Юрий Жуков. Кировни ўлдирган ким?

Гитлер ҳокимият тепасига келгач, Европада сиёсий террор одатий ҳолга айланиб қолди. 1933 йил 29 декабрда Руминия Бош вазири Ион Дука, 1934 йил 30 июнда немис штурмчи фашистларининг доҳийси Эрнст Рем, ўша йил 25 июл куни Австрия канцлери Энгельберт Дольфус, 9 октябрда Югославия қироли Александр ва Франция Ташқи ишлар вазири Жан Луи Барту ўлдирилди. Сиёсий бюро аъзоси, ВКП/б/ Марказкоми ва Ленинград обкоми котиби Кировнинг 1934 йил 1 декабрида ўлдирилишини юқорида саналган қотилликлар билан бир қаторга қўйса бўладими? “Ҳа, қўйса бўлади!” Қарийб етмиш йил мобайнида шундай деб ҳисоблаганлар. Тўғри, аввал бошдан жиноят учун асосий айбни Сталиннинг рақиби Зиновьев зиммасига юклаганлар. 1950 йилларнинг ўрталаридан бошлаб эса бу қотилликни ташкил қилган Сталиннинг ўзи, деган хулосага келинган. Шундан келиб чиқиб, Киров нега ўлдирилди, деган саволга жавоб ҳам ўзгариб бораверган.

ҚОТИЛ

Смолнийда отилган ўқ сирини аниқлаш КПСС МК томонидан тўрт марта тузилган махсус давлат комиссияси зиммасига юкланган. Энг сўнгги комиссия қайта қуриш йилларида Сиёсий бюро аъзоси А.Н.Яковлев раислигида тузилган. Бироқ барча комиссияларнинг аъзолари бирон далилни келтириб ўтирмай, Хрушчевнинг КПСС ХХ, сўнг ХХП съездларида қилган маърузаларида Кировнинг ўлимида Сталиннинг қўли бор, деган гапини такрорлашган.

Ельцин замонига келиб ҳам ҳеч вақо ўзгармади. Смолнийда узилган ўқ атрофидаги сир сирлигича қолаверди ва турли тахминлар, эртаклару афсоналар туғилишига сабаб бўлаверди. Ҳеч қандай шубҳа уйғотмайдиган ягона далил шуки, Киров 1934 йил 1 декабр куни Леонид Николаев деган кимса томонидан отиб ўлдирилган.

Шу куни кечқурун Таврия саройида шаҳар партия ва совет ходимларининг активи деб аталмиш мажлис ўтиши режалаштирилган. Фаоллар йиғилиши озиқ-овқат маҳсулотларини карточка билан тарқатишни чеклаш ҳақида Марказқўм томонидан қабул қилинган қарорга бағишланган эди. Табиийки, ленинградлик кўп мансабдорлар бу “ёпиқ” йиғилишда қатнашиб, мамлакатдаги ҳар бир кишининг манфаатига алоқадор воқеанинг тафсилотларини бошқалардан олдин билиб олишни хоҳлар эди. Бундан ташқари, Таврияда бўладиган мажлис мавқеини оширувчи тағин бир сабаби шу эдики, унда унча-мунча одам эмас, ҳокимият олий табақасининг вакили – Киров маъруза қилиши керак эди. Маълумки, у ўн нафар Сиёсий бюро аъзоларидан бири ва ВКП/б/ Марказқўмининг Сталин, Каганович ва Ждановлар қаторидаги тўрт нафар котибларидан биттаси эди.

Леонид Васильевич Николаев ҳам бошқа кўплаб амалдорлар қатори ушбу кечки мажлисга қатнашиш иштиёқида эди. Ўттиз ёшдаги бу одамнинг бўйи пакана, қўллари тиззасидан пастга тушиб турадиган даражада узун, ўзи касалманд, жиззаки эди. У ВЛКСМ Виборг райкомида, “Красная заря”, “Арсенал”, Карл Маркс номли заводда комсомол ташкилотининг котиби, ВЛКСМ Лужск уезди қўмитасида бўлим мудири каби лавозимларда ўн бир йил ишлаган собиқ майда амалдорлардан бири эди.

Шундан сўнг Николаев мансаб пиллапояларидан кескин пастлаб кетди. У “Саводсизликни йўқотамиз!” жамиятида, кейин Ишчи-деҳқон Халқ комиссариатининг вилоят бошқармасида инспектор бўлди ва ниҳоят “Испарт” – Октябр инқилоби ва большевиклар партияси тарихига оид материалларни қайта ишлаб, нашр этиш комиссиясининг сайёр ходими бўлиб ишлади.

