Эван Хантер. Илк айблов (ҳикоя)

У теридан тикилган камзулининг ёқасини кўтариб полиция машинасида ўтирар, қоп-қора камзулнинг тугмалари кумуш рангда товланарди. У ўн етти ёшда эди. Тим қора, ҳурпайган сочлари елкасигача тушган. У қадди-қомати келишган йигит эканини ўзи ҳам билар, шунинг учун бошини тик тутиб юрарди. Лаблари исталган лаҳзада очилишга тайёр бук­лама пичоқ дамидай қимтилган, қўли камзулининг чўнтагида, кулранг кўзларида ҳаяжон бор эди. Бу кўнгилсизликлар ўткинчи эканига ўзини ишонтиришга уринар, лекин қўлидан ҳеч иш келмасди. Полициячи фонарини юзига ўқталганда қочмоқчи бўлгани, миршаб камзулининг енгидан ушлаганда тутақиб, машинага тиқишаётганда қаршилик қилгани, кейин полиция маҳкамасида рўйхатдан ўтказиш вақтида саволларга жавоб беришдан бош тортгани қайта-қайта кўз олдига келаверарди.
Ирландиялик навбатчи зобит унга бошдан-оёқ разм солди.
– Нега бақраясан, бақалоқ? – деди у безрайиб.
Зобит унга еб қўйгудек ўқрайди-да:
– Буни эртагача қамоққа тиқинглар, – деб буйруқ берди. Тунни полиция маҳкамасидаги ҳибсхонада ўтказди-ю, тонгда вужуди яна ўша ғалати ҳаяжонни ҳис қилди. Шу ҳаяжон туфайли у мушкул аҳволга тушиб қолганини дурустроқ англаёлмасди. Чунки авваллари бошига ташвиш тушса ўзини бунчалик масрур ҳис қилмасди. Ҳозир у гўё махфий бир жойдаги сирли даврага тушиб қолгандек эди. Нонуштадан сўнг соқол олишга рухсат беришмаганда полицияга нафрати янада ортди. Ўн етти ёшда бўлса ҳам ҳалитдан соқоли бинойидек ўсарди. Эркак киши тонгда соқол олиши керак-ку, ахир, жин урсин! Лекин атрофидаги воқеалар унга шунчалик ғайритабиий туюлардики, юзига қаҳрли тус берган тук­ларига ҳам эътибор бермай қўйди. Бошига мусибат тушган бўлса нима қилибди? Бунақа ҳаётнинг ҳам ўзига яраша завқи бор-ку, ахир. У ўзини кино қаҳрамонларидек ҳис қила бошлади. Ўзини кўрсатадиган вақт келди. Уни тутиб қамоққа тиқишганда зиғирча ҳам қўрқмади, аксинча завқи жўшиб ҳаяжонланди.
Ҳибсхонада эгнидан арзон вино ҳиди анқиётган, тунни у каби шу ерда ўтказган бир дайдисифат нусха ҳам ўтирарди.
– Ўв! – деди у.
– Менга гапираяпсанми? – деди камерадоши.
– Ҳа. Энди бизни нима қилишади?
– Аввал сўроқ қилишади, болакай, – деди дайди. – Биринчи марта қўлга тушдингми, дейман?
– Биринчи марта, – деди у гердайиб.
– Ҳамма қонунбузарларни дастлаб сўроқ қилишади, – тушунтира кетди ҳалиги нусха. – Шу жумладан, жиноий ишга қўл урганларни ҳам. Сен жиноят қилганмисан?
– Ҳа-да, – деди у пинагини бузмай.
Бу бадбахтни нега ҳибсга олишган экан-а? Боғдаги скамейкада ухлагани учун ушлашган бўлса керак.
– Демак, дастлабки сўроқдан ўтишингга тўғри келади. Ҳар эҳтимолга қарши башарангни эслаб қолиш учун ҳамма изқуварлар йиғилади. Сени ўртага чиқариб айбловни ўқишади. Кейин изқуварларнинг бошлиғи сени сўроққа тутади. Айтганча, исминг нима, болакай?
– Нима ишинг бор?
– Гап қайтарма, тирранча, қўлингни синдириб қўяман, – дағдаға қилди дайди. Усти юпун бўлса ҳам у иягини жун босган буқадай бақувват, гавдали киши эди.
– Исмим Стиви.
– Мен эса Жим Скиннерман, – деди дайди. – Биров маслаҳат берганда бидирламай эшитишни ўргангин, хўпми?
– Қанақа маслаҳат экан ўзи? – деди Стиви ҳам бўш келмай.
– Сўроққа олиб чиқишганда саволларига жавоб берма. Жиноят жойида кўрсатма берганмисан?
– Йўқ.
– Яхши. Сўроқ пайтида ҳам индамай ўтиравер. Улар сени жавоб беришга мажбурлай олишмайди. Оғзингга толқон солгандек миқ этмай ўтирсанг бўлгани.
– Уларга ниманиям айтардим? Шундоғам барини билишади-ку, – деди Стиви.
Дайди елка қисди-да, бунга гапириш бефойда экан, дегандек юзини нари бурди.

* * *

Стиви кўча шовқинига қулоқ тутганча ҳуштак чалиб полиция машинасида ўтирарди. У ўзини еттинчи осмонда юргандек ҳис қилар, шодлигини ичига сиғдиролмасди. Унинг ёнида ўтирган Скиннер ўриндиққа ястанганча бир нималарни ўйлаётганди. Марказий кўчадаги полиция маҳкамасига етиб келишгач, уларни алоҳида камераларга жойлашди. Дастлабки сўроқ соат тўққизда бошланиши керак эди. Ўнта кам тўққизда Стивини ҳибсга олган полициячи уни маҳбуслар учун ясалган махсус лифтга олиб кирди.
