Вали Хромчойли (Vəli Xramçaylı) 1955 йил 27 апрелда Сибирда туғилган. Асли Қазах туманининг Сихли қишлоғидан. Озарбайжон Давлат университетининг филология факультетини тугатган. 1985 йилдан “Озарбайжон табиати” журналида бўлим мудири, масъул котиб, директор ўринбосари бўлиб ишлаган. Ҳозирги вақтда “Ўчоқ” газетасининг Бош муҳаррири.
1980 йилдан шеърлари чоп қилина бошлаган. Еттита китоб муаллифи. Асарлари ўзбек, рус, грузин, нсмис, инглиз тилларида чоп этилган. Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
УМРИМДАН БИР ПОЕЗД КЕЧАР
Йўлимга кўз тикмиш бир темир йўли,
Бу кеча умримдан бир поезд кечар.
Йилларим вагонга йўловчи бўлиб,
Оҳ, кечар, умримдан бир поезд кечар.
Вагоннинг бирида болалигимдир,
Кўнглида ўксиниш — не иложи бор.
“Она” вокзалида тўхтайди поезд,
Она алласига эҳтиёжи бор.
Вагоннинг бирида муҳаббатимдир,
Ўзи ўз юкини кетолмас тортиб.
“Ҳижрон” вокзалида тўхтайди поезд,
Бир гўзал кўз ёшин қўймагай артиб.
Вагоннинг бирида севинчим, ғамим,
Иккиси бир жойга сиғила билмас.
Булутга қўшилиб учган орзулар
Умр поездига йиғила билмас.
Шундайин умримдан кечар бир поезд,
Излари кўксимда мувозий ўқдир.
Охирги вагонда умримнинг йўли,
Ҳали манзилимнинг охири йўқдир.
ҚАЙДАДИР
Қайдадир тоғлари тоққа суяниб
Уфққа қотилган бир қишлоқ яшар.
Мен қайда бўлмайин, тоғнинг сойлари
Фикру хаёлимни ул томон бошлар.
Ҳозир у ерларда тўйи таъжилдир,
Тинди қора сурнай баҳор кечаси.
Қайдадир висолнинг йўли очилди,
Келди севганларнинг изҳор кечаси.
Унда бир гўзалнинг ўтдим ёнидан,
Дедилар: бунча тез елажакдир бу.
Ҳали мудраб ётар ҳисси, туйғуси,
Уйғониб, қайтадан келажакдир бу.
КЎНГЛИМ
Булут ўтмас, туман кетмас,
Бу савдонинг гули битмас,
Висолингга қўлим етмас,
Зорима, кўнглим, зорима*.
Қалбимда нағманг — оғриган,
Ҳасрат бағримни тўғраган,
Етолмадинг… ким қарғаган,
Ёринга, кўнглим, ёринга.
Боиси не — тушунмадим,
Тегиб кетманг — кўнглим камдир,
Кўксим остин ярми ғамдир,
Ярми на, кўнглим, ярми на?
На илож, ёш ўтар бешак,
Йиллар очиб борар жўяк,
Буни фасли ёмғир десак,
Қори на, кўнглим, қори на?
Дилимга қайғулар солган,
Авжга чиқиб, сўнг тин олган
Тегиб кетдинг сен ўртанган
Торима, кўнглим, торима.
_______________
*Зориқма, деган маънода.
Усмон Қўчқор таржимаси