Мансаб пиллапояларидан думалаб бораётган Николаев бошланғич таълим ва бирон-бир касбининг йўқлиги ўз ғурурини қондириш ва “катта амалдор бўлиб кетиш” орзусига етиш йўлидаги жиддий тўсиқ эканлигини тушуниб етмади. Ўзининг замини бўш хомхаёлларига асир бўлиб қолган Николаев олис, гадойтопмас қишлоққа, “темир йўл транспорти” соҳасига жўнатиш ҳақидаги буйруққа бўйсунмади ва натижада партиядан ҳайдалди. Тўғри, орадан кўп ўтмай “қаттиқ хайфсан” бериш шарти билан ВКП/б/га тикланишга муваффақ бўлди.

Николаев ўз орзуларининг барбод бўлишига қайсарларча кўникмай, шаҳар партия қўмитасига, шахсан Сталинга норозилик шикояти билан мурожаат қилди. Бироқ ҳеч кимдан жавоб ололмади.

Унинг хотини Милда Драуле 1 декабр куни шундай деб ҳикоя қилган. “Партиядан ўчирилган кунларидан бошлаб у тушкунликка тушиб қолди, ўзига хайфсан беришгани ҳақида Марказқўмга ёзган шикояти қай йўсинда ҳал этилишини кутиб яшади ва бирон ерда ишлашни хоҳламади. У район қўмитасига мурожаат қилганида иш бермадилар. Оғирроқ иш қилишга эса саломатлиги йўл қўймас, асаби чатоқ, юраги касал эди.”

Николаевнинг сўнгги умиди Кировдан эди. Омадсиз партия ходими Кировдан хайфсанни олиб ташлашнигина эмас, ўзига “раҳбарлик лавозими” беришни ҳам кутар, акс ҳолда уни олиб ташлар, ўзини ҳам ўлдиришга қарор қилиб қўйган эди. Бундан анча олдин – 14 октябр куни у васиятнома ёзиб қўйганди. Васиятнома мазмуни ва ёзилиш услуби Николаевнинг ўзини бошқаролмай­диган одам эканини кўрсатади. “Қимматли хотиним ва синфий сафдош дўстларимга! Мен, сиёсий эътиқодим ва тарихий воқелик туфайли ўлмоқдаман. Модомики, ташвиқот эркинлиги, матбуот эркинлиги, ўз қисматингни ўзинг танлаш эркинлиги йўқ экан, мен ўлишим керак. Негаки МК Сиёсий бюросидан етиб келолмайди, сабаби улар тош қотиб ухлаб ётибди”. /Матн айнан шундай ёзилган Ю.Ж./

Николаевнинг нияти жиддий эди. Эртасигаёқ Киров қўриқчилари Сергей Миронович яшайдиган уйга кираверишда ҳаддан ташқари кўп ўралашган Николаевни қўлга олдилар. Олдилар-у, партия билети ва қурол олиб юришга ижозат этувчи ҳужжатини кўриб, қўйиб юбордилар. Уни қамоққа олиш учун асос йўқ эди.

Бу орада бўлажак қотилнинг онги кун сайин хиралашиб борарди. Террорчилик ҳаракатига тайёрланаркан, у яна бир хат ёзади. “Менинг партия ва ватан олдидаги жавобим” деб номланган мактубда у ўзини таниқли революциячилар билан тенглаштириб, келажак олдида номини олдиндан оқлашга уринади. “Мен Александр II нинг жонига қасд қилган Желябов каби тайёргарлик кўрмоқдаман”, деб таъкидлайди у. Желябовга қиёслаш билангина чекланиб қолмай, Николаев ўзини рўй бераётган тартибсизликларни кўриб, “жим туролмаган” Радишчев билан тенглаштиради.

Бундай хатлар билан бир қаторда хотинининг айтишича, “у ўз таржимаи ҳолини ҳам бир неча марта ёзади. Бир сафар босма ҳарфлар билан ёзиб чиқади. Мен ундан нима қилаётганини сўрасам, “катта ўғлим Маркс ўқисин ва ўргансин” деб, жавоб қилди”. Уларнинг ўғли Маркс ўша пайтда энди саккиз ёшга кираётган эди.

Чамаси Николаевда ўзига бино қўйиш жиддий касалликка айланган эди. У Сталинга ёзган хатида шундай деб шикоят қилганди: “Мана, еттинчи ой кетаяптики, мен ишсиз ва маблағсиз ўтирибман. Яқинда мени ва оиламни /5 киши/ уйимдан кўчага ҳайдаб чиқаришади.“ Шу маънодаги ёзув унинг кундалигида ҳам учрайди. “Пулимиз тугаб бормоқда, бировлардан қарз олаяпмиз. Менинг бугунги тушлигим икки стакан қатиқ бўлди”.

