Абдуғафур Расулов. Туғдонавор матн (2010)

Эркин Аъзамнинг “Чироқлар ўчмаган кеча” номли илк тўпламидаги “Сой бўйи, чимзор…” ҳикоясида “илдизлари очилибсойгача тушган бир туп туғдона” тасвирланади. “Гули-гули” қиссасида “гужумзору туғдоназор”га эътибор қаратилади. “Қарздор” киноқиссасида “бир барака топгур экиб кетган ёлғиз туғдона” тилга олинади. Туғдона нима? Қандай ўсимлик? Эҳтимол, рус ўрмонларида ўсадиган темир дарахт,лиственница — тилоғочдир? Йўқ, у ўзимизнинг дарахт: ёнғоқ, тут, ўрик, қайрағочдек чайир, пишиқ. У илоҳий оғоч. Туғдона косада беморга сув берилса, даво топади. Баъзилар ёғочидан тумор ясаб, тақиб юради. Донгдор бахшилар туғдонадан дўмбира ясатганлар: “…бирам бўзлаб берар, сўзсиз сўзлаб берар, зулукдай ғамни сўриб, тиллари қуриб, ўкириб берар дўмбира, яхшиям, туғдона — тош оғоч. Қайроқ эмиб ўсган танаси. Илоҳий оғоч. Фақат ўша чидар аслида. Дуо кетган наслига”.

Илк ҳикоялар тўплами чоп этилганига ўттиз йил тўлгач, 2007 йилда Эркин Аъзам “Жаннат ўзи қайдадир” китобига турли жанрлардаги асарларини, 2009 йилда нашр этилган “Гули-гули” тўпламигаҳам қиссалар, киноқиссалар, драматик асариникиритган. Тўпламлардаги асарларнинг тури, жанри ҳар хил. Уларнинг ўқ илдизини ёзувчи услуби, туғдонавор матн бирлаштиради. Бадиий асар матнини санъаткор қалбидаги сеҳрли нур ёритиб туради. Матн пилла толаси мисоли: ғаройиб қонуниятлар асосида вужудга келади.

“Пилла толаларининг тўқилиш” сирларидан хабардор бўлган зурафо ҳам руҳан, ҳам ақлан қониқиш ҳосил қилади.

Пишиқ, чайир матннинг асосий фазилати тиниқлик, аниқликда кўринади. Ёзувчи нимани тасвирлаётганини, кимникўрсатаётганини яхши билади. Аниқлик — эмин-эркин ҳаракат, матн тузиш. “Ёзувчи” ҳикоясида китобхон мўйсафед Домланинг Чилонзордаги кичкинагина квартирасини, беш жоннинг шу тор маконда ҳаракат қилишини кўради. Тошкент шаҳар ёнгинасидан жамоа хўжалиги бошлиғининг инъоми Домлани руҳлантириб юборади: боғҳовлини жаннатдай қилиб қўяди. Ўқувчи ишонадики, Домла ҳар ишни маромига етказиб бажаришга одатланган. У китоб чиқаришни орзу қилган Раиснинг гўригағишт қалай-қалай хомаки асарга жон ато этади. Раис “асар”и тилга тушади.

Домла қон-қони билан зиёли: бўлар-бўлмасга тажанг бўлавермайди, ўзи яратиб қўйган жаннатдай боғни ҳеч кимга кўз-кўз қилмайди. Олашовур шофёрнинг Оллоҳшукур ҳожига айланиш жараёни ҳам ишонарли тасвирланган. Ҳикоянинг энг зўр нуқтаси — икки қариясуҳбати. Саратон касалига мубтало бўлган раис ўзхатосини тан олади. Домла раиснинг қалб изҳорини индамай ўтириб, аммо чуқур ҳис қилган ҳолда тинглайди. Домла ва раис ҳаётнинг аччиқ шаробини татиб кўрганлардан.

