Қиёмиддин Назаров. Адабиёт фалсафаси

Биз фалсафа мавжуд экан, “маданият фалсафаси”, “ҳуқуқ фалсафаси”, “ахлоқ фалсафаси”, “сиёсат фалсафаси” каби атамалар қўлланилишига, миллат бор экан, унга хос тил ва адабиёт, маданият каби миллий фалсафа ҳам мавжуд бўлади, деган фикрларга кўникиб қолганмиз. Адабиёт аҳли ва фалсафа мутахассислари ўртасидаги суҳбатлар ва ўзаро мулоқотларда бу ҳақда гап кетганда, бирон-бир киши адабиёт фалсафаси тўғрисидаги фикрларни мутлақо рад қилмайди ёки уни ўрганишга арзимайдиган йўналиш, дея баҳоламайди. Аксинча, аксарият шоир ва ёзувчилар, журналистлар бу ҳақда ижобий фикрлар билдиришади, у билан боғлиқ масала ва муаммоларни тадқиқ қилиш фойдадан холи эмаслигини таъкидлашади.

Шунга қарамай, нима сабабдандир “Адабиёт фалсафаси” тушунчаси ниҳоятда кам қўлланилади, бу ҳақда ундан ҳам камроқ ёзилади. Илмий изланишлар соҳасида бу мавзуга унчалик рағбат билдирилмаслиги, махсус тадқиқотлар камлиги баъзи саволлар туғилишига сабаб бўлади. Балки ҳақиқатан ҳам адабиёт фалсафаси йўқдир? Фалсафасиз адабиёт борми? Ғоясизликни акс эттирадиган адабиёт-чи? Бундай фалсафа йўқми? Улар қўшилса, уйғунлашса, нима бўлади? Аслида фалсафасизликнинг ўзи ҳам бир ғоя, турли вайронкор адабиётлар ва бузғунчи фалсафалар учун таянч эмасми? Шу ва шу каби саволларга жавоб излар экансиз, “Инсоният тафаккури тараққиётида ниҳоятда катта аҳамият касб этган адабиёт фалсафаси мавзуси ўрганилмасдан ва тадқиқ этилмасдан қолиб кетавериши керакми?” – деган ўкинч хаёлга келаверади.

Шу билан бирга, алоҳида қайд этиш керакки, собиқ иттифоқнинг бир томонлама, синфий-партиявий мафкураси билан тафаккури заҳарланган баъзи файласуфлар ва социалистик реализм таъсирида мияси қотган айрим мутахассислар “Бугунги кунда адабиёт фалсафаси йўқ!” десалар ажабланиш керак эмас. Чунки уларнинг тафаккури ва тасаввурига бундай тушунчалар тез ва осонгина сингавермайди. Зеро, яқин-яқингача “Аксиология”, “Акмеология”, “Идеология” каби фанлар ва атамаларга ҳам шундай муносабат бўлгани кўпчиликка маълум. Кечагина ушбу атамаларга тиш-тирноғи билан қарши бўлган айрим мутахассислар бугун уларни бемалол ишлатаётгани, ҳатто бу соҳаларнинг илғор вакилига айланаётгани ҳам сир эмас. Фан тарихида янги тушунча ва атамаларга нисбатан бундай ҳолатлар рўй бериши кам эмас.

Бир сўз билан айтганда, “Адабиёт фалсафаси” нима, ушбу тушунчанинг маъно-мазмуни қандай, унинг намоён бўлиш хусусиятлари нималардан иборат, деган масалаларни тадқиқ этишни замоннинг ўзи кун тартибига қўймоқда. Афсуски, ҳозирги кунгача ушбу масалаларга бағишланган бирон-бир йирик асар, монография, илмий рисола ёки қўлланма борлиги, ушбу йўналишда муайян натижаларга олиб келган махсус илмий тадқиқотлар ўтказилгани ҳақидаги маълумотга эга эмасмиз.

