Шерлок Холмс ҳақидаги 1882 йилдан 1890 йилгача бўлган даврга оид қайдларимни кўздан кечирсам, шу қадар қизиқ ва одатдан ташқари ишларни учратаманки, улардан қайси бирларини танлаб олишни билмай қоламан. Гарчанд, булардан баъзилари аллақачон матбуотда ёритилган бўлса-да, бошқалари Холмснинг ғоят юксак даражада эгаллаган ажойиб қобилиятларини намоён этишига имкон бермаган эди. Мазкур ёзувларимда мен унинг ана шу қобилиятларини тавсифлашни мақсад қилиб қўйдим. Ўша ишлардан баъзи бирларини ҳатто таҳлил ҳам қилиб бўлмас, оғзаки айтиб берилган ечимсиз қиссага ўхшаб қолар, баъзилари эса қисман ечилган, уларнинг сабаблари, ўзи ёқтирадиган жиддий, мантиқий исботларга эмас, кўпроқ тусмоллару тахминларга асосланган эди. Бироқ ана шу кейингилари орасида ҳам тафсилотлари ғоят мароқли, натижалари ғоят кутилмаган бир воқеа борки, мен унинг тўғрисида гапириб бермоқчиман, зотан у ҳеч қачон тўла-тўкис аниқланмаган, эҳтимолки, ҳеч қачон тўла-тўкис аниқлаб бўлмайдиган вазиятлар билан боғлиқдир.
1887 йилга тегишли узун рўйхатда анчагина қизиқ ёки унча қизиқ бўлмаган ишлар қайд этилган Уларнинг ҳаммасини ёзиб қўйганман. Мана улардан баъзилар: «Пэредол Чэмбер», катта мебель магазиннинг ертўласида ҳашаматли клубига эга бўлган Ҳаваскор гадойлар жамияти; Британияга тегишли «Софи Эндерсон» елканли кемасининг ҳалокатига боғлиқ бўлган фактлар; Грайс Петерсоннинг Юффа оролидаги ажоииб саргузаштлари, ва ниҳоят, Камберуэллдаги заҳарлаш ҳақидаги иш. Сўнгги воқеада Шерлок Холмс марҳумнинг соатини кўздан кечиргач, икки соат муқаддам бураб қўйилганлиги таъкидлаган, бундан у, марҳум ўша пайтда ётган, деб ҳукм чиқарган, бу хулосаси эса жиноятни очишда жуда катта аҳамият касб этган эди.Ана шу ишларнинг ҳаммасини мен, эҳтимолки, қачонлардир кейинроқ қаламга оларман, аммо улардан биронтаси ҳам мен ҳозир изҳор қилмоқчи бўлган одатдан ташқари воқеалардаги ўзига хос жиҳатларга эга эмас.
Сентябрь оёқлаб қолган, куз бўронлари қулоқ эшитмаган шиддатли қаҳр-ғазаб билан авжга минар эди. Кун-узукун шамол увиллар, ёмғир деразаларга шу қадар шовқин билан келиб урилар эдики, ҳатто шу ерда, инсон қўли яратган бу баҳайбат асар Лондоннинг юрагида ҳам биз кундалик ҳаётнинг одатий ҳукмидан беихтиёр равишда бир лаҳзагина алаҳсир, қутуриб кетган табиат шиддатли кучларининг ҳозирлигини сезар эдик; улар эса маданий ҳаёт панжаралари орқасида паноҳ топган биз ожиз бандаларга қафасга қамаб қўйилган ваҳший ҳайвонларга ўхшаб ўкирар эди. Кечга бориб бўрон яна ҳам зўрайди: мўрига урилган шамол ёш боладек йиғлар, ҳиқиллар эди.
Камин олдида ўтирган тунд башара Шерлок Холмс картотекасини тартибга солмоқда, мен эса, унинг қаршисида ўтирганча, Кларк Рассел ёзган ғаройиб денгиз ҳикояларининг мутолаасига шу қадар берилиб кетган эдимки, мана шу пўртана гўё менга океанда дуч келгандек, ёмғирнинг шовқини эса бамисоли денгиз тўлқинларининг гулдиросидек туюлмоқда эди. Хотиним холасиникига меҳмондорчиликка кетган, шунинг учун мен бир неча кунга Байкер-стритдаги эски квартирамизга келиб жойлашган эдим.
— Менга қаранг, қўнғироқ чалинаётибди, — дедим мен Холмсга.
— Бугун ким келиши мумкин? Дўстларингиздан битта-яримтасимикан?
— Менинг сиздан бошқа дўстим йўқ, — деб жавоб берди Холмс. — Меникига ҳеч ким меҳмондорчиликка келмайди.
— Балки мижозлардандир?
— У тақдирда жуда жиддий иш бўлиши керак. Об-ҳаво айниб турган шундай бир пайтда, шундай бемаҳал паллада бу одамни кўчага чиқишга нима мажбур қилган бўлиши мумкин? Бекамизнинг битта-яримта эгачиси ё дугонаси келгандир.
Бироқ Холмс янглишди, чунки даҳлизда одим товушлари эшитилиб, кимдир эшигимизни тақиллатди. Холмс узун қўлини чўзди-да, чироқни ўзидан буриб, ёруғини меҳмон учун мўлжалланган бўш креслога тўғрилаб қўйди.
— Киринг, — деди у.
Шинам кийинган, ҳаракатлари бир қадар назокатли, йигирма икки ёшлардаги йигит кириб келди. Шариллаб сув оқаётган шамсияси билан ҳўллиги туфайли ялтираб турган сув ўтмас узун плашчи об-ҳавонинг айниганидан гувоҳлик берарди. Кириб келган одам хавотир билан аланглади, чироқ ёруғида юзи оқариб кетганини, қовоқлари эса бошига оғир мусибат тушган кишидек салқиганини кўрдим.
— Мен сизлардан кечирим сўрашим керак, — деб қўйди, у олтин қабзали пенснесини кўзларига олиб бораркан. — Умид қиламанки, мени ёпишқоқ одам экан, демассизлар. Файзли хоналарингизга бўрону ёмғирнинг унча-мунча асарини олиб келмадиммикан, деб қўрқаман.
— Плашингиз билан шамсиянгизни менга беринг-чи, — деди Холмс — Уларни мана бу илгакка осиб қўяман, тез орада қуриб қолади. Назаримда, жануби ғарбдан келганга ўхшайсиз.
— Ҳа, Хоршемдан келдим.
— Ботинкаларингизнинг тумшуғидаги бўр аралашган лойдан кўриниб турибди.
— Мен сиздан маслаҳат сўрагани келдим.
— Маслаҳатдан осони йўқ.
— Ёрдам ҳам сўрамоқчиман.
— Мана буниси эса ҳамма вақт ҳам осон кўчавермайди.
— Мен сиз тўғрингизда майор Прендергастдан Тэн-кервилл клубида бўлган можаро вақтида қандай қилиб унинг жонига ора кирганингизни эшитганман.
