Маҳкам Маҳмудов, Алишер Маҳмудов. Лессинг ва Ҳердер

XVIII аср маърифатчилик адабиётининг вакили Лессинг ижоди жаҳон адабий тафаккури тарихида ўзига хос ўринга эга. Маърифатчилик адабиёти учун Уйғониш даври замин тайёрлаб берди. Маърифатчилик адабиёти пайдо бўлгунича зоҳид авлиёларни улуғловчи, илоҳий севгини дунёвий севгидан устун қўювчи, ғаройиботларни тасвирловчи классицизм ва барокко йўналишидаги асарлар мавжуд эди. Бу оқимлар жаҳон адабиётига Лопе де Вега, Торквато Тассо, Пьер Кальдерон, Жон Мильтон, Жеффри Чосер, Пьер Корнел, Жан Расин, Мольер, Бомарше каби буюк ижодкорларни берди. Маърифатчилик адабиётига уч адабий оқим асос бўлди: 1) Ғарб Уйғониш даврининг гуманистик реализми; 2) антик маданиятга эргашувчи классицизм; 3) муҳташам готик қасрларни эслатувчи, мўъжизалар ва ажойиботларга бой барокко. Бу адабий оқимлар уч хил усулни вужудга келтирди. Кейинроқ бу ижодий усуллардан Гёте, Клингер, Шиллер, Лессинг, Байрон, Гюго, Бальзак, Флобер ҳам фойдаланди.

Лопе де Веганинг реалистик фожиавий комедиялари (“Қўзибулоқ”, “Севилья юлдузлари”), Педро Кальдероннинг барокко руҳидаги драмалари (“Вальтасар базми”, “Саламея судьяси”, “Матонатли шаҳзода”, “Ҳаёт – туш”, “Ўлимдан кейинги севги”), Жан Расиннинг антик сюжетларга асосланган драмалари (“Андромаха”, “Митридат”, “Федра”), Корнел трагедиялари (“Сайид”, “Граций”, “Цинна”) жаҳон адабиёти дурдоналарига айланди.

Жон Мильтоннинг “Йўқолган жаннат”, “Қутулган Қуддус” поэмалари Ҳомер достонлари руҳида ёзилган бўлса ҳам Лессинг халқчил эмас дея танқид қилди. Ке­йинчалик Байрон ҳам бу поэмаларга салбий баҳо берди. Шунга қарамай, Жон Мильтон поэмалари жаннат ва дўзах, савоб ва гуноҳ, дин ва дунё, тарих ва замон чуқур бадиий акс эттирилган асар сифатида шуҳрат топди.

Францияда антик санъат тарафдорлари билан янги давр шоирлари ўртасидаги баҳс чорак аср давом этди. Бу мунозарага Германия ҳамда Анг­лия ижодкорлари ҳам қўшилди.

Қадимчилар ва жадидлар баҳсини Франция Санъат академияси етакчиларидан бири, халқ оғзаки ижоди билимдони, шоир Шарль Перро бошлаб берди. У академия мажлисида мутлақ ҳукмронлик ўрнатган, диний бағрикенгликка қарши бўлган, ҳурфикрликни қатағон қилган қирол Людовик ХIV даврида француз адабиёти ва санъати мислсиз ривожланиб, Ҳомер, Эсхил, Софокл, Эврипид, Вергилий, Горацийларнинг поэзиясини орқада қолдирди, деган фикрни айтди1. Антик даврдаги Арасту мақтаган уч бирлик қонуни (қаҳрамон, макон, вақт бирлиги) санъаткорни чеклаб қўяр эди. Янги давр санъати бу камчилик­лардан қутулиб, эркин ривожланди. Шу сабабли Шарль Перро қадимги адабиётнинг энди бизга кераги йўқ, деб ёзди. Унинг фикрича, янги француз шеърияти, илм-фани, меъморчилиги, мусиқаси, тасвирий санъати қадимги юнонларникидан ўзиб кетди. Шарль Перро бу билан чекланмай, уч қисмдан иборат “Қадимгилар ва жадидларни қиёслаш” асарини битди. Арастунинг поэтикага доир назарий фикрларини кескин танқид қилиб, қаҳрамон, макон, вақт бирлигини қоралади.

