Абдулҳамид Чўлпон бадиий олами, поэтик дунёсининг шаклланишида усмонли турк адабиётининг таъсири катта бўлган. “Чўлпон 19 яшар пайтида уйларида меҳмон бўлганимда, у турк тарихига доир воқеаларни излаб ўқир экан. “Турк юрти” ва шу каби туркчилик матбуотини кузатиб борди”,[1] — деб хотирлайди Аҳмад Заки Валидий.
Чўлпон аввало Шарқ мумтоз шеъриятининг бетакрор оҳангларидан таъсирланган бўлса, ижод йўлида усмонли турк шоирлари — Юнус Эмро, Тавфиқ Фикратнинг орифона, Номиқ Камол, Ризо Тавфиқбек, Абдулҳақ Ҳомиднинг ўтли шеъриятидан озиқланган.
“Номиқ Камолдин Алиф Сайфий (А.Сайфий)га довур усмонли адабиётини ўқийман: ё ортиқ янгилик, ғарблик, ё шарқчилик! Фақат усмонличадан Ризо Тавфиқнинг баъзи бир янги шакл билан эски руҳда айтган сўфийларча шеърларини ўқиймен; шуларга дурустгина қонамен: ундан кейин Яҳё Камолнинг “Саъдобод” руҳидаги баъзи нарсалари. Фақат улар шу қадар озки…”[2] — деб ёзади шоир “Улуғ ҳиндий” мақоласида. Миллатни юксалтириш жадид адабиётчиларининг бош мақсади эди. Чўлпон ҳам жадид эди.
Туркий адабиётларнинг бир-бирига ўзаро таъсири масаласига маълум даражада тўғри ёндашган илк мунаққидлардан бири — Вадуд Маҳмуд “Бизда янги адабиёт Туркия адабиёти тақлиди билан бошлонғондир, — деб ёзади “Бугунги шеърларимиз ва санъаткорларимиз” мақоласида. — Шунинг учун бизнинг адабиётимиз билан Туркия адабиётининг умумий сажияси муштаракдур. Ва шаклда Туркистон, Қофказия, Қрим доимо Туркияга эргашадур. Чунки тил муштаракдур, тарих муштаракдур…”
Вадуд Маҳмуддан сўнг ушбу мавзуни ўрганган нозиктаъб мунаққид Б.Қосимов усмонли адабиётининг бошқа туркий адабиётларга ўзаро таъсири ҳақида гапирганда 1910 йилларгача бўлган даврни ажратиб кўрсатиш керак, дейди. Негаки, 1840—1860 йиллар “Туркия ижтимоий-маданий тарихида “Танзимот” номи билан машҳур. XIX асрнинг ўрталарида Туркия ҳаётида юз берган бу ҳодисалар адабий-маданий ҳаракатчиликнинг ўнлаб истеъдодларини майдонга чиқарди.”
XX асрнинг 20-йиллари Туркистон адабий ҳаракатчилигида фаол иштирок этган Чўлпон Фитрат сингари Истамбул таҳсилини олмаган бўлса-да, турк тарихи, адабиёти билан яқиндан таниш бўлган.
Чўлпон севиб ўқиган турк шоирларидан бири — Тавфиқ Фикратдир. “Усмонли адабиётини оз-моз ўқиганлар, унинг билан бир даража ошно бўлганлардан қайси бири бу усмонлини билмайди, қайси бири муни танимайди? — деб ёзган эди Чўлпон у ҳақда. Усмонлиларнинг “Адабиёти жадид” (янги адабиёт)чиларининг пири ва устози бўлган Тавфиқ Фикратбек бутун янги насл туркларининг юракларина энг гўзал, нафис ва латиф шеър дасталари қадамишдир. Унинг кенг хаёли, равон ва енгил ифодаси кимни, қайси шеър ва адабиёт муҳибини тасхир этмас…?” Тавфиқ Фикратнинг “Рубоби шикаста” китобига сўзбоши ёзган турк олими Фахри Уззи: “Тавфиқ Фикрат мамлакатимизнинг урфон ҳаётида бир даҳо ва ахлоқиёти учун бир намуна ўлароқ келган бир муршид ва мураббийдир. У айни замонда буюк ватанпараст ва иши оз билинадиган буюк бир инсондир”, — деб ёзади.