— Ҳа-а, эсимда. Уни ғирромлик қилдинг, деб беҳуда айблашган эди.
— У сиз ҳар қанлай сирни оча олишингизни айтди.
— Бе, муболаға қилибди.
— Унинг сўзларига қараганда, сиз ҳеч қачон муваффақиятсизликка учрамасмишсиз.
— Ҳа, мен одатда муваффақиятга эришмай қўймайман.
— Ундай бўлса, умид қиламанки, менинг ишимда ҳам муваффақият қозонишга тиришарсиз.
— Илтимос қиламан, креслони каминга яқинроқ суринг-да, ишингизни батафсил сўзлаб беринг.
— Бу ғайриоддий иш.
— Менда бошқача ишлар бўлмайди. Мен — охирги босқичман.
— Аммо, ҳар қалай, сэр, менинг хонадонимда юз берган воқеалардек ақл бовар қилмайдиган, сирли воқеаларни қачон бўлмасин эшитган бўлишингизга ишонгим келмайди.
— Сиз мени ғоятда қизиқтириб қўйдингиз, — деди Холмс. — Илтимос, бизга асосий фактларни гапириб беринг, кейин мен сиздан ўзимга муҳимроқ туюлган тафсилотларни суриштириб оламан.
Йигит креслони суриб, ҳўл оёқларини ланғиллаб турган камин томон узатди.
— Менинг отим Жон Опеншо, — деди у. — Аммо, фаҳлашимча, шахсий ишларим бу даҳшатли воқеалар билан унча боғлиқ эмас. Бу иш менга мерос тариқасида ўтган, шунга кўра, сиз у ҳақда тасаввурга эга бўлишингиз учун менга бу воқеаларнинг энг бошига қайтишим керак бўлади.
Бобомнинг икки ўғли бўлган: булар — амаким Элайес билан отам Жозеф эди. Отамнинг Ковентрида кичикроқ фабрикаси бор, велосипедлар пайдо бўлганда уни кенгайтирган эди. Унинг «Опеншо» деган пишиқ шинага патенти бўлиб, ишлар шу қадар ривожга миндики, кейинчалик фабрикасини сотиб, дурустгина давлат орттиртирган одам сифатида тинчгина оёғини узатиб ётиш имкониятига эришди.
Амаким Элайес ёшлик йилларида Америкага бориб қолган, Флоридада плантаторлик қилган, айтишларича, ишлари жуда юришиб кетган. Уруш вақтида аввал Жексоннинг армиясида, кейин эса Гуднинг қўли остида хизмат қилган, полковник даражасига эришган. Ли таслим бўлгач, амаким плантациясига қайтиб келиб, у ерда уч йилми, тўрт йилми яшаган. 1869 йилдами ёки 1870 йилдами у Европага қайтиб келиб, Хоршем яқинидаги Сассексда моликона ер-сув сотиб олган. Қўшма штатларда каттагина давлат орттирган, Американи эса негрларга нафрат билан қарагани, уларга сайлаш ҳуқуқини берган республика партиясининг сиёсатидан норози бўлгани учун тарк этган эди. Амаким ғалати одам эди: шафқатсиз, қизиққон, ғазаби ошганда аёвсиз бўралаб сўкар, одамови эди. Хоршем яқинида яшаган бутун йиллари мобайнида ақалли бирон марта шаҳарда бўлганига шубҳа қиламан. Уйи ўтлоқлар ўртасидаги боғда жойлашган, ўша ерда сайр қилиб юрар, шуниси ҳам борки, кўпинча ҳафталаб хонасидан чиқмас эди. Кўп ичар, чекар, ҳар қандай мулоқотдан, ҳатто туғишган укаси билан учрашишдан ҳам қочар эди. Зотан илк бор ўн икки яшарлигимда учрашган бўлсак ҳам, у ўзини менга яқин тутарди. Бу 1878 йилда, Англияга келганимда саккизми, тўққиз йилдан кейин юз берди. Отамдан менинг уникида яшашимга рухсат беришини ўтинди, менга ўзига яраша меҳрибончилик кўрсатди. Ҳушёр бўлган кезларида мен билан нард ва шашка ўйнашни ёқтирарди. Менга хизматкорлардан кўз-қулоқ бўлиб туришни, савдогарлар билан барча ишларни олиб боришни топширдики, мен ўн олти ёшимдаёқ уйда тўла-тўкис хўжайин бўлиб қолдим. Ҳамма калитлар менинг қўлимда, хоҳлаган томонга бора олар, кўнглим хоҳлаган ҳар бир ишни қила олар эдим, фақат бир шарти бор эдики, амакимнинг ҳаловатини бузмаслигим керак эди. Дарвоқе, яна бир ғалати тартиб бор эди: амаким ҳеч кимнинг чортоқдаги қулфлоғлиқ ҳужрага киришга рухсат бермасди. Мен болаларга хос қизиқувчанлигим тутиб қулф туйнукчасидан мўралардим, лекин бирон марта ҳам эски сандиқлару тугунлардан бошқа ҳеч нарса кўрмадим.
Бир куни — бу 1883 йилнинг мартида бўлган эди — амакимнинг овқатланиш столидаги қошиқ-санчқию пичоқлари ёнида хорижий марка ёпиштирилган хат пайдо бўлиб қолди. Амаким деярли ҳеч қачон хат олмас, чунки харидлари учун пулни нақд тўлар, дўстлари эса йўқ эди.
«Ҳиндистондан, — деди у, хатни ола туриб. — Пондишерннинг почта муҳри босилган! Бу нима бўлди экан?»
Амаким шоша-пиша конвертни йиртган эди, ундан тарелкага беш дона қуриган апельсин уруғи тўкилди. Кулиб юбораёзган эдим, амакимнинг важоҳатини кўришим билан лабимни қимтиганча қолдим. Унинг пастки лаби осилиб тушди, кўзлари қинидан чиқиб кетай дерди, юзи бўзариб кетди: қалтираётган қўлида ҳамон ушлаб турган конвертга тикилиб қолган эди.
«Учта «К»! — деб хитоб қилди у, кейин зорланди:— Ё раббий, ё раббий! Қилган гуноҳларимнинг қасоси!»
«Бу нима, амаки?»—деб сўрадим.
«Ажал», — дедию шартта ўрнидан туриб хонасига чиқиб кетди, мен гарангсиб, ваҳимага тушганимча қолавердим.
Конвертни олган эдим, қопқоғининг ички томонидаги елим ҳошияси тагида қизил сиёҳ билан уч карра ёзилган «К» ҳарфини кўрдим. Конвертда беш дона қуруқ апельсин уруғидан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Амаким нега бунчалик қўрқиб кетди экан?
Мен столдан туриб, ғизиллаганча зинапоядан юқорига чиқиб бордим. Қаршимдан амаким тушиб келарди. Бир қўлида занг босган эски калит, эҳтимолки, ҳужранинг калитини, иккинчи қўлида эса чоғроққина мис қутича тутган эди.
