Микеланжело (1475-1564)

Микеланжело Буонарроти (Michelangelo Buonarroti) (тўлиқ номи Микеланьоло ди Лодовико Лионардо ди Буонаррото Симони; 1475.6.3, ҳоз. Капрезе—Микеланжело, Тоскана — 1564.18.2, Рим) — итальян ҳайкалтароши, рассоми, меъмори ва шоири; Уйғониш даврининг буюк арбобларидан. Рассом Гирландайо (1488—96) ва ҳайкалтарош Бертольдо ди Жованни (1489— 90)дан таълим олган. Жотто, Донателло, Мазаччо кабиларнинг асарлари ва қад. ҳайкалтарошликни ўрганиши Микеланжелонинг ижодий камолотига муҳим таъсир кўрсатган. Микеланжелонинг дастлабки асарларидаёқ унинг ижодига хос асосий хусусиятлар — маҳобатлилик, образлар шаклининг қудрати ва драматизми, инсон гўзаллигига эҳтиром кўзга ташланади: «Зинапоя олдида турган Мадонна» ва «Кентаврлар» рельефлари (иккаласи ҳам мармар, тахм. 1490—92). «Вакх» ҳайкали (1496—97, Рим), «Исога мотам» ҳайкаллар гуруҳи (1498— 1501, Римдаги Авлиё Пётр ибодатхонаси)да анъанавий готика тасвирига янги инсонпарварлик мазмунини сингдирган. 1501 й.да Флоренцияга қайтган Микеланжело республика фуқароларининг жасоратини ифодаловчи «Давид» ҳай-кали (1501—04), «Мадонна» (1503), «Муқаддас оила» («Мадонна Дони», 1503—05) картиналарини яратди. Микеланжело 1505 й.дан Рим Папасининг илтимосига кўра, қабр ёдгорлиги яратиш устида ишлади, шулар жумласидан: буюк жўшқинлик ва иродага эга бўлган титан «Моисей» (1515—16, Римдаги черковда) ёдгорликнинг марказий бўлагига айланган; «Исёнкор қул» ва «Ўлаётган қул» (1513—16, Лувр) асарларида куч-қудратга тўлиқ кишанларни узаётган ва занжирдаги ўлимига рози бўлган икки навқирон қарама-қарши қўйилади. Микеланжело яратган асарларидаги образлар ёрқинлиги б-н қимматлидир.
1520 й.дан Микеланжелонинг қарашлари фожиали тус ола бошлади. 1534 й.да Римга бутунлай кўчиб ўтади. Ижодидаги бу оҳанглар Флоренциядаги Сан-Лоренце черковида Лоренцо ва Жулиано Медичи қабрларига ишлаган ёдгорликларида ўз ифодасини топди (1520—34).
Римдаги Сикст капелласида «Даҳшатли суд» фрескасини яратди. Умрининг охиригача ўзининг қабрига ўрнатиладиган ёдгорлик — «Исога мотам» ҳайкаллар гуруҳи устида ишлади (1555—64), унинг лойиҳасини шогирдлари ниҳоясига етказган.
Микеланжело умрининг охирги йилларида шеърият ва меъморлик б-н шуғулланди. 1546 й.дан Римдаги Авлиё Пётр Собори, Капитолий майдони ансамбли меъморлиги устида ишлади, ўлимидан сўнг унинг лойиҳаси асосида қуриб битказилган. «Шеърлар» китоби вафотидан сўнг дастлаб 1623 й.да нашр қилинган. Микеланжело ғоялари инсонпарварлик, халқчиллик, реализмнинг кейинги ривожига хизмат қилди. Микеланжело асарларида инсонга муҳаббат ва унинг улуғворлиги ҳамда гўзаллигига ишончни сақлаб қола олди ва ифода эта олди.

ИККИ СОНЕТ

Ҳикматни қаърида мармар жо қилар –
Унга сўз қўшолмас ҳатто даҳо зот.
Мармар ҳикматини айлагай озод
Фақат теран ақл элчиси – қўллар.

Қувончми кутарман ё чекарман ғам –
Марҳаматли донна, қарздорман – сизни
Кўрсам уяларман – жамолингизни
Мадҳ этмоққа ожиз маним қўлим ҳам.

На ишқ, на юзингизда балқиган сеҳр,
На қаҳр, на лаънат, на бу изтироб
Айбдордир! Фақат мен – ўзим гуноҳкор!

Зеро сизда яшар ўлим ва меҳр,
Мен бўлсам – алдадим бамисли сароб:
Мен фақат ўлимни айладим ошкор.

* * *

Наҳот, донна, наҳот (о, гарчи қийин –
Буни тан олмоқлик), мармарда аён
Бўлган чеҳра яшар абадул замон
Ҳатто яратгани ўлгандан кейин?

Ҳа! Инсон дунёда абадий қолмас!
Санъатнинг қисмати юксак, мисли бахт,
Ҳатто табиатдан юксак! Ҳатто вақт
Санъат яратганин ўлдира олмас.

Шу сабаб мармарга ва бўёқ-рангда
Сизни ва ўзимни қилиб намоён
Боқийлик қудратин бағишлай дейман.

Асрлар ўтса-да, одамлар англар:
Сиз қандай гўзалсиз! Мен қандай гирён!
Нақадар дономан – сизни суйибман!

Хуршид Даврон таржималари

* * *

— Гўзалликнинг ўзи нима , айт, Амур?1
Унга қалбим интилади, йўқ тўзим.
Фароғатни ўзда топайми ўзим,
Дағал тошда орзум кўргайми умр?

