Жўўмарт Бўкомбоев (1910-1944)

Жўўмарт Бўкомбоев (Жоомарт Бөкөнбаев) 1910 йил 16 майда Тўқтағул туманидаги Мозорсой қишлоғида туғилган. Ўш, Фрунзе педтехникумида ўқиган.
Илк шеъри «Ер олган гадойларга» 1927 йили, илк китоби «Меҳнат меваси» 1933 йили чиққан. 1934 йилдан СССР Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
У «Манас» асари асосида фильм олинаётанда, 1944 йили ҳалок бўлган.

ОРЗУ

Ҳаётнинг чўнг дарёсин
Кечиб ўтгум деганман.
Тоғдай тилак, мақсадни
Қучиб ўтгум деганман.

Баҳор каби тафтингга
Бойланайин деганман.
Чарос каби кўзингдан
Айланайин деганман.

Турмушнинг тот-болига
Етайлик биз, азизам.
Умр бўйи бир йўлда
Кетайлик биз, азизам.

Севгимиз-у болалар
Бўлур умр ардоғи.
Сўнгги йўқдир ҳаётнинг,
Бахт-толенинг адоғи!

ҚИШКИ ТОҒ

Кузатиб турибсиз осмонни,
Бағрини бериб мунг-зорга,
Тикилади мунғайиб
Совуқ, муздай оқ қорга.
Булоғи тўнғиб, музлабон,
Неча кун қайнаб-жўшмагай.
Маъюс тортар, уйқуси—
Ҳали ҳозир пишмагай…
Яшнаган гулни соғиниб,
Орзуси кезар саргардон.
Қаҳрига бўрон олганда
Асқотади оқ чопон.
Сой бўйида яшнаган
Ёз гиёҳин қаймоғи.
Не бўлишин белгилар
Бўзарган қиш аймоғи…
Куйлагай совуқ қўшиғин
Қоялар, тошлар хафароқ,
Тушгандир қишнинг тўрига
Маъюсланган қишки тоғ…

ЁЗ ОҚШОМИДА

Ёғдули осмон қизарар,
Салқинлаб бор чор томон.
Юзимга сочиб инжулар
Дарёим оқар жар томон.
Уққанча булбул навосин,
Ошиқлар шошар ёр томон.
Ҳулвонинг ҳиди қонингга,
Жонингга ифор отгандай.
Тўрғайлар сайрар, атрофни
Тўқтағул куйи тутгандай.
Капалак гулга маҳлиё—
Қиз билан йигит ётгандай.
Мудрайди тоғлар олисда—
Ётибди бўрон қор кураб.
Севгига ташна юраклар
Юришар кўзга зор қараб.
Кутиб тур, дўстим, кутиб тур,
Чўлпон ҳам чиқар ярқираб!..

* * *

Т…га

Очилиб турган қизил гул
Кун сайин ифор сочади.
Севгига шайдо, эй кўнгил
Хаёлим сенга қочади.
Дуч келмай сўзнинг талхига,
Оқини менман қирғизнинг.
Гулзорга келган ёр-булбул
Навоси баланд чиқмасми?
Солланиб турган сендай гул
Ошиғи куйин уқмасми?
Дунёда танҳо севгилим,
Олтинранг нури балқиган
Чўлпони сенсан юлдузнинг
Рўйисан орзум маъвосин.
Беморман ишқдан, эй гулим
Юракнинг топгин давосин!

СЕН КУЗАТГАНДА

Ўзимни тонгда сайраган
Булбулга қиёс этаман…
Азизам, бўлгин саломат,
Эртага олис кетаман.
Дунёни кезар чоғимда,
Кўп тушасан ёдимга.
Севгилим, жавоб ёза кўр,
Соғиниб ёзган хатимга!
От билан юрсам ойчалик
Олисларда тунарман.
Аллалар уққан боладай
Сўзларинг эслаб ёнарман.
Умрдай шошиб тонг отар,
Яратмади ҳеч ҳадик.
Мана кетдим, сен қолдинг,
Тақдирнинг сирин ечмадик.
Гар қолсам қайиқ ичида,
Эшкагин олиб келарсан.
Бунчалар ўжар бўлмасам,
Сабабин ўзинг биларсан.
Ақлнинг сирин бош билур,
Асл жон бахтин кўзлагай.
Айрилиб кетсак бир куни,
Ҳижронда юрак бўзлагай.
Сарғайсам кузги япроқдай,
У ёғин қаро ер билса…
Садағам, хафа бўлмагин,
Сақлаган сиринг сочилса.
Ёноғинг тутгил, ўпайин,
Рўмолинг бергин қўлимга.
Жовдираб қараб турмагил,
Тушайин тезроқ йўлимга.
Ёлвориб боқма, азизам,
Йиғидан қандай наф чиқар?
Жўнагин, поезд, эртароқ…
Юрагим нега ҳаприқар?
Қўлингни бергил қўлимга,
Келмоқда ўпиб олгиси…
Севганлар эслаб яшашса,
Севгининг шудир белгиси!..

