Алессандро Барикко. 1900 (монолог)

Мен бу матнни актёр Эуженио Аллегри ва режиссёр Габриэле Вачис учун ёзган эдим. Улар жорий йилнинг июлида Асти шаҳрида ўтказилган фестивалда премьераси намойиш этилган спектаклни яратишди. Билмадим, бу саҳна учун пьеса ёздим дейишимга асос бўладими, йўқми – зеро, айрим шубҳаларим бор. Ҳозир матн китоб ҳолига келгач, назаримда, у пьеса ва овоз чиқарилиб ўқиладиган ҳикоя ўртасидаги алланимадек. Ўйлашимча, бундай матнларнинг аниқ атамаси ҳам йўқ. Ҳар қалай, мен учун бу муҳим эмас. Фикримча, ажойиб воқеанинг ўзи сўзлаб беришга муносиб. Ва уни кимдир ўқиб чиқади, деган хаёл мени завқлантиради
А.Б. 1994 йил, сентябрь

Барбарага бағишланади

Доим шундай бўлади: кимдир тўсатдан бошини кўтаради… ва уни кўради. Буни тушуниш қийин… Айтмоқчиманки, давлатманд саёҳатчилар, муҳожир ва бошқа қаланғи-қасанғилар орасида узундан-узоқ йўлни босиб ўтсагу ва биз… Барибир ҳар доим кимдир, қандайдир биттаси топилади-да, уни… биринчи бўлиб кўриб қолади. Балким, у бу дақиқада овқатланаётган чиқар ёки бекорчиликдан палубада тентираб юрар, эҳтимол, иштонини тўғрилаётган бўлар… бир лаҳзага шундай бошини кўтаради-ю, денгизга шунчаки кўз ташлаб… уни кўриб қолади. Турган жойига михланади-ю юраги минг пора бўлиб, ҳар доимгидек, э ўша ҳар доимига ҳам, онт ичаманки, уни кўриб қолган кимса бизга, кемага, ҳаммамизга қарата, бақиради (тушкун овозда ва бўғинли): А-МЕ-РИ-КА! Ва тош қотганича тураверади, худди ўша – Американи яратган зот қиёфасида суратга тушмоқчи бўлгандек. Гўё бу ижод жараёни билан ишдан сўнг ва дам олиш кунлари ўзининг тошйўнар жияни, уддабуронгина ўсмир ёрдамида эрмак учун шуғуллангану кейин… озроқ ёрдам бўлгач, ўз қўллари билан Американи яратгандек…
Ўша Американи биринчи бўлиб кўрадиган одам исталган кемадан топилади. Йўқ буни фақат тасодиф деб ўйламаслик керак… назаркардалик ҳам эмас… бу тақдир холос. Бундай одамларнинг қисматига туғилишлари билан шундай онлар ёзиб қўйилади. Ҳали гўдак пайтларидаёқ, диққат билан тикилсанг, уларнинг кўзида ажралишга, асаблар ва веналар бўйлаб, мия қобиғига-ю тилининг учигача сиқилиб оқишга ва ўша қичқириққа айланиб портлашга тайёр турган Американи кўриш мумкин (бақиради): А-МЕ-РИ-КА! Ҳа, ўша пайтдаёқ Америка шу ерда, гўдакларча масъум нигоҳда, бутун борлиғи билан товланади. Жойлашиб олиб, ўз галини кутиб ётади.
Бу ҳақиқатни кўрувчи ич кўзимни очган Дэнни Будмен Т.Д.Лемон 1900 – океан кенгликларида ижрода тенги йўқ ягона буюк пианиночи бўлди. Кишилар нигоҳида улар кўрган нарсалар эмас, балки кўрадиган нарсалари акс этади. У айнан шундай дерди: улар кўрадиган нарсалар.
Мен-ку, уларни кўрганман, Америкасини… Олти йил шу кемада, йилига олти марта бир йўналиш бўйлаб, Европадан Америкагача, у ёқдан-бу ёққа, зах океанда изғиганман. Қирғоққа чиққан пайтингда енгил ҳожатингни ҳам эплаб ушатолмайсан, ҳамма нарса жой-жойида туради, аммо сен чайқаласан. Сузиш чоғи кемадан тушиш мумкин, фақат океанга… Мен кемага чиққан пайтимда ўн олти ёшда эдим. Хаёлимни банд этган ягона нарса, бу карнай чалиш эди. Шу сабаб билан “Виржиниялик” кемасига киши ёллашаётганлиги ҳақидаги хабар қулоғимга чалигани заҳоти портга бориб навбатга турдим. Мен ва менинг карнай. Январь, 1927. “Бизда карнайчилар керагидан ортиқ”, – деди менга кема компанияси вакили. – Биламан, деб жавоб бердим ва ўзимча чала бошладим. Вакил бирор асаб толаси қилт этмасдан, сўз қотмасдан охиригача тик туриб тинглади. Сабр қилди. Кейин савол ташлади:
– Бу қайси куй?
– Ким билади…
Унинг кўзлари ёнарди.
– Агар нималигини билмасанг, буни жаз дейдилар.
Оғзи ажабтовур қийшайиб кетди, балким у шунақа жилмайгандир; унинг ўртадаги битта тиши тилла эди, гўё сотувга қўйилгандек ялтироқ.
– У ерда юқоридагилар бундай мусиқадан ақлдан озиб қолишади.
У ерда юқорида – кемада дегани эди. Мийиғидаги жилмайишга ўхшаш нарса эса менинг қабул қилинганлигимнинг аломати эди.
Биз ҳар куни уч-тўрт марталаб чиқиш қилардик. Дастлаб люкс хоналардаги бадавлат томошабинлар, кейин бой, аммо иккинчи классда яшовчи жаноблар учун концерт берардик, баъзан эса, пастки қаватдаги камбағалларнинг олдига тушиб расмий иш кийимларисиз, ким нимада бўлса шу ҳолатда куй чалардик ва кўпинча улар биз билан бирга рақсга тушиб кетишарди. Океан ҳадсиз эди, унинг салобати ваҳимага соларди, шу сабабли ҳам тинимсиз куй чалардик; одамлар вақт ўтганлигини сезмасликлари, қаерда ва ким эканликларини унутишлари учун ҳам чалардик; тағин рақсга тушишга мажбур қиладиганидан чалардик, ахир рақсга тушсанг ажални унутасан, ўзингни Худодан биласан. Чалган куйларимиз рэгтаймлар бўларди, зеро, бу куйлар Яратганнинг ўзи ҳам танҳо қолганида рақсга тушиб кетадиган хилидан эди.
Чиндан Яратган рақсга тушиб кетарди, агар у негр бўлиб туғилган бўлса…

(Актёр саҳнани тарк этади. Жуда шўх, бироқ мазмунан аҳмоқона рақсбоп мусиқа тиниб боради. Актёр кема жазменининг жозибадор кийимида саҳнага қайтади. Шу пайтдан бошлаб у ўзини гўё саҳнада, оркестрда иштирок этаётгандек тутади.)

Хонимлар ва жаноблар, хонимафандилар ва афандилар, беклару бего­йимлар… сизлар кемамизга – “Титаник”ка ниҳоятда ўхшаш бўлган бу сузувчи шаҳарга хуш келибсиз! Жаноблар, тинчлик сақлансин! Жойингизни алмаштирманг! Жаноб, тўлиб-тошаётган жаноб, сизни яхши кўряпман, Океанга хуш келибсиз! Айтгандай, бу ерда нима қилиб юрибсиз ўзи? Гаров ўйнайманки, кредиторларингиз изингиздан қувиб юрибди, сиз олтин васвасасидан ўттиз йилга кечиккансиз, кемани бир томоша қилмоқчи бўлгансизу, кема сузиб кетганлигини, эҳтимол, сезмай қолгансиз ҳам, уйдан аслида бир дақиқага сигарета сотиб олиш учун чиққансизу, бу пайтда сизнинг хотинингиз полицияга келиб улгурган ва сизнинг қандай яхши, ажойиб эр бўлганлигингизни, ўттиз йил мобайнида бирон марта ҳам жанжал чиқармаганлигингизни ҳикоя қилиб бермоқда… Умуман, сиз сасиб-бижғиган дунёдан уч юз миль узоқда, энг зўр кўнгил айнишидан икки қадам берида, нима қилиб юрибсиз? Пардон, мадам, мен ҳазиллашдим, бу тоғорамиз гўё бильярд соққаси мисол Океан столи узра думалаб бормоқда! Хўп! Яна олти кун, икки соату қирқ етти дақиқадан сўнг – биз “шақ” этиб чуқурчага тушамиз: Нью-Й-о-о-о-о-о-орк!

(Оркестр куй чалади.)

Ўйлашимча, бу кеманинг кўп жиҳатдан ноёблиги ва ҳатто нодирлигини сизга тушунтиришимнинг ҳожати бўлмаса керак. Батофобияга йўлиққанлиги ва ўта донолиги билан машҳур капитан Смит раҳбарлигида (сиз, эҳтимол, капитаннинг қутқарув қайиғида яшаётганлигини сезгандирсиз) сизга камдан-кам учрайдиган, мутлақо тушуниб бўлмайдиган экипаж, профессионаллар жамоаси хизмат кўрсатмоқда: Пол Сежинский – руль бошқарувчиси, собиқ польяк попи, табиатан эҳтиросга берилувчан, биотерапевт, афсуски, кўзи ожиз. Билл Янг – радиотелеграфист, буюк шахмат мухлиси, чапақай ва дудуқ. Кема шифокори Клаузерманшпитцвегенсдорфентаг, мабодо зарурат туғилиб қолса чақираман деб ақлдан озишингиз мумкин. Ва энг муҳими: жаноб Пардин – ошпазлар бошлиғи, қоқ Парижда туғилган, аммо бу ерда ҳайратомуз бир нарсага гувоҳ бўлгач, келган жойига жўнаворган – бу кемада ошхона йўқ, буни 12-каютада яшовчи жаноб Камамбер ҳам ҳазиллашиб эслатдилар. У зот бугун обрез тўла майонезга дуч келибди, бу жуда қизиқ, ошхонамиз йўқлиги учун обрезларда тўғралган мева сақлаймиз-да. Шу сабабли кемамизда ҳақиқий ошпаз ҳам йўқ. Айтганимдек, жаноб Пардин кемада ошхонани излай-излай тополмай ватани Парижга қайтган, далилларга ишонмай иложимиз йўқ – лойиҳачи, буюк муҳандис Камиллерининг хотираси сустлиги сабабли, ростдан ҳам ҳазиллашгандай кема ошхонаси чизмаларда унутиб қолдирилган ва ҳеч қачон бу кемада ошхона бўлмаган. Сиздан давомли ва гулдурос қарсакларингизни умумбашарий шуҳратга лойиқ бўлолмаган муҳандисга бағишлашларингизни сўрай-ма-а-а-н!

(Яна оркестр чалади.)

Менга ишонаверинг, бунақа кемани бошқа тополмайсиз: йўқ, балки, беш-олти йил ахтарсангиз, сиз эҳтимол, сувдан қўрқадиган капитанни ҳам, кўзи ожиз дарғани ҳам, исми-шарифи айтилиши оғир бўлган докторни ҳам, барча-барчасини бир йўла ошхонаси йўқ кемада учратишингиз мумкин. Эҳтимол. Аммо ўшанда ҳам, онт ичиб айтаманки, бу ердагидек, ҳозирнинг ўзидаёқ, ўтирғичнинг ўн сантиметрига илиниб ўтириб олиб, минг метрча сув юзасида, Океаннинг қоқ юрагида, кўзингиз мўъжизадан ва қулоқларингиз ҳайратдан донг қотганча, оёқларингиз оҳангга мос ер тепганича, қалбларингизни битмас-туганмас АТЛАНТИК ЖАЗ – БА-А-А-АНДга қондириш сизга ҳеч қаерда насиб этмайди.

(Оркестр чалади. Актёр созандаларни бирин-кетин таништиради. Ҳар бир исм ортидан қисқача соло янграйди.)

Кларнет – Сэм, “Соня” Вашингтон!
Банжо – Оскар Делагуэрра!
Карнай – Тим Туни!
Тромбон – Жим Жим, “Нафас”, Хелап!
Гитара – Сэмюэл Хокинс!
Ва ниҳоят рояль ортида… Дэнни Будмен Т.Д.Лемон 1900.
Буюклардан буюги!

(Мусиқа бирдан тўхтайди. Актёр сухандонлар оҳангидаги нутқини тугаллаб, созандалар кийимини ечади ва монологни давом эттиради.)