Бунинг асл сабаблари, бизнингча, бир қатор омиллар билан бирга, муқаррар тарзда собиқ иттифоққа хос тоталитар мафкура ҳукмрон бўлган яқин ўтмишга бориб тақалади. Бошқа соҳалар қатори, бу борада ҳам аянчли мерос қолдирган бу даврда, адабиёт фалсафаси тўғрисида ёзишмас, яна ҳам тўғрироғи, у ҳақда ёздиришмас, ёзгани қўйишмас эди. Ҳатто шу соҳа мутахассислари, яъни адабиёт ва фалсафа бўйича кадрлар тайёрлайдиган университетларда ҳам бу борадаги мавзулар ушбу фанларнинг асосини ташкил этадиган илмий-назарий тизим, бадиий тафаккурни белгилайдиган фалсафий ғоялар ва тушунчалар мажмуи сифатида ўқитилмас эди. Ўша даврда адабиёт фалсафасининг ижтимоий омиллар ва жамият руҳияти, одамларнинг дунёқараши, бадиий тафаккур, адабий муҳит ва ижодий жараёнлар билан боғлиқ ўзига хос хусусиятлари, инсон ҳаётидаги ўрни ҳамда аҳамиятини ўрганувчи илмий-назарий йўналишга айланмагани ҳам шу билан изоҳланади.

“Собиқ иттифоқ мафкураси тараққиётнинг асосий қонуниятларини тўғри тушунтириб берадиган якка-ю ягона таълимот”, деган сохта ақида мутлақ ҳақиқат сифатида эътироф этилгани оқибатида, бу соҳадаги мутахассислар тоталитар мафкуранинг асосларини атрофлича ва чуқур ўрганса, бас, адабиёт эса ана шунга хизмат қилиши шарт, деган қараш ҳукмрон бўлиб қолган эди. Айнан ана шундай қараш умуминсоний аҳамиятга молик бўлган адабиёт фалсафасининг умуман ўрганилмаслиги, униб-ўсмаслиги ва махсус тадқиқотлар йўналиши сифатида шаклланмаганига сабаб бўлди. Умуман, ўша даврда бошқа ижтимоий фанлар ҳам умуминсоний тамойиллар асосида ўқитилмас, бу борадаги асл ҳақиқатлар, уларнинг тўлиқ мазмун-моҳияти тўғрисида етарли маълумотлар берилмас эди. Собиқ шўро даврида бу соҳалардаги мутахассисларнинг онгини умуминсоний тамойиллар эмас, балки уларнинг дунёқарашини тоталитар мафкура ва мустабид тузумнинг мақсадлари йўлида шакллантиришга хизмат қиладиган “фан”лар керак эди. Шу мақсадда баъзи социалистик реализм руҳидаги “Совет адабиёти” ва “Ўзбек совет адабиёти” қабилидаги “фанлар” ўйлаб топилди ва таълим тизимига киритилди. Файласуф, социолог каби мутахассисларни тайёрлайдиган муассасаларда ҳам худди шу каби ўйлаб топилган “фанлар” бўйича дарс олиб бориш бу борадаги таълим тизимининг таркибий қисмига айланганининг сабаби шу эди.

У давр ва унинг тузумига адабиётнинг фалсафа билан уйғунлиги, асл умуминсоний ғояларни куйлайдиган адабиёт ва ана шундай адабиёт орқали ифодаланадиган ҳақиқий ва халқчил фалсафа керак эмас эди. Бу ўтмиш алломаларининг борадаги фикрларига амал қилинмас, уларни эслашнинг кераги йўқ, деб ҳисобланар, ушбу йўналишдаги асл ҳақиқат ва қадриятлар унутилишга маҳкум қилинган эди. Якка мафкура тузоғига туширилган адабиёт социалистик реализм ғоясига мос бўлиши, ушбу мафкуранинг қули ва маддоҳига айлантирилган фалсафа эса, ҳалқчил тилда ёзилмаслиги ва тушунарли ифодаланмаслиги керак эди.

Афсуски, бу борадаги ҳаракатлар зое кетмаган. Гарчанд тоталитар мафкура доимо бош қаҳрамони ижодкорнинг ўзи бўладиган адабиётдан халқчилликни бутунлай ўчириб юбора олмаган бўлса-да, у билан фалсафа ўртасидаги маънавий кўприкни бузиб ташлагани маълум. Собиқ иттифоқ мафкураси фалсафанинг одамлар тақдири, инсон манфаатлари билан боғлиқ фан сифатидаги аҳамиятини йўқотган, уни халқ виждони бўлган асл адабиётдан ажратган, натижада, аҳолининг кенг қатламлари ўқимайдиган, ўқиса ҳам аксарият кишилар тушунмайдиган, шахссиз соҳа ва мавҳум бир “фан”га айлантирган эди.

