Ги де Мопассан. Маржон шодаси (ҳикоя)

1-таржима

МАРЖОН ШОДАСИ

Фалакнинг гардиши билан баъзида хизматкорлар оиласида туғиладиган гўзал ва мафтункор қизлардан бири эди у.
Унда на сеп-сидирға, на умид ва на таниқли бўлишдан маъно-мазмун бор эди. У бировни тушунишга ҳам уринмаган, севмаган ва машҳур кимсага ҳам турмушга чиқмаганди. Қиз Халқ Таълими Вазирлигида ишлайдиган кичик котибга турмушга чиқишга рози бўлганди.
У оддий кийинар, чунки бошқачасига имконияти бўлмасди. Аммо у чиндан ҳам тўғри йўлдан адашгандек ўта бахтсиз эди. Модомики, бошқа аёллардек на табақаси ва на мартабаси бор. Оила ва туғиш ўрнига фақат гўзаллик, назокат, жозибали кўриниш дардида юрарди. Табиий нафислилик, хушбичимлилик, ақл-идрокли бўлиш олий табақалик белгиси ҳисобланиб,бу фақат аслзода хонимларга хос эди.
У ўзини фақат гўзалликлар ва тўла-тўкис ҳаёт учун туғилганлигини ҳис қилиб, тўхтовсиз азоб чекарди. Турар жойининг фақироналиги, деворларнинг ғариб кўриниши, эскирган стуллар , пардаларнинг афт-ангори унга азоб берарди. Унинг хилидан бўлган бошқа бир аёл бу нарсаларни ҳаттоки ақлига ҳам сиғдиролмаслигини ўйлаб қийналар, асабларини таранг қиларди.Кичкина Бретон(1) деҳқони каби кундалик уй юмушлари уни афсус-надоматлар домига ташлаб, чорасиз ва ушалмас орзулар гирдобига улоқтирарди.
У шарқона нақшлар билан безатилган деворий гиламлар осилган, бронза қандиллар нур таратиб турган сокин хонани, катта креслода ёнбошлаб олганча этик шим кийган бақувват инсон ҳақида ҳаёл сурганича ошхона плитасидан анқиётган иссиқ ҳаводан оғирлашиб ланч бўлди. У ипаклар билан безатилган узун залларни, кўзни қувонтирадиган ҳашамдор мебелларни, муаттар атирларга бурканганча соат бешки базмларда яқин дугоналари билан гурунг қурувчи франсуз аёллари ва таниқли одамлар билан суҳбатлашишни, барча аёлларнинг рашкини қўзғаб, уларнинг диққат марказида бўлиш ҳаёлида сузиб юрарди.
Жувон уч кун олдин ёзилган датурхон билан қопланган айлана стол олдига тушлик қилиш учун келиб ўтирган маҳал, шўрва идишининг қопқоғини олиб қўйган турмуш ўртоғи қувонч билан хитоб қилди:
– О, мазали роt-au-feu!(2) Бундан ортиғи бўлмаса керак!
Аёли эса лаззатли тушликлар, ярақлаётган кумуш идишлар, қадимий одамларинг расми туширилган деворий гиламлар, эртаксимон ўрмон ўртасида парвоз қилаётган ғаройиб қушларни ҳаёл қиларди. Шунингдек, у жимжимадор ликопчалар хизматидаги мазали таомлар, гулмоҳининг қизғишранг гўшти ёки бедана қанотини ейиш давомида қулоққа кулгу аралаш чалинадиган мулойим шивир-шивирларни орзу қиларди.

Унинг ранго-ранг кўйлаклари, тақинчоқлари, умуман ҳеч нимаси йўқ эди. У шулардан бошқа нарсани севмасди. У ўзини шу матоҳлар учун яралганини ҳис қиларди. У кўнгилхушлик қилиш, бошқаларнинг ҳасадини келтириш, мафтункор бўлиш ва ҳаммани ўзига қаратишни ёқтирарди.

Унинг аёллар монастрида бирга таҳсил олган собиқ синфдош дугонаси бўлиб, у жуда бой эди. Қиз ушбу дугонасиникига боришни, кўришни ёқтирмас, сабаби, доим ортига қайтганидан сўнг азоб чекарди.
Аммо бир куни кечқурун унинг турмуш ўртоғи музаффар қиёфада уйга кириб келди ва қўлидаги катта конвертни узатди.
– Бу ерда, – деди у, – сенга аталган бир нима бор.
Аёл қоғозни кескин тарзда йиртиб ташлади-ю қуйидаги сўзлар туширилган тамғали таклифномани суғуриб олди:
“Халқ Таълими Вазирлиги ва мадам Жоржес Рампоннау ҳурматли мистер ва мадам Луизелларни 18-январ, душанба кунги базм кечаси учун Вазирлик саройига лутфан таклиф қилади.”
