Тақдир тақозоси билан Ватандан олисда — ўзга бир юртда туғилиб, ўзга бир юртда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан суҳбатлашиб ўтирар эдик. Телефон жиринглаб қолди. Гўшакни кўтардим ва, беихтиёр:
— Узр, Америкадан меҳмонлар келишган, бироз банд эдим, кейинроқ телефон қиласизми, — дебман.
— Ватандош, — деди меҳмонлардан бири норози оҳангда, — сиздан илтимос, бошқа ватандошлардан ҳам ўтиниб сўраймиз, бизларни меҳмон деманглар. Ахир, қанақасига меҳмон бўлайлик? Ота-боболаримизнинг киндик қони тўкилган юртда, ўз юртимизда, ўз Ватанимизда, ўз уйимиздамиз-ку, ахир. Меҳмон эмасмиз, бизни худдики ўзингиздек билинг. Неча йиллар олис юртларда ўзга байроқларга сиғиниб, ўзга мадҳияларни куйлаб, ўзга қадриятларга амал қилиб келдик. Қанча-қанча жигарларимиз Ватаннинг бир сиқим тупроғи, бир қултум суви, бир насими бўйига ета олмай оламдан ўтиб кетишди. Истиқлол туфайли бизлар яна Ватанли бўлдик. Уни кўриб, нон-тузидан баҳраманд бўлиб ўтирибмиз, бизни меҳмон деманглар…
Очиғи, кейинги пайтларда бундай эътирозларни такрор-такрор эшитишга тўғри келмоқда. Меҳмондўст, бағрикенг, борини баҳам кўрадиган халқмиз. Дунёнинг не-не бурчакларидан ҳар куни юртимизга неча юзлаб, минглаб меҳмонлар келишади. Кўчалар, сайилгоҳларда, мустақиллик йиллари бунёд этилган гўзал кошоналарда, ҳар куни, ҳар соатда тўп-тўп хорижликларни, жаҳонгашта сайёҳларни кўриш мумкин. Эрталабки ошлар, кечки висол оқшомларида ҳам меҳмонлар алоҳида иззатда. Сервис хизмати дунё андозаларидан қолишмайдиган замонавий ресторан, хусусий емакхоналарга ҳадеганда ўзимизча боравермаймиз, аммо меҳмон келиб қолса, ҳурмат маъносида албатта олиб борамиз. Меҳмонлар баҳонасида шу чоққача ўзимиз кўрмаган жойларни кўрамиз, кўҳна обидаларимизни биргалашиб томоша қиламиз. Ҳеч ким юртимиздан кўнгли тўлмай кетмасин, хурсанд бўлсин, яна қайтиб келсин, деймиз. Хайрлашаётганимизда “Узр, яхши меҳмон қила олмадик, бироз шошиб қолдик, буниси ҳисобмас, бошқа келинглар, бола-чақаларни ҳам олиб келинглар”, деймиз. Ва бу гапларни шунчаки мулозамат учун эмас, чин дилдан, самимий айтамиз.
Нега шундай деймиз? Бунинг боиси шуки, меҳмон, аслида, дуч келган, синалмаган жойга келмайди. Одамлар бир-бирларини тушунмай нифоқлашаётган, қуролли можаролар авж олиб турган, халқ, миллат ўз йўлини топа олмай, бошидан не-не мушкулотларни ўтказаётган маконларга ҳеч ким “Қани, кетдик, меҳмон бўлиб келамиз”, дея отланмайди. Меҳмон ўзидан тинчиган, ўзидан кўпайган, аҳил-иноқ яшаётган, хирмонига барака кирган, кўнгли ҳам, осмони ҳам очиқ жойларга келади. “Меҳмон келар эшикдан, ризқи келар тешикдан” деганларидек, қалби пок, нияти улуғ инсонларнинг қадами, албатта, қутлуғ келади. Меҳмон баҳона гина-қудуратлар унутилади, яхши амалларга туртки берилади. Шу боис ҳамки, меҳмонни отамиздай азиз кўрамиз, уйимизнинг тўрига ўтқизамиз, елкаларига тўн ёпамиз, белларини белбоғ билан маҳкам боғлаймиз. Ота-боболаримиз бу ишни минг-минг йиллар давомида муттасил ва беминнат бажариб келишган ва биз ҳам худди шундай қилишга бурчлимиз. Лекин…