– Лифтёрлик қилиш сенга ёқса керак-а? – деб сўради у миршабнинг асабига тегиш учун. Лекин миршаб пинагини ҳам бузмади. Улар дастлабки сўроқ ўтказиладиган ҳайҳотдай залга кириб, саҳна ёнидаги йиғма курсиларда ўтирган аллақандай кимсаларнинг ёнидан ўтишди.
– Жамоат жам-ку, – деди Стиви.
– Умрингда театрга тушмаганмисан, дейман? – деди полициячи мийиғида кулиб.
Саҳнадаги пардалар очиб қўйилгани учун ҳамма нарса кафтдагидек кўриниб турарди: маҳбус учун шифтдан ингичка қувур орқали туширилган микрофон, оппоқ деворга бўйни ўлчаш учун ҳар хил баландликда тортилган чизиқлар. Уни томоша қилиш учун шаҳардаги ҳамма изқуварлар йиғилганини пайқагач, Стиви ўзини ниҳоят қўлга тушган тутқич бермас жиноятчидек ҳис қила бошлади. Полициячиларнинг ортига микрофонли минбар ўрнатишибди. У ерда миршабларнинг бошлиғи ўтирса керак, деб ўйлади Стиви. Зал бир хил кийим кийган полициячиларга тўла, саҳнадаги столда фуқаролик кийимидаги бир кимса ўтирарди.
– Анави ким? – деб сўради Стиви миршабдан.
– Стенографиячи зобит, – деди у. – Келажак авлод учун сенинг гапларингни ёзиб олади.
Улар саҳнага чиқишганда атроф бутун шаҳардан тутиб келинган жиноятчиларга тўла эди. Маҳбусларнинг орасида фақат битта аёл бор эди ва Стиви эркакларга тақлид қилиш учун уларга диққат билан разм солди. Лекин бу шалвираган жиноятчилар унинг ҳафсаласини пир қилди. Стивининг булардан ўлса ўлиги ортиқ эди. Демак, у давранинг бош қаҳрамони бўлади. Уни залга бошлаб кирган зобит нарироқдаги хўппа семиз полициячи аёл билан гап сота бошлади. Скиннерга кўзи тушган Стиви эса уни саволга тутди:
– Энди нима бўлади?
– Бир оздан сўнг улар дераза пардаларини тушириб, зални қоп-қоронғи қилишади-да, юзингга прожекторларни тўғрилашади. Хуллас, сен томошабин изқуварларни кўролмайсан, улар эса сени бошдан-оёқ кўздан кечиришади.
– Э, шуларнинг турқига қарайман деб кўзим учиб тургани йўқ, – деди Стиви энсаси қотиб. Скиннер елка қисиб гапида давом этди:
– Ишингни муҳокама қилишаётганда сени ҳибсга олган зобит изқуварлар бошлиғининг ёнига бориб туради. Бош изқувар исмингни ва сени қаерда қўлга туширишганини ўқиб эшиттиради. Жой номи билан бирга рақамни ҳам айтади. Масалан: Манхэттен-бир ёки Манхэттен-икки. Бу ўша округдаги жиноят ишининг рақами. Биринчи бўлиб жиноят қилган бўлсанг, бир рақамини оласан, тушундингми?
– Ҳа, – деди Стиви.
– У изқуварларга сени нега ҳибсга олишганини тушунтиради. Кейин айблов қўйилди ёки қўйилмади, деб айтади. Агар сенга айблов қўйишса, бош изқувар кўп савол бермайди, чунки жавобларинг аввал берган кўрсатмангга мос келмаслиги мумкин. Лекин агар айблов қўйишмаса, савол беравериб бошингни қотиради. Аммо сен бирорта саволига жавоб бермаслигинг керак.
– Кейин нима бўлади?
– Бош изқувар гапини тугатгач, суратга тушириш ва бармоқ изларингни олиш учун сени пастга олиб тушишади. Ундан кейин якуний айбловни эълон қилгани жиноий суд мажлисига олиб боришади.
– Мени суратга ҳам олишаркан-да? – деди Стиви ҳангу манг бўлиб.
– Бўлмасам-чи.
– Бу ерда мухбирлар ҳам бўлса керак-а?
– Ким?
– Мухбирлар.
– Бўлса бордир. Лекин журналистларнинг аксарияти полиция машиналари тўхтаган йўлнинг нариги бетидаги бинода ўтиришади. Бу ерда полиция радиоси бор. Улар шов-шувли тафсилотларни шу радиодан эшитиб дарров эълон қилиб юборишади. Ким билади, балки бир-иккита мухбир бу ерга ҳам киргандир.
Шундай деб Скиннер Стивига шубҳаланиб қараб қўйди.
– Мухбирларга нима ишинг бор? Ўзи нима жиноят қилгансан?
– Э, айтишга ҳам арзимайди, – деди Стиви. – Газеталарда биз ҳақимизда ёзишармикан, шуни билмоқчи эдим.
– Шов-шув кўтармоқчисан шекилли?
– Йўқ деяпман-ку! Нима, мени қаерга тушиб қолганини билмайди, деб ўйлаяпсанми?
– Менимча, сен қанчалик мушкул аҳволда қолганингни фаҳмла­маяпсан. – деди Скиннер бош чайқаб.
– Бу билан нима демоқчисан, жин урсин?!
– Вазият сен ўйлагандан кўра анча жиддий, болакай. Гапимга ­ишонавер.
– Ишонаман, албатта! Ахир, бу соҳада сенинг тажрибанг катта-ку!
