («Қумдаги жанглар» китоби. Москва, 1935 йил. М.Горький таҳрири остида).

Фуқаролар уруши ва миллий озодлик ҳаракатларининг алангаси ўчмай туриб оммавий қатағонлар бошланди. 20- ва 30-йиллар қатағонларида ҳамма халқларнинг энг асл фарзандлари — олим ва адиблар, уламо ва шоирлар, давлат арбоблари «халқ душмани»га айланди! Ўйлаб топилган тамғанинг «зўрлигини» қаранг! Энг фидойи халқ фарзандлари — халқ душмани! Инқилобнинг мафтункор ваъдаларига ишониб, шу йўлда жонини ҳам, молини ҳам аямаган халқ етакчилари — «халқ душмани!» Одамларнинг юрак-юрагидан жой олган асарлар ёзган Қодирий ва Чўлпонлар «халқ душмани!

Эллигинчи йилларга келиб янги қатағонлар авж олди. Миллионлаб бегуноҳ инсонлар қамоққа тиқилди. Ҳеч қандай судсиз. Ҳеч қандай адвокатсиз! «Тройка» — «учлик» деган ғайриқонуний, ғайриинсоний ташкилотнинг ҳукми билан биров ўн йилга, биров йигирма беш йилга «кесилиб кетаверди». Ўша машъум «ҳужжатлар»ни тафтиш қилган комиссиянинг аниқлашича, бир инсон қисматини ҳал қилиш, яъни суд учун бу «ташкилот» нари борса беш-олти дақиқа вақт сарфлаган, холос. Мақсуд Шайхзода ва Ҳамид Сулаймонлар, Саид Аҳмад ва Шуҳрат домлалар олис юртларда минг бир уқубатга йўлиқди.

Одатда, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам эртами-кечми аён бўлмай қолмайди. Шўролар давлатининг зўравонлик ва адолатсизлик машинаси қандай «ҳунарлар» кўрсатгани ҳисоб-китоб қилиб кўрилганда аянчли манзаралар очилган.

1979 йили шўролар Афғонистонга аскар киритди. Баҳона оддий эди. «Жанубий қўшнимизда рўй берган «савр инқилоби»ни кўллаб-қувватлаш…» Амалда эса, бу — ҳақиқий қонли уруш эди! Тез орада қўлига мажбуран қурол тутқазиб, «интернационал бурчини бажариш учун» жанггоҳга солинган навқирон йигитларнинг темир тобутлари кела бошлади. Улар орасида бобокалонларининг ҳоки ётган ерга бориб жанг қилишга мажбур бўлган юртимиз ўғлонларининг ҳам жасади оз эмас эди.

Афғонистонда қонли жанглар авж паллага чиққан пайтда Ўзбекистонда яна бир «жанг» бошланди. 1984 йили Ўзкомпартия марказий қўмитасининг ўн олтинчи пленуми бўлди. Чамаси Ватанимиз тарихига қора саҳифа бўлиб ёзилган «ўзбек иши», «пахта иши» деган туҳмат кампаниясининг дебочаси шундан бошланди. Аввалига юртимиздаги «ғоявий-сиёсий» аҳвол муҳокама қилиниб, ҳаммаёқни «эскилик сарқитлари» босиб кетгани, жумладан, “алмисоқдан қолган” Наврўз деган байрам ёшларнинг онгини заҳарлаётгани достон қилинди. «Ҳой, барака топгурлар, Наврўз байрами Ислом дини пайдо бўлишидан бир ярим минг йил аввал барча Шарқ мамлакатларида, жумладан, бизнинг заминимизда ҳам нишонланган», деган одам балога қолар эди. Буниси-ку, баҳарнав. Олисдаги пойтахтда ўтирган «катталар» қутқуси билан Ўзбекистон «ич-ичидан чириб кетган» республика деб эълон қилинди, «бу юрт одамларига ишониб бўлмаслиги», «қўшиб ёзишлар», «текинхўрлик авжига чиққани, зудлик билан чора кўрилмаса, марказдан «ишнинг кўзини биладиган», «ҳалол-пок» мутахассислар, «қонун ҳимоячилари» келиб тартиб ўрнатмаса бўлмаслиги долзарб масала қилиб кўйилди. Оммавий қама-қамалар бошланди.