…У ҳақиқатда шундай буюк мусиқачи эди. Биз мусиқа чалардик – у бутунлай бошқа илоҳий ижод билан шуғулланарди… У чалган алланарса ҳали дунёда яратилмаган, эшитилмаган бўларди. У роял олдидан тургач, ҳалиги нарса яна йўққа айланарди… энди ҳеч қаерда, ҳеч қачон такрорланмасди… Дэнни Будмен Т.Д.Лемон 1900. Сўнгги марта кўрганимда, у бомбада ўтирганди. Ҳазил эмас. У динамит тўлдирилган яшикда ўтирарди. Бу жуда узун тарих… У менга доим “Токи бирон-бир яхши воқеа ва уни тинглашга қодир кимса топмагунингча сенга ҳақиқатан ҳамма нарса барибир”, дер эди. У битта яхши воқеани биларди. Бу яхши воқеа унинг ўзи эди.
Ақл бовар қилмас бўлса-да, дурустроқ ўйланилса, чиройли тарих… Ўшанда динамит уюмида ўтирган ҳолда, у бу тарихни менга совға қилган. Чунки унинг энг қадрдон дўсти эдим-да… Бу ривоятни ҳар қандай ҳолу аҳволимда асрадим, бошимга турли ташвишлар тушганда ҳам ундан ажралмадим, ҳатто карнайимни сотдим, ҳамма нарсамни сотдим, аммо бу тарихни, йўқ… мен уни йўқотмадим, у ҳамон мен билан, соф ва англаниши қийин – худди мусиқадай, худди Океан ўртасида сеҳргар-пианиночи Дэнни Будмен Т.Д.Лемон 1900 ижро этган мусиқадай.

(Актёр парда ортига чекинади. Оркестр чалади. Сўнгги аккорд билан актёр саҳнага қайтади.)

Уни топиб олган матроснинг исми Дэнни Будмен эди. У болани тонгда, Бостонда йўловчилар кемадан тушган пайтда, картон қутидан топиб олди. Бола қутида ҳатто йиғламасдан, кўзини лўқ қилганича тинч ётарди. Уни биринчи класснинг рақс залида қолдиришибди. Рояль устида. У ўн кунликча эди, бундан ортиқ эмас. Аммо болани айнан шу классдагилар дунёга келтирганига шубҳа бор. Одатда, муҳожирларда шундай бўлади. Бирон-бир яширин кунжакда туғишиб, ўша ерда қолдиришади. Аммо бунга фақат уларнинг аблаҳ эканликлари сабаб эмас. Ҳамма гап камбағалликда, чорасиз йўқчиликда эди. Бу ҳол кийим-кечак билан боғлиқ қандайдир ҳодисаларни эсга солади… улар бортга якка-ю ёлғиз, астар-авраси чиққан костюмда, шимларига ямоқ солинган ҳолда кўтарилишарди. Аммо кейинроқ, Америка – доим Америка эканлигини инобатга олиб, сафарлари қаригач, биз уларни мутлақо киройи кийиниб, ҳатто бўйинбоғларда, эркак ва болалар оқ кўйлакларда кемани тарк этишаётганликларини кўрганмиз. Умуман, улар ўз ишларини яхши билишарди: йигирма кунлик сузиш давомида нуқул бичиб тикишарди ва сафар сўнгида кемада биронта дарпарда ёки бирон бир чойшаб топиб бўлмасди, ҳеч гап бўлмагандай: ҳаммаси Америка учун бинойидек кийимга айланарди.
Вақти-вақти билан кемада ташландиқ бола қоларди – эмигрант учун ортиқча оғиз ва имиграция муассаси учун эса, яна бош оғриқ. Қайсидир маънода у пардалар ва чойшаблар ўрнига қолдириларди. Айни гўдак билан ҳам ана шундай бўлгандек эди. Агар уни биринчи класснинг рақслар залидаги рояли устида қолдирсак, балким, бирон бир бойвачча асраб олар ва тўкин-сочин ҳаёт билан таъминлар, деб ўйлашгандир. Бу режа ёмон эмас эди. Ҳолбуки, ярми амалга ошди. У бадавлат бўлолмаса-да, пианиночи бўлди. Бўлгандаки, дунёда энг зўр пианиночи!
Демак. Қария Будмен болани ўша жойдан топади ва унинг ким эканлигидан далолат берувчи далилни ахтаради. Аммо топган қутисида кўк сиёҳ билан ёзилган ёзув бўлади: Т.Д.Лемон – шундоқ ёнида лимонга ўхшатиброқ чизилган бир нарсанинг расми ётарди. У ҳам кўк рангда. Дэнни филадельфиялик гумбаздек, ёввойироқ негр эди. У болани кафтлари билан чангаллаганича: “Салом, Лемон!”, – деди. Шунда кўнглининг тубида оталикка ўхшаш ҳис қўзғалди-ю у бутун умр Т.Д. ҳарфлари: “Ташаккур, Дэнни” деган маънони билдиришини такрорлаб юрди. Албатта, бу нодонлик, аммо унинг бунга ишончи йиллар давомида ортса ортардики, камаймади. У сидқидилдан ишонарди: Т.Д. – Ташаккур, Дэнни. Унга бир марта алмойи-алжойи қиёфадаги, и-и-ингичка, худди лотин маъшуқлариникидек мўйлаб қўйган одам ва лимон сурати туширилган рекламали газетани келтиришди. Суратнинг тагида ёзуви ҳам бор эди: “Тано Дамато, қирол лимонлари”, қандайдир мукофот ёки гувоҳнома ҳам илова қилинганди: Тано Дамато… алланимабало. Қария Будменнинг тили заҳар эди: “Қайси хунаса ўчакишмоқчи?”. Бироқ барибир газетани ўзида қолдирди, чунки реклама билан бирга от пойгаларининг натижалари ҳам эълон қилинганди. У пойгаларга пул тикмаган эди, албатта, унга отларнинг лақаблари ёқарди холос. Бу уни чиндан завқлантирадиган нарса эди, қария сенга тинимсиз такрорлаши мумкин эди: “Буни эшит, мана буни қара, кеча Кливлендда чопаётган эди, қулоқ сол, унинг лақаби Чуммоқ тушунасанми, қандай зўр-а, қарагин, бунисиники Учқулоқ, ўлиб қолай!” Қисқаси, унга отларнинг лақаби ёқарди ва бу мутаассиблик эди. Ким ютганининг унга ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Лақаблар, номлар бор холос ва улар қарияни ҳаяжонга соларди.
Қария болага дастлаб ўзининг исмини қўйди: Дэнни Будмен. Бу унинг ҳаётида кўзга ташланган ягона манманлиги эҳтимол. Сўнгра “Т.Д.Лемон”ни қўшиб қўйди, зеро қутида шундай ёзилганди, бундан ташқари, исм ўртасида ҳарф бўлса, салобатли кўринади, деб таъкидларди қария. “Барча адвокатларнинг исмида ҳарфлар бор!” – унинг фикрини маъқуллади, механик Бэрти Бум Бечора П.Т.К. Уондер исмли адвокатнинг шарофати билан бир неча йил қамалиб чиққанди. “Агар у адвокат бўладиган бўлса, мен уни ўлдираман”, – дея хулоса чиқарса-да, қария Будмен бош ҳарфларни сақлаб қолди. Хуллас, Дэнни Будмен ва бошқа машина бўлимидагилар Бостон портида тўхтаб туришганида машиналарни ўчиришиб, секин такрорлаб, эшитиб кўришди. “Чиройли исм, – деди қария Будмен якунда, – аммо нимадир етишмаяпти. Унга жарангдор тўхтам камлик қиляпти”. У ҳақ эди. Исм жарангдор якунланмасди. “Чоршанба сўзини қўшайлик, – деди официант Сэм Сталл, – Сен уни чоршанбада топувдинг, Чоршанба, деб атайқол”. Дэнни бир оз ўйланиб турди. Кейин кулганича давом этди: “Сэм, тузукроқ фикр бор. Мен уни бу ярамас асрнинг биринчи йилида топдим, шундай эмасми? Шунинг учун уни 1900 деб атайман”. – “1900?” – “1900”. – “Аммо бу рақам-ку!” – “Рақам эди, исмга айланди”. Дэнни Будмен Т.Д.Лемон 1900. Ажойиб. Бетакрор. Улуғ исм, эй Худо, чиндан-да ноёб исм. Бу исм билан у узоққа кетади. Дэнни Будмен Т.Д.Лемон 1900 уларга тикилар ва жилмаярди. Томошабинлар эса тахтадек қотишганди: ҳеч ким шундай кичкина боланинг таглиги шунчалик дўмпайишини кутмаган эди.
Дэнни Будмен кемада яна саккиз йилу икки ой ва ўн бир кун хизмат қилди. Океанда довул пайти узилиб кетган лаънати шкив тўғри унинг елкасига келиб тушди. У уч кун ажал билан курашди. Аммо ичи эзилиб кетган эди, ҳеч нарса уни қутқазолмасди. Бу пайтда 1900 ҳали гўдак эди. У Дэннининг каравоти олдида ўтирганича, ўрнидан жилмади. Унинг олдида эски газеталар боғлами ётар ва у уч кун мобайнида ҳайратомуз чидам билан жон бераётган қария Дэннига газеталардан топа билган барча пойга натижаларини ўқиб турди. У Дэнни ўргатганидек ҳарф ҳамда сўзларни қўшар ва бунда бармоқчаларини сатрлар узра юргизиб, улардан фойдаланарди. У секин ўқирди, барибир, ўқирди. Шу тарзда қария Дэнни Чикагода ўтказилган Олтинчи пойгада Жунбош лақабли от, Синиқ тақадан бор бўйига ва Мовийдан беш марта ошиқроқ илдамлаган пайтда жон берди. Уни елкан билан кафанлашиб, Океанга қайтаришди. Елканга қизил бўёқ билан капитаннинг ўзи ёзиб қўйди: “Ташаккур, Дэнни”.
Шу тарзда кутилмаганда 1900 етим қолди. У саккиз ёшда бўлиб, Америка ва Европа оралиғини эллик марталаб кесиб ўтишга улгурганди. Океан унинг уйи эди. Ерга келсак, у бирон марта ҳам унга қадам босмаган. Албатта, у ерни кўрган: бортдан, портларда тўхтаб турилганда. Ерга тушишга келганда эса – йўқ, бирон марта тушмаган. Ҳамма гап шундаки, Дэнни болани ҳужжат ёки виза, хуллас, шунга ўхшаш нарсалар сабаб ўзидан олиб қўйишларидан қўрққан. Натижада 1900 доим бортда қолар, маълум вақтдан сўнг эса кема яна йўлга тушарди. Агар аниқроқ ифодаласак, 1900 бу дунёда гўё йўқдек эди – унинг исми қайд этилган бирор шаҳар, черков китоби, касалхона, қамоқхона, бейсбол жамоаси мавжуд эмас эди. Унинг на ватани, на туғилган куни, на оиласи бор эди. Ёши саккизда бўлса-да, расман ҳеч қаерда туғилмаганди.
“Бундай давом этиши мумкин эмас, – дейишарди баъзан Дэннига. – Бундан ташқари, бу қонунга зид”. Аммо бунга Дэннининг жавоби тайёр эди. “Қонунни илганим бор!”. Унга қарши гапириш мушкул эди.
Дэнни вафот этган сафар сўнггида улар Саутхэмптонга келишгач, капитан бу томошага чек қўйишга қарор қилди. У порт маъмурларини чақириб, ўз муовинига 1900ни келтиришни буюрди. Аммо муовин болани топа олмади. Уни кема бўйлаб икки кун ахтаришди. Самарасиз. Бола йўқ эди. Бу кўпчиликда нохуш кайфият туғдирди, чунки бу ерда “Виржиниялик”да ҳамма болакайга ўрганиб қолганди, аммо ҳеч ким буни эътирозини баралла айтишга журъат этолмасди. Бортдан ташлаш учун ҳеч нарса керак эмас… кейин денгиз нимани хоҳласа шуни қилади… Икки кундан сўнг кема 1900ни қолдириб ва ҳатто у ҳақдаги бирон хабарсиз Рио-де Жанейрога қараб йўлга тушганда ҳамма ортиқ куйинди…
Сузишнинг иккинчи кунида – ирланд қирғоқлари кўздан йўқолгач, боцман Барри, капитаннинг хонасига довдираб югуриб кирди, уни уйғотди ва содир бўлаётган воқеани бориб, ўз кўзи билан кўришни илтимос қилди. Капитан обдон сўкиниб олди, аммо боцманнинг ортидан борди.
Биринчи класснинг рақс майдони.
Қоронғилик.
Киришда кишилар ич кийимда. Каюталарини тарк этишган йўловчилар. Ва яна матрослар ва машина бўлимидан кўтарилган учта қора ҳамда Тирумэн, радиотелеграфист.
Ҳамма сукутда, термилишади.
1900.
У рояль олдида стулда ўтирарди, оёқлари полга тегмасди.
Ва чаларди.
Худди Маъбуддек.

