Улуғбекнинг астрономия мактаби

Ўтган йили Париж шаҳридаги нуфузли “Арматан” нашриётида Евро-Осиёни ўрганиш жамияти ташаббуси билан “Асрларни ёритган юлдузлар” номли китоб чоп этилди. Мазкур китобдан франциялик темуршунос олим, темурийлар даврини ўрганиш Франция уюшмаси раиси, Ўзбекистон Республикаси «Шуҳрат» медали соҳиби Люсен Керэннинг «Улуғбек ва Самарқанд астрономия мактаби» номли мақоласи ҳам ўрин олган.
Қуйида ушбу мақолани Жанонбек Санақулов ва Баҳромжон Аълоевлар таржимасида жузъий қисқартиришлар билан эълон қилмоқдамиз.
…1337 йилда Туркиянинг Брусса шаҳрида таваллуд топган Қозизода Румий таниқли қомусий олим ва файласуф Шамсиддин ал-Фанорийдан дастлабки сабоқларни ўрганди. Охир-оқибат, бу устоз араб ва форс мударрислари дарс берувчи Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг машҳур мадрасаларида астрономия ва риёзиётни чуқур ўрганиш учун Қозизодага Туркияни хуфёна тарк этишда ёрдам беради. Румий Самарқанд мадрасасида фалакиёт ва риёзат фанларининг нуфузли уламоларидан бирига айланди ва Улуғбекка ҳам устозлик қилди. Қозизода ўзи билан бирга ал-Фанорий томонидан тузилган фанлар мажмуасини ҳам олиб келган эди. У бу асарни Улуғбекка ўргатади. Бироқ Қозизода Улуғбекда астрономия фанига бўлган ноёб қобилиятни сезиб, уни кўпроқ ушбу фанни чуқур ўрганишга йўналтиради. Улуғбек Қозизодадан кўп илм ўрганди ва уни устоз деб билди.
Улуғбек ўша даврнинг энг машҳур риёзиётчиси ва астрономи Ғиёсиддин ал-Кошийни ҳам ўз маслаҳатчиси, устози деб ҳисоблаган. Ҳиротда Ғиёсиддин ал-Коший астрономияга қизиққан Улуғбекнинг укаси Искандар Султонга таҳсил берарди. Улуғбек уни 1417 йилда Самарқандга, ёнига чақиртириб олади. Ал-Коший расадхона лойиҳаси ташаббускорларидан бўлди ва юлдузлар жадвалини тузишда фаол иштирок этди.
Маърифатли инсонлар маслаҳати билан Улуғбек Самарқандда илм-фанни ривожлантириш, жумладан, фалсафа, риёзиёт ва фалакиёт илмлари билан шуғулланиш ниятида катта мадраса қурдиришга қарор қилди. Ҳали бисёр бўлган Темурбек салтанати хазинаси қолдиқларидан бугунги кунгача Регистон майдонида қад кўтариб турган ва ўз номи билан аталувчи улкан мадрасани барпо қилди. Бу мадраса VIII асрда Боғдодда ал-Мансур халифалиги даврида бошланган ислом расадхоналари ва мактаблари фаолиятида юз йиллар давомида тўпланган тажрибаларнинг давомчиси сифатида танилди. Дастлабки ҳаракатлар юнон математиклари ва файласуфларининг асарларини араб тилига ўгириш билан бошланган бўлса-да, сўнгра форс ва ҳинд олимлари ўртасидаги муносабатлар билан янада бойиб борди. Юнон астрономи Клод Птолемейнинг икки асари, эрамизнинг 130-йилларида яратилган, «Алмажест» ва «Сайёралар гипотезаси» асарлари Аристотел фалсафаси билан яқиндан таниш бўлган мусулмон мутафаккирлари эътиборини тортди. Улар худди христиан ва яҳудийлар сингари диний бўлинишликка эмас, балким Птолемей томонидан ишлаб чиқилган геосентрик тизимни қўллаб-қувватладилар: Ер Худо томонидан Одам ато учун яратилиб, ўз ўқи атрофида айланувчи қўзғалмас борлиқдир, қуёш ва ой бошқа сайёралар сингари мукаммал доира шаклида Ер атрофида айланади. Бу тизимни ҳаракатга келтирувчи қонун-қоидаларни ўрганиш учун мусулмон астрономлар юнон астрономлари хулосаси ва ўзларининг шахсий кузатишлари орасидаги кўплаб қарама-қаршиликларни бартараф қилиш борасида ҳисоб-китоб ва кузатишларни кўпайтирдилар.