– Сендек ғўр эмасман ҳар қалай, – деди Скиннер энсаси қотиб.
– Тўғри айтасан. Истироҳат боғидаги скамейкада ухлаб жуда катта жиноят қилгансан. Менга ақл ўргатмай қўяқол.
– Одам ўлдирдингми?
– Йўқ, – деди Стиви.
– Бирортасини зўрладингми?
Стиви жавоб бермади.
– Нима иш қилган бўлсанг ҳам, аввал бу жиноятни неча марта такрорлаганингдан қатъи назар ўзингни биринчи марта қинғир йўлга киргандай кўрсат. Қилмишингни тан ол-да, бу ёғига жиноятга қўл урмайман, деб айт. Ана шунда шартли жазо билан қутулиб қолишинг мумкин.
– Йўғ-э?
– Ҳа-да. Лекин кейин қинғир ишлардан тийилишингга тўғри келади. Ана шунда ҳаммаси изга тушиб кетади.
– Қинғир ишдан тийил, эмиш. Кулгимни қистатмасанг-чи, ошна.
Скиннер Стивининг билагига чанг солди.
– Эсингни йиғ, тирранча! Сувдан қуруқ чиқиш имкони бор экан, фойдаланиб қол! Ўзим неча марталаб жазодан қутулиб қолганман. Лекин бу сафар тузоққа илиндим. Бу ер оромгоҳ эмас, гапимга ишон. Турмага ўрганиб қолмай туриб эсингни йиғиб ол!
Стиви унинг чангалидан юлқиниб чиқди-да:
– Мени тинч қўй, жин урсин! – деб ўшқирди.
– Жанжални бас қилларинг, – орага суқилди полициячи. – Ҳамма тайёр. Бошлайверсак ҳам бўлади.
– Атрофингдаги маҳбусларга қара, – деб шивирлади Скиннер. – Яхшилаб қара, балки шунда сенга эс кирар.
Стиви афтини бужмайтириб, юзини нари бурган эди, Скиннер уни елкасидан тортиб ўзига қаратди. Дайдининг тук босган юзи-ю, қизарган кўзларида илтижога ўхшаш бир ифода қотиб қолганди.
– Болакай, – пичирлади у. – Гапларимга қулоқ сол. Маслаҳатимга амал қил. Мен ахир…
– Гап сотишни бас қилларинг! – ўшқирди зобит.
Шу пайт Стиви дераза пардалари туширилиб, зал нимқоронғи бўлиб қолганини пайқади. Атрофга оғир сукунат чўкди. Стиви ўзини биринчи бўлиб саҳнага чақиришларини кута бошлади. Анави жин ургур Скиннер нималар деб валдиради ўзи? Атрофингдагиларга қара, эмиш! Қўрққанидан боёқишнинг эси оғиб қолди шекилли. Хитлар бунақа қари пиёнисталарни жазолаб нима фойда топишаркан-а?
Шу пайт полициячи саҳнага бир кишини бошлаб чиқди ва Стиви маҳбусга яхшироқ разм солиш учун чапроққа сурилди. Миршаблар уни ҳеч вақо кўринмайдиган орқа қаторга ҳайдашмаса бўлгани. Стивини ҳибсга олган полициячи ҳамон бақалоқ аёл билан гап сотарди.
Саҳнага чиққан тепакал кимса жимитдек кўзларини нуқул пирпиратар, эгнига денгизчилар камзули ва қора каноп шим кийганди. Қизариб кетган кўзлари туни билан мижжа қоқмаганидан далолат берарди. Унинг бўйи девордаги беш футу олти дюймлик белгигача етди.
– Исми-шарифи Азией Огастус, – гап бошлади изқуварлар бошлиғи. – Манхэттен-бир. Ўттиз уч ёшда. Бродвей ва қирқ учинчи кўча кесишган жойда, барда ҳибсга олинган. Чўнтагидан 45-калибрли тўппонча чиққан. Айблов қўйилмади. Хўш, бу воқеа ҳақида ўзинг нима дейсан, Гас?
– Қайси воқеа ҳақида? – деб сўради Азией.
– Чўнтагингда ўқотар қурол бормиди?
– Ҳа, тўппончам бор эди.
Шу пайтгача елка қисиб турган Азией бирдан гавдасини кўтарди.
– Нега тўппонча олиб юргандинг, Гас?
– Шунчаки ўзим.
– Уни нимага ишлатмоқчи эдинг?
– Қолган саволларингизга жавоб бериш ниятим йўқ, – деди Азией. – Сиз мени учинчи даражали сўроққа тутаяпсиз. Менга адвокат беришларини талаб қиламан.
– Ҳали адвокат талаб қилишга эрта, – деди изқуварлар бошлиғи. – Ҳеч ким сени учинчи даражали сўроққа тутмаяпти. Нега тўппонча олиб юрганингни билмоқчимиз, холос. Қуролдан фойдаланишга рухсатноманг йўқлигини билардинг-ку, ахир, тўғрими?
– Рухсатномам бор, – деди Азией.
– Биз қуролдан фойдаланишга рухсатнома берувчи бўлимдагилар билан гаплашдик. Уларнинг айтишича, сенда рухсатнома йўқ экан. Тўппончанг денгизчилар револьвери, шундайми?
– Ҳм.
– Жавобингни эшитмадим.
– Ҳа, денгизчилар револьвери.
– Нега бу тўппончани кўтариб юрасан? Ундан қандай фойдалан­моқчисан?
– Мен қуролларга қизиқаман.
– Нега?
– Нега, деганингиз нимаси? Нега қуролга қизиқасан демоқчимисиз? Чунки…
– Нега чўнтагингга тўппонча солиб юрувдинг?