Леонид Васильевич бошқа ленинградликлар билан солиштирганда ўзининг туриш-турмуши анча дуруст эканини маълум муддат унутган кўринади. Жиноятчининг шериги сифатида судга тортилган Николаевнинг комсомол соҳасида бирга ишлаган эски дўсти Котолинов ҳам буни тасдиқлайди. “У анча муддат ишламаганига қарамай, моддий аҳволи яхши эди, кўп ҳам муҳтож эмасди”. Николаевнинг трамвай паркида фаррош бўлиб ишловчи онаси ҳам буни тасдиқлайди. “Менинг ўғлим Леонид Николаевнинг оиласи моддий жиҳатдан ҳеч қандай машаққат чекмаган. Улар кооперативга улуш қўшиш эвазига кооператив уйдан уч хонали алоҳида квартира олишганди. Болалари ҳам сут, ёғ, тухум, кийим-кечак, пойафзалдан тортиб, ҳамма керакли нарса билан таъминланган эди. Кейинги 3-4 ой ичида Леонид ишсиз қолиб, оиласи бир қадар муҳтожликка йўлиқди. Аммо шунда ҳам уларнинг аҳволи танг бўлга­­- ни йўқ”.

Шу ўринда яна бир нарсани айтиш керак. Ишсиз қолган Николаев 1934 йили ёзида болалари учун Сестрорецкда ижарага дала ҳовли олган эди.

ҚУРБОН

Қирқ саккиз ёшли Сергей Миронович Кировнинг таржимаи ҳоли ўз давраси ва мансаби доирасидагилардан фарқ қилмасди. Аввало унинг партия стажи жуда катта экани – 1904 йилга бориб тақалишини таъкидлаш керак. У ўн саккиз ёшидаёқ Қозон механика -техника ўқув юрти /ҳозирги тилда айтсак – ҳунар-техника билим юрти/нинг дипломини олиб, чизмакашлик касбини эгаллаган эди. Орадан анча йиллар ўтиб, у ўз таржимаи ҳолида бундай деб ёзади: “Ўқув юртини битираётганимдаёқ социал-демократларга хайрхоҳ инқилобчи бўлиб шаклланган эдим.” Ўқишдан сўнг узоқ йиллар Сибирда яширин инқилобчилик фаолияти олиб борди. Кейин қамалди. Қамоқдан қутулиб чиққач, Шимолий Кавказга келди. Владикавказда чиқадиган, большевиклар таъсиридан узоқ бўлган “Терек” газетасида етакчи ходимлардан бири бўлиб ишлади. Кировда /ўша пайтда Костриков эди/ шубҳасиз, журналистик истеъдоди бор эди. Дарвоқе, тадқиқотчи Алла Кирилинанинг ёзишича, Киров тахаллуси ҳам ўша – газетада ишлаб юрган пайтида пайдо бўлган. Сергей Мироновичнинг стол календарида бир қатор авлиёлар, жумладан, авлиё Киранинг номи ҳам санаб ўтилган.

Инқилоб ва фуқаролар урушида эътиқодли революциячи Киров ғоят фаол иштирок этди. У Шимолий Кавказда совет ҳокимиятини ўрнатди. 1919 йили казак қисмлари томонидан қамал қилинган Астраханни ҳимоя қилишга бош бўлди. 1920 йили меньшевиклар қўлида бўлган Грузияда муҳим дипломатик вазифаларни бажарди.

Жангу жадаллар тугагач, Киров Озарбайжонда ташкил этилган Компартиянинг Биринчи котиби бўлди. Бокуда ишлаб юрганида иқтисодга алоқадор қатор муаммолар билан шуғулланишга тўғри келди. Ўша пайтда мамлакатда энг йирик ҳисобланган нефт конларини тиклаш ва ускуналаш, республикада пахтачиликни ривожлантиришга ҳар томонлама ёрдам бериш, тўқимачилик саноатини йўқ жойдан бор қилиш – Бокуда фабрика қуришни таъминлаш, Тамбовдаги фабрикани Рянж шаҳрига кўчириб келиш сингари оғир юмушлар унинг зиммасига тушди.

