Аҳмаджон Усмон 1964 йили Урумчида туғилган. 1987 йили Дамашқ университетининг (Сурия) араб адабиёти факултетини тамомлаган. Уйғур тилида “Уйғиур қизи лирикаси”, араб тилида “Тойлар сири” каби китоблари нашр этилган. Аҳмаджон Усмон уйғур модерн шеъриятининг машҳур вакилларидан бири. Ҳозирда Канаданинг Торонто шаҳрида истиқомат қилади.
ОШИҚ ҚАСИДАСИ
1
Уфқ…
Олаговгум кўйнида нур.
Ёноғида томчи чирмовуқ гулнинг,
Чаманларда ям-яшил ёмғир.
2
Туғилдим,
Олаговгум билан эгизак эдим.
Қўшиқ айтдим ёмғирни куйлаб,
Болалик чоғим…
Шуъла кўрсам йироқдан
Югурдим унга.
Ошиқ бўлдим чумчуқларга,
Чумчуқлардек
Учсам, дедим йироқларга.
Тердим толларнинг
Тўкилган япроқларини
Анҳор бўйида.
Кўрдим тушимда юлдузларни
Ухлаб колсам говгум қўйнида.
3
Уфқда нур.
Ёноғида жилва чирмовук гулнинг.
Сингиб кетдим тупрокка,
Ер остида кучоклаб мени
Ўлади ёмғир.
ОНА ҚАСИДАСИ
1
Ҳаққушмикин қўнган
Шохига лабингнинг?
Учдими олиб
Қолдиғини маржонларингнинг?
2
Ўқиб чиқди Чўлпон
Қанча чўпчакни
Номозшом гулидек сўлган кўзингдан.
3
Айтгин-чи, нечун
Бўзаради қорнинг юзи,
Боққанида ҳар сафар
Оқлигига сочингнинг?
4
Ростмикин, она,
Доғ тушди, дейди
Юзига ойнинг —
Ҳасратида
Учиб кетган гўзаллигингнинг?
5
Бир кун
Излаб келса сени фаришта,
Кетарсанми эмизгани
Болаларини жаннатнинг?
Йиғлармикин паризод
Ўтиб олиб қуёш ортига
Рўмол қилсам дея
Кафанингни?..
6
Она!..
Кўтаролмас кабрингни тупроқ!..
ЧЎҒ
Чўғман,
кулга кўмилган.
Тағин ёнгум гуриллаб.
Ўчмаганман, ўтман, ёғдуман,
Эҳ, сен, шамол,
Оҳ, ёлғиз умид!
Қалбим уфқларида
Бир сен қолдинг юлдуздек чақнаб.
Кул остида ўчаман охир,
Ёки ёнгум мангу ловуллаб.
Эмин Усмон нашрга тайёрлаган