Бу мажлисда қатнашган қадимчилар вакили Никола Буало руҳоний Юэга қараб: “Перронинг бу гаплари француз академиясини шарманда қилди. Академия рамзий нишонини (эмблемасини) бир тўда маймунлар суратига ўзгартириши керак!” – деди. Драматург Расин ва сатирик Лафантен ҳам Буало фикрини қувватлади. Эртасига Лафантен Квинтилиан “Сайланма”сига қуйидаги тўрт мисрани солиб, руҳоний Юэга юборди:

Жимжимадор сўзлар билан мақтаниш осон,
Мақталган асарлар топилмас қўлда.
Қадимги санъатдан баҳра олмаслар –
Адашар, ҳақ йўлни топа олмаслар.

Квинтилиан: “Қадимги буюкларни сўкишдан кўра мақташнинг гуноҳи камроқдир” деган гапи билан машҳур эди.

Жадидлар тарафдори Де-Маре қадимчиларни мушриклар деб айблаб, ижодкорларни антик сюжетлар ўрнига масиҳийлик мавзуларида ёзишга даъват этди. Буало унга: “Қадимги сюжетлар мифологиядан олингани учун бадиий тўқимага кенг ўрин берилади, христианлик сюжетларида бадиий тўқима куфрга олиб келади”, деб жавоб берди.

Буало антик асарларни юксак бадиийлик намуналари ҳисоблаб, Арасту “Поэтика”да мақтаган ижодкорларнинг буюклигини исботлашга ҳаракат қилди.

Расин қадимчилар ва жадидлар баҳсида ўрта йўлни танлаб, нисбатан яқинроқ тарихдан “Боязид” драмасини ёзди. Унда малика эрининг укаси Боя­зидни севиб қолишини “Шоҳнома”даги “Сиёвуш” қиссаси ҳамда Шарқда машҳур “Юсуф ва Зулайҳо” достони сюжетларига яқин руҳда тасвирлайди.

Бу даврда Лессинг “Фотима” асарини ёзди. Лессинг каби Ҳердер ҳам поэ­зия айрим нозиктаъб одамлар, аслзодаларнинг кўнгилхушлиги учун эмас, балки ҳамма одамлар гўзалликдан, сўз санъатидан завқ олиши мумкин, деб биларди. Бу соҳада Ҳердер “Бўрон ва ҳужум” деб номланган адабий оқим асосчиларидан Гаманнинг (1730-1788) издоши эди. Гаман ҳамшаҳри Кантнинг рационал тизимига қарши чиқиб, инсон маънавияти ақл билан эмас, кўнгил, интуиция, ҳис-туйғулар, яна-да аниқроғи, имон-эътиқоди билан камол топади, деб биларди.[1]

Гаман яна: “Воқеликни ақл билан англаш инсон руҳини қашшоқлаш­тиради, ҳаётнинг барча турли-туман рангларини ақлли одамлар эмас, ҳис-туйғули инсонлар кўра олади”, дер эди. Ҳиссиётли киши жонзотни кўрса, ақл юритувчи скелетнинг шаклини кўради. Шу сабабли у диний эътиқодни, муқаддас китобларни адиблар, шоирларнинг тўқимаси эмас, балки ўз даврида ҳукмдорларнинг жабр-зулмига қарши чиққан халқнинг имон, ишонч, эътиқод ҳақидаги тарихий шароитда туғилган ижоди деб ҳисоблайди. Бу билан Гаман Юнг айтган туғма даҳолар ҳақидаги фикрга қўшилади.

Гаман фикрича, интуитивизм – эмоционал характер, яъни шахснинг ҳис-туйғулари бойлигидир. Интуитив билимлар (илми ғариба) поэтик даҳолар ижоди билан боғлиқ ҳодиса.

