Мирзо Улуғбек даврида Самарқанд ва бутун Мовароуннаҳрда табиий фанлар баробарида бадиий адабиёт ҳам юксак даражада тараққий этган. Манбаларда Улуғбекнинг адиблар ҳамда бадиий адабиётга муносабати ҳақида муҳим маълумотлар мавжуд. Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис”, Фахрий Ҳеравийнинг “Равзат ус-салотин” ва Абу Тоҳирхожанинг “Самария” асарларида Улуғбек кўпроқ астрономия илми билан шуғулланса-да, гоҳида назмга майл қилгани таъкидланиб, унинг қаламига мансуб қуйидаги форсий байт келтирилади:
Мирзо Улуғбек даврида Самарқанд ва бутун Мовароуннаҳрда табиий фанлар баробарида бадиий адабиёт ҳам юксак даражада тараққий этган. Манбаларда Улуғбекнинг адиблар ҳамда бадиий адабиётга муносабати ҳақида муҳим маълумотлар мавжуд. Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис”, Фахрий Ҳеравийнинг “Равзат ус-салотин” ва Абу Тоҳирхожанинг “Самария” асарларида Улуғбек кўпроқ астрономия илми билан шуғулланса-да, гоҳида назмга майл қилгани таъкидланиб, унинг қаламига мансуб қуйидаги форсий байт келтирилади:
Ҳарчанд мулки ҳусн ба зери нигини туст,
Шўхи макунки, чашми бадон дар камини туст.
Мазмуни:
Гўзаллик мулки ҳарчанд қўл остингда бўлса-да,
Шўхлик қилмагилки, ёмонларнинг кўзи сенга тикилган.
Мирзо Улуғбек фақат замондош адиблар эмас, балки ўз давридан бир неча аср олдин яшаб ўтган кўплаб шоирлар ижодидан ҳам чуқур хабардор бўлиб, шеъриятнинг катта мухлиси ва билимдони сифатида ном қозонган. Давлатшоҳ Самарқандийнинг 1486 йили ёзиб тугатилган “Тазкират уш-шуаро” асарида бу ҳақда бир қанча маълумотлар мавжуд. Давлатшоҳ озарбойжонлик йирик шоир Афзалиддин Хоқоний (1120 – 1199)нинг устози Фалакий Ширвоний (1107 – 1146) ҳақида ёзар экан, жумладан, шундай дейди: “Фалакийнинг девонини подшоҳи мағфур Улуғбек Кўрагоннинг ҳузуриға элтдилар. Мутолаа қилди, писанд этти ва дедики, ажаб тахаллуси бор турур”. Бу ўринда шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ширвонлик шоир фалакиётга қизиқиб, илми нужум билан шуғулланган ва Фалакий тахаллусини танлагани сабаби ҳам шу бўлган.
Сайфиддин Исфарангий ҳақида “Тазкират уш-шуаро”да қуйидаги маълумотлар мавжуд: “Исфаранг Мовароуннаҳрда бир мавзенинг отидур ва мавлоно Сайфиддин толиби илм ва аҳли фазл эрди ва суханварликда анга мартабаи олий бор турур ва анинг девони машҳур ва мутаориф турур. Улуғбек Кўрагоннинг мажлисида анинг девонини доимо уламо ва фузало мутолаа қилур эрдилар ва анинг суханини Асириддиннинг суханиға таржиҳ қилур эрдилар”. (Ҳар иккала иқтибос ва бундан кейин Давлатшоҳ асаридан келтирилган парчалар форсийдан Муҳаммад Рафеъ Рожий таржимасидан олинди.) Бундан маълум бўладики, Мирзо Улуғбек саройидаги адабий мажлисларда Сайфиддин Исфарангий ва Асириддин Ахсикатий асарлари бир-бирига муқояса қилиб ўқилган ва бу икки шоирдан қайси бири маҳорат бобида устунлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар айтилган. Шуниси диққатга сазоворки, бирон-бир шоир ижоди ҳақида кўп ҳолларда Улуғбекнинг ўз мустақил фикри бўлиб, у ўша даврдаги умум фикри ёки бошқа адабиёт мухлисларининг мулоҳазаларига доим ҳам мос келавермаган.