(Фортепьянодан жуда оддий, сокин ва жозибадор куй янграйди.)

У ҳеч кимга маълум бўлмаган жуда ажойиб нарсани чаларди. Ҳеч ҳам кўзбўямачилик эмас, унинг айнан ўзи чаларди, клавишларда ҳам айнан унинг бармоқлари, қандай эплаётганлиги эса ёлғиз Яратганга аён. Буни тинглаш керак холос. Ҳозир бўлганлардан бири – қизил либосли, сочларига бурагичлар қистирган кекса хоним… қандай тушунтирсам экан… бир қоп пул, америкалик суғуртачининг рафиқаси… ўша хонимнинг кўзларидан йирик-йирик кўз ёшлари думалаб, тунги крем суркалган қовоқларидан оқарди, ўзи эса тош қотганча тинглар ва тўхтовсиз йиғларди. Жунбишга келган капитан унинг ёнида чинакамига оташин ҳолда пайдо бўлганида, бойвачча хоним бурун тортганча рояль томонга қўли билан ниқтаб, сўради:
– Исми ким?
– 1900.
– Куйнинг эмас, боланинг?
– 1900.
– Худди куйники кабими?!
Бу айнан тўрт-беш луқмадан сўнг капитаннинг тоқати тоқ бўладиган сўзлашув услуби эди. Ўлиб кетган дея ҳисоблаб юрган бола нафақат тирик, ҳатто бу орада рояль чалишни ҳам ўрганиб олгани маълум бўлган пайтдаги суҳбат янада оғир эди. Капитан бойвучча хонимни кўзида ёш билан турган жойида қолдириб, тунги чолворда ва олдлари ланг очиқ капитанлик мундирида кескин одим отиб салонни кесиб ўтди. У роялнинг олдига етгандагина тўхтади. У жуда кўп нарсани айтиб солмоқчи ва шу баҳонада: “Сен, шайтон қопқур, буни қаерда ўргандинг?” – ёки бўлмасам: “Сен, бўйнинг қотгир, шунча вақт қаерга яширинган эдинг?” каби саволларни бериб олмоқчи эди.
Аммо мундир кийганларнинг фикри ҳам, одатда, бир қолипга тушган бўлади. Ва у қуйидагича гап қотди:
– 1900, бунинг бари тартиб-қоидага хилоф.
1900 тўхтади. У камгап, аммо ўта қобилиятли бола эди. Бола капитаннинг кўзига мулойим қаради-да, бир оғиз гап айтди:
– Қоидаларни илиб қўйдим.

(Тўфон шовқини.)

Денгиз уйғонди / денгиз ғазабга олди /тўлқинлар осмонга сапчиди / сувлар сапчиди / шамолдан булут ва юлдузлар узилди / денгиз ғазабга келди / ким билади кўпгами / кун бўйи қутурсами / қачон тугаркан / бунинг барчаси ҳақда она / ҳеч сўз демас менга онам / алла-ё алла, / тебранар денгиз алла айтади / аммо борлиқ жунбишда / ҳам кўпик, ҳам оғриқ / нодон денгиз / қаерга қарасанг ҳам / фақат зулмат / ва қора деворлар / ва қора тўзон / бизлар соқов / кутаяпмиз / бунинг тугашин / кема ҳалокати / она мен буни истамасман/ сокин сув истайман / сизнинг аксингизни кўрсатадиган / турғун / бу ерда эса / аҳмоқона деворлар / сувлар / энди қулашмоқда / шовқин билан / мен тинч сувга қайтишни истайман
яна денгизга
ва тинчликка
ва нурга
ва сув узра
учаётган учқур
балиқчаларга
қайтишни истайман.
Менинг биринчи сузишим, менинг биринчи тўфоним. Ёвуз қисмат. Мен дурустроқ англаёлмадим ҳам, қандай бўлганлигини бу сузиш; “Виржиниялик”нинг ҳаётидаги энг ҳалокатли тўфон мени қамраб олди. Қоп-қоронғи тунда унга кимлардир бор ғазабларини сочишди ва кемани бутунлай тўфон ихтиёрига топширишди. Океан. Гўё тўфоннинг интиҳоси йўқ эди. Кемада вазифаси карнай пуфлашдан иборат бўлган кимсадан тўфон бошланаётганда наф кам. Албатта, у чалишни рад этиши мумкин. Умумий кайфият мос келиб, чиғириқдан ташқари бўлмаслик ва гўё инон-ихтиёри ўзида эканлигини кўрсатиш мақсадида, каютасидаги тўшагига узала тушиб ётиши мумкин. Аммо менинг тоқатим тоқ бўлиб, бардошим тугаган эди. Шубҳасиз, сен бошқалардан кўра пешроқ, сен ўзингча ётаверасан, лекин ишончинг комил бўлсинким, эртами, кечми нақ миянгда бир фикр пайдо бўлади: оқибати ёмон бўлади. Мен оқибати ёмон бўлишини истамасдим, шу сабабли каютадан эмаклаб чиқдим ва кема бўйлаб дайдиб кетдим. Ўзим қаерга улоқаётганлигимни билмасдим, кемага келганимнинг энди тўртинчи куни бўлса, ҳожатхонага йўлни топа билсам, хурсанд бўлардим. Бу улкан тоғора кичкина сузувчи шаҳарчанинг ўзгинаси.
Ҳақиқатан шундай. Натижада ҳаммаси маълум эди: у томондан бу томонга отилавериб, йўлакларга зўрға йўл топавериб, охир-оқибатда адашиб кетдим. Вазият ниҳоятда мураккаб эди. Айнан шу лаҳзада бежирим қора костюм кийган кимса пайдо бўлди; у бамайлихотир қадам ташларди, йўлни билишига эса, шубҳа йўқ эди. У худди Ницца қирғоғида сайр этаётгандек, чайқалишни сездирмасди, бу 1900нинг ўзи эди.
Бу пайтда у йигирма етти ёшда бўлса-да, каттароқ кўринарди. Мен у билан танишиб улгургандим: ўтган тўрт кун мобайнида биз оркестрда бирга чалаётгандик, танишлигимиз шу эди холос. Мен ҳатто унинг каютаси қаердалигини ҳам билмасдим. Албатта, менга у тўғрида баъзи нарсаларни айтиб улгуришганди. Эшитганларимга ақл бовар қилмасди, масалан, 1900 ҳеч қачон бу кемани тарк этмаган, шу ерда туғилган ва ҳар доим шу ерда яшаган. Ҳар доим. Йигирма етти йил давомида бирон марта ерга қадам босмаган. Бунинг бари жуда катта ҳазилдек туюларди… Унинг бўлиши мумкин бўлмаган куйларни чалиши ҳақда ҳам гап юрарди. Мен ўз кўзларим билан кўриб ишонган нарсам – концертдан олдин, у ерда, рақс салонида, Фриц Ҳерманн, оқ юз, мусиқада балони ҳам тушунмайдиган, хушсурат бўлгани учунгина оркестрга раҳбар бўлган кимса пианиночининг олдига келиб, ҳар гал паст овозда илтимос қилиши эди:
– Инсоф қил, 1900, фақат одатий ноталарда бўлсин, маъқулми?
1900 маъқуллаб бош қимирлатар ва одатдаги ноталардагидай чаларди. У кўз олдидаги қандайдир нуқтага тикилиб олар ва ҳеч қачон қўлларига қарамасди, ўй-хаёли бутунлай бошқа оламда кезарди. Бу пайтлар ҳали уни яхши билмасдим; шунчаки ақли жойида бўлмаса керак, деб ўйлардим.
Ўша тунда, тўфон забтига олган пайтда, у омадли жентльмен қиёфасида, ўзимни йўқотиб рангим ўлик тусга кирган пайтда менга тўқнашиб қолди-да, жилмайганича деди: “Кетдик”.
Агар кимдир, кема оркестрида созандалик қиладиганлардан бўлса-ю, тўфоннинг авж палласида унга “кетдик” дегувчи бировни учратиб қолса, у, яъни созанда, бу ҳолда бир нарса қилиши мумкин: кетиши. Мен ҳам унга эргашдим. Аммо фақат у шахдам қадам босарди. Мен эса… нима дейишимни ҳам билмайман, айтайлик, камина у каби бу вазиятда салобатга эга эмас эдим, ҳарқалай, нима бўлганда ҳам биз рақс залига етиб бордик, кейин эса у ёқдан бу ёққа тўпдай урилавериб, бир амаллаб – албатта, бу гап мен ҳақимда, у эса худди темир йўлда сирпангандек баҳузур кетарди – роялга етдик. Залда биздан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Нимқоронғилик ҳукмрон, фақат у ер-бу ерда чироқ нурларининг акси бор. 1900 рояль оёқларига имлаб:
– Тутқичларни еч, – деди.
Кема сидқидилдан рақс тушар, оёқда туришнинг ўзи жуда катта машаққат эди; мен рояль оёқларини ечиб юборишда мантиқни сезмадим.
– Агар сен менга ишонсанг, еч.
“У телба” деган қатъий фикрга келдим, аммо тутқичларни бўшатдим.
– Энди ўрнингдан тур ва ёнимга ўтир, – деди 1900.
У нима ўйлаганини тушунмасдим, англамасдим, тамом-вассалом. Мен тик турганча улкан қора совун бўлагини эслатувчи, сирпанчиқ роялни ушлаб қолишга ҳаракат қилардим. Тўфоннинг қоқ юрагида, устига-устак, рояль стулига – яна бир қора олқиндига михланиб, қўлларини клавишларга елимлаб олган мана бу девона билан, онт ичаманки, вазият ниҳоятда расво эди.
– Агар ҳозир ўтирмасанг, ҳеч қачон ўтиролмайсан, – такрорлади девона жилмайганича.

(Актёр ҳалинчакка ўхшаш нарсага ўтиради.)

– Яхши! Ҳаммасини илганимиз бор? Розиман, кўп нарса йўқотсак-да, мен сенинг аҳмоқона стулингга ўтирдим, мана, хўш, энди нима қиламиз?
– Эндими – қўрқма.
Ва чала бошлади.

(Роялда соло янграйди. Майин ва жозибали вальсга ўхшаш мусиқа. Актёр ўтирган арғимчоқ ҳаракатга келади. Актёр ҳикоясини давом эттиргани сайин, арғимчоқ ҳаракати тезлашади, саҳна чегарасигача юқорилайди.)

Энди эса, ҳеч ким менга ишонишга мажбур эмас, ростини айтсам, менга биров айтиб берганида ўзим ҳам ишонмасдим, бироқ бўлари бўлган: воқеа аслида шундай кечганди – рояль рақс залининг ёғоч полида силжирди, у билан бирга биз: мен ва 1900 сирпанардик; у клавишлардан кўз узмаган ҳолда чалар, аммо ўзини бутунлай унутгандек, бошқа маъволарда юргандай туюларди, рояль эса тўлқинлар ортидан борарди – гоҳ баландлаб, гоҳ пастлаб, гоҳ ойнаванд эшикларни кўзлаганча ўз ўрнида айланар ва ойналарга урилишга сал қолганда қотиб қолар ва енгил изига қайтарди, сизга айтсам, гўё кема бизни аллаларди, таассурот шундай эди ва мен… ҳеч вақога тушунмасдим; 1900 эса бир лаҳза тинмай чалар, унинг шунчаки чалмаётганлиги, у бу роялни бошқараётганлиги аниқ эди, тушуняпсизми, клавишлар биланми ёки ноталар биланми, билмайман, у асбобни қаёққа хоҳласа ҳайдарди, бу абсурд, аммо чиндан шундай бўлганди. Биз столчалар оралаб, чироқлар ва юмшоқ ўтирғичларни ағдарганимизча айланар эканмиз, мен бир нарсани тушуниб қолдим, ҳозир биз қилаётган иш, биз амалда ўйнаётган нарса, Океан билан вальс эди, мен ва у, туннинг олтин ранг тўшамасида, эҳтирос билан бир хил рақс тушаётган, ақлдан озган ажойиб раққослар эдик. Яшасин!

(Актёр бахтиёр қиёфада арғамчида ўмбалоқ ошади; бу пайтда Океан авжига олади, кема “рақс”га тушади ва товуш эффектлари жўрлигидаги мусиқа гоҳ тезлашади, гоҳ секинлашади, баъзан рақсни бошқараётгандек бутунлай тўхтайди. Мураккаб эквилибристика мобайнида актёр хатога йўл қўяди ва тўсатдан парда ортига йиқилади. Мусиқа “тўхтамоқчи” бўлади, аммо кеч. Актёр ҳайқириб улгуради:
– О, Худо! (Ва ёнбош томондан саҳнага, энгашганича югуриб чиқади. Синаётган ойна, ерга тушаётган буюмлар шовқини. Кейин сукунат босади. Актёр парда орқасига мўралайди.)

1900 бу ижрони ҳали такомиллаштириш зарурлигини айтди. Мен фақат тўхтамларни мослаш керак, дедим. Капитан эса туфон тугаши билан шундай деди (норози овозда қичқиради): “СИЗ, САССИҚ ЧЎЧҚАЛАР, ИККАЛАНГИЗ ҲАМ БУ ЕРДАН МАШИНА БЎЛИМИГА ДАФ БЎЛИНГ ВА ШУ ҚЎЛЛАРИМ БИЛАН БЎҒИБ ҚЎЙМАСЛИГИМ УЧУН КЎЗИМГА КЎРИНМАНГ ҲАМДА УНУТМАНГКИ, СИНДИРИЛГАН НАРСАЛАРНИ СЎНГГИ ТИЙИНИГАЧА ТЎЛАМАГУНЛАРИНГЧА БУТУН УМР ИШЛАЙСИЗЛАР, УШБУ ТОҒОРАНИНГ НОМИ “ВИРЖИНИЯЛИК” БЎЛГАНИ КАБИ ГАПИМ ҲАҚИҚАТ ВА ИККИНГИЗ ОКЕАН КЕНГЛИКЛАРИДА ПАЙДО БЎЛГАН АҲМОҚ КИШИЛАРНИНГ ЭНГ ДОНГДОРЛАРИСИЗ”.
Шу ерда – машина бўлимида ўша туни 1900 ва мен дўстлашдик. Қадрдонларча. Бир умрга. Биз вақтимизни синдирган нарсаларимиз долларда қанча туришини ҳисоблаш билан ўтказардик. Миқдор ошган сайин кўпроқ кулардик. Эндиликда ўша воқеани эслар эканман, назаримда, биз ўшанда ҳис этган нарса бахт бўлган. Ёхуд шунга ўхшаш алланима.
Худди шу тунда мен ундан сўрадим: у ва кема тўғрисида эшитганларим ростми, яъни шу ерда туғилгани, ҳеч қачон ерга қадам босмаганлиги ва ҳоказо… Жавоб берди: ҳа.
– Ростданми?
У ўта жиддийлик билан жавоб берди:
– Ростдан. Чин.
Нимаданлигини билмайман, ички қаршиликданми, бу лаҳзада бутун вужудим билан яхлаб кетдим: бу даҳшат эди.
Қўрқинч.
Бир гал 1900дан куй чалаётганида нимани ўйлашини ва бир нуқтага қадалганича нималарни кўришини, бармоқлари клавишларда югураётганда хаёлан қаерларда учишини сўрадим. У менга шундай жавоб берди: “Мен бугун ажойиб мамлакатда бўлдим: у ерда аёлларнинг сочлари ифорли, ҳаммаёқ ёп-ёруғ ва йўлбарслар жуда кўп”.
Демак, у саёҳат қилар экан.
У ҳар сафар турли жойларда бўларди: Лондон марказида, водийларни кесиб ўтаётган поездда, қори бошингдан баланд келадиган жуда юксак тоғда, дунёдаги энг муҳташам черковда, бу ерда у устунларни санаган ва хочга тортилганларнинг юзига тикилган. У тинимсиз саёҳат қилган, буларнинг барини билишини тасаввур этиш қийин: черков ҳақда, қор ҳақда, йўлбарс ҳақда… демоқчиманки, у кемани бирон марта ҳам тарк этмаган, бирон марта ҳам, шунга қарамай унинг гаплари тўқима бўлмасдан, ҳақиқатнинг айнан ўзи эди. Ҳеч қачон қирғоқларга тушмаган. Лекин унинг гапларидан ҳаммасини кўзлари билан кўрган, деган таассурот пайдо бўларди. 1900 шундай тоифадагилардан эдики, агар биров ўзининг Парижда бўлганини айтиб қолса, у сен фалон боғларни кўрдингми, фалон митти ресторанда овқатландингми, дея сўроққа тутарди: у ҳамма нарсани биларди ва сенга шундай деган бўларди: “Парижда мен ёқтирадиган нарсалар – қуёш ботишини кузатиш, Понт-Неф бўйлаб сайр қилиш, баржалар сузиб ўтаётганда юқоридан уларга қараш ва қўл силташ”.
– 1900, ахир сен ҳеч қачон Парижда бўлмагансан.
– Бўлмаганман.
– Нега унда сен?..
– Ҳа.
– Нима “ҳа”?
– Париж!
Уни ақлдан озган деб ўйлаш мумкин эди. Бироқ булар бунчалик жўн эмас эди. Сенга биров тўла ишонч билан Бертэм-стритда ёз ойлари ҳаво ёмғирдан сўнг қандай бўй таратишини айтиб берса, сен уни фақатгина ўша Бертэмда бўлмаганлиги учун жиннига чиқармайсан-ку. Зеро, у бировнинг сўзидан, бошқасининг кўзидан ҳавони, ўша ҳавони, чиндан симирган. Ўзига хос тарзда бўлса-да, амалда шундай қилган. У ҳақиқатда дунёни кўрмаган. Лекин йигирма етти йилдирки, бу дунё мазкур кема орқали ўтади ва йигирма етти йил мобайнида у ўша дунёсини кузатади. Ҳамда ўзи учун дунёдан кўнглидагиларни ўмаради.
Бу борада, эътироф этиш керакки, у даҳо эди. У тинглай биларди. Ўқишни ҳам қойиллатарди. Йўқ, асло китобни эмас, бунга баримиз ҳам устамиз – у кишиларни ўқий биларди. Одамларнинг ўзларида зоҳир бўлган ҳаёт изларини: жой, товушлар, ҳид, уларнинг замини, тарихларини… Буларда акс этган ҳамма нарсани. У ҳамма нарсани санарди, изчиллик билан тизимлаштирарди, жой-жойига қўяр ва тартибга соларди… Ҳар куни у ўз миясида чизаётган қутбдан қутбгача бўлган бир бутун борлиқнинг чексиз харитасига кичкина тўртбурчакча қўшарди: бу ҳайратомуз бир бутун харитада улкан шаҳарлар ва барларнинг кунжаклари, узундан-узун дарёлар ва лойқа кўлмаклар, самол­ётлар, йўлбарслар – барчаси акс этганди. У бу харита узра, рэгтайм эврилишлари ортидан бармоқлари клавишлар бўйлаб ўрмалаган пайтда парвозга чиқарди, худди Яратганнинг ўзи каби.

(Ғамгин рэгтайм овози янграйди.)

