Маҳсатий Ганжавий (1098 – ХII аср)

Маҳсатий Ганжавий (مهستی گنجوی – 1098 – ХII аср ўрталари) – форс шоираси. Мусулмон шеъриятининг ёқин намоёндаларидан бири.

Маҳсатий (“Моҳ асти” – “Ойсан” дегани) фазлу камол соҳибаси бўлиб, тарихий манбалар унинг илмпарвар хонадонда туғилгани, мукаммал таҳсил кўргани, истеъдодли рубоийнавис бўлиб етишганидан гувоҳлик беради. Отаси махсус мусиқашунос ёллаб, қизига мусиқа ва рақс илмидан ҳам сабоқ олишига шароит яратиб берган. Маҳсатий отадан барвақт айрилади. Ганжа хатибининг ўғли Амир Аҳмадга турмушга чиққунча саргардонлик ташвишларини бошидан кечиради. Унинг муҳаббати элга достон бўлади.

Маҳсатий хоним Хўжанд, Зинжан, Машҳад, Мариф, Балх шаҳарларида бўлди. Умар Хайём, Низомий каби устозлар билан ижодий мулоқотлар қилди. Тадқиқотчилар унинг “Амир Аҳмад” достонидаги Амир Аҳмад тилидан айтилган рубоийлари Умар Хайёмга тегишли деган гапни айтишади.

РУБОИЙЛАР

* * *

Эй, ҳусни шафтоли гулидай жонон,
Дудоғингнинг атри дардларга дармон.
Жонон бисотида бир боғча бордир,
Шафтолусин тотиб кўрсайдим бир он.

* * *

Аччиқланма, деди, эй ёр, бу кеча,
Тингла насиҳатни, дилдор, бу кеча.
Очарман қўйнимни сенга, сабр айла,
Қасосга шайланма зинҳор, бу кеча.

* * *

Арвотга бандани чулғайди кафан,
Бу ишга шариат ўзи йўл берган.
Менинг кафаним-чи, бир рубоийдир,
Бунга йўл берувчи ҳеч дин бормикан?

* * *

Бир бўса бер менга қанд лабларингдан,
Бир эмас, икки, уч, тўрт, бешни бер сан.
Олти, етти, саккиз, тўққиз бўса бер,
Сўнг эса ўн бўса лутф айла бирдан.

* * *

Сени ёндирдилар, айт-чи шам, нечун,
Ёндириб, унутиб кетдилар бутун?
Қзинг айт, найласин, инсон ўзи ҳам,
Яралган бўлса гар ёнмоқлик учун?

* * *

Эй дўст, муҳаббатнинг умри тузоқдир,
Орзум истагингдир, бу сўзим ҳақдир.
Қароримни олди сифоришларинг,
Сабр деганлари мендан узоқдир.

* * *

Кел, эй, сўзи икки ишвакор ўғлон,
Бутун қилмишлари фитнакор ўғлон.
Берган ваъдаларни узум сувидек,
Қадаҳдан тўкма сен, айла ор, ўғлон.

Абдулла Орипов таржимаси

РУБОИЙЛАР

Мард ўл, гар жўмардлик сен учун шиор,
Бошим силамоқлик наҳот сенга ор?
Зар берар бўсамга дунё шоҳлари,
Зорсиз сен бир ўпич олмассан, эй ёр!

* * *
Номурод айлади мени бу замон,
Қўлидан келгани – заҳмату зиён,
Тилагинг шу эрса чирпират мени,
Тошингдай айлантир, эй чархи даврон!

* * *
Севги минбарига чиқдик қачон биз,
Ишқдан ўзга калом демадик ҳаргиз.
Бизнинг бу манзилга қадам босмасин
Ишқ ичра ёнмаган, муз каби ҳиссиз.

* * *
Ошиқлар уйининг дарвозаси, бил,
Кўпдан бери бўлмиш бизим бу манзил.
Мевамиз қайғудир, беҳушлик мудом,
Шодлик бу хонанинг меҳмони, дегил.