Дарҳақиқат, VIII асрдан XIV асргача бўлган мусулмон оламида шаклланган кўплаб иқтидорли математик ва астрономлар замонавий даврдан олдин бўлмаган. Улар ҳинд олимлари билан ҳамкорликда юнон астрономлари хатоларини тўғрилаб, асл математик моделлар яратиб, ўз меҳнатлари натижаларини баён қилганлар. Улар диний ибодатга боғлиқ жамият саволларига ҳам жавоб беришлари лозим эди: муқаддас шаҳар жойлашуви, ибодат вақтлари, ҳижрий йил ҳисобидаги ойнинг кўриниш санасини аниқлаш ва ҳоказолар. Шундай қилиб, улар расадхоналар қуришга киришдилар, кўплаб математик ҳисоб–китобларни туздилар, нуқтанинг текисликдаги ва фазодаги ҳолатини ҳисоблаб, самовий жинслар ҳаракатларини ўлчаш ва аниқлаш учун кўплаб турдаги асбобларни ихтиро қилдилар. Бу ишларнинг нусхалари асосан араб ва форс тилида тузилган бўлиб, шаҳардан шаҳарга, расадхонадан расадхонага алмашиниб турарди.
Регистон майдонидаги мадрасанинг қурилиш ишлари 1417 йилдан 1420 йилгача давом этди. Бироқ “темурий” услубидаги ажойиб ёдгорликлардан бири бўлган бу мадрасанинг меъмори исмини ҳеч ким билмайди: деворлар, миноралар ва нақшлар араб услубидаги геометрик шакллардан ташкил топган. Кўк ранг, сирли, такрорланувчи безаклар кўп ишлатилган.
1420 йилда қурилиш ишлари тугатилиб, Қозизода дастлабки сабоқни Улуғбек иштирокида бошлаб берди. Янги мадраса ўз даврининг энг машҳурига айланди ва ал-Коший ҳам у ерда математика асослари тўғрисидаги билимлари билан талабаларга таълим бера бошлади. У бу ҳақда 1427 йилда тугатган “Мифтоҳ ул-ҳисоб” «Арифметика калити» асарида қайд этган бўлиб, асар Улуғбекка бағишланган ва қуйидаги кириш сўзлари билан бошланган: «Мен бу асарни энг буюк, энг одил, энг оқил ва энг машҳур олим Султон Улуғбек Кўрагоний кутубхонаси учун яратдим».
Ўқув дастури кутубхонадаги энг машҳур мусулмон астроном ва математикларининг асарларига асосланарди. Бу асарлар Улуғбекнинг муруввати туфайли унинг хазинаси эвазига қўлга киритилганди. У ўзининг ёш ҳамкасби Али Қушчини астрономияга оид хитой қўлланмалари ва тақвимларини топиб келиш учун ҳаттоки Хитойга ҳам жўнатади.
Улуғбек ал-Коший, Қозизода ва бошқа ҳамкасблари маслаҳатига таяниб, улар ният қилган ансамбл — улкан астрономик расадхонанинг қурилиш лойиҳасини ишлаб чиқишга буйруқ беради. Астрономия гуруҳи талабалари мадраса таҳсилини тамомлаб, ўзларининг келажакдаги вазифаларини белгилаб олишган бир пайтда, шаҳарнинг шимоли–шарқидан бир неча чақирим нарида жойлашган Кўҳак тепалигида 1420 йилда расадхона қурилиши бошланади. Лашкарбошилик ва ҳукумат ишларидан бўш вақтларида Улуғбекнинг ўзи ҳам ўлчов ва ҳисоб–китобларда иштирок этади.
Улуғбек Самарқандда дарвешлар учун улкан гумбазли хонақоҳ қурдирди, хонақоҳ ҳаммоми рангли тошлар билан безатилган бўлиб, аҳоли уни шаҳарнинг энг муҳташам иморати деб ҳисобларди. Жумладан, у катта карвонсаройларга ўхшаш дид билан ясалган ёғоч ўймакорли масжид ҳам қурдирди. Катта боғ ўртасида 40 устунли сарой бунёд эттириб, сарой ёнида ўзининг миниатюра тўпламларини сақлаш учун Хитойдан келтирилган чинни кошинлар билан безатилган ажойиб хона ҳам қурдирган. Темурбекнинг хоки жойлашган Темурийлар мақбарасини қурдиришни давом эттирди. «Гўри Амир» мақбарасига 1425 йилда Мўғулистондан олиб келинган улкан қора нефрит тошини ўрнатди ҳамда Тож Маҳал сингари муҳташам хонани чиройли мармар панжара билан безатди. Шоҳизинда мақбараси кириш эшигини бунёд эттирди. Бухорода янги мадрасалар бино қилдирди.