Мардлик қилиб бир марта бу ҳақда сўрашим учун менга йиллар зарур бўлди. “1900, эй Худойим-эй, нега сен қуруқликка тушмайсан, ҳеч бўлмаганда бир бор дунёни кўзларинг билан, ўз кўзларинг билан кўришга бормайсан? Нега бу сузувчи зиндонда ўтирасан, ахир ўша ўзингнинг Понт-Нефингдан баржа-ю бошқаларига қарашинг мумкин, истаган нарсангни қилишинг мумкин ахир, сен роялда илоҳий оҳангларни чаласан, куйларингдан тингловчилар ақлдан озишади, катта пул ишлашинг, орзуйингдаги энг чиройли уйнинг эгаси бўлишинг, хоҳласанг уни кема шаклида қуриб олишинг мумкин, ким сенга халақит беради, истаган жойингга жўнашинг мумкин, ҳеч бўлмаганда йўлбарслар олдига ёки ўша Бертрэм-Стритга… Эй Худо, ахир қафасдаги маймун каби яшайвермайсан-ку… сен маймун эмас, буюк созандасан, дунё ана – бир қадам нарида, ўртада мана шу лаънати трап ва бир неча аҳмоқона зина, эй Худо-ей, сўнгра эса, охирги зинадан сўнг, бутун дунё бошланади. Нега барига қўл силтаб бу ерни тарк этмайсан, ҳеч бўлмаса бир марта, бир мартагина?”
1900… Нега сен қирғоққа тушмайсан?
Нега?
Нега?
Бу воқеа 1931 йилнинг ёзида, “Виржиниялик”нинг бортига Желли Ролл Мортон чиққанида содир бўлди. Оппоқ кийинган, оқ шляпада. Бармоғига ёнғоқдай олмос тақиб олган.
Ҳар сафар у концерт берганида афишаларга бир хил ёзарди: бугун кечқурун Желли Ролл Мортон – жаз ихтирочиси чиқиш қилади. У чиройли ибора учунгина бу сўзларни ёзмасди, аслида ҳам чиндан жазни ихтиро этганман, деб ишонарди. У пианиночи эди. Доимо стул қиррасига ўтириб олиб чаларди, қўллари капалакларга ўхшарди. Шунчалар енгил кўринардики. У Янги-Орлеандаги ишратхоналарда фаолият бошлаган, ўша ерда клавишларни енгил босишни ва нафис ноталар танлашни ўрганган: юқори қаватдаги ишқпарастлар ортиқча шовқинни кўтаришмаган. Улар тўшак ва дарпардаларни енгил сийпаловчи, ҳеч кимни безовта қилмайдиган куйни исташган. У эса шунақасини чала билган. Бу борада ҳақиқатан унга тенг келадигани бўлмаган.
Кимдир унга 1900 тўғрисида гапириб қолади. Назаримда, ўша йигитдан зўр чаладиганни кўрмаганман, дунёдаги энг буюк пианиночи, дейилган. Ғайритабиий бўлса-да, аслида ҳам шундай эди: ягона кемадан ташқари бирон жойда бир нота ҳам чалмаган бўлса-да, 1900 ўзига хос юлдуз, мўъжаз афсонага айланиб улгурганди. Кемадан тушганлар ажабтовур мусиқа ва гўё тўрт қўлли, ноталарни бир йўла чала олган пианиночи тўғрисида гапириб юришарди. Бу билан боғлиқ қизиқ ҳодисалар ҳам оғизларда юрарди, баъзан чиндан рўй берганлари ҳам бўларди, дейлик, америкалик сенатор Вильсон тўғрисидаги каби. Сенатор бутун саёҳатни учинчи классда ўтказган, чунки 1900 айнан шу ерда кимдир ёзган “тўғри” ноталардан воз кечиб, ўзининг “нотўғри” ноталарини чалган. У ерда – пастда, яна битта рояли бўлиб, уни тушлик пайти ёки ярим кечалари чаларди. Дастлаб у тингларди: қўшиқ айтишларини хуш кўрарди, албатта, жуда хуш ёққанларини, ҳар гал кимдир гармони ёки гитарасини чиқарган чоғда номаълум куйлардан чаларди… Шундай пайтларда 1900нинг бутун вужуди қулоққа айланарди. Кейин эса, бошқалар қўшиқ айтишаётган ёки рақсга тушишаётган пайтда секин клавишларни тера бошлар, муттасил буни давом эттирар, ими-жимида ҳақиқий мусиқа эшитила бошларди, рояль товушларни дунёга келтирарди ва улар бўшлиққа юксаларди; улар чиндан ғайритабиий дунё товушлари эди. Уларда ҳамма нарса мавжуд эди: ердаги барча куйлар, барчаси бир бутунликда. Ҳайратдан ҳайкал бўлиш мумкин эди. Шунинг учун сенатор Вильсон бу оҳанглардан ғишт бўлиб қотиб қолган. Учинчи класс тўғрисидаги миш-мишлар шундан эди: сенаторни – нафис дидлик тимсолини бадбўйликнинг ўртасидан, учинчи классдаги уфунатни яна қандай аташ мумкин, сафар сўнггида куч билан судраб туширишларига мажбур қилган, ўзига қолганда, 1900ни тинглагаб, қолган умрининг сўнгги зерикарли йилларини шу ерда яшаб ўтган бўларди. Ўлай агар, чин сўзим. Барчаси айнан шундай кечган.
Хуллас, кимдир Желли Ролл Мортоннинг олдига келиб, шундай деган: бу кемада бир кимса бор, у роялни истаган кўйга сола олади. Хоҳласа, жаз чалади, хоҳламаса шундайидан чаладики, ўнталаб жаз гуруҳлари ҳам эплолмайдиганидан эшиб қўяди. Желли Ролл Мортоннинг кўпчиликка маълум бўлган жиззакилиги бор эди. У дебди: “Ҳатто ўша тентак кемадан ерга ҳам тушиб кўрмаган одам қандай яхши куй чалади?” Ақлдан озгандек қаҳқаҳа отибди – у – жазнинг отаси! Шу билан ҳаммаси барҳам топган бўлар эди, агар гапни топиб келган кимса шундай деб қолмаганида: “Кул, кулавер-чи, агар у ерга тушадиган бўлса, сен фақат фоҳишахоналарда, яхшилаб бўлса ҳам, фоҳишахоналарда чалишга мажбур бўласан”. Желли Ролл Мортон кулишдан тўхтаб, чўнтагидан ялтироқ қўндоқли мўъжаз тўппончани олибди-да, бу гапларни айтган кимсанинг пешонасига қадабди-ю, аммо отмасдан сўрабди: “Қани ўша пачоқ кеманг?”
Унинг калласига келган нарса дуэль бўлган. У пайтлар – ўша йиллар дуэль модада экан. Кишилар маҳорат бўйича бир-бирларини мусобақага чақириб, ғолибни аниқлашаркан. Бу, айниқса, созандаларга қўл келаркан. Ҳеч қандай қон тўкилмайди, озроқ нафрат, кўнгилдаги қора нафрат, ноталар ва ичкилик бўлса, бас. Дуэль тонггача давом этиши мумкин. Желли Ролл Мортон ҳам океанлик пианиночи ҳақдаги бу тарихга ва бошқа олди-қочди гапларга чек қўйиш мақсадида шунақа дуэлни назарда тутган эди. Бунга таг-туги билан барҳам бериш зарур эди. Муаммо шунда эдики, 1900 портларда тўхтаб турилганда ҳеч қачон чалмасди, чалишни истамасди, тамом-вассалом. Ер, порт узоқдан кўриниши билан у рояль олдидан турарди. У фақат ўзи истаган жойда чаларди. Унинг истаги эса, фақатгина очиқ денгизда – ер узоқ милтиллаган чироққа ёки хотирага, ёки умидга айланиб улгургач туғиларди. У шунақа эди. Агар Миссисипи бўйлаб сузмаса, бирор пароходга қадам босмайдиган Желли Ролл Мортон такрор-такрор сўкинганича чипта харид қилиб “Виржиниялик” кемасига чиқади. “Бу мен ҳаётимда содир қилган энг беъмани қилиғимдир” – деди у ҳақорат аралаш, уни Бостон портига, алоҳида 14-номерга кузатишга келган журналистларга. Кейин эса, каютасини ичкаридан беркитиб, ернинг узоқ чироқларга ёки хотираларга, ёки умидга айланишини кута бошлайди.
1900га келсак, у бу иш билан деярли қизиқмасди ҳам. У ҳатто ўша дуэлнинг нимадан иборат эканлигини ҳам тузук билмасди. Нимага керак? Аммо, барибир унга ҳам қизиқ. Жаз асосчисининг роялда қандай чалишини билгиси келарди. У ўта жиддийлик билан рақибини шундай атарди ва унинг жазни ихтиро этганлигига самимий ишонарди. Ишончим комилки, ундан бирон-бир нарсани ўрганиб олмоқчи ҳам бўлган. Бирон-бир янгиликни. У шундай яратилганди – 1900. Қария Дэннига ўхшаб кетарди: уни ҳам мусобақаларнинг мазмуни, ким ютганлиги мутлақо қизиқтирмасди, бошқа исталган ҳамма нарса ҳайратга соларди. Ҳаммаси, натижалардан бошқа ҳаммаси.
Сузишнинг иккинчи куни, соат 21.37. “Виржиниялик” кемаси соатига 20 узел тезлик билан Европа томон елиб бормоқда, Желли Ролл Мортон, шахсан ўзлари, жозибадор қора кийимда, биринчи класснинг рақслар залида пайдо бўлди. Бу ердагилар нима қилишни жуда яхши билишарди. Раққослар рақсдан тўхташди, биз – оркестрдагилар асбобларимизни қўйдик, бармен вискини олиб, рояль олдига борди ва 1900нинг юзига тик боқди. Унга ҳеч нима демади, аммо барчага эшитилди: “Бу ерни бўшат”.
1900 ўрнидан турди.
– Сиз ўша – жазни ихтиро этган кишисиз, шундайми?
– Шундай. Сен эса таги Океандан ҳовур олсагина куй чаладиган кимсасан, шундайми?
– Шундай.
Улар шундай танишдилар. Желли Ролл Мортон сигарета тутатиб, рояль қиррасига қўйди, сўнгра жойлашиб ўтириб олди-да, чала бошлади. Рэгтайм. Аммо шундай чалдики, бу куйни ҳеч ким бу оҳангда ҳеч қачон тингламаган. Мортон чалмасди, унинг бармоқлари клавишларга тегар-тегмас куй оқарди, худди аёл баданидан силлиқ сирпаниб тушаётган ва аёлни бу билан рақсга ундаётган шойи мисол. Унинг мусиқаси Американинг барча борделларини ифодалаётган эди, аммо бу борделлардаги хонимлар, ҳатто кийимхоналаридагилар ҳам бениҳоя юксак дидли эдилар. Желли Ролл Мортон зўрға эшитиладиган ноталар билан, яна ва яна тиниқ оҳангда, клавиатуранинг энг чеккасида, худди мармар полга кичкинагина гавҳарлар шодаси тўкилгандек тугатди. Сигарета ҳамон ўша жойида, рояль устида ётар, ярми куйиб бўлган, аммо кули тўкилмаганди. Айтиш мумкинки, кул шовқин чиқармаслик учун тўкилмади. Желли Ролл Мортон сигаретани икки бармоғи, ўзининг капалак- қўллари билан олди. Айтганимдек, сигаретанинг кули ҳам тўкилмаганди, эҳтимол, бу қандайдир ҳийладир, билмадим, аммо кул тушмагани рост. Жаз ихтирочиси ўрнидан турди ва 1900нинг олдига бориб, сигаретани унинг тумшуғи олдига яқинлаштирди, бутунлигича, кули билан. Ва сўз қотди:
– Cенинг навбатинг, матросча.
1900 кулиб юборди. У шўхлик қилаётган эди. Жуда жиддий шўхлик. У рояль олдига ўтириб, қўлидан келиши мумкин бўлган энг катта аҳмоқликни қилди. У “Ортга қайтинг, буважон” номли мутлақо беъмани болалар куйини чала бошлади; мусиқани бир неча йил муқаддам бир муҳожирдан эшитганди ва шундан буён бу мусиқадан қутула олмасди, куй унга ёқарди, чин сўзим, тушунмайман, нимаси унга ёқарди, аммо ниҳоятда ёқарди ва уни ниҳоятда жозибадор дея ҳисобларди. Бироқ, бу мусиқа баҳсда яхши далил бўлолмаслиги аниқ. Истасам, мен ҳам чалардим. 1900 уни сал безорилик билан, нималаринидир қолдириб ва ўзидан икки-учта янгилик – вольт қўшиб чалган бўлса-да, бемаъни нарса, бемаънилигича қолаверди. Желли Ролл Мортоннинг юзи янги йил совғасини ўғирлатган боланикига ўхшарди. У 1900га кўзлари билан еб қўйгудек ўқрайиб, яна рояль олдига ўтирди ва ҳатто немис механигини ҳам йиғлатгудек блюз янгради. Худди бутун дунё негрларининг пахтаси бу мусиқада жамланган эди ва созанда гўё бу пахтани ўз ноталари билан терарди. Бу бутун вужудингни бахшида этсанг арзийдиган куч эди. Тингловчиларнинг барчаси ўринларидан туриб кетишди ва қарсак чалиб юборишди. Желли Ролл Мортон пинагини бузмасдан, гўё бу баҳс охири нима билан тугашини билгандек, натижага шубҳа қилмагандек сипо турарди, таъзим этишни хаёлига ҳам келтирмасди.
Энди 1900дан жавоб кутишарди. Куйнинг бошланишиданоқ ёруғлик кутиб бўлмасди, чунки рояль олдига ўтиргани ҳамон кўзлари тўла ёш эди – блюз таъсиридан бўлса керак, у лол қолганди ва уни тушуниш мумкин эди. Бундан-да ўтадиган бемаънилик бўлмас: бошида мил-мил оҳанг бўлишига қарамай, ҳозиргина тинглаган блюзини чалса-я. “Бу куй шунчалар ажойиб эдики”, – деганди у менга кейинчалик ўзини оқлаган бўлиб. Аслида эса у дуэль нима эканлигини билмас, тасаввурга ҳам эга эмасди. Натижада у ўша блюзни такрор чала бошлади. Аммо бошидан шўхчан куй кетма-кет узундан-узун, ўта оғир аккордлар сериясига ўзгарди, унда бутун дунё ғами, ҳасрати акс этарди. У клавиатурани босишдан, ҳар бир аккорддан ҳузур топаётгандек, уларни бир-биридан кескин тафовутлаб, берилиб чалди. Бу фақат ўзига ёқди, чунки у тугатгач, бир неча киши ҳуштак чалиб юборди.
Шу пайтга келиб Желли Ролл Мортоннинг сабри битди. У рояль олдига юриб эмас, югуриб келди. Эҳтимол, у 1900га сўзларини шивирлаб айтгандир, аммо ҳамма аён эшитди:
– Хўш, энди кўзингга кўрсатаман, атала!
Ва чалиб ташлади. Йўқ, “чалди” – бу аниқ сўз эмас. Бу жонглёрлик эди. Акробатика. 88 та оқ-қора клавиатурада нима қилиш мумкин бўлса, у қила билди. Ғайритабиий тезликда. Биронта ҳам нотада қадалмасдан, юзининг бирор-бир асаб толаси титрамасдан. Бу мусиқа ҳам эмасди – сеҳргарлик, жодугарлик, мукаммаллик ва нодирлик эди. Бу мўъжиза эди, онт ичаманки, мўъжиза. Одамлар ақлдан озиб қолишди. Улар чинқиришар ва қарсак чалишарди. Улар ҳеч қачон бунақасини эшитишмаганди. Вазият янги йил байрамини эслатарди. Мен ғала-ғовурда 1900нинг олдига ёриб ўтдим ва уни ўта ҳафсаласи пир бўлган қиёфада кўрдим. У менга бир қараб олиб, сўз қотди:
– Ахир унинг бир пулга қиммат, ночор…
Мен жавоб бермадим. Нима дейишимни билмасдим. У менга энгашди ва сўради:
– Менга сигарета бер. Бер, бер…
Бу шунчалик кутилмаганда бўлди, беихтиёр унга сигарета узатдим. Гап шундаки, у ҳеч қачон чекмаган. У папиросни олди, орқасига бурилди ва тўғри роялга бориб ўтирди. Зал аввал тинчиган бўлди, унинг чалмоқчи бўлганини тушунди, кейин заҳарханда луқмалар, кулги ва ҳатто ҳуштак эшитилди; инсоннинг табиати шундай: мағлубларга муносабати чўчқасимон бўлади. 1900 зал тўлиқ тинчигунича сабр қилди. Кейин у бар олдида қадаҳ тўла шампан тутган Желли Ролл Мортонга бир қур назар ташлади ва гап қотди:
– Ўзинг шуни истадинг, катта пианиночи.
Сигаретани роялнинг қиррасига қўйди.
Тутатмасдан.
Ва чала бошлади.

(Ақл бовар қилмас фортепьяно пьесаси жаранглайди, худди тўрт қўллаб чалинаётгандек. У кўпи билан ярим минут чўзилади ва қудратли аккордлар жаранги билан тугайди. Актёр мусиқа тугашини кутади, сўнгра давом эттиради.)

