Валерий Залотуха. Сўнгги коммунист (қисса)

Биринчи боб

МАНА БИЗ ҚАНДАЙМИЗ!

1

Тайёра паст сузиб юрган булутлар орасидан сассиз-садосиз тушиб келди-да, мушук панжаларини ёзгандек, ғилдиракларини тушириб қўна бошлади. Ғилдираклар намиққан бетонга урилгач, зўриқиб кучанди-да, овози ўчди, ажабтовур тайёра оддий темирга айланди-қолди.
Бирпасда унинг қаппайган биқинига икки трап келиб ёпишди. Орқа эшикдан, ёшлари ўтган бўлишларига қарамай, яхшигина кийинган, хушқомат, сертабассум кишилар тушиб келишди. Уларни узун аэропорт автобуси кутиб турарди. Олдинги трап эса бўшлигича қолаверди. Биринчи салоннинг очиқ эшигидан чиқиши керак бўлган одамга мўлжалланган ҳашамдор пушти «Роллс-ройс» зинапояга қадалиб турарди.
Лекин негадир биринчи салондан ҳеч ким чиқмасди…
«Роллс-ройс»нинг орқасидан каттакон, ойналари зим-зиё қора «Шеврале-Субурбан» турарди. Машина атрофида қора костюм кийган, сочлари калта олинган, бўйни йўғон, кенг елкали тунд йигитлар ўралашарди. Чор тарафга кўз-қулоқ бўлиб турган бу барзангиларнинг қарашлари совуқ эди. Уларнинг бошлиғи — кекса, оқ соч (лақаби ҳам Оқ соч-Седой эди), юзлари қип-қизил киши «Субурбан» зинасига оёғини тираганича уяли телефонга нималарнидир бақириб гапирарди. У бақирган сари юзи баттар қизариб борарди.
Биринчи салондан эса ҳануз ҳеч ким чиқмасди…
Седой бақирар, йигитлар асабийлашар, аҳвол танглашиб борарди. Фақат иккинчи салондаги кишилар ҳамон тиржайганча бўм-бўш турган зинапояга қарашар, йигитлар «Роллс-ройс»дан кўз узишмасди. Ажнабийлар ҳатто Седой телефонга қараб кимнидир бўралаб сўкса ҳам кулиб тураверишди…
Худди шу пайт тайёра эшигида боядан бери кутишаётган кимса пайдо бўлди. У бола эди… Пуштиранг «Роллс-ройс» унга ажратилганди. Шоввоз йигитлар ўшани қўриқлаши керак эди. Қўлида каттакон гулдаста тутган Седой унга қараб чопди…
У тайёрадан ғалати тарзда, ёнбоши билан, худди буни хоҳламаган ҳолда чиқиб келди. Уни орқа томондан сочлари калта олдирилган, кичкинагина қора кўзойнак тақиб олган баҳайбат қўриқчи тўсиб келарди.
Ҳалиги бола, тўғрироғи, болага ўхшаш ўсмир йигитча паст бўйли, нозиккина, лекин чиройликкина эди. Агар ёшига мос келмайдиган жиддий ва ҳорғин кўзларини ҳисобга олмаганда бу болани бемалол мишиқи деса ҳам бўлаверарди. У кўкрак чўнтагига зар ип билан учта тоғ чўққиси акси тикилган қўпол қизил куртка кийиб олганди. Тор ва калта шимда, масхарабозникига ўхшаш каттакон ботинкада йигитча чиндан ҳам ғалати кўринарди.
Сирли йигитча зинанинг юқори майдончасида тўхтаб қолди, ёнган керосин ҳиди анқиб турган нам ҳаводан нафас олди, ғалати жилмайди-да, пастга қараб енгилгина тушиб кетди.

2

Аэропорт дарвозаси ғийқиллаб очилди. Дарвоза ортида уларни давлат автоназоратига тегишли “Форд” кутиб турарди. У ялтироқ машъални ёқди-да, чинқирганича “Роллс-ройс”ни бошлаб кетди. Сафнинг охирида “Субурбан” борарди. Унда ўтирган йигитлар автоматларини шай тутганча жим боришарди.
Седой «Роллс-ройс»да, ҳайдовчи ёнида ўтирарди. У формали камзул кийиб олган, лакланган соябонли фуражкада эди. Плашининг тугмаларини ечиб, дастрўмол билан тез-тез юзи ва бўйнини артиб қўярди. У ҳазиллашиб қўяр ва ўзи ҳам завқ билан куларди. Ҳайдовчи эса, аксинча, вазмин, йўлдан кўз узмай машинани ҳайдарди.
Йигитча бурчакда жимгина ўтирарди, унинг борлиги сезилмасди ҳам. Ўртада ойна — тўсиқ бўлгани учун у Седойнинг ҳазил-мутойибасини эшитмасди, афтидан, қизиқмасди ҳам. Кўзларидан ҳорғинлиги сезилиб турган йигитча бепарво эди.
Улар Москвага киришмади, ҳали кўздан ғойиб бўлмаган шаҳарни жимгина, диққат билан кузатиб боришарди. Қуролли йигитлар, Седой, ҳатто «Роллс-ройс»нинг ҳайдовчиси ҳам ўгирилиб, орқага қараб қўйишди.
Москва жуда катта, ваҳимали, тетик эди.
Йигитча эса бепарво эди, уни Москва қизиқтирмасди.
Симферопол тош йўлида «Форд»ни ДАНнинг «Волга»си алмаштирди ва улар жанубга қараб йўл олдилар.
Йигитча ҳар замон-ҳар замонда кўзини очиб, теваракка лоқайд қараб қўярди. У машина ойнаси ортидан лип-лип этиб ўтиб турган Россия ҳаётининг фақирона манзаралари: нурсиз қишлоқларга, кимсасиз ҳувиллаб ётган овулларга, йўл четида туриб, ўтган-кетганга, йўловчиларга чойнак, сочиқ ва балиқ таклиф қилаётган аёлларга ҳиссиз қараб қўярди.
Бир жойда машиналар сафи секинлашди. Йўлда тўнтарилган машина ёнаётганди. Машиналар тўхтаб қолган, ташвишга тушган кишилар уймалашганди. Седой тўсиқ ойнани тақиллатиб, йигитчага ёнаётган машинани кўрсатар, худди болага ўхшаб ҳалокатдан қувонаётганини яширмасди. Йигитча у қўлини чўзган томонга бир нигоҳ ташлади-ю, кейин диққат билан Седойга тикилди, ғазаб билан лабини жийириб қўйди.
Улар тун бўйи жанубга қараб йўл босишди, фақат йўлда бошлаб борувчи ДАН машиналари алмашиниб турди, холос. Ғарибона ўрта-рус манзаралари энди кимсасиз бўм-бўш чўллар билан алмашинди. Седой ухлар, боши кўксига осилиб тушганди. Йигитча эса, аксинча, жонланганди. У кимсасиз кенг далаларни диққат билан кузатиб торарди…

3

Тонг ғира-ширасида «Роллс-ройс» ва «Субурбан» машиналари «янги рус» мулки кенг қўрғонининг ланг очиқ дарвозасидан кириб келишди. Улкан данғиллама уйнинг ҳашаматли устунлари олдида, кўплаб хизматкорлар қуршовида қўрғон соҳиблари — эр-хотин Печенкинлар — Владимир Иванович ва Галина Васильевна серрайиб туришарди. Эр баҳайбат, кучли, ёрқин спорт кийимида, шудринг тушган совуқ майса устида ялангоёқ турарди.
Аёл — жуда дид билан кийинган, худди ҳозир тонготар палласи эмас, балки киборлар зиёфатига таклиф этилгандай ҳаяжонда.
Эркакнинг кўзида қувонч ва қувноқлик, аёлнинг кўзларида ғам ва алам…
— Ойижон, — деди бола ва тўхтаган машинадан тушиб аёл томон югурди. Аёл йигитчани бағрига босди.
— Болагинам… Ильюшажон… Жажжигинам… — шивирлади Галина Васильевна. Унинг киприклари узун-узун чиройли кўзларидан икки томчи тиниқ ёш юмалади.
— Қўйсанг-чи, онаси. Кўз ёшига бало борми? — деди қувноқ оҳангда Владимир Иванович. У ўғлининг елкаларидан ушлаб ўзига тортди, кўзларига тикилди. Бола ҳам унга диққат билан қаради. Бирдан отаси уни иккала қўлтиғидан ушлади-да, худди гўдакка ўхшатиб осмонга ирғитди ва бор овози билан:
— Мана биз қандаймиз! — деди қичқириб. — Кўриб қўйинглар! Ҳавас қилинглар! Биз — Печенкинлармиз!
У шундай деди-да, болани худди каттакон латта қўғирчоқдай силкита бошлади.
— Володя! — қичқирди Галина Васильевна ҳовлиқиб, — Қўйиб юбор, майиб қилиб қўясан!
— Майиб қилмайман! — кулди Владимир Иванович. — Унинг ўзи мени майиб қилади ҳали! — Лекин гапга кирди — ўғлини ерга қўйди.
Сочлари ҳурпайиб, енг-боши ғижимланган ва қип-қизариб кетган йигитча ўзини йўқотиб қўйган, ҳайратда эди. Уни ҳар томондан сон-саноқсиз оқсоч ва уй хизматкорлари ўраб олишганди. Боғбонлар ва ошпазлар, фаррошлар ва сартарошлар, массажчилар ва экстрасенслар бошларини эгганларича бўйинларини чўзиб, бир-бирига гал бермай кўпдан бери кутилган ёш соҳибни олқишлай кетдилар:
— Ассалому алайкум, Илья Владимирович!
— Хуш келибсиз, Илья Владимирович!
— Йўлда толиққандирсиз, Илья Владимирович?!
— Меҳмонда яхши-ю, уйга нима етсин!
— Илья Владимирович…
Йигитча бошини лиқиллатар, жилмаяр, ҳар бир олқишга мулозамат билан жавоб қайтарарди. Лекин унинг ҳайрат тўла кўзлари уни ўраб олган одамлар орасидан чиқиб кетишга жой қидирарди. Нарироқда нимадир гумбурлади, тонгги нам ҳавода бўғиқ портлаш эшитилди, бола шундай қўрқиб кетдики, бир сакраб тушди. Отаси «хо-хо»лаб юборди, ўғлига бармоғини ниқтаб кула бошлади, уларни ўраб турганлар ҳам кулиб юборишди. Фақат онаси, бир сесканиб тушди-да, болани бағрига босди. Бола ҳозир йиғлаб юборадигандай зўр-базўр тиржайиб қўйди.
Атрофдагилар эса «ура» дея қичқиришга тушишди. Ҳаммадан кўра уй соҳиби қаттиқроқ қичқирарди. Болани шунчалик қўрқитиб юборган портлаш унинг қайтиб келиши шарафига махсус уюштирилган мушакбозликнинг биринчи ёлқини эди. Ўтлар орасидан учиб чиққан думли ракеталар оппоқ осмон бағрига сингир ва оловли учқунлар сачратиб, ғужғон ўйнарди. Мушакбозлик боладан ташқари ҳаммани ўзига жалб қилди. Йигитча қовоғини уйди, баланд ва жаҳлдор овоз билан қисқа ва тушуниб бўлмас сўзни айтди:
— КЯЖ!
Бироқ уни ҳеч ким эшитмади, ҳатто онаси ҳам — Галина Васильевна барча қатори мушакбозликни томоша қиларди.
Ёш йигит, Илья Владимирович Печенкин олти йиллик айрилиқдан сўнг юртига қайтиб келди. У Швейцарияда сараланган бадавлат оилалар фарзандлари учун махсус «Труа сомэ», яъни «Уч чўққи» деган коллежда ўқиб қайтди.

Иккинчи боб

КАРАВОТ ТАГИГА ЯШИРИНИШНИ ЯХШИ КЎРАРДИ

Йўлдан чарчаб келганлигини айтиб, Илья дарҳол ўрнига кириб ётиб олди, ота-онаси бўлса ётишга шошилмасди. Улар нимқоронғу ётоқхонада, пастаккина тор диванда бир амаллаб ўтиришгунча ўзларининг ухлаётган болажонларидан кўз узиша олишмасди. Афтидан, меҳри жўш уриб кетди шекилли, ота бирдан кафтини она тиззасига қўйди ва аста-секин кўйлагини кўтара бошлади. Лекин Галина Васильевна унинг бу ноўрин ҳаракатини қатъият билан тўхтатди. Бироқ у эрининг бу қилиғидан сираям хафа бўлгани йўқ, балки унинг чайир елкасига янада яқинроқ сурилди.
— У шунақаям фаросатли, ҳозиржавобки, — шивирлади Галина Васильевна. — Мен ундан: «Ҳаммадан кўра нимани яхши кўрасан?» — деб сўрадим. Нима деганини биласанми? «Ленин ва пепси-колани… дейди». — У жилмайганча нима дер экан деб эрига қаради.
«- Янги авлод…» — изоҳлади Печенкин ва елкасини қисди.
Кўпчилик эркаклар сингари у шивирлаб гапиришни билмасди. Унинг овози жуда баланд чиқди. Галина Васильевна кўзларини олайтирди, Владимир Иванович гуноҳкорона бошини елкалари орасига тортди.
— Мен фақат бир нарсадан қўрқаман, — ҳаяжон билан пичирлади онаси. — У қизлар ҳақида умуман гапирмайди.
— Нима қилибди? — ҳайрон бўлди Печенкин. — Ҳали ёш-ку! Мен ҳарбий хизматдан қайтгач қизларга айланишганман.
— Унда замон бошқа эди. Ҳозир бўлса… Эсингдами, Сан-Францискода кўрганимиз.? Ўша даҳшатли сафлар…
— Нима деяпсан, Галя? Менинг ўғлим-а? Печенкин-а?
Галина Васильевна хижолатомуз жилмайди-да, шивирлаб деди:
— Йўқ, яхшиямки, биз Придонскда яшаяпмиз ва ўша мараз бизгача етиб келгани йўқ…
Илья қимирлади, юзи билан деворга ўгирилиб ётди. Ота-онаси нафасларини ичларига ютганча унга қараб жим қолишди.
Илья кафтларини чаккасига қўйганча худди мурғак гўдаклардай ухлаб ётарди. Лекин нафас олиши катталарникига ўхшарди- текис ва бир маромда.
Ота-онаси бир-бирига қараб олишди.
— Мен ундан «ёдладингми?» деб сўрайман, — дея гап бошлади Печенкин, лекин хотини гапини бўлди:
— Нимани ёдладинг?
— Лотин… Лотинни ёдладингми?
— Ёдлади, барини ёдлади, — эрини тинчлантирди Галина Васильевна. — Кунига иккита шеър…
— Нима, кунига иккита шеър? — сўради у тушунмай.
— Ильюша кичиклигида мен уни кунига иккита шеър ёдлашга мажбур қилардим. Эсингдами? Эрталаб битта, кечқурун битта. «Труа сомэ»га кираётганда улар менга айтишганди: «Ўғлингизнинг хотираси жуда зўр экан». Биласанми, уларга нима деб жавоб бердим?
Печенкин савол назари билан хотинига тикилди.
Галина Васильевна жилмайди, мағрур ҳолда бундан олти йил бурун нима деганини такрорлади:
— Ўзим биламан.
Печенкин «ҳа» дегандай бошини эгди. Орага жимлик чўкди. Болакай бир текис ва чуқур нафас оларди.
— Эсингдами, бизни қўрқитишни яхши кўрарди? — шивирлади Галина Васильевна.
— Ўшанда тўрт ёшларда эди… Кетиб бораётсам бурчакдан — «вов!» деб қолса бўладими! Бирам қўрқиб кетдимки… эсингдами?
Владимир Иванович эслашга уринди ва тан олди:
— Негадир эсимда йўқ…
— Ана холос, — ҳафсаласи пир бўлди Галина Васильевнанинг, — ахир бу одатини ўзинг ташлаттиргандинг-ку! Ўзинг деворнинг нариги томонидан унга вовуллаб ташландинг. У шунақаям қўрқиб кетдики! Ҳўнграб йиғлаганди… Шундан кейин ҳеч қачон қўрқитмайдиган бўлганди. Эсингдами?
— Эсимда шекилли, — деди хижолат бўлиб Печенкин. — Лекин камарга ёпишганим эсимда — у электр устарамни бузиб қўйганди. Бир адабини бериб қўяй деб камарни қўлга олдим-у, бундоқ қарасам, жойида йўқ! Осмонга учдими, ерга кирдими, ҳайронман… Ҳеч қаердан топиб бўлмади! У бўлса, каравотнинг остига беркинган экан, вой тентак-эй! Каравот остига яширинишни яхши кўрарди… Вой, мишиқи-ей…
Галина Васильевна қошларини чимирди ва тергагандай:
— Володя! — деб қўйди.
Печенкин жилмайганча ўша воқеа учун озор чеккандай бошини сарак-сарак қилди ва соатига қаради.
— Бўлди, туриш керак, — деди у қатъият билан. — Кун жуда тиғиз бўлади. — У бир оз ўйлаб турди-да, такрорлади: — Тиғиз кун.
Галина Васильевна эрининг кафтини ўз кафтлари орасига олди:
— Яна бир оз, Володя! Болаликда ҳар бир сония уйқу нақадар ширин бўлганини эслаб кўр…
Владимир Иванович, болаликдаги уйқунинг нақадар ширин бўлганини эслади, шекилли, чуқур хўрсинди, ҳа-а, дегандай бошини лиқиллатиб, иқрор бўлди.
Ва улар шу кўйи, пастаккина, ноқулай диванда яккаю ёлғизгина болажонларига анчагача термулиб ўтиришди.
Агар шу топда, Владимир Иванович билан Галина Васильевна ўғилларининг ухламаётганини билиб қолганларида борми, ҳайратдан лол қолишлари ҳеч гап эмасди… Илья уйғоқ эди. У кўзлари очиқ ётарди. Нималарнидир ўйлаётганди…

Учинчи боб

ТИҒИЗ КУН

1

Владимир Иванович айтганидай, кун жуда тиғиз бўлди. У этик кийган мушук ва қирол саёҳати ҳақидаги эртакни эслатарди. Фақат фарқ шунда эдики, Печенкинга ўғлини алдашнинг ҳожати йўқ эди. Унинг кўрсатганлари чиндан ҳам ўз мулки эди: фермалар, улкан элеватор, учта завод, иккита фабрика, тўртта банк ва «Печенкин» компаниясининг марказий идораси. Бу идора Придонскдаги энг баланд — йигирма қаватли бинода жойлашган эди. Аммо ушбу саёҳатнинг ўша эртакдаги саргузаштдан яна бир фарқи бор эди: эсингизда бўлса, қирол кўрган нарсаларидан ҳайратга тушарди. Ёш Печенкин бўлса индамас, отасининг мол-мулкларига совуққина назар ташларди. Владимир Иванович бунга унча парво ҳам қилмас, чунки ўзи болалардек қувониб бораётганди. Ниҳоят ўқ ўтмас қора «Мерседес» ичида қўриқчилари бўлган «Субурбан» кузатувида Придонск аэродромининг бир чеккасида тўхтаганида, машинадан биринчи бўлиб сакраб тушди-да, бадиий ҳаваскорлик тўгарагининг кўзбойлоғичидай қувноқ ҳайқирди:
— Хоп-ля!
Занглай бошлаган «кукурузник»лар ва парраксиз вертолётлар орасида Печенкиннинг шахсий самолёти — «Фалкон» яққол кўзга ташланиб турарди. Унинг учувчиси ҳам тайёрага жуда мос — хушбичимгина, оппоқ кийинган, кўккўз маллавой, иккинчи жаҳон уруши даври Германия «Люфтвафф»ларининг моҳир учувчиларини эслатарди.
Владимир Иванович ўғлининг елкаларини қучди-да, ўзига тортди.
— Учамиз, Ильюха! Шундай ўтирамиз-у учамиз! Қаерга десанг, ўша ерга… Уни сотиб олганимга бир ҳафта бўлди. Сени олиб келиши учун Швейцарияга юбормоқчи эдим-у, Москва рухсат бермади.
— Учиш сертификати ҳамда парвоз қилиш учун уни олдиндан расмийлаштириш зарур, — тушунтира кетди Печенкиннинг ёнида турган котиб-референти Прибиловский. Ўттиз ёшлар чамасидаги бу жаноб жуда пўрим кийинган, ўзини бемалол тутар, гапини дона-дона, қатъий гапирарди.
Печенкин қовоғини солиб, қўлини силтади:
— Э-э, биламан ўша Москва текинхўрларининг сертификатини! Менинг оёғимга болта урмоқчи бўлишаяпти! — У яна жилмайди ва ўғлига мурожаат қилди: — Учувчини бўлса тўғридан-тўғри Германиядан сўраттириб олдим. Учувчи немислардан бўлиши керак. Биласанми, нима учун? Улар рулни болаларга бериб қўйишмайди! — Печенкин хохолаб кулганича учувчининг елкасига қоқиб қўйди: — Хўш, нима дейсан Фриц, Москвани бомбалашга учамизми?
— Ха, ха, — деди кулиб немис.
— Ха, ха — қониқиш билан такрорлади Владимир Иванович ва ўйчан нигоҳ билан ўғлига қаради. Ўғил эса қимматбаҳо бу ўйинчоққа лоқайдгина қараб турарди.

2

Тиғиз кун дастурининг амалий қисмида ПКЗ — Придонск кемасозлик заводи цехига саёҳат режаси ҳам бор эди. Бу корхонани кейинги пайтларда Печенкин кемасозлик заводи деб атайдиган бўлишганди.
Шамол тўлқинларни авж олдирар, уч рангли байроқни ҳилпиратар ва Печенкин нутқини юлиб-юлқиб, пастда тўпланиб турган юзлаб кишилар устидан учириб ўтарди. Бу талотўпда унинг сўзлари маъносини йўқотар, лекин унинг оҳанги ўзгаришсиз қоларди.
Оҳанг эса тантанавор эди:
— М-е-н!
— Ме-ее-нн!
— М-е-е-н-н!
Илья отасидан сал нарида, фахрий меҳмонлар тўдасида турарди. Улар учун махсус қурилган баланд ёғоч минбар, анчагина нозик эди, ғичирлар, чайқалиб турганга ўхшарди. Лекин буни ҳеч ким сезмасди. Барча гоҳ пастга, гоҳ узоқ-узоқларга тикилганча жилмайишиб туришарди. Фақат Ильягина минбарнинг сезилар-сезилмас чайқалишига диққат билан қулоқ соларди. Афтидан, у қўрқаётганга ўхшарди…
Владимир Иванович бўғизидан ип боғланган шампан шишасини оҳиста пастга туширди-да, уни ярим доира шаклида айлантириб яп-янги танкер сағринига урди. «Дарё-денгиз» типидаги танкер танасида кўпикли из қолди. «Придонский-1» деб аталган янги танкер оҳиста сузиб сувга кирди, ҳамма бараварига «ура» деб қичқирди, пастда турганлар эса қалпоқларини осмонга отишди.
— Энди ёқаяптими?! — бақирди Печенкин ўғлига, унинг кўзларидаги қўрқувни ҳайрат деб ўйлаб.
Ҳарбий оркестр Россия мадҳиясини чалди.
Владимир Иванович бир оз қулоқ солиб турди-да, хўрсиниб қўйди ва ташвишли оҳангда:
— Мадҳия бизларда, ҳалигидай… Сўзлари йўқ, куйи ҳам унчамас…
Лекин шу заҳоти оғзининг таноби қочиб, тиржайди. Бу билан у буни тузатса бўлади, ҳаммаси ўз қўлимизда, демоқчи бўлди. Кейин ҳаммани таклиф қилди:
— Қани, энди балиқ шўрва ичгани борамиз! Шоҳона! Қўлбола балиқ шўрва…

Тўртинчи боб

ТИҒИЗ КУН
(Давоми)

1

«Надежда» деб ёзилган мағрур қайрилма бурунли ва баланд қуйруқли ажойиб оқ катер Дон сувини иккига ёриб, жадал сузиб борарди. Унинг бурун қисмидан Печенкинларнинг бахтли оиласи жой олишганди. Владимир Иванович олға интилганча шиддатли салқин шамолга кўксини тутиб борарди. Эрининг орқасини пана қилиб турган Галина Васильевна ўғлини бағрига босганича, уни ўзининг иссиқ нимчаси билан ўраб олган эди.
Печенкин бошини хотини томон бурди:
— Мен бу ерда бир гапни эшитдим… Фақат тушунолмай қолдим, латифами бу ёки ҳақиқат. Дўхтир бир эркакка меъданг яллиғланибди деган экан, у бўлса уйига келиб ўзини осиб қўйибди…
— Албатта, латифа-да. Ким ҳам меъдаси яллиғланса ўзини осаркан? — деди Галина Васильевна кулиб. — Бизнинг адамиз, Ильюша, болалигида қандай бўлса, шундайлигича қолган. Турмуш қурганимизнинг йигирма йиллигида менга нима совға қилганини биласанми? Кинотеатр! Яна қанақа дегин, худди бир вақтлар иккаламиз танишган кинотеатрга ўхшаганидан. Ўшанда у ўтирволиб писта чақар ва ерга туфлаб ташларди.
Печенкин шўхлик билан Ильяга қаради:
— Ўзи бўлса менга танбеҳ бериб ўтирди!
— Ҳаммаси шундан бошланган эди, — Галина Васильевна ўғлини бағрига маҳкамроқ босди. — Энди бўлса, Ильюша, даданг ҳар куни кечқурун ўша ерда ҳадеб битта фильмни кўраверади…
— Қўйсанг-чи, ҳар кунимас, — норози бўлди Печенкин, ўзини ҳимоя қилгандай.
— Ҳар куни, ҳар куни, — туриб олди Галина Васильевна.
— Борди-ю, мен шу тариқа дам олсам-чи! — Ҳужумга ўтди Владимир Иванович. — Ахир, шундагина сал ўзимга келаман! — У орқага бурилиб ўғли томон бир одим ташлади, худди қўлида пичоқ борга ўхшатиб ҳаракат қилди-да, ҳазиломуз бақирди: — Агар Жагани алдайдиган бўлсанг, мана буни ейсан!
Галина Васильевна ўғлини ўзига тортиб бир қадам орқага чекинди. Печенкин хохолаб кулди. Катер «Тинч» заводи бандаргоҳига яқинлашаркан, чинқириб овоз берди. Завод ҳудуди ҳам Печенкинлар мулки доирасига кирарди. Илья эрталаб кириб келган уй тепада, тикка жарлик устида турар, яқиндагига қараганда узоқдан анча яхши кўринарди.
Бир томони майсазор яйловга бориб тақалувчи кенг қумлоқ қирғоқда одам кўп эди. Ўртада ёрқин чодир савлат тўкиб турар, ёнида оқ дастурхон қопланган столлар бор эди. Сал узоқроқда олов ёнар, унинг устида улкан дудловчи қозон осиғлиқ. Унинг атрофида кўплаб ошпазу дастёрлар гирдикапалак эдилар.
— Балиқ шўрва тайёрми? — Печенкиннинг соҳилга чиққан заҳоти биринчи сўзи шу бўлди.
— Тайёр, Владимир Иванович, дудлаш қолди, холос, — деди оппоқ кийиниб олган ошпаз.
Печенкин қўлларини ёйиб, ҳайқирди:
— Мана бу ҳаммаси меники!
Бу ерда содир бўлаётган воқеалар Пётр 1 атрофида уймалашаётган одамлар акс этган манзарани эслатарди. Печенкин бир қадам ташласа, ёнидагилар уч-тўрт одим қўйишарди. Унинг орқасидан эргашиб, югуриб бораётиб Владимир Ивановични олқишлашар, ҳазиллашишар, илтимослар билан мурожаат қилишарди. Владимир Иванович уларнинг гапига қулоқ солмас, эшитмаса ҳам, барибир, орқасидан югуришиб табриклашар ва илтимос қилишда давом этишарди.
— Маданий тарзда дам олаяпмиз! Шўх ва қувноқ, лекин муштлашувларсиз! — ҳазиллашарди Печенкин ҳамманинг кулгисига жўр бўлиб. Йўл-йўлакай ечинишга тушди. Ечиб отаётган қора ипак камзулини, оқ кўйлагини, ёрқин галстугини дуч келган одам илиб оларди. Фақат юмшоқ чарм ғилофли каттакон тўппончасини Седой илиб олди.
— Патрик Лесаж, Владимир Иванович, «Экспресс» журнали. Интервью ваъда қилгандингиз. Эртага у учиб кетаяпти, — эслатди ёнига югуриб келган Прибиловский.
Печенкин ён томонига қараб чет элликни кўрди. Ажнабийнинг афт-ангори, уст-боши шунақа аҳволда эдики, Владимир Иванович ижирғаниб, референтидан сўради:
— Қайси мамлакатдан ўзи?
— Франциядан, — деди Прибиловский. Печенкин ҳиринглади:
— Дўстим Желудь айтганидай, Франция — энг сўнгги буюк миллат, деб ўйлаётган сўнгги буюк миллатдир. — У кулиб юборди. Унинг атрофидагилар ҳам кулиб юборишди. Ҳолбуки, унинг қандай пичинг қилганини кўпчилик эшитмаган ҳам эди.
Прибиловский ўзини кулгидан аранг тутиб турарди. Француз ер тагидан ижирғаниб унга кўзини тикканди.
— У менинг дўстим, Владимир Иванович, — деди Прибиловский.
Печенкин узр дегандай елкаларини қисди:
— Агар дўстинг бўлса… Эркаклар дўстлиги мен учун муқаддас. Умуман олганда мен интервью бермайман. Онт ичдим. Ҳаммаси гапни олиб қочади, ёлғонни ошириб юборади. Бунинг устига, сизлар халажой ҳақида кўп ёзасизлар, бизларда ҳожатхоналар жуда ифлос бўлади… Шунчалар зарилмикан ўша ҳожатхоналар… Ҳаммага рад этаяпман! Фақат японларгагина йўқ демайман. Улар шунақа ёзишадики, ҳеч ким ўқий олмайди. — Владимир Иванович яна кулди. Унга қўшилиб атрофидагиларнинг ҳаммаси кулиб юборди.
Прибиловский французга унинг тилида нимадир деди ва яна Печенкинга мурожаат қилди:
— Жаноб Лесаж янги рус бизнесининг фалсафаси, аниқроғи, унинг мафкураси ҳақида катта мақола тайёрлаяпти…
— Мафкура? — унинг сўзини бўлди Печенкин янада жонланиб. — Мафкура — менга дахлдор эмас. Бу, ана, губернаторга тегишли. Бу соҳада у устаси фаранг, йигирма йил мафкура устида ўтирган.
Владимир Иванович гапираркан, яқинлашиб келаётган мўйловли кишини кузатарди. Ҳозиргина сувдан чиққан калта ва қизил чўмилиш иштонидаги бу одам типирчилаётган каттакон зоғора балиқни кўкрагига босиб олганди.
— Балиқлар Донга қайтиб келди, Иванич! — қичқирганча чопиб келарди губернатор. — Оддийгина олти метрли тўр билан тутдик! — У югуриб келди-да, ўлжани Печенкин оёқлари остига ташлади.
Владимир Иванович хохолаб юборди:
— Вой-бўй, совуқдан кўкариб кетибсан-ку, Павел Петрович! — Сал иси-ниб ол…
Губернатор бошини сарак-сарак қилди:
— Йўқ, Иванич, балиқни кўрсам ўзимни тутиб туролмайман! — У қўлини силтади-да, қалтираганча тўр билан балиқ овлаётган югурдаклари олдига чопиб кетди.
Печенкин ниҳоят гулхан ёнига келиб тўхтади. Бу ерда ошпаз ва дастурхончилар саф тортиб уни кутишарди. Бош ошпаз махсус тайёрланган, куйдириб кўмирга айлантирилган ва ҳамон тутаб турган қозиқ-косовни оппоқ сочиққа ўралган томонидан ушлаганича Печенкинга узатди. Печенкин эса жиддий қиёфага кириб, кўсовни боши узра баланд кўтарди-да, тантанавор вазиятда, шошилмасдан қозонда қайнаб турган балиқ шўрвасининг ўртасига санчди.
— Мана энди дудли бўлади! — деди у ғолибона, атрофдагилар унга жўр бўлишди, «ура» дея ҳайқиришди, бу ерда ёшлар кўп бўлганидан американча оҳангда «вау» деб қичқирувчилар ҳам топилди.
Шу билан тантанали қисм тугагани йўқ. Печенкин микрофон ёнига келди. Нарироқда турган хотини ва ўғлини нигоҳи билан ёнига чорлади-да, гапира кетди:
— Бундан олти йил аввал мен хотиним билан ўғлимизни Швейцарияга, машҳур «Три сома» коллежига юборганимизда…
— «Труа сомэ», — деб тўғрилади Галина Васильевна, кулиб. Лекин эри қувноқ ва уялинқираб қўл силтади:
— Буни мен ҳечам эслаб қололмайман… «Три сома»!
Атрофдагилар бир эрига, бир хотинига қараб кулиб юборишди.
— Мана, адаштирворди! — деди Печенкин Галина Васильевнадан ўпкалаб, нима демоқчи бўлганини эслашга уриниб. — Ҳа! Ўшанда мен унга: «Лотинчани ўрганиб, қайтиб келасан! Придонскда лотинчани биладиган фақат сен бўласан», — дедим. Бу бир телбалик эмас, агар маъқул кўрсангиз, бу принцип. Мен Швейцарияга телефон қилиб, ундан «Лотинчани ўргандингми?» деб сўрадим. «Ҳа»,- деди у. «Қайтиб кел», — дедим мен. Ҳозир мени унинг уч тилни билиши, иқтисодиётни, ҳуқуқни ва бошқа нарсаларни ўргангани қизиқтирмайди. Мени лотин қизиқтиради!
Владимир Иванович жим бўлиб, жилмайиб қўйди. Ҳамма унга қизиқиб қараб турарди. Фақат, Илья, худди гап у ҳақда бормаётгандай, бепарво эди.
— Ҳозир биз имтиҳон қиламиз, — қичқириб юборди бирдан Печенкин. — Қани, текшириб кўрайлик-чи, лотинчани қанчалик ўрганган экан…
Ўша заҳоти Печенкиннинг ёнида пайдо бўлган Прибиловский унга эски чарм ғилофли китобчани узатди.
— Мен ушбу китобчани атайлаб бугунги кун учун «Сотбис» кимошди савдосидан олганман, — тушунтира кетди Печенкин. — Қанчага олганимни айтмайман, барибир ишонмайсизлар. Бу Плиний Кенжатойнинг китоби. У янги эранинг биринчи асрида яшаган. Фақат лотин тилида ёзган, ўзи у пайтда ҳамма лотинда ёзарди. Мана, мен битта саҳифани очаман, қарамасдан… Тахминан… Бир сатрни оламиз, буни ҳам тахминан… Қани, ўғлим, ўқи! Мана бу ердан бу ергача! — Илья китобчани қўлига олиб хира тортган қадимий ҳарфларни кўздан кечирди, кейин бир оҳангда, паст овозда ўқий бошлади. Шамол тинди ва Илья ўқиётган ўлик, сирли, хавфли тилни эшитаётган оммани ташвиш қоплади… Тушуниб бўлмайдиган қандайдир сўзлар Придонск кенгликлари узра акси садо берди:
— Тimere potes… potes… potes…
… sed omnes timent… timent… timent…
… dolores mortis… mortis… mortis…
— Энди таржима қилиб бер, — бақирди Печенкин ўғлининг ўқишини бўлиб.
Илья «хўп бўлади» дегандай бошини силкиди ва тутила-тутила паст овозда таржима қила бошлади:
— Мен сендан қўрқмайман, маккор шоҳ Парсена, — хитоб қилди Муций Сцевола.
— Мендан қўрқмаслигинг мумкин, лекин ўлимдан ҳамма қўрқади. Айниқса, ўлим азоблари даҳшат солади! — деди Парсена ва қаҳ-қаҳ урди.
— Мен ўлимдан қўрқмайман! — шундай деганича жасур йигит қўлини ўт пуркаётган ўчоққа тутди.
— Қани кўрайлик-чи, — хитоб қилди шоҳ, лекин қўрқувдан биринчи бўлиб ўзи бақириб юборди.
Илья жим қолди ва кўзларини отасига қадади. Унинг бу қарашидан ҳар қандай имтиҳонга ҳам тайёр экани кўриниб турарди. Печенкин ўғлига ғурур билан боқарди. Галина Васильевна дастрўмолининг учи билан намланган кўзларини артарди. Меҳмонлар қарсак чалишга шай туришарди. Лекин Печенкин ҳайкалдай қотиб тургани учун ботинолмай жим кутишарди. Владимир Иванович қимирлаб қўйди, елкаларини қимтиди, ўзини ўраб турган одамларга қараб чиқди. Унинг кўзидаги миннатдорлик завқи ғолиблик ғазаби билан алмашинди.
Бирдан ерга энгашди-да, каттакон тошни қўпориб олди, уни боши узра баланд кўтариб, шундай чинқирдики, бўйнидаги қалин томирлари кўкариб кетди:
— Мана бу тош! У жонсиз бир нарса, мен уни пойдеворга қўяман. Ана шу пойдевор устига уй қураман! Энг ажойиб уй! Бугун жонсиздан жонли вужудга келади!
Печенкин тошни оёқлари тагига ташлади, шунда ҳамма бирдан чапак чалиб юборди…

2

Она ва ўғил Печенкинлар дудли балиқ шўрва ичишдан иборат умумий байрамда иштирок этишмади. Улар бошқалардан ажралиб чиқишди-да, мажнунтол шохлари осилиб турган жойдаги тахта билан тўсилган чўмилиш майдонига ўтишди. Галина Васильевна шундоққина сув бўйида турарди. Илья ундан орқароқдаги ёғоч панжарага омонатгина қўнди.
— Бу ер мен учун энг муқаддас жой, — деди Галина Васильевна, олисларга тикилиб. — Дилим қувонганда ва ғамга чўмганда доим шу ерга келаман. Бу ерда қалбим ором олади. — У қўлларини ёйиб, баланд ва кўтаринки овозда, худди саҳнадаги актрисалардай гапира бошлади: — Нима учун одамлар учмайди! Нега одамлар қушларга ўхшаб учишмайди, дейман. Тоғ устига чиқиб турганингда, сени осмон ўз бағрига чорлайди. Шундай югуриб келсанг-у, қўлларингни ёйиб, учиб кетсанг!
Галина Васильевна бирдан кулиб юборди, бошини буриб елкаси оша ўғлига мулойим боқди-да, изоҳлай кетди:
— Ёшлигимда актриса бўлишни орзу қилардим. Мумтоз асарлардан парчалар ёдлардим. Айримлари ҳамон ёдимда сақланиб қолган.
Афтидан, онасининг гаплари Ильяни унчалик қизиқтирмади шекилли, ўзини ўнглаб нимадир демоқчи бўлган эди, панжара қарсиллаб синди ва болакайнинг сувга тушиб кетишига сал қолди.
— Вой! — дея чинқириб юборди Галина Васильевна ва болажонини маҳкам ушлаб бағрига босди.
— Ўрисона иш-да, — тўнғиллади Илья онасининг бағридан сирғалиб чиқаркан.
— Вой, худойим-ей, юрагим тарс ёрилаёзди… — пичирлади Галина Васильевна.
— Ўрисона иш-да, рус-ская рапота, — такрорлади Илья баланд овозда, ижирғаниб ва негадир эстонча талаффузда.
— Вой, худойим-ей, шунақаям қўрқиб кетдимки, — хитоб қилди онаси ўғлининг елкасидан қучиб, соҳилга бошларкан. — Кетайлик бу ердан, Ильюшажон. Бу ер салқин экан, шамоллаб қолишинг мумкин.
Она ва бола соҳил бўйлаб боришарди, уларнинг оёқлари ёнига копток юмалаб келди — нарироқда ёшлар волейбол ўйнашаётганди. Улар орасидан чиройли бир ёш қиз ажралиб чиқди-да, коптокни олгани югуриб келди. Илья коптокни олиб, унга ирғитди. Қизча коптокни илиб олди-да, тиз букиб таъзим қилди.
— Яхши юрибсизми, Галина Васильевна? — кулиб салом берди қиз Ильянинг онасига.
— Эсонмисан, Дашажон, — бош ирғади Галина Васильевна. — Шамоллаб қолма тағин. Кун совуқ-ку.
— Йўғ-е, Галина Васильевна, иссиқ! — деди қиз. Ильяга уялинқираб қараб қўйди-да, югуриб кетди.
— Иссиқ эмиш, — ғамгин жилмайди Галина Васильевна, чопиб бораётган қизнинг орқасидан қараб. Сўнг ўғлига мурожаат қилди: — Бу қиз Даша Канишева, чиндан ҳам зўр-а? Жуда андишали қиз. Унинг отаси шаҳардаги кир ювиш, кимёвий тозалаш масканлари ва ҳаммомларнинг хўжайини. Адажонимиз айтганидай, «энг тоза бизнес». Кулгили-а?
— Ойижон, шаҳарга боргим келяпти, — дабдурустдан деди Илья.
— Шаҳарга? — ҳайрон бўлди Галина Васильевна. — Қайси шаҳарга?
— Ўзимизнинг Придонскка.
Бошини ёнга ташлаб, Галина Васильевна ҳузурли жилмайди.
— Придонскни ўзимизнинг шаҳар деб атаганинг қандай яхши… «Бу мамлакат… бу халқ» деганлари бирам ғашимга тегадики. Бу бизнинг юртимиз! Бу бизнинг халқимиз!

3

Француз туркчасига чордона қуриб ўтирарди. Бенуқсон Прибиловский эса чўккалаб олган. Печенкин каттакон нақшиндор гиламда разинчасига ёнбошлаб олганича ёғоч қошиқда чуқур сопол товоқдан балиқ шўрвани ичарди. Унинг тепасида билагига сочиқ ташлаб олган дастурхончи йигит шай турарди.
— Менинг мафкурам битта. Ишлаш! Елиб-югуриш! Тер тўкиш! Бор-йўғи шу… — Печенкин жим бўлиб қолди ва ўйчан жилмайиб қўйди: — Лекин, биласизми, нимаси қизиқ… Олдинлари — одамларга яхши ҳақ тўланса яхши ишлашади, деб ўйлашарди. Ҳечам-да! Олдин бир тийин учун тиниб-тинчимаган одам, ҳозир ҳам катта пул учун тиним билмай тер тўкади. Унга барибир, иш бўлса бас. Дангасалар эса ҳалиям ўшандайлигича қолмоқда. Унга қанча тўласанг ҳам дангасалик қилаверади. Шундай экан, меҳнатсевар одамга мен тан бераман. Дангасани эса кўргани кўзим йўқ! Қолганларининг ҳаммаси менга барибир. Миллати, диний эътиқоди ва бошқаси мени қизиқтирмайди… Мендаги директорлар кенгашида — битта чечен, иккита яҳудий…
— Учта, — кутилмаганда аниқлик киритди Прибиловский.
— Ким у, учинчиси? — сўради Печенкин.
— Уралов. Отасининг дараги чиқди. Исроилда яшаркан.
— Уралов яҳудийми? — аввалига ҳайратланди Печенкин, кейин иқрор бўлиб қўя қолди:
— Ҳай, яҳудий бўлса, яҳудий-да. — Елкаси оша дастурхончига назар ташлади-да, илтимос қилди: — Барака топкур, яна суз. Лаққаси кўпроқ бўлсин.

4

Галина Васильевна эрига олисдан жуда ғамгин ва мулойим қараб турарди. Печенкин бўлса ёғоч қошиқни силкитганича диққат билан қулоқ солаётган французга сафсата сотарди. Прибиловский таржима қилишга зўрға улгурарди. Айни пайтда Галина Васильевна ўғлига гап уқтирарди:
— Рус аёллари, Ильюша, дунёдаги энг яхши аёллар бўлади. Эҳ-ҳе, бу ҳақда қанча айтилган, қанча ёзилган. Барча буюк одамларнинг хотини рус аёли бўлган. Сальвадор Дали, Пабло Пикассо, бу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин.
— Ойи! — қўпол оҳангда унинг сўзини бўлди Илья.
— Нима? — ҳайратланди Галина Васильевна.
— Придонскка бормоқчиман.
— Ҳа-а, — жилмайди она ўғлининг илтимосини эслаб. — Биз у ерга, албатта, борамиз, сен ҳали она шаҳрингни танимай қоласан. Бунинг ҳаммасини бизнинг адажонимиз бунёд қилди. Ўзимиз билан бирга Даша Канишевани ҳам оливоламиз. — У бир зумга ўйланиб қолди. — Биласанми, нима учун бутун дунёда рус аёлини бунчалик қадрлашади? Чунки, рус аёли табиатан ўта фидойи бўлади. У севган кишиси учун жонини фидо қилишга тайёр бир хилқат.
Галина Васильевна яна эрига қараб қўйди. Чунки унинг қулоғига эрининг баланд овозда «ҳаёт» деган сўзи етиб келганди.

5

— Лекин ҳаёт — бу тирикчилик-да. Фақат ишлашнинг ўзи билангина яшаб бўлмайди! — дея Владимир Иванович борган сари илҳоми жўшиб ўз фаолияти фалсафасидан гап сўқарди. — Мана мен, масалан, балиқ шўрвани дудланиб турган ҳолда ичишни ёқтираман. Олдин ичиб турардим, лекин мана етти йилдирки, оғзимга ҳам олмайман. Ишлашга ҳалақит беради бу қурғур… Мендан компаниям муваффақиятининг сири нимада деб сўрашганда, «Биз учун барча одамлар худоларга ибодат қилишади», деб жавоб бераман. Биз барча конфессияларга ёрдам берамиз. — У кулди: — Ҳалиги, бир сафар, тўғриси, пул сўраб келишди. Аввалига билолмай қолдик. Буни қарангки, шайтон малайлари экан. Ҳалиги, қўриқчи йигитларимиз, боплаб адабларини беришди, албатта!
Француз шоша-пиша диктофондаги кассетани алмаштирди. Печенкин тағин жиддий қиёфага кирди.
— Бизнинг шаҳримизда Завод майдони бор. Айтишларича, ўша жойда бир вақтлар монастир бўлган экан, кейин черков бўлибди. Ҳозир эса менинг биллур заводим… Ҳалиги, шу десангиз ҳозир ўша майдонда ибодатхона қураяпман. Пайғамбар Илья номига… Ибодатхонамас, аниқроғи, бутхона… Аммо қанақа! Биллур бутхона! Бу дунёдаги етти мўъжизанинг бири бўлади. Ёки саккизинчиси? — котиб-референтга мурожаат қилди у.
— Саккизинчиси, — ўйлаб ўтирмай жавоб берди Прибиловский.
— Саккизинчи мўъжиза. Бунинг устига, яна ўша жойда, майдонда Лениннинг ҳайкали турибди. Қўпориб ташлаш керак, — деган гаплар ҳам бўлди. Лекин худога ишонмайдиган, аммо Ленинга ишонадиган одамлар ҳам бор-ку, ахир. Уларга нима деймиз? «Тураверсин!» дедим мен. Уни биз ўрнатганимиз йўқ — олиб ташлаш ҳам бизнинг ишимиз эмас! Қўпориб ташлашдан осони йўқ, қани бир қуриб кўринг-чи… — Владимир Иванович кулимсиради, елкаларини қисди ва якун ясади: — Мана мафкуранинг турган-битгани…

Печенкин французнинг олдидаги товоққа қараб ҳайрон бўлди. У балиқ шўрвасини татиб ҳам кўрмаганди. Владимир Ивановичнинг пешонаси тиришди, гина қила кетди:
— И-е, бу нима қилиқ? Бизнинг овқатимиздан иргандингизми ҳали? Дудланган, ахир…
Француз ўзини оқлаш учун шоша-пиша шўрвани ичишга тутинди. Владимир Иванович бўлса, бошини чайқаганича тўнғилларди:
— Йўқ, биродар. Бунақаси кетмайди. Мен сени ҳурмат қилдимми, сен ҳам ҳурматимни жойига қўй…

6

— Ҳа, бу шаҳар ўзимизники, лекин сен у ерга қўриқчисиз, Ниличсиз боролмайсан… — дерди Галина Васильевна ўғлининг кўзларига тикилиб.
— Ҳеч қанақа Ниличнинг кераги йўқ менга! — бақирди Илья.
— Ниличсиз сени қандайдир чеченлар ўғирлаб кетиши мумкин! — деди Галина Васильевна қатъий овозда.
Ильянинг пастки лаби титрарди. У ҳозир йиғлаб юборадигандай бир ҳолатда эди.
Онаси ҳамдардлик билан жилмайди, ўғлининг елкасига қўлини қўйиб, таклиф этди:
— Келақол, яхшиси, сени Дашенка Канишева билан таништириб қўяман, майлими?
Бирданига байрамона майдонда талотўп бошланди. Кимдир жон аччиғида аянчли чинқириб юборди. Нарироқда турган «тез ёрдам» машинасидан иккита санитар сакраб тушди-да, замбилни кўтарганча югуриб қолишди.
— Нима? Нима бўлди? — ташвишланиб сўради Галина Васильевна югуриб кетаётган одамлардан.
— Француз! Француз журналистига балиқ қилтаноғи тиқилиб қолибди!
Галина Васильевна бўйнини чўзганича чопаётган одамлар орқасидан эргашди. Лекин, бирдан тўхтади-да, қайрилиб ўғлига қаради. Илья кулаётганди. У шу қадар яйраб кулардики, кўзларидан ёш чиқиб кетганди.

Бешинчи боб

ТИҒИЗ КУН
(Охири)

1

Кечаси тунда, кўча чироқлари ўчирилган бир пайтда, Придонск «Черемушка»сидаги беш қаватли панелли уйлардан бири олдига Печенкиннинг қора «Мерседес»и келиб тўхтади. Уйга кириш йўлаги олдида «Субурбан» ва қотиб турган қўриқчилар кўринарди. Бешинчи қаватнинг бурчакдаги ойнаси ёп-ёруғ эди. Владимир Иванович унга яна бир бор қараб олди-да, қоронғи йўлакка шўнғиди. Зинани иккиталаб ҳатлаб, у ўсмирлардай зумда бешинчи қаватга чиқиб олди. Эшик олдида малла соқчи турарди. Ильяни самолётдан шу йигит кузатиб тушганди. Печенкин нафасини ростлаб олди, маллавойга кўз қисди ва ҳазиломуз сўради:
— Хўш, самбочи, қачон беллашамиз?
Қўриқчи йигит уялинқираб жилмайди:
— Қачон десангиз, шунда, Владимир Иванович.
Печенкин қулоқ солди — тахта эшик ортидан гитара тинғир-тинғири эшитиларди. У эшикни аста итарди, эшик очилиб кетди.

2

Бир хонали уйнинг мўъжазгина ҳужрасида ердан шифтгача китобга лиқ тўла жавонлар қаланган. Шу ернинг ўзида кўплаб майда буюмлар: ёғоч, лой ва металлдан ясалган одамчалар, кучукчалар, қушлар, кемачалар, фотосуратлар уюлиб ётарди. Энг катта фотография — Марина Цветаева сингари мардона боқишли сурат расм учун махсус ўйилган токчада турибди, унда қуриб қолган гулдаста ҳам бор. Телевизор турадиган бурчакда катта қути турарди. Қутининг устида эса чамадонча — эски патефон қути, унинг ёнида бир дунё пластинка. Юқоридаги конвертда машҳур оркестрнинг машҳур дирижёри акс эттирилган. Печенкин унинг ёнидан ўтиб кетаётиб тирноғи билан чертиб қўйди.
Қалин жун рўмол ёпилган каттакон эски тахта ёнида, энсасини деворга тираб, сочлари калта қилиб олдирилган, қирқ ёшлардаги аёл ёнбошлаб ўтирарди. У жуда одми кийинган, қўлидаги гитарани чертиб қандайдир куйни чалиш билан овора эди. Печенкин унга ҳадиксираб қаради.
Аёлни Геля, Ангелина, Ангелина Георгиевна Всеславинская деб чақиришарди.
— Эшикни беркитиб олмаганинг яхшимас, — деди Печенкин паст, эҳтиёткор овозда.

Ёпиб юрманг эшикни ҳеч,
Эшик доим бўлсин очиқ,

— дея куйлади Геля мазах қилгандай.
Тахта ёнидаги учоёқда оғзи очилган арақ, қадаҳ, ёғоч тахтачада кесилган нон, талинкада колбаса ва тузланган бодринг бор эди. Печенкин ичимлик билан газакни кўздан кечириб чиқди-да, ҳайрон бўлди, лекин индамади, сўрашга ботинолмай турди. Геля сирли тиржаяр, ҳамон ўша куйни чалиш билан овора эди.
Печенкин столча ёнига келди, шишани кўтариб қаради, ёрлиқда ўз тасвирини кўриб бироз кўнгли жойига тушди. Арақ «Печенкин» деб аталарди. Шундан сўнг Владимир Иванович деразага нигоҳ ташлади, олис-олисда шаҳар устида қизил неон ҳарфларида ёзилган «Печенкин» сўзига кўзи тушгандай бўлди ва кўнгли бутунлай тинчиди. Елкаларини ғурур билан кериб хабар қилди:
— Туширилди.
— Қаерга туширилди, нима туширилди? — қизиқсиниб сўради Геля.
— Танкер сувга туширилди, — деди Владимир Иванович ва мақтаниб қўйди: — «Хоқоннинг ўзи табаррук қилди».
Геля истеҳзоли илжайди:
— «Хоқоннинг ўзи»… Қараб тур, Печенкин, поплар сени боплаб кетишмасин.
Геля гитарани бир четга қўйди, тахтанинг четига ўтирди, қадаҳга арақ қуяркан, гапира кетди:
— Мен «Литературка»да нижегородлик бир милиционер ҳақида ўқидим. Бойиб, бадавлат бўлганидан кейин ўзининг бор миллионларига ўрмонда монастир қурибди! Энди ўзи ўша монастирда оддий роҳибга шогирд тушибди…
— Биламан мен уни. Ундан ёғоч сотиб олгандим. Фамилияси Белкин, — деди Печенкин, негадир тундлашиб.
— Сен шундай қила олармидинг? — сўради тиржайиб Геля.
Печенкин жавоб бермади, юзи баттар хира тортди.
— Қила олармидинг? — қайта сўради аёл.
Печенкин қовоғини уйди ва илтижоли оҳангда деди:
— Қўйсанг-чи, бунақа саволларингни…
Геля қадаҳни завқ билан кўтарди-да, бодрингни карсиллатиб тишлади ва мақтаниб қўйди:
— Мен бўлсам янги қўшиқ тўқидим. Биласанми, номи нима? «Кичкина одам» дейилади.
— Айтиб берасанми? — сўради Печенкин.
— Йўқ, албатта, — деди баттар ғурур билан Геля ва гитарани қўлига олиб, таниш оҳангни чалиб, куйлай кетди:

Келди кичкина одам —
Кўкда тонг юлдузи порлагани дам.
Ким экан ўша инсон?
Дон-дили-дон! Дон-дили-дон!
Кичик одам, кичкина одам.

Демак, айтар гапи бор унинг,
Демак, бордир қўшиқлари ҳам —
Сену менга ҳар қачон.
Дон-дили-дон! Дон-дили-дон!
Кичик одам, кичкина одам.
Сайёрани чиқар айланиб,
Ёғоч отин елдириб илдам —
Ўша митти паҳлавон!
Дон-дили-дон! Дон-дили-дон!
Кичик одам, кичкина одам.

Ўз қўллари билан тутар у
Ернинг оташ қалбини маҳкам.
Ирғитар осмон томон!
Дон-дили-дон! Дон-дили-дон!
Кичик одам, кичкина одам.

Қувонинглар, яйранглар энди —
Келди кичкина одам!
Сену менга қадрдон
Дон-дили-дон! Дон-дили-дон!
Кичик одам, кичкина одам!

3

Ильянинг кўзи илинган ўша дамда унинг хонаси қуюқ қизил нурларга тўлиб кетди. У кўзларини очди ва яна беркитди. Чунки ҳеч қанақа қизил нур йўқ эди. Лекин яна ҳаммаёқ қизил бўлиб қолди… Илья каравот чеккасига ўтириб, ҳайрон бўлганча деразага қаради. Ҳув наридаги қарағайлар ортида бирин-кетин йирик неон ҳарфлар ёнбошлади: Октябр.
Илья қувноқ ва босиқ ҳолда кулиб қўйди. Ҳарфлар ўчди. У шошиб-пишиб шиппакларини оёғига илди-да, балконга чиқди. Қизил сўзнинг пайдо бўлишини кузатди. Балконнинг шундоқ ёнгинасида қарағай ўсиб турарди. Илья пастга кўз югуртирди, чамалади, панжарага оёқ қўйди. Қарағайнинг қалин шохини ушлаб олди, тирмашиб танасигача етиб борди. Қарағай танасини маймунга ўхшаб қучоқлаб олди-да, сирғалиб пастга тушди…
Бу чиндан ҳам кинотеатр, ҳақиқий кинотеатр эди!
Ялангоёқ, ёзги ич кийимида чиққан Илья кинотеатрнинг ёп-ёруғ ва бўм-бўш даҳлизида турарди. Ҳайрат билан атрофга кўз югуртирди. Кинотеатрнинг ойнаванд эшиги очиқ эди. Ҳар тарафда чироқлар ёнар, даҳлиз деворларида вақт таъсирида ранги бўзарган совет киноси юлдузларининг суратлари осиғлик турарди. Ана, хушруй Ивашов, гўзал Светличная… ҳамма ёқ жимжит. Илья атрофга аланглади ва ярим очиқ эшикдан кинозалга кирди. Пушти рангга бўялган зал ҳам бўм-бўш эди. Илья оппоқ экранга қаради ва энг чеккадаги ўриндиққа ўтирди. Худди шу пайт қаердадир унинг орқа томонида кимдир гармонни чалиб юборди. Чалишни унча яхши билмаслиги сезилиб турарди. Товуши жуда баланд, кишининг ғашига тегадиган даражада эди. Гармон овози кино қўйиладиган хона дарчасидан келарди.
— Тали, тали, тали, — дея куйларди кўринмас одам зўрма-зўраки. — Тали, тали, тали…
Илья жилмайди. Татар оҳангини эслатувчи жарангдор куй ҳиндча оҳангга ўтди.

