Улуғбек Долимов. Муҳаммад Раҳимхон Феруз (1844-1910)

Муҳаммад Раҳимхон Соний Феруз – буюк давлат арбоби, атоқли шоир, маданият ва санъат ҳомийси, маърифатпарвар. Ферузнинг Хоразм хони сифатидаги фаолияти Ватанимиз тарихининг энг мураккаб ва зиддиятли даврига тўғри келди. Марказий Осиё Русия истибдоди гирдобига тушган бу даврда у давлатни ниҳоятда тадбиркорлик билан бошқарди. Адабиёт, санъат, илм-фан ва маорифни ривожлантиришга раҳнамолик қилди. Хивада бевосита унинг ташаббуси билан маданий-маърифий, адабий муҳит юзага келди.

Феруз XIX асрнинг иккинчи ярми ўзбек адабиёти равнақига катта ҳисса қўшди: саройда ўнлаб шоирлар унинг ҳомийлигида бадиий ижод билан шуғулландилар. Муҳаммад Юсуф Баёний, Муҳаммад Расул Мирзо, Аҳмад Табибий, Аваз Ўтар ўғли, Чокар, Роғиб, Девоний, Ғозий, Шиносий, Оқил, Ғуломий, Комёб каби шоирлар шулар жумласидандир. Унинг саройида элликка яқин шоиру ёзувчилар, созанда ва гўяндалар, муаррихлар, таржимонлар, хаттотлар, ноширлар фаолият кўрсатган.

Хоразм тарихига оид бирламчи манбалар – Огаҳийнинг «Шоҳидул-иқбол», Баёнийнинг «Шажарайи Хоразмшоҳий», Аҳмад Табибийнинг «Мажмуатуш-шуарои Ферузшоҳий», Ҳасанмурод Лаффасийнинг «Хива шоир ва адабиётчиларининг таржимаи ҳоли», Бобожон Тарроҳнинг «Хоразм навозандалари» каби асарларида Муҳаммад Раҳимхон Феруз ҳақида маълумотлар берилган. XIX асрнинг йирик маданият ва давлат арбоби, шоир Комил Хоразмий «Латойифуз-заройиф» асарида Ферузнинг шоирлик қобилиятига юксак баҳо беради.

Хоразм адабиёти тарихида XIX асрнинг иккинчи ярми ўзига хос бир даврдир. Бу даврда Хоразм адабиёти юксак тараққиёт босқичига кўтарилди. Айниқса, саройда кучли бир адабий гуруҳ майдонга келдики, унда Ферузнинг ҳиссаси беқиёс. Аммо афсус билан айтиш керакки, Феруз ҳукмдор, хон бўлгани учун 74 йиллик советлар даврида эътибордан четда қолиб келди. Унинг асарларини ўрганиш, нашр этиш ман этилди. Феруз унутилаётган бир пайтда, 1960 йилларда, шўролар мафкураси устувор бўлиб турган бир замонда Абдулла Қаҳҳор биринчи бўлиб шоир ижодини ўрганиш масаласини кўтариб чиқди. Жумладан, «Қизвд Узбекистон» газетасида Феруз ижодини рад этиш мазмунидаги мақолага кескин қарши чиқиб: «Феруз – машҳур лирик шоир, мусиқашунос, композитор, яхши таржимон. Умархон сингари ўз замонасининг шоирларини ўрдасига йиққан. 1873 йилда бос-махона сотиб олиб, Хоразмда биринчи китоб бостирган одам», — деган эди.

Аммо ўша 1960 йилларда А. Қахдорнинг куюниб айтган бу сўзлари эътибордан четда қолди. Феруз фаолияти ва ижодини ўрганиш Ватанимиз мустақилликка эришгандан кейин бошланди. 1991 йили Давлатёр Раҳим ва Шихназар Матрасул «Феруз: шоҳ ва шоир қисмати» китобини босмадан чиқардилар. 1994 йвди шоирнинг 150 йиллиги Ватанимиз миқёсида кенг нишонланди. Феруз ҳақида вдмий, бадиий асарлар яратилди. Шоирнинг девони 1994 йили «Элга шоҳу ишққа қул» номи бвдан нашр қилинди. 1995 йили Гулсара Исмоилова «Феруз даври Хоразм адабий муҳити» мавзуида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1995 йили филология фанлари доктори Н. Жумахўжа «Феруз — маданият ва санъат ҳомийси» асарини яратди. Натижада Ферузнинг ҳаёти ва ижоди, унинг асарлари ўрта ва олий ўқув юртлари дастур ва дарсликларидан ўрин олди.