Унинг қобилияти жуда ҳайратланарли эди, чунки Улуғбек нафақат математик ва астроном, балки китобсевар, шоир ва улкан тарихчи бўлиб, расадхона ва мадрасадаги таълим жараёнида ва илмий изланишларда ўзи фаол қатнашиб, ўз соҳасининг устасига айланган эди. У янги мунажжим ва ўқитувчиларни ишга қабул қилиб, баъзан талабалар билан камтарона ва очиқ мулоқотда бўлишдан завқланарди. Шунинг натижаси ўлароқ, Улуғбек математика соҳасида жуда қобилиятли ва зеҳнли бўлган ёш Али Қушчи, — “лочин овчиси” билан танишиб, дўст тутинди. Ёш талаба унинг кўмаги сабабли, кейинчалик таниқли устоз ва Улуғбек асарларининг давомчисига айланди.
Ўз соҳасининг билимдони бўлган Ғиёсиддин ал-Коший қурилиш ишларини бошқариш ва расадхона хизматини йўлга қўйиш жавобгарлигини ўз зиммасига олди. 1429 йилда тугалланган бу расадхона бутун Осиёни ҳайратга солганди. Афсуски, расадхонанинг қурилиши диний эътиқодга нисбатан ўзининг ҳур, мустақил фикрига эга бўлган Улуғбек тўғрисида руҳонийлар томонидан номақбул фикрлар, миш-мишлар тарқатиш, олимни бузғунчиликда айблашга асос ҳам бўлди. Улуғбекни Шоҳруҳ даврида Ҳиротдан қувилган бидъатчи Қосим Анвар билан яхши муносабатда бўлганликда ҳам айбладилар. Бу каби воқеалар орадан 30 йил ўтгач, расадхона мавқеининг бутунлай пасайишига ва кўплаб мунажжимларнинг бу ерни тарк эта бошлашига сабаб бўлди. Улуғбекнинг фожиавий ўлимидан 50 йил ўтиб, 1499 йилда расадхона батамом бузиб ташланди.
Бугунги кунда расадхонанинг ички ва ташқи кўриниши хусусида жуда оз маълумотларга эгамиз. Ўша даврда яшаган олим Абдураззоқ Самарқандий расадхонани ўз кўзи билан кўрган бўлиб, уни қуйидагича тасвирлайди: «Бино деворлари ўзгармас юлдузлар, 1/60 сонияли, сониялар, дақиқалар ва осмон гумбази даражалари билан безатилган. Яна денгизлар, саҳролар, тоғлар, Ер иқлими минтақалари ифодаланган дунё жуғрофий хариталари ҳам бор эди. Буларнинг ҳаммаси номутаносиб геометрик шакллар ва ажойиб суратлар билан ифодаланган”.
Мирзо Бобур ўз хотираларида шундай ёзади: “Яна бир улкан иморат астрономик жадваллар тузишга мўлжалланиб, Кўҳак тепалигида уч қават қилиб қурилган расадхонадир».
1908 йили рус археологи Виаткин Кўҳак тепалигида расадхона қолдиқларини топишга муяссар бўлди: диаметри 46 — 50 метрли доира шаклидаги иморатга тааллуқли безаклар, ғиштлар, тош парчалари, шунингдек, шимол–жануб меридиани бўйлаб йўналтирилган чуқурлиги 11 метр бўлган ерости қисмига олиб кириш жойи топилди. Тадқиқотлар давомида археологлар деворларнинг асосини ва яна бир қанча қолдиқларни топдилар.
Самарқандий ва Бобур қолдирган қисқа кўрсатмалар ва хароба қолдиқлари туфайли ўзбек, рус ва бошқа давлат археологлари ўша давр архитектура қурилишини ҳисобга олиб, Марага, Дамашқ ва Бағдод каби дунёнинг машҳур расадхоналари қурилиш архитектурасига таянган ҳолда Улуғбек расадхонаси лойиҳасини тикладилар. Бино доира шаклида бўлиб, баландлиги 30,42 метрни ташкил қилади, тахминан 15 метрли тепаликни қўшиб ҳисобласак, расадхона ер сатҳидан қарийб 45 метр баландликда бўлган. Ясси мармарли асосга қурилган уч қаватли бинонинг ҳар бир қавати ташқарига қараган 32 та аркдан иборат эди. Деворларнинг ташқи томони сирли кошинли ранглар, айниқса, кўк ранг, араб ҳарфлари ва гул шакллари билан безатилган эди. Бино тўғри меридиан бўйлаб жойлаштирилган 21,6 метр радиусли секстант арки билан тенг икки қисмга ажратилган.