«Даъвогар суст бўлса, қози муттаҳам келади», деган гап бор. «Бошдан-оёқ айниб кетган» Ўзбекистонга «адолат» ўрнатиш учун Гдлян, Иванов, Бутурлин, Нестеренко, Карташян деган «адолатпеша»лар келди. Ҳалол меҳнати билан кун кўрадиган, миллатлар биродарлигини муқаддас санайдиган халқимизга отилмаган тош, ёпиштирилмаган лақаб қолмади. Ўзбек «қўшиб ёзувчи» бўлди, «текинхўр» бўлди, «боқиманда» бўлди… Азбаройи «энг юқоридан» белгилаб берилган пахта топшириш режасини бажаришга мажбур бўлгани учун! Қимматбаҳо хом-ашё — миллионлаб тонна толани деярли сув текинга бошқа минтақаларга жўнатгани учун.

Ўзбек ҳаёти тарзини етти ухлаб тушида кўрмаган, пахта деганда «вата»ни англайдиган, деҳқончилик, чорвачилик соҳаларига яқин келмаган кончи ва балиқчилар, тўқувчи ва тикувчилар «айниб кетган» республика аҳлига «ақл ўргата» бошлади.

Ўша пайтдаги шўролар давлатининг раҳбарлари даъвати билан Ўзбекистонга юборилган «кадрлар» неча пуллик наф келтирганини билмаймиз-у, «чекланмаган ҳуқуқлар» билан жўнатилган Гдлян, Иванов бошчилигидаги «десантчилар» мислсиз бедодликлар қилди. Ноқонуний усулларни қўллаб, минглаб бегуноҳларнинг «айбини бўйнига қўйди».

Юзлаб гуноҳсиз кишилар 7 ойдан 7 йилгача ҳибсда сақланган. Минглаб бегуноҳ инсонлар жазога тортилган. Қамоқхоналарда азбаройи жой қолмаганидан мингдан ортиқ айбсиз айбдор худди ўттиз еттинчи ва эллигинчи йилларда бўлгани каби Шимолнинг гадой топмас колонияларига жўнатилган…

Бу зўравонлик етмагандек олисдаги марказий матбуот Ўзбекистон ва ўзбек халқига қарши шу қадар жазавага тушиб аюҳаннос солдики, темир тобутлар фақат жанг бораётган Афғонистондангина эмас, мамлакат ичкарисидан ҳам кела бошлади. Совет армиясида хизмат қилаётган ўзбекистонлик аскар йигитларимизни (фақат ўзбекларни эмас, умуман Ўзбекистондан борганларни) «босмачи» деб таҳқирлаш, майиб қилиш, ўлдириш ҳолатлари юз берди. Бунга сабаб бутун дунёга ўзбекни ёмонотлиқ қилган кампания ва марказий матбуотдаги гиж-гижловчи чиқишлар эди…

Мустақиллик шабадалари

Ниҳоят, 1989 йил июн ойида Ўзбекистонга Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбар бўлиши билан вазият ўзгарди. Мамлакат раҳбари ўтказган биринчи мажлисдаёқ халқнинг дилини ўртаб ётган масалани — «пахта иши», «ўзбек иши» масаласини кўтарди. Унга бутунлай бошқача — адолат нуқтаи назаридан қарашни талаб қилди. Орадан кўп ўтмай республика раҳбариятининг халққа мурожаати эълон қилинди. Мурожаатда шундай сўзлар бор эди: «Ифтихор билан айтиш мумкинки, жаҳон халқлари олдида бўлганидек, Ватан олдида ҳам ўзбек халқининг юзи ёруғ, кўнгли покиза!» (“Меҳр ришталари узилмасин!» мурожаатномасидан).