 

Ҳаёт йўли

Шоирнинг тахаллуси Феруз, асл исми Бобожондир. Бобоси Муҳаммад Раҳимхон (1806—1825 йилларда хонлик қилган) шарафига уни Муҳаммад Раҳимхон Соний деб атаганлар. У 1844 йвди наврўз айёмида Хивада хон овдасвда таваллуд топди. Хива мадрасасида ўқиди, унга мураббий, устоз этиб забардаст шоир, буюк мутафаккир Муҳаммад Ризо Огаҳий тайинланди. Огаҳий унга илми аруз, вдми бадеъ, вдми қофия сирларвдан, тарих, фалсафа, мантиқ илмидан дарс берди. Муҳаммад Раҳим ёшлик йилларида баъзи болалар каби турли-туман ўйинларга эмас, асосан, китобхонликка берилди. Айниқса, таълим-тарбияга оид панднома китобларни севиб мутолаа қилди. Бу ҳақда Огаҳий қуйвдагвдарни ёзади: «Саййид Муҳаммад Раҳим Баҳодирхон йигитлик айёми ва айшу тараб ҳангомвда ҳеч бир лавҳу луъбға мойил бўлмай, аксар авқот беш вақт намоз лавозимининг адоси, фаройизу сунан шуғлининг интиҳосвдин сўнг китобхонлиққа, маънидонлиқ ишиға машғул бўлиб, ҳар турлук китобни мутолаа қилур эрди ва ўзга машғулотдин ани аъло ва афзал билур эрди. Байт:

Шабоб айёмида бу улуғ одат,
Валилик рутбасиндин аломат.

Хусусан, ҳар китоб мазмуниким, мавоиза ва насойиҳға муш-тамил бўлса, они бағоят севар эрди ва они ўзга китоблардин илгари тутар эрди».

Муҳаммад Раҳимхон ёшлик йилларида, айниқса, шеъриятга қизиқди, араб, форс тилларини чуқур ўрганди.

1863 йили Ферузнинг отаси Саййид Муҳаммадхон вафот этади, 19 ёшли Муҳаммад Раҳим Хива хонлиги тахтига кўтарилади. Ферузнинг салтанат соҳиби бўлиши тож-тахт учун курашлар, хунрезликлар билан амалга ошмади. Балки сарой ахдларининг, «шуаро ва фузало хайли»нинг хоҳиш-иродаси билан амалга ошди. Бу ҳолни Муҳаммад Юсуфбек Баёний «Шажарайи Хоразмшоҳий» асарида катта мамнуният билан тасвирлайди. Ёш салтанат соҳибини қутлаш, бу воқеага бағишлаб таърих ҳамда қасида битиш Муҳаммад Ризо Огаҳий зиммасига тушди. Чунки ўша даврда саройдаги энг мартабали инсон Огаҳий эди. Унинг 92 байтдан иборат ушбу «Мавъизатнома»си Баёнийнинг мазкур асарида келтирилган. Унда шоир ёш хонга давлатни адолат билан бошқариш ҳақида панд-насиҳатлар қадади, бунинг учун у тарихда ўтган ҳукмдорлар фаолиятини тахт вориси кўзи ўнгида жонлантиради, уларнинг олиб борган ишларидан тўғри хулоса чиқаришга даъват этади. Огаҳий давлатни адолат билан бошқаришда зарур бўлган фазилатлар билан бирга салтанатни парокандаликка олиб борувчи иллатлар ҳақида ҳам огоҳлантиради. Огаҳий ўз мавъизасида ёш хонни панд-насиҳатларига изчил амал қилишга даъват этади:

Бу сўзларниким, мен баён айладим,
Неча байт бирла аён айладим.

Буларга қаю шаҳки қилса амал,
Онинг мулкига етмас асло халал.

Ҳукумат биноси бўлур устувор,
Онинг хонадонида тутғай қарор.

Шаҳо, олам ичра бугун шоҳсен,
Бурундин бу сўзларга огоҳсен.

Умидим будурким, амал қилғасен,
Амал айламакда жадал қилғасен.

Дарҳақиқат, Огаҳийнинг ушбу «Мавъизатнома»си Феруз учун бир умр дастуруламал вазифасини ўтади.