Мана шундай.
Тингловчиларнинг дами чиқмасди. Сеҳрлангандек. Ҳаммаси оғизлари очилганча одатий роялга бақрайиб қараб ўтиришарди. Охиригача шундай қолишди, сукунатда қилт этишолмасдан, ҳатто финалдаги аккордларнинг даҳшатли вулқонидан сўнг ҳам юз жуфт қўл чалаётгандек, рояль ҳозир портлаб кетадигандек туюларди. 1900 бу ақлдан оздирадиган сукунатда ўрнидан турди, менинг сигаретимни олди, клавиатурага энгашди ҳамда сигаретани симларга теккизди.
Енгил чисирлаш.
Сигаретани рояль узра баланд кўтарди, у туташган эди.
Онт ичаман.
У бирам чиройли ёнарди.
1900 сигаретани кичкина шам мисол ушлаб олганди. У чекмасди ва ҳатто бармоқлари билан уни қандай тутишни ҳам билмасди. У Желли Ролл Мортон томонга бир неча қадам ташлади. Сигаретани узатди:
– Чек. Мен бунга устамасман.
Шундагина томошабинлар ўзига келишди. Бу олқиш ва бақириқларнинг чўққиси эди; жиннихона, бошқача айтишни билмайман, чунки ҳеч қачон бунақасини кўрмаганман – ҳамма қичқиради, ҳамма 1900ни ушлаб кўришни хоҳлайди, ҳеч нарсани тушуниб бўлмайди. Мен эса уни, Желли Ролл Мортонни кузатардим. У бу тартибсизликда ёлғиз турарди, асабий ҳолда лаънати сигаретани тортарди; қиёфасига қандай ниқоб тутишни ўйларди, аммо сира топа олмас, ҳатто кўзларини қаерга яширишни билмасди; бир маҳал унинг қўли қалтираб кетди, аниқ қалтиради ва мен буни ўзим кўрдим, ҳеч қачон унутмайман, қўли шунчалик кескин титрадики, сигаретанинг кули тўкилди, тўкилганда ҳам олдин қора костюмига ва кейин сирғалиб, лакланган қора ботинкасининг ўнг пойига тушди, у оёғига қаради, мен яхши эслайман, ботинкага, кулга қараб олди ва тушунди, тушуниш керак бўлган ҳамма нарсани англади, англагач, орқага бурилиб, секин силжиб, қадам-бақадам, инжа ҳаракатларда ҳатто ботинкасидаги кулни ҳам туширмасдан улкан зални кесиб ўтди ва кўздан йўқолди. Қора лакли пойабзал, устида бир чимдим кули билан ўз соҳибини олиб кетарди ва бу дуэлда ким ғолиб чиққани кундай равшан эди.
Желли Ролл Мортон сайрининг давомини ўз каютасида қамалганча ўтказди. Саутхэмптондаги биринчи бекатдаёқ “Виржиниялик”ни тарк этди. У кейинги кун Америкага жўнаб кетди. Бошқа кемада. У на “Виржиниялик”, на 1900 ва на бошқа нарса ҳақда билишни истарди. У уйига қайтишни хоҳларди, тамом-вассалом.
Учинчи класс бўлмасидан, устунга суянган ҳолда 1900 унинг қойилмақом оқ костюмда ва қатор ялтироқ чамадонлар билан нариги қирғоққа тушишини кузатарди. Эсимда қолгани у айтган бир оғиз гап бўлди:
– Жазини ҳам илиб қўяй.
Ливерпуль – Нью-Йорк – Ливерпуль – Рио-де Жанейро – Бостон Корк – Лиссабон – Сантьяго-ди-Чили – Рио-де Жанейро – Антиль ороллари – Нью-Йорк – Ливерпуль – Бостон – Ливерпуль – Гамбург – Нью-Йорк – Гамбург – Нью-Йорк – Женева – Флорида – Рио-де Жанейро – Флорида – Нью-Йорк – Женева – Лиссабон – Рио-де Жанейро – Ливерпуль – Нью-Йорк – Корк – Шербург – Ванкувер – Шербург – Корк – Бостон-Ливерпуль – Рио-де Жанейро – Нью-Йорк – Ливерпуль – Сантьяго-ди – Чили – Нью-Йорк – Ливерпуль, Океан – ва биз ўртасидамиз. Ва ўша жойда, шу нуқтада, сурат узилиб тушди.
Мени суратлар билан содир бўлган бундай воқеалар доим қизиқтирарди. Йиллаб осилиб туради, кейин тўсатдан ўзидан-ўзи, такрорлайман, ўзидан-ўзи, хўп ва узилиб тушади. Яъни, михда осилиб турган нарса, ҳеч ким тегинмаса ҳам, аммо муайян бир дақиқада, хўп – худди тош каби тушади. Бирон-бир сабабсиз. Нега энди айнан шу дақиқада? Ноаниқ. Хўп!
Михга нима бўлган, нима уни бунга мажбур қилган: балки, бошқа чидолмас? Наҳотки унинг, бечоранинг ҳам қалби бор? Ва шу қалби билан қарор қилганми? Мих ва сурат буни узоқ маслаҳатлашишган, бунинг яхши эканлигига ишончлари комил бўлмаган, улар барча тунларни шу ҳақда гаплашиб ўтказишган, кейин санасини, вақтини белгилашган ва мана – хўп! Улар вақтини олдиндан, энг бошидан билишган, иккаласи ҳам: мих ва сурат олдиндан келишиб олишган, қара, мен сени етти йил давомида ушлаб тураман, менга бу етарли, маъқулми, унда келишдик, 13 май, маъқул, соат олтида, йўқ, яхшиси, ўн бешта кам олтида, розиман, унда хайрли тун! Олти йил ўтгач 13 майда, ўн бешта кам олтида – хўп! Тушуниб бўлмайди. Тўғриси, шундай нарсалар борки, уларни қанча кам ўйласанг, шунча яхши, акс ҳолда ақлдан озасан. Сурат узилиб тушганда шундай бўлади. Эрталаб аёлнинг қўйнидан туриб, уни бошқа севмаслигингни бирдан тушуниб етганингда ҳам. Газетани очиб, уруш бошланганини ўқиганингда ҳам. Кўзгуга қараб қанчалик кексайганингни сезганингда ҳам. Океаннинг қоқ ўртасида 1900 кўзини тақсимчадан узиб сенга қараб сўз айтганда ҳам: “Етти кундан кейин Нью-Йоркда кемадан тушаман”.
Ва мен қотиб қоламан.
Хўп!
Суратга савол беролмайсан. 1900га эса мумкин. Мен қисқа вақт уни тинч қўйдим, кейин эса жонига тегиб кетдим, тушунишни истардим, нега шундай қарорга келди, битта кеманинг ўзида одам ўттиз икки йилни ўтказса-да, бирдан уни тарк этишга шайланиб қолса, ўзининг энг яқин дўстига ҳам сабабини тушунтирмаса, ахир қандайдир сабаби бор.
– Мен у ерда, пастда, бир нарсани кўришим керак, – деди у.
– Қандай нарсани?
У айтишни истамасди. Бунинг сабабини айтишга мажбур қилганимдан кейингина тушундим:
– Денгизни.
– Денгизни?!
– Денгизни.
Буни қаранг-а. Мен ҳар балони кутгандим, аммо буни эмас. Ҳеч ишонгим келмасди. Ишонмасдим ҳам бундай аҳмоқ қилишларига. Бу асрнинг жуда катта бемаънилиги эди.
– Ўттиз икки йилдан буён кўриб келаяпсан-ку уни, денгизни, 1900!
– Бу ердан. Мен уни у ёқдан кўришни истайман. Бу бир нарса эмас.
Худо ҳаққи. Мен ёш бола билан гаплашаётгандек эдим.
– Яхши, хўп. Портга келишимизни кут, қирғоққа туш ва баҳузур кузат, барибир-ку.
– Йўқ, барибир эмас.
– Ким айтди сенга?
Бу ҳақда эса унга Бастер исмли кимса айтган. Линн Бастер. Деҳқон. Қирқ йил умр кечиради, ҳайвондек ишлайди холос, яшамайди. Уларнинг кўрганлари меҳнат. Ярмарка кунларидаги бир ёки икки марта бориладиган хароб кулбаларидан бир неча километр наридаги катта шаҳар. Аммо бу омадсизни бир гал қурғоқчилик ҳамма нарсадан мосуво қилган, хотини руҳоний билан негадир қочиб кетган, болаларини эса ичбуруғ нобуд қилган, иккаласини ҳам. Хуллас, бундан ўлгани яхши эди. У жандаларини ортмоқлаб Лондонга етиш учун бутун Англия бўйлаб яёв жўнайди. Йўлни билмай, Лондон ўрнига, ярим унут қишлоққа келиб қолади; йўл бу ердан икки марта бурилиб, тепаликдан ошгач, беихтиёр денгизга олиб чиқади. У ҳеч денгизни кўрмаганди ва денгиз унга чақмоқдай таъсир қилади. Сўзларига кўра, денгиз уни ҳаётга қайтарган. У шундай таърифлаган: “У қудратли паҳлавоннинг қичқириғини эслатади, қичқиргани-қичқирган, тинимсиз шундай деб бақирарди: гўсхўр эрлар тўдаси, ҳаёт чексиз, сиз буни тушунасизми, йўқми? Чексиз!” У, Линн Бастер, илгарилари бу тўғрида ҳеч ўйламаганди. Бундай нарсаларни ўйлаш хаёлига келиши ҳам мумкин эмасди. Натижада унинг миясида инқилоб содир бўлган.
Эҳтимол, 1900 билан ҳам шундай ҳодиса содир бўлгандир… унинг миясига ҳам ҳеч қачон ҳаёт чексиз, деган фикр келмагандир. Балким, у бу ҳақда шубҳага боргандир, аммо ҳеч ким унга буни таъкидлаб қичқирмаганди. Шунинг учун у ўша Бастерни минг марталаб бақироқ денгиз тарихини айтиб беришга мажбурларди ва ниҳоят, ўзи ҳам буни ҳис этиб кўришга қарор қилганди. У буни менга тасвирлар экан, қиёфасидан ички ёндирув двигатели тўғрисида нутқ ирод қилаётганга ўхшарди, бу шунчалар илмий нутқ эдики.
– Мен бу ерда, кемада ҳам қолишим мумкин, аммо денгиз менга ҳеч қачон ҳеч нарсани айтмайди. Агар мен тушсам, ерда яшайман ва ер кўп йиллар мен учун оддий уй бўлиб қолади ва ўзим ҳам одмилашаман, токи бир кун уйимни тарк этмас эканман ва бирор бир қирғоққа келиб, кўзимни очиб денгизни кўрмас эканман, бўлмайди… ўшандагина денгизни кўраман ва қичқириғини эшитаман.
Илмий. Асрнинг энг илмий сафсатаси. Мен буни юзига айтишим мумкин эди, аммо айтмадим. Бу унчалик осон эмасди. Гап шундаки, мен уни, 1900ни ҳурмат қилардим ва унинг қачонлардир кемани тарк этишини, пастда, қуруқликда одамлар учун куйлар чалишини, кўхликкина аёлга уйланиб, болали бўлишини ва ҳоказоларни, ҳаётий зарур нарсаларни орттиришини истардим. Ҳаёт балки унчалик чексиз эмасдир, бироқ ширин, фақат буни ҳис этиш учун озроқ омад ва яшаш иштиёқи бўлса, бас. Хуллас, бу денгиз тўғрисидаги воқеа мен учун ҳақиқий сиқилиш, задалик эди, аммо 1900ни бу ердан олиб кетиш мумкин экан, ҳар нега розиман. Охир-оқибатда натижа яхши бўлади, деган хулосага келдим. Мен унга қарори тўғрилигини ва ундан хурсандлигимни айтдим. Шунингдек, ўзимнинг туя жунидан тўқилган пальтомни совға қилишимни ҳам гап орасида қистириб ўтдим, токи трапдан қирғоққа тушаётганда пальтода омадли ва кўп нарсага эришаётган киши бўлиб кўринсин. У ҳаяжонланиб кетди:
– У ерда, қуруқликда, мени кўргани баъзан келиб турасанми?
Эй Худо, мана шу еримга – бўғзимга тош тиқилди, агар хоҳласа, у мени ўлишга ҳам мажбур қила оларди. Хайрлашишни жуда ёмон кўраман, шундан одатдагидан баландроқ овозда кула бошладим, вазият жуда оғир эди, мен унга жавоб бердим: албатта, уни кўргани келиб тураман ва биз унинг итини олиб кенгликларда сайр қиламиз, хотини бизга курка пишириб беради ва ҳоказо; яна қандай аҳмоқона гапларни айтганимни эслай олмайман, у эса куларди; аммо иккаламиз ҳам ўзимизча гап нимадалигини билардик: энди ўтмишдаги ҳаёт барҳам топмоқда ва бунга ҳеч нарса халақит беролмайди, шундай бўлиши ҳам керак ва ҳамма нарса шундан далолат берарди: Дэнни Будмен Т.Д.Лемон 1900 “Виржинялик”ни февраль кунларининг бирида Нью-Йорк портида тарк этиши лозим. Денгизда кечган ўттиз икки йилдан сўнг, у қуруқликка денгизни кўриш учун қадам қўйиши керак эди.