Лекини шуки, меҳмон деганлари жуда умумий тушунча. Меҳмон мақомида юртимизга келиб-кетаётганлар орасида, афсуски, гулзорда очилиб турган турфа хил атиргулларга эмас, кимнингдир пича ҳафсаласизлиги билан вақтида юлиб ташланмаган бир туп алафга кўзи тушадиган ва бу ҳолатдан худди йўлдан шоколад топиб олган боладек хурсанд бўлиб, юртларига қайтгач катта фалсафий умумлашмалар чиқарадиганлари ҳам йўқ эмас. Бундайларга минг бор илтифот кўрсатинг, бошингизга кўтаринг — фойдаси йўқ. Йўлда бир муҳтож қўл чўзиб турган бўлса, бир жойда ахлат вақтида олиб кетилмаган бўлса, бирор девор ёмғирда сал қийшайиб қолган бўлса, шу муҳим. Демакки, бундайларнинг меҳмон деган мўътабар сўзга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Олий Мажлис қуйи палатасига сайлов муносабати билан Америка Қўшма Штатларидан расман кузатувчи бўлиб келган миллатдошларимиз — Америкада истиқомат қилувчи туркистонликлар жамиятининг президенти Абдулла Хўжа ва шу жамиятнинг фидойи фаолларидан бири, тадбиркор Лутфулла Тўрани ҳам меҳмон десак, тўғри бўлмайди. Улар ўзимизникилар, Яратган эгамнинг не-не синовларини бошларидан ўтказган жабрдийда авлодларнинг муносиб фарзандлари, давомчилари. Ҳуррият, Ватан, Озодлик деганда қалблари биздан кўра кўпроқ жунбушга келадиган, мадҳиямиз куйланганида, байроғимиз мўътабар биноларнинг пештоқларида ҳилпираганида кўзларидан бизнинг кўзларга нисбатан кўпроқ ва мўлроқ ёш оқадиган ватандошларимиз.
Истиқлолнинг ўн уч йилидаёқ биз, Ватан ичкарисида, жуда кўп нарсаларга кўникиб бўлдик. Кейинги юз йил, юз эллик йил ичида ҳеч кимнинг ҳатто хаёлига келмаган воқеаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Ўзбек бола жаҳон чемпиони бўлди, Япония, Кореяга бориб, айни шу мамлакатларга хос спорт турлари бўйича маҳаллий полвонларнинг курагини ерга теккизиб қайтди, шохмот тожини кийдик, ўзимизда ишлаб чиқарилган машиналарни миниб юрибмиз, ёш олимларимизнинг ютуқлари дунёни ҳайратга солмоқда. Сирдарёлик бир деҳқон Америкада қовун экиб юрибди, Солижон Шарипов фазо кемасида яна парвоз қилди. Бунақанги ютуқларга деярли ажабланмай қўйдик. Чиқади-да, нима бошқалардан кам жойимиз борми, дея бемалол чойни ўгириб ўтирибмиз. Аммо Абдулла Хўжа, Лутфулла, Халил, Фатҳулла, Насрулло Тўралар, Жўра қори акалар, Рўзи Назар, Анварбек, Давронбек акаларга айтсангиз, болалардай қувонишади, кўзларига ёш олиб, Аллоҳга шукроналар айтиб, бир-бирларини бағриларига босишади. “Миллатдошларимиз орасидан янги-янги буюк шахслар чиқиши муқаррар, — дейишади улар. — Мана, Майкл Жэксоннинг менежери ҳам ўзбек-ку! Миллатни камситиш даврлари ўтиб кетди”. Алоҳида фахр ва ғурур билан айтилади бу гаплар. Чунки улар ўзимизникилар. Биз бу ерда бу ёруғ кунларни қанчалар интиқиб кутган бўлсак, улар олисда, ватансизликда айнан шундай кунлар келишини дил-дилдан истаганлар, умид қилганлар.