Давлатшоҳ ХИИ – ХИИИ асрларда Эронда яшаб ўтган ота-ўғил шоирлар: Жамолиддин ва Камолиддин Исфаҳонийлар ҳақида шундай ёзади: “Малик ул-фузало Жамолиддин Муҳаммад Абдураззоқ Исфаҳоний Исфаҳоннинг акобир ва уламоларидин турур. Шоири хушгўй эрди, жоҳу мартаба ва қабули тамоми бор эрди ва Камолиддин Исмоил анинг ўғли турур. Султони саид Улуғбек Кўрагон Жамолиддин Муҳаммаднинг суханини Камолиддин Исмоилнинг суханиға таржиҳ қилур эрди ва борҳо айтур эрди: “Манга ажаб кўринурким, бовужуди отанинг сухани покизароқ ва шоиронароқ турур, ўғулнинг сухани нечук шуҳрат топиб турур”. Улуғбекнинг ушбу фикрини баён қилган Давлатшоҳ Самарқандий асарининг айни шу саҳифасида унга эътироз ҳам билдиради: “Аммо бу эътиқоди мукобара ва даъвойи бедалил турур, чароким Камолнинг сухани бағоят нозиктар турур ва зоҳири осон, ҳақиқати машаққат турур. Аммо подшоҳларнинг суханиға ирод ва ишкол тегурмак авомнинг ҳадди эрмастурурким, калом ал-мулук, мулук ал-калом”.
Темурийлар хонадонида “хамсахонлик”, “шоҳномахонлик” оилавий бир анъанага айлангани манбалардан яхши маълум. Улуғбекнинг укаси Бойсунғур мирзо “Шоҳнома”нинг турли нусхаларини тўплаб, ҳозирги тил билан айтганда, илмий-тан-
қидий матнини туздирган бўлса, Фахриддин Али Кошифийнинг “Латоиф ат-тавоиф” асарида келтирилишича, Улуғбек мирзо мажлисларида ҳам “Шоҳнома” ўқилиб, унинг қийин жойларининг мазмун-маъноси муҳокама этилган. Табиийки, шаҳзодалар ўртасида адабиётга доир баҳс ва тортишувлар бўлиб турган. Бу ҳақда Давлатшоҳ қуйидагича ёзади: “Амирзода Бойсунғур Амир Хисрав Деҳлавийнинг “Хамса”сини Шайх Низомийнинг “Хамса”сига таржиҳ қилур эрди ва хоқони мағфур Улуғбек баҳодир бу маънини қабул қилмас эрди ва Шайх Низомийға муътақид эрди ва бу икки подшоҳнинг орасида карроту маррот таассуб ҳосил бўлғон, ҳар бирлари бир шоирға ҳимоят бўлғон эрди”. Ушбу жумлаларни Муҳаммад Рафеъ бир оз ўзгартириб таржима қилган бўлса-да, умумий мазмун бузилмаган. Бироқ Бўрибой Аҳмедовнинг “Давлатшоҳ Самарқандий” рисоласида охирги жумла таржимасида бир қанча хатоларга йўл қўйилган бўлиб, у ўқувчида ака-ука шаҳзодалар ҳақида нотўғри тасаввур уйғотади: “Шу сабабдан бу икки подшоҳ ўртасида ранжиш ва жирканиш воқе бўлган ва уларнинг ҳар бири бир шоирга ҳимоят қилган эди”. Ҳолбуки, асар аслиятида “ранжиш” ва “жирканиш” сўзлари умуман мавжуд эмас. Муқояса учун ушбу жумла аслиятини келтирамиз: “Мобайни ин ду шаҳзодайи фозил ба каррот жиҳати ин даъво таассуб даст дода, байт-байт “Хамсатайн” ро боҳам муқобил кардаанд”. Сўзма-сўз таржимаси: “Бу икки фозил шаҳзода ўртасида ушбу даъво юзасидан кўп бора қаттиқ тортишувлар юз бериб, улар биргаликда иккала “Хамса”ни байтма-байт қиёслаб чиқдилар”.