Мамлакат раҳбариятининг бу мурожаати қадди букилган халқнинг дардига малҳам бўлди. Эртанги кунига ҳам, адолат деган нарсага ҳам ишончини йўқотаёзган одамлар қалбида умид уйғотди. Республика раҳбарининг топшириғи билан Ўзбекистон Олий судида махсус ҳайъат тузилиб, тажрибали ҳуқуқшунослар қирқ минг жилдли «жиноят иши»ни қайтадан синчиклаб ўрганиб чиқдилар. Шунда бир-биридан даҳшатли манзаралар аён бўлди. Гдлян бошчилигидаги каззоблар ўн минглаб одамларни, жумладан, тўрт ярим минг мутлақо бегуноҳ одамни ҳибсга олгани, улар узоқ йиллар ноҳақ азоб чеккани исботланди.

Олисдан келиб Ўзбекистон бошида қилич ўйнатганларнинг ҳашаги очилиб қолиши марказга ёқмаслиги табиий эди. Шу боисдан ўша пайтдаги СССР прокурори Трубин Тошкентга таҳдид тўла хат йўллаб, Ўзбекистон Олий судининг қарорини Иттифоқ қонунларига зид ҳиcоблаб, уни зудлик билан бекор қилиш, ҳайъатни тарқатиб юбориш ва Ўзбекистон Олий суди ходимларига нисбатан чора кўришни талаб қилади. Шунда Ислом Каримов ўша дағдағали «тарихий» хат тепасига «Архивга!» деб ёзиб қўяди!

* * *

1990 йил июнь ойида Ўзкомпартиянинг XXII съезди бўлди. Кўп делегатлар бу мажлис руҳи ҳам аввалгилардан фарқ қилмайди, тағин КПСС Марказий қўмитаси шаънига ҳамду санолар ўқилади, «пахта иши» учун «юқори»дан узр сўралади, деб ўйлаган бўлса эҳтимол… Лекин бу мажлис бутунлай бошқача бўлди.

Давлатимиз раҳбари ўша съездда қилган маърузасида ўзбек халқининг, умуман Ўзбекистоннинг ҳеч кимдан тили қисиқ жойи йўқлигини баралла айтиб, одамларни муте бўлмасликка, ўз ҳақини талаб қилиш, ўз нафсониятини ҳимоя қилишга чорлади.

«Асоссиз тарзда репрессияларга дучор бўлган кишиларнииг ор-номуси, қадр-қиммати, покиза номини тиклашни, уларга етказилган маънавий ва моддий зиён ўрнини қоплашни ўзимизнинг биринчи галдаги бурчимиз деб биламиз». (Ислом Каримовнинг Ўзкомпартия XXII съездида сўзлаган маърузасидан). Назаримда, шу куни бўҳтон ва зулмлардан қадди букилган халқнинг кўнглида неча йиллардан бери мудраб ётган ғурур туйғуси уйғонгандек бўлди. Кўкрагига шамол тегиб, қадди ростланди.

1990 йил июл ойида эса Москвада КПСС XXVIII съезди бўлди. Ўша анжуманда мен ҳам иштирок этганман ва ҳаммаси кўз ўнгимда турибди. Орол денгизи аллақачон ҳалокат ёқасига бориб қолган, бунга эса пахта майдонларини муттасил кенгайтириш, янги ерлар очиб денгизга борадиган сувни далаларга буриш сабаб бўлган эди. Ўзбекистон делегацияси раҳбари Ислом Каримов ўз нутқида Орол денгизининг қуриб бораётгани Чернобил фожиасидан кам эмаслигини, бу муаммони бутун мамлакат миқёсида ҳал этиш лозимлигини куюнчаклик билан гапирди. Модомики, денгиз пахта ҳосилини ошириш йўлида қурбон бўлаётган экан, пахта эса фақат Ўзбекистон учун эмас, бутун шўролар мамлакати учун керак экан, демак денгизни экологик ҳалокатдан кутқариб қолиш ҳам СССР даражасида ҳал этилмоғи керак!