Чўлпон шундай улуғ шоирнинг Туркия ҳукумати бостирмаган “Рубоби шикаста” асаридан парчалар таржима қилиб 1925-1926 йилларда “Инқилоб”, “Маориф ва ўқитғувчи” журналларида бостиради. Чўлпоннинг эътироф этишича: “Тавфиқ Фикрат “Рубоби шикаста”си ила қанча танилғон бўлса, “Тарихи қадим”и у даҳшатли фарёд ила одамларнинг қалбинда буюк-буюк ўзгаришлар вужудга келтирмишдир… Лекин “тарихи қадим” махфийдир, қўлдан-қўлга кўчирилиб ёзилиб ёзилатурғон нарсадир. У тарихнинг жиноятлари каби сирлидир. Ҳар кимга ҳам мана мен деб кўрула бермас. Уни бостириш мумкин бўлмади. У олий фикрли бечора Шарқнинг кўҳна, чирик миясига сиғмади, забун, эзилган шарқлининг кенг қалбинда жой тополмади… Хитоб йўли билан ёзилган “Тарихи қадим” ўтмишдан афсоналар эмас, боболаримиз кечмишларидан ҳақиқатни сўзлайди. Бу “Тарих”нинг ҳар саҳифаси “оҳ”лардан, асоси “қол”, “ваҳшат”дан иборатдир: “Мутлақо бир музаффар, ўн мағлуб эзган ҳақли, эзилган ҳақсиз. Қаҳрга олқиш, ғурурга сажда: карам — заифу зиллат-ла доимо тавъим. Тўғрилик дилда йўқ, дудоқларда, хайр оёқларда, ёвузлик қучоқларда. Бир ҳақиқат: Ҳақиқати занжир; бир балоғой: Балоғати шамшир. Ҳақ кучлида, демак, ёвузликдир; ҳар шараф ёпма, ҳар саодат пич; Ҳар шайин ибтидоси, ахийри ҳич. Син шаҳид истар, осмон қурбон; Ҳар замон, ҳар тарафда қон, қон, қон…”.
Ҳақсизлик ва ёвузликдан иборат бўлган “тарих”нинг ибтидоси ва интиҳоси шоирга аён. Айниқса, Чўлпондек миллат шоирининг оз “тарих”дан муштарак мақсадлар топмаслиги мумкин эмас эди. “Титилиб ўқилмас бўлган тарих”имиз ҳақида ёзишда “тарихи қадим”нинг таъсири кучли бўлган. Хусусан, Чўлпоннинг “Тарихдан”, “Ёруғ юлдузга”, “Қўзғалиш”, “Тортишув тонги” каби шеърларининг руҳи, оҳангидан бу “таъсир”нинг излари сезилиб турибди…
Тавфиқ Фикрат ҳам, Чўлпон ҳам инқилоблар даврида яшади. Т.Фикрат 1908 йилги ёш турклар инқилобига, Чўлпон Октябр инқилобига катта умид боғладилар. Аммо икки инқилоб ҳам халқ ишончини оқламади. Бу ҳодисалар икки шоир ижодида ҳам мажозий ва тамсилий тасвирларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди.
Т.Фикратнинг Ватан ва миллат тараққийси йўлидаги фикрлари маҳаллий ҳукумат “қолип”ларига сиғмади. Шу боисдин, “Тарихи қадим”нинг босилишига ҳукумат рухсат бермади. Фикрат ва Чўлпонни боғлаб турган ришта ҳам Ватан ва Миллат манфаати билан боғлиқ. Фикримизни қуйидаги шеърий парчалар ҳам тасдиқлайди.
Т: Фикратда:
Йиқил, эй кўҳна истиқлол тахти,
Қаҳрларинга инглаюр насллар бахти.
Парчалан эй, шикаста тож, йиқил,
Шу лочинларинг эҳтиёжи сафил.