О-во-ра-ман,
Мен дай-ди-ман,

— дея куйлади ҳалиги одам.
Илья ўрнидан турди, билдирмасдан чиқиб кетмоқчи эди, лекин ўриндиқ гумбурлаб ағдарилди. Гармоннинг овози ўчди ва қувноқ қичқириқ эшитилди:
— Ёш барин!
Илья ҳайрон бўлиб орқага қаради. Тўртбурчак дарчадан кулаётган каттакон башара зўрға кўринарди.
— Кино кўргани келдингизми? — сўради баланд овозда киномеханик.
— Йўқ-йўқ, ўзим шундай, — бош чайқади Илья ва шошиб эшикка йўналди.
Киномеханик Ильяга даҳлизда етиб олди. Оёқлари калта, тўладан келган, картошкабурун бу одам кичик-кичик думалоқ кўзлари билан кулиб, қараб турарди. Илья ҳам илжайди.
— Ёш барин, — эҳтиром билан такрорлади у.
Илья қовоқларини уйди:
— Мени бундай атаманг! Мен барин эмасман!
— Кимсиз бўлмаса? Эсингиздами, Никита Михалков «Шафқатсиз романс»да келгани? Ўшанда ҳамма бараварига «Барин келди! Барин келди!» деб қичқирганди.Бу ерда сизни ҳамма яхши кўради. Владимир Ивановични яхши кўришади… Галина Васильевнани қанчалар яхши кўришади! Улар бизни хафа қилишмайди. Яхши пул тўлашади. Сизларсиз хароб бўламиз. Мен тилла тиш қўйдирдим, кўраяпсизми? — Киномеханик оғзини катта очди. — Менинг тишимда тешик пайдо бўлганди. Владимир Иванович: — тиш қўйдириб олгин, Ноил, дедилар. «Қанақасидан? — дедим, — темирми ёки тилладан?» «Тилладан, албатта», — дедилар. Пул бердилар. Мен тиш қўйдирдим. Ойим касал бўлиб қолдилар. Владимир Иванович эшитибдилар: «Ноил, — дедилар, — хоҳласанг онангни даволаниш учун Москвага юборамиз, хоҳласанг чет элга. Пулини ўзим тўлайман». Онам рози бўлмади. «Ноил, менга татарча қўшиқ айтиб бер», — дедилар. «Мен татарча қўшиқ билмайман» десам, «Бу нима деган гап, айтиб бер» дедилар.
Татар жим қолди, тиржайиб деди.
— Кундузи ухлайман. Кечаси ҳушёр тураман. Владимир Иванович сим қоқиб: «Ноил, қани қўйиб бер-чи», — деб қолиши мумкин.

4

Печенкин Геля билан ёнма-ён, индамай ўтирарди. Қўли аёлнинг тиззасида эди. Геля жим турарди. У кўзларини юмиб олганди.
— Бу сенинг энг яхши қўшиғинг, — деди ишонч билан Печенкин.
У кўзларини очди, кинояли жилмайди.
— Сен менинг ҳар бир янги қўшиғимдан кейин шундай дейсан.
Владимир Иванович эшитмай қолди.
— Гель, айт-чи, сен нега қофияга қараб ёзмайсан? — қизиқсинди у.
Геля пешонасини тириштирди:
— Чунки ҳамма қофияга куй басталайди.
Печенкин «тушунарли» дегандай бошини эгди.
Геля жилмайди, унга эркалаб қаради-да, сўради:
— Сен яхшиси, айт, Илья қандай?
Владимир Иванович уни тиззасидан қўлини олди-да, бош бармоғини кўрсатди.
— Мен хурсандман, жудаям хурсандман, — деди у.
— Лотинчани ёдлади, — мақтанди Печенкин.
— Мен хурсандман. Жуда хурсандман, — такрорлади Геля.
У қўлини яна аёлнинг тиззасига қўйди. Улар яна жим бўлиб қолишди.
— Гель, ҳалиги кичкина одам — образми ёки аниқ биттасими? — сўради Печенкин.
— Образ… ёки аниқ, — маъюс такрорлади Геля ва ўрнидан турмоқчи бўлди. Лекин Печенкин унинг туришига йўл қўймади. У ўзи учун ҳам кутилмаган бир ҳолатда аёлни тахтага ағдарди.
Геля сассиз, лекин жонҳолатда қаршилик кўрсатарди. Владимир Иванович бирдан чинқириб юборди, оёққа турди-да, оғриқдан ғижиниб, тишланган бармоғига пуфлай бошлади.
— Вой қутурган-ей, — пишилларди Печенкин.
— Вой бемаза-ей, — деди унга жавобан Геля. Сакраб ўрнидан турди ва кўкрак тугмаларини қадай бошлади. У жавондан ниманидир қидиришга тушди.
— Бақириб юборганимда нима бўларди? Эшик орқасида соқчи турибди! — деди ғазаб билан Владимир Иванович.
— Унда мени отиб ташлашарди, — деди елкасини қисиб Геля, қўлидаги бинт билан унга яқинлашаркан.
— Қутуриб кетибсан-ку, — такрорлади у бармоғига бинт ўраётган Геляга қараб.
— Эмлаттириб ол, — ҳазилга йўйди аёл.
— Жудаям соғиниб кетдим, — ўзини оқламоқчи бўлди Печенкин.
— Тез-тез келиб тур бўлмаса, — деди Геля.
— Тез-тез келиб тур?! — Жаҳли чиқди унинг. — Ҳузурингга шошилаяпман-у, уйдамисан, йўқми, билмайман. Ҳатто телефон ҳам қилолмайман. Йўқ, уяли телефон ол деб неча марта айтдим!
Геля: «кераги йўқ» дегандай жилмайиб, бошини чайқади. Бундан Печенкиннинг баттар жаҳли чиқди, қўлини тортиб олди, бармоғига ўралган бинтни ечиб, ирғитди ва қичқирди:
— Хрушчевкада яшаяпсан!.. Ҳар куни ишга борасан!.. Тағин троллейбусда!… Шуям яшаш бўлди-ю…
— Нима қипти… Ахир, Швейцарияда ўқиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди, кимгадир Придонск тупроғини ялашга тўғри келади, — деди заҳархандалик билан Геля.
— Эс-ҳуши жойида одам бунақа яшамайди, — бақирди Печенкин.
— Аксинча, эс-ҳуши бор одамлар фақат шунақа яшашади, — биғиллади унга жавобан аёл ҳам.
— Сенингча, эс-ҳушли одамлар камбағалларми?
— Сенингча-чи, бойларми?
— Албатта, бойлар-да! Эс-ҳуши жойидаги одамлар — бойлар!
— Йўқ, эс-ҳушли одамлар — зиёлилар!
Печенкин телбаларча кулди:
— Зиёлилар? Қанақа махлуқлар улар? Ҳамма гапиради, лекин ҳеч ким кўрмайди уларни.
— Нега энди кўрмайди? — рад этди Геля. — Кўрган, кўришган. Мен кўрганман.
— Қанақа тоифа одамлар, ўзи ўша зиёлилар? Ўзлари ҳеч нарса қилишмайди, бошқаларга йўл беришмайди — ўшаларми? Демак, ҳўкиздай ишлайдиганлар, ўн олти соатлаб тер тўкадиганлар босқинчи ва ўғрилар, шундайми? Улар бўлса… Менинг ҳузуримга бу зиёлиларинг ҳар куни қадам ранжида қилишади, билганлари шу: «бер-бер». Биттасига берсанг, бошқаси югуриб келади: «Сиз унга бериб нотўғри қилдингиз. У ёмон одам. Мана биз яхшимиз, бизга беринг». «Нима, мен ундан тортиб олиб, сизларга берайми?» дейман. «Беринг!» дейишади. Зиёлилармиш…
Печенкин ғижиниб сўкинди : «- Ленин тўғри айтганди: «Бизнинг зиёлилар зиёли эмас, тезак!» — деб.
Геля чидаб туролмади, ер тепиниб қичқирди:
— Печенкин, чиқиб кет синфдан!
— Қанақа синфдан! — кулиб юборди Владимир Иванович. У ярашишга тайёр эди.
Геля гапни чалкаштириб юборганини тушунди. Лекин ҳозир на ҳазиллашишга, на ярашишга мойил эмасди, Печенкинни эшикка қараб итараркан минғилларди:
— Бор, бора қол, Печенкин, чиқиб кет…
— Бўлди энди, Гель, нима бўлди сенга, — айбдорона тиржайиб, орқага тисарилди Печенкин.
— Бора қол, Володя, илтимос қиламан! — Геля меҳмонни эшикдан итариб чиқарди-да, бирдан хижолат ичида шивирлаб тезгина деди: — Мен ҳомиладорман.
— Нима? — у яхши эшитмаганди.
— Мен ҳомиладорман! — деди Геля ва эшикни қарсиллатиб ёпти. Қулф чирқ этди.
Печенкин аёл айтган гапнинг маъносига энди тушунди. У ажабланганча тиржайди-да, эшикни аввал қўли билан, кейин елкаси билан итара бошлади.
— Ёрдамлашворайми, Владимир Иванович? — у елкаси оша эшитилган маллавойнинг ҳамдард товушидан ўзига келиб тўхтади ва ўйланиб қолди.

Олтинчи боб

НИМАДИР КУЙДИМИ?

Орадан бир неча кун ўтгач, Печенкинлар уйида машҳур дирижёр раҳбарлигидаги Москва оркестрининг концерти бўлиб ўтди. Бу ўша Гелянинг уйида Владимир Иванович кўрган пластинкада тасвирланган ва у тирноғи билан чертиб қўйган дирижёр эди. Афтидан ўшанда у келажакда бўладиган маданий воқеани назарда тутган эди.
Машҳур ижрочилар ва мусиқий гуруҳларнинг концертлари Печенкинлар уйида мунтазам ўтиб турарди. «Камин олдида учрашувлар» номи остида ўтадиган бундай кўнгилочар тадбирлар ташкилотчиси Галина Васильевна эди. Томошабинлар ва тингловчилар — янги придонскликлар, шаҳар раҳбарлари, шунингдек, маҳаллий маданият арбобларини ҳам Галина Васильевна таклиф қиларди. Концертлар анъанавий тарзда Печенкинлар уйининг каминли залида ўтар, бу ерда артистлар учун махсус саҳна қурилган бўлиб, меҳмонлар ярим доира шаклида ўрнатилган стуллар, диванлар ва ўриндиқларда ўтирардилар.Тадбир олдидан катта, малахит тош билан безалган камин, ҳатто ёзда ҳам ёқиларди.
Печенкинлар ҳамишагидай биринчи қаторда жойлашардилар, марказда — Владимир Иванович каттакон қўлтиқли ўриндиқда, унинг ёнида диванда Галина Васильевна ва Илья. Диванда учинчи бўлиб Дашахон Канишева ўтирибди. Чунки Галина Васильевна шундай бўлишини хоҳларди.
Дашахон Канишева ўзини жуда ноқулай сезарди — бошқа қизлар унга ҳасад билан қарашарди. Умуман, концертда ёшлар кўпчиликни ташкил қиларди. Қизиғи шундаки, ёшлар худди катталардай кийиниб олишганди: ўсмирлар капалакли смокинг, қизчалар эса, тунги кўйлакда. Илья улар даврасида жуда ғалати кўринарди — у қип-қизил крассовка, сап-сариқ жинси ва яшил свитер кийган эди. Бунинг устига тинимсиз сақич чайнарди.
Придонскликлар жим ўтирганча киприк қоқмай машҳур дирижёрдан кўз узишмасди. Машҳур дирижёр тинимсиз тиржаяр, албатта, оппоқ тишлари кўриниб кетар, серғайрат ҳаракати билан ҳамманинг кўнглини олишга интиларди. У худди юморчи-конферансьелар сингари тез-тез гапирар, томошабинларни жунбушга келтиришга ҳаракат қиларди:
— Моцартнинг, шунақа бир машҳур бастакор бўлган эди, шундай асари бор, унинг биринчи саҳифасида «тез чалинсин» деб ёзилган. Иккинчи саҳифасида «имкони борича тезроқ», учинчисида эса: «янада тезроқ» деб ёзилган. Хўш, биз қандай чалайлик? — сўради у томошабинлардан.
Придонскликлар нима дейишга ҳайрон эдилар.
— Яхши, биз бугун Моцартни ижро этмаймиз, — тинчлантирди уларни машҳур дирижёр. Бошқа, ундан кам эмас, балки машҳурроқ бастакор бор… Бу ўзимизнинг қизил Моцарт… Исак Осипович Дунаевский. Бу чинакам авлиё одам! У ўз хотинига битган мактубида шундай ёзганди: «Биз учун ўртоқ Сталин билан бир даврда яшаётганимиз катта бахтдир». Бизга эса, жин урсин, сира омад келмади! — Машҳур дирижёр жимиб қолди, қушларга ўхшаб бошини ён томонга эгиб, кулги кўтарилишини кутиб турди. Придонскликлар журъатсиз кулишди.
— Шундай қилиб Дунаевский! «Ўн беш ёшли капитан» фильмига увертюра! — дея хитоб қилди таниқли дирижёр ва оркестрга томон бурилди-да, тилла суви югуртирилган дирижёрлик таёқчасини силкий кетди.
Шунда ёшликдан таниш бўлиб қолган, гарчи ташвишли бўлсаям умид бахш этувчи оҳанг тарала кетди. Тингловчилар дарҳол танишди бу куйни, бир-бирига қараб олишди, таниқли дирижёрга миннатдорлик билан боқиб, жилмайиб қўйишди. Галина Васильевна берилиб мусиқа тинглаётган меҳмонларга ҳомийона кўз билан қараб чиқди. Ниҳоят унинг нигоҳи ўғлига келиб тўхтади. Илья ҳамон сақич чайнарди… Лекин бирдан кутилмаган воқеа юз берди: созандалар ўз чолғу асбобларини бир четга йиғиштириб қўйиб, увертюрани, оғиз ва лаблари ёрдамида чалишда давом этдилар: Ту-у-ду-у-ду-ду-ду…
Дастлаб тингловчилар ҳангу манг бўлиб қолишди, ўзларини йўқотиб қўйишди ва қўрқиб кетишди, кейин бунинг ҳазил эканини билиб қолишди. Маҳаллий маданият ходимлари таниқли дирижёрнинг шунақа ҳазиллари борлигидан хабардор бўлишгани учун лабларининг таноби қочиб тиржая бошлашди. Ва фақат Владимир Иванович шўх, эркин ва қувноқ бир ҳолда қаҳқаҳа ургач — ҳамма кулишга тушди.
Биргина Галина Васильевна бу умумий қаҳқаҳада иштирок этмади. Бу шодиёналикда нимадир унга ёқмади, нимадир уни ташвишга сола бошлади. Галина Васильевна бошини буриб, Дашахон Канишеванинг нигоҳи билан тўқнашди. Қизча ўзини йўқотиб, зўрма-зўраки жилмайди. Илья унинг ёнида йўқ эди.
— Ильюша қани? — сўради Галина Васильевна.
— Билмадим, — деди шикоятомуз Даша Канишева. У кўп ҳолларда Галина Васильевнага тақлид қилишга уринарди.
Мусиқачилар бўлса авжи пардаларда чалишарди. Таниқли дирижёр баланд сакраб тушиб, оёқларини чечетка рақсига мос ўйната бошлади. Бундан айримлар кулгига зўр берса, айримлар чинқириб юборишдан ўзларини тийиша олишмасди.
Галина Васильевна аламли ютоқиб, чуқур нафас олди ва бирдан қандайдир ғалати, ёқимсиз ҳидни ҳис қилди. У яна ҳавони искаб кўраркан Даша Канишеванинг нигоҳига дуч келди. Қизчанинг бурун катаклари кенгайган эди.- Сезяпсанми? — сўради ундан Галина Васильевна.
— Нимадир куяяптими? — қўрқиб сўради Даша.
Галина Васильевна орқага ўгирилди: Унинг ётоқхонасида нима куйган бўлиши мумкин?
Қовурилган ҳид анқирди, бу аниқ, қовурилган ҳид анқирди, йўқ, яна аниқроғи, ҳид анқимасди, балки сасимоқда эди, и-е, бу қовурилган ҳид эмас, куйинди, чиндан куйган гўшт ҳиди келарди.
Таниқли дирижёр томошабинларга завқ беришда давом этаркан, ўтириб-туриб ўйинга тушарди. Бироқ негадир кулги пасая бошлади, чунки кўпчилик, айниқса, аёллар бадбўй ҳидни ҳис эта бошлагандилар.
Машҳур дирижёр тўхтади, қаддини ростлади ва ҳайратдан қотиб қолди, ҳолбуки, унинг мусиқачилари зўр бериб чалишда давом этардилар. Дирижёр олдинга, томошабинлар оша гуриллаб олов ёнаётган камин томон қараб қолганди. Унинг юзида бирданига йирик-йирик тер томчилари пайдо бўлди. Дирижёр у ерда даҳшатли бир балони кўрган эди, шу қадар даҳшатли эдики, ўтирганларнинг ҳеч қайси бири ўгирилиб, орқага қарашга ботина олмасди. У қалтираётган қўлидаги дирижёрлик таёқчасини аста кўтариб камин томонни кўрсатиб, алам билан чинқириб юборди:
— Ёнаяпти! У ёнаяпти, ўртоқлар!
Ҳамма бараварига ўгирилди.
Камин олдига борган Илья қўлини чўзганича аланга устида тутиб турарди. Зални куйган гўшт ҳиди тутди. Илья йиқилди.

Еттинчи боб

МАВЗОЛЕЙ

1

Икки тавақали каттакон оқ эшикда «Жарроҳ» деб ёзилган шиша остида яланғоч малласоч қизнинг расми ёпиштирилган бўлиб, у ўзига чорлаб турарди. Буни тасдиқлагандай унинг тагига «Киринг!» деб ёзиб қўйилганди. Бироқ ичкарига ҳеч ким кирмасди. Елкаларига оппоқ тиббий халат ташланган Печенкин, Галина Васильевна, Прибиловский, Седой — ҳаммаси эшик олдида турибди. Фақат Владимир Иванович мушти билан деворга бир маромда урмоқда. У ҳар урганда дераза ойналари зириллар, эшикдаги малласоч қизнинг расми шитирлаб қўярди. Прибиловский чарм жилддонини қўлтиғига қистирганча, бошлиғини диққат билан кузатарди. Седой яширинча сигарет чекар, тутунини елкаси оша пуфларди. Галина Васильевна қўлларини кўкси узра чирмаштириб, пастки лабини тишлаганча чанг босган дераза ойнасидан кўз узмасди.
— Мен чет элда бир ҳафтадан ошиқ туролмайман — ичкиликка берилишим ҳеч гапмас. У ердаги тозаликдан бир жойга тупуролмайсан. Олти йил-а… Олти йил шундай шароитда яшаш ҳазилми, — деди Печенкин кутилмаганда.
— Мен ҳам шуни айтаяпман-да: олти йил — катта муддат! — қўшилди Седой. — Уйидан узоқда роса соғинган-да, болакай. — Менинг ўйлашимча, у ҳаддан ташқари кўп ўқиган. Уларнинг дастури билан танишиб чиқдим — жуда оғир экан, — деди Прибиловский.
Бу фикрга эр-хотин Печенкинлар ҳам, Седой ҳам қўшилди. Улар бу фикрни давом эттириш ва ривожлантиришга тайёр эдилар. Лекин Галина Васильевна уларни тўхтатди.
— Оркестрни чақиришнинг кераги йўқ эди, — деди у кутилмаганда ойнадан кўз узмай.
— Оркестрнинг нима алоқаси бор бунга, — тушунолмасди Владимир Иванович.
— Шунинг учун! — асабий хитоб қилди Галина Васильевна. — Шунинг учун алоқаси борки, мумтоз мусиқа устидан кулиш мумкин эмас! Ким қўйибди уларнинг мумтоз мусиқани майна қилишига… Дунаевский; билсангиз, биз учун ҳақиқий классика!
Жарроҳ кутилмаганда пайдо бўлди. У юришидан кўча безорисига ўхшарди. Ҳамма ҳаяжонда, ҳаракатга келди. Седой тутаб турган сигарет қолдиғини қаерга ташласам экан деб олазарак бўлди. Юриб келаётган жарроҳ у билан тенглашгач, чала сигарет қолдиғини Седойнинг қўлидан чаққонлик билан олди-да, кафтига яширди, эшикка, ундаги расм ва ёзувга ишора қилиб, таъна билан деди:
— Кирмайсизларми, нега кирмай турибсизлар?

2

У стол ёнига ўтирди, сигаретни узоқ ва мириқиб тортди-да, тутунини оғзидан ингичка ҳалқа қилиб чиқараркан, Печенкинга қатъий деди:
— Демак бундай… кўрпа-тўшак чойшаблари билан — уч юз дона. Йиғма тувак — эллик дона. Телевизор, ранглиси маъқул — бир дона. Катталар учун памперс — қанча олиб келолсангиз.
Прибиловский шошилиб ёзиб борарди.
— Эртага бўлади, — деди Печенкин.
— Эртага якшанба, — эслатди Прибиловский.
— Эртага бўлади, — такрорлади Печенкин.
— Эртага бўлади, — деди Прибиловский ҳам.
Жарроҳ сигаретни фильтригача чекиб, бармоғини куйдириб олди. Пешонасини тириштириб, паришонхотир ўз қўлига қараб қўйди-да, давом этди:
— Хўш, умуман бундай… Қўлни айтсангиз, ҳаммаси жойида. Лекин оғрийди. Чандиқ қолади. Балки кейин пластик операция қилинар. Бироқ бу бизда эмас. Австралияда, эшитишимча, пластик операцияни яхши қилишаркан…
Эркаклар енгил нафас олишди, Галина Васильевна ҳиқ-ҳиқ йиғлашга тушди. Лекин жарроҳ унинг бутунлай бўшашига йўл қўймади. — Хўш, кейин унга нима бўлди? — кутилмаганда сўради у.
Ҳамма тушунолмай унга қаради.
— Кимга? — сўради Печенкин.
Жарроҳ елкасини қисди:
— Ҳалиги, Муций Сцеволага-да…
Владимир Иванович тиржайди:
— У бу ёғига ўқимай қўйди… Мен тўхтатдим. Бу ёғида нима бўлганди…
— Нима, сиз тиббиёт олий илмгоҳида лотин тилини ўрганмаганмисиз? — қизиқсинди Седой.
— Э, биз у ерда нима ҳам ўрганардик… — қўл силтади жарроҳ.
— Ҳа, биз Ильядан илтимос қиламиз, кейин нима бўлганини таржима қилиб беради, — деди Владимир Иванович.
— Кераги йўқ! — дея тўхтатди уни Галина Васильевна.
— Мен ҳам шуни айтяпман-да, у кейин нима қилди, олдиндан билиш учун… бўлмаса… — Жарроҳ кутилмаганда жим бўлди ва энсасини қашиди.
Прибиловский чўнтагидан уяли телефонни олиб қандайдир рақамларни тера бошлади. Жарроҳ афтини буриштириб, сўзини тугатди:
— Акс ҳолда, у, ҳалиги… У Мавзолейни сўради…
— Ким? — тушунмади Галина Васильевна.
— Сизнинг ўғлингиз.
— Қанақа Мавзолей? — ҳайрон бўлиб сўради Владимир Иванович.
Жарроҳ зўрма-зўраки жилмайди.
— Ҳалиги, бор-ку, Москвада… Бизда ҳали бошқаси йўқ…
— Кремлда, — эслатди Седой.
— Кремлда эмас, Кремлнинг ёнида, Қизил майдонда, — аниқлик киритди Прибиловский.
— Мен ҳам шуни айтаяпман-да, — деди Седой.
Печенкин Прибиловскийга қаради:
— Кремлда ким ҳозир?
— Ҳозир Кремлда биздан Бусигин, Черевичко, Кац, — ахборот берди котиб-референт.
Жарроҳ кулиб юборди; «нега тушунмайсизлар» дегандай қўлини силтади.
— Ахир, Кремлга эмас, Мавзолейга деяпти!
— Мавзолейда ким ҳозир? — яна мурожаат этди Печенкин Прибиловскийга.
— Мавзолейда ҳозир Ленин, — деди котиб-референт.
Владимир Иванович Мавзолейда Ленин борлигини биларди, лекин юз ифодасидан ҳеч нарса тушунмагани кўриниб турарди. У шундай деб қўя қолди:
— Ҳеч нарса тушунмаяпман.
— Буни тушунмайдиган ҳеч жойи йўқ, Володя! — дея хитоб қилди бардоши тугаб Галина Васильевна. — Москвада мен бўлганман, сен ҳам бўлгансан, ҳамма бўлган у ерда…
— Мен тўрт марта бўлганман, — деди Прибиловский ва қандайдир рақамларни тера бошлади.
— Сен яхшилаб эслаб кўр, Москвага борганимизда биринчи бўлиб қаерга тушишга интилардик? Мавзолейга! — Тушунтиришга уринарди довдираб қолган эрига Галина Васильевна.
— У ерда, ўша Москвада кўрадиган яна нима бор? Фақат Мавзолей, — айтишга улгурди Седой, то Галина Васильевна нафасини ростлаб олгунча.
— Чет элликларни қаерга олиб боришарди? — давом этди Галина Васильевна. — Мавзолейга! Ильюша бўлса, ахир, у чет эллик-ку! Мавзолейга олиб бориш лозим!
Прибиловский бармоғини кўтариб, «жиминглар» деган ишорани қилди, сўнгра телефон орқали айтилаётган гапларни баланд овозда такрорлай бошлади:
— «Гай Муций Сцеволе — римликларнинг этрускларга қарши жангининг афсонавий қаҳрамони (янги эрагача олтинчи аср охири — бешинчи аср бошлари). Душман қароргоҳига кириб олишга муваффақ бўлган йигит этрусклар подшоҳи Парсенани ўлдирмоқчи бўлади, лекин асирга тушиб қолади. Ўзининг оғриқ ва ўлимдан қўрқмаслигини исботлаш учун Гай Муций қўлини ловуллаб турган оловга тиқади ва панжалари кўмирга айлангунча миқ этмайди». Бўлди — Прибиловский гўшакни чўнтакка яширди.
— Хўш, Мавзолей ҳақида ҳеч нарса демадими? — сўради жарроҳ.
— Бўлди, — такрорлади Прибиловский.
— Мавзолейга! — деди Галина Васильевна эрига қараб.
.- Мен Москвага бормайман, — тўнғиллади Печенкин.
— Мен бораман. — Галина Васильевна сўзида қатъий эди.
Печенкин Прибиловскийга қараб, амр қилди:
— Кацга сим қоқ.

3

Москвада ҳам, худди Придонскдаги сингари совуқ, изғирин эди. Шундоққина Мавзолей ёнида турган Седой қишлоқиларга хос қизиқиш билан атрофга алангларди. Ёнида у ёқдан-бу ёққа юриб турган тунд юзли милиция полковниги шинелининг ёқасини ечиб олган, дам-бадам қўл соатига қараб қўярди. Шундоқ ёнгинасидаги курантлар занг уриб вақтни билдириб турарди, лекин, афтидан, полковник уларга ишонмасди.
Галина Васильевна Мавзолейнинг нариги томонида турар, қимир этмай Василий Блаженний ибодатхонасидан кўз узмасди. Унинг кўзи, юзи ва ҳатто оёғини олдинга чиқариб, қўлларини орқасида бир-бирига чалиштириб туриши — буларнинг ҳаммаси адо этилган оналик бурчи ҳиссини ифодаларди.
Қизил майдон одамлар билан гавжум, чеҳралар гулгун. Мавзолей қаршисидан одамларни кулдириб масхарабозлар ўтиб бормоқда. Ранг-баранг бўялган кийимларга бурканган бу одамлар чиндан ҳам кулгили эди. Гўё уларнинг бошлари ва қўллари пастда, оёқлари эса тепада. Биттаси худди оёғи билан ноғора қоқаётгандай, бошқаси эса папиросидан тутун пуркаб, ғалати овоз чиқариб бораётир.
Седой уялиб жилмайди, полковникка қараб, сўради:
— Циркми?
— Ҳа, бу ерда ҳар куни цирк, — жавоб берди полковник норози оҳангда ва яна соатига қараб қўйди.

4

Оч пуштиранг нур ёришиб турган тиниқ биллур орқасида, чалқанча чўзилиб ётган Ленин мангу уйқуда. Илья унинг олдида узоқ ва қимир этмай турди. Ундан бир неча метр орқароқда иккитаси сабот билан кутарди: озғин ва қотмадан келган кекса прапоршик ялтироқ хром этикда, ёнидагиси бўлиқ сочли қирмиз юзли доктор.
Ильянинг бинт билан ўралиб, бўйнига осиб қўйилган қўлига қараб прапоршик доктордан шивирлаб сўради:
— Унинг қўлига нима қилган?
— Босқинчилар ўқи, — ҳазиллашди доктор.
Лекин пропоршик бунинг ҳазиллигини тушунмади шекилли:
— Барибир, борибди-да, а? — деди.
— Онаси унга ажратган пул учун-да, биз уйига элтиб беришимиз ҳам мумкин эди, — яна ҳазиллашди доктор.
Прапоршик бу ҳазилми ёки чин эканини ҳали англаб улгурмаган ҳам эдики, кутилмаганда Илья баланд овоз билан аниқ қилиб ғалати ва сирли сўзни айтди:
— КЯЖ!
Прапоршик билан доктор сесканиб тушиб, атрофга аланглаб олишди.
Илья ҳамон қотиб турарди. Афтидан, бу сўз унинг оғзидан чиқиб кетган бўлса керак.
— КЯЖ нима дегани? — сўради шивирлаб прапоршик.
Доктор ўйланиб қолди.
— Бирор қўмита бўлса керак, — деди прапоршик.
— Йўқ, шунақа бир дори бор, буйраги касаллар ичади, — дея изоҳ берди доктор.
— Қўйсангиз-чи, у «КЯЖ» деб айтди, — эътироз билдирди прапоршик. — КЯЖ — кўнгиллилар жамияти дегани…
Улар шу қадар шовқин кўтаришдики, Илья кескин бурилди ва зуғум билан қаради. Прапоршик билан доктор уялиб кетишди, хатто бироз қўрқишди ҳам. Прапоршик ўзини оқламоқчи бўлгандек, Ильяга далда берди:
— Ҳечқиси йўқ, сиз тураверинг. Яқинда Магадан комсомоллари делегацияси келганди. Улар ҳам мана шундай узоқ туриб қолишувди…
Бироқ Илья уни эшитмасди. У доҳийнинг ҳаракатсиз юзига тикилиб турарди. Унинг кўзларидан йирик-йирик тиниқ томчилар юмалади.

Саккизинчи боб

КОММУНИСТНИНГ САНДИҚЧАСИ

1

— Ойи, мен коммунистман, — деди қатъий Илья. Бу гап ошхонада бўлиб ўтди. Бу ерда Галина Васильевна оқсоч қиз билан бирга мураббо қайнатаётганди. Ошхона иссиқ, сершовқин, қувноқ вазиятда эди. Галина Васильевна чиройли пешбанд тутиб олганди. У қизариб кетган, терлаган пешонасига жингалак соч толаси ёпишиб турарди.
— Коммунист? — сўради аёл, унинг қўлида узун ёғоч қошиқ бор эди. — Коммунист, фақат шунинг ўзими? Бошқа ҳеч гап йўқми? Қани, кўзимга қара-чи…
Илья онасининг кўзига тик қаради.
Галина Васильевна енгил тортиб жилмайди.
— Нега дарҳол айта қолмадинг? Биз отанг билан не хаёлларга бормадик. Шунинг учун Мавзолейга бормоқчи бўлган экансан-да. «Ва Ленин жавоб беради. Ҳамма саволларга Ленин жавоб беради»? Шундайми? Янглишмадимми? Нима қилибди — бизлар ҳам коммунист бўлганмиз… Мен ҳам, отанг ҳам… Буванг ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади?
У қошиққа пуфлади-да, татиб кўриш учун ўғлига тутди:
— Қалай?
— Зўр! — деди Илья.
— Кўтариб оламиз ва совутамиз, — амр этди Галина Васильевна оқсочга. Сўнг яна ўғлига қаради. Онанинг кўзлари қувончли ва сирли ёришиб кетди.
— Биласанми, — деди Галина Васильевна, — ҳар бир коммунистнинг ўз сандиқчаси бўлиши керак.
— Нима? — тушунмади Илья.
— Ҳар бир коммунистнинг ўз сандиқчаси бўлиши керак! — шодон хитоб қилди Галина Васильевна. — Сенинг буванг ўлими олдидан шундай деганди, болам. Лекин у ҳозир қаерда экан?
— Ким? — яна сўради Илья тушунмай.
— Сандиқча! — тинчлантирди Галина Васильевна ва кулиб юборди.

2

Сандиқча тахтадан, қопқоғи бўртма, темир тутқичли, ўзи қачонлардир қизил рангга бўялган эди.
Илья сандиқча қулфидаги калитни буради ва қопқоғини кўтарди. Қопқоқнинг ички томонида Решетниковнинг «Таътилга келди» расмидан кўчирма ёпиштирилган эди. Унда меҳрибон бобо ва набираси — суворовчи талаба безатилган арча ёнида тургани акс этган. Қип-қизил ипак мато устида эски, вақт таъсирида сарғайиб кетган рангли очиқ хат, унда олға талпинаётган рус, хитой ва занжи тасвирланган. Унга «Яшасин коммунизм!» деган тагсўз ёзилган. Ундан пастроқда эса ажи-бужи ҳарфлар билан «ХХI аср коммунистларига!» деган ёзув битилган. Илья мурувват билан жилмайиб қўйди. Очиқ хатнинг орқа томонига зич қилиб мактуб ёзилганди. Ҳарфлар сиёҳининг ранги ўчган, лекин Илья бир амаллаб ўқиди. «Шундай улуғ даврда партиядан ташқарида қандай яшаш мумкин? Майли, кеч бўлса ҳам, майли, жанглар тугаган бўлса ҳам — лекин жанглар ҳали яна бўлади. ВКП (б)дан ташқари ҳаётнинг қандай қувончи бор? На оила, на муҳаббат — ҳеч нарса тўлақонли ҳаёт маъносини бермайди. Оила — бу бир неча одам, муҳаббат — бу битта одам, партия бўлса — бу 1. 600 000. Оила учун яшаш — бу махлуқларча манманлик, фақат ўзи учун яшаш — шармандалик».
Илья бир қўли билан совет байроғининг узун ипак матосини текислаётиб, унга ўралашиб йиқилишига сал қолди. Байроқ бошқача эди, балки циркникидир, олдинлари цирк саҳнасида чавандозлар шунақа байроқларни ҳилпиратиб, от елдирардилар. Қизил ипакдаги ўроқ ва болға ҳақиқий тилладай жилоланарди.
Байроқ остида Хрушчев даврининг оғир мармар-чўян сиёҳдони бор эди. Одатда, бунақа сиёҳдонларга қўшимча равишда пўлат пероли каҳрабо ручка, чоракталик сиёҳли идиш, шунингдек кумушга бўялган ганч ҳайкалча — тўнкада ўтирган Ленин тасвири бериларди. Ленин ҳайкалчасининг тагида Ленин ва Сталин китоблари, сиёсий-оқартув қўлланмалари ётарди. Энг охиргиси Николай Островскийнинг «Пўлат қандай тобланди» — қаттиқ муқовали қизил китоби экан. Илья уни диққат билан кўздан кечирди ва бирдан лабларига босди.
У ерда яна ҳажми анча каттагина, ип билан боғланган латта қоп бор эди. Илья бир қўли ва тиши билан уриниб уни зўрға ечди, қуритилган нон бурдалари экан. Илья бир бурдани олиб кўрди, ҳидлади, ҳатто ялади ҳам, лекин ейишга ботинолмади. Ильянинг нигоҳини нон бурдаларидан чалғитган нарса сандиқчанинг энг тагидаги тиш ювадиган кукун қутиси бўлди. «Ичидаги нима экан» деб қутини кўксига қисиб очаётганда, у қўлидан сирғалиб тушди ва ҳавода очилди. Ичидан чиққан ясама жағ ва тишлар сочилиб кетди. Илья уларга қўрқиб ва ирганиб қараб қолди.

3

Вокзал ёнидаги кечаси ишлайдиган мўъжазгина бозорчада жимлик ҳукм сурарди. Бирдан сотувчилар кўзини чироғи нури билан қамаштириб қора «Мерседес» келиб тўхтади. «Мерседес»дан кейин «Субурбан» келиб, унинг орқасида тўхтади. Биринчи бўлиб машинадан Владимир Иванович чиқди. Кейин қўриқчилар, кечикиб чиқиб келишди. Бозор бирданига жонланди.
— Печенкин…
— Печенкин?
— Печенкин! — шивир-шивир ва хитоблар бошланди. Унга пиво ва арақ сотиб олишни таклиф қилишди. «Ичмайман — тўйганман, — ҳазил билан жавоб қилди Владимир Иванович; сигарета тутишди: — чекмайман — ташлаганман; тузланган балиқ кўрсатишди: — «Тузланганга — дўхтирлар йўқ деяпти». Ҳар бир бундай ҳазилга сотувчилар қувноқ қаҳ-қаҳа билан жавоб қайтардилар.
Печенкин писта сотиб ўтирган икки аёл томон дадил юриб борди. Бири кекса, иккинчиси ёш эди. Иккаласи ҳам пахталик кийиб олган, бошларида қалин рўмол, оёқларида — эркакларнинг кирза этиги. Улар яқинлашиб келаётган Печенкинга қараб жилмайишди: кексаси — ошкора қувониб, ёши эса уялинқираб, кўз остидан атрофга қараб.
— Негадир сени бу ерда кўрмасдим, — қувноқ ва дўстона мурожаат қилди Печенкин сотувчига. Унинг дермантин қопидаги пистасидан бир нечта олиб, таъмини кўриши учун чақа бошлади. — Егоровна қани?
— Қазо қилдилар, — деди ёш аёл.
— Шунақами, афсус, — деди Печенкин у билан ёнма-ён, худди ўшандай қопда нарса сотаётган кампирнинг пистасидан татиб кўраркан.
— Бу Егоровнанинг келини, унинг ўрнига чиқаяпти, — тушунтирди кампир бадавлат харидорни зимдан кузатаркан.
— А-а, — деди Печенкин аёлга шўх қараб. — Эринг ичаяптими?
Аёл унга тик ва таънали қараб қўйди.
— Ичаяпти, бўлмасам-чи! — деди ва кўзини яна четга олиб қочди.
Владимир Иванович бир кампирнинг, бир ёш аёлнинг қопидаги пистадан олиб чақиб кўрди. Лекин қайси бириники яхшилигини ҳеч аниқлай олмади. Сўнг гапида давом этди:
— Сен унга айт, айтки… Исми нимайди?
— Витька! — деди ёш аёл.
— Ҳа, унга айт: «Вить, илтимос, ичмагин…». Ўзингнинг исминг нимайди? — Печенкин пистадан икки бармоғи билан олди-да, чақиб кўрди, пўчоғини оёғи тагига туфлади, мағзини тишида майдалаб таъмини кўрди.
Ёш аёл қизариб:
— Лиза! — деди.
— Хўш, Лиза, унга айт: “Вить, илтимос ичмагин, хўпми?”. У ичишни ташлайди.
— Ташлайди, — ҳорғин тиржайди аёл.
— Ташлайди, мен айтаяпман сенга — ташлайди! — унинг кўзига тикилиб ишонч билан гапирди Печенкин. — Мана, масалан, мен ҳам ичардим… Хотиним айтди менга: «Володь ичмагин, а?». Шундай қилиб ташладим ичишни.
Ёш аёл иккиланарди, ишонсинми, йўқми, билмасди.
— Э, қўйсанг-чи, у ҳазиллашяпти, — деди кампир. — Ўзи шунақа ҳазилкаш! — кулиб юборди у:
— А -ха-ха-ха!
Печенкин илжайди, бошини сарак-сарак қилди, баҳслашиб ўтирмади, кимнинг пистаси яхшилигини аниқлай ҳам олмади. Камзул чўнтагини очиб буюрди:
— Бўпти, бир стакандан солинглар-чи!

4

Илья ўз хонасида наридан-бери юрар, жароҳатли қўлини кўксига босганича оғриқдан афтини бужмайтирар, жиғибийрони чиқиб, ўзига ўзи гапирарди:
— Шундай улуғ бир даврда партиядан ташқарида қандай яшаш мумкин? Майли, кеч бўлса, майли, жангдан сўнг, лекин жанг ҳали бўлади…
Бирдан у яқинлашиб келаётган отасининг овозини эшитди. У қандайдир сўзларни такрорлар, бунинг устига худди омма олдида нутқ сўзлаётгандек баланд овозда гапирарди.
— Экспорт — импорт! Бу буюмларни бу ёқдан у ёққа, у ёқдан бу ёққа! Экспорт — импорт! Бу буюмлар бу ёқдан у ёққа, у ёқдан бу ёққа! Экспорт-импорт!
Илья хонанинг у ёқ-бу ёғига кўз югуртирди, шошилиб чироқни ўчирди, ўзини диванга отди, жун рўмол билан бошини беркитди-да, жим ётди.
Владимир Иванович эшикни очди, чироқни ёқди, ўғлини кўрмагач, ҳайрон бўлиб ғулдуради.
— Экспорт — импорт…
Лекин, рўмол тагида ётган тана қиёфасини кўриб қолиб, жилмайди-да, унга яқинлашиб, шўх ва истеҳзоли сўради:
— У ерда нима қилаяпсан, ўғлим?
Илья индамади, шунда Печенкин рўмолни чеккасидан ушлаб тортди.
Йигитча ғужанак бўлиб ётар, қўлини кўксига босиб олганди.
— Оғрияптими? — сўради отаси.
— Йўқ, — деди ўғли оғриқни енгиб.
— Йўқ, — норози оҳангда қайтарди отаси. — Агар оғримаётган бўлса афсус. Оғриши керак! Дуч келган ерга тиқавермаслигинг учун оғриши керак!
Владимир Ивановичнинг кўзи стол устида ёйилиб ётган сандиқчадан олинган нарсаларга тушиб, мавзуни бошқа ёққа бурди:
— Бугун онанг ишхонамга сим қоқди: «- Ҳаяжонланма, Володя, ўғлимиз коммунист!» деб. «Нега ҳаяжонланишим керак экан?! — дедим мен, — нега ҳаяжонланишим керак экан?! Ким бўлса бўлсин, фақат танасининг бирор жойини қасддан жароҳатламаса бўлгани…».
Печенкин столнинг ёнига келди, Ленин ҳайкалчасини тирноғи билан чертиб кўрди. Очиқ қопча ичидан қуритилган нондан олиб, оғзига солди. Касур-кусур чайнаркан, сўради:
— Швейцарияда қуритдингми, хуфия ишлашга тайёрландингми?
Илья жавоб бермади. Диванда ўтирганча жим тураверди, лекин, афтидан, унинг жавоби Печенкинга ҳам керак эмасди.
— Мен сенга ҳозир айтаман, сен хафа бўлишинг турган гап, лекин барибир айтаман, — дея гап бошлади Владимир Иванович қатъият билан. — Бу ерда коммунистлар ҳам, демократлар ҳам йўқ! Менга Москвада, Кремлда «Россия бизнесининг рицари» совринини топширишганда, биласанми, нима деганимни: «Биз оқлар ҳам эмасмиз, қизиллар ҳам, биз придонскликлармиз!». Беш дақиқача қарсак чалишди, олқишлашди…
Печенкин жим қолди, ҳовуридан тушди. Лениннинг ганчдан ясалган қиёфасига диққат билан қаради-да, хитоб қилди:
— Ахир, бу Григоричнинг мероси-ку! Қаерда кўрган эканман деб бош қотириб юрибман-а? Бир тасаввур қилгин-а, биз бу уйни қурдик, кўчиб ўтишимиз керак, унга қандай айтишга ҳайронмиз! Дам олиш уйи деб айтдик. Бу ерларда роса айланиб юрди, маҳаллий партия ташкилотини излади. Ошхонада нон қуритди негадир…
У ўйчан бир ҳолатда қуритилган нон солинган қопчага назар солди, хотиралари ва бугунги ҳаётни таққослашга уринди, лекин янги хотиралари уни чалғитди:
— Ўз жағини яширгани-яширган эди.
Сандиқча пастда турарди, унинг ёнига ўтириб, Владимир Иванович яна хотираларига берилди:
Эрталаб чойга шакар солиш учун мундоқ қанддонни очсак — Григоричнинг ясама жағи ўша ерда ётипти… Ўлиб кетди бечора, жағини қаерга яширганини эслолмай, янгисига буюртма ҳам бермадик, барибир… Шўрлик тобутда гўдакка ўхшаб ётарди, ўртоқ Губчека раиси…
Қизил ипак байроқни Печенкин бармоғи учидан елкасигача қўйиб ўлчаб кўрди.
— Бир… икки… уч… Худди ўшанинг ўзи… Бу ўша, Васил Григорич учинчи марта бева қолганда, тўртинчисига совчиликка борувди. Бурковская дегани бор эди, циркчи, Меҳнат Қаҳрамони. От циркида инқилобдан олдин иш бошлаганди. Бир куни кечаси Григорич кечаси билан йўқ бўлиб кетди. Эрталаб эса мана шу байроқни олиб келди.
Владимир Иванович шуларни гапириб бераркан, тиш кукуни қутисини очди ва қувончдан қичқириб юборди:
— А-ҳа! Топдим! Топдим… — марҳум қайнатасининг жағини кафтида кўтарганча заҳархандалик билан дерди: — Қабрингда тинч ёт, Василий Григорьевич, сенинг ишинг ишончли қўлларда! — Печенкин ўғли томон маъноли қараб қўйди-да, аниқлик киритди: — …Қўлларида…
Ясама жағни қутига, қутини сандиқчага жойлаб, Владимир Иванович қаддини ростлади, елкаларини тўғрилади-да, сўзини якунлади:
— Бизда губернатор — коммунист! Хўш, уни ким губернатор қилганини биласанми? Мен! Мана шу қўлларим билан, ўз пулимга. У, албатта, аҳмоқнинг биттаси, лекин ишлашга халақит бермайди. Мана шунақа! Бу ерда ҳеч қанақа коммунист йўқ. Демократлар ҳам йўқ. Фақат ишлайдиганлар ва тилига эрк берувчилар бор…
Печенкин ўйланиб, жим қолди. Илья хўрсинди ва диванга чўзилди. Владимир Иванович бошини силкиди, ўз фикрларига ҳайратланиб сўзида давом этди:
— Биласанми, нимаси қизиқ! Олдинлари одамларга яхши ҳақ тўлашса, яхшироқ ишлайдиган бўлишади, деб ўйлашарди. Ҳечам-да! Олдин ким юз сўмга ўлиб-тирилиб ишлаган бўлса, ҳозир ҳам ишлаяпти… Хўш, биласанми, нима учун бу ерда мен энг бойман? Чунки мен ҳаммадан кўп ишлаяпман! Улар ухлаб ётишганида ёки гап талашиб ўтирганида мен ухлаганим ва гап сотганим йўқ, ишладим! Нима, булар ҳаммаси менга шундай, текинга келди дейсанми? Бу ерда шунақа даҳшат бўлгандики! Мерган том устида юрибди, мен эса пастда, қум уюмида ўйинчоқ белкуракча билан ковлаётибман, яшириниш учун. Ниличга раҳмат… Танкка қарши минани қўйиб кетишибди машина капотига, аблаҳлар… Гумбурлаб портласа бўладими! Орқамни кўрсатайми сенга? Кўрсатайми?
— Йўқ, керакмас, ота, — деди ҳорғин Илья рўмолни иягигача тортиб.
— Учтаси ўша ердаёқ жон берди. Фақат мен тирик қолдим, — давом этди Печенкин қизишиб. — Сен фақат ойингга айтиб юрма гапириб берганимни. Бизнинг ниятимиз нима эди. Биз сенинг ўша ифлосликларни кўрмаслигингни хоҳлар эдик! У-у, бу ерда шундай тўс-тўполон бўлган эдики… Юрка Желудь йўқолди! Юра амаки эсингдами? Бизнинг у билан биринчи хусусий бизнесимиз бўлганди. Придонскда — «Тугеза» компанияси. Даҳо эди ўша Юрка! Унинг мияси зўр ишларди, қолганининг ҳаммасини мен қилардим… У билан сал-пал ичиб олгандик… Шу менинг кўзим пинакка кетибди… Уйғонсам — Юра йўқ! На ерда бор, на кўкда. Уни қанча ахтарганимни билсайдинг? Қандай изладим? Менга қанчалик лой чаплашди ўшанда… Ҳали-ҳанузгача Придонскда баъзиларнинг ўйлашича…
— Ота, булар мени қизиқтирмайди, — эшитилар-эшитилмас гапирди Илья ва кўзларини юмди.
— Қизиқтирмайди? Қизиқтирмагани янаям яхши! Менга ҳам қизиғи йўқ… Менга қара, юр, кинога борамизми? Зўр фильм! Мен писта сотиб олганман…
Илья жавоб бермади. У ухлаб қолганди.

5

Печенкин кинони яхши кўрарди. Болалигидан ҳавасманд эди у кинога. Касса дарчасидан кўринмас сотувчи қўли узатган кўк чипта, назоратда турган лоқайд-қаттиққўл холалар, кинотеатр даҳлизига илинган артистларнинг фотопортретлари, нимқоронғи залнинг сарин нафаси, тахта ўриндиқларининг ғичирлаши, оёқлар тапир-тупури, бўғиқ овозлар, оппоқ экран ва албатта, писта…
Кейин бунинг имкони бўлмай қолди. Чунки Придонскдаги барча кинотеатрлар эскирди. Шунда Владимир Иванович биттасини — «Центральний»ни таъмирлаттирди. Бутунлай янгилаб чиқилди, юмшоқ ўриндиқлар қўйилди, чет эл аппаратлари олинди. Кинотеатрни тантанали очиб берди, икки-уч бор ўзи бориб кўрди, лекин негадир аввалги файзи йўқ эди. Бунинг устига, унинг қўриқчилари ҳам қоронғиликдан хавфсираб, эътироз билдиришди.Шунда Печенкиннинг миясига ажойиб фикр келди… Бир сафар Америкага борганида бадавлат америкаликлар Европадан қадимий қасрларни сотиб олишаётганини эшитиб қолди. Уларни бузиб ғиштларини ташиб кетишаётган экан… «Биз, албатта, америкаликлар эмасмиз, лекин барибир», — деди ўшанда Владимир Иванович ва ишни «Октябрь» кинотеатридан бошлади. Ёшлигидан энг севимли кинотеатри шу эди, «Фантомас» фильми учун милиционер билан жанжаллашиб қолган, Галина билан ҳам айни шу ерда танишганди. Тўғри, қурувчилар унга тушунтиришди: кўчириб ўтказишдан маъно йўқ, худди «Октябрь»га ўхшатиб янгисини қурган афзал. Шундай қилишди. Шаҳардаги эски кинотеатрни эса бузиб ташлашди, чунки қулай-қулай деб турган эди. Худди кўчириб ўтказилгандай бўлди-қўйди! Бор-йўғи уч мирига шаҳар фильмотехникасини ҳам сотиб олди. Ундан кейин умри бўйи «Октябрь»да киномеханик бўлиб ишлаган Ноил ҳам келди…
Аввалига ҳамма фильмларни бир четдан кўра бошлади. Ниҳоят, бир вақтлар кўрган фильми «Дайди»га дуч келди. Яна қўйиб беришни сўради. Ва яна… шундан кейин фақат шу фильмни кўрадиган бўлиб қолди. Мириқиб кино кўриб, писта чақиб ўтиришга не етсин!
Владимир Иванович залда бир ўзи ўтирар, писта чақар ва завқ билан экрандан кўзини олмасди. Экрандан эса Раж Капур шўх иржайганча унга таъкидларди:
— Экспрот — импорт? Бу — буюмлар бу ёқдан — у ёққа, у ёқдан эса бу ёққа!

Тўққизинчи боб

САЛОМАТ БЎЛИНГ, АНГЕЛИНА ГЕОРГИЕВНА!

Геля бўлса чекишни ташлади ва эрталаблар соғломлаштириш югуришларини амалга ошира бошлади. Ана шундай эрталабларнинг бирида, бунақанги каллаи саҳарда кўчада ҳеч ким бўлмаган бир пайтда йўлнинг қарши томонига милиция «уазиги»и келиб тўхтади. Ундан бир милиционер чиқди-да, Гелянинг олдига юуриб келди, қўлини чеккасига қўйиб саломлашди ва деди:
— Кечирасиз, хоним, сизнинг ёрдамингиз керак бўлиб қолди. Бизга шошилинч равишда гувоҳ керак.
Милиционер ёшгина эди, кўзлари тип-тиниқ, қоши чимирилган бўлса-да, юзи барибир, кулиб турарди.
Геля ташвишланиб сўради:
— Бирор жиддий гапми?
Милиционер жилмайди:
— Йўғ-е, ўғричани ушладик, куртка ўғирлабди. Ҳужжатлаштириш учун гувоҳ керак, одамларни эса ўзингиз биласиз, қандай бўлиб кетишган.
Геля ўйланиб қолди ва соатига қаради:
— Узоқдами?
— Йўқ, унчалик эмас, — деди милиционер ва яна жилмайди.
— Майли, бўлмаса, — рози бўлди Геля.
«Уазик»да ҳайдовчи ва ёшгина милиционердан ташқари яна бир киши бор эди. Олдинги ўриндиқда ўтирган бу милиционер гавдали, бўйни йўғон одам эди. Милиционерлар индамай боришарди. Гапни Гелянинг ўзи бошлади. У аёлларга хос қизиқувчанлик билан ёш милиционернинг погонига нигоҳи ила ишора қилиб сўради:
— Сиз кимсиз?
У кўз қирини ўз елкасига ташлади-да, жавоб берди:
— Лейтенант.
— Демак, икки юлдузча — лейтенант экан-да? Учта бўлса-чи? Ҳечам эслаб қололмайман, — ҳазиломуз шикоят қилди Геля.
Ёш милиционер кулди:
— Ҳамма аёллар шунақа, эслаб қолишолмайди. Менинг Веркам ҳам шунақа. Унга неча марта тушунтирдим: битта юлдузча — кичик лейтенант, икки юлдузча…
— А-ҳа, демак, сиз — кичик лейтенант экансиз! — Геля олдинда ўтирган милиционернинг елкасига туртди.
— Мен майорман, — хафа оҳангда Гелянинг хатосини тузатди майор йўғон бўйнини зўрға қайириб. Кўзлари чақчайган, юмалоқ бақбақали бу майорнинг мўйлови ҳам бор экан.
— Битта юлдузча-ку, ахир, — ҳайратланди Геля.
— Ахир у кичкина! — хитоб қилди қувнаб ёш милиционер. — Бу эса катта. Солиштириб кўринг!
— А-ҳа, демак, кичкинаси ҳам, каттаси ҳам бўларкан-да! — тушунгандай бўлди Геля.
— Кичиклари ҳам бўлади, катталари ҳам! — такрорлади ёш милиционер ва кулиб юборди, ҳамма кулди, ҳатто ҳайдовчи ҳам.
«Уазик» бўлса ҳамон елиб борарди. Шаҳар ортда қолди. Геля ҳайрон бўлиб машина ойнасидан ўрмон билан қопланган атрофга кўз ташлар экан, баланд овозда милиционерларга мурожаат қилди:
— Хўш, қани ўша бечора ўғри?
Милиционерлар жавоб беришмади. «Уазик» эса елиб бораётир. Геля қўлини қорнига қўйиб, титроқ товушда сўради:
— Мени қаёққа олиб кетаяпсиз?
Лекин милиционерлар яна жавоб беришмади. Аёл бирдан букчайиб олди, қўрқиб кетди.
— Қаёққа… олиб…кетаяпсизлар… мени? — талаб қила бошлади Геля сўзларни бўлиб-бўлиб, бақириб ва аниқ-аниқ айтиб.
«Уазик» ўнқир-чўнқирга урилди, майор инқиллади, орқага ўгирилди ва мийиғида кулиб, гапира кетди:
— Наҳотки, Ангелина Георгиевна, сизга бирор нарса бўлади деб ўйласангиз?
Соқчилар турган жойдан ҳеч қандай қаршиликка учрамай ўтиб, улар шинам шаҳарча ҳудудига кирдилар. Бу ерда янги ниш урган кўм-кўк майсазор узра, қарағай ва арчалар орасида икки қаватли кўркам коттежлар саф тортиб турарди.
— Бу… «Царское село»ми? — сўради Геля, атрофга қизиқиш билан қараркан.
— Худди шундай, — деди ҳайдовчи.
Геля губерна бошлиқлари ва янги придонскликлар шаҳар ташқарисида янги қасаба қурганликларини ва халқ уни дарҳол «Царское село» деб номлаганини эшитганди, аммо ҳали кўрмаган эди.
Негадир одамлар кўринмасди — уйлар ёнида ҳам, қизил ғишт майдалаб сепилган йўлакларда ҳам ҳеч зот учрамасди.
Майор бурни билан тўйиб нафас олди-да, изоҳлади:
— Кислород!
«Уазик» пуштиранг, ўйинчоққа ўхшаган уй ёнида тўхтади. Ёш милиционер машинадан биринчи бўлиб сакраб тушди-да, тиржайиб, назокат билан Геляга қўлини узатди. Бироз уннаб қулфни очган мўйловли майор эшикни тортди-да, тетик овозда:
— Марҳамат! Саломат бўлинг, Ангелина Георгиевна, — деди.
— Ҳм-м, — деди Геля чўзиб. У гап нимадалигини тушуна бошлаганди. У катта-катта ва дадил одим ташлаб нотаниш уйга кирди.
Уйга яхшигина замонавий мебель қўйилган, юмшоқ жун гиламлар тўшалган, ҳар бир хонада биттадан, ҳатто ошхонада ҳам телевизор; каттакон музлатгич озиқ-овқат билан тўла, ҳаммомхонада қордай оппоқ сочиқлар ва пуштиранг пахмоқ халат.
— Ҳм-м! — дея қаттиқ ва жаҳл билан такрорлади Геля ва ёғоч нарвондан иккинчи қаватга чаққон кўтарилди. Бу ётоқхона бўлиб, уни улкан каравот тўлдириб турарди. Унинг кўринишиёқ одамни эсанкиратиб қўярди. Каравот ёнидаги юмшоқ ўриндиқда гитара ётарди. Бу унинг, Гелянинг севимли гитараси эди…
Ташқарида жўнаб кетаётган «Уазик»нинг мотори гувиллади.
Геля бўшашиб каравот чеккасига ўтирди ва гитарасига қараб ҳўнграб юборди.
— Аҳмоқ! Вой аҳмоғ-ей, ё худойим! — деркан, чеккасига оқиб тушган кўз ёшларини арта бошлади.
Кўзи бирдан деразага тушди. Қаршидаги уйдан ёш, чиройли, яхшигина кийинган бир аёл болалар аравачасини ғилдиратиб чиқиб кетаётганини кўрди. У қизил ғишт майдалаб сепилган йўлак бўйлаб шошмасдан мамнун кетиб борарди.
Геля йиғлашдан тўхтади, унинг орқасидан кўз узмай, ўйланиб қараб қолди.

