Ўткир Ҳошимов. Пардоз эмас, ҳусн керак! (2007)

Атоқли адиб Саид Аҳмаднинг устоз Абдулла Қаҳҳор ҳақидаги хотираларида ибратли фикр бор. Баъзи шогирдлар устози ҳақида хотира ёзаётганда ўзини ўша аллома билан тенгма-тенг қўйишга уринади. Гўё улкан адиб нуқул шу шогирди билан бамаслаҳат иш қилгандек. У ёки бу асарини айнан шу шогирдининг тавсияси билан ёзгандек. Бу — юмшоқ қилиб айтганда, нокамтарлик.
Абдулла Қаҳҳор ниҳоятда зиёли, ниҳоятда маданиятли, ҳеч қачон овозини кўтариб гапирмайдиган инсон эди. Бироқ 60-йиллари адабиёт остонасида довдираб турган биз каби ёшлар у ёқда турсин, Қаҳҳор домланинг тенгқурлари ҳам у киши билан ўйлашиб гаплашар, бир қадар ҳайиқиб туришарди. Сабаби, Абдулла Қаҳҳор ҳар қандай вазиятда ҳам аввало адабиёт манфаатини ҳимоя қиладиган, ҳақ гапни айтишдан ҳайиқмайдиган виждонли адиб эди…
1963 йили “Шарқ юлдузи” журналида “Чўл ҳавоси” деган биринчи қиссам эълон қилинди. Тошкент давлат университети(ҳозирги Миллий университет)нинг учинчи курсида ўқир эдим. Бўкада пахта териб юрганимизда курсдошимиз Тўлқин Алимов(ҳозир таниқли таржимон) Тошкентга — уйига бориб келадиган бўлди. (Тўлқин ака янги уйланган, домлалар инсоф қилиб, ойда бир-икки марта уйига юбориб туришарди.) Эртасига қайтиб бориб, “Сенга Абдулла Қаҳҳордан хат кепти, факултетга келган хатлар орасида ётган экан, уйимга ташлаб келдим”, деди. Бу — мен учун энг бахтли кун эди! Ўша кезлари Қаҳҳор домла “йилт” этган истеъдод пайдо бўлиши билан асарини ўқиб, дарҳол йўқлар, ёш ижодкорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиларди. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўлмас Умарбеков, Учқун Назаров каби истеъдодли қаламкашларнинг дастлабки асарларига юқори баҳо берган, илиқ фикрлар билдирган эди. Мен учун домладан хат олишнинг ўзи катта воқеа эди. Демак, устоз журнални ўқиган. Майли, қисса маъқул келмаган бўлса, койиган бўлса ҳам хурсандман. Домла ўқиганининг ўзи катта гап.
Яна бир неча ҳафтани “ичим қуриб”, амаллаб ўтказдим. Ниҳоят, “оқ олтин” далаларида тағин бир ойча “жавлон ургач”, Тошкентга қайтдик. Биринчи қилган ишимиз — қопимизни орқалаб, Тўлқин аканинг уйига бордик. Қўлимиз титраб, хатни ўқидик. Устоз ёш ёзувчининг боши осмонга етадиган самимий сўзлар ёзган, бирдан лов этиб аланга билан бошланган ижоднинг келажаги порлоқ бўлишини айтган, аммо шу алангани ҳеч қачон пасайтирмаслик, ижодни тугатмаслик зарурлигини ҳам алоҳида таъкидлаган эди…
Қаҳҳор домладек қаттиққўл устоз мақтовини эшитган биздек “азамат” олдида янги муаммо пайдо бўлди. Домлага миннатдорлик билдириш керак. Аммо қандай қилиб? Хатга жавоб хати ёзиш — олифтагарчилик. Раҳмат айтиб, қўнғироқ қилиш — нокамтарлик. Уйига борай десам, нима баҳона топишни билмайман, одобсизлик бўлади, деб ўйлайман. Кунлардан бирида оқсоқол адиб Йўлдош Шамшаров “Сени Қаҳҳор домла сўради”, деб қолди. Йўлдош аканинг далдаси билан домланинг Ёзувчилар боғи ёнбошидаги шийпонига бордик. Абдулла Қаҳҳорнинг сочлари оппоқ, юзидан нур ёғилиб турар, паст, осойишта овозда гапирар, осойишта кулар, кулганида чеҳраси янаям ёришиб кетганга ўхшар эди… Аввало, эсимда қолгани шуки, Кибриё опа парамач олиб келди. Қаҳҳор домла “Бу — Кибриё опангизнинг “пажарний овқати”, масаллиқни тайёрлаб қўяди-да, меҳмон келиши билан дастурхонга тортади”, деди. Ростини айтсам, қисиниб-қимтиниб еганим ўша парамач чиндан ҳам ғоят мазали эди. Сўнг адабиёт, ижод, ижодкор ҳақида гап бўлди. Мен бир оғиз ҳам гапирмадим. Қаҳҳор домла ҳам сўзлашдан кўра кўпроқ тинглади. Йўлдош ака ўз мулоҳазаларини анча эркин баён қилди.