Ўрта Осиё республикалари ва Қозоғистон бу таклифни маъқуллаши табиий, чунки Орол фожиаси ҳамма учун бирдек хатарли эди. Афсуски, бир қатор республикаларнинг вакиллари унга қарши чиқдилар. Бу эса денгиз қурийдими — бошқами, билганингни қил, деган гап эди…

Ўзбекистон раҳбари кейинги йилларда юртимизда рўй берган оммавий қатағонлар, бориб турган адолатсизликлар, «ўзбек иши», «пахта иши» деган таҳқирловчи атамалар халқнинг иззат-нафсини ерга ураётгани, марказ Ўзбекистонни полигонга айлантиргани, «ўзбек иши»ни ўйлаб топганлар тарих олдида жавоб бериши кераклигини фош қилди.

«Мамлакатнинг пахта мустақиллигини таъминлаган жумҳурият «пахта иши», қатағонлар, оммавий қонунсизликлар майдонига айланиб қолдики, бу — одамларнинг миллий қадр-қимматиии камситмоқда… « (Ислом Каримовнинг КПСС XXVIII съездида сўзлаган нутқидан).

Ўша кезларда энг юқори минбардан туриб нуфузли делегатлар, чет эл вакиллари олдида бундай сўзларни ошкора айтиш учун катта жасорат керак эди. «Ўзбек иши», «пахта иши» деганлари туҳмат эканини, марказ, амалда бутун бошли халқни ҳақорат қилаётганини, бундай масхарабозликка чек қўйиш вақти етганини бутун дунё эшитди!

Энг тансиқ байрам

Шундай қилиб, 1991 йил 31 август куни Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очилди. Ватанимиз Мустақилликка эришди! …

Бирлашган Миллатлар Ташкилотида юртимиз байроғи ҳилпирай бошлади. Аждодларимизнинг минг йиллик орзуси рўёбга чиқди. Юртбошимиз адолатсизлик қурбонлари — «пахта иши», «ўзбек иши» баҳонасида ҳукм қилинган, бири Россиянинг қоронғи ўрмонларида, бири Қозоғистоннинг қуш учмас саҳроларида азоб чекаётган ҳамюртларимизнинг ҳаммасини Ватанимизга қайтариб олиб келиш ҳақида топшириқ берди!

Бу — ҳуқуқлари камситилган, ғурури топталган инсонларга кўрсатилган адолат эди! Бир вақтлар «Наврўз» — диний байрам, эскилик сарқити, деб тақиқлаб қўйилган бўлса, энди у ҳар йили расман умумхалқ байрами сифатида нишонланадиган бўлди. Шўролар замонида айрим даҳрийлар мачитларни бузиб, неча асрлардан бери элга хизмат қилиб келган мадрасаларда чўчқа боққан бўлсалар (афсуски бунақаси бўлган), истиқлол туфайли фуқароларнинг виждон эрки тикланди. Қурбон ҳайити, Рамазон ҳайити расман байрам қилинадиган, ҳар йили ҳаж сафарига борадиган минглаб зиёратчилар учун барча шароитлар яратиладиган бўлди. Муқаддас Қуръони каримнинг замонавий ўзбек тилидаги маънолар таржимаси давлатимиз раҳбарининг жонкуярлиги билан тарихда биринчи марта нашр этилди ва яна кўплаб тафсирлари чоп этилмоқда. Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Ғиждувоний, Термизий каби уламоларнинг пок номлари тикланиб, улар хотирасига обидалар ўрнатилди. Тошкент — Ислом маданияти маркази, деб эълон қилинди. Пойтахтда Ислом университети иш бошлади. Ҳозир унда қанчадан-қанча талаба-ёшлар таълим олмоқда. Пойтахтимизда Хасти Имом мажмуаси бунёд этилди…

Бир вақтлар атоқли олим Бўрибой Аҳмедов соҳибқирон Амир Темур ҳақида матбуотда икки оғиз ижобий фикр билдиргани учун минг бир хил тазйиқларга йўлиққан бўлса, эндиликда Амир Темурнинг фақат Марказий Осиё эмас, бутун жаҳон тарихида ўчмас из қолдиргани исботланди. Яқин ўтмишда «босқинчи», «қонхўр» деб ҳақоратлаб келинган бу сиймо бир-биридан гўзал шаҳарлар, ўлмас обидалар бунёд этгани, фан, адабиёт ва санъат ҳомийси бўлгани аниқланди. Бугунги ёшлар шундай буюк шахснинг авлодлари эканлиги билан фахрланаётир.