Ўнинчи боб

МЕН ҚАНЧА БОЙ БЎЛСАМ, ХАЛҚҚА ШУНЧА ЯХШИ

1

Залдагилар бошловчининг қилиқларига кулар ва қарсак чалишарди. Бунга жавобан у микрофонни тишлаб олмоқчи бўлаётгандай кўрсатарди ўзини. Бошловчи гулдор кўйлак, карнай поча шим кийиб олганди. Саҳнанинг орқа томонини шиширилган оқ, мовий ва қизил ҳаво шарлари безаб турарди. Улар шундай шиширилгандики, ҳар бири аёллар кўкрагини эслатиб турарди.
— Ҳайъат аъзолари билан таништираман, — дерди бақириб бошловчи, саҳнанинг у бошидан-бу бошига югураркан, — гарчи биз придонскликларга уни таништиришнинг ҳожати бўлмаса ҳам. Ёзувчи! Мана, мен ёзувчи деб айтдим, сизлар кимлигини дарҳол тушундингиз. Чунки Толстой деганнинг ўзи тўртта бўлган эди. Бизнинг Эдуард Буқа эса — биттагина! Биз ўзимизнинг Придонск ёзувчиси билан фахрланамиз. Эдуард Буқа!
Зал қарсакдан ларзага келди. Ёзувчи Буқа нимчали костюмда, ўрнидан туриб, таъзим қилди. Ташқи кўринишдан у буқага жуда ҳам ўхшаб кетарди: девқомат, сочларига оқ оралаган, кўзлари кичик-кичик, қонталаш.
Бошловчи ҳамон саҳнада наридан-бери югурарди:
— Кеча мен китоб дўкончасида кўриб қолдим: уларнинг Агата Кристиси ётибди, унинг устида бўлса бизнинг Эдуард Буқа. Шунда ўйлаб қолдим: кампирнинг роса омади келибди-да!
Томошабинлар ҳазилни тушуниб, маза қилиб кулишди. Ҳатто ёзувчи Буқа ҳам кулиб юборди. Бошловчи югуришдан тўхтади, турган жойида у ёқдан-бу ёққа тебранаркан, ҳайъат аъзоларидан яна биттасини таништирди:
— Мана, мен унга қараяпман… жилмайиб турибди… Нега энди жилмаймас экан? Касби — врач-маммолог… Бу соҳада ҳамма эркаклар мутахассис, лекин кунига саккиз соатлаб шу иш билан шуғулланиш, яна бунинг учун пул ҳам тўлашади. Унинг фамилияси шунга яраша — Бахтиёров.
Томошабинлар яна қийқириб қарсак чалишди, уялганидан қип-қизариб кетган мулойимгина кекса доктор таъзим қилди.
Бошловчи ликиллашини бас қилди, қаддини ростлади, юзи жиддийлашди.
— Владимир Иванович Печенкин! «Печенкин» конкурсимизнинг бош ҳомийси! — хитоб қилди у, қўли билан Печенкинни кўрсатиб.
Чапаклар гулдурос қарсакларга айланди, кўпчилик машҳур юртдошларини кўриш учун ўринларидан туришди. Биринчи қаторда ўтирган Владимир Иванович ўрнидан турди, залга қараб бурилди ва ҳаммангизни бағримга босаман, деган маънода қўлларини кенг ёйди. Унинг орқасида, иккинчи қаторда Илья билан Седой ўтирарди. Седой барча қатори қарсак чаларди, Илья бўлса, худди ҳеч нарса эшитмаётгандай, қандайдир китобни ўқирди.
— Ҳаддан ташқари банд бўлишига қарамай, Владимир Иванович Придонск ҳаётидаги ушбу, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, жуда катта тадбирни пул билан таъминлабгина қолмай, юксак ҳайъатга бошчилик қилишга ҳам жон-жон деб рози бўлди. Энг сўнгги дамдагина рози бўлди, ҳали кеча ҳам бунга рози бўладими-йўқми, биз буни билмасдик. Хабарингиз бор, Владимир Иванович Печенкин губернамиз аҳолисига ватанпарварлик даъвати билан мурожаат қилди: «Енглар! Ичинглар! Придонск маҳсулотларини истеъмол қилинглар! Нимаики Придонскники бўлса, эъзозланглар, севинглар!». Бугун биз баралла айтамиз: Эъзозлаймиз, севамиз! Шундай қилиб, конкурсимизни очиқ деб эълон қиламиз! Яна бир бор эслатаман: видео ва фотосуратга олиш қатъиян ман қилинади. Саҳнага биринчи рақамли қатнашувчи таклиф этилади! Мен демоқчиманки, биринчи рақамли эмас, балки биринчи рақам остидаги! Бошловчи маъноли кўз қисиб қўйди-да, кулги ва олқишлар остида саҳна ортига чопиб кетди.
Қулоқни қоматга келтирувчи Лотин Америкаси мусиқаси янгради ва саҳнага қизча югуриб чиқди. Устидаги кийими фақат калта иштон бўлиб, унинг ён томонига «1» рақамли қоғоз доира илиб қўйилган эди. Қизча шўх рақсга тушиб, томошабинларга ўз шакл-шамойилини намойиш қила бошлади.
Придонскликлар бирдан ҳайиқишгандай жим бўлишди. Печенкин мағрурона кулимсираб, ўгирилди ва ўғлига қаради. Илья ўқиётганди.
— Нима ўқияпмиз? — қизиқсинди Владимир Иванович
Илья бошини кўтармай туриб муқовани кўрсатди. Китоб бувасининг сандиқчасидан олинганди: «И.Сталин. «Иқтисодий сиёсат асослари».
— А-ҳа,- тушунаман дегандай бош ирғади Печенкин, ручкани олди, олдида турган стол устига энгашди, бир варақ қоғозга нималарнидир чизди, ёзди ва Ильяга узатди.
— Мен бу ҳақда кўп бош қотирдим, — жиддий тусга кириб тушунтира бошлади Печенкин. — Мана, нима ҳосил бўлди… Печенкин теоремаси.
Қоғозда эса қуйидагича ёзилганди:

Мен

халқ

Илья ҳайрон бўлиб, тушунмагандай қаради отасига.
— Мен қанча бой бўлсам, халққа шунча яхши. Бор иқтисодий сиёсат мана шундан иборат, — дея хулоса қилди ва елкасини қисиб қўйди.
Саҳнада иккинчи рақам соҳибининг чиқиши эълон қилинди. На ўғил, на ота у томонга қараб ҳам қўймади. Илья чўнтагидан ўз ручкасини олди, қоғознинг орқа томонини ўгирди, сўнг уни китобининг муқовасига қўйиб, чизди ва ёзди:

Сен

халқ

Владимир Иванович кулди:
— Бардош беролмайди! Ўша заҳоти қулаб тушади! Эҳ сен, Пифагор! Бойлар юқорида, улар озчилик, камбағаллар пастда, улар эса…
Қарагин — бу ерда мен ўзим бойман, ҳаммага яхши! Ҳамма хурсанд, ҳамма кулаяпти — байрам! Байрам! — такрорлади Печенкин ва ўғлининг сочини тўзитди.
Ильянинг ранги қув оқарди, шоша-пиша қоғозга нимадир чизди, ёзди ва отасига чўзди:

КЯЖ

Печенкин ҳайрон бўлиб ўғлига қаради,
— КЯЖ нима ўзи?
— КЯЖ — бу КЯЖ, — баттар ранги ўчиб жавоб берди Илья. Сўнг ўрнидан туриб, чиқиш йўлаги томон юрди. Лекин бир неча одим юргач, орқасига қайтди, отасига Сталин китобини узатди, сал илжайди-да, «Бўш пайтингизда ўқинг, унда сиз ҳақингизда ҳам ёзилган» деди.
Владимир Иванович лол қолганча ўғлининг ортидан қараб қолди.
Седой ўрнидан туриб, Ильянинг изидан тушди.

2

Маданият саройи даҳлизи кенгина ва бўм-бўш эди. Ильянинг орқасидан етиб келган Седой унга насиҳат қила кетди:
— Сен, бекорга, ўғлим, отангга қўполлик қилаяпсан. Сени шундай атаганимга жаҳлинг чиқмайдими? Менинг набирам ҳозир сендай келади. Мишка… исми унинг. Сенинг отанг зўр! Туғма талант соҳиби… Агар шунақадан юзтаси бўлганда эди, ҳозир бутунлай бошқа мамлакатда яшаётган бўлардик. Мен Россияни назарда тутаяпман, албатта…
Илья буфетга кирди ва мудраб ўтирган сотувчидан иккита гумма сотиб олди.
— Умуман, Галина Васильевна, — деди минғирлаб Седой, — шаҳардан ҳеч нарса олиб емасин деганди.
Илья намойишкорона гуммадан тишлаб олди-да, ўзининг хос соқчиси кўзларига тикилганча кавшай бошлади.
— Менга ҳам иккита беринг! — буюрди сотувчига Седой ва ҳазиллашди:
— Бирга ўла қоламиз.
— Сиз биринчи бўлиб, — аниқлик киритди Илья.
Седой тиқилиб қолди. Илья дарҳол икки шиша пепси-кола сотиб олди-да, биттасини Седойга узатди. Седой жилмайди.
— Кўрик-конкурсга келганда эса, сен асло хафа бўлма. Сир бўлса ҳам айтиб қўяй, отангдан буни Галина Васильевна сўраганди. Ҳалиги… сени яхши ривожлансин, камол топсин деб…
Пепси-коладан бир қултум ютгач, Седой ичимликнинг ёрлиғига қаради, кулимсиради ва сўзида давом этди.
— Биласанми, Фидель Кастро буни қандай атаганди? Империализмнинг оқава сувлари.
У кулди, бироқ Илья жиддийлигича қолаверди.
— У буни кока-кола ҳақида айтганди, — деди норози оҳангда Илья.
Седой шишани столга қўйди, чекди, бироз асабийлашиб, лекин самимий гапирди:
— Сен, ўғлим, совет ҳокимияти даврида яшамаганман, деб ҳисоблайвер. Нимани ҳам тушунардинг — гўдак эдинг… Мен эса яшаганман, мен давлат хавфсизлик қўмитаси вилоят бошқармаси раисининг ўринбосари эдим. Катта бошлиқ, шундай эмасми? Хўш, нима кўрдим? Икки юз сўм маош ва ичбуруғ, ҳафтасига беш кун ичим кетарди. Дам олиш кунлари ҳаммаси жойида бўларди. Доимий руҳий ҳаяжонда юришни тушунасанми? Таътилга чиқсам бинойидек бўламан, ишга чиқдим дегунча яна бошланади.
Илья қоғоз сочиққа лаблари, бармоқларини артди, уни юмалоқлаб столга ташлади, янада самимийроқ бир тарзда деди:
— Сиз Ватанни қўриқлагансиз, жосусларни тутгансиз!
— Қўриқлаганман! Тутганман! — кўкариб қичқирди Седой. — Энди бўлса телевизорда ўша жосусларни кўраман. Жосуслар…
Илья уни эшитмасди. У кенг зинадан жадал тушиб борарди, Седой бўлса унинг ёнида бедана юриш қилиб, майда қадам ташларди, ниманидир тушунтиришга уринарди.
— Мен сизни бўшатаман, — деди Илья.
— Нега энди? — тушунмади Седой ва тўхтаб ўйланиб қолди.
Илья ҳожатхонага йўналди, Седой унинг кетидан югурди.
Ҳожатхона кенг, яқиндагина артиб чиқилган экан.
— Мен сизни бўшатаман, — деди баланд овозда, аниқ қилиб Илья ўтирган жойидан.
Седой асабий кулди-да, ёндаги хонага кирди.
Илья сувни туширди, сувнинг шариллаши остида хонасидан отилиб чиқди-да, деворга суяб қўйилган швабрани олиб, Седой кирган жойнинг эшигига тираб қўйди, ўзи бошқа хонага беркиниб олди.
Седой роҳатланиб ел чиқарди, хона эшигини итарди, очилмади, ҳайрон бўлиб сўради:
— Ўғлим!
Жавоб эшитмагач, эшикни оёғи билан тепди ва саросимага тушиб такрорлади:
— Ўғлим…
Ва ниҳоят тушуниб етди…
— Ўғлим! — бўкирди Седой қизариб, ўзини шиддат билан эшикка урди.
Швабра қарсиллаб синди. Тарақлаб очилган эшикдан Седой отилиб чиқиб, йиқилиб тушди. Қўллари ва тиззалари билан ҳўл тўшамада сирғаниб бориб қаршидаги деворга урилди. Сўнг оёққа турди-да, Илья кирган хонага қаради ва кўзи очиқ турган деразага тушди. Гап нимадалигини дарҳол тушунди. Дераза раҳига чиқди-да, ўзини пастга ташлади…

3

Илья маданият саройи олдидаги майдонда тўхтади. У хайр дегандай киноя билан саройнинг дабдабали олд томонига нигоҳ ташлади. Унга «1-Бутунроссия конкурси: «Россия кўкраги» (Минтақавий босқич)» деган шиор ёзилган каттакон оқ-кўк-қизил алвон илинганди.
— Алвидо… ювуқсиз… Россия кўкраги! — кулиб қичқирди Илья ва ўз шаҳрига қараб чопиб кетди — бир ўзи!

Ўн биринчи боб

ИСМИНГ НИМА, ДЕБ СЎРА

1

Совуқ пўлат доира унинг чаккасига тиралиб, қимирлатмас эди, шунинг учун ҳам Илья қимир этмасди — у скамейкада ўтирар, сал туширилган қўлида ярми ейилган музқаймоқ ушлаб турарди. Чаккасига тиралган совуқ пўлат доира уни шу ҳолатда қўлга туширди… Орқасидан бўғиқ буйруқ берилди: «Овозингни чиқарма ва қимирлама!». Шу боис Илья жим турар ва қимир этмасди. Фақат музқаймоғи эриб оқа бошлаганди…
Воқеа бўм-бўш Воровский боғида юз берди. Бу ерга Илья дам олиш ва ёшлигидан яхши кўрадиган музқаймоқ ейиш учун кирганди. Бунгача у Придонск бўйлаб анча айланди, магазиндан шишали сиёҳ, газета дўконидан «Придонск ҳақиқати» ва «Придонск комсомоли» газеталарини сотиб олди. Лекин газеталарнинг биринчи саҳифаси сарлавҳаларини кўздан кечирди-да, иккаласини ҳам ахлат қутисига ташлаб юборди. Илья ўзини Нилич қидириб юрганини билгани учун жуда эҳтиёт бўлиб, атрофни диққат билан кузатарди. У музқаймоқ сотиб олгач, сал бепарвороқ бўлиб, дарвозаси қийшайиб турган Воровский боғига кирди ва ифлос скамейкага ўтирди.
Унинг орқасидан писиб келган кимса чаккасига тўппонча тираб, овоз чиқармасликни ва қимирламасликни буюрди. Ўзи ҳам жим турар ва қимир этмасди, асабини синаб кўриш ёки устидан кулиш, мазах қилиш учунми, ёхуд кимнидир кутиш ё бошқа нарса учунми, тушуниб бўлмасди. Жуда қўрқинчли эди, ҳеч нарсани тушунмасди. Шундан бўлса керак, Илья бирдан нафас ола бошлади. Нафас олиши тезлашиб, юраги гупиллаб ура бошлади. Унинг орқасида чеккасига тўппонча тираб турган кимса ҳам нафас ола бошлади. Энди иккаласи баравар нафас оларди… Қизиқ, негадир бу ҳолат ҳаммага яхши таниш бўлган, одатда ширин инграш билан тугайдиган ишқий нафас олишни эслатарди. Лекин у ширингина «оҳ» дейиш билан эмас, тўппончанинг «пақ» этиб отилиши билан ҳам тугаши мумкин эди. Аммо у жиринглаш билан тугади ва ҳар иккаласи кутилмаган бу ҳолдан — нафас олишдан тўхтади. Бу қўл телефонининг товуши эди. У қисқа куйни қайта-қайта такрорлади.
— Бу сендами? — сўради орқадан тўппонча тираб турган кимса.
Илья саволни тушунмади ва қайта сўрашга юраги бетламай, жим тураверди.
— Бу сендами? — асабий ҳолда сўради яна орқадаги кимса ва қўлидаги тўппонча билан туртиб қўйди.
Илья баттар саросимага тушди.
— Бу телефон, — деди у шивирлаб, — қўл телефони.
— Шуни айтаяпман-да, сендами?
Илья энди тушунди ва шошиб жавоб қилди:
— Менда!
— Сенда бўлса, гапир! — буюрди орқадан тўппонча тираб турган кимса.
Илья қўлини ёйиб, ниҳоят эриб битган музқаймоқдан халос бўлди, билдирмай кафтини скамейка тахтасига артиб олди ва чўнтагидан телефонни чиқарди.
— Ўғлим, бу сенмисан? — сўради Седой.
— Менман, — деди Илья.
— Менга қара, ўғлим, — Седойнинг овози ғазабнок ва асабий эди. — Сен ўғлим эмас, итваччасан! Бугун қўлимга тушасан, шимингни ечиб, орқангни бир тузламасамми?
Илья телефонни ўчирди-да, чўнтагига солмоқчи эди, орқада турган кимса ундан гўшакни тортиб оларкан:
— Бер буёққа, — деб ўшқирди.
Илья енгил тортиб жилмайди, бу оддий тунаш бўлса керак деб ўйлади.
— Буни қандай қилади? — кутилмаганда сўради нотаниш ва Ильянинг чаккасидан тўппончани олди. — Қаерга босиш керак, кўрсат…

Илья эҳтиётлик билан бошини бурди, кўзини кўтармай, қўл телефонидан қандай фойдаланишни кўрсатди. Тўппончали кимсанинг қўллари кичкина, қорамағиз, ифлос тирноқлари эса турли рангда — оқ, яшил, сафсар лак билан бўялган эди. У керакли рақамларни териб, гўшакни қулоғига тутди. Шундагина Илья бошини кўтариб унга қаради…
У қиз, аниқроғи, қизча, мактаб ўқувчиси эди. Бошига телпак кийиб олган, шунинг учун қора жингалак сочлари бошини жуда катта кўрсатарди. У метис ёки мулат1, танасининг ранги сутли қаҳва тусида, кўзлари қоп-қора, бурни япасқи, лаблари қалин эди. Елкасига ёрқин мактаб сумкаси осиб олган, кўксига «Исминг нима, деб сўра» сўзлари ёзилган катта думалоқ нишон қадаб олган.
Афтидан, телефон уланмади шекилли, қиз норози тарзда рақамларни қайтадан тера бошлади, лекин ялтироқ калта оғизли тўппончаси халақит берди. Шунда уни Ильяга узатиб, буюрди:
— Ма, ушлаб тур!
Илья қуролни олиб, ҳайрат билан қизга қаради:
— Але! — дея бақирди қиз гўшакка, одатда телефонда кам гаплашадиган одамлар шундай қилишади, — Але, Баран, сенмисан? Уйдамисан? Ўзим ҳам уйда бўлсанг керак, деб ўйловдим. Танидингми? Бу мен, а-ҳа… Нима қилаяпсан, чой ичаяпсанми? Мен ҳам чой ичаётган бўлсанг керак, деб ўйловдим… Мураббо биланми? Ўзим ҳам мураббо билан чой ичаётган бўлсанг керак, деб ўйловдим… Сенга Воровскийдан қўл телефонидан гапираяпман… Нима бало, кармисан? Сенга ҳарфма-ҳарф қайтарайми? Қўл те-ле-фо-ни-дан! Баран, мен сенга анчадан бери айтмоқчи, ҳа, анчадан бери айтмоқчи эдим-у, ҳеч вақтим бўлмайди. Баран, сен эшшак-сан!
Қиз телефон гўшагини Ильяга тутқазди, у эса тўппончасини қайтариб берди. Қиз тўппончани қўлида бир айлантириб олди-да, бўшлиқни нишонга олиб «Ба-бах» деди ва ковбойларча унинг оғзига пуфлаб қўйди. Илья тиржайди. Бу қизчага ёқмади. У зарда билан қараб, тўппончасини ўз кўксидаги нишонга теккизди. Илья тушунмай унга савол назари билан қаради.
— Қани! — талаб қилди яна нишонини кўрсатиб.
— «Исминг нима, деб сўра», — деб ўқиди Илья унда ёзилган сўзларни.
Қизча чуқур хўрсинди, елкаларини қисди, бирор ҳамдард излагандай атрофга кўз югуртирди.
— Нима бало, аҳмоқмисан? Ёки ойдан тушганмисан? — алам билан сўради қизча. — Сен буни сўрашинг керак, тушуняпсанми? Нега уни кўксимга тақиб юрибман?
— Исминг нима? — сўради Илья.
— Менингми? — Қиз худди буни кутмагандай деди: — Снежана.
— Снежана? — самимий ҳайрон бўлди Илья.
— Снежана, нима қипти? Нега ҳайрон бўляпсан? — деди қиз астойдил хафа бўлиб.
— Камёб исм, — тушунтирди Илья. — Камёб ва чиройли.
— Чиройли, албатта, — рози бўлди қиз. — Мен ўзим ҳам, биринчи бор эшитганимда… Сенинг исминг нима?
— Сергей.
— Серёжами?
— Сергей, — деди қатъий Илья.
— Фамилиянг-чи?
— Нечаев.
Қизча Ильяга бирор жумбоқни ечаётгандай тикилиб қаради.
— Биласанми, фамилиянгни нима учун сўрадим? Эҳтимол, сен унинг қариндошисан, деб ўйладим… Сен барибир унга жудаям ўхшаб кетасан. Биласанми, Баран кимга ўхшайди? Леонардога. Сен Леонардони яхши кўрасанми?
Илья қизга диққат билан қаради-да, жиддий оҳангда:
— Мен Рафаэлни кўпроқ яхши кўраман, — деди.
Қиз лабини буриштирди:
— Сен нима, чолмисан? Менинг онам Рафаэлни яхши кўрганди, ёшлик пайтида. Эчкига ўхшаб маърамай ўл… Мен «Титаник»ни тўққиз марта кўрдим. Верка бўлса ўн икки марта… Баран Леонардога ўхшаш эканини биринчи бўлиб Верка тушунди. Сен бўлсанг, биласанми, кимга ўхшайсан? Айтайми?
Илья елкаларини қисди.
— Владга ўхшайсан! — деди қиз. — Леонардогача мен Владни севардим.
— Ким у Влад? — жиддий тусда сўради Илья.
— Нима, ойдан тушганмисан?! — Қувноқ хитоб қилди қиз, — Влад Сташевский.
Қиз бу гапдан роса таъсирланса керак деб кутди. Лекин унақа бўлмади.
— Ростдан билмайсанми? — сўради қиз ҳайратланиб, ишонқирамай.
— Билмайман, — деди бамайлихотир Илья.
— Хонанда! — кутилмаганда қичқириб юборди қиз. — Зўр ашулачи! «Кечалар, оҳ, кечалар» ашуласини эшитмаганмисан?
Илья бошини лиқиллатди.
— Ойдан тушганмисан ўзи? — секин, жиддий сўради қиз.
— Йўқ, фақат мен жуда узоқда яшаганман, — тушунтирди Илья кулиб.
— Ўтириб чиққанмисан?
Илья бош ирғади:
— Ўтирганман… Ётганман… Юрганман ҳам…
— Неча йил?
— Олти.
— Нима учун? Ойингнинг гапларига кирмадингми?
— Аксинча, кирганим учун.
Қиз кулиб юборди.
— Ҳозир ёнингда лойдан борми?
Илья ўйланиб қолди.
— Ҳалиги, мулла жиринг… пулдан борми, деяпман, — хитоб қилди қиз.
— Бор, — жавоб берди хотиржам Илья.
— Демак, сен ҳам Баран сингари чапсонлардан экансан-да, — хулоса чиқарди қиз ва томдан тараша тушгандай: — Демак, сен бугун мени пақиллатар экансан-да, — деди.
У Ильяга ғалати қараш қилди, гапим таъсир қилса керак деб ўйлади. Лекин у кутгандек бўлмади.
— Пақиллатасан! — дўқ қилди қиз ва тўппончасини йигитнинг кўксига ниқтади.
— Нима учун энди мен сени пақиллатишим керак? — сўради у ачиниб.
— Э, ҳеч нарса учунмас! Шундай! Албатта, бирор нарса бўлиши шартми? Нима, шундай ўзинг қилолмайсанми? Яна эркак эмиш! Қанақа эркак ўзи булар, шундай пақиллата олишмаса! — дерди аччиқланиб қизча.
— Бекордан-бекорга бундай қилолмайман. Мен бекорга бировни ҳечам урмаганман. Бирор ёмон иш қилсайкин, урсам. Фақат шундагина уришим мумкин, — ҳаяжонланиб тушунтира кетди Илья.
Қизча унга ишонқирамай қаради, бир қадам ортга тисарилди, яна бир қадам чекинди ва бирдан хохолаб кула бошлади. У қорнини ушлаб, эгилиб куларди. Бу кулишида йиқилиши ҳам ҳеч гап эмасди. Илья ҳеч нарса тушунмай, ҳайрон бўлиб қараб турди, кейин бу ҳайрати ғазабга айланди.
— Нега кулаяпсан? — деди Илья кескин.
Қиз тўппончали қўли билан ёш чиқиб кетган кўзларини артди.
— Йўқ, сен ойдан тушмагансан. Сен аҳмоқсан. Пули бор аҳмоқ! Худди менинг бувимга ўхшаб… Пақиллатиш нима эканини у ҳам билмасди. Ўшанда мен сўровдим бувимдан: «Був, ҳой був. Ойим мактабга кетганда, уйда бувам билан қолгач, нима қилардинглар?» . Ўйлади, ўйлади — эслади шекилли, қўлидаги чўмич билан пақиллатиб тушириб қолса бўладими! Нимани назарда тутганимни фаҳмладилар…
Снежана Ильяга жиддий қараб туриб сўради:
— Фаҳмладингми энди?
Илья бошини эгди.
— Пақиллатасанми?
Илья яна бошини эгди.
Снежана кулди:
— Ҳо-о, дарров-а?! Аввал «Макдональдс»га борайлик, Верка билан Баранга ўхшаб…
— Мен «Макдональдс»ни ёқтирмайман, — унамади Илья, лекин қиз унинг гапини бўлди:
— Лекин мен яхши кўраман! Мен «Макдональдс» дедимми, демак «Макдональдс»!

2

Бу ҳозирча Придонскдаги ягона «Макдональдс» эди. Снежана очкўзлик билан гамбургерларни паққос туширар, устидан қулупнайли коктейлдан ичар, атрофга кўз югуртирар ва тинимсиз гап сотарди:
— Менга яна Вера айтгандики, бу ердаги ҳожатхона жарроҳлик хонасидан тозароқ, яқинда унинг кўричагини олиб ташлашди. Бир бориб кўриш керак, а? Бир йўла ёзилиб ҳам олардик… И-е, ўзинг нимага ҳеч нарса емаяпсан? Пулни тежаяпсанми? Васька Огризковга ўхшаб… У ҳам пулни тежаб юрарди, «Макдональдс»га бориш учун… Кейин эса дарсда ҳушидан кетиб қолди — ба-бах!
— Қорним тўқ, — деди Илья.
— Уйда овқатланганмисан?
— Ҳа.
— Отанг борми?
— Бор.
— Онанг ҳамми?
— Онам ҳам.
— Улар бирга яшайдими?
— Ҳа.
— Вой, шўрлик, — деди заҳархандалик билан қиз.
— Қорнингни туйғазишибди-да. Ич, ҳеч бўлмаса.
— Мен фақат пепси-кола ичаман, бу ерда эса у йўқ, — тушунтирди Илья.
— Шунинг учун «Макдональдс»ни ёқтирмас экансан-да, — фаҳмлади Снежана.
— Ҳа.
Қиз ҳам жиддийлашди.
— Пепсини яхши кўрасанми?
Илья бошини эгди.
— Мен бўлсам колани кўпроқ ёқтираман. Гарчи пепсини ҳам яхши кўрсам-да. Фантани ҳам. Лекин спрайтни кўргани кўзим йўқ!
— Мен фақат пепси ичаман, — деди Илья такрор.
Бундай қатъийлик қизда эҳтиром уйғотди.
— Қўлингга нима қилди? — қизиқсинди Снежана.
— Бандит ўқи ялаб ўтди, — деди Илья, қиз ҳазилни тушуниб, кулиб юборди.
Гамбургерлардан фақат қоғозлар қолди, коктейл трубкаси ҳам сўнгги ҳуррагини отди. Қиз чуқур нафас олди, яйраб керилди, атрофга кўз югуртирди:
— Зўр-да, бу ер… Менга қолса-ку шу ерда яшардим: «Макдональдс» менинг жон-дилим.
Илья ижирғанди:
— Нимаси яхши бу ернинг..?
— Тоза, озода. Шинам… Овқатларининг мазалилигини айтмайсанми? Ҳеч ким сўкмайди, урмайди… Ҳатто кўчага ҳам чиққинг келмайди бу ердан. Башараларини кўришга тоқатим йўқ! Мен минг доллар ишламоқчи бўлдим. «Россия кўкраги» конкурсини эшитдингми?
Илья «ҳа» ишорасини қилди.
— Хайрият, эшитган экансан. Ҳалиги, шуни айтаман-да… Конкурсга борсам, нима дейишди, биласанми? Улар менга: «Бу яхшимас, ватанпарварлик бунақа бўлмайди. Печенкинга бу ёқмаслиги мумкин. Печенкин буни тушунмайди!» дейишди.
— Ким у — Печенкин? — сўзини бўлди Илья.
— Биздаги энг катта бой. Бувим уни халқ қонини сўрувчи, дейди. Бувим заводда қоровул бўлиб ишларди. Печенкин заводни сотиб олиб, ҳамма қарияларни ҳайдаб юборди. Менга қолса-ку, уни ўз қўлларим билан бўғиб ташлардим. Унга нима ёқишини мен жуда яхши биламан. У бизнинг муаллимани уч йилдан бери пақиллатиб юрибди, у бечора бўлса ҳамон битта калта кўйлакда… Чеккани ҳам «Пегас». Қу-румсоқ! Барча бойлар қурумсоқ, хасис, тўғрими? Сенга менинг тўппончам ёқдими? Буни менга битта чилангар — олтинчи тоифали уста газ ёққичдан ясаб берди, икки шиша араққа. Бўлмаса юриб бўлмай қолди. Ўтган ҳам ёпишади, кетган ҳам. Уйга борсам, бувим: «Қаердан бир тўппонча топсам экан?» дейди. «Нима қиласиз, тўппончани?» дедим. «Ўзимни отмоқчиман», дейди… Улар қариялар кенгашида ҳаммаси ўзларини отишга қарор қилишибди…
— Нима учун?
— Нима учун деганинг нимаси? Улар мана шу юртни ҳимоя қилишган. Энди ундан нима яхшилик кўришяпти? Бувим нафақахўр… Чойчақа олади. Уни ҳам вақтида беришмайди. Ана шунақа. «Буви, дейман, сизга қанақа тўппонча керак?». У бўлса: «ТТ рўйхатга олингани». «ТТ топишим мумкин, дейман, фақат рўйхатга олинмаган». «Йўқ, дейди кампир, фақат рўйхатга олингани керак». Мен: «рўйхатга олинмаган». Кампир: «Олинган». Мен: «олинмаган». Кампир қурмагур финжон билан бошимга тушириб қолди-ку: ба-бах! Бошимда ғурра ҳалиям бор, ишонмасанг ушлаб кўр. — Қиз бошини энгаштириб, бўйнини чўзди. Илья бошига қўл теккизиб ўтирмади, сўради:
— Сен «Пўлат қандай тобланди»ни ўқиганмисан?
— Мен китоб ўқимайман, — деди қиз бепарво.
— Китоб ўқимаганинг яхши, лекин буни ўқийсан.
Снежана кулиб юборди:
— Жумбоқни еч-чи! Уч ҳарфли сўз, унда учта хатога йўл қўйиш мумкин, лекин маъно ўзгармай қолаверади!
Илья ўйга толди.
— Шаҳар берасанми? Рози бўлақол. Барибир тополмайсан! «Ишо» — деди қиз.
Илья тушунмади, боши қотди.
— Нима, ойда ҳамма шунақами? Шуниям тополмайсанми? — деди Снежана аччиғи чиқиб.
— «Ещё» — деди Илья.
Снежана маъқуллагандай тиржайди.
— Битта коктейль ва битта биг-мак! Йўқ, яхшиси, иккита коктейль ва иккита биг-мак!..
Илья ўрнидан туриб, емакхона томон йўналди. Шиша тўсиқ бўйлаб бораркан, пастда, хиёбонда юрган Седойни кўриб қолди. Кекса чекист сал оқсоқланиб боғ айланар ва атрофга алангларди. Илья чўнтагидан телефонни олиб, рақамларни терди. Седой шошиб қўлидаги телефонни қулоғига тутди:
— Ўғлим! — севинди Седой ва шикоят қила бошлади: — Бу нима қилганинг, болам?
Илья жилмайди:
— Яхши. Ҳозирча сизни бўшатмайман. Лекин менга ишлашингизни таклиф қиламан. Кейин бафуржа гаплашамиз. Ҳозир эса скамейкага ўтириб, кутиб туринг. Мен келганимдан кейин уйга бирга борамиз. Акс ҳолда, мен ёлғиз қайтиб бориб, ойимга мени йўқотиб қўйганингизни айтаман, мени чеченлар ўғирлаб кетишига сал қолди, дейман.
Седой турган жойида айланди, бошини сарак-сарак қилди. Илья қаерда деб атрофга кўз югуртирди, ҳатто бошини кўтариб осмонга ҳам қараб қўйди.
— Ўтиринг, — буюрди қатъий оҳангда йигитча. Кекса чекист итоаткорона ёнидаги скамейкага чўкди.
Илья олиб келган патнисда иккитадан эмас, учтадан коктейль ва биг-мак бор эди. Қизча бахтиёр ва миннатдорона Ильяга қараб қўйди:
— Сен Баран каби эмассан. Сен Барандан ҳам зўрсан!
— Биласанми, сен кимга ўхшайсан? — сўради Илья.
— Биламан, — деди қиз, америкача бутербродни ғарчиллатиб тишларкан. — Маймунга. Буни менга кунига юз марталаб айтишади…
— Сен Анжела Дэвисга ўхшайсан, — деди қатъий Илья.
— Кимга дединг?
— Анжела Дэвисга.
— Ким у? Қўшиқчими?
— Америка коммунисти.
Қиз тиржайди:
— Буни бувимга айтишим керак. Роса хурсанд бўлади-да. Энди бизлар қаёққа борамиз: сеникигами, меникигами?
— Сеникига.
— Сеникига мумкин эмасми? Ота-онанг уйдами?
— Ойим.
— Демак, меникига. Фақат калитни бувимдан олиш керак, чунки улар менга ишонмайдилар. Калитни ёнларида олиб юрадилар.

3

Снежана яшайдиган уйга етиб боришгач, Илья эшикни тортиб кўрди ва савол назари билан ҳамроҳига қаради. Қиз қўлини силтади:
— Улар шу ерда, мен биламан! Фақат очишмайди, тақиллат, тақиллатма, барибир. Сир бой бергилари йўқ…
Илья тепароқдаги дераза ёнига тирмашди, ичкарига мўралади. Ичкарида, узун стол атрофида сочлари оқарган, кўксига орден ва медаллар тақиб олган фахрийлар ўтирарди.
— Кимнидир кўраяпсанми? — сабри чидамай сўради қиз.
Илья жавоб бермади.
— Ким бор у ерда?
— Битта чол, — деди Илья ичкаридан кўз узмай.
— Бу Коромислов! — деди қиз. — Уларнинг раиси. Ўзини отишни ўйлаб чиқарган ўша. Итдай қопоғон.
Чол дароз, қоқшоқ, сочи оқарган, мўйловли киши эди. Столнинг тепа қисмида ўтирган бу чол зўр бериб ниманидир уқтирар, мушт бўлиб тугилган қўлини кўтариб, туширарди.
Уни тинглаб ўтирганлар, шубҳасиз, унинг гапларини маъқуллашар, қарсак чалишга шай ҳолда, кафтларини бир-бирига ишқалаб ўтиришарди. Чанг босган икки қават қалин шиша овозни ўтказмасди. Ичкари суви йўқ аквариумни эслатарди. Афтидан, қандайдир байрамни нишонлашга тўпланганга ўхшашарди.
— Кампирни кўраяпсанми? — бақирди қиз пастдан.
— Кўриниши қанақа?
— Кампирми? Кампирдақа кампир-да…
Илья дераза раҳидан пастга сакради.
— Қани, энгаш-чи! — талаб қилди қиз ва Ильянинг елкасига оёқ қўйиб, тепага кўтарилди. Илья уни орқасидан ушлаб турар, тепага қарамасликка ҳаракат қиларди.
— Був! — қичқирди қиз ойнани уриб. — Калитни беринг, був! Бугун эртароқ жавоб беришди. Мен бир ўзимман, рост! Эртага синов дарсимиз бор, тайёрланишимиз керак!
Ирғитилган калитлар дарчадан ўтиб асфальтга тушди. Қиз тепадан пастга сакради, ердан калитларни олди, осмонга ирғитиб, яна илиб олди ва ишбилармон одамлардай, мағрур бир оҳангда таклиф этди:
— Қани, кетдик! Цигель-цигель о-ля-ля!

4

Қиз билан бувиси барак типидаги эски икки қаватли уйнинг иккинчи қаватида яшашарди. Уйлари бир хонали бўлса ҳам ўртасидан чизиқ ўтказилгани учун икки хоналига ўхшарди. Хонанинг чап томони, чизиқдан нарёғи бувига тегишли эди: у ерда баланд темир каравот, комод, шифоньер, оёқли радиола ва сариқ фанер ғилофли тикув машинаси бор эди. Каравот тепасидаги деворда рамкали ва рамкасиз эски уруш фотосуратлари, ҳарбий саркардаларининг журналлардан қирқиб олинган фотопортретлари осиғлиқ турарди. Уларнинг ўртасида маршал Жуковнинг санамлардай безатилган сурати бор эди.
Жуковнинг рўпарасида — уйнинг набирага — қизга тегишли қисмида эса Леонардо ди Каприонинг ялтироқ плакати осиб қўйилганди. Унинг теварагига журналлардан қирқиб олинган артистлар, хонандалар, рок-мусиқачиларнинг фотосуратлари ёпиштириб ташланганди. Хонанинг бувига тегишли томонида саранжом-саришталик ва зимистон осойишталик ҳукмрон. Набира томонида эса ранг-баранглик ва ифлослик. Туширилган қизил диван-каравот устида ғижимланган адёл ва чойшаблар қалашиб ётар, турли журналлар, резина сақичлар ўрамалари, магнитофон ва кассеталар, арзон атир-упалар, иккита талинка ёйиб ташланганди.
— Кампиршо томонига ўтма, — огоҳлантирди қиз йўл халтасидан ниманидир қидираркан.
— Нимага?
— Бувим ўлдиради. Ма…
У кафтида ниманидир узатаркан, тескари ўгирилди. Илья уни кўриб, уялиб кетди.
Қиз кулиб юборди.
— Хавфсиз секс! Фойдаланишни биласанми ёки ўргатайми? Олавер, қўрқма!
Илья баттар уялди ва кўзларини яширди. Қиз ўтириб олиб, пастдан унинг кўзларига қаради.
— И-е, нима бало, ҳали боламисан? Ростини айт! Ҳали боламисан?
Илья бошини тебратди:
— Менинг қизим бор эди.
— Исми нима эди?
— Оксана.
Қиз киноя билан кулди.
— Эртасига у ҳалок бўлди, — деди Илья.
— Бунга анча бўлдими? — сўради қиз шивирлаб.
— Ўтган йили.
— Сен уни унута олмаяпсанми?
— Мен уни ҳеч қачон унутмайман. Унинг отаси — ишсиз кончи. Онаси касал. Яна учта кичкина болалари бор. Ҳаммасини Оксана боқарди…
— Унутмоқчи эмасмисан? Унда нега менга эргашиб келдинг? Нега пақиллатаман, деб ваъда бердинг? Баран уйида мураббо билан чой ичаяпти. Сен эса уни унутгинг келмаяпти. Мен Веркага нима дейман? Бугун ўзимга энг сўнгги муддат белгилагандим. Синфдаги қизлар устимдан роса кулишадиган бўлди-да.
— Ахир, муҳими бу эмас-ку, — уни тинчлантиришга уринди Илья. Лекин қиз бунга жавобан унинг башарасига қўлидаги нарсани отди. Аммо теккиза олмади. Презерватив чизиқдан нарига бориб тушди.
— Муҳими бу эмасми? Нима муҳим бўлмаса? — деб сўради ғазаб билан қиз.
— У билан орамизда сен айтган нарса бўлгани йўқ. Биз гаплашиб ўтирдик. У менга ўзи ҳақида гапириб берди…
— Бўлгани йўқми? — хурсанд бўлди қиз. — Унда сен нега қўрқаяпсан? Балки, сен ҳалиги… эркакмасдирсан? Ҳа, тушундим, сен бесоқолсан!
— Йўқ, мен унақа эмасман. Умуман, бу муҳим эмас, — ҳамон тушунтиришга уринарди Илья.
— Мен биламан, нима муҳимлигини! — Қиз сумкасидан тўппончасини олди, уни икки қўллаб маҳкам ушлади-да, Ильянинг кўкрагини мўлжаллади.
— Жим бўл ва қимирлама! — буйруқ берди қиз.
Илья ишшайди:
— Унда патронлар йўқ.
— Бор, — бақирди қиз. — Бир эмас, учта! Бозордан ўзим сотиб олганман!
Илья қўлини чўзиб, кафтини ёзди. Унда учта патрон бор эди.
Қиз ҳайрон бўлиб, бир Ильяга, бир унинг қўлидаги патронларга, бир ўз қўлидаги тўппончага қаради.
— Ҳа-а, — ниҳоят тушунди қиз, — олиб қўйиб-сан-да… Мен Баран билан телефонда гаплашаётганимда олиб қўйибсан. Вой, ярамас-эй…
Қиз нима дейишини билмай унга қараб тўппончани отди, лекин яна теккизолмади.
Илья тўппончани ердан олиб, кўздан кечирди, сўнг ўқларини жойлай бошлади.
— Ҳаётда энг муҳими — кураш. Ғалабагача курашиш, — деди у ва жилмайди. — Мен сени пақиллатаман, албатта пақиллатаман. Лекин биз ғалаба қозонганимиздан кейин.
— Биз деганинг — кимлар? — ишонқирамай сўради қиз.
— Биз.
— Лекин кимни? Кимни биз енгишимиз лозим?
— Сенинг бувинг ўзини отмоқчи, чунки ундан ҳаёт маъносини тортиб олишди. Синфдошинг очлиги туфайли ҳушидан кетяпти. Ўзинг эса «Макдональдс»да яшашни орзу қилаяпсан. Бунинг учун кимлар айбдор, биз ана шулар устидан ғалаба қиламиз.
— Мен тушунмаяпман — кимни? Кимни биз енгишимиз лозим? Масалан! — сабри чидамай, асабий бақирди қиз.
— Масалан, Печенкинни.
— Печенкинни? Майли, мен розиман. Лекин қандай қилиб?
— Мен биламан қандай қилиб енгишни: Сен Тристан ва Изолда ҳақида эшитганмисан?
Қиз қошларини чимириб, эслашга уринди.
— Иккови баравар заҳар ичганларми? Киносини кўрганман.
— Йўқ. Улар кўзларини боғлашиб, қип-яланғоч бўлишади-да, ёнма-ён ётишади. Лекин бир-бирига тегишмайди.
— Нега бир-бирига тегишмайди?
— Тезроқ ғалаба қилиш учун.
Қиз тушунди ва маъқуллади:
— Зўр. Фақат мен рўмол ёпиб юрмайман-да. Бувимники бўладими?
— Бўлади.
Қиз хонанинг иккинчи ярмига ўтди. Комод тортмасини очди-да, ундан иккита рўмол олди.
Қип-яланғоч, кўзлари боғланган ҳолда, бўялган тахта полга ёнма-ён чўзилишди.
Худди Тристаннинг қиличи мисол ўртага қўйилган тўппонча уларни бир-биридан ажратиб турарди.
— Исминг нима? — қатъий талаб қилиб сўради Илья ва қиз дарҳол жавоб қайтарди:
— Анжела Дэвис.

Ўн иккинчи боб

БУ КИМГА КЕРАК?

1

Прибиловский шошилиб Печенкин қабулига кирди, кўк халатдаги кекса фаррошга урилиб кетишига сал қолди. Унинг кўриниши ҳорғин, нигоҳи ташвишли кўринарди. Елкасига йўл сумка осиб олганди. Уни елкасидан олиб диванга ташлади ва котиб-референт чуқур «уҳ» тортиб, сумкасининг ёнига чўкди.
Ўз иш столида ўтирган котиба Марина — топ-моделга ўхшаш чиройли қиз — унинг келганига парво ҳам қилмади. Қўлидаги каттакон конвертни айлантириб турарди.
Фаррош ахлат қутисидаги нарсаларни қоғоз қопига ағдарди, у нимадир деб минғирлардими ё хиргойи қилардими — тушуниб бўлмасди.
Марина қўлида ўйнаб ўтирган конвертни бир неча дақиқа кузатган Прибиловский лоқайд қизиқсинди:
— Ўша менга эмасми, мабодо?
— Швейцарчасига «салом» қандай бўлади,- сўради Марина, қўлидаги конвертни айлантиришда давом этиб.
— Швейцарияликларнинг ўз тили йўқ, — тушунтирди Прибиловский.
— Вой бечоралар, улар тилсиз нима қилишади? — швейцарияликларга ачинди Марина.
Прибиловский илтифот билан табассум қилди-да, саволини яна такрорлади:
— Бу менга эмасми, деяпман?
— Сизга, — расмий оҳангда жавоб берди Марина ва конвертни стол четига қўйди. Уни олиш учун котиб-референт пастқам дивандан турди, икки катта одим ташлади.
— Очмадингми? — сўради у.
— Лекин яхшилаб елимладим, — деди Марина.
Прибиловский яна диванга ўтирди, конвертни йиртди. «Экспресс» журналининг янги сонини ярмигача чиқарди, муқовасига кўз югуртирди ва жойига қўйди.
— Франциядан саломми? — сўради Марина, ниманидир ёзаркан.
— Буни мен Цюрихдалигимда ўқиган эдим, — лоқайдгина жавоб берди Прибиловский.
— Владимир Иванович, Прибиловский келди, — деди Марина ички алоқа аппаратига.
— Кирсин бу ёққа! — буюрди Печенкин.
Прибиловский ўрнида аранг кўтарилди.
— Огоҳлантириб қўйсанг бўларди-ку, — танбеҳ берди у. Марина эса парво ҳам қилмади.
Котиб-референтнинг қарашларида саросималик пайдо бўлди, бунинг боиси бояги журнал жойланган конверт эди. Уни ўзи билан олиб киришни ҳам, қабулхонада қолдиришни ҳам билолмай ҳайрон эди.
Фаррош аёл қоғоз қопни судраб чиқиб кетаётган эди.
— Тўхтанг, — деди унга Прибиловский, югуриб бориб, журналли конвертни ахлатга ташлаб юборди.
Котиб-референтнинг яна кўзларида ишчанлик ва ижрочиликка хос совуқ қатъият пайдо бўлди. У ўз бошлиғи билан муомалага киришганда ҳамиша шундай бўларди.
— Менинг фамилиям «прибыл» феълидан эмас, балки «прибыль» отидан ясалган, — киноя билан эслатди у котибага ва бошлиқ хонасининг чиройли қилиб:
ПЕЧЕНКИН
ВЛАДИМИР ИВАНОВИЧ

деб ёзиб, кумуш бурама михлар билан маҳкамланган зарҳал лавҳали оғир эшигини очиб, ичкари кирди.

2

Қимматбаҳо мебеллар билан жиҳозланган, лекин барибир дидсизлик уфуриб турган улкан хонада, каттакон узун стол теграсида «Печенкин» компанияси директорлар кенгаши мажлис қилаётган эди. Столнинг энг тўрида, чуқур ором курсида Владимир Иванович ўтирарди.
Кенгаш аъзолари — тахминан ўнтача киши — ҳаммаси эркаклар эди. Уларнинг бари гавдали, бақувват, ўртаёш, бир хил икки ёғи тугмали қора костюмда, бир хил ялтироқ бўйинбоғли, бир хил ишчан юз ифодали одамлар эдилар. Фақат иккитаси ажралиб турарди: биринчиси — девдай чечен, маъруза қиларди, иккинчиси пучуқ бурун, мовий кўзли рус, бошида яҳудий қалпоқ. Биринчини Лема дейишарди, иккинчининг фамилияси Уралов эди. Чечен тоза гапирар, фақат вақт-вақти билан баъзи ибораларни такрорлаб турарди:
— Хорга келсак… Хорга келсак… оқгвардиячиларнинг ворислари, принцип жиҳатдан қарши эмаслар, лекин казаклар авлодларидан кейин туришни хоҳлашмаяпти. Казаклар ҳам қарши эмаслар, лекин фақат оқгвардиячилар авлодларидан олдин туришларини талаб қилишяпти. Губернатор казакларга қарши эмас, ҳатто оқгвардиячиларга ҳам қарши эмас. Аммо… «Тангри, шоҳни асрагил»… «Тангри, шоҳни асрагил»га қатъиян қарши.
— А, ундан ким сўраб ўтирибди? — деди киноя билан Печенкин ва ором курси орқасида қотиб турган Прибиловскийга қаради.
Чечен жилмайди ва изоҳлади:
— Мен ундан сўраганим йўқ, унинг ўзи телефон қилди. Нима, сизлар монархияни ёқлаяпсизларми, дейди. Мен айтдим, конститутцион монархияни деб… У яна қизилармиячилар будённийча қалпоқларда чиқишларини таклиф қилаяпти.
Директор кенгаши аъзолари тиржайишди, Печенкин бўлса, негадир қовоғини уйди.
— Черков нима деяпти? — сўради у.
— Черков ҳеч нима демаяпти… Ҳеч нима демаяпти. Лекин у ерда бир киши: «Бу кимга керак ўзи?» деди.
Владимир Иванович чуқур хўрсинди ва елкаларини қисди.
— Кимга керак… — такрорлади у тиржайиб, кейин ўзи билан ўзи гаплашаётгандай секин давом этди:
— Кеча менинг «Мерседес»имнинг рамзини узиб олишибди… Ҳалиги, машинанинг олдида бўлади-ку, думалоқ, ялтироқ…
Директорлар кенгашининг аъзолари бош ирғашди, гап нима ҳақдалигини тушунишиб.
— Рамзий рулёкни узиб олишибди-я… — давом этди Печенкин шикоятомуз ва аламзада. — Биз Нилич билан қараб туриб, «Бу кимга керак экан?» ўйга толдик. Ростдан ҳам — кимга керак? Авваллари, эсингизда бўлса, кимнинг уйида машина бўлса, бир-биридан ўғирлашарди. У вақтлар топилмасди, камёб эди. Шунинг учун ҳам ўғирлашарди. Бу эса… Ахир бу кимга керак? Мен сира тушунмайман, ақлим бовар қилмайди… Кимдир «Мерседес» сотиб олса-ю, унинг рулёгига пули етмаса… бунинг учун бировнинг машинасиникини узиб олишса. Ҳеч тушунолмайман. Нима қилишади, ахир?! «Коллекция қилишади» дейди Нилич. Қанақасига коллекция қилишади, ахир, ҳаммаси бир хил-ку?
Печенкин аввалига ҳазил қилаётганга ўхшади. Кейин эса, жиддий гапира бошлади.
— Бунақа «Мерседес»да юролмайман, ахир, юролмайман! — Владимир Иванович қўлларини силтаб гапирди. Унинг жаҳли чиққани шундоққина кўриниб турарди. «Бу кимга керак?» дея тугатди сўзини ҳаяжон билан ва оддий қилиб қўшиб қўйди: — Бугун янги «олтиюзинчи»ни ҳайдаб келишди.
Директорлар кенгаши аъзоларининг вазиятдан шу тарзда чиқиб кетишни маъқуллаганликлари кўриниб турарди.
— Давом эт, Лема, — буюрди маърузачига Печенкин. Кейин бошини кўтариб Прибиловскийга мурожаат қилди: — Қани гапир-чи, у ерда нималарни аниқладинг? — Прибиловский энгашиб бошлиғининг қулоғига пичирлай бошлади.
— Ҳаммаси ўтган йили бошланган экан. Уларнинг пансионига кечалари яширинча қандайдир Оксана Тупицина деган бир фоҳиша келиб тураркан. Ёш эркаклар унинг секс-хизматидан фойдаланиб туришаркан.
— Илья-чи? — қизиқиб сўради Владимир Иванович. — Чунки Галина бу борада жуда ташвишда.
Прибиловский уялиб жилмайди ва елкаларини қисиб қўйди.
— Тушунарли, — бош ирғади Печенкин. — Давом эт.
— Кимдир чаққан шекилли, уни полиция ушлаб кетибди. Бунинг учун Илья араб болани, шайх Маффуди ўғлини роса калтаклабди.
— Қойил, Ильюха! — маъқуллади ўғлининг ишини Печенкин. — Мен ҳам чақимчиларни ўлгудай ёмон кўраман.
— Маълум бўлишича, уни араб сотмаган экан…
— Янглишибди-да, шунақасиям бўлади, — деди Печенкин.
— Қиз полиция маҳкамасида ўзини осиб қўйибди, ўзининг пайпоғи билан…
— Осиб қўйибди? А-ҳа, кейин-чи, нима бўпти?
— Орадан бироз вақт ўтгач, — давом этди котиб-референт, — у ерда «Мен нечун севаман она юртимни?» деган мавзуда баҳс ўтказилибди. Илья бўлса, ўз ватанини кўргани кўзи йўқлигини айтибди.
— Россияними? — ҳайратланди Печенкин.
— Ҳа, Россияни. «Қайтиб бориш ўлимдан ҳам даҳшатлироқ бўлган мамлакатни қандай севиш мумкин», — деди у. Ана шунақа!
Владимир Иванович ишшайди.
— Нега бу ҳақда бизга ҳеч қандай хабар беришмабди?
— Афтидан, жанжални уйдан ташқарига чиқаришни исташмаган… — тахминини баён қилди Прибиловский.
— Биламан гап нимадалигини… Менинг пулим учун шундай қилишган. Яна нима бўлиши мумкин.
— Иқтисодиёт бўйича Ильянинг битириш реферати «Россияда янги капитализмнинг тараққиёти» деб аталарди.
— Ҳа, номи жуда қизиқарли, — маъқуллади Печенкин.
— Ўзиям жуда қизиқ эпиграф танлабди:
«Ўзгалар ҳисобига ҳаддан ташқари бойиб кетаётганларнинг шўри қурсин, чунки бу узоққа чўзилмайди!».
— Бу кимнинг гапи?
— Бу «Библия»дан олинган.
— У ерда шундай ёзилганми?
— Балки. Умуман Илья динга жуда берилганди, черковга қатнарди. Католик динини қабул қилмоқчи эди. Аммо Аушвайцга саёҳат қилганидан сўнг унинг худо изловчилик майли сўнди.
— Аушвайц?
— Освенцим, — таржима қилди Прибиловский.
— Хўш, нима бўпти? — тушунмай сўради Владимир Иванович. — Освенцимни биламан, хўш, нима бўлибди?
Прибиловский елкасини қисди.
Печенкин жим қолди. Ўйлаб ўйига етолмасди.
— Тағин нима?
— Тағин реферат тўғрисида… — давом этди Прибиловский. — Илья шундай хулоса чиқаради: янги рус хусусий мулк эгалари, унинг айтишича, халқни талаб тўплаган бойликларини, унинг айтишича, халққа қайтариб беришлари керак эмиш.
— Буни мен хоҳламасам-чи? — сўради Печенкин. Прибиловский ерга қаради.
— Унда халқ куч ишлатади. У ерда шундай ёзилган.
— Мен ундан ҳеч нарсани аямадим, сариқ касалини даволадик, хитой бўлиб чиқди-я. Хўш, у реферати учун нима олди?
— Олти балл олди. Бу уларда энг юқори баҳо. Гап шундаки, унга иқтисод ўқитувчиси Жереми Маркс…
— Нима дединг? — котибнинг сўзини бўлди Печенкин.
— Маркс.
— Маркс! — баланд овоз билан такрорлади Печенкин. Натижада маърузачи гапидан тўхтади, директорлар кенгашининг барча аъзолари бошлиқ томон ўгирилишди.
Печенкин ўрнидан турди:
— Мен бу фамилияни қаердадир эшитган эдим. Хўш, Энгельс йўқми уларда? Демак, мен уларга каттагина пул тўладим, улар эса ўғлимни менинг бўйнимни синдиришга ўқитишибди-да? Маркс…
— Уни аллақачон бўшатиб юборишди, — деди Прибиловский.
— Бўшатилди! А-ҳа! Бўшатилди… Эҳ, бунақа ишлари учун у аблаҳни дабдала қилиш керак. Маркс, ҳм… — ғазабланган Печенкин ўрнидан туриб юра бошлади.
— Ҳозир Ғарбда сўл ғоялар яна модага кираяпти, — тушунтиришга уринди Прибиловский.
— Ғарбда модада, бизда эса тумшуққа туширяпти! — бақирди Печенкин. — Шундай тумшуғимизга туширишяпти!
У пилдираб стол атрофида айлана бошлади. Ураловнинг ёнидан ўтаётиб Печенкин тўхтади. Унинг бошидаги қалпоқчага қараб сўради:
— Менга қара, Уралов, бошингдаги қанақа дўппи?
— Бу дўппи эмас, кипа! Отам яқинда Исроилдан келди. Кипа яҳудийларнинг миллий қалпоқчаси. Бошимга қўндириб, ечмаслигимни тайинлади.
Печенкин Ураловга узоқ вақт қараб турди. Кейин ўзига келди, жилмайди, ўз ором курсисига ўтираркан, маъқуллади:
— Қойил, Уралов! Отанинг айтганини қилиш керак.
Директорлар кенгашининг мажлиси давом этди.