Абдулла Хўжа Ватан ташқарисида, Афғонистоннинг Қобул шаҳрида туғилган. Туркия ва Англияда таҳсил олган. 1974 йилдан буён Америкада муқим истиқомат қилади. Оилали, беш нафар фарзанди бор. Унинг Ватан тўғрисидаги илк таассуротлари бобоси Абдураҳим оқсоқол ва отаси Акбархўжа акаларнинг, ватансизлик дардида эзилган, хўрланган, бугунги қутлуғ кунларга етиб келолмаган неча юзлаб ватандошларимизнинг андуҳли ҳикоялари, хотиралари асосида шаклланган. Хорижда узоқ йиллар гоҳ оч, гоҳ тўқ, гоҳ умид учқунлари йилтиллаб ҳаёт кечирган, қорин қайғуси билан эмас, Ватан, миллат қайғуси билан нафас олган ватандошларни руҳлантириб, тўғри йўл-йўриқ кўрсатган, “эзилманглар, тушкунликка тушманглар, Ватанимиз барибир бир куни озод бўлади, ҳуррият бўлади, ана ўшанда ўз Ватанимизга, ўз миллатимизга бегона бўлиб қолмайлик, тилни унутманглар, урф-одатларимизни унутманглар, болаларни ватаний, миллий қадриятлардан бохабар қилиб тарбияланглар, уйда она тилимизда сўзлашинглар” дея даъват қилиб чарчамаган, бу борада кўп азиятлар чеккан Жўра қори аканинг айтишича, Абдулла Хўжанинг она томондан бобоси Абдухалил оқсоқол илмли, маърифатли киши бўлган. Афғонистонда шахсий кутубхона очган. “Калила ва Димна”ни шу кутубхонада ўқиганман, — дейди қори ака. — У пайтлари дунёвий ишлардан бохабар, мулоҳазали, фикрли одамларни “Калила ўқиган”, яъниким, ўзимизнинг ибора билан айтганда, “чойхона кўрган” дея таърифлашар эди.
Абдулла Хўжа билан илк бор 1992 йили учрашганмиз. Ўшанда оталари Акбархўжа ака (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) билан узоқ суҳбатлар қурганмиз. Мустақиллик энди-энди тета-поя қила бошлаган кезлар. Абдулла Хўжанинг уйидан меҳмон аримайди. Ўртаҳол тадбиркор, вақти зиқ, тинимсиз елиб-югуриши зарурлигига қарамай, ватандошларни кутади, меҳмон қилади, Ўзбекистонда кечаётган воқеа-ҳодисалар, ўзгаришларни бор вужуди билан эшитади.
Тўқсонинчи йиллар бошларини эслайлик. Кунда, кунора кўз кўриб, қулоқ эшитмаган янгилик, ўзгариш. Эркин ва озод бир давлатнинг тамал тошлари қўйилмоқда. Собиқ империянинг таъсири ҳали кучли. Ундан қолган мажруҳ иқтисоднинг таги кўриниб қолган. Ҳар соҳада тақчиллик, пештахталар ҳувиллаб ётибди. Бундай шароитда бошқаларни қўятурайлик, ўзимизда ҳам мустақиллик нима эканлигини англамай, очиқдан-очиқ иккиланиб турганлар, панага ўтиб олганлар қанча эди? (Нимасини айтамиз, яқин-яқингача ҳам ҳар эҳтимолга қарши эски совет паспортларини, комфирқа билетларини асраб-авайлаб юрганлар бўлди-ку.) Мана шундай бир пайтда ташқи дунёда, ўзга бир муҳитда туғилиб вояга етганлар, дунёқарашлари тамомила бошқа бир шароитда шаклланганлар учун олис Ватандаги кечмишларни ҳазм қилиш осон эмасди. Ишониш қийин эди. Шу боисдан ҳам улар Аллоҳга шукроналар айтиб, ўзларига эмас, Мустақилликка, Ҳурриятга умрбоқийлик тилар эдилар, миллатни ёруғ йўлга бошлаган йўлбошчи Ислом Каримов ҳақига дуо қилар эдилар.
Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида Нью-Йоркнинг Бруклин деган гавжум жойида Америкага доимий яшаш учун кўчиб келган туркистонликлар ташаббуси билан “Америка-Туркистон” жамияти ташкил этилиб, бу ерда кўплаб ватандошлар ўзаро мулоқотда бўлишар, турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказишар эди. Айтишларича, бу жамият учун бино сотиб олишга бир неча ватандошлар қаторида асли наманганлик, Америкада муҳандислик маҳорати билан анча ном қозонган Исоқжон ака ҳам жиддий ҳисса қўшган экан.