Ҳолбуки, адабиёт фалсафасининг тарихи узоқ ўтмишдан, инсоният ҳаётининг илк даврларидан, халқ оғзаки ижоди ва фалсафий ғоялар эндигина туғилаётган қадимги замонлардан бошланган. Қачон, қаерда ва қандай адабиёт шаклланган бўлмасин, у муқаррар тарзда, муайян фалсафа, фалсафий тушунча ва ғоялар, ижтимоий фикр ва мулоҳазаларнинг бадиий тафаккурда акс этиши, уларнинг халқ оғзаки ижоди намуналари, назмий ва насрий асарлар сифатида, бирон-бир шаклда намоён бўлишидан бошқа нарса эмас. Фалсафа ва адабиёт соҳасидаги ҳар қандай буюк асар оригинал фалсафий ғоялар ва юксак бадиий тафаккурнинг уйғунлашуви, бундай асарларни яратган кишилар тасаввури, онги ва қалбида эзгу ғояларнинг туғён уриши ҳамда замон нидоси ва давр талаблари натижасида шаклланган маънавий шижоат ва адабий илҳомнинг ҳосиласидир.

Шу маънода, адабиёт ва фалсафа инсоният тарихи ва тадрижининг умумий ҳосиласи, фалсафий ва бадиий тафаккурнинг уйғунликда намоён бўладиган яхлит натижаси, бирининг мавжудлиги иккинчисининг зарурлигини албатта тақозо этадиган, ўзаро чамбарчас боғлиқ феноменал ҳодисалардир. Бу эса, бадиий тафаккурни фалсафа, фалсафий ғоя ва қарашлардан айрича қараш, узвий алоқадор бўлган бу ҳодисаларни бир-биридан ажратишнинг ниҳоятда хато эканлиги ва салбий натижаларга олиб келиши мумкинлигидан далолат беради.

Зукко алломалар, атоқли файласуфлар, машҳур шоирлар ва ёзувчилар масаланинг бу жиҳатига алоҳида эътибор берганлари маълум. Қадимда илм-фан ва бадиий ижодда ютуқларга эришган кишиларнинг барчаси фалсафа ва адабиётнинг узвий бирлиги ва уйғунлигига шубҳа қилмаганлар. Хоразмий ва Бухорий, Термизий ва Форобий, Фарғоний ва Замахшарий, Беруний ва Ибн Сино, Навоий ва Бобур каби аллома боболаримиз “Авесто” ёки “Алпомиш” оддий достонлар, фақатгина бадиий ижод намунаси эмас, балки “Эзгу фикр, эзгу сўз ва эзга амал” тамойилини ўзида акс эттирган халқ даҳоси ва фалсафий тафаккурининг яхлит ҳосиласи эканлигига шубҳа қилмаганлар.

Дунё адабиёти ва фалсафасида ҳам бундай ҳолатлар ниҳоятда кўп учрайди ва улар инсоният цивилизацияси тарихида адабиёт фалсафаси, фалсафа ва адабиётнинг уйғунлиги масаласида алломаларнинг якдил ва ҳамфикр эканлигидан далолат беради. Адабиёт тарихида, шу нуқтаи назардан, кўплаб асарлар ёзилгани маълум. Машҳур аллома, тасаввуф фалсафаси ва адабиётининг атоқли намояндаси Аҳмад Яссавийнинг, нафақат яссавия тариқати асосчиси, балки она тилимизни тариқат тилига айлантира олган, халқчил шеърияти ва ҳикматлари билан фалсафий тафаккур тараққиёти ва адабиётимиз хазинасига улкан ҳисса қўшган мутафаккир сифатида қадрланиши бунинг яққол мисолидир. Агар Форобий давридан бошлаб “Фалсафа – ҳикматни қадрлаш илми” сифатида тушунилганини эътиборга олсак, Яссавийнинг энг машҳур назмий асарининг “Девони ҳикмат” деб аталишида ҳам катта фалсафий аҳамиятга молик рамзий маъно борлигини англаш қийин эмас.