Ўн учинчи боб

МЕН СЕНГА ЎРГАТИБ ҚЎЯМАН

1

Манзара ўта кулгили ва қўрқинчли эди. Йўлак бўйлаб юраётганлар тўхташар, катта йўл ўртасидан ғизиллаб ўтаётган машиналар тўхташга мажбур бўларди. Чунки Илья Придонскнинг марказий Ленин кўчасидан бамайлихотир юриб борарди. Қўлида музқаймоқ, болаларча беғамлик билан бир ялаб, бир атрофга қарайди. Айни шу пайтда уни қўриқлаб кетишяпти. Олдинда қора кўзойнак таққан малла соқчи, орқада яна бир барзанги. Ундан кейин бир ғилдираги машина йўлида, иккинчи ғилдираги йўлакда «Субурбан» аста ўрмалаяпти. Унинг қоронғилаштирилган ойналаридан Седой аранг кўзга ташланади.
Музқаймоқ эриб, пастга оқа бошлади. Илья уни маза қилиб ялашда давом этарди. Ниҳоят, у музқаймоқни тугатди, лабларини дастрўмоли билан артди. Думалоқланган рўмолчани қаёққа отсам экан деб ўйлаб турганди «Субурбан»дан чиққан Седой унинг олдига югуриб борди. Ильядан расмий ва заҳархандалик билан сўради:
— Хўш, сайр қилиб бўлдингизми, Илья Владимирович? Энди уйгами? Онангиз ҳузурига?
Илья серташвиш нигоҳини бош соқчига қаратди, ён томонга эгилиб, кутилмаган саволни берди:
— Энди сизга қанақа лақаб берамиз?
— Қанақа лақаб? — жаҳли чиқди Седойнинг. — Қани, машинага ўтиринг.
— Нима, сизни ёллаганим эсингиздан чиқдими? — кулиб эслатди Илья.
— Сен мени ёллаганинг йўқ, — ғижинди Седой.
— Ойим мени йўқотиб қўйганингизни билса борми…
— Ойингиздан ташқари отангиз ҳам бор, — унинг сўзини бўлди Седой ва буюрди. — Машинага, Иванич соат учгача рухсат берган.
— «Седойми!» Сизга қанақа?
— Ўтир машинага деяпман, — талаб қилди Седой.
— Парол-чи?
— Ўзинг ўтирмасанг, зўрлаб ўтқазамиз!
— Шундай бир парол бор, агар уни айтсам дарҳол қўйиб юборасиз, — деди кутилмаганда Илья.
— Унақа парол йўқ. Ўтир машинага!
— Бор. Музқаймоққа гаров боғлаймизми? — Илья уни мазах қилаётганди.
— Машинага, — бўкирди Седой ва Ильянинг билагидан ушлаб машинага тортган эди, йигит бирдан баланд овозда:
— Ангелина Георгиевна Всеславинская, — деди.
Седой унинг тирсагини қўйиб юборди ва қотиб қолди.
Илья унга ачиниш ва киноя билан қараб турарди:
— Йўқ, мен сизни ёлламайман, яхшиси, бўшатаман.
Седой қулоқ ҳам солмади, орқага бурилиб, машинага бориб ўтирди. Соқчилар нима қилишни билмай қолишди. Илья елкасини тўғрилаб, шошмасдан, астагина йўлнинг ўтиш жойига йўналди. Седой ойна орқали унинг изидан қараб қоларкан телефон гўшагига гапирди:
— Иванич, у қаердандир Геля ҳақида билиб қолибди. Ҳаммасини билади: исмини, отасининг исмини, фамилиясини.
Печенкин узоқ жим қолди.
— У кетаяпти, Иванич! — эслатди Седой.
Владимир Иванович асабий кулди:
— Масални биласанми: хотин ҳаммадан кейин билади…
— Ўзиям шундай бўлди, фақат эшитмаган Галина қолди! Нима қилайлик, Иванич? У кетаяпти!
— Билганини қилмайдими? Майли, кетаверсин, — деди Печенкин.

2

Илья вокзал яқинидаги бозорни оралаб, қувноқ кетиб борарди. У чувиллашиб эътироз билдираётган кампирлар шовқинига эътибор бермас, йўл-йўлакай пистадан олиб, чақиб, пўстини туфлаб ташларди. У бир йигит корейсча савзи сотаётган пештахта олдида тўхтади. Тўладан келган, қисиқ кўз, ўта кулгили сотувчи йигит жойида турмас, тинимсиз ҳаракат қиларди: қўллари, оёқлари, бадани, боши ўйнар, лабидан каратэчиларнинг ашаддий ҳайқириқлари учарди:
— Бум! Жи! Кия!
Улар бир-бирларига худди юз йилдан бери танишдай, лекин шу юз йил давомида кўришмаган ва энди кўришиб турган одамлардек қараб туришарди.
— Сен Ким, — деди Илья.
Корейс қошларини чимирди, қатъий қилиб:
— Мен — Брюс! — деди.
— Йўқ, сен Кимсан! — туриб олди Илья.
— Йўқ, мен Брюсман! Бум! Жи!
— Қанақасига Брюс бўласан, сен Кимсан? — Илья оқкўнгиллик билан жилмайди, лекин корейс буни истеҳзо деб тушунди. У пештахта ортидан сакраб чиқди-да, жанговар ҳолатда турди. Лекин Илья бинт билан ўраб ташланган қўлини кўрсатди. Корейс йигит «нима бўлди» деб сўрагандай бошини ирғади.
— Бандит ўқи, — тушунтирди Илья.
Корейс йигит «тушундим» дегандай яна бош ирғади ва атрофни кузата бошлади. У ўзининг Брюс эканини исботлаш учун муносиб рақиб излаётганди. Чой ичаётган кавказликлар, арақ қултиллатаётган пиёнисталар, автоматли омончилар ва қамчинли казаклар — булар унга рақиб бўлолмасди. Шунда корейс пештахтадан сабзи тўла челакни олди-да, станцияга қараб жўнади. Илья челак дастасининг иккинчи томонидан ушлади ва улар бирга иноқ, қувноқ, баравар одим ташлаб йўлга тушишди.
Темирйўл изларидан ҳатлаб, вагонлар тагидан энгашиб ўтиб, йигитлар станциянинг нариги томонига чиқишди. У томон бўш ер, ўйдим-чуқур, ахлатлар тўкиб ташланган жойлар эди. Баланд бетон девор орқасидаги темир йўли омборларининг иморатларига каттакон қора-қизил расм-лавҳа осилган бўлиб, унда қора кўйлак, галифе шим ва этикда, қўлини кўтарганча фашистчасига саломлашаётган ҳужумчининг расми чизилган эди. Унинг устида худди нур таратаётган қуёшга ўхшаб фашистлар рамзи ярқираб турарди. Пастдаги ваҳимали ёзув — «Рус тартиби қўриқлайди», дея огоҳлантириб турарди.
Берк темир дарвозалар олдида девқомат бир маллавой наридан-бери юриб турарди. Қора кийим кийиб, енгига рамзли боғич боғлаган бу барзанги белига резина калтак осиб олганди.
Қисиқ кўзларини баттарроқ қисиб, корейс рақибига таҳдидли нигоҳ ташлади. Бу унга мос келарди.
— Мен — Брюсман, — деди корейс Ильяга ва челагини ерга қўйиб жангга отланди.
Фашист четэлликка ёввойиларга қарагандай тикилди. Унинг киприклари пирпирарди.
— Ҳой, сен, чекишдан ол! — гижгижлаб хитоб қилди корейс ва жанговар ҳолатга кирди.
— Нима? Мен сенга… — Фашистнинг ғазаби қайнаб олдинга ташланди, калтагини ёнидан оларкан: — Мен сени… — деб тўнғиллади.
— Ки-я!! — дея ваҳимали қичқирганча корейс анча баланд сакради. У бир оёғини олдинга чўзган эди. Лекин зарба беролмади. Чунки рақибгача ҳали анча бор эди. Омадсиз каратэчи «шалоп» этиб ерга тушди. Лекин дарҳол ўрнидан туриб орқага чекинди. Илья аллақачон қочишга шай турарди. Қочаётиб челакни олишди-да, станцияга қараб чопишди. Барзанги етай деб қолди. У таёғини кўтарди, таёқ кимнингдир бошига тушиши аниқ эди. Лекин корейснинг сабзиси панд берди. Челакнинг дастаси чиқиб кетиб, ичидаги сабзи асфальтга тўкилди. Фашист уни босиб олди, оёғи сирпаниб, гурсиллаб йиқилди…
Илья билан корейс қутулдик деб ўйлашга ҳам улгуришмади, олдиларида уларга қараб иккита фашист югуриб келарди. Болалар бирданига иккови икки томонга бурилди ва тўхтаб турган вагонлар остига шўнғишди. Улар бир неча вагонлар тизимини кесиб ўтишди-да, юк вагони остига беркинишди.
— Унинг тумшуғига туширишимга сал қолди! — дея шивирлаб мақтанди корейс.
— Нечта зарбани биласан ўзи, — сўради Илья.
— Олтита.
— Мен сени ўнта зарбага ўргатаман, — дея ваъда берди Илья ва қўшиб қўйди: — Ва сен енгилмас бўласан.
Корейс, миннатдор шогирд ўз устозига қарагандек, Ильяга қаради.
Ялтиратиб артилган уч жуфт этик ва қора эсэсчилар галифесидаги фашистлар уларнинг рўпарасида тўхташди. Ҳозир худди совет киносига ўхшаб немисча буйруқ янграйдигандек кўринди.
Лекин немисча эмас, русча гаплар эшитилди:
— Ғайрируслар жа-а ҳаддидан ошиб кетишяпти!
— Мен иккаласини ҳам яхши эслаб қолдим. Топамиз.
Учинчиси бўлса вагон ғилдиракларига қарата чоптириш билан машғул эди.
Илья астагина қўйнидан тўппончани чиқарди-да, тепкисини тайёрлади. Буни кўрган корейс шодлигидан қичқириб юбормаслик учун кафти билан ўз оғзини беркитди.
Худди ўзлари учун хавф борлигини ҳис қилгандек, фашистлар ҳам жўнаб қолишди.

Ўн тўртинчи боб

ҲОЗИРГИ ЁШЛАР ҚИЁФАСИ

1

— Қани, танишинглар бўлмаса! — баланд ва қувноқ овозда таклиф қилди Илья ва бир қадам орқага тисарилди.
Мулат қиз корейс болага яна бир қараб олди-да, зўрма-зўраки жилмайди ва истамайгина қўлини узатди:
— Анжела Дэвис.
Ҳаяжонланган корейс кафтини шимига артди, қизнинг қўлини қаттиқ қисиб, ўзини таништирди:
— Ким Ир Сен.
Илья худди омадли чиққан болаларидан хурсанд отадек уларга ҳавас билан қаради..
Анжела Дэвис бошини Ильяга ўгирди, ғазабини яширмай, қизиқсинди:
— Сен атайлаб бизларни шундайлардан танлаяпсанми?
— Қанақа — шундайлардан?
— Мен қоратанлиман, у бўлса қисиқ кўз.
— Қанақа? Қисиқ кўз? — такрорлади Илья ва кулиб юборди.
— Атайлаб шунақаларни танлаяпсан?! — асабий бақирди Анжела Девис.
Илья кулгидан тўхтади.
— Атайлаб? Ҳа, атайлаб. Мен сизларни атайлаб танладим, — хотиржам ва жиддий гапирди у, бир мулат қизнинг, бир корейснинг кўзига қараб. — Мен сизларни атайлаб танладим, чунки сизлар энг сўнггисизлар. Бугунги кунда сўнггилар биринчи бўлаяптилар, биринчилар эса сўнггиларга айланишмоқда. Сизлар биринчилардан бўласизлар.. Мен сизларни атайлаб танладим…
— Биз сўнггилармиз, сен қанақасан? — дадил, янада қаттиқроқ бақирди Анжела Дэвис. — Сен ўзинг ким бўласан?
Илья ғамгин жилмайди, саволга жавоб бермади.
Ким энсасини қашиб, тортиниб сўради:
— Сен русмисан?
— У ойдан тушган, — деди ачитиб Анжела.
Илья яна жилмайди:
— Бу мамлакатда руслар ҳам, рус бўлмаганлар ҳам йўқ. Балки бойлар ва камбағаллар бор. Алданганлар ва алдаганлар бор.
— Бу қанақаси? Ҳеч нарса тушунмаяпман, — ошкора тан олди Ким.
— Тушунмаслик мумкин. Муҳими — ишониш. Сизлар менга ишонасизларми?
Илья Кимга қаради. У жавоб қилди:
— Ишонаман.
Илья Анжела Дэвисга қаради. У ҳам сал тортиниб жавоб қилди:
— Ишонаман.
— Унда мен сизларга айтаман, — давом этди Илья. — Сизлар КЯЖнинг биринчи аъзолари бўласизлар.
— КЯЖ нима дегани? — сўрашди баравар Ким билан Анжела Дэвис.
Илья яна бир бор уларнинг кўзларига қаради, айтсаммикин ёки айтмасаммикин деб ўйлаб кўрди-да, деди:
— КЯЖ — Коммунистларнинг Янги жамияти.
Ёшларнинг ҳафсаласи пир бўлди.
— Э-э, — деди Анжела Дэвис. — Ахир менинг бувим коммунист-ку! Бизнинг баракдагилар коммунистларга овоз беради.
— Бизда шаҳарнинг ярми коммунистлар, — деди Ким.
Илья бошини силкиди:
— Бу шаҳарда коммунистлар ҳам, демократлар ҳам йўқ.
— Кимлар бор, бўлмаса? — сўради Ким.
— Кўзи очилмаган мушукчалар бор, она мушук эса қаёққадир ғойиб бўлган. Бечора мушукчалар бошларини ҳар ён уришиб оналарини қидиришяпти.
— Мушукни сувга чўктиришган, — деди ачиниб Анжела Дэвис.
Ҳамма жим бўлиб қолди. Улар бир-бирига қарай олмасди.
Илья соатига қаради ва оҳиста йўлак бўйлаб юриб кетди. Ким билан Анжела Дэвис эсанкираб, бир-бирига қарашди-да, унинг изидан тушишди.
— Биз уларнинг кўзлари очилишига ва ҳақиқатни кўришга мажбур қиламиз, — деди йўл-йўлакай Илья. — Ҳақиқат уларда яшаш иштиёқини уйғотади ва бу уларни бизга бошлаб келади. КЯЖ — бу адолат.
— Нима, унга ёзилиш керакми? — ташвишланиб сўради Ким.
— Аввалига сен ўнта зарба беришни ўрганиб оласан. Сен бўлсанг «Пўлат қандай тобланди»ни ўқийсан. Кейин синаб кўриласизлар. Сўнгра қасамёд қиласизлар, — деди Илья, қадамини тезлаштириб.
«Профсоюз» ва Ленин кўчалари муюлишида мўъжазгина алмисоқдан қолган суратхона бор эди.
Илья унинг қаршисида тўхтади ва қатъий деди:
— Бу кунни умрбод ёдларингда сақлашларинг лозим.

2

Сураткаш жуда қартайган ва кулгили одам эди. У қаршидан оҳиста юриб келарди. Оёғидаги эски сариқ ботинкасининг «тақ-туқи» узоқдан қулоққа чалинарди. Сочи тўкилган, қуруқ қайрилма бурни ажралиб турарди. Айниқса, кўзлари бошқача эди: улардан кутилмаган қувонч ва мумкин бўлмаган некбинлик ёғилиб турарди. Чол яшаган сон-саноқсиз йилларнинг ҳар бири унга қувонч ва умид бахш этгандек кўринарди.
— Нақадар гўзал ёшлар! — деди у завқланиб. — Мен кўпдан бери бунақа хушрўй ёшларни кўрмаган эдим. Чеҳраларидан нур ёғади! Бунақа чеҳраларни мен сўнгги бор минг тўққиз юз эллик олтинчи йили кўргандим. Улар қўриқ ерларни ўзлаштиришга отланишганди. Сизлар ҳам қўриқ очгани кетаяпсизларми?
Ким билан Анжела кулиб юборишди — чол уларда завқ уйғотганди.
— Бизнинг жамоавий қиёфамизни яратинг, — деди Илья.
Қария қошларини чимирди:
— Жамоавий қиёфа дейсизми? Мен тўғри эшитдимми? Ё ҳазиллашяпсизми? Буни сўраётганимнинг боиси шундаки, ҳозир ҳеч ким жамоавий қиёфани хоҳламайди. Фақат фотосурат ва четга чиқиш паспорти учун расмга туширишимни сўрашади. Негадир ҳамма чет элга кетишга интилаяпти. Мана мен, масалан, чет элда бўлмаганман ва кетишга заррача истагим ҳам йўқ. Нима кераги бор? Мен учун бу ер яхши! Ҳа, жамоавий портрет дедингизми?
-Жамоавий портрет, — такрорлади Илья.
Қария ўйланиб қолди, бошини хам қилди. Анжела Дэвис пиқиллаб кулди. Ким хижолатомуз жилмайди.
— Ҳозирги ёшларнинг жамоавий қиёфаси! — деди чол бошини сарак-сарак қиларкан, алланималарни минғирлаганча. Учоёқли фотоаппаратини тўғрилай бошлади: — Ҳозирги ёшлар менга жуда ёқади! Биласизми, нима учун? Шунинг учунки, улар қўрқув нималигини билмайди! Яқинда газетада ўқиб қолдим, биринчи синф ўқувчиларининг тўқсон тўққиз фоизи Ленин ким эканини билмаскан. Мен йиғлаб юбордим — нақадар бахтли болалар!
Фотоаппаратни созлаб бўлгач, чол орқада қия осилиб турган оқ чойшаб ёнига ўтди. Унинг тарам-тарам бўлиб турган тепа қисмини тўғрилашга тутинди.
— Нима деяётганимни мен яхши биламан, — деди сўзида давом этиб чол. — Менинг отам большевик эди. Унинг ўз укаси — менинг амаким эса, меньшевик. Отам амакимни отишга ҳукм қилди. Эсэр1 онам бўлса, ғоявий эътиқодига кўра отамдан ажраб, бир эсэрга тегиб кетди. Бундчи2 бувам эса уларнинг ҳаммасини дуойибад қилди. Йўқ, улар ўзларини шундай тутишгани учун эмас, балки Бундга кирмагани учун лаънатлади. Ўшанда бувим шундай деганди: «Буларнинг ҳаммаси менга ёқмаяпти». Бекорга айтмаган экан бу гапни. Отамни отиб ташлашди, онам эса лагерда ўлиб кетди. Ўша пайтда бувим раҳматлик менга доно маслаҳат берганди: «Агар узоқ яшайман десанг, коммунистларга ишонма. Ҳатто оқни оқ десалар ҳам, ишонма, чунки у қора. Ҳатто сувни сув дейишса ҳам ишонма, чунки у тош. Ҳатто нонни нон деб аташса ҳам ишонма, чунки у — заҳар!». Мен ҳамиша бувимнинг маслаҳатига амал қилиб яшадим! Ҳозир ёшим нечадалигини биласизларми? Буни гапиришнинг маъниси йўқ, чунки барибир ишонмайсизлар!
Қария энди сурат учун яхши моҳият ахтариб ёшларнинг жойларини алмаштира бошлади. У қиқирлаётган Анжелани хижолат чекиб турган Кимнинг ўрнига, Кимни эса асабийлашган Ильянинг ўрнига ўтказди.
— Биласизми, яна қанча яшамоқчиман? — давом этди у. — Менинг ниятим бутун дунёда бор-йўғи биттагина коммунист қолгунга қадар яшамоқ, сўнгги коммунист қолгунга қадар! Унга — сўнгги коммунистга ҳеч ким ачинмайди! Аёллар у билан ўз наслини давом эттиришни хоҳлашмайди. Эркаклар у билан футбол ҳақида гаплашмайди, шахмат ўйнашмайди. Кичкина болалар бўлса, унинг орқасидан чопишиб, қўллари билан кўрсатишиб: «Коммунист! Коммунист!» дея масхара қилишади. Бу энг даҳшатли, энг сўнгги сўз бўлади!
Қария яна нимадир демоқчи эди, Илья уни тўхтатди:
— Демак, сиз ишонишингиз учун сувни кўрсатиб тош, нонни кўрсатиб бу заҳар дейиш керак экан-да? Оқни қора, десагина ишонаркансиз-да?
Илья сураткашга қараб турар, кўзларини пирпиратганча жавоб кутарди.
— Сен ақлли боласан. Сен балки жуда ҳам ақлли боладирсан, — деди у қисқичбақадай орқага тисарилиб. Аппарат ёнида тўхтаб Ильяга яна бир бор қараб олди-да, фикрини давом эттирди: — Ҳамма фалокатлар қачон бошланади, битта жуда ҳам ақлли бола пайдо бўлганда бошланади…
Илья бунга жавобан нимадир демоқчи эди, лекин чол шошилиб қалин жун ёпинғич тагига кириб яширинди.
— Тайёрландик! — бақирди чол ёпинғич тагидан.
Илья шерикларига жўшқин бир нигоҳ ташлади ва шивирлади:
— Яшасин коммунизм!
— Яшасин коммунизм! — қўшилди Ким.
— Яшасин коммунизм! — такрорлади Анжела Дэвис.

Ўн бешинчи боб

МАНА БУ ЗЎР ЎЙЛАНИБДИ

1

Осмонда — қалин ва қора булутлараро момақалдироқ гумбурлади. Губерна бошлиқлари баланд минбарда туриб кўкка қарашар, жилмайишар ва бугунги тадбиримиз тепада ҳам маъқул кўрилмоқда дегандай бир-бирига қараб бош ирғашмоқда. Завод майдонига тўпланган придонсклик қизиқувчилар зич тўда бўлиб туришар, черковнинг биллур гумбазига ва тилларанг хочига, минбарда турган бошлиқларга ҳавас билан қарашарди. Бошлиқлар орасида ўртадаги оқ костюм , оқ куйлак ва оппоқ бўйинбоғда турган Печенкин алоҳида ажралиб турарди. Ўртадаги майдонда эса казаклар авлодлари ва оқгвардиячилар ворисларидан тузилган қўшма хор «Тангри, шоҳни асрагил!»ни ажойиб ижро этишди.
— Йўқ, нима десангиз денг-у, будёновкали қизилармиячилар бу ерда етишмаётир, — деди дўстона оҳангда Печенкиннинг чап томонида турган губернатор. Унинг ўнг томонида зарбоф ридода соч-соқоли оппоқ қария — ёшланувчи меҳрибон кўзли митрополит ўрин олганди.
Владимир Иванович губернаторнинг гапини эшитмади, чунки у ҳамон ҳозиргина ирод қилган нутқининг ҳаяжонини босолмаган эди. Одатда Печенкин қоғозга қарамасдан, яхши, тушунарли қилиб гапирарди. Лекин бу сафар у нутқ матнини ёзиб беринг, деб Прибиловскийга буюрганди. У бўлса, айтиш керакки, жуда боплабди. Айниқса, ибодатхонага элтувчи йўл ҳақида жўшиб ёзибди. Энди бизда фақат йўл эмас, ибодатхонанинг ўзи ҳам бор. Бунинг устига денг, ибодатхона эмас, ростакам мўъжиза. Рус халқи ҳамиша мўъжиза ҳақида орзу қилиб келган. Мана, ўша мўъжиза — биллур ибодатхона. Бунақаси ҳеч қаерда йўқ! Оламнинг саккизинчи мўъжизаси! Придонск мўъжизаси!
Бўлди қарсак, бўлди қарсак, ўзиям ўн дақиқача чалишди-ёв… Ўн дақиқа бўлмаса ҳам, беш дақиқа чалишгани аниқ. Печенкин бахтиёр эди. Бугун унинг куни эди.

Тангри, шоҳни асрагил,
Тангри, шоҳни асрагил,
Умрини узоқ қилгил.
Ожизлар ҳомийсига,
Мағрурни букувчига —
Тинч кунларни ато қил, —

куйларди хор тантанавор.
— Мана буни мадҳия деса бўлади! — митрополитга қараб гапирди Печенкин. — Сўзи ҳам, мусиқаси ҳам зўр!
Митрополит оҳиста бош ирғаб қўйди.
— Лекин бизники ҳам ёмон эмасди, — гапга аралашди губернатор. — Эсингиздами, ўша куй янграганда Роднина қандай йиғлаган эди? Бутун дунёга-я…
— Оҳанг яхши, сўзлари-чи? — эътироз билдирди Владимир Иванович.
— Сўзлари ҳам ёмон эмасди. — Губернатор ўзиникини маъқуллади.
Владимир Иванович бошқа баҳслашиб ўтирмади. Йўқ, кайфиятини бузмаслик учун эмас, бу мумкин эмасди. Балки нигоҳини биллур қуббадан Ленин ҳайкалига ўтказиб чалғигани учун индамади. У бир нарсада ҳақ эканига ишонч ҳосил қилди: бири иккинчисига халақит бермайди. Бунинг устига Ленин қўли билан ибодатхонани кўрсатиб турарди. Бунинг ҳам ўзига яраша маъноси бор эди. Ҳам авлодларнинг давомийлиги, ҳам тавба-тазарруси, ҳам сабр-қаноати — бу сўзларни Владимир Иванович унча яхши кўрмаса-да, унча яхши тушунмаса-да, улардан тортинарди. Лекин ҳозир буларнинг ҳаммаси Завод майдонида бор эди.
Осмон бирдан гумбурлади, зумда қоронғи чўкди. Пастдаги халқ ҳаяжонланди.
— Ёмғир ёғмайди! — деди баланд овозда Владимир Иванович, лекин ёнида қариндошлари ва яқинлари йўқлигини эслаб қовоғи солинди. Галина Васильевнанинг бош оғриғи тутиб қолди. Геляни у таклиф ҳам қилмаганди. Кейин билса, у барибир рад этаркан. Илья бўлса таклифни масхара қилиб, отасини қаттиқ ранжитди.

2

— Вақти бўлди! — деди қатъий Илья узун ингичка ёғочга илинган қизил байроқни ёяр экан. Бу шойи мато — ўша бувасининг сандиқчасидан олинган, цирк байроғи эди.
Ким ва Анжела Дэвис Ильяга ҳайрат билан қараб туришарди. Афтидан, улар ўйлаган нарса юз берадиганга ўхшарди. Улар майдонга туташ, бўм-бўш торкўчада эдилар, у ердан хорнинг овози эшитилиб турарди. Илья шошилиб кўзлари кўрадиган қилиб тешилган омончилар қалпоғини бошига кийди-да, байроқни баланд кўтарганча олға — Завод майдонида тўпланиб турган кишилар томонга қараб чопиб кетди.
Қаршидан кучли шамол эсар, шу боисдан байроқ ёйилиб ҳилпираб борарди. Илья тўғри оломонга қараб югурди, оломон ундан қўрқиб, орқага тисарилди. У тўдани ёриб ичкари суқилди, оломон иккига ажралди. Шундай қилиб икки тўда ҳосил бўлди: бирининг тепасида Ленин, иккинчининг тепасида эса проваслав хочи савлат тўкиб турарди.
Бошлиқлар орасида бу вазиятни биринчи бўлиб губернатор баҳолади.
У қувониб кетди, маъқуллаб хитоб қилди:
— Мана буни яхши ўйлашибди!
Митрополит кўзларини қисди, жўжаникига ўхшаш ингичка бўйинини чўзди ва аччиқ дори ичган мисол йўталиб қўйди.
Печенкин байроқ кўтариб чопаётган йигитчани жим туриб, совуққонлик билан кузатиб турди.
Хор адашиб кетди: казаклар унча-мунча овоз чиқариб турарди, оқгвардиячилар оғизларини очганча қолаверишди.
— Яшасин коммунизм! — жарангдор бақириб кириб келди Илья. Шунда казаклар ҳам куйлашдан тўхташди. Завод майдони сув қуйгандек жим-жит бўлиб қолди. Милиционерлар бошларини чайқашар, лекин чопиб келаётган йигитчани тўхтатишга уринишмасди. Ўзи шундай бўлса керак деб ўйлашарди, шекилли.
Илья оломон ичидан чиқиб, майдон чеккасидаги уй орқасига ўтиб, кўздан ғойиб бўлди.
— Вой тиррақи-ей, — тўнғиллади тишларини ғижирлатиб Печенкин.

Ўн олтинчи боб

ҚОИДАСИЗ ЖАНГ

Ёшлигида Владимир Иванович бокс билан шуғулланарди ва ҳатто усталикка номзод ҳам бўлганди. У ўз унвони билан фахрланар, унга муносиб бўлиш учун спорт маҳоратини сақлаб туришга ҳаракат қиларди. Вақт-вақти билан кайфияти бўлган пайтларда бизнес бўйича ҳамкасблари ёки яқин доиралари, кўпинча қўриқчиларидан ким биландир олишувлар ўтказиб турарди. Бунинг учун «Октябрь» кинотеатри яқинида қарағайлар орасидаги майсазорда арқонлар тортилиб, боксёрлик ринги ясаларди. Седой камзулини ва бўйинбоғини ечиб, ҳакамлик кийимини кияр ва беллашувлар бошланарди.
Одатда, олишувлар кутилмаганда, эълон қилинмасдан, тиғиз кунлардан сўнг кечаси юз берарди. Печенкин бирор муҳим нарсани амалга оширса ёки уддалай олмаса, шундай бўларди. Мана, ўша ибодатхона тантанали очилган кунда, уйга кечроқ қайтиб келгач, одатдагича кинога бориш ўрнига Владимир Иванович арқон тортишни буюрди.
Илья отасининг бу эрмагини билмас, аниқроғи, онасининг хатлари орқали хабари бор эди, лекин эсидан чиқиб кетган эди. Ҳозир уйига қайтаётиб ёритилган тўртбурчак жойни, олишаётган иккита кўнгилли гладиаторни ва рингни ўраб олган томошабинларни кўриб ҳанг-манг бўлиб қолди.
Илья аввалига малла соқчини, кейин отасини таниди. Бир оз иккиланиб турди-да, ўша ерга юрди.
Бу жуда ғалати жанг эди. Печенкин боксёр эди, малла эса самбочи полвон эди. Чиндан ҳам уларнинг олишуви ғалати эди: Печенкин уриб ағдариш учун мушт туширса, малла йиқитишга уринарди. Седой ҳакамлик қиларди. Кўпчилик хўжайин учун жон куйдирарди:
— Қани, Владимир Иванович!
— Уринг, Владимир Иванович!
— Эҳ, Владимир Иванович!
Қаттиқ қичқиришар, самимий қувонишарди.
— Бўш келма, маллавой! Боксёрни эз! — қичқирарди Илья, рингга яқинлашиб.
Олдинроқда турган мухлислар ҳайрон бўлиб ўгирилишди, Ильяни кўриб, хижолат бўлиб саломлашишар, уни исми ва ота исми билан эъзозлар, олдинга ўтказиб юборишарди.
Боксёр ҳам, самбочи ҳам ростакамига чарчашганди, биринчисининг мушт туширишга, иккинчининг йиқитишга ҳоли қолмаганди.
— Эз, маллавой, эз капиталистни! — чийилларди Илья.
Владимир Иванович эшитди, бир зумга товуш эгасига қаради ва бўйнига самбочининг темир панжаси маҳкам ёпишганини ҳис қилди.
Малла чиндан ҳам Печенкинни биқинига олди ва худди шу пайт Ильянинг овози яккаланиб қолди, бошқалар жимиб қолишганди.
Владимир Ивановични унинг бўйни ва малланинг кафти терлаб тургани қутқарди. Шунинг учун у ағдарилиб тушмади, сирғалиб чиқиб кетди. Ўзини йўқотиб қўйган малла бир сонияга эҳтиётсизлик қилди ва жағига кучли ҳамда аниқ зарба тушди. Соқчи чалқанча ағдарилди.
Ҳамма қийқириб юборди, ғалаба билан табриклади. Фақат Ильягина кескин бурилди-да, қарши томонга қаради.
Печенкин рингда ғолибона айланар ва қичқирарди:
— Самбо! Сизнинг самбоингизга тупурдим! Каратэингизга ҳам тупурдим! Кун-фу, фу-сю го-мо-жо, по-мо-жо, ҳаммасига тупурдим! Сизларнинг ўша барча қора камарларингизга туф! СССР спорт устасининг майкаси олдида ҳаммаси бир тийин!
Владимир Иванович ўзининг спорт унвонини ошириб айтди, лекин ҳеч ким бунга эътироз билдирмади.
Ғолиб ва мағлубнинг қўлларини ушлаб турган Седой тантанали равишда эълон қилди:
— СССР спорт устаси, Придонскнинг «Трудовие резерви» спорт жамияти вакили Владимир Иванович ғалаба қозонди, — деб у Печенкиннинг қўлини юқори кўтарди. Томошабинлар қийқиришди, ҳуштак чалишди, олқишлашди ва совет мадҳияси чалинди — бу ҳам анъана эди.
Ильянинг кўзлари ёшланди.
— Эй, коммуняка, бу ёққа кел! — қувноқ ва дағдаға билан бақирди Печенкин.
Илья ўрнидан жилмади.
— Нима, эшитмаяпсанми? — деди заҳархандалик билан Владимир Иванович баланд жаранглаётган СССР гимнини босиб кетадиган даражада бақириб.
— Сизни отангиз чақираяпти, Илья Владимирович, — дейишди унинг ёнида турганлар тирсагига туртиб.
Илья ўгирилди. У жилмайди, лекин ўрнидан қимирламади.
— Ке, кела қол, қўрқма. Кўксингга юлдуз расмини ўйдирмайман, — кўнглини кўтарди отаси. — Бир марта тушираман, холос!
— Мен қўрқмайман, — деди Илья ринг томон юраркан. У баланд овозда айтмоқчи эди, лекин зўрға эшитилди.
Атрофдагилар — эҳтиёткорона ва асабий кулишди. Илья энгашиб, арқон тагидан ўтди-да, отасининг қаршисида тўхтади. Владимир Иванович дик этиб ўрнидан турди ва қўлини кўтарди, Илья қўрқиб кўзларини қисди. Печенкин урмади, у урмоқчи ҳам эмасди, жаҳл билан бақирди:
— Ҳеч қачон бунақа қилма! Сенга мушт туширишаётганда кўзингни юма кўрма! Бу биринчи қоида! Биласанми, мен бундан қандай қутулганимни? Теннис коптокчаси бор-ку, ўшани ипга боғлаб, осиб қўясан-да, ўртада туриб оласан. Коптокча липиллаб бориб келаверади. Сен эса унга чап бериб, энгашасан. Лекин кўзингни юммайсан. Тушундингми?
Илья бош ирғади.
Печенкин қаҳқаҳа урди:
— Энди зарба ейишни ўрган! Лекин бунда ҳеч қандай назария кетмайди. Фақат уриш, жанг қилиш лозим! Қани, Нилич, унга қўлқоп кийдир-чи.
Седой заҳархандалик билан тиржайганча Ильянинг иродасиз ожиз қўлларига қўлқоп кийдираркан, Печенкин худди ғалабадан кейин қилганидай, рингни айланиб, томошабинларга гапирарди:
— Аср матчи! Бунақаси бўлмаган: капиталист-ота коммунист-ўғилга қарши! Жанг қоидасиз ва ғалабагача давом этади!
У Ильяга ўгирилди ва қотиб қолди. Ўғлининг орқасида Галина Васильевна турарди. У узун яшил халатда эди. Пешанасига ҳўл латта боғлаб олганди.
— Сен нима қилаяпсан, Володя! Қанақа томоша бу? — сўради Галина Васильевна секингина, таъна билан.
Печенкин хижолат бўлиб елка қисди.
Галина Васильевна гинаю аламзадалик тўла кўзларини атрофда турганларга бир-бир югуртириб чиқди. Одамлар аста-секин тарқала бошлашди.
— Нилич, — деб бақирди кетаётган Седойнинг орқасидан, — бир дўстлик хизматингни аяма, шундоқ вокзалга югуриб бориб, писта олиб кел, негадир кинога боргим келиб қолди.
— Сен нима томоша кўрсатаяпсан, Володя? — дея саволини такрорлади Галина Васильевна.
Галина Васильевна икки марта такрорлаган саволига жавоб кутарди, лекин Печенкин, афтидан, унга жавоб беришни лозим топмади. У энди хотинига эътибор ҳам бермай қўйганди. Гарчи Галина Васильевна ўғлининг орқасида турган бўлса ҳам, унга қарамасди.
— Хўш, нима? — дағдаға ва киноя билан гапирди Печенкин ўғлига. — Яшасин, хўш, нима? Мен сенга айтгандим-ку, бу ерда коммунистлар ҳам, демократлар ҳам йўқ деб! Айтдимми? Айтдим! Биз оқлар эмасмиз, биз қизиллар ҳам эмасмиз, биз — придонскликлармиз! Одамларнинг байрам кайфиятини бузмоқчи бўлдингми? Улар ҳеч нарса тушунишмади, ахир! Маст бир омончи жинни бўлиб қолибди, деб ўйлашди! — Печенкин қаҳ-қаҳ уриб кулди. — Ҳеч ким ҳеч нарса тушунмади! Ёки газеталарда ёзиб чиқади деб ўйлайсанми? Йўқ, ёзишмайди! Ёки телевизорда кўрсатишадими? Кўрсатишмайди! Бунга мен кафолат бераман. Ҳеч ким ҳеч нарса билмайди, тушундингми? Мана, сенинг тиррақи бузоқ эканингни — ҳамма билиб олади.
— Володя! — тўхтатди Галина Васильевна эрини. У қўпол гапларни билмасди.
— Нима — Володя?! — бақирди Печенкин . — Унинг бугун нима қилганини биласанми, ўзи? У менинг қалбимга тупурди! Шундай кунда-я! Шу ибодатхонани деб нималар қилмадим, кучимни, пулимни аямадим. У бўлса?! — бўкирди Печенкин, бўйин томирлари бўртиб. — Тир-рақи.!
— Володя! — дадил унинг сўзини бўлди хотини. Печенкин жим қолди, кейин бирдан қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
— Коммунистмисан, коммунистларча яша! — У яна ўғлига гапирди: — Сен учун буванг нон қотириб қўйганди — ўшаларни кемириб юравер! Энди ҳеч қанақа соқчининг кераги йўқ — коммунистларни ўғирлашмайди.
— Володя…
— Истасанг — ўзинг қўриқлаб юр! Энди у менинг уйимда яшамайди! Бўлди, бас!
— Володя, тинчлан, — илтимос қилди Галина Васильевна.
— Мен хотиржамман, — бақирди Владимир Иванович. — Хотиржамман! Чунки бу менинг уйим ва бу ердаги ҳамма нарса меники. Сеники эса, ана «Октябрь» кинотеатри… Энди унга бир тийин ҳам бермайсан, кундузи ишласин, кечқурун эса ўқийди. Ишчи ёшлар мактабида, мен ўқигандай. Швейцарияда ўқитиша олмади, бу ерда ўқитишади! Тезда ўргатишади! Албатта, ўргатишади! Бўлди, етар! Янги ҳаёт! Нью Лайф! — Печенкин ринг арқони устидан ҳатлаб ўтди-да, узоққа бақирди:
— Нилич! Ёшиникидан олма, уники яхши қовурилмаган!

Ўн саккизинчи боб

ШУНДАЙ КУН КЕЛДИ

1

Илья отасининг уйидан ўша кечасиёқ кетиб қолди. Тўғри, унча узоққамас, “Октябрь” кинотеатри чордоғидан бошпана топти. У киномеханик Ноил топиб келган резина тўшакда ётар, устига онаси берган жун рўмолни ёпиниб олганди. Каттакон ярим доира шаклидаги деразадан юлдузларга тикилар, қаердадир “қур-қур”лаётган каптарларни, отаси яхши кўрадиган фильм фонограммасини тинглар ва кўринишидан бахтлига ўхшарди.
Ўша кечаси Владимир Ивановичнинг кайфияти ёмон эди. У одати бўйича охирги қаторда ўтириб, писта чақар, экрандан кўз узмасди. Кинога қараб руҳан дам олар, айни пайтда ўз фикрлари тасдиғини топгандай ҳам бўларди. Экранда ҳинд ҳакам: “Ҳалол одамнинг боласи ҳалол, ўғрининг боласи эса ўғри бўлади”, — деркан, Печенкин унинг фикрини тасдиқлаб, тўнғиллади:
— Бу аниқ.
Эри билан ўғли ўртасидаги жанжал Галина Васильевнани унчалик чўчитмади. У Печенкинни яхши биларди. У эрининг жаҳлидан тушиши ва айбига иқрор бўлиши учун вақт ўтиши кераклигини ҳам яхши тушунарди. У Илюшанинг ишлашига йўл қўя олмасди, лекин унинг ўқишини ҳам тақиқлай олмасди. Чунки ўғли оддий Придонск мактабида ўқиш истагини билдирган эди. Бунинг устига Галина Васильевна бундай бесамар машғулот тезда жонига тегишини ҳам яхши тушунарди. У ўғлига шундай шарт қўйди: соқчи бўлмаган тақдирда уни мактабга ўзи кузатиб қўяди. Илья кулиб юборди ва онасининг пешонасидан ўпти.

2

Илья Придонск бўйлаб катта-катта ва дадил қадам ташлаб борарди. У билан ёнма-ён одимлаётган Галина Васильевна эҳтиёткорлик билан атрофга қараб борар, қора сумкачасини кўксига босиб олганди.
— Биласанми, Илюша, бугун эрталаб отанг ҳузуримга келиб, сен билан мени кинога таклиф этди, — деди қувониб.
— Кинони кўргани кўзим йўқ, — деди Илья.
— Нега? — ҳайратланди Галина Васильевна.
— Чунки у ёлғон.
Галина Васильевна жилмайди:
— Вой миттивой-ей, ҳозирги вақтда ким ҳам рост гапни айтади. Умуман, гап кинода ҳам эмас… Отанг сен билан ярашмоқчи. Бунинг бошқача йўлини тополмади, шекилли. Кино бошланишидан олдин қўлингни қисиб… бирор аҳмоқона гапни айтиши аниқ… кейин сен яна уйга қайтиб борасан, ўз хонангга кирасан…
— Чордоқда ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман! — деди Илья.
— Нима, отанг билан ярашмоқчи эмасмисан?
Илья жавоб бермади.
— Хўп, яхши, менга айт-чи, уни нимага кўндирмоқчи бўлаяпсан? — сўради Галина Васильевна тўхтаб. Илья ҳам тўхтади.
— Мен унинг одамлардан тортиб олган нарсасини уларга қайтариб беришини истайман, — деди у бамайлихотир ва қатъий.
— Қайси одамларга? — тушунмади Галина Васильевна.
— Мана буларга, — деди Илья нигоҳи билан у ёқ- бу ёққа ўтиб турган кишиларга ишора қилиб, она ва бола шаҳар марказида, одамлар гавжум Ленин кўчасида эдилар.
— Лекин улар… сўрашаётгани йўқ, — деди Галина Васильевна саросимада.
— Ҳозирча сўрашмаяпти… лекин вақти келганда эса сўрашмайди, талаб қилишади. Унда кеч бўлади.
Илья ташвишланиб соатига қаради, Галина Васильевна ҳам беихтиёр ўз соатига кўз югуртирди.
— Сенингча, ундай кун қачон келади? — аста сўради онаси.
— Шундай кун келди, — деди Илья хотиржам, лоқайдлик билан.
Галина Васильевна яна бир бор ёнларидан ўтиб турган одамларга диққат билан назар солди.
— Мен отам билан ярашишга розиман, — кутилмаганда деди Илья. — Лекин бунинг учун сиз менинг бир илтимосимни бажаришингиз керак.
— Қанақа илтимос?
— Седой бўшатилиши керак.
— Седой? — тушунмади Галина Васильевна.
— Ҳа, Нилич.
— Нилич? Нима учун?
— Нима учунлигини ўзим яхши биламан.
— Лекин у… Оиламиз аъзосидай бўлиб қолган. У отангни ўлимдан қутқариб қолган.
— Демак, мен оилангиз аъзоси эмасман, — дея чўрт кесди Илья.
Кўчанинг қарши томонида Анжела Дэвис пайдо бўлди. Илья намойишкорона соатига қараб қўйди. Қиз афтини гуноҳкорона буриштириб, машиналарга ҳам эътибор бермай улар томон югурди. Галина Васильевна серташвиш ва ҳайратли нигоҳини ўғлидан мулат қизга, қиздан яна ўғлига олди.
— Бу… сенинг қизингми? — ўзини йўқотиб сўради онаси.
— У менинг ўртоғим! — дея қатъий жавоб берди Илья.
— Партия бўйичами?
— Ҳа.
Галина Васильевна сал таскин топгандай бўлди.
— У мени Сергей деб атайди, ҳайрон бўлиб юрманг, — огоҳлантирди Илья.
Онаси “тушунаман” дегандай бош ирғади.
— Салом. Юр “Макдональдс”га, биринчи дарс ўтилмайдиган бўлди, — бидирлай кетди Анжела Дэвис…
— Булар — ойимлар, — таништирди Илья.
Галина Васильевна илжайишга уринди:
— Галина Васильевна, оддийгина қилиб Галя хола деса ҳам бўлади.
— Антонина, Тоня деса ҳам бўлаверади, — ўзини таништирди мулат қиз. — У сизга сираям ўхшамаскан. Отасига тортган, шундайми?
— Ўқиб бўлдингми? — унинг гапини бўлди Илья.
— Ўқияпман, — деди Анжела Дэвис ва онасига мурожаат қилди: — Сиз “Макдональдс”га бориб туришни яхши кўрасизми?
Галина Васильевна яна жилмайди:
— Уни яхши кўриш мумкинми?
— Агар пул бўлса — мумкин, — тушунтирди мулат қиз. — Мен кеча бувимга айтдим: “Пул бер” деб. У бўлса: “Фоҳишахонага бор” деди. “Ўзинг бора қол” дедим мен. Бошимга қасқон билан қарсиллатиб тушириб қолса бўладими. Кўзимдан ўт чақнаб кетди. Ғуррани қаранг, мана, ушлаб кўринг-а.
Анжела Дэвис бошини энгаштирди.
Лекин Галина Васильевна унинг бошига қўл теккизмади, фақат сўради:
— Бувингиз билан яшаяпсизми?
— Ҳозирча яшаяпмиз, — деди қиз бошидаги ғуррасини ўзи пайпаслаб. — ўзини отса, бир ўзим яшайман.
Галина Васильевна жилмайиб қўйди:
— Онангиз-чи? Ота…
— Онам — Эстонияда. У ёқда унинг эри ва боласи бор. Оппоққина. Отам бўлса Африкада. Хурмо дарахтига тирмашиб юрибди… — Анжела Дэвис ўйланиб қолди, нимадир эсига тушиб, бошига шапатилади ва оғриқдан чинқириб юборди, чунки ғуррасига тегиб кетганди, кейин қичқирди: — Вой, мен ҳали математикани кўчиришим керак-ку!

Ўн тўққизинчи боб

ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

1

Дарсга қўнғироқ чалиниб, ўғли синфга кириб кетгач, Галина Васильевна бўмбўш холлда девор ёнидаги стулга ўтирди-да, сумкасидан чала тўқилган буюмни олди, кўзойнагини бурнига қўндирди. Лекин ҳали ишни бошламай туриб, ерга тўшалган кафель устида “тақ-туқ” қилиб келаётган оёқ товушларини эшитди. Дарсга шошаётган Геля бурчакдан чиқиб келди. У синф дафтарини қўлтиғига қистириб олганди. У қимматбаҳо қизил туфли кийиб олган, хушбичим костюмда, сочини яхшилаб турмаклаган, дид билан бўянган эди. Уни аввал билганлар ҳозир танимай қолишлари турган гап эди — “Царское село”даги ҳаёт уни бутунлай ўзгартириб юборганди. У ҳозир шунақа хушрўй эдики, гўзал бўлиб туғилган Галина Васильевна шу дамда унинг олдида ип эшолмасди.
Геля қадамини секинлатди, девор ёнида ўтирган аёлга ўйчан ва ҳайрон бўлиб қаради-да, синфхонага кириб кетди.
Бошини эгиб олиб, кўзойнаги устидан қараб турган Галина Васильевна уни ўйчан ва ҳайратомуз нигоҳи билан кузатиб қолди.

