Жек Лондон. Мен англаган ҳаёт (эссе)

Мен оддийгина ишчи оиласида туғилганман. Жуда ёш кезларимданоқ ўз хаёлот оламимда кучли хоҳиш-истаклар, шу мавжуд ҳаётга бўлган беадад завқу шавқ ҳамда қўл етмас орзулар осмонини кашф қилдим, ҳа, бу ёрқин ниятларим менинг бола бошим учун нечоғлик маҳол бўлишига ҳам рози бўлган ҳолда уларга бутун қалбимни фидо қилдим. Ҳолбуки атрофимдаги муҳит ғоятда ачинарли, қўпол ва қуруқ эди. Шундай бўлса-да орзуманд кўзларимни фақат юксакка тикардим, ўша теграмдаги моддий турмуш лавҳаларини назарим ҳеч илғамасди. Тан олишим керакки жамиятдаги менинг ўрним анча қуйида эди. Бу ердаги ҳаёт руҳ учун ҳам, тана учун ҳам қабиҳлик ҳамда бахтсизликдан ўзга нарсани раво кўрмасди сира, ваҳоланки қашшоқлик исканжасида руҳу тана-да баробар ҳолда очликдан силласи қуриб, беаёв азобланмоқда эди.
Шу ғариб бошим узра жамиятнинг ҳашаматли турмуш тарзи бўй кўрсатиб, ўзини тинмай кўз-кўзлаб турарди, бирдан ичимда худди ўша фусункор сарой томон кўтарилиб чиқиш истаги пайдо бўлиб қолди. Мен ўша саройга қараб шу паст жойимдан бор кучимни сарфлаб бўлса ҳам ўрмалаб чиқишга аллақачон азму қарор қилгандим. Қасрдаги барча эркаклар нафис кийимда эдилар, эгниларида қоп-қора костюм билан оҳорли кўйлак, хонимлари бўлса жозибали либослар оғушида хиром билан юришарди. Яна бу ерда энг сара таомлар ҳозирланар, тўйгунингча маза қилиб ейишинг мумкин эди. Бу овқатларнинг бари битта одамга жуда кўплик қиларди. Ҳаммасидан ҳам бу жойда руҳинг ором топадигандек эди. Бутун ақлу хаёлимни ўғирлаган ўша серҳашам ҳаёт муҳитида, мен аниқ билардимки, руҳнинг озодлиги, тоза ва олижаноб фикрлаш, рисоладагидай умр кечириш каби ҳаётнинг нодир туҳфалари мужассам эди. Буларнинг барини мен ўзим ўқиган “Денгизбўйи кутубхонаси” туркумидаги романлар орқали яхши билардим, албатта, китоблардаги ёвуз қаҳрамонлар ва саргузаштсевар дарбадарларни ҳисобга олмаганда мазкур олий табақа вакиллари ҳаммавақт ғоятда теран мулоҳаза этишар, равон тилда сўзлашишар, назокатли ҳаракатлар қилишарди. Мухтасар қилиб айтганда, мисоли қуёш чиқишини шоду хуррамлик ила кутиб олганим каби тепамда ярқираб, жилоланиб турган гулгун ҳаёт ичида ҳам осудалик, ҳам аслзодаларга монанд салобат ва марҳамат мавжуд эканлигига зиғирча шаксиз ишондим, гарчи бу каби тушунчалар фақир қисматим учун номуносиб бўлиб кўринса-да бироқ улар тириклик мазмунига хушлик ҳамда виқор бағишлашига иқрор бўлгандим, энг муҳими, бу ҳаётда одамни яшагиси келарди.
Аммо камбағал ишчи оиласининг боласи учун юқоридаги порлоқ толеъ томон кўтарилиб чиқиш осон эмасди, албатта, чунончи биз каби одамлар одатда хомхаёллар ва сароб орзулар оғушидан то ўлгунимизча мосуво бўлмаймиз. Мен Калифорнияда, ўз ранчойимда истиқомат қилардим, бор жон-жаҳдим билан олий табақа доирасига чиқиб олиш учун мустаҳкам нарвон қидирардим. Болалик пайтларимданоқ пул дардида қийналиб яшардим, ўша аслзода кишиларнинг дунёга қандай қилиб бадавлат, беғам бўлиб келганларига ақлим етмай, ҳадеб бола онгимни азоблардим. Кейинчалик шуни англаб етдимки инсон қанча кўп тер тўкса, у шунча бойиб кетади, ана ўшандагина унинг тирикчилиги ҳам бинойидагидай шароитда бўлади. Ушбу хулосамдан зудлик билан ҳисоб-китоб қилиб олдим, башарти мен то эллик ёшимгача тинимсиз тер тўкиб, меҳнат қилсам ва тузуккина маблағ жамғара олсамгина менинг жамиятдаги ўрним ҳам юқорилашиб, дунёнинг лаззат ҳамда бахт каби муждаларидан баҳрадор бўла олишимни тиниқ идрок этдим. Шубҳасиз, бу йўлда қашшоқлик тушовидаги оғир тош сингари уйланиш даҳмазасини ҳам қатъий бир четга суриб қўйдим.
Шунга қарамай, бор жонимни жабборга бериб, астойдил тер тўкишимга тўғри келарди. Бинобарин, ўн ёшимданоқ шаҳар кўчаларида газета тарқатиб юрадиган болакай қиёфасига кирдим, сарсонлик ва пул топиш машаққати менга янаям кўпроқ нарсаларни ўргатди ўшанда. Барибир атрофимдаги борлиғимни қуршаб турган очлик, юпунлик ва мискинлик балосидан ҳеч қутулиб кетолмасдим, тепамда эса ҳамон оромижон жаннат боғи мени ўзига тинмай чорлаб турарди, шунда хаёлимда бошқа нарвон топиш фикри уйғонди. Янги нарвон — бизнес нарвони эди. Хўш, мен нима учун арзимаган майда чақаларимни ҳам минг азоб билан ҳукуматнинг лой кўчаларидан қидириб юришим керак экан, икки донагина газетани беш сентга олиб, кейин уларни атига ўн сентга пуллаш орқали катта маблағ тўплашим мумкинмикан? Янги ўйлаб топганим бизнес нарвони бўлса бошқа гап, бу фикрим ўзимга чунонам ёқиб тушди, дарҳол сочларимни олдирдим-да, омади чопган савдогар шаҳзода қиёфасида узоқ сафарга отландим.

