Темур Давомат 1927 йили Шинжоннинг Турфон вилояти Тўқсун туманида туғилган.Унинг Унинг “Юрак нақшлари”, “Юрт муҳаббати”, “Ҳаёт машъали” каби китоблари дунёнинг турли тилларида чоп этилган. Унинг “Тиёншон шодлиги” “Ватанга муҳаббат”, “Давр илҳомлари”,”Ҳаёт машъали” каби шеърий китоблари уйғур тилида чоп этилган. “Жарангласин уйғур дутори” тўплами ўзбек тилида нашр этилган (1993). Темур Давомат Шинжон ёзувчилар жамиятининг аъзоси, Шинжон “Қутадғу билик” илмий-тадқиқот жамиятининг фахрий раиси.
ҚАШҚАР
Ассалом, бахти ёр, эй гўзал Қашқар,
Ассалом, навбаҳор фаслидай манзар.
Ҳар қадам остонангдан кирганимда,
Қадрдон деҳқонингни кўрганимда,
Сўнгсиз хаёлларга чўмарман ширин,
Дилни умидларга кўмарман ширин…
Шу ишчан, оқ кўнгил халқ кулса дерман,
Фароғат дамларда айш сурса дерман.
О, кеча бало-қазо йилларида
Истаклар осмондай тўзиб кетгандир.
Қалдирғоч минг хилда уя солганда
Шамоллар инини бузиб кетгандир…
Азиз остонангдан кирдиму бугун
Бир олам шодмонлик босди ўйимни.
Эҳтиром, туйғулардан тошди дарё,
Тўлқини ювиб ўтсин гул бўйингни.
Халқингнинг лабларида кулгу кўрсам,
Туманда тўлқинланиб кулгу оқур.
Гул рангидай ҳаёт ранги тансиқ бўлса,
Боғларинг жамолида чақнаса нур.
Ҳаяжон хаёл билан сирлашди,
Хаёллар асрлардан суҳбат очди.
Асрлар бирин-кетин тушди гапга,
Тиллодай тарихингдан кўз қамашди.
Илму фан бобида сен Чўлпон эдинг,
Беҳисоб юлдуз сенга тикилмоқда.
Фаробий, Маҳмуд чақнаб осмонингдан,
Сирларинг даштига нур тўкилмоқда.
Ҳожиб, Машраб, Нисорий ўсган сенда,
Фаросат ғазнасига ганжлар тўккан.
Асрлар гултожига ёқут безак
Ато қилиб, тарихингни зарда битган.
Нозугим ўннаб ўсган Туман бийи,
Ҳали ҳам ёд этдингми шу қизингни?
Икки юз ёшга кирган кекса макон,
Кўргинг келмоқдами Нозугимингни?
Ўн икки мақом сенда таралганди,
Қаддингни осмон қилган Омоннисо.
Қаршимда олтин тори жаранглайди,
Созингдан мақомларни пайдо қилса.
Одобли, диёнатли халқинг шундоқ,
Қошида ҳуру ғилмон уюладир.
Меҳмондўст, дилкаш инсон, латофатинг
Қалбимга кавсар бўлиб қуюладир.
Хуш ҳунар, санъат билан танилгансан,
Мен эмас, олам сенга қойил эрур.
Таомлар, меваларинг шунча ширин,
Жаннатнинг неъматидек туюладир.
Ғурурим, шаг.катимпинг тожи сен,
Дайдимасмиз, бирлигимиз боши сен.
Кул, Қашқар замон берсин фароғатдан,
Бу кулгунг то абад ҳеч узилмасин.
Тожингда ёқут жомдай зийнатларинг
Сақлансин, то абад ҳеч бузилмасин,
Халқларинг ўсгин, дейди сени Қашқар,
Қанотлан, учгин кўкка қани, Қашқар.
1981 йил.
ҚАБУЛ ҚИЛГИН САЛОМИМНИ
Соғиндим-ку, она юртим, жануб — олтин диёримни,
Кўришга шунча термулдим гўзал ер, гулузоримни.
Қанча тунни ухлаб чиқдим, гўзал тонгни хаёл айлаб,
Симирай деб атир сочган хуш исли боғ-ифоримни.
Бугун келганда шу фурсат сел бўлиб шодлигим тошди,
Роҳат қилдим егандек зўр ширин-шарбат аноримни.
Салом дейман, гўзал Торим, азиз Қашқар, Хўтан, Корла,
Салом айтиб мард деҳқонларга эгай қадду чиноримни.
Келаётир, ана, билдим элимнинг шавқидан кулгу,
Чаманзор бўйича топдим дилимга чин оромимни.
Кулар муз тоғ этагида булутни ҳайдаган чўпон
Куйига жўр қилай деб ман олиб келдим сеторимни.
Яна Оқсув — гуруч кони, Қизилсув — сут, қимиз юрти,
Қабул қилгин сенга меҳрим юрак куйи саломимни.
БУЮК КИТОБ
(Юсуф Хос Ҳожибга)
Инсон яралдики, қилади фикр,
Фикрлар билимнинг онаси, аён.
Сўнгсиз изланишлар, сўнгсиз енгилиш
Чархлаб келмоқдадир онгингни, инсон.
Фикрлар денгизи остига шўнғиб,
Жавоҳир топибди бул Юсуф бобом.
Ўн аср бурунги инсон фикрининг
Жавоҳири бугун қилди бизни ром.
Ўн аср ўтганда ўқиб севиндик,
Донолик тахтида бобомиз султон.
Фикримиз йўлини ёритиб борар
Тол-тол нури билан чақнаган чўлпон.
Ўн аср муқаддам ёзилган китоб,
Урган дейди, бизга қилиб чин хитоб.
Маърифат кўкида қанот қоқолсак,
Ҳаво тоза бўлар, роҳатбахш офтоб.
Карим Баҳриев ва Муҳаммад Ҳамроев таржималари