Антон Чехов. Хонимлар (ҳикоя)

Ўзини инсофли ва мурувватли киши, деб юрувчи Н. губернасидаги халқ мактабининг директори, Федор Петрович бир куни идорасида ўқитувчи Временскийни қабул қилди.
— Йўқ, жаноб Временский, — деди у, — истеъфо беришингиз зарур. Бу товушингиз билан ўқитувчилик қилиб бўлмайди. Ҳа, айтмоқчи, овозингиз нега бўғилиб қолди?
— Терлаб туриб муздек пиво ичган эдим.. — деб шивирлади ўқитувчи.
— Эсизгина! Ўн тўрт йил хизмат қилиб, бирдан шундай бўлиб қолса-я, киши! Арзимаган бир нарса билан бошқа ишга ўтишга тўғри келади. Энди нима иш қилмоқчисиз?
Ўқитувчи жавоб бермади.
— Оилангиз борми? — деб сўради директор.
— Хотиним ва иккита болам бор, жаноби олийлари… — деб шивирлади ўқитувчи.
Сукунат чўкди. Директор ўрнидан турди ва ҳаяжонланиб уйнинг у бошидан бу бошига юрди.
— Сизни нима қилишимга ақлим етмай қолди! — деди у. — Ўқитувчилик қилолмайсиз, пенсияга чиқишга вақт бор… нима бўлса бўлар, деб сизни бўшатиб юбориш, инсофдан эмас. Сиз бизнинг ўз одамимизсиз, ўн тўрт йил хизмат қилдингиз, демак, сизга ёрдам қилишимиз керак… Бироқ қандай ёрдам бера оламан? Сиз учун нима қила оламан? Ахир менинг аҳволимга ҳам тушунинг: мен сизга қандай ёрдам бера оламан.
Сукунат чўкди, директор юрар ва ҳамон ўйларди, ўз қайғуси бошидан ошган Временский ҳам, стулнинг бир четида омонатгина ўтириб, бу ҳам ўйлар эди. Бирдан директорнинг чеҳраси очилиб кетди ва ҳатто бармоқларини шиқиллатиб қўйди.
— Ҳайронман, қандай қилиб шу фикр илгарироқ эсимга келмапти! — деди бидирлаб у. — Биласизми, мен сизга нима таклиф қилмоқчиман… Келаси ҳафтада бизнинг етимхонамизнинг котиби ишдан бўшайди. Агар хоҳласангиз унинг ўрнига киринг! Мана сизга иш!
Бунчалик илтифотни кутмаган Временскийнинг ҳам чеҳраси очилиб кетди.
— Жуда соз! Шу бугуноқ ариза ёзинг… — деди директор!
Временскийни жўнатгандан кейин Федор Петрович анча енгил тортди ва дили ором топди: чунки шивилловчи ўқитувчининг камандек гавдаси ортиқ унинг қаршисида турмас, чунки Временскийга бўш ўринни таклиф қилиш билан яхши ва олижаноб одамга муносиб адолатли ҳамда виждонан иш қилгани ўзи учун ҳам кўнгилли эди. Аммо бу хурсандчилик узоқ давом этмади. У уйига келиб энди овқатланишга ўтирганда унинг хотини Настасья Ивановна тўсатдан эслаб қолди:
— Вой эсим қурсин-а, унутиб қўя ёзибман! Кеча менинг олдимга Нина Сергеевна келиб бир йигит ҳақида илтимос қилиб кетган эди. Эшитишимга қараганда бизнинг етимхонада бир хизмат ўрни бўшармиш…
— Ҳа, лекин бу жой аллақачон бировга ваъда қилиб қўйилган, — деди директор ва қовоғини солиб олди. — Ундан ташқари менинг одатим ўзингга маълум; мен ҳеч қачон ҳимоячи орқали иш бермайман.
— Биламан, лекин бундан Нина Сергеевнани истисно қилиш мумкин. У бизни худди бир туғишганидек яхши кўради, биз бўлсак унга ҳалигача бирор яхшилик қилган эмасмиз. Шунинг учун Федя, йўқ дея кўрма! Сен ўжарлигинг билан уни ҳам, мени ҳам хафа қиласан.
— У кимни тавсия қилади?
— Ползухинни.
— Қанақа Ползухинни? Анови янги йилдаги йиғилишда Чадкий ролини ўйнаганми? Анови олифта йигитми? Асло!
Директор овқат ҳам емай қолди.
— Асло! — деб такрорлади у, — Худо сақласин!
— Ҳа нега энди?
— Ахир, хотинжон, тушунгин, йигит киши тўғридан тўғри ўзи келмай, аёллар орқали ҳаракат қиларкан, унинг ярамаслиги шундан маълум! Нима учун унинг ўзи келиб менга учрамайди?
Овқатдан кейин директор ўз кабинетига кириб диванга ётди ва олинган газеталар ва хатларни ўқий бошлади.