Озарбайжонда ишлаётиб Киров ўзига нотаниш бўлган иқтисодий муаммоларни зудлик билан ўрганиш ва ҳал этишдек иқтидорини намоён қилди. Ўзининг сиёсий йўналишини ҳам шу йиллари аниқ белгилаб олди. Йигирманчи йилларнинг биринчи ярмида бутун партияни у ёққа обориб, бу ёққа олиб келган сон-саноқсиз тортишувларнинг биронтасида Киров сўл радикал йўналишдаги Троцкий ва Зиновьевларни бирон марта қўллаб- қувватламади. Чамаси, уларнинг жаҳон пролетар революцияси ғалабасини тезлаштириш, яқин орада бутун дунёда умумжаҳон совет социалистик республикалар иттифоқини тузиш сингари ғоялари бориб турган хомхаёл эканини Киров яхши билган. Киров улардан фарқли равишда, Сталин, Молотов, Оржоникидзе, Каганович, Ворошилов каби эътиқодли “центрист” бўлиб қолди.

Шунинг учун ҳам 1926 йил декабрида Зиновьевни мамлакатнинг олий “раҳбарлик” мансабларидан бўшатиб, Коминтерн ижрокоми раислиги, Ленинград Обкоми котиби вазифаларидан озод қилишганда Кировни Сиёсий бюро аъзолигига номзод қилиб, Ленинградга ишга юбордилар. Унга берилган топшириқ ўша паллада фақат партия мансабдорлари орасидагина эмас, Ленинграддаги кўпгина завод ва фабрикаларда ҳам мавжуд сўл радикаллик қарашларини таг-туги билан йўқотишдан иборат эди. Бошқача қилиб айтганда уни мамлакатдаги партия ташкилотлари орасида ҳажм жиҳатдан иккинчи бўлса-да, моҳият жиҳатидан биринчи даражали “ёппасига тозалаш” учун жўнатдилар.

Бу муҳим топшириқни уддалагач, 1930 йил 13 июл куни бўлган Пленумда уни сиёсий бюро ва ташкилий бюро аъзоси, Марказқўм котиби қилиб сайладилар. Хуллас, энди уни СССР олий раҳбарияти сафига қўшдилар. Бироқ, унинг вазифаси анча чекланган эди. Киров бутун мамлакат миқёсидагина эмас, аввалгидек биттагина, бироқ жуда катта минтақа муаммолари билан шуғулланарди. Маълумки, ўша кезлари Новгород, Псков, Вологда, Мурманск вилоятлари, норасмий бўлса-да, Карелия республикаси ҳам Ленинградга кирар эди. Бинобарин, Киров шимолий-ғарб минтақасидаги аҳоли назарида катта мансабдор ҳисобланарди. Нева бўйидаги Шаҳарда Зиновьевнинг майдароқ амалларда бўлса-да, ҳамон хизмат қилаётган тарафдорлари назарида Киров Октябр ғояларининг сотқини, Сталиндан тортиб барча “центристлар” қатори инқилоб ва партия “гўркови” сифатида баҳоланар эди. Гарчанд “центрист”лар эмас, айнан троцкийчи йўлбошчилардан бири Преображенский томонидан ишлаб чиқилган биринчи ва иккинчи беш йиллик режаларини ҳаётга тадбиқ қилишда фаол қатнашган бўлса-да, Кировни, барибир, шундай баҳолашар эди. Киров оғир саноатни такомиллаштириш, енгил саноатни яратишда жонбозлик кўрсатган, “коллективлаштириш”ни қаттиққўллик билан амалга оширган, ўнлаб черков ва ибодатхоналарни вайрон қилган, социалистик тузумни “қўпоришга уринган” зиёлиларни қамашга амр берган шахс эди.

…Шаҳарнинг кўплаб гўзал аёллари, Мариин театрининг балериналари учун эса Киров бутунлай бошқача қиёфада – Кшесинская қасрида ўқтин-ўқтин ўтказилиб турадиган “оқшом”ларнинг мафтункор хўжайини, давраларнинг гули сифатида эл орасида танилган, зиёфатлар “базми-жамшид” деб ном олган эди. Киров, амалда Кшесинская қасрида яшар, Каменноостровск кўчасидаги расмий уйида эса унинг оғир хасталикка йўлиққан хотини Мария Львовна Маркус истиқомат қилар, опаси Софья Львовна бемор синглисини боқиб ўтирарди.