Демак, улуғ аждодларимиз ҳақидаги нодир маълумотларни ўз ичига олган мўътабар манбаларни тадқиқ ва таржима қилиш ишларига ҳалоллик, масъулият билан ёндашмоғимиз зарур.
Мирзо Улуғбек бошқа ўлкаларга сафарлари пайтида ҳам адиблар, уларнинг асарлари ҳақидаги хабарларга қизиқиш билан қараган ва унинг бу хислатини билган замондошлари совға тариқасида бадиий китоблар тақдим этишган. “Тазкират уш-шуаро”нинг Муиниддин Жувайний ҳақидаги фаслида ушбу маълумотлар мавжуд: “Китоби “Нигористон” ким мавлоно Муинийнинг мусаннафотидин турур, шайх Саъдийнинг “Гулистон”и тарзида ёзғон турур, аммо ул китобдин баситроқ (кенгроқ) турур ва донишмандона айтғон турур, наводир ва амсол ва муфид ҳикматлар анда дарж қилғон турур. Баҳрободнинг машойихлари ул китобни Улуғбек мирзоға пешкаш қилдилар. Вақтидаким, Улуғбек мирзо Ироқға юриш қилғон маҳалда Баҳрободнинг акобирлари зиёратиға келган эрди. Подшоҳ буюрди, то ул китобни хатти хуб ва такаллуфи тамом била ёздилар ва ҳамиша ул китобни мутолаа қилур эрди ва писандида тутар эрди. Ул китоб Мовароуннаҳрда бағоят машҳур турур, аммо Хуросонда камёб турур, алҳақ, нусхайи мустаидона (тайёр, қўл остида) турур ва бу икки ҳикоят ул китобдин битилди”. Ҳиротда яшаб, ижод қилган Давлатшоҳ шу тарзда Улуғбек қадрлаган “Нигористон” асари Хуросонда камёб бўлса-да, бир нусхаси ўзида борлигини англатиб, ундан иккита ҳикоятни “Тазкират уш-шуаро”да келтиради. Абу Райҳон Беруний номидаги ЎзРФА Шарқшунослик институти хазинасида “Нигористон” асарининг бир неча қўлёзма нусхалари мавжуд.
Мирзо Улуғбек замонида Мовароуннаҳр ва Хуросонда бадиий адабиёт асосан икки тилда – туркий ва форсий тилларда тараққий этган. Лутфий, Атойи, Саккокий, Ҳаримий Қаландар каби шоирлар туркий тилда, Мир Қосим Анвор, Хожа Исматуллоҳ Бухорий, Бисотий Самарқандий, Хаёлий Бухорий каби шоирлар форс тилида ижод қилишган ва уларнинг меросидан муайян қисми бизнинг давримизгача етиб келган. Улуғбек ўз даври шоирлари асарларини яхши билган ва улардан кўпчилиги билан бевосита муносабатда бўлган. Даврнинг устоз шоирларидан бири Хожа Исматуллоҳ Бухорий бўлиб, у ҳақда Давлатшоҳ Самарқандий шундай ёзади: “Аммо Хожа Исмат Улуғбек Кўрагоннинг замони салтанатида маддоҳлиқни тарк қилди ва султони мазкур андин шеър истидъо қилди. Биззарура ул ҳазратнинг мадҳида бир неча қасидаға қиём кўргузди ва ахир ҳолда шоирликдин истеъфо қилди. Ҳамиша анинг шариф мажлиси мақсади шуаро ва мажмаъи фузало эрди. Акобир ва шуароким Хожа Исматға мусоҳиб ва ҳамаср эрдилар, ул жумла: мавлоно Бисотий Самарқандий, мавлоно Хаёлий Бухорий, мавлоно Бурундуқ, Хожа Рустам Жузқоний, Тоҳир Обивардий турур. Хожа Исматнинг вафоти Улуғбек Кўрагоннинг замонида 829 санада (мелодий 1426 йил) эрди”.
