Абдуқодир Жалолиддин 1964 йили Қашқар шаҳрида туғилган. 1986 йили Қашқар педагогика институтини тамомлаган. 1988 йилдан Шинжон маориф институтида институтида, 2009 йилдан Шинжон педагогика университетининг адабиёт институтида ишлаб келмоқда. Абдуқодир Жалолиддин шеър, мақола, таржима ва дарсликлардан иборат 20 дан ортиқ китобнинг муаллифидир.
СЕМУРҒ ҚЎШИҒИ
1
Қайга олиб кетди йўллар гирён бошимни,
Тўзон ичра қолди ҳазин қўнғироқ уни.
Пора-пора булутларнинг совуқ ёшини,
Яширмоқда тунда учган кузнинг эпкини.
Излаб кўҳна масканини кўчди ёлқинлар,
Кўчамдаги улкан тошга айтиб сирини.
Хўш, деб аста тоғ ортига кетган ўрмонлар,
Тушларимга юбормоқда япроқларини.
Хушбўй атр қутилардан чўзиб бўйнини,
Қорли тоққа тикилмоқда зиёда сумбат.
Олиб кетди тошқин сувлар йироққа мени,
Чумчуқларнинг изларини этганимда ёд.
2
Кўксимизга уриб қат-қат яшил тўлқини,
Нечун кундуз оташида ўчди юлдузлар?
Шафақларнинг тўлқинида учар киприклар,
Кўрсатмайди қорачуғин нечун шўх қизлар?
Оч қирғоқлар бир-бирига силкитишса қўл,
Чақнар гавҳар беҳуш оқшом истакларида.
Асалари кетдимикин тунашга бугун,
Қора туннинг титраб турган чечакларида.
Боғлар нечоғ унутдилар тоғлар куйини,
Етар сароб тўлқинида яшнаб сақич ўт.
Кўм-кўк ўтнинг зумрад ичра қилган ўйинин,
Пичир-пичир мақташади шўх кизлар беҳуд.
3
Қудратини кўрсатмайди нечун коинот?
Нечун бунча лаззатлидир ишқнинг меваси?
Қай маҳалда қилган экан кўзларни ватан.
Учқунлардан либос кийган ҳаёт севгиси?
Тўфон суви покламаса дунёни агар,
Ялтирарми илоҳ нури тоблаган имон?
Кун кечирар ботқоқларга беланиб бу чоғ,
Қуртлаб битган юраклардан зериккан виждон.
4
Кумуш тоғлар шовқин солиб оққанда дилга,
Сирли дарча соя ташлаб жилмаяр нега?
Кўк қаърида арғамчидек силкинган чақмоқ,
Ҳароратли гавдасини отади ерга.
Чаноқларнинг бурчагида ётган умидлар,
Карсиллаган муз устида ўт ёқар шодон.
Туманларга сингиганда гулсафсар ҳиди,
Юксакларга олиб қочар юлдузни осмон.
Томар ёмғир томчилари — биллурий шода,
Тешилмоқда тош ҳайкалнинг баҳайбат кафти.
У дунёнинг юрагини улаб ҳаётга,
Илдизларга югурмоқда ўйларим тафти.
5
Хаёлимда барханларни ютган қуюнлар,
Юриб кетди мени кутиб турган шом гўрга.
Қўлларимда ҳилпираган фаранг рўмоллар,
Шуъласини ёғдирмоқда саҳрою чўлга.
Унутилар мозийларда хароба шаҳар,
Қишлоқларга бормоқдаман висолинг истаб.
Равон йўллар, шинам қаср, оппоқ пиёла,
Ичолмадим шаробимни қўлларим титраб.
Бўлиб гўё биёбоннинг қувноқ юлдузи,
Симирмоқда ой нурини ҳўмрайган тошлар.
Шувоқларнинг юзларидан бўлиб қалбим маст,
Ёстиғимга томиб кетди кўзимдан ёшлар.
6
Қумликларга менинг номим ёзилди қачон?
Билолмадим шамоллардан сўраб сирини.
Қайси тилда дардин айтди чинордек туғроқ*,
Тушунмадим япроқларнинг шивирларини.
Булутларнинг кўрфазига кўчган оққушлар,
Ташлаб менга патларини, йўқолди қаён?
Бу дунёнинг шунча чексиз жимжитлигида,
Менинг номим аста-секин бўлмоқда аён.
Сокин саҳар қирғоғида битган чуғлуқни*
Кўролмадим опкелса-да атай узиб шом.
Икки ҳаёт сарҳадида турибман ёлғиз,
Этакларин ҳўлламокда бу таниш оқшом.
7
Шовқинингни излаб келсам қатра ёшингда,
Эгиб нозик белларини тебранар гуллар.
Сенинг жонбахш нафасларинг сингиган ҳаво,
Ҳасан-Ҳусан шуъласида титрайди унлар.
Сени қучиб йироқларда ўйнатган қайиқ,
Кўринмайди жимирлаган кўлнинг юзида.
Шабнам тушган чаманзорда ўксик туйғулар,
Қилмоқдалар ушбу саҳар кўнглимни зада.
Ғофилликнинг тўлқинида кетган шу кеча,
Туш кўрибман момиққина ой қучоғида.
Сочларингнинг шамолларга тўкилган оҳи,
Қотиб колти юлдузларнинг кўз чаноғида.
8
Кўнглим нурлар дастасига узатганда қўл,
Хотирада уйғонади сеҳрли кеча.
Ажир олиб юрганимда маҳалланг томон,
Милтирайди хира чироқ туманлар ичра.
Бутун шаҳар зулумотга чўмганда ғамгин,
Туйғуларим ювилмоқда покланиб бир қур.
Ёлбораман қимирламас битта пардага,
Деразалар тикилса-да мен томон ёвқур.
Туғилдим мен саҳар билан бўлиб эгизак,
Она бўлди шундан бери менга шу кеча.
Ажир олиб қайтганимда маҳаллам томон,
Милтирарди яшил чироқ туманлар ичра.
9
Кутавериб тоқатларим тоқ бўлди охир,
Шан деб боқдим ўлимларнинг оппоқ туғига.
Чарчаб кетдим, ёпинчиғин ташласин осмон,
Уйғотманглар, ухлаб қолсам қилич тиғида.
Қалбларимиз ҳаёт учун интиқ, хумордир,
Ўйнатмоқда арвоҳини денгиз бетида.
Тиригимда ҳамроҳ эдим сизларга ҳар чоқ,
Видо айтдим тикланганда менга обида.
________________
* Туғроқ — дашт-саҳроларда ўсадиган чинорсимон дарахт.
* Чуғлуқ — тоғ тепасида битадиган чўғдек қип-қизил гул.
Эмин Усмон нашрга тайёрлаган