2

— Хў-ўш, безорилар, дарс қолдирувчилар, дангасалар, “иккичи”лар? — дея Геля синфдагилар билан одатига кўра қувноқ саломлашди. Журнални столга қўйди ва Анжела Дэвиснинг ёнида ўтирган Ильяга кўзи тушди. Қошларини чимириб, сўради:
— Янги ўқувчи пайдо бўптими?
Илья ўрнидан туриб ўзини таништирди:
— Сергей Нечаев.
Геля журнални қўлига олди, лекин Илья унинг беражак саволига олдиндан жавоб қайтарди:
— Биз кечагина кўчиб келдик, мен ҳужжатларимни расмийлаштиришга улгурмадим.
— Кўчиб келасолиб дарров мактабга югурибсиз-да? Қойил. Агар сир бўлмаса, қаердан? — Геля дўстона ва бир озгина киноя билан гапирарди. Ўқувчилар билан муомалада унинг одати шундай эди.
— Чеченистондан, — деди оддий қилиб Илья.
Гелянинг юзи маъюс, ҳатто фожиали тус олди.
— Ўтиринг, Серёжа, — деди Геля секингина.
Улар гаплашаётган жараёнда Анжела Дэвис қўлини кўтарди. Геля жилмайди:
— Хўш?
Анжела Дэвис ўрнидан турди ва бармоғи билан кўксидаги нишонга ишора қилди.
— Хўш, энди сизни қандай атаймиз? — киноя билан сўради ўқитувчи.
— Анжела Дэвис. — Мулат қизга ўзининг янги исми жуда ёқаётганга ўхшарди.
Геля ҳайрон бўлди:
— Анжела Дэвисни қаердан биласан?
Қиз ноз-карашма билан:
— Бир кишидан эшитдим, — деди.
Синфда қулги кўтарилди.
— Бирор нарса сўрамоқчимисан? Анжела Дэвис…
— Мен кеча Бальзакни ўқидим, — дея қиз гапира бошлаганди, ўқитувчи уни тўхтатди.
— Ростданми? Қулоқларимга ишонмаяпман. Китоб ўқий бошладингми? Вой-бўй, ўрмонда бўрилар қирилиб битгандир…
— Бўрилар соппа-соғ, — тинчлантирди Анжела Дэвис. — Буни мен тақвимнинг варағида ўқидим. Мени бувим уйга қамаб қўйганди. Телевизор бузилган, магнитофоннинг батарейкаси ишдан чиққан. Уйқум келмади. Шунда мен тақвимнинг варағини йиртиб олдим ва…
— Ўқидингми?
— Ўқидим.
— Бутун варақни-я?
— Йўқ, фақат биринчи жумлани.
Ўқитувчига қўшилиб бутун синф кулиб юборди.
— Хўш, ўша қанақа жумла экан?
Анжела Дэвис эсига тушириш учун ўйланиб олди-да, деди:
— “Ҳар қандай катта мол-мулкнинг негизида жиноят ётади”.
Геля жилмайди, нигоҳи билан синфни айланиб чиқди ва сўради:
— Сизлар нима деб ўйлайсизлар?
Илья дарҳол қўлини кўтарди.
— Сергей… Фамилиянгиз? Кечирасиз, эсдан чиқардим.
— Нечаев.
— Сергей Нечаев. Ҳа, Серёжа…
— “Ҳар қандай катта мол-мулк негизида жиноят ётади”, — бу фикрнинг аллақачон сийқаси чиққан. Лекин унинг оддий ечими ҳам бор. Ҳар бир айрим олинган воқеада бунақа жиноят жазо билан боғланади. — Илья жуда хотиржам ва дадил гапирди.
— Вой-бўй, мана қанақа сўзларни биламиз биз! — ҳайрон бўлди қўшни партада ўтирган барзанги валакисаланг. — Сен ўзи русмисан, чеченмисан?
— Чеченман, — деди Илья.
— Унда мен мотман, — иккала қўлини кўтарди валакисаланг.
— Бўлди қилинглар! — жеркиб берди ўқитувчи. — Нима фарқи бор: ким рус, ким чечен? Албатта, жиноят жазосиз қолмайди. Буни Достоевский ўзининг “Жиноят ва жазо” романида жуда зўр исботлаган…
Ильянинг пешонаси тиришди:
— Аксинча, Достоевский ҳеч нарсани исботламаган. Раскольников ўғирланганни тортиб олмоқчи эди. Агар Достоевский уни ўзига ўхшатиб восвос ва телба қилиб эмас, балки эс-ҳуши жойида ва совуққон, оғир-вазмин одам қилиб тасвирлаганда эди кампирни ўлдиришга ҳожат қолмасди.
— Ва тўғри қилган бўларди, — қўллаб-қувватлади болалардан бири.
Синфда кулги кўтарилди. Геля янги келган болага қизиқсиниб қаради.
— Достоевский яна кампирнинг синглисини ҳам жувонмарг қилади. Кейин эса уддабурро терговчини ўйлаб топади. Бунақаси эса бўлиши мумкин эмас. Терговчи — бу милиционер. Милиционернинг бунақа доно ва уддабурро бўлганини қаерда кўргансиз? Буларнинг ҳаммаси битта мақсадга қаратилган: бечораҳол ва касал талабани жиноятчи қилиб кўрсатиш… Достоевский аввало жавобни ўйлаб топган, кейин вазифани унга бўйсундирган.
— Менинг эса, умуман шу Достоевскийдан кўнглим айнийди, — дея қувватлади Ильяни ўқувчи қиз — кўринишидан аълочи бўлса керак.
— Аммо, тўхтанг Сергей, — деди табассум билан Геля. — Сиз ўзингизга ўзингиз қарши чиқяпсиз-ку! Бу ҳолда жиноят билан жазонинг қандай боғлиқ бўлиши ҳақида гапириш мумкин?
— Ижтимоий боғлиқлиги ҳақида.
— Масалан?
— Масалан, 1917 йил. Улуғ Октябрь инқилоби.
Геля бош ирғади:
— Тушундим. Сиз Россияда инқилоб бўлиш муқаррар эди, деб ҳисоблайсизми? Хўш…
— Инқилоб ўша минглаб катта мол-мулкларга боғлиқ бўлиб, жиноят айнан ўшалар негизида ётарди. Миқдор сифатга айланди. Минглаб алоҳида-алоҳида жиноятлар битта катта жазони вужудга келтиради.
Айни чоғда синф иккига, лекин ўқитувчининг ёнини олувчилар билан янги болани ёқловчиларга эмас, балки, баҳсни кузатувчилар билан Геляни кузатувчиларга бўлинган эди. Булар асосан қизлар эди. Улар Гелянинг қорнидан кўз узишмас ва жўшиб шивирлашарди.
Геля янги ўқувчи билан баҳсга шу қадар берилиб кетган эдики, ҳеч нарсани сезмасди ҳам.
— Яъни, сиз демоқчисизки… — Геля пешонасини тириштирди, янги боланинг фикрини илғашга уринарди.
— Мен демоқчиманки, Россияда янги инқилоб бўлиши муқаррар.
Ўқитувчи қаттиқ кулди:
— Қанақа инқилоб, Серёжа? Инқилоблар даври аллақачон ўтиб кетган. Кўчаларда бир юриб кўринг: Одамлар сайр қилиб юришибди, севишишяпти, театрларга боришяпти…
Илья илтифотли жилмайди:
— Инқилобий аскарлар ва денгизчилар қишки саройни эгаллашаётганда, операда Шаляпин қўшиқ айтаётганди.
— Жин урсин инқилобни ҳам! — хитоб қилди Геля. Асабийлашгани сезилиб турарди. — Инқилоб — бу қон тўкилиши, бу бегуноҳ қурбонлар…
— Инқилоб қурбонлари бегуноҳ бўлмайдилар… Бу айрим жиноятлар учун умумий жазодир.
— Хўп, майли, болалар-чи? — афтидан Гелянинг бардоши тугаб борарди. Хўш, болаларнинг гуноҳи нимада?
— Болалар оталари учун жавоб берадилар.
— Оналари учун ҳам! — қичқирди Анжела Дэвис, яна кулги кўтарилди. Ҳамма кулди, ўқитувчидан ташқари.
— Сизни ўша Чеченистонингизда жуда яхши ўқитишган экан-да, — ўйчан деди Геля ва эшикка йўналди.
— Бу — мустақил ўқиш, — деди Илья.
Геля эшикни очиб даҳлизга қаради. Нарса тўқиб ўтирган аёл кетиб бўлган эди. Ўқитувчи стол ёнига қайтиб келди ва янги болага диққат билан қаради. Унинг кўзларида очиқ истеҳзо бор эди.
— Сиз ҳали болалар кўзёши ҳақида ҳам гапирарсиз, — деди секин Илья.
— Гапираман! — асабий деди Геля. — Достоевский фақат буюк рус ёзувчисигина эмас. Пайғамбар ҳамдир! У Россияда юз миллион қурбонлар бўлишини айтганди. Унинг башорати тўғри чиқди!
Илья кулди ва ачиниш билан ўқитувчига қаради.
— Достоевский — буюк муғомбир эди. У ҳатто тутқаноқ касалини ўйлаб топганди — пайғамбарга ўхшаш учун-да! Маълумки, эпилепсия, яъни тутқаноқ ирсий касаллик бўлиб, наслдан-наслга ўтади. Уларнинг уруғида эса, олдин ҳам, кейин ҳам бундай касаллик билан ҳеч ким оғримаган. Унинг юз миллиони — оддийгина тўлиқ рақам, осмондан олинган, васваса, холос. Лекин статистика мавжуд. Сўнгги бир неча йил ичида мамлакатимизда умр кўриш ўн йилга қисқарди. Бу бир вақтнинг ўзида саксон миллион кишини отишга тенгдир. Бунга айни шу йиллар ичида гиёҳвандга айланган бангиларни ҳам қўшиш керак. Улар эртага “отиб ташланади”. Эҳтимол, сизнинг пайғамбарингиз ана шу юз миллионни назарда тутгандир. Болалар кўзёшига келсак, сизга тўрт миллион боқувчисиз болаларни эсдан чиқармасликни маслаҳат бераман…
Илья жойига ўтириб, тиржайганча ўқитувчининг кўзига қараб тураверди.
— Мен тушунмайман, — деди ўзини йўқотиб ўқитувчи.
Илья қўлларини ёйди:
— Россияда янги инқилоб бўлиш муқаррар.
Синф ларзага келди. У бутунлай Илья томонида эди.
— Ура! Инқилоб!
— Қишки саройни оламиз!
— Қишкини эмас, Кремлни! Ур-ра!
— Лекин сизлар совет ҳокимияти даврида яшаб кўрмагансизлар. Мен эса яшаганман. — Геля ўқувчиларни эс-ҳушли бўлишга чақиришга уринди, лекин улар қулоқ солишмади.
— Сиз яшадингиз, бизни яшашимизга қўйиб беринг!
— Жим бў-линг-лар!!! — бақирди Геля ва столга қўлини уч марта тақиллатиб урди.
Синф жим бўлиб қолди. Ўқувчилар ҳайрон бўлиб ўқитувчига қараб қолишди. Уни ҳеч бунақа ҳолатда кўришмаганди. Ва бирдан фаришта чеҳрали, болаларча тиниқ кўзли бир қиз ўрнидан туриб, баланд тоза овозда сўради:
— Ангелина Георгиевна, бўйингизда бўп қолдими?
Геля тушунмади. Ўқувчилар эса ҳаммасини тушунишди.
— Ҳомиладор, ҳомиладор, ҳомиладор… — дер эди улар, ўқитувчининг қорнидан кўз узмай, кулишарди, қаҳ-қаҳ уришарди — ошкора, таҳқиромуз.
— Зоти пастлар! Тентаклар! Бадбахтлар! — жазавага тушиб бақирди Геля ва синфдан қочиб чиқди.
Шу воқеадан кейин Геля мактабга бошқа келмади, ўзининг “царское село”сидан чиқмай яшади. Қизиғи шундаки, ўқувчилар бундан сира афсусланишмади ва ўзларининг севимли муаллимларини қарийб эсламадилар ҳам.

Йигирманчи боб

ДОН БЎЙИДА

Улар учрашув жойини шаҳар ташқарисида, Дон дарёси соҳилидаги ташландиқ пионер оромгоҳида белгилашди. Дарёдан енгил шабада эсарди.
Анжела Дэвис квадрат шаклидаги тахта супача устида қорни билан чўзилиб ётганча, оёқларини ҳавода ликиллатиб “Пўлат қандай тобланди”ни ўқирди. У чўмилиш кийимида бўлиб, ўзини офтобда тоблаётган қилиб кўрсатарди.
Ким пастда, квадрат ёни бўйлаб наридан-бери юриб, ўзича нимадир деб бидирлар, қўлидаги рисола китобча билан бошига “пақ-пақ” тушириб қўярди.
Илья сал нарироқда эди. У теннис тўпини чилвир билан акация дарахти шохига боғлаб қўйганича, коптокчага мушт туширар, у қайтиб келаётганда юзини олиб қочар, гоҳ ўнгга, гоҳ чапга энгашиб зарбага чап берар, айни пайтда кўзини юммаслик ва ҳатто киприк қоқмасликка ҳаракат қиларди.
Дон ортига чўкаётган офтоб катталашиб борарди. Бирдан дарёнинг у томонида нимадир гумбурлаб портлади. Сесканиб тушган Илья коптокчани ўтказиб юборди ва у пешонасига келиб урилди.
— Жин урсин, — деди алам билан Илья ва кулги эшитди.
Кулаётган Ким эди. У Ильяга қараб кулар, кулгиси беғараз эди. Анжела Дэвис китобдан бошини кўтариб, елкаси оша ҳайратланиб қараб турарди.
— Қўрқдингми? — сўради Ким. — Бу браконьерлар, балиқ овлашяпти. Динамит портлатиб, балиқни гаранглатиб овлашади. Бултур мен ҳам ўғринча овчилик қилганман. Ойимга икки йил ойлик тўлашмади, ҳамма нарсамизни сотдик, қуруқ макарон еб кун кўрардик. Синглим макаронни емасди, у раққоса бўлишни орзу қиларди. Шунда мен ҳам ўғринча балиқ овлаш билан шуғулландим. Ўзимиз балиқ ейдиган, яна сотадиган ҳам бўлдик. Синглим эса шунақаям рақс тушадиган бўлдики… Балиқ жуда фойдали!
— Портлатгични қаердан олардинг? — сўради Илья қовоғини уйиб.
— Э-э, динамитними! Бизнинг бозорда атом бомбасини ҳам сотиб олиш мумкин-ку!
Ильяни атом бомбаси қизиқтирмасди.
— Ёдладингми? — сўради қатъий.
Ким бош ирғади.
— Жавоб бер, — деди Илья.
— Бу… — деди кўзини юмганича дудуқланиб корейс. — Биринчи зарба: 1944 йил январда…
— Қаттиқроқ гапир! — талаб қилди Илья.
— Биринчи зарба. 1944 йил январида. Ленинград остонасида, — деди баланд овозда Ким ва яна бўшашиб, эшитилар-эшитилмас давом этди: — Иккинчи — Ўнг соҳил Украинанинг озод қилиниши. Учинчи зарба… Бу… ҳалиги… Нимайди… — Ким гангиб, тутилиб қолди.
— Учинчи сталинча зарба. Қирқ тўртинчи йилнинг апрель — май ойлари. Қримнинг озод қилиниши. 4-Украина фронти. Армия генерали Толбухин, — кесиб-кесиб гапирди Илья ва Кимга тикилди: — Тўртинчи?
— Тўртинчи… — такрорлади сафдоши.
Кескин вазият вужудга келди. Худди шу пайт Анжела Дэвис кулиб юборди, аввалига секин кулди, кейин қаҳқаҳа уриб кулди. У ҳатто ағдарилиб, чалқанча ётиб олди ва оёқларини силкита бошлади, шу қадар кулгили эди-да. Қизга боқиб Ким кафтига туфлади-да, Ильяга гуноҳкорона қараб қўйди. Илья аввалига қовоғини уйди, кейин тиржайди.
Анжела Дэвис оёқларини осилтириб ўтириб олди-да, тушунтира кетди:
— Кулгили. Павка қандай қилиб попнинг хамирига латта-путта қўшгани…
Ким ҳиҳилади. Илья бўлса қулоқларига ишонмади.
— Павка қандай қилиб попнинг хамирига латта-путта қўшгани? Ахир бу… иккинчи бетда-ку… — деди жаҳли чиқиб Илья, қизнинг ёнига келди. — Сен… сен тугаллаяпман, дегандинг-ку…
У қизнинг қўлидан қизил китобни тортиб олди.
— Ҳа, тугаллаётган эдим! Мен биринчи бетни тугаллаётган эдим! — деди баланд овозда эътироз билдириб Анжела Дэвис ва хафа бўлиб, орқасига ўгирилиб олди.
— Жи-ин… Жин урсин сизларни, — деди саросимага тушиб Илья, нигоҳини қиздан олиб корейсга қараркан. — Сен ўнта сталинча зарбани ёдлай олмасанг… Сен бўлсанг… Сен “Пўлат қандай тобланди”ни ўқий олмасанг. Бунақада ҳеч қачон коммунист бўлолмайсизлар! — бақирди у.
Сафдошлар гуноҳкорона бош эгишди. Илья Николай Островскийнинг китобини боши узра баланд кўтариб, хитоб қилди:
— Бу, ахир, буюк китоб, тушунасизларми?!
Ким “тушунаман” дегандай бош ирғади.
— Тушунмайман, — самимий ва сурбетларча тан олди Анжела Дэвис. — Нимаси буюк унинг?
— Ҳаммаси! Тушунасанми, ҳаммаси! — бақирди Илья. — Ҳар бир саҳифа, ҳар бир сатр, ҳар бир сўз! Мана, сен кулаяпсан: Павка попнинг хамирига латта қўшди деб, шундайми?
— Шундай.
— Қанақа хамирга?
Анжела Дэвис елкасини қисди.
— Пасха хамирига! Хўш, пасха хамири нималигини биласанми, ўзи?
Анжела Дэвис билмасди. Ким эса биларди.
— Бу-чи, Пасха байрамига кулич1 пишириш учун тайёрланадиган хамир дегани. Ойим пасха байрамига ҳамиша кулич пиширади. Хамирни ширин қилиб тайёрлашади, — ҳаяжон билан жавоб берди Ким.
— Бундай хамир нимани англатади, биласизларми? — фахр билан давом этди Илья. — Исонинг танаси — мана нима! Бу худонинг танаси демак! Павка худога латтани қўшиб юборган! Шунинг учун ҳам поп роса ғазабланади, шу боис Павкани мактабдан ҳайдаб юборишади… Энди эса, бир ўйлаб кўринглар-а, “Пўлат қандай тобланди” нега ана шу воқеадан бошланади? Чунки, коммунист биринчи галда худони рад этиши лозим. Бу — биринчи. Энг муҳими — шу. Шундан кейин бошқалари.
— Нима бошқалари? — ўжарлик билан сўради Анжела Дэвис.
— Масалан, севги. Инқилобни деб у севгидан ҳам воз кечади. Тоня Тумановани эсланг… Туф, жин урсин, сен бу ёғини ўқимагансан-ку! Дарвоқе, Худога ишонасизларми ўзи?
Анжела Дэвис жунжикиб гапира бошлади:
— Бир куни бувим менга шундай деди: “Агар черковга борадиган бўлсанг, бўйнингни узаман”. Ўшанда мен шартта ўрнимдан турдим-да, йўлга тушдим. Қаршимдан Ирка Мухина чиқиб қолди. “Қаёққа кетаяпсан?” — “Черковга” дедим. “Борма” деди. Мен бир сафар имтиҳонлар олдидан боргандим. Ёрдам берар деб ўйловдим. Лекин мени поп уйига таклиф қилди. “Видео” кўрамиз, дейди. Мен эса шартта орқамга бурилиб жўнавордим…
— Сен-чи? — сўради Илья Кимдан.
У чайналди ва ҳижолат бўлиб тан олди.
— Ойим билан синглим черковга қатнашади.
— Ўзинг-чи? — туриб олди Илья.
— Нима, мен аҳмоқманми? — хафа бўлди Ким.
— Демак, худога ишонмайсизлар, — якун ясади Илья ва кутилмаган хулоса чиқарди. — Бу — ёмон. Агар ишонганларингда яхши бўларди. Кейин эса… Павкага ўхшаб… у аввал Тангри таолога тоат-ибодат қилиб, сўнгра попнинг хамирига латта қўшиб коммунист бўлган эди… Хуф… “Биб… “Библия”да шундай ёзилган: “Бошингиздаги сочингиз санаб қўйилган”. Буни ўқигач, мен тўғри сартарошга бордим, сочимни бутунлай олдириб ташладим! Ҳо, у сочлари ҳам санаб қўярмиш! Хўш, миллион-миллион одамларни газ ўчоқларига ҳайдаб, куйдириб кул қилганларида у нима қилган эди? Соч санаганмиди? Ёки одамларнинг қандай жизғанак бўлишини томоша қилганмиди? — Илья гапирар экан, ҳаяжонланар, ранги оқариб кетганди. Сафдошлар унга ҳайратланиб, бир оз қўрқиб қараб туришарди. Илья буни сезиб, кулимсиради: — Бизнинг худомиз — Инқилоб. Инқилоб жазолаш учун келади. Биз ғалаба қозонгач, биринчи декретимиз билан бу сўзни тақиқлаймиз.
— Қайси сўзни? — тушунмади Ким.
— “Худо” деган сўзни.
— Унда бу сўзни деворларга ёзишади, — деди Анжела Дэвис.
Илья қувноқ, яйраб кулди:
— Ура! Уни деворларга ёзишади! Ҳақорат сўздай! Бу бизнинг тўла ғалабамиз бўлади! Тўрт ҳарфдан иборат сўз, маъноси эса ҳеч ўзгармайди! Ҳаммаси жуда оддий — худо йўқ! Худо йў-ўқ! — Осмонга қараб бақирарди у.
— Худо йўқ! — уни қўллаб-қувватлади Анжела Дэвис.
— Худо йўқ! — рози бўлди Ким.
— Худо йўқ! Худо йўқ! Худо йўқ! — бўкирарди улар бошларини орқага ташлаганча, қўлларини кўкка ўқталиб. Анжела Дэвис бўлса ҳатто байроқ қадаладиган узун темир ходага маймунга ўхшаб тармашиб чиқишга ҳам уриниб кўрди.
— Ху-до йў-ўқ! — дея жўр бўларди улар.
— Йўқ-йўқ-йўқ… — дея акс-садо берарди уларнинг овози собиқ кашшофлар оромгоҳи устида, дарё узра…
Ёшларнинг бу қилиқлари уларни шу қадар қувонтирган, тўлқинлантирган эдики, зўрға ўзларини босиб олдилар. Сал ўзларига келгач, тахта супачада оёқларини осилтириб ўтириб қуёшни кузата бошладилар. Офтоб эса Дон ортига ботишдан воз кечиб, тўғри дарёнинг ўзига чўка бошлади ва сувни қизартириб юборди.

Йигирма биринчи боб

ПРИДОНСКДА ШОВ-ШУВ БЎЛАДИ

Ота ишшайганча қўлини чўзиб таклиф қилди:
— Хўп, тинчлик, меҳнат, май?
Ўғил сал пайсалга солиб, ниҳоят кафтини чўзди.
— Аллақачон шундай бўлиши керак эди, — дея шарҳлади ярашиш жараёнини она.
Воқеа “Октябрь” кинотеатрининг томоша залида, кино бошланиш олдидан бўлиб ўтди. Ярашиб олишгач, Печенкинлар оиласи охирги қатордан жой олди. Қониқиш ҳосил қилган Владимир Иванович ўртада, кўнгли тинчиган Галина Васильевна ўнгда, ўз ҳис-туйғусини сира ифодаламаётган Илья чап томонда ўтирарди. Залда чироқ ўчди, ҳинд мусиқаси янгради — фильм “Дайди” деб аталарди. Печенкин ҳовлиқиб қўлларини бир-бирига ишқади, тахта ўриндиқда бир қимирлаб қўйди, бошини қимирлатди.
— Сен ҳали кўрмаганмисан? — сўради ўғлидан.
— Эшитганман , — деди Илья тўнғиллаб, кейин ўйлади-да, қўшиб қўйди: — юз мартача…
Печенкин кўрсаткич бармоғини кўтардида насиҳатомуз таъкидлади:
— Юз марта эшитгандан кўра, бир бор кўрган афзал.
— Баъзан отамиз жиддий гапларни айтади, — киноя билан изоҳлади Галина Васильевна.
Кино воқеалари қизигандан қизиб борарди. Афтидан, Илья ҳам қизиқиб қолганга ўхшарди. Владимир Иванович унга кўз қирини ташлади-да, эҳтиётлик билан ўз кафтини хотинининг тиззасига қўйди.
Галина Васильевна хўрсиниб қўйди, бир оздан сўнг эрига шундай бир оҳангда, ҳам юмшоқ, ҳам қатъиятли тарзда мурожаат қилдики, бундай мурожаат ҳар қандай бўлмайдиган ишни ҳам бўлдириши турган гап эди:
— Володя…
Печенкин бу оҳангни яхши биларди, қовоғини уйди-да, хотинини тўхтатишга шошилди.
— Янами? Мен сенга айтганман — Нилични хафа қилдириб қўймайман!
Фильмнинг овози хириллади. Ноил уни сал баландлатиб қўйди. Энди бор овоз билан гапирса ҳам бўлаверарди.
— Нилич, — дея давом этди Печенкин, худди шу пайт ички эшик очилиб, зал зимистонига ташқаридан ёпирилган сариқ нур билан бирга Седой кириб келди.
— О, Нилич! — ғайритабиий қувонди Печенкин. — Бизнинг ёнимизга келақол!
Седой то кўзи зулматга ўргангунча тўхтаб турди-да, сўнг энгашиб Печенкинлар томон юрди.
— Чипта олдингми? — ҳазиллашди Владимир Иванович.
— Мен мавсумга олганман, — деди Седой ўша оҳангда ва Ильянинг ёнига ўтирди.
— Салом, Илья Владимирович, — шивирлади баланд овозда Седой. Лекин Илья алик олмади.
— Володя… — яна бояги юмшоқ оҳангда давом этди Галина Васильевна. Печенкин буни кутмаган эди, у Седой томонга бир қараб олди-да, хотинининг нигоҳини учратиб, жуда муҳим хабарни айтди:
— Мизери келаяпти!
— Ким? Нима? — тушунмади Галина Васильевна.
— Мизери бизнинг Придонскка келаётир! — такрорлади Печенкин дона-дона қилиб.
— Мизери? — ўйлаб қолди Галина Васильевна.
— Мизери! — завқ билан такрорлади Владимир Иванович. — Придонскда роса шов-шув бўлади-да! У қаерга борса шовқин кўтарилади! Ёки инқироз бўлади… Ҳа, айтмоқчи, у Индонезияни ташлаб кетди. Буни ҳамма билади, лекин ҳеч ким гапирмайди.
— Бизларга нима учун келяпти? — қизиқди Галина Васильевна.
— Нимага, нима учун? Балиқ шўрва ичгани! — деди қони қайнаб Печенкин.
— Ростданми? — ишонди Галина Васильевна.
Владимир Иванович ранжиганидан алам билан бир кафтини ўз тиззасига, иккинчи кафтини хотинининг тиззасига урди.
— Жозеф Мизери? — ҳайратланди Галина Васильевна. У америкалик бу миллиардерни, молия магнати ва филантропни яхши биларди, албатта. Лекин ўз режалари ташвишида бўлиб, дарров эслай олмади.
— Жозеф Мизери? — такрорлади Печенкин хотинининг ғашига тегиб. — Эсладингми, ниҳоят… Сен ҳам менинг архаровчиларимга ўхшайсан. Яхшиси, дейишади улар, тинч, заводда кутиб оламиз, бир балиқ шўрвага тўйдирамиз… Французни сал қолди ўлдиришларига, қизиталоқлар.
Галина Васильевна пешанасини тириштирди:
— Володя, сўкинма…
— Мен сўкинаётганим йўқ, — давом этди қизишиб Печенкин.
— Қаерда? — сўради тўсатдан Галина Васильевна.
— Нима — қаерда? — тушунмади Владимир Иванович.
— Уни қаерда кутиб оласизлар?
— “Париж сирлари”да.
— Нима, сен уни очганмисан?
Печенкин диққат билан хотинига қаради:
— Нима бало, Галя? Уни очганимга бир йил бўлди-ку!
Галина Васильевна гуноҳкорона жилмайди:
— Кечирасан мени, “Араб оқшомлари” билан чалкаштириб юборибман.
“Париж сирлари” билан “Араб оқшомлари” Придонскдаги энг яхши ресторанлар бўлиб, табиийки, ҳар иккаласи ҳам Печенкинга тегишли эди.
— Ҳа! — кулди Владимир Иванович, — Мизерини мен “Араб оқшомлари”да кутиб оламан. Эҳ, Галя, балосан!
Галина Васильевна чуқур хўрсинди ва яна ўша майин, эритгувчи товушда гапира бошлади.
— Володя…
— Қарагин, қарагин! —унинг сўзини бўлди Печенкин бармоғи билан экранни кўрсатиб. — Лекин сен ўз хотининг номуси ойнасини чегалай олмайсан, аҳмоқ!
— Лекин сен ўз хотининг номуси ойнасини чегалай олмайсан, аҳмоқ! — такрорлади Печенкин сўзларини ҳинд экрандан туриб.
Владимир Иванович ҳузур билан кулди.
Печенкиннинг бундай хитоби ва кулгиси фақат Галина Васильевнанигина эмас, Седойни ҳам тўхтатди. Ўтирган жойида ноқулай бурилиб, у Ильяга гапираётган эди:
— Авваллари, албатта, ор-номус кўпроқ бўларди. Партия билети шунга мажбур қиларди. Уни, партбилетни нақадар қадрлашганини тасаввур ҳам қилолмайсан… Бизнинг бошқармамизда биттасининг кучуги партбилетини еб қўйган эди. У бўлса олдин кучугини, кейин ўзини… Ҳозир бўлса… Партия билети йўқ, номус ҳам йўқ…
Шу ерда Седой тўхташга мажбур бўлди, чунки Владимир Иванович ўз хотинининг номуси ойнасини чегалаш ҳақида гапираётган эди. Экрандаги ҳинд бўлса тўтига ўхшаб унинг гапини такрорлади. Печенкин қувноқ ва шумлик билан Седойга кўзини қисиб қўйди. Кейин аёлига бурилди-да, кафтини унинг қулоғига қўйиб, қувлик билан нимадир деди.
Седой чўзиб нафас олди, Ильяга кўз қирини ташлади ва ўз нутқини давом эттирди:
— Албатта, олдинлари доллар дегани нималигини биз билмасдик. Мен уни қўлим билан ушлаб кўрганим йўқ. Мен, албатта, ҳозир ўша пайтдагига нисбатан анча бойман… Э, бу бойлик нима деган гап! Муҳими, ишонч бор эди! Эртанги кунга ишонч — ҳар қандай пулдан аълодир.
Илья экрандан кўзини олди ва Седойга илк бора қараб, сўради:
— Хўш, ичбуруқ-чи?
— Ичбуруқ — нима ичбуруқ? Бунинг учун дори-дармон бор. — Седой самимий ва жиддий гапирарди.
Печенкин қўлини тушириб, савол назари билан хотинига қаради. Галина Васильевна ҳам унга савол назари билан разм солди. У эрининг ўз қулоғига шивирлаганидан ҳеч нарса тушунмади.
— Мизери ҳам “Уч лаққа”да ўрганган! — деди баланд овоз билан Печенкин. Гапларини Илья эшитаяптими, йўқми, парво ҳам қилмасди. Галина Васильевна ҳамон унга савол назари билан қараб турарди — бугун негадир ҳеч нарса тушунмасди.
Илья, эҳтимол, отасининг гапини эшитмасди, чунки Седойни тинглаётган эди. Седой эса ўйга толди-да, ўтган ҳаёт фойдасига яна бир мисол келтирди.
— Аввалги космонавтлар — ҳақиқий фазогирларга ўхшарди. Гагарин! Титов! Терешкова! Ҳозир эса… э, нимасини айтасан…
Кейинги бир неча дақиқа давомида тўртталаси ҳам экрандан кўз узмай ўтиришарди. Ё фильмга берилиб кетишди, ёки бемаъни суҳбат жонларига теккан эди.
Галина Васильевна хўрсиниб, яна ўша ҳаяжонли гапини бошлади:
— Володя, сен меросни расмийлаштиришинг лозим.
— Менинг ҳали-бери ўлгим йўқ, — деди Печенкин.
— Ҳеч ким ўлмоқчи эмас.
— Ҳеч ким ўлмайди ҳам.
— Ўлим ҳақ. Ҳамма ўлади.
Печенкин жим эди. Галина Васильевна сабр билан кутарди. Лекин у жавоб бериш ўрнига чўнтагидан писта олди-да, чақа бошлади.
— Сенинг биттагина ўғлинг бор, энди бошқа бўлмайди.
Бу жуда ишончли далил эди.
— Москва — учинчи Рим, нима, тўртинчиси бўлмайдими? — Бу муносиб жавоб эди. Владимир Иванович мағрурона кулди.
— Ростини айт, ўғлим, мени нега ёмон кўрасан? — Седой Ильяга тикилганча жавоб кутарди.
— Чунки сиз сотқинсиз, — деди Илья.
— Секинроқ, ўртоқлар! Кинони кўришга ҳалақит бераяпсизлар, — атайлаб уларнинг гапини бўлди Печенкин ва экранга тикилди. У бошқа ҳеч нарсани кўришни ҳам, эшитишни ҳам, билишни ҳам истамасди.

Йигирма иккинчи боб

МЕН СТАЛИННИ ТОБУТДА КЎРГАНМАН

Придонск шаҳар ахлатхонаси Россия жанубидаги энг йирик чиқиндилар уюмидан бири эди. У жуда машҳур, ҳатто “Время” дастурида ҳам кўрсатишган эди. Бир куни тунд тонг ғира-ширасида Илья ўз тўдаси билан шу ахлатхонага етиб келди. Эски, совун қутисини эслатувчи, сариқ рангли, биринчи моделдаги “Запорожец” паст-баланд йўллардан инқиллаб-синқиллаб зўрға етиб келди. Рулда Ким ўтирарди. У “Запорожец”ни бозорда Илья берган юз долларга сотиб олганди. Унинг ёнида ўтирган Илья кўримсиз теварак-атрофни диққат билан кузатиб борарди. Анжела Дэвис орқада ўтирганча, корейс сабзиси тўла челакни оёқлари орасига қистириб олганди.
— Шу ерда, — деди буйруқ оҳангида Илья, гўё умри бўйи “Запорожец”да ахлатхоналарга қатнаб юрган одамдек.
Ким бирдан тормозни босди, Анжела Дэвис олдинга қалқиб кетди, челакни зўрға ушлаб қолди, сўкинди.
— Сўкинма, — талаб қилди Илья. Шошилмай, бамайлихотир машинадан тушди ва елкаларини тўғрилади. Унинг кўриниши жиддий, эътиборли ва ҳатто аҳамиятли эди. — Ёшлар ва қашшоқларни ташвиқот қилиш лозим, — деди у машина атрофида айланаркан ўртоқларига насиҳат қилиб, — кексалар тез орада ўлиб кетишади, улар билан овора бўлишга вақтимиз йўқ. Бойларни эса тарғиб қилиш керакмас, улар сотиб олинади ёки қўрқитилади. Бойларнинг ҳаммаси хасис ва қўрқоқ. Қанча бадавлат бўлса, шунча қўрқоқ ва қизғанчиқ бўлади улар. Қарилар ўлишдан қўрққандай, улар ҳам камбағаллашиб қолишдан ўлгудай қўрқишади. Болалар ўлимдан қўрқмайди, камбағаллар қашшоқлашиб қолишдан қўрқишмайди. Улар коммунистларнинг янги жамиятида бизлар билан бирга бўлишади.
Шундай деди-да, Илья “Запорожец”нинг олд қопқоғи устига, кейин машинанинг томига чиқиб олди. Ким афтини буриштирди, лекин норозилик билдира олмади. Машинанинг тунука томи ғижирлаб, эгилди. Анжела Дэвис Ким билан ёнма-ён турар ва ўз доҳийсига ҳавас билан қарарди. Илья гавдасини сал олға ташлади, мушт қилиб қисилган қўлини олдинга чўзди-да, бор овоз билан ҳайқирди:
— Яшасин Коммунизм!!!
Корейс билан мулат қиз жунжикиб, бир-бирига қараб олишди. Илья бўлса уларга эътибор ҳам бермасдан ахлатхона ташвиқотини давом эттирди:
— Яшасин меҳнаткашларнинг абадий барҳаёт таълимоти — марксизм-ленинизм!. Яшасин барча йўқсиллар доҳийси ўртоқ Ленин!
Ҳижолат тортганидан Ким бошини елкалари орасига тортди, қисиқ кўзлари баттар қисилиб кетди. Анжела Дэвиснинг кўзлари эса, аксинча, янада кенгайиб кетди, оғзи очилиб қолди. У ўгирилиб корейсга қаради-да, сакраб қичқирди.
— Яшасин ўртоқ Ким Ир Сен!
— Мени айтаяпсанми? — ҳайрон бўлиб сўради Ким.
— Сен, албатта, бошқа ким бўларди! — шўх жавоб берди қиз.
— Яшасин Анжела Дэвис! — жавобан қичқирди Ким.
Илья тепадан норози бўлиб қараб қўйди, лекин ташвиқотини давом эттирди:
— Яшасин инқилобий бирдамлик! Яшасин барча халқларнинг отаси — ўртоқ Сталин!
Ва бирдан учаласи орқадан хириллаган вайсақи овозни эшитишди:
— Мен ўша сизнинг Сталинни тобутда кўрганман.
Ташвиқотчилар чўчиб тушишди, бир зум қотиб туришди, кейин ўгирилишди. Улардан бир неча қадам орқароқда, одам башарали кимса турарди. Унинг юзи калтакдан шишиб кетган, кичик-кичик сурбет кўзлари билан ўқрайиб турарди.
Илья бир амаллаб ўзини босди ва хайрхоҳлик билан жилмайди.
— Мен ўша сизнинг Сталинни тобутда кўрганман, — деди ўжарлик билан такроран нотаниш кимса.
Унга ҳайратланиб қараб туришар экан, ташвиқотчилар шунга ўхшаган ўша ифлос, сассиқ ҳид анқиб турган кишилар уларни ўраб олишганини сезмай қолишди. Қаёқдан пайдо бўлишди — тушуниш қийин. Наҳотки тутаб ётган чиқиндилар уюми — ахлатлар орасидан униб чиқишган бўлса… Юракни эзувчи сукунатда машинанинг тунукаси тарақлаб қолди. “Запорожец” устида турган Илья оғирлигини бир оёқдан иккинчисига олган эди.
— Сизлар оталиқ ёрдами сифатида келдингларми ёки?.. — қизиқиб сўради девдай бомж1 аёл. У эгнига қоракўл ёқали қишки пальто кийган, фил касалига чалиниб шишиб кетган оёғига салафан ўраб олганди.
— Балки булар ментлардир? — тахминини айтди бошқаси. Унинг аввал жиноятчи бўлгани шундоқ кўриниб турарди.
— Ментлар бунақа бўлишмайди, — деди унинг ёнидаги кимса Ким билан Анжела Дэвисга ишора қилиб.
— Булар “Нажот армияси”дан келган америкаликлар бўлса керак. Улар бултур ҳам келишганди, — ўқитувчига ўхшаб гапирди кўзлари чақчайган озғин аёл.
— Америкаликлар “Запорожец”да юришмайди. Уларда “Форд” бўлади, — изоҳ берди қўлтиқтаёқли чол.
— Ана овқат, челакда обкелишибди, ҳозир тарқатишади.
— У овқатмас, газак! — деди иккинчи қаторда турган қувноқ бомж ва “қаҳ-қаҳ” уриб кулди.
— Мен ўша сизнинг Сталинни тобутда кўрганман, — ўжарлик билан такрорлади биринчи бўлиб келган бомж ва Ильянинг бу ерга нима мақсадда келганини эслатди.
— Ўртоқлар! — тилга кирди Илья. — Бизлар янги коммунистлармиз. Бу ерга, сизнинг олдингизга ҳамма нарсани ўз жойига қўйиш учун келдик. Бу нима дегани? Бу дегани шуки, сизларни талаган, хонавайрон қилган одамлар сизларнинг аҳволингизга тушишлари керак. Сизлар эса уларнинг озиқ-овқат ва кийим-кечак тўла уйларига кўчиб ўтишларингиз лозим!
Бомжлар диққат билан тинглашарди.
— Шундай бўлади. Сизга ваъда бераман. Лекин ҳозир сизлардан бир нарсани сўрамоқчиман, — давом этди Илья. Унинг овози дадиллашиб борарди. — Мен сизлардан сўрамоқчиман: сизлар коммунизмга ишонасизларми?
— Ер ютсин ўша ком… — тўнғиллади биринчи бомж, лекин гапи чала қолди. Чунки ёнида турган фил-аёл уни тирсаги билан туртди. Сталинни ер юткизган бомж “вой” деди-да, туртки еган биқинини силай бошлади.
— Сизлар коммунизмга ишонасизларми? — жуда жиддий такрорлади Илья ўз саволини.
Янглишишдан қўрққан бомжлар жавоб беришга шошилишмасди.
— Ишонамиз, — деди ниҳоят кимдир тортиниб паст овоз билан. Қолганлар уни баравар қўллаб-қувватлашди.
— Ишонамиз, нега ишонмайлик!
— Мен, масалан, аввал ишонмасдим, энди ишонаман!
— Албатта ишонамиз!
— Биз ҳамма нарсага ишонамиз!
Афтидан, Илья бошқа нарсани кутмаган ҳам эди.
— Коммунизм — бу кимдир ўйлаб топган ёки бекорчиликдан хоҳлаган нарса эмас, — давом этди у. — Коммунизм — бу ғоя, ҳали ёш, унга энди юз эллик йил бўлди. Ғоялар ҳавода учиб юради, дейишади. Коммунизм ғояси шу ер устида айланиб юрибди. Ўтмиш сизга тегишли бўлганидек, келажак ҳам сизникидир. Мен сизлардан сўрамоқчиман: ўтган ҳаётингизда ким бўлган эдингизлар?— Илья бармоғи билан фил-аёлни кўрсатди: — Сиз ким эдингиз?
Аёл бутун оғирлигини бир оёғидан иккинчисига олди, қовоғини уйиб жавоб берди:
— Мен сотувчи эдим. “Маданий моллар”да магазин мудири бўлганман.
— Сиз совет савдоси ходими бўлгансиз, — дея изоҳлади Илья жавобни ва бошқа бомжни кўрсатди.
— Армияда прапоршик эдим, — деди у.
— Сиз Ватанни ҳимоя қилгансиз! Сиз ким эдингиз?
— Мактабда ишлардим.
— Сиз болаларни ўқитгансиз! Сиз ким эдингиз?
— Қозонхонада…
— Сиз одамларга иссиқ бергансиз. Сизчи?
— Шахтёр.
— Сиз мамлакат учун кўмир қазигансиз! Сиз ким эдингиз?
— Космонавт, фазогир.
— Сиз фазони забт этибсиз! — ҳаяжон билан хитоб қилди Илья ва ёмонликни ҳис этиб тутилиб қолди. Иккинчи қатордан паст бўйли қоқсуяк бомж ёвузона қараб турарди. Унинг сийрак сочлари типратикан игналарини эслатарди, корейс сабзисини газак деган худди ўша эди.
Илья довдираб қолди.
— Алконавт эди у, космонавт эмас. Алкаш эди, алкашлигича қолади! — деди кимдир ва бомжлар кулиб юборишди. Улар хириллаб, бесўнақай, ёш ва касал болалардай кулишарди. Ўзини космонавт деган хафа бўлмади ҳам. Ильяга тиржайиб, заҳархандалик билан қараб турарди.
Бомжлар тўйиб-тўйиб кулишди, лекин Илья жим тураверди.
— Сен бизларга яна коммунизм тўғрисида гапир, болам, гапиравер, — эркалаб далда берди қўлтиқтаёқли бобой. Лекин Сталинни тобутда кўрган яна орага суқилди.
— Кўрдим!!! — аламзада ингранди у. — Ўшанда мен Москвада ҳарбий хизматда эдим. Уни дафн этишаётганда одамлардан тўсиб турардим. Тобути ҳамманикига ўхшаган тобут эди. Фақат устидаги қопқоғи тиниқ эди — худди самолётдаги сингари. Фонарь! Ҳа, чироқ бор эди унинг тобутида. Сталиннинг чироғи бор эди! Плексиглас чироқ! Мен уни ўшанда кўрганман. Кўрдим! Кўрдим! Кўрдим! — Бомж ўзини бирдан орқасига ташлади ва ётиб олиб ерни муштлай бошлади. У гапларига ишонишмагандан алам қилиб, ерга мушт урар, тепинар ва калла қўярди.

Йигирма учинчи боб

ПРИДОНСКДА ШОВ-ШУВ

Владимир Иванович уланган микрофонга тирноғи билан чертиб кўрди, ҳамма жилмайиб қўйди. Печенкин фрак кийиб, капалакнусха бўйинбоғ тақиб олган эди. Залдаги барча эркаклар, чет элликлар ҳам, шу ерликлар ҳам худди шунақа кийимда эдилар. Бизникилар ажнабийлардан деярли фарқ қилишмасди. Улар орасида фақат икки киши ажралиб турарди: Илья ва мистер Мизери — улар бошқалардан алоҳида туриб бемалол гаплашардилар. Илья Швейцариядан келгандаги кийимида эди: кўкрак чўнтагида тилла туғро бўлган қизил камзул, калта ва тор шим, масхарабозлар ботинкаси кийиб олганди.
— Ҳазил, — дея изоҳлади ўз ҳаракатини Печенкин ва бизникилар кулиб юборишди, ажнабийлар жилмайиб қўйишди.
Илья билан мистер Мизери қувноқ бош ирғашди ва жим қолишди. Океан ортидан келган бой меҳмон “Париж сирлари”нинг ҳашаматига қизиқиш билан кўз югуртирди-да, бошини эгиб, ялтироқ тилла гардишли думалоқ кўзойнаги остидан катта Печенкинга тикилди. Умуман, бу мистер Мизери жуда кулгили: паст бўйли, йўғон гавдали, думалоқ юзли ва ёноқлари қизил, узун малла сочи сийрак тортган киши эди. Эркаклар орасида фақат угина фрак киймаган, яшил пиджакда, рангининг тайини йўқ ғижимланган шим ва юмшоқ мокасинда эди. Капалакнусха қизил бўйинбоғини ҳам чўнтагида олиб келиб, машинадан тушгач, тақиб олганди.
— Хонимлар ва жаноблар, — деди Печенкин кўзларида табассум билан.
Унинг сўзларини москвалик таржимон инглиз тилига ўгириб турарди. Умуман мистер Мизерига эргашиб анчагина москваликлар келишганди.
— Ҳурматли меҳмонимизга нимани кўрсатиб, нимани кўрсатмаслик ҳақида гап кетганда, мен: “Келинглар, яхшиси, ҳеч нарсани яширмайлик, қандай бўлса, шундайлигича кўрсатайлик” дедим. Шундай деб Печенкин нигоҳини рестораннинг ички кўринишига югуртирди. Муҳташам зал оқ ва тилла рангга бўялган эди.
Биринчи бўлиб ҳазилни мистер Мизери тўғри баҳолади — у русча гапирадиганлардан олдин кулиб юборди.
Владимир Иванович давом этди:
— Бизнинг Придонскда биринчи америкаликлар пайдо бўлганда, биз уларга самовий келгиндиларга қарагандек қарардик. Пул беришади деб умид қилардик. Ўшанда бизга пул ҳеч ҳам етмасди. Буни қарангки, улар марсликлар эмас, балки одамларга ўхшар эканлар. Албатта, бизга пул беришмади, лекин ажойиб бир фенечка совға қилишди. Мен кейин эслатиб қўйдим уларга: мендан пул сўраб келишганида: “Одамга битта балиқ бериш мумкин, унга ҳар куни биттадан балиқ ҳам бериб туриш мумкин. У очидан ўлмайди, лекин уни балиқ овлашга ўргатиш ҳам мумкин, шунда у одамга ўхшаб яшай бошлайди”. Тўғри, америкаликлар бизни балиқ овлашга ўргатишди деб айта олмайман. Ахир, биз бу ерда Дон бўйида яшаяпмиз, болаликдан балиқчимиз. Балиқ овлаяпмиз ва овлаймиз. — Владимир Иванович бироз тўхтаб, нафас ростлади-да, давом этди: — Лекин пул ҳалиям етмаяпти!
Ҳамма кулиб, қарсак чалди. Мистер Мизери қийқириб кулди, ҳатто малла сочлари қимирлаб кетди. У кулар экан, микрофон олдига борди.
— Сизларга яна битта фенечка совға қилмоқчиман, — деди у. Бунинг устига охирги сўзини русча айтди. Бу эса тингловчилар қалбида ҳаяжон уйғотди. — Мендан қандай қилиб бадавлат бўлгансан? деб сўрашганда битта воқеани гапириб бераман. Мен отасиз, онам ёрдамида ўсганман. Биз жуда қашшоқ яшардик. Мен мактабга қатнай бошлаганимда, у ерда тушлик қилишим учун онам менга пул беролмасди. У менга олма берди. Биттагина олма. Лекин мен уни емадим, қўшни партада ўтирган болага беш центга сотдим. Кейинги куни ҳам битта олмани сотдим. Энди менинг пулим ўн цент бўлди. Учинчи куни яна битта олма сотдим… — Мистер Мизери тўхтади, кўзойнаги тагидан атрофга аланглади. Эҳтимол, мен ҳозир ҳам олма сотаётган ва центларни санаётган бўлардим, агар кунларнинг бирида бой амаким ўлиб, менга мерос қолмаганида.
Ҳамма кулиб юборди — Печенкиннинг сўзидан кейингига нисбатан ҳам иштиёқ билан ва қаттиқ кулишди. Владимир Ивановичнинг ўзи ҳам қаҳ-қаҳ уриб кулди — унинг кулгиси бошқаларнинг овозини босиб кетди. Мистер Мизери пуштиранг бармоқчасини кўтарди ва кулги бирдан тўхтади.
— Мен умрим бўйи битта кичкинагина ҳам балиқ тутганим йўқ. Мистер Печенкин ҳақ, гап балиқда эмас. Муҳими, сизларнинг яхши ворисларингиз бўлсин. — Шу сўзларни айтиб миллиардер Ильяни бағрига босди. — Сизнинг ажойиб ўғлингиз бор экан, мистер Печенкин. Ўнлаб мана шундай рус болалари юртингизга аввалги шуҳратини қайтаради. Буни қарангки, биз сизнинг ўғлингиз билан бир коллежда, машҳур “Труа сомэ”да ўқиган эканмиз. У яна шуни ишонтириб айтаяптики, мен анча йил бурун ғиштин деворга мих билан ўйиб ёзганимни кўрибди. Ўшанда мени яхши ўзлаштирмаганим ва ёмон хулқим учун коллеждан ҳайдамоқчи бўлишганди.
Илья микрофон томон сурилиб, қўшимча қилди:
— Ўша сўзни ҳозир у ерда тилла доирага олиб қўйишган.
“Париж сирлари”да ҳеч қачон бугунгичалик кулишмаган эди. Мистер Мизери хурсандлигидан қийқириб куларди.
— Офарин, Илюха! — миннатдорона бақирди Печенкин ва ўғлига кўз қисди.
Ҳамма куларди, фақат Галина Васильевна ялпи шодиёнада иштирок этмас ва серташвиш кўринарди. Уни қандайдир ҳид ташвишга солаётганди. Галина Васильевна бурун катакларини керар, ҳавони ҳидлаб кўрар, бошини сарак-сарак қилар, бу сассиқ ҳид қаердан ва кимдан келаётганини аниқлашга уринарди. Унинг ёнидаги елкаси очиқ оқ кўйлак кийган Дашенька Канишева ҳам безовталанарди.
— Нимадир сасияптими? — деди унга Галина Васильевна.
— Шунқага ўхшайди, — деди бурнини жийириб Дашенька Канишева.
— Му russian nephew! — хитоб қилди мистер Мизери Ильянинг елкасига қоқиб.
— Менинг рус жияним! — бу жумлани таржимон шундай завқу шавқ билан ўгирдики, гўё америкалик миллиардер уни ўз жияни деб атагандек эди.
Владимир Иванович, афтидан, эшитишни кутмаган нарсани ҳам эшитди, лекин буни жуда босиқлик билан қабул қилди, боя мириқиб кулганидан кейин анча хотиржам бўлиб олди. Печенкин елкаларини тўғрилади ва барчани боядан бери маҳтал бўлиб кутаётган дастурхонга таклиф қилмоқчи эди, лекин Илья гапириб қолди. У рус ёки инглиз тилида эмас, балки немис тилида, тағин денг лағчада — Цюрих немисчасида гапириб қолди. “Труа сомэ” коллежида ана шу шевада гаплашишарди.
Тингловчилар жилмайиб қўйишди, лекин бир оз довдираб қолишганди, чунки ҳеч ким ҳеч нарса тушунмади. Фақат мистер Мизеригина яйраб эшитди. У бу тилни анчадан бери эшитмаганди.
Бу орада Илья шундай дея гап бошлади:
— Менинг америкалик азиз амакижоним! Сизнинг келишингизни эшитиб, қандай совға тайёрласам экан деб роса бош қотирдим . Бу унчалик осон эмас экан. Бутун-бутун мамлакатлар ва халқлар оёғи остида ётган шундай бадавлат одамга моддий нарсанинг нима қизиғи бор. Шунинг учун мен сизга қўшиқ совға қилишга қарор бердим. Қўшиқни сиз учун мен атайлаб бу ерга таклиф қилган дўстларим айтиб беришади.
Илья шундай деб, шимининг чўнтагидан кичкинагина ялтироқ калитни олди, уни боши узра баланд кўтариб, ҳаммага кўрсатди-да, девордаги сезилмай турган мўъжазгина эшик ёнига келди, калитни қулф бурнига тиқди ва бураб эшикни очиб юборди. Сал ўтиб ўша жойдан, тор ва нимқоронғи маскандан Придонск ахлатхонасининг бомжлари юмалаб чиқа бошлади. Улар терга ботган ва асабий эдилар. Ёруққа чиққандан кўзлари юмилиб, қашинишга тушиб кетишганди.
Ажнабийлар ҳайрон бўлишди, москваликлар шошиб қолишди, придонскликлар эса бу ишнинг оқибати яхши бўлмаслигини ҳис қилишди. Улардан бадбўй ҳид анқирди.
Меҳмонлар орқага тисарилишди, лекин узоққа бориша олмади, чунки орқада столлар бор эди, бунинг устига соқчилар қотиб туришарди.
Биттагина мистер Мизерининг парвойи палак, у худди ҳид сезишдан маҳрумдек эди. Миллиардер — худди кўзбойлоғич сеҳридан қотиб қолган боладек, бомжларга қараб, тиржайиб турарди.
Бомжлар бу орада икки қатор бўлиб саф тортдилар. Кўзлари катта-катта, ўткир ва кўмкўк, қилтириқ бир чол олдинга чиқди.
— Қўшиқнинг номи: “Бир замон бирга эдик”, — деб эълон қилди у. — Мусиқаси меники, сўзлари халқники. Оркестр жўр бўлади.
Унинг орқасида турган оркестрчилар уч киши эди: кўзлари чақчайган озғин аёл лаб гармошкасида, қўлтиқтаёқли бобой — балалайкада, қўллари шишиб кетган фил-аёл ғалати асбоб — болалар шақилдоғига ўхшаш маракасда. Мусиқа асбоблари ҳеч кимни ҳайрон қолдирмади — афтидан, ахлатлар орасидан бошқа нарса топилмаган.
Бутун ана шу вақт мобайнида Галина Васильевна эрининг ёнидан жилмади. Бир қўли билан унинг енгидан ушлаб олган, иккинчи қўли билан уни сийпаб, шивирлаб тинчитишга уринарди:
— Володя… Володя… Володя…
Кўзлари чақчайган аёл лаб гармошкасини оғзига олиб борди-да, пуфлаб чала бошлади. Чалиши ёмон эмасди. Бироқ ҳозирги пайтда камёб бўлиб қолган ана шу асбоб жаранглашини мириқиб тинглашнинг ўзи бўлмасди: чунки ижро этувчи ҳар пуфлаганда унинг кўзлари янада катталашар, косасидан чиқиб кетгандай, ҳавони ичига тортганда эса яноқлари чуқурлашиб, оғзига кириб кетгандай бўларди — хуллас, тинглаш маза, кўриш даҳшат эди.
Бобой балалайкани унча яхши чалмаса ҳам, хатти-ҳаракатлари антиқа эди. Маракаса эса ҳали жўр бўлганича йўқ эди.
Кўккўз гуноҳкорона жилмайди, пешанасига тушиб турган кокилини силтаб ташлади-да, куйлаб юборди:

Биз бир замон бирга эрдик,
Бирга ичиб, бирга ердик,
Бирга эдик — ғам не дердик,
Энди менга — сен бўрисан!
Сен учун мен ҳам бўриман!
Сен менга очмайсан эшик!
Эшик не, очмайсан тешик,
Шундай золимнинг бирисан!

Қўшиқчининг маҳорати етишмаса-да, овоздан худо берган эди. Унинг ўткир овози юракларни ўртаб юборарди. Бу овоз тингловчилар этини жунжиктириб юборди.
Мистер Мизерининг завқи тошди, у ҳатто қўшиқ оҳангига жўр бўлиб, калта ва йўғон оёғи билан ерни тапиллата бошлади.
Фил-аёл қўлини силтади — маракасанинг ичида шарлар шарақлаб кетди, — бу ҳозир нақорат бошланишини билдирарди. Ва бомжлар бир овоздан жўр бўлиб нақоратни бошлаб юбордилар. Уларнинг жўшқинлигида собиқ совет кишиларининг ҳали ҳам йўқолмаган завқ-шавқи акс этиб турарди:

Чўнтагимда бор пулим —
Икки пиво қопқоғи!
Сизлар буни, жаноблар,
Ҳали билмайсиз чоғи!
Сизлар буни, жаноблар
Ҳали билмайсиз чоғи!

Ҳеч қандай шубҳа йўқки, ушбу чиқиш учун бирор-бир машқ ўтказиб кўрилмаганди. Нақоратдан сўнг қонуний тўхтам — мусиқачилар ва хонандалар нафасларини ростлаб олиш талаб қилинарди. Бироқ, афтидан, “Бир замон бирга эдик” қўшиғининг иккинчи бандини эшитиш “Париж сирлари” меҳмонларига насиб қилмаган экан. Владимир Иванович бир амаллаб хотинининг чангалидан сирғалиб чиқди-да, ўша ялпи сокитлик онида Ильяга қараб бақирди. Бақирганда ҳам кам ишлатиладиган даҳшатли сўзни айтиб бақирди. Айтиш мумкинки, ушбу сўзни бу ерда ҳеч ким билмасди. Аниқроғи, уни билишарди, лекин эшитишмаганди. Бу сўзни Владимир Ивановичнинг ўзи ҳам билиши ва эшитганлиги амри маҳол эди. Аммо бу сўз худди ботқоқликдан отилиб чиққан пуфакдай қалбдан портлаб чиқди ва Печенкин уни ўғлининг кулиб турган кўзига қараб туфлади:
— Ахлатхўр!
Бироқ Илья тиржайганча тураверди. Шунда Владимир Иванович бир сакраб унинг ёнига келди ва мушт қилиб тугилган қўлини бир сермаб урди. Аниқроғи, бу уриш эмас, балки тарсаки — чин қалбдан саховат билан шарақлаб туширилган шоҳона печенкинларча тарсаки эди.
Лекин, айни ўша тарсаки тушаётган пайтда Илья қаёққадир ғойиб бўлди-ю, шўрлик мистер Мизери туриб қолди ва бирдан унинг боши кучли силкинди, худди бўйнидан узилиб кетмоқчидай бўлди, лекин худога шукур, узилиб кетмади. Фақат мистер Мизерининг кўзойнаги учиб кетди ва ҳавода чирпирак бўлиб, ларзага тушган меҳмонлар тепасида ёй ҳосил қилиб, бир ялтиради-да, тилла балиқ мисоли шарбат тўла каттакон биллур кўзачага шўнғиди.
— What? What? What? — минғирлади мистер Мизери қўли билан ҳавони тимискилаганча кўзини пирпиратаркан.
— Мана, мана, мана! — деди бомжлар хоридан юзи шишган киши, — Ахир неча марта айтдим: ўша сизнинг Сталинни тобутда кўрганман деб! Афтидан, у ниҳоят гапига ким ишониши мумкинлигини топди шекилли, бомж стол ёнига борди, қўлини билагигача шарбатли кўза ичига тиқди-да, кўзойнакни топиб, мистер Мизерига узатди.
Худди шу пайт ҳозирги вазиятда юз бериши мумкин бўлмаган воқеа содир бўлди: заҳарханда кулги янгради. Ўзини космонавт деб таништирган ўша сийрак сочлари оқарган бомж кулаётганди. Катта Печенкин унга ғазаб билан боқиб, зўғим билан бақирди:
— Нега ҳиринглаяпсан, Желудь?

Йигирма тўртинчи боб

ҲАММА ЖОЙДА ЯХШИ ЯШАШ МУМКИН

Ўша машъум куннинг ғаройиб ишлари Печенкиннинг идорасида ҳам давом этди. Манзаранинг ўзи жуда ғалати эди: Печенкиннинг иш столида — оромкурсида ҳалиги писмиқ бомж ялпайиб ўтирар, Печенкиннинг ўзи эса унинг қаршисида — хона ўртасида қўлларини орқасида чатиштириб, бошини хам қилганича турарди — шўрлик ҳануз асабий кайфиятда эди.
Бомж бўлса, аксинча, яйраб ўтирарди. У қўшни стол устида тахланиб ётган — рамкали ва рамкасиз фотосуратларни бирма-бир қўлига олиб, бемалол томоша қиларди. Фотосуратларда Печенкин дунёнинг турли-туман машҳур одамлари билан расмга тушган эди: Алла Пугачёва, Саддам Ҳусайн, Майкл Жексонлар билан, Ельцин билан — Кремлда, “Россия бизнеси рицари” совринини топшириш пайти. Совриннинг ўзи яшил тош — малахит курсидаги икки бошли бургут Владимир Иванович столида турарди.
— Мана бу ким бўлди тағин? — Бомж савол берди ўзига ўзи ва яна ўзи лоқайдлик билан жавоб қайтарди: — А-а, папа…
У Рим папаси эди. Букчайган ва беҳол Иоан Павел II Печенкиннинг қўлини қисаяпти. Суратга қараб папа шу қўлга сиғинаяпти деган тасаввур ҳосил бўлади.
Владимир Иванович бошини кўтарди ва аламли шикоятланди:
— Мана шундай яшаяпман…
— “Яшаш мумкин бўлган ҳамма жойда яхши яшаш мумкин”, — Марк Аврелий, — тинчлантирувчи оҳангда деди бомж.
Эшик секин очилди ва хонага Седой суқилиб кирди.
— Текинхўрлар! — бақирди Печенкин ўгирилмасдан, лекин у келган кимлигини яхши сезиб турарди. — Бу нима деган гап? Сен, Нилич, қаёққа қарадинг?
— ФСБ биносини эҳтиётлаётувдим. Бу лаънати қазноқни ҳеч хаёлларига келтиришмади, — дея тушунтира кетди Седой бошлиқнинг оромкурсисида ўтирган бомжга қарамасликка интилиб.
— Мен анови шўрликка тушириб қолганимда-чи? Қўлимни ушлаб қолсанг бўларди-ку?!
— Ушлаб қололмасдим, Иванич. Ҳаққим йўқ эди. Агар у сенга мушт кўтарганда бошқа гап…
— Хўш, анави сассиқ такалар тешикдан чиқиб келганда-чи, қўшиқ бошлашганда-чи? “Бир замон бирга эдик”… Туф, лаънати!
— Қўшиқчиларга қарашга вақтимиз бор эди дейсизми, Иванич. Форс-мажор бошланди, алғов-далғов бўлиб кетди. ФСБчилар америкаликларни нишонга олиб туришибди, биз ФСБчиларни. Америкаликлар бўлса уларниям, бизларниям мўлжалга олишганди. Қўшиқчиларга қарашга вақт бормиди.
Седой оғир хўрсинди ва оғирлигини бир оёғидан иккинчисига олди. У ўзини айбдор деб билмасди. Печенкин ҳам унинг қанақа айби борлигини тополмасди. Лекин бирдан эсига тушди, Седойга ўгирилиб, бақирди.
— Сен қаёққа қараяпсан ўзи? Бугун менинг “мерс”симдан1 иккинчи рулчани ҳам синдириб кетишибди! Иккинчисини! — Яна бомжга шикоят қила кетди: — Тушуняпсанми, “мерс”даги рамзий рулчаларни синдириб кетишяпти. Ҳалиги, биласанми, машина пешанасига ўрнатилган бор-ку, мана бунақа, юмалоқ…
Бомж “биламан” дегандай бош ирғади.
— Бу кимга керак? — аламзада бақирди Владимир Иванович.
Седой қизариб кетди ва эшикка қараб тисланди. Бу эса уни яна бир кўнгилсизликка рўпара қилди. У хонага кириб келаётган котиба Маринага урилиб кетди. Маринанинг қўлида эса кумуш патнисча, унинг устида коньяк қуйилган биллур қадаҳ ва тилимланган лимон солинган биллур тақсимча бор эди. Патнис тарақлаб кетди, қадаҳ чил-чил бўлди, тақсимча тўнкарилиб тушди.
Бомж бўйнини чўзиб, сўлагини ютди.
Хонани арман коньягининг хушбўй ҳиди тутди.
Хаёлга чўмган Печенкин қаттиқ “уҳ” тортди. Марина ғойиб бўлди, унинг ўрнини Прибиловский эгаллади. Печенкин ўгирилди ва унга соғинчли умид билан тикилди.
— Самолётга ўтқаздик, жилмайганча учиб кетди, — деди котиб-референт, оромкурсида ўтирган бомжга қарамасликка ҳаракат қилиб.
— Тўғри, бошини сал сарак-сарак қиладиган бўлиб қолибди, — қўшимча қилди Прибиловский.
Владимир Иванович яна тундлашди.
— Ҳеч нарса демадими? — сўради у секингина.
— Деди! — қувониб жавоб қилди котиб-референт. “Dostoevskу was right”.
Печенкиннинг оромкурсисида ўтирган бомж изтеҳзоли кулди.
— Нима? — тушунмади Печенкин.
— “Dostoevskу was right”… эҳ, жин урсин! “Достоевский ҳақ эди”. У шундай деди: “Достоевский ҳақ эди”.
— Қайси маънода? — Барибир тушунмади Печенкин.
Прибиловский елкасини қисди.
— Рус адабиёти Россияни издан чиқариб юборди! Тўхтаб туринглар, у ҳали Американи ҳам издан чиқаради! — хитоб қилди бомж, ўтирган жойидан туриб тағин чўкди.
Печенкин билан Прибиловский бомжга қарашди, сўнг бир-бирига назар солишди.
— Ленин ва “Профсоюз” кўчалари муюлишида фотоателье бор, биласизми? Ўша ердаги витринада… — ишонч билан, ярим овозда гапира бошлади бошлиғига котиб-референт, лекин бомж халақит берди.
— Россия — филологик муаммо ҳисобланади! — деди баланд овозда киноя билан. — Алфавитида “ы” ҳарфи бўлган миллат яшаш ҳуқуқига эга эмас. Ҳар йили Ватанимизнинг аҳолиси бир миллион кишига камаяди. Энг оддий ҳисоб-китоб ҳам шуни кўрсатмоқдаки… Бу ҳалокатдан қутулиб қолишимиз учун ҳозирдан Россияга юз-юз эллик миллион хитойни киритишимиз лозим. Ҳа, биз ҳам кўзи қисиқ бўлиб қоламиз, лекин меҳнатсеварга айланамиз. Албатта, Достоевскийсиз. Ё у, ё бу бўлиш лозим . Мияга жуда қизиқ фикрлар келади-да… Адабиётлар кўп. Маркс, Ленин… Бўш вақтимда ўқиб ўтираман. Адабиётлар ғиж-ғиж! У ерда сен ҳақингда ҳам бор экан! Менга битта таржимон русчага ўгириб берди. Жуда қизиқ. — Бомж шундай деб чуқурдан-чуқур чўнтагига қўлини тиқди. У ердан эзғиланиб абжағи чиқиб кетган “Экспресс” журналини топиб чиқди. Ахлатхонадан топиб олгани шундоққина кўриниб турарди. Прибиловскийнинг ранги оқариб кетди, ўзини эшикка урди ва патнисда яна бир қадаҳ коньяк ва тақсимчада лимон кўтариб келаётган Маринага урилиб кетди. Даҳшатли манзара яна такрорланди. Бомж ўрнидан туриб кетди. Лекин ўзининг мушкул аҳволга тушиб қолганини ифодалашга сўз тополмай қолди.
— Нега унга қадаҳда олиб келаяпсан? — аччиқланди Печенкин. — Бу қадаҳ унга нима бўлади? Сен тўла шишани олиб чиқ!
— Мен ҳозир йиғиштираман, — минғиллади Марина.
— Йиғиштиришнинг кераги йўқ, — қўл силтади Печенкин.
— Лимоннинг ҳам кераги йўқ, — бақирди бомж котибанинг орқасидан. Кейин ўрнидан туриб Печенкиннинг ёнига келди. Унинг кўзига қараб, дўстона, лекин жиддий сўради:
— Ўзинг-чи?
— Ичмайман, — деди секингина Владимир Иванович.
— Кўпданми?
— Кўпдан.
— Нега?
— Ишлашга халақит беради.
— Сен ишлама, — таклиф қилди бомж.
Хонанинг эшиги очила бошлади ва бомж ўша ёққа югурди, котиба қўлидагини яна тушириб юбормасин деб ўйлади-да! Лекин кириб келаётган Марина эмас, Галина Васильевна эди.
Бомж шошиб ўзини четга олди, ифлос кирза бошмоғи остида биллур тақсимча қисирлаб кетди. Галина Васильевна қисқа ва нафратона жилмайиб, уни айланиб ўтди-да, эрига қаради. Печенкин унга орқа ўгириб турарди, девордаги каттакон кўзгуга қараётган эди.

“Ва осмонда буюк рамз — чирой,
Пайдо бўлди ёри — офтоб, олар кўз.
Оёғи остида ялтирайди ой,
Боши узра ўн икки юлдуз”,

— деди жиннилик қилиб бомж.
Галина Васильевна эрининг орқасида тўхтади ва паст овоз билан, лекин қатъий талаб қилди:
— Володя, сен кечирим сўрашинг керак. Печенкин индамас, ойнадаги ўз аксига диққат билан қараб қимир этмай турарди.
— “Ҳомиладор эди аёл шу асно, чинқирарди тўлғоқ оғриқларидан!” — дея сўз қотди бомж яна, бироқ уни ҳеч ким эшитмади.
— Володя, — эслатди ўзи ҳақда Галина Васильевна.
— Нима “Володя”? — сўради Печенкин.
У хотини билан худди Персей Медузага қилгани сингари кўзгу орқали муомала қиларди.
— Сен мени ва ўғлимизни ҳақорат қилдинг. Ўғлимиз…
— Илюшка? — Бомж гап ким ҳақида бораётганини дарҳол тушунди. — Илюшка — даҳо! Биз у ҳақда ҳали кўп эшитамиз. У менга қандай фикр берганини биласанми? Шоҳ елкасидан пўстинини қандай олишни… “Сўз оҳанги фикрни енгади!” Тушунаяпсанми? Сўз оҳанги фикрни енгади. Йўқ, жин урсин, у даҳо!
— Володя, — деди Галина Васильевна сўнгги бор.
— Москва — учинчи Рим, тўртинчиси бўлиши мумкин эмасми? — қизиқсиниб сўради Печенкин.
Галина Васильевна чидаб туролмади ва эшикка қараб чопди…Патнис, биллур қадаҳ ҳамда арман коньяги тўла катта нақшиндор биллур бутилка осмонга учди.
— Бу қанақа кун бўлди, эй худо?! — додлаб юборди Марина юракдан ва кафтлари билан юзини беркитиб йиғлай бошлади.
Печенкин негадир кулиб юборди. Бомж ўзини ҳавода учиб кетаётган бутилкага отди ва уни илиб олди.
— Рус мақоллари — бошдан-оёқ эмпирика1 , бутилка тиқинини чиқаришга уринаркан, фикрлари билан ўртоқлашди бомж. — Аҳмоқ, чиндан ҳам, худога ибодат қиламан деб пешанасини ёриб қўйибди. Бойнинг ҳовузида балиқ кўпайган экан, уни овлаш ҳуқуқига эга бўлиш учун роса тер тўкишга тўғри келибди. Битта ажнабий, сирли рус қалбини тушуниш учун бизнинг мақол ва маталларнинг икки томини ўқиб чиқибди ва ҳайрон қолибди: биринчи томда тасдиқланса, иккинчи томда инкор этилармиш. Бунда: “Ишлаган — тишлайди” дейилса, унда: “Кўп ишласа от ҳам ўлади” дейилган. Бу ҳам, дарвоқе, эмпирика: биттаси қўшни қишлоққача ўн чақирим йўл босиб борибди, уни ўша ерда овқатлантиришибди. Бошқасининг эса оти ўлиб қолибди. Тўғри, от шўрлик ишлагани учун эмас, балки ем беришмагани учун ўлибди. Лекин буни тан олишдан уялишибди. “Бу қандай халқ ўзи?” аччиқланибди ажнабий. “Буюк халқ” деб жавоб беришибди. Ҳеч ҳам буюк эмас у, фақат абстракт фикрлашни билмайди. Бу эмпирик халқ… Оловнинг куйдиришини билиш учун унга албатта қўлини тиқиб кўриш керак…
Битта қўлида бутилка, иккинчисида қадаҳ бўлгани учун бомж шиша тиқинини чиқаришга муваффақ бўлолмади. Шунда у гапдан тўхтаб, тиқинни тишлари билан суғуриб олди. Қадаҳга тошиб кеткудай қилиб тўлдириб қўйди-да, шошилиб ичди. Печенкин оҳиста орқага бурилди.
— Ичасанми?
— Йўқ, — деди қатъий Печенкин ва кулганича гапириб берди: — Менга бултур Москвада “Россия бизнеси рицари” совринини топширишди, Кремлда. Шунда мен уларга айтдим: Москва — учинчи Рим эмас, балки бутунлай аксинча. Мамлакатда Москва пойтахт бўлиб турар экан, ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.
Бомж иккинчи қадаҳни бўшатиб учинчисини қуя бошлади.
— Москва оёқ учида тепади, — дея Печенкинни қувватлади у. — Агар ушбу мақол бўлмаганида мен уни ўйлаб топардим. Мен бултур ўша ерда бўлганман. Сен ишонмаслигинг мумкин. Мен кўриб кулгидан ўлишимга сал қолди. Мана бу ерда Халоскор Исо ибодатхонаси, унинг қаршисида — подшо Пётр Алексеевич. Қараб туриб кулгим қистайди, — ха-ха-ха. Мент пайдо бўлди: “Нега ҳиринглаяпсан, бомж?”. Қаранг ахир, жаноб милиционер, — дейман, — исталган попдан сўраб кўринг: Пётр I ким деб, Антихрист2 дейиши турган гап. Уларни бир-бирига қаратиб қўйишибди. Бу ерда Исо ва бу ерда антихрист! Таёғи билан урса ҳам майли эди, оёғи билан тепди — икки қовурғамни синдирди, аблаҳ…
Бомж коньякни ялай бошлади, кейин кичик ва ноқулай қадаҳни улоқтирди, бутилкани икки қўли билан кўтариб, симира кетди.
Печенкин дўстига эҳтиром билан қаради.
— Тўхта, Желудь, сен ростдан бомжмисан? — деб сўради ишонгиси келмай.
Желудь бутилкани ҳафсала билан бўшатди, маҳкам кўксига босди ва ғалати жилмайди-да, ағдарилиб тушди.

Йигирма бешинчи боб

УЧ ОПА-СИНГИЛ

Эшик очиқ турган экан. Галина Васильевна Гелянинг уйига кирди. Унинг юзида кинояли табассум ўйнарди. Бу сафар у жуда бошқача, роса очилиб кетган эди. Тўғри, кўзларига ғам соя ташлаб турарди, лекин Галина Васильевнага бу ҳамиша ярашарди. Қўлида бир даста гулсафсар, айвонни, даҳлизни, ошхонани кўздан кечирди ва меҳмон кутиш залининг ўртасида туриб қолди. Иккинчи қаватдан эшитилаётган аёл овозига қулоқ солди:

Денгиз бўйи ям-яшил чинор,
Олтин занжир чинор тагида.
Доно мушук тун-кун беқарор
Айланади теварагида…

Овоз нафис ва ёқимли эди. Галина Васильевна майин жилмайиб тепага кўтарила бошлади. Ёғоч зина унинг қадамларидан енгил ғичирларди.
— Ким у? — ҳайрон бўлиб сўради Геля.
— Қўрқманг, қўрқманг, сизга қўрқиш мумкинмас, — огоҳлантирувчи овоз берди Галина Васильевна, зинапоядан кўтарилар экан, худди ер тагидан ўсиб чиқаётгандай. — Мен — Галина Васильевнаман. Биз сиз билан танишмиз сиртдан, дегандай ҳатто бир марта мактабда кўришгандик ҳам. Сиз дарсга шошаётгандингиз, мен эса йўлакда нарса тўқиб ўтиргандим, эсингиздами?
Геля оромкурсида ўтириб, қўрқиб ва ҳимоясиз уни кузатарди. Ҳомиладорлик Гелянинг чиройини очмаганди, аксинча, бурни япасқиланибди, лаблари бўялиб кетган, бутун юзини сарғиш сепкил қоплаганди.
— Вой, мана бу сизга! — Галина Васильевна бирдан гулларни эслаб қолди ва гулдастани уй соҳибасига узатди. — Қандай гулларни севаркансиз деб роса ўйладим ва мана буларни маъқул кўрдим. Янглишмабманми?
Геля аста ўрнидан турди. У қалин халатда бўлиб, боғични кўкраги остидан боғлагани учун қорни дўппайиб турарди. Оёғида йўл-йўл жун пайпоқ.
— Янглишмабманми? — такрорлади саволини Галина Васильевна.
Геля тортиниброқ бош ирғади.
— Демак, янглишмабман! — қувонди меҳмон.
Геля гулдастани олиб, у билан қорнини пана қилди.
Галина Васильевнанинг кўзи оромкурсида қолдирилган каттакон болалар китоби “Пушкин эртаклари”га тушди ва Геля учун майин ва ёқимли овозда давом этди:

Одам юрмас сўқмоқларида
Кўп ғалати жонворлар изи…

Галина Васильевна қувноқ кулди:
— Пушкин — нақадар ажойиб! Мен, Илюшага ҳомиладор бўлган пайтимда институтда давлат имтиҳонлари кетаётганди. Иккиқатларга ёнбосишарди гўё. лекин ўқитувчилар ҳар хил эди-да… КПСС тарихидан имтиҳонни жаҳлдор қариқиз оларди — ҳеч қандай ён босиш йўқ. Мен бўлсам, биласизми, овоз чиқариб ўқисамгина эслаб қоламан, хотирам шунақага мослашган. Шунинг учун съездларни ёдлаб олдим, роса ёдладим!
Галина Васильевна тортиниб кулди.
— Топширдингизми? — сўради Геля.
— Топширдим, албатта… овоз чиқариб ўқиб, ёдлаб олдим… Илюша бўлса у ерда эшитарди… Улар у ерда ҳаммасини эшитади! Сиз Жон Смитнинг “Инсоннинг қориндаги ҳаёти” деган китобини ўқиганмисиз? Ўқимаган бўлсангиз, албатта танишиб чиқишингизни маслаҳат бераман. Биласизми, бизнинг Придонскка, биринчи туғруқхонага шундай аппарат олиб келишди, ҳалиги… Умуман, чақалоқни телевизор орқали кўриш мумкин… шундай, ўз уйингизда туриб, бир тасаввур қилинг-а? Тараққиёт роса илгарилаб кетди! Бешинчи ойми?
— Олтинчи, — деди Геля. Ҳаяжон ўтиб кетди. У энди меҳмонга диққат билан, бемалол қарарди.
— Олтинчи, — ўйчан такрорлади Галина Васильевна.
Геля унинг кўзига тик қараб, сўради:
— Нега келдингиз?
Галина Васильевна кулди ва қўлларини ёйди:
— Нега энди, Ангелина Георгиевна! Илюшанинг укаси ёки синглиси бўлади-ю, сиз бўлсангиз, нега дейсиз? Ўтирсам бўладими? — У рухсатни кутмай қаршидаги оромкурсига чўкди. — Ахир, мен сизни аввалбошданоқ биламан. Гарчи буни менга ҳеч ким айтмаган бўлса ҳам яхши биламан. Ҳатто кунини ҳам айтиб беришим мумкин. Биласизми, мен буни қандай сезиб қолдим? Бизнинг Володя билан ишқий ишларимиз бирданига яхши юришиб кетди. Унгача қарийб бутунлай тўхтаб қолган эди-да. У менинг шубҳаланмаслигим учун зўр бериб ҳаракат қила бошлади… — Галина Васильевна кулиб, соч турмагини тўғрилаб қўйди. — Шундай экан, мен бир томондан сиздан миннатдорман ҳам. Бунинг устига мен сизни яхши тушунаман, ўзим ҳам ўйнаш бўлганман, тўғри, фақат бир марта…
Геля ҳам оромкурсига ўтирди ва кескин оҳангда:
— Мен ўзимни ҳеч кимнинг ўйнаши деб ҳисобламайман, — деди.
Галина Васильевна қўл силтади:
— Э-э, Ангелина Георгиевна, агар биз ўзимизни ким деб ўйлаётган бўлганимизда эди, аллақачон ҳаммамиз шаҳзодалар ва маликалар бўлар эдик ва коммунизмда яшаётган бўлардик… — У ётоқхонага қараб хўрсинди ва қизиқсиниб сўради: — Пардаларингиз “Этуал” фирмасиникими?
Геля лоқайдлик билан елка қисди.
— Нима бўлса бўлсин-у, Владимир Ивановични хасисликда айблаб бўлмайди, — дея ўз фикрини тугатди Галина Васильевна.
— Мен ундан ҳеч нарса сўраганим йўқ, — деди зардаси қайнаб Геля.
Галина Васильевна “тушунаман” дегандай жилмайди, ўрнидан турди ва хонада наридан-бери юраркан, гапида давом этди:
— Сиз ҳаммасини тўғри қилаяпсиз, Ангелина Георгиевна. Печенкиндан сўраб бўлмайди, сўрасангиз у бермайди. Агар ҳеч нарса сўрамасангиз — ҳаммасини муҳайё қилади. У худди болага ўхшайди: кино, писта, қўлини тиззангизга қўйиб олади… Аёл сифатида мени яхши тушунасиз. Мен Илюшадан кейин барча абортларни Володядан яшириб қилдирганман. У яна бола бўлишини истарди, мен эса хоҳламадим. Кўп боланинг нималигини мен жуда яхши биламан. Биз оилада уч опа-сингил эдик, худди Чеховдагидек. Мен тўнғич қиз эдим. Аввалига ота-онам фақат мени яхши кўрарди. Кейин Валя туғилди. Уни ялаб-юлқий бошлашди. Катя туғилганда эса мен бутунлай назардан қолдим. Энди Валя ҳам мени тушуна бошлади. Иш шу даражага бориб етдики, биз Катяни ўлдирмоқчи ҳам бўлдик, лекин нега ўлдирмаганимиз эсимда йўқ… Мен Илюшадан кейин кимнидир яхши кўришимни ҳеч тасаввур қилолмасдим! Шунинг учун ҳам аборт қилдирдим. Биттасини анча олиб юрдим, олдиришга ҳеч қўлим тегмади. Кейин олтинчи ой бўлганда тозалашди. Мана шунақа севардим Илюшани… Уни деб ҳеч нарсадан қайтмайман.
— Чиқиб кетинг! — юзи тош қотиб талаб қилди Геля. — Эшитяпсизми, чиқиб кетинг!
Галина Васильевна эшитмади ҳам, соатига қаради, бошини чайқади ва хитоб қилди:
— Вой-бў-ў, кеч қолибману! Мен эркакларни овқатлантиришим керак ҳали. Мени кузатиб чиқманг! Пастга тушиш, тағин яна кўтарилиш — шу аҳволингиздая.
Бироқ Геля чақирилмаган меҳмонни эшиккача кузатиб қўйди, у назокатли жилмайишга ўзида куч тополмади, юзи баттар тош қотиб турарди.
Ташқи эшик очиқ эди. Галина Васильевна Геляга қаради, кейин эшикка, тағин Геляга қаради-да, жилмайиб, паст овозда хиргойи қилди:

Эшикни сиз ёпманг, асло,
Қўйинг, очиқ турсин эшик.

Ниҳоят бир ўзи қолгач, Геля шоша-пиша эшикни беркитди-да, барча зулфинларини илиб, бўшашибгина унга орқаси билан суянди, қўллари билан қорнини чангаллади, қўрқувдан юзи буришиб кетди.

Йигирма олтинчи боб

ДОЛЗАРБ ДЕЯ КИМ АЙТДИ?

1

— Тўхта! — кутилмаганда бақирди Печенкин. Ҳайдовчи шошиб тормозни босди, “Мерседес” тўхтади , орқадан ғийқиллаб “Субурбан” ҳам тўхтади. Шошиб қолган соқчилар машинадан тушгунларича Владимир Иванович чекка йўлакка чиқиб, оёғини кенг ёйиб, қўлларини орқасига қилгунча фотоательенинг кўргазма ойнасини томоша қила бошлади. Ҳатто кечиккан Прибиловский ҳам қўлида ён дафтару ручка билан шай тураркан, нима гаплигини билолмай ҳайрон эди. Ҳолбуки, ушбу фотоательени Печенкинга айнан ўзи айтган эди. Лекин Прибиловский буни унутиб юборганди, Печенкин эса шу ердан ўтаётиб эслаб қолди…
Кўргазманинг каттакон ойнаси остида фотосуратлар осиб қўйилганди — бу ҳам қилинган ишлар ҳисоботи, ҳам реклама эди. Расмлар орасида ўртадаги учта ёшнинг бирга тушган сурати диққатни тортарди. Катта қилиб олдирилган бу гуруҳ портрети ҳам ҳайратомуз, ҳам ташвишли ва қўрқинчли эди. Илья, қандайдир қисиқ кўз ва занжи қиз. Елкама-елка туриб олға ва тепага интилган бу ёшларнинг кўзларида буюк илм сири акс этарди. Гарчи Владимир Иванович қўрқмаса ҳам худди шу кўзлардаги зиё даҳшат соларди.
— Мана бу иккови ким? — сўради у котиб-референтдан.
— Нилич айтди, эртага маълум бўларкан, — жавоб берди Прибиловский.
— Ниличнинг ўзи қани?
— Дўстингизни уйингизга олиб кетди.
— Ҳа, эсимда, — Печенкин бош ирғади, суратлар ойнаси олдида наридан-бери юра бошлади. У ўз-ўзича, гапирар, гоҳ елкасини қисар, гоҳ қўлларини кўтариб-туширар, чўнтагига тиқар, фотопортретга қараб ҳайрон бўлар, хижолат чекарди. Владимир Иванович сира тушунмасди. Шунинг учун бўлса керак, бирдан ерга энгашди, яримта ғиштни олди-да, бор кучи билан расмлар ойнасига урди.
Шиша чил-чил бўлди.

2

Галина Васильевна чўчиб тушди. Ташқаридан кимдир болахона деразасини тақиллатарди. Кутилмаган бу ҳолдан эсанкираб, қўлидаги тўқиётган нарсасини тушириб юборди.
Бу Илья эди! У дераза ойнасига ёпишиб турар, суюниб тиржаяр эди.
Галина Васильевна югуриб бориб эшикни очиб юборди.
— Илюшенька! Вой худойим-ей, бирам қўрқитиб юбордингки! Бу ёққа қанақа қилиб чиқдинг?
— Мен ҳув анавидан… — Илья болохона айвонига ёндош ўсган қарағайни кўрсатди.
— Йиқилиб тушишинг мумкин эди-ку, ахир! — деди Галина Васильевна ўғлини бағрига босиб.
— Йўқ, мен йиқилиб тушмасдим, — деди Илья, онасининг оғушидан чиқаркан. — Юра амаки қани?
— Кетди, — жавоб берди Галина Васильевна, ўғлининг камзули тугмасини қадар экан.
— Афсус, — хафа бўлди Илья. — У жуда мароқли суҳбатдош-да.
— Ҳа, у билан гаплашсанг маза қиласан, — деди Галина Васильевна ва қўшиб қўйди: — Лекин у кетди. Менингча, бутунлай кетди. Сен жуда вақтида келдинг-да. Мен енгсиз нимчани тўқиб бўлдим. Сени ҳеч ким кўрмадими?
Илья бошини силкиди.
— Яхши. Отанг билан бирор муддат учрашмай турганинг маъқул.
— Мен подпольега ўтаман, — деди Илья.
— У ер зах эмасми? — сўради Галина Васильевна ўғлига камзулни кийдираркан.
— Баданимга ботяпти, — пешонасини тириштирди Илья.
— Лекин иссиқ тутади, болам. — У ўғлини кўзгу олдига олиб борди. Енгсиз оқ камзул оппоқ эди, унинг кўкрагига қизил рангда Че Геваранинг инқилобий боши туширилган эди. Илья елкаларини тўғрилади.
— Ёқдими? Ёқдими, Илюша? — сўради онаси.
Илья жавоб бермади, у кўзгуда ўз аксига қараш билан овора эди.
— Бу фикр кимнинг миясига келганини биласанми? Ўйлаб топ-чи? Дашенька Канишева… Расмни ҳам ўзи топди. — Галина Васильевна ўғлини ўзи томон ўгирди-да, кафтини унинг ёноқларига қўйди ва кўзларига тик қараб, ёниб гапирди: — Даша сени севади, Илюшенька! Шундай севадики, бугунги кунда бунақа севишмайди! Чин қалбдан, бор вужуди билан!
— Мен коммунистман, ойи, — деди Илья онасининг қўлидан чиқиб кетишга уриниб, лекин бунга муваффақ бўлолмади — онаси унинг ёноқларини шундай қисдики, кўзлари думалоқлашиб, лаблари тўртбурчак ҳолига келди.
— Ахир коммунистлар, ахир ҳақиқий коммунистлар севишмаганмиди? Маркснинг ўз Женниси, Лениннинг Надежда Костантиновнаси ва Инесса Арманди бор эди. Коммунистлар ҳам, Илюшенька, одам, ахир! — Галина Васильевна бирдан ҳаяжондан тўлқинланиб Ильянинг юзини — кўзи, пешонаси, бурнини бўсаларга кўмиб ташлади…

3

Печенкин бир ўзи қоронғи кинозалда ўтирар, “Дайди”ни томоша қилар, писта чақиб, туфлаб ташларди, лекин ҳеч кайфияти кўтарилмасди. Кутилмаганда нимадир шитирлаб кетди, кино тасмаси узилди ва экран оппоқ бўлиб қолди. Залда чироқ ёнди. Владимир Иванович қимир этмай ўтирганча бошини қайириб у ёқ-бу ёққа қаради, жимликка қулоқ тутди. Киномеханик дарчасига назар ташлади, тағин оқ экранга қаради. Кейин икки бармоғидан ҳалқа ясади-да, оғзига тиқди ва қароқчиларча қулоқни тешиб юборгудек ҳуштак чалди. Лекин экран оқлигича тураверди. Шунда Владимир Иванович оёғи билан ёғоч тўшамани тапиллатиб бўкирди:
— Ҳой этикдўзлар! Кинони қўйинглар!
Лекин тепадагилар уни эшитишмади ва Владимир Иванович ўрнидан туриб, ер тепиб, айиққа ўхшаб ўкира бошлади.
Залда чироқ ўчиб, экранда яна тасвир пайдо бўлди. Печенкин енгил нафас олиб, ёғоч курсига ўтирди, терлаган пешанасини артди, сал ўзига келгандек бўлди… Лекин экранга қаради-ю, яна ўрнидан туриб кетди. Экрандаги тасвир Ҳиндистон эмасди. У ерда қуёш, хурмо дарахти ва қўшиқ эмас, балки лой, совуқ ва қон тасвирланарди. Бу Россия эди. Урбанский эгнидаги кўйлагини йиртиб, кўкрагидан отишларини талаб қиларди. Бу “Дайди” эмас. — “Коммунист” эди. Печенкин гап нимадалигини дарҳол тушунди.
— Коммунист!!! — деб бақирди ва залдан отилиб чиқиб кетди.

4

У киномеханик хонасига отилиб кирди. Афтидан, Ноил керакли кинолентани қидирганга ўхшайди. Кўплаб тасмалар чувалашиб ётарди. Ўзи эса ўлгудай ичган шекилли, гармон чалганича татарча қўшиқ айтарди:

Толлар, толлар, елда эгилиб турар,
Толлар, толлар шохи букилиб турар.
Сени яна бир бор кўрсайдим —
Юрагим эзилар, хаёл чарх урар.

Владимир Иванович, ҳайрон бўлиб жилмайди ва бақирди:
— Ноил!
У чалишдан тўхтади, қўшиқни тўхтатди, танимагандай Печенкинга қаради.
— Ноил, нима бало, сен ичмасдинг-ку! — кулиб, ҳайратланиб сўради Печенкин.
Ноил, афтидан, уни энди таниди шекилли, тортинмадиям, қўрқмадиям, кўкрагини кериб, гердайганча деди:
— Ким хўжайин — татар хўжайин!
Ва яна чалиб, куйлай бошлади:

Толлар, толлар, елда эгилиб турар…

Печенкин атрофга кўз югуртирди, бурчакда стол устида арман коньягидан бўшаган шишага кўзи тушди. Ёритгич шақирлади, ғилдираклар айланди, кино тасмаси ўта бошлади.
Владимир Ивановичнинг орқасида сассиз-садосиз Седой пайдо бўлди.
— Ана холос, — деди у ҳуштак чалиб.
Печенкин тасмалар уюмидан ҳатлаб ўтди-да, девордаги тўртбурчак дарча ёнига келди ва экранга қаради.
— Кишиларни йўқотаяпмиз! Яхши кишиларни йўқотаяпмиз! — деди Ленин чучук тилда алам билан.
Печенкин орқага ўгирилиб, Седойга диққат билан қаради. У тортиниброқ кулди-да, қўл силтади.
— Ўртоғингиз бирам ғалати экан, бирам ғалати эканки! Бу ёққа олиб келаётганимда уйғонди-ю, ҳадеб битта сўзни такрорлайверди: “Бугунги кунда худо долзарб эмас! Бугунги кунда худо долзарб эмас”. “Долзарб дея ким айтди?” дедим мен. — Седой яна кулди.
— Нима, сен уни қўйиб юбордингми? — сўради Печенкин Седойга ҳам, гармон чалаётган Ноилга ҳам қарамасдан.
— Мен уни ҳеч қаёққа қўйиб юборганим йўқ, — жаҳл қилди Седой. — Мен уни қўриқчилар хонасига беркитдим — дарров ухлаб қолди. Кейин келаётсам — рўпарамдан Галина Васильевна чиқиб қолди. “Қани у”, — деб сўради. Мен, “Менга калитни беринг, у билан гаплашиб олишим керак” деди. Калитни бердим… У калитни олди… Бор гап шу. — Седой қўлларини ёйди.
Печенкин ишшайди, Седойнинг ёнига келди, тушунаман дегандай бош ирғади, панжасини унинг бўйнига қўйди, пешанасини пешанасига тиради-да, минғирлади:
— Кетган бўлса кетибди-да. Бунинг ҳеч куядиган ери йўқ, Нилич, қўядиган ери йўқ. “Мерс”нинг рулчаси — рамзини синдириб кетишибди, мана буни ғам деса бўлади. Учинчи. Учинчи рамз, Нилич…
Седой орқага тисарилди, лекин Печенкин уни қўйиб юбормади.
— Нега ахир, Иванич, мен ҳозиргина текшириб кўрдим, у жойида турибди, — шивирлади Седой қизариб. — Жойида турибди. Ҳозиргина кўрдим. — Седой яна чиқиб кетишга уринди, унинг ёноқлари кўкариб, кўзлари намланди. — Синдиришгани йўқ, Иванич, — хириллади у сўнгги умидини ҳам йўқотиб.
— Синдиришмабдими — демак, синдиришади, — деди Печенкин суҳбатга секин ва шафқатсиз якун ясаркан ва қаттиқ зарб билан пешонасини Седойнинг пешонасига урди.

Йигирма еттинчи боб

ПЕЧЕНКИНЛАР ОИЛАСИНИНГ СИРИ

1
Улар — эр ва хотин, худди душман душманга рўпара тургандек, бир-бирига қарши туришарди.
Галина Васильевна қўлларини кўксида айқаштириб олган, оёқларини олдига чиқариб, гавдасини сал орқага ташлаган, эрига тепадан пастга қарагандек киноя билан, устунлик ҳисси ила боқарди. Ҳолбуки, Владимир Ивановичнинг бўйи ундан баландроқ эди. Лекин ҳозир паст ва кичик кўринарди. Печенкиннинг қони қайнар, ҳозир портлагудек ҳолатда эди. Энди унда икки йўл бор эди: ниҳоят ва тез орада портлаб минглаб бўлакларга бўлиниб кетади ёки ўша минглаб бўлакларга ўзининг қонуний хотинини бўлиб ташлайди. Унинг иккинчи йўлни танлагани аниқ. Галина Васильевна буни кўриб ва тушуниб турибди. У бундай якунга рози эди. Галинанинг ўзи эри томонидан минглаб бўлакларга бўлиниб ташланишига тайёрлиги уни юксалтирар, янада муҳимроқ, каттароқ қилиб кўрсатарди.
— Юркани… сен… қўйиб юбордингми? — кутилмаганда сўради баланд димоғда Владимир Иванович.
— Мен уни қўйиб юборганим йўқ, — дарҳол жавоб берди Галина Васильевна бамайлихотир ва ишонч билан.
— Қайта сўраяпман: Юрани сен қўйиб юбордингми? — бу сафар Печенкин ўзини йўқотмай, ҳамишаги дадил овозда сўради.
— Мен ҳам қайта айтаяпман, уни мен қўйиб юборганим йўқ, — жавоб берди Галина Васильевна янада қатъий оҳангда.
— Лекин у… ўзи кетолмасди, — анча ўзини йўқотиб деди Печенкин. — Ахир у ўзини билмай ётарди-ку!
— Йўқ, у тезда ўзига келди.
— Демак, қўйиб юборгансан?!
— Мен уни қўйиб юборганим йўқ. Мен уни ҳайдаб юбордим, — деди Галина Васильевна янада хотиржам ва енгил табассум билан.
Печенкин қулоқларига ишонмади. У бир қадам ортга чекинди ва хотинига узоқ қараб қолди.
— Қанақасига? — деди у ниҳоят.
— Қанақасига? — такрорлади Галина Васильевна. — Оддий қилиб. Унга: “Оиламиздан даф бўл”, деб айтдим.
— “Оиламиздан даф бўл”? — сўради қайтариб Печенкин.
— Ҳа, оиламиздан даф бўл, — тасдиқлади Галина Васильевна.
Печенкин жунбушга келган қўлининг бармоқларини хотинининг бўйнига чўзди, лекин ўзини босиб, яна орқага тисарилди. Қўлларини орқасига яширди ва ўзини сал-пал тинчлантириб олиш учун маҳбуслар сайрга чиққанларида айланганларидек доира ясаб айлана бошлади. Бу доиранинг ўртасида эса Галина Васильевна турарди.
— Биласанми Галк, гап нимада, — оёқлари остига қараганча минғирлади Печенкин айланишда давом этиб. — Биласанми, Галк… Сен аёлсан, лекин мени тушунишинг керак. Эркакларда шундай бир тушунча бор — дўстлик, мардона дўстлик. Бу сенинг иззат-нафсингга тегмасин-у, лекин эркак учун дўст — хотиндан афзал, ҳаммадан афзал… Бу ерда ҳеч таққослаб бўлмайди, дўст — бу дўст! Мана шунақа… Менинг дўстим бор эди. Желудков Юрка. Желудь. У мен учун ўзини ўтга, сувга уришдан ҳам тоймасди. Мен ҳам унга шундай эдим. Кейин у ғойиб бўлди. Мен дўстсиз қолдим. Сўнгра у пайдо бўлди. Дўст.
— Дўст эмас у сенга, у ғаним, — эрининг сўзини бўлди Галина Васильевна.
— Ғаним?
— Ҳа, ғаним.
— Ғаним?
— Ғаним.
Печенкин қаҳ-қаҳ уриб кулди:
— Нима, сен мени “янги рус”, уни эса бомж деб айтмоқчимисан? Нима бало, қандай мамлакатда яшаётганимизни унутдингми? Эҳтимол, эртага мен бомж бўлиб қоларман, у бўлса “янги рус”га айланар. Ё шундай эмасми? — Владимир Иванович яна доира бўйлаб айлана бошлади.
— Йўқ, ундай эмас, — рози бўлмади Галина Васильевна. — Сенинг дўстинг йўқ, ўғлинг бор.
Шунда Печенкин тўхтаб қолди, сўради:
— Ким?
— Ўғлинг.
— Қанақа ўғил? — Владимир Ивановичнинг кулгиси қистади ва кулиб юборди.
— Илюша…
— Нима, исмини нима дединг? — Печенкин яхшироқ эшитиш учун кафтини қулоғига тутди.
— Унинг исми Илья, Илья Владимирович Печенкин, — деди аниқ ва баланд овозда Галина Васильевна ва қўшиб қўйди: сен уни ворис сифатида тезроқ расмийлаштиришинг керак.
Печенкин “ҳа” дегандек бош ирғади, яна доира бўйлаб айлана бошлади ва минғирлади:
— Телевизорда кўрсатишди… Бизнинг болаларимиздан биттаси Францияда… ота-онасини отибди, яна бешта қариндошини ўлдирибди… Ғирт етим, ягона меросхўр… икки йилга кесишибди, яқинда чиқади… Пул уники… шундай бўлса майли эди-я… Бу бўлса менинг пулимни партиянинг пулига айлантиради… Ахир, у коммунист-ку!
Галина Васильевна “уф” тортди.
— Нега тушунмайсан, ахир, Володя, бола ҳали ёш, болалигидан воз кечгиси келмаяпти! Ўзинг қароқчи казаклар ўйинини қандай яхши кўрганингни бир ўйлаб кўр, ойинг чақирганда уйга сира боргинг келмасди-ку? Илюшанинг болалигини узайтириш бизнинг ота-оналик бурчимиз!
Бунга жавобан Печенкиннинг кўрсаткич бармоғи Галина Васильевна тумшуғи тагида соат капкиридек ўйнай бошлади ва Владимир Иванович дона-дона қилиб гапира бошлади:
— Мен. Унга. Ҳеч нарса. Қарз эмасман.
— Сендан сўнгги бор илтимос қиламан, — деди ғамгин Галина Васильевна.
— Сўнгги борми? — суюнди Печенкин. — Сўнгги бор бўлгани яхши. Нега мунча шошаяпсан? Хўш? Ёки чойимга маргумуш қўшяпсанми? Негадир кейинги пайтда жиғилдоним кўп қайнайдиган бўлиб қолди… Сен ўзинг меросингни расмийлаштирдингми?
У бирдан хотини томоғига панжа солди ва аста-секин қиса бошлади. Галина Васильевна унинг қўлидан чиқиб кетишга уринмади ҳам.
— Кечирим сўра, — деди аёл зўрға нафас олиб.
Владимир Иванович қўлини тортиб олди ва ўзини йўқотиб хотинига қаради.
Галина Васильевна ҳаводан ютиб, маълум қилди;
— Мен аллақачон расмийлаштирганман, Володя. Ҳаммаси Илюшага қолади, сенга эса гўсхўрлигинг қолади.
— Гўсхўр? — қайта сўради Печенкин, бу сўзнинг маъносини тушуниш учун.
— Гўсхўр, Володя, гўсхўр, — тинчлантирувчи оҳангда гапирди аёл.
— Қанақа гўсхўр? — ҳалиям тушунмасди Печенкин.
— Қанақа бўларди, сен кўтариб юрган доғ-да, — жилмайди ҳамдардлик билан Галина Васильевна.
Печенкин унга телбаларча қаради, кейин худди хира пашшани ҳайдагандек, қўлини боши узра силтади ва яна мўлтираб хотинига қаради.
Галина Васильевна оғзини кафти билан беркитиб секингина кулди, ёнида турган стулга ўтирди, кулгидан ёшланган кўзларини эрига тикиб, тушунтира бошлади:
— Хотин энг охирида билади, дейишади… Эр бўлса, умуман билмас экан! То хотини ўзи айтмагунча билолмас экан… Эҳ, Володя, Володя… Сен ўз дўстингни милиция билан, экстрасенслар билан изладинг. Ҳолбуки, мендан сўрашинг керак эди. Ахир, ўша куни сизлар озмунча ичдингларми, ҳа, озмунча эмас… Сен қабулхонадаги диванда ухлаб қолдинг. Бу пайтда ухлаш хонасида биз Юра билан бирга эдик… Ҳозирги ибора билан айтганда — муҳаббат билан машғул эдик… У мени севарди ўша пайтлар, севарди, сен эса буни сезмасдинг. Ҳа, айтгандай, у ўйнашликни жуда яхши эплади, одатда, кўп ичувчилар бундай сифатга эга бўлмайдилар. Ҳамма иш, ниҳоят, тугаб бўлгач, у жуда қўрқиб кетди ва “Энди мен нима қилай?” деб сўради. Шунда мен унга: “Оиламиздан даф бўл” дедим.
Галина Васильевна бу оғир хотиралардан шу қадар ҳаяжонланган эдики, эрининг ғойиб бўлганини ҳам сезмай қолди. Умуман, энди бунинг аҳамияти йўқ эди, у гапида давом этди:
— Фақат унинг айби йўқ, Володя. Уни кўрпамизга ўзим судрагандим, гарчи бу иш менга жирканч бўлса-да. Мен сенинг келажагинг ва Илюшанинг келажаги учун ўзимнинг аёллик номусимни қурбон қилдим. Рус аёли ўз табиатига кўра фидойидир, бу ҳақда қанча гапирилган, қанча ёзилган…
Галина Васильевна гапирарди. Айтадиган гаплари кўп эди унинг.

2

Тунги ахлатхона тутаб ётарди, у ер-бу ерда ёнаётган нарсалар қизариб кўринарди. Шинам ва дабдабали пуштиранг “Роллс-ройс” ана шу кўримсиз жойнинг қоқ ўртасида тўхтади. Бу — бир вақтлар Илья “Запорожец” устида туриб тарғибот нутқи ирод қилган жой эди. Печенкин “Роллс-ройс”дан отилиб чиқди ва дадил машина копотига сакради, у ердан томига кўтарилди. Тўрт томонга кўз югуртириб, мушт ўқталганча бақирди:
— Желудь! Чиқ буёққа! Чиқ, аблаҳ, афт-башарангни дабдала қиламан!

Йигирма саккизинчи боб

КОММУНИСТ — МАҲКУМ ОДАМ

Шахдам одим ташлаб боришарди… Зўр, мағрур, дадил… Ҳатто дискотека эшиги олдида тўдалашиб турган кенг чолворли урушқоқ рэпперлар1 ҳам уларга йўл бериб, четга чиқдилар. Улар бирдек қадам ташлашар, елкама-елка боришар, улар индашмас, фақат олға қараганча юришда давом этишарди. Бу қанақадир ҳали кўрилмаган, янги, сирли куч эди. Уларга гапиришга ҳам ботина олишмасди. Фақат изларидан қараб қолишарди.
Тун яримдан оққан бўлишига қарамай, Ленин кўчаси одамлар билан гавжум эди: кундузи уйқуга тўйган Придонск ёшлари ўйнаб-кулиш ва кўнгил очиш учун бу ерга оқиб келаяпти.
Бутун Ленин кўчасини босиб ўтган дўстлар нимқоронғи, бўмбўш Володарский кўчасига бурилишди, ундан Заводская кўчасига ўтишди. Бу кўчада ҳеч ким йўқ эди. Кўп ўтмай улар Завод майдонига чиқиб олишди.
Чап томонда улкан чироқ нури ёритаётган Ленин ҳайкали савлат тўкиб турарди. Ўнг томонда эса биллур ибодатхона ичидан ёришиб турганди. Худди шу ерда кичкинагина келишмовчилик юз берди — Ким билан Анжела Дэвис ҳайкал ёнига боришмоқчи эди, Илья бўлса, ибодатхонага йўналди.
— Нима учун у ерда эмас, бу ерда? — уялинқираб сўради Ким.
— Шундай бўлиши зарур, — деди Илья йўл-йўлакай.
Ибодатхонанинг тепасидан пастигача шубҳа билан қараб чиққан Анжела Дэвис сўради:
— Халқ уни нима деб аташганини биласизларми? Қадаҳ! Печенкин ўзига қадаҳ ясаттирди. — Қиз кулди, унга Ким ҳам қўшилди. Лекин Илья уларни жим бўлишга мажбур этди.
— Жим бўлинглар! Бу ерга кулиш учун келганларинг йўқ…
Ибодатхона ичида хилма-хил чироқлар ёнар, санамларнинг хира юзларини зўрға ёритарди. Илья шерикларига қараб секин гапирди:
— Сизларни ёдлашга мажбур қилмоқчи эдим, лекин бунинг фойдаси йўқ… Шунинг учун мен айтаман, сизлар такрорлайсизлар. Биринчи банд. Коммунист — маҳкум одам.
— Биринчи банд…
— Сизлар бандни айтишларинг шарт эмас. Коммунист — маҳкум одам.
— Коммунист — маҳкум одам, — баравар жўр бўлишди Ким ва Анжела Дэвис.
— Унинг ўз манфаатлари йўқ, на иши, на ҳиссиёти, на мулки ва на исми бўлмайди…
Анжела Дэвис буни ҳаяжон билан такрорлади ва ҳатто шарҳлади ҳам:
— Ўзим ҳам шундай деб ўйловдим…
Илья уни тўхтатди:
— Ундаги бор нарса ягона манфаатга, ягона мақсадга — инқилобга сингдирилгандир. — Ильянинг овози борган сари кучайиб борарди.
— Инқилобга сингдирилгандир! — бор овоз билан такрорлашди сафдошлари.
— Иккинчи банд.
— Ҳаммаси бўлиб нечта банд ўзи? — қизиқсинди Анжела Дэвис.
— Йигирма олтита.
Қиз бошини қашиди. Ким тортиниброқ кулди-да, Ильяга мурожаат қилди:
— Сен йигирма олтитанинг ҳаммасини эслайсанми?
— Бўлмасам-чи, — жавоб берди Илья, — такрорланглар: … У ўзининг бутун қалби билан…
— У ўзининг бутун қалби билан…
— Фақат сўзда эмас, балки амалди…
— Фақат сўзда эмас, балки амалда…
— У бутун зиёли олам билан, бу дунёнинг барча қонунлари, одатлари, ижтимоий шартлари, ахлоқи билан ҳар қандай алоқани узади.
— … Ҳар қандай алоқани узади.
— Ленин айтганидек, ахлоқ эксплуататорлик жамиятини бузишга ва коммунистлар жамиятини бунёд этаётган барчанинг бирлашишига хизмат қилади. Яъни, коммунистларнинг янги жамиятини тузаётганларнинг бирлашишига хизмат қилади. Тушунарлими?
Лекин, афтидан, корейсга унча тушунарли эмасди.
— Ахлоқлилик — бу бузилиш. Энди тушунарлими?
Ким бош ирғади.
Илья бир зумга ўйланиб қолди, қасам матнини хотирасида тиклай бошлади.
Майдоннинг чеккасида милициянинг “Уазик” машинаси пайдо бўлди.
— … Бу дунёнинг ахлоқлилиги, — дея яна такрорлади Илья милициядан кўзини узмай “Уазик” бир силкиниб қоронғуликка шўнғиди. — Коммунист унинг учун беаёв душмандир, — деди шошиб Илья, — ва агар у шу дунёда яшашда давом этаркан, фақат уни бузиш учун яшайди.
— Коммунист унинг учун — беаёв душмандир ва агар у шу дунёда яшашда давом этаркан, фақат уни бузиш учун яшайди, — шошиб такрорлашди корейс ва мулат қиз.
— Бўлди! — деди кутилмаганда Илья қасамни бўлиб ва милиция патрули кетган томонга қаради.
— Сен айтдинг-ку, йигирма олти банд деб, — айёрлик билан кўзини пирпиратиб сўради Ким.
— Сизлар учун иккитаси ҳам етади, — деди норози оҳангда Илья.
— Иккитаси ҳам етади, — жон деб рози бўлди Анжела Дэвис. У дилдирай бошлаганди — ҳаво совуқ эди.
Илья жилмайди:
— Шу ондан эътиборан сизлар КЯЖ — Коммунистлар янги жамиятининг аъзосисизлар. Табриклайман.
— Ҳеч жойга қўл қўйиш керакмасми? — жуда жиддий сўради Ким.
— Ҳозир имзолайсизлар, — дея уларни тинчлантирди Илья ва ён чўнтагидан тол шашка1 чиқарди.
— Вой-бу-уй! — ҳайрон бўлди Ким. — Қаердан олдинг?
— Атом бомбасини таклиф қилишди, лекин жуда қиммат экан, — ҳазиллашди Илья. Унинг нариги қўлида зажигалка пайдо бўлди.
Илья ғурур билан жилмайганча бир сафдошларига, бир биллур ибодатхонага разм солди.
— Хўш, байрам хамирига латта қўшамизми? — қувноқ ҳолда таклиф қилди Илья.
Ким ҳам, Анжела Дэвис ҳам доҳийлари нима қилмоқчи эканини дарҳол тушунишди. Лекин уларнинг юз ифодаларига қараб бундай қилинишига ишонгилари келмаётганини тушуниш қийин эмасди.
Илья зажигалка тугмасини босди, лекин шамол алангани ўша заҳоти ўчирди.
Илья кулди.
— Ахир, ўзларинг айтдиларинг: худо йўқ, деб. Ўзларинг бақирдиларинг-ку: худо йўқ, — дея. Шундай эмасми? — сўради Илья ва зажигалкани чиқиллата бошлади.
— Ҳа, йўқ, — тўнғиллади Анжела Дэвис.
— Йўқ, ҳа, — минғиллади Ким.
Илья яна кулди:
— Қўрқаяпсизларми? Павка попнинг хамирига латта қўшаётганда ҳали худо борлигига ишонарди. Лекин барибир хамирга латта қўшди. Сизлар Худо йўқ деяпсизлар-у, қўрқаяпсизлар!
— Нима, бизлар худодан қўрқамизми? — норози бўлди Анжела Дэвис.
— Бизни қамашади, — вазиятни тушунтирди Ким.
— Қамашмайди, — таскин берди Илья. — Борди-ю қамашса, янаям яхши, бизга янги жафокашлар керак.
— Лекин бу шиша қасри учун қанча пул сарфлашганини биласанми?! — борган сари қизишарди Анжела Дэвис.
— Қанча? — масхара қилиб сўради Илья.
— Қанча-қанча? Жуда кўп!
— Лекин бу пуллар кимники эканини биласанми? Бу пуллар сенинг бувингники. Бу онангнинг пуллари. Бу сизларнинг пулингиз! Печенкин бу пулларни халқдан ўғирлаб, унинг эвазига шуҳрат қозонмоқчи бўлди. Демак, бу пуллар сизларники ва шу пулларга қурилган бу бинони нима хоҳласангиз шундай қила оласиз.
Зажигалка чиқиллайверди, чиқиллайверди, аланга ёндию ўчиб қолаверди, ўчиб қолаверди.
— Мен буни истамайман! — бақирди Анжела Дэвис. — Майли, тураверсин!
— Ленин-чи? — истеҳзоли ўшқирди Илья.
— Ленин ҳам тураверсин!
Ким қизнинг гапига қўшиламан деб бош ирғади. Илья зажигалкани чиқиллатишни бас қилиб, секин ва хотиржам гапира бошлади:
— Сизлар ҳали улар иккови бу ерда ёнма-ён тура олмаслигини тушунмаяпсизлар.
— Агар улар бугун бу ерда ибодатхона қурган эканлар, эртага ҳайкални олиб ташлашни хоҳлаб қолишади. Худо йўқ. Уни ҳеч ким ҳеч қаерда кўрмаган. Ленин эса бор. Мен кўрганман Ленинни.
Илья ғазаби қайнаб, атрофга кўз югуртирди ва зажигалкани ёқди, шунда худди мўъжиза юз бергандай бўлди — шамол бутунлай тинди, аланга липилламай қўйди. Илья уни портлатгичга уланган бикфорда ипининг учига теккизди. У қаттиқ пишиллади ва учқун сочиб ёна бошлади.
Анжела Дэвис югуриб бораётган оқ алангадан кўз узмай чинқириб юборди.
— Қочинглар! — бақирди Илья; у қўлидаги портлатгични дарвоза панжарасидан ошириб отди ва қочиб қолди.
— Ойижон! — шивирлади Анжела Дэвис ва бошқа томонга қараб қочди.
Ким довдираб шашкага қараб турди, дарвоза панжарасини тортиб кўрди-да, у ҳам қочди.
Қандай қочишганини кўрсангиз эди! Шиддат билан узоқ югуришди, нафас олмай чопишди. Бирдан нафаслари етмай тўхтаб қолишди, чарчаб йиқилишди. Анжела Дэвис йиқиларкан қандайдир панжарага суялиб қолди, кейин ерга ётиб, бир неча сония нафас олмай атрофга қулоқ тутди. Жимжитлик. Портлаш юз бермади.
Анжела Дэвис ҳиқиллаб нафас ола бошлади, унинг ҳиқ-ҳиқ йиғиси тезлашиб ва баландлашиб борарди. Лекин шу онда панжаранинг нариги томонида яна кимдир тез-тез нафас олаётганини эшитиб қолди. Бошини кўтариб қаради ва нариги томонда унга қараб турган Кимни кўриб қолди. Энди иккаласи баравар тез-тез нафас ола бошлашди.

2

Тонг отган, қуёш Дон узра кўтарилиб бўлган, улар эса ҳамон рақс тушишарди. Байроқ кўтариладиган майдончани улар рақс майдонига айлантирган эдилар. Брюс Лининг журналлардан қирқиб олинган расмлари ёпиштириб ташланган эски магнитофонини Ким сим билан флагштокка илиб қўйганди. Жо Дассен қўшиқ куйларди. Йигит ва қиз қизишиб кетган бўлишса-да, бир-биридан маълум масофада рақс тушишарди. Анжела Дэвиснинг жағи тинмасди:
— Бувим эрга тегмоқчи бўлаяпти. Ўзларининг Коромисловларига. Хонага кириб қарасам қучоқлашиб туришибди. Кейин мен унга: “Бувижон, мен сизга презерватив совға қиламан”, — дедим. Таёқ билан бошимга тушириб қолса бўладими! Ғуррани қара!
Қиз жингалак сочли бошини энгаштириб, жим кутди. Ва бирдан Ким унинг бошига лабини босди.
Анжела Дэвис ҳайрон бўлиб унга қаради.
— Хоҳлайсанми, мен сенга ўнинчи сталинча зарбани айтиб бераман? — деди Ким.
— Хоҳлайман, — жавоб берди шошиб қиз.
— Бу… 1944 йилнинг октябрида — қўшинлар ҳамда Шимолий флотнинг Заполяриядаги зарбалари. — Кимнинг ўзи ҳам шошиб қолди. Авваллари ҳеч эсига келмасди, энди бўлса…
— Биллур ибодатхонани портлатишга ким йўл қўймаганини мен биламан, — деди дадил Анжела Дэвис.
— Ким?
— Янги коммунист ўртоқлар!
Улар Ильянинг овозини эшитишди. Гарчи унинг бу ерда, ўз подпольесида пайдо бўлишини билишса-да, бараварига чўчиб тушишди. Илья пастда турар ва ўз сафдошларига истеҳзо билан қарарди.
— Ўйна! — буюрди Анжела Дэвис ва улар рақс тушишни давом эттиришди.
— Юринглар, чўмиламиз, — таклиф қилди у, лекин рақс тушувчилар уни эшитмаганга олишди.
— Мени ўп, — буюрди шивирлаб Анжела Дэвис.
Ким бу чинакамига ўпишиш эмас деб ўйлаб лабини найсимон қилиб чўзди-да, кўзларини юмиб олдинга интилди, лекин қизгача етолмади, юраги бетламади. У кўзини очиб, Анжела Дэвиснинг қаҳрли нигоҳига дуч келди.
Илья “ҳм” деб қўйди киноя билан.
— Нима бало, қўрққанларингдан гангиб қолдингларми? — сўради у кўйлагини ечиб ташларкан.
— Бўм! Жи! Кия! — норози бўлиб тўнғиллади Ким.
Анжела Дэвис рақс тушаётган шеригини ҳам эсдан чиқарди-да, Ильяга ўгирилиб бақирди:
— Биласанми, биллур ибодатхонани портлатишга ким йўл қўймади?
— Хўш, ким экан у? — сўради Илья.
— Худо! — деди Анжела Дэвис.
Илья қаҳ-қаҳ уриб кулди.
— Ўзим ҳам шундай деб ўйловдим…
— Нимага кишнаяпсан? — ўдағайлади Анжела Дэвис.
Илья жиддий тус олди.
— Ундай бўлса Худо — менман. Кечаги бир муляж эди. Муляж, тушунаяпсизларми? Мумдан портловчи шашкага ўхшатиб ясалган муляж. Мен уни портлатиш ниятим ҳам йўқ эди. Коммунистлар — ваҳший эмас. Лекин биз огоҳлантириб қўйишимиз керак. Мен унга “КЯЖ” деб ёзиб қўйгандим. Сизлар учун эса бир синов эди. Сизлар синовдан ўтолмадинглар. Шунинг учун сизларга ҳайфсан эълон қиламан. Қаттиқ ҳайфсан! Энди эса кетдик чўмилгани, — деди у ва жинси шимини еча бошлади.
— Печенкин! — қичқирди бирдан Анжела Дэвис.
Афтидан, Илья буни кутмаган эди.
— Илья Печенкин! — давом эттирди ўз ҳужумини мулат қиз. — Билмайди деб ўйлайсанми? Ҳа, мен аллақачон тушунганман буни! Сен — Печенкинсан, мана кимсан, билдингми!
Ильянинг наслий фамилияси қизнинг оғзидан ҳақоратдек эшитиларди.
— Жин урсин, Печенкин!
— Қулоқ солинглар, ўртоқлар… — Илья уни тинчлантиришга беҳуда уринарди.
— Жин урсин сени, Печенкин!
— Мен сизларни КЯЖдан ўчираман! — бақирди Илья.
— КЯЖ-пяжинг билан жин урсин сени, — деди Анжела Дэвис.
— Сизлар коммунист эмассизлар!
— Бор, ўша коммунистларинг билан қўшмозор бўл!
Анжела Дэвис Кимнинг қўлидан ушлади-да, ҳув нарироқда турган “Запорожец”га қараб судраб кетди.
Илья шимини ушлаганича, уларнинг изидан довдираб қараб қолди. “Запорожец” ҳайрон қоларли даражда тез ўт олди-ю, кўздан ғойиб бўлди.
— Олтинчи банд, — деди ўйчан Илья. — Ўзи учун қаттиққўл бўлган коммунист бошқалар учун ҳам қаттиққўл бўлиши лозим. Қариндош-уруғчилик, дўстлик, севги ва миннатдорликнинг барча нафис ва нозик ҳиссиётлари инқилобий ишнинг биргина совуқ эҳтироси остида чилпарчин бўлиши керак…
Жинси шим сирғалиб ерга тушди, оёғидан кроссовкаларини ечди ва сувга кираркан, сўзида давом этди:
— Коммунист учун фақат биттагина илинж, биттагина завқ бор — бу ҳам бўлса инқилоб зафаридир. Туну кун унда фақат битта фикр бўлиши керак — беаёв бузиш.
Илья жунжиктирувчи муздек сувга кириб бир шўнғиди-да, бақирганича суза кетди:
— Шу мақсад йўлида совуққонлик билан ва бетиним интилиб, бунга эришишга халақит бераётган ҳамма нарсани ўз қўли билан йўқ қилиш ва бу йўлда ўзи ҳам ҳалок бўлишга ҳамиша шай бўлиб туриш лозим!

Йигирма тўққизинчи боб

БУ БОЙЛАРНИ ТУШУНИШ ҚИЙИН

1

Владимир Иванович Геля билан биргаликда она қорнида ривожланаётган гўдакнинг тасмага туширилган тасвирини кўраётган эди. Ҳали кўзлари очилмаган сирли илоҳий хилқат қўлчаларини қимирлатиб қўярди.
— Володька! — деди ғурур билан Печенкин ва Гелянинг тиззаларини қаттиқ қисди. Геля табассум қилди.
— Биласанми, профессор нима деди? Бунақанги соғлом болани анчадан бери кўрмаган эмиш, — деди оналик бахтидан эс-ҳушини йўқотиб Геля.
— Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, — тасдиқлади унинг гапини Печенкин.
— Энди бўлса энг муҳими бўлади, қарагин, ҳозир у бармоғини оғзига солади… Қара! Шу топ экрандаги ҳилқат чиндан ҳам бармоғини оғзига солди.
— Ана, кўрдингми? Кўрдингми? — дея бахтиёр оҳангда сўрарди Геля севган эркагининг, ўз боласига ота бўлган эркакнинг кўзларига қараб.
Печенкин бахтдан энтикиб кетди.
Видеотасвир тугади — у унча узоққа чўзилмади.
Владимир Иванович диванга чўзилди — бошини Гелянинг тиззасига қўйди.
Аёл уни эркалаб, сочларини силади.
— Яна қўйиб бергин, — шивирлаб сўради Печенкин.
— Сен уйга боришинг керак, — эслатди секингина Геля.
Ташқари зим-зиё эди. Соат тўрт бўлганди.
— Яна бир мартагина, — такрорлади у илтимосини.
— Уйга боришинг ке-рак, — яна эслатди Геля.
Печенкин шартта туриб ўтирди. Кафти билан сочини текислади ва қора экранга қараб хотиржам ва қатъий деди:
— Мен уйимдаман. Уйимдаман, ахир. Сен менинг хотинимсан. Володька эса менинг ўғлим.
Геля тугмани босди ва экранда она қорнида ётган хилқат намоён бўлди.
— Володька… Во-ло-одька… — бошини чангаллаганича бахтиёр куйлади Печенкин. — Биз сен биланмиз… ҳаммаси бошқача бўлади! Ҳеч кимни хафа қилмайман, ҳеч кимни алдамайман. Сен мендан ибрат оласан. Донолик оддий, Володька, жуда ҳам оддий: “Ҳалол одамнинг ўғли ҳамиша ҳалол, ўғрининг боласи эса, албатта, ўғри бўлади”. — Владимир Иванович дивандан турди, қўлларини шимининг чўнтагига тиқиб, олдинга-орқага юра бошлади. — Ҳеч қанақа Швейцариянинг кераги йўқ. Шу ерда ўқийсан, Россияда! Придонскда университет очамиз… Владимир Иванович номида! Гелянинг ўзига мароқ билан қараб турганини кўриб Печенкин қаҳ-қаҳ отди! — Мен фақат ўйлаб қолдим: Придонскликлар орасида энг машҳури ким? Бундоқ қарасам ўзим эканман, — дея изоҳлади у ва яна қаҳ-қаҳ урди. Қаердадир қўл телефони чийиллади. Владимир Иванович Геляга қаради.
— Бу сенинг махфий телефонинг, — деди у.
Печенкин стул суянчиғига илиб қўйилган пиджаги чўнтагини кавлади ва рақами энг яқин кишиларигагина маълум бўлган аппаратни олди.
— Менман… Ҳа… тушундим… Ҳа, тушунарли бўлди.
Геля унга ташвишли нигоҳ ташлади. Владимир Иванович жилмайди ва гуноҳкорона қўлларини ёйди. У пиджагини кийди ва кутилмаганда қаттиқ-қаттиқ гапирди:
— Бир тасаввур қил-а, Уралов отаси билан Исроилга кетибди.
— Сен айтгандинг буни, — эслатди Геля.
— Айтгандинг? — ҳайрон бўлди Печенкин ва яна эслаб қолди: Лема ўзининг Чеченистонига кетаяпти. Мен унга: “Сени у ерда ўлдиришади” дедим. Биласанми, у менга нима деди? “Ўлдирса ҳам — ўз Ватанимда”. Мана сенга чечен.
— Сен айтгандинг, — яна эслатди Геля.
— Ҳа, айтгандим, — рози бўлди Владимир Иванович. — Шунинг учун айтаяпман-да: “Энди мен ким билан ишлайман?” деб.
Шундай дея бирдан йиқилиб тушди. Бунинг қандай юз берганини тушуниб бўлмасди. Геля қўрқишга ҳам улгурмади, чунки Печенкин аллақачон ўрнидан туриб олганди.
— Гиламга қоқилиб кетдим… — деди у.
Телеэкранда эса она қорнидаги гўдак қўлчасини оғзига тиқди…
— Сен мени кузатма, — деди у эшикка йўналаркан, лекин Геля ўрнидан туриб улгурганди.
Бирдан Печенкин яна йиқилиб тушди — жуда оғир, ноқулай йиқилди.
— Володя! — бақириб юборди қўрққанидан Геля.
Лекин ўрнидан туриб олди.
— Тавба, менга нима бўлди ўзи? — минғирлади Владимир Иванович ҳайрон бўлиб ва эшикка қулади.
2

Телеэкранга сариқ қоғоз қистириб қўйилганди, унда қизил фломастер билан чизилган: “Володя, марҳамат, телевизорни қўй” деган сўзлар ёзилганди.
Печенкин қоғозни олиб, телевизорни қўйди. Янгиликлар берилаётган экан. У бир неча дастурга уланиб кўргачгина видеомагнитофонни қўйиш кераклигини тушунди — кассета қўйилган экан. Экранда Галина Васильевна пайдо бўлди. У телесухандон табассуми билан жилмайди, лекин кўзлари жуда қайғули эди. Печенкин оромкурсига чўкди. Худди шуни кутиб тургандек, Галина Васильевна тилга кирди:
— Тараққиёт нақадар илгарилаб кетди! Ҳозир дунёдан ўтиб кетган нарсани, ҳатто ҳали дунёга келмаган нарсани ҳам кўриш мумкин. Тараққиёт, тараққиёт… Агар саратон касали ривожланса, хуруж қилса бу ҳам тараққиётми? Қўрқма, Володя, мен соппа-соғман! Мен бошқа нарса ҳақида…
Бирдан Галина Васильевнанинг лаблари титради, у қарийб йиғлади, лекин ўзини қўлга олди, жилмайди ва қувноқ, кўтаринки руҳда гапирди:
— Энди қаёққа? Уйга борайми? Йўқ, мен учун уйга бориш нима, гўрга бориш нима — барибир… Гўрга бориш қайтанга яхшироқ… Дарахт тагида бир мозорча… қандай яхши! Офтоб уни иситади, ёмғир уни ивитади… Баҳорда унинг устини майса қоплайди, юмшоққина… Дарахтга қушлар келиб қўнади, сайрашади, бола очишади, гуллар очилади: сариқ, қизил, зангори…
— Ҳар қанақаси… — Галина Васильевна кулиб юборди ва такрорлади, — Ҳар қанақаси…
Печенкин асабий бир тусда бармоқлари билан ёноғини, иягини, пешанасини тирнади, бурнини ушлади. Галина Васильевна худди буни кўриб тургандай эди.
— Сабр қил, Володя, чида, мен тугатаяпман. Сен ҳамиша сабрсиз эдинг. Инсон учун ҳаётда муҳими нима? Муҳими — ўз олдингда, виждонинг олдида ҳалол бўлиш. Мен ўзимга таъна қилолмайман: бутун умримни оиламга, яъни сенга ва Илюшага бағишладим. Ушбу ишимни сизларни деб, фақат сизларни деб қилаяпман. Барча сирлар ошкор бўлади, бу ҳақиқат ва қачонлардир Илюша буни билиб олади ва баҳо беради… Энди сенга келсак, Володя, мени ҳозир тушунишинг керак: менинг бошқа чорам йўқ эди. Умуман мен сени кечираман, ҳаммаси учун кечираман! Володя… Сен биласан — мен жаннат ва жаҳаннам деган барча уйдирмаларга ишонмайман. Лекин нимадир, масалан, жонларнинг руҳга айланиши бўлиши керак… Ўшанда биз сен билан янги ҳаётда учрашармиз, эҳтимол кучукча, ёки денгиз махлуқи бўлиб ва сен: “Галка, сен нақадар ҳақ эдинг!” дерсан. Сўнгги илтимосим, Володя: мен Илюшани кутиб олишга чиққанимдаги кийимда бўлишимга эътибор қил. Эсингда бўлсин: мовий-маржон ва бинафша ранг. Жанозамни Николай ота ўқисин. Фақат ортиқча тўлама, шундоқ ҳам у бизлардан қарздор.
Галина Васильевна экранда жилмайганча қотиб қолди. Печенкин кўйлагининг тугмасини ечиб, қўлини ичкари тиқди ва экранга телбаларча тикилганча музлаган кафти билан олов бўлиб ёнаётган кўксини ишқалай кетди.
— Владимир Иванович, Илья келди, — хабар қилди орқадан маллавой.
— Қаерда? — сўради Печенкин орқасига ўгирилмай туриб.
— Соҳилда турибди.

3

Галина Васильевнани қарийб бир кеча-кундуз излашди, бутун шу вақт давомида ота ва ўғил соҳилда, у сирғаниб сувга тушиб кетди дейишган тахта кўприкча ёнида бўлишди. Ҳаво совуди, ёмғир аралаш шамол эсди, лекин Владимир Иванович билан Илья бу ерни тарк этишмади, уларга узун пластик ёмғирпўшлар беришди. Дарё моторли қайиқларга тўлиб кетганди. Уларнинг орасида катерлар ҳам бор эди. Ана шу катерлардан ғоввослар сувга шўнғишар, бироз муддатдан кейин яна қайтиб чиқишарди. Уларнинг орасида Печенкиннинг “Надежда” катери ҳам бор эди. Унинг бурун қисмида оқ капитан фуражкаси кийиб олган дарға турарди. У фуражкасига тиниқ целлофан халта кийдирган эди.
Капитан дурбиндан қарар ва бойўғлига ўхшаб бошини у ёқдан-бу ёққа бурарди.
Ота ва ўғил жим туришарди. Фақат бир марта Ильяга кўз қирини ташлаб Владимир Иванович тўсатдан сўраб қолди:
— Лотинчасига “дарё” нима бўлади?
Илья жавоб бермади.
— Илья, сендан сўраяпман, лотинчасига дарё нима дейилади? — қаттиқроқ такрорлади Печенкин.
— Билмайман, — деди Илья қимир этмай.
— “Ёмғир”чи?
— Билмайман.
— “Қайиқ”ни ҳам билмайсанми?
— Уни ҳам билмайман… Ҳеч нарса билмайман.
— Эсингдан чиқдими?
— Йўқ, ўзи билмасдим.
— Унда бу ерда қандай ўқиб бердинг, таржима қилдинг, эсингдами? — ўзини йўқотиб сўради ота.
— Мен бир парчани ёдлаб олгандим. Матн ва таржимасини…
Владимир Иванович аввалига тушунмади. Кейин англади:
— Ҳа-я, ўшанда сени ким ҳам текшириб кўрарди… Демак, алдабсан-да? — Печенкиннинг овозида ҳайратдан ташқари яна таҳсин ҳам бор эди.
— Демак, шундай.
Шунда ғалати ҳол юз берди — Владимир Иванович кулиб юборди. У бутун танасини силкитиб куларди. Унга Илья ҳам жўр бўлди — кулиб юборди.
Каютадан палубага ғалати кўринишдаги матрос ўрмалаб чиқди: Унинг шими йўқ, эгнида пахталик камзул, унинг тагидан хотинларнинг тунги кўйлагига ўхшаган узун ичкўйлак, бошида телпак-қулоқчин, ипини иягидан ўтказиб боғлаб олибди. У афтидан, шўнғийвериб шамоллаб қолган бўлса керак, кўнгли айнаяпганга ўхшарди. Бошини силкиб ва қўллари билан биқинини ушлаб, матрос йигит соҳилда турган ота ва болага қаради.
— Улар нима қилаяпти, йиғлашаяптими?
— Кулишаяпти, — деди ғижиниб капитан дурбиндан кўзини олмай.
Бу рост эди — улар кулишарди.
— Шу бойларни тушуниш қийин-да, — деди ғаши келиб касал матрос. Шу пайт дарёдагилар бақиришиб, қўлларини силкий бошлашди. Бир нечта қайиқ дарҳол моторини юргизиб, ўша — нимадир содир бўлган жойга шошилишди. Капитан шошиб дурбинини ўша томонга тўғрилади.
— Бўлди, топишди, — деди у.
— Васками? — сўради матрос.
— Васка.
— Омади бор-да шу аблаҳнинг, — тўнғиллади матрос ва асабий эснади.

4

Ғам-ташвиш одамларни бир-бирига яқинлаштиради, дейдилар. Ғам ота ва ўғилни яқинлаштирди. Ғам-ташвишли ўша кунлар мобайнида Печенкинлар ҳамиша ва ҳамма жойда бирга бўлдилар. Четдан қараганда улар изқувар билан қўлга туширилган жиноятчини эслатарди. Битта кишанга солингандек бир-биридан ажралмасдилар; уларни ҳатто елкалари туташиб кетган сиам эгизаклари деса ҳам бўларди. Бир-бирига ўхшамасалар ҳам, бир хил бўлиб қолдилар: юзлари ҳам, кўзлари ҳам бир рангда эди. Бўйлари ҳам тенглашиб қолди — ё ўғлининг бўйи чўзилди, ёки отаси чўкиб қолди. Кийимлари ҳам бир хил эди. Дафн маросимида ота ва бола бир хил қора пальтода эдилар, уларнинг тепасидан бир хил каттакон соябон тутиб боришарди. Мотам куни ҳам бир хил кийиниб олишганди.
Шу давр мобайнида улар икки мартагина бир-биридан ажралишди. Биринчи бор — ота ўғлидан — қабристонда. Ўшанда Владимир Иванович тиззалаб ўтириб олди-да шу кўйи тобут ортидан эргашиб, гоҳ нимадир деб бидирлаб, гоҳ даҳшатли ўкириб — кимгадир ялинибми-ей, кимнидир лаънатлабми-ей, анча ергача борди… Кейин мотам кунида, Илья отасини маълум муддатга қолдириб кетди. Улар улкан столнинг тепа қисмида ёнма-ён ўтиришарди. Алам шаробини ичган кўпчилик маст бўлиб қолди. Илья ўзини ёмон ҳис қила бошлади, йиқилиб тушаман деб қўрқиб кетди, шошиб ўрнидан турди-да, ўз хонасига кириб кетди. Эшикни ёпиб, пиджагини ечди ва бирдан хонанинг ўртасида турган Дашенька Канишевани кўриб қолди.
— Мана! — хитоб қилди қиз ва қурбонларча пешонасини тириштириб мотам либосини еча бошлади. Бутунлай қипяланғоч бўлиб олгач, Дашенька Канишева қучоғини катта очиб болаларча баланд овозда қичқирди: — Мана! Ҳали ҳеч ким! Ҳеч ким! Ол мени, Илюшенька! Балки, шунда сенга осон бўлади! Галя хола менга онамдай эди! У менга онамдан ҳам зиёда эди! Кела қол, Илюшенька.
Илья орқага тисарилди, орқаси билан эшикка тақалди, Дашеньканинг диркиллаб турган қизлик танасига уялиб қарар экан, ундан кўз узишга ўзида куч тополмай, минғирлади:
— Саккизинчи банд. Коммунист учун дўст ва энг азиз одам амалда ўзини худди ўша коммунистдай кўрсата олган кишигина бўла олади…
Ва бирдан болаларча ҳиқиллаб, олға ташланди, йиғлаётган қизнинг ёнидан югуриб ўтди, балконга чиқди, у ердан панжара тўсиғига оёқ қўйди-да, яқинроқ ўсаётган қарағайга сакради, у ушлаган шох синиб кетди ва Илья шох билан бирга пастга қулади. Омади бор экан, ўнғай йиқилди, ҳеч қаери лат емади ҳам. Фақат “Октябрь” кинотеатри томон чопиб кетаётганда сал оқсоқланаётгани сезилди.

Ўттизинчи боб

КОММУНИЗМ БАРИБИР ҒАЛАБА ҚИЛАДИ

Чордоқда каптарлар “ғу-ғу”ларди. Илья сандиқча тагидан тиш порошоги қутичасини олди. У ерда бувасининг ясама жағи ўрнида унинг тўппончаси ётарди. Унга патронни жойлади-да, бўш қўли билан кўкрагидан юраги жойлашган жойни қидира бошлади. Каптарлар уни чалғитаётганди.
— Ҳой, жим бўлинглар! — жаҳли чиқиб бақирди Илья, ҳатто қуроли билан уларга пўписа қилиб ҳам қўйди. Юрагининг жойини аниқлади ва тўппончанинг оғзини ўша ерга тиради.
Стол устида турган Лениннинг ганч ҳайкалчаси кўзини қисгандай бўлди, унинг бу ишини маъқуллаяптими ёки Ильянинг устидан кулаяптими, тушуниб бўлмасди.
Илья кўзини юмиб, тўппончанинг тепкисини боса бошлади, лекин тепки бўйсунмади. Илья кўзини очиб, диққат билан Ленинга қаради. Нимадир бошқача эди… Илья пастда турган яшикдан пепси-кола шишасини олди, қопқоғини очди, столга ўтирди-да, шишани кўтариб сўнгги томчисигача ичди. Ўзини ўлдириш режаси аста-секин пишиб кела бошлади. Илья девордан қизил шойи байроқни юлиб олди-да, ўз ўриндиғидаги адёл устидан ҳафсала билан тўшади.
— Коммунизм ғалаба қилмаслиги ҳам мумкин деб ўйлаш — ўзингнинг ожизлигингни тан олиш демакдир, — деди ўйчан Илья ва қатъий, умидбахшлик билан қўшиб қўйди: — Коммунизм барибир ғалаба қилади!
Бу сўзлар Ильяга жуда маъқул келди, у шошилиб стол ёнига қайтиб келди, бувасининг ёзув дастгоҳидан ручка олди, пўлат перони чўян сиёҳдонга ботирди ва қоғозга йирик ҳарфлар билан: — “Коммунизм барибир ғалаба қилади!” деб ёзди. Ильянинг ҳаракати борган сари аниқ маъно касб этарди. Энди у ўзига ишонч ҳосил қилганди. Илья елкаларини тўғрилади, чуқур нафас олди ва байроқнинг устига чўзилди. Зарҳал ўроқ ва болға унинг чаккаси узра ялтирарди. Ильянинг кўзларида қатъият ва хотиржамлик акс этарди. Лекин кутилмаганда улар ёнига саросималик, ҳайрат ва хижолат ҳам қўшилди: Илья тўппончани стол устида қолдирган экан. Ўрнидан туришга, ўзини ўлдириш қуролини олишга ва қайтадан ётишга тўғри келди. Нимадир умуртқасига тиралиб қолди, ётиш жуда ноқулай эди, Илья иккинчи бор турмасликка қарор қилди. Энди у тўппончани чаккасига тиради ва хайрлашибми-ей ё саломлашибми-ей, деди:
— Ойижон…
Кейин у кўзини юмди, лекин шу аснода кимдир унинг пешонасининг қоқ ўртасига чакиллатса бўладими… Илья сесканиб тушди, шошиб қўли билан пешонасини сидирди ва каптар нажасининг ўткир ҳидидан афтини буриштирди.
— Вой, лаънатилар-ей! — бақирди Илья ғазабланиб ва тўппончани тепага, қоронғиликка қаратиб уч марта ўқ узди. Аниқроғи, у шундай деб ўйлади, ўқ отилмади — балки тепки уч марта шиқиллади, холос. Илья ҳайратдан қотиб қолди. У бир оз қимирламай ётди-да, сўнг каравотга ўтиб ўтирди ва қуролини диққат билан кўздан кечирди. Патронларга тепкидан из тушганди. Бирданига учта из! У ўқдонни айлантириб қўйди-да тўппончани ерга қаратиб тепкини босди. Тўппонча яна отилмади. Унинг ғазаби келди, тўппонча оғзини пешанасига тиради-да, сўнгги бор тепкини босишга уриниб кўрди. Унинг кўзларида ҳеч қанақа қатъият йўқ, истеҳзо бор эди, холос. “Чиқ!” — яна отилмади.
— Рус-ская рапота! — бақирди Илья эстонча талаффуз билан ва қуролни чордоқнинг узоқ қоронғи бурчагига улоқтирди.
Ленин истеҳзо билан қараб турарди.
— Рус-ская рапота! — деди унга қараб Илья ва каравотдан столгача бориб келаркан, изоҳлади: Бизларда, “Труа сомэ”да бир боғбон — кекса эстон бор эди. Унинг қўлида бирор нарса ишламай қолса ёки бузилса, “Рус-ская рапота” дегучи эди.
Илья “уф” тортди, нима қиларини билмай яна каравотга чўзилди. Яна умуртқасига нимадир — ўткир ва қаттиқ нарса тиралди. Қўлини адёлнинг тагига тиқиб, олиб қаради. Бу Николай Островскийнинг қизил китоби — “Пўлат қандай тобланди” эди. Уни қўлида ушлаганича ўйланиб қолди.
— Ҳа! — хитоб қилди бирдан Илья, каравотдан сакраб тушиб. У шошиб китобни варақлаганича такрорлай бошлади: — Ҳа…Ҳа…Ҳа… Мана!
Излаган нарсасини топиб, Илья тўхтади ва — бор овози билан, қувноқ оҳангда, тантанавор — ўзига, Ленинга, ҳаммага қарата ўқий бошлади:
— “Бунинг ҳаммаси қоғоздаги қаҳрамонлик, укажон! Ўзини отиш ҳар қандай аҳмоқнинг қўлидан ҳам келаверади. Оғир аҳволдан чиқиб кетишнинг энг осон йўли бу. Ҳаёт оғирми — ўзингни от. Сен ана шу оғир ҳаётни енгишга уриниб кўрдингми? Сен темир ҳалқадан қутулиш учун барча ишни қилдингми? Новгород — Волинск остонасида ўн етти марта ҳужумга ўтиб, барибир ғалабани қўлга киритганимизни унутдингми? Тўппончангни яшириб қўй ва бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очма. Ҳаёт чидаб бўлмас даражага етганда ҳам яшай бил. Уни фойдали қилабил!”.
— Албатта-да! — хитоб қилди Илья ва бахтдан йиғлаб юборишига сал қолди ҳамда ҳаяжонидан: — Ҳа! Ҳа! Ҳа! — деб қичқириб юборди ва китобнинг қалин муқовасига лабини босди.

Ўттиз биринчи боб

ЎЗ РОССИЯНГИЗДА ҚОЛАВЕРИНГ!

1

Дафн кунининг эртасига, кейинги йилларда бўлгани сингари, соат саккизга беш дақиқа қолганда Печенкиннинг қора “Мерседес”и унинг компаниясининг марказий идораси олдига келиб тўхтади. Владимир Иванович машинадан сакраб тушди-да, мармар зинапоялардан югуриб юқорига — ойнаванд эшикка чиқди.
Соқчилар унинг кетидан зўрға улгурарди. Печенкин қора костюм, қора кўйлак ва қора бўйинбоғда эди. Унинг орқасидан югуриб келаётган Седойнинг ўрнини эгаллаган маллавой ҳам шундай кийимда эди.
Ойнаванд эшик олдида идора соқчилари саф тортишди. Кўпдан бери Печенкинни саф тортиб қарши олиш одат тусига кирганди. Одатда, Печенкин улар билан “Салом, йигитлар” деб сўрашарди. Улар эса бараварига: “Салом, Владимир Иванович” деб жавоб қайтаришарди. Бироқ ҳозир Печенкин саломнинг ўрнига “Ишланглар” деб, ишига шошилди. Соқчилар ҳам шошиб қолишди, бир хили индамади, баъзилар: “Салом Владимир Иванович” дейишди. Бир хиллари эса унинг сўзини такрорлаб: “Ишланглар” дейишди.
Президент лифтида уни иккита узуноёқ қизлар қаршилашди. Улар ҳам қора костюм ва қора шимпайпоқда эдилар. Қизлар Печенкиннинг елкасига қўл уриб ҳамдардлик билдирдилар.
— Владимир Иванович… Ой, Владимир Иванович, — дея шивирлашди улар кўз ёши қилиб.
Печенкин ўзини йўқотиб жилмайди-да, қизларни елкаларидан қучиб, далда берувчи оҳангда деди:
— Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ — ишланглар.
Ўзининг шу ҳолатини кўзгуда кўрган Владимир Иванович ўзида юз берган ўзгаришлардан ҳайрон бўлди. У букчайган, қорайган, кексайган эди. Фақат кўзлари янада тиниқлашганди
— Ишланглар! — деди у қатъий.

2

Владимир Иванович иш столига ўтириши билан котиба Марина Ангелина Георгиевна Всеславинская телефон қилаётганини айтди. У шаҳд билан гўшакни кўтарди.
Геля жим эди. У ҳам индамай турди.
— Қандайсан? — сўради аёл ниҳоят секин ва айбдорларча.
Печенкин елкаларини қисди.
— Ишлаяпман.
— Нақадар даҳшат… — шивирлади Геля ва такрорлади: — нақадар даҳшат…
Лекин Печенкин индамади, Геля ҳам жим эди. Владимир Иванович соатига қаради, худди буни кўриб тургандай Геля хитоб қилди:
— Мен сени севаман, Володя! — Ва астагина, назокат билан қўшиб қўйди: — Биз… сени севамиз…
Печенкин яна хўрсиниб қўйди — шундай қаттиқ “уф” тортдики, Геля эшитди.
— Бугун келасанми, — сўради тортиниб Геля.
— Ишлашим керак, — жавоб берди Владимир Иванович.
— Кейин-чи?
— Нима — кейин?
— Йўқ, ҳеч нима…
— Ишлашим керак…
Печенкин гўшакни қўйди-ю, Прибиловскийни чақиртирди. Бир дақиқадан сўнг котиб-референт унинг қаршисида турарди. Итоаткор, ҳозиру нозир Прибиловский бир қўлида ёндафтар, иккинчи қўлида ручка, у ўзининг худди ҳеч нарса бўлмагандек тутарди. Печенкин уни тўғри тушуниб котиб-референтига хайрихоҳона қараб қўйди.
— Ҳуқуқшуносларни чақир, — деди ўйчан Печенкин. “Печенкин” компаниясини “Печенкинлар” деб қайта номлаш учун зарур ҳужжатларни тайёрлашсин. Тегишли реклама ҳам тайёрлансин. Бу биринчидан. Иккинчидан… Васиятнома тузилсин… Мен ўлган тақдирда бутун шахсий мол-дунём, кўчмас мулким, маблағларимга меросхўр, ўғлим Печенкин Илья Владимирович бўлади.
Прибиловский ёндафтарни ёпиб, эшикка йўналди.
— Ҳа, айтмоқчи! — эслади Печенкин.
Котиб-референт орқага қайтди, ёндафтар ва ручкасини олиб шай бўлиб турди. Владимир Иванович мулойим жилмайди, яшикдан матн ёзилган варақ ҳам “Экспресс” журналини олиб столга қўйди. Бу ўша — эски, ифлос ва ғижимланган журнал эди. Прибиловский уни кўриб, ранги оқариб кетди. Журналнинг муқоваси қалин қизил чизиқ билан иккига бўлинган эди. Унинг бир томонида ҳайкалтарош Шадриннинг “Чағиртош-пролетариат қуроли” асари, иккинчи томонда — белигача яланғоч Печенкин қўлида чағиртош ушлаб турибди. Афтидан, таҳририят ана шу икки тасвирни композициялар ўхшашлиги учун ёнма-ён жойлаштирган бўлса керак. Дарҳақиқат, тош пролетариат билан жонли капиталист бир-бирига жуда ҳам ўхшаш эди.
Печенкин хижолатомуз жилмайди ва журнални котиб-референтга чўзиб илтимос қилди.
— Сен тилсиз мен аҳмоққа таржима қилиб бер, у ерда сенинг дўстинг нима деб ёзган экан. Ҳа, ўтирсанг-чи. Барибир тик туриб ҳақиқатни тополмайсан..
Прибиловский журнални олди, лекин ўтирмади.
— “Чағиртош. Рус пролетариати ўз қуролини “янги рус”га топширди”, — ўқиди котиб-референт муқовадаги ёзувни.
Унинг қўлидаги журнал титрарди. Печенкин, афтидан, буни сезмасди.
— Кейин-чи, ўртада нима деб ёзибди?
Прибиловский шошилиб ёпишган журнал варақларини шитирлатди.
— Баландроқ ўқи, — илтимос қилди Печенкин тинглашга тайёрланиб.
— “Бир ярим аср муқаддам, — баланд овозда ўқиди Прибиловский, лекин негадир бу ёғига овози пасайди. Яхшироқ эшитиш учун Печенкин қулоқларини динг қилди. — Бизнинг улуғ ватандошимиз Александр Дюма Россияда бўлиб, ўз саёҳати ҳақида китоб ёзди. Мазкур китоб ҳанузгача бу мамлакатда маълум эмас. Бизнинг қадимги аждодларимиз Россияга у ерда оқ айиқларни кўриш учун боришарди. Бугунги кунда бизлар у ёққа “янги руслар”ни кўриш учун бормоқдамиз. Мен яқинда Россиядан қайтиб келдим. Менинг омадим чопди. Мен у ерда бир “янги рус”ни кўришга муваффақ бўлдим. У…, — Прибиловский тўхтаб қолди.
— Аҳ-ҳа! — деди Печенкин олдинга сурилиб.
— “У… даҳшат, — давом этди котиб-референт зўрға эшиттириб. — У камзули тагидан йигирма ўқли “беретта”ни тақиб юради, балиқни қўли билан ейди”.
Печенкин хижолат билан жилмайди ва мақола муаллифи билан назокат-ла баҳсга киришишга уринди:
— Ҳаммаси тўғри… Мен балиқни пичоқ ва санчқи билан ея олмайман. Бунақада таъмини ҳам билиб бўлмайди. У бўлса еди! Хўш, нима бўлди? Тиқилиб қолди… Агар мен мана шу ифлос қўлимни унинг оғзига тиқмаганимда… Давомини ўқи-чи…
Прибиловский қўпол иржайди:
— “Шуниси қизиқки, Россиянинг маънавий уйғонишини Печенкинга ўхшаган кишилар билан боғламоқдалар. Маънавийлик тўғрисида руслар истаганча гапиришлари мумкин: (ҳали яқинлардагина улар коммунизм ҳақида ана шундай жўшқинлик билан гапирар эдилар). Маънавийлик нима эканини ҳеч ким аниқ билмайди. Бу мужмал тушунчани дин билан боғлайдилар. Улар черковлар қуришмоқда, лекин унга қатнагилари йўқ. Ишни Москва бошлаб бераяпти, лекин чекка вилоятлар ҳам ортда қолмасликка интилмоқда. Менинг “янги рус”ошнам черковни нобоп материалдан — биллурдан қураяпти. Нобоп бўлгани билан биллур роса ялтирайди-да! Византиянинг йўқ бўлиб кетганига анча бўлди. Лекин византияча манманлик яшаяпти. У Россияда давом этаяпти. Жаноб Печенкин биллур ибодатхона учун сарфлаган пулига минглаб жамоат ҳожатхоналари қурса бўларди. О, агар сиз Придонск шаҳри вокзалидаги ҳожатхонага кирмаган бўлсангиз, демак сиз Россияни билмас экансиз!”
— Намунча ҳожатхонага ёпишиб олишди! — ўзини тутолмади Владимир Иванович. — Нима бало, бу ерга фақат ҳожатхонага кириш учун келишадими? Давомини ўқи…
Прибиловский бош ирғади ва худди сувга сакраш олдидан нафас олгандек, кўкрагини ҳавога тўлдирди-да, ўқишда давом этди: — “Россия — ўзини сўнгги буюк миллат деб ўйлаётган сўнгги буюк миллатдир”.
Печенкин хижолат чекиб томоғини қирди ва котиб-референтни ўқишга ундади.
— Ўқи — қизиқ-ку…
— Мен… ўқий олмайман, — деди зўрға Прибиловский.
Владимир Иванович унга қаради-да, ўқий олмаслигига амин бўлди.
— Унда ўзим ўқийман. Менга, умуман таржимасини олиб келишганди, лекин ўзинг биласан-ку, ўқишга унча ҳафсалам йўқ… — У матнли варақни ўзига тортди, бурни учига кўзойнагини қўндирди ва бармоғини сатрлар устидан юргизиб тўхталган жойни топди. — “Россия ўзини сўнгги буюк миллат деб ўйлаётган сўнгги буюк миллатдир. Ўзининг Россияга қилган сафаридан қайтиб келган Александр Дюма рус халқини чақалоқ деб атади. У ўсиб-улғайиши учун бир неча инқилобни бошидан кечириши керак. Ўшандан бери юз эллик йил ўтди. Руслар кексайиб, қариб қолишди, лекин ҳали улғайганлари йўқ. Россия — янги инқилобларга маҳкум кекса гўдакдир. Эҳтимол қачонлардир бу сўзлар синонимлар бўлиб қолар: Инқилоб ва Россия”. — Печенкин матнли вараққа гангиб қаради. — Инқилоб… Россия… — деди у кимгадир шикоят қилаётгандай. — Россия ҳақида нимани билади ўзи, жулдурвақа фаранг! — У бошини кўтариб котиб-референтга қаради, халақит бераётган кўзойнагини юлиб олди-да, такрорлади: — Россия ҳақида нимани билади ўзи?
— Ўзингиз-чи? Сиз нимани биласиз? — пишиллади Прибиловский ва кутилмаганда кўзларига ёш қалқди. — Ўзингиз, умуман, нимани биласиз? — давом этди у бақиришга ўтиб. — Нима, ёлғонми? Фотоателье ойнасини қандай синдиргандингиз? Эсингиздан чиқдими? Лекин мен эсимдан чиқарганим йўқ. Россия — хўш, нима қилибди? — Кўз ёшлари юзини қоплади котиб-референтнинг, лекин у фош қилишда давом этди. — Агар кунига юз марта Россия деб такрорламасангиз — уйқунгиз келмаслиги тайин! Уйқусизликнинг давоси ҳам сиз учун Россия! Патрик ҳали ҳаммасини айтгани йўқ! Мен эса айтаман! Сиз — ёввойисиз! Шунинг учун ҳам балиқни қўлда ейсиз! Ҳожатхона ҳам тозами, ифлосми, сизга барибир! Чунки сиз — ёввойисиз! Бу ерда ҳаммангиз ёввойисизлар! Ҳеч қачон одамга ўхшаб яшамайсизлар. Жулдурвақа… Билсангиз сиз Патрикнинг тирноғига ҳам арзимайсиз. Бизлар эса… Мен… Мен ва Патрик… Мен Патрик билан… У менга дўст тугул… У менга дўстдан ҳам ортиқ! Мен уни яхши кўраман. Яхши кўраман! Эшитяпсизми? У ҳам мени яхши кўради. Сиз учун бу бир ваҳшийлик, чунки сиз ёввойисиз! Бизлар эса Патрик билан бирга яшаймиз! Францияда! Бизнинг болаларимиз бўлади — ўғил ва қиз… Лекин сиз буни тушунмайсиз. Ҳеч қачон тушунмайсиз. Шундай экан, ўз Россиянгизда қолаверинг! — дея ўкириб йиғлаганича котиб-референт кафтлари юзини беркитиб хонадан чиқиб кетди.
Печенкин оромкурсисида узоқ ўтириб қолди. Бўлиб ўтган воқеага тушунмас, ҳеч ақли бовар қилмасди. Кейин ўрнидан туриб яна ўйлай кетди. Ҳеч ақлига сиғдиролмасди.
Владимир Иванович гангиб қолган бир ҳолатда хонасидан чиқди, котиба Маринага урилиб кетишига сал қолди. Печенкин қаерга ўтирсам экан деб кўзи билан ахтарди-да, пастак чарм диванга оҳиста қўнди.
— Марина, нима бало, Прибиловский — бесоқолми? — сўради шивирлаб.
Котиба Жокондача табассум билан жилмайди, лекин индамади.
Владимир Иванович елкаларини қисди.
— Менга барибир-ку-я… Фақат кутилмаганда…
Печенкин букчайди, бошини елкалари орасига тортди, кафтларини тиззалари орасига яширди ва бирдан кичкинагина ҳамда аянчли бўлиб қолди.
Марина унга тепадан ҳамдардлик ва эркалик билан қараб хўрсинди-да, деди:
— Эҳ, Владимир Иванович, Владимир Иванович, атрофингиздаги ҳеч нарсани тушунмайсиз! — Печенкин янада қуйироқ энгашди ва ўзи ҳақидаги фикрга қўшилганини билдириб, астагина бош ирғаб қўйди. У ҳаётдан чарчаган чоллардек ухлаб қолганга ўхшарди. Марина унга халақит бермаслик учун ўрнида қимирламай турарди. Лекин Печенкин бирдан бошини кўтарди-да, деди:
— Демак, шундай, Мариночка… — Котибанинг қўлида шу заҳоти қалам ва қоғоз пайдо бўлди.
— Демак, шундай, — такрорлади Владимир Иванович: — Менга… хонамга… ҳозир… ароқ бир яшик.
— Ўзимизнинг ароқданми? — сўради Марина ёза туриб.
— Қанақаси бўлса ҳам майли, — деди Владимир Иванович ва қўшиб қўйди: — Сувдан, кўпроқ бўлсин… қанақаси бўлса ҳам, фақат газсизи… Ҳа, ҳалиги ичимлик сода, зардам қайнаб, қийнаворди… — У жим қолди.
— Бўлдими? — сўради Марина анча кутиб қолганидан тоқатсизланиб.
Печенкин бошини кўтарди ва буюртмасига тузатиш киритди.
— Йўқ, ароқ, яхшиси, икки яшик бўла қолсин…

Ўттиз иккинчи боб

ҲОЙ, КИМ БОР?

1

Барибир улар учишди. Ота ва бола Печенкинлар ўзларининг оппоқ ва шинам “Фалькон”ида осмонга кўтарилишди. Бу энг бахтли, энг ширин дамлар эди уларнинг ҳаётларида! Бошлари узра тиниқ осмон қорайиб, кўм-кўк шиша тусини олди. Пастда эса буғдойзорлар олтин рангда товланаётир. Тепадаги ва пастдаги бу манзарадан кўз қувонар, дил яйрарди.
Улар йўлга ичимлик, егуликдан истаганча олишганди: стол устида аралаш-қуралаш бўлиб ҳолва, вобла балиғи, “Маймоқ айиқ” конфетлари, қайнатилган картошка ва нимтузланган бодринг, томатли кильки, пушти зефир, дудланган жўжа, мурабболи гўмма, яна алламбалолар ётарди. Тағин икки яшик пепси-кола ҳам олишганди. Ҳаво оқимига дуч келганда уларнинг енгил “Фалькон” тайёраси силкиниб қўяр, яшиклардаги шишалар шиқирлаб кетарди.
— Учаяпмиз, Илюха! — бақирди ғолибона Владимир Иванович, — Учаяпмиз!
Улар учаётганди ва бу воқеанинг ҳақиқатлиги Печенкинларга шу қадар куч бағишлардики, борди-ю, шу топда улар ер билан осмоннинг ўрнини алмаштиришни хоҳлаб қолсалар, бу уларнинг қўлидан бемалол келарди. Лекин улар бошқа нарсани хоҳлардилар. Илья бутунлай бошқа нарсани истарди ва Владимир Иванович ўғлининг истагини яхши тушунарди. Чунки унинг ўзи ҳам шуни хоҳларди, лекин буни тан олишдан уяларди. Бироқ бунга чидашга ҳам сабр-бардош етмади ва учувчи хонаси томон сўнгги бор қараб қўйди-да, Владимир Иванович дадил амр этди:
— Кетдик!
Илья миннатдорлик билан отасига қараб қўйди.
Улар учувчи хонаси томон юрдилар. Ота ва бола бир-бирининг елкасига қўлларини қўйиб олишганди.

Чунки бизлар учувчилармиз!
Осмон бизнинг асл уйимиз! —

баланд овоз билан, марш оҳангида куйлади ота, ўғил эса бахтиёрона кулиб борарди.
Ҳозир улар ўртасида юз бераётган нарса отанинг ўғлига севгиси эмас ва ўғилнинг отага муҳаббати эмасди, бу меҳр-муҳаббатдан кўра ортиқ эди. Бу — дўстлик, Владимир Иванович энг қадрлайдиган эркаклар дўстлиги эди.
Учувчи Фриц ердагига нисбатан яна ҳам салобатли кўринди. Печенкинлар унинг бақувват, офтобда қорайган, сочлари тозалаб олинган бўйнига, қордай оппоқ коттон кўйлак кийган, кучли ва тилла пагон таққан кенг елкаларига ҳавас билан қараб туришди.
Уларнинг қараб турганини сезган Фриц бошини бурди ва ҳаммаси жойида дегандай жилмайиб қўйди.
— Менга қара, Фриц, биз нега келганимизни биласанми? — деди Владимир Иванович, — Илья рулни бир оз бошқарса бўладими?
Қулоқларига гўшак тутиб олган учувчи ҳеч нарса эшитмади, лекин уларнинг кўзларига қараб гап нимадалигини дарҳол тушунди ва қатъий рад этди.
— Nein! Nein!
Бунинг фойдаси йўқ эди, Владимир Иванович, ҳамдардлик билан ўғлига қаради ва бармоғи билан Фрицни кўрсатиб, Ильянинг қулоғига пичирлади:
— Фашист…
Илья тиржайди, аслида у унчалик хафа ҳам бўлмаганди.
— Маskаu! — деди учувчи бирдан қўли билан пастга, ўнг томонга ишора қиларкан.
— Маskаu! — ҳайрон бўлиб қувонди Владимир Иванович. — Маskаu, дейсанми? Қараб тур, Маskаu!
Ўз олдида йирик калибрли пулемёт турибди деб гумон қилиб Печенкин қўллари билан унинг тепкисини босиб, кўргани кўзи йўқ шаҳарга ўт оча бошлади:
— Та-да-да-да! Та-да-да-да-да-да!
Илья ҳам бу ўйинга дарҳол қўшилди, қўли билан пулемёт тасмасини узата бошлади.
Фриц эса куларди.
Лекин пулемёт ўқлари Москва учун филни чаққан чивинчалик ҳам таъсир қилмасди. Шунда Владимир Иванович буюрди:
— Бомба!
Илья дарҳол тушунди, бомбани қўли билан олди-да, отасига узатди. Владимир Иванович жуда жиддий қиёфада ундан ажал юкини қабул қилиб олди, бир кўзини қисганча уни бомбадонга жойлади.
— Фью-фью-фью-фью-фью, — дея чийиллаганича пастга тушиб кетди бомба.
Бомба ҳали Москвагача учиб боргани йўқ эди, бирдан кутилмаган даҳшатли портлаш юз берди. Дастлаб Владимир Иванович ўзининг боши портлади деб ўйлади.
Печенкин қоронғиликда бироз ётди-да, кейин кўзларини очди. Атроф қопқоронғи эди. Зимистон ва жимжитлик. Фақат қаердадир, телефон жирингларди. Зулмат даҳшат соларди, у ўрнидан туриб чироқни ёқиши кераклигини яхши тушунарди, лекин шундай қилишни хоҳламасди. Владимир Иванович яйраб керишди ва ҳузур қилиб жилмайди, у боши яхши ишлаётгани, танаси бақувват эканидан қувонди. Унинг ҳаётида ҳамма нарса аъло даражада эканидан, ҳали янада яхши бўлишини аниқ ҳис этарди. Аммо, агар ҳозир кимдир унинг дабдаласи чиққан идорасига кирсаю чироқни ёқса, деворда осиғлиқ кўзгуни олиб, диванда ётган Печенкин устига энгашса борми, Владимир Иванович ҳайрон қолардигина эмас, балки сочлари тўзиб кетган, юзи қорайган, ияклари туртиб чиққан, бурни қизариб шишган, майда кўзлари йиринг бойлаган нотаниш одамни кўриб қўрқиб кетарди… Бироқ ҳеч ким кирмади, чироқни ёқмади, девордан кўзгуни олмади, шунинг учун ҳам у яхши биларди: ҳаммаси аъло даражада, ҳали янада яхши бўлади, лекин унинг шундай ўйлашига телефон жиринглаши халақит берарди…Бу нарса Печенкиннинг жонига тегиб кетди, ўрнидан туриб, телефонлар турган стол ёнига бормоқчи бўлди. Лекин ўн икки балли шторм денгизчини улоқтириб ташлагандай тўлқин уни қарши деворга олиб бориб урди. У худди денгиз қисқичбақаси сингари ён томонга ўрмалаб, қоронғида кўринмас стулларни, бўш шишаларни наридан-бери суриб, анча жойгача борди. Кутилмаганда бу воқеа Владимир Ивановичнинг кулгисини қистатди. У деворга суянганча ўз аҳволидан роса кулди. Телефон ҳамон жирингларди. Энди қаёққа юрсам: аввалига хонанинг чироғини ёқиш учун эшик томонгами, ёки телефон столига деб ўйлаб турди-да, дарҳол бир тўхтамга келди.
— Ур-ра! — деб бақирди у ва худди ҳужумга ташлангандай югуриб столга етиб олди. Икки қўли билан столга суянганича типирчилаётган юрагининг тинчланишини кутди. Жиғилдони қайнаб, томоғи ачиётганини ҳис қилди. Қўли билан шоша-пиша пайпаслаб стол чироғининг тугмасини топиб, уни ёқди, афтини буриштириб, целлофан ғилофдаги ичимлик сода таблеткаларидан бирини олиб кафтида эзди ва оғзига солиб карсиллатиб чайнаб, биллур идишдан сув қуйиб, ютоқиб ича бошлади. Кейин кекирди, бу худди иррилашга ўхшаб чиқди.
Телефон тинимсиз жирингларди. Владимир Иванович кекириб-ириллаганича иш столи устида турган олти телефонни бирин-кетин кўтара бошлади:
— Мен! Р-р-р.
— Мен! Р-р-р.
— Мен!
Телефон эса жиринглашда давом этарди. Шундан сўнг Печенкин жиддий ўйлай бошлади. Ҳамма телефон жим турган бўлса, жиринглаётган қайси, ахир?! Ўйлаб туриб, қўлини пиджагининг чўнтагига тиқди, сигарет олиб, чекиб, яхшилаб ўйлаб кўрмоқчи эди. Лекин қўлига сигарет ўрнига махфий қўл телефони илашиб чиқди. Вой лаънати-ей, шу экан-да, жиринглаган…
— Нилич? — ҳайрон бўлди Владимир Иванович Седойнинг овозини эшитиб, у тепадаги чироқни ёқиш учун эшик томон юрди. — Ҳа, ишлаяпман, бошқа нима ҳам қилишим мумкин. Саволинг қизиқ бўлди-ку. — Печенкин хафа бўлган оҳангда гапириб, чироқ ёққични босди. — Боришим керакми? Э, ўзинг келсанг-чи… Йўқ, яхшиси, ўзим бора қолай… Чунки бу ерда… кечаги кенгашдан кейин роса чекилиб ҳамма ёқ тутун бўлиб ётибди. — Владимир Иванович иш жойининг нега бунчалик хонавайрон бўлганига ҳайрон эди. — Ичишга бирор нарсанг борми?
У яланг оёқ эди, ҳузур қилиб бармоқларини қимирлатиб қўйди.
— Нима, меҳнат куним тамом бўлганидан кейин ичиш мумкинмасми? Йўқ, агар сенда ичимлик бўлмаса, боролмайман, хафа бўлма…
Оёғида пайпоғи йўқлиги-ку майли-я, пойабзали ҳеч қаерда кўринмаслиги қизиқ бўлди.
— Йўқ, ароқ бўлмайди, коньякка не етсин. Борми? Ҳа, ўзинг қаердасан ҳозир?… Қаерда? У ерда нима қилиб юрибсан ўзи?
Ботинкаси столда ётган экан.
— Ишлаяпсан? Қанақасига — ишлаяпсан? Эҳ, жин урсин! — Печенкин пешонасига шапатилаб, кулди: — Сени ишдан бўшатганим эсдан кўтарилибди… Майли, ҳозир етиб бораман, сен қуйиб тур… Менга қара, бугун ўзи қайси кун? — бақирди у, лекин улгурмади, Нилич гўшакни қўйган эди.
Битта ботинкасини қўлига олиб, Владимир Иванович иккинчисини қидиришга тушди. Лекин бу ҳаракати бефойдалигини дарҳол тушунди-да, ботинкани бир четга улоқтириб, хонадан ялангоёқ чиқди.
Қабулхона бўмбўш эди, пастқам чарм диванда ғижимланган катта жун рўмол турар, унинг устида аёллар сийнабанди ётарди. Владимир Иванович ишшайиб қўйди, лекин нима бўлганини сира эслолмади. Диван ёнида иккинчи ботинкаси ётарди, Печенкин уни алам билан тепиб юборди.