– Билмасам.
– Ўқланган қирқ бешинчи калибрли револьвер олиб юришга бирор жиддий сабабинг бўлган. Қурол ўқланган эди, тўғрими?
– Тўғри.
– Бошқа қуролларинг ҳам борми?
– Йўқ.
– Уйингдан ўттиз саккизинчи калибрли тўппонча ҳам чиқди-ку. Бунга нима дейсан?
– Ҳеч нима.
– Тушунмадим?
– Ўттиз саккизинчи ҳисобга кирмайди.
– Бу нима деганинг?
– Унинг тепкиси бузуқ.
– Демак, сенга тепкиси соз револьвер керак экан-да?
– Мен бундай деганим йўқ.
– Ўттиз саккизинчи ярамайди, чунки бузуқ, дединг, тўғрими?
– Ўқ отмайдиган тўппончанинг кимга кераги бор, ахир?
– Сенга ўқ отадигани нимага керак эди?
– Шунчаки чўнтагимга тўппонча солиб юрардим. Ҳеч кимни отганим йўқ-ку, ахир?
– Ҳали кимнидир отиш ниятинг ҳам бормиди?
– Бўлмасам-чи, – деди тоқати тоқ бўлган Азией. – Шунақа ниятим бор эди.
– Ким экан ўша бечора?
– Билмасам, – деди Азией аччиқ жилмайиб. – Йўлимда учраган исталган одамни отмоқчи эдим. Хўш, жавобим сизга ёқдими? Ҳаммани бир бошидан қирмоқчи эдим! Кўнглингиз жойига тушдими? Бутун инсониятни йўқ қилмоқчи эдим.
– Балки сен бутун инсониятни қиришни эмас, ўғрилик қилишни режалаштиргандирсан?
– Йўқ, қирмоқчи эдим, – Азиейнинг ўжарлиги тутди. – Шаҳарликлар­нинг барини ўлдирмоқчи эдим. Хўш? Жавобим сизга маъқулми?
– Қуролни қаёқдан олдинг?
– Флотдан.
– Қаердан?
– Ўзим хизмат қилган кемадан.
– Демак, револьверни ўғирлабсан-да?
– Йўқ, топиб олдим.
– Давлат мулкини ўғирлагансан, шундайми?
– Топиб олдим, дедим-ку.
– Флотдаги хизматдан қачон бўшадинг?
– Уч ой бурун.
– Бошқа иш топдингми?
– Йўқ.
– Сени қаерда хизматдан бўшатишди?
– Пенсакола шаҳрида.
– Ўша ерда тўппончани ўғирладингми?
– Ўғирлаганим йўқ, деяпман-ку!
– Нега флотдан кетдинг?
Азией нима деб жавоб қайтаришни билмай иккиланиб қолди.
– Хўш, нима учун флотдан кетдинг? – изқуварлар бошлиғи саволини такрорлади.
– Мени у ердан ҳайдашди! – деди Азией тутақиб.
– Нега?
– Чунки кетишимни хоҳлашди! – ўшқирди Азией.
– Нега?
У жавоб бермади.
– Нега сени флотдан ҳайдашди?
Қоп-қоронғи зал сув қуйгандек жим жит бўлиб қолди. Стиви Азиейнинг титраётган лабига ва пирпираётган кўзларига диққат билан разм солди.
– Кейингисини чақиринглар! – деб буюрди изқуварлар бошлиғи.
Стиви Азиейнинг полициячи кузатувида зина бўйлаб пастга тушганини кўрди. Азией синовдан яхши ўтди. Тўғри, сўроқнинг охирида бироз асабийлашди-ю, лекин умуман олганда ўзини йўқотиб қўймади. Йигит киши чўнтагига тўппонча солиб юрса, бунинг нимаси ёмон? Ахир, у ҳеч кимни отмаган-ку! Бу хитларнинг шаҳарда изғиб, тўппонча олиб юрган йигитларни тутишдан бошқа иши йўқ шекилли. Боёқиш Азией флотда хизмат қилган экан. Асабийлашса ҳам қуюшқондан чиқмади, азамат.
Шу пайт Стивининг ёнидан бир эркак ва бир аёл ўтиб саҳнага чиқишди. Эркак жуда новча экан – бўйи олти футлик белгига тенглашди. Малла сочли, тўладан келган аёлнинг бўйи пастроқ эди.
– Уларни бирга қўлга туширишган, – деб шивирлади Скиннер. – Шунинг учун бирга сўроқ қилишади.
– Азией зўр йигит экан-а? – деди Стиви жавобан. – Хитларни боплаб лақиллатди, тўғрими?
Скиннер индамади. Изқуварлар бошлиғи томоқ қириб гап бошлади:
– Макгрегор Питер, қирқ беш ёшда ва Андерсон Марсия, қирқ икки ёшда. Бронкс-бир. Гранд-Конкорс кўчасида, йўл четида турган машинада ҳибсга олинишган. Машинанинг орқа ўриндиғидан жомадон, ёзув ва тикиш машинкалари, пўстин ва бошқа буюмлар топилган. Айблов қўйилмади. Хўш, бу лаш-лушлар ҳақида нима дея оласиз, Пит?
– Улар меники.
– Пўстин ҳам сизникими?
– Йўқ, пўстин Марсияники.
– Сизлар ростдан ҳам эр-хотин эмасмисизлар?
– Йўқ.
– Бирга яшайсизларми?
– Ўзингиз биласиз-ку, – деди Пит.
– Хўш, бу лаш-лушлар ҳақида нима дея оласиз? – изқувар саволини такрорлади.
– Бизники деб айтдим-ку, – деди Пит энсаси қотиб.
