Мухтор Мақсуд (1957)

Мухтор Мақсуд 1957 йили Хўтан вилоятининг Гума ноҳиясида туғилган. 1983 йили Шинжон университетининг адабиёт факултетини тамомлаган. Унинг “Ошиқлар сири”, “Танҳо қайиқ”, “Илоҳа чўққиси” каби шеърий китоблари чоп этилган.

МАҚОМ

Ёзнинг беҳол оқшомларида
Зил сукунат олганда қучиб
Олислардан келасан учиб,
Орзуларга тўлган хаёлим.
Юксаласан аршлардан оша.
Умидларим ниҳоли сўлса,
Обиҳаёт бўлиб оқасан,
Томиримда ўтлар ёқасан.
Чечакларга тўлади олам
Ва ҳаётга масрур боқаман.
Ҳориб қолса олис сафарда
Эгарлайман учқур отларим
Ва тушимда тишлаб онтларим
Манзилимга албат етаман
Қайрилса-да қўш қанотларим.
Сен қуёшдан таралган наво,
Кўз ёшию исёнкор даъват,
Маёқдирсан ёнгувчи абад.
Ҳар нафасинг умид риштаси,
Куйлатгувчи ўтли муҳаббат.

УФҚ

Уфқ адаштирди
Чирмаб мени пардаларига,
Олаговгум
Судраб кирди тун қўйнига тез.
Ора-чора чақнаган юлдуз
Кўзларимдан олиб қочди нишонни.
Хира тушларим
Солиб мени тахтиравонга
Ўйнатмоқда вазнсизликда.
Қуёш
мени олқишларми
Ёки
Ўзимга сира ҳам ўхшамайдиган
Соямни?..

СОЯМ

1

Соямни излаб кетяпман,
Излаб кетяпман
Шаҳид бўлган қуёшни
Уфқлар томон.

2

Соям
Сингиб кетган чоғи йўлларга.
Кўмилган чоғи
Хира нурларга.

3

Соям
Кетган балки қуёшни излаб,
Келар уни бошлаб бир куни
Ютоққан уфқни қабрга ташлаб.

Эмин Усмон нашрга тайёрлаган