Муҳаммад Раҳимхон Феруз адолатли хон, ақл билан сиёсат юргизувчи давлат арбоби эди. У ўта оғир шароитда давлатни бошқарди. 1863-1873 йилларда (Русия босқини хавфи кун сайин ошиб бораётган бир пайтда) мустақил ҳукмдор бўлган бўлса, 1873-1910 йилларда, яъни вафотига қадар – 37 йил Русия империяси мустамлакаси шароитида ҳукмдорлик қилди. Феруз ота-боболари даврида шаклланган Хоразм адабий муҳитини янада кучайтирди. Бу муҳитнинг пешвоси Огаҳий эди. Ундан кейин эса Комил Хоразмий давом эттирди.

Муҳаммад Раҳимхон Хоразмда улкан таржима мактабини вужудга келтирди, Шаркнинг ўнлаб адабий-тарихий, педагогик обидаларини таржима қилишга бош бўлди. Кайковуснинг «Қобуснома», Шайх Муслиҳиддин Саъдийнинг «Гулистон» ва «Бўстон» каби пандномаларини Феруз шаҳзодалик вақтида Огаҳийга таржима қилдирди. Бу ҳақда Огаҳий қуйидагиларни ёзади: «Бу бандаи фақир Муҳаммад Ризо мироб Огаҳий, бир куни ул жаноб(нинг) (Саййид Муҳаммад Раҳим Баҳодирхон) мажлисиға бориб, дуо шароитин тақдимиға еткурдум ва ул жанобнинг лозимул башорати била мен ҳам ул мажлиснинг бир гўшасида ўлтурдум. Дарҳол менга неча турлук меҳрибонликлар кўргузуб, мазкур «Насиҳатнома»ни илкимга бериб дедики: «Бу нусхани туркий тили била таржима кил, токи турк тавойифининг авоми ҳам бу пандлардин баҳра олғай ва бизнинг отимиз, сенинг сўзунг олам инқирозиғача замон авроқида боқий ва ёдгор қолғай».

1873 йил март ойида генерал Кауфман Хоразм хонлигига қарши юриш бошлади. Муҳаммад Раҳимхон Соний босқинчиларга қарши салтанатни оёққа турғазди. Аммо Русиянинг замонавий қуроллари, тўпларига хонликнинг ибтидоий қуроллари бардош бера ол-мади. Хон ва унинг атрофидаги узоқни кўрувчи Комил Хоразмий каби сиёсатдонлар хонликни, халқни қирғинбарот урушдан, асрлар давомида яратилган маънавият обидаларини ер билан яксон қилувчи рус тўпларидан сақлаб қолиш учун мустамлакачилар билан сулҳ тузшдга мажбур бўлдилар. Ушбу сулҳга асосан хонлик Русия империясининг вассалига айланди. Энди Муҳаммад Раҳимхон Соний бутун имкониятларини, вассаллик исканжасида туриб, илм-фан, адабиёт ва санъат равнақи, мамлакат ободончи-лигига сафарбар этди. У Марказий Осиёда биринчи бўлиб Хивада босмахона (Подшоҳи замон типолитографияси) ташкил қилди ва китоб нашрини йўлга қўйди. Ферузшоҳ буйруғига биноан 1880 йилларда Алишер Навоийнинг «Ҳайратул-аброр» достони, тўрт девондан иборат «Хазойинул-маоний», Шермуҳаммад Муниснинг «Мунисул-ушшоқ», Огаҳийнинг «Таъвизул-ошиқин», Комил Хоразмийнинг беш девони босмадан чиқарилди. Нашр ишлари билан Комил Хоразмий, унинг вафотидан кейин эса ўғли Муҳаммад Расул Мирзо шуғулланди.

Санъатни севган, унинг сирларидан хабардор бўлган кишигина адабиёт ва санъатга ҳомийлик килиши мумкин. Феруз худди шундай санъатсевар ҳукмдор эди. Унинг саройида адабий мунозаралар, мушоиралар, ҳафтанинг махсус кунлари китобхонлик оқшомлари ўтказиларди. Хоннинг шахсан ўзи катта-кичик мансабдорлар — ҳаммасини китобхон бўлишга даъват этарди.