Аёл эри кутганидек хурсанд бўлиш ўрнига, таклифномани нафрат билан стол устига ирғитиб, тўнғиллади.
– Бу билан нима килишимни истагандингиз?
– Азизам, сени хурсанд қилмоқчи эдим. Ташқарига ҳеч чиқмаганинг учун бу яхши имконият деб ўйлагандим. Буни қўлга киритиш осон кечмади. Қанча одам бу ерга боришни орзу қилади. У ерга саралаб чақиришган. Айниқса, котибларни айтишлари ғоят даргумон. Базмга фақат зодагонлар йиғилади.
Жувон эрига дарғазаб тикилиб, бетоқатлик билан сўзлади.
– Ахир базмга нима кийиб бораман?
Эри бу ҳақда ўйлаб кўрмаганди.
– Нимага, театрга тушганда кийган кўйлагингчи?! Ўша менга жуда ёққанди, – деди у.
Сўнгра гапиришдан тўхтаб қолди. Хотинининг йиғлаётганини кўриб, ёмон аҳволга тушди. Аёлнинг қўз қирраларидан иккита катта томчи ёшлар секингина лаблари томон юмалади.
У тутилиб-тутилиб гапирди.
– Нима бўлди? Нима бўлди?
Аёл жиззакилик билан унинг раҳмини келтирганди. Сўнг эса ёноқларини артиб, босиқ овозда жавоб берди.
– Ҳеч нарса. Фақатгина кўйлагим йўқ, шунинг учун баллга боролмайман. Таклифномани эса хотини мендан кўра яхшироқ йиғинган ҳамкасбларингизга берарсиз.
Эр иложсиз эди.
– Кел Матилда, ўйлаб кўрайлик, – давом этди у. – Бежирим ва бошқа тадбирларга ҳам кийса бўладиган ярашиқли кўйлак қанча туради?
Жувон бир неча дақиқа чуқур ўйга толди, ҳисоб-китоб қилди, миқдордан таажжубланиб, тежамкор котибнинг гапларидан чўчиб, ўзича нималардандир воз кечди.
Ваниҳоят, иккилана-иккилана жавоб берди.
– Аниғини билмайман-у, ўйлашимча тўрт юз франк билан нимадир қилса бўлади.
Унинг ранги оқариб кетди. Чунки бу миқдордаги пул билан у қурол сотиб олишни ва якшанба куни тўрғай овлашга борган бир неча дўстлари билан келаси ёзда шаҳар четидаги Нантерра(3) яйловларида ўқ отиш билан ўзини-ўзи сийлашни мўлжаллаган эди.
Аммо бу ҳақда индамади.
– Яхши, сенга тўрт юз франк берганим бўлсин. Ажойиб кўйлак харид қилишга уриниб кўрарсан.
Базм куни тобора яқинлашар, кўйлаги тайёр бўлганига қарамай мадам Луизел ғамгин, беҳаловат ва беҳузур кўринарди.
Бир куни оқшом маҳали турмуш ўртоғи ундан сўраб қолди.
– Нима бўлди? Кейинги уч кун ичида ғалатироқ бўлиб қолгансан.
Аёл жавоб берди:
– Бир дона ҳам тақинчоғим, бир дона ҳам тошларим, умуман тақишга ҳеч нарcам йўқлигидан хўрлигим келаяпти. Ниҳоятда бахтсизман. Яхшиси бормай қўя қолганим маъқул.
– Табиий гулларни тақишинг мумкин,- гапирди мистер Луизел.- Ҳозирда бу услуб жуда урфга кирган. Ўн франк эвазига икки ёки учта чиройли атиргул сотиб ололасан.
Аёл ишонқирамади.
– Йўқ, бойвачча хонимлар орасида бечора қиёфада кўриниб , ғурурим поймол бўлишини ҳохламайман.
Аммо эри бақириб юборди:
– Қанчалар ахмоқсан-а! Дугонанг мадам Форестиерни йўқлаб бориб, тақинчоқларини сўраб тур. Ахир у билан жуда ҳам қалин ўртоқсизлар-ку.
У хурсандчиликдан қийқирди.
– Тўппа-тўғри! Бу ҳаёлимга келмаган экан.
Эртаси куни у дугонасиникига келиб, дардини баён қилди.
Мадам Форестиер ойнали эшик билан қопланган кийим жавонидан катта тақинчоқлар қутисини олиб келди. Уни очиб, дугонасига деди:
– Азизим, танлаб ол!
У даставвал билакузукларни, кейин марварид маржон шодасини, кейин Венеция хочини, уста заргарнинг тилла ва қимматбаҳо тошларини кўздан кечирди. У кўзгу олдида ўзига оро берди, иккиланди, булардан тўла қониқиш ҳосил қилмагач, жойига қайтариб қўйди.
– Ҳаммаси шуми? – сўради у.
– Нега экан, яна бор албатта. Қараб кўр. Нимани ёқтиришингни билмайман-ку.
Бирданига унинг кўзлари қора духоба қутидаги олмосли серҳашам маржон шодасиига тушди. Юраги қинидан чиқаёзди. Уни ушлаганида кўллари титраб кетди. Тақинчоқни кенг ёқали кўйлагига мослаб, бўйни атрофига илди ва кўринишидан қувониб ўзини йўқотди.
Кейин эса қўрқув, изтироб аралаш сўради.
– Менга ҳудди шуни бериб тура оласанми, фақат ҳудди шунинг ўзини?
– Ҳа, албатта.
У дугонасининг бағрига ўзини отиб, хурсандлигидан ўпиб қўйди. Сўнгра хазинаси билан жўнаб кетди.

Базм куни етиб келди. Мадам Луизел катта муваффақиятга эришди. У барчадан гўзал, хушбичим, пўрим, қувноқ ва бахтиёр эди. Барча эркакларнинг кўзи унда, унинг исмини сўрашар, танишишга ҳаракат қилишарди. Вазирлар Маҳкамасининг барча вакиллари у билан бирга валс тушишни исташарди. Шахсан унинг ўзи вазирнинг эътирофига тушди.
У сархушлик билан, эҳтирос билан рақсга тушар, ичимлик таъсирида роҳатланиб, гўзаллиги зафарида, муваффақияти шоҳсупасида, бахт осмонида сузганча барчасини унутиб, ўзига бўлган иззат-икром, ҳайрат, ёниқ истаклар ва мутлақо музаффарлик ҳислари аёлнинг қалбини чулғаб олганди.
Тонги соат тўртга яқин, у кетиш тараддудида эди. Турмуш ўртоғи ярим тундан буён қаровсиз хонада , хотинлари байрамни ажойиб нишонлаётган учта эркак билан ухлаб ётарди.
У хотинининг елкасига базм кўйлагининг ҳуснига доғ туширадиган оддийгина шарфни ташлаб қўйди. Жувон буни сезгач, қимматбаҳо мўйнага бурканган бошқа бир аёлларнинг назарига тушиб қолмаслик учун уни юлқиб олди.
Луизел уни тўхтатди.
– Бироз кутиб тур, ташқарида шамоллаб қоласан. Мен бориб, такси ушлайман.
Лекин Матилда уни эшитмади. Чаққонлик билан зиналардан пастлади. Кўчага чиқишиб, бирорта ҳам файтон топишолмади. Улар қидиришни бошлагач, узоқроқдан ўтиб кетган таксичига кўзлари тушиб, бақириб қолаверишди.
Чорасиз қолганича совуқдан қалтираб, Сеине (Зайна)га томон юришарди. Ваниҳоят, кундузлари умуман учратиб бўлмайдиган, фақат ярим кечаси Париж атрофида пайдо бўладиган эски аравани (ноктамбулант) дарё бўйида учратишди.
Руе дес Мартирс даги уйи эшиги олдида тушиб, ғамгин юришда давом этишди. Матилда учун ҳаммаси тамом бўлганди. Эрининг соат ўнда Вазирликда бўлиши кераклигини ҳаёлидан ўтказди.
У яна бир марта шуҳрат оғушида кўзгу орқали ўзига тикилиб, елкаларини ёпиб турган шарфни олди. Бироқ кутилмаганда чинқириб юборди. Бўйнидаги маржон шодаси йўқ эди!
Эри ярим ечинган аҳволда сўз қотди.
– Сенга нима бўлди?
У жиннинамо ўгирилди.
– Мен… мен… мен мадам Форестиернинг маржон шодасини йўқотиб қўйдим.
Луизел жойида қотиб қолди.
– Нима?!… Қандай қилиб? Бўлиши мумкинмас!
Улар кўйлакнинг қатларини, плашнинг тахламларини-ю чўнтагини, ҳамма жойни қараб чиқишди. Аммо топилмади.
– Базмдан чиққанингда у бўйнингда бўлганига ишончинг комилми? – сўради Луизел.
– Ҳа, сарой даҳлизида турганимда у бўйнимда эди.
– Агар уни кўчада туширганингда овозини эшитган бўлардик. У таксида қолган бўлиши керак.
– Ҳа, эҳтимол. Рақамини олганмидингиз?