– Нега барини машинага солиб олдинглар?
– Чунки… биз… ҳалиги… – Пит дудуқлана бошлади. – Саёҳатга чиққандик.
– Қаёққа бораётувдинглар?
– Қаёққа, дейсизми? Ҳалиги… – Пит нима дейишни билмай жимиб қолди. Бу нусха ғирт масхарабоз экан-ку, деб ўйлади Стиви. Бунақа томоша билан солиштирганда Кони Айленддаги арғимчоқлар ҳеч нарса эмас. Бир-икки соат сўроқ қилинса бу кисма қилмишига иқрор бўлиши аниқ. Хотини ҳам ўзига мос экан.
– Биз… – деди Пит ҳамон талмовсираб. – Биз ҳалиги… Денверга кетаётувдик.
– Нега?
– Дам олиш учун-да, – деди у жилмайишга уриниб.
– Ҳибсга олишганда чўнтагингизда неча пул бор эди?
– Қирқ доллар.
– Қирқ доллар билан Денверга кетаётганмидинглар?
– Йўқ, эллик долларим бор эди. Хуллас, қирқ-эллик доллар пул бор эди-да.
– Машинадаги лаш-лушларни нима қилмоқчи эдинглар?
– Айтдим-ку, саёҳатга чиққан эдик, деб.
– Ё, тавба! Саёҳатда тикув машинасини нима кераги бор? Тикувчимисиз дейман?
– Мен эмас, Марсия – тикувчи.
– Шундайми, Марсия?
– Ҳа, – деди малласоч аёл шанғиллоқ овозда. – Тикишни яхши кўраман.
– Пўстин ҳам сизникими, Марсия?
– Албатта.
– Астарига “Ж” ва “Д” ҳарфлари туширилган экан. Бу исмингизнинг бош ҳарфлари эмас, тўғрими?
– Тўғри.
– Унда пўстинга нега бу ҳарфлар ёзилган?
– Мен қаёқдан билай! Пўстинни бозорда харид қилганмиз.
– Қаердаги бозордан?
– Бруклиндаги Миртл-авенюдан. Бруклинга ҳеч йўлингиз тушганми?
– Тушган. Жомадон-чи? Унга ҳам бояги ҳарфлар ўйиб ёзилган. Хўш, буни қандай изоҳлайсиз?
– Жомадонни ҳам ўша бозордан сотиб олганмиз.
– Ёзув машинкасини-чи?
– Машинка Питерники.
– Унда ҳарф тера оласизми, Пит?
– Баъзан эрмак қиламан.
– Машинангиздан чиққан нарсаларни йўқолган буюмлар рўйхати билан солиштирамиз. Демак, бу лаш-лушларнинг ўғирланганидан хабарингиз бор экан, тўғрими?
– Биз уларни бозордан сотиб олдик, – ғўлдиради Пит. – Аввал ўғирланганми-йўқми, қаёқдан билайлик?
– Сиз ҳам Пит билан Денверга кетаётганмидингиз, Марсия?
– Ҳа.
– У ерга йўл олишга қачон аҳд қилдинглар? Уч-тўрт дақиқа бурунми?
– Саёҳатга чиқишга ўтган ҳафта келишиб олувдик.
– Денверга Гранд-Конкорс орқали кетаётганмидинглар?
– Нима? – Питернинг пешонаси тиришди.
– Машинангиз Гранд-Конкорсда турган эди. Ўғирланган буюмларга тўла машина билан у ерда нима қилаётувдинглар?
– Ҳеч ҳам ўғирланмаган-да, – эътироз билдирди Пит.
– Биз Йонкерсга кетаётгандик, – гапга аралашди аёл.
– Ҳозиргина Денверга дединглар-ку?
– Тўғри, лекин биз аввал машинани тузатмоқчи бўлдик. Унинг ҳалиги… Питер, машинанинг қаери бузилувди?
Пит жавоб беришдан аввал узоқ ўйлади.
– Ҳа, ҳалиги… анави… ғилдиракларни бир-бирига боғлаган узун темир илгак бор-ку, ўшани тузатмоқчи эдик. Йонкерсда ўша илгакларни тузатадиган устахона бор.
– Йонкерсга кетаётган бўлсангиз, нега Конкорсда тўхтадинглар?
– Бир масала юзасидан келишолмай қолдик.
– Нима масала юзасидан келишолмадинглар?
– Йўқ, келишолмадик эмас, сал баҳслашиб қолдик.
– Сабаб?
– Ҳалиги… овқат…
– Нима?
– Мен хитойча овқат емоқчи эдим. Марсия эса бир стакан сут билан пишириқ емоқчи бўлди. Шунинг учун Конкорсда хитойча ресторанга кирган маъқулми, оддий ошхонагами деб баҳслашиб қолдик.
– Плашингиздан ҳамён топдик, Пит. У сизникими?
– Йўқ.
– Кимники?
– Билмайман, – деди Пит ва шошиб қўшиб қўйди. – Ичида пул йўқ эди.
– Лекин Симон Грейнжер деган одамнинг ҳужжатлари бор экан. Ҳамённи қаердан олдингиз?
– Кўчадан топиб олдим. Ичида пули йўқ эди.
– Балки машинадаги буюмларни ҳам кўчадан топгандирсиз?
– Йўқ, сэр. Уларни сотиб олганман. Ҳамённи эгасига қайтармоқчи эдиму, почта қутисига солиб кетиш хаёлимдан кўтарилибди.
– Денверга саёҳат ташвишларига чалғигандирсиз-да?
– Топдингиз.
– Охирги марта қачон меҳнат қилиб пул топгансиз, Пит?
Пит беихтиёр жилмайди.