Айнан шу маънода, “ғазал мулкининг султони”, дея ардоқланадиган Алишер Навоий фаолияти ва унинг ижоди адабиёт фалсафаси ва миллий тафаккур уйғунлигининг ёрқин мисоли, инсоният тарихида кўп учрайвермайдиган ноёб ҳодисадир. Ёшлигиданоқ серқирра фалсафий ҳикматларни чуқур эгаллаган, фалсафанинг энг мураккаб ва муҳим масалаларига бағишланган асарларни пухта ўрганиб, илк ашъорларидаёқ уларни моҳирона акс эттирган аллома бобомизнинг ўша даврда адабиётни янги босқичга кўтариб, халқимиз тафаккурини ниҳоятда юксалтиришдек улкан тарихий миссияни бажаргани асло тасодиф бўлмаган. Мутафаккир бобомиз ўша замондаги ўзбек адабиёти ва миллий фалсафамизнинг асл тамо­йилларидан бирини “Хамса”нинг бошланишида “Эмас осон бу майдон ичра турмоқ, Низомий панжасига панжа урмоқ. Керак шер оллида ҳам шер жанги, Агар шер ўлмаса бори паланги”, – дея ифодалаган, асарнинг ниҳоясида эса “Низомий болидин ҳалво пишурдим”, дея камтарлик қилгани ҳам бежиз эмас. Навоийнинг салафлари бундай вазифани бажаришга умрининг 15-20 йилини сарфлаган бўлсалар, аллома бобомиз халқимиз даҳосини бутун дунёга тараннум қилган буюк “Хамса” асарини бор-йўғи икки-уч йилда яратгани барчамизга маълум.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, бу каби жараёнлар дунёнинг бошқа жойларида ҳам рўй бергани, тараққий этган миллий фалсафа ва унга таянган адабиётнинг умуминсоний маънавият хазинасига муносиб ҳиcca бўлиб қўшилганини кўрамиз. Масалан, Рим салтанати заволга юз тутганидан анча кейин, ўз миллий давлатчилигига эга бўлган Европа мамлакатларида, ўрта асрларга келиб, ўзларига хос адабиёт ва мос миллий фалсафани яратиш имкони туғилди. Бу жараён, аввало, Италия ва Англияда, сўнгра Францияда юз берди. Ушбу фалсафий мактабларнинг атоқли намояндалари бизнинг аллома боболаримиз каби, нафақат ўз мамлакатлари, балки жаҳон фалсафаси ва бадиий тафаккури тарихида ўчмас из қолдирдилар. Шундай мамлакатлардан бири Францияда шаклланган ва ХVIII аср ўрталарига келиб янги босқичга кўтарилган француз фалсафасининг анъаналари ва маънавий тараққиётга ниҳоятда катта таъсир кўрсатгани, бу борада биргина “Энциклопедия” асарининг яратилиши ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлганини мисол қилиб келтириш мумкин. Дидро, Волтер, Руссо, Монтескье, Голбах, Локк, Ламетри, Кандельяк каби атоқли мутафаккирлар, файласуфлар томонидан қарийб 30 йил давомида яратилган “Энциклопедия” тарихини ўрганган кўплаб мутахассислар 28 жилддан иборат бу тўплам ўша даврдаёқ илм-фан, фалсафа ва адабиёт, фикр ва сўзнинг қудрати нималарга қодир эканини яққол кўрсата олган, бутун бир давр тафаккурининг қиёфасини ва залворини намоён қилган буюк асар эди, дея эътироф қиладилар.

Албатта, француз алломалари нафақат ўша даврнинг энг салмоқли асари – “Энциклопедия”ни яратдилар, балки Франция, кейинроқ эса Европа ва жаҳон халқларининг дунёқарашига катта таъсир кўрсатган миллий фалсафани такомиллаштирдилар, янги дунёқараш ва замонавий тафаккурга асос солдилар. Бошқача айтганда, “Француз фалсафаси” деб аталадиган ва инсоният тафаккурига катта таъсир кўрсатаётган фалсафий тафаккур тараққиётининг муҳим босқичини бошлаб бердилар. Масаланинг бу жиҳатини ўрганган мутахассисларнинг аксарияти АҚШ Конституцияси, Буюк Француз инқилобининг меваси – Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги декларация каби ўша даврда пайдо бўлган, демократия, инсон қадри ва эркинликлари соҳасида жаҳоншумул аҳамиятга молик ҳужжатларда ана шу алломаларнинг кўплаб ғоя ва қарашлари акс этганини эътироф этадилар. Шу маънода, атоқли француз алломаларидан бирининг “Энциклопедия” Францияни, Франция эса бутун дунёни уйғотди”, деган сўзлари бекорга айтилмаган. “ХIХ асрнинг биринчи ярмидаги француз адабиёти дунёнинг энг илғор ва буюк адабиётига айланганининг сабабини қандай изоҳлайсиз?” деб сўрашганида, атоқли ёзувчи Эмил Золя бежиз қуйидагича жавоб бермаган: “Агар француз мутафаккирлари ХVIII асрнинг иккинчи ярмида буюк француз фалсафасини яратмаганларида, ХIХ асрнинг биринчи ярмида бутун жаҳонни лол қолдирган дунёдаги энг илғор француз адабиёти ҳам бўлмас эди. Биз бундай улкан адабий кўтарилиш учун ўтган асрнинг иккинчи ярмида ижод қилган улуғ салафларимиздан абадий миннатдор бўлишимиз керак. Бугун ҳар биримиз “энциклопедиячилар”нинг асарларидан таълим олганимиз, уларнинг китобларини ўқиб катта бўлганимиз, ана шу буюк файласуфларнинг елкасида улғайганимизни эътироф қилишимиз, улар тайёрлаган заминга таянганимиз ва уларнинг ғояларини асарларимизга кўчирганимизни тан олишимиз лозим”.