Ҳар сенинг, истар ҳар сенинг асринг…
Чўлпонда:
Кишанларинг занг босгандир, сергак бўлким, узилур;
Томиримда қўзғолишнинг ваҳший қони гупирди.
Эски фикр, анъаналар энди буткул узилди,
Ё битарман, ёки сенинг салтанатинг бузилур!
Т.Фикрат 1908 йили “Ёш турклар” инқилобий ташкилотининг топшириғи билан “Миллат шарқиси”ни ёзади:
Эзилди, етар, борлиғимиз жаҳл ила қаҳра;
Тўғранди муборак Ватаннинг бағри сабабсиз.
Бирликда бутун бўлмали юз дардина чора:
Жон қардошим, қон қардошим, шон қардошимиз биз.
Миллат йўлидир, ҳақ йўлидир, тутдигимиз йўл:
Эй ҳақ яша: эй севгили миллат, яша… Вор ўл…
Б.Қосимов таъкидлаганидек: “…инқилоб йилларида ўзбек адабиётида майдонга келган ўнлаб шарқийларда бу таъсирни сезмаслик мумкин эмас”. Ҳақиқатан Чўлпоннинг “Шарқ нури”, “Гўзал Фарғона” шеърларида бу таъсирни чиндан-да кузатиш мумкин. Турк олими ва адиби Ўрмон Қовунчи ёзишича: “Туркиялик туркистонликлар буюк Чўлпоннинг иккита шеърини фарзандларига албатта ёд олдиришади. Булардан бири — “Гўзал Фарғона”, уни “Гўзал Туркистон” деб ўзгартирганмиз. Қўшиқ қилиб куйлашади. Иккинчиси Анвар пошонинг ўлимига бағишланган “Балживон” шеъри…” “Гўзал Туркистон”нинг “Миллат шарқиси” таъсирида ёзилганлиги шеърнинг руҳи, оҳангидан-да билиниб турибди:
Гўзал Туркистон, сенга не бўлди.
Саҳар вақтида гулларинг сўлди.
Чаманлар барбод, қушлар ҳам фарёд,
Ҳаммаси маҳзун, бўлмасми дил шод?
Билмам, на учун қушлар учмас боқчаларингда?
Чўлпон XX аср бошлари ўзбек шеъриятида рамзчилик оқимини бошловчидир (А.Саъдий). Айниқса, инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларни рамзий тимсолларда бадиий ифодалаш учун Чўлпон Т.Фикратдан кўп ўрганган.
Чўлпон муҳаббат қўйиб мутолаа қилган иккинчи бир турк шоири — Ризо Тавфиқбек. “Ризо Тавфиқбекни танимағон қайси турк қавми бор, — деб ёзади Чўлпон у ҳақда, — жаҳон урушидан бурун турк матбуотини таъқиб қилғонлар унинг тўғрисида жуда кўб нарсаларга йўлиқарлар эди».
Унинг ошиқ тарзида ва ҳижо вазнида ёзғон тасаввуф ҳидли шеърлари, баъзи бир танқидлари, фалсафий асарлари унинг ўзини ҳар ерда, ҳар кимга яхши танитқон эди… Ризо Тавфиқбекнинг янги шакл билан битган орифона шеърлари Чўлпоннинг шаклий изланишларига ижобий таъсир этди. “Инқилоб” журналининг 1922 йил 5-6-сонларида Чўлпон томонидан таржима қилиб берилган Ризо Тавфиқ қаламига мансуб “Оқшом ҳазини” шеъри фикримизни тасдиқлайди. Табиатнинг тун оғушига кираётганини нозиклик ила кузатган шоир сирли бир мўъжизанинг шоҳиди бўлади: “Савдолар дамида булбул куйларди, Сарвастон ичиндан бир сас гуларди. Челаклар қушлардан бўса ўйларди. Коинот ишқ ила мажнундир сандан…” Шеърнинг илоҳий қудрати “қуёшнинг оққан рангини жўш этган” ошиқнинг руҳий ҳолатида, бошига савдолар дами тушган булбулнинг хонишида, “чечаклардан бўса тилаган қуш”ларнинг ҳаракатларида, бутун олам ишқдан мажнун қиёфасига кирганда намоён бўлади. Бу беқиёс тасвирлар “юзини ўт эмас, гулга бурган, самовий завқларга тўлиб турган” “ҳақ йўли”га кўз тиккан Чўлпон дунёсига нақадар яқин, ҳамоҳанг.
Чечаклар ўсгуси кўз ёшларимдан,
Бўғинлар унгуси ўйлашларимдан,
Қалблар юмшагуси сайрашларимдан,
Севги чаманида яйрашларимдан.
Жаннатлар яратгай ташланган жанда.
Тиланган тилларга қон югурғуси,
Бўшалган инларга жонлар кирғуси,
Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилғуси,
Жандалар танимга теккан кунларда! —
сатрларида “Оқшом ҳазини”нинг руҳ, оҳанг, шакл жиҳатидан уйғунлигини кузатиш мумкин.
Чўлпон “Тавфиқ Фикрат” мақоласининг сўнгида Ризо Тавфиқнинг устози вафотига бағишланган марсиясини келтиради. Улуғлар қабри қошида ўз қайғусини изҳор қилади:
Шу ҳижрон йилининг сўнг баҳоринда
Лолалар титраган чаманзоринда
Кун бўғмазди банда мозорингда,
Мотам чечаклари дермая келдим!
Чўлпоннинг “Маҳмудхўжа Беҳбудий хотираси” шеърида ҳам азиз отанинг “белгисиз қабр”ини қора тунларда шам ёқиб излаган ўғилнинг дард ва аламга тўла туйғулари ифода этилган:
Азиз отам, қўлимдаги гулларнинг
Мотам гули эканини билмайман.
Шодлик гули кўпдан бери сўлганин
Ер остида пок руҳинг-ла сезмайсан.
Ана сочдим қалбимдаги гулларни,
Термак учун чақираман қўлларни.
Ушбу руҳий ҳолатларнинг Ризо Тавфиқбек туйғуларига қанчалик ҳамоҳанглигини сезиш қийин эмас.
Чўлпоннинг замондоши Лазиз Азиззода 1926—1927 йиллар орасида шоир билан ўзи ўртасида бўлган бир мулоқотни ҳикоя қилади. “Шу кезларда турли мавзуларда гурунглашар эканмиз, мен унга “Сиз қайда ва кимдан илм олдингиз?” деган савол берган эдим, у бунга жавобан, мушфиқона бир жилмайиб:
Зуҳури ранги каврат партави нури худодандир,
Талаввун ҳайъати ашёда таъсири зиёдандир, —
деган турк шоири Номиқ Камолнинг тасаввуфона мисрасини ўқиб, билимини ўзининг саъй ва ғайрати билан олганлигини рамз билан билдирган эди…”
Тарихимиз, муқаддас анъаналаримиз муштарак бўлган турк адабиётидан шоирнинг уйғун ҳолатлар излаши табиий эди. Бундан ташқари, Чўлпон “Ишқ”, “Зиёи қамар” шеърларини усмонли туркчада ёзган. “Тўфон” шеърини онадўли қишлоғининг музаффар ўрдуларига бағишлаган.
Лекин шунга қарамасдан, Чўлпон ўзининг миллий заминидан ҳам узилиб кетмаган. “…гарчи руҳ ва оҳанг эътибори билан усмонлилар таъсирида бўлса-да, унинг ўзига хос махсус тили ва услуби бордир” (А.Саъдий).
Умуман олганда Чўлпон ижодининг усмонли турк адабиёти билан боғлиқ жиҳатларини текшириш шоир ижодини ўрганишда катта фойда келтиради деб ўйлаймиз.
Нормат Йўлдошев,
Термиз Давлат университети доценти.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 12-сон
———————
[1] Аҳмад Заки Валидий Тўғон. Абдулҳамид Сулаймон (Чўлпон.) Ўзбекистон адабиёти ва санъати. 1992, 3 апрел. Б.Қосимов нашрга тайёрлаган.
[2] Чўлпон. Адабиёт надир. Т., «Чўлпон» нашриёти. 1994.