Муҳаммад Раҳимхон Соний она-юрт ободлиги, халқ маънавияти учун қаттиқ қайғурди. Унинг бевосита бошчилигида мадрасалар, боғ-роғлар барпо этилди. У бошқа давлат арбобларини, бойларни ҳам бундай ишларга рағбатлантирди. Бу ҳақда Юсуфбек Баёний шундай ёзади: «Маълум бўлсунким, хон ҳазратлари бағоят мушфиқфуқаро, бағоят хайрдўст киши эрдилар. Кўб мадрасалар ва масжидлар бино қилдилар ва кўб мадрасаларнинг бинолариға сабаб бўлдилар… Алҳақ, кўб ерларни обод этдилар, кўб масжидлар ва мадрасалар ва қорихоналар бино бўлуб, кўб ерлар ободон бўлди ва халойиқ ҳам «Ан-насу ъала дини мулукиҳим» муқтазосича амали хайрға роғиб бўлуб, ҳатто Муҳаммад Паноҳбой деган ҳам масжиди калоннинг орқа тарафида бир мадраса бино қилди». Шу зайлда Баёний Феруз қурдирган ва унинг раҳнамолигида қурилган биноларни номма-ном айтиб ўтади.

Муҳаммад Раҳимхон Феруз ўз даврининг ниҳоятда пешқадам зиёлиси эди. У мусиқашунос, бастакор, мусиқа сирларидан хабардор санъаткордир. У Хоразм мақомларини асраб-авайлаш, келгуси авлодларга тўлалигича етказишда буюк мутафаккир Комил Хоразмий ва унинг ўғли бастакор, мусиқашунос Муҳаммад Расул билан катта ишларни амалта оширди. Маълумотларга қараганда, Феруз санъаткорларга созандалик, гўяндалик шаҳодатномасини шахсан ўзи топширган. Халқ мақомларини бузиб ижро этганларни ҳатто жазолаган ҳам. Бу ҳақда махсус фармон ҳам қабул қилган:

«ФАРМОНИ ОЛИЙ

Бизким, Хоразм мамлакатининг олий хоқони Муҳаммад Ра-ҳимхон Соний қуйидаги Фармони Олийга имзо чекдик:

Хоразм мақомлари халқнинг дахлсиз мулки деб эълон қилинсин. Ушбу Фармони Олийга шак келтирган ва мақомларни камситган, ёинки уни бузиб ижро этган кимсалар қаттиқ жазолансин!

Муҳаммад Раҳим Соний 1299 йил жумод ул-аввал (1882)»

Феруз бастакор сифатида «Шашмақом» йўлларида ўндан ортиқ мустақил куй яратди.

Муҳаммад Раҳимхон Соний 1883 йили биринчи марта девонбеги Муҳаммад Мурод ва мирзабоши Комил Хоразмий ҳамкорлигида Санкт-Петербург ва Москва сафарига боради. Бу ҳақда «Новости и биржевая газета» қуйидагиларни ёзади: «Бугун, 21 июнь сешанба куни Хива хони Муҳаммад Раҳим, девонбеги Муҳаммад Мурод, маслаҳатчи Полвон мирзабоши, ясо-вулбоши Раҳмонберган, хоннинг жияни Саййид Абдуллохўжа, таржимон штабс-капитан Асфандиёров — 17 кишидан иборат шахсий соқчилар ва хизматчилар билан темир йўл орқали Пе-тербургдан Москвага жўнаб кетди. У ердан Оренбург орқали Хивага йўл олади».

Муҳаммад Раҳимхон Соний келажак авлод тарбиясига катта аҳамият берган. 1891 йили Комил Хоразмий ташаббуси билан Хивада «усули савтия» методига асосланган мактаб очилди. Муҳаммад Раҳимхон янги мактабларнинг очилишига нафақат хайрихоҳлик билдирди, ўзи ҳам бундай мактабларни очишга бош-қош бўлди. Бу мактабда диний ва дунёвий билимлар билан бир қаторда рус тили ҳам ўқитилар эди. Муҳаммад Расул, Аҳмад Табибий, Аваз Ўтар каби замонасининг маърифатпарварлари рус тилини шу мактабда ўргандилар.

Муҳаммад Раҳимхоннинг фармонига биноан 1904 йили Урганчда «усули савтия» мактаби очилади. 1906 йили эса худди шундай мактаб қизлар учун хам ташкил қилинади. Бу мактабларга Ҳусайн Кушаев ва унинг хотини Комила Кушаева раҳбарлик килади. Феруз бу мактабларнинг тартиб-интизоми, ўқитиш усуллари билан танишади, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлайди. Унинг ташаббуси билан мактаб ва мадрасалар учун вақф мулкидан ташқари давлат даромадидан маблағ ажратади.