(Қадимий балладаларни эслатувчи куй таралади. Актёр 1900нинг кийимида трапнинг юқори зинасида пайдо бўлиш учун қоронғиликка чекинади. Туя жунидан пальто кийган, кўк шляпа, қўлида катта чамадон; у Нью-Йорк томонга қарайди. Кейин аста-секинлик билан биринчи, иккинчи, учинчи зиналарга қадам қўяди. Ва шу ерда мусиқа кескин тўхтайди, 1900 “қотиб” қолади. Актёр шляпасини ечиб, томошабинларга қарайди.)

Учинчи зинада у тўхтади. Кутилмаганда.
– Нима бўлди? Ёмон нарсани босиб олдингми? – деди ҳеч қачон ҳеч нарсанинг тагига етмаган, аммо ҳар доим ажойиб кайфиятда юрадиган ирландиялик Нил О’Коннор.
– Бирон нарсани унутган, – тахмин қилдим мен.
– Нимани?
– Ким билади нима эканлигини…
– Балким, у нега тушмоқчилигини унутгандир?
– Қўйсанг-чи сафсатани.
Аммо нимагадир у тўхтади-ку: бир оёғини иккинчи, бошқасини учинчи зинага қўйиб. Ва шу ҳолатда жуда узоқ турди. У олдинга тикилиб турар, ниманидир ахтараётгандек туюларди. Кейин тушуниб бўлмайдиган ишни қилди: шляпасини қўлига олиб, зинадан ташқарига тутди ва ташлаб юборди. Ғаройиб қушга ёки қанотли кўк нарсага ўхшаш шляпа шамолда бир-икки ўмбалоқ ошиб денгизга қўнди. Тўлқинда чайқала бошлади. Йўқ, шубҳасиз, бу номаълум нарса эмас, ҳақиқий қушнинг ўзгинаси эди. Биз нигоҳимизни сувдан узиб, трапга қараганимизда 1900нинг туя жунли пальтосида – менинг туя жунли пальтомда, ўша икки зинапоядан бутун дунёга елка бурганича ғалати илжайиш билан кўтарилганини кўрдик. Икки қадам ташлади-ю, у кема ичкарисида кўздан ғойиб бўлди.
– Кўрдингми? Янги пианиночи келди, – деди Нил О’Коннор.
– Айтишадики, энг буюкларнинг буюги эмиш, – дедим мен. Ва бу пайтда хафалигимни ҳам, ниҳоятда хурсандлигимни ҳам билолмасдим.
Ўша лаънати учинчи зинада у нимани кўрганлигини менга айтишни хоҳламасди. Бу галги сузишимизда ва яна кейинги икки мартасида 1900 бир оз ўзини бесаранжом сезиб юрди: одатдагидан камроқ гапириб, кўпроқ хаёлга берилди. Биз уни саволга тутмасдик. Жиғига тегмасдик. У эса ўзини ҳеч нарса бўлмагандек тутарди. Унга нимадир бўлганлиги кўриниб турарди, бироқ ҳеч ким сўролмасди. Бир неча ой шундай давом этди. Лекин 1900 кутилмаганда менинг каютамга кириб келди ва оҳиста, бир нафас олишда ушбу гапни айтди: “Пальто учун раҳмат, менга жуда ярашарди, эсиз, уни кийиб барчани қойил қолдирсам бўларди, аммо энди ҳамма нарса ўз изига тушаяпти, ҳаммаси ўтиб кетди, сен мени бахтсиз деб ўйламаслигинг керак, мен энди ҳеч қачон бахтсиз бўлмайман”.
Менга келсак, уни бебахт дея ўзимни ишонтирмаганман. У бахтлимикан, дея ўйлаш мумкин бўлганлар тоифасидан эмасди. У 1900 эди, тамом-вассалом. Уни бахтли ёки изтироб чекмоқда, деган фикр хаёлимга ҳам келмасди. У гўё бундай нарсалардан халос эди, ўзи ҳам бу ҳақда ўйламайдигандек туюларди. Унинг мусиқаси бор, бошқаси ҳисоб эмас.
“Сен мени бахтсиз деб ўйламаслигинг лозим, мен энди ҳеч қачон бахтсиз бўлмайман”. Бу гап мени ҳайратга солди.
У буни ниҳоятда жиддийлик билан, қаерга бориб, қаерга келишини жуда яхши биладиган киши қиёфасида айтди. Бунда, худди у рояль олдига ўтириб чала бошлаганида қўллари адашмаслиги каби: клавишлар ундан унинг ноталарини кутгандек ва ноталар ҳам уларга, фақат уларга мўлжаллангандек равшанлик зоҳир эди. У бу ноталарни шу ернинг ўзида, рояль олдида ижод қилаётгандек таассурот уйғотарди – аслида эса, 1900 ўша куни ўз ҳаётининг оқ ва қора клавишлари қаршисида ўтириб, уларда бемаъни ва доҳиёна, азобли, аммо гўзал, дунёдаги энг нозли мусиқани ижро этишга қарор қилганди. Бу куй остида у ҳаётида бошидан кечириши керак бўлган ҳамма нарса рақсга тушиши керак эди. Токи у ҳеч қачон ўзини бахтсиз сезмасин.
Мен “Виржиниялик”ни 1933 йилнинг 21 августида тарк этдим. Унинг бортига кўтарилганимга ҳам олти йил бўлди. Назаримда, бу умримнинг каттагина қисми эди. Кемани бир кунга, бир ҳафтага эмас, бутунлай тарк этдим. Тегишли ҳужжатлар, ишлаган йилларим учун маош ва бошқалар билан. Рисоладагидек. Мен Океанга чек қўйдим.
Менга бу ердаги ҳаёт ёқмасди, деёлмайман. Бу ерда кечган умр учун ўзига хос тарзда товон ундириш мумкин эди. Аммо ўзимни бу ҳол узоқ давом этади, дея ишонтиролмадим. Албатта, касбинг денгизчи бўлса, унинг йўриғи бошқа, денгиз – сенинг иш жойинг, чурранг тўкилмагунча ёки ўзингни ўз ўрнингда деб ҳисобласанг, охиригача юраверишинг мумкин. Бироқ созанда учун… Мабодо сен карнай чалсанг, денгизга бегонасан ва шундайлигингча қоласан. Эртами, кечми уйга қайтиш фикрига келасан ва бу тўғри. Мен эса, эртароқ шу фикрга келиб тўғри қилдим, дейман ўзимга.
“Эртаси маъқул”, – дедим мен 1900га ва у тушунди. Мени трапдан кузатишни хоҳламаслиги тушунарли эди, бироқ бу ҳақда гапиришни… у буни ҳеч қачон айтмаган бўларди. Шундай қилгани ҳам маъқул эди. Сўнгги кечада икковимиз биринчи классда одатдаги бекорчилар учун куй ижро этардик, соло чалиш навбати меники эди, бошлаганим заҳоти – куйимга жўровоз бўлаётган пастроқ оҳангдаги мулойим рояль овозини эшитдим. Сўнгра биз бирлашдик ва мен бу сафар билганимдан кўра яхшироқ чала бошладим. Эй, Худо, мен Луис Армстронг эмасдим, аммо ўша тунда ундан-да ёмон чалмадим, ўлай агар, 1900 жўрлигида: у мен чалаётган солога жўр оҳанглик қилар ва буни фақатгина ўзига хос тарзда амалга оширарди. Бошқа созандалар бизга концертнинг анчайин катта қисмини жуфтликда, карнайда ва роялда ижро этишга имкон беришди; биз бунда ҳеч сўз билан айтилмайдиган нарсалар тўғрисида гаплаша олдик, мен шундай ўйлайман. Атрофимиздагилар рақсга тушишарди, ҳеч нарсани англашмасди, ҳеч нарса бўлмаётгандек чарх уришарди. Эҳтимол, кимдир шеригига шундай дегандир ҳам: “Анови карнайчига қарагин, масхарабознинг ўзгинаси – у ғирт маст ёки девона. Эътибор бер: у йиғлаб чалаяпти”.
Мен қирғоққа тушганимдан кейинги воқеалар қандай ривожланганлиги, энди бошқа қисса. Балким, шу лаънати урушга аралашмаганимда бирон арзигулик ишга қўл урармидим. Уруш турмушимни шунчалик чигаллаштириб юбордики, охир-оқибат калавамнинг учини бутунлай йўқотдим. Содир бўлаётган воқеаларнинг тагига етишга ақлим етмасди. Менда керакли фазилатлар йўқ эди. Мен карнай чалишни билардим холос. Созандалик малакаси – уруш кетаётганида шунчалик кераксиз ҳунар эдики, ҳайратдан лол қотгандим. Уруш эса ўз комига тортар ва сен ҳарчанд уринма, ундан қутулолмас экансан.
Ҳар нима бўлган бўлса-да, “Виржиниялик” ҳақида ҳам, 1900 тўғрисида ҳам кўп йиллар ҳеч нарса эшитмадим. Уларни унутмаган эдим, ҳеч қачон унутмасдим ҳам, ҳатто ўзимдан ўзим сўраган пайтларим бўлган: “Қизиқ, 1900 бундай пайтда нима қилган бўларди, шу ерда бўлганида нима дерди? Балким, урушни илганим бор, дермиди?” Бу сўзларни овоз чиқариб айтсам, бутунлай бошқача таъсир кўрсатади. Жуда ҳам ночор аҳволда қолганимда эса, кўзимни юмганимча фикран у ерга, кеманинг учинчи классига қайтардим: опералардан ариялар куйлаётган эмигрантларни, қандайдир ўз куйини чалаётган 1900ни тинглардим, унинг қўлларини, юзини ва атрофидаги Океанни кўрардим. Мен хаёлотга ва хотираларга берилардим – бу гоҳида қутулишимнинг якка-ю ягона йўли бўлиб қоларди, бошқа чора йўқ эди. Бундай рўёларга берилиш камбағал учун таскин, бироқ бу ҳам кўп иш берарди.
Хуллас, бу тарих тугади. Ёки тугагандек кўринарди. Лекин кунлардан-бир кун мактуб олдим, уни Нил О’Коннор, ўша тинимсиз ҳазил қиладиган ирландиялик ёзибди. Бироқ унинг хати жиддий эди. Унинг ёзишича, “Виржиниялик” урушда яроқсиз ҳолга келиб қолган, ундан сузувчи госпитал сифатида фойдаланишган, уруш сўнггида кераксиз матоҳдан қутулишмоқчи. Тирик қолган экипаж Плимутда туширилган, кемани динамитга тўлдиришган, бир қанча вақтдан сўнг очиқ денгизга судраб чиқиб, портлатишади: бум! Алвидо! Хатнинг қуйироғидаги илова: “Сенда юз доллар топиладими? Онт ичаман, уларни сенга қайтараман”. Яна қуйироқда: “1900 қирғоққа тушишни ҳам ўйламаяпти”.
Фақат бир жумла: “1900 қирғоққа тушишни ҳам ўйламаяпти”. Мен хатни бир неча кун қўлимдан қўймадим. Кейин поездга ўтириб Плимутга етиб келдим, “Виржиниялик”ни излаб портга жўнадим, топдим, қўриқчига бир оз пул қистириб, кемага кўтарилдим, уни тумшуғидан бошлаб, тубигача қараб чиқдим, машина бўлимига тушиб, яшикларнинг бирига, кўринишича, динамит тўлдирилганига ўтириб, шляпамни ечдим, полга қўйдим ва нима қилишимни билмай қолдим.
… Мен ўша ерда ўтирганимча ўзимга, атрофимга қараб сукутда қотдим/ Динамит, унинг тагида динамит, ҳамма жойда динамит/
Дэнни Будмен Т.Д.Лемон 1900
Чаладиган ноталарингни ҳар доим билганингдек, менинг келишимни ҳам билишингни айтганингда эди… Чеҳранг кексайган, бироқ бундан янада кўркамлашган ва ҳеч қандай чарчоқ изи йўқ/ Кемада биронта чироқ йўқ, фақат ташқаридан ёриб кираётган нурлар/ Ўша туннинг қандай бўлганлигини билишса эди/ Тугмалари тўлиқ ўтказилган камзул, тозаланган туфли, оппоқ қўллар/ Қирғоққа тушиш, наҳотки шундай фикр унинг калласига келган бўлса/ Нимқороғиликда у шаҳзодага ўхшарди/ Ахир унинг калласига қирғоққа тушиш фикри келиши мумкинмиди, йўқ, албатта, у очиқ денгизда, кема қолдиқлари билан осмонга учишни афзал биларди/ Буюк якун, агар бунинг барчасига қирғоқдан, тўсиқлардан қаралса, улкан сунъий олов, дўзахий олов, парда тушади, тутун ва гулхан, охирида тўлқин зарби/ Дэнни Будмен Т.Д.Лемон/ 1900/ Қоронғиликка чўккан ўша кемада, у ҳақдаги сўнгги хотира – овоз, зўрға эшитиладиган адажио тилга киради/