Киров Леонид Васильевич Николаевнинг ўттиз уч яшар латиш хотини Милд Драуле учун ҳам “давранинг гули” эди. Йигирманчи йиллар бошида у Лужск уезд комсомол қўмитасида Николаев билан бирга ишлаган, кўп ўтмай Николаевга турмушга чиққан эди. Ленинградга кўчиб келишгач, ёш, чиройли аёл обкомнинг енгил саноат бўлимига қарашли кадрлар секторида инспектор бўлиб ишлай бошлади. Ўша паллада унинг Киров билан “дон олишиб” юриши ҳақида миш-мишлар тарқалди. Бу гапда жон борлигини кўп нарсадан билса бўларди. Ҳемириси йўқ Николаевлар хонадонининг кооператив уйдан уч хонали алоҳида квартира олиши ҳам, Милданинг эрини ташлаб, таътилга чиқиб кетиши, нима учундир унинг таътили Кировники билан кунма-кун мос келиши ҳам…

Шаҳардаги биринчи шахс обрўсига соя соладиган бундай “ғийбат”ларга чек қўйиш мақсадида кимнингдир салмоқли тавсияномаси билан Милдани оғир саноат наркомати ваколатхонасининг бошқармасига аввалги лавозимида ишга ўтказдилар. Бу ташкилот ҳам Смолний биносида жойлашган, фақат учинчи эмас, иккинчи қаватда эди.

ИККИ БОР УЗИЛГАН ЎҚ

Таврия саройида бўладиган фаоллар йиғилиши ҳақидаги хабарни Николаев ўша куни эрталаб газетадан ўқиб билди. Ўз ҳаётини бир ёқлик қилишга қатъий қасд этган Николаев хотинининг ишхонасига икки марта қўнғироқ қилиб, мажлисда иштирок этиш учун патта олиб беришни, аввал илтимос қилди, сўнг ялинди. Кундузги соат ўн иккидан ўтганда Милда эрига илтимосини бажаришнинг иложини тополмаганини айтди.

Ёрдамни бошқа жойдан излашга тўғри келади. Николаев аввал Смолний райкомига бориб, ўша ердаги танишларидан патта топишда кўмак беришни сўради. Танишларидан бири ўша заҳоти рад жавобини берди. Иккинчиси эса эски дўстлик ҳурмати битта патта топишга ваъда қилди. Фақат иш кунининг охирида келиш кераклигини айтди.

Николаев бундай ваъдага унчалик ишонмагани учун, бошқа йўлни ҳам излаб кўрди. Трамвайга ўтириб, тағин Смолнийга – шаҳар партия қўмитасига йўл олди. Бу ерда ҳам бир вақтлар комсомолда бирга ишлаган танишлари бор эди. Бир соат ичида бешта оғайниси билан гаплашди. Фақат горком инструктори Петрошевич унинг илтимосига кўнгандек бўлди. Бироқ у ҳам Смолний райкомидагиларга ўхшаб ортиқча патта қолса, иш кунининг охирида топиб беришини айтди.

Николаев бу ердан узоқ кетмасликка қарор қилди, атрофни айланиб, сайр қилиб юрди. Лекин совуқ ва зах ҳавода узоқ чидаб туролмай тағин Смолнийга қайтиб кириб, исиниб олгиси келди. Барчага баробар очиқ турадиган марказий йўлакдан кириб, учинчи қаватга кўтарилди. Сўнг партия билетини кўрсатиб, /қоровуллар учун шу ҳужжатнинг ўзи кифоя эди/ – бино бўйлаб чўзилиб кетган катта -кичик йўлакдан юриб кетди.

Соат тўртдан ошган эди.

… Киров “Красная стрела” поездининг вагонидан чиқиб, Каменноостровск кўчасидаги ўз уйига йўл олди. Хотинини кўриб, аҳвол сўраши, бўлажак маърузага тайёрланиши керак эди.

Роппа-роса соат 16.00да у уйдан чиқиб, одати бўйича кўчанинг ўнг бетидан пиёда юриб кетди. Қоровуллар унинг ёнида эди. Олдинда тансоқчи Трусов, ўн қадам орқада эса яна икковлон Лазюков ва Паузер келишарди. Кўприкка яқин қолганда Киров ўз машинасига, тансоқчилар эса ўзиникига ўтириб, дарё соҳили ёқалаб Литейная сўнг Шпалерная кўчаси бўйлаб кетдилар. Таврия саройига яқинлашганда Киров тўсатдан ҳайдовчига тўхтамасдан йўлда давом этишни буюрди. У аввал Смолнийга кириб, сўнг саройга қайтишга қарор қилди. Иккала бино ёнма-ён эди.

Машина саройга кириб келди ва Кировнинг “шахсий” йўлаги ёнига тўхтади. Киров зинадан юқори кўтарила бошлади. Белгиланган қоидага биноан уни уйидан кузатиб келган икки чекистга яна уч киши – Смолнийнинг маҳаллий соқчилари Аузен, Бальковский ва Борисов қўшилди. Кейинги уч тансоқчининг вазифаси Сиёсий бюро аъзосининг хавфсизлигини учинчи қават йўлагидан ўтиб, иш кабинети олдига боргунча муҳофаза қилишдан иборат эди.