Чиғаноқ қароқчилари шаҳзодаси

Афсус! Кўринишимни ўзгартириб чакки қилибман! Ўн олти ёшимга тўлиб улгурмасимданоқ “шаҳзода” ҳам бўлволдим энди. Лекин бу унвон бир гала каллакесар ҳамда ўғрилар тўдаси томонидан берилганди, ана ўшалар менга худди шу лақабни ёпиштириб қўйишди: “Чиғаноқ қароқчилари шаҳзодаси”. Аммо ўша дамда мен бу бизнес нарвонининг биринчи зинасига қадам қўйишга муваффақ бўлгандим. Энди мен яхшигина капиталист эдим. Ўз қайиғим, чиғаноқ овлаш учун ҳамма ускуналарга эришгандим. Сафарда ҳамроҳлик қилиши учун боп бир шерик ҳам танлаб олгандим. Қайиқ эгаси ҳамда капитани сифатида қўлга туширган ўлжамизнинг учдан икки қисми менинг ҳамёнимга тушар, учдан бир қисми эса шеригимга қоларди, лекин бечора миқ этмай худди мен каби меҳнат қилар, жони ва озодлигини таҳликага қўйишга ҳаммавақт шай турарди.
Бироқ қисматимиз шўр экан, аранг кўтарилганим нарвоннинг биринчи зинаси ҳам тез орада барбод бўлди. Бир оқшом хитойлик ярамас балиқчилар ҳужумига учрадим. Қайиғимдаги жамики тўр ва арқонларим менга аллақанча долларга тушганди. Бу ростакам ўғирлик эди, аммо шунга амин бўлдимки, капитализмнинг ошкора юзи мана шундай экан аслида. Ҳақиқий капиталист гўёки қарзи бордай одамзоднинг бор мулкини юлғичларча тортиб оларкан, хоинларча ишонч билан ёки орқасида турган сенатор ва олий суд бошлиқларининг елкаларига суянган ҳолда иш тутарканлар. Лекин мен ҳам ўзимга етгудай ҳақпараст эдим. Улар билан менинг орамдаги ягона фарқ ҳам шу жиҳат бўлса керак. Юлғичларга қарши қурол ишлатишга мажбур бўлдим.
Аммо ўша тунда ёнимдаги ҳамроҳим битта бўлгани учун шунча ёвуз хитойларга қарши бас кела олмадим, шеригим ландовурларча қайиқ ёнига катта гулхан ёқди ва бунинг оқибатида бутунлай қайиқни харобага айлантириб юборди. Ўша кеча ҳеч қанақа дивидентим ҳам, маблағим ҳам қолмади, қайтанга биз сақлаб қололмаган тўр ва арқонларимизга ифлос хитойликлар эга бўлиб олишди. Чорасиз қолдим, кутилмаган инқироз ақлимни довдиратиб қўйди, киссамда қолган олтмиш беш доллар билан қандай қилиб кун кечиришимни билолмай танг аҳволда эдим. Вайрон бўлган қайиғимни якордалик ҳолатида ташлаганча бошқа қароқчилар кемасига ўтириб, Сакраменто дарёси тарафга ҳужумга кетдим. Омадсизликни кўрингки, бу сафаримда ҳам яна безорилар тўдаси билан тўқнаш келдим, улар янги қайиғимни ҳам талон-тарож қилишди. Босқинчилар ҳамма нарсамни ўмариб кетишди, ҳаттоки лангаргача чанг солишди; кейинчалик эса ноилож тақдирга тан бериб, қуруқ қолган қайиғимни арзон-гаров пулга сотиб юбордим. Бир амаллаб чиқиб олган бизнес нарвонимнинг биринчи зинасидан ана шу тарзда тойиб кетдим ва қайтиб ҳеч қачон бизнес нарвони тўғрисида қуруқ хаёл қилишни бас қилдим.