* * *
Бировларга кунинг қолса, бу – ёмон,
Қуриган шох соя солибди қачон?
Сабр – азиз айлар, тамаъ этар хор,
Тансиқ нарсаларга қаноат даркор!

* * *
Жонга ора кирмас бу пул – бевафо,
Барчани супургай ажал беризо.
Хароботдан чиқиб бир пир сўйлади:
“Шод яша, тупроқда ётгунг бенаво!”

* * *
Ғамингдан кўнгулда дармон қолмади,
Бу ёшлик шавқига поён қолмади.
Ишқинг бир ўлимдир, бу хира нафас –
Тириклик номидан нишон қолмади.

* * *
Гар ҳақнинг бошида бўлсанг ҳамки тож,
Сени-да йиғлатар бир кун эҳтиёж.
Элинг дардини бил, унга яқин бўл,
Бир кун ўзинг элга бўларсан муҳтож!

* * *
Бу ҳаво, саҳрони тутган зарралар –
Кайқубод, Фаридун хоки муқаррар.
Дунё ҳам фалакнинг қўлидаги жом,
Қон тўла пиёла, десам, рост бўлар.

* * *
Олтин деди: “Мен ҳам кунингда керак,
Туз каби муҳтождир менга ҳар хўрак.
Мени ўлик каби тупроққа кўмма,
Ҳаёт учун мен ҳам энг яқин кўмак”.

* * *
Пурхун кўзларимдан оққан жолалар
Ханжардан силқиган қизил қон қадар.
Бағрим кабоб ўлди – хундур селоби,
Кабобдан қон сели томмасми магар?

* * *
Кўнгли эгрилардан, букрилардан дод,
Номард эркаклардан яхшироқ арвод.
Бевафо дўстлардан душман аълодир,
Бебурд дўст уйидан оёғингни торт!

* * *
Шам ёнар бошидан, кўз ёши тўкар,
Сўхтасин дарчадан биров ирғитар.
Бошинг-ла мақтанма, шамдан сабоқ ол:
Маҳв ўлар бошидан оёққа қадар.

* * *
Не боис жисмингни ёндирдилар, шам,
Йўлдан оздирдилар бунда бир оқшом?
Сен ўзинг сўйлагил, найласин агар
Куйиб кул бўлмоқ-чун яралса одам?

* * *
Сеники бўлса Чин, Мисру Румо ҳам,
Билки, сенинг бўлур бутун дунё ҳам.
Имонинг пок сақла, ўн аршин кафан,
Уч аршин ер охир қисматинг, одам!

* * *
Эй дўст, муҳаббатинг – жонима тузоқ.
Сенинг бир висолинг – минг бир иштиёқ.
Ақлу қароримни олмиш нозларинг,
Сабр деганлари кўнгилдан узоқ.

* * *
Хароботга кўнглинг бўлмаса, кирма,
Дарвешлик тариқин билмасанг, кирма.
Бошидан ўтганнинг йўлидир бу кўй,
Бу йўлда жон қурбон қилмасанг, кирма!

* * *
Харобот – манзили жўмард эрларнинг,
Бунда ўрни йўқдир бадкирдорларнинг!
Ихлос-ла қадам қўй бу жойга, билки
Ҳадди йўқдир бунда ҳийлакорларнинг!

* * *
Эй, сен ишвалари гўзалдан гўзал,
Ноз этма, инжима, раҳм эт лоақал!
Эй, сен қошларидай ваъдаси эгри,
Эҳсон де бу жомни, тўкмагил бир гал!

* * *
Кўзимдан сочилди қатра-қатра қон,
Кўкларга совурдим тупроқни, инон.
Кимнинг дуоси бу, билмасман, эй дўст,
Ки дарё ғамингдан тирик қолди жон.

* * *
Иқбол келиб бу кун кошонамизга,
Дунё, қулингман, деб киради сўзга.
Давлатки, донони излаб келибди,
Кулиб боқар энди толе ҳам бизга!

* * *
Ақду банд этилса эр билан хотин,
Шариат иши дер, йўл беради дин.
Никоҳ этилганман рубоийга мен,
Борми бу никоҳни қўлловчи ойин?