Аммо, Ҳердер “Танқид уйининг ҳавозалари” асарида Лессингни “Лаокоон” асарини танқид қилганида интуиция билан эмас, балки ақлий далиллар билан фикр юритди. Шунга қарамай, поэзиянинг халқчиллиги, эмоционал хусусиятлари, ижтимоий тараққиётга таъсири, шахс маънавий камолоти, истеъдод ва илҳом масалаларида бу икки олмон мутафаккири маслакдош, ҳамфикр эди.

Ҳердер “Каллигона” (Нафосат) асарининг “Назм ва фасоҳат” бўлимида поэ­зиянинг халқчиллиги ҳақида ёзар экан, Аристотелдан Лессинггача бўлган нафосатшунослар поэзиянинг келиб чиқишини қадимги халқ байрамларида ижро этиладиган ўйинлар, томошалар билан асослашига қўшилмади ва ўз фикрларини қуйидагича баён этди: “Фасоҳат, яъни сўз санъатини агар ўйин десак, бу ўйинни жиддий касб билиб, ўз ҳаётининг маъно ва мазмунига айлантирган нотиқлар ва шоирларни майда одамлар дейиш керак. Наҳотки, инсон табиати шундай ўйинларга муҳтож даражага тушиб қолган бўлса! Бундай ўйинларда ақл тасаввурни алдайди ва бу алдамчиликларнинг айбдори нафис санъат вакиллари бўлиб қолар эди”. Ҳердер бу асарида Аристотел ва унинг тарафдори Лессингни поэзия санъати тамойилларини яхши билмасликда айблади. Ҳердер шартли равишда архитектурани “соқов муза”, нотиқлик ва поэзияни “сўзловчи муза” деб атади. Қуйидаги фикрни эса Ҳердер устози Гаман асаридан кўчириб келтиради: “Боғдорчилик – деҳқон иши, рангтасвир – рассом иши, мусиқа – созанданики, мол айирбошлаш – савдогарники, поэзия – инсон тилидир. Туйғу ва эҳтирос фақат сўз билан тасвирланади. Тасвир ва тасаввур инсоният билимлари хазинасидир. Ибтидоий замонларда барча халқлар ўз туйғуларини поэтик тасвир, товуш, имо-ишора, рақс воситасида ифода қилган. Инсон ҳис-ҳаяжонларини гоҳ ҳовлиқиб, гоҳ тутилиб, гоҳ тўхтаб, гоҳ товушни ўзгартириб билдирган. Агар инсон ҳаяжонланмай, шошилмай, тўхтаб, тин олиб ифодаламоқчи бўлса, баён қилишга ўтади”. Ҳердер фикрича, насрий сўз санъати шундан келиб чиқади. Ҳомер достонларида эпос сўзи ҳикоя, воқеа, тарих маъноларида қўлланилади. Қадим вақтларда эпосда ҳикоя, поэзия, тарих қўшилиб кетган эди. Аристотел даврига келиб, поэзия ва тарих бир-биридан ажралди. “Поэтика” муаллифи айтганидай: “Тарих ҳаётда юз берган бир ҳодисани, поэзия ўтган, ҳозир кечаётган ёки келгусида бўлиши эҳтимоли бор воқеа-ҳодисаларни тасвирлайди”. Шу сабабли Арасту фикрича, тарихга нисбатан поэзия фалсафийроқдир.

Ҳердер “Каллигона” (Нафосат) асарининг поэзия ҳақидаги бўлимида Кант ва Лессингнинг айрим фикрларига эътироз билдирган ҳолда “Поэтика”даги поэзиянинг асосий тамойили Мимесис назариясини ёқлаб чиқди, уни яна-да ривожлантириб, чуқурлаштиради. Тарихий асарда бирор воқеа қачон, қаерда содир бўлгани баён этилса, поэзияда шоир ўша воқеа қандай юз берганини, воқеани келтириб чиқарган одамларнинг руҳий ҳолатларини, ўй-кечинмаларини, воқеа тафсилотларини тасвирлайди ва ҳақиқатан шундай бўлганига ишонтиради. Юнон тилида поэзия ижод қилмоқ, ясамоқ, бунёд этмоқ, яратмоқ маъноларини билдиради. Ижодни билмай, бўлган воқеанинг ўзини баён қилувчи киши шоир бўла олмайди.[2]

Ўз халқининг шоҳ асарларни таҳлил қилиш асосида Арасту поэтика қонуниятларини кашф этди. У бадиий асар фабуласи, воқеалар бир бутунлиги, асар ҳажми, тили, бадиий асарда характер, эътиқод, эҳтирос, ажойиботлар ҳақида фикрлар экан, буларнинг ҳаммаси жонли тасвир – мимесисга бориб тақалади, дейди.