Оғир меҳнат қўйнида

Шундан кейин сўқир қисматим мени ниҳоятда бераҳм капиталистлар қўлида шафқатсизларча эзғилади. Мисоли жаллод зодагонлар мускулдор билакларимдан пул ишлаб, ўз нафслари учун фаровон яшашни йўлга қўйдилар, ҳолбуки менинг пешонамга бу каби яшаш сира-сира насиб қилмасди. Ҳаёт бошимга бир-биридан машаққатли кунларни солди, аввалига денгизда югурдак, портларда юк ташувчи бўлиб ишладим, сўнгра консерва заводи, фабрикаю кирхоналарда кучим кетди; устига устак майсазорларни ўрдим, гилам тозаладим, дераза ювдим. Бироқ шуунча қилган меҳнатларимга яраша ҳақ ололмадим ҳеч. Консерва заводи директорининг ясатоғлик извошда яйраб кетаётган қизига алам билан тикилардим, у менинг мускулларим туфайли роҳат қилиб борарди, ўша извош араваси ҳам резина шиналари устида фақат менинг қувватим сабаблигина жойидан қўзғала оларди, ҳа. Фабрика хўжайинининг нуфузли коллежга қатнайдиган ўғлига боқиб туриб, яна бир карра ўкинардим, у ҳам бақувват мускулларим туртиб турган мана шу билакларим орқасидан таълим оларди олий коллежида, унинг маза қилиб улфатчилигу кайфу сафо қилиб юришларида менинг ҳам ҳиссам анчагина эди.
Бироқ мен булардан асло ғазабланмадим. Ахир бу ҳодисаларнинг бари ўйин-ку. Ҳаёт-ку бу ахир. Ҳаёт ўйинидаги кучли тараф эса ҳозирча улар эди. Майли, дедим ўзимга ўзим, ҳечқиси йўқ, мен ҳам ожиз эмасман, менам кучлиман. Аммо мен жамиятдаги ўз ўрнимни улар сингари бошқаларнинг пешона териси эвазига эмас, аксинча топ-тоза ва ҳалол қўлларим билан яратмоқчи эдим. Меҳнатсиз ҳаёт ҳалокат демак эди мен учун, оғир ишдан қочмас, меҳнатни жуда севардим. Тобора тез, тобора қаттиқроқ ишлаб, охир-оқибат жамиятга ҳаттоки тиргович ҳам бўла олардим.
Шунда тақдир юзларимга бироз кулиб боққандай бўлди, орзу-хаёллари худди меникига ўхшаш бир иш берувчи билан рўбарў келиб қолдим. Ҳалол тер тўкишга мендаги иштиёқ нечоғлик баланд бўлса у мендан-да қолишмайдиган меҳнатсевар эди. Ўзимча тижоратни ўрганаяпман-да, деб ўйлаб юргандим. Аслида эса ҳар иккаламиз учун ҳам бир ўзим меҳнат қилаётган эканман, ҳақиқатда бўлса, у мениям ҳаққим бўлган эллик долларни индамай чўнтагига уриб қолаётган экан, икки киши учун тер тўкаётган ишимга эса мен ойига қирқ долларгина олар, баъзан буям қўлимга ўттиз доллар бўлиб тегарди. Бу разил кимса мени ўлдиргудай қилиб тоза ишлатди. Одам денгиз чиғаноғини яхши кўриб ейиши мумкин, аммо ҳаддан ортиқ чиғаноқ ҳам дарров кўнгилга уради. Ортиқ иш деган дўзах азобини кўргим келмай қолди. Ахийри у ердан қочиб кетдим. Энди эшикма-эшик сарғайиб, кўчаларда тиланчилик қилиб сарсон бўлдим, бутун бошли Қўшма Штатларни тентираганча ялангоёқ кезиб чиқдим, ҳароба кулбалар ва зах қамоқхоналар ичида аъзойи баданим чириб кетгудай бўлиб, ёмон қийналдим.