– Йўқ, сен-чи, эслолмайсанми?
– Йўқ.
Улар ҳайратомуз тикилиб туришарди. Охири, Луизел кийимларини кийди.
– Мен пиёда ортга қайтаман, – деди у. – Босиб ўтган йўналиш бўйлаб юриб, топишга уриниб кўраман.
У чиқиб кетди. Матилда базм кўйлагида креслода ўтириб, кўзига уйқу келмай, оловни ҳам ёқмай, ҳаёлига бир фикр келмай уни кутарди. У соат еттилар атрофида излаганини тополмай, қуруқ қайтиб келди.
Луизел милитция бошқармасига, газета идораларига бориб мукофотлар эълон қилди. У барча такси компанияларини умид илинжида айланиб чиқди.
Фалокатга йўлиққан аёл кун бўйи ваҳима ичида кутди. Тунда Луизел синиққан, оқиш юз билан қайтди. Ҳеч қандай янгилик йўқ эди.
– Дугонанга – деди у, – тақинчоғининг илгакини бузиб қўйганинг, уни тузатиш учун бироз вақт кераклигини ёзиб юбор.
У бирма-бир ҳаммасини хатга туширди.
Ҳафта охирида улар умидини бутунлай узишди.
Нақ беш ёшга қариган Луизел сўзлади.
– Энди тақинчоқни ўрнига қандай қайтариш ҳақида бош қотиришимиз лозим.
Кейинги кун улар қутини олиб, донғи чиққан заргарникига боришди. Луизел унинг китобини қараб чиқди.
– Мадам, мен маржон шодаси сотадиган сотувчи эмасман. Шунчаки, кутиларга безак бераман халос.
Шундан сўнг, улар заргарма-заргар юриб, ўша маржон шодасига ўхшашини излашди, улардан маслаҳат олишди. Иккалови ҳам алам ва изтироб билан хастанамо эдилар.
Палаис Роялдаги дўконда улар қидираётган тақинчоққа жуда ўхшаш олмос шодасига дуч келишди. Нархи қирқ минг франк турар экан. Улар буни ўттиз олти минг эвазига харид қилишлари мумкин эди.
Эр-хотин заргарга уч кунгача уни сотмаслигини сўраб ёлворишди. Луизел тақинчоқни ўттиз олти минг франкка олиш тўғрисида ўзаро келишув қилишди. Ҳар эҳтимолга қарши, улар ферал охирида яна бошқасини ҳам топиб қўйишди.
Луизелда отаси унга қолдирган ўн саккиз минг франк бўлиб, қолганини қарз олди.
У бировдан минг франк, бошқасидан буш юз, беш луисни у ердан, уч луисни бу ердан сўраб, қарз қиғди. У барчасини қайд этиб қўйди. Хонавайрон қиладиган ваъдалар берди, судхўрлар ва барча қарз берувчи зоти билан битим тузди. У қолган умрини хавф остига қўйиб, ҳаттоки ҳаражатларни тўлай олиш ёки олмаслигини билмай туриб, таваккал имзо қўйди.У ҳали бошидан ўтказмаган уқубатлар , уни йиқитиши мумкин бўлган ўта қашшоқлик, моддий муҳтожликнинг келажаги ва унга азоб берадиган руҳий қийноқлардан ваҳимада эди. У маржон шодасини олиш учун келди ва савдогарнинг растасига ўттиз олти минг франкни ташлади.
Мадам Луизел маржон шодасини қайтариш учун келганида, мадам Форестиер унга совуқ оҳангда гапирди.
– Буни тезроқ қайтаришинг лозим эди. Ўзимга зарур бўлиб қолди.
У қўрққанидек, дугонаси қутини очмади. Агар тақинчоқ бошқа эканлигини билиб қолганида нимани ўйлаган, нималар деган бўларди? Мадам Луизелни ўғирликда айблармиди?
Мадам Луизел ҳозир йўқчилликда яшашни қўрқинч билан ҳис қилганди. Тасодифий ҳодисада қаҳрамонларча иштирок этди. Энди эса даҳшатли қарздорликдан қутулмоқ лозим. Аёл буни тўлайди. Улар хизматкорини ишдан бўшатишди; Турар жойини ўзгартиришди; том устидаги чердакни кирага олишди.
У уй юмушларининг нақадар оғирлигини, ошхона ташвишларининг ёқимсизлигини англаб етиб, ёғли қозон ва това учун пушти тирноқларини ишлатарди. У кир полотнони, эрининг кўйлагини ва идиш артадиган сочиқларни юварди. Ҳар куни эрталаб ювиндиларни кўчага олиб чиқиб, зинаояларда тўхтаб нафас ростлаганча сув олиб чиқарди. Одамларнинг хотинига ўхшаб кийинар, қўлида сават билан мева, бақоллик, гўшт дўконига борар, савдолашар, ҳақорат қилар, майда пулларини тийинигача ҳисобларди.