Абдулла Хўжа 28 ёшида ана шу жамиятга илк марта раҳбар этиб сайланди. 1984 йили Қўшма Штатларнинг ўша пайтдаги Президенти, тарихга “коммунизмнинг гўркови” номи билан ҳам кирган Рональд Рейган (Москвага расмий ташриф билан келганида, кутилмаганда “ўзбекларнинг буюк шоири” деб ҳазрат Алишер Навоийни эслаб қолганлиги ёдингизда бўлса керак) мазлумлик асоратини бошидан кечирган халқларнинг фаол вакилларини Оқ уйга таклиф этади. Таклиф этилганлар орасида Абдулла Хўжа ҳам бор эди. Шу учрашувдан кейин жамият иши янада фаоллашади. — “Жамиятимиз Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси, БМТдаги ваколатхонаси, Нью-Йоркдаги Бош консуллиги билан яқиндан алоқа ўрнатган, — дейди суҳбатдошим. — Ҳар икки мамлакат ҳаётидаги миллий байрамларни оилалар билан жам бўлиб нишонлаймиз. Ватанимиздан келган расмий арбоблар, маданият ва санъат намояндалари, хусусан, таниқли санъаткорлар билан бўлган учрашувларимиз биз учун, болаларимиз учун нақадар тотли бўлишлигини билсангиз эди. Истиқлол шарофати билан, мана, Ватанга учинчи бор келишим. Ҳар келганимда кўзимга ёш оламан. Бу ёруғ кунларни қанча-қанча фидойи миллатдошларимиз кўра олишмади. Раҳматли отам саломатликлари туфайли кела олмадилар. Бугунги озод Ўзбекистонни, Қўқон, Марғилонни кўра олмадилар. Худо насиб этса онамни, рафиқам, фарзандларимни олиб келаман…”
Саҳоватли ватандошларимиздан бири, замонавий маърифатпарвар Насрулло Тўра эслаб кетади. Хорижда яшаб қолган миллатдошлар ичида Обижўш қори деган киши бўлган экан. Бир умр чой ўрнига доғ сув ичганлари учун шундай ном беришган экан. Шу киши умрининг охирида эскиб, пилталари чиқиб кетган афтодаҳол бир дўппини кўкракларига маҳкам босиб юрар эканлар, азбаройи эскиганидан кийишга яроқли бўлмай қолган экан. “Қори, қўйинг шу эски матоҳни” дейишса, “Эҳ, қазойим етса, кафаним устига шу дўппини қўйиб кўминглар, токи Мункар-Накир ўзбеклигимни билсин” деяр экан. Ўттизинчи йиллари қанчадан-қанча ватандошларимиз шўролар зулмига чидамай, Ватанни тарк этганларида, кўпларнинг ҳаёти Амударёнинг ўзида ниҳоясига етган. Болалар йиғлаб қолса, чегарачилар билиб қўйиб, отиб ташлашади, дея норасидаларга кўкнор суви ичиришган…
Иккинчи суҳбатдошим — тадбиркор Лутфулла Тўра. Оилада етти ўғил. Ҳаммалари хорижда туғилиб вояга етишган. Абдулла Хўжа иккалалари билан суҳбатимиз сира тугамайди. Меҳмонлар (яна меҳмонар деяпман, ўрганиб қолгандан кейин қийин экан-да…) Ташқи ишлар вазирлигида, Ислом университетида, хорижий мамлакатлар билан маданий алоқалар жамиятида қабул қилиндилар, Қатағон қурбонлари, Шаҳидлар хотираси майдонларини, театрларимизни, мустақиллик даврининг маҳобатли иншоотларини бориб кўрдилар. Сайлов куни Зарафшон шаҳрида бўлиб, она замин қаъридан олтин қазиб олиш жараёнини ўз кўзлари билан кўрдилар. Ҳамроҳларимиздан бири аэропортда лутф қилиб, “тилла конига бораяпсизлар экан, ҳар қалай, қуруқ қайтаришмас”, деган эди, Лутфулла ака ҳозиржавоблик билан деди:
— Ватандан олиб кетиш эмас, Ватанга олиб келиш керак…
Бу гап кеча-яқинда ҳаммамизнинг кўз ўнгимизда содир бўлган баъзи воқеаларни ёдга солади. Ватанга тадбиркорлик ниқоби остида келиб, тубсиз ҳамёнларининг оғзини ланг очиб, ҳаммани аёвсиз шилиб-ўмариб кетганлар, эндиликда эса бўлар-бўлмас фисқу-фасод гапларни тарқатиб юрганлар ҳам бўлди-ку.