Учинчи қават майдончасида тансоқчилар ўрин алмашди. Аузен билан Бальковский зина олдида қолди. Борисов эса Кировни катта йўлка бўйлаб кузатиб келди. Қоидага биноан бунақа пайтда хона ичидан бошқа бир соқчи – Дурейко чиқиб келиши керак эди. Ана шу паллада соқчилар хатога йўл қўйди. Борисов Кировдан анча орқада қолиб кетди. Дурейко эса пастдан туриб телефонда огоҳлантириб қўйилганига қарамай, Кировнинг қабулхонасида анча ушланиб қолди.

Киров кеч кириб қолганига қарамай, одатга хилоф равишда, одамлар билан гавжум йўлак бўйлаб хотиржам юриб борар эди. У йўлак охиридаги ўн икки метрли кичик йўлак муюлишига етиб қолганди. Йўлакнинг чап томонида Киров билан ўринбосари Чудовнинг хонаси жойлашган бўлиб, икковининг қабулхонаси умумий эди. Ўнг томонда эса махфий бўлим ва архив жой олганди. Бу хоналар ўртасида ойнаванд эшик бўлиб, эшик орқали фақат раҳбар ходимларга хизмат қилувчи махсус ошхонага кириларди.

Шу пайт кичик йўлак муюлишидан бир неча қадам наридаги ҳожатхонадан Николаев чиқиб келди. Ёнидан ўтиб кетаётган Кировга ҳайрон бўлиб қаради ва дарҳол унга эргашди. Бурилишдан ўтишлари билан унга етиб олди. Портфелидан тўппонча чиқарди ва ўзининг бошига тушган барча кўргилик ва кулфатларнинг сабабчиси бўлмиш одамнинг гарданига ўқ узди.

Ошхона эшиги олдида турган монтёр Платоч дарҳол Киров томон югурди. Ўқ товушини эшитиб, ҳозиргина йўлак муюлишидан бурилиб кетган омборчи Васильев, сўнг бурчакда турган Ленинград давлат циркининг директори Цукерман чопиб келишди. Махфий бўлим эшиги очилиб, ичкаридан бўлим ходими Лионики чиқиб келди. Ҳаммалари ўз хонаси эшигидан икки қадам берида ётган Кировни ва унинг тепасида турган нотаниш кимсани кўрдилар.

Одамларнинг пайдо бўлиши Николаевни эсанкиратиб қўйди чоғи, у қарорини охирига етказиш ниятида жонига қасд қилиб, ўзига ўқ узди. Бироқ қўли қалтираб, ўқ шифтга тегди. Аммо у қаттиқ асабийлашгандан ҳушини йўқотиб йиқилиб тушди.

Барча хоналардан одамлар югуриб чиқа бошлади. Биров “тез ёрдам”га қўнғироқ қилди, бошқалар Кировни кўтариб хонасига олиб кирди. Лионикин билан Дурейко Николаев устига ташланиб, уни тинтиб чиқдилар. Папкадан ён дафтарча, кундалик ва “Менинг партия ва халқ олдидаги жавобим” деб номланган васиятномасини топишди. Буларнинг барчасини Николаев бир ярим ойдан бери ёнида олиб юрарди. Сўнг ҳамон беҳуш ётган қотилни ахборот бўлими хонасига кўтариб кириб, чекистлар келгунча устидан қулфлаб қўйишди.

ТЕРГОВ

Смолнийда ўқ узилганида соат 16 дан 30 дақиқа ўтган эди. Роппа-роса ўн беш дақиқадан сўнг Литейная кўчаси 4-уйда Ленинград шаҳри ва вилояти Ички ишлар халқ комиссарлари махфий-сиёсий бўлими 4-бўлинмасининг бошлиғи Коган Милда Драулени сўроқ қила бошлади.