Ҳар ой қарзнинг бироз миқдорини узишса, қолганини узайтиришарди.
Турмуш ўртоғи кечқурунлари савдогарнинг ҳисоб-китобларидан нусха ёзар, тунга бориб вароғи учун 5 луис эвазига қадимий қўлёзмалардан намуна кўчирарди.
Бу турмуш тарзи ўн йил давом этди.
Ўн йилдан сўнгина улар ҳамма нарсани, ҳамма-ҳаммасини – судхўрларга нисбати ва қўшма фоизлари билан тўлаб бўлишди.
Мадам Луизел эндиликда қаримсиқ қўринарди.Камбағаллашган аёл кучли, қаттиққўл ва қўрс бўлиб қолганди. Тўзғиган соч, қийшайган юпка ва қизарган қўллари билан сувланган полни артиш давомида бақириб гапирарди. Баъзан, эри идорада бўлган вақтларда , у деразага яқин ўтирганча йиллар олдинги фарахбахш кечани , у ниҳоятда латофатли ва гўзал бўлган балл ҳақида ҳаёл сурарди.
Агар у маржон шодасини йўқотмаганида нима бўларди? Ким ҳам биларди? Ким билади дейсиз? Ҳаёт қанчалар ғаройиб ва ўзгарувчан! Кичкинагина воқеа баъзан яшаш ёки ҳаётдан умид узишга етарли бўлади!
Якшанба куни эди. Ҳафталик меҳнатларнинг хордиғини чиқариш мақсадида Чампс Элйсеесда сайр қилиб юриб, бола етаклаган аёлга тўсатдан дуч келди. Ҳануз ёш, ҳануз гўзал, ҳануз мафтункор бўлган мадам Форестиер эди.
Мадам Луизел ҳаяжонланди. У билан гаплашсинми? Ҳа, албатта. Ахир ҳаммасини тўлаб бўлган, энди бор гапни айтаверса ҳам бўлади.
У тепага кўтарилди.
– Хайрли кун, Жинни!
Унга танишидек мурожаат қилган оддий ёқимтой жувондан таажжубланди –ю , аммо уни мутлақо танимади.
– Лекин… мадам! – тутулиб гарирди у. – Сизни танимадим… Адашган бўлсангиз керак.
– Йўқ. Мен Матилда Луизелман.
Дугонаси қичқириб юборди.
– О, бечора Матилда! Қанчалар ўзгариб кетибсан!
– Ҳа, сени охирги бор кўрганимдан буён қанча оғир кунларни бошдан кечирдим.. қанча мусибатли кунларни… Ҳаммаси сен туфайли бўлди!
– Мени деб! Қандай қилиб?
– Саройдаги базмга тақиб туриш учун менга берган олмос шодаларини эслайсанми?
– Ҳа, хўш?
– Мени уни йўқотиб қўйгандим.
– Нимани назарда тутаяпсан? Уни келтириб бергандинг-ку.
– Сенга ҳудди ўхшашини олиб келиб бергандим.Сўнгра бунинг тўловини ўн йил давомида уздик. Тушунаяпсанми, ҳеч вақоси йўқ кимса учун бу қанчалар мушкул эди. Ваниҳоят, ҳаммаси тугади. Бундан жуда хурсандман.
Мадам Форестиер юришдан тўхтади.
– Айтмоқчисанки, меникини ўрнига қайтариш учун олмос шодасини сотиб олгансан?
– Ҳа! Сен буни сезмадинг ҳам! Улар жуда ўхшаш эди.
Матилда мамнун кулди.
Мадам Форестиер каттиқ титраб кетди, унинг қўлларини ушлаб, деди:
– О, бечорагинам Матилда! Нима учун, менинг тақинчоғим сунъий тошлардан ясалган эди-ку!

_______________
1.Бретон- қуйи Нормандиядаги ғарбий Франсиянинг ярим ороли бўлган Бриттанидан.
2. Pot-au-feu – қайнатма шўрва
3. Нантерра – Парижнинг ғарбий чеккаси

Инглиз тилидан Гулноз Мамарасулова таржимаси


2-таржима

МАРЖОН

У гўзал, жозибадор хонимлардан бўлиб, фақат тақдирнинг хатоси билан оддий хизматчилар оиласида туғилгандек эди. У машҳур бўлиш, бой ёки таниқли кишига турмушга чиқиш, суюкли ёри бўлишни на орзу ва на умид қилганди; шунинг учун ҳам таълим бошқармасининг оддийгина ходимига турмушга чиққанди.