ТИЛАГИМ

Отам Манас сингари
Эр бўлай деб тилайман.
Душман асло ўтолмас
Ер бўлай деб тилайман.
Қўжажошдай кўзга отар
Мерган бўлсам жовидон.
Ботир бўлсам Чубақдай
Қочмаган асло ёвидан.
Қирон солсам душманга
Дуйшанқул оғам қиргандай.
Ҳайқириб ёвни қочирсам
Алмамбет қилич ургандай.
Элингга хизмат қилгин деб,
Онажон, мени тўрадинг.
Чўлпонбойдай шер бўлиб,
Кўпларга тегар керагим!

ЎТМИШНИ ҚАЙТА ЭСЛАМА

Куйдириб кўп бор юракни,
Суйган кезим — ўтмишда.
Бу кўкракни қоплаган,
Куйган кезим — ўтмишда.
У маҳал жоним поралаб,,
Садақа қилдим оҳимни…
Сен эса у кез терс қараб,
Синдирдинг кўп бор шохимни…
Тўлғониб тунда ухламай,
Эсладим сени ушкуриб…
Уялмай нари кетгансан,
Оғулашни хуш кўриб.
Яхши сўз, яхши шеъримни
Сенга атаб куйладим.
Ёлворганга раҳм қилмай,
Сен бошқани сийладинг…
Сени кўргач бу кўнгил,
Мой каби эриб, илинган.
Сени шунча севсам-да,
Суймадинг мени дилингдан.
Шу тариқа ёш умр
Ўчган чўпдай ел уриб…
Қаригач нечун айтасан,
Қачонги сўзни ёлвориб?..
Айтмасдан буни ёшликда,
Бугун-чи, айтиб қатладинг.
Бошқани севиб, куй куйлаб,
Ўзганинг шеърин ёдладинг…
Ўчган ўт қайта ёнмагай,
Ўтмишга теккан ахир ўқ.
Қайрилиб келмас бу кўнгил,
Қарғишни бузар феълим йўқ.
Олтин куз у кез айтилган,
Ёзилган роса кўз-у қош…
Ялинма энди, бўлмасдан
У чоғда менга тилакдош.
Юрагим ёниб, ўчгандир,
Кўнгил ҳам қолган эсла, кас.
Ўтган умр — ўчган жон,
Ўтмишни қайта эсламас!

КУЗДАГИ КАПАЛАК

Баҳорда кезди далада,
Қайғуни деб икки пул…
Ўйнаган, кулган ва яна
Ўпгани бўлган қизил гул.
Деб ўзин баҳор эркаси,
Минмаган сира ғам отин.
Бир ўзи учган керилиб,
Елларга ёзиб қанотин.
Кўнглини очиб, гул танлаб,
Нозланган керик елкаси.
Салқинда кезган эркинроқ—
Баҳорнинг ўша эркаси.
Чумолини эрмаклар,
Меҳнат кимга керак, деб.
Осмонда учган эрта-кеч,
Қанотига бериб зеб.
Кетибон ёзнинг роҳати,
Аёз ҳам пичоқ қайради..
Иссиқда юмуш бажарган
Чумоли энди яйради.
Қанотинг бўлди эрмагинг,
Эрта не — ўйлаб қўймадинг.
Эркалаб ёзлар қўйнида
Гулларни танлаб тўймадинг.
Ғижираб тишинг, турибсан —
Чумолидан дон сўраб……
Бўронлар қувлар ёқтирмай,
Боряпсан мудом ҳолсираб…
Қолдинг-ку мана эрмаксиз,
Ялқовни суймас экан қиш.
Қаҳрига олди бу аёз:
Қиличли, қонли, заҳар тиш!..
Чумоли — меҳнат боласи,
Ўйлайди эрта, тақдирин.
Ўйинқароқ капалак,
Билдингми кузги оҳ сирин?

Усмон Темур таржималари