Қаҳҳор домла айтган ва хаёлимда муҳрланиб қолган биринчи фикр шу бўлди. Ойбек катта ёзувчи. “Навоий” зўр роман. Фақат бир нарса ёзувчини хийла қийнаб қўйган: романда образ кўп. Албатта, тарихий роман учун шу нарса керакдир. Аммо асарда қатнашадиган одам қанча кўп бўлса, улар образ эмас, шунчаки “персонаж”га айланиб қолиши, ўқувчи кўз ўнгида тирик одам сифатида жонланмаслиги мумкин…
Китобдаги ҳар бир исм ортида одам туради. Ижодкорнинг энг қийин вазифаси ҳам асардаги одамларга жон ато этиш. Домла образ ҳақида тағин бир фикр билдирди: “Асар қаҳрамони иложи борича торроқ тешикдан ўтгани маъқул”. Бу гап маъносини тушундим. Китобдаги қаҳрамон, яъни одам қанча кўп синовларни бошидан кечирса, қанча мураккаб вазиятга тушса, ўқувчи хотирасида шунча чуқурроқ муҳрланиб қолади.
Аммо устознинг бир гапини тушунганим йўқ: “Бадиий асарда детал пардоз эмас, ҳусн бўлиши керак! Акс ҳолда, тегирмончининг махсисига ўхшаб қолади”. Ажаб, тегирмончи махсисининг деталга нима дахли бор? Орадан маълум фурсат ўтгач тоққа — Сўқоқ қишлоғига бордик. Сўқоқлик шоир Ориф Одилхоновдан қишлоқдаги сув тегирмонига олиб боришни илтимос қилдим. Кирдик. Тегирмончининг ишини кузатдик. Тегирмончилар кўпинча(ҳатто ўша замонда ҳам) намозхон одамлар бўларкан. Бундан ташқари, ун тортилаётганда албатта оёғига махси кийиб юрар экан. Сабаби, дон тегирмон дўлида айланганда ун кукуни атрофга сочилади. Тегирмончи ташқарига чиқаётганда унни увол қилмаслик учун оёғини қоқади. Шунда оппоқ ун тўкилиб, буришган махси кўриниб қолади…
Домла, ҳар қандай чиройли детал ҳам, агар асар тўқимасига табиий равишда сингиб кетмаса, асарнинг ҳуснини очиш ўрнига уни хунук қилиб қўяди, демоқчи экан.
Табиийки, Қаҳҳор домланинг ўзи ҳар бир деталга айрича маъно юкларди. Адибнинг 60 ёшли тўйи муносабати билан домланинг истеъдодли шогирдларидан бири — таниқли ёзувчи ва режиссёр Учқун Назаров устоз ҳақида қисқа метражли ҳужжатли филмни суратга олди. Чамаси бугунги кунгача Қаҳҳор домланинг жонли қиёфаси, сўзлари, гап оҳанги сақланиб қолган филм шу бўлса керак. Филмнинг бир лавҳаси Ёзувчилар боғидаги қадимий арғувон остида суратга олинди. Ўша лавҳада шундай ҳолат бор. Устоз ижод олами муқаддас нарса экани ҳақида гапириб, “Адабиётга мушукка ўхшаб эшик қолиб, туйнукдан кирадиганлар ҳам бор”, дейди. Шу лавҳа суратга олингач, устоз жиндай қониқмади. “Битта сўзни айтмабман, — деди. — Мушукка ўхшаб эмас, “ўғри мушукка ўхшаб” дейишим керак эди”. Билмадим, у пайтда кино ленталари танқис бўлганми, ё ҳар бир лавҳани қайта-қайта суратга олавериш бир қадар чарчатганми, янгидан тасвирга олишга рағбат сезилмади. Шунда Озод ака жўяли гап айтди: “Энди, домла, эшик қолиб туйнукдан тушганидан кейин ўғри мушук бўлмай, тўғри мушук бўлармиди, шу жумланинг ўзи кифоя шекилли”, деди. “Шунақа-ку, — деди домла кулимсираб, — адабиётга эшик қолиб туйнукдан кирадиганларни шунчаки мушукка ўхшатсак, мушукнинг ҳақи кетади-да. Бунақалар жўн мушукмас, ўғри мушук!”
