Аркадий Аверченко. Пашша (ҳикоя)

1
Бир маҳбуснинг кундалигидан

Мана, ваниҳоят ёлғиз қолдим. Ё товба, бу қандай кўргулик, тиқ этган овоз йўқ, ҳатто бирорта жонли маҳлуқ ҳам. Кўзларимга ишонайман, шу қаршимдаги нима, девордаги? Ҳайрият қўзғоляпти, тирик. Бу қандай бахтиёрлик, бу қандай саодат!
Бу маҳал совуқ қамоқхона деворида оддий бир пашшага кўзим тушган эди. Митти маҳлуқ ожиз оёқларини боши узра ўтказган, омонатгина, маҳзунгина турарди.
Қадрдоним пашшавой! Ич-ичимдан аминман, сен менинг энг яқин дўстим бўласан, фақатгина сен бу совуқ хонадан мени исканжасига олаётган ёлғизликни ҳайдаб чиқарасан.
Бироқ, ичимда жуда оғир ҳасрат бор… Мабодо бу миттивой бу ерни ёқтирмасдан, қочиб кетмоқни ихтиёр қилсачи… Худо кўрсатмасин ишқилиб. Пашшавойнинг кўнглига йўл топишим керак, бирорта таом тайёрлайман яхшиси.
Овқатимдан қолган бир бўлак гўштни олиб, оғзимда эритдим ва стол устидаги қоғозга қўйдим. Аввалам бир қулоғимга чалинганди, билишимча, пашшалар гўштни хуш кўришармиш. Ўйларимни йиғиб, пашшавойнинг гўштни қандай тановвул қилишини кўришга ошиқдим.
Пашша эса қамоқхона узра айланиб учар, деворга, гоҳ-гоҳида кир ёстиғимга қўнар, тинмай визилларди. Бироқ мен унга тайёрлаб қўйган шоҳона таомни негадир кўрмасди.
Қадрдоним пашшавой! Бу тарафга бироз қарасанчи… Кароватимдан туриб, деворда мизғиётган пашшани стол тарафга қува бошладим: “Қўрқма эркавойим, қўрқма, ишон, мендан сенга ҳеч қандай зиён етмайди. Биласанми, биз иккимиз ҳам бир фалокатга йўлиққан дўстлармиз…”
Оо-о, ниҳоят пашша столга қўнди. Ўзимни тутолмай “Ош бўлсин қадрдоним, ош бўлсин!” дея бақириб юбордим.
Қамоқхона нимқоронғу ва жуда совуқ, ҳар тарафдан елвизак елар, қадрдоним пашшавой эса олдимдаги деворда ғалати кўринишда қотиб турарди: “Оҳ, наҳотки ўлиб қолган бўлсая? Йўқ-йўқ, ана, қимирлаяптику…”
Эшик тарафга юзланиб “Эй, қўриқчи, авваллари, ёлғизлигимда қаттиқ совуқ қотардим, аёз мени зир титратарди. Сиздан на бу ерни иситишни, на ўзга жойга кўчиришингизни сўраганман. Ҳозир вазият бошқа. Бизга олов беринг, бу ерни иситинг…”
Бирор одам менинг фарёдимни эшитмас, қамоқхона гўёки қулоқларини маҳкам ёпиб олганди.