Ижодкорда яратилажак асар тарихини аввалдан кўриш, ҳис қилиш иқтидори бўлса, матндаги умумий ва хусусий томонлар кўзга аниқташланади. “Ёзувчи” алоҳида асар, ҳикоя. “Сув ёқалаб” — киноқисса. Икки асар — икки йўл. Биринчисида воқеалар Тошкентда, унинг биқинидаги қишлоқда рўй беради. Асар қаҳрамони катта шаҳар руҳини, унинг залворини, ички босимларини ҳис қилган шахс. У кўп билади — кам гапиради; кўп ишлайди — аранг турмуш кечиради. Раиснинг бир оёғишаҳарда, бир оёғи қишлоқда. Унинг таниш-билишлари, эмин-эркин гаплаша оладиган кишилари талайгина. Раис хом-хатала “асари”ни нашриётбошлиғига олиб келишга ҳадди сиғади. Айни вақтда у ҳаёт қозонида тобланган, ҳар хил воқеа-ҳодисаларни кўравериб кўзи пишиб кетган, инсоф-иймонни унутмаган одам. “Ёзувчи”даги раисни мен “Сув ёқалаб” киноқиссасида қайта учратдим. У — БолтаМардон: хўжаликни опичлаб катта қилган, одамларни беш қўлидай билади. Оқни оқ, қорани қора деган: ҳалол, инсоф билан ишлаган. Болта Мардон амалдан кетгани биланкишилар қалбидаҳамон раис.Ҳеч кимдан тили қисиқ эмас, бошини ғоз кўтариб юради.

“Ёзувчи”, “Сув ёқалаб” асарларида Эркин Аъзам услуби аниқсезилади. Айни вақтда ҳар икки асар ўз структураси, жанрига кўра алоҳида услубни вужудга келтирган. Ёзувчи услубининг икки хил кўринишда намоён бўлиши матндаги изчиллик, қатъийликдан юзага келган.

Эркин Аъзам ижодида “Забаржад” киноқиссасиўзига хос ўрин эгаллайди. Қизнинг келишган қад-қомати китобхоннижалб этади. Унинг дадил гап-сўзлари, ҳазил-ҳузуллари ўзига жуда ярашади. Забаржад — дангалчи. Илмий раҳбари гапни айлантира-айлантира, қизга “Менга ўйнаш бўлгин”, деган маънода гап айтади. Қиз шартта ариза ёзади: ишдан кетади. Забаржад — кўнгли очиқ, меҳр-мурувватли қиз. Дадасинингулфати Восил амаки пияниста бўлиб қолган: ичмаса туролмайди. Қиз амакининг “касали”ни билади, ҳамиша унинг чўнтагига пул солиб қўяди.

Забаржад зинҳор фариштамас: кимгадир дўқ уради, кимгадир муштиничучвара қилиб кўрсатади, эрга тегиш истаги борлигини ҳеч кимдан яширмайди. Уни “қоғоздаги қанддай қиз”, десак янглишамиз. Унинг Диля Дубай деган дугонаси бор. Забаржад Диляга ҳавас қилмайди, айни вақтда у билан алоқасини узиб кетмайди. Забаржад ақл-ҳуш, ҳисоб-китоб билан яшашдан зериккан.У кўнгил ройишига бўйсунган: ўрта ёшлардаги, сочларида оқ толалар анча сероблашган эркакни севиб қолган. Эркак унга ёқади, тамом-вассалом. Забаржад эркакдан на оила қуришни, на бахтли қилишни талаб этади. Эркак эртами-индин уни унутар, аммо Забаржад бу ҳақда ўйлашни истамайди. Эҳтимол… ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз?

Эркин Аъзамнинг “Гули-гули” тўпламидаги ўзига хос асарлардан яна бири — “Қарздор” киноқиссаси. Унинг матни пишиқ дейишдан кўра, кинога мўлжалланган, тасвир аниқ, тиниқ дейиш ўринлироқдир. Асарнинг илк саҳифасини ўқиб кўринг-а, кино томоша қилаётгандай бўласиз! Кези келди, бир фикрни айтиб ўтай. Эркин Аъзам юртимиздаги етакчи сценарийнавислардан бири бўлиб қолди. Ҳозиргача унинг асарлари асосида бир қанча филмлар суратга олинган. Ҳатто, “Гули-гули” қиссасида “Эркак” филми суратга олинган жойлар, филм режиссёри Юсуф Розиқов ҳақида йўл-йўлакай гап боради. “Ўзбекистонадабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 11 июнь сонида “Ўзбек киноси дунё нигоҳида” деган эътироф мақола босилди:“Юксак маънавий ғоялар тантанаси ҳамда инсон руҳини юксалтириш учун” шиори остида Москвашаҳрида бўлиб ўтган “Золотой Витязь” XIX халқаро кинофорумида режиссёр Жаҳонгир Қосимовнинг “Сув ёқалаб” бадиий филми (сценарий муаллифи ёзувчи Эркин Аъзам) кумуш совринга сазовор бўлди”.

“Қарздор” асари ҳам сценарий сифатида ёзилган. Таъкидлаш жоизки, материал, қаҳрамонлар, тафсилот, атроф-муҳитни тиниқ кўрсатиш пишиқ матнни тақозо этади. Бошқача айтганда, матннинг етуклиги сценарийнинг ҳаётий, бетакрорлигини белгилайди.