Маълумотларга қараганда, XX аср бошларига келиб Хоразм хонлиги ҳудудида 130 мадраса, 1636 масжид, 1500 мактаб фаолият кўрсатган. Уларда 45000 дан зиёд талаба-ўқувчи таҳсил кўрган. Феруз бошчилигидаги хонлик маъмурияти ҳам таълим-тарбия масалаларига катта эътибор берган. Мадрасаларда гуманитар фанлар билан бир қаторда аниқ фанлар ҳам ўқитилган. Хон мударрислар илмини, таълим-тарбия ишларини шахсан назорат қилиб турган. Баёний «Шажарайи Хоразмшоҳий»да ёзишича, хон мадраса домлаларини имтиҳон ҳам қилиб борган.

Муҳаммад Раҳимхон Соний авлодидан Муродий, Комёб, Оқил, Султон, Саъдий, Ғозий, Асад каби ўнга яқин соҳиби девон шоирлар етишиб чиқди. Бу шоирлар ижоди ва фаолияти XX аср биринчи ярми Хоразм адабий муҳитини ўрганишда муҳим манба бўла олади.

1910 йили Феруз оғир хасталикка дучор бўлади. Бу ҳақда Баёний қуйидагиларни ёзади: «Ҳижратнинг минг уч юз йигирма сакизлончи йилида хон ҳазратлариға бир қаттиғ беморлик ориз бўлуб, бир неча кунлардин сўнг андак афоқат топтилар. Аммо ул мараз бадани муборакларидин зойил бўлмади. Тамоми атиббо анинг муолажасида ожиз бўлдилар… Ҳижратнйнг минг уч юз йигирма сакизлончиси мувофиқи ит йили ва сунбуланинг сакизлончиси ва шаъбон ойининг йигирма тўртлончиси ва душанба куни эрди, жаҳон бўстонидин жаннат гулистониға хиром этдилар. Фақир вафотлари таърихин бу тариқада айтиб эрдиким, таърих:

Дариғоки, шоҳи Муҳаммад Раҳим,
Эди олам ичра адолатшиор.

Жаҳон ичра анвоъи хайротни
Кўйуб кетти ўздин қилиб ёдгор.

Раийят замонида эмин бўлуб,
Дуосин машғули лайлу наҳор.

Вафотидин ўлди бори эл ғамгин,
Таҳассур била йиғлабон зорзор.

Баёний тўкуб ашк таърихини
Дедим: «Кетди хусрави жам номдор».

«Таърих»дан маълум бўлганидек, Муҳаммад Раҳимхон Феруз 1910 йили 66 ёшида вафот этди.

Ижодий мероси Шоир Феруз ижодий мероси бизгача анча паро-канда ҳолда етиб келган. Феруз улуғ устозлари Огаҳий, Комил Хоразмий девонларини қайта-қайта кўчиртирган, нашр этгирган. Аҳмад Табибийни шеърларини тўплаб девон тузишга ундаган. Аммо ўз шеърларини тўплаб нашр этишга саъй-ҳаракат қилмаган. Шунинг учун бўлса керак, унинг бизгача етиб келган ижодий мероси у даражада катта эмас. Умумий ҳажми 2534 мисрадан – 98 ғазал, 7 мухаммас, 2 мусаддас, 4 маснавий, 7 рубоийдан иборат.

Муҳаммад Раҳимхон ёшлигиданоқ ўзбек мумтоз ғазалчилиги анъаналарини мукаммал эгаллади. Навоий, Лутфий, Фузулий каби улуғ шоирлар шеъриятини чуқур ўрганди. Айниқса, шоир ижрдига Огаҳий кучли таъсир кўрсатди. Феруз ҳаётда Огаҳий ўгитларига, мавъизаларига амал қилган бўлса, шеъриятда уни устоз билди, ғазалларига мухаммаслар боғлади. Ферузнинг ўзига хос сўз санъаткори бўлиб етишувида Огаҳий шеърияти ижод мактаби вазифасини ўтади:

Комил эрсам назм аро Феруздек, эрмас ажаб,
Огаҳийдек шеър машқ айларда устодим менинг.

«Ишқий ғазаллар пири» деб эътироф этилган Феруз лирикасининг асосий мавзуи ишқ-муҳаббатдир. Шоир ушбу мавзуда ўзига хос жозибали шеърлар битди. Унинг лирикасида шоҳнинг эмас, оддий инсоннинг – ошиқнинг руҳий кечинмалари, изтироблари ўз ифодасини топган. Феруз ғазалларида юксак инсоний фазилатлар эгаси – ошиқ ҳамда гўзаллиқда ягона, баъзан меҳрибон, баъзан зулмкор маъшуқа тимсоли туради. Лирик қаҳрамоннинг эъти-рофича, ишқ борасида шоҳу қул баробар:

Гарчи эрурман толеъи Феруз ила оламға шоҳ,
Лек ул парилар сарвари ол(д)идадурман қул бу кун.

