Абдурраҳмон ал-Хомисий. Ҳақиқат узуги (ҳикоя)

Қоҳирадаги ёнғин оқибатида бегуноҳ одамлар устидан ватан хоини деб ҳукм чиқарилганини эшитганимда, юрагим ғазаб ва нафратга тўлди.
Бу эртак-ҳикоя ўша кезларда туғилди.

* * *

Қоҳирадан Файюмга олиб борувчи йўл оралиғидаги Ал-Вустанинг икки томони ўрмон билан қопланган. Шу йўл яқинида ҳамиша юракни эзувчи сукунатга кўмилган қабристон бор. Қуёш ушбу ўликлар маъвоси узра кўтарилар экан, бу маҳзун маконнинг ягона соҳиблари бўлмиш чувалчанг ва ҳашаротларни жонлантириш учунгина нур сочса керак, деб ўйлаш мумкин.
Қабрлар ёнида бир эски қуриган дарахт турибди. У қаттиқроқ шамолдан йиқилгудек туюлса-да, лекин илдизлари ерга чуқур ботганидан марҳумларнинг содиқ қўриқчиси каби қимир этмай турарди. Туйқус аллақаёқлардан келиб қолган даҳшатли қуюн ва ўрамалар ҳам бу дарахтни қулата олмаган.
Қуюн кўплаб дарахтларни мудҳиш чангалига олиб, кўплаб шохларни синдирган, талафотлар етказганди. Аммо, дарахт ҳамон ўз ўрнида қойим. Унинг шохлари жимжимадор қилиб ўрилган сочга ўхшайди, танаси ерга чуқур илдиз отган. Вақт унга ўз таъсирини ўтказмаган, йиллар уни букмаган. Яшиллигини абадга йўқотиб, яшнаган ёшлиги билан видолашган-у, метиндай қотган-қўйган.
Минг йиллар ўтдики, дарахт ҳамон ўз ўрнида, арғувон рангини йўқотмаган, худди ҳозиргина қон билан ювилгандек. Унинг қуриган шохларидан бирининг учида тилла узук бор. У шохга шундай қаттиқ ўрнашган эдики, худди шох билан бирга ўсиб чиққандек.
Кўпчилик ўша узукни олмоқчи бўлган, аммо ҳеч кимга уни олиш насиб этмаган. На пичоқ, на ханжар – ҳеч нима унга кор қилмаган.

* * *

Минг йиллар илгари Даҳшур деган ўлка бўлган экан. Бу ўлканинг “ҳақиқат узуги” деб номланган бир узуги бўлган. Маҳаллий қози “Адолат қароргоҳи”да ўтириб одамлар орасидаги можароларни ҳал этар, шикоятларни ўрганар ва ҳукм ўқир экан ана ўша узукни бармоғига тақиб олар эди. Агар қози адолатсиз ҳукм чиқарса, узук унинг бармоғини шу қадар қаттиқ сиқар эканки, узиб юборай деркан. Шундай ҳолларда қози ўрнидан туриб: “Мен адолатсиз ҳукм чиқардим, ҳақиқат узуги бармоғимни сиқаяпти. Ҳукмни бекор қиламан ва яна бошқатдан сўроқни бошлайман”, – дер экан. Ана шу сўзлардан кейин узук секин кенгаяр ва қозининг бармоғига озор бермай қўяр экан.
Даҳшурликлар шу узук билан фахрланишаркан. Ҳамма узукнинг ҳеч кимга маълум бўлмаган сирли қуввати борлигини билар экан.
Даҳшурда бир одат жорий қилинганди, унга кўра қози ўлимидан аввал ўз издошини тайинлар, ҳақиқат узугини унинг бармоғига тақиб, доимо адолатли ҳукм чиқаришга қасамёд қилдирар экан.
Даҳшур қозиси Климунус умри тугаб бораётганини ҳис қилгач, ёш Ардикасни ўз вориси деб эълон қилди. Коҳинларнинг тантанали мажлисида Климунус унга ҳақиқат узугини тақди. Ардикас узукни шафе келтириб қасамёд қилди ва Климунус вафотидан сўнг қози бўлди.
Ардикас тез-тез Даҳшурдан ташқарига чиқишни, далаларда бўлишни, қушлар нағмасини тинглашни, тиниқ осмон ва табиат гўзаллигидан баҳра олишни севарди.
Бундай саёҳатларга Ардикас бир ўзи борар, ёнига на бир аскар ва на бирон дўсту ҳамроҳ оларди. У доим саёҳатдан мамнун ҳолда янги ва порлоқ таассуротларга тўлиб қайтар эди.
Кунлар ўтаверди. Ардикас ўз бурчини яхши бажариб юраверди.
Бир куни оқшом, у ўз одатича саман отида сайрга чиқди.
Гўзал оқшом. Ардикас узоқ юрди. Кенг даладан ўта туриб, тиниқ бир жилға қирғоғида тўхтади; от бошини эгиб сув ича бошлади.
Ардикас отдан сакраб тушиб, атрофни кузатди ва сал наридаги бир ёғоч кулбага кўзи тушди. Уйчанинг ёнида бир гўзал пари турар эди.
Ардикас ўзини йўқотиб қўйди. Соҳибжамол билан қандай саломлашишни билмай, тили танглайига ёпишиб қолди. Шу аснода от сув ичиб бўлиб бошини кўтарди ва қозининг ёнига келиб туёқларини бетоқат ерга ура бошлади.
Қиз бошини кўтариб, Ардикасга кўзи тушди-ю, худди ёввойи оҳудек чўчиб, югуриб уйга кириб кетди. Парининг ҳусн-жамоли Ардикаснинг юрагида ухлаб ётган ишқ эҳтиросини уйғотиб юборди.
У қизга отилиб, унинг нозик белидан қучмоқчи, лабларини лабига оҳиста босиб бўса олмоқчи бўлди.
От пишқириб, ерни депсир, чанг-тўзон кўтарар эди. Ардикас ўзига келди. Бироқ у отга минмади, кулба яқинига бориб, эшик олдида тўхтади-да, деди:
– Ҳой соҳиби хонадон, бир мусофир учун егулик ё ичгулик бера оласизларми?
Жавобан қизнинг овози чалинди:
– Биз меҳмонни атойи Худо, деймиз.
Бир муддат ўтиб, қиз бир кўза сув олиб чиқиб, Ардикасга узатади. Ардикас кўзани оғзига олиб борди, чанқамаган бўлса-да, сувдан бир ҳўплаб, сўрайди:
– Соҳибжамол, исминг нима?
Қиз кўзларини ерга қадаб, жавоб қилади:
– Клара.
– Менинг исмим эса, Ардикас – Даҳшур қозиси бўламан.
Қизнинг юзи қув учиб, дами ичига тушиб кетди. Ардикас унинг қўрқувдан қалтираётганини кўрди.
У ўзининг кимлигини айтиб қўйганидан афсусланиб, Кларани тинчлантириш, қалбида пайдо бўлган хавотирни йўқотиш учун:
– Мен адолат хизматкориман, – деди.
Сўнг унинг кўзларига қараб, қўшиб қўйди:
– Ва гўзалликнинг қулиман.

* * *

Ардикас отига миниб, Даҳшурга қайтди.
Учратгани соҳибжамол ҳақида тинимсиз хаёл сурганча, завқу шавққа тўлиб борарди. У Кларанинг мовий кўзларини, унда эҳтирос уйғотган овозини, силлиқ билакчалари, ингичка бармоқларини ўйласа, аъзойи баданини ўт олгандек бўларди… Ардикас бу қизга етишишни, васлидан баҳра олишни истар эди.
Тонг отди. Ардикас жиноятчи ва жафокорлар, айбдор ва айбсизлар ишини кўриб чиқиш учун “Адолат қароргоҳи”га келди.
Бироқ, у бу кун айбдорларнинг сўзларини диққат билан эшитолмади ва ўйламай қарор чиқарди. Узук унинг бармоғини аёвсиз сиқа бошлади.
Шунда Ардикас:
– Бугун ҳеч қандай ишни ҳал қилолмайман… Эртага… – дея олди, холос.
Қози ўрнидан турди-да, отини эгарлаб, ўша ёғоч кулба тарафга қараб учириб кетди. Кларанинг сиймоси унинг бутун тасаввурини забт этди, бахилнинг юрагини олтин тангалар жаранги поралагани каби, қизнинг овози юрагини забт этганди. От шамолдай елиб бораркан, Ардикаснинг кўзлари бетоқат равишда кулбани ахтарарди.
Ниҳоят, Ардикас жилға лабига етиб келди. У сакраб ерга тушди, от эса сувга талпинди. Қози кулбага яқинлашиб чақирди:
– Клара, Клара!
Ўрмон париси кўринди. У сочларини ёйиб олганди. Унинг чўчиган кўзларидан таралган учқун Ардикаснинг юрагини куйдириб ўтди.
– Келдингизми? – сўради Клара.
– Ҳа, келдим, мен Ардикасман – ҳуснинг шайдоси.
– Нима истайсиз?
– Сени кўргим келди. Мен ўз ҳаётимни сенинг қўлингга топширишга тайёрман… Сен розимисан?
– Нима учун, хўжам?
– Меники бўлмоғинг учун. Менинг сен учун атаб қўйган ажойиб уй, ипак тўшак… сарупо… атир-упа, ноз-неъмат ва ичимликлар бор…
– Хўжам, ҳозироқ кетинг-да, бошқа ҳеч қачон қайтиб келманг. Менинг қалбим сизга аталган эмас.
– Лекин мен сенсиз яшолмайман.
– Йўқ, мен фақат ўз севгилимга мансубман.
Осмонни шом қоронғилиги босиб келди. Бу қонли хайрлашув эди. Эриган қуёш томчилари булутлар устига тўкила кетди…
Узоқлардан, шамолнинг енгил қанотлари найнинг ғамгин овозини олиб келарди. Қизнинг юраги муҳаббатини йўқотишдан хавфидан хаприқиб кетди, уйига кириб кетар экан, қозига:
– Бу қўшиқ – севгилимнинг чақириғидир… – деди.
Қози сўради:
– Ким у, севганинг?
Клара Ардикаснинг сўзини эшитмагандек кулбага кириб кетди.
Қози ўзини йўқотиб қўйди. Бир қанча муддат ақл-ҳушидан бегона, мажҳул ҳолда туриб қолди, сўнг ирғиб отига минди-да, бор кучи билан қамчи солди. От булут кўчгандек қўзғалди.
Эртаси куни эрталаб Ардикас биронта иш кўрмади ва ҳузурига донишмандни олиб келишларини буюрди. Донишманд келгач, хонани ичкаридан қулфлаб, ўзи ва Клара ўртасида юз берган ҳодисани баён қилди. Донишманд бу ҳолга оид барча нарсаларни ўрганиб, ўз маслаҳатларини бошқа куни айтишини билдирди. Белгиланган муддатда у ҳузурида пайдо бўлди:
– Клара чўпон Лагосни севади. Сиз, жаноб қози, ўз орзуингизга фақатгина ўша чўпон йўқ бўлсагина етишасиз… Унинг ҳаётидан чўпон Лагосни йўқотмагунингизча, жаноб Ардикас, севгингизга жавоб олишга уринишингиз ҳам беҳудадир.
Ардикас ўз-ўзига шивирлади: “Бу ўша най чалган одам… Бу қиз мендан қочиб қутула олмайди. Ахир мен қозиман… Даҳшур қозиси”.
Донишманд кетди, Ардикас эса, ўзининг мудҳиш режасини туза бошлади. Унинг ақлига золимона фикрлар келди ва бунинг воситасида ундаги хоҳиш яна қайта уйғонди, у эҳтиросдан сармаст эди. Ардикас қандай йўл билан бўлмасин, қизга етишмоққа қарор қилди.
Қози ўз аскарларидан бирига Лагос ҳақида тўла маълумот тўплашни буюрди. У аскар келтирган хабарга бетоқат ташланди ва кундан-кунга ўзининг фитнасини худди балиқчи тўр тўқигандек, тўқий бошлади. Бир куни оқшом Даҳшур аҳолиси чўпон Лагосни зиндонга олиб кетишаётганига гувоҳ бўлди. Бу унинг ҳалокатидан дарак эди.
Одамлар Лагосга нафрат билан боқардилар. Уни тутиб келтиришларидан бир неча соат илгари, катта бир далада ёнғин чиқиб, олов у ердаги барча тирик жонзотни йўқ қилгани, дарахту мевалар битта қолмай нобуд бўлгани ҳақида Даҳшурда овоза тарқалди. Бу хабарни Даҳшурга номаълум бир суворий олиб келганди. Ёнғин чиққан далага аскарлар юборилди. Қоронғи тушиб қолган, бироқ қишлоқда ҳеч ким уйқуга ётмаганди. Ахийри аскарлар қайтишди. Уларнинг олдида банди қилинган чўпон борар эди.
– Мана, ўғрини тутдик! – деб қичқиришди улар. – У ўз жиноятини яшириш учун далага ўт қўйиб юборган.
Даҳшур аҳли сўради:
– Ўтни ўчирдингларми? Олов Даҳшурни ҳам ютиб кетмасин.
Аскарлар бунга жавобан:
– Ўтни ўчирдик. Қишлоққа таҳдид қилмайди, – дейишди.
Шу тариқа қози ўйлаган ғаразли режанинг дастлабки босқичи амалга ошди.
Эртаси эрталаб Ардикас “Адолат қароргоҳи”га йўл олишдан аввал қўлидаги узукни ечди, уни бежирим қутичага жойлаб, ўрнига худди ўшандай соф олтиндан ясалган бошқа бир узук тақиб олди. Унга қараб туриб деди: “Бу узук бармоғимни сиқмайди ва узиб ҳам ололмайди”.
Маккорона илжайиб қози “Адолат қароргоҳи” томон йўл олди. Ҳамиша бечораларнинг додига етувчи ва золимларни жазоловчи қози муқаддас ўринни эгаллади.
Аскарлар кишанланган Лагосни қозининг рўпарасига келтирдилар.
Ардикас чўпондан сўради:
– Ҳосилни ўғирлаб, ўз жиноятингни яшириш учун далани сен ёқиб юбордингми?
Лагос жавоб берди:
– Йўқ, жаноб. Мен ўғрилик қилмайман, ўт ҳам қўймайман. Мен най чалиб, ундан дилгир наволар таратаман.
Қози шу заҳоти найнинг ҳасратли оҳангини эслаб, кўнгли озди, шамол бу ғамгин куйни олиб келганда Клара бир сесканган эди…
У ҳаяжонини босишга интилиб, деди:
– Вақтни бекор кетказмайлик. Қани суворий? Аскарлар-чи? Гувоҳлар қани?
Суворий ўзи ва қози ўйлаб топган воқеани гапириб берди ва ёнғин чиқмасидан олдин чўпоннинг даладан шошилиб чиқиб кетганини кўрганига қасам ичди. Аскарлар чўпоннинг ғори ёнидан топилган ҳосил ҳақида гувоҳлик бердилар.
Қози худди ўйлаётгандек, жим қолди ва қуйидаги сўзларни ирод қилди:
– Лагос ўғирликда айбланади. Бундан ташқари, у ўғирликдан ҳам оғирроқ жиноятни содир этган. У далани ёқиб юбориб, Даҳшур аҳолисини бир йиллик озуқасидан маҳрум қилди. У бизни бир йиллик муҳтожлик ва очлик исканжасига солди.
Оддий узук тақилган қўлини боши узра кўтариб, давом этди:
– Лагосни ўлим жазосига ҳукм қиламан.
Барчанинг нигоҳи қозининг узукли бармоғига қадалди. Ҳамма нафасини ичига ютганди.
Қози деди:
– Узук бармоғимни сиқмаяпти. Демак, қарор адолатли. Жинояткор жазосини олиши лозим.
Деворлар гулдурос қарсагу олқишлардан ларзага келди:
– Яшасин, Ардикас! Яшасин, адолатли қози! Лагосни жаҳаннам ютсин! Ардикас омон бўлсин!
Ана шу лаҳзада Ардикас оломон орасида Кларанинг бўзарган юзини кўриб қолди. У чўчиб тушди. Аъзойи бадани жимирлаб кетди. Кўзларини ерга қадаган куйи “Адолат қароргоҳи”дан ташқари чиқди. Олқишлар уни кузатиб қолди. Қози чўпонни ҳукм ижро этувчи аскарлар қўлида қолдириб, ўзи уйига қараб йўл олди.
Лагос қатл қинаётганида Ардикас Даҳшур майдонига келмади. У булғанган виждони олдида даҳшатга тушди.
Бироқ яна унинг олдида Кларанинг мунгли чеҳраси, бор нафосати билан намоён бўлди ва яна қалбида шайтоний ҳирси жунбишга келди.
Даҳшур майдони турли маконлардан етиб келган одамга тўлди. Бу ерда кексалар ва болалар, аёллар ва эркаклар, йигитлар ва қизлар бор эди. Улар бир-бирларини итариб, суриб, ҳукм ижро этиладиган жойга яқинлашишга ҳаракат қилдилар. Лагос учун тайёрланган дорнинг шундай чеккасида Клара ва бир қария турар эди.
Аскарлар Лагосни супага чиқардилар, бўйнига сиртмоқни илиб, оёқлари остидаги тиргакни юлқиб олдилар. Чор атрофдан: “Лагосга ўлим! Яшасин, адолат!” деган ҳайқириқлар янгради.
Дор ёнгинасида турган қария ҳушидан кетиб йиқилди, Клара эса, белбоғига қистириғлиқ ханжарни олиб, ўз кўксига урди. Оломон улар томон отилди. Қария жон берган, Клара эса, жон талвасасида эди…
Даҳшур аҳли қария Лагоснинг отаси, Клара эса – унинг қаллиғи эканини биларди. У ўз севгилисисиз яшагандан кўра у билан ўлмоқни афзал кўрди. Даҳшур халқи мозорга уч майитни олиб бориб кўмди.
Тун. Қози уйидан чиқмади. Унга қариянинг ўлими ва қизнинг ўз жонига қасд қилгани хабарини етказдилар. Бу хабар унинг надомат чекаётган қалбини момақалдироқдек ларзага солди. Ардикас кечалари ўзини йўқлаб келгувчи одатий кишиларни қабул қилишни ҳам истамади. У ютқазган эди. У Кларага жон ато қилиб, унга қарата бундай деб ҳайқиргиси келди: “Сен мендан қочиб қутила олмайсан, ўрмоннинг асов соҳибжамоли. Ҳатто ўлим ҳам сени мендан қутқара олмайди”.
Даҳшур уйқуда. Фақат қози бедор. Пўлат қисқичлар унинг юрагини исканжага оларди. У вақтни ҳис қилмай қолди. Унга атроф фақат ҳадсиз ғашликдан иборатдек туюларди, гўё чироқлар ёритмас ва уйда ҳам ҳеч зоғ йўқдек.
Ардикаснинг қулоғига чўзиқ увлаган овоз эшитилди. Увиллаган овоз келаётган қоронғи бўшлиқ тарафда боши алангаланган ингичка жасад пайдо бўлиб, у томонга икки қўлини чўзди. Ардикаснинг юраги тарс ёрила ёзди ва бақириб юборди:
– Кимсан?
– Мен узукнинг қулиман. Тўғрироғи, мен унинг сон-саноқсиз қулларидан бириман.
– Сен руҳмисан?
– Ҳа, мен руҳман, Ардикас.
– Нима истайсан?
– Сени ҳукм қилмоқ учун олиб кетаман.
– Қандай ҳукм? Қаерга?
– Сен ҳозир буни ўзинг кўрасан, шараф ва бурчига хиёнат қилган қози.
Қози ўзига кўринмас икки қўл уни кўтариб, зулмат томон тортқилаганини ҳис қилди. У қичқириб юборди ва юраги қинидан чиққудек уриб кетди:
– Раҳм қилинг менга, Даҳшур аҳли, ёрдам беринг!
Ҳаммаёқни зулмат қоплаган. Ой беркиниб, юлдузлар йўқолган. Ардикас узукнинг қули ҳамда унинг алангаланган бошидан бошқа ҳеч нарсани кўрмасди. Ахийри кўринмас қўллар уни майса устига улоқтирди. Ардикаснинг оёғи ерга теккач, сўради:
– Мен қаердаман?
Узукнинг қули жавоб берди:
– Мозорда. Бу ерда сенинг қурбонларинг ётибди, Ардикас. Бу ерга Лагос, унинг отаси ва Клара дафн этилди. Энди англагандирсан қаердалигингни? Атрофингни олов қоплаган. У борган сари қаттиқроқ аланга олмоқда. Бу олов сенинг қурбонларинг бошидан кечирган азоблардир. Ана шу олов нурида фосиқ хиёнаткор устидан ҳукм ўқилади. Қара, мана бу дарахтни кўраяпсанми?
Ардикас ёнгинасида кўкка бўй чўзган дарахтга даҳшат билан боқди. Унинг битта шохида олтин узук илиниб турар эди.
– Мана шу – ҳақиқат узугидир, – деди узукнинг қули ва шу заҳотиёқ гулдурос овоз билан қалтираётган Ардикасни банди қилди-да: – Ҳукм ижроси бошланди… – деди.
Ана шу ҳайқириқ билан бир вақтда қабрларнинг бири очилиб, ундан оппоқ кафанга ўралган мурда чиқиб келди. Кафанини йиртиб Ардикас ва узукни қули турган дарахтга яқинлашиб кела бошлади. Шу заҳотиёқ иккинчи, кейин учинчи қабр ёрилиб, улардан ҳам яна икки мурда чиқиб келди. Улар биринчисининг ортидан юриб келишди. Учови ҳам Ардикаснинг олдида тўхтади. Узукнинг қули овоз берди:
– Мақтуллар! Юзингиздаги ниқобни йиртинг!
Ардикас ўзини йўқотиб ерга йиқилди. У марҳумларнинг юзини кўрди ва учовини ҳам таниди: чўпон Лагос, унинг кекса отаси ва соҳибжамол Клара. Улар Ардикас устидан ҳукм чиқариш учун чақирилгандилар.
Узукнинг қули Ардикасни ўзига келтирди.
– Сен менинг устимга ёлғон айб қўйдинг, – деди чўпон қозига. – Мени бегуноҳ эканимни билиб туриб, ўлимга буюрдинг.
– Сен ўзингнинг қабиҳ ҳирсингни қондирмоқчи бўлдинг, – нидо қилди Клара. – Лекин сен бунга эриша олмадинг. Сен менинг Лагосга бўлган муҳаббатим ва найдан таралувчи мунгли оҳангни севишимни билардинг.
Сўнг узукнинг қули сўзлади:
– Сен донишмандни чақирдинг, Ардикас, у эса сенга чўпонни қизнинг ҳаётидан йўқотиш маслаҳатини берди. Сен унинг насиҳатига қулоқ солибгина қолмай, ўзингга яқин бир суворийни жосус, ёлғончи бўлишга ундаб, манфур ғаразингни амалга ошириш йўлида уни ҳам қўлини қонга ботиришга мажбур қилдинг.
– Мен бу заҳматни кўтара олмадим, – шивирлади чол. – Ва юрагим ёрилди.
Ардикаснинг даҳшат исканжага олди овози бўғзига тиқилди. Атроф мудҳиш сукутга чўмди. Тўсатдан дарахт тарафдан овоз келди:
– Сен ўз қасамингни буздинг, Ардикас! Сен менга, ўз бурчингга, адолатга хиёнат қилдинг.
Ардикас овоз келаётган тарафга қаради.
– Буни ҳақиқат узуги гапирмоқда, – изоҳ берди унинг қули, – бу ўша сен жирканч жиноятинг учун алмаштирган муқаддас узук. Ана энди сенинг устингдан ҳукм чиқарувчиларнинг сўзларини тингла.
Чўпон деди:
– Мен яшаган хотиржамлик ҳаққи, мен куйлаган муҳаббат ҳаққи, на­йимнинг нозик оҳангларини таратган тунги шамол ҳаққи, ўзимнинг покиза исмим ҳаққи, мени ўлдириш билан сен ўчирмоқчи бўлган туйғуларим ҳаққи ҳурмати, мен дарҳол сенга жазо берилишини талаб қиламан.
Ота сўзлади:
– Сен ўз ёвуз жиноятинг билан ўлим зарбасига рўбарў қилган Оталик ҳаққи, сўлғин барглар билан кўмилган ҳоким ҳаққи, мен сенинг ўлимингни истайман.
Қиз деди:
– Қалбимда сақлаган чўпонга бўлган соф муҳаббатим ҳаққи, қалбим яшаган ёруғлик ҳаққи, сен Лагосни қотилисан, адолатсиз қози, шаҳватпараст, менинг вужудим билан ўзингни қондириб, мени шармусор этмоқчи бўлдинг, мен ҳам сенга ўлим тилайман.
Дарахтдан баланд овоз янгради:
– Сен пасткашларча хиёнат қилган шараф ҳаққи, муқаддас адолат ҳаққи, ҳаққоний ҳукмлар ҳаққи-ҳурмати мен ҳам сенинг ўлимингни истайман.
Узукнинг қули сўради:
– Ардикасга ёрдам қилган суворийни нима қиламиз?
Узук жавоб берди:
– У бошқа адолатли ҳукм олдида жавоб беради. Ҳозир эса, жинояткорни боғланг.
Узукнинг қули Ардикаснинг қўл-оёқларини боғлаб, уни юқорига кўтарди. Ардикас ҳамон ҳеч нима деёлмасди. Учала қурбон дарахт шохидаги узук қандай кенгайгани ва узукнинг қули уни Ардикаснинг бўйнига кийдиргани, то у жон бермагунча узук уни сиқа бошлаганини кўра турдилар…
Эрталаб одамлар мозор олдидаги майдонга келиб, дарахтда осиғлиқ мурдани кўрдилар. Улар бу ҳақда Даҳшурга хабар етказдилар. Қишлоқ аҳли мозорга югуриб келиб, дарахтда осиғлиқ турган қозини кўрди. Унинг бўйнини олтин узук сиқиб олган эди. Дарахтнинг ёнида эса ўша уч мурда ётар эди.
Узоқдан овоз эшитилди:
– Дарахт шохида ҳақиқат узуги осилиб турибди, у ўз бурчига хиёнат қилган малъун қозининг жонини олди.
Бу эртак-ҳикояни одамлар авдоддан-авлодга етказадилар.

Араб тилидан Сарвар Абдуллаев таржимаси

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2017 йил, 9-сон