У содда бўлиб, ўзини кўз-кўз қилиш қўлидан келмасди; лекин ўзига ўхшаган бошқа аёллардан фарқли ўлароқ бахтсиз эди. Уларнинг табиий бўлмаган гўзаллиги, димоғдорлиги бу аёлларни олийнасаб хонимлар мақомида тутиб турарди.
У ўзини дунёдаги барча ҳашаму фароғатлар учун туғилгандек ҳис қилиб доимо азоб чекарди. У уйининг муҳташам эмаслигидан, сувоғи кўчган деворлар, шалоғи чиққан курсию ранги ўчиб кетган кийим-кечакларидан хўрлиги келарди. Унинг ўрнида бошқа аёл бўлганида буларнинг барчасини сезмаган, ўзининг бу ҳолатидан азобланмаган бўларди. Уйини кулбага айлантириб кўйган Бретон манзараси унинг қалбида оғриқ ва орзуларни уйғотарди. У муҳташам, бронзадан ясалган қандиллар ёритиб турувчи муҳташам сарой ва калта шим кийган эшикбонларни орзу қиларди.
Унинг бой синфдош дугонаси бўлиб, дугонасининг уйига бориб келганидан сўнг шундай азоб чекардики, шунинг учун уникига боришни ёқтирмасди. У қайғу-алам, тушкунликка тушганидан кун бўйи йиғларди.
Бир куни эри қўлида катта хатжилд ушлаганча хурсанд ҳолда келди.
-Мана, – деди у,- сенга.
Хоним шошиб-пишиб хатжилдни очди ва таклифномага кўзи тушди:
“Таълим вазири Жорже Рампонно жаноб ва Луазел хонимни 18 январь, душанба оқшомида вазирнинг уйида бўладиган зиёфат кечасига лутфан таклиф этади”.
Эри умид қилганидек хурсанд бўлиш ўрнига у хатжилдни стол устига ирғитиб тўнғиллади:
-Нима қилишим керак?
-Жонгинам, сени хурсанд бўлади, деб ўйлабман. Буни қанча тўполон билан олдим. Ҳамма таклифнома талашди. У ерда бари мансабдор  кишиларни кўрасан.
У эрига хўмрайди:
-У ерга нима кийиб бораман?
Эри бундай саволни кутмагани учун дудуқланиб қолди:
-Нега ундай дейсан? Театрга кийиб борадиган кўйлагинг менга жуда ёқади.
У йиғлаётган хотинига қараб қийин аҳволга тушиб қолди. Хотинининг кўзларидан оққан ёш томчилари оғзига кираётганини кўриб сўради:
-Нима бўлди? Нега йиғлаяпсан?
Хотини қийинчилик билан йиғидан тўхтади ва ёноқларини артаркан, жавоб қайтарди:
-Ҳеч нарса. Менинг у ерга кийиб борадиган кўйлагим йўқ. Таклифномани хотини мендан кўра яхшироқ кийинадиган ҳамкасбингга бер.
Эри хўрсинганча жавоб қайтарди:
-Менга қара, Матилда. Зиёфатга кийиб борса бўладиган оддийроқ кўйлак қанча туради?
Хотини эри йўқ демасдан бера оладиган пулни чамалади ва овози қалтираганча жавоб берди:
-Аниқ айта олмайман, лекин менимча тўрт юз франк етса керак.
Эрининг ранги оқариб кетди; у дўстлари билан Нантер текисликларида ов қилиш учун милтиқ сотиб олгани пул тўлаб қўйганди. Шундай бўлса-да, у хотинига деди:
-Бўпти, сенга тўрт юз франк бераман. Лекин яхши кўйлак сотиб ол.
Зиёфат куни  яқинлашиб келар, Луазел зоним эса ғамгин, ташвишли ва жаҳлдор бўлиб борарди. Унинг зиёфатга кийиб борадиган кўйлаги тайёр эди. Эри ундан сўради:
-Сенга нима бўлди? Кейинги икки-уч кунда ўзингни ғалати тутяпсан.
Хотини жавоб қайтарди:
-Менинг на бирор тақинчоғим, на узугим бор. Безакларсиз жуда камбағал кўринаман. Ундан кўра зиёфатга бормай қўя қоламан.
Эри деди:
-Кўйлагингга гул тақиб олсанг бўлади. Ўн франкка икки-учта атиргул сотиб олишинг мумкин.
Хотини рози бўлмади.
-Йўқ, -деди у, – бой хонимлар ичида мана шундай кўринишдан ёмони йўқ.
Бирдан эри хитоб қилди.