Топилган девор қолдиқлари бинонинг пастки қисмида расадхонанинг турли хизматлари учун мўлжалланган хоналар бўлганлигини тасдиқлайди. У ерда турли жиҳозлар ва асбоб-ускуналар сақланадиган хоналар, устахоналар, асбоб-ускуна ва ҳисоб-китоб ҳужжатлари сақланадиган хоналар, кутубхона, мажлис хонаси, хариталар жойлаштирилган хона ва яна ёзувлар ҳамда дарс жараёнидаги суратлар учун мўлжалланган хона мавжуд бўлган. Самарқандий томонидан жойи аниқ кўрстилмай эътироф этилган деворий суратлар билан безатилган хоналарнинг бўлганлигини аниқлаш қийин. Эҳтимол, расадхона ходимлари ва зиёратчилар учун ошхона, озиқ-овқат дўкони ва сув сақлаш мосламалари ҳам бўлгандир.
Улуғбек расадхонасида тунги осмонни ўрганиш мақсадида бир неча кузатувчилар учун мўлжалланган майдонча, шунингдек, гномонли катта қуёш соати ҳам мавжуд бўлган; секстантнинг тепа қисми қуёш йўналишида меридиан билан кесишадиган пайтда нурлар ўтказувчи тўғриланадиган овалсимон ойнали том билан ёпилган эди. Қуёш нури қоронғуликда жойлашган секстантнинг ерости ёйсимон қисмида доғ ҳосил қилар, кузатувчилардан бири секстантнинг ёйсимон шакли устига ёзилган даражаларни кузатиб борарди. Шу улкан асбоб билан Улуғбек бир йилни 365 кун, 6 соат, 10 дақиқа, 8 сонияга тенглигини аниқлади, ҳозирги замон астрономлари эса 365 кун, 6 соат, 9 дақиқа, 9,6 сония эканлигини тасдиқлашди. 0,32″ даражали арзимас хато билан Улуғбек эклиптика оғмалигини ҳозирги замон астрономлари ҳисоб-китоби бўйича 23°30’45″ даража эмас, балки 23°30’17″ даража деб берган эди.
Секстантдан ташқари, фақат кўз орқали ўрганилган сайёралар ва юлдузлар кузатуви турли хил таниш асбоблар билан амалга оширилган: устурлоблар, армиляр шари, балистислар, трисветрлар, шаниллар ҳамда соат ва ҳоказолар.
Зиж (Юлдузлар жадвали) қачон ёзила бошланганлиги маълум эмас, эҳтимол 1420-йилларда бўлиши мумкин. Тошкентда топилган форсий қўлёзмага асосан 1444 йилда якунланганлиги эътироф этилади. Лекин Улуғбек умрининг сўнгги дамларигача ҳам унга ўзгартиришлар киритган бўлса ажаб эмас. Бу жадвал Улуғбек йиққан мунажжимлар гуруҳининг заҳматли меҳнати маҳсулидир. Унинг ўзи ҳам асарни бир шаклга жамлашда иштирок этди. Одатга кўра, расадхона мунажжимлари томонидан тузилган зиж ўз сулоласи ёки ҳукмдор номи билан аталиб, Зижи Кўрагоний деб номланган. Юлдузлар жадвалининг Францияда босилиб чиққан нусхаси форс тилидан (Седийё) таржима қилинган бўлиб, Улуғбекнинг ўзи ёзган 6 саҳифали кириш сўзи билан қўшиб ҳисоблаганда, 200 саҳифани ташкил қилади.
Юлдузлар жадвалини тузиш жараёнида 1430 йили ал-Кошийнинг, 1436 йили Қозизода Румийнинг ўлими олимлар учун катта йўқотиш бўлди. Улуғбек Зижнинг кириш қисмида уларга чуқур ҳурмат изҳор қилиб, асарнинг якунланишида ёш Али Қушчининг хизматлари юксак бўлганлигини таъкидлайди.