Ўн беш дақиқа ичида Смолнийнинг учинчи ёки иккинчи қаватидан пастга тушиб, Шпарельная ва Литейная кўчаларидан жуда тез ўтилсагина мазкур “идора”га етиб бориши мумкин. Драуленинг тергов қоғозлари орасида уни қаерда қўлга олишгани, нима учун терговни айнан шу хотиндан бошлашгани ҳақидаги варақлар йўқ. Улар 50-йилларнинг иккинчи ярмида йўқ қилинган. Расман. Акт тузиб…

Бир соатдан кейин гувоҳларни сўроқ қила бошладилар. Қоровулликда турган ходимларни, жиноятга гувоҳ бўлганларни, ҳатто ўша фожиа рўй берган куни қотил билан кўришган шаҳар ва Смолний райкоми ходимларини ҳам. Николаевнинг ўзини сўроқ қилишнинг иложи йўқ эди. У ҳамон беҳуш ётарди. Шу боисдан у Смолнийдан 2-шаҳар Психиатрия касалхонасига олиб борилди. У маълум муолажалардан сўнг кечқурун соат тўққизларга яқин ўзига келди.

Соат 18 дан 20 дақиқа ўтганда НКВД бошқармаси бошлиғи Ф.Д.Медведь қотиллик рўй бергани ва қотилнинг фамилияси ҳақидаги қисқагина хабарни биринчи бор Москвага жўнатади. “Қотил Николаевнинг хотини Драгуле Милда 1919 йилдан бери ВКП/б/ аъзоси, 1933 йилгача ВКП/б/ обкомида ишлаган. Ҳибсга олинган Николаев Ленинград ҳарбий округининг НКВД бошқармасига юборилди. Драгулени ҳибсга олиш тўғрисида кўрсатма берилди. Смолнийдаги текширишлар давом этмоқда…” Ушбу шифрланган телеграммани Москвадагилар кечки соат еттидан сўнг ўқидилар.

Соат 22 дан 30 дақиқа ўтганда Москвага иккинчи телеграмма жўнатилади. Телеграммада Милданинг Николаевни партиядан ўчирилгани ва унинг қўлида расман рухсатнома билан берилган қуроли бўлгани ҳақидаги кўргазмаси лўнда баён қилинади. Тағин ярим соатдан сўнг Медведь, унинг ўринбосари Фомин, иқтисод бўлимининг бошлиғи Молочников ва махфий-сиёсий бўлим бошлиғининг ўринбосари Стромин Николаевни сўроқ қилишни бошлаш имконига эга бўладилар.

“Савол. Бугун, 1 декабр куни Смолний йўлагида сиз ВКП/б/ Марказқўми котиби ўртоқ Кировни тўппончадан отгансиз. Бу қотилликка алоқадорлар ва сизга ҳамкорлик қилганлар кимлар эканини айтинг?

Жавоб: Қатъиян айтаманки, менинг ўртоқ Киров жонига қасд қилишимга алоқаси бўлган ва ҳамкорлик қилган биронта одам йўқ! Бу ишга тайёрланган ёлғиз ўзимман ва бу ҳақда бирон кишини хабардор қилган эмасман. Кировни ўлдириш нияти менда 1934 йил ноябрдан туғилган… Сабаби битта. Мени партиядан узиб қўйдилар /8 ой илгари партия сафидан чиқардилар/.”

Сўроқдан сўнг Москвага учинчи махфий телеграмма кетади. Лекин унда Николаев айтган гаплар эмас, бошқа, кутилмаган нарса бор эди. “Николаевнинг ён дафтарчасида “герм. тел. 16982, Герцен кўч. 43” деган сўзлар бор. Бу – чиндан ҳам Германия консулхонасининг манзили”.

Шу тариқа терговнинг биринчи куни ярим кечага бориб, рўй берган фожиа сабабини аниқловчи уч хил тахмин белгилаб олинади. Биринчиси, рашк туфайли қилинган қотиллик. НКВД бошқармаси бошлиқлари Киров ўлимидан ўн беш дақиқа ўтгач, Милдани сўроқ қилганларида амалда бу далилни исботладилар. Бироқ суриштириб- нетиб ўтирмай, бу тахминдан дарҳол воз кечилди. Бунинг бош сабаби шуки, бу нарса партия йўлбошчиларидан бирининг маънавий қиёфасига соя солар, уни қоралаган бўлур эди. Устига-устак, бу гаплар овоза қилинса, Кировнинг Кшесинская қасрида хотин-халаж билан қилган кайф-сафолари тўғрисида Ленинградда шусиз ҳам аллақачон тарқалган миш-мишлар тасдиқланган бўлур эди.

Иккинчи тахмин. “Германия изи”. Николаевнинг Германия консулхонаси билан алоқасига оид кутилмаганда пайдо бўлиб қолган далил. Николаевнинг бу ташкилот билан англаш қийин бўлган алоқасига эътибор бериш лозимлигига қуйидаги далиллар ундар эди. Маълум бўлишича, Николаев ёз ва кузда бир неча бор Германия консулхонасига кирган, сўнг ҳар сафар ўша ердан чиқиб, Трогсин дўконига кириб харид қилган нарсаларига дойчмарка билан ҳисоб-китоб қилган. Бундан ташқари Бош консул Рихард Зоммер қабул қилинган қоидага хилоф равишда 2 декабр куни Ташқи ишлар наркоматига хабар қилмасдан Хельсинкига борадиган поездга ўтириб, жўнаб қолган ва шу бўйи ҳеч қачон СССРга қайтиб келмаган.