Ўтган асрнинг ўттиз еттинчи йилларида авж олган «калла олишлар» бошқалар қатори ўзбекнинг ҳам элпарвар фидойиларига қирон келтирган эди. Мустақиллик шарофати билан Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Отажон Ҳошим, Усмон Носир ва бошқа юзлаб юрт фидойиларининг пок номи оқланди. Шўрпешоналар қатл этилган жойда Президентимиз қарори билан «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси бунёд этилиб, муқаддас зиёратгоҳга айлантирилди. Ватан озодлигини асарларида тараннум этган адиб, олим ва шоирларнинг номлари абадийлаштирилди, уларга ҳайкаллар қўйилди, асарлари қайта-қайта нашр этилди. Эллигинчи йиллардаги «қама-қама»ларда азоб чеккан талай ижодкорларнинг ҳурмати жойига қўйилиб, меҳнати юксак баҳоланди. Устоз Саид Аҳмаднинг ҳаяжон билан айтган бир гапи хотирамда муҳрланиб қолган. «Эллигинчи йилда «халқ душмани» деб қўлимга кишан солиб «борса-келмас»га олиб кетган эдилар. Мустақиллик шарофати, Юртбошимиз раҳнамолиги билан Халқ ёзувчиси бўлдим, Ўзбекистон Қаҳрамони бўлдим…»

Бир вақтлар расмий йиғилишларда она тилида гапириш «номақбул» саналган бўлса, энди ўзбек тили давлат тили мақомига эга. Бироқ бу бизнинг юртимизда истиқомат қилувчи бошқа миллат вакилларидан биронтасининг ҳуқуқини камситмайди. Ҳар ким ўз она тили билан фахрланиш, ўз тилида сўзлаш, ўқиш ва ёзиш ҳуқуқига эга. Жаҳондаги барча демократик мамлакатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бир хил!

Бугун жаҳоннинг истаган мамлакатига борган ҳамюртимиз «Мен Ўзбекистон фуқаросиман», деб фахр билан айтиши мумкин. Чунки бошқа мамлакатлар қатори Ўзбекистоннинг ҳам дунё ҳамжамиятида ўз ўрни, обрў-эътибори бор. Юртбошимиз таъкидлаганидек, биз ҳеч кимдан кам эмасмиз!

Халқимизнинг суюкли адиби Абдулла Қодирий ўлмас асари — «Ўткан кунлар» романида мозийга қайтиб иш кўриш хайрли экани ҳақида деб ёзган эди. Чиндан ҳам шундай. Зеро, кечаги кунни унутмаган одам бугуннинг қадрига етади. Ҳозирги авлодга — фарзандларимиз ва набираларимизга буни бот-бот эслатиб туриш бизнинг вазифамиздир.

Юқорида келтирилган далил ва фикрларни айтишдан мурод нуқул кечаги кунни қоралаш ёки иддао қилиш эмас. Бу гапларни эслашдан мақсад — Ватан мустақиллиги шунчаки осмондан тушган неъмат эмаслиги, бу кунларга етганлар ҳам, етмаганлар ҳам борлигини эслатишдир.

… Дунёда меҳри дарё аёллар кўп. Аммо инсон боласи учун Она битта бўлади. Дунёда гўзал юртлар ҳам кўп. Аммо инсон боласи учун Ватан битта бўлади! Сиз билан биз она юртимизни қанча эъзозласак, шу кунларга етказгани учун Яратганга қанча шукрона қилсак, истиқлолимизни қанча авайласак, ҳозирги таҳликали замонда юртимиздаги тинчлик-тотувликни асрасак, ёш авлод ҳам ўрнак олади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 17-сонидан олинди.