Филмда Қаҳҳор домланинг тағин бир ибратли гапи бор. Устоз “Адабиёт касбми, ҳунарми?” деб савол беради-да, унга ўзи жавоб қилиб адабиёт, яъни ижод шунчаки “сабаби тирикчилик” ҳисобланувчи касб эмас, жуда камёб ҳунар, яъни санъат эканини алоҳида таъкидлайди…
Абдулла Қаҳҳор ёзувчилик аввало фидойи гражданликдир, деган ақидага амал қилар, ҳаётдаги юзакичиликлар, олди-қочдиларга бепарво қарай олмас эди.
Сунъий қаҳрамон “ясашлар”, “қўшиб ёзишлар”, ҳавойи “ура-ура”лар ҳақида 60-йилларнинг бошидаёқ ташвишланиб ёзган “Ҳуснбузар”, “Нурли чўққилар” каби мақола ва ҳикояларида, порахўрликни фош этувчи “Тобутдан товуш” сатирик комедияси ва бошқа асарларида бутун шўролар мамлакатида одат тусига кираётган бундай иллатлар охири яхшиликка олиб бормаслиги ҳақида огоҳлантирмоқчи бўлгандек эди. Чиндан ҳам ўша йиллари “йўқ жойдан бор қилишлар”, “пуфлаб шишириш”ларни тез-тез учратса бўларди…
Ўша йиллари кенг тарқалган бир латифа эсимда қолган. Бир куни шахсан Хрушчёв пахта терувчининг маҳоратини ўз кўзи билан кўрмоқчи бўпти. Пахтаси терилмаган далага боришибди. “Пўлат от чавандози” — қаҳрамон механизаторни тайёрлаб қўйишибди. Ўша машинани яратган кекса олим ҳам етиб келибди. “Қани, кўрсат, ҳунарингни!”, — дебди Хрушчёв. Қаҳрамон механизатор шўрлик ҳаяжонланганидан шпинделларни шарақ-шарақ қилиб пастга туширибди-да машина тепкисини шунақанги куч билан босибдики, машина қутурган буқадек ўкириб “жавлон ура бошлабди”. Бункерга пахта, кўрак, ғўзапоя аралаш-қуралаш бўлиб тўкилиб ётганмиш. Бу ҳам етмагандек, пушталарнинг абжағи чиқиб, чанг-тўзон кўтарилаётганмиш. Кекса конструктор шўрлик “энди тамом бўлдим”, деб қўли қалтираб ҳассасига суяниб турса, жиндай “отиб олган” Хрушчёв хитоб қилибди: “Вот это комбайн! Вот молодец! И хлопок собирает и стебеля убирает и землю пашет!”…
Ўз замонасининг “ҳушёр танқидчилари” кўзойнак у ёқда турсин, микроскоп билан қараганда ҳам иллат топиши қийин бўлган “Синчалак” қиссасидан ҳам хато топишган. Ҳамма гап марказий газеталардан бирида “Синчалак”дан кичик бир парча босилишидан бошланган. Газета чиққан заҳоти ҳаммаёқ тўс-тўполон бўлиб кетган. Буни қарангки, А.Қаҳҳор ўз асарида “давлат сири”ни фош қилиб қўйибди. Ўша парчада ёзилишича, чет элдан келаётган меҳмонларни қаерга олиб бориш аввалдан келишиб олинади. Бу — “давлат сири” экан. Чет элликларнинг қаерга бориши ўзининг иши экан… Газетанинг ўша сонига навбатчилик қилган бўлим мудирига ҳайфсан берилади, бошқа чоралар кўрилади. Бўлим мудири аламига чидолмай ёзувчининг ўзига қўнғироқ қилади. Шунда Абдулла Қаҳҳор ўша газета раҳбарларидан бирининг хонасига кириб боради. Раҳбар адибнинг салобатини кўриб ўрнидан туриб кетади. Шунда Абдулла Қаҳҳор бир оғиз сўз айтади. “Бурга йўталса, тиззаси қалтирайдиган раҳбар экансиз! Қўрқманг, тагингиздаги креслони ҳеч ким тортиб олмайди. Бу асар аллақачон Москвада чиққан” — дейди-да, машҳур адиб Константин Симонов таржимасида “Синчалак” босилган “Знамя” журналини унинг столига ташлаб чиқиб кетади.