Лутфулла Тўра ҳикояси:
— Мустақиллик қандай қўлга киритилганлигини, у қандай асраб қолинганлигини яхши биламан. Шўролар салтанатининг сўнгги кунлари, халқимизнинг ўша йиллардаги аҳволи тасаввуримда бор. Дунёдаги қанча-қанча халқлар ўз озодликларини сақлаб билмаганлар, ҳурриятга эришганлар, аммо хотиржамликка берилиб, кўп фурсат ўтмай бу неъматдан жудо бўлганлар. Ислом Каримов жаноблари Ўзбекистон парламентида мамлакатни мустақил, деб эълон қилибди, деган хабар, биз учун билсангиз, худдики осмонда янги бир қуёш порлагандек бўлган эди. Ўшанда ўзимизни дунёдаги энг бахтиёр одамлардай ҳис этган эдик, бутун ғам-андуҳларимиз, ватансизлик азоблари унут бўлгандай эди. Бугун ҳам, она тупроғимда туриб айтаманки, биз ҳаммамиз бахтли инсонлармиз, Яратган эгамнинг назари тушган мўътабар бир заминнинг фарзандларимиз. Миллатимиз бошига Ислом Каримовдай улуғ бир инсоннинг келиши ҳаммамизнинг ҳам бахтимиз. Агар мендан, бугунги куннинг энг муҳим иши нима, деб сўрасалар, ҳеч иккиланмай, шу инсон атрофида жам бўлинглар, ҳурриятни қадрланглар, уни бало-қазолардан асранглар, деган бўлар эдим. Бепарволик, хотиржамлик хатарли нарса, дунё ишларидан бохабар бўлиб туринглар, деяр эдим. Президентимизнинг огоҳликка даъватлари ҳар бир кимсанинг, хоҳ у ёш бўлсин, хоҳ кекса бўлсин, қулоқлари остида жаранг бериб туриши керак…
Суҳбатдошларимдан якунланаётган сайлов жараёни, ватандошлар, хусусан, ёшлар тўғрисидаги таассуротларини сўрайман.
— Мамлакат йилдан йилга, кундан-кунга обод бўлиб бораётганини кўриб турибмиз, — дейишади улар. — Аммо, энг катта ўзгаришни ёшларда кўрдик. Улар орасида бугунги мураккаб дунё сиёсатини, сир-синоатини яхши тушунадиган, соғлом фикрлайдиган, мустақил равишда чуқур мулоҳаза юритадиганлари кўп. Миллат тараққийси учун бу жуда муҳим нарса.
— Сайлов баҳсларининг бир нечасини телевизиондан тингладим ва эътибор қилдимки, — дейди Абдулла Хўжа, — ёшлар, хусусан аёллар орасида янги-янги миллат фидойилари, журъатли сиёсатчилар, тадбиркору ишбилармонлар етишиб чиқмоқда экан.
— Мен яна бир нарсадан қувондим, — дейди Лутфулла Тўра, — Ислом университетига борганимизда у ерда чинакам замонавий олий ўқув юртини кўрдим. Талабалар дунёвий илмларни ҳам ўрганишаётганига, бўш вақтларида мусиқа, жисмоний тарбия билан шуғулланишаётганига гувоҳ бўлдим. Лекин… Биласизми, дилимда бир гап бор, айтмасам бўлмайди. — Лутфулла аканинг кўзлари ёшланади, ич-ичидан бир хўрсиниқ келади. — Миллий ҳиссиёт жуда нозик туйғу. Бу туйғу ватансизлик доғини кўрган оталаримизда кучли эди. Собир Сайхоннинг отаси “Ватан, Ватан”, дея жон берган. Отам раҳматли эртаю кеч “Чуст, Чуст” дер эдилар. Бу сўз нима маъно беришини ҳам билмас эдик. Миллий ҳиссиётни биз ҳам мумкин қадар сақлаб қолдик. Аммо у бизнинг ўрнимизни босадиган болаларимизда, ўзга бир оламда кўз очиб ўзга бир қадриятлар таъсирида вояга етаётган набираларимизда қандай бўлади?
Бу саволнинг жавобини биламан, ўзим мисолимда, хориждаги дўст-қадрдонларим мисолида кўриб, англаб турибман. Америкада, бошқа йирик давлатларда ҳам, ота-бола, оилавий муносабатлар бутунлай бошқача. Шундай ҳолатлар бўладики, ҳатто ўз жигарингга ҳам бир нима дея олмайсан…
Юртдошларимизнинг Ватан бўйлаб сафарлари, одатдагидек, Тошкент аэропортида ниҳоясига етди. Хайрлашув олдидан улар Юртбошимизнинг тўқсонинчи йиллар бошларида айтган бир сўзларини эсладилар. Ислом Каримов мамлакат ташқарисида яшаётган миллатдошларимизнинг тақдирига бефарқ қарамаймиз, деган эдилар. Мустақил Ўзбекистондан дунёга дадил таралган бу сўзлар ўшанда неча-неча минг-минг кишиларга худди қордан кейинги лоладек ажиб бир руҳ бахш этганини билмаган эканмиз…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2005 йил 1-сонидан олинди.