Вероника Тушнова (1911-1965)

Верони́ка Миха́йловна Тушно́ва (14 (27) март 1911, Қозон — 7 июль 1965, Москва) — рус шоираси ва таржимон. СССР Ёзувчилар уюшмаси аъзоси (1946).

* * *

Холироқ кўчадан иккимиз аста
Ўтиб борар эдик. Ер лой, тойғанчоқ.
Бирдан, муюлишда чироқ остида,
Меҳринг тошиб, мени истадинг суймоқ…

Шу чоқ қаршимиздан шўх студентлар
Чиқиб ногоҳ бизни кўриб қолишди…
Кулгили кўриндик, шекилли, улар
Ортдан қаҳ-қаҳ отиб кулиб қолишди.

Тахминан, уларнинг гапи шу бўлди:
“Бундай аҳмоқлар ҳам бўлади тақир!”
“Ростдан! Ёш бўлса ҳам ўзи майлийди…”
“Хотини ҳам унча ёш эмас, ахир!”

Заб жаҳлинг чиқдими улар сўзига?
Нима ҳам дер эдик? Ёшлар ҳақлидир.
Улар тўғри айтар, менинг юзимга
Ёшлик ҳисси билан назар сол бир қур.

Майли, кечирайлик ёшлар кулгисин,
Улар бизнинг завқни қаёқдан билсин!
Киши кексармайди! Бу сирни улар
Бизнинг ёшимизга етганда англар!

Мамарасул Бобоев таржимаси