Асен Босев (1913-1997)

Асен Иванов Босев (22 ноябрь 1913, Руска-Бела қишлоғи, Болгария — 24 апрель 1997, София) — болгар шоири, носир, журналист, таржимон. Болалар ва ўсмирлар учун бир қанча китоблар муаллифи. Болгарияда хизмат кўрсатган маданият арбоби (1965), Димитров мукофоти лауреати (1950).

АҚЛЛИ ЎҒИЛ

Бир чолнинг уч нафар ўғли бор эди,
Учови етилган жуссадор эди.
Бир куни чол деди ўғилларига:

– Эртага бир байрам қиламиз бирга.
Гўштли нон безайди суфра устини,
Ким биринчи бўлиб ушатар уни?

– Мен, – деди тўнғичи чаққонлик билан, –
Чунки мен бу ерда катта ўғилман.

– Яхши. Нонни еймиз. Олдинма-кетин
Суфрага қўяман пишган қўй этин.
Ким биринчи олар қўйнинг этидан?

– Мен! – дер тўнғич ўғил бу гап кетидан.
– Ундан сўнг бўлади қовурилган ғоз.
– Уни ҳам мен ўзим қотираман боз.

– Эртага эрталаб мен билан бирга
Полизда ишлашга ким борар қирга? –
Тўнғич ўғил олға ташлади одим:

– Нега укаларим туришибди жим?
Улардан ҳам сал-пал садо чиқсин бир,
“Мен”, “мен” деяверсам бўлмайди ахир!

СОВҒА

Бир қишлоқда бир дурадгор бор эди,
Ўғилчаси доимо бекор эди.
Бир кун чорлаб унга қилди бир имо:

– Сенга совға бергум, – деди, – бебаҳо!
Қишин-ёзин – бутун умр – ҳамма вақт,
Сенга, ҳатто ўғлингга ҳам берар бахт.
Ва лекин бу совғани олмоқ учун, –
Деди ота, – менга кўрсатгин кучинг:
Тахта қирқиш, силлиқлашда ёрдам бер,
Девор қилиб ёнламаси қатор тер.

Ота-ўғил ишладилар ёнма-ён
Бир-бирини ёлғиз қўймай ҳеч қачон.
Болта, арра, рандаларни ишлатиш
Ўғил учун бўлиб қолди оддий иш.

– Ўтиб кетди, ота, ёшлик йилларим.
Қани совга? Қани ваъдага вафо?

– Эгалладинг дурадгорлик ҳунарин –
Сенга берган совғам шудир бебаҳо.

Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси

ЦАНКО

Цанкога кетмас ҳазил,
У дўстлар билан аҳил.
Дер:
–Дўст ҳар вақт қўллайди,
Тўғри йўлга йўллайди!
Доскага чиқса ҳар дам,
Дўстлардан кутар ёрдам!
Шипитишса: –Тўғри, – деб,
У такрорлар: – Ўғри, –деб.
Кимдир айтар: – Бостирма!
Цанко дейди: – Пистирма!
Ортидан дер: – Булбулча! –
– Англадим, – дер: – Дулдулча!
Болалар дейди: – Тенглик!
Цанко дер дарҳол: – Кенглик!
Дўст айтар: – Пирамида!
Сўз қайтар: –Атлантида!
Дўст: – Марица дарёси!
У: – Болалар дунёси!
Ёндан шипшир: – Олмахон!
У ғудурлар: – Олма хом!
Десалар агар: – Болқон!
Унга туюлар «Вулқон».
Вақтида дарс қилмаcа,
Дангасага гап бекор.
Ўқувчилар хўп кулди.
Ёрилай деди девор!

Рус тилидан Нуруллоҳ Остон таржимаси