Ёки:

Ишқ бир ўтдурур, нечукким барқ,
Айламас шоҳ била гадони фарқ.

Тушса ондин кўнгулга бир учқун,
Куйдуруб бошиға солур қаро кун.

Ферузнинг юқоридаги мисралари Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қуйидаги машҳур рубоийсини эслатади:

Сен гулсену мен ҳақир булбулдурмен,
Сен шуъласен, ул шуьлаға мен кулдурмен.
Нисбат йўқтур деб ижтиноб айламаким,
Шаҳмен элга, вале санга қулдурмен.

Ферузнинг бир қатор шеърларида Ватаннинг кўркам баҳори, унинг гўзал таровати, ошиқнинг маъшуқа қадамига гул баргларидан поёндоз тўшаб, интизор кутиши ниҳоятда таъсирли ифодаланган. «Фасли гул» – баҳорнинг келиши боғларга ўзгача бир зий-нат бағишлайди. Шоир бундай гўзал табиатни ғанимат билиб, ундан баҳраманд бўлишга даъват этади. У моҳир мусаввир каби баҳор лавҳасини ва унга монанд маъшуқанинг бетакрор гўзал қиёфасини чизади. Баҳор келиши билан табиат, борлиқ бутун гўзаллигини на-мойиш этар экан, маъшуқанинг ҳам ўз жамолидан «бурқаъ» – пардани олиб, ошиқ кўзларини равшан қилишини илтижо этади:

Очилмиш гул, етурмиш боға зийнат, эй санам, келгил,
Ичарга бир нафас аҳбоб бирла жоми Жам, келгил…

Тўшаб баргини гул ер узра, тортар интизорингни,
Гулистон ичра гул барги уза қўйуб қадам, келгил.

Ҳаводур мўътадил, ҳам фасли гулдур, кеча ҳам маҳтоб,
Тузуб мажлис, ичарга лолагун май дам-бадам келгил…

Олиб бурқаъ жамолингдин қилурға кўзларим равшан,
Жафоу жавру зулмингни қилиб бир лаҳза кам, келгил.

Гаҳи айлаб баҳона гул терарга, бу ҳазинингни
Қилурға хайли ушшоқ ичра, жоно, муҳтарам, келгил.

Санга Феруз эрур бир қул, вале ҳажрингдадур ношод,
Бу қулни шод этарга, эй, нигори муҳташам, келгил.

Ферузнинг ишқий шеърлари, асосан, анъанавий йўналишда, бадиий тасвир воситалари ҳам ошиқнинг ҳижрон кечинмаларини, маъшуқанинг гўзал ҳусну жамолини, нозу карашмаларини тасвирлашга қаратилади. Шоир тасвирида маъшуқа ниҳоятда илтифотли, раҳмдил, унинг ҳар сўзи Масиҳ каби ўлик жисмига жон ато этади, унинг жамолидан ошиқнинг шоми субҳга, ағёрнинг субҳи шомга айланади. Ошиқ – шоир дилбарининг бундай илтифотидан шу даражада мамнунки, унга Оллоҳдан олий мақому шодлик тилайди:

Бу оқшом келди ул дилбар адаб бирла салом айлаб,
Ўлук жисмимга жон берди Масиҳосо калом айлаб.

Шабистонимни қилди оразининг меҳридин равшан,
Очиб рухсоридин парда қуёш янглиғ хиром айлаб.

Аён айлаб жамолин қилди шомим субҳга табдил,
Юзи ҳижронида ағёрнинг субҳини шом айлаб.

Келиб юз навъ нозу ишва бирла меҳр этиб оғоз,
Қошимда ўлтуруб деди тилин мўьжиз калом айлаб

Ки: «Эй, ҳажримда кўнгли лоладек доғ узра доғ ўлгон,
Юрурсан бўйла токи айшу роҳатни ҳаром айлаб?

Висолимға чу етгинг шоду масрур айлабон ўзни,
Баён айла менга сен арзи ҳолингни тамом айлаб…»

Шеърга чуқурроқ эътибор берилса, шоир тазод, ташбиҳ, саволу жавоб, талмеҳ каби шеърий санъатларни моҳирона қўллаганининг гувоҳи бўламиз.