Улуғбекнинг икки ўғли бўлиб, уларга болалигиданоқ турлича муносабатда бўлинганлиги маълум. Ота кичик ўғли Абдулазизни эркалаб ўзига жуда яқин тутди, тўнғич ўғли Абдулатифни эса Хуросондаги бувиси Гавҳаршодбегим ёнига жўнатди. Шу йўсинда, Абдулазизга кўпроқ ён босиб, уни ортиқча эътибор билан Самарқандга чақиртириб, халқ олдида валиаҳд деб эълон қилди.
1447 йил 2 март куни қисқа бетобликдан сўнг Шоҳруҳ Мирзо вафот этди. Улуғбек бундан қаттиқ қайғуга тушиб, ҳокимиятни куч билан эгаллашга уринаётган жиянларидан бирига қарши Хуросонга қўшин тортишга мажбур бўлди. Абдулатифнинг ёрдами туфайли, 1448 йили Тарбобдаги жангда жиянини мағлубиятга учратди. Қонуний ҳокимиятни қўлга киритган Улуғбек Самарқандга, кенжа ўғли ёнига қайтиб келди.
Отаси туфайли узоқ йиллар пойтахтдан йироқда бўлган Абдулатиф ўзини камситилган деб ҳисоблайди ва унда отасига нисбатан чуқур хусумат пайдо бўлади. У бебурдликка берилиб кетган ва шаҳарда ўз билганича яшовчи ҳамда ҳукмдорга бўйсунмай қўйган аскарлар орасидан ўз тарафдорларини топишга муваффақ бўлди. Баъзи диндор ҳамтовоқларига таянган Абдулатиф ўз атрофига отасини тахтдан ағдаришга шайланган ҳамда ҳукмдорга қарши кайфиятда бўлган жангчилардан етарлича йиғиб олишга муяссар бўлганлиги ҳам аниқ. Иккала қўшин ўртасидаги жанг Самарқанд яқинидаги Дамашқ қишлоғида бўлиб ўтди. Улуғбек жангда мағлубиятга учради, Абдулатиф отасини асир олдирди ва уни ўлдириш тўғрисида фармон берди… Бу фожиа 1449 йил 27 октябрда ҳукмдорнинг 55 ёшлик вақтида содир бўлди. Улуғбек Гўри Амир мақбарасига, бобосининг ёнига дафн қилинди. Қабртош устидаги ёзув Улуғбекнинг шаҳид бўлганлиги ва Абдулатиф падаркуш эканлигини тасдиқлайди.
Бу фожианинг асл сабаби ва моҳияти тўғрисида ҳозиргача бош қотиришади. Улуғбекнинг тўнғич ўғли билан келиша олмаганлигининг боиси нимада эди? Биринчи тасдиқ Темурбек ҳукмронлигининг сўнгида пайдо бўлиб, Али Яздий “Зафарнома” (1425) китобида бу воқеанинг астрология билан боғлиқлигини кўрсатади. Расмий астрологлар томонидан ўрганилган ва унинг ўзи ҳам текшириб чиққан Улуғбекнинг тақдири тўғрисидаги башоратда (гороскоп) кўрсатилишича, унинг туғилган куни Аждарнинг дум қисмида жойлашган Шер буржида бўлиб, бу ҳалокатдан нишона эди. Абдураззоқ Самарқандий ўзининг 1471 йилда ёзган йилномасида бу воқеани қуйидагича тўлдиради: унинг фикрича, Улуғбек ва ўғли ўртасидаги адоват уларнинг тақдиридан келиб чиқади. Олим Улуғбекнинг тақдир юлдузи Аждар дум қисмида бўлиб, бахтсизлик ва мусибатни ифодаласа, Абдулатифники Аждарнинг бош қисмида бўлиб, куч ва ғалабадан дарак беришлигини таъкидлаганди.
Улуғбек учун Юлдузлар жадвалининг тўртинчи бобини ташкил қилган астрология алоҳида бир фан ҳисобланарди. У ўзи қайта ҳисоблаб чиққан бу башорат жадвали (гороскоп) га ишонар эди. Ўғлининг ўзига қарши исъён кўтариши мумкинлиги боис, уни ўзидан узоқда сақладилар ва бу Абдулатифнинг валиаҳдлик ҳуқуқидан маҳрум бўлишига олиб келди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бахтиқаро Улуғбек ўғлининг нафратини қўзғаб, ўз тақдирининг шундай якун топишига эҳтимол ўзи сабабчи бўлгандир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 28-сонидан олинди.