Увол бўлган қувватим

Қисматимга камбағал бўлиб туғилиш битилган экан, на чора, мана ҳозир, умримнинг авжи барқ урган чоғи – ўн саккиз ёшимда бу аламни яна-да теран, яна-да ўкинч билан ҳис этардим. Мен тамомила жамиятнинг энг хилват ертўласида қолиб кетгандим, ночорлик ҳамда нотавонлик қурбонига айлангандим мутлақ, ҳатто ҳасрат қилишга ҳам арзимайдиган нохуш вазият бечораси эдим. Бутун жисму жоним билан тубсиз жарлик қаърида инграр, жамият тараққиётининг томир-томирларига чирмашиб кетган тартиббузарлик, парокандалик ва чиркин қонунлар ботқоғидан қутулолмасдим. Ҳаётнинг яна бир ҳақиқати шу экан, кўзларим бу ҳақиқатга терс қараёлмади. Омадсизлигим ва бахтсизлигим оқибат ўз орзуларимга хиёнат қилишга, улардан юз ўгиришга мажбур этди, бори кўрганларим ва англаганларим шу бўлдики, олиймақом табақа вакилларини қуршаб турган ёрқин шуъла гардиши энди дилимга ғаддор бир қўрқинчни солиб қўйди. Мен ҳатто орзу қилишга-да қўрқиб қолдим. Ўзим нафас олаётган мукаммал тараққиёт доирасидаги энг оддий, энг ошкора қоидаларни аниқ кўриб турардим. Ҳаёт аслида бир бошпана ва бир коса ёвғондан иборат жараён экан, холос. Қорин ва уй ғамида эса одамлар бор нарсаларини пуллар эдилар. Савдогар оёқ кийимини, сиёсатчи одамгарчилигини, сўзсиз баъзи бир давлат вакилларини ҳисобга олмаганда, улар ҳатто ўз эътиқодларини-да зиғирча андишасиз индамай сотиб юбораверардилар; умуман олганда, ҳамма бозорда ва бу бозорда инсон нафсониятигача сотилар эди. Сотувчилик йўлида аёллар ҳам ҳаракатга тушиб қолишди, улар торкўчалар ичида ёхуд хилват гўшаларда оппоқ таналаридан истаганларича фойдаланишар, афсуски, билмас эдиларки, улар макруҳ лаззатлари билан аёлликнинг муқаддас ва эзгу мақомини-да ер билан битта қилиб поймол этишарди. Ҳаёт мисоли фақат сотиладиган моллар дўконига ўхшаб қолганди, ҳамма одамлар сотишар ва сотиб олишарди. Ёлғиз меҳнатнинггина сотиладиган моли битта: у ҳам бўлса куч эди, холос. Жадаллашиб бораётган тараққиёт бозорида биргина оғир меҳнатнинг баҳоси йўқ эди. Унинг танҳо мулки кучли мускуллар ва яна шу мускуллар эди фақат.
Аммо бу ерда муҳим бўлган катта тафовут ҳам бор эди. Сотиб юборилган оёқ кийимлар ва ё эътиқод, борингки, нафсоният ҳам ўзларини янгилаб, қайта яралиш имкониятини топа олардилар. Улар беқарор, ўзгарувчан оддий нарсалардир. Бироқ одамнинг куч-қуввати бу бошқа масала, кетган кучни яна қайтариб, уни янгилаб бўлмайди. Пойабзал тижоратчиси оёқ кийимларини пуллагани билан у яна ўз савдосини юргизиб кетаверади. Лекин қора ишчининг бақувват мускуллари вақт ўтиши билан борган сайин юпқалашиб, тобора кучсизлашиб бораверади. У қанча меҳнат қилса шунча кўп кучини йўқотади. Бечора нима ҳам қилсин, ягона давлати мана шу ғудруш қўллари бўлса, бошқа нимаям қила оларди, ўтаётган ҳар бир кунига мускулдор билакларини қурбон қилганча тирикчилигини бир амаллаб ўтказишдан бўлак иложи йўқ эди унинг. Ногаҳон жони осонгина узилиб қолмаса, шўрлик меҳнаткашларнинг умри то адоғигача шу зайлда меҳнат ва меҳнат билан ўтиб кетарди. Борди-ю кучдан қолгудай бўлса, ноилож кулбаси деразаларини ёпиб, ўзини аччиқ кулфат измига топширишдан бўлак чораси қолмасди. Қора ишчининг мускуллари инқирозга учраган он унда ҳаёт нишонасидан ҳам ҳеч қандай белги қолмайди, бемажол ва беҳол руҳда жамиятнинг ўша чиркин ертўласига йиқилиб тушиб, бахтиқаро ҳолида жимгина ўлиб кетаверади.
Орадан бироз вақт ўтиб, худди сотилажак моллар сингари инсон мияси қудратини, мулкини кашф этдим. Одамнинг онги эса унинг билакларидан мутлақо фарқли бўлган бебаҳо бойлиги ҳисобланарди. Онг “сотувчиси” эса дастлабки даврни эндигина эллик-олтмиш ёшга кирганидагина бошлаган бўлади, унинг ҳаққи ҳам бошқа маблағлардан кўра борган сари кўтарилиб бораверади. Бечора қора ишчилар каби қирқ беш-эллик ёшларидаёқ ишга яроқсиз бўлиб қолмайди. Жамиятнинг зах ертўласида яшаб келарканман, бутун умримни шу хароб ерда ўтиб кетишига асло-асло рози бўлолмасдим. Бу жойдаги қувурлар ва ускуналар умуман яшаш тартибига талаб бермас, ҳаммаёғи исқиртликка ботиб кетган, ҳавосидан эса умуман нафас олиб бўлмасди. Толеъйим кулиб, истиқболим гуллаганида борми, жамиятнинг муҳташам меҳмонларида яшай олмаган тақдиримдаям истаган нархда ўзим боп бирорта бошпана сотиб олган бўлардим. Тўғри, у ерда ҳам яшашнинг ўзига яраша маъсулияти бўларди, албатта, бироқ жилла қурса эркин нафас олишим учун лоақал тоза ҳаводан баҳра олиш бахтига эришардим. Шундай қилиб, ортиқ билакларимдаги куч-қувватимни беҳуда сарф этмай, энди ақл “сотувчиси” бўлишга қарор қилдим.