«Улар хоҳлаган ишларини қилаверишсин, мен ҳали кўрсатиб қўяман! — деди у, йўл-йўлакай лаънат ёғдира-ёғдира. — Мэрига буюр, хонамдаги каминга ўт ёқсин, Хоршемга одам юбориб, Фордхэм деган адвокатни олдириб кел».
Мен унинг фармойишини адо этдим, адвокат келгандан кейин мени амакимнинг хонасига чақиришди. Ўт ланғиллаб ёнарди, каминда бир уюм момиқдек кул қорайиб турарди, чамаси ёндирилган қоғозларнинг қолдиғи бўлса керак. Каминнинг ёнида қопқоғи очиқ бўм-бўш қутича ётарди. Унга кўзим тушиши билан беихтиёр сесканиб кетдим, нега десангиз, қопқоқнинг ичкари томонида худди конвертдагига ўхшаган учта «К» ҳарфини кўрдим.
«Васиятнома ёзилаётганида гувоҳ бўлишингни истайман, Жон, — деди амаким. —Мен моликонамни укамга, сенинг отангга қолдираман, ундан, шубҳасиз, сенга ўтади. Агар сен уни бамайлихотир тасарруф қилиб турсанг, жойида бўларди! Борди-ю, бунинг иложи йўқлигига кўзинг етса, унда сенга маслаҳатим шуки, болагинам, моликонани энг ашаддий душманингга бер. Сенга шундай гумонли мерос қолдираётганимга ғоят ачинаман, аммо ишлар қай тарзда тус олишини билмайман. Илтимос қиламан, қоғознинг мистер Фордхэм кўрсатган жойига қўл қўй».
Мен қоғозга буйруқ қилганидек қўл қўйдим, адвокат уни ола кетди. Бу ғалати ҳодиса, тушуниб тургандирсиз, менга жуда чуқур таъсир қилдики, жумбоқнинг жавобини топишга тиришиб яккаш шу ҳақда ўйлайдиган бўлиб қолдим. Мен ваҳимали безовта бир туйғудан қутулолмасдим, зотан вақт ўтиши билан у туйғу заифлаша борарди, ҳаётимизнинг одати маромига ҳам ҳеч нарса халал бермасди. Бироқ мен амакимда юз бераётган ўзгаришни пайқадим. У аввалгидан кўпроқ ичадиган, яна ҳам одамовироқ бўлиб қолди. Аксар вақт эшикни қулфлаб олганча хонасида ўтирар, аммо баъзида қандайдир маст-аласт важоҳатда уйдан отилиб чиқарди-да, қўлида тўппонча ушлаган кўйи, «ҳеч кимдан қўрқмайман, инсонига ҳам, иблисига ҳам мени қўрадаги қўйдек қамаб, қамоқда ушлашига изн бормайман!» деб қичқирганча боғ бўйлаб югуришга тушарди. Бироқ ана шундай жазавалардан кейин яна хонасига кириб, телбаларча ваҳимага дучор бўлган одамдек эшикни қулфлаганча қамалиб оларди. Яна шуниси борки, ҳатто салқин кунларда ҳам юзи худди тоғорадаги сувга пишиб олингандек ялтираб турарди.
Бу воқеани тезроқ тугатиш, сизнинг сабрингизни суиистеъмол қилмаслик учун шуни илова этаманки, амаким бир кун кечаси одатдаги маст-аластликларидек жазаваси тутиб чиқиб кетди-да, шу кўйи қайтиб келмади. Биз уни қидиргани чиқиб, боғ этагидаги пўпанак босган ҳовузчадан топдик. У муккасидан тушиб ётарди. Баданида ҳеч қандай зўрлик асарини учратмадик, ҳовузнинг чуқурлиги эса икки футча ҳам келмасди. Шунга кўра суд маслаҳатчилари амакимнинг тентакона феълини кўзда тутиб ўлимининг сабабини, ўзига суиқасд қилган деб топдилар. Аммо мен билардимки, у ўлимни хаёлига келтиришдан ҳам қўрқарди, онгли равишда жонига қасд қилганига ўзимни ҳеч ишонтиролмасдим. Ҳар қалай, иш шу билан барҳам топди-да, отам унинг моликонаси билан банкдаги жорий ҳисобда турган ўн тўрт минг фунт пулини ўз тасарруфига олди…
— Кечирасиз, — деб унинг сўзини бўлди Холмс. — Сизнинг берган маълумотингиз ўта даражада қизиқ. Мумкин бўлса, амакингиз хатни олган сана билан унинг фараз қилинган суиқасди санасини айтиб берсангиз.
— Хат 1883 йилнинг мартида келган эди. Амаким етти ҳафтадан кейин, иккинчи майга ўтар кечаси ўлди.
— Ташаккур. Марҳамат, давом эттиринг.
— Отам Хоршем моликонасини тасарруфига олган пайтиданоқ менинг қистовим билан — чортоқни синчиклаб кўздан кечирди. Биз у ердан мис қутича топдик. Ичидаги бор нарса йўқотилган эди. Қопқоғининг ички томонида учта «К» ҳарфи бор, пастига: «Хатлар, қайдлар, тилхатлар ва реестр» сўзлари ёзилган қоғоз ёпиштирилган эди. Бизнинг тахминимизча, бу сўзлар полковник Опеншо йўқ қилиб ташлаган қоғозларнинг мазмунини билдирса керак. Бундан ташқари, амаким Америкада яшаган вақтларга мансуб пароканда қоғозлар билан ён-дафтарларни айтмаганда, чортоқда биронта ҳам аҳамиятга молик нарса йўқ эди. Улар баъзилари уруш даврига тегишли бўлиб, амаким ўз бурчини яхши адо этгани, жасур солдат сифатида донг чиқарганидан шоҳидлик берарди. Бошқа қоғозлар Жанубий штатларни қайта қуриш даврига хос, аскар сиёсатга тааллуқли, негаки, чамаси, амаким шимолдан жўнатилган сиёсий арбоблар — «саквояжчилар»га қарши оппозицияда катта ўрин тутган бўлса керак.
Шундай қилиб, 1884 йилнинг бошларида Хоршемга келиб ўрнашди, 1885 йилнинг январигача ҳамма ишлар ажабтовургина кетаётган эди. Тўртинчи январь куни нонушта қилиб ўтирганимизда отам дафъатан ҳайратдан қичқириб юборди. Бир қўлида ҳозиргина очилган конвертни ушлаб турар, иккинчи қўлининг кафтида беш дона қуруқ апельсин уруғи ётар эди. У доимо, ўз таъбири билан айтганда, менинг полковник ҳақидаги уйдирмаларимдан куларди, энди эса ўзи ҳам шундай хат олгач, ғоят ҳайратланиб, ташвишга тушиб қолди.
«Бу нима бўлиши мумкин, Жон?» — деди у ғўлдираганча.
Менинг юрагим орзиқиб кетди…
«Учта «К» ҳарфи бўлиши керак», — деб жавоб бердим мен.
Отам конвертнинг ичига қаради.
«Ҳа, худди ўша ҳарфлар! — деб қичқириб юборди у. — Лекин тепасига нималардир деб ёзилган».
«Қоғозларни қуёш соатига олиб чиқиб қўйинг», деган сўзларни ўқидим, унинг елкаси оша қарарканман.
«Қандай қоғозлар? Қандай қуёш соати?» деб сўради у.
«Боғдаги қуёш соати, бу ерда бошқа ундай соат йўқ. Айтилган қоғозлар, ўша, куйдириб юборилган қоғозлар бўлса керак».
«Жин урсин! — деди у, ўзини ўнглаб олиб. — Биз бир маданий мамлакатда яшасак. Бунақа тутуруқсиз нарсаларга ўрин бўлмаслиги керак. Хат қаердан келган экан?»
«Дапдидан», деб жавоб бердим мен, почта маркасига қараб олгач.
«Битта-яримтанинг бемаъни ҳазилидир, — деди у. — Аллақаёқдаги қуёш соати билан аллақандай қоғозларнинг менга нима даҳли бор? Ҳар хил бемаъни бало-баттарларга эътибор бериш шартми?»
«Мен полицияга маълум қилардим», дедим мен.
«Мени кулги қилишсинми? Ўлсам ҳам ундай қилмайман».
«Бўлмаса, рухсат беринг, мен хабар қилай».
«Мутлақо ундай қила кўрма. Беҳуда бир нарсага шов-шув кўтарилишини хоҳламайман».
Отамга гап уқтириш фойдасиз: у жуда ўжар эди. Мени машаққатли ташвишлар чулғаб олди.
Хатни олганининг учинчи куни отам Портсдаун-Хилли истеҳкомларидан бирига қўмондонлик қилувчи майор Фрибоди деган қадрдон дўстини кўргани кетди. Кетганидан хурсанд эдим: уйда бўлмаса хатардан холироқ бўлади, деб ўйлаган эдим. Бироқ янглишган эканман. Отам кетгандан икки кун ўтгач, майордан дарҳол етиб боришимни илтимос қилган телеграмма олдим. Отам ўша ердаги кўпдан-кўп чуқур бўр конларидан бирига қулаб тушибди. У калласи мажақланган ҳолда беҳуш ётган экан. Ошиққанча тепасига етиб борсам, ҳушига келмай ўлиб қолибди. Афтидан, у Фэремдан қош қорайганда қайтиб келаётган бўлган, ўша жойлар унга таниш бўлмаганлиги, бўр конлари мутлақо иҳоталанмаганлиги учун терговчилар иккиланиб ўтирмасдан: «Ўлим бахтсиз ҳодиса оқибатида юз берган», деб ҳукм чиқарганлар.
Мен унинг ўлимининг ҳамма жиҳатларини синчиклаб ўрганиб чиқдим, аммо суиқасддан белги берадиган бирон нарса тополмадим. Отамни тунашмаган, танасида ҳеч қандай зўрлик аломатлари йўқ, терговчилар ҳеч қандай излар топмаган, йўлларда ҳеч қандай шубҳалц шахслар учрамаган. Тинчимни йўқотганимни, отамни тузоққа илинтирганларига амин бўлганимни гапириб ўтиришим шарт эмасдир.
Ана шундай қайғули вазиятда ворислик ҳуқуқига молик бўлдим. Нега меросдан воз кеча қолмадингиз, деб сўрарсиз мендан. Жавоб бераман: бизнинг бошимизга тушган барча бахтсизликлар амакимнинг ҳаётида аллақачонлар юз берган воқеалар қандайдир йўллар билан боғлиқ, хавф-хатар мен қаерда бўлсам ҳам таҳдид солади, деган ишонч ҳосил қилган эдим.
Шўрлик отам 85-йилнинг январида қазо қилган бўлса, ўшандан буён икки йилу саккиз ой вақт ўтди. Ана шу вақт мобайнида мен Хоршемда осойишта яшаб келдим, яқин аждодларимизнинг ҳалокатидан кейин бу лаънат тавқи энди хонадонимизга ортиқ таҳдид солмайди, деб умид қила бошлаган эдим. Бироқ барвақтроқ хотиржам бўлган эканман: кеча эрталаб менинг бошимга ҳам отамнинг бошига тушган фалокат тушди.
Йигит нимчасининг чўнтагидан ғижимланган конверт олди-да, столга ўгирилиб, унга бешта қуриган апельсин уруғини ағдарди.
— Мана конверти, — деди у. — Почта муҳрида шарқий Лондон кўрсатилган. Ичида отам олган хатдаги ўша-ўша ёзув: учта «К» ҳарфи билан «Қоғозларни қуёш соатига қўйинг», деган сўзлар қайд этилган.
— Сиз нима тадбир кўрдингиз? — деб сўради Холмс.
— Ҳеч нима.
— Ҳеч нима дейсизми?
— Ростини айтсам, — деди у, оппоқ нафис қўллари билан юзини яшириб, — мен ўзимни олдига илон ўрмалаб келаётган ожиз, аянчли қуёндек ҳис қилдим. Назаримда, менга ҳеч қандай эҳтиёткорлик бас келолмайдиган аллақандай машъум қисмат таҳдид солиб турганга ўхшайди.
— Нималар деяпсиз?! — деб юборди Шерлок Холмс. — Ҳаракат қилиш керак, акс ҳолда ҳалок бўласиз. Кескин чораларгина жонингизга ора кириши мумкин. Умидсизликка берилиш ўринсиз.
— Мен полицияга маълум қилдим.
— Хўш, нима бўлди?
— Инспектор менинг сўзларимни илжайганча эшитди. Аминманки, бу хатларни у, кимнингдир аччиқ ҳазили, амакиму отамнинг ўлимини, терговчилар қайд этганидек, бу огоҳлантиришларга ҳеч бир дахли йўқ бахтсиз ҳодиса туфайли юз берган, деб ўйласа керак.
Холмс муштларини силкитди.
— Ақл бовар қилмайдиган галварслик! — деб юборди у.
— Дарвоқе, менга бир полициячини пойлоқчи қилиб беришди, у менинг уйимда узлуксиз навбатчилик қилиб турибди.
— Ҳозир у сиз билан бирга келдими?
— Йўқ, унга уйда бўлиш буюрилган.
Холмс яна муштларннн силкитди.
— Ҳамонки менга келадиган экансиз, нега дарҳол кела қолмадингиз? — деб сўради у.
— Билмабман… Хавотирларимни шу бугунгина майор Прендергастга айтган эдим, у сизга мурожаат этишимни маслаҳат берди.
— Ахир хатни олганингизга икки кун бўлибди. Нега энди дарҳол ҳаракатга тушмадингиз. Бизга айтган маълумотларингиздан қандай бўлмасин яна бошқа маълумотларингиз борми? Бизга ёрдам бериши мумкин бўлган қандайдир муҳим тафсилотларингиз борми?
— Бир нарса бор, — деди Жон Опеншо. У чўнтагини титкилаб бир варақ рангсизланган мовий қоғоз олди-да, уни столга қўйди. — Эсимда бор, амаким ҳужжатларни ёққан куни куллар орасида ётган, куймай қолган қоғоз четлари шу рангда эди. Бу қоғозни мен амакимнинг хонасида ердан топиб олган эдим. Чамаси, бир четга учиб тушгану шу тариқа бутун қолган. Мен бу қоғозда уруғларнинг эслатилишидан ташқари бизга ёрдам бериши мумкин бўлган ҳеч бир нарса кўрмадим. Уйлайманки, бу қандайдир кундаликнинг бир варағи бўлса керак. Дастхат, шубҳасиз, амакимники.
Холмс чироқни берироққа сурди, икковимиз ҳам эгилиб, қоғозга тикилдик. Четларининг текис эмаслигига қараганда у ёндафтардан йиртиб олинган бўлиши керак. Юқорисида: «1869 йил, март» деган ёзув, пастида қуйидаги сирли сўзлар қанд этилган эди:
«4-да. Гудзон келди. Эътиқодлари ўша-ўша.
7-да. Уруғлар Мак-Коули, Парамор ва Сент-Огастиндаги Жон Свейнга жўнатилди.
9-да. Мак-Коули даф бўлди.
10-да. Жон Свейн даф бўлди.
12-да. Параморникида бўлдик. Ишлар жо-бажо».
— Ташаккур айтаман, — деди Холмс, қоғозни буклаб меҳмонимизга қайтараркан. — Энди бир дақиқа вақтни ҳам бой бериб бўлмайди. Биз ҳатто сиз менга айтиб берган нарсаларни муҳокама қилишга ҳам вақт сарф қила олмаймиз. Сиз дарҳол уйингизга қайтиб бориб, ишга киришишингиз керак.
— Мен нима қилишим керак?
— Дарҳол бир иш қилишингиз керак. Бизга кўрсатган қоғозингиз билан таърифлаган мис қутичангизни ўша жойга олиб бориб қўйинг. Қолган қоғозларни амакингиз куйдириб юборганини, шу бир варағигина қолганини айтиб, мактубча ёзинг-да, уни ҳам илова қилинг. Буни мумкин қадар ишонарли қилиб қайд этинг. Шундан кейин қутичани амр қилганидек, дарҳол қуёш соатига олиб бориб қўйинг. Тушундингизми?
— Мутлақо.
— Ҳозир қасос ёки шунга ўхшаган нарса тўғрисида хаёл қила кўрманг. Ўйлайманки, жиноятчиларни қонуний йўл билан жазолаш мумкин бўлар: ахир ҳали биз тузоқ қўйишимиз керак, ҳолбуки улар тузоқни аллақачон қўйиб қўйишибди. Аввало сизга таҳдид солаётган хавфнинг олдини олиш, ана ундан кейингина сирни очиб айбдорларни жазолаш керак бўлади.
— Ташаккур айтаман сизга, — деди-да, йигит ўрнидан туриб плашчини кия бошлади. — Сиз менга жон киритдингиз, умид бағишладингиз. Сизнинг маслаҳатингиз билан иш кўраман.
— Бир дақиқа ҳам вақтни бой берманг. Энг муҳими, эҳтиёт бўлинг, шубҳа йўқки, сизга даҳшатли хавф таҳдид солиб турибди. Сиз уйингизга қандай кетасиз?
— Поездда, Ватерлоо вокзалидан.
— Ҳозир соат ўн бўлганича ҳам йўқ. Кўчалар гавжум, хуллас, умид қиламанки, хатардан холи бўласиз. Аммо, ҳар қалай, огоҳ бўлинг.
— Қуролим бор.
— Буниси яхши. Эртага сизнинг ишингизга киришаман.
— Демак, мен сизни Хоршемда кўрар эканман-да?
— Иўқ, ишингизнинг ипининг учи Лондонда. Мен унн шу ердан қидираман.
— Ундай бўлса, мен сизнинг олдингизга икки кундан кейин келиб қутича билан қоғозлар нима бўлганини айтаман. Маслаҳатларингизга тўла-тўкис амал қиламан.
У қўл бериб хайрлашганча чиқиб кетди.
Шамол боягисидек увиллар, ёмғир деразаларга келиб урилар эди. Бу ғалати, мудҳиш ҳикояни телбаланган бўрон дилга солгандек, у бизга довул олиб келадиган денгиз ўлани сингари келиб қолгандек туюларди.
Шерлок Холмс бир қанча вақт бошини қуйи солиб, каминдаги ланғиллаган алангага тикилганча индамай ўтирди. Кейин трубкасини тутатиб, креслога орқа ташлаган кўйи шифт остида биланглаётган мовий тутун ҳалқаларини кузата бошлади.
— Ўйлашимча, Уотсон, биз ҳали бундай ақл бовар қилмайдиган ишни кўрмаган эканмиз, — деди у ниҳоят.
— Эҳтимол, агар «Тўртлар белгиси»ни ҳисобга олмасак.
— Ҳа, шундай… Ҳар қалай, назаримда, бу Жон Опеншога Шолтога қараганда каттароқ хавф таҳдид солиб турибди.
— Сиз бу хавф ҳақида бирон тасаввур пайдо қилдингизми?
— Бу ҳақда икки хил фикр бўлишига ўрин йўқ, — деб жавоб берди у.
— Жумбоқ нимада бўлмаса? Ўша «К. К. К.» киму у нега бу бахтсиз хонадонни таъқиб қилади?
Шерлок Холмс кўзларини юмиб, креслонинг суянчиқларига таянди-да, бармоқларининг учларини чирмаштирди.
— Комил мутафаккир, — деб уқтирди у, — ягона фактни ҳар томондан мушоҳада этаркан, уни юзага келтирган барча воқеалар силсиласинигина эмас, шунингдек ундан келиб чиқадиган барча оқибатларни ҳам кўздан кечира билади. Кювье ҳайвоннинг бир суягига қараб уни тўлалигича тўғри тасвирлаб бера олганидек, воқеалар силсиласидаги бир бўғинни тўла-тўкис ўрганган кузатувчи барча бўғинларни, олдингиларини ҳам, кейингиларини ҳам аниқ белгилаб беришга қодир бўлиши керак. Биз ҳали онг билангина идрок этиш мумкин бўлган кўп нарсаларни тушуниб етганимиз йўқ. Мулоҳаза юритиш воситасида ечиш учун ўз туйғуларига суяниб йўл қидирганларнинг барчасини танг қилиб қўйган масалаларни ҳам ҳал қилиш мумкин. Бироқ бу санъатни камолига етказиш учун мутафаккир ўзига маълум бўлган фактларнинг барчасидан фойдалана олиш имкониятига эга бўлиши керак, бу эса табиий равишда сиз бемалол ишонч ҳосил қилишингиз мумкин, фаннинг барча соҳаларидан тўла-тўкис билимга эга бўлишни тақозо этади, ана шу нарса эса ҳатто бизнинг қомуслар ва бепул маълумот ола билиш замонамизда ҳам ғоят камёб фазилатдир. Ўз фаолияти учун фойдаси тегиши мумкин бўлган нарсаларнинг барчасини ўрганган одамни тасаввур этиш осонроқ, мен ўзим худди шу нарсага интилиб келдим. Агар хотирам ёзиқ бўлмаса, дўстлигимизнинг дастлабки кунларида сиз менинг билимларимнинг чегараларини аниқ белгилаб берган эдингиз.
— Ҳа, қизиқ ҳужжат эди, — дедим кулиб юбориб. — Эсингиздами, сизнинг фалсафа, астрономия, сиёсат бўйича маълумотларингиз нолга тенг эди. Ботаникадан хабардорлигингиз чалакам-чатти геологиядан чуқур, негаки, иш Лондондан эллик миля наридаги айланада жойлашган ҳар бир жойда сачраган лой изига бориб тақалади: химиядан билимингиз ғаройиб, анатомиядан — пойма-пой; жиноят ва суд хроникасидан — беқиёс. Бундан ташқари унда сизнинг скрипкачи, боксчи, қиличбоз, адвокат, ашаддий кокаинчи, кашанда эканлигингиз айтилган эди. Анализимнинг асосий моддалари шулардан иборат эди.
Сўнгги модда Холмснинг кулгисини қистатди.
— Нима дердим, ҳозир ҳам ўшанда айтган гапларимни айтаман, одам мияси томининг тагига ўзига керак бўладиган барча нарсани жойлаштириши, қолган қақир-қуқурни эса керак бўлиб қолган тақдирда, ҳамиша қўли остида бўлиши учун кутубхонаси ёнидаги ҳужрага тахлаб қўйиши керак. Бизга бугун кечқурун таклиф этилган иш учун, албатта, биз барча заҳираларимизни жалб этишимиз лозим. Илтимос, Америка қомусининг «К» ҳарфига доир жилдини олиб беринг-чи. У ёнингиздаги рафда турибди. Ташаккур сизга. Энди барча тафсилотларни муҳокама қиламиз, кўрайлик-чи, улардан қандай хулоса чиқариш мумкин экан. Энг аввало, мутлақо ажаб эмаски, полковник Опеншо Американи тарк этиш учун жуда жиддий сабабларга эга бўлган бўлса. Унинг ёшидаги одамлар барча одатларига хилоф қилишга, Англиянинг авлоқдаги шаҳарчасида узлатнишин ҳаёт кечириш учун Флориданинг ғаройиб иқлимидан ихтиёрий равишда воз кечишга мойил бўлмайдилар. Унинг Англияда танҳо яшашга бўлган ўтакетган ўчлиги, у кимдандир ёки нимадандир қўрққан, деган фикрни туғдиради, бииобарин, биз шундай амалий фаразга суянишимиз мумкинки, у худди кимдандир ёки нимадандир қўрққани туфайли Америкадан қочишга мажбур бўлган. Унинг хусусан нимадан қўрққанлиги тўғрисида биз у билан ворислари олган машъум хатларга қараб муҳокама юритишимиз мумкин. Бу хатларга қандай маркалар ёпиштирилганини пайқадингизми?
— Биринчи хат Пондишеридан, иккинчиси — Дандидан, учинчиси Лондондан.
— Лондоннинг шарқий қисмидан! Сиз бундан қандай хулоса чиқардингиз?
— Буларнинг ҳаммаси денгиз портлари. Афтидан, жўнатувчи кемада бўлган бўлиши керак.
— Жойида. Энди жумбоқнинг калити қўлимизда. Ажаб эмас, мутлақо ажаб эмаски, жўнатувчи кемада бўлган бўлса. Энди яна бир нуқтани кўздан кечирайлик. Хат Пондишеридан жўнатилганида таҳдид билан унинг амалга оширилиши орасида етти ҳафта ўтган: хат Дандидан жўнатилганида эса атиги уч-тўрт кунгина ўтган. Бу сизда бирон фикр туғдирмайдими?
— Биринчи ҳолда катта масофани босиб ўтиш керак бўлган.
— Ахир хат ҳам катта масофани босиб ўтиши керак бўлган-ку.
— Унда тушунмадим.
— Тахмин қилишга тўғри келадики, ўша одам ёки ўша одамлар тушган кема елканли бўлиши керак. Назаримда улар ўзларннинг ғалати огоҳлантиришлари ёки белгиларини доимо мақсадларини амалга оширгани йўлга чиқишларидан олдин жўнатиб келганга ўхшайдилар. Дандндан жўнатилган белгидан кейин иш қандай тезлик билан амалга оширилганини кўрдингизми? Агар улар Пондишеридан буғ кемасида йўлга чиққан бўлсалар, улар қарийб хат билан бир вақтда етиб келган бўлар эдилар. Аслида эса етти ҳафта ўтган. Ўйлайманки, етти ҳафта вақт хатни олиб келган почта буғ кемасининг тезлиги билан хат эгасини олиб келган елканли кеманинг тезлиги орасидаги тафовутни билдиради.
— Шундай бўлиши мумкин.
— Бугина эмас. Турган гап. Энди кўрдингизми ишни пайсалга солиб бўлмаслигини, ёш Опеншога нима учун эҳтиёт бўлиши кераклигини тайинлаганимни ҳам тушунгандирсиз. Ҳалокат ҳар гал хатни жўнатувчилар елканли кемада етиб келишлари керак бўлган муддатнинг охирида юз берган. Аммо бу хат эса Лондондан жўнатилган, шунга кўра биз муддатнинг кечиктирилишига умид боғлаёлмаймиз.
— Ё раббий! — деб юбордим мен. — Бу шафқатсиз таъқиб нима бўлди экан?
— Афтидан бир вақтлар Опеншо олиб келган қоғозлар елканли кемадаги одам ёки одамлар учун ғоятда муҳим аҳамиятга эга бўлиши керак. Мутлақо аниқки, у кемада ёлғиз ўзи эмас. Бир одам терговчиларни чалғитиш учун бу йўсинда икки суиқасдни амалга оширолмасди. Бу ишда, чамаси бир неча одам, шунда ҳам мудаббир, журъатли одамлар иштирок этган. Улар қоғозларини, кимнинг ихтиёрида бўлишига қарамай, қўлга киритишга қатъий аҳд қилганлар. Шундай қилиб, кўриб турибсиз, «К. К. К.» бир одамнинг атоқларига тегишли ҳарфлар эмас, бутун бошли жамиятнинг белгилари.
— Қандай жамиятнинг белгилари экан?
— Сиз ҳеч қачон ку-кулкс-клан ҳақида эшитганмисиз? — деди Холмс, мен томонга энгашиб шивирлаганча.
— Эшитмаганман.
Холмс тиззасида турган китобни варақлади.