Баъзи адабиётчилар “Қуёш Шарқдан чиқади” деган ҳикматни Гётега нисбат беришади. Аслида эса, уни дастлаб немис мумтоз фалсафасининг энг забардаст вакили, машҳур файласуф Гегель айтган. Кейинчалик Гёте уни такрорлашни хуш кўргани маълум. Немис миллий фалсафаси ва ўша давр адабиётининг бу икки дарғаси, икки қадрдон дўст ҳаётида бундай мисоллар кўп. Гётенинг ўз ижодига таъсири борлигини Гегель ҳам алоҳида эътироф этган. Масалан, у ўзининг “Адабиёт фалсафанинг сўзлайдиган тили ва айтадиган сўзи бўлгани каби, асл фалсафа ҳам ҳар қандай ҳақиқий адабиётнинг таянчи, у озиқланадиган ғоялар манбаидир”, деган фикри қадрдон дўсти билан бўлган бир суҳбатдан кейин туғилганини тан олган. Худди шундай, кўпчилик адабиётчилар Шиллер номини эшитганлариданоқ, унинг ўз соҳалари вакили эканига шубҳа қилмайдилар. Аслида ҳам шундай, аммо айнан Шиллернинг фалсафа бўйича муҳим асарлар яратгани, бу фандан дарс бергани ва шу туфайли донғи бутун Европага тарқалгани, Гегель, Шеллинг, Гёте каби кейинчалик оламга танилган алломаларнинг ундан ўргангани ҳам бор гап.

Буларнинг барчаси адабиёт фалсафасининг, аввало, фалсафа ва адабиёт тарихининг умумий илдизлари ва ўзаро алоқадор мезонларига, умумий ғоявий ва бадиий тафаккур тамойилларига таянишидан далолат беради. Дунёнинг буюк донишмандлари, юксак тафаккур соҳиблари, шоир ва ёзувчилари айнан шундай мезонлар асосида яшаганлар ва ижод қилганлар, ўз юрти ҳамда халқининг орзу ва умидларини ғоялари, назария ва таълимотларида ифода этганлар. Натижада жамият фаровонлиги ва миллат равнақи учун хизмат қиладиган юксак маънавиятга чорловчи эзгу ғоялар ва улкан аҳамиятга молик бадиий асарлар яратилган. Ҳар бир машҳур бадиий асарнинг дунёга келиши ва эътироф этилишининг асл сабаблари унда акс этган фалсафий ғояларнинг муайян давр одамлари учун ҳаракат дастурига айланиши, халқни улуғ мақсадларга етакловчи омил сифатида намоён бўлиши ва уни эзгулик йўлида сафарбар қилиши билан боғлиқлиги шубҳасиз.

Шу маънода, “Адабиёт фалсафаси” мазмун-моҳияти ва мантиғи жиҳатидан фалсафа ва адабиёт алоқадорлигининг муайян ифодаси, адабий тасаввур ва бадиий тафаккур билан узвий боғлиқ ғоя ва қарашлар, таълимот ва назариялар, услуб ва ёндашувлар мажмуи, уларнинг ўзига хос намоён бўлиш шакллари ва фалсафий хусусиятларини англатадиган умумий тушунчадир. Унинг интеграл ва функционал мазмуни адабиёт ва фалсафа, деб аталган икки соҳанинг ўзаро узвий алоқадорлигидан ва умуминсонийлик хусусиятидан келиб чиқади, уларнинг бутун башариятга тегишли умумий қадрият эканлигига таянади.