Исёнчи жамиятшунос

Мазкур қароримдан сўнг белимни маҳкам боғлаб, илм кетидан шиддат билан қувишга киришдим. Калифорнияга қайтиб келиб, китобларимни очдим. Ақл ва мия “савдогари” бўлиб шаклланарканман, ўз-ўзидан шахсимни жамиятшунос қилиб тарбиялашим муқаррар бўлиб қолганди. Бир қатор китоблар ичидан онгимда ўзим яратган жамиятга оид тушунчаларнинг илмий режасини тузиб чиқдим. Шаксиз, мендан аввал ўтган ва менинг тафаккуримдан-да шуурлари ўткир бўлган кимсалар ҳам бу хил назарияларга эътибор қаратган бўлишлари мумкин. Бироқ мен ўз назаримда инсоният учун бағоят керакли бўлган улкан қоидаларни яратмоқда эдим. Ўзимни жамиятшунос бўлиб етишаётганимни пайқардим.
Аслида жамиятшунос дегани бу исёнчи одамлар демакдир мен учун, шу сабабдан улар ҳозирги давр шароитини тубдан ўзгартириб, келажак йиллар учун яхши бир тузумни барпо қилишни кўзлардилар. Мен ҳам улар каби ҳақиқий жамиятшунос ва улардай чинакам исёнчи бўлиб қолгандим. Бир қанча дунёқараши кенг исёнчилардан таркиб топган ишчилар гуруҳига қўшилиб олдим ва илк маротаба онг билан яшашни бошдан кечирдим. Бу ерда мен ўткир мулоҳазалар ва чуқур идрокка тўла мушоҳадалардан воқиф бўлдим, кучли, ақли юксак, меҳнаткаш одамлар билан топишдим. Муқаддас ибодатхоналарда қуруқдан-қуруқ сафсата сотиб, воизлик қилаётган ваъзхонлару дорилфунун остонасини оёқости қилаётган билимсиз профессорларни ҳам ўз қобилиятлари ҳамда чуқур илмлари билан мот қиладиган шундай кучли доира вакилларини топдим, улар бор шижоатлари билан одамзодни чексиз ботқоқлик чангалидан қутқариб қолишга ҳаракат қилардилар.
Мана шу ҳақгўй одамлар орасида мен инсонга хос бўлган илиқ эътиқодни, орзупарастликни, худбинликдан чекинишни, бор иллатларни рад қилиб, меҳнат учун жафокашликни, руҳнинг бор саодатини англаб етдим.
Бу ердаги ҳаёт ҳалол, пок ва жонли кечарди. Наҳотки ер юзида мана шундай ҳаёт ҳам мавжуд бўлса, ғаройиб, шонли; қайта тирилганимдан нечоғлик бахтиёр эдим!.. Ниҳоят излай-излай топганим бағоят буюк қалблар билан ҳамнафас яшаётгандим, зотан бу дилларнинг руҳи ғарам-ғарам долларлару миллионлаб ақчалар устидан масрур, бепарво учиб ўта олади, бироқ жами жаҳон теварагидаги иқтисодий танглик борасида улар зинҳор сукут сақламайдилар, қаҳатчиликда ҳалок бўлаётган болакайлар фарёдига қулоқларини беркитиб олмайдилар. Ҳаёт нақадар гўзаллашиб кетди, ана олижаноблигу ана олийҳимматлик, ана қаҳрамонлик қудрати, энди кунларим қуёш нурига чўмилган ҳолда, тунларим юлдузлар шуъласи ичра чароғон ўтарди; бир дам кўз олдимдан мислсиз қийноқларга тўла, бир-биридан ўтли, бир-биридан оғриқли кечган қора кунларим ўта бошлади, наҳот бир одам боласига шунча зулм, шунча кўргилик ёғилди, бераҳмлик қурбони бўлди у, аммо оқибат шўрлик барибир ўша ёвуз муҳитдан, аччиқ ҳаёт исканжасидан қутулиб чиқди ва ҳамма-ҳамма кўрганларини ортга ташлади. Мен аҳмоқ бўлса ўша мудҳиш балоларнинг барини роҳат-фароғатга эришиш йўлидаги арзимас заҳматлар деб тушунибман ва ўша заҳматлар мени бир кунмас бир кун жамиятнинг баланд шоҳсупасига кўтариб чиқади, дея хомтама бўлибман, беҳуда рўё ортидан чопибман. Калифорниядаги ранчойимга келиб энди ўзгача мулаҳазалар билан “Денгизбўйи кутубхонаси” романларини қайтадан мутолаа қилишни бошлаган кунимданоқ хаёлимдаги кўп қуруқ даҳмазаларни, тўғрироғи, рўёларнинг барини чиқариб ташладим. Шундагина буткул амин бўлдимки, ичимда то шу кунларимга қадар сақлаб келган ўша хомхаёлларнинг барчасини ўз идроким билан тамоман барбод қилибман.