Пашша деворда олдин қандай турган бўла ҳамон ўша вазиятда қотиб турарди. Қандай бахт, қайноқ чой билан тўлган чойнак келтириб беришди.
“Қадрдоним, оғринма, ҳозир сен ҳам исиниб оласан!”
Чойнакни секингина пашшага яқинлаштирдим. Қайноқ чойнинг буғлари тўғри пашша томонга йўналди. Пашша бир силкиндию оҳиста жойидан қўзғолди. Ниҳоят, Худога шукр…
“Қадрдоним, билиб қўй, биз бир-бировга ёрдам қўлини чўзишга мажбурмиз. Ҳи-ҳи-ҳи…”
Ўша кеч ухлай олмадим. Хаёлимни турфа хил ёмон ўйлар эгаллаб олди: “Тун пайти пашшавой учишни истаб қолиб, учса, сўнгра меним чорпоямга қўнса, мен эса билмасдан уни эзиб қўйсам… Ўз қадрдонингни эзиб ўлдирмоқ… Ё товба… Қандай ёмон хаёл… Йўқ, бундай бўлишига йўл қўймайман…”
Мойчироқни ёқиб, стол узра жойлаштирдим. Кўзларимни юммай, ётган еримда пашшани кузата бошладим. Ҳеч қиси йўқ, бу тун ухламайман, эртага кундузи ҳам ухлашга вақтим борку ҳар ҳолда…
Қандай фалокат! Қадрдонимнинг шифтдаги ўргимчак тўрига тушишига сал қолди. Бу тўр қаердан пайдо бўлди экан… Ахир бугунгача ўргимчак ёҳуҳ унинг тўрига кўзим тушмаганди. Бироқ, буни қарангки хонамда аввалдан мендан бошқа маҳлуқ ҳам бор экан. Бироз кўзим илинган экан, тўсатдан хонада қаттиқ визиллаган сас пайдо бўлди. Яна ёмон ўйлар оғушида ўрнимдан сакраб турдим. Қарасам, қадрдон пашшавойим ўргимча тўри ёнида қанот қоқяпти. Тунда тинчгина ётса бўлмайдими-а? Сал қолди ақлдан озардим.
“Қадрдоним, мен ҳам шундай бир тўр қурбониман. Сени ҳам шундай тўрда қурбон бўлишингни истармидим? Албатта йўқ…”
“Кишт-кишт”, қўлларимни тебратиб пашшани ҳайдай бошладим. Бироқ пашшани ҳуркитиб юбормаслик учун қўлимдан келганича пастроқ овозда бақирдим. Пашшавой мени кўрар-кўрмас қочишга уруниб, бирдан тўрга илакишиб қолди.
“Ё товбаей, қандай ақлсиз маҳлуқсан! Қилган ишингни қара…” Қўлим билан ўргимчак тўрини олиб ташлашга, қадрдонимни қутқаришга урундим.
Яна хаёлга берилдим: “Оҳҳ-ҳ… Ўзимга ўхшаган бирор яхши инсон келиб мени ҳам бу тўрдан қутқарсайди…”
Бугун ейиш-ичишимда маза йўқ. Фақатгина тахта чорпоямга узаниб, бир нуқтага тикилиб ётдим. Пашша изсиз йўқолганди. Учган, кетган, мени тарк этганди. Эгоист маҳлуқ! Нима бу ерда унга бирор зарар етибдими? Нима бу ерда унга мен қарамадимми, кўнглини олмадимми?

2
Пашшанинг кундалигидан

Тўғриси айтсам, мажбурликдан эмас, қизиққонлигим туфайли бу ерга келдим. Келар-келмас дарров катта хато қилганимни тушуниб етдим. Бу қанақа зерикарли ер бўлди-а?
Қамоқхонанинг совуқ деворларига эндигина қўнгандим. Тўсатдан менга тикилаётган бегона нигоҳлар билан тўқнашдим. Бу одам мендан нима истайди? Бу одам нега менга еб қўйгудай термулмоқда? Ёки, нима, мени асфаласофинга жўнатмоқни хоҳлаяптими?
Бўлди, тушундим. Бизга ҳаловат энди ҳаром. Майли, ҳеч бўлмаса хонада бироз учай, сўнгра бу аҳмоқнинг қўлидан қутуламан…
Бироқ, шуни ҳеч англолмаяпман: бу телбанинг мендан нима истаги бор?
Телба маҳбус кир-чир бўлиб ётган столга илжираб кетган бир бўлак гўштни қўйди, мени чорлади, боравермаганимдан кейин кафтларини бир-бирига уриб қувлашга тушди. Очиғини айтсам шу ёшга чиқиб бунақанги кулгули манзарани кўрмагандим. Кап-катта одам хонада у ёқдан бу ёққа зир чопяпти. Кулгидан ўзингни тўхтатиш мушкул. Бола бўлсаям майлийди, тушунса бўларди. Аммо кап-катта одам учун жуда нотабиий. Бошқа иложим йўқ. Қисмат шу. Столга қўниб у қўйган жирканч овқатдан тотинмоқ лозим.
Товба, бу аҳмоқ нега бақиряпти? Уялмайди ҳам. Катта одамлиги бир тарафу ҳурмача қилиқлари бир тараф.
Товба, бир дақиқаям тинчлик йўға? Эндигина кўзларим юмулиб, мудрашни бошлагандим хонадаги баланд овоздан ўрнимдан сакраб турдим. Телба маҳбус шовқин-сурон кўтарар, эшикни муштлаб узун-узун оҳ чекарди. Эшикни бузгудай муштлайвергани, бор овозида бақиравергани учун унга бир чойнак келтириб беришди. Ҳайронман, ярим кечада чойнакни бошига урадими. Ё товба, ўзи шу кам эди. Бу аҳмоқ чойнак қопқоғини очиб бурнимга қадар тиради денг, бу нимаси тентак?
Қўрқиб кутаётганим бошимга тушди. Маҳбус бир қанотимни куйдирди. Суриш керак бу ердан. Куйган қанот билан бўлсаям учиб кетишим шарт. Бу қанақа кулгули вазият, ё товба. Ундан қочишга уруниб учгандим, чой буғларини уфлаб ортимдан қолмай югуришга тушди.
Ташқарида зим-зиё қоронғулик ҳукм сурмоқда. Тун ярмидан оғган. Кўзларим юмулиш тараддудида, бироқ қандай ухлайман, имкони йўқ. Телба маҳбус лампасини ёқиб, мени кузатиб ўтирибди. Ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бор. Шунчалик чарчаган, шунчалик бу ердан безган бўлишимга қарамай бу аҳмоқнинг қўлидан қутулолмаслигимни билиб турардим. Албатта, бундай вазиятда ухлаш бир четда турсин, кўз юмишга ҳам ҳаққим йўқ. Тонг отса бўлди, телба маҳбус чойнаги билан яна ортимдан тушади.
Бирдан кўриб қолиб хона бурчагидаги ўргимчак тўрига яқинлашдим. Мақсадим ўргимчак кўпдан бери яшамаётган бу тўрни кўриш. Чучварани хом санабман. Ўргимчак тўрига яқин келар-келмасимдан телба маҳбус тўсатдан михга ўтирган одамдай ўрнидан турди. Баланд овозда бақириб, қўлларини ирғитиб нималардир деди. Мен қўрқиб кетдим тўғриси. Бироз ундан йироқлашаман дегандим, мувозанатимни йўқотиб тўрга илакишиб қолдим. У эса дод-фарёд солиб ёнимга келди. Мени тўр бағридан тортиб олишга урунди.
Тўхта! Аҳмоқ. Ўзим… бу ердан ўзим чиқа оламан. Қўйиб юбор… Юбор! Телба! Қанотимни узиб олдинг. Воҳ жоним… Қанотимни узиб олдинг, тентак. Воҳ… Оёғим… Оёғим…
Бўлди, бас. Бу нимаси ҳайвон?
Бу нима овоз? Ҳа, қўнғироқ овози экан. Тушлик пайти бўлди шекилли. Қандай бахт! Ҳозир эшик очилади, мен ҳам ташқарига учиб чиқаман. Урра!
Бунақа жойларга қайтиб қадам босаманми? Худо асрасин! Ҳеч қачон. Барча ҳамжинсларимга ҳам маслаҳатим шу:
Қадрдон пашшалар! Қамоқхоналардан узоқроқ юринг. Унақа жойларга билиб-билмай тушиб қолишдан сақланинг…

Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси