Энг қиммат товар, энг қудратли куч, энг қулай қурол

Қачонлардир илоҳий маъно касб этган сўз, унинг қудрати бугунги кунга келиб, дунё тақдирини ҳал қилишда энг асосий рол ўйнайдиган кучли восита мақомига кўтарилди. Фан-техника инқилобидан кейин коммуникатсион технологиялар ҳамда ахборот инфратузилмаларининг катта тезликдаги тараққиёти, хусусан, телевидениэ ва интернетнинг пайдо бўлиши ҳамда унинг қисқа вақт ичида ижтимоий ҳаёт тарзига чуқур кириб бориши ахборотни энг қиммат товарга айлантирди.

Дарҳақиқат, кимлар учундир рост, кимлар учундир ёлғон палла – глобаллашув ва интегратсиялашув шароитида олтин, платина, жавоҳирдан кўра кўпроқ қийматга эга бўлган – ахборот жаҳон бозоридан муносиб жой олди. Ким ахборотга эгалик қилса, у дунёни бошқаради, қабилидаги гап-сўзларнинг бот-бот эсга олинаётгани ҳам бежизга эмас.

Бундан 4-5 аср олдин жаҳонда етакчилик қилиш учун қўшин сони, қурол-яроғ арсенали, ҳатто денгиз­даги кемалар, умуман, ҳарбий салоҳиятнинг аҳамияти катта эди. Глобаллашув жараёнининг таниқли назариётчиларидан бири Жорж Моделскининг таъбири билан айтганда, мозийда моддий-материалистик мезонлар бўйича гегемонлик даражаси – айни шу мамлакатнинг кучлилигини белгилар эди. Ўша пайтлардаги тараққиёт, муносабатлар ривожи карвонлардаги туя тезлиги, жанглардаги отлар дупури, тўфонларда қолиб кетган кемаларнинг ёғоч сурати, кечалари кўкдан қутб юлдузини қидирган сарбон нигоҳлари билан ўлчанарди.

Сивилизатсиялар силсиласида ахборотнинг бирламчи аҳамият касб этиши учун, аввало, тезликнинг ортиши эвазига масофани қисқартиришга эришиш зарур эди. Бу йўлда дастлаб компас қўл келди, сўнгра Морзе телеграфи, Александр Белл ихтиро қилган телефон, Попов томонидан яратилган илк радиоқурилмадан фойдаланилди. Телевидениэ ва интернет эса юқоридаги мақсадга эришиш учун улкан имкониятлар эшигини очиб берди. Қолаверса, Гутенберг ихтиро қилган китоб босиш дастгоҳи, Венетсияда “газетино”лар (асл маъноси – «майда чақа») урф бўлиши ва бошқа янгиликлар ҳам муҳимлик жиҳатдан учинчи даражага тушиб қолгани йўқ, улар ҳам маданиятлар шаклланиши ва ривожланишида салмоқли ўрин тутади. Бироқ дунё бозорида ахборотнинг энг қиммат товарга айланишида ойнаи жаҳон ва “ўргимчак тўри” – интернет катта рол ўйнагани рост.

АХБОРОТ ВА ТАРАҚҚИЁТ

Патрик Бюкенен ўзининг “Ғарбнинг ҳалокати” публитсистик асарида шундай ёзади: “… масс-медиа маданиятлараро тўқнашувда ўзига хос муҳосара қуроли, ёшлар онги ва қалбини забт этишнинг энг зўр ва ишончли воситасига айланди”.

Нима учун ахборот қудратли бўлиб бормоқда?

Президент Ислом Каримовнинг қуйидаги сўзлари мазкур саволга жавоб бўлади: “Ҳозирги замондаги энг катта хавф инсонларнинг қалбини ва онгини эгаллаш учун узлуксиз давом этаётган мафкуравий курашдир. Эндиликда ядро майдонларида эмас, мафкура майдонларида бўлаётган курашлар кўп нарсани ҳал қилади”. Инсон онгини ишғол этиш, мафкура полигонида саркардалик қилиш ва идеологик диверсияда ахборот энг катта, муҳим вазифани бажаради.

Чор Россиясининг Ўрта Осиё ҳудудини босиб олишида жонбозлик кўрсатган зобитлардан бири Скобелевнинг бирор миллатни йўқ қилмоқчи бўлсанг, уни бутунлай қириб ташлашинг шарт эмас, унинг урф-одатлари, маънавиятини, маданиятини йўқ қилсанг, бас, қабилидаги гапи бугунги ахборот даврига тўла мос келади. Жисмоний йўқотиш учун мўлжалланган қурол билан миллионлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлиш мумкин, бироқ ахборий қурол ва психологик уруш орқали бугун ундан ҳам кўпроқ одамнинг онгини заҳарлаш мумкин. У келтирган зарар онг ва тафаккурда жуда ҳам чуқур из қолдиришга қодир.

Ахборот хуружлари ва қуроллар онгли равишда маълум мақсад сари йўналтирилади. Рус мутахассиси Д.Ловтсов бу ҳақда шундай дейди: “Ахборот қуроллари тушунчаси остида бирор халқ, миллатнинг менталитети, маданияти, маънавияти, дини ва давлатнинг ахборот-технологик, ҳарбий инфратузилмасига деструктив тарзда салбий таъсир кўрсатадиган махсус дезинформацион технологик воситаларнинг муайян тизими ётади”. Бу борада ўз фикрини баён этган мутахассислар ахборот таъсиридан қуйидаги мақсадлар кўзланишини таъкидлайдилар: дезориэнтатсиялаш (мўлжалдан адаштириш), дезинформациялаш (ёлғон ахборот тарқатиш), дестабилизатсиялаш (барқарорликни издан чиқариш), босим ўтказиш ва бошқалар. Уларнинг асосида рақибни кучсизлантириш, йўқ қилиш ётади. Жаҳоннинг ривожланган давлатлари ахборотдек қуролга шундай тус бериш орқали мақсадларини амалга оширадилар. Ахборотнинг қиммати ҳам, қудрати ҳам, қулайлиги ҳам шу ерда кўзга ташланади.

Шундай экан, улкан шахмат тахтасида бугун ҳамма ўз номи, мақоми ва қудрати энг юқори ўринга чиқишини истайди ва бу йўлда кучли ахборот тизимини самарали қўллашга уриниши, шуб­ҳасиз.

“Керакли ахборотга эга бўлиш – бойлик, керакли ва нокерак ахборотни ажрата билиш каттароқ бойлик, керакли ахборотни ўз стсенарийси асосида тарқатиш имконияти ёки ўз вақтида бу ҳақда сукут сақлай олиш қобилиятига эга бўлиш энг катта бойликдир”.

Бу Германия олий таълим муассасалари учун чиқарилган политология фани бўйича дарсликдан бир парча. Шунга ўхшаш фикр­лар тизгини кўпчилик ривожланган мамлакатлар олий таълим муассасаларида ўқитиш механизмининг асосини ташкил этади. Шу орқали келажакда жамиятни ҳаракатлантирувчи ёш кадрлар керакли маънавий-мафкуравий иммунитетга эга бўладилар. Мамлакатимизда шунга ўхшаш тамо-йиллар бошланғич, ўрта ва ўрта махсус таълим босқичида шакллантирилиб, олий таълимда янада такомиллаштирилади. Бу усул турли таъсир доираларига тушиб қолишдан сақлайди.

АХБОРОТ ВА МАНФААТ

Ғарбда хедхантинг (ҳеадҳунтинг) деган атама мавжуд. Уни бевосита ўзбекчага таржима қилсак, “ақлни овлаш” маъносини англатади. Янада тушунарли бўлиши учун, қуйидагиларни ҳам қўшиш лозим. Кадрлар ва интеллектуал салоҳият “савдоси” учун бугунги кунда бозорнинг ўзига яраша стандартлари мавжуд. Уларнинг ичида энг сараси бу – профессионал лаёқат, кучли малакага эга бўлиш ҳамда ишлаётган компанияси учун юқори самара келтиришдир. Худди шу жиҳатларни ўзида жамлаган ишчи ёки кадрларга бугун талаб кучли. Уларни қўлга киритиш учун махсус даллоллик ташкилотлари мавжуд ва улар рекруитлик (реcруит, яъни қуйи ишчи ўринлари) ва хедхантинглик (олий маълумотли, малакали ва юқори мансаблар) хизмати деб аталади. Ишчи кучи ҳамда интеллект бозорида бу борада ҳам рақобат жуда қатъий. Шунинг учун компаниялар муваффақиятга эришиш учун биринчи нав­батда ПР-актсия ҳамда турли нюанс(янгилик)ларни бозор жараёнига татбиқ қилишга интиладилар. Уларнинг асосида оригинал ғоялар билан озиқлантирилган ахборот ётади. Кўпроқ мижозга эга бўлиш учун юридик шахс биринчи навбатда ўз обрў-эътиборини оширишга ҳаракат қилади ва бу йўлда омади юришганлар рақобатнинг қудратли чиғириғига бардош бера оладилар. Ўзига яраша моддий ва маънавий база ҳамда келажак учун тўлдириб бориладиган заҳира жамғармаси уларнинг “ақлни овлаш”-ини янада қулайлаштирибгина қолмай, мустаҳкам пойдеворни яратиб беради. Бундай номга эга бўлиш учун, албатта, ахборотдек кучли қурол, тарғибот-ташвиқот воситаси қўл келади. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, ўзаро соғлом қарама-қаршиликда ютуққа эришиш гарови бу, ахборот курашида ғалаба қозониш билан белгиланади. Кичик майдондаги рақобат кўпинча давлатлараро манфаатлар курашининг кичик бир моделидек кўзга ташланади, албатта, бу ўринда айрим фарқларни ҳам ҳисобга олиш лозим.

Ғарб олими Збигнев Бжезинский “Кимки Евроосиёда ҳукмронлик қилса, Ер шарининг эгасига айланади”, – деган эди. Бироқ ҳамма ўз қадрини тушуниб етаётган, озодлик шарбатининг лаззатли таъми турли халқларнинг қалб-қалбига тобора чуқур сингиб бораётган ҳозирги замонда бирор давлатнинг иккинчиси устидан осонликча ҳукмрон бўлиб олиши жуда ҳам қийин. Шунинг учун айрим йирик ва ривожланган мамлакатлар пирогнинг катта қисми соҳиби бўлиши учун турли спекулятив ўйинлар, тарғибот, дезинформация, ахборот хуружи ва террори ҳамда стереотиплардан унумли фойдаланишга интилаяпти. Бир йил ичида биргина АҚШнинг ўзида ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳамда манфаат ҳудудларида ахборот хуружларини ташкил этиш учун 5 млрд.дан ортиқ доллар маблағ ажратилади. Уларнинг кўпчилиги сўз эркинлигини ҳимоя қилиш учун қабул қилинган турли хил халқаро конвентсияларга умуман тўғри келмайди. Буни кўпчилик АҚШ мазкур конвентсия ёки пактларга аъзо бўлмагани билан изоҳлаши мумкин. Аммо бир давлатнинг иккинчи давлат хавфсизлигига таҳдид солиши демократиянинг асл моҳиятидан жуда йироқдир.

АХБОРОТ ВА ДEМОКРАТИЯ

Глобаллашувнинг маш­ҳур назариётчиларидан бири Френсис Фукуяма демократиянинг бошқа мафкуралар устидан қозонган ғалабаси билан тарих ҳам тугади, деб айтганда айнан шу нарсани назарда тутган эди. Ахборотдан қурол сифатида фойдаланиш авж олгандан бери демократик тамойиллар манфаатлар устуворлигига эришиш учун бир баҳонага айланди. Ғарблик яна бир таниқли мутахассис, “Сивилизатсиялар тўқнашуви” асари муаллифи Самуэл Хантингтоннинг фикрича, “кўпинча ўз тақдирини ўзи белгилашни ёқлаб гапирилган гаплар қулоққа чалиниб туради. Бунинг маъноси ҳар бир гуруҳ ўзи хоҳлаган йўлдан бориши мумкин, деганидир. Аммо бу бошбошдоқликнинг кучайиши, жамият ва давлатнинг парчаланиб кетишига олиб келиши мумкин. Боз устига демократия бундай муаммоларни ҳал этишга унчалик мосланмаган. Демократиялаш ва демократиянинг амал қилиш жараёни жамиятнинг этник, диний ва бошқа гуруҳлари ўртасидаги муносабатларни мураккаблаштириб юбориши мумкин” (Ф.Низом таржимаси).

Бугунги кун талаблари демократиянинг ягона моделини инкор этади. Чунки ҳар бир суверен давлат демократик жамият қуриш сари интилар экан, аввало, ўз қадриятларига, миллий менталитетига суянади, истиқбол учун режалар шулардан келиб чиқиб тузилади, мақсадлар эса ўша халқ манфаатларини ифода этади. Иккинчи томондан, демократия умумеътироф этилган қонун-қоидаларни рад этмайди, балки уни мус­таҳкамлайди. Президентимиз И.Каримов ҳам Ўзбекистонда эркин демократик давлат қуриш ҳақида сўз юритар экан, мазкур ғоя миллатнинг ҳақиқий анъаналари ва эътиқодидан сув ичишига алоҳида урғу беради. Аммо демократиянинг қадриятлар асосида қурилган миллий моделлари ғарблик бир қатор сиёсатчи ва сиёсатшунос олимларда хавотир уйғотар экан. Хусусан, “Демократия журнали” ходими М.Платтнер шундай дейди: “Дунёда демократия ҳақида гапирилар экан, унда доимо либерал демократия, яъни АҚШ ва бошқа бир қатор ривожланган мамлакатларда амалда бўлган сиёсий тузум назарда тутилади”. Шуни ҳам унутмаслик керакки, бирор жойда пайдо бўлган қонуниятларни иккинчи жойда шундайлигича тўлиқ ҳаётга татбиқ қилиб бўлмайди. Унинг самарали томонларини ўрганиш, камчиликларидан хулоса чиқариб, ўша халқнинг тарихий, маданий қадриятларидан келиб чиққан ҳолда фаолият юритиш зарур. Андижон қовуни Ҳиндистонда етиштирилса, андижонча таъм бермаганидек, Америка демократияси Полшада кутилган натижани тақдим этишга қодир эмас. Шунга қарамасдан, ҳозирги кунда кучли ахборот қуролига эга бўлган мамлакатлар ўз демократиясини қандай қилиб бўлса-да, манфаат зоналарида ўрнатишга интилаяпти. “Демократия экспорти”, “демократия транзити”, “инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш”, “оммавий қирғин қуролларини йўқ қилиш”, “терроризмга қарши уруш”, “авторитар тузумни йиқитиш” каби дастур номлари ОАВда жуда кўп ишлатилади. Кимдир уларнинг асосида дунёга ҳукмронлик қилиш, Ер ости ва усти бойликларини қўлга киритиш учун интилиш ётибди деса, бошқаси юқоридаги контсептсияларни ҳақиқатан ҳам амалга ошириш лозимлигини уқтириш учун ҳаракат қилади. Тарихда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар рўй берган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШ Маршалл режаси орқали фашист тузуми ағдарилган ҳудудларда, жумладан, Германия, Италия, Японияда демократлаштириш жараёнини авж олдирди. Собиқ иттифоқ ҳам коммунизм ғояларини Шарқий Европадаги ва Куба каби давлатларда ёйишга интилди. Бу йўлда улар тарғибот-ташвиқотни ўзига жо қилган ахборот ва сиёсий тус берилган ҳамда босим ўтказувчи ахборот қуролидан фойдаландилар. Бундан ташқари, АҚШ Мексиканинг (14 марта), Куба (13 марта), Панама (11 марта), Никарагуа (10 марта)нинг ички ишларига ҳарбий ва сиёсий-ахборий йўл билан аралашгани тарихдан маълум.

Югославиянинг бўлиниб кетиши, Косово мустақиллиги ва Ироқ масаласи, Яқин Шарқ можароси, Эрон ва Шимолий Кореядаги вазият, Россия – Болтиқбўйи мамлакатлари ўртасидаги муносабат, Чехия ҳамда Полшадаги норозиликлар, хуллас, қандай воқеа, ҳодиса бўлишидан қатъи назар у янгилик ёки ахборотга, керак бўлса, манфаатлар устуворлигига эришиш учун бир баҳонага айланиши, сўнгра ахборот қуроли учун асос бўлиши эҳтимоли ҳамиша мавжуд. “АҚШ – Россия – Европа Иттифоқи” муаммоли учбурчаги вужудга келган ва улар орасида аёвсиз фикр ҳамда манфаатлар жанги кечаётган бир пайтда мазкур уринишларни тушуниш мумкин. Хурсанд бўладиган томони, ҳар қандай мафкуравий тазйиққа қарши курашишда ОАВ энг яқин ёрдамчидир, афсусланарли жиҳати ҳам шунда – идеологик иммунитетни емириш учун ахборий ва иқтисодий қурол энг қулай восита бўлиб қолмоқда.

АХБОРОТ ВА МУНОСАБАТ

Хусусан, Жанубий-Шарқий Осиё, шу жумладан, Индонезия, шунингдек, Мексика, Аргентина ва Жанубий Корея АҚШ томонидан Халқаро валюта фонди (ХВФ) орқали амалга оширилган иқтисодий хуружлар қурбонига айланди. Сўнгра ахборот қуроли ишга солинди. Одамлар онгига иқтисодий таназзулдан чиқиб кетиш учун ўз демократияси, қонуниятларини қабул қилиш ғояси сингдирилди. Манбаларда келтирилишича, “натижада 1992 йилга келиб биргина Аргентинада 33 млн.лик аҳолининг аҳволи 70-йиллардаги ўртача ҳаёт тарзидан ҳам пасайиб­ кетди. Ҳар икки одамнинг бири бирламчи эҳтиёжларини қондириш имкониятини йўқотди. Ўқитувчилар, ишчиларнинг маоши оилавий эҳтиёжларни қондиришга умуман етмай қолди. 1995 йилга келиб, ойлик ва нафақалар берилмагани учун кучли норозилик тўлқини вужудга келди. Фермерлар инқирозга учради. 42 мингга яқин тадбиркор ўз бизнесини тугатишга мажбур бўлди. Худди шу йили озиқ-овқат (15 фоизга), дори-дармон (25 фоизга) ва тўқимачилик маҳсулотларининг (41 фоизга) савдога чиқарилиши камайди. Ишсизлар сони 15 фоиз(норасмий манбаларга кўра, 25 фоиз)гача ўсди. Давлатнинг ташқи қарзлари 122,3 млрд. долларга етди. 1996 йилда ишсизлар сони 17 фоизни ташкил этди. Дунёга келган ҳар минг нафар чақалоқдан 39 нафари нобуд бўлди, бу Африка даражасига яқинлашув дегани эди. Ишлаётганларнинг 46 фоизигина кўнгилдагидек иш ҳақи оларди. Яшаш даражаси пасайиб, қишлоқ жойларда соғлиқни сақлаш, таълим тизими ишдан чиқди”. 1996 йили телевизор экранларида Лотин Америкаси Чикагоси – Росарио шаҳри ҳақида намойиш этилган ҳужжатли филм­да эса шундай манзаралар бор эди. “Телетомошабинлар у ерда одамлар мушукларни истеъмол қилаётганига гувоҳ бўлдилар. Бир пайтлари ўзининг мол гўшти ва табиат бойликлари билан машҳур­ бўлган мазкур шаҳар аҳолиси қорин тўйғазиш учун сотиб олишга ҳеч вақо йўқлигидан мушук, тошбақа, илон гўштини тановул қилаётганини кўришнинг ўзи даҳшат”. Иқтисодий ва ахборот хуружи шундай аянчли оқибатларни келтириб чиқарди. Ёки Украина, Грузия, Қирғизистонда рўй берган “рангли инқилоблар”. Ўшанда ҳам давлат тўнтарилишида ахборот катта рол ўйнаган эди. Натижада, у ерларда ҳам нафақат иқтисодий тараққиёт тезлиги секинлашди, балки айримларида ижтимоий ҳаёт издан чиқиб кетди.

ХУЛОСА

Бундай хавфдан бугун ҳеч бир давлат холи эмас. Айниқса, ахборотдек энг қиммат товар, энг кучли қурол таъсирига тушиб қолмасликни кафолатлаш мушкул. Шунинг учун бу борадаги ҳимоя воситаларини мустаҳкамлаш зарар қилмайди. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун турли ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг қабул қилиниши ва уларнинг амалиётга изчил татбиқи жуда муҳим. Шу маънода юртимизда қабул қилинган Конституция ва бошқа бир қатор ҳуқуқий ҳужжатларнинг, жумладан, “Информацион технологиялар ва телекоммуникатсия соҳасини ривожлантириш тўғрисида”ги қонун (2002 йил 31 май), таълим дастурига киритилган Конституция ҳақидаги бир қатор фанлар, “Миллий истиқлол ғояси”, “Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти” қўлланмалари ўқувчи онгида ёт қарашлар шаклланмаслиги учун кучли маънавий ҳимоя қўрғони вазифасини бажармоқда. Фақатгина уларнинг ва улар ўтиладиган дарслар савиясига кучлироқ эътибор қаратмоқ керак. Бу йўлда Халқ таълими вазирлиги томонидан 2006-2007 ўқув йилининг “Ахборот коммуникатсия технологияларидан фойдаланишда педагог-кадрлар салоҳиятини ошириш” дея номланиши ҳамда Ахборот-ресурс марказлари (АРМ)нинг фаолиятига эътиборнинг кучайиши турли хил мафкуравий хавфлардан сақланиш учун катта амалий қадам эканини алоҳида таъкидламоқ даркор. Фуқаролик жамиятини демократик принтсиплар ва қадриятларимиз билан суғорилган ўзимизнинг миллий модел асосида қурар эканмиз, бу йўлда одамларнинг маънавий компасини тўғри йўналтиришда ОАВ ҳамда ахборотнинг аҳамияти нечоғли кучли эканини англаб етмоғимиз жуда муҳим.

Саиджон МАХСУМОВ,
“Маърифат” мухбири