* * *
Ёнар тош бўлсанг-да, эй соқий, магар,
Ажал ёмғирлари бир кун сўндирар.
Бу дунё — бир кафт хок, мутриб, ғазал айт,
Соқий, давра айлан, бода сун, етар!

* * *
Сенга жон бағишлай гул дудоғимдан,
Қора зулфларимдан, ол ёноғимдан.
Шод-хандон, мастона рақсга тушай
Чанг чалиб шод этай висол боғида.

* * *
Ойу Зуҳромудир юзинг ва кўзинг,
Юсуф чоҳи эрур хол бирла юзинг.
Сен буғдой, мен сомонпоядек сариқ,
Сомонсиз буғдой ҳеч кўрдингми ўзинг!

* * *
Дудоғинг-ла мени асир қил, жонон,
Макка тошига элт, айлагил қурбон.
Гуноҳим бор эса, қўй, зиндон ўлсун –
Мендек гуноҳкорга чоҳи занаҳдон.

* * *
Ёрнинг томирига шох қўйган замон
Ҳазир бўл, инжитма, табиб, ногаҳон.
Ахир ёр қўлига урган ништаринг
Бир учи қалбимга санчилур, ишон!

* * *
Сен ариқ бўйида сархуш саҳар пайт,
Ой юзли жононим, эй сарви қомат!
Мен кўза кўтариб келурман бу ён,
Сув – асли баҳона, дийдор – ғанимат!

* * *
Бул кеча дилбарим меҳмон ниҳоят,
Ёлғиз тушларидан айлар шикоят.
Эй, кеча, дард-қайғу бўлсанг-да кетма,
Отма, тонг, бўлсанг-да бахту саодат!

* * *
Ёрим бармоғида узук бўлсайдим,
Унинг қўлларида кошки, ёнсайдим.
Ҳар гал ёр камондан ўт отган чоғи
Гулдай дудоғидан ўпич олсайдим…

* * *
Гул деди: “Очмадим қийғос ғунчалар,
Термадим саодат боғидан самар.
Гулоб қилмоқ учун мени узган қўл
Бандимдай кесилгай бир кун муқаррар!”

* * *
Ям-яшил чаманда товланади гул,
Булбул завқи жўшиб айлар арзи дил.
Ажаб, ҳар иккиси мафтун, маҳлиё:
Гул – қисқа умрига, тоқлиққа – булбул!

* * *
Мажлиснинг кўркидир гул била чечак,
Гул – гўё кўйлаги тўзғиган гўдак.
Кўрдим: қизармишдир ҳаёли ғунча,
Лабларида дуру гавҳар тутгандак.

Гулнинг ватанидир чаман мудомо,
Кўйлаги йиртилмиш этаккача то.
Дедим: ким тўзитди сабр пардани?
“Мен” деди шивирлаб саҳархез сабо.

Уйғон, икки юзли ишвакор ўғлон,
Лутфу қилиқлари фитнакор ўғлон.
Берган ваъдаларинг узум сувидек
Қадаҳдан тўкмагил, айла ор, ўғлон.

* * *
Ташналаб ўлдим мен, қақради кўзим,
Золим ўқларига йўқ тобу тўзим.
Ишқнинг оловинда сувдай эридим,
Ғарқу ғарқоб бўлдим селида ўзим.

* * *
Висолинг-ла тўлин кечалар кетди,
Киприкдан узилиб инжулар кетди.
Дилимнинг роҳати, мунисим, ҳар не –
Сен кетдинг, сенинг-ла баробар кетди!

* * *
Эй, сабо, сасингга бўлайин қурбон,
Малак авлодига этсанг-чи аён:
Кўрдим, интизоринг бўлиб бечора
Маҳсатий йўл узра бермоқдадир жон!

* * *
Уйқу йўқ, сенингсиз ғариб кечалар,
Уйқусиз кўзимдан оташ сочилар.
Зулфингдек тўзғигай тушларим менинг
Баногоҳ кўзларим илинса саҳар.

* * *
Май берки, бу фалак ғамларга макон,
Эй ёрим, жонимдан тўйдирди ҳижрон.
Мен каби шодликни севганни нечун
Бодасиз, жононсиз хўрлайди даврон?