(Актёр 1900га айланади)

Ваҳимали шаҳар… у бу якунни кўрмаган…/
Финал, марҳамат, сиз финални кўрсатолмайсизми?/
Ва гумбурлаш/
Ўша, худо безор, зинада… ҳаммаси жуда чиройли эди… пальтода салобатли эдим, ўз омадим билан учрашувга йўл олгандим, шубҳам йўқ эди, мен ерга тушардим, бу мен учун муаммо эмасди/
Менинг кўк шляпамда/
Биринчи зина, иккинчи зина, учинчи зина/
Биринчи зина, иккинчи зина, учинчи зина/
Биринчи зина, иккинчи зина/
Мен кўрган нарса мени тўхтатмади/
Мен кўрмаган нарса мени тўхтатди/
Сен буни тушуна оласан, биродар, кўрмаган нарсам мени тўхтатди… мен уни истагандим, бироқ у йўқ эди чексиз шаҳарда, унигина мустасно қилганда ҳамма нарса бор эди/
Ҳамма нарса бор эди/
Лекин якун йўқ эди. У – мен кўролмаган нарса, у ерда – ҳамма нарса интиҳо топадиган жойда турибди. Дунёнинг чеккасида/
Энди эса роялни тасаввур қил. Клавишлар бошлайди. Клавишлар тугатади. Сен биласанми, улар 88 та ва бу борада ҳеч ким сени доғда қолдирмайди. Яъни улар чексиз эмас. Сен, сен чексизсан. Бу клавишларда сен яратишинг мумкин бўлган оҳанглар чексиз. 88 – уларнинг чегараси. Сенда эса чегара йўқ… Бу менга ёқади. Булар билан яшаш мумкин. Бироқ агар сен/
Бироқ агар мен бу зиналар бўйлаб кўтарилсам ва менинг олдимда/
Бироқ мен агар бу зиналар бўйлаб кўтарилсам ва менинг олдимда миллион-миллионлаб ва миллиардлаб клавишли клавиатуралар пайдо бўлса/
Миллион ва миллиардлаб клавишлар ҳеч қачон тугамайди ва бу асл ҳақиқат – уларнинг тугамаслиги, бу клавиатуранинг чексизлиги/
Агар бу клавиатура чексиз бўлса, унда /
Лекин бу клавиатурада сен чалишинг мумкин бўлган куй йўқ. Сен ўрнингни адаштирибсан, сенинг ўрнинг Худо ўйнаётган рояль олдида /
Тангрим, сен бу йўлларни кўрдингми?
Фақат йўллар, улар ҳаддан ортиқ кўп, сиз – қуруқликдагилар, улардан бирини қандай танлайсиз, ўзимники деб /
Ўз аёлингизни-чи?
Ўз уйингизни, ўз ерингизни, кўргингиз келадиган ўз табиатингизни, ўз ўлимингизни /
Бу дунёни /
Сен ҳатто қаерда тугашини ҳам билмайдиган атрофингдаги борлиқни /
Ва у қанчалик муаззам /
Сиз ҳеч қачон минглаб бўлакларга бўлиниб, сочилиб кетишдан қўрқмайсизми бу муаззамдан, бу муаззамлик ҳақда ўйлаганингиздан, у ерда яшаганингиздан…/
Мен бу кемада туғилганман. Дунё шу ердан ўтган, ҳар ўтганида икки минг кишидан бўлиб ўтган, уларнинг орзулари ҳам шу ерда эди, бироқ улар кеманинг қуйруғи ва тумшуғи орасига сиғадиган даражада бўлиб, ундан зиёд бўлмасди. Мен ўз бахтимни чексиз бўлмаган клавиатурада ижро этардим.
Мен дунёни шу зайлда англардим. Ер – у ҳам шу кемадай нарса, шунчаки у мен учун ҳаддан зиёд улкан. Бу ниҳоятда чўзилиб кетган сузиш. Бу ҳаддан гўзал аёл. Бу ўта ўткир ҳид. Бу мен чалишни билмайдиган куй. Мени кечирасиз. Бироқ, мен тушмайман. Ортга қайтишга ижозат берсангиз.
Марҳамат /
Энди эса мени тушунишга ҳаракат қил, биродар. Тушунишга ҳаракат қил, агар қўлингдан келса /
Дунё бутун борлиғи билан менинг кўзларимда акс этади /
Қўрқинчли, аммо гўзал /
Ҳаддан зиёд кўркам /
Мени ортга қайтарган қўрқув ҳам,
Яна кема ва яна абадий /
Кемача /
Бу олам кўзларимда, ҳар кеч, яна ва яна /
Шарпалар /
Ўлимга тайёрман, агар менга ижозат берилса /
Қирғоққа тушиш хоҳиши /
Бундай қилишдан қўрқув /
Шу тарзда ақлдан озасан /
Ақлдан /
Нимадир қилишим керак эди ва мен бажардим /
Мен уни олдин тасаввур этдим /
Кейин амалга оширдим /
Кунма-кун узоқ йиллар /
Ўн икки йил /
Миллиард лаҳзалар /
Кўз илғамас ва жуда секин силкиниш /
Кемани тарк этишга қодир бўлмаган мендек одам қутулиш учун ҳаётни тарк этдим. Зинама-зина. Ҳар бир зина ўзга орзунинг ифодаси эди. Ҳар қадамимда бирон-бир орзу билан “видолашардим”.
Телба эмасман, биродар. Биз телба эмасмиз, қутулиш учун йўл топа билдик-ку. Биз айёрмиз, худди очкўз йиртқичлар мисоли. Телбаликнинг бунга дахли йўқ. Бу – даҳолик. Бу – геометрия. Мукаммаллик. Истаклар қалбимни тимдаларди. Мен улар билан бирга яшамоқчи бўлдим, аммо қўлимдан келмади.
Шунда мен уларни жодуладим.
Бирин-кетин уларни ортимда қолдирдим. Геометрия. Мукаммаллик. Дунёдаги барча аёлларни мен жодуладим, тун бўйи, териси тиниқ, қўллари тақинчоқларсиз, оёқлари оҳуникидек бир аёл учун чалдим, у менинг куйларим оҳангида бошини тебратарди, кулмасди, нигоҳини олиб қочмасди тун бўйи, мен юксалтирдим, бу аёл эмас, балки бутун дунё аёллари менинг ҳаётимдан изсиз кетдилар. Мен ўзим ҳеч қачон ўхшашни истамаганим отам­ни жодуладим, жон бераётган бола олдида бир неча кун қараб ўтириб, қўрқинчли ва гўзал спектаклдаги ҳеч бир саҳнани ўтказиб юбормадим, у тарк этишидан олдин бу дунёда кўрадиган сўнгги нарса бўлмоқчи эдим ва у эмас, балки энди мен ҳеч қачон кўролмайдиган ҳамма болалар жон беришди. Еримни, дунёнинг қайсидир бурчагидаги ўз заминимни шимолдан келаётган инсон қўшиғини тинглай туриб жодуладим, сен ҳам уни эшитгансан ва кўргансан, ахир кўргансан, водийларни, тоғларни, сокин оқувчи сувларни, қор-зумрадни, тун бўриларини, бу инсон қўшиғини тугатганда эса, менинг заминим ҳам, қаерда бўлмасин, менинг заминим ҳам барҳам топди. Орзулаган дўстларимни ҳам сеҳрладим, ўша кеча сен билан, сен учун чалиб, мен уларнинг барчасини, энг севимли ошналаримни, сенинг қиёфангда, кўзларингда кўрдим, сен кетгач, уларнинг барчаси ортингдан кетдилар. Шимолий денгизларда азим ва ваҳшатли муз тоғларининг иссиқдан маҳв бўлганлигини кўрдиму ҳайратда “алвидо” дедим. Мен уруш бўлакларга бўлиб ташлаётган онларда кулаётган одамларни кўриб мўъжизаларга “алвидо” дедим. Мен динамитлар билан тўлдирилган бу кемани кўриб, ғазабга “алвидо” дедим. Мен бир тунда, бир лаҳзада барини чалишга улгурганим мусиқамга ўша кунда “алвидо” дедим, яна сенинг бу ерга кириб келаётганингни кўриб, қувончни ҳам сеҳрладим ва унга “алвидо” дедим. Бу ақлдан озиш эмас, биродар. Бу – геометрия. Бу – нозик бир юмуш. Мен бадбахтликни қуролсизлантирдим. Уларни ажратиб ташладим: менинг умрим ва менинг орзуларим. Агар менинг йўлимни босиб ўтолганингда эди, сен уларнинг барини учратардинг, бирин-кетин, жодулаб ташланган, қимирлолмас, абадий муз қотган, гўё мен сендан бошқа ҳеч кимсага ҳеч айтмаган мана шу ҳайратомуз тарихнинг қиссалари каби /

(1900 парда орқасига томон чекинади. Тўхтайди, томошабинларга юзланади.)

Мен эса ҳозир саҳнани кўряпман: бу ерга кимдир чиқди ва рўйхатлардан номимни излаб тополмаяпти.
– Сиз, исмингизни нима дедингиз?
– 1900
– Носинлик, Нотарбартоло, Новалис, Ноцца…
– Мен шу кемада туғилган кимсаман.
– Узр, англамадим.
– Мен шу кемада туғилиб, шу ерда ўлганман, билмадим бу маълумотдан сизга наф бормикан…
– Кема ҳалокатими?
– Йўқ. Портлаш. Олти ярим центнер динамит. Бум!
– Шундайми… Энди ҳаммаси жойидами?
– Ҳа, ҳа, ҳаммаси ажойиб… яъни… фақат қўлим муаммо… биттаси йўқолиб қолди… бироқ мени ишонтиришди…
– Бир қўлингиз йўқми?
– Ҳа. Биласизми, портлаш…
– Қаердадир шу атрофда бир жуфти ётувди…. қайсиниси йўқ дедингиз?
– Чапи.
– Эй, шайтон қопгур!
– Нима бўлди?
– Биласизми, бу ерда фақат бир жуфт ўнг қўл…
– Иккаласи ҳам ўнг қўлми?
– Афсуски, шундай. Сизга, эҳтимол, мумкиндир, дейлик…
– Хўш?
– Демоқчиманки, агар сиз ўнг қўлни олсангиз…
– Чап қўл ўрнига ўнг қўлми?
– Худди шундай.
– Бироқ… хўп, амалда, ўнги ҳам тузук, умуман, қўлсиз юргандан кўра…
– Мен ҳам шундай ўйлайман. Бир дақиқа кутиб туринг, олиб келаман.
– Агар бир неча кундан сўнг кирсангиз, балким, чапи пайдо бўлар?
– Менга қаранг, мендагининг биттаси оқ, иккинчиси негрга тегишли.
– Йўқ, йўқ, ранги бир хил бўлсин, илтимос… мен негрларга қарши эмасман, аммо шундай масалани…
Омадсизлик. Абадий жаннатда иккита ўнг қўл билан (ғамгин овозда). Энди эса чиройли бут ясаймиз. (Ясашга уринади, аммо тўхтайди. Қўлларига қарайди.) Қайсидан фойдаланишни ҳам билмайсан. (Бир лаҳза иккиланади, кейин иккала қўли билан ҳам чўқинади.) Абадий, миллион йиллар, жиннилардек таассурот қолдириб. (Ҳаракатни такрорлайди.)
Дўзах. Жаннат. Ҳеч кулгили эмас.

(Орқага бурилади, парда томон юради, аммо кетмайди, яна томошабинларга юзланади: унинг кўзлари чақнайди).

Ваҳоланки… биласанми, шунга қарамай мусиқани… бу қўллар билан, бир жуфт ўнги билан… фақат рояль бўлганида…
(Яна жиддийлашади.) Анави, сенинг тагингдаги, биродар, – динамит. Ўрнингдан тур ва бу ердан кет. Бари тугади. Бу сафар чиндан ҳам ҳаммаси тамом бўлди.

(Кетади.)

Рус тилидан Эшқобил Вали таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 2-3-сонлар