– Уч йилча бурун, адашмасам.
– Бу икковлон шу пайтгача қўл урган жиноятлар рўйхатини ўқий­ман, – деди изқуварлар бошлиғи. – Марсия, 1938 йил – жиноий жазо олган, 1939 йил – далилларни яшириш, 1940 йил – гиёҳванд моддалар сақлашда айбланган. Ҳалиям наша чекасизми, Марсия?
– Йўқ.
– 1942 йил – жамоат тартибини бузган, 1943 йил – яна наша билан қўлга тушган. 1947 йил… Ҳозирча шу ёғиям етар, Марсия?
Аёл индамади.
– Питер, – деди изқуварлар бошлиғи қоғозига кўз югуртириб, – 1940 йил – бир аёлни зўрламоқчи бўлган, 1941 йил – ҳарбий хизматдан бўйин товлаган, 1942 ийл – жамоат тартибини бузган, 1943 йил – ўғрилик, 1945 йил – қўшмачилик қилган, 1947 йил – босқинчилик қилиб оғир тан жароҳати етказгани учун Оссингсда икки йил ўтириб чиққан.
– Мен турмада ўтирмаганман.
– Манави ҳужжатда ўтиргансиз, деб ёзилган.
– Ҳеч қачон қамоққа тушмаганман, – деди Пит асабийлашиб.
– 1950 йил, – рўйхатини ўқишда давом этди изқувар, – вояга етмаган шахсга оғир тан жароҳати етказган. Хўш, бунга нима дейсиз, Питер?
Пит қулт этиб ютинди.
– Нима ҳам дердим…
– Наҳотки қилмишингиздан уялмаётган бўлсангиз?
Пит жавоб бермади.
– Олиб кетинглар буларни, – деб буюрди изқуварлар бошлиғи.
– Бечораларни тавбасига таянтирди ўзиям, – деб пичирлади Скиннер. – Шаҳардаги ҳар бир полициячи уларни эслаб қолиши учун атайлаб шундай қилди…
– Олдимга туш, – деди шу пайт бир миршаб Скиннернинг билагидан ушлаб. Стиви зинадан саҳнага чиқаётган Скиннерга қараб бояги икковлон ҳақида ўйлади. Пихини ёрган муттаҳамлар экан ўзиям! Тавба, бир қарашда икковиям эл қатори мўмин-қобил одамга ўхшайди-я!
– Скиннер Жеймс. Манхэттен-икки. Эллик бир ёшда. Учинчи авенюдаги “Кийим-кечак” дўкони витринасига ахлат челаги улоқтирган. Полиция зобити уни дўкондан бир талай пальто олиб чиқаётганда ҳибсга олган. Айблов қўйилмади. Айтганларим тўғрими, Жеймс?
– Ўша воқеани эслолмаяпман, – деди Скиннер.
– Наҳотки?
– Тонгда ҳибсхонада уйғонганим ёдимда, холос.
– Дўкон витринасига ахлат челагини отганингизни ҳам эслолмайсизми?
– Йўқ, сэр.
– Пальтоларни ўғирлаганингизни-чи?
– Йўқ, сэр.
– Дўконга бекорга бостириб кирмагандирсиз ҳар ҳолда? Назоратчи зобит сизни бир қучоқ пальто кўтариб чиқаётганингизда ҳибсга олган.
– Гапларингизга ишонаман, сэр.
– Дўкондан пальто ўғирлаётганда қўлга тушгандан кейин ишонмай қаёққаям борардингиз.
– Бу воқеани эслолмаяпман, сэр.
– Аввал ҳам шу дўконга кирувмидингиз?
– Ёдимда йўқ, сэр.
– Қаерда ишлайсиз?
– Ҳеч қаерда, сэр.
– Аввал бирор жойда ишлаганмисиз?
– Ёдимда йўқ, сэр.
– Кўп нарсани эсдан чиқариб қўйибсиз-да, а?
– Хотирам чатоқ, сэр.
– Балки қилмишларингизнинг рўйхатини ўқисам хотирангиз жойига тушар?
– Балки, сэр.
– Нимадан бошлашга ҳам ҳайронман, Жеймс. Тартибли фуқаро эмаслигингиз шундоққина кўриниб турибди.
– Наҳотки, сэр?
– Хўш, 1948 йил – босқинчилик қилгансиз, 1949 йил – жамоат жойида ярим яланғоч юргансиз, 1951 йил – ўғрилик қилгансиз, 1952 йил – оғир тан жароҳати етказгансиз. Хуллас, қўй оғзидан чўп олмайдиган одамга сираям ўхшамайсиз, Жеймс.
– Шунақа денг, сэр.
– Ҳа, шунақа. Хўш, дўкон ҳақида нима дея оласиз?
– Ўша воқеани эслолмаяпман, сэр.
– Нега дўконга бостириб кирдингиз?
– Бостириб кирганимни эслолмайман, сэр.
– И-е, бу нима? – деди қўққисдан изқувар.
– Сэр?..
– Рўйхатнинг тепароғига қараш керак экан-да, Жеймс? 1938 йил – биринчи даражали қотилликда айбланган ва ўлим жазосига ҳукм қилинган.
Томошабин изқуварлар бир-бири билан шивирлашишга тушди. Ҳангу-манг бўлиб қолган Стиви эса, маслаҳат беравериб жонига теккан дайдига яхшироқ разм солиш учун олдинга сурилди.
– Ўшанда нима бўлувди, Жеймс?
– Қачон, сэр?
– Сизни ўлимга ҳукм қилишган экан-ку? Бу жазодан қандай қутулиб қолдингиз?
– Апелляция берувдим.
– Ишни қайта кўриб чиқишмаганми?
– Йўқ, сэр.
– Омадингиз бор экан.
– Шунақа десаям бўлади.
– Шунақа десаям бўлади, эмиш. Электр курсидан қутулиб қолибсизу, яна тақдирдан нолийсиз-а! Лекин бу сафар қонунга чап беролмайсиз.
– Мен қонунларни яхши тушунмайман, сэр.
– Йўғ-э?
– Ҳа, сэр. Фақат бир нарсани аниқ биламан – полиция маҳкамасини оёққа турғизмоқчи бўлсанг, бир шиша арзон вино сотиб ол-да, четроққа чиқиб тўйгунингча ич.
– Бу билан ўша куни вино ичгандим, демоқчимисиз?
– Ҳа, сэр.
– Кейин дўконга бостириб кирганингизни эслолмайсиз-а?
– Эслолмайман, сэр.
– Яхши, кейингисини чақиринглар!
Скиннер бошини буриб бир нима демоқчи бўлгандек Стивига қаради. Кейин миршаб ҳамроҳлигида саҳнадан тушиб зулматга сингиб кетди. Шу пайт бошқа бир зобит Стивининг билагидан тутди. Дастлаб Стиви шошиб қолди, лекин дарров ўзини қўлга олиб полициячининг чангалини нари сурди-да, қаддини ғоз тутиб зинадан чиқа бошлади. Саҳнага чиққач, у ўзини роль ўйнашга тайёрланаётган актёрдек ҳис қилди. Ёритилган саҳна ва томошабин изқуварлар ўтирган қоп-қоронғи ўриндиқлар кишида ғалати таассурот қолдирарди. Юзига туширилган прожекторлар ҳам у ўйлагандек ёрқин нур сочмаскан. Гапирганда ҳамма унга қараши учун кучлироқ прожектор ўрнатишса бўлмасмикан-а? Стиви пастда ўтирган изқуварларга қаради. Ғира-ширада уларнинг юзини бир-биридан ажратиб бўлмасди. Бош изқувар гапира бошлаганда Стиви бошини буриб ортидаги девордаги бўй ўлчагичга бир қараб олди-ю, гапи ҳаммага эшитилиши учун микрофон ёнига турди.
– Айблов қўйилмаган, – деб хулоса чиқарди изқувар. Стиви дамини ичига ютиб илк саволни кута бошлади.
– Биринчи марта қўлга тушдингми, Стиви?
– Билиб туриб сўрайсиз-а, – деди у энсаси қотиб.
– Саволимга жавоб бер.
– Ҳа, биринчи марта.
– Нима иш қилиб қўйганингни айтиб берасанми?
– Айтгандан нима фойда. Бари ўзингизга маълум-ку.
– Тафсилотларни сендан эшитмоқчимиз. Бир бошдан гапириб бер, Стиви.
– Оддий ўғриликни бутун штатга овоза қилмоқчимисиз? Нима, бошқа қиладиган ишингиз йўқми?
– Сени бафуржа сўроқ қилишга вақтимиз етади.
– Менинг эса вақтим йўқ.
– Шошиб қаёққа ҳам борардинг, ўғлим. Бўла қол, бошла гапингни.
– Нимани ҳам гапирардим? Қандолат дўконига ўғри тушган, тамом-вассалом.
– Ўша ўғри сенсан, тўғрими?
– Буни ҳали исботлашингиз керак.
– Дўконга сен бостириб кирганинг бизга маълум.
– Унда нега савол бериб бошимни қотирасиз?
– Нега дўконни ўмардинг?
– Тамакига пулим қолмовди.
– Хўш, давом эт.
– Дўконни ўмаргим келди.
– Нега?
– Менга қаранг, сизлар мени жиноят устида қўлга олдинглар. Бунақа савол-жавобнинг нима кераги бор?
– Биз нима рўй берганини ўз оғзингдан эшитмоқчимиз. Нега айнан қандолат дўконига бостириб кирдинг?
– Ҳар хил дўконларнинг номини қоғозга ёздим-да, кўзимни юмиб биттасини танладим, тушунарлими?
– Йўғ-э? Жуда унчаликмасдир?
– Алдадим. Ўша қандолат дўконида битта қари гўрсўхта ишлайди. Уни бирёғлиқ қилиш хамирдан қил суғургандай гап.
– Дўконга соат неччида кирдинг?
– Чолнинг ўзи айтгандир? Менга қаранг, мени бу ерга ҳамма томоша қилиши учун олиб чиқишганидан хабарим бор. Изқуварларингизни зериктирмай шу даҳмазани тугата қолайлик.
– Дўконга соат неччида кирдинг, Стиви?
– Айтмайман.
– Айтмасанг ҳам биламиз.
– Унда нега сўраяпсиз? Соат ўнда кирдим. Кўнглингиз жойига тушдими?
– Сал эртароқ кирибсанда-а?
– Унда ўн бирда кирдим! Ўн бир тўғри келадими?
– Ўн иккида деганингда ҳақиқатга яқинроқ бўларди.
– Э, менга барибир, – деди Стиви пинагини бузмай. Аслида буларга ҳаммаси маълум. Шундай экан, ўтирганларга ўзини бир кўрсатиб қўйса зиён қилмайди.
– Дўконга ўн иккида киргансан, тўғрими?
– Ўн иккида бўлса, ўн иккида-да, нима фарқи бор.
– Қўлингда ўқотар қурол бормиди?
– Йўқ.
– Нима бор эди?
– Ҳеч нима. Мен чолни нигоҳим билан қўрқитдим.
– Қўлингда пичоқ бўлган, шундайми?
– Билиб туриб нега сўрайсиз?