Адабиёт фалсафаси бадиий дунёқарашга хос тушунча ва тамойиллар тизимининг мазмун-моҳиятини, ушбу соҳа вакилларининг тафаккури, позицияси, ҳаётдаги мақсад-муддаолари ва вазифаларини белгилаб олишга ёрдам беради. У давр талаблари, жамиятнинг умумий мақсад ва манфаатларидан келиб чиқади ҳамда адабиёт ва фалсафа аҳлининг ҳаёти ва фаолияти учун маънавий-маърифий мезонлар мажмуи сифатида ҳам ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.

Айни пайтда, ҳар қандай дунёқараш шакли каби, бадиий тафаккур ҳам маълум бир жамиятдаги ижтимоий воқелик, маънавий ҳолат ва инсоний муносабатларнинг онгдаги ифодаси бўлганидек, адабиёт фалсафасига хос дунёқараш мезонлари ва тамойиллари ҳам муайян шахс­нинг бошқаларга, жамиятга, ҳаётга муносабатида бирон-бир тарзда намоён бўлади. Бу эса адабиёт фалсафаси ва унинг асосидаги бадиий дунёқарашнинг баҳолаш функциясини англатади. Яъни, ҳар бир инсон, ёзувчи, шоир ёки файласуф ўз ғоялари ва интилишларидан келиб чиқиб, хилма-хил жараёнлар, инсонлар фаолияти, нарса-ҳодисаларни яхши-ёмон, фойдали-зарарли, савоб-гуноҳ кабиларга ажратади, уларни баҳолайди.

Адабиёт фалсафасининг инсон фаолиятини назорат қилиш вазифаси адабий жамоатчилик, фалсафа дунёси вакилларининг турли хил хулосалари, фикр-мулоҳазалари тарзида намоён бўлиши ҳам мумкин. Кўп ҳолларда бу функция муайян киши учун бирор-бир идеал ёки қадриятга интилиш борасидаги ишларнинг маънавий мезони вазифасини ҳам бажаради. Шу билан бирга, жамиятдаги турли қатламлар манфаатлари нуқтаи назаридан муайян фарқлар бўлиши табиий. Бундай шароитда адабиёт фалсафаси одамларни доимий муросага келтириш ва умумий мақсадлар йўлида бирлаштиришга хизмат қилади.

Бугунги кунга келиб, адабиёт ва фалсафага нисбатан, собиқ иттифоқ давридагидан мутлақо фарқ қиладиган шарт-шароит яратилиб, бу соҳаларга эътибор кучайди. Адабиётда ва фалсафада ҳам аслиятга қайтиш, умуминсоний қадриятлар устуворлиги ва ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш эҳтиёжи мустаҳкамланиб бормоқда. Ижтимоий фанларнинг замонга мос янги тизими шаклланаётган ҳозирги даврда адабиёт фалсафаси ҳам аста-секин қаддини ростлаб, муҳим масалалар билан шуғулланиши лозим бўлган илмий-назарий йўналишлардан бирига айланаётгани бежиз эмас.

Бу борада адабий жараёнларнинг ижтимоий тараққиётга боғлиқлик қонуни, ҳар қандай умуминсоний мазмунга эга бўлган фалсафий таълимот, давр руҳи ёки халқ тафаккурининг адабиётда ўзига хос тарзда акс этиши, муайян халқ ҳаёти ёки жамиятнинг маънавий қиёфасига мос келадиган адабий муҳит шаклланиши ҳамда унинг фалсафий асослари тўғрисидаги қонун-қоидаларнинг мазмун-моҳияти ва намоён бўлиш хусусиятларини билиб олиш имкони очилди. Айни пайтда, бугунги адабиётда қайси ғоялар устувор бўлмоқда, уларнинг мазмун-моҳияти ва мақсад-муддаолари нималардан иборат, муайян фалсафий ғоя ва қарашларни акс эттираётган асарлар нимага ва кимга хизмат қилади, баъзи эврилишлар ва муаммоларга қандай муносабатда бўлиш, ушбу йўналишдаги долзарб вазифаларни бажаришда қайси усуллар ва воситалардан қай тарзда фойдаланиш маъқуллиги билан боғлиқ масалалар пайдо бўлмоқда. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, ушбу соҳада махсус тадқиқотлар олиб бориш, уларнинг натижалари асосида зарур хулосаларга келиш ва амалиёт учун самара берадиган таклиф ва мулоҳазаларни ишлаб чиқиш адабиётчилар ва фалсафа мутахассисларининг долзарб вазифаларидан бирига айланаётганини англатади.

“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 7-сон