2

Идоранинг узун йўлаклари қоронғи ва жимжит эди.
— Ҳой, ким бор? — бақирди Владимир Иванович, кимдир жавоб беришига ишонқирамай. Ҳеч ким жавоб бермади.
— Одамлар қани? — сўради Печенкин ўзидан-ўзи ва елкаларини қисди.
Лифтлар ишламасди. Йигирма қаватни пиёда тушиши керак эди.
— Майли, ҳарҳолда тушиш — чиқишдан осон-ку! — деди некбинлик билан Владимир Иванович ва шошиб зинадан туша бошлади. Пастда кўча чироқлари ёришиб турарди, бу унга далда берди ва у қувониб дадил қадам ташларди.
— Ова-ра-ман! — дея қаттиқ ва тантанавор куйлай бошлади Печенкин.
Лекин, у ерда, пастда мутлақо бирон жон йўқ эди. Бу ғашига тегар ва ҳатто қўрқитарди. Умуман, ҳозир Печенкинга ҳеч кимнинг кераги йўқ эди, лекин айнан ҳозир у одамларга муҳтож эди.
— Ова-ра-ман! — деди у, титроқ товуш билан ва тезликни оширди. Йўл-йўлакай қандайдир майда тошлар товонига ботар ва ғашига тегарди. Бу азобдан қутулиш учун у тезроқ югуриши керак эди. Печенкин жадалроқ чопа бошлади. — Ова! Раман! Ова! Раман! Ова! Раман! — дер эди қадамига мос оҳангда. Бинонинг биринчи қавати унга нажот бўлиб кўринарди. Чунки идоранинг қўриқчи дарбонлари ўша ерда эди. Ўша ерда кўрсатма бериши, кийиниб олиши, бугун қайси кун, деб сўраши мумкин эди. — Ова! Ова! Ова! Раман! Раман! Раман!
Печенкин шу тахлитда биринчи қаватнинг фойесига тушиб келди. Бу ер ҳам жимжит эди. Лекин фавворанинг майин шовуллши эшитиларди. Владимир фавворанинг олдига югуриб бориб, қониб-қониб сув ичди, юз-кўзини ювди ва қаддини ростлаб, бақирди:
— Нима бало, ҳаммангни ишдан бўшатишимни хоҳлайсанларми?
Бироқ, бу дўқ-пўписага ҳам ҳеч ким жавоб бермади. Бирдан бинога кираверишдаги ойнаванд эшик ғижирлади, Печенкин севиниб ўша ёққа қаради. Эшик очиқ турарди. У елвизакда тебранар эди. Владимир Иванович жунжикиб кетди. Эшик тепасидаги электрон соат жуда ғалати вақтни кўрсатрди: 99.99. Буни кўриб Печенкин баттар даҳшатга тушди ва кўчага отилди.
Ташқарида, мармар зиналардан югуриб пастга тушаркан, атрофга аланглади.
Тепада, осмонўпар бинонинг томида ҳеч нарса кўринмасди. Ўша туриши лозим бўлган нарсанинг ўзи ҳам йўқ эди. Бу эса уни даҳшатга солибгина қолмай, балки ўлдирар ҳам эди. Пастда, асфальтда тўхтаб, Печенкин тепага қаради. У ерда, юлдузсиз қора осмон остида компаниянинг номи ҳали ёнмаган эди. Ана қизил “П” ҳарфи ёнди, кейин “Е”, кейин “Ч”…
Владимир Иванович енгил нафас олди. Сўнгги ҳарф ёнмай қолди. Натижада “П Е Ч Е Н К И” ҳосил бўлди, лекин энди бунинг аҳамияти йўқ эди. У елкаларини қисирлатиб тузатди-да, кимсасиз бўм-бўш кўчага хўжайинларча назар ташлаб, ўзининг “Мерседес”ига қараб юрди. Асфальт муздек экан, панжалари уюшди. Кўнгилсизлик давом этарди — рулёкни яна синдириб кетишибди. Бу унга ёмон таъсир қилди, энди кўтарилаётган кайфияти яна бузилди. Владимир Иванович шартта ортига бурилди-да, қалбини эзгувчи бу манзарани кўрмаслик учун нари кетди.
Кўча бўйлаб ёлғиз юриш узоқ чўзилмади. Орқасида эски япон машинаси пайдо бўлди. Рули ўнг томонда, мусиқани ванг қўйиб келарди. Машина тезлигини камайтириб, у билан ёнма-ён юра бошлади. Унинг очиқ ойнасидан сочлари калта қилиб олдирилган иккита калла тиржайиб турарди.
Боягина жўш урган одамларни кўриш истаги ҳозир уни негадир қувонтирмади.
— Ҳой ҳариф, ботинкангни қаерга йўқотдинг? — Шўх бақирди улардан биттаси.
Печенкин саволга жавоб бермади, у ҳатто эшитмагандек ўз йўлида давом этди.
— Ҳой ҳариф? — деди иккинчиси хафа бўлгандек. Лекин тиржайиб турарди.
— Ўтир, элтиб қўямиз! — дейишди улар.
Ўзини эшитмаганга олиш анча ноқулай эди, шунинг учун юзини уларга ўгириб, Владимир Иванович тушунтирди:
— Менинг пулим йўқ.
Тунги йўловчи улар билан гаплашганидан хурсанд бўлиб, иккови баравар бир-бирига гал бермай бидирлай кетишди.
— Бизга пулинг керакмас!
— Биз шундай элтиб қўямиз!
— Текинга!
Печенкин иккиланарди, қадамини гоҳ тезлатиб, гоҳ секинлатиб, ниҳоят тўхтади. Машина ҳам тўхтади. Ичидагилар Печенкинга уни тунги Придонск бўйлаб сайр қилдиришни умр бўйи орзу қилишгандек қараб туришарди.
— Бугун қанақа кун ўзи? — дадил сўради Печенкин.
Тиржайган каллалар ўйлаб қолишди ва бир-бирига қарашди. Афтидан, савол уларни шошириб қўйганди. Печенкин кўзини пирпиратиб жавоб кутарди. Уларнинг машинасига ўтирадими, йўқми ана шу жавобга боғлиқ эди. Машинадагилар бараварига хахолаб юборишди. Печенкин ишшайди ва ҳеч нарса бўлмагандай йўлида давом этди. Машина жойидан қимирламади. Ҳалиги йигитларнинг қаҳқаҳалари эса Владимир Ивановичнинг қулоқлари тагида анча вақтгача жаранглаб турди.

3

Кенг ва ғира-шира хонага Печенкин оғзи қулоғида, хўжайинларча кириб келди. Биринчи бўлиб Седойни учратди ва Владимир Иванович қаттиқ қучоқлади ва мастларча уни ўпиб, ялаб-юлқий бошлади. Ҳолбуки, Седойнинг у билан ўпишиш нияти асло йўқ эди. Афтидан, Седой Печенкин билан қаттиққўл, шафқатсиз бўлмоқчи эди, лекин собиқ хўжайинининг жозиба кучи ва бақувват қўллари устунлик қилди ва у чорасиз, жилмайишдан бошқа илож қилолмади.
Иккинчи одам Придонск Федерал хавфсизлик хизмати бошқармаси бошлиғи Мелкий — кичиккина, рангсиз юзли киши эди. У қовоғини уйиб, кўришиш учун жонсиз қўлини узатди. Печенкин унинг қўлига қарсиллатиб панжа урди-да, олтмишинчи йилларда машҳур бўлган пастқамгина оромкурсига ўзини ташлади. У чарчаган оёқ бармоқларини зўр-базур қимирлатиб, вазиятни Ниличга тушунтира кетди:
— “Мерс”дан рулёкни яна синдириб кетишибди, лаънатилар…
Седой талвасада бош ирғади.
Бошлиқ ўтирган стол тепасидаги деворда Дзержинскийнинг мойбўёқда бор бўйича ишланган портрети осиғлиқ турарди. Унга ошналарча кўз қисиб, Владимир Иванович изоҳ берди:
— Буни менинг қайнатам илиб қўйганлар. — Шу заҳоти қизиқсиниб сўради: — Хўш, йигитлар, бирор нарса ичамизми? Коньяк қани?
— Сенга қанақаси — француз коньягими? Ёки арман коньяги маъқулми? — кутилмаганда эшитилди орқасидан кучли овоз.
— Арманларники маъқул. Француз коньягини хуш кўрмайман, — деди Владимир Иванович ва гапираётган кишини кўриш учун ўтирган ерида орқасига ўгирилди. Олис қоронғи бурчакда пастгина стол ёнида сал олдинга энгашиб кекса киши ўтирарди. Унинг қарашлари бежо эди.
— Сенга арман коньяги, албатта, бўлади, — ваъда берди нотаниш киши, унинг ваъдасида пўписа ҳам бор эди.
Увоқ киши астагина кулди, Седой ийманибгина унга қўшилди. Печенкин ҳайрон бўлиб, аввал унисига, кейин бунисига нигоҳ ташларкан, ўзини тутиб туролмади — кулиб юборди: очиқчасига, қаҳ-қаҳ уриб кулди. У узоқ кулди ва ғира-шира хона соҳиблари чақирилган меҳмонни кулдиришганидан унчалик хурсанд эмасдилар.
— Бу — генерал… — таништирди нотаниш кишини Мелкий. — Атайлаб бугун Москвадан учиб келди…
Владимир Иванович генералнинг фамилиясини эшитолмади, лекин уни ҳозир бошқа нарса қизиқтирарди, шунинг учун сўради:
— Қайси куни учиб келди?
— Бугун, — деди қуруққина қилиб генерал.
Печенкин хўрсинди, ўрнидан даст турди, яланг оёқларини тапиллатиб генералнинг ёнига борди-да, ўзини таништирди:
— Печенкин.
— Печенкин, — деди генерал.
— Мен қаердадир эшитганман бу фамилияни… — ўйчан минғирлади Печенкин ва елкаси оша Седойга мурожаат қилди: — Нилич.
— Нилич эмас, Василий Нилович, — дея бақирди бирдан жазаваси тутиб Седой. — Василий Нилович!
Печенкин хафа бўлмади, лекин таъби тирриқ бўлди.
— Сенга нима бўлди, Нилич? — сўради у. — Ўзинг телефон қилиб: “Кел, коньяк ичамиз”, дединг, мана Москвадан атайлаб учиб келишибди… Сен бўлсанг бақирасан…
— Сизни кино томоша қилишни яхши кўради, дейишаяпти? — баҳсга аралашди генерал.
Владимир Иванович хаёлчан бошини эгди ва жавоб берди:
— Қанақалигига қараб…
— Айтайлик, мана бу сенга ёқади, — киноя қилди генерал ва ёнида турган видеонинг пультини босди.
Тасвир оқ-қора, хира эди, яхшироқ кўриш учун яқинроқ борди. Унда биллур ибодатхона акс этганди. Унинг ёнида, берк дарвозалар олдида учтаси турибди. Улар суҳбатлашаяпти, афтидан, баҳслашишаётганга ўхшайди, қўлларини силтаб-силтаб гаплашишяпти.
— Овози-чи? — сўради Владимир Иванович.
— Овози йўқ, — деди унинг орқасида турган федерал хавфсизлик хизмати бошқармаси бошлиғи.
— Илюха! — қувониб хитоб қилди Печенкин, учовлон орасида ўғлини таниб. — Ёнидаги ким? Уларни қаердадир кўрганман… Ким улар?
— Ҳамтовоқлари, — ғамгин жавоб берди генерал.
— Қораялоқ ва қисиқкўз, — қўшимча қилди Мелкий ва кулди.
Илья ибодатхона дарвозасидан ичкарига ниманидир отди-да, қочиб қолди. Ҳалиги иккаласи унинг орқасидан югуришди.
— Улар қаёққа чопиб кетишди? — қизиқди Владимир Иванович.
— Қаёққа эмас, қаердан. Улар ибодатхонани миналаштиришди, — тушунтирди генерал.
— Қайси ибодатхонани?
— Ҳалигини-да… — жавоб берди генерал.
— Биллур ибодатхонани, — деди Седой.
— Биллур ибодатхонани, — такрорлади генерал.
— Нега? — бўшашиб сўради Печенкин.
Генерал елкаларини қисди:
— Тергов аниқлайди.
Экран ўчди.
— Фильм тугади, — изоҳ берди Седой.
Печенкин хўрсинди, жилмайди, жўнжикиб, қўлини бир-бирига ишқалади ва ёнида турганларга мурожаат қилди:
— Хўш, ичамизми, йўқми? Оёқларим совқотиб кетди-ку…
— Қанақа ўлчамдаги пойафзал киясан? — сўради кутилмаганда генерал.
— Қирқ учинчи, нимайди?
Генерал папкани столга, унинг устига қўлини қўйиб, Печенкиннинг кўзига тикилиб жиддий тушунтирди:
— Бу ерда барча зарур ҳужжатлар: учиш сертификати ва бошқалар. Шошилинч тарзда сен ўғлинг билан учишинг зарур… — Генерал жим қолди ва қўшиб қўйди: — Онангникига…
— Бу жиддийми ёки ҳазилми? — самимий сўради Печенкин.
— Ҳазилга бало борми, эртага бу ҳазилдан бутун Россия ларзага келади, — жавоб берди генерал норози оҳангда.
— Қани, қайтар-чи, нима дединг? — бақирди бирдан Владимир Иванович ва генералнинг пиджаги ёқасидан ушлаб ўзига тортди. Стол ағдарилди, ҳужжатлар сочилиб кетди, телевизор қулаб тушди ва иккига бўлинди. Генерал қўлларини Печенкиннинг елкаларига тираб, ундан ўзини бўшатиб олмоқчи бўлар, лекин бунинг уддасидан чиқолмасди.
— Қайтар, деяпман! — жон-жаҳди билан талаб қиларди Владимир Иванович.
— Эртага… бутун… Россия… — хирилларди генерал унинг қўйиб юбормаслигига кўзи етиб. Лекин Владимир Иванович ёқасини қўйвормас ва талаб қиларди:
— Қайтар, деяпман…
Бир-бирини тушунмаётгани кўриниб турарди: Печенкин бошқа нарсани — онага тегишли гапни қайтаришни талаб қилар, генерал бўлса Россия ҳақидаги гапни деб ўйларди. Буни Седой ҳам, Мелкий ҳам тушунмасди. Улар Печенкиннинг тирсагига ёпишиб, генерални унинг чангалидан қутқармоқчи бўлишар, ҳар бири ўз дардини айтарди.
— Нилич эмас, Василий Нилович, — эслатарди Седой.
— Телевизорни синдиришди, — деди Мелкий шикоят қилиб.
Печенкин эса бир сўздан бошқасини эшитишни истамасди.
— Қайтар-чи! — талаб қиларди у.
— Эртага… бутун… Россия… — хирилларди генерал.
Печенкин уни бўғиб қўйиши ҳеч гап эмасди.
— Яна айт-чи…
— Эртага… — генерал нафас ололмай қолди. Шунда Мелкий ёрдамга келди:
— Эртага бутун Россия ларзага келади.
— Эртага бутун Россия ларзага келади, — қўшилди Седой ҳам.
Улар тўртовлон бир-бирига ёпишганча муҳим ҳужжатларни топташар, телевизор деталларини эзғилашар, гўё қандайдир эркакча рақсни ижро этишарди.
— Эртага бутун Россия дарзага келади…
— Эртага бутун Россия дарзага келади…
— Эртага бутун Россия ларзага келади, — такрорлади Печенкин ҳам ва бирдан генерални қўйиб юборди. У бўйнини у ёқ-бу ёққа бурди, йўталиб олди, пиджагини тўғрилади ва Владимир Ивановичнинг юзига кескин, моҳирона мушт туширди. Печенкиннинг ияги ва кўкси қора қонга бўялди. У энгашиб, оқаётган қонга ҳовучини тутди.
Генерал яна бир бор пиджагини тузатди-да, Седойга мурожаат қилди.
— Оёғингни ўлчами нечанчи?
— Қирқ биринчи, — деди Седой.
— Сеники-чи?
— Ўттиз тўққиз, — деди Мелкий негадир қўрқиб; генерал қўлини силтади, ерга ўтириб, ботинкасининг ипини еча бошлади.

Ўттиз учинчи боб

МЕН ЯНГИ ҚЎШИҚ ТЎҚИДИМ

1

Печенкин-ота ўз ишхонасидан чиқмай йўқ бўлиб кетган ўша кунларда Печенкин-ўғил ҳам ўз чордоғидан чиқмай қолиб кетарди. Илья учун мазали, фойдали, хилма-хил овқатларни ўша ерга олиб келишарди, лекин у бундай емакларни рад этиб, бувасининг қуритилган нонлари ва пепси-кола билан чекланарди. Ўзини ўлдиришга уринишдан кейин бу ёш йигитда ҳаётга ташналик жўш урди: у қарийб ухламас, ҳали Ленин асарларини овоз чиқариб ўқир, ҳали бувасининг қўшиқлар дафтаридан инқилобий ашулаларни ёдлаб, ижро этар, ҳали нималардир ёзар ва кулиб, уларни йиртиб ташларди. Умуман, у жуда кўп куларди, ҳатто Ленинни ўқиганда ҳам кулаверарди. Айниқса, Ильяни негадир доҳийнинг “Социализм ва дин” асаридаги ушбу сўзлар кўпроқ кулдирарди: “Биз черковни давлатдан бутунлай ажратишни талаб қиламиз. Диний туманга қарши тоза ғоя ва фақат ғоявий қурол билан, матбуотимиз, сўзимиз билан курашишимиз керак”. Бу жумлаларни у қайта-қайта ўқир ва ҳамиша қаҳ-қаҳ урарди.
Оқшомларнинг бирида, қоронғи тушгач, у қизил швейцария курткасини, тор шимини, масхарабоз ботинкасини кийиб олди: қоровуллар эътиборини тортмаслик учун панжарадан ошиб тушди, йўловчи машинани тўхтатиб Придонскка жўнади. Мўъжазгина юк машинаси кабинасида йўл бўйидаги симёғочларга қараб бораркан Илья қўшиқ айта бошлади, аввал ўзи ҳақида куйлади, кейин ҳайдовчини ҳайратга солмаслик учун бир куни уларнинг уйида машҳур дирижёр бошқарувида оркестр ижро этган куйни чалабошлади:

Ту-у-ду-у, ду-ду-ду
Ту-ду-ду-ду, Ту-ду-ду-ду-ду-ду…

Ҳайдовчи ҳам унга жўр бўлди:

Ту-ри-ру-ри-ру
Ту-ри-ру-ри-ру…

То Придонскка етгунча улар Дунаевскийнинг “Ўн беш ёшли капитан” фильмига ёзган увертюрасини айтиб бордилар ва дўстлашиб кейин ажралдилар.
Придонскда Илья биринчи бўлиб Воровский боғига борди, ўша бир вақтлар ўтирган скамейкага бориб ўтирди. Худди шу ерда орқадан яшириниб келиб, Анжела Девис унга тўппонча ўқталган эди. Кечаси Воровский боғида ёлғиз юриш унча хавфсиз эмасди. Лекин негадир Илья сира қўрқмас, аксинча нега ҳеч ким хуруж қилмаяпти деб ҳайрон бўларди. Қанча ўтирмасин, унинг ёнига ҳеч ким келмади ҳам, пўписа қилмади ҳам. Роса совқотганидан сўнг Илья ўрнидан туриб “Макдональдс”га йўл олди. Йўл-йўлакай гоҳ унинг тиши такирлаб, гоҳ куйлаб борарди.

Ту-у-ду-у-ду-ду-ду…

“Макдональдс”да у уч-тўртта гамбургерни паққос туширди, учта катта стаканда қулупнайли коктейл ичди. Бундан баттар совқотди.
Уй-жойлардан фойдаланиш идораси, яъни фахрийлар кенгаши берк эди, Анжела Дэвис ўқиётган мактабнинг бирорта деразасида чироқ кўринмасди.
Вокзал қошидаги бозорчада кавказликлар дилдираб ўтиришарди. Илья улардан корейс сабзиси сотиб юрган корейс болани суриштирди. Улар кулишиб: “корейс уйланди” дейишди. Илья ҳам кулиб юборди.
Шундан кейин у Завод майдонига йўл олди. Майдон бўм-бўш ва совуқ эди. Совуқ шамол чанг асфальт бўйлаб шишган целлофан халтани учириб ўйнарди. Биллур ибодатхона хира ёришиб турарди. Қўлларини курткаси чўнтагига яширган Илья қалтираганича Ленин ҳайкали қошига келди, бурнини тортиб қўйди-да, шоҳсупага қараб, деди:
— Ҳаммасига сен айбдорсан, ҳаммасини сен расво қилдинг…
У бу сўзларни секин, эҳтиёткорона, айбдорларча айтди ва тош доҳийга бошини кўтариб қарамасдан, шоҳсупа теварагида айлана бошлади. У шу куйи қўлларини орқасига қилганича айланаркан бор овоз билан, дадил гапира кетди:
— Ҳаммасига сен айбдорсан! Ҳаммасини сен расво қилдинг! “Биз черковни давлатдан бутунлай ажратишни талаб қиламиз. Диний туманга қарши тоза ғоя… Тоза ғоя? Динни мурда авраш деб атаган ким? Попни оттириш учун юз минг рубл тўлаган ким? Энди бўлса бирданига — “тоза ғоя” эмиш… Ё тактиками бу? Биламан мен бу тактикани — даҳшатга айланди. Борди-ю, У бор бўлса-чи? Мана сенинг бор “тоза ғоянг”. Коммунист — маҳкум одам эканидан қўрқиб кетдингми? Шунинг учун ҳам Сталинни, ўша либерал ва ландовурни бош котиб қилди. Ахир биз Сталиннинг либерал ва ландовур эканини яхши биламиз-ку… қолганлар ҳақида, кейин бўлганлар тўғрисида ўйлаш — алҳазар! Қилиш мумкин бўлган барча хатоларни қилишди. Тамом! Мен ҳам ўша хатолар ғазнасига мис мирини қўшиб қўйдим КЯЖ — утопия, хомхаёл! Яккадан умумга қараб эмас, аксинча бориш керак эди… Бу менинг мамлакатим! Бу керак эди… Бу менинг мамлакатим! Бу менинг халқим! Бу ердагиларнинг ҳаммаси — коммунист, фақат улар буни эсдан чиқариб юборишди. Уларни буни эслашга мажбур қилиш лозим. Қандай қилиб? Мен биламан қандайлигини. — Илья кулди. — Бу жуда оддий. Бойлардан пулни тортиб олиб камбағалларга бўлиб бериш керак эмас — аксинча! Камбағалнинг борини тортиб олиш учун бойларга ёрдам бериш керак. Ана шунда улар бизнинг орқамиздан эргашади! Миллий масала… Руслар, корейслар ва занжилар орасида ҳеч қандай фарқ йўқ деб айтиш керакмас. Лекин русларга улар ҳаммадан яхши, корейслар — улар, занжиларга улар ҳаммадан яхши дейиш керак… Шунда улар ўзаро урушадилар ва кейин бизга эргашадилар!
Ильянинг бадани қизиди, у ҳатто исиб кетди. У доҳийнинг тош сиймосига қараб гапирар, борган сари ишонч билан, баланд овозда ҳайқирарди.
— Тақиқлаш керакмас, йўл қўйиб бориш лозим! Ҳамма нарса мумкин! Ҳар бирига юз минг рублдан тўлаб попларни оттириш шарт эмас. Черковга қарши “тоза ғоя” билан курашишнинг кераги йўқ. Уларни боқиш, қорнини тўйдириш лозим, иблис бутхоналарини қуриш керак, қурганда ҳам халқнинг сўнгги пули ҳисобига биллурдан, тилладан, тўғри келган нарсадан қуриб ташлайвериш керак — токи халқнинг улардан ихлоси қолмасин, уларни хонавайрон қилган ибодатхоналарни… Шунда улар бизники бўлади, ҳамма-ҳаммаси бараварига! Мен ўша аҳмоқона ўйинчоқ портлатгични у ёққа ташлашим керак эмасди, — Илья қўли билан ибодатхонани кўрсатди. — Балки мана бу ёққа итқитишим зарур эди! — у бармоғини Ленинга ниқтади. — Ўша ёлғондакам бомбани эмас, албатта, балки ростакамини, килограммгача эквивалентини, хо-хо, оёқлари орасига боғлаш… Токи шундай портласинки, майда-майда бўлиб кетсин! Токи вайрона ва култепага айлансин! Ана шунда ҳамма сенга югуриб келади. Чунки улар вайроналар ва култепаларни яхши кўришади…
Орқа томонда қаттиқ портлашни эшитиб Илья ўша томонга ўгирилди. Унинг кўзи биллур ибодатхона устида кўтарилиб қоронғиликка сингиб кетаётган пушти ранг булутга тушди. Биллур тахталардан иборат ибодатхона деворлари асфальтга тушиб, майдаланиб, атрофга сачрарди. Бинонинг энг тепасида турган зарли биллур хоч таянчсиз қолиб, бир зумга ҳавода муаллақ турди-да, пастга шўнғиди…
Илья ўз кўзларига ишонмай кулиб юборди ва воқеа содир бўлган томонга бурилди, лекин кучли ва илиқ, ширин исли портлаш тўлқини уни тўхташга, тисланишга ва орқага қочишга мажбур қилди… Қочаётиб икки бор орқасига ўгирилиб қаради ва биринчи бор у ерда оқ тутунни кўрди, иккинчи бор эса — сариқ аланга кўзга ташланди. Илья кулди-да, машина карнайидан огоҳлантиргандек давом этди:

Ту-у-ду-ду-ду-ду…

У кўр, кар ва соқов Придонск бўйлаб шошилмай, лекин қаддини тик тутганча чопиб борарди. Оёқлари ва қўлларини бир маромда ишлатиб—мағрур югурарди, мағрур ва бахтиёр: балки қувончли хабар олиб бораётган биринчи чопар ҳам шундай югургандир; Илья ҳам энди ниманидир билар — эзгу хабар унинг қалбини қувонтирган, куч ато этганди.

2

Анжела Дэвис сесканиб кўзини очди.
— Нима бўлди? — сўради Ким.
— Аллақандай туш кўрдим, — деди Анжела.
— Ухла…
— Мен ухлаб бўлдим…
Анжела Дэвис Кимга қараб жилмайди.
Унинг боши йигитнинг яланғоч елкасида эди. Улар Анжела Дэвиснинг уйида, унинг диван-каравотида ётишарди.
— Сен ухладингми? — сўради Анжела Дэвис.
— Йўқ. — Ким шундай оҳангда жавоб бердики, саволи учун қиз уялиб кетди. Йигит ухламаганди, чунки қиз ухлаётганда унинг ухлашга ҳаққи йўқ эди. Унинг махрига эркаклик масъулияти тушган эди. Шу боисдан ҳам у ҳозирданоқ масъулият юкини бўйнига олган ва ухламасликка аҳд қилганди.
— Мен кўпдан бери сендан бир нарсани сўрамоқчиман-у, лекин тортинаяпман… Сенинг ҳақиқий исминг нима? — сўради Ким.
— Ҳақиқийсими?
— Ҳа.
— Имунга Квами Нкомо-Нкомо.
Йигит ҳайратдан лол қолди.
Қиз секингина кулиб юборди.
— Агар русчага ўгирса-чи? — тортиниб сўради йигит.
— Агар русча бўлсами, Зина дейилади.
— Зина? — севинди йигит. — Зина — шу холосми? Фақат Зина. Шундайми? Ахир, бу мен энг яхши кўрган исм-ку! Менинг ойимнинг исми ҳам Зина!
— Ана холос… — Қиз уялинқираб жилмайди.
— Менинг исмим эса Коля! Сенга ёқадими?
— Ким яхшироқ? — ҳазиллашди қиз.
— Мен — Коля, — деди у қатъий.
Зина ҳам шунга кўнди ва унинг исмини ёқтириб қолди.
— Биласанми, сен ухлаётганингда мен нимани ўйладим? — деди у, бир оз жим қолиб қўшиб қўйди. — Иккаламизнинг ўртамизда муштараклик кўп…
Қиз жилмайди, ҳатто кулмоқчи ҳам бўлди, лекин унинг кўзлари жиддийлигини кўриб, ўзини тийди.
— Менинг отам рус, сенинг онанг… — давом этди йигит.
— Хўш?
— Менинг отам рус, сенинг онанг ҳам, — такрорлади йигит.
— Хўш? Хўш? — қиз негадир асабийлашди.
— Агар биз фарзанд кўрсак, у бутунлай рус бўлади, — дея хулоса қилди Коля.
Улар ётган хона бирдан ёришиб кетди, у қуёшли кундагидан ҳам анча ёруғ эди.
— Нима бу? — ҳайрон бўлиб сўради қиз ва кафтлари билан кўзларини беркитди.
Гарчи Колянинг ўзи ҳам нима эканлигини билмаса-да, жавоб бермоқчи бўлди, чунки у энди хотинининг ҳамма саволига жавоб бериши керак эди ва эндигина оғиз жуфтлаган эди ҳамки, хонага қандайдир шиддатли куч урилди, эшик қўпорилиб ойналар чил-чил бўлди. Улар ётган жойга гувиллаб, даҳшатли шовқин солиб улкан темир бўлаклари бостириб кела бошлади. Унга қарши туриш бемаънилик эди, бўйсунган маъқул бўларди, борди-ю, Коля бир ўзи бўлганида, шундай қиларди ҳам, лекин у ёлғиз эмасди, ёнида аёл киши бор эди, бутун умрлик ягона, севикли аёл… ва Коля ўрнидан сакраб туришга, жанговар ҳолатга киришга ҳамда қичқиришга улгурди:
— Ки-я!
Қандайдир темир буюм келиб қулоғига урилди ва ҳаммаси тугади…

3

Ҳали тонг отмаган, ваҳимали сукунат ҳукмрон бўлса ҳам, Завод майдони одамлар билан гавжум эди, улар ҳар тарафдан оқиб келарди. Атроф жимжит эди, фақат оёқлар остида биллур парчалари ғичирларди. Қандайдир кампир худди жанозадагидай уввос солди:
— Ким-га таш-лаб кет-динг биз-лар-ни!
Феесбенинг1 қора “Волга”си милиция қуршовини қаршиликсиз ёриб ўтди-да, ҳалокатнинг марказида тўхтади. Печенкин машинадан зўрға чиқа бошлади. Уни дарҳол танишди.
— Печенкин!
— Кўргани ўзи келибди…
Владимир Иванович, ниҳоят, машинадан чиқиб олди, атрофга аланглади. Ибодатхона ўрнида йўқ эди. Асфальтга сачраган биллур парчалар оёқ остида ғичирлар, худди муз бўлакларидай милиция машиналарининг жимир-жимир ёруғларини қайтарарди. Аёлларникига ўхшаш тўла юзли милиционер шинелининг енги билан ис босган санамни артиб, тозалади.
— Иисус Христосми ёки бошқа бировми, тушунмаяпман, — деди у ва санамни хўжайинга узатди.
Печенкин юзини ўгирди ва нигоҳи қоронғиликда савлат тўкиб турган Ленинга тушди.
— Ё тавба, халқни қаранг, халқни, — деди ҳалиги милиционер. — Жойида турганида ҳеч кимга керак эмасди, қулаб тушиши билан ҳамма югуриб келди…
Печенкин бир амаллаб, ҳайкалдан кўзини узди-да, машинага ўтирди.

4

Тунда ёрқин ёритилган кўримсизгина икки қаватли ёғоч уй кутилмаганда чиройли, ҳатто ўрта асрлар қасрини ёки кемани эслатувчи ҳашаматли бинодек кўриниб кетди. Иккинчи қаватдаги ромсиз деразадан елвизак шиширган парда елкан каби шишиб турарди.
Ёруғ тушиб турган бошқа деразалар ичкарисида одам яшаётганга ўхшарди. Бир хиллари ўз курсиларида елкаларини осилтирганча вазиятга бўйсуниб, сабрнинг таги олтин дегандай жим ўтиришар, бошқалари ўзларини хўжалик ишлари билан банддай кўрсатиб, идиш-товоқларини ювишар, чой дамлашарди. Учинчилари эса — майка ва трусиклардаги эркаклар, ички кўйлакдаги аёллар нима бўлганини тушунмай ўз ётоқларида наридан-бери югуришар, ойнадан кўчада содир бўлаётганларни кўрмоқчи бўлишар, лекин ёруғдан кўзлари қамашиб, орқага тисарилишарди. Тахта уй-баракнинг ичида шовқин: аёллар йиғлар, эркаклар сўкинар, болалар чирқирарди. Ташқарида ҳам шовқин, лекин бу бошқача, тарақ-туруқ, қаср-қусур — темирлар шовқини эди. Агар баракда тоғора ва товаларни ҳисобга олмаганда темир қарийб йўқ эди — фақат кўрпа-тўшак ва инсон зоти уймалашган бўлса, ташқаридан уларни ҳар тарафдан темир-терсак ўраб турарди. У ерда — чироқлари ёқилган усти ёпиқ ҳарбий машиналар, майда панжарали омончилар улови, кўк-сариқ милиция машиналари бир-бирига тақаб қўйилганди. Улар орасида фақат кўзлари очиқ ниқоб ва махсус қора кийимда, елкасига автомат ва узун мерган милтиқ осиб олган омончилар, кинокамерали телевизорчилар, бронжилетли милиционерлар уймалашиб юришарди. Қурол-яроғлар шарақ-шуруғи, рацияларнинг чағир-чуғури аралашиб ғайриоддий бир шовқин ҳосил қиларди.
— Нима, бу ерда кинога олишяптими? — баланд “оқсуяклик” овозида сўради атрофдагилардан кучукча кўтариб олган кампир.
— Кинофильм, бувижон, кинофильм, — киноя билан жавоб қилди ёнида турган милиционер.
— Қарагин, Долли, бу ерда кинога олишаётган экан. Бир вақтлар мен ҳам Бутуниттифоқ халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси саҳнасида кинога тушганман — “Чўчқабоқар ва чўпон” дейиларди ўша фильм. Жуда ажойиб бўлган эди, — деди тантанавор кампир.
Бу жараёнга қад-қомати келишган, башанг кийимли Ладний деган йигит раҳбарлик қиларди. У “Уазик”нинг зинасида турганича бир қўли билан машинанинг очиқ эшигидан ушлаб, иккинчи қўлидаги рацияга гапирарди:
— Костик, у ерда нима гап? Кийинтираяпсизларми? Ҳа, ҳаммаси яхши кўринишда бўлсин…
Йигит атрофдагиларни ўзига жалб қиларди. Илья ҳам унга қараб, жилмайиб турарди.
— Бу ким, режиссёрми? — яна сўради кампир.
— Режиссёр, бувижон, режиссёр, — жавоб берди милиционер.
— Қарагин, Долли, бу режиссёр экан!
Кампирнинг гапини эшитишарди, лекин унга ҳеч ким қарамасди. Чунки ҳамма пардаси шишиб турган деразадан ва баракнинг ночор фанер эшигидан кўз узмасди. Барча ўша ердан ниманидир кутишарди.
— Жилғача! — деди Ладний кутилмаганда ва темир тўдадан йигирматача омонч ажралиб чиқиб икки қатор бўлиб саф тортишди ва автоматлари ҳамда милтиқларини отишга шайлаб туришди.
— Шовқин солманглар! — деди Ладний ва ҳамма жимиб қолди, ҳатто баракдаги болалар ҳам йиғлашдан тўхташди.
Ладнийнинг чеҳраси илҳом билан ёришди.
— Қани, кетдик! — эълон қилди у қувониб ва юқорида, иккинчи қаватда ноғораларнинг “тра-та-та”си янгради. Бир неча дақиқа ичида пастга тушиб, янграётган ноғораларнинг “тра-та-та”си момақалдироқ гулдирагига айланди, эшиклар шиддат билан очилди ва чарақлаб турган оппоқ ёруғ оқимида Ким билан Анжела Дэвис тўхтаб, қотиб қолишди. Айнан уларнинг чиқиши эълон қилинган ва тантанавор уюштирилган эди. Энди улар болаларнинг “жилғача” ўйинини ижро этишлари — иккаласи биргаликда икки соҳили автомат ушлаган қора кийимли омончилардан иборат тор ўзан бўйлаб сузишлари лозим эди.
— Олға, қадрдонларим! — далда берди Ладний ва ўзи уларга пешвоз чиқди.
Илья жилмайганча унга эргашди.
Ким билан Анжела Дэвис одимлай бошлашди: бир-икки-уч, бир-икки-уч абжағи чиққан пианино уларга жўр бўлди: пам-пари-рам, пам-пари-рам. Тўртта “омончи” уларнинг қўлларидан маҳкам тутганча ассистентлик қилишарди. Улар эса юриб боришарди, юриб эмас, учиб боришарди. Чунки оёқлари ерга тегмасди — худди балетдагидек, — қарийб яланғоч, фақат билакларида темир билакузуклар. Шубҳасиз, бу Анжела Дэвиснинг энг олий дамлари, ҳаётининг энг тантанали онлари эди: у ўзининг жингалак сочли бошини мағрур кўтариб, тиржайиб борарди. Ким ўз ролини унчалик эплолмасди: боши осилиб тушар, қулоғидан оқаётган қон бўйин чуқурчасида тўпланиб қолиб, у ердан кўкси бўйлаб пастга, киндигига ўрмаларди…
Ладний уларга эркалаб ва миннатдорона қарарди.
Улар ўз жилғачаларидан тез сузиб ўтдилар, жуда тез. Илья бирдан кеч қолганини тушунди ва олдинга ташланди, лекин унинг сафдошларини эшиги очиқ турган махсус машиналарга ирғитиб улгурдилар, ҳар бирини алоҳида-алоҳида.
Шунда Илья улар эшитсин деб баланд овозда қичқириш учун оғиз жуфтлади ва бирдан ёнида турган “омончи”нинг гапини эшитиб қолди:
— Ғайрируслар ниҳоят ҳаддидан ошди…
Бу сўзлар Ильяни ҳайратга солди — йўқ, уларнинг маъноси эмас, балки буни қаердадир эшитгани ажаблантирди уни. У бу гапни айтган одамга қаради ва “омончи” ниқобининг тиртиғидан мовий кўзларни кўрди. “Омончи” ҳам унга ҳайратланиб қараб турарди. Илья уни эслади ва кўзларини олиб қочди.
— Хўш, салом. Аҳволлар қалай? — худди эски қадрдон ошнасидек мурожаат қилди унга Ладний. У жилмайди, унга жавобан Илья ҳам тиржайди, Ладнийнинг кўзига қараб нажот сўрагандай бўлди.
— Бўлди, дўстим, бўлди, юрак ором истайди, — деди Ладний юмшоқ, ёқимли, меҳрибон овозда ва Ильянинг елкасига қоқиб қўйди.
Бутун борлиғи билан шу одам таъсирига тушиб қолган Илья унинг кўзларига диққат билан тикилди. У нега бу киши Илья билан шундай гаплашаяпти, уни биладими ёки улар яхши танишмилар?
— Хўш? — сўради Ладний уни шошириб, лекин Илья қалқиб кетди ва елкаси билан темирга суяниб қолди, энди ҳеч қаёққа кетолмаслигини яхши тушунди ва қўлини силтаб гапира кетди.
— Non timeo te, rex male Porsena!
— Нима? — тушунмади Ладний ва ҳайрон қолди.
— Тu me timere non potest, sed mortem mortis anдores timent, — дадил давом этди Илья.
— Нима-нима? — кулди Ладний. У гўё ўз қулоқларига ишонмаётганди. — Бу қайси тилда ўзи? Инглиш, фрэнч, дойч?
— Mortem non timeo — et cum dicts eis manum adulescens in cibanum ardentem demusit! — Бу сўзларни Илья тантанали, бор овоз билан айтди — ўшанда отасининг талаби билан Дон бўйида айтганидан анча яхши айтди. Лекин бирдан Ладний унга қизиқмай қўйди, Ильяга сўнгги бор қараб қўйди, ҳамдардлик билан жилмайди ва ёнидаги омончига буюрди:
— Биласанми, нима… Манавини ҳув, буталар ёнига олиб бор-да, бир-икки тарсаки тушириб, ҳайдаб юбор.
Ладний шундай деди-да, “Уазик”ка сакраб чиқди ва жўнаб кетди. Атроф темирлар шарақ-шуруғи ва моторлар гуриллаши билан тўлиб кетганини Илья шундагини эшитди. Кўз олди қороғилашди, нафас олиши қийинлашди.
“Омончи” Ильяга хўмрайиб қаради, елкасидан тутди ва қайириб олди-да, зулмат қўйнига итариб юборди. Илья қалқиб кетаётиб ярим ўгирилди-да, жилмайиб, тушунтиришга уринди:
— I’m an American citizen. I’m George Miseri, a businesman. I’m here to help уon with the reforms1 .
Бунга жавобан, “омончи” мерган милтиғининг ўткир учи билан унинг орқасига туртди. Илья яна бир неча қадам юрди, зимзиё қоронғида у ҳеч нарсани кўрмасди. У яна тушунтиришга уринди:
— Je suis etranger. Je suis etranger. Je suis Fraqais. Je suis le correspondent du maqasin “L’ Express”, Je mappele Patrik Lessaqe.. J’ai arrive pour ekrire l’artikle sur Les reformes ekonomiquesen Russie2 .
Шунда Илья бақирди, ҳаммага эшиттириб ўзи ҳам шу бугунгина ишонган эзгу хабарни жар солди:
— У бор!!! — деб бақирди. Илья, лекин орқасидан даҳшатли ҳарбий ботинкадан шундай кучли тепки едики, сўз ва ҳарфлар қоришиб кетди: Б-ор-р!!!
Атрофдагилар чинқириқни эшитишди, лекин ҳеч нарса тушунишмади — қўрқув ва оғриқ оҳанги сўз маъносини кўмиб кетди.
Шу тариқа Илья бир неча метрга учиб тушди ва уриниб-суриниб, қўллари билан оғриётган орқасини чангаллаганича қороғиликда ғойиб бўлди.
Қаердадир олисда, кўз илғамас қўндоқларда хўрозларнинг бўғиқ “Қу-қу-қу-у”си қулоққа чалинди.

5

— Тўхта-чи! — қувониб қичқирди Владимир Иванович беш қаватли уйнинг бурчакдаги деразасида ёруғни кўриб. Машинадан отилиб чиқди-да, жадал юқори кўтарилди. Лекин бу осон бўлмади: юраги қинидан чиқиб кетай дер, генерал ботинкалари оёғидан тушиб кетишига сал қолди.
Печенкин фанер эшик олдида тўхтаб қолди, нафасини ичига ютиб қулоқ солди.
Ичкаридан гитаранинг тинғирлаши эшитиларди. Эшик қулфланмаган эди. Владимир Иванович уни астагина итарди-да, ичкари кирди.
Ҳаммаси ҳамишагидай эди: Геля пасткам диван-кат устида ёнбошлаганча гитара чаларди. Печенкин жилмайиб, курсига ўтириб дам олди. Кат ёнидаги уч оёқли пастгина столчада арақ шишаси, қадаҳ, тузланган бодринг, колбаса, нон турарди.
Ҳаммаси ҳамишагидай эди: яна ўша ранги ўчган брижа чолвор, камар билан боғланган эски халат.
— Ҳа, Печенкин, — саломлашди Геля меҳмон билан, бир зумга гитарадан кўзини олиб.
— Учиб кетаяпман, — деди Владимир Иванович.
Геля бош ирғади, унга қарамай.
— Олисга, — қўшиб қўйди Печенкин.
Геля яна бош ирғади.
— Анча узоқ вақтга, — сўзини тугатди у.
Геля хўрсинди, гитарани бир четга қўйиб, қадаҳга ароқ қуйди.
Печенкин сесканиб, ижирғаниб қўйди.
— Кўринишинг чатоқ, — деди Геля. — Касал эмасмисан?
— Йўқ, — жавоб берди у.
— Бурнинг нега қизарган?
— Шамоллаб қолдим.
— Тағин йўқ дейсан-а, узиб олди Геля ва қадаҳни кўтариб, қувноқ қўшиб қўйди: — Яҳудийлар айтгандай: — лэ хаим — ҳаёт учун! — у чаққонлик билан ароқни қултиллатиб ютди-да, қарсиллатиб бодринг тишлади.
— Менга қара, бугун қайси кун ўзи? — сўради Владимир Иванович.
— Кун? — Геля ўйлаб қолди ва такрорлади: — Қайси кун… Қўлига гитарани олиб чала кетди. Афтидан “кун” сўзи унинг ғашига тегди. Гитарани чертишда давом этди.
— Володька қани? — қўрқиб сўради Печенкин. Гелянинг ҳомиласи йўқлигини у эндигина тушунган эди.
Геля қувончдан чақнаб турган кўзларини унга тикди ва деди:
— Мен бўлсам янги қўшиқ тўқидим. “Кетиб қолди кичкина одам” деб аталади.
Владимир Иванович ўрнидан туриб деразага ўгирилди. Придонск устида қизил ҳарфларда ёзилган даҳшатли ПЕЧЕНКИН сўзлари осилиб турарди.
Аёл ўзининг янги ашуласини айтиб беришни таклиф этмади, эркак эса сўраб ҳам ўтирмади, индамай чиқиб кетди.

Ўттиз тўртинчи боб

ҲАММАСИ ЖОЙИДА

1

Қандайдир узундан-узун кеча эди, негадир сира тугамасди бу тун…
Печенкин “Волга”дан шошилиб чиқди-да, югуриб қоровуллар уйчасига кирди. Дўмбоққина яланғоч аёл ўзини нариги хонага урди. Қоровул шимининг тугмаларини қадаганича унга пешвоз чиқди. Унинг афт-башараси ичаверганидан шишиб кетганди — афтидан, хўжайин йўқлигида хизматкорлар вақтни бекор ўтказишмаганди.
— Қани Илья? — жаҳл билан сўради Печенкин.
— Илья? — сўради қоровул.
Владимир Иванович ичида сўкинганча қўрғон ҳудудига шошилди. У ер жимжит ва қоронғи эди. Қандайдир кичкина, ночор кимса ҳув олисда қочиб борарди.
— Илья? — чақирди Владимир Иванович. Ҳа, бу Илья эди. Печенкин севиниб жилмайди, қўлини кўтарди-да, бақирди: — Учамиз, Илюха.
Илья тўхтади, ўгирилиб отасига қаради ва югуришда давом этди. У “Октябрь” кинотеатри томон чопаётганди.

2

Владимир Иванович қоронғи фойега кирди, қўли билан пайпаслаб чироқ ёққичларни топди, чиқиллатиб кўрди. Лекин негадир ёнмади. У жим туриб қулоқ солди, залдаги фанер ўриндиқлар ғичирлаганини эшитди. Кўча қоронғи эди, фойе янада қоронғи, зал эса бутунлай зимистон эди.
— Илья, — чақирди Печенкин, — шу ердамисан?
Ўғли жавоб бермади.
Владимир Иванович хайрлашаётгандай залга назар ташлади — худди сувга шўнғиш олдидан ҳаво ютгандай чуқур нафас олди-да, зал зулматига кирди. Худди кўрга ўхшаб қўлларини олдинга чўзганича, оёқларини олға қўя бошлади. У энг чеккадаги оромкурсига бир амаллаб етиб олди-да, унга ўтириб енгил нафас олди.
— Қани, Ноил, бура-чи ўз тарақ-туруғингни! Бизларга, биласанми, кетиш жафосига “Дайди”ни қўйиб бер! — Печенкин буни, албатта, шунчаки ҳазиллашиб айтди. Чунки у ерда ҳеч қанақа Ноил йўқлигини яхши биларди. Умуман, ҳозир унинг кераги ҳам йўқ эди.

О-во-ра-ман,
Дайдиман мен.
Мени ҳеч ким кутмас ҳеч ерда
О-во-ра-ман! —

куйлади Владимир Иванович, Илья жўр бўлади деган умидда. Бироқ, Илья жўр бўлмади.
— Экспорт-импорт! Бу буюмларни бу ёқдан у ёққа, у ёқдан эса бу ёққа дегани! — қичқирди Печенкин ва сукунатга қулоқ солди. — Ҳалол одамнинг фарзанди ҳамиша ҳалол бўлади, ўғрининг боласи эса ўғри, — деди ишончини йўқотиб, ўзи ҳам бу сўзга унчалик ишонқирамай ўзича минғирлади Владимир Иванович ва ўйга толиб жим қолди. — Нима, ёқмайдими? Биламан, сенга бошқаси ёқади … Мен уни ҳам айта оламан — марҳамат! Қандай айтиларди:

Тош устига тош,
Ғишт узра ғишт зич,
Ўлди бизнинг Ленин
Владимир Ильич.
Йўқ, у ўлган-мас,
Яшайди мангу…
Мангу устингда
Тургисидир у!

Лекин Илья бунга ҳам жавоб бермади. Шунда Владимир Иванович бардош беролмади, асабий бир тусда бақирди:
— Чироқ, этикдўзлар!
Худди шу онда зўрға кўриниб турган тўғри бурчакли экран фонида кимдир югуриб ўтди.
— Эҳ, Илья, — хафа бўлиб хитоб қилди Владимир Иванович, ўрнидан шартта туриб олдинга ташланди. Олдинги оромкурсининг елкасига урилди-да, гурсиллаб ерга қулади.

3

Чордоқда анча ёруғ эди. Илья ўз каравотида чўзилиб ётар, бошига қизил алламбалони ёпиб олганди. Владимир Иванович жилмайди, деразанинг ёнига келиб, пастга қаради. Хўжайиннинг келиши билан унинг қўрғонида жонланиш бошланди. Ҳашаматли бинонинг деразаларида чироқлар ёнди, хизматкорлар югуриб қолишди, гараж дарвозасидан “Мерседес” чиқди. Печенкин деразани очиб юборди, қаттиқ ҳуштак чалиб, қичқирди:
— Ҳей! “Роллс-ройс”ни тайёрланглар! Ўшанда кетамиз!
Улар ўзаро баҳслашганча “Мерседес”ни қайта гаражга ҳайдашди.
Печенкин қасирлатиб елкаларини тузатди. У қайта куч тўплай бошлаганди.
— Биласанми, бугун мен қандай туш кўрдим? — хитоб қилди у кутилмаганда эслаб. — Гўё биз иккаламиз ўзимизнинг “Фалькон”имизда учаётган эмишмиз.
— Учармишмиз-у, мен Фрицга “Рулни Ильяга бер, бир оз ҳайдаб кўрсин” дермишман. Бир тасаввур қилинг-а? — Владимир Иванович кулди, кейин жиддий тус олиб қўшиб қўйди: — У бўлса, бермади-я… немис…
Илья жим турар, қимир этмасди. Владимир Иванович хўрсиниб қўйди.
— Улар ўзим йўқлигимда ҳали патимни юладилар, бўғизлайдилар, тортқилаб кетадилар. Ҳалитдан “Н” ҳарфини тортиб кетишибди. Қайтганимизча “П” ҳарфи қолса ҳам майли эди… Москвалик текинхўрлар… Жин урсин уларни! Биз ҳали қайтиб келамиз, қайтадан бошласак ҳам уларни тегишли жойга ўтқазиб қўямиз ҳали. Қараб тур, ҳали, биз уларнинг ҳаммасини бўёқ қоришмага қўшиб деразаларнинг тирқишларини беркитиш учун ишлатамиз!
Илья бунга ҳам индамади.
Владимир Иванович кулимсираб каравот четига ўтирди.
— Сен ҳалиги нарса учун кўнглингни бузма, — гапни секин бошлади Печенкин. — Пешонада бор экан, кўрамиз… Оламнинг еттинчи мўъжизаси эмиш! Ёки саккизинчи?
— “Қадаҳ” — халқ жуда топиб айтди! Рус халқи — сўз билан нишонга аниқ уради. Қадаҳ — ростдан ҳам қадаҳнинг ўзи. Биллур — айнан ичиш учун-да! Ибодат қилиш учунмас. Шундай экан, бунга сен айбдор эмассан, мен айбдорман! Майли, ҳечқиси йўқ, мен ўз гуноҳимни юваман. Қайтамиз, мен ўша жойнинг ўзида ҳақиқий қаср қураман. Тош қаср, цементига тухум қўшиб қилдираман. Худди бурунгидай, асрлар оша турадиган қилиб қурдираман! Олтин эмас, оддий… “Қу-қу-қу… сизга тухум туғиб бераман, олтин эмас, балки оддий тухум”. Мен ҳамиша ўйлаб юрардим, бу эртак нима ҳақида ўзи деб. Сен кичкиналигингда уни тинглашни яхши кўрардинг. Баъзан беш мартагача ўқиб берардим, сен бўлсанг, яна, яна дердинг, мен ўқирдиму ўзим тушунмасдим, оддий тухумнинг олтин тухумдан нимаси яхши деб ҳайрон бўлардим. Унинг нима ҳақида эканини, ким ҳақидалигини тушунмасдим… Энди тушундим — мен ҳақимда экан. — Печенкин хижолат тортиб жилмайди. — Қу-қу-қу… Сизга тухум туғиб бераман. Олтин эмас, оддий тухум… Ларзага келмайди… Ларзага келмайди! Бундан баттарини кўрганмиз… Қани, тур болам, тура қол.
Владимир Иванович ўрнидан турди, атрофга аланглади, каравотга қаради, жилмайди ва ўғлининг елкасига қоқди… Илья у ерда йўқ эди… Адёл ва ёстиққина турарди. Улар одам танасига ўхшаб ётқизилиб, устига буванинг шойи байроғи ёпиб қўйилганди Владимир Иванович энгашди. Зарли ўроқ ва болға ялтирарди. Печенкин худди қизил матони кўрган буқа сингари кўзлари қонга тўлиб ғазабланди.
— Россия… Инқилоб… Инқилоб… Россия, — пичирлади Владимир Иванович. У ўзини тутишга ҳарчанд уринмасин, буни эплолмади, ўзини қўлга ололмади. — Россия! Инқилоб! — бақирди у ва пиджаги чўнтагидан “беретта” тўппончасини олиб, қизил байроқ ва унинг зарли ўроқ ва болғасига қарата кетма-кет ўқ узди. Чордоқни чанг-тўзон ва куйган пахта ҳиди тутди. Қаттиқ шовқин кўтарилди. Печенкин бошини чангаллаганича чўккалаб ўтириб олди. У қўрқиб кетганди… Каптарлар — улар бу ерда жуда кўп экан — патир-путир қилиб, ўзларини ҳарён уриб, қанот қоқиб чарх урар эди. Ниҳоят очиқ деразадан ўзларини ташқари уришди. Бир пастда жимжит бўлиб қолди. Владимир Иванович каптарлар эканига ишонч ҳосил қилиш учун дераза олдига югуриб борди. Улар аллақачон ғойиб бўлишганди…
Пастда одамлар “Октябрь”га қараб чопишарди. Биринчи бўлиб Маллавой югурарди — қўлида автомат милтиқ. Владимир Иванович қўлини кўтарди, уларни тинчлантириб қичқирди:
— Ҳаммаси жойида! Ўзим шунчаки…
Одамлар тўхташди, унга савол назари билан қараб, амрини кутишди.
— Менга қара, Женька, Ильяни кўрмадингми, мабодо? — ташвишланиб сўради Печенкин.
Маллавой “йўқ” дегандай бошини чайқади ва ўша саволни ёнидагиларга берди. Ильяни улар ҳам кўришмаган экан.
— Майли, бўлмаса, — қўл силтади Владимир Иванович, орқага ўгирилди ва каравотга қаради.
Байроқ сирғалганди…
Байроқ сирғалиб, полгача тушганди, фақат озгинаси каравот устида қолганди…
Печенкин бурилиб, хавфсираганча деразага қаради. Одамлар ўзларича гаплашиб, тарқалиб кетишаётганди…
Байроқ сирғалиб, полгача тушганди, фақат озгинаси каравот устида қолганди ва у ерда нима борлигини кўриш учун энгашиб қараш керак эди…
Бу жуда оддий иш эди — энгашиб қараш. Шу қадар оддий иш эдики, Печенкиннинг кулгиси қистади. У қаҳ-қаҳ урганича энгаша бошлади — авввалига тез, кейин аста-секин ва ярим энгашганча тўхтаб қолди…
Байроқ сирғалиб, полгача тушганди, фақат озгинаси каравот устида қолганди ва у ерда нима борлигини кўриш учун тиз чўкиш керак эди. Бу энгашишдан кўра осонроқ эди, — тиз чўкиш керак эди, лекин тиззалари букилмади. Шунда Владимир Иванович, ҳаётида ҳеч қачон каравот остига қарай олмаслигини тушуниб етди.
Печенкинни куч-қувват тарк этди, қимирлашга мадори қолмади ва шу ернинг ўзида йиқилиб тушмаслик учун бир-икки қадам ташлашга улгурди ва каравот устига қулади. Симтўр даҳшатли ғичирлади, силкиниб турди ва ниҳоят тинди.
Владимир Иванович жилмаймоқчи бўлди, лекин уддалай олмади. Нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади, бу ҳам қўлидан келмади. Шунда қўлини тушириб пастга чўзди. Лекин унга жавобан пастдан ҳеч ким қўл узатмади.
Владимир Иванович бирдан сўнгги пайтда уни қийнаб келаётган саволни эслаб қолди.
— Бугун қайси кун, билмайсанми? — деб сўради. У жавобини кутмасданоқ хулоса қилди: — Ҳеч ким билмайди… Шуниси қизиқки! — хитоб қилди у. — Авваллари одамларга яхши ҳақ тўласа, яхши ишлашади, деб ўйлашарди. Ҳечам-да!
Унинг бу фикрига ҳеч ким қарши чиқмади, ҳеч ким қўшилмади ҳам…
— Биз оқлар эмасмиз, биз қизиллар ҳам эмасмиз, биз придонскликлармиз! — бақирди Печенкин оёғини йиғиштириб ва бошини елкалари орасига қисаркан. У қўллари билан қизил байроқни ўзига торта бошлади.
— Бу иш… ишлашга… халақит… беради… — деди у сўнгги сўзларни зўрға, қизил матони бошига ўраркан. У ўзини ҳаммадан яшириш учун ипак қурт мисоли ипакка ўраниб олди.
Дераза ортида эса ҳаво тунд эди — тонгмиди бу ёки кечқурун…
Баҳормиди бу ёки куз…
Ҳаётмиди бу ёки ҳаётмас.

Файзи Шоҳисмоил таржимаси.
«Жаҳон адабиёти” журнали, 2004 йил, 1-2-сонлар