— Бу ерда шундай дейилган: «Ку-клус-клан. Бу ном отишга тайёрланаётган милтиқ ўқдони дастасининг ўзига хос товушига ўхшаш оҳангга асосланган. Бу ваҳима солувчи махфий жамиятни жанубликлар армиясининг собиқ солдатлари Гражданлар урушидан кейин таъсис этган: тез орада турли штатларда, асосан Теннеси, Луизиана, Шимолий ва Жанубий Каролина, Жоржия ва Флоридада маҳаллий бўлимлари ташкил қилинган эди. Бу жамият негр сайловчиларни қўрқитиш, шунингдек, ўз қарашларига қарши бўлганларни ўлдириш ёки мамлакатдан ҳайдаб чиқариш каби сиёсий мақсадларни кўзда тутарди. Ку-клукс-клан аъзоларининг жиноятлари юз беришидан олдин одатда мўлжалга олинган шахсга ғалати, аммо маълум ва машҳур шаклда огоҳлантириш юборилар: у мамлакатнинг баъзи қисмларида япроқлари эман новдаси, бошқаларида эса қовун ёки апельсин уруғлари орқали ифода этилар эди. Ана шундай огоҳлантиришни олгач жабрдийда ё олдинги қарашларидан очиқчасига воз кечиши, ёки мамлакатни тарк этиши керак бўларди. Бордию кимда-ким огоҳлантиришга парво қилмаса, уни муқаррар ўлим кутар, одатда қандайдир ғалати ва кутилмаган тарзда ажали етар эди. Жамият шу қадар мукаммал ташкилийлиги ва шу қадар изчил методлари билан ажралиб турардики, огоҳлантиришга эътиборсиз қараган бирон одамнинг жазосиз қолишига муваффақ бўлгани ёки ёвузликнинг сабабчилари топилганига боғлиқ бирон тасодиф қайд этилмаган эди. Қўшма Штатлар ҳукумати ва Жануб аҳолиси энг яхши табақаларнинг тадбирларига қарамай ташкилот бир неча йил авж олиб турди. Ниҳоят, 1869 йили ҳаракат дафъатан тўхтаб қолди, зотан бу тариқа ҳодисаларнинг айрим кўринишлари кейинчалик ҳам рўй бериб турди».
— Эътибор беринг-а, — деди Холмс, қомус жилдини четга қўятуриб, — жамият фаолиятининг дафъатан тўхтаб қолиши Опеншонинг қоғозларини олиб Америкадан чиқиб кетган вақтига тўғри келаётибди. Бу сабаб ва оқибат бўлиши мумкинлиги турган гап. Опеншо билан унинг хонадонидагиларни жамиятнинг энг муросасиз аъзолари таъқиб қилаётганига таажжубланмаса ҳам бўлади. Биласизми, бу қайдлар билан кундаликлар Жанубдаги атоқли арбобларга иснод келтириши мумкин, кўплар ана шу қоғозларни қўлга киритмагунча тинч ётиб ухлаёлмайдилар.
— Демак, биз кўрган варақ…
— Айнан кутилган нарсанинг ўзи. Агар хотиржам ёзиқ бўлмаса, унда: «А, Б ва Вга уруғлар жўнатилди», деган ёзув бор эди, демак ўша одамларга жамиятнинг огоҳлантиришннн жўнатганлар. Кейин ёзувларда А. ва Б. даф бўлганликлари, яъни мамлакатни тарк этганликлари ва ниҳоят В. никида бўлганликлари айтилади. Қўрқаманки, бу В. учун ёмон тугамадимикан? Ўйлайманки, доктор, биз бу қоронғи ишни унча-мунча ёритишга муваффақ бўламиз, қолаверса ёш Опеншо учун бирдан-бир нажот йўли — мен берган маслаҳатга кўра иш тутиш. Бугун биз бундан ортиқ ҳеч нарса деёлмаймиз ҳам, бирон иш қилолмаймиз ҳам. Менга скрипкамни олиб беринг, ярим соатгина бўлса ҳам бу расво об-ҳавони яқинларимизнинг ундан ҳам расвороқ хатти-ҳаракатларини унутишга уриниб кўрамиз.
Эрталабга бориб бўрон тинди, Лондон узра тушиб турган туман пардаси орқали қуёш ғира-шира нур тўкарди. Мен пастга тушсам, Шерлок Холмс нонушта қилиб бўлган экан.
— Кечирасиз сизни кутиб ўтирмаганим учун, — деди у. — Назаримда ёш Опеншонинг иши билан анча овора бўладиганга ўхшайман.
— Сиз нима тадбир кўрмоқчисиз?— деб сўрадим мен.
— Бу анчагина дастлабки текширишларим нима беришига боғлиқ. Эҳтимолки, Хоршемга бориб келишимга тўғри келар.
— Ишни ана шу сафардан бошламоқчимасмисиз?
— Йўқ, Ситидан бошлайман. Қўнғироқ чалинг, хизматкор сизга қаҳва олиб келади.
Қаҳва келишини кутганча мен столдаги газетани олиб, наридан-бери кўздан кечира бошладим. Бир сарлавҳага кўзим тушиши билан юрагим шувиллаб кетди.
— Холмс, — деб юбордим мен, — сиз кеч қолибсиз!
— Ҳа-а! — деди у, чиноёқни четга қўяркан. — Мен шундан хавотир олган эдим. Бу қандай юз берибди?— У хотиржам гапирарди, аммо мен унинг чуқур ҳаяжонланганини кўриб турардим.
— Мен Опеншонинг номи билан «Ватерлоо кўприги яқинидаги фожиа» деган сарлавҳани кўриб қолдим. Бу ерда шундай дейилган:
«Кеча кечқурунги тўққиз билан ўн орасида Ватерлоо кўприги яқинида навбатчилик қилаётган констебль Кук ёрдам сўраб додлаган овоз билан сувнинг шалоплаганини эшитган. Тун қоп-қоронғи ва бўронли бўлгани учун, ўткинчилардан бир нечасининг ёрдамига қарамай, чўкаётган кимсани қутқариб қолиш мумкин бўлмаган. Лекин барибир констебль шовқин кўтаргач, дарё полициясининг кўмагида жасад топиб олинган. Ғарқ бўлган — чўнтагидан чиққан конвертга қараганда Хоршем яқинида яшаган Жон Опеншо деган йигит экан. Тахмин қилишларича, у Ватерлоо вокзалидан жўнаётган охирги поездга ошиққан, тун ниҳоятда қоронғи бўлганн учун шошилишда йўлдан адашиб кетган-да, дарё кемачилигининг кичик бандаргоҳларидан бирида тойиб кетиб сувга қулаган. Танасида зўрлик белгилари учратилмаган, бинобарин марҳумнинг бахтсиз ҳодиса қурбони бўлганига ҳеч қандай шубҳа йўқки, мазкур ҳол дарё бандаргоҳларининг аҳволига маъмурларнинг диққатини тортиши керак».
Биз бир неча дақиқа чурқ этмай ўтирдик. Мен Холмсни ҳеч қачон бундай ларзага тушган, эзилган ҳолда кўрмаган эдим.