Абу Райҳон Беруний номидаги ЎзРФА Шарқшунослик институтида Исматуллоҳ Бухорий “Девон”ининг бир неча нусхаси мавжуд ва улар орасида нисбатан тўлиғи 1435-рақамли қўлёзмадир. Бу қўлёзма 193 варақ бўлиб, унинг салмоқли қисми, яъни 100 варақдан ошиқроғи қасидалардан иборат. Халил Султон мадҳида ўндан ошиқ, Шоҳрух, Бойсунғур ва Иброҳим Султонлар мадҳида биттадан қасида бор. Улуғбекка бағишланган 6 қасида бўлиб, биттаси арабча, қолгани форс тилидадир. Жанр талабига кўра шоир мамдуҳни муболағали
тарзда таъриф-тавсиф қилади. Боз устига, услуби мураккаб қасидалар нимшикаста хатида кўчирилган. Шунга қарамай, улар синчиклаб тадқиқ этилса, Улуғбек шахсиятига доир янги маълумотлар топилиши мумкин. “Маъдани фазлу балоғат, махзану илму ҳикам” дея улуғлайди уни шоир ва қуйидаги сингари баландпарвоз, бироқ кўп жиҳатдан воқеликка мос сатрлар-ла васф этади:
Эй фалакқадру офтобато,
Пешвойи замона, ҳомийи дин.
Эй ҳунарпарварине, нақди улум
Жумла дар ганжи табъи туст дафин.
Мазмуни:
Эй фалакмисол (илм) офтобини ато этувчи,
Замона пешвоси, дин ҳомийси.
Истеъдодларни парваришловчи, жами илмлар нақди
Сенинг хотиринг хазинасига жойлашган.
Мирзо Улуғбекнинг лақаби ё унвони баъзи манбаларда “Мағисуддин” тарзида келтирилса, замондош муаррих Муиниддин Натанзий “Ғиёсиддин Улуғбек баҳодир” деб ёзади. Исматуллоҳ Бухорий қасидаларида эса, “Заҳириддин Улуғбек” деб ёзилган.
Бадахший тахаллусли яна бир шоирнинг тавсифи қуйидагича: “Мавлоно Бадахший фузалонинг жумласидин турур, Самарқанд шаҳрида Улуғбек Кўрагоннинг айёми давлатида анга суханварликда олий мартаба бор эрди ва ул замоннинг шуароларининг саромади эрди ва султони мазкур ва замоннинг акобирлари ани суханварликда мусаллам тутар эрдилар ва подшоҳи мазкурнинг мадҳида анга покиза қасидалар бор турур ва анинг девони ул диёрда машҳур турур”.
Давлатшоҳ Самарқандийнинг бу маълумотини Алишер Навоий ҳам тасдиқлайди: “Мавлоно Бадахший фозил киши эрмиш. Улуғбек мирзо замонида Самарқандда шуаро ани хушгўйлиқға мусаллам тутубдурлар. Ва Мирзонинг дағи кўп илтифоти бор эрмиш” (“Мажолис ун-нафоис”).
Алишер Навоий Улуғбек билан муносабатда бўлган яна бир шоир ҳақида шундай ёзади: “Мавлоно Муҳаммад Олим Самар-
қанд уламосидин. Улуғбек мирзо била ҳамсабақ ва мусоҳиб эрди. Аммо бағоят далер ва шўхтабъ ва хийра киши эрди. Баҳсда кўп гўстохона сўзлар ва жавоблар айтур эрди. Салтанати азим-уш-шўний таҳаммул қила олмади. Самарқанддин анга ихрож ҳукми бўлуб Ҳирийга келди ва мунда мавлононинг мақдамин ғанимат тутдилар ва сокин бўлди”.
“Мажолис ун-нафоис”нинг иккинчи мажлисида, яъни Алишер Навоий ёшлик пайтларида мулоқот қилган адиблар қаторида қуйидаги самарқандлик шоирлар номи зикр этилади:
“Мавлоно Мир Қарший – Самарқандда бўлур эрди ва бозорда саҳҳофлик дўкони бор эрди, зурафо анда жамъ бўлурлар эрди ва мавлоно ўзин ул хайлға устод тутар эрди.
Мавлоно Жавҳарий ҳам самарқандлиғдур, собунхона мушрифи эрди, ҳам собунхона эшигида кўчанинг ўртасида ўзи учун ҳужрағина ясаб эрди. Аруз билур эрди ва “Сияр ун-наби” назм қилиб эрди.
Мавлоно Ховарий ҳам самарқандлиғдур ва дарзигар(тикувчи)ликка мансуб эрди. Бадиҳани равон айтур эрди ва табъи хийли шўх эрди.
Мавлоно Ҳалвоий ҳам самарқандлиғдур. Шукуфта табълиқ, яхши чиройлик йигит эрди. Шабоб (ёшлик) айёмида фавт бўлди. Умри қисқа учун сўзининг шуҳрати ҳам оздур”.
Юқоридаги шоирларнинг баъзиларининг ижодий фаолияти Мирзо Улуғбек даврида бошланганини тахмин қилиш мумкин.
Номлари “Мажолис ун-нафоис”нинг иккинчи мажлисида зикр этилган Самарқанддан етишиб чиққан баъзи шоирлар туркий тилда ижод қилганлар.
“Ҳаримий Қаландар – Самарқанд вилоятидин эрди. Толиби илмлиғи ҳам бор эрди. Бу туркча матлаъ анингдурким:
Неча йиғлай шамъдек ҳажрингда, ёрим, кечалар,
Оҳким, куйдирди доғи интизорим кечалар”;
“Мирзо Ҳожи Сўғдий ҳам самарқандлиғдур ва ул мулкнинг одамизодаларидиндур. Агарчи баъзи маҳалда ғариб нималар
табъидин бош урар эрди. Бу байтда хили сўз ранги ва чошниси борким:
Ўхшатти қоматингға санавбарни боғбон,
Бечора билмас эрмиш алифдин таёғни.
Буғина масални яхшиғина боғлағон учун умид улким, Тангри таоло анга раҳмат қилмиш бўлғай. Қабри ҳам ўз мулкидадур.
Мавлоно Саккокий Мовароуннаҳрдиндур. Самарқанд аҳли анга кўп муътақиддурлар ва бағоят таърифин қилурлар”.
Алишер Навоий бошқа вилоятларга мансуб бўлсалар-да, ҳаёти ва фаолиятлари қисман Улуғбек даврига тўғри келадиган Лутфий, Яқиний, Атойи, Муқимий, Камолий, Латифий каби туркий тилда ижод қилган шоирлар ҳақида маълумот беради. Булар орасида энг йирик шоир, шубҳасиз, Навоий “Малик ул-калом” дея улуғлаган мавлоно Лутфий эди. Афсуски, Лутфий мероси бизга тўлиғича етиб келмаган. Айниқса, унинг туркий тилдаги назмий “Зафарнома”си сақланиб қолмагани ачинарлидир. Мазкур асарда темурий шаҳзодалар, жумладан, Улуғбекка бағишланган сатрлар бўлганини катта ишонч билан тахмин қилиш мумкин. Шунга қарамай, Лутфий девонидаги битта байт орқали биз унинг Улуғбек билан муносабати ҳақида муайян тасаввурга эга бўламиз:
Улуғбекхон билур Лутфий камолин,
Ки рангин шеъри Салмондин қолишмас.
Лутфий ўзини машҳур форс шоири Салмон Соважийга тенглаштирган бу фахрия байт, бир тарафдан, Улуғбек Лутфий ижодини яхши билганидан далолат берса, иккинчи тарафдан, замондош шоирлар Улуғбекнинг адабиёт билимдони эканлигини эътироф қилиб, унинг бу соҳадаги фикр-мулоҳазаларини қадрлаганликларини кўрсатадики, буни ўз вақтида Е.Э.Бертелс ҳам таъкидлаб ўтган эди. Е.Э.Бертелснинг шогирди Э.Рустамов ўзининг Улуғбек давридаги туркий адабиёт тадқиқига бағишланган “ХV аср биринчи ярмида ўзбек шеърияти” монографиясида шундай ёзади: “Улуғбек даврида Самарқандда худди Ҳиротдаги каби қадимги туркий адабиёт ёдгорликларини ўрганишга қизиқиш кучайган. 1444 йили Самарқандда Арслонхожа тархон хоҳишига кўра, Адиб Аҳмад Югнакийнинг машҳур достони “Ҳибат ул-ҳақойиқ” уйғур ёзувида кўчирилган. Достон матнига илова тарзида Адиб Аҳмад ва унинг асарига бағишланган иккита туркий шеър келтирилган. Улардан бирининг муаллифи амир Сайфиддин Барлос, иккинчисиники Арслонхожа тархондир. Бу шеърлар муаллифларнинг қадимги туркий адабий ёдгорликларга бўлган катта муҳаббатларидан далолат беради”.
Бундан кўринадики, ўша даврда фақат Улуғбекнинг ўзигина эмас, балки амирлари ҳам илму фан ва адабиётга ҳомийлик қилганлар. Шоир Саккокийнинг “Девон”ида Улуғбекка бағишланган қасидалар қаторида Арслонхожа тархонга бағишланган қасидалар ҳам борлиги бежиз эмас. Улуғбек мадҳидаги қасидасида Саккокий ўзининг туркий тилда ижод қилишидан фахрланиб, қуйидаги байтни битган:
Фалак йиллар керак сайр этсаю, келтурса илкига,
Менингдек шоири туркию, сенингдек шоҳи донони.
Мирзо Улуғбек даврида ижтимоий фанлар ривожига ҳам катта эътибор берилган. Бу даврда туркий тилнинг адабий ва илмий тил сифатидаги мавқеи тобора ошиб борган. Адабиётшуносликка оид қимматли асар, ҳижрий 840 (мелодий 1436-1437) йили туркий тилда ёзилган “Фунун ул-балоға” (“Етуклик илмлари”) муаллифи Шайх Аҳмад ибн Худойдод Тарозий ўз китобини Мирзо Улуғбекка бағишлаб, муқаддимада шундай ёзади:
“Ул салтанат дарёсининг гавҳари ва маъдилат конининг жавҳари, саховат боронининг абри ва шижоат бешасининг бабри, фаросат сипеҳрининг моҳи, каёсат мамлакатининг шоҳи, шаҳаншоҳи аъзам, шаҳриёри аълам, соҳибус сайф ва-л қалам, фармондеҳи турку арабу ажам, мағисиддин ва-д даврон амир Улуғбек Кўрагон”.
Асарни нашрга тайёрлаган А.Ҳайитметовнинг ёзишича: “Илгари ўтган адабиётшунос олимлар адабиёт назарияси бўйича китоб ёзганларида кўпинча бир – ё шеър турлари, ёки вазн, ёки бадиий санъат масаласига тўхталганлар ёки бирор шеърий жанр хусусиятларини ёритиб берганлар. Шайх Аҳмад эса, бу соҳада мукаммал бир қўлланма яратишни, ўз рисоласида назария масалаларининг барчасини ёритиб, таҳлил қилиб беришни ният қилади, токи уни ўқиган кишилар назариядан мумкин қадар тўла маълумот ва фойда олсинлар… Бу унинг ўзбек адабиётшунослик илми тараққиётига қўшган катта ҳиссаси эди”.
Аҳмад Тарозий ўз даврининг таниқли шоири ҳам бўлган. Бобур арузга бағишланган “Мухтасар” асарида унинг ижодидан икки байт мисол келтирган бўлиб, байтлардан бири одатдан ташқари чўзиқ ва ўзига хос:
Кўрди кўзум саҳар чаман ичида бир паривашеким, юзи гул, тани суман, зулфи бинафша, қадди сарви сиҳий эрди, лаб шакар, Лола ўзидин ўтаниб, даъвосидин суман тониб, эрди бинафша бош солиб, сарву чинору кож (игна баргли дарахт) хам бўлди қаддин кўруб дигар.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, ХВ аср биринчи ярмида Самарқанд ва Мовароуннаҳрда фақат табиий фанлар ва меъморлик санъати эмас, балки бадиий адабиёт ва адабиётшуносликнинг гуллаб-яшнашида ҳам Мирзо Улуғбекнинг ҳомий сифатида қўллаб-қувватлаши ва рағбатлантириши катта аҳамиятга эга бўлган.
Ғулом Каримий
“Маърифат” газетасидан олинди.