– Ундан фойдаландингми?
– Йўқ.
– Чолга кассани очмасанг бўғизлаб кетаман, деб айтибсан. Шу гап ростми?
– Айтган гапларимни магнитофонга ёзиб олмайман-ку, ахир.
– Демак, бўғзига пичоқ тираб кассани очишга мажбур қилгансан, шундайми?
– Ҳа.
– Кассадан неча пул олдинг?
– Ўлжамни тортиб олдинглар-ку. Ўзларинг санагандирсизлар.
– Санадик. Ўн икки доллар ўмарибсан, тўғрими?
– Мен санашга улгурмадим. Хитлар келиб қолди.
– Зобитлар дўконга қачон етиб келишди?
– Кетаётганимда. Мени ҳибсга олган хитдан сўранг. Аниқ вақтини ўша билади.
– Лекин кетишингдан аввал ҳам бир воқеа рўй берган.
– Ҳеч нима рўй бермади. Кассани шип-шийдам қилиб, жуфтакни ростладим. Қуённинг расмини чиздим.
– Пичоғингда қон изи қолган.
– Кеча жўжа гўштини бурдаловдим. Ўшанинг қони бўлса керак.
– Дўкон хўжайинини пичоқлагансан, шундайми?
– Мен-а? Мен умримда бировни чертган одам эмасман!
– Уни нега пичоқладинг?
– Мен ҳеч кимни пичоқламаганман!
– Қаерига пичоқ суқдинг?
– Пичоқламаганман, деб айтаяпман-ку!
– Пичоқ суққанингда бақирдими?
– Саволингизга тушунмадим.
– Дўкон хўжайинини пичоқлагансан. Бу бизга маълум.
– Ғирт сафсата бу!
– Мени лақиллатаман, деб овора бўлма, Стиви.
– Била туриб нега сўрайверасиз, ахир? Мендан нима истайсиз ўзи?!
– Дўкондорни нега пичоқлаганингни айт.
– Пичоқламаганман деяпман-ку!
– Кеча уни шифохонага олиб кетган дўхтирлар кўкрак ва қорнига олти марта пичоқ суқилганини айтишди. Хўш, бунга нима дейсан, Стиви?
– Бунақа саволларингизни бошқа маҳбусларга асраб қўйинг. Мени сизга айтадиган гапим қолмади.
– Пулини ўмарганингдан кейин нега бечорани пичоқладинг?
Стиви жавоб бермади.
– Ё ундан қўрқдингми?
– Э, чолнинг нимасидан қўрқаман? – деди Стиви тутақиб.
– Балки бировга гуллаб қўйишидан ёки кимнидир ёрдамга чақиришидан қўрққандирсан?
– Ҳеч нарсадан қўрққаним йўқ, деяпман-ку! Қари гўрсўхтага дамингни чиқармай ўтир, девдим. Айтганимни қилганда олам гулистон эди!
– Демак, у айтганингни қилмаган?
– Ўзидан сўранг.
– Мен сендан сўраяпман!
– Ҳа. Кассадаги пулни олишим билан қари тўнка дўконни бошига кўтариб додлай кетди. Ўн икки долларни деб аюҳаннос солди-я, эси паст!
– Кейин нима қилдинг?
– Овозингни ўчир, дедим.
– У гапингга кирмади, шундайми?
– Ҳа. Бўғзига пичоқ тираганимдан кейин ҳам додлайверди. Кейин… пичоқ билан бир-икки марта туртдим.
– Олти мартами?
– Санаганим йўқ. Додламай жим ўтирганда соғ қоларди. Касалхонага бориб ўзидан сўранг-чи, айб кимда экан. Дунёни бошига кўтариб аюҳаннос солмаганда унга қўлимнинг учини ҳам теккизмасдим!
– Энди ундан ҳеч нарсани сўролмаймиз, Стиви.
– Нега?
– Бугун эрталаб унинг жони узилди.
– Нима?..
Стивининг фикрлари чалкашиб кетди. Изқувар уни ўлди, дедими? Зал сув қуйгандек жимжит бўлиб қолди. Ҳамма Стивига савол назари билан қараётгандек туюлди. У нигоҳини қаерга яширишни билмай бошини эгиб олди.
– Мен… мен уни ўлдирмоқчи эмасдим.
– У нима деди? – деб сўради стенографиячи-зобит дафтаридан бошини кўтариб.
– Ўлдирмоқчи эмасдим, деди, – шивирлади унинг ёнида турган бошқа бир миршаб.
– Нима?
– Ўлдирмоқчи эмасдим, деди! – ўшқирди бош изқувар. Унинг овози жимжит залда акс-садо берди. Стенографиячи бошини эгиб дафтарига ёза кетди.
– Кейингисини чақиринглар! – деди бош изқувар.
Стиви саҳнадан тушганида боши оғирлашиб, оёқлари шалвираб қолганди. У зобитнинг ортидан чурқ этмай лифтга кирди.
– Биринчи сўроқдаёқ суробингни тўғрилашди, йигитча, – деди зобит лифтнинг эшиги ёпилгач.
– У ўлмаслиги керак эди! – аламидан ўкириб юборди Стиви.
– Пичоқламаганингда ўлмасди, – деди зобит пинагини бузмай.
Стиви сўроқдан аввал Скиннер унга нима деб маслаҳат берганини эслашга уринар, лекин лифтнинг тарақ-туруғида фикрлари чувалашиб кетаверарди. “Атрофимдагилар ҳақида нимадир деганди”, ниҳоят эслади у лифтда ўшаларнинг ёнига тушиб бораркан.

Рус тилидан Алишер Отабоев таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2020 йил, 12-сон