Айварс Фрейманис. Жавон (ҳикоя)

Бу воқеани менга саҳна рассоми Плаудис ҳикоя қилиб берганди. Шуни ҳам айтишим керакки, Плаудис бутун Ригага донғи кетган сузувчи. Одамларнинг гапларига қараганда, агар кайфияти яхши бўлса, унинг Киш кўлидан сузиб ўтиши ҳеч гап эмас, албатта, бунинг учун кўл қалин муз қатлами билан қопланмаган бўлиши лозим. Ҳатто кунларнинг бирида у бутун Рига қўлтиғидан сузиб ўтганмиш; бунинг учун Салацгривадан Энгурега қадар сузиб борган. Шунисиям борки, Плаудис у ёққа қулоч ёйиб сузган бўлса, қайтишда чалқанчасига сузган. Ўзим ҳам унинг Лангстиню кўли бўйлаб доира ясаб сузганлигига гувоҳ бўлганман. Ўшанда у шунақа кибру ҳаво билан сузгандики, бу спортчининг олдида киноҳужжатчи Ансис Эпнерс унга микрофон тутганича, олдинда сузиб борар (у марафончилар билан шунга ўхшаш фильм яратганмиш), Плаудиснинг сузиш инсон саломатлиги учун нечоғли аҳамиятга молик эканлиги тўғрисидаги бебаҳо сўзларини кино тасмасига муҳрларди. Бироқ мен нима сабабдан ҳадеб Плаудис тўғрисида сўзламоқдаман, ахир гап унинг ҳақида эмас, балки жавон хусусида бориши керак-ку?!
Воқеа бундай бўлганди. Плаудис ўзи учун қадрдон бўлиб қолган оперетта театридан чиқди-да, Видзем бозорига йўл олди. Шу аснода уни бадбашара, юз-кўзи лойга қоришиб, офтобда қолган қуманжир, яъни кактусни эслатувчи бир одам тўхтатди.
— Бу сен… латишмисан? — сўради у Плаудисни бошдан-оёқ кўздан кечираркан; ундан марваридгулдан тайёрланган одеколон ҳиди таралмоқдами ёки керогазнинг димоқни ёрадиган аччиқ дуди иси келмоқдами — билиб бўлмасди.
— Бу мен… японман, — рассом тезроқ йўлга тушиш учун шундай деди. — Устига-устак, жуда камбағалман.
— Эшитяпсанми? — инсон-қуманжир рассомнинг изоҳини тинглаб ўтирмади, унинг пиджаги этагидан маҳкам ушлади. — Қуруқман, ҳаммаёғим қуриб ётибди. Уйда эса укам супада ётганича қуримоқда!
Плаудис ана шу тасқара одамнинг чангалидан бир амаллаб ўзини халос этаркан, “Бу ишга менинг ҳеч қандай алоқам йўқ” демоқчи бўлганди, аммо бояги зот рассомдан олдин отини қамчилагандек, деди:
— Жавон! Қадим замондан қолган қимматбаҳо ёдгорлик. Ўн сўмга бераман!
— Тасодифан шундай бўлдими ёки қуманжир қиёфасидаги инсон театр билан ёнма-ён яшаб, Плаудисни кўз остига босиб қўйганмиди — билиб бўлмасди: аммо унинг сўзлари нақ нишонга бориб текканди. Афтидан, у олдиндан бир ҳақиқатни биларди: бизнинг саҳна рассомимиз учун осориатиқа мебелдан иборат тўпламини бирон-бир қийшиқ оёқли, чархланган, майда-чуйда безакли, қўнғиз илма-тешик қилиб ташлаган бўлса ҳам майли, мебель билан бойитиш катта қувонч бахш этарди (албатта, сузиш қувончи бундан мустасно). Устига-устак, ўша мебелнинг кулгили даражада арзонлигини айтмайсизми?!