“Қарздор” киноқиссаси шу куннинг, тадбиркорлик, ишбилармонлик, ҳисоб-китоб авж олган палланинг асари. Қаранг, қизиғ-а: киракаш ўқитувчи ўз ўқувчисини машинада марказга олиб келди. Йўловчи — ўқувчи келишилганидан кам ҳақ тўлаяпти:

“ — Қишлоқдаги беш минглик лафз шаҳарга келиб уч минг бўлиб қолдими? Тадбиркорман деяпсиз, қани, чўзинг қолган иккисини!

— Сиз ҳам анави қирриқ тоғангиздан қолишмас экансиз!

— Жиян тоғасига ўхшамаса ҳаром ўлади, деб ўқитмаганмидим сени! Чўз, чўз!

Ўспирин тириша-тириша, бир азобда ёнидан пул чиқариб беради-да, жаҳл билан тумшайиб нари кетади” (“Гули-гули” тўплами, 129-бет).

Бадиий матнда оҳангни ифодалаш ниҳоятда мушкул иш. Юқорида келтирганимиз ўқитувчи ва ўқувчи диалогида оҳанг ғоят муҳим аҳамиятга эга. Ўқитувчи — киракаш. Баҳром ўз ўқувчиси билан жиддий олди-берди қилади. Лекин ўқитувчи сўзлари замирида заҳар эмас, самимийлик, шўхликка мойиллик бор.

Ўқувчилар устознинг самимийлигини, меҳрибонлигини дарҳол пайқайдилар. Шунинг учун устоз билан эмин-эркин сўзлашадилар. Баҳромнингшогирдларидан яна бири — Кунтуғмиш, ўзининг тус жияни. Иқтидорли бола, шахматчи.

Амаки-жиянбир қўл шахмат суришмоқчи.

“ — Нимадан ўйнаймиз?– деб сўрайди бола дафъатан.

— Ия, ия, қиморга ўтибдиларми, жиян?

— Бозор иқтисодиёти, амакибой! — дейди Кунтуғмиш муғомбирона илжайиб. Сўнг ўзига қорани, Баҳромга оқ доналарни териб чиқади.

— Бўпти, шартингни айт!

— Ютқизсангиз-чи, Тошкентга бориб-келиш харажатимга спонсорлик қиласиз!” (138-бет).

Баҳром кўп жиҳатдан Забаржадга ўхшайди. Баҳром ҳам, Забаржад ҳам барчага даркор: кимдир юмуш буюради, ўксиган юрагини бўшатиб олади, биров заҳрини сочади, дўқ уради. Забаржад ва Баҳромлар асабқайтаргич, балогардон, руҳ малҳами. Бу тоифа одамлар ўзгалар манфаати йўлида елиб-югураверадилар. Баҳромнинг хотини ўлган. Унга тегмоқчи бўлганлар орасида навниҳол қизлар ҳам бор. Йигит уларга қайрилиб ҳам қарамайди, ёш қизларнинг уволидан қўрқади. У дўхтир аёл, болали бева Файзихолга уйланмоқчи.

“Аралашқўрғон” — ёзувчи ижодида ўзига хос ҳикоя. Асар қаҳрамонлари ҳар томонлама “терма”. Доцент ҳам, дўкондор ҳам, мухбир ҳам, Каттакон ҳам, оқсоқолликка даъвогар ҳам бор. Уларнинг ташвиши — туну кун тинмай акиллайдиган итнинг овозини ўчириш. Ит — Каттаконники. Каттакон ўта сипо, қўли очиқ, Аралашқўрғонга кўп яхшилик қиляпти. Аралашқўрғонликлар, асосан, бекорчилар. Қизиқиш доиралари ҳам торгина. Ҳамма ўзларияшаётган манзил тарихини ҳам дурустроқ билмайдилар. (“Лофчироқ доцентнинг айтишича, бираср муқаддам бу ерлар машҳур Мирзакаримбойнинг ҳув Йўлчивой ғайрат кўрсатган серҳосил экинзори бўлган эмиш. Қайдам, бунинг тўғри-нотўғрилигини Ойбек домла тирик бўлганида ўзларидан сўраш мумкин эди — бугун эса ишонмоқдан ўзга чорангиз йўқ). Бир томони донгдор дам олиш уйининг девори билан тўсилган, бир томони — сердарахт санаторийга туташ… Тап-тайёр қўрғон-да! Кимдир бу жой аҳлини қурама, аралаш дегандек гап қилган экан, маҳалланинг номи ўз-ўзидан “Аралашқўрғон” бўлиб кетди” (39-бет).