* * *
Бир заҳри ботилдир, какрадур фироқ,
У жонни ёққучи шавқу иштиёқ.
Ўлим – жон халоси, ўлимдан ёмон –
Бу ёруғ дунёда ёрдан айрилмоқ.

* * *
Ёримдан айирди бу маккор фалак,
Кўзим жоласига дўст қилди юрак.
Васлига муяссар бўлмадим бир бор,
Айрилиқ жафоси айлади ҳалак!

* * *
Онт ичайки офтоб жамолинг ҳақи,
Анбар сочларингнинг шамоли ҳақи,
Паришон кўнглимнинг чаманзорини
Ҳар кеча суғоргай кўз ёшим оқиб.

* * *
Қалбим ошиқларнинг сардафтаридир,
Ишқинг азобига бир муштарийдир.
Тошдан ҳам қаттиқсан бағри тошликда,
Жабрингга дош бермоқ зўр ҳунаримдур.

* * *
Истадим: Ажамдан бир нома битсам,
Қалбим қон бўлдию бўғди мени ғам.
Юрагим хуни-ла битдим хатимни,
Йиғладик ҳам мактуб, ҳам мен, ҳам қалам.

* * *
Мактубим ивитди кўзларим нами,
Қон рангида ёнар ҳар бир рақами.
Қалам ҳам мен каби ғамбода эрди,
Боши-ла йиғларди ёзгунча ғамни.

* * *
Ёзар эсам севгим минг йил етмагай,
Ишқинг ҳикояти ҳаргиз битмагай!
Сиғмас бу ҳикоят қоғоз-қаламга,
Минг нома бир суҳбат ўрнин тутмагай!

* * *
Кўрдим: Жума бозор йўлнинг рошида
Каклик сайрар эди бургут бошида.
Какарлаб дердики: “Жафокор бир кун
Шундай марг топади фалак тошидан!”

* * *
Қассобсан, қурбонинг ўхшайман бу чоқ,
Дош бергум суякка етса-да пичоқ.
Қассобнинг ишидир кесганни сотмоқ,
Сен мени ўлдиру, сотмагил бироқ!

* * *
Менга атаганин у новвой дилбар
Қошу қовоқ қилмас, ноз ила тутар.
Хамирдай ийлади ишқида мени,
Қўрқаман, нон каби куймасам саҳар…

* * *
Ой юзлисан, ажаб тикувчи ўғлон,
Сенга юз Маҳсатий чокардир, инон.
Ҳар қатим тортганда шаккар лабингга
Ипакдай тегинсам, йўқ эди армон.

* * *
Мен қум эловчига бўламан ҳайрон,
Тилим лол сиримни этгали баён.
У-ку тупроқ элаб ахтарар олтин,
Кафтимда тиллою уни излайман.

* * *
Эй, шоҳи дилором, яша минг йиллар,
Соянгда бахтиёр кун кўрсин эллар.
Ҳар йил минг ой бўлсин, ҳар ойда минг кун,
Ҳар соат минг кунга бўлсин баробар.

* * *
Тулпоринг фалакка урарди туёқ,
Сендан жудо қилди уни ҳам фироқ.
Бошини кесдилар арғумоғингни,
Қуйруғига ҳеч ким тегмади бироқ.

* * *
Эй, шоҳим, шоҳлардан аълою мумтоз,
Сенга бахт дулдули – толедан ниёз.
Олтин туёқлари ботмасин дея,
Тупроққа кумушдан солди поёндоз!

* * *
Шоҳнинг лашкарига филингдан қирон,
Вазирингга асир минг қайсар, ҳоқон.
Рухингга садаға бўлсин бу жоним,
Шоҳларни тахтидан туширдинг, жонон!

* * *
Эмишки: пистанинг оғзи бўлар тор;
Сенинг қаторингда турса – писта хор.
Писта даҳонингга ўхшайман деса,
Демак, адабсиздир, чақиб қўйгил, ёр!

Ойдин Ҳожиева таржимаси