Бироқ улар квартирага чиқиб боришганида, мазкур тураржойнинг шу даражада ташландиқ ва ғарибона кулба эканлиги маълум бўлдики, Плаудиснинг — нима бўлганда ҳам у рассом, бинобарин, ҳиссиётли инсон эдики — юраги “шиғғ” этиб кетди; кўнгли айниб, қусиб юборишига бир баҳя қолди, эшик тутқичини қўли билан пайпаслаб топмоқчи бўлди. Ваъда қилинган жавон — ҳақиқатан ҳам алмисоқдан қолган, ҳашаматли эди — бу исқирт, қурум босган тураржойдаги мебелнинг ягона намунаси саналарди; албатта, ғиштга ўхшатиб устма-уст қаланган тахталар, уларни ўриндиқ дегани тил бормайди, бундан мустаснодир. Мана шу қўлбола тўшакда, уст-бошини ҳам ечмасдан, титиғи чиқиб кетган фуфайкага бир амаллаб ўранган бир йигит чўзилиб ётарди, у акасидан кўра хийла ақлли кўринар, шишага ўхшаш нигоҳини шифтга қадаганича қотиб қолганди. Сиртдан қараганда одам уни аллақачон жонини яратганга топширган, деб ўйлаши мумкин. Опа-сингилларнинг бошига тушган кулфатлар ҳақида мўъжиза рўй бериб омон қолган жавон, девордаги ўнгиб кетишга ҳам улгурмаган, ҳозирча чанг-чунг қопламаган — катта ва кичик, баландда ва пастда жойлашган тўғри бурчакли ва квадрат тасвирлар гувоҳлик бериб турарди.
Плаудиснинг диққат-эътиборини деворда осиғлиқ турган жувоннинг портрети, аниқроқ гапирганда, теварак-атрофи бурмали ҳошия билан қопланган, қизил ёғочдан ясалган, эҳтимол, машҳури жаҳон бўлган уста Берниекснинг ижоди маҳсули саналган ром ўзига қаратди. Унинг кўзқарашларини англаган — инсон-қуманжир ҳиқиллаганича йиғлаб юборди, бурнини “шилқ” этиб тортди, сўнг уни енги билан артди-да, таъкидлади: “Бу бизнинг волидамиз; унинг сувратини биз ҳеч қачон, ҳеч кимга ва ҳеч қанақа пулга сотмаймиз. Жавонни эса, марҳамат, олиб кетишингиз мумкин. — У харидорнинг иккиланаётганини кўриб, қўшимча қилди. — Шундан сўнг мен, агар иш чаппасига кетса, уни бирон-бир одамга беш сўмга, ҳатто уч сўмга ҳам сотиб юбораман, аммо ўзимнинг ва укамнинг чўп-устихон бўлиб, ориқлашимизга йўл қўймайман”. Ишнинг кутилмаган бундай йўналиш бўйлаб ривожланиши саҳна рассомини инонтирди, у талаб қилинган ўн сўмни стол устига қўйди, устига-устак, чўнтагини кавлаштириб, бир қанча тангаларни ҳам узатди. Жавон эгаси яна ҳўнграб юборди. Бу сафар у тўла бахтга эришганлигидан йиғлар эди.
Шом тушганга қадар Плаудис ўзи харид қилган жавонни ювди, дезинфек¬циялади, унга сайқал берди. Каттакон, ясси шаклдаги кўзгу остида суриладиган иккита ғаладон жойлашганди. Ғаладонлардан бири қуриб кетган, қийшайиб қолганди. Рассом қийинчилик билан ғаладонни суғуриб олди-да, унга нигоҳ ташлади: аллақаерда, чуқурликдаги ўргимчак тўри билан қопланган заранг дарахти япроғини кўрди. Бу япроқ ўтган йилнинг кузидан қолган “ёдгорлик”микин?
Йўқ, бу — ўн сўмлик пул эди.

Рус тилидан Шерали Сокин таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 11-сон