Қаҳҳор домла шогирдларига қанча меҳрли бўлса, шунча қаттиққўл ҳам эди. Ёшларнинг ҳар бир ютуғидан қувонар, аммо ижодга нисбатан енгилтакроқ муносабатда бўлса аяб ўтирмасди. Буни ўзимнинг аччиқ тажрибамда синаганман. Биринчи асарим анча “довруқ қозонгач”, гоҳ у, гоҳ бу нашрлардан “буюртма”лар туша бошлади. Бир журналнинг илтимоси билан ҳикоя ёзиб бердим. Инсоф билан айтганда, ҳикоя жудаям ёмон эмас эди. Аммо таҳририят ўзи буюрган мавзуга ўзи хўжайин бўлгиси келган шекилли, “таҳрир”ни шунақанги боплабдики, бўшгина, совуққина ҳикоя босилиб чиқди. Кунларнинг бирида дўстларим домла мени йўқлаётганини, нимадандир хафалигини шама қилишди. Юрагимни ҳовучлаб устознинг шаҳар ҳовлисига бордим. Ҳозир “пўстагим қоқилиши”ни билиб ўтирибман. Кибриё опа дастурхон ёзди. Чой келтирди. Устоз бир оғиз ҳам койимади. Адабий жараён ҳақида фикрини айтди. Жаҳон адабиётидан кимларни яхши кўришим билан қизиқди. Фақат, чиқиб кетаётиб, остонада ботинкамнинг боғичини терлаб-пишиб боғлаётганимда бир оғиз сўз айтди. “Ҳақиқий ёзувчи қандай машҳур бўлиб кетганини ўзи билмайди. Уни халқ кўтаради. Мен ҳалиям борман, деб эслатиш учун бўш асарни эълон қилиш шарт эмас…”. Ана, мен ҳам “насибам”ни олдим! Бундан ортиқ калтак бўлмаса керак! Ўшандан бери, ҳамиша, ҳозир ҳам бирон нарса ёза бошласам, домла елкам оша қараб, “Хўш, буёғи қандоқ бўлаяпти?”, деб турганга ўхшайверади…
Устоздан бир марта мадад сўраб борганим эсимда. “Шамол эсаверади” деган қиссам эълон қилинганда уюшмадаги катта йиғинда бир мунаққид ”Фалончи ўз асарини “Тендряковдан қўчириб олган” деб даъво қилди. Бу — ёмон айбнома эди. Аслида мен Тендряковнинг ўша асарини кўрган ҳам эмасдим. Фақат мавзу бир-бирига яқин бўлиб қолган экан. Ҳар иккала асарда ҳам худди ўша — 60-йиллари бошланган “кенг оммани эргаштириш учун сунъий қаҳрамон” ясашга уриниш қораланган.
Бир мамлакатда, бир хил муҳитда яшайдиган икки адиб бир-биридан бехабар ҳолда бир мавзуда асар ёзиши табиий ҳол. Буни плагиатга йўйиш оғир айбнома. Айниқса, ёш қаламкаш учун… Дардимни кимга айтишни билмай, Қаҳҳор домланинг олдига бордим. Ҳаяжондан тутилиб-тутилиб бўлган гапни айтдим. Устоз негадир хотиржам жилмайиб қўйди. “Сизни кўчирмакашликда айблаган ўша муллага айтиб қўйинг. Шу гап рост бўлса, Тендряков мендан кўчирган бўлиб чиқади. “Қаҳрамон” ясаб, кўз-кўз қилиш ҳақида мен ҳам аллақачон ёзганман. Бир мавзуда ўнта ёзувчи ўн хил асар ёзиши мумкин. Ҳамма гап ўша мавзуни ким қандай уддалашида. Уёғини сўрасангиз, адабиётда бир-бирига ўхшаш лавҳалар ҳам етарли. Айтайлик, “Бой ила хизматчи”да ҳам, “Ўтган кунлар”да ҳам, “Қутлуғ қон”да ҳам асар қаҳрамонлари заҳар ичиб ўлади. Нима, шу билан ёзувчилар бир-биридан кўчирган бўлиб қоладими? Бу асарларнинг бирини олиб қолиб, бошқасини ташлаб юбориш керакми, энди?”
Устоз ҳузуридан елкамдан тоғ ағдарилгандек енгил тортиб чиқдим…
Абдулла Қаҳҳор ҳақида гап кетганда, Кибриё опани эсламаслик адолатдан бўлмайди. Устоз нимаики ёзган бўлса, ҳаммасида умр йўлдошининг хизмати бор. Опа умр бўйи адибнинг ижод қилиши учун имкон қадар қулай шароит яратиб беришга уринган. Қолаверса, ўзи ҳам ижодкор сифатида домлага жўяли маслаҳатлар берган. Домла вафот этганидан кейин ҳам Кибриё опа ўз умрининг охиригача ҳар йили сентябр ойида адиб туғилган кунни хотирлаб, устознинг дўст-биродарлари, содиқ шогирдларини бир даврага тўплашдан чарчамади. Опа вафотидан сўнг бу анъанани Кибриё опанинг укалари, жиянлари давом эттирдилар. Қаҳҳор руҳини ҳамиша эъзозлаб келдилар.
Абдулла Қаҳҳор бир умр Ватан озодлиги, юрт истиқлолини орзу қилиб яшади. Мамлакатимиз Президенти қарори билан Абдулла Қаҳҳор таваллудининг юз йиллигини нишонлашга киришилгани устоз умр бўйи орзу қилган адолат тантанасидир, десак, тўғри бўлади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 18-сонидан олинди.