Англаш

Онг “сотувчиси” сифатида анча омадим келди. Жамият бор эшикларини менинг истиқболимга ланг очиб берди. Ана энди бемалол, тўғри муҳташам меҳмонхоналарга кириб борар, қўл текизишим мумкин бўлмаган нарсаларни беҳадик ушлай олардим, бироқ, бироқ тезда юрагимни яна совуққонлик, бу хил турмушдан ихлоссизлик, безганлик ҳислари қуршай бошлади. Мен олиймансаб жаноблар билан битта дастурхонда овқатланар, уларнинг серҳашам аёллари ва қизлари билан бирга таом ердим. Тан оламан, бу кибор хонимлар дид билан кийинишган, яхшилаб безанишган эди, аммо содда бир ҳайрат билан шу нарсани ногоҳ кашф қилиб топдим, менинг асл табақамдаги қора ишчи аёлларнинг ҳам бадани шу хонимларники билан бир хилда эди. Мана, полковникнинг сертаманно хотини билан оддийгина ишчи Жуди О”Гредининг таналари битта тусда экан, фақат хонимнинг ялтироқ либослари уни яшириб турарди, холос.
Ақлимни лол қилган нарса фақат бу эмасди. Рост, малоикалардай кўринишга уринаётган бу бойликка ўч аёллар, пулсевар эркаклар чиройли тилда сўзлашар, фикрларини равон ифодалай олишарди; аммо шундай бўлсаям улар яшаётган ҳаёт лавҳалари ниҳоятда расво, емаклари ҳаром эди, ўзлари эса ўлгудай худбин эдилар! Қилиб қўйган озгинагина хайр-саҳоват ишларини ҳам минг марталаб оғиз кўпиртириб мақтанишар, ҳолбуки, эгниларидаги аллақанча доллар турадиган бебаҳо кийимларини, қиммат тақинчоқларини, оғизларидаги ширин таомларини кичкина ишчи болакайларнинг пешона териси орқасидан, нечоғлик оғир меҳнат эвазига келаётганини билишмасди. Бу каби асослар фиримдан кечаркан, хаёлимда бирдан Жуди О”Гредига танадош мана бу хонимлар тўсатдан инсофга келиб, гўё қонга бўялган кўйлаклари ва тилла тақинчоқларини устиларидан юлқиб олишиб, қаттиқ дарғазаб бўлган қиёфалари жонланиб кетди негадир, мен эмас, гўёки энди уларнинг ўзлари уволлик ва заволлик тўғрисида ваъз ўқишар, жамиятнинг зах ертўлаларида ҳалок бўлаётганлар қисматига дил-дилларидан ачинишарди. Бироқ реал ҳаётда бу лавҳа ҳеч қачон аксланмасди, албатта, олти ёшли болакайнинг ҳар тунда ўн икки соатлаб қора терга ботиб ишлаётган тақдири билан уларнинг бир мирилик иши йўқ эди, аслида менинг ҳаётимни кулфатга айлантираётганлар ҳам шулар – Жуди О”Гредидан бир поғона ҳам юксакда турмайдиган калондимоғ хонимчалар эди.
Яхшиси, улар билан менинг ҳам ишим бўлмагани маъқул эди. Мен ораста кийинган, аслзода, ақлли кўринадиган эркаклар билан танишишга киришдим, уларнинг орзу-ўйлари ҳам худди кўринишлари каби тиниқ, асл ва жонли бўлиши керакдай эди назаримда. Жамиятнинг энг баланд курсиларини эгаллаб ўтирган бир гуруҳ воизлару сиёсатчилар, бизнесменлару профессорлар ҳамда ноширлар билан улфатчилик қилиб юрдим. Улар билан бирга овқат ер, бирга шароб ичар, битта машиналарда юрар ва шу аснода уларни ўрганиб ҳам борардим. Тўғри, киборлар орасида ростданам ақлли, аслзодаларни учратдим ҳам, бироқ улар бениҳоя кам эди, бўлганлари ҳам у қадар жўшқин эмасдилар. Гоҳо шу қадар онгим хиралашиб кетардики, ҳатто иккала қўлимдаги бармоқларим ҳисобидан адашиб кетардим. Барибир бу хил омма вакилларининг бари чирик муҳит ичида жонлана олмасдилар, ҳаром турмуш бағрига бутунлай қоришиб кетишганди, фақат аҳён-аҳёнда аслзодаларча маданият қирраларини намоён қилиб қўйишарди, холос, лекин шунчаки эди булар. Айниқса мен танишиб олган университет профессорларининг гапларини айтиб ўтмасам бўлмасди, уларча “кўп ақлли бўлишдан ҳеч фойда йўқ эди”.
Жаҳолат урушларига ғоялари қарши бўлган Тинчлик Шаҳзодалари деб аталувчи “қаҳрамонлар”ни учратганимда, балки энди фикрларим ўзгариб кетар, деб ўйлагандим, аммо кейин билдимки, бу “тинчликсевар” кишилар ўз фабрикаларидаги иш ташлашга чиққан ходимларини киприк қоқмай отиб юбораверишар экан. Янаям даҳшатлиси, ўз олчоқлиги билан шафқатсизларча, тутуриқсиз вайсаган одамнинг қўрқинчли ҳикояси бўлди, ўша ёвуз кимса ҳар йили туғруқхоналардаги чалажон туғилган гўдакларни ўғирлаб, уларни ўлдирар, эвазига келган мўмай даромаддан қорнини қаппайтириб юрар эди.