-Аҳмоқлигимизни қара-я! Дугонанг Форестьедан тақинчоқларини сўраб турмайсанми? Ахир сизлар яқин дугонасизлар-ку!.
Хотини ҳам қувончдан қичқириб юборди:
-Тўғри! Буни ўйламабман.
Эртасига у дугонасиникига борди ва дардини айтди. Форестье хоним тақинчоқлар солинадиган қутичасини олиб чиқиб очди ва деди: -Хоҳлаганингни танлаб ол, дугонажон.
У дастлаб билакузукларни кўрди, кейин марваридларни, ундан кейин олтин хочли занжир ва бошқа тақинчоқларни кўриб чиқди. Кўзгу олдида турганича унисини тақиб кўрди, бунисини тақиб кўрди, қайси бирини олишни билмади. Кейин сўради:
-Бошқа тақинчоқларинг йўқми?
-Бор. Сенга ёқармикин.
У қора қутича ичида турган олмослардан тайёрланган маржонни кўрди ва юраги гупиллаб уриб кетди. У маржонни қўллари қалтираганча олди. Бўйнига таққач, кўзини кўзгудан узолмай қолди. Кейин эса юраги ҳаприққанча сўради:
-Шуни бера оласанми? Фақат шуни.
-Албатта.
У дугонасини маҳкам қучоқлади ва хазинасини олиб уйга қайтди.
Зиёфт куни етиб келди. Луазел хоним ҳаммадан гўзал, қувноқ, бахтли эди. Зиёфатга йиғилганларнинг барчаси у билан танишиш истагида эди.
У завқ билан, ҳеч нарсани ўйламай, бахт булутлари узра парвоз қилганча рақс тушди.
Эри унинг елкасига уйидан зиёфатга келишда олиб келган ёпинчиқни ташлади. Яп-янги кўйлак устида бу ёпинчиқ қандай кўринишини ҳис этган Матилда қимматбаҳо мўйна илган аёллар уни кўриб қолмасликлари учун ташқарига шошилди.
Жаноб Луазел уни тўхтатди:
-Шошма. Шамоллаб қолишинг мумкин. Мен извош олиб келаман.
Лекин у эшитишни ҳам истамади ва қадамини тезлатди. Улар кўчага чиқишиб, бирорта ҳам извош кўришмади. Сўнгра йўлда извош учраб қолишидан умид қилишиб пиёда кета бошлашди. Умидсиз ҳолда Сена дарёси бўйлаб кетишаётиб, ниҳоят бир извошни кўришди.
Извош уларни Мартир кўчасидаги уйларига элтиб қўйди. У кўзгу олдига келиб елкасидан ёпинчиқни олди ва ўз гўзаллигини яна бир бор томоша қилиш учун кўзгуга тикилди. Бирдан қичқириб юборди. Унинг бўйнидаги маржон йўқ эди.
Эри:
-Нима бўлди?-деди.
У эрига ўгирилди:
-Форестьенинг маржони йўқ.
Эри бошини чангаллади:
-Нима? Қанақасига? Бўлиши мумкин эмас!
Сўнгра улар кийимларни, чўнтакларини, уйнинг ҳаммаёғини қараб чиқишди. Маржон йўқ эди.
Эри сўради:
-Зиёфатдан чиққанимизда уни тақиб олганмидинг?
-Ҳа.
-Агар кўчада тушиб қолганида унинг ерга тушган овозини эшитишимиз керак эди. Уни извошда тушириб қўйган бўлсанг керак.
-Ҳа. Шунақа бўлса керак. Унинг рақамини биласанми?
-Йўқ. Сен эътибор бермаганмидинг?
-Йўқ.
Улар бир-бирларига тикилиб қолишди.
-Мен кетдим, -деди эри, -келган йўлимизни қараб кўрай-чи, балки топилиб қолар.
У чиқиб кетди. Хотини ётоқхонага киргани ҳам куч тополмай курсига ўзини ташлади.
Эри эрталаб соат еттиларда қайтиб келди. У маржонни топа олмаганди.
-Дугонангга хат ёзиб, маржонни синдириб қўйганингни айт, -деди у, -тузаттириб бераман дейсан. Унгача бирор йўлини топармиз.
Хотини шундай қилди.
Бир ҳафтадан сўнг беш йилга қариб кетган Луазел хоним деди:
-Маржонни топиш йўлини қидиришимиз керак.
Эртасига улар маржон сотиб олинган дўкон номи ёзилган қутини кўтарганча ўша дўконга боришди.
-Маржонни мен тайёрламаганман, хоним, -деди заргар, -қутисини тайёрлаганман.