«Азизим Федор Петрович! — деб ёзарди унга шаҳар бошлиғининг хотини. Сиз бир вақт мени кўнгилчанг ва отамларни яхши танийдиган хоним деб атаган эдингиз. Энди амалда текшириб кўрадиган пайтингиз келди. Якин кунларда сизнинг ҳузурингизга бизнинг етимхонада бўшайдиган котиб ўрнини сўраб менинг танишим Н. К. Ползухин деган йигит боради. Ёш, жуда ёқимли йигит. Унга ёрдам берганингиздан кейин ўзингиз ҳам бунга ишонасиз…» ва ҳоказо.
— Ҳеч бир! — деди директор. — Худо сақласин. Шундан кейин директор Ползухинни тавсия қилган мактубларни ҳар куни олиб турди. Кунлардан бир кун эрталаб тўладан келган, соқоллари қирилган қизил юзли, янги қора кастюм кийган олифта йигит Ползухининг ўзи кириб келди…
— Хизмат масаласида мен бу ерда эмас, идорамда қабул қиламан, — деди директор совуққина унинг илтимосини эшитиб бўлгач.
— Кечирасиз, жаноби олийлари, бизнинг умумий танишларимиз худди мана шу ерга келиб учрашишимни маслаҳат бердилар.
— Ҳм!.. — деб ғўнғиллади директор, унинг тумшуғи чўққайган пайафзалига нафрат билан тикилиб. — Менинг билишимча, — деди у, — отангиз анча бадавлат одам ҳеч нарсага муҳтож эмассиз, шу ўринни сўрашга қандай эҳтиёжингиз бор? Ахир маоши жуда оз-ку!
— Мен маош учун эмас, шунчаки… Нима деманг ҳукумат идорасида…
— Шундай. Менимча бир ойдан кейиноқ бу ўрин сизнинг кўнглингизга тегади ва сиз уни ташлаб кетасиз, ваҳоланки бу ўринга шундай талабгорлар борки, улар учун бу жой бир умрли мартаба… Шундай муҳтож одамлар борки, улар учун…
— Кўнглимга тегмайди, жаноби олийлари! — деб сўзни бўлди Ползухин. — Чин сўз, ҳаракат қиламан!
Директор тутоқиб кетиб:
— Менга қаранг, — деди истеҳзо билан илжайиб, нега сиз тўппа-тўғри ўзимга келиб учрамай, хонимларни безовта қилишни лозим кўрдингиз?
— Бу ишим сизга ёқмаслигини билмабман, — деб жавоб берди Ползухин хижолат тортиб. — Аммо жаноби олийлари, сиз тавсияномаларга эътибор бермасангиз, мен аттестацияни кўрсатишим мумкин…
У чўнтагидан қоғоз олди ва директорга узатди. Идора услуби ва қўл билан ёзилган аттестация тагида губернаторнинг имзоси қўйилган эди. Бирорта хира ойимтилладан қутилиш учунгина губернатор ўқимасданоқ қўл қўйиб юборгани кўриниб турарди.
— Иложим йўқ, бўйсунаман… эшитаман… — деди директор аттестацияни ўқиб чиқиб ва уҳ тортиб қўйди — Эртага ариза беринг… Нима иложим ҳам бор…
Ползухин кетгандан кейин директор нафрат ва ғазабдан бўғилиб:
— Разил! — деди шивирлаб ва уйнинг у бошидан бу бошига юрди. — Ахир мақсадига етди, ифлос манфаатпараст, аёлларга ёққан ярамас махлуқ!
Директор Ползухин чиқиб кетган эшикка қараб қаттиқ туфлади, лекин бирдан ўзи уялиб кетди, чунки худди шу вақтда кабинетга казенная палата бошлиғининг хотини кириб келаётган эди…
— Мен бир минутга, бир минутга… — деб бошлади ойимча. — Ўтиринг, отахон, гапимга диққат билан қулоқ солинг… Хў-ш, сизда бўш ўрин бормиш-а… Эрта ёки бугун сизнинг ҳузурингизга Ползухин деган йигит келади.
Ойимча чуғуллаб кетди, директор эса унга худди ҳозир беҳуш бўлиб йиқилай деб турган одамдек хира кўзлари билан қараб, карахт бўлиб ўтирди ва одоб юзасидан илжаяр эди.
Эртасига эса директор ўз идорасида Временскийни қабул қилди ва анчагача тўғрисини айтишга журъат қилолмади. У мужмал гапирар, адашиб кетар, нима деб гап бошлашини билмас эди. У ўқитувчи олдида кечирим сўрашни, айни ҳақиқатни айтиб беришни истар, лекин маст кишидек тили келишмас, қулоқлари ловиллаб ёнар эди, ўз идорасида, ўз қўлида ишлайдиган одам олдида шу қадар тубан ролни ўйнашга тўғри келганига у тўсатдан хафа бўлиб кетди ва жуда алам қилди. Бирдан у столга тарақлатиб урди-да, ўрнидан ирғиб туриб жаҳл билан бақириб:
— Сиз учун менда ўрин йўқ! Йўқ дедим, йўқ! Мени тинч қўйинг! Мени қийнаманг! Барака топинг, менга кўп илашаверманг! — деди ва идорадан чиқиб кетди.

Ҳ. Зиёхонова таржимаси