Мен йўлимда учраган ҳар бир клублару уйлардаги, меҳмонхоналардаги одамлар билан ҳамсуҳбат бўлавердим, саноат фабрикаларининг зарҳал курсиларида ястаниб ўтирган бошлиқлари билан юзма-юз келдим ва ҳайрон қолдим, нега бу бошлиқлар шунча оз фурсат ичида бунчалик бойиб кетишдийкин? Бир томондан улардаги ақлни, яъни бизнес туйғусининг яхшигина ривожланганини кўрдим. Яна уларнинг руҳиятларини ҳам тушуниб қолдим, бизнеслари нол бўлган кун уларнинг ҳам пайтаваларига қурт тушиб, типирчилаб қолишарди.
Мана бу ориққина, кибор қиёфадаги қўғирчоқ-маникен фабрикаси ва турли асбоб-ускуналар корпорациясининг директори махфий равишда бева аёлларни ва етимларни ўғирлаб келарди. Энг сара нашриётларни эгаллаб олган мана бу жаноб бўлса ўзини гўёки адабиёт ҳомийси каби тутар, шаҳарчадаги барча босмахоналарни ҳам ўзиники қилиб олганди. У ўша нашриётларида тиббиёт бўйича маслаҳатлар чоп этишдан ҳайиқмасди-ю, аммо ёнидаги бир варақ қоғозга ўзининг нақадар худбин ва олчоқ эканлигини ёзишга журъат қилолмасди.
Қаршимдаги бу жаноб эса, аллақанча ишчи ва асбобларга эга одам, ҳаромдан ҳақ олишда устаси фаранг, ҳақиқатни айтганда, тарбиясиз бир хўжайин; манави ҳоким билан олий суд ҳаками ҳам худди шундай; учаласи ҳам битта товоқдан луқма ейишарди. Идеализмнинг гўзалликлари ҳамда Яратганнинг марҳамати тўғрисида жон куйдириб сўзлаётган жаноб эса ҳозиргина бизнес ишида ўз дўстларини сотиб келганди. Ибодатхоналар даҳосига айланиб қолган мана бу киши бўлса ўзини беҳад саховатпеша қилиб кўрсатишга тараддудланарди ҳадеб, холбуки унинг хусусий магазинларида кунига ўн соатлаб ишлайдиган бокира қизларни очликдан силласи қуриганча чунонам ишлатар, кейин эса тўппа-тўғри фоҳишахоналарга равона қиларди. Олий таълим бошқармаларидан бирининг бошлиғи эса даромад солиғи бўича судда ёлғон гувоҳлик бериб, икки нафар бегуноҳ ночорни ноҳақдан-ноҳақ ўлимга рўбарў қилганди.
Ҳамма жойда аҳвол шу эди: жиноят ва хиёнат, хиёнат ва жиноят – жўшқин одамлар бор эди-ю, аммо улар чинакамига на пок ва на олижаноб эдилар, илло пок ва олижаноблари эса жўшқин ва ҳақпараст эмасдилар. Ўртада нотавон улкан оломон ҳам турарди, улар на олижаноб ва на жўшқин эдилар, оз-моз ҳалол эдилар, холос. Эҳтимол ҳеч кимни айблаб бўлмас ҳам, жамият ҳолатини узил-кесиллик ёхуд эҳтиёткорлик билан мутлақ бир ёқли қилиб бўлмайди, бу беқарор ва бетизгин жараён, лекин айни дамдаги аҳлоқсизлик, шармисорлик, юзсизлик ҳамда олчоқлик каби иллатларга-да асло сусткашлик билан йўл қўйиб бўлмасди. Зотан ҳали ҳақсевар, виждонли, олийҳиммат инсонлар тирик эканлар, хиёнат ва жиноят дунёси учун фойдали бўлган бор амалларни таг-томири билан йўқотиб ташлаш зарур эди.
Ваниҳоят шуни англаб етдимки, мен жамиятнинг бу сингари ҳашаматли саройи ичида яшашни истамас эканман. Миям жуда оғриб кетганди. Ақлан ва руҳан беморга айланиб қолгандим. Баногоҳ ўзимга сафдош, фикрдош ва қўлдош дўстларим ёдимга тушди, юзсиз воизлару виждонсиз профессорлардан кўра юрагимга ўзимнинг ўша онгли, ҳалол ишчи ўртоқларим азизроқ эди, ўша қуёш нурига чулғанган кунларим, ўша юлдузлар чарақлаган файзли тунларим хотирамни ёритди, менга ўзим излаган ростакам саодатни ато этадиган, меҳру муҳаббат ҳамда ҳоксор ҳаёт нафаси уфуриб турган жаннатий гўшамни беҳад соғиндим. Ёлғиз шу соғинчгина куйган дилимга туганмас ҳарорат бағишлаб турарди. Келажакка боқарканман, энди мени олдинда ҳамиша ярақлаб, ҳамиша порлаб турувчи қутлуғ кунларим кутаётганига астойдил умид қилдим.