Сўнгра улар дўконма-дўкон юришиб, ўша маржонга ўхшаган маржонни излашди. Ниҳоят, Палас-Роял дўконида улар йўқолиб қолган маржон билан бир хил олмос маржонни кўришди. Унинг нархи қирқ минг франк эди. Дўкончи уни ўттиз олти минг франкка беришини айтди.
Улар заргардан маржонни уч кун сотмай туришини илтимос қилишди. Ялиниб-ёлворишиб ўттиз тўрт минг франк беришларини, қолганини эса феврал охирида беришга заргарни кўндиришди.
Луазел отасидан қолган ўн саккиз минг франкни тўплади, қолганини эса қарз олди.
У кимдандир минг франк, кимдандир беш юз франк олди. У ваъдалар берди, бормаган судхўри қолмади. У келгуси ҳаётини ҳам ўйламай пул олаверар, охири яхшими-ёмонми ҳар қандай қоғозга имзо қўяверар, бўйнидан илондай бўғиб турган ўша маржон балосидан қутулиш учун ўттиз олти минг франкни тўпласа кифоя эди.
Луазел хоним маржонни Форестье хонимга олиб борганида дугонаси совуқ оҳангда деди:
-Эртароқ олиб келишинг керак эди. Менга жуда зарур бўлганди.
У Луазел хоним хавотир билан кутганидек қутичани очмади. Агар қутичани очганида нима бўларди? У нима деган бўларди? Уни ўғирликда айблаши мумкин эдими?
Луазел хоним ҳаёт қийинчиликларини энди билди. Даҳшатли қарзни тўлаш лозим эди. Улар уйдаги фаррошдан воз кечишди. Уйларини сотишиб, кичкинагина кулбани ижарага олишди.
У уй тутиш қанчалик оғир эканлигини энди кўрди, овқат пиширишни ўрганди. Нозик қўллари билан идишларни ювди, кир ювди, ҳар қадамда дам олиб сув ташиди. Бозорга бориб озиқ-овқат сотиб олишни, ҳар бир чақани ўйлаб сарфлашни ўрганди.
Эри кечалари ҳам ишлайдиган бўлди, у бировларнинг китобларини олиб келиб, бир саҳифасини беш судан кўчириб берарди.
Улар ўн йил деганда барча судхўрлардан олган қарзларини узиб бўлишди.
Луазел хоним энди қари кўринарди. У камбағал оиланинг кучли бекасига айланганди. У эгнига эски-туски кийимларни илганча пол юварди. Лекин эри ишда бўлган пайтда баъзи-баъзида дераза олдида ўтирганча ўша зиёфат кечасини эсларди.
Агар ўшанда маржонни йўқотмаганида нима бўларди? Ким билади дейсиз? Ҳаёт қандай ғаройиб! Кичкинагина нарса инсон ҳаётини барбод қилиши ёки сақлаб қолиши мумкин!
Бир куни Елисей кўчасида ҳафталик юмушларини ўйлаб кетаётиб, бола етаклаб олган аёлни кўриб қолди. У ҳали ҳам ёш, ҳали ҳам жозибадор Форестье хоним эди. Луазел хоним қотиб қолди. Нима қилиш керак? Ундан қарзи йўқ, ҳаммасини айтади. Нега айтмас экан?
У аёлни тўхтатди.
-Салом, Жанна.
Дугонаси уни танимай ҳайрон туриб қолди.
-Хоним, мен сизни танимайман. Адашдингиз, шекилли.
-Йўқ, мен Матилда Луазелман.
Дугонаси ҳайратдан қичқириб юборди:
-Оҳ! Бечора Матилда! Қанчалик ўзгариб кетибсан.
-Ҳа, бошимга оғир кунлар тушди. Ҳаммасига сен сабабчисан.
-Мен? Нима учун?
-Вазирнинг уйидаги зиёфатда тақиб туриш учун менга олмос маржон бергандинг, эсингдами?
-Ҳа.
-Уни йўқотиб қўйгандим.
-Қанақасига, уни қайтариб бергандинг-ку?.
-Сенга худди ўшанга ўхшаш бошқасини қайтаргандим. Унинг пулини тўлашга ўн йил умримиз кетди. Биласан-ку, биз унчалик бой эмасдик. Ниҳоят қарздан қутулдик.
Форестье хоним деди:
-Менга олмос маржон берганмидинг?
-Ҳа. Сеники билан бир хил эди.
У ғурур билан жилмайди. Форестье хоним унинг қўлларидан тутганча қичқириб юборди:
-Оҳ, бечора Матилда! Меники сохта олмос эди. Унинг нархи бор-йўғи беш юз франк эди!

Инглиз тилидан Дилшодбек Асқаров таржимаси.