“Аралашқўрғон” ҳикояси етук, матни пишиқ асар. Лекин ҳикояда кемтиклик бордай. Унда асосий гап бўртиброқ сезилмайди. Бошқаҳрамон кўзга ярқ этиб ташланмайди.

Эркин Аъзамнинг сўнгги йилларда яратган асарлари орасида “Гули-гули” қиссаси алоҳида ажралиб туради. Асарда яхлит сюжет чизиғи йўқ, унда бир қанча масалалар ўзаро боғланиб кетган. Жийдали алоҳида маъмурий ҳудуд эди, Кал пошшо туманларни, вилоятларни бир-бирига қўшиб юбора бошлагач, қадимий, обод туман Қўшдарёга қўшиб юборилди. Марказ Даштободга кўчгач, Жийдалидан файз кетди. Бу ноҳақликка қарши Соли бақироқ, Аҳад махсум, Исмоил телпакдўз, Ражаб қора, айниқса, Ўрмон калта бош кўтарди. Ўрмон шахс энг юқори ташкилотларга хат ёзди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотига ҳам ёзишга тайёргарлик кўра бошлади.

Собиқ обод марказ майда гап-сўзлар, олди-қочди воқеалар марказига айланиб қолади. Авваллари Мўмин кални (етим, новча, қўпол) ҳеч ким назар-писанд қилмасди. Давринг келди сур бегим, деганларидай, Мўмин энди Маймунга айланди. Қишлоққа кўчма зоопарк келди, урғочи ва нар маймун куппа-кундуз куни “беадаб”лик қилди. Маймунлар “жасорати” Мўминни рағбатлантириб юборди. У ўша нар маймунга айланди-қолди. Маймундай яшади.

Маймун ўзининг ҳайвоний қилиқларига, таъвия илинжига одамларни кўниктириб олди. Қиссада чақмоқдай бир жумла бор, у Маймуннинг асл башарасини кўрсатади: “Кетаётганимизда Маймун қўққисдан менинг елкамдан тортиб тамоми соппа-соғ овоз билан:

— Ўв, уч-тўрт сўм ташлаб кет,– деб қолди.– Мен бу ерда сувингни қўриқлаб ўтирибман, номард!

Олдинда бораётган Маҳмуд шартта бурилиб, орамизга тушди.

— Давай-давай, марш! – дея хийла қўполлик билан Маймунни итариб ташлаган бўлди” (52-бет).

Қиссада қирқ йил бурун ўтган воқеалар бугунги кун билан қиёсланади. Хотинини чавақлаб қамалган Маймуннинг отаси қишлоққа қайтиб келади. Маҳмуднинг айтишича, у “келиб уйланди, учтами-тўртта бола қилди. Маймунга ўхшаган. Биттаси наркоман. Қолганлари у ёғи Корея, бу ёғи Россияларда ишлабкелиб, шишиб кетган. Ҳали қарамабсиз-да, боғнинг этак тарафидаги қора ойнали қўшқават қасрлар — шуларники!” (55-бет).

“Гули-гули” қиссаси кишини кўп нарсалар ҳақида ўйлашга чорлайди. Дарҳақиқат, минглаб-миллионлаб одам ҳаётдан руҳий-маънавий қониқиш ҳосил қилмай ўтиб кетди. Мустақиллик инсонни инсондек яшашга ундади. Маймунлик, ҳайвоний одатлар ўзлигини кашф этаётган одамларга ҳақоратдай туюладиган бўлиб қолди. “Гули-гули”да Эркин Аъзамга хос услуб — ҳаётни ич-ичидан ёритиш хусусияти кўзга аниқ ташланади.

Умуман, адиб янги ҳаёт қураётган кишилар руҳиятини нозик тасвирлайди, кесатиқ, сатирик муносабатдан ўзини тиймайди.

Эркин Аъзам — қўшиғини баралла айтаётган ижодкор, Мустақиллик пойдеворини пухталашга муносиб ҳисса қўшаётган шахс, замонанинг илғор зиёлиси. Унинг асл моҳияти ёзган асарларида, санъатлар аро алоқаларни ижодий бойитаётганида, “Тафаккур”нинг таъсирчанлигида, бир сўз билан айтганда — адабий-ижтимоий сиймо сифатида тутган йўриғида аниқ англашилади.

Абдуғафур Расулов,

профессор

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 32-сонидан олинди.