Лессинг “Ҳамбург драматургияси”да Франсуа Вольтернинг “Заира”, Пьер Корнелнинг “Родогюна” асарларини “Поэтика” талабларидан келиб чиқиб, жуда муфассал ва теран таҳлил этди. Антик мумтоз адабиёти руҳида ёзилган бу асарларни муаллифлар, адабиётшунослар, санъатшунослар кўкка кўтарар эди. Лекин, Лессинг бу драмаларда жуда кўп камчиликлар борлигини бадиий, мантиқий, руҳий таҳлил орқали кўрсатиб берди. Лессинг Вольтер ўз драмасини нокамтарлик билан мақтаган сўзларини келтиради: “Аслзода хонимлар драмаларингизда севги йўқ, деб гина қилибди. Вольтер уларга бундай жавоб қилибди, трагедия севгининг унчалик ўрни эмас, лекин жуда севгини хоҳлаётган бўлсангиз, мана сизларга севги деб “Заира”ни 18 кунда ёзиб тугатибди. Асар катта муваффақият қозонибди. Парижда уни христианлар трагедияси дейишар экан. Уни кўпинча “Полиэвкт” (Софокл асари) даражасига қўяр эканлар”.

Бир санъатшунос Вольтерга асари ҳақида: “Заира”ни муҳаббатнинг ўзи ёздирган!” – деб хитоб қилади. “Лекин, мен, – дейди Лессинг, – муҳаббат ўзи ёздирган биргина асарни – Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта”сини биламан. Тўғри, Заира ўз кечинмаларини назокат ва одоб билан намойиш этади. Бироқ, ­З­аи­ра туйғулари қаёқдаю, Шекспир тасвиридаги туйғуларнинг чексиз товланишлари қаёқда?”[3] Лессинг яна киноя билан: “Эҳтимол, Вольтер жаноб­лари севги моҳиятини Шекспирчалик билар, лекин одоб сақлаб, кўп нарсаларни яширгани учун асар муаллифга сира муносиб бўлмай қолгандир”, дейди. Лессинг фикрича, баъзи санъатшунослар Вольтер Шекс­пир оловидан машъала ёқиб, олдинга бораётгани ҳақида ёзганларида ҳақ эмаслар. “Заира” трагедиясига қараб баҳоланса, Вольтернинг қўлидаги ёниқ машъала эмас, балки Шекспир ўчоғидан олинган бир чўғ, холос. Бу чўғ эса ёнишдан кўра туташга мойилроқ. Вольтер “Заира”нинг ошиғи турк султони Оросманни (Ўрхон) рашкчи сифатида Шекспирнинг Отел­лосига қиёслайди. Лессинг бу ошиқ билан Отелло орасида ер билан осмонча фарқ борлигини айтади. Вольтер “Заира”ни инглизчага таржима қилган Хиллга хушомадгўйлик қилиб мақтайди, шу баҳонада, ўзини улуғлайди. Лессинг, умуман, француз халқининг енгилтаклиги ва мақтанчоқлиги ҳақида гапириб: “Улар ўз камчиликларини билмай, ўзини улуғлайвергани учун ижодий ўсмайди”, дейди.

Трагик покланиш – “катарсис”ни тушунтиришга, у билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга кўплаб уринишлар бўлган. Асрлар давомида баҳслар Арасту кашф этган “мимесис” ва “катарсис” атамалари устида бўлиб, бу сўзларнинг турлича талқинлари вужудга келди.