Шоирнинг қуйидаги «Ё, раб» радифли ғазалида тасвирла-нишича, маъшуқа ниҳоятда гўзал, унинг «жаҳоноро жамолидан» ошиқ — шоир ҳам ўз базми учун равшанлик истайди. Аммо у ошиққа фақат ранжу алам келтиради. Шеърда маъшу-қанинг ташқи қиёфасидаги ҳар бир аъзонинг гўзаллигини тас-вирлаш билан унинг ошиққа келтираётган жабр-зулмини кўрса-тади. Бу билан шоир лирик қаҳрамон руҳиятини теранроқ инкишоф этади. Лекин ҳар қандай шароитда ҳам ошиқ ёр лутфу карамига умид боғлайди, сабр қилади:

Етушти ҳажридин жонимға юз ранжу алам, ё, раб,
Кўруб ҳолимни, кам қилмас манга бир дам ситам, ё, раб…

Сочи савдосида доим қоронғудур манга олам,
Менинг бу шоми ҳижронимға еткур субҳидам, ё, раб.

Жаҳоноро жамолидин менинг базмимға ҳам бир тун
Етурғайму экан равшанлиғ ул маҳваш санам, ё, раб.

Агар лутф айлабон ўз илки бирла берса бир соғар,
Кўнгулда қолмас эрди орзуйи жоми Жам, ё, раб.

На янглиғ сабр қилсун ул қуёш ҳижронида Феруз,
Зиёд айлар жафосин, айламас бир зарра кам, ё, раб.

Шоир маъшуқа тасвирини чизишда мумтоз адабиётимизда мавжуд бўлган тимсоллар, ташбиҳлардан жуда ўринли фойдаланади:

Оразинг даврида ҳар ён зулфи анбарму экан?
Йўқса ганж устида ётғон икки аждарму экан?

Ораз — юз Шарқ шеъриятида ганж, яъни ҳусн ганжи, хазинаси рамзи. Икки зулф эса — аждар, илон. Ривоятларга кўра, хазина бор жойда унинг қўриқчиси — аждар ҳам бўлади. Шоир мазкур байтда ташбиҳ санъатини маҳорат билан қўллаган.

Феруз шеъриятда қофияга алоҳида эътибор беради. Маълум-ки, қофия шеър бадииятини, мусиқийлигини таъминловчи асосий унсурлардан бири. Шу билан бирга, қофия фикр ва ғояни бўрттириб кўрсатишга хизмат қилади. Феруз шеърларида қофиянинг деярли барча турларини кузатиш мумкин. Шулардан бири мусажжаъ — сажли қофиядир. Ғазали мусажжаъда ҳар байт (матлаъдан ташқари) мисралари тўрт бўлакка бўлиниб, уч бўлак ўзаро қофияланади. Тўртинчи бўлак эса матлаъ билан қофиядош бўлади. Сажли қофия шеърнинг оҳангдорлигини орттиради. Табиий-ки, бу шоирдан анчагина маҳорат талаб қилади. Ферузнинг қуйидаги ғазали шу жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга:

Шод ўлғил, эй, маҳзун кўнгул, бу кеча дилдоринг келур,
Ширин такаллум, гулбадан, лаъли шакарборинг келур.

Соз айла айш асбобини, очғил тараб абвобини,
Рухсори оламтобини очиб севар ёринг келур…

Маҳзун қилиб ағёрни, шод этгали сен зорни,
Тарк айлабон озорни, ёри вафодоринг келур.

Кўнглиға ноланг бир саҳар таъсир қилмишдур магар,
Ширин дудоқу сиймбар, фархунда дийдоринг келур.

Ферузбахт ўлғил мудом, эт нўш ишрат бирла жом,
Андоқки сарви хушхиром озода рафторинг келур.

Шеърнинг муҳим фазилати шундаки, шоир маъшуқанинг бу-ун гўзаллигини, унинг вафосидан, лутф-карамидан умидворлигини, ошиқнинг унга бўлган самимий муносабатларини гўзал бадиий санъатлар ёрдамида тасвирлайди.

Феруз ижодида анча кўп қўлланган санъатлардан яна бири — такрир санъати. Бу санъат Хоразм адабиётида, айниқса, Огаҳий, Комил Хоразмий, Аваз Ўтар ўғли ижодида кенг қўлланган. Такрир санъати шоир урғу бермоқчи бўлган фикрни таъкидлаб кўрсатишга хизмат қилади.

Офтобосо жамолинг қўргач ўлдум, эй, нигор,
Беқарору беқарору беқарору беқарор.

Тиғи ишқи ханжари нозингдин ўлдум субҳу шом
Дилфигору дилфигору дилфигору дилфигор.

Оху нолам айлади ишқингни охир даҳр аро
Ошкору ошкору ошкору ошкор.