Лекин Николаевни 1 ва 2 декабр кунлари тергов қилган Медведь ҳамда 3-декабрда сўроқ қилган Ички ишлар комиссарининг ўринбосари Агранов бошқа бир тахминни қаттиқ туриб ҳимоя қилар эдилар. Улар Кировни шахсий адовати туфайли – партиядан ўчирилгани ва умуман ҳаётдан норозилиги боис ўлдирганини Николаевнинг бўйнига қўйишга уринар эдилар. Қотилнинг таржимаи ҳоли, ёнидан топилган хати, кундалиги бунга етарли даражада асос бўла оларди. 4 декабр кечқурун Сталин Ленинградга бориб, Москвага қайтганидан кейингина тергов йўналиши кескин ўзгаради. Николаевнинг камерасига киритилган хабаркаш ёрдамида олинган “агент” маълумоти орқали айбланувчи билан ўн йил давомида Виборг район комсомолида бирга ишлаганларнинг фамилияси, келгусида кимлар Троцкий ва Зиновьевлар тарафига ўтиб кетгани аниқланди. Ушбу маълумотдан сўнг сиёсий қотиллик рўй бергани тўғрисидаги тахмин асосий ва ягона тўғри йўналиш, деган хулосага келинди.

Кировни ўлдиришда бугун айб – Троцкийгами ёки Зиновьевгами, қай бирига юкланади, деган масала оддийгина ҳал этилди. Троцкий СССРдан чет элга бадарға қилинганига беш йил бўлган, энди у “қўл етмас” жойда эди. Зиновьев эса Москвада яшар эди ва партиянинг назарий журнали “Большевик”да таҳрир ҳайъати аъзоси эди. 16 декабр куни Зиновьевни, унга қўшиб Сиёсий бюронинг собиқ аъзоси Каменевни ҳибсга олдилар.

Эртаси куни “Правда” газетасининг бош мақоласида бундай “чора” сабабини тушунтирувчи шарҳ эълон қилинди. “Синфий душманниг мараз, маккор агентлари, Зиновьев бошчилигидаги партияга қарши гуруҳнинг разил қабиҳлари бизнинг сафимиздан ўртоқ Кировни юлиб олдилар. “Беш кундан кейин эса Коминтернинг собиқ раҳбари, инқилоб арафасида Разливдаги чайлада Ленин билан яширинган одамга қўйилган айбномани янаям аниқлаштирдилар. “Ўртоқ Кировнинг жонига қасд қилишдан мақсад, – деб ёзилди “Ички ишлар халқ комиссарлиги” томонидан эълон қилинган баёнотда, – шу йўл билан бизнинг сиёсатимизни зиновьевчи-троцкийчилар йўналиши томон бурилишга ҳаракат қилишдан иборатдир”.

СТАЛИН УСУЛИ

Очиқдан-очиқ маиший асосда, устига-устак, руҳи норасо одам томонидан қилинган жиноят бу қадар ўзгартириб, унга “сиёсий тус бериш” кимга ва муҳими – нима учун керак бўлиб қолди? Бу саволга фақат битта жавоб бериш мумкин: Сталинга! Шундай қилиш учун Сталин ўйлаб қўйган жиддий сабаблар бор эди. Кировнинг ўлдирилиши унинг омади юриши учун айни муддао бўлиб, ўзининг сиёсий рақибларидан бир йўла қутулиш, уларни обрўсизлантириш учун кутилмаган имконият берган эди.

Николаев иши бўйича бўлган бешта суд давомида 17 киши, шу жумладан, унинг хотини Милда ҳам отувга ҳукм қилинди. 106 киши ўн йилдан икки йилгача муддат билан қамоқ жазосига тортилди. Суд-пуд қилиб “овора” бўлиб ўтирмай, 663 киши сургун қилинди, 325 кишини эса Ленинграддан бошқа шаҳарларга кўчирма қилиб юборишди. Қатағон қилинганларнинг барчаси партия аъзолари, Троцкий ва Зиновьевнинг фаол ғоявий тарафдорлари эди.

“Вокруг света” журналининг 2004 йил, декабр сонидан олинди.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 3-сон