Арасту “Поэтика”сининг шарҳ ва талқинлари орасида Робертелло, Маджи асарлари кенг шуҳрат қозонди. Никола Буало ҳам ўз “Поэтика”сида Арастунинг кўпчилик қоидаларини асос қилиб олди. Лекин у юнон мутафаккирининг жонли фикрларини ўзича қайта ишлаб, француз классицизмига мослаштирди. Робертелло ва Маджи шарҳларида Арасту “Поэтика”сида тилга олинган “катарсис” терминига жиддий эътибор берилди. Бунда улар санъат асарининг инсон руҳига таъсири, руҳни поклаши, бахиллик, ёвузлик каби иллатлардан тозалаб, эзгулик, яхшилик томон йўллаши, яъни ахлоқий, ижтимоий, тарбиявий аҳамиятига доир фикрларини билдирдилар. Жумладан, Робертелло бундай ёзади: “Шеърият ва бошқа ҳар хил асарлар одамларга фойда келтиради. Машҳур қаҳрамон жасорати тасвирланган асар ўқувчиларни мардликка ўргатади. Бадиий асарда иллатлар, тубанликлар тасвирланса, одамларда бу иллатларга нафрат уйғонади, ёмон ишлардан узоқ юришга ҳаракат қилади”.

Арастунинг “катарсис”га доир фикрлари Лессингнинг “Ҳамбург драматургияси” асарида кенгроқ талқин этилган.

Лессинг “Лаокоон” китоби бошида атоқли санъатшунос дўсти Винкельманнинг “Қадимги санъатлар тарихи” асаридаги назарий мулоҳазаларидан парча келтиради. Ҳомернинг “Илиада” достонидаги воқеа асосида ясалган ҳайкалда бир киши билан унинг ўғиллари баданига икки илон ўралиб, чирмашиб чиқаётган вақтда оғриқ зўрлигидан қичқирмай, чидаб турган инсоннинг буюк руҳи тасвирланади. Бундай инсон руҳи кўрганларда қўрқув ва ҳамдардлик уйғотади. Қадимги юнон санъати асарларида гўзаллик, нафосат билан бирга руҳий улуғворликни тасвирлашга ҳам катта эътибор берилган. Юнонларда руҳ улуғворлиги эъзозланган.

Ҳердер фикрича, бадиий асардаги фантазияни халқ фантазия эмас, балки сирли ҳодисалар зуҳури деб тушунади ва бундай асарларни ҳакқоний, илоҳий илҳом билан туғилган ижод мевалари деб билади. Арасту каби ўз назарий фикрларига Ҳомер, Данте, Шекспир асарларида тасвирланган хаё­лий, фантастик манзаралар ва ҳолатларни далил сифатида келтиради. У Ҳомер достонларида Аҳилл, Ҳектор, Лаокоон, Одиссей тақдирларига маъбудларнинг аралашуви, Дантенинг “Илоҳий комедия”сидаги дўзах манзаралари, В.Шекспирнинг “Ёз кечасидаги туш” асаридаги Ариэл (Учар одам), қўрқинчли махлуқ Калибан тасвирларини мана шундай илоҳий илҳом хилқатлари деб кўрсатади. Файласуф Ҳердер ўзининг эстетик қарашларида ҳодисаларнинг илоҳийлиги сабабли халқ уларга ишонишини, қизиқиш билан қарашини эслатади. Арасту ҳам “Поэтика”да Ҳомер асарининг ана шу фазилатлари учун мақтаган эди: “Ҳомер бошқа фазилатларидан ташқари, яна шу билан мақтовга сазоворки, шоирлар ичида биргина у поэма яратиш учун нима қилиш зарурлигини яхши билган. Шоир поэмада иложи борича ўзи камроқ гапириши керак, акс ҳолда, у ҳаётга ўхшатувчи шоир бўлолмайди. Бошқа шоирлар эса (ўз ҳикоя усулида) ҳамма соҳада ўзини кўрсатишга интилишади. Фақат майда-чуйда нарсаларни акс эттиришади. Ҳомер эса, кичик бағишлов тугаши билан эркак ё аёл қаҳрамоннинг муайян характерини оча бошлайди. Ҳеч кимни характерсиз кўрсатмайди!”[4]

Лессинг “Лаокоон” асарида ҳақиқий поэзиянинг ҳаётий воқеаларини, моддий қуролларни ва кўринмас маъбудларнинг хатти-ҳаракатлари, қилмишлари, характерларини тасвирлашда рангтасвир санъатига нисбатан кенгроқ ва кўпроқ имкониятларга эга эканлигини далиллашда Ҳомер “Илиада”сига тез-тез мурожаат қилади. Лессинг достоннинг турли қисмларида акс этган ҳолатлар ва хатти-ҳаракатларнинг поэтик тасвирини чуқур, муфассал таҳлил қилиб, рангтасвирчи муссавирларни воқеликни, характерларни акс эттиришда шоирлардан устун қўйган санъатшунос граф Кейлюс билан баҳсга киришиб бундай дейди: “Менимча, Ҳомер ўз достонида воқеани ҳаётдаги каби кетма-кетликда тасвирлайди, бошқа бадиий деталларни асарда қатнашув тартибига кўра фақат биргина хусусиятини кўрсатади. Ҳомер тасвирлаётган нарсаларнинг баъзиларини, эҳтимол бирортасини ҳам рассом кўролмаслиги мумкин. Шоир тасвирлаётган нарсалар, ҳаракатлар, ҳолатларнинг энг гўзаллари, энг ажойиблари рассом учун ажабланарли эмас. Эҳтимол, рассом учун жуда гўзал, ёқимли, ажойиб кўринган шахслар, ҳолатлар шоир учун у қадар эътиборли эмасдир? Кейлюс ўз асарида Ҳомер достонидан келтирган ва рассомлар учун муҳим деб билган манзаралар бизнинг фикримизни тасдиқлайди”.[5]

Шундан сўнг Лессинг ўз фикрини исботлаш учун Ҳомер достонидан маъбуда Юнона учун жанг аравасини унинг хабарчиси Хеба қандай ясаганлиги, араванинг барча қисмлари бирин-кетин қандай бириктирилиб, тайёрланиши муфассал тасвирланган парчани келтиради. Ҳомер жанг араванинг саккизта ғилдираги мисдан ясалиб, устидан тилла гардишлар қўйилиб, унинг устидан яна мис гардиш қоплангани, бу ғилдираклар ва файтун узун темир ўқларга ўрнатилгани, кумуш шоти, отларга кийгизиладиган тилла бўйинтуруқларни тафсилотлари билан эринмасдан тасвирлайди. Лессинг, бу ўринларни тасвирлаш қонуниятига мувофиқ келади, дея баҳолайди.

Яна бир ўринда Ҳомер юнонларнинг Троя урушида бирлашган қўшинлар бошлиғи Агомемнон жанг олдидан қандай либослар ва совутларни бирин-кетин кийишини, яна бир ўринда Ахиллнинг машҳур камони кийикнинг катта шохидан қандай ясалганини, бошқа бир жойда камонга ўқ қандай жойланиши, ўқнинг сифати, ўқ ва камон ипи таранг тортилганида, ўқ камондан учганида зириллашини, яна бир ўринда Ахиллнинг қалқонида қандай воқеалар ва манзаралар нақш этилганини жуда муфассал тасвирлайди. Лессинг шу каби бадиий тасвирлар асарда жонли ҳаётга яқинлик ҳосил қилишини айтар экан, мусаввир ўз асарида қаҳрамонлар ҳаракатини, фикрларини, баҳслашувларини, вақт оқимининг кетма-кетлигини тасвирлашда ранг-бўёқлар имконияти чек­ланганлигини, граф Кейлюс ва бошқалар рангтасвирни сўз санъатидан афзал ва юксак дейишлари хато эканлигини исботлаб беради.[6]

Лессингнинг “Лаокоон” асари эълон қилиниши қизғин баҳс-муноза­раларга сабаб бўлди. Бадиий адабиётни, поэзияни антик давр намуналари руҳида ёзиш керак деб ўйлайдиган ва шу йўлга амал қиладиган классицизм қонун-қоидалари тарафдорларига қарши руҳда ёзилган бу асарни “Бўрон ва ҳужум” адабий оқими вакиллари, жумладан Гёте ҳайратланиб кутиб олди. Гёте кейинчалик, автобио­г­рафик руҳдаги “Поэзия ва ҳақиқат” асарида бу асарни эслаб, ёзган эди: “Лессингнинг “Лаокоон”и бизга нақадар кучли таъсир этганини билиш учун яна ёшлигимизга қайтишимиз керак. Бу асар бизни ташқи қиёфаларнинг қашшоқ чизгиларидан ҳур фикрлаш осмонига кўтарди. Поэзия мусаввирлик изидан бориши керак, деган фикримиз бир зумда ўчиб, йўқолди. Яшин чақиб, унинг ёруғида биз эскирган, жулдурвоқи тушунчаларимизни улоқтирдик, энди барча ёмонликлардан қутулгандай эдик”. Бошқа маърифатчилар каби, Гёте ҳам “Қадимги санъат тарихи” муаллифи Винкельман билан Лессинг баҳс-мунозарасига қизиқиш билан қараган эди.

Классицизм тарафдорлари Готшед, Расин ва Корнел аслзодалар табақаси вакилларини, тақдир бўронларига чидам, матонат кўрсатган, идеал қаҳрамон­лар сифатида улуғлаб ёзган бўлсалар, Винкельман Афина демократиясини озодлик курашчиларини қаҳрамон қилиб тасвирловчи санъат асарларини ҳимоя қилган. Унинг фикрича, Рим императори Август ёки Франция қироли Людовик XIV каби маърифатли тождорлар ҳомийлиги санъатни ривожлантирмайди, балки санъат тараққий этиши учун сиёсий эркинлик, ижод эркинлиги зарур. Лессинг Винкельманнинг бу фикрига қўшилган ҳолда, уни янада чуқурлаштириб: “Маърифатли тождорлар сиёсий эркинлик берганида ҳам санъатни, поэзияни, драматургияни қиролларга мадҳ айтувчи, лаганбардор, мансаб ва мукофотларни таъма қилувчи ижодкорлар эмас, (у Вольтерни шундай ҳушомадгўйлардан бири деб биларди) балки ички дунёсида, руҳида эркинликни севувчи, келиб чиқишидан қатъи назар, барча инсонларни, бунёдкор халқни золимлардан ҳимоя қилувчи ижодкорлар тараққий эттиради”, – деган гапни айтди.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 3-сон

_____________________
Маҳкам Маҳмудов 1940 йилда туғилган. Ўрта Осиё университетининг (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетида таҳсил олган. “Талант ва ижод фалсафаси”, “Абадият лаҳзалари”, Орифи маоний”, “Кешга баҳор келди” каби илмий ва бадиий асарлар муаллифи.

Алишер Маҳмудов 1973 йилда туғилган. Қарши давлат университетининг хорижий тиллар факультетини тамомлаган. Бир қатор немис адиблари ижодидан ўзбек тилига қилган таржималари республика газета ва журналларида эълон қилинган. Ҳозирги кунда “Лессинг ижодида Ғарб ва Шарқ воқелигининг муштарак талқини” мавзусида илмий иш олиб бормоқда.

[1] Гердер. Избранные сочинения. М-Л. ГИХЛ. 1959, стр. 8.

[2] Хердер. Избранные сочинения. М-Л. ГИХЛ, 1959, стр. 215.

[3] Г.Э.Лессинг. Избранные произведения. Москва. ГИХЛ. 1953, стр. 525-529.

[4] Арасту. Поэтика. Ахлоқи кабир. Т. “Янги аср авлоди”, 2004, саҳ. 57.

[5] Лаокоон или о границах живописи и поэзии. Лессинг. Избранные произведения. М.ГИХЛ, 1953, – С.446.

[6] Г.Э.Лессинг. Лаокоон или о границах живописи и поэзии. – С.446-456.