— Бу менинг иззати нафсимга қаттиқ тегди, — деди у ниҳоят. —Шубҳасиз, бу — унча зўр туйғу эмасу, аммо бу менинг иззати нафсимга қаттиқ тегди. Энди Опеншонинг иши менинг шахсий ишим бўлиб қолади, агар худо менга саломатлик берса, бунинг тагига етмай қўймайман. У менга мадад тилаб келган бўлса-да, мен уни ажалга рўпара қилсам!
У стулдан сапчиб туриб, узун-узун, нозик бармоқларини асабий ғижимлай-ғижимлай, даҳшатли ҳаяжон чулғаган кўйи хона бўйлаб юра бошлади. Рангпар юзи ловулларди.
— Айёр иблисларни қаранг! — дея қичқириб юборди у ниҳоят. — Улар уни уёққа, пастга, дарё бўйнга олиб тушишга қандай муваффақ бўлди эканлар? Қирғоқ станцияга олиб борадиган йўлга бутунлай терс. Кўприк эса, албатта, ҳатто шундай оқшомда ҳам жуда гавжум бўлган. Бироқ кўрамиз, оқибат ким енгиб чиқар экан. Мен кетдим.
— Полициягами?
— Йўқ, мен ўзим полиция бўламан. Мен ўргимчак инидан тузоқ қўйганимда полиция унда пашша тута қолсин.
Мен кун бўйи ўзимнинг тиббий машғулотларим билан банд бўлиб, кеч киргач алламаҳалда келдим. Шерлок Холмс ҳали келмаган экан. У ҳориб-чарчаб, бўзарган ҳолда кириб келганида соат ўнларга бориб қолган эди. У буфетнинг олдига бориб, бир бурда нон синдириб олди-да, ютоқиб кавшай бошлади, ора-сира катта-катта қултумлаб сув ичарди.
— Очиқдингизми? — дедим мен.
— Очимдан ўлай дедим. Овқатланиш эсимдан чиқиб кетибди. Нонуштадан бери туз тотганим йўқ.
— Нима деяпсиз?
— Туз тотмадим. Бу хаёлимга ҳам келмади.
— Ишларингиз қалай?
— Жойида.
— Жумбоқнинг калитини топдингизми?
— Жиноятчилар чангалимда турибди. Ёш Опеншонинг қасоси олинадиган вақт узоққа чўзилмайди. Биласизми, Уотсон, келинг, бу иблисларнинг ўз тамғалари билан лаънатлайлик! Чакки топилмабдими, а?
— Нима демоқчисиз?
У буфетдан апельсин олиб, паллачаларга ажратди-да, уруғларини столга ситиб туширди. Бешта уруғни конвертга солиб, қопқоғининг ички томонига: «Ш. X. Д. О. учун» деб қайд этгач, конвертни ёпиштирди-да, «Капитан Жеймс Кэлхунга, «Ёлғиз юлдуз» елканли кемаси, Саванна, Жоржия» деган адресни ёзди.
— Хат Кэлхунни у портга кириб келганида кутиб турган бўлади, — деди заҳарханда билан. — Ўйлайманкн, у кечаси билан ухлаёлмай чиқади. Хат унинг қисматини худди Опеншонннг қисматидек олдиндан бехато айтиб беради.
— Капитан Кэлхун ким ўзи?
— Бутун шайканинг етакчиси! Мен бошқаларини ҳам қидириб топаман, аммо у биринчи бўлади.
— Сиз уларни қандай топдингиз?
— У чўнтагидан саналар ва номлар билан тўлган каттакон бир варақ қоғоз олди.
— Мен кун бўйи вақтимни Ллойднинг картотекасию эски газета дасталарини кўздан кечириш билан ўтказдим. Пондишерида 83-йилнинг январи билан февралида бўлган кемаларнинг йўлларини ўргандим. Бу ойлар мобайнида салмоқли вазнга эга бўлган ўттиз олтита кема қайд этилган экан. Улардан «Ёлғиз юлдуз» дегани дарҳол диққатимнн тортди. Рост, унинг чиқиш жони Лондон эди, аммо Америка штатларидан бирини ҳам «Ёлғиз юлдуз» деб атайдилар-ку.
— Техасни бўлса керак.
— Шахсан қайсинисини эканлигини билмайман-у, ҳар қалай, бу Америка кемаси эканлигини пайқадим.
— Хўш, шундан кейин нима бўлди?
— Мен кемаларнинг Дандига келган-кетган саналарини кўздан кечирдим, «Ёлғиз юлдуз» елканли кемаси у ерда 85-йилнинг январида бўлганини кўрганимдан кейин гумонларим қатъий ишончга айланди. Шундан кейин мен ҳозирги вақтда Лондон портида турган кемалар ҳақида маълумотлар қидирдим.
— Нима бўлди?
— «Ёлғиз юлдуз» бу ерга ўтган ҳафтада келган экан. Мен Альберт докларига бордим. Билсам, «Ёлғиз юлдуз» бугун саҳарлаб Саваннага қайтиб кетиш учун дарёнинг этагига қараб йўлга тушган экан. Грейвсвендга телеграмма бериб аниқласам, «Ёлғиз юлдуз» у ердан бир неча соат илгари ўтиб кетган экан, шамол шарқдан эсаётганлиги учун, аминманки, у аллақачон Гудуиндан ўтиб, Уайт оролига яқинлашиб қолган бўлса керак.
— Энди нима қилмоқчисиз?
— О, Кэлхун энди менинг чангалимда турибди! Аниқладим, у билан иккита ёрдамчиси — кемадаги америкаликлар — шуларгина экан. Қолганлар финлар билан немислар экан. Шунисини ҳам билдимки, учаловлари ўтган куни туни бўйи қирғоқда бўлишибди. Буни менга «Ёлғиз юлдуз»га юк ортишда қатнашган одам айтди. Елканли кема Саваннага кириб боргунича почта буғ кемаси менинг хатимни етказди, телеграф эса Саванна полициясига бу уч жентльменнинг қотилликда айбланганликларига кўра уларни бу ерда сабрсизлик билан кутаётганликларини хабар қилдилар.
Бироқ инсонларнинг энг яхши режаларида доимо қандай бўлмасин бирон қусур чиқиб қоладики, Жон Опеншонинг қотилларига ҳам уларнинг ўзига ўхшаган қатъиятли кимса изларини топганини билдирувчи апельсин уруғларини олиш насиб бўлмади.
Ўша йили куз пўртаналари одатдагидан кўра давомлироқ бўлди. Биз Саваннадан «Ёлғиз юлдуз» ҳақида узоқ вақт хабар кутдик, аммо дарак бўлмади. Ниҳоят Атлантик океаннинг бир жойида қандайдир кеманинг ахтерштевани топилгани, унда «Ё. Ю.» ҳарфлари ўйиб ёзилганлиги ҳақида ахборот келди. Биз «Ёлғиз Юлдуз»нинг тақдири ҳақида шунигина билишга муяссар бўлдик.
Ваҳоб Рўзиматов таржимаси