Жавру зулминг бўлғондур ман ҳазинға дам-бадам,
Бешумору бешумору бешумору бешумор.

Ой киби фарруҳ жамолинг кўргали йўлингда кўз
Интизору интизору интизору интизор.

Ноз ила сурсанг самандинг сакратиб йўқ сен киби
Шаҳсувору шаҳсувору шаҳсувору шаҳсувор.

Васлинга йўл топса ҳар ким бўлғай ул Феруздек
Бахтиёру бахтиёру бахтиёру бахтиёр.

Феруз – ўзбек шеърияти анъаналарини чуқур ўрганган шоир. У ўзининг буюк салафлари шеърларига назиралар ёзди, мухаммаслар боғлади. У «Мажмуатуш-шуарои Умархоний» тазкираси орқали Умархон даври Қўқон муҳити шоирлари ижоди билан яхши таниш бўлган. Маълумки, ушбу тазкирада Амирийнинг машҳур:

Лаб уюр такаллумға, зулфини паришон қил,
Қанд қимматин синдур, нархи анбар арзон қил, –

матлаъли ғазали берилган. Бу ғазалга Амир Умархон саройида ижод қилган Фазлий Намангоний, Адо, Нусрат, Ҳозиқ, кейин-роқ Увайсий, Муқимий, Ҳамза каби ўндан ортиқ шоирлар назира битдилар. Амирийнинг мазкур ғазали ҳазажи мусаммани аштар, яъни: фоилун мафоийлун фоилун мафоийлун вазнида яратилган. Ушбу ғазал Муҳаммад Раҳимхонда чуқур таассурот уйғотади. Натижада, у шеърнинг вазни, қофияси, радифи ва мавзуини сақлаган ҳолда унга назира ёзган:

Гул юзунг очиб, эй, гул, мажлисим гулистон қил,
Меҳри оразинг узра кокулунг паришон қил.

Илкинга олиб соғар, нўш этиб майи гулранг,
Жонфизо табассумдин лабларингни хандон қил.

Азми гулситон айла зулфунга бериб зийнат,
Рашк ўтиға сунбулнинг пайкарини сўзон қил.

Кўзунга чекиб сурма, юзунга уруб ғоза,
Лола бирла наргисни ул иковга ҳайрон қил.

Рашк тиғидин қилсун гул юзини юз пора,
Гулшан ичра рухсоринг ҳар тараф намоён қил.

Ҳасрат ўтиға куйсун қоматинг кўруб шамшод,
Қадди нозпарвардек ноз ила хиромон қил.

Лутф этиб агар ёринг келса базминга, Феруз,
Бу азиз жонингни мақдамиға қурбон қил.

Феруз маснавий жанрида ҳам муваффақиятли қалам тебратди. Жами 706 мисрани ўз ичига олган тўрт маснавийси бунинг ёрқин далили. Ҳар тўртала маснавий ҳам диний-тасаввуфий руҳда битилган. Қуйидаги мисралар ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди:

Сенсан ики кавн аро паноҳим,
Раҳм айлабон афв қил гуноҳим.

Кўнглум уйин айлагил саросар,
Тавҳид чароғидин мунаввар.

Тоатда қадимни айлагил хам,
Лутфунг манга ҳаргиз этмагил кам.

Ман зорға тавба ато қил,
Файзингға замирим ошно қил.

Маълумки, шўролар замонида «феодал-сарой адабиёти» ва унга мансуб бўлган шоирлар, айниқса, салтанат соҳиблари номи қораланган эдм. Фақат мустақиллик туфайли улар ижодини ўрганишга кенг йўл очилди. Муҳаммад Раҳимхон Сонийнинг адабий ижоди, унинг Ватан ободонлиги, халқ фаровонлиги, илм-фан, маориф ва маданият равнақига қўшган улкан ҳиссаси бугунги кунда изчил ўргакилмоқда. У маснавийларидан бирида Оллоҳга илтижо қилиб шундай ёзган эди:

Даҳр элига гарчи подшоман,
Эҳсониға мустаҳиқ гадоман.

Кўбтур манга раҳматингдин умид,
Қилма мани — нотавонни навмид.

Қил бахт ила толеъимни Феруз,
Ҳар бир қуним айла ийди Наврўз.

Унинг умидлари, илтижолари ижобат бўлди. Шоир вафотидан 80 йил ўтгач, мустамлака кишанлари парчаланди. Юрт озод бўлди. Миллий истиқлол боис Ферузнинг хазон билмас иккинчи умри бошланди.