Чорлайсан-а мени қилмакка куфр,
Ғовга учрар ўйим бўлиб бир тизим.
Фидойи, заҳматли ишда қўл ҳар зум —
Бўлди, энди тирик чеҳра кўрсин кўз… узр.

— Ажиб гўзалликнинг асирисан, бил,
Унга талпинади ҳар бир ижодкор,
Энг юксак роҳатни англамоқ учун.

Унга тенгдир фақат навбаҳор ва гул,
Унда руҳиятнинг тасвир, акси бор.
Шуни англайолсанг — комиллигинг чин…

* * *

Бир кун мен ҳам бир ҳовуч кул бўлурман,
Олов сўниб бирга сўнди чўғим ҳам.
Сўнгги оним келдими деб ўйласам —
Мўъжиза қутқариб, қарздор қолурман.

Тирикманки эсдан чиқармам асло
Гўзал чеҳра аста-секин сўнишин,
Тангрига мен шунча нола қилишим —
Бекор экан, нуқта қўйибди Аллоҳ.

Остонадан ҳатлаб ўтайин мен ҳам,
Ажиб нурсиз қолиб бир етим каби,
Кундан-кунга озиб, мунғайиб, тўзиб —

Бўлиб қолдим мисли титраб турган шам.
Олур мени комига ажалнинг хоби,
Гар чўғидан Амур бермаса узиб.

* * *

Ҳунарининг барча сирларин англаб,
Метинни олов-ла енгар темирчи.
Оташ пуркар дамни тутар дамгарчи,
Темирга ғаройиб гўзаллик танлаб.

Жон – жаҳди-ла ўтга талпиниб Ҳумо,
Охир қисматини топиб бўлар кул.
Мен ҳам дилда ўтсиз ўликман буткул,
Лекин беҳудага ёнмоқ ҳам ёмон.

Бахтлиман, оловга эш бўлган дилим,
Сўнмас ўт дил ёқиб, лаззат бахш этар,
Ҳаётим шом томон кетаётса ҳам.

Ахир кўҳна гапни айтади элим,
Фалакнинг бағрига тафт сингиб кетар,
Наҳот энди мен ҳам меърож айласам!

* * *

Ишқ дилимдан нари яшар, аммо ёнимда.
Мўмин-қобил севги эса ўта вафодор.
Юрак қурғур шўх, ўйноқи, ўт, оловбардор,
Ҳислар эса тинлик бермай, қайнар қонимда,
Роҳат тотиб, уйғоқликни сезиб жонимда;
Билдим: худо ўзи берар, ўзи айлар хор.
Минг ғаройиб ҳуснинг бўлса ҳамки, сенга ёр —
Фонийликни раво этар, мени қилиб зор.

Олову илиқлик худди икки эгизак,
Илоҳийлик билан чирой ҳамиша бирга.
Ва шул сабаб юрагимда яшайди орзу.

Сенинг томон талпинади ҳамиша юрак,
Ҳавас чулғаб кунларимни ўрайди гулга,
Ҳайҳот, энди киприкларинг юммагил бир зум!

* * *

Билмам, сўнгги зангим урилар қачон,
Умрим эса ўтди қисқа он бўлиб.
Руҳим бу дунёнинг нафсидан тўйиб,
Қийналиб кутади чиқишини жон.

Разиллик йўлида бўлиб зўр сарбон —
Бу дунё яшайди гуноҳга тўлиб:
Ёлғонлар бошқариб, Ҳақиқат ўлиб,
Потрар орзу-умид таянчи — карвон.

Руҳим кўп қийналар гумонлар аро.
Тангрим, не жавобни кутайин сендан?
Адолатга ишонч сўнмоқда, ҳайҳот.

Ҳар кимсани ажал қилганда хароб,
Меҳрга қаҳрини йўргаклаб шунда —
Шууринг ўз кучин кўрсатмас наҳот?

* * *

О, бу диллар учун муқаддас фасл,
Аёз, қишлар ўтиб, баҳор кулгандек,
Ҳушҳол ҳаяжонга вужуд тўлгандек,
Руҳим яшар яна уйғоқ муттасил.

Ишққа бир хил ташна қарилик, ёшлик,
Севги иккисига беролар малҳам.
Ҳақиқат бор Амур сўзларида ҳам:
“Мени танимаган ҳаётда — ўлик”.

Гўзаллик иккимиз дўстмиз вафодор,
У менинг орзуйим, матлабим менинг.
У менинг ишончим каби барқарор.

* * *

Арғумоқдек ниқтаймиз тунни
Ва излаймиз кундан ҳаловат.
Йўқ умиднинг ишонч устуни,
Ором қолур тушларда фақат.
Ҳаёт — рангин иплар тугуни,
Эзгулик, ёвузлик — эгизак абад.

* * *

Она табиатнинг ўлчови оқил:
Икки омил бирга яшаши учун
Гўзалликка қаҳр пайванд, ёр экан.

Табассумингизда бахт эди нозил,
Болнинг мазасига қолибман учиб,
Унутиб — арининг ниши бор экан.

* * *

Тошда изласам ҳам абадиятни,
Ҳар он хаёлимда охирги куним.
Муштарак бўлолмас ажал ва ижод.

Агар қайтарилса ҳаётим яна,
Санъатга қилардим хизмат бетама,
Тангрининг ишлари ажибдур, ҳайҳот!

Нодира Рашидова таржимаси