Керсти Мерилаас (1913-1986)

Керсти Мерилаас (эст. Kersti Merilaas) – эстон шоираси, таржимон. Асосан шеърлар, болалар учун китоблар ва пьесалар ёзган.

ҚОЯДАГИ ҚАЛДИРҒОЧ

Тўлқин кетидан
Тўлқинлар чопар.
Тўлқин устида
Қоялар ётар.
Туну кун бунда
Гувиллар шамол.
Оч бўри янглиғ
Увиллар шамол.
Мисли баландда
Турган бир нишон,
Қояда қушча
Қурибди ошён.
Қалдирғоч дерлар
Қушчанинг отин,
Мовий денгизга
Урар қанотин.
Эй сен, қалдирғоч,
Эй сен, жажжи қуш.
Сўзларим тингла,
Ёнгинамга туш.
Совуқ элларга
Нечун сен учдинг.
Нечун юртингдан
Узоққа тушдинг?
Қолмиш йироқда
Дугоналаринг.
Тиллари ширин
Парвоналаринг.
Зада этмасми
Қоялар тоши.
Соғинтирмасми
Жануб қуёши.
Шўрлик қалдирғоч
Толеи қаро.
Уя қурибсан
Шамоллар аро.
Тўлқин кетидан
Тўлқинлар чопар.
Тўлқин устида
Қоялар ётар.
Шамоллар илдам
Қйнар сояни.
Тўлқинлар шу дам
Йиқар қояни.
Тошлар гумбирлаб
Учса-да бот-бот,
Йиқилмади қуш
Ошёни, ҳайҳот!
Қалдирғоч дерлар
Бу қушнинг отин.
Мовий фалакка
Ёзди қанотин.
Олмоқчидайин
Балки ўчини,
Сувларга урди
Оппоқ тўшини.
Эй сен, қалдирғоч,
Толеи қаро.
Нечун уй қурдинг
Шамоллар аро
Айт сен, қалдирғоч,
Айтиб бер менга,
Бузилмай қолди
Ошёнинг нега?
Соҳилда тошлар
Ётар ғижирлаб.
Сўз айтар қушча
Шунда вижирлаб:
. Майли, шамоллар
Мени ҳайдасин.
Топдим мен бунда
Баҳор майсасин.
Тупроқ ахтариб
Соҳилга бордим.
Тилларим билан
Лойни ҳам қордим.
Қоялар узра
Юрганман шундоқ,
Жажжи ошёним
Қурганман шундоқ.
Тўлқин устидан
Тўлқинлар чопар.
Тўлқин устида
Қоялар ётар.
Эй сен, қалдирғоч,
Энди нетарсан?
Бош олиб энди
Қаён кетарсан?
Хазонда гулдай
Сўларсан балки.
Ғам-алам билан
Қларсан балки.
Соҳилда тошлар
Ётар ғижирлаб.
Сўз айтар қушча
Яна вижирлаб:
Эй сен, йўловчи,
Ачинма тақир.
Қалдирғоч дерлар
Отимни ахир.
Яна қайтарга
Саботим бор-ку.
Толиқмас менинг
Қанотим бор-ку.
Майли, шамоллар
Мени ҳайдасин.
Топдим мен бунда
Баҳор майсасин.
Соҳилга томон
Яна борарман.
Тилларим билан
Лой ҳам қорарман.
Қоялар узра
Юрарман яна.
Ошёним бунда
Қурарман яна!

Абдулла Орипов таржимаси