Ндре Мьеда (1886-1937)

Ндре Мьеда (Ndre Mjeda) – албаниялик файласуф, тилшунос олим ва шоир. У 1886 йил 19 ноябрда Шкодер музофотида камбағал деҳқон оиласида туғилган. Фалсафа ва тилшунослик доктори унвонига эга бўлиб, тўққизта тилни билган. Илк шеърлари 1887 йилдан нашр қилина бошлаган. 1917 йилда “Ювеналия” деб номланган шеър ва поэмалар тўплами нашр қилинган. 1921–1924 йилларда албан парламентининг аъзоси бўлган. 1934 йилда албан тилшунослигига оид китоби чоп қилинган. Шоир 1937 йил 1 августда Шкодерда вафот этган.

ВАТАН СОҒИНЧИ

Гоҳо соғинч ичра секин мен,
Ўз юртимни ўйлаб ёнаман.
Хориж гўзал.
Гўзал, лекин, мен,
Мен бегонаман.

Баҳор.
Боғлар борар яшариб,
Мен ичимни тилганим тилган.
Ўзга чаман саҳродай ғариб,
Билганим билган.

Топа олмай ўзимга мосин,
Дилимни гул доғина бердим.
Мен олисдан
Ватан сиймосин
Соғинавердим.

Инин қўмсар
Ҳар қандайин қуш,
Отарини дулдулгинам-эй.
Ҳамдардим бўл,
Кел, ёнимга туш,
Булбулгинам-эй.

Саратонда ахтариб соя,
Сой бўйида кезаман ночор.
Нима қилай?
Бер бирор ғоя,
Пурвиқор чинор.

Гоҳ ирмоққа,
Гоҳо шамолга
Шикоятлар қилиб қоламан.
Жавоб топмай бирор саволга,
Ўйга толаман.

Чўққилардан олис-олисга,
Жануб томон
Термуламан жим.
Тобеман бир арзанда ҳисга,
Англамас ҳеч ким.

Азиз далам,
Азим тоғларим,
Сўлим кентим Буенам менинг.
Маранайим, гулгун боғларим,
Бу энам менинг

Ўз чодирим – азиз олачиқ,
Ўзим султон,
Кўланкам майдон.
Ўзга юртнинг тутуни аччиқ,
Зиёси зиён.

Э худойим,
Ўзинг раҳм айла,
Дарбадарлик кўйига солма.
Бола-бақра, хотин, оила –
Бир бутун олма.

Мард тарк этмас ота маконин,
Гарчи, зулм тоғ қадар бўлғай.
Қочиб,
Сақлаб қолганлар жонин
Оқпадар бўлғай.

Эҳтимол, ўз уйида эрни
Ғам кутар ё дарди бедаво?!
Мозорданми,
Бир қарич ерни
Кўрарлар раво?!

Ҳар ҳолда, у
Ўз юртинг эрур,
Шу соз, ўзга гулшандан кўра.
Сўнгсўз олур бирорта тенгқур:
– Омон бўл, жўра!

Ўз тилингда айтилгай видо,
Ўз тилингда тилангай иймон.
Ўз тилингда айлагай дуо,
Бирор мусулмон.

ОЗОДЛИК

Бургут, ғамимни юв, шубҳамни қув-чи,
Менга содиқмикан ҳануз севгилим?
Тоғидан ирмоқлар шовуллагувчи,
Чаманзор диёрда озодми элим?

О, мағрур қуш, бир дам кўзларингни юм,
Бир дам чўққидан сал қуйи ингин-да;
Қулоқ солиб кўргил, бирорта мардум
Қўшиқлар айтарми албан тилинда?

Бир савол чарх урар мудом миямда,
– Ҳамма озодмикан Албаниямда?

Рус тилидан Яҳё Тоға таржимаси