Ўзликка қайтиш

Шундай қилиб, ўзим туғилиб ўсган оилага, соддагина ишчилар даврасига қайтдим. Ортиқ тепага кўтарилиш тўғрисида ўйламай қўйдим. Бир пайтлар ўзини кўз-кўзлаб бошим узра товланган маҳобатли сарой шу тобда кўнглимга ҳеч қандай ҳавас ўтини солмади. Қаср ичидаги ботқоқлик, чиркин муҳит – ақлимни киргизди. Зотан энди ўз қўлларим билан, шу мускулдор билакларим билан, шу қўлдош, фикрдош дўстларим ёнида елкама-елка туриб, ҳаммамиз биргаликда, ўзимизнинг муҳташам саройимизни қурамиз. Биз яратган қаср ичида асло чирик ҳаёт сарқитлари, тириклайин ерга тиқилган жонлар ноласи, ваҳшатли худбинлигу бадбин тушунчалар ҳукм сурмайди. Биз энг аввало зах ертўлаларни яхшилаб тозалаймиз ва у ерда одамзод учун янги бир яшаш маконини яратамиз, у маконда ҳеч қандай ҳашам, ҳеч қандай жимжимали безаклар бўлмайди, ҳамма хоналари мусаффо ва чароғон бўлади, биз нафас оладиган ҳавода эса поклик, олийжаноблик, ҳалоллик ҳарорати уфуриб туради ҳамиша. Ахир чинакам ҳаёт нафаси шундай бўлмайдими?
Мана, мен англаган ҳаёт.
Эртанги кундан шундай беадоғ бахтиёр дамларни тиладим ва ишондимки, токим инсон ўз нафсидан кўра ниманидир юқорироқ қўйиб, ўша юксак орзуси йўлида кураша бошладими, шубҳасиз, у албатта бахтли бўлади. Одам боласининг ана ўшандай саодатманд онларига боғланган ишонч туйғуларимни дилимга маҳкам қилиб тугиб қўйдим. Яна шунга қаттиқ амин бўлдимки, руҳий оромижонлик ҳамда ҳоксорлик ҳаммавақт иркит мечкайлик, олчоқлик, тубанликни забт эта олади. Менинг эса бор эътиқодим, бор меҳру муҳаббатим алалоқибат оддий меҳнаткаш одамлар учун фидо бўлди. Зеро бир француз кишиси айтгани каби: “Давр машинаси доимо ёғоч ковуш остида садо бергайдир, мойланган оёқ кийим эса барибир тойиб кетгусидир”.